Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
Исломий гламур
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Ислом мамлакатларида гламур йўқ деб ўйлайсизми? Йўқ, Cиз қаттиқ янглишасиз, чунки гламур у ерларда ҳам бор, фақат у жуда яхши ниқобланиб, исломий муҳитга мослаша олган. Гламур – бу ғарбча ғояларни Шарққа қон тўкмасдан тарғиб қилишнинг энг зўр воситасидир. Гламур нима ўзи? Бу сўзни доим истеъмол қиладиганлар ҳам унинг келиб чиқишини, маъносини билавермайди.
Glamour – шотланд тилидаги бузилган glamor сўзидан келиб чиққан ва аввалида афсун, сеҳр, жоду ёки тилсим маъноларини берган. Ҳақиқатдан ҳам, бу сўз маъносида қандайдир сир-асрор бўлса керак, чунки 20 аср мабойнида у ўзига қуёш тагидан жой эгаллаб, ўзига яраша динга ёхуд сиғинадиган нарсага (культга) айланиб улгурди.
Гламур ғоялари 19-20 асрларнинг ўртасида пайдо бўлди. Айнан ўша вақтларда Ницше Худо йўқ, дея жар сола бошлаган. Кейинчалик эса унинг баъзи ғояларини психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейд қўллаб-қувватлади. Насроний динининг ҳукмронлиги ниҳоясига етди, одамлар ҳаётидан аста-секинлик билан тоталитар дин назорати чекина бошлади. Одамлар дин қоидаларига риоя қилишни ва динга эргашишни тарк қила бошлашди. Эски дунё ўрнига ёрқин ва ғайриодатий янги бир чала нарса туғилди.
Гламурнинг асосчилари ёзувчи Оскар Уайлд ва Жорис-Карл Гюисманс ва санъат назариётчиси Уолтер Пейтер ва бошқа бир қатор прерафаелчи рассомлар ҳисобланади. Айнан ўшалар анъанавий патриархал жамиятнинг қадриятларидан воз кечиб, гўзалликни “илоҳ” мартабасига кўтаришди. Энди яхши ёки ёмон нарса йўқ, балки гўзал ва хунук нарсаларгина мавжуд, деган фикр асосий ғояга (концепция) айланди ва айнан шу ғоя гламур асосини ташкил қилди.
Гламур тушунчаси ҳеч қандай инқилоб қилган эмас, аммо у аста-секин одамларнинг ақлини забт эта бошлади – расмдаги актрисанинг жозибали либоси, шляпанинг янги фасони, енгилтак саҳна асари... Буларнинг ҳаммаси одамларни гўзал, олий ва эришиб бўлмайдиган нарсалар ҳақида орзу қилишга ундади. Ўтган асрнинг 20-йиллар инқирози (буюк депрессия) шароитида бунга ўхшаш гўзалликлар ҳақиқатдан ҳам оқсуякларнинг қўлларигина етадиган “илоҳий” нарсадек туюлган эди.
Бироқ ҳозирги гламурнинг тантанали юриши Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланди. Бу кўриниш ўз навбатида иқтисодга бевосита боғлиқдир. Иқтисодий ривожланиш маҳсулот ва хизматлар истеъмолини талаб қилади. Шу боис омма орасида гламур ғояларининг кенг ёйилиши ҳам бевосита истеъмолчини рағбатлантирар эди.
Гламурга сиғиниш (культи) ҳам бошқа анъанавий динлар каби жаннат ва чексиз фароғатни ваъда қилади. Бироқ бу бахтга эришиш учун одам ўзини ўзи назорат қилиши ва турли хил чекловларга бардош бериши шарт эмас. Бу бахтни дўкондан пулга сотиб олса бўлади. Одамлар магазинларга янги либос ёки сумкача учун боришмайди, балки улар ўзларига бахтнинг бир бурдасини сотиб олишни орзу қилиб боришади. Айнан шу нарса замонавий дунёда гламур позициясини ушлаб турибди.
Гламур – бу порлоқ ва ялтироқ нафосат ва гўзаллик оламидир, олам бўлганда ҳам ўзига хос демократик оламдир. У барча учун очиқ ва айни пайтда ҳамманинг ҳам қўли етмайдиган (ва шунинг учун ҳам маълум даражада нуфузли ва муҳташам) оламдир. Гламур ўзининг хусусий “худо”ларини яратди ва уларни ғайритабиий, доимо ёш, оила ва ғам-ташвишларидан холи, қарилик нималигини билмайдиган ҳамда хурсандчилик ва муҳаббат улашадиган қилди. Буларга эришиш учун эса ҳар қандай воситадан фойдаланиш мумкин бўлди. Ёшлар (энг аввало, албатта, қизлару аёллар) ўзларини диета ва молекуляр таомлар билан қийнаш, доим фитнес билан шуғулланиш, соляри ва пляжларга бориб туриши, мода бўлган курортларга саёҳатлар, доим ўйин-кулги ва янги ҳис-туйғуларни излашга тушиб кетишди.
Бироқ, аксар гламурчилар бу нарсаларда мавжуд бўлган улкан салбий жиҳатларига эътибор қилишмайди.
