Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
Умарни айбламанг!
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
«Исмоилингиз ким?» мақоласини ўқир эканман, табиий равишда ўтмишнинг яна бир ибратли воқеасини эсга олдим. Ушбу воқеа ислом келмасдан олдинги арабларнинг қанчалик тубанлик ичида яшаганлари билан биргаликда, ислом динининг комил шахсиятни тарбиялашдаги ўрни қанчалик беқиёслигини ифодалайди.
«Исмоил»ингиз ким?
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаёти мени кўп ҳайратга солади. Айниқса, Исмоилни қурбон қилиш ҳақидаги ҳикояни ўқишга юрагим бетламайди. Иброҳим қанақа отаки, ўз фарзандини ўз қўли билан қурбонлик қилса, деб ажабланаман. «Ҳамма нарсага етган ақлим шунга келганда нимагадир оқсайди», панд беради.
Бирон воқеани тушунишга қийналсам, бош қаҳрамоннинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрадиган одатим бор. Бу кўпинча фойда беради, аммо қурбонлик воқеасида бу услубни қўллаганимга пушаймонлар бўлиб кетдим. Ўғлимни ёнимга ўтирғизиб, Иброҳимнинг аҳволини тасаввур қилиб кўрмоқчи эдим, «Дада, нимага менга термулиб ўтирибсиз» деб бўйнимга осилиб, бадтар хўрлигимни келтириб юборди.
Битта одамнинг бошига бунча кўп синов юборилганини мен ҳазм қилишга қийналаман. Бутун умр Аллоҳ йўлида хизмат қилса-да, Иброҳим алайҳиссалом тинимсиз синовлар ичида яшади. Бутпарастларга қарши курашди, Намрудга тик гапирди, оловга улоқтирилди, умрининг охирида нотаниш ўлкаларга бош олиб кетди, фарзандсизлик билан синалди… Кексайганида Аллоҳ унга куттириб, соғинтириб фарзанд берди. Аммо энди фарзанд роҳатини кўриш арафасида, у яна синовга тортилди – тушида Аллоҳ Иброҳимга ёлғиз ўғлини қурбонлик қилиш ҳақида буйруқ берди.
Бунда нима ҳикмат бор, деб ўйланиб қоламан? Хўш, биз учун мантиқсиздек кўринган бу воқеадан қанақа хулоса чиқарсак бўларкин?
Балки бу бизга ҳеч қачон хотиржамликка берилмаслик кераклигини ўргатар? Балки аввалги хизматларимиз билан алданиб қолмасликни тушунишимиз керакдир бу воқеадан? Балки ўзимизнинг заифлигимизни доим ёдда тутишимиз учун эслатмадир бу? Балки шод-хуррамлик кўзимизни кўр қилиб қўйишидан огоҳлантираётгандир Иброҳим алайҳиссалом ҳикояси? Балки даражамиз юксалгани сайин синов ҳам оғирроқ бўлиши, қанча баландга кўтарилсак, шунча ёмон йиқилишимиз мумкинлиги айтилаётгандир бизга?
Иброҳим алайҳиссалом қандай қилиб ўз фарзандини, умрининг мевасини, қалбининг хотиржамлигини, ҳаётининг маъноси ва мазмунини, яккаю ёлғиз ўғли Исмоилни ерга босиб, бўғзига пичоқ тортган экан? Ўйласам юракларим эзилиб кетади.
Агар бу иш фақат Исмоилни қурбон қилиш билан якун топса қанийди? Йўқ. Энг ёмони – эндигина улғайиб келаётган Исмоил бу оламни тарк этиши, кексайиб қолган Иброҳим эса бу айрилиқни кўтариб ҳали яшаши ҳам керак эди!
Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни парчалаб ташлашга куч топган метин иродаси ҳам шу ерда эриб кетган бўлса ажабланмайман.
Қанийди, кимдир бизга Иброҳим ўшанда нималарни ўйлаганини сўзлаб берса? Қанақа фикрлар ўтган экан у зотнинг хаёлидан?
Иброҳим учун нима афзал – Аллоҳга бўлган муҳаббатми ёки ўз-ўзига ҳурмат? Пайғамбарлик масъулиятими ёки оталик бурчи? Аллоҳга бўйсунишми ёки оилага содиқлик? Иймонми ёки ички туйғу? Ҳақиқатми ёки айни вазият? Ақлми ёки ҳиссиёт? Масъулиятми ёки роҳат? Жавобгарликми ёки ҳақ-ҳуқуқ? Энг муҳими, Аллоҳми ёки Исмоил?
Биласиз, Иброҳим алайҳиссалом қарор беришга шошилмади. Шошилолмади. Ичидан нима ўтган билмадик, аммо маълум бир фурсат иккиланиб юрди. Фақат учинчи марта буйруқ берилганидан кейингина у Аллоҳнинг буйруғини бажаришга ўзида куч топа билди.
Ҳаммамиз яхши биламиз – агар ҳақиқат ҳаёт йўлимизга тескари турмаса, ҳақпарвар бўлиб оламиз. Аммо ҳақиқат бизнинг зараримизга хизмат қилса, муаммога сабаб бўлса, бошимизни оғритса, ўзимизни олиб қочишимиз аниқ.
Шайтон жуда маккор. Қаердаки қўрқув, заифлик, шубҳа, иккиланиш, ғурур ва ҳатто дунёвий нарсага муҳаббат юзага келса, ўша ерда ўзини кўрсатади. Хоҳланг мантиқни ишга туширади, хоҳланг мантиқсизлик сабаб қилиб кўрсатилади. Диний, дунёвий, хоҳлаган мавзуингизда сизга баҳона топиб беришга қодир.
Иброҳимда баҳона бўлмаган дейсизми? «Қурбон қилиш» лафзини хоҳласа «ўз манманлигини қурбон қилиш» деб талқин қила олмасмиди? Бу туш бўлса, Исмоилни бошқа нарсага тавил қилиб бўлмасмиди? Балки Исмоил эмас, Исмоилга бўлган муҳаббатни қалбидан ўчириб ташлаш сўралгандир? Иброҳим алайҳиссалом анча ақлли инсон эди, хоҳласа тушини булардан-да ишончлироқ бошқа усулларда тавил қилиб оларди!
Аммо у, Аллоҳнинг энг яқин дўсти, нафси хоҳламаса-да, буйруқни тўғри маънода қабул қилди.
Минода рўй берган ота-ўғил суҳбати мени бадтар карахт аҳволга солиб қўяди.
Иброҳим Исмоилга деди: «Эй ўғилчам, мен ҳадеб тушимда сени қурбонлик учун сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин».
Отанинг ўрнига қўйиб, шу сўзни фарзандингизга айтинг-чи! Йўқ, яхшиси фарзанднинг ўрнида туриб отангиз тарафидан шу мурожаатни тингланг. Нима деб жавоб қайтарасиз?
Исмоил сукут сақласа бўларди. Отасини бу ишдан қайтариши ҳам мумкин эди. Аммо Исмоил ҳам балоғатга етган, қалбига иймон ўрнашиб улгурган эканки, ажойиб тарзда жавоб қайтарди. Ҳатто отасининг шубҳа-гумонларини ҳам тарқатиб юборувчи юпанч сўзларини айтди: «Эй отажон, сизга буюрилган ишни қилинг. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз».
Тавба, Иброҳим ўғли билан уни қурбон қилиш ҳақида маслаҳатлашди. Иброҳим қурбонлик қилишни танлади. Исмоил ўз-ўзини қурбон қилишга розилик берди.
Шу лаҳзаларда Иброҳим ўзини қандай тутиб турган экан-а? Балки исталган лаҳза шайтон уни йўлдан оздириши мумкинлигини, қўлидаги пичоқни улоқтириб юбориб, ўғлини бағрига босишни ўйлагандир. Аммо у ўзини қўлга олди, пичоқни зўрға тутиб турган қўллари ва иккиланиш билан олишаётган қалбига мадад бўлсин дея Исмоилни пешонаси билан ерга ётқизди. Ва... бўғзига пичоқ тортди!
Кейин пичоқ Исмоилни сўймагани, унинг эвазига жаннатдан катта бир қўчқор туширилгани ва «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен тушингни рой-рўст бажардинг» деб нидо қилингани ҳаммамизга яхши маълум.
Исмоил Иброҳим алайҳиссалом учун ёлғиз фарзанд эди ва у ёлғиз фарзандидан-да воз кечишга ўзида куч топа билди. Хўш, айтинг-чи, бизнинг «ёлғиз фарзандимиз» ким? Биз учун ҳозир нима Исмоил даражасида қадрли? Уни қурбон қилишга ўзимизда куч топа оламизми?
Балки бу обрўимиздир? Дипломимиз? Лавозим? Бойлик? Уй? Машинадир балки? Севгилигимиз? Оиламиз? Касбимиз? Либосимиз? Руҳимиз? Гўзаллигимиз? Кучимиз? Ёшлигимиз? Карьера? Ким билади дейсиз, бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин.
Хўш, бизнинг «Исмоилимиз» нима? Алдамайлик, ҳар биримиз буни яхши биламиз! Шу кунгача билмаган бўлсак ҳам, энди ўйлаб кўриб, осон топиб олишимиз мумкин.
Иброҳимнинг кўзи билан қарайлик-чи, биз учун нима Исмоил бўлиб кўринар экан? Нима бизнинг ибодатимизни сустлаштиради? Нима бизни ҳаракатдан тўхтатиб турибди? Нима бизнинг масъулиятимизни чегаралаб қўйган? Нима бизнинг қулоқларимизни кар, кўзларимизни кўр қилиши мумкин? Керак бўлса уни қурбонлик қилишнинг уддасидан чиқа оламизми?
Иброҳимга осон бўлмаган, шайтон уни уч марта йўлдан оздирмоқчи бўлгани ва ҳозир ўша воқеа исботи сифатида Ҳаж маросимида шайтонга учта жойда тош отилиши одатга айланган. Хўш, бизни шайтон неча марта йўлдан оздирмоқчи бўлар экан? Энг муҳими, шайтон бу ишнинг уддасидан чиқармикан ёки Иброҳим алайҳиссалом мисолида мағлубиятга учрайдими?
Яхшилаб ўйлаб кўринг! Агар қурбонликка кучингиз етса, унда тасанно! Унутманг, Аллоҳ Исмоилнинг қони тўкилишига рози бўлмаган, у баъзи тўқима илоҳлар каби қонга муҳтож эмас. Сиз ҳам ўз «Исмоилингиз»ни қурбон қилганингиз билан, Аллоҳ уни сизга албатта қайтариб беради. Фақат даражангиз кўтарилади, бу дунёга боғланиб қолишдан қутуласиз, «Исмолингиз»га қўшиб битта қўчқорлик ҳам бўлиб оласиз ва кейин ўз «қурбон ҳайитингизни» байрам қилишингиз мумкин!
АВАЗ БЕРДИҚУЛОВ
Аҳоли ўсиши жиддий хавфми?
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Ўтмиш донишлар нафсга энг чиройли таърифни беришган эди. Уларга кўра нафс – “еб-ичирилган сари каттарадиган, каттаргани сайин эса талаблари кўпаядиган инсон душмани” эди. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг жуда кўплаб қабоҳатга қўл уришига ана шу нафс сабабчи бўлади. Инсоннинг асл мақсадини унитиши ҳамда ҳаётининг остин-устун бўлишига ҳам яна у туртки бўлади. Ҳатто кундалик ризқи нақд бўлиб турса-да, гўё очликдан ўладигандек кўзига мол-дунё топишни энг зарурий иш қилиб кўрсатади. Ваҳолангки Қуръони каримда “ҳар қандай жон эгасининг ризқи Яратганнинг зиммасида экани (Ҳуд, 6), ҳар бир жонзотга ризқи турли сабаблар билан турли томонлардан келиши (Наҳл, 112) ҳамда инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқи Аллоҳ томонидан берилиши (Анкабут, 60)” каби жуда кўплаб жойларда ризқнинг кафолатлангани бод-бод таъкидланса-да, негадир инсон барибир Аллоҳнинг РАЗЗОҚ сифатига унчалик ҳам қатъий ишонмайдиган кўринади. Ҳатто бошқа ўринларда “ёш болаларнинг фақирлик сабабли ўлдирмаслик (Анъом, 151 ва Исро 31) ҳамда Яратганнинг ҳохлаган кишисини ўзи истаганча ризқлантириши (Бақара, 212)” алоҳида таъкидланади. Халқимиз оғзида айланиб юрувчи “бола ризқи ёки тиши билан яралади” сўз шу ўринда жуда ҳам муносиб таъбир бўлади. Зеро ризқ ва турмуш “муаммоси” бугунги кун кишисининг энг оғир “дарди”га айланган.
Дарҳақиқат ҳозирги кунимизда дунё аҳолисининг суръат билан ортаётгани илм аҳлини жиддий қўрқув ва ташвишга солмоқда. Гарчи бу борадаги муаммо ва ташвишни янги ҳам деб бўлмайди. Негаки қадим замонларда ҳам йиғим-терим захираларининг камлиги, аксига олиб эса аҳолининг ўсиб бориши худди шу таъсирга эга бўлган. Ўша кунги инсонларнинг жиддий маънодаги муаммолари “инсонлар доимий тарзда кўпаяр ва бу борада жиддий чора кўрилмас экан, ер юзи торлик қилиб қолади, яшаш қийинлашади ва озиқ-овқат таъминоти ечимсиз муаоммога айланади” каби “жиддий” масалалар эди. Ана шу ташвишларига чора сифатида эса туғилишнинг олдини олиш, аборт қилишни йўлга қўйиш ва туғилган болаларни ўлдириш каби чораларга мурожаат этишган.
Ҳозирги кун инсонини эса тобора ортиб бораётган аҳоли ортидан юзага келадиган яшаш жойи ва озиқланиш масалалари билан бирга энергия етарсизлиги ва атроф-муҳит ифлосланиши каби масалалар ҳам жиддий ўйлантирмоқда. Бугун биз ортиб бораётган аҳолининг иқтисодга нисбатан юзага келувчи таъсирлари юзасидан туғилишни назорат қилиш керакми ёки йўқлиги мавзусида тўхталишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи бўлиб туғилишни назорат қилиш Европада ва 18 аср охирларига бориб йўлга қўйилган. Машҳур инглиз иқтисодчиси Малтус инсонларни бу борада “бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга” чақирган эди. Малтусдан кейин Францияда Френсис Плейс инсонларнинг кун сайин кўпайиб боришига қарши жиддий чора кўрилиши кераклиги фикрини ўртага ташлаган. 1833 йилларда эса Америкалик табиб Чарлес Кнороттон айни фикрни қўллаб-қувватлаб, инсонларга уларнинг буюк таҳликанинг бўсағасида туришганини таъкидлаган ва масаланинг жиддийлигига киши диққатини тортган эди.
Мазкур илм эгалари аҳоли ортишига чек қўйишнинг жуда зарур эканини маълум қиларкан, аҳоли ўсишини “геометрик” (2, 4, 8, 16, 32, 64...), аксига олиб озиқ-овқат маҳсулотларининг эса “арифметик” (1, 2, 3, 4, 5, 6...) кўринишда ортишини илгари суришган. Бу ҳисоб-китобларга кўра аҳолининг ўсиши ҳеч қандай тўсқинликларга дуч келмасдан шу зайлда давом этаверса, 25 йил кейин 2 баробар ортади. Яъни бир аср кейин озиқ-овқат маҳсулотлари 9 баробарга кўпайса-да, бу пайтга келиб аҳоли миқдори 256 баробарга ўсади. Мазкур шахслар бу ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда минг йил кейин аҳоли билан озиқ-овқат манбалари орасида ҳеч нисбат қилиб бўлмас даражада фарқ юзага келишига ҳукм беришган.
Шу аниқ ҳақиқатки, тарихнинг ҳеч бир даврида инсон насли Малтус ва Френсис Плейс билдирганидек геометрик кўринишда қат-қат кўпаймади. Шунга кўра аҳоли ўсиши билан озиқ-овқат воситалари орасида ҳеч қандай нисбатсизлик ҳам юзага келмади. Милодий аср бошида 200 миллионга яқин бўлган дунё аҳолиси 1300 йилларда 500 миллион, 1800 йилларда 1 миллиард, 1950 йилда 3 миллиардга етди ва 1980 йилда эса 4,5 миллиардлик маррани забт этди. Кўриб турилганидек бу вазиятда аҳолининг ортиши қат-қат юзага келмаган ва бундай бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки инсоният туғилишга нисбатан ўз таъсирини ўтказса ҳам, ўлимга ўз ҳукмини ўтказа олмаслиги аниқ эди.
Юқорида аҳоли ўсишининг қат-қат бўлмаслигини маълум қилгандан кейин ризқ воситаларининг арифметик шаклда эмаслигини кўриб чиқайлик. Шуни унитмаслик керакки, қадим инсонларнинг кун кўриш манбалари ва ризқ воситаларини сув, тупроқ, тош, ўсимлик ва ҳайвонлар ташкил этган эса, бугунга келиб бу борада турли-туман яшаш имконлари ва озиқ-овқат ресурслари кашф этилди. Ҳозирги кун ҳаёт савияси билан қадим инсонларнинг яшаш тарзи орасидаги фарқ аҳоли ўсишининг иқтисодга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини кўрсатади. Чунки инсон насли кўпайгани сайин ҳаётда қолиш учун бор кучини сарфлаб янги ризқ манбаларини излайди ва янги яшаш тарзларини кашф этади. Зеро бугунги инсонлар имконлари билан қадимги инсонлар имконлари қиёсланганда, ўсган аҳолининг яшаш қийинчилигига сабаб бўлмагани очиқ-ойдин кўзга ташланади.
Мана шундай асоссиз фикрлар турли даврлардаги илм-фаннинг келажакда қандай янгилик ва имконлар туғдиришини идрок эта олмаган “бечоралар” томонидан ўйлаб топилган. Қизиқ томони мана шундай шахслар алданган нуқта, тобора ортиб борувчи аҳолини фақатгина “истеъмолчи” сифатида баҳолаш бўлиб, шу нисбатда ишчи кучларининг ҳам ортиши эса эътиборга олинмагани эди.
Иқтисод назариясига кўра, тайёр маҳсулот олишнинг уч унсури мавжуд: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг муҳим ва асосийсидир. Аҳоли ўсишига монеъ бўлишни истаганлар инсоннинг бу ишдаги ўрнини эътиборга олмасдан, унга фақатгина истеъмолчи назари билан қарашмоқда. Ҳолбуки инсон фарзандининг ер юзидаги ривожланиш ва ҳаёт савияларининг юксалиши борасидаги муваффақиятлари тобора ўсиб борган аҳолининг зарурий эҳтиёжларини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан. Аҳолининг ўсиши айни пайтда инсонларни меҳнат қилишга ундовчи энг кучли омилдир. Зеро зарурий ва шарт бўлган эҳтиёжлар инсонни ҳар янги кун ортиши сабабли озиқ-овқат, яшаш жой, емиш ва ичимлик ресурсларга ўхшаш моддалар таъминоти учун янги кашфиётлар амалга оширишга мажбурлаган. Бунинг учун деҳқончиликдан максимал тарзда фойдаланиш йўлидан борган инсон фарзанди, умрини ризқ топиш мақсадида уммонлар қаъри ва фазо бўшлиғида сарфлаб, янгидан-янги ресурсларни кашф этиш илинжида. Агар аҳолида ўсиш бўлмаганда инсонлар мавжуд ресурслар билан кифояланиб, танбаллик ва дангасаликка одатланиб қолган бўларди.
Бундан ташқари Америкада олиб борилган бир тадқиқотда 1975 ва 2000 йиллар орасида умумий кўринишда дунё аҳолисининг 4 миллиардан 6,18 миллиардга чиқиши тахмин этилиб, аҳолининг 50 фоиз, аксига олиб озиқ-овқат манбаларининг эса 90 фоиз нисбатда ортиши маълум қилинган эди. Қишлоқ хўжалик ва саноат соҳасида зудлик билан ривожланиб, такомиллашиб бораётган технологиянинг кун ўтган сари озиқ-овқат моддалари имкониятларини яна ҳам орттиришини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро АҚШ ижтимоий тадқиқотлар институти мутахассиси Ф. М. Исфандиёрий бу борада шуларни айтади: “Дунё битмас-туганмас энергия, озиқ-овқат ва хом-ашё даври сари йўл олмоқда. 20 асрнинг охириги яқинлашиб турган шу кунларимизда келажакда бу давр дунёнинг қаҳатчилик давридан мўл-кўлчилик даврига ўтиш босқичи сифатида ёдга олинади. Қуёш, атом энергияси, ерости ҳарорат манбалари, истеъмол қилинган энергиянинг қайта ишланиши, шамол кучига ўхшаш манбалар яқин келажакда арзон, атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган ва беҳисоб энергияни таъминлаб беради. Сўнгсиз коинотда беҳисоб манбаларни қўлга киритиб турган бир пайтда дунёда қаҳатчиликнинг юзага келиши эҳтимолидан сўз юритиш мумкинми?”
Умумий кўринишда дунё аҳолисига эътибор қаратиладиган бўлса, инсон наслининг суръат билан ортишига қарамасдан ер юзидаги ризқ воситаларининг ҳам ўша нисбатда ортгани кўрилади. Ҳатто дейишимиз мумкинки, манбаларнинг ортиши аҳоли ўсишидан ҳам тезроқ ривожланмоқда. Чунки бугунги ўрта табақадаги шахсларнинг ҳаёт савияси ва имконлари икки аср олдинги бойларнинг ҳаёт савиясидан анчагина юқори. Яъни бугунги ҳаёт савияси билан қадим инсонлар ҳаёт шартлари орасида муқояса қилиш ўринсиз бўлиб қолади.
Яратганнинг яратган мавжудотлари учун коинотда ҳозирлаб қўйган сон-саноқсиз модда ва энергия манбаларидан инсон фарзанди илмий салоҳиятини шакллантирган нисбатда фойдалана олади. Ҳатто бугунги кунда озиқ-овқат имкониятларининг ортишидан фойдаланиб баъзи озиқ моддалардан (шакар қамиши ва маккажўхори каби) АҚШ ва Бразилияда бензин ўрнига ишлатилувчи “этанол” моддаси ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек истеъмол моддалари ишлаб чиқарувчи мамлакатлар (Аргентина, Австралия, Янги Зенландия ва Филиппин) кундалик ҳаётда жуда ҳам зарурий модда бўлган “гасохол” ишлаб чиқаришга бошлаб ҳам юборишган.
Ер юзи ва коинотда мувозанатнинг мавжудлигида шубҳа йўқ. Худди шундай ер юзида яшаётган махлуқотнинг барча турларидаги миқдорда чегара ва мувозанат мавжуд. Мисол учун ўсимликлардан “Sismbrium Sophia” номли турнинг ҳар бирида 750.000 уруғ бўлишига қарамасдан ер юзини қоплаб олмаганидек, балиқлардан “Star Fish” номли тури ҳам 200.000.000 атрофида уруғ қўйгани ҳолда денгиз ва уммонлар балиқлар томонидан ишғол этилмаган ва табиий мувозанат бузилмаган. Албатта инсон боласининг ҳам бу низомдан ташқарида қолмаслиги айни ҳақиқат. Зеро бир эркакнинг жинсий алоқа пайтида ажратган суюқликда 300 ва 400 милион сперма мавжуд бўлса-да, инсонларнинг битталаб кўпайишганини кўрамиз. Бошқа томондан суръатли аҳоли ўсишига қарши айни нисбатда ўлимлар, айниқса, ўлим сабабларининг ортиши яна ўша дақиқ мувозанатдан хабар беради. Чунки зилзила, тўфон, сув тошқинлари, бедаво касалликларнинг урчиб кетгани ва автоҳалокат кўринишидаги офатлар олдини олиб бўлмаганидек, янги ўйлаб топилган ва бутун инсониятга қаратилган кимёвий, биологик ҳамда атом бомбалари, қирғинбарот қуролларнинг ўзи ҳам инсон наслини “меъёрда сақлаб туришга” етиб, ортади.
Абдулҳамид Зайриев
Виртуал дунё – ҳақиқий дунёнинг кушандаси
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Бугунги кунимизда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар шариат белгилаб берган чегарадан чиқмаслиги зарур. Инсоннинг кундалик ҳаётига ижтимоий тармоқларнинг таъсири ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Ахборот уруши давом этаётган бугунги тонгда энг қадрли маълумотлар – ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва маълумотлар бўлиб қолмоқда.
Ижтимоий тармоқларда бўлаётган мулоқотлар аслида виртуал бўлсада, маълум одоб чегараси, худудидан чиқиб кетмаслиги керак. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот деб, ҳақиқий воқеъликдан воз кечмоқдалар. Аксар ҳолатларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Бир қарашда зоҳиран буларда мулоқот ва дўстлик борга ўхшайди. Аслида эса...
Миллион-миллион одамлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг биринчи муҳаббатлари, синфдошу-курсдошлари, таниш ва нотанишларини излашга тушиб кетди. Интернет ва компьютер ҳақида озгина тасаввури бор одамларнинг аксари шундай сайтларда умрларини бекорга ҳавога совуришмоқда. Дунё бўйлаб мулоқот истаганлар ижтимоий тармоқларга бутунлигича ғарқ бўлишди. Виртуал ҳамжамиятларга аъзо бўлганлар кун сайин тобора ортиб, ўсиб, кўпайиб бормоқда. Қарамлик бўйича олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий тармоқ ва виртуал мулоқотга катта-ю кичик бирдек мубтало бўлган экан. Эҳтимол, виртуал мулоқот –авваламбор романтикадир, лекин, нима бўлганда ҳам бу ҳақиқий ҳаётдан тубдан фарқ қилувчи воқеъликдан қочишдир.
Улар бу ишга шу даражада берилиб кетганидан дўстлари, ҳатто оилаларидан ҳам воз кечиш ҳолатлари нодир бўлмай қолди. Бугун ер юзида миллион-миллион одам виртуал ҳаёт чакалакзорларида йўқолиб бормоқда. Нега шундай бўлмоқда? Нега ажойиб коммуникация воситаси ҳисобланган Интернет тузоққа айланмоқда? Вақт, куч ва ҳиссиётларни ямламай ютаётган баҳайбат тузоққа?!
Биз доим қаергадир шошамиз, доимо бандмиз, кўп ишлаймиз. Дўстлар ва муносабатлар учун доим вақтимиз етавермайди? Бироқ, шундай бўлсада бизнинг муносабатларга мухтожлигимиз ва кимгадир ёқиш истагимиз ҳеч қаёққа йўқолмаган. Буни реал ҳаётда қандай амалга оширса бўлади?
Ўтган асрда одамлар бир-бирларига меҳмонларга боришар, кино ва театрларга тушишар эди. Боғ ва ҳиёбонларда ўтиришар, кутубхоналарга ташриф қилиб туришар эди. Бироқ энди биз бандмиз-ку! Энди булар биз учун муҳим эмас.
Интернет ҳақиқий дунёни ўзига алмаштиришга муваффақ бўлди. Виртуал оламда ҳамма нарса ҳақиқий ҳаётдагига нисбатан жуда осон; тез танишиш, дўстлашиш ва тезда ажрашиш мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар асосан ўз ҳаётидан норози бўлган одамларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Кўп оилаларда эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқлардан воз кеча олмаётгани боис турмушлари бузилиб кетмоқда, ришталар узилмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўп ўтирадиган одамларнинг гормонал баланслари, иммунитет тизими бузилмоқда, ақли заифлик касалига мубтало бўлиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Интернет – ҳам яхши, ҳам ёмон нарсадир: кимдир ўз ҳожатини чиқаради, кимдир эса ундан вақтиҳушлик учун фойдаланади. Сиз ҳақиқий ҳаётдан воз кечиб, аслида йўқ бўлган воқеъликка уни алмаштирмоқчи бўласиз. Ўйлаб кўрингчи: сиз буларнинг эвазига нимага эришасиз? Керак пайтда ёнингизда туриб бермайдиган дўстми ёки ҳеч қандай аҳамияти бўлмаган ноз-карашмаларни-ю, “ёқди” деган тугмачаларнинг босилишиними? Ҳар бир нарсанинг ўз чегараси, меъёри бўлиши керакда: “Синфдошлар”га, оила ва фарзандларга қанча вақт ажратиш ва ҳакозо. Бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдирашиб, ҳаётингизни исроф қилманг. Оилангиз бузилиб кетиши мумкинлигини доим ёдингизда сақланг. Ўзингизга яқин бўлган одамлар билан муносабатларингизга зарар келтириб қўйманг.
Ноз-карашма (флирт) – хиёнатми?
Кўпчилик Интернет орқали ўз “жуфтини” топишга муваффақ бўлмоқда. Танишув сайтларида эса кўпчилик енгил-елпи муносабатларга ўрганиб ҳам бўлишди. Танишишади, барча нарсалар ҳақида дарҳол гаплашиб олишади, қалбига мос шерик танлайди. Агар бирон нарсаси ёқмай қолса ёки бирон бир хато қилиб қўйса, энди уни дарҳол ўчириб, унутиб юборса ҳам бўлаверади-да ахир. Шунга шунчами, озгина виртуал мақтов, лайклар ва гулдаста смайликларини (“табассум”ларини) олса нима қилибди, шу ҳам хиёнат бўлиб қолармиди?
Сўнг, воқеалар ривожи икки йўналишда якун топиши тайин.
Биринчси: инсон ҳақиқий ҳаётда ҳам гул олгиси (оддий смайлик бўлса ҳам), мақтов эшитгиси (кўпроқ лайк олгиси) ва кўпроқ эътиборда бўлишини истаб қолади (ҳаётдаги ҳақиқий шериги эса, ўзининг тинч ҳаётини гул савдо расталарига югур-югурга алмашишни истайдими ёки йўқ, бу бошқа масала). Бир даста гул ва совғалар – ҳаётдаги энг муҳим нарсаларми?
Иккинчиси эса: “Тармоқдаги флирт хиёнат ҳисобланармиди? Виртуал номаҳрам шерик билан ҳақиқий ҳаётда романтик учрашувлар ҳам қилиб туриш унчалик қўрқинчли нарса эмаску, бу нарса оила ришталарини янада мустаҳкам қилиши мумкин”, дея шайтон ҳаёлингизга астагина шивирлаб қўйди. Ҳаётда буларга етишиш учун жуда кўп ғовларни ошиб ўтиш керак, Интернетда эса ҳаммаси осон экан (деб ўйлайди киши).
Ҳақиқий ҳаётда кимнингдир ўзаро муносабатлари рисоладагидек силлиқ кечмаяпти – ўртада турли низолар бор, қайсидир оила аъзосини «Одноклассники» ўзига магнит каби тортиб турибди. Ўз жуфти олдига бориб узр сўраш ўрнига виртуал дунё орқали завқланиш давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ўтирганларнинг ҳаммаси бирдай ёмон дея олмаймиз, албатта. Ҳаммаси эмас, кўпчилиги. Энди, камдан-кам эркакларгина истисно. Зеъро, оилали бўлганлари ҳам ўзининг “яхши” экани ҳақидаги фикрни ижтимоий тармоқлардаги ўзгалардан (дўстларидан) эшитгиси келмайди, дея оламизми?! Наҳотки бировларнинг мақтовлари ва совғаларидан, улар виртуал бўлса ҳам воз кеча олади? Ёлғиз, бева ёки ўрта ёш инқирозини бошидан ўтказаётган аёллар комплекслари, турмуш ташвишлари кучайиб кетмаслиги учун муносабатлар балки ҳаводек зарурдир. Шариат белгилаб берган худуддан чиқиб кетмаслик шарти билан (!) ижтимоий тармоқлардаги бундай мулоқотларнинг зарари йўқдир.
Ислом ҳаддан ошмаган мулоқот-муносабатларга рухсат берадими ва булар қандай мулоқотлар экан? Бир-бирини танимайдиган одамлар бировларнинг эрлари ва аёллари билан нима ҳақида суҳбатлашишлари мумкин экан-а? Танишув сайтларининг кўпида оилали эканини яширмаган жуда кўп эркак ва аёллар бор. Уларнинг ёзишича, улар вақтларини мароқли ўтказишлари учун ўзларига виртуал йигит ва қизларни излашаётган эмиш. Шундай нарсаларга Ислом рухсат берадими? Ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита холос. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Шундай экан, мазкур восита – ёрдам бериш ўрнига сизнинг шахсий ҳаётингизни бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим. Ҳамда жорий ҳолатга бўлган қарашларни қайта кўриб чиқиш керак, чунки ҳаёт кўп қиррали ва қизиқарлидир. Яқин келажакда одатий (классик) муносабатлар – яъни, (шариатга зид келмаган ҳолда) танишув ва ҳақиқий ҳаётда муносабатлар ўрнатиш ҳолати такроран одат бўлишини умид қилиб қоламиз. Гарчи бундай мулоқот тури виртуал муносабатлардан кўра анчагина мураккаб бўлиб, инсондан катта саъй-ҳаракатларни талаб қилса ҳам.
Ҳақиқий ҳаётдаги одамлар орасидаги муносабатларда, сизга “кимдир” саҳифангизда қолдирган маъносиз хабари билан эмас, балки ҳақиқий амалий ёрдами билан фойда келтириши мумкин. Ҳақиқий дунёда яшаётган одамлар... Улар хафа бўлишади, азоб чекишади, хурсанд бўлишади. Бир-бирларини яхши кўришади, биргаликда бахтлидирлар. Ва бошқалар, яъни ёлғиз бўлганлар ҳам бахтсиз ва бундан азоб чекадилар. Ёлғизлик чўчитади, ҳамда ситамларга сабаб бўлади. Ёлғиз, ёрдамсиз ва далдасиз инсон яшай олмайди-ку, ахир. Моддий тарафдан ўзига тўқ бўлиб, лекин том маънодаги мулоқотлар, муносабатлардан маҳрум бўлса, у инсон бахтсиз бўлиб қолаверади. Виртуал майдонда ўзини кучли, жасур, муваффақиятли қилиб кўрсатган ҳолда мулоқотга киришар, муносабатлар ўрнатилар экан, у ўзини бахтли дея ҳис қила бошлайди. Агар бунгача унинг ҳақиқий дўстлари, муносиб иши бўлмаган ва у ўзини бечораҳол ва хўрланган деб билган бўлса, энди виртуал воқеъликни у нажот деб била бошлайди. Қайсидир нуқтада, қайсидир лаҳзада инсон мониторда ўзини ва бошқаларни алдаётганини, лақиллатаётганини унутиб қўяди. Бу – ҳаёт эмас, бу – бир ўйиндир. Ўйин бўлганда ҳам (зоҳиран бошқача), шавфқатсиз, инсон рухияти (психикаси) учун беозор. Виртуал ҳаёт – бутун виртуал дунё каби иллюзиядир (хомҳаёл ва пучҳаёлдир).
Виртуал дунёдаги ҳаёт – қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради. Сени яхши кўришади ва сен воқеалар қайнаган жойнинг қоқ ўртасидасан, гўё. Сенинг атрофингда ҳам ҳаёт қайнаётганини ҳис қиласан, ўзингча. Аммо, компьютер ўчиши билан, ушбу дунё ҳам йўқ бўлади ва унинг билан бирга ҳаёт ҳам. Ўшанда инсон бундай ҳаёт компьютер мониторидагина жойлашганини аста-секин тушуна бошлайди. Албатта, бундан у ўзини бахтли ҳис қилмайди. У яна қизиқарли бўлмай, ёлғиз ўзи, ҳеч кимга керак эмаслигича қолаверади. Чунки у билан суҳбатлашадиган гапнинг ўзи йўқ, у қизиқарли эмас, у ҳатто бизларга тушунарсиз бўлган қандайдир ўзининг тилида сўзлашади. Баъзан уни ҳеч ким тушунмаётганини ҳам билмай қолади.
У одамлар ва ҳаётдан янада хафа бўлиб, ўзининг гўзал виртуал оламига янада чуқурроқ шўнғиб, ғарқ бўлади, чуқурдан эса чиқишни истамайди.
Яъни, бугунги кунда виртуал ҳаёт – ҳақиқий ҳаётни ўғирламоқда. Шундай экан, ўйлаб кўринг: виртуал ҳаёт ташвишлари саломатлигингиз учун арзийдими?
Ижтимоий алоқаларни кенгайтириш учун ҳақиқий ҳаётдан фойдаланинг. Ҳақиқий дунё, инсоннинг ҳаёти – доимий ўзлаштириш, кенгайтириш, ҳамда ички ва ташқи воқеъликни ўзгартиришдан иборатдир. Шу йўл билан инсон камолот сари юксалиб бораверади. Ҳақиқий ҳаётда ўз мақсадингиз ва жойингизни (маконингизни) аниқлаб олинг. Ким бўлишни истасангиз ҳам, бу ниятингизга етишиш учун реал (ҳаққоний, ҳаётий) йўлларни изланг. Мақсадга эришиш учун оддий услублардан сақланинг: “Текин пишлоқнинг фақатгина қопқонда бўлишини” унутманг. Виртуал воқеълик ҳуддики ҳаётдаги йиртиқлар учун ямоқ кабидир. Шундай экан ямоқларсиз яшашга уриниб кўринг!
Компьютер – сизнинг имкониятларингизни кучайтирадиган бир ускуна холос, у асло мақсад эмас. Интернетда ҳамма нарса очиқ-ойдин. Реал ҳаётда қилмоқчи бўлган нарсаларни қилинг. Дўстларни эса, ҳаёлий оламдан эмас, ҳақиқий ҳаётдан изланг. Виртуал ҳаёт фақат қандайдир гуруҳга мансубликнинг сохта ҳиссиётини беради; ва асло муносабатлар учун керакли кўникмаларга асос бўла олмайди. Ҳаётингизни ижобий нарсалар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг.
Мустаҳкам қараш ва эътиқодга эга бўлинг. Виртуал майдондаги сохталик ва ёлғон нарсалардан сақланинг. “У ёқда” эмас “Бу ерда ва ҳозир” бўлинг. Ватқтингизни ва компьютерга кетадиган умрингизни назорат қилишни ўрганинг. Ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Тармоқдаги нотаниш кимсаларга ишонманг. Интернетда истаган кишининг асл юзини яшириб, бошқача бўлиб олиши жуда осон. Фарзандларингизнинг ҳам сизнинг назоратингизсиз Интернетдан фойдаланишларига рухсат берманг, чунки улар ўзларига керак бўлмаган ва тақиқланган жуда кўп нарсаларни билиб олишлари мумкин.
Ушбу мақолани тайёрлар эканман, ака-ука ва опа-сингилларимизнинг ҳам мазкур мавзунинг муҳимлиги ва долзарблигини англашларини; ҳар ким ўзининг хурсандчилиг-у қайғуларга тўла ҳақиқий ҳаётини – қандайдир тўқиб чиқарилган виртуал дунёга алмаштирмаслиги лозимлигини тушуниб етишларини истар эдим.
Аллоҳ Таоло шариат чегарасидан чиқиб кетмаслигимизни ва Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини маҳкам тутишимизни насиб қилсин. Омин!
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади
Отасини излаганлар
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
ИМЗОСИЗ МАКТУБ
«Ёшим 20 дан ошди. Аммо мен дунёга келган пайтлар «генетик таҳлил» деган тушунчалар бўлмаган. Онамга уйланаман деб юрган йигитнинг оилали эканлиги фош бўлганда, ғишт қолипдан кўчган ва онам бечора ҳомиладор бўлиб қолган экан. Ўшанда онам кимларнингдир маслаҳатига кириб, ўша йигитни судга берган.
…Ва чеки-чегараси кўринмайдиган суд жараёнларида номард йигит — менинг отам ҳар сафар «Мен бу қизни танимайман!», деб туриб олган.
Йигитнинг хотини эса «пок-покиза» эрини ҳимоя қилиб, неча марталаб онамни юмма талаган, тўполон қилган, судда эса эр ўзининг «жинсий ожиз» эканини баралла таъкидлашгача борган. Хуллас, онам барчага текин томоша бўлишдан бошқасига эриша олмаган.
"КЕЛ ЙИГИТЧА ДАМ ОЛАМИЗ"
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
СПИД вабоси сайёрамизда яшин тезлигида ўта хатарли тарзда тарқалмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳар 15 дақиқада бир одам бу эпидемия вирусини юқтириб оляпти.
Атрофни шом пардаси чулғамоқда. Ўтган куни ёмғир ёққанди. Баданни жунжиктирадиган салқин ҳавони айтмаганда, бу ердан оламни кузатиш малол келмайди. Мана, кўнглимда ҳам... асабий бир қониқиш. Бизлар ҳам бир эркин... Афсуски, ҳали қувона олмаймиз. Бунга истаганча сабаб топиш мумкин: масалан, фоҳишабозлик. Унинг яшашини ҳеч қачон истамасак ҳам, у барча замон ва маконларда ихтиёрларимиздан ташқарида бемалол «гуллаб-яшнайверган».
Фоҳишабозлик. Уни кўрмасликка қанчалик тиришган бўлсак, ушунча катталикда кўринишга ҳаракат қилади. У ўз қаҳқаҳаси билан одамзотни бир умр вайрона томон етаклайди... Ниҳоят, жозибанинг ҳар қандай кўриниши мўъжиза эмаслигини англаб қолгандекмиз. Бироқ одамийлик хусусиятимиз ҳамон бизга панд бераётгандек: ахир куни кеча экологик, демографик, технократик кулфатлар ёз ёмғиридек бошимизга ёғилганди. Бугун СПИД, саратон, юрак-қон томир касалликлари турмушимизга жимгина жойлашиб олмокда. Жинсий муносабатларнйнг бозорга солиниши эса, оддий ҳодисага айланиб қолди. Унинг СПИД билан кун сайин уйғунлик касб этиб бораётганлиги мени кўпроқ ташвишга солади.
Янги йилнинг илк кунлари. Мен анчадан бери бу ҳолатнинг кўламини яқинроқдан кузатишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Шу умидда ҳамроҳим билан келишиб, учрашдик.
...Ҳамма ерда ишнинг тугаш вақти бўлгани учунми, бу ерга кириб чиқадиганлар кўпайган пайт. Бири келиб, бири кетаётган халойиқ. Ўрнимиздан туриб атрофга янада синчковроқ назар ташлаймиз. Шундан сўнг бир неча дақиқадан бери бизни кузатиб турган ён ўтирғичда ўтирганлар биз томон яқинлашди:
—Йигитлар, дам оласларми? — деди. Сўнгра сигарет сўради.
Ҳамроҳим сигарет тутди. Улар биттадан тутатишиб, яна биттадан сумкасига солиб кўйгач:
—Дам оламизми? — деди ҳамроҳим мийиғида кулиб.
—Бизникига борамиз. Ҳамма шароит тахт. Ванна, иссиқ, совуқ сув... — деди бири. Иккинчиси қўшиб қўйди: — «Ставка» 10000 мингдан. Мен кулиб:
—Касал эмасмисизлар?
—Қанақа касаллик? —Ҳе, қўрқманглар, Гарантиямиз бор.
—Иккинчидан, унақаларни бу ерга қўймаймиз, — қўшиб қўйди иккинчиси. Шунда ҳамроҳим:
—Агар мен СПИД бўлсам-чи?
—Жа, ҳазилкаш экансиз-а? СПИДмисиз йўқми, дам олсаларинг бўлдими?
Ҳар ҳолда у рост гапирганди. Бироқ бундай ростгўйлиги на жамиятга, на ўзига яхшилик келтиради. Ахир ўз жонига била туриб қасд қилишда қандайдир «буюк аҳмоқлик» мавжуд эмас-ми? Мана, улар ҳеч нарсани, ҳаттоки СПИДни ҳам назар-писанд қилишмайди. Уларни СПИДдан кўра бошқа нарса, яъни «харидорлар»ни йўқотиб қўйиш кўпроқ қўрқитади. Бой берилган ҳар бир кун бизни қайғуга солади. Бироқ келажакнинг мавжудлиги доим таскин беради. Фоҳишалар эса келажакнинг таскинига муҳтож эмас. Уларни келажакдан кўра бугунни бой бериб қўймаслик кўпроқ ташвишлантиради. Бироқ, одамнинг курган куни кечаги кунининг тутуриқсиз такрори бўлмаслиги керак. Агар уни заррача оқлаш лозим бўлса, фақат шу билангина оқлаш мумкин. Яна ким билсин?..
БЕБОШЛАРНИНГ КАСАЛИ
Навбатдаги учратганимиз — болалар уйидан қочиб чиқиб, фоҳишабозлик орқали кун кўриб юрган Дилдора исмли «қизалоқ» бўлди. Ундан гап олиш осон кечди. Ёшига нисбатан анча катта кўринади. У бош қотириши керак бўлган нарса фақат битта, яъни мижозлар топиш. Масаланинг бошқа томонлари билан «хўжайин» шуғулланади. У билан узоқ гаплашдик. Аммо суҳбатимиз охирида у асосий гапни айтгандек бўлди:
—Бизда ҳаммаси батартиб. Мен ҳали кераклиман. Сиз айтган касаллик СПИДмиди? Уни «сезон»и ўтганларда учратишингиз мумкин. Улар бебошлар. Бизнинг ҳали бошимиз бор, — у шундай дея кетишга чоғланди. Мен унга 15 ёшида СПИДга чалиниб ҳаётдан кўз юмган аёл ҳақида бир маълумотни кўрсатдим. У ишонқирамай:
—Яхшиси мени тинчимни бузманг. Бу касалингиз бебошларники...
Одамзотнинг бебошлиги. У ҳаммамизда ҳам етарлича. Фоҳишалар СПИДнинг сабабчисини бошбошдоқлик деб ҳисоблай бошладими? Балки тўғридир. Чунки бошбошдоқликнинг ички қудратли кучи бор. Аммо у куч ҳамма замонларда ҳам юзага чиққан даврлар фавқулодда ҳодиса эмасми?
Тўғри, фоҳишаларни даволаш борасида турли хил профилактик тадбирлар белгиланган. Бироқ улар аксарият ҳолларда махфий равишда даволанмокда. Маълум бўлишича, улар вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришади. Лекин қаерда ва қай тартибда?
МАЪМУРИЙ ЧОРА КИФОЯ ЭМАС
Бир вақтлар фоҳишабозликка йўл берувчи махсус меъёрий ҳужжатлар жорий этиларкан, деган овозалар тарқалганди. Шукрлар бўлсинки, миллий қадриятларимизни таҳқирловчи бундай ҳужжат ишлаб чиқилмади. Бу овозларга зид равишда ишлаб чиқилган қонунлар эса, худди «жарима тўла, кейин ўзинг биласан» деганидек гуманитар.
Тўғри, юртимизда шу пайтга қадар СПИД билан хасталанганлар кўп ҳам аниқланмади. Аниқланганларининг ҳам аксарияти чет эл фуқаролари ёки хорижда ишлаб қайтганлар. Аммо бу касаллик талвасасидан ўлганлар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, унга қарши курашишнинг қатъийроқ, кескинроқ усулларини ишлаб чиқиш лозимга ўхшайди. Фоҳишабозликка қарши чоралар бизда ҳозир амалда бўлган Маъмурий Жавобгарлик кодексининг 190-моддасида аксини топтан. Ў қуйидагича: «Фоҳишабозлик билан шуғулланиш — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Хўш, фоҳишабозлик жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳисобланадими? Назаримда, фоҳишабозлйкка маъмурий жавобгарликнинг белгиланганлиги унинг янада авж олишига имконият туғдиряпти. Шу учун фоҳишалик ва фоҳишахоналар сақлашни ўзларига касб қилиб олганларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилашни тақозо этмоқда, деб ўйлайман. Шундай экан, у Жиноят кодексида ўз аксини топиши лозим. Иккинчидан, фоҳишабозлик инсон соғлигига қарши жиноят ҳисобланади.
ДАЛИЛ ВА РАҚАМЛАР
Фикримнинг исботи тариқасида айрим фактларни келтираман. Мутахассисларнинг фикрича, СПИД касаллигининг вируси одам организмида ўнлаб йиллар давомида мудраб ётавераркан. Шунингдек бу эпидемияни юқтириб олган фоҳишабоз беш-олти йил, балки бундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ўзи билмаган ҳолда ёки одамлардан атайлаб қасос олиш. Ҳа, «қасос олиш» ниятида ҳеч қандай тўсиқсиз бу вабони тарқатиб юравериши мумкин экан.
Мана бир мисол: «Ўзи СПИД билан касалланганнини. билган бир швед матроси беш йил давомида портларда тўхтаган вақтлари олтита фоҳиша аёл билан жинсий муно-сабатда бўлади. У ўлими олдидан уч аёлнинг исмини айта олди. У исмини айтган учала аёл ҳам СПИД билан касалланган экан. Уларнинг бири эрига юқтиришга ҳам улгурган. Бошқаси эса СПИД билан касалланган бола туққан. Қолган учаласи эса ҳанузгача топилгани йўқ. Эҳтимолларга кўра, улар СПИД вирусини ҳамон тарқатиб юришибди.
Буниси америкаликлар ҳақида: яна бир одам СПИД туфайли оламдан кўз юмди. Фожианинг ачинарли томони, унинг рафиқаси, уч ойлик фарзанди ҳам СПИД билан касалланган эди. Аниқланишича, у ўлимидан ўн йил олдин, Африкада хизмат бурчини ўтаб юрган вақтида африкалик фоҳиша аёл билан жинсий алоқада бўлган. Қаранг, у ўн йил аввал орттириб олган қазо ўн йилдан сўнг ўзига қўшиб бегуноҳ рафиқаси ва уч ойлик фарзандини ҳам олиб кетди.
...Биздаги вазият уларга қараганда ёмон эмас. Бироқ бу фикр «Бизда яхши экан» деган хотиржамликни туғдирмаслиги лозим. Ен қўшнимиз Қозоғистонда вазият анча хатарли. Ўтган ўн йилда у ерда минг-минглаб нафар одам СПИД билан касалланганлар сифатида рўйхатга олинган. Улардан бир қатори вафот этган.
Украинада қисқа давр ичида 3500 киши бу эпидемияга йўликди. Росси-яда бўлса, бир йилнинг ичида 3853 одам СПИД билан хасталангани аниқланди. СПИД эпидемия-си хатарли тарзда тезлашиб бораётгани ярим асрдан, ошдики, ҳамон одамзотни ўйга толдиради. Одатда ўйга толганлар шу пайтга қадар аниқ бир вакцинани ўртага ташлаши керак эди. Бироқ... Нажотбахш хабардан ҳамон дарак йўқ.
Сир эмаски, бизда СПИДтўғрисида илк маълумотлар 1980 иилларда ғайритабиий акс-садо берганди. Бу шашт бугун бир қадар пасайгандек. Аммо хатар ўша-ўша. Бу даврда илм устига анча-мунча мағзава ағдарилмади, дейсизми. Илм ундоқ... Илм мундоқ... Бироқ ягона нажот яна ундан қутилди. Одамлар илмнинг қудратига ишонди. Илмнинг ҳар қандай ҳаракати омад келтирганди. Балки шунданми, турли давлат олимлари томонидан турли хил вакциналар ишлаб чиқилди. Аммо улар лабораториялардан тап тортиб ташқарига чиқолмади. Озмунча бемор лабораторияларнинг эшигига мўлтираб жон бермади. Уларнинг дардига бир нажот топилмади. Дарвоқеъ, унинг тезлигини маълум муддатга пасайтириши мумкинлиги иддао этилган бир вакцина ўртага ташлангандек ҳам бўлганди. Бироқ, бундай «даво»нинг сарф-ҳаражати 180 минг АҚШ долларига тенг экан. Ўйласанг хаёл ҳайиқадиган миқдордаги харажатига ҳаммма ҳам дош бера олмаслиги қанчалик қайғули бўлса, уни илмнинг самараси дейиш ҳам шунчалик кулгили!
СПИД КАСОС ҚУРОЛИМИ?
Маълум бўлишича, айни пайтда касалланаётганларнинг кўпчилиги СПИДни ҚАСДдан орттириб олмокда. Яъни, касаллар бани башардан ҚАСОС олиш ниятида аксарият ҳолларда соғлар бйлан жинсий алоқа қилишга ҳаракат қилишмоқда. Натижада Африка ва Оврупа давлатларида СПИД оммавий хасталик тарзида йил саиин одатии ҳолга айланмоқда. Балки, айланиб ҳам бўлди...
«Ахир, одам қилган номақбул ҳаракатидан жуда бўлмаганда лаззатлана олиши керак-да», деб улар ўзини оқлашга ҳам ҳаракат қилишмоқда. Номаъқулчиликни ёқлаш лозим бўлса, фақат шу жиҳати билангина ёқлаш мумкин, тўғрими? Хўш касалнинг соғдан соғ бўлгани учун қасд олишида қандай лаззат бор?
Билмадим... Билмадим?! Бироқ, СПИД вабоси сайёрамизда яшин тезлигида ўта хатарли тарзда тез тарқалмокда. Маълум отларга қараганда, ҳар 15 дақиқада бир одам бу эпидемия вирусини юқтириб олаётган экан.
...Таскин сифат хаёллар оғушида ат-рофга чўкаётган шомни оралаб, тунги бар томон йўналдик. Эшик олдига етар-етмас қулоқни қоматга келтирадиган оғир рок мусиқаси кишини тажанг қилиб қўяди. Даврадагиларни четлаб ўтиб, бўш ўриндиққа бориб ўтирдик. Теграмга назар ташлайман. Ўзимгада тушуниксиз бўлган бир нарсани излайман. Йўқ, тополмадим. Ўйлаб қарасам, излаганим ҳаловат экан. Бу ерда эса ҳаловатдан бошқа ҳамма нарса тўла-тўкис эди. Хизматкор олиб келган ичимликни ичиб бўлиб, бу даврага ўзимизнинг бегоналигимизни ҳис қила бошладик. Аммо чиқар-чиқмасимиздан:
—Битта сигарет «угашат» қилинг, — дея бир ёқимтой қиз бизга яқинлашди. Ҳамроҳимиз иккимиз ҳам бир-биримизга қараймиз. У бизни тараддудланиб турганимизни кўриб:
—Дам олгани чиқибсиларда?! Сигарет беринг, — деди яна.
«Чекмаймиз» деганимиздан сўнг, ўн қадамча нарида турган миллиционерга қарата:
—Ҳо-о, ...ака, Гуляни кўрдингизми? — деб ба-қирди ва у «йўқ» ишорасини бергач, «Чекишдан угашат қилинг» — деди ва кейин бизга юзланиб:
—Айтгандай, чекмасангиз ичмайсиз ҳам, меним-ча? — деди.
Шу пайт милиционер етиб келиб унга кулиб:
. —Ҳалиям шу ердами-сан?
—Сигарет беринг, яхшиси.
У бир дона сигарет бериб, яна қайтиб кетди.
Мен:
—Дам оламизми? — дедим. Кейин қўшиб қўйдим,—лекин СПИДдан қўрқаман.
—СПИД? Нима, бу қизлардан қўрқиш касаллигими?
Биз СПИД ва унинг касофатлари тўғрисидаги билганларимизни айтиб улгурмасимиздан:
—Ҳа, биламан, эшитганман. Нима, мен кўчанинг қизига ўхшайманми?
—У одам ажратармикан?
—Жуда ажратадида. Ман бозорчилар билан юрмийман. Бундан ташқари... справкам бор.
—СПИД эмаслигингиз тўғрисидами?
—Билмадим.
У шу гапни айтиб, бар-га кириб кетди.
ТАЛВАСА
СПИД қўрқуви... У энди одамзотни эзгуликка чақира олармикан? Қўрқувдан туғилган олийжаноблик... Қачондан бери эзгулик қўрқувдан сўнг туғила бошлади.
Чет эл оммавий ахборот воситаларида СПИД қўрқуви тўғрисидаги чиқишлар ташвишланарли тарзда кўпаймокда. Газеталар орқали нафақат журналистлар, балки оддий фуқаролар ҳам СПИД хасталарини моховхоналарга, фоҳишабозларни эса «ҳайвонот боғларига қамаб қўйиш керак» деган-чақириқлар билан чиқаяпти. Уларни меҳмонхоналардан, сауналардан, қувиб чиқармокда. Тунги бар бошлиқлари уларни кўчаларга ҳайдаб солмоқда. Чунки меҳмонхоналар, тунги барлар, эркаклар сауналарм, вокзаллар бу хатар вирусининг ривожланиши учун қулай озуқа манбаи ҳисобланади.
Ҳамроҳим билан шу ерда ажрашиб, ўз хаёлларим оғушида уй томон йўл оламан. Симёғочларга, бекатларга боқаман. Қанийди жуда бўлмаганда шу маъниматрасиз рекламалар ёнидан СПИД эпидемиясидан огоҳ этувчи бир афишани тополсам. Ахир, чоризм миссионерлари чоракам 200 йил давомида жамиятимизга кирита олмаган миллий эврилишга СПИД балоси осонгина эришмаяптими? Бу ҳакда ўйлаб кўришнинг вақти келди, назаримда. «Чорсу» меҳмонхонасининг ёнидан ўтиб кетаётганимда бир неча аёл пешвоз чиқишди:
—Квартира керакми?
—Қаерда? — деб ёш ва куркам келинчакка юзландим.
—... жойда. Ҳамма шароит бор: овқат, иссиқ, совуқ сув. Ванна...
—Яна-чи?
Менга мийиғида кулиб деди:
—Неча ёшлиси керак?
—Ўзингиз-чи?
—Гап йўқ. Бўлмаса, кетди кми?
—Кетамизку-я... шу кечирасиз, касал эмасмисиз?
—Касал...
Менга «хафа бўлдим» дегандек, кишини эритиб юборувчи табиий бир ишва билан қаради. Кейин хотиржам ҳолда:
— Қўрқманг, менинг эрим бор, — деди.
Ё, алҳазар!
Биз қандай аҳволга тушдик? Уйида жуфти ҳалоли борлигини айтиб турган бу аёл яна бир эркакни зинога ундаб турса-я!.. Ортиқ тилим айланмай қолди... Ахир қандай ҳам айлансин, биродар!
Ёрқин БАСИР
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 77 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар