1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

“Мустаҳкам оила” йилига муносиб туҳфа

 

 

 

Янги 2012 йилнинг муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан “Мустаҳкам оила” йили  деб эълон қилингани ҳақидаги хабар мамлакатимиз бўйлаб жуда тез тарқалди ва халқимиз томонидан ғоятда  мамнуният билан қарши олинди. Бунинг боиси ва чуқур мантиқий сабаблари бор, албатта. Зотан, оила эзгулик ва яхшилик, тарихийлик ва ўзаро меҳр-оқибат каби юксак инсоний тушунчалар сарчашмасидир.
Ўзим тарихчи бўлганим сабабли шу нарсага эътибор қаратмоқчиманки, оила инсоний сарчашманинг бирламчи ўзаги, жамиятнинг негизини ташкил қилувчи бош ҳужайрадир. Аслида жуфт қилиб яратилган инсоннинг оила қуриб яшаш тарзини инсоният тараққиётининг тамал тоши дейишимиз мумкин. Зеро, янги авлодлар келажаги, муайян жамият ва Ватаннинг барқарор ривожланиши (тақдири)  фақат ва фақат жамиятнинг ўша бош ҳужайраси бўлмиш оиланинг фаровонлигига, унинг тинч ва осойишта ҳаёт тарзига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам  оиланинг равнақини таъминлаш (покизалигини сақлаш) мақсадида исломда эр-хотин бўлиб жуфт яшаш никоҳ билан мустаҳкамлаб қўйилди, фақат никоҳ орқали оила қуриб яшаш ирода қилинди.
Бошланган янги йил бўсағасида “SHARQ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила” номли  янги китоби нашр этилди.
Буни қарангки, мазкур асарнинг номи билан эълон қилинган 2012 йилнинг номи ўртасида ўзаро уйғунлик, том маънодаги ҳамоҳанглик мавжуд. Бунинг боиси шундаки, ўзбек халқида фарзанд азал-азалдан оилада камол топади, унинг дунёга, жамиятга, ўзини ўраб турган  атроф-муҳитга муносабати ҳам оилада шаклланади, шу жиҳатдан оилани катта аҳамиятга эга бўлган дастлабки мактаб дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам  Юртбошимиз оила ва фарзандни бир бутун “бебаҳо неъмат” деб таъкидлайдилар: “Оила бор экан фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат ҳам бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди”.
Асарда фарзанд тарбияси масаласига катта ўрин берилган. Унда  умуман инсоннинг жуфт қилиб яратилишидан бошлаб, бир-бирларига муносиб келин-куёвлар танлаш услубигача, никоҳнинг шаръий ҳукмидан тортиб никоҳ хутбасигача, келин сепи-ю маҳр ҳақидаги мулоҳазадан то тўй маросими-ю келин-куёвларнинг бир-бирлари билан қўшилиши  ва эр-хотинлик ҳуқуқларигача бўлган масалалар олимона синчковлик билан ёритилган. Асарнинг муҳим  тарбиявий жиҳати яна шундаки, умуман оила ва оилавий бўлиб яшаш тарзи ояти карима ва ҳадиси шарифлардаги аҳком ва талаблар асосида аниқ тушунтириб берилган. Масаланинг бу жиҳати бизлар учун, айниқса, ёшларимиз тарбияси учун ўта муҳимдир. Яшириб нима ҳам қилдик, мустабид шўролар тузуми барча динларнинг душмани бўлмиш даҳриёна тузум эди. Диний урф-одатлар-у тартиб-қоидалар ҳаётнинг, ёшлар тарбиясининг барча жабҳаларидан қувиб чиқарилди, ёки хуфя тарзда, шунчаки енгил-елпи қилинадиган бўлиб қолди. Натижада, оилаларнинг бузилиши, “қўйди-чиқди”ларнинг кўпайиб кетиши совет жамиятининг ички тузумини емираётган омилга айланиб ғолган эди.
Шу жиҳатдан қараганда, “Бахтиёр оила” китобида бошдан-оёқ оила ҳаётининг ислом дини тартиб-қоидалари асосида ёритилиши ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир. Жумладан, асарнинг янги оиланинг шаклланиши ҳақидаги, деярли 250 саҳифадан иборат қисми, бир қарашда, гарчи эътиборга молик  эмасдек туюлса-да, лекин айни шу қисмда махсус мутолаа қилишга арзийдиган масалалар баён этилган. Биз эса, янги оилада туғилган фарзанд ва унинг тарбияси ҳақидаги бобларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Чунки фарзанд – оиланинг маҳсулидир.
Муаллифнинг таъкидлашича, “оила қуришдан соф табиатли инсон кўзлайдиган бош мақсадлардан бири ҳам фарзанд кўришдир”. Китобда эр-хотин қўшилгач, фарзандли бўлиш жараёни акс эттирилган. Дарҳақиқат, бу жараён Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб, эр-хотин эса, бу борада фақат сабабчилардир, холос.
Асарда фарзанд туғилгач, ота-онанинг ўз зурриёди олдидаги бурчларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қуйида шу хусусда, ота-онанинг фарзанд туғилгандан кейинги бурчларига тўхталиб ўтиш ниятидамиз.
Муаллиф таъкидлаганларидек, никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабини сақлашдир. “Бусиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғчилик ҳам, жамият ҳам бўлмайди” (275-бет). Аслини олганда, оила ўзида инсоният жамиятини акс эттиради, жамият эса, оилани. Мана  шу ўзаро уйғунлик муайян давлатнинг бугуни ва эртанги кунини белгилаб беради. Бинобарин, янги шаклланаётган оила масаласига аслида инсонни ўрганиш масаласи деб ҳам қараш мумкин. Ўзбек оиласи эса, бўлғуси фарзанд руҳиятининг, маънавиятининг бирламчи пойдеворини қўйгувчи гўшадир. Шунинг учун ҳам бизда оила алоҳида эъзозланади.
Шу жиҳатдан қараганда, асардаги оилада болалар тарбиясига доир азалдан қоида тусига кирган шартлар ва тартибларни билиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир. Янги туғилган гўдакка муносиб исм қўйишдан бошлаб, болага таълим-тарбия бериш, етти ёшга киргунича гўдакка ҳомийлик (яъни раҳбарлик) қилиш, болага меҳрибон бўлиш ва доимо меҳр кўрсатиш (айниқса қиз болага), ниҳоят бола балоғатга етганда оилали қилиш, яъни наслга доғ туширмай уни давом эттириш учун яхши жуфтга қовуштириш каби муҳим вазифаларни бажариш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир. Бундан ташқари, чақалоқни эмизишдан бошлаб, боланинг қулоғига азон  ва такбир айтиш, гғдак танглайини кўтариш ва унга ақиқа қилиш каби шаръий маросимлар ҳам ота-онанинг вазифаси ва болаларнинг ҳақлари эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида тушунтириб берилган.
Шулардан ота-онанинг болага чиройли исм қўйишга доир муҳим бир вазифасига алоҳида тўхталиб ўтсак. Зеро, бу масалага айримларимиз андак нописандлик билан қарайдиган бўлиб қолгандик ва бундай қараш, назаримда, айрим ватандошларимиз ҳаётида  ҳамон давом этиб келмоқда. Асарда қайд этилишича, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири – “оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир”.
Бола хоҳ  ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, қўйилган исмда эзгу орзу умид, яхши ният, хайр-барака ўз ифодасини  топсин экан. Шундай бўлсинки, фарзанд вояга етганда ўз исмидан уялиб юрмасин. Бу фикр қуйидаги ҳадис билан асосланган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севадир”.  Бинобарин, ¬– деб таъкидлайди муаллиф, – мусулмон банда барча ишларида, жумладан, болага исм қўйишда ҳам гўзалликни кўзлаши керак” (278-бет). Асарда келтирилган мисоллар шундан далолат берадики, ҳатто Расули акрам (с.а.в.) ҳам маънисиз исмларни ўзгартирганлар.
Шу муносабат билан афсус-надомат ила қайд этиш жоизки, шўролар (даҳрийлик) даврида болаларга исм қўйишда лоқайдликлар, адашишлар бўлган. Бу даврда мусулмон фарзандларга “Мэлс” (Маркс, Энгельс, Ленин ва Сталин номларининг бош ҳарфлари) “Инқилоб” “Январ” (Январхон) каби бемаза номлар қўйиш одат тусига кириб қолган эди. Баъзилар эса унчаликка бормасалар-да, лекин фарзандларига “Болтавой”, “Тешавой”, “Остонақул”, “Тўхтасин” деган андак “силлиқроқ” ном қўярдилар. Ҳатто яхши ният ва умид билан қўйилган “Муҳаммад”, “Муҳаммаджон” каби номлар ҳам талаффузда бузилиб, “Мамажон”, “Мамат” деб атала бошланди (Хоразмда эса, “Матчон”), афсус. Бундай нописандликларга чек қўйиб,  Пайғамбар (с.а.в.)нинг исми шарифини бузмасдан, эҳтиёткорлик билан аташга, юқорида келтирилган номлар ўрнига чиройли, гўзал исмлар қўйишга одатланайлик. Зотан, шунда  муаллифнинг “Мўмин мусулмонлар ўзларига ёки болаларига турли хил бўлмағур исмларни қўявермасликлари керак”, деган таъкидларига муносиб иш қилган бўламиз.
Шу ўринда муаллиф ибратли бир хабарни келтиради: буни қарангки, исмнинг чиройли бўлиши қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки, тумонат халойиқ йиғҒилган жойда бандалар исмлари билан чақирилар эканлар. Табиийки, агар бандага гўзал исми билан  мурожаат этилса, у хурсанд бўлади, аксинча эса, хижолат чекади, ҳамманинг олдида уялади. Юқорида келтирилганидек, исми ноқулайлигидан хижолат чекиб юрганлар ҳам бор. Боланинг, ҳар қандай инсоннинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб тургани маъқул. Муаллифнинг ўз ўқувчиларига исм масаласида берган маслаҳати мана шундан иборат. Ушбу бобда ҳам кўп ҳадислар, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётларидан ибратли ҳикоялар, мисоллар келтирилган.
Асарнинг бир боби қиз боланинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган. Исломдан илгариги жоҳилият даврида бутун дунёда, жумладан арабларда ҳам хотин-қизларга паст назар билан қараш урф бўлган. Араб оиласида қиз туғилса, чақалоқлигидаёқ уни тириклайин кўмиб юборишдек ваҳшийлик одати ҳукмрон бўлган. Қуръони карим нозил бўлгач, У шу давргача ҳимоясиз қолиб, гўдаклигидаёқ ноҳақдан ўлдириб юбориладиган қизларни ҳимоя қилиб чиқди. Хотин-қизларнинг қадр-қиммати қиёматгача ибодат учун ўқиладиган муқаддас оятларга битиб қўйилди. Муаллифнинг хулосасига қараганда, “Ислом дунёда биринчи бўлиб аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўлақонли инсон эканини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди”. Ҳа, бу ҳақиқат ҳам исломнинг нақадар улуғ дин эканлигини исбот қилувчи далиллардандир.
Юртимиз мустақиликка эришгач, ижтимоий ислоҳотлар қатори аёлларга бўлган муомала муносабатларда ҳам сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Тўғри, совет ҳокимияти йилларида ҳам аёлларнинг “эркаклар билан тенг ҳуқуқи” эътироф этилганди. Аммо аёлга асосан “ишчи кучи” сифатида қаралар эди (машҳур “стахановчилик ҳаракатлари”да аёллар меҳнатининг эксплуатациясини, Катта Фарғона канали қурилишида хотин-қизларнинг қопларда тупроқ ташишга мажбур қилинганларини эсланг).
Ваҳоланки, аёл инсоният насл-насабининг давом эттирувчиси, оила бешигининг тебратувчисидир. Юртбошимиз ташаббуслари билан “Аёллар йили”, “Оналар ва болалар йили” деб эълон қилинган йилларда давлатимиз томонидан оналар саломатлигини таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонуний қужжатларнинг қабул қилиниши ислом таълимотининг аёллар масаласидаги қарашларига ҳам ҳамоҳангдир. “Мустаҳкам оила йили”нинг эълон қилиниши эса, маржондай тизилиб келаётган ўша йилларнинг мантиқий давоми бўлиб, албатта, яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат  каби тушунчалар сарчашмаси бўлмиш оилага, унинг асоси – аёлга эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги намойишидир. Бу масалада давлатимиз томонидан кенг қамровли янги дастурий вазифалар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, асарда бола тарбиясига ҳам алоҳида боб ажратилган. Зотан, “Тарбия ҳам ота-оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир”. Асардаги ишончли ҳадислар шундан далолат берадики, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни алоҳида  эканлигига катта эътибор берганлар.
Муаллифнинг ёзишича, “Бола тарбияси уч қисмдан иборатдир. Бир қисми болага одоб ўргатиш, иккинчи қисми таълим бериш ва учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир”. Асарда, айниқса, ҳозирги даврда каттаю кичикнинг бадан тарбия билан шуғулланишига эътибор бермоғи лозимлиги алҳида таъкидлаб ўтилган. Давлатимиз томонидан  спорт ишларига алоҳида эътибор берилаётганининг боиси ҳам шундандир. Китобда кўпчилигимиз билмаган хабар – ПайҒамбаримиз  (с.а.в.)нинг  жуфти ҳалоллари Оиша онамиз (р.а.) билан югуриш мусобақаси ўтказгани ҳақида маълумот  келтирилган.  Бу эса, ҳозирги даврда оилавий равишда спорт билан шуғулланиш айнан ПайҒамбар (с.а.в.) замонидан қолган мерос эканини тасдиқловчи ишончли далилдир.
Асарда фарзанд вояга етгач, уни никоҳлаб, оилали қилиб қўйиш эса ота-онанинг энг муҳим вазифаси эканлигига ҳам катта ўрин берилган. “Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларида, – деб ёзади муаллиф,– никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган”. Ва бунинг исботига қуйидаги ҳадис келтирилади: “Эй ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин”. Муаллиф ҳадисдаги “қодир бўлса” иборасини ўсмирнинг моддий-маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга тайёр-тайёрмас эканига урғу бериб талқин этар экан, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларидан бўлган уйланишга имкони бўла туриб оила қурмаслик мўмин-мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Асарнинг уйланишга доир қисмида умр йўлдошини танлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Ушбу фикр  ўзаро яқин қариндош-уруғларнинг никоҳини манъ этган  ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан бойитилган. Хусусан, никоҳи абадий ҳаром қилинган қариндош-уруғ тоифалари санаб ўтилган. Бунга қўшимча сифатида, бошқа ривоятларда авлоднинг соғлом, бақувват бўлиши учун бошқа қабилалардан қудачилик қилиш тавсия этилганлигини ҳам айтишимиз мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари ачиниш билан дейдиларки: “...маза-матрасиз телесериалларда тарғиб қилинаётган “эркин муҳаббат” ғояси, бировнинг жуфти ҳалолига шаҳват билан, ҳирс билан, ёки ўзларининг таъбири билан айтганда, “муҳаббат” билан қарашлар, дўстининг хотинига севги изҳор қилишлар Ислом ҳукмларига кўра, мутлақо жоиз эмас”. Биз ҳам бу фикрларга тўлиқ қўшилган ҳолда одамларни баъзи телесериаллар, айрим кинофильмлар ва театр постановкаларини кўришда бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
“Бахтиёр оила” асарида оила қуришдек ҳаётий зарур ва ўта савоб ишнинг жуда кўп томонларига эътибор қаратилган. Никоҳли оила қуришда ишбошиларнинг бурчи-ю, бўлажак умр йўлдоши танлаш, муносиб келин-куёв-у, совчилик одоби, унаштириш-у маҳр бериш масалалари.... қўйингчи, янги оила қуришнинг ўқувчи эсига келмаган “икир-чикирлари”гача исломий қоида ва шариат ҳукмига биноан аниқ тушунчалар берилган. Ушбу китоб ёшларимизга ҳам, ота-оналаримизга ҳам бу муҳим масалада  қимматли дастуриламал бўлиб қолажак, иншоаллоҳ.
Мақола сўнгида никоҳ тўйи муносабати билан қудалар ўртасида жорий  этилаётган янги бемаза одатлар ва никоҳ тўйлари ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Ҳурматли ўқувчим! Келиннинг сепи-ю, янги уй анжомлари, никоҳ тўйи билан боғлиқ, аммо ношаръий одатлар сизни ҳам ўйлантираётган бўлса ажаб эмас. Чунки булар барчага доир удумлардир. Асарда таъкидланишича, “Бугунги кунда бу масаладаги ишлар шариат кўрсатмаларига тамоман тескари”. Қанчалик куйинчаклик билан айтилмоқда бу гаплар! Зотан, қудаларнинг, айниқса, қиз томоннинг ортиқча инжиқликлари, келин сепи масаласида қуюшқондан чиқиб кетган талаблар, келин тарафнинг тўйдан кейин ойлаб куёв тарафни овқат билан таъминлаши каби “фарзи вожибга айланиб қолган” бемазагарчиликлар муаллифнинг ҳам, умуман соғлом фикрли одамларнинг ҳам ғазабини келтирмоқда.
Ҳадислар шундан далолат берадики, тўйларда мусиқа чалиш ҳам,  қўшиқлар айтиш ҳам мумкин экан. Аммо бундай кўнгилхушликлар одоб билан, шариат кўрсатмалари доирасида бўлмоғи лозим. Лекин тан олиш керакки, тўйларимиз ортиқча дабдабаларга, шовқин-сурону, исрофгарчиликларга сабаб бўлмоқда: “Тўйларда бевақт ва ноўрин шовқин-сурон кўтариб.... озор берадиган даражага бормаслик керак,... Тўйларда қатнашаётган қарияларнинг қулоқларини қоматга келтирмаслик керак. Овоз кучайтиргичларни борича кўтариб, маҳалладаги беморлар, гўдаклар, кексалар ва бошқаларнинг тинчлигини бузиб, дуоибадига қолмаслик керак”. Ва яна: “Куй ва қўшиқлар ҳам гуноҳга қўзғайдиган, шаҳватни уйғотадиган бўлмаслиги, балки, ибратли, эзгуликка бошлайдиган тарзда бўлмоғи даркор”.
Ушбу фикрлар тўйларимизнинг рисоладагидек, шариат тартиблари асосида, одоб доирасидан чиқмасдан яхши удум бўлиб қолган  одатларимизга риоя қилган ҳолда ўтишига гўё бир чақириқдек туюлмоқда.
Ҳурматли ўқувчи! “Бахтиёр оила” номли 500 саҳифадан иборат катта бир китобнинг мазмун-моҳиятини битта мақола доирасида баён этиш амри маҳол. Биз фақат ушбу асарнинг бахтиёр оила қуриш истагида бўлганлар учун нақадар қимматли ва ишончли қўлланма эканлигига бақадри ҳол эътибор қаратдик, холос. Ҳозирча 8 минг нусхада чоп қилинган бу қимматли асар яқин орада қайта нашр этилиб, ҳар бир оилага кириб боради, деб умид билдирамиз. Зотан, комил ишонч билан айтиш мумкинки, ана шундай асарлар оилаларимизнинг, демак давлатимизнинг ҳам бундан-да мустаҳкам бўлиши учун назарий асос бўлиб хизмат қилади.

Сайфиддин Ҳожи ЖАЛИЛОВ,
Республика тарихчилар жамияти Андижон вилоят бўлими раиси, фахрий профессор
Имоми ал-Бухорий сабоқлари
маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал

 

 

 

Миллий меросимиз намойиши

 

 

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан “Олтин мерос” хайрия жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Б.Аҳмедов Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий меросимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва ёшларга тўла етказиш доимий эътиборда эканини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010-йил 7 октабрда қабул қилинган “2010-2020-йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лапар ва ўлан куй тузилиши жиҳатидан унчалик мураккаб бўлмаган, тор диапазонли, нақоратсиз ижро этилгани боис ҳам оммавий ва халқчилдир. Мазкур кўрик-фестивалдан кўзланган асосий мақсад ушбу ноёб санъат ижрочиларини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг қизиқиши ва эътиборини кучайтириш, бу борада “Устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйишдан иборатдир.

Кўрик-фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60 нафардан ортиқ лапар ва ўлан ижрочиси ўз ижод намуналарини намойиш этди.

Хоразмлик лапар ижрочилари Муҳаббат Отабоева ҳамда Зулхумор Норбоева, Тошкент вилояти ўланчилари Турдиали Пардаев ҳамда Қулмихон Дуйсенов биринчи ўринга лойиқ топилди.


ЎзА, Назокат Усмонова

 

 

 

“Оила даврасида” – янги нашр

 

 

 

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони яна биттага кўпайди. “Оила даврасида” ижтимой-сиёсий, маънавий-маърифий газетасининг илк сони 100 минг нусхада чоп этилди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан оилани мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш масаласига истиқлолнинг илк кунларидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самаралари аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишларда ўз ифодасини топаётир. Мустаҳкам оила йилида мазкур йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Оила – жамиятнинг энг муҳим бўғини, миллат давомчилари тарбия топадиган маскан. Оилага эътибори баланд халқнинг эртаси обод, давлати қудратли бўлади, миллий ўзлиги завол билмайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор.

“Оила даврасида” газетаси жамиятимизда оила институтини, эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни тарғиб этиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, азалий қадриятларимизга чуқур ҳурмат, соғлом ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш каби олийжаноб мақсадларга хизмат қилишни ният қилган. Газета давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилди.

Янги нашрда мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, азалий миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оила аталмиш муқаддас қўрғонни мустаҳкамлаш масалалари кенг ёритиш, турли жанрдаги қизиқарли материалларни чоп этиб бориш кўзда тутилган. Халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилага оид қадриятларнинг тарғиботи аҳиллик ва иноқлик, садоқат ва меҳр-мурувват каби эзгу инсоний фазилатларнинг жамиятимизда янада мустаҳкамроқ қарор топишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Янги газета мамлакатимиздаги барча оилалар даврасида севиб ўқиладиган қадрдон нашрга айланади, деган умиддамиз.

Муаллиф: ЎзА.

 

 

 

"Тўйлар муборак – 2012”фестивали

 

 

 

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган ва изчиллик билан амалга оширилаётган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оилавий маросимларни, жумладан, тўйларни ихчам тарзда ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Тўйлар муборак – 2012” фестивали мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, тўйларни тартибли, ҳамжиҳат ташкил этиш масалаларига бағишланди.

“Inter Tashkent Expo” компанияси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, адлия бошқармаси ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил этилган мазкур фестивалда шаҳримиздаги тўй хизматлари кўрсатувчи фирмалар, тўй либослари, фото-видеосалонлар вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ҳамма нарса инсон учун, деган эзгу ғояни амалга ошириш жараёнида оилаларни, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, йигит-қизларни миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида камол топтириш, улар онгу шуурини миллий ҳаёт тарзимизга зид ва бегона ғоялар, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этади. Бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган “Тўйлар муборак” фестивали ҳам миллий анъаналаримиз, удумларимизни тарғиб этишдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Олтинчи бор ўтказилган мазкур фестивалдан кўзланган мақсад тўйларни ихчам ва чиройли ташкил этишда тўй соҳибларига яқиндан кўмаклашишдир, – дейди “Inter Tashkent Expo” компанияси директори Дилдора Зайнуддинова. – Унда миллий қадриятларимиз, анъана ва удумларимизнинг мазмун-моҳиятини ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларга тўғри етказиш, тўйларни ортиқча сарф-харажатларсиз, ихчам тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўй хизматларини тақдим этаётган турли фирмалар фаолиятида ҳам бу жиҳатлар ўз ифодасини топаётир.

Фестивалда тўйхоналарни безаш, пазандалик фирмалари томонидан ўз хизматлари ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумотлар берилди. Ёш моделер ва дизайнерларнинг тўй ва тантаналарга бағишланган либослари, миллий кийим-кечаклар намойиш этилди.

Муаллиф: ЎзА.

 

 

 

Оила ва маҳалла

 

 

 

Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида “Мустаҳкам оила – маҳалла таянчи” мавзусида конференция ўтказилди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Адлия вазирлиги, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан икки юзга яқин фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар иштирок этди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида озод ва фаровон ҳаётни таъминлаш, жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, оила институти ва унинг фадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мустаҳкам оила йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда

Конференцияда жамиятда маънавий-ахлоқий ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтириш, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасаларининг роли ва ўрнини ошириш каби масалалар бўйича маърузалар тингланди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ўрганлари раислари ҳамда диний марифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулохазалар билдирилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 29 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