Ҳақиқий гламурчи бўлиш учун катта маблағ сарф қилиш керак, агар маблағи бўлмасачи? Янги сумочкани сотиб олишга имкони бўлмаган қизлар кўп ҳолатларда фоҳишалик кўчасига киришга, ўғирлик қилишга ёки ўз жонига суиқасд қилишларига туртки бўлмоқда. Ўзининг ташқи кўриниши билан “касал” бўлиб қолган аёл кўпинча пластик жарроҳнинг тиғи остига ётишга ҳам рози бўлади. Аммо бундай амалиётлар ҳар доим ҳам ёрдам беравермайди – бундай “мижозлар” орасида ўзини ўзи ўлдириш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Турли хил диеталар билан касал бўлиш анорексия (очлик ҳиссининг йўқолиши) эпидемиясини келтириб чиқарди. Шимолий Американинг ўзида ўн миллиондан ошиқ одам бу касалликка чалинган. Улар қандайдир идеалга эргашишни исташади. Аммо турли хил сабабларга кўра буни амалга ошира олмаган жуда кўп гламурчилар норасолик ва ўзини паст билиш комплексига чалинган.
Кўпчилик гламур эпидемияси Ислом мамлакатларини махф қилмаган, деб ҳисоблайди. Бу аслида тўғри эмас. Аксар муслималар, айниқса ўзига тўқлари, либосларини жаҳонга машҳур дизайнерларнинг мода уйларидан харид қилишади ҳамда Париж ва Миланда ўтадиган мода ҳафталикларига ташриф қилиб туришади.
Албатта, бу либосларни улар ўз уйларида, эрлари учун кийишлари мумкин. Бироқ бу ҳаммаси эмас-да. Мода уйлари муслималарнинг истакларига пешвоз чиқишмоқда. Мана, Форс кўрфази мамлакатларида ҳам дизайнернинг эксклюзив тарзда тайёрлаган дуру олтин ва кумуш иплар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган абая, ниқоб, рўмоллар пайдо бўлмоқда. Уст кийимга мос тикилган сумкачалар, шпилкада бўлмаса ҳам платмформали оёқ кийимлар, қиммат-қиммат автоуловлар ва обрўли курортларга сайёҳатлар (ҳалол деб танилган). Суниъий йўлдош антеналар Европадаги фусункорларнинг “тусовка”ларини намойиш қилмоқда. Мусулмонлар эса аста-секин уларга тақлид қилишни бошладилар. Табиийки эркак ва аёллар (ҳозирча) анъанавий руҳда, яъни алоҳида-алоҳидадир.
Гламур жуда мослашувчандир: одамни куч билан енгишга қурби етмаган ҳолда унинг таъб-дидига, анъанаси, одоб-ахлоқи ва манфаатларига эгилади, аммо... оқибатда одам ўз гламурлигидан ҳалок бўлади. У анъанавий Ислом ва миллий қадриятларини шубҳа остига олди, асрлар мобайнида шаклланган устунлар ўз жойидан қимирлай бошлади ва мусулмонларнинг қатъийлиги эса синовда қолди.
Гламур тарафдорлари мусулмонларни ўзларининг стандартларига эргашмаётганлари учун танқид қила бошладилар. “Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради”, деб динимиз таълим беришини уларнинг кўпчилиги билишмаса керак-да. Мусулмон одам ҳашамат ва ҳаёт лаззати учун бор нарсасини исроф қилиб, ақли йўқ истеъмолчига айланишига ҳаққи йўқдир.
Муслима янги ва ноодатий нарсалар ахтариб, унинг бу нарсаларга асло эҳтиёжи бўлмаса ҳам янги либослар коллекцияси учун ҳаддан ташқари кўп пул сарф қилиб ташламайди ва ярим йил олдин сотиб олган нарсаларини ташлаб юбормайди, чунки бундай иш исломда “исроф” деб ҳисобланган эканлигини жуда яхши билади. Бу билан у эски ва тўзиб кетган кийимларда юриши керак, демоқчи эмасмиз, асло! Янги кийим (ҳатто унинг бренди мода бўлса ҳам) мода сезонига қараб эмас, балки эҳтиёжга қараб харид қилинади; эскилари эса ташлаб юборилмайди, балки муҳтожларга берилади. Муслима аёл ўзини аҳмоқона диеталар билан кўп уринтирмайди, у тўғри таомланишга ҳаракат қилади, чунки динимиз саломатлик ва таомланишга эътибор қилишимизни буюради. У муқовадаги “модел” спорт билан шуғуллангани учунгина спорт билан шуғулланмайди, балки бизларга Аллоҳ Таоло тарафидан омонат қилиб берилган ва у ҳақида сўраладиган танамизга фойдаси бўлгани учун жисмоний тарбия билан шуғулланади.
Аллоҳ инсонларга ақл ва ирода эркинлигини берган, бироқ бир одамнинг эркинлиги бошқа одамнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди. Гўзаллик – ажойиб нарсадир, аммо у билан фоҳишабозлик, алкоголизм, наркомания ва ортиқча ҳашамат ёнма-ён бораётган бўлса, дарҳол тўхташ керак. Гўзаллик ва бошқа нафис нарсаларга ҳаром йўл билан эришиш мумкин эмас. Ислом ҳалол қилган йўллар билан, Аллоҳ қонунларини бузмасдан худди шундай натижаларга эришишимиз мумкин.
Гламур, гўзаллик ва уларга тегишли нарсалар дунёни қутқариши мумкинми? Мана қарийб юз йилдан бери Европа олами гламурда яшашга ҳаракат қилиб келади, бироқ бу тушунчаю нарсалар Африкада одамларни очликдан, Осиёда касалликлардан, Тайландда болалар фоҳишабозлигидан, Жанубий Американи эса фақирликдан қутқара олмади-ку...
20 асрнинг “илоҳий гламур”и ўз ниҳоясига етди. Биз унинг аста-секин одамиёна, илиқ ва инсонларга яқин бир кўриниш олаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Агар мусулмонлар астойдил ҳаракат қилсалар, ўзларининг гламурини тақдим қилиши шубҳасиз. Ва бу исломий гламур гўзалликка эмас, балки айнан ўша гўзалликни ва нафосатни Яратувчига сиғинишга чорлайди.
Абу Муслим таржимаси
(Фотима Манзур, islam.ru)
Қизларига муомалалари
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Жоҳилият даврида қиз боланинг туғилиши нафақат ота-онаси, оиласи учун, балки қабиласи учун ҳам мотам бўлар эди. Жамиятдаги бундай ҳолат ор-номусдан қўрқиб, қизларини тириклайин кўмиб юбориш даражасига етди. Тириклай кўмиш ўта қабиҳ шаклда бўлар, унда на раҳм ва на муҳаббатга ўрин бор эди. Ҳа, қиз бола тупроққа тириклайин кўмилар эди! Бу жиноятда анчагина «маҳоратли» ҳам бўлиб қолган эдилар.
Баъзилар қиз кўрадиган бўлса, олти ёшга киргунига қадар тек қўярди, сўнгра аёлига: «Қизингга чиройли кийимларни кийдириб хушбўйла, мен уни амакиларининг олдига олиб бораман», дерди-да, қизни аввалдан унинг учун саҳрода қазиб қўйилган чуқурга олиб борарди ва: «Қизим, шу чуқурга бир қара» дерди. Қиз қараётган пайтда чуқурга туртиб тушириб ва устига ваҳшийларча тупроқ тортарди.
Мана шу жоҳилий жамият ичида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлни она, турмуш ўртоқ, опа-сингил ва амма-хола сифатида мукаррам қилган буюк дин билан майдонга чиқдилар. Қизлари Фотима ҳам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатига сазовор бўлдилар.
Фотима (розийаллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирганида ул зот ўринларидан туриб, унинг қўлларидан ушлаб ўпар ва ўзларининг ўринларига ўтқазар эдилар. Фотима (розийаллоҳу анҳо) ҳам ҳузурига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кирсалар, ўрнидан туриб ул зотнинг қўлларидан ўпар ва жойига ўтқазар эди (Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларини яхши кўриб, уларга марҳаматлар қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло «Абу Лаҳабнинг қўли қурисин!» (Масад сураси) оятларини нозил қилганидан сўнг Умми Гулсум ва Руқайя исмли қизлари Абу Лаҳабнинг икки ўғли - Утба ва Утайбалардан талоқ олишларига сабр ва Аллоҳдан ажр умид қилиб рози бўлдилар.
Бирор дақиқа бўлсин, даъватни тўхтатиш ёки орқага чекиниш таклифига кўнмадилар. Қурайш Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳдидлар қилганидан сўнг қизлари талоқ этилди, Бироқ ул зот сабр ва матонат билан Ислом динига чақиришда бардавом бўлдилар.
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз қизларини қандай очиқ юз билан кутиб олганлари ва гўзал муомалада бўлганларига онамиз Ойша (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам яққол намуна бўлади:
«Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида аёллари бор эди. Фотима (розийаллоҳу анҳо) кириб келдилар. Унинг юриши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юришларидан хеч фарқ қилмас эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўришлари биланоққаршиладилар ва: «Қизим, хуш келдингиз!» - дедилар, сўнгра ўнг тарафларига ўтқаздилар... (Имом Муслим ривояти).
Қизларига бўлган меҳру муҳаббати туфайли уларни зиёрат қилар, аҳволларини сўроқлар ва муаммоларини ҳал этар эдилар.
Фотима (розийаллоҳу анҳо) бир куни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тегирмон ишлатиш оқибатида қўллари қаварганини шикоят қилиб, хизматкор беришини сўрамоқчи бўлиб келдилар. Бироқ Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) топмадилар. Шунда шикоятларини Ойшага (розийаллоҳу анҳо) айтдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келганларида Ойша (розийаллоҳу анҳо) хабарни етказдилар.
...Али (розийаллоҳу анҳу) дедилар:
«Ётмоқчи бўлиб жойимизга кириб турган пайтимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изн сўраб кириб келдилар. Биз ўрнимиздан турмоқчи бўлгандик: «Жойингиздан қимирламанглар!» - дедилар-да, ўртамизга келиб ўтирдилар. Мен кўкрагимда у зот оёқларининг совуқлигини ҳис этдим. Сўнгра дедилар: «Мен сизларни сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсага йўллаб қўймайми? Агар кўрпангизга ўрансангиз ёки ўрнингизга ётсангиз, ўттиз тўрт марта такбир “Аллоҳ акбар”, ўттиз уч марта тасбеҳ “Субҳоналлоҳ” ва ўттиз уч марта ҳамда “Алҳамдулиллаҳ” айтингиз! Мана шу сизларга хизматкордан кўра яхшироқдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабру чидамларида ва мотам тутмасликпарида биз учун чиройли намуна бордир. Ҳаётлик даврларида Фотимадан (розийаллоҳу анҳо) бошқа барча ўғил-қизлари вафот этдилар. Шундай бўлса-да, ҳеч бири учун мотам тутиб, қўллари билан юзларига урмадилар, кийимларини йиртмадилар, таъзиячилар учун ўрин ҳозирлаб, зиёфатлар қилмадилар. Балки, Аллоҳнинг қазосига рози, сабрли ва савобдан умидвор бўлдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маҳзунларнинг ғам-қайғусини кетказувчи ва мусибатланган одамга тасалли берувчи катта васият ва улуғ ҳадисларни қолдириб кетдилар.
Улардан бири Умми Салама онамиз ривоят қилган ҳадисдир:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) дедилар: “Қайси бир мусулмонга бирон мусибат етганда Аллоҳ буюрганидек:
«Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиувн Аллоҳумма-ъжурний фий мусибат, ва ахлиф лий хойрон минҳа» (Биз Аллоҳникимиз ва албатта Аллоҳга қайтувчимиз. Аллоҳим, бошимга тушган мусибат учун менга ажру савоблар ато эт ва менга бу мусибатим бадалига ундан кўра яхшироқ нарсани бер) деган сўзларни айтса, Аллоҳ таоло ундан хайрлироқ нарсани бадал қилади.
Раҳматуллоҳ қорининг “Пайғамбар хонадони” китобидан
Санъат ва биз
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Санъат ҳақида жуда кўп айтилган. Санъат инсонга фақат яхшилик келтириш учун хизмат қилиши керак. Қачонки санъат инсонга зарарли нарсаларни тарғиб қилса, беҳуда нарсаларни ўргатса, у вақтда бундай санъат холис санъатлик доирасидан чиқиб, кимларнингдир хусусий хизматига кирган бўлади. Шундай ҳодда ундай нохолис санъатдан воз кечилади. Шу мезонлар асосида фикрлаб назар солсак, санъат аллақачон беҳаёлик, бузуқлик, зўравонлик ва мантиқсизлик, бачканаликка ўтиб кетган. Моданинг тантана қилишига ҳам асосий ёрдамни санъат ва санъаткорлар берди. Бу жиҳатдан ёндашганда, санъат ҳам бизнес каби ғирромлик йўлини тутди десак, адашмаган бўламиз. Яъни асосий мақсад пул топишга қаратилиб қолган. Шунинг учун ҳам «шоу-бизнес» деган ном оддий ҳолатга айланди. Бошқача айтганда, уларнинг бизнеси — тирикчилик, топиш-тутиш манбаи санъат ҳисобланади.
Газеталарда кўпинча у ёки бу санъаткорларнинг ростмана жанжаллашиб қолганини ёзишади. Яна қаерда — бирон жамоат жойида концерт беришаётган вақтда! Ҳам кулгили, ҳам ачинарли. Лекин уларни ҳеч ким қайтара олмайди, чунки ҳар бирининг ўзига яраша обрўси бор, қолаверса, кўпларини тан қўриқчилари қўриқлаб юришади. Хайриятки, катта жанжал чиқаришдан сал-пал ийманиб туришади. Шунисига ҳам шукр, деб қўямиз.
Халқимизда «Туянинг каттаси кўприкнинг устида калтак ейди» деган мақол бор. Бирон кишини айблаш фикридан йироқмиз-ку, лекин миллатимиз шаъни ҳақида гап кетаётган бўлгани учун аёл санъаткорларнинг баъзи қилиқларини санаб ўтишимизга тўғри келади.
Унвон олган артистларимиздан тортиб то ҳаваскорларгача деярли ҳаммасининг елкаси яланғоч, гўё кимдир шунақа фоҳиша мисол ҳақир кийинишни қоида қилиб ўрнатгандай. Наҳотки битта ва ягона йўл шу бўлса?! Кўпчилик артистларимиз узун тирноқ билан юришларини ҳеч биронта сабаб билан оқлаб бўлмайди, чунки тирноқни ўстириб юриш на гигиенага, ва на одобга тўғри келмайди. Энг ёмони тарбияни бузади ва кибр ҳамда манманликни пайдо қилади. Сочларининг ранги ва турмаклари шаҳвоний ҳисларни уйғотадиган даражада. Бир марта газеталаримзнинг бирида битта «Хизмат кўрсатган» артистимиз билан бўлган суҳбатни ўқиб қолдим. Журналистнинг «Нима учун сочингизни сариққа бўятгансиз?» деган саволига, ўша артист «Ҳозир мода шундай» деб жавоб берди. (Демак, мабодо эртага сочни яшилга ё кўкка бўяш мода бўлиб қолса, ҳеч иккиланмасдан яшилга ёки кўкка бўяш керак экан-да?!) Одамнинг йиғлагиси келади: халқнинг номидан гапиришдек шарафга эга бўлган артистларимизнинг дунёқараши, фикрлаши шундай бўлса, қолган оддий одамлар, оддий халқдан нимани ҳам кутиш мумкин. Улар ўзларининг юриш-туришлари, кийинишлари билан эркакларни қитиқлаб, ёш қизларнинг, йигитларнинг хулқини бузиб қўйишаётганини наҳотки билишмаса? Кўпчилик санъаткорларимиз орасида эркак ва аёллар бир-бирларини ўпиб кўришишлари одат тусига кириб кетяпти. Гўёки, улар рашк қилиш — тушунмаган кишиларнинг иши, деб ўйлашади. Оилалардаги хиёнатнинг, жанжалларнинг битта томири шундан келиб чиқмайдими? Севги баҳонасида айтаётган баъзи бачкана қўшиқлари халқни, айниқса, энди ўсиб келаётган ёшларни бузиб қўяётганини наҳотки фикрлаб кўришмаса? Чунки оддий халқ кўпинча артистларимизнинг кийинишлари, юриш-туришлари, одатларини тўғри бўлса керак, деб ўйлашади ва уларга эргашиб кетишади.
Кечир, қизим, қизишиб кетдим. Ишонгин, бу гапларда ҳасад ҳам, кўролмаслик туйғуси ҳам йўқ. Мен ҳеч ким билан баҳсга киришмоқчи эмасман, бунақа ниятим йўқ. Уларни эса бир юртдош сифатида, оддий бир инсон сифатида ҳурмат қиламан, «Уларга ҳам инсоф-тавфиқ берсин» деб ҳақларига яхши тилаклар тилайман. Чунки уларнинг ҳаммаси ҳам яхшиликни ният қилишади, қўлларидан келганча бошқаларга яхшиликлар қилишади, ҳеч кимга ёмонлик қилишни хоҳлашмайди, деган холис фикрим ҳамиша миямнинг бир четида туради. Фақат улар ҳам оддий бир инсон, уларда ҳам адашишлик бўлади, бу табиий ҳол. Ҳар ҳолда, улар ҳам ўзларини тўғрилаб олишларига имконият бор, фақат хоҳиш бўлса бўлди. Мен фақат сенинг тўғри тушунишингни, адашмаслигингни, ҳар хил қўшиқлар, клиплар, киноларга алданиб қолмаслигингни чин дилимдан хоҳлаяпман, холос. Сен ва сенинг тенгдошларинг тўғри йўлда бўлсаларинг, жамиятимиз ҳам ўз-ўзидан яхши йўддан кетади. Нечунки, ҳамиша ҳам келажак ёшларга боғлиқ бўлади.
Бахтиёр Муҳаммадамин
Инқироз бахти
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Ўзанларимизнинг исёнсиз юзаси узра нотинч “инқироз” сўзи янграр экан, оқим одатда ўз халоватини йўқотади.
Ҳаяжонланар эканмиз, эртанги кун ҳақида хавотирланар эканмиз, биз учун бу ёқимсиздир, ва биз воқеликдан қониқмай қоламиз, натижада эса, ношукур кимсаларга айланамиз. Безовталиклар иймонимизни заифлаштиради ва бизни бахтсиз қилади. Оқибатда эса, инсонни чалғитувчи шайтон нағмаларининг қурбонига айланамиз.
Ҳозир айнан шундай инқироз вақтини бошимиздан ўтказмоқдамиз ва бу синовдан тўғри ўта олмасак, унинг шунчаки яна бир синов эканини англай олмасак, душманимиз учун айни муддао бўлмайдими ахир?
Инқирознинг хуш хабарлари
Мақолани шунақа хомуш тарзда бошлар эканман, аслида уни “ҳайр” учун давом эттирмоқчиман, зеро ҳозирги инқирозда, аслида, яхши хабарлар ёмонига нисбатан анча кўпроқдир.
Яхши хабарларнинг бири биз ҳали очликдан ўлмаётганимизни очиқ тарзда маълум қилмоқда. Инқирозга қадар кўп нарса дейилган эди... “истеъмол асри”да яшаётганимиз, истеъмолчиликни ўз ҳаёт тарзимизга айлантирганимиз... Буларни агар дийн тилига ўгирсак, ўз нафсимизнинг хоҳшини қондиришга ҳаддан ташқари кўп киришиб кетганимизни англашимиз қийин эмас. Нафсимизни ҳар қандай меъёрдан чиқиб кетган тарзда эркалаб юбордик. Керагидан ортиқча истеъмол қила бошладик.
Инқироз кучлироқ бўлса ҳам, кўпроққа чўзиладиган бўлса ҳам, хоҳишимизга хилоф тарзда ошқозонимиз овқатдан кейин фақат тўртдан уч қисмигагина тўладиган ҳолатга келишимиз даргумон. Қурбимиз унинг учдан икки қисминигина тўлдира оладиган ҳолатга ҳам келиб қолади, деб ўйламайман. Шундай бўлса-да, ошқозоннинг айнан шундай ҳолати суннат ҳисобланади, бироқ, афсуски, кўпчилигимиз буни ўзимизга одат қилмаганмиз.
Биз ҳозир ҳам оддий таом танавввул қилмаймиз, бир ой ичида қанча гўшт, ёғ, нечта дона тухум ейишимизни ҳам санаб ўтирмасак керак.
Биз йиллар мабайнида иккитагина либос кийиш нималигини ўйлаб ҳам ўтирмаймиз: биттаси – кунлик, иккинчиси эса – кўча либоси.
Онам кийим жавонида доим иккита юбка, бешта рўмол ва тўртта блузка бўлиши ҳар-хил бўлиб кўриниш учун етарли, деб айтардилар. Шундай мақсадлар билан биз кетма-кет иккита комплект либос билан кифояланмаймиз, балки жуда кўп либосларни сотиб оламиз!
Колготкангизни ҳеч ямаганмисиз? Агар колготкаларимизда бирон “чизиқ” пайдо бўлгудек бўлса, кўпчилигимиз уларни шунчаки ташлаб юборамиз.
Инқироз бизга исроф қилмасликни ўргатади, бу билан Аллоҳ таолонинг ғазабидан омонда бўлишимиз мумкин.
Яхши хабарнинг яна бири шуки, инқироз бизни тежамкорона яшашга ва, шу тариқа, керагидан ортиқча сарф қилганимизда Аллоҳ таолонинг бизга тушиши мумкин бўлган ғазабидан омонда бўлишга ўргатади.
Инқирозга қарши иқтисод
Биз хўжаликни тежамкорона юритишни унутдик, ва инқироз – оилавий бюджет каби ажойиб фанни ёдга олиш учун қулай сабабдир.
Уй-хўжалик ишларини олиб бориш бўйича онамда бўлган катта бир китобни ҳали-хануз эслайман. Унда хотин-қизларга хўжаликни тўғри юритиш, бюджетни ҳисоблаш, олдиндан режалаштириш, ҳаражатларни камайтириш усуллари ҳақида маслаҳатлар берилган эди. Уларга амал қилганларнигина эпли ва яхши бека деб айтиш мумкин бўларди.
Сиз бюджетни режалаштириш билан ҳеч шуғулланиб кўрганмисиз? Агар бундай қилиб кўрмаган бўлсангиз, уй хўжалигини юритиш бўйича берилган тавсияларни излаб кўринг – у ерда фойдали жадваллар, чизмалар ва бошқа турли нарсаларни топасиз. Шунинг баробарида, нафақат режалаштириш, балки ҳаражатларни ҳам ҳисобга олиш жуда муҳим. Ҳаммаси катта бир корхонадагидек. Ҳа, ҳаммаси айнан шундай!
Агар “инқироз томоғингизни бўғаётгани”ни ҳис қилсангиз, унинг темир панжаларини қайириб ташлашнинг энг зўр усули – режалаштириш ва ҳаражатларни ҳисобга олишдир. Энг асосий пункт – ҳаражатларни имкон қадар камайтириш. Масалан, озиқ-овқат учун уч карра камроқ сарф қилиш бўйича жуда кўп усуллар мавжуд.
Агар бунга ишонмасангиз, демак, сиз улардан хали фойдаланиб кўрмагансиз ёки бунга ўрганмагансиз.
Тавсия-маслаҳатларни жамланг. Бунинг учун Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланинг. У ерда сиз тежамкор бўлган кўплаб муваффақиятли бекаларни учратишингиз мумкин, улар ўз сирлари ҳақида айтиб беришга доим тайёр бўлишади.
Албатта, ҳисоб-китоб ишларини юритиш шарт, у ҳудди шахсий ҳисобот кабидир: ҳар бир чиқимни қайд қилиб борар экансиз, унинг якуний таҳлили аслида қанча маблағни тежаб қолишингиз мумкинлигини кўрсатади.
Ҳатто инқироз шароитида ҳам ортиқча ҳаридлар учун сарфланган маблағ анча сезиларли бўлади. Бунга ишонинг ва ўзингиз буни текшириб кўринг. Бунинг учун бир маротабагина ҳисоб-китобни амалга оширсангиз бас. Инқирозга қарши батафсил режалаштиришни амалга оширинг... Аллоҳ таолога инфироз учун тавба ва шукроналик келтиринг.
Инқироз тавбаси
Нима учун “инқироз тавбаси”? Нима учун “тавба”? Чунки, айнан инқироз сизни тежашга ундади, яъни, у сизни кераксиз нарсаларга аввал қанча маблағ сарф қилганлигингизни ҳисоблашга чорлади. Бундай ҳаражатлар Шариатда “исроф” деб аталади, исроф эса гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бизга яшаш учун бераётган маблағлар синов тариқасида берилади. У, шу тариқа, биз гуноҳ қиламизми ёки йўқми, исрофгарчиликка йўл қўямизми ёки йўқми – шуни текширади. Эҳтиёжларимизни қондиришдан ортиб қолган барча маблағ биз ўзимизни “эркалашимиз” учун белгиланмаган. Синовнинг асл моҳияти – ортиб қолган ўша маблағни қаерга сарф қилишимиздадир. Мисол учун, агар ҳали Ҳажга бормаган бўлсак, демак дийний энг муҳим амаллардан бирини бажармаган ҳисобланамиз. Етарли маблағимиз тўплангандаёқ, Ҳаж биз учун фарз бўлади. Агар Ҳажга бормаган бўлсак, керагидан ортиқ тўпланган маблағимиз ушбу амал учун сарфланмоғи керак.
Гуноҳларга тавба қилгач, мазкур мақсад учун жамғарма қилиб бориш зарур бўлади. Агар ҳожи бўлиш бахтига муяссар бўлган бўлсак, эндиги маблағ бизга ҳайрия ишларига, масжидлар қурилишида иштирок этишга ва бошқа савобли ишларни амалга оширишга сафрлаш учун берилган бўлади. Улар ҳеч ҳам ўз нафсимизга берилиб кетишимизга берилмайди.
Шунинг учун, керагидан ортиқ истеъмол қилишдан паноҳ сўраш, тавба қилиш – инқироз бизга тақдим этадиган шундай бахтки, унда биз анча кам маблағга ҳам яшаш мумкин эканлигини англай оламиз.
Шунда биз нафақат ўзимизга, балки ён-атрофимиздаги бошқа кишиларга ҳам ёрдам бера олишимиз мумкинлигига гувоҳ бўламиз. Буни ҳисоб-китобларсиз ҳам кўришимиз мумкин. Сиз ҳозирда икки карра кам сарфламоқдасиз, ва ҳануз тириксиз. Демак, қисман бўлса ҳам, сиз аввал исрофгарчиликка йўл қўйгансиз. Парвардигорнинг Ўзи тавбангизни қабул қилсин!
Инқироз шукронаси
Ҳаётимизда рўй бериши мумкин бўлган жуда кўп нарсалар бор, бироқ биз ўзимиз буни истамаймиз ёҳуд бунга имконимиз бўлмайди. Масалан, ширин таомлар, ҳаддан ошиқ қиммат либослар, дабдаба ва асъасага ботган тўй ва бошқа ҳашамлар... Агар таомларимизга сарф қилаётган маблағга эътибор берадиган бўлсак, ортиқча сарф-ҳаражатлар, исрофлар тўлиқ ўтмишда қолмаса ҳам, улар назоратимиз остида бўлади. Шунда биз калорияларни эмас маблағларни санашга ўтамиз. Масалан, ҳар бир тийин учун курашиб, ҳар куни ишга кетаётиб ўзингизга шоколад олишни бас қиласиз, қайтаётганда эса, яна қандайдир бир пишириқдан воз кечасиз. Умуман олганда инқироз баднафсликдан устун келиш учун энг яхши воситадир. Ҳар қалай "баднафслик" сўзи нафсимизга берилиб, гуноҳкор бўлаётганимизни ифодалайдиган яхши бир сўздир. Кимдир ҳар хил нарсаларга бўлган ортиқча муҳаббати устидан ғолиб бўла олмаяптими, демак инқироз сизга ёрдам беради: ёки сиз қайсидир бир либосингизга ярашадиган сиёҳ рангли ўнинчи сумкани сотиб оласиз ёки уйингизни бир хафтага етадиган озиқ-овқатга тўлдириб қўясиз. Кимдир эса, электр энергияси ва сувни тежашни билмаётган эди, ҳисоблагичларингиздан келиб чиққан қарзларингиз, инқироз вақтида сизни тажашга ўргатиб қўяди. Хуллас, инқироз туфайли бахт топиш йўлидасиз.
Инқироздаги бахт
Қисқасини айтганда, иқтисодий инқироз бизни ҳозирча фойдали нарсаларга ўргатмоқда ва биз кераксиз нарсалардан воз кечмоқдамиз. Бироқ, шундай озчилик кишилар ҳам борки, уларнинг бу инқироз даврида тирикчилиги бизникига қараганда анча мушкул. Ва ишонтириб айта оламанки, сизнинг ҳозирги қийин ҳолатингизда ҳам улар билан баҳам кўришингиз мумкин бўлган нарсаларингиз йўқ эмас. Берувчи қўл олувчисидан устундир. Авваллари муҳтожларга садақа қилмасдан, бу маблағнинг ичида уларнинг ҳаққи бўлиб турса-да, эҳтиёжимиздан ташқари нарсаларга ишлатиб юборган эдик. Балки энди аввалги ҳатоларимиз учун Аллоҳнинг мағфирати ва раҳматини сўраган ҳолда ортиқча эмас, нафақат ўзгага, ўзимизга ҳам зарур бўлган маблағни садақа қилиш пайти келгандир? Балки шундай қилсак, ҳаммаси ўзгарар? Ёки биз ўзгача яшашни ўрганиб, нон ва сувимиздан ташқари, бир ўрам макарон ва бир бўлак сарёғимиз борлигига ҳам шукр қилувчилардан бўлиб қолармиз? Шукр қилувчи бандалардан бўлиш — бахтли бўлишни англатади. Шукр қилиб биз иқтисодий инқироз даври тугаса ҳам бардавом бўлувчи бахтга эришамиз. Чунки, одат тусига кирган шукрона бизни ҳар қандай ҳолатда қаноат қилишга ўргатади. Тўкин-сочинлик бўлса-ю, киши ношукр бўлса, бахтга эришиб бўлмайди: иқтисодий инқирозгача бўлган бахт ўзига бирор нарса сотиб олишга бўлган қурбга боғланиб қолган бўлса, инқироздан кейинги бахтда моддиятпарастликка бўлган боғлиқлик бўлмайди.
Валлоҳу аълам!
Ғафлатдамиз...
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Бугун ғафлатдамиз. На ҳалол, на ҳаромни фарқлай оламиз. Қилаётган ишларимизнинг бошланиши қандай-ю, якуни нима билан тугашини билмаймиз. Ҳаётимиз ўйин кулгу, интернет, тортишиш, жанжал, ёлғон ва жуда кўп бемаъни ишлар билан тўлиб кетган. Намоз ўқиб масжид остонасига қадам қўйганимизда мусулмон эканлигимиз ёдимизга тушадиган, масжид ташқарисига чиқишимиз билан эса қора маскаларимизни тақиб яшайдиган бўлиб боряпмиз. Қаёққа қараб кетяпмиз? Бизларга нима бўлди? Кетаётган йўлимизни охири кўринмайди.
Whatsapp, Telegram, Viber, Odnoklassniki, Twitter, Facebook, Vkontakt, Muloqot… яна нима қолди? Шу ижтимоий тармоқларнинг қулимиз. Умримизни қаерда йўқ баччавоз «Дилшод»ларнинг ҳаёти қанқалиги-ю, Telegram’даги группаларда бугун қайси мавзу хит бўлгани билан тўлдиряпмиз.
Охирги марта, бемалол, вақт топиб бирор вақт намозимизни хушъу билан мазза қилиб ўқиганимизни эслашга ҳаракат қилиб кўрсак, топишга қийналсак керак. Шунчалик ботқоққа ботиб кеттикми? Чуқурнинг қаридан юқоридаги нур кўринмайди.
Ҳаётни кузатар эканмиз, жамиятда фоҳишабозликка қанчалик қаршилик қилинмасин, бу мусибат жадаллик билан ҳаётимизни қамраб олмоқда. Фоҳишабозликка “ёрдамчи” энг бузуқ иллат, Аллоҳ аъзза ва жалла бутун ёмонликларнинг ёмони, энг улуғ азоб берилувчилар қаторида саналган гуноҳи кабира-баччавозлик ҳам кириб келаётгани бу миллатимиз, дину-диёнатимиз учун ўта оғир мусибатдир. Хазил орқали саҳнага олиб чиқиб, бугун бутун жамият томонидан гоҳ кулгу, гоҳ аччиқ, гоҳ энса қотиши билан кузатаётган мусибатимиз, эртага оддий хол бўлиб қолмасмикан? Эркаклардаги эркаклик ғурури, ори қаерга кетти, қаерда?
Буюк Ватандошимиз Имом Термизий раҳимиҳуллоҳ Пайғамбармиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисда Росулимиз алайҳиссалом: «Албатта, ўз умматим учун энг қаттиқ ҳавф қиладиганим нарса, Лут қавмининг ишидир», деб марҳамат қилганлар. Буюк Роббимиз Қуръони каримнинг «Анкабут» сураси 28-оятида баччавозлик хақда қуйидагиларни айтади: «Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтгани олимлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз», деб марҳамат қилади.
Қани энди интернет деган бало йўқ бўлганида. Майли кабутарлар олиб борсин мактубларимизни. Рози эдим шу холатга...
Қизлар... энг оғир нуқтамизга айланди бугун. Телефонда, Whatsapp’да, Telegram’у-Odnoklassniki’да бугун ўзбек қизларимизнинг беҳаё суратлари, очиқдан-очиқ сўкиниш ва порнографик видеолари тарқалмоқда. Хожатхона, ҳамом, сауна, истироҳат боғлари, машиналар, хуфя бурчаклар... яна қаер қолди айтингчи, уларнинг зино қилаётган видеолари тарқалмаган жойлар? Қаёққа қараб кетяпмиз? Биз кимнинг авлодлари эканимизни унутиб бормоқдамиз. Йўқ биз ким эканлигимизни унутмоқдамиз!
Аллоҳ таоло Нур сурасида бундай дейди: «(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан ҳабардордир. Мўминларга ҳам айтинг (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларни (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!» (30,31-оятлар).
Фикр қилинг, сиз бугун битта қиз билан ўпишиб, ушлашиб, Аллоҳ ҳаром қилган амални қилиб юрибсиз. У қиз эртага ким биландир турмуш қуряпти. Сиз эса кимнидир умр йўлдоши бўляпсиз. Эртага у қиз фарзанд кўриб вояга етказди. Сиз ҳам фарзанд кўриб вояга етказдингиз. Тақдир тақозоси билан иккалангизни фарзандингиз сизлар каби севишиб, ўпишиб, ушлашиб юришибди. Ака-сингил ёки опа-ука бир-бири билан юрган бўлиб қолмайдими? Сиз бу ишингиз билан соф зурриётингизни ҳаром қилиб олмаяпсизми? Нега қайсидир қиз билан телефонда ёки қайсидир ижтимоий тармоқларда зино қилаётганимизда ёки расмларимизни алмашиб лаззат олаётганимизда Худодан қўрқмайдиган бўлиб кеттик? Шунчалик жоҳиллашиб, тубанлашиб кетдикми?
Ҳаётимизда озгина мусибат етса, Аллоҳга «Эй, Худо қайси гуноҳларим учун», деб даво қилишни биламизу, лекин Яратган Роббимиз Рум сураси 41 оятида эслатган калималарни унутамиз: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-масиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир».
Динимизда зинокор эркак ва аёлга Аллоҳнинг ҳукмини ижро қилиш, агар улар турмуш кўрган бўлсалар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Уларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси шаръий турмуш қурмаган бўлса уни 100 дарра урилади ва бир йилга сургун қилинади. Бугунги кунда бу буйруқларни бажаришни имкони йўқ. Шунинг учун тавба қилайлик. Ялинайлик, ёлвораёлик. Аллоҳдан қилаётган гуноҳларимизни кечиришини сўрайлик. Ўзимизни фақат ўзимизни ўнглайлик. Қизларимизни, опа-сингилларимизни асрайлик. Иффатимиз, ор-номусимизни арзонга сотиб юбормайлик...
Мен ушбу гаплардан сўнг Аллоҳга ўзим ва сизлар учун истиғфорлар айтаман. Сизлар ҳам Аллоҳга истиғфор айтинглар. Дарҳақиқат, У – кечирувчи ва раҳмли Зотдир.
Муҳаббат ва ширк
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримнинг “Аъроф” сурасида: «У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар. Уларга солиҳ (фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошладилар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир», дея марҳамат қилган (“Аъроф” сураси, 189-190).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 36 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар