1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Оилами ёки иш...?

Кейинги ўн йилликларда ишлаётган аёлларга бўлган муносабат сезиларли равишда ўзгарди: уй бекаси мақомини маъқул кўрадиганлар сони камайди. Масалан, турли йилларда АҚШда ўтказилган сўров натижаларидан маълум бўлишича, 1974 йили аёлларнинг 60 фоизи уйда ўтиришни, 35 фоизи ишлашни хоҳлаган бўлса, 1980 йилга келиб 51 фоиз аёл уй бекаси бўлишни, 46 фоизи эса ишлашни маъқул кўрган. 1985 йили эса бу рақамлар тегишли тарзда 45 ва 51 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат тўқсонинчи йиллар бошида ҳам сақланиб қолди. Ҳозир АҚШда эрлар меҳнат қилиб, аёллар рўзғор ишлари ва бола тарбияси билан шуғулланаётган оилалар жуда кам: 7 фоиз атрофида. Мана шундай ташвишли статистика!

Кўпинча аёл оила қурар экан, хонадонига бутунлай боғланиб қолади. Бошда, айниқса болали бўлганида унинг ишлашга, қандайдир чет юмушлар билан шуғулланишга умуман вақти бўлмайди. Иш билан оилани баравар эплайдиган аёллар ҳам бор. Мана, икки фарзанднинг онаси, мусулмон аёллар кийими дўкони директори Алсу Калимуллоҳ қизи бундай дейди: “Кенжа ўғлим икки ёш бўлганида дўконимни очдим. Ҳамиша фаол аёллардан бўлганман: олдин мактабда, кейин дорилфунунда турли тадбирларда қатнашардим. Турмушга чиққач, уйда етти йил ўтириб қолдим, қарасам, кун сайин сўлиб боряпман. Уч йилдан буён дўконни юрғизяпман. Уйдагиларни ҳам эътиборсиз қолдираётгаим йўқ. Ҳозирча ҳаммаси кўнгилдагидек боряпти, лекин, табиийки, буларга ота-онам ва эримнинг ёрдами билангина эришяпман. Эрим барча ишларимда менга ёрдам бериб туради”.

Васила 22 ёшда, боласи энди бир ёшга кирди. У мусулмон аёлларнинг уйларига бориб сартарошлик хизмати кўрсатади. У бундай дейди: “Мактабдаёқ сартарошлик курсига қатнагандим. Исломга киргач, муслима дугоналаримнинг сочларини турмаклай бошладим. Ҳозир муслималарнинг уйларига бориб, сочларини турмаклайман, уларни никоҳ маросимига тайёрлайман. Оила ва ишни баравар тутиш менга мушкул эмас, чунки олдиндан буюртма олиб мижоз билан келишган ҳолда ишлайман. Севган ишингни рўзғор юмушлари билан баравар олиб бориш кишига завқ бағишлар экан”.

Агар муслима ишлашни хоҳлар экан, ишлашига ҳеч қандай монеълик йўқ. Фақат бу оила аъзолари манфаатига зарар етказмаслиги даркор. Чунки, ҳар бир аёл ҳаётида оила ҳамиша энг биринчи ўринда туради.

Шаҳар олиб бермаган қизлар

Қишлоқдан келган меҳмонлар ёзнинг иссиғида  бетон уйларда сиқилиб қолишмасин, деган ўйда кўча эшикни очиб қўйгандим. Бир пайт қўшни аёлнинг шанғиллагани, эшикларнинг  қаттиқ очилиб-ёпилгани эшитилди. Аёл овозини баралла қўйиб, ўзига тегишли луғат бойлигидаги барча қарғишу ҳақоратларни эрига ёғдирар, дам бадам ўзининг шўр пешонасига ҳам лаънатлар ўқиб, аюҳаннос соларди. Меҳмонлардан хижолат чекиб эшикни ёпиш учун коридорга чиқсам,  қўшни эркак қандайдир халтани қўлига илдириб олиб, лифт чақиряпти экан. Салом бергандим  изтироб ва хижолатчилик билан қараб, алик олди-да ўзини лифтга урди. Шу топда бояқишга жуда ҳам ачиниб кетдим. Чамаси, олти ойлар аввал шу қўшни аёл  бошқа бир қўшнимиз билан қаттиқ жанжаллашиб қолганди. Ўша айтишувда қўшни аёлнинг шаллақилиги, атрофдагилардан хижолат бўлмаслигига таажжубда қолгандим, бошқа қўшнимиз:

—      Бу хотиннинг юзиқоралигига  “дом”дагилар ўрганиб қолган. Керак бўлса, бутун даҳа билади, десам ҳам ёлғончи бўлмайман. Ўзи ҳокимиятда ишлайди. Мақтанишича катта-катта ўқишларда ўқиганмиш. Ота-онаси унга қулоқ солмай, ўқимаган, оддий, ҳунарманд йигитга узатган экан. Эри яхши одам, мўмин-қобил, топиш-тутиши ҳам ёмон эмас. Аммо хотин ношукрлик қилади, эр бояқишни менсимайди. Ўқимаганлигини юзига солиб, ҳар жанжалида эрига таъна –маломат қилади,-деганди.

Қўшни хотиннинг жанжалини кўп бор кузатганман. Аксарият пайтларда жанжалнинг охири, эркакнинг қандайдир халтани қўлига илиб, уйдан чиқиб кетиши билан якунланади. Бу галги можароларни четдан кузатар эканман, анчадан бери юрагимда йиғилиб қолган мулоҳазаларни иншо этиш фикри туғилди.

Ҳақиқатан ҳам атрофимизга назар ташласак, ўқимишли, маълумотли қиз-аёлларнинг олий маълумотга эга бўлмаган, ҳунарманд ёки умуман якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган эркакларга паст назар билан қараши кишини ўйга толдиради. Аслини олганда, эркак кишининг топгани баракали бўлади. Аёл минг пул топаман деб чиранмасин, ўзини ўтдан чўққа урмасин, барибир топганида барака бўлмайди. Айниқса, жуфтини камситадиган, эридан ор қиладиган аёлларнинг ҳолига вой бўлади. Чунки, ҳар қандай аёлга аёллик нафосатини фақат  эригина инъом эта олиши мумкин.  Аёл кишига фақат эрининг оиласидагина бахт топиш имконияти берилган. Аксарият аёллар эса, гумроҳлик билан ўз бахтини бой беришадию, кейин айбни гоҳ тақдирдан, гоҳ  атрофидагилардан излаб юришади.

Диплом бахт гарови...ми?

Йўқ. Олий маълумот, дипломли бўлишнинг оилавий бахтга алоқаси йўқ, фикримизча. Тўғри,  ўқимишли кишиларнинг маънавий дунёси, фикрлаши, дунёқараши бошқалардан кўра фарқ қилади. Аммо ўқиган билан уқимаганлар, яъни маълумоти олий бўла туриб, ҳаёт мактабидан ҳеч қандай таълим олмаганлар ҳам ўзларига ва ҳам атрофидагиларга зарар қиладилар.

Бундан уч-тўрт йиллар аввал бир вилоятга меҳмонга кета туриб, ёши улуғроқ йўловчи билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. Амаки жуда ҳам тўлиб кетган, кўнгли кемтик экан. Бир пасда мени ўзига яқин олиб, изтиробларини сўйлай кетдилар:

—      Ёшликнинг ҳавойи ҳаваслари қуриб кетсин. Севиб қолдим, ўламан саттор шундан бошқасига уйланмайман, деб ўқимишли қизга уйлангандим. Ўшанда раҳматли ота-онам, “болам, бекор қиляпсан, сен ўқимаган, ҳунарманд йигитсан, топган қизинг олий маълумотли, яна катта жойда ишласа (у пайтларда райкомда комсомол деган ташкилот бўларди. У ўша ташкилотнинг туман котиби эди), нега энди ёнида юрган ўқимишли йигитларни эмас, сени танлади? Боз устига ўзингдан икки ёш катта ҳам экан, агар яхши қиз бўлса, нега шу пайтга қадар турмушга чиқмади?!”,- деган гапларига қатъий эътироз билдириб, ҳатто ўз ота-онам мени камситишяпти, деб улардан хафа бўлиб ўшанга уйлангандим. Никоҳнинг биринчи тунидаёқ қаттиқ хатога йўл қўйганимни билдим... Аммо бу дардимни бировга айтолмадим ҳам. Негаки ўзим танлаган, ўзим пиширган ош эди. Яшайвердим. Уч йилда бирин-кетин икки қизимиз туғилди. Сўнгра хотиним икки оёғини бир этикка тиқиб, ишга чиқаман, деб туриб олди. Ноилож эдим. Йўқ десам, икки гапнинг бирида ажрашишни таклиф қилади, ажралишсам ошна-оғайниларим, яқинларим олдида нима деган одам бўлардим? Қолаверса, фарзандларим ҳам бор. Кўндим. Хотиним бир-икки йил ўша лавозимида ишлаб, амали ҳам кўтарилди. Лекин мени эр ўрнида, эркак ўрнида кўрмасди. Деярли ҳар куни, “эҳ, қайданам эрга тегиб, бола туғдим-а, агар турмуш қурмаганимда, ҳозир карьерамни анча ривожлантирган бўлардим, мансабим бундан ҳам катта бўларди”, деб нолирди. Қисқаси, кўрган куним кун бўлмади. Бир амаллаб қизларимни узатиб юбордим, бахтимга улар онасига ўхшамади. Энди кексайганимда хотиним мени уйдан ҳайдаб соляпти. Биз отамнинг ҳовлисидан бўлак ҳовли-жой қилиб чиққан эдик, уни иккаламиз қурганмиз. У менга, “пахта заводда оддий ишчи бўлиб ишлаган одам ҳеч замонда бунақанги данғиллама ҳовлини қуролмасди, уй менинг пулим қурилган, қани бу ердан тезроқ нари кетинг”, деяпти. Ахир бу ёшимда қаерга бораман? Кимникига сиғаман? Пенсия пулимга уйни қаердан оламан?.. Бир пайтлари ўйламай қилган ишим бошимга хў-ў-ўп ташвиш бўлди...

Ўқимишли хотин амакини тозза лақиллатиб уйни ўз номига расмийлаштириб олган экан.  Яна “мансабдор бўлиш учун маълумотнома тайёрланаётганда, яқин қариндошлари ҳақида қисқача шарҳ ёзилади, мен, эрим оддий ишчи, дейманми?”, деб фарзандлари туғилганидан кейин расмий никоҳини ҳам бекор қилдирган экан.  Ҳайрон қолгандим, карьера қилиб умрини хомталаш қилган аёл (агар уни аёл деб аташга ҳақли бўлсак!), жилла қурса қариганида эри, фарзандлари, неваралари даврасида фароғатда яшашга ўзини муносиб кўрмадимикан?.. Эссиз, бир аёлга берилган умр, унга насиб этган оналик бахти...

—      Олий маълумотли қизларнинг аксарияти ўзига баланд баҳо бериш билан

Ҳаётда жуфтини топишга қийналади

-          дейди руҳиятшунос Муҳаббатхон Арслонова.- Аввало ўқиган- ўқимаганни ажратишда пул муҳим омил эмас, ҳамма гап дунёқарашда. Бир нарсани тан олишимиз керакки, ҳақиқатдан ҳам ўқимишли одам билан олий маълумотли бўлмаган одамнинг дунёқараши ва фикрлашида жуда катта тафовут бор. Олий маълумотли бўлгани, ишлаб пул топгани учун ўзини катта тутаяпти, бизни назарига илмаяпти, деган гаплар ҳам айнан ўша маълумоти бўлмаганлардан чиқади. Чунки ўқиган одамнинг маънавиятлилиги, дунёқараши кенг экани аввало унинг гап сўзида билинади. Буни тушунмаганлар эса манманликка йўяди. Ўқиган ва ўқимаган қизларнинг орзу ҳавасларидаям катта фарқ бор. Олий маълумотли қизлар ўзига ўхшаб ўқиган йигит билан турмуш қуришни хоҳлайди албатта. Мана шу хоҳиш билан осмонларларда учиб юришади ва шундай пайтда ўқимаган йигитдан келган совчи уларни камситгандек бўлади.  Лекин ҳамма ўқиган йигитлар ҳам бир хил эмас. Баъзи ўқимаган йигитлар ўқиганлардан кўра минг чандон оқил ва дунёқараши кенг бўлади. Умуман олганда, қиз бола, аёл кишининг ўқимишли, маънавиятли бўлиши яхши. Нега деганда у бўлғуси она, насл давомчиси ва миллат келажагининг тарбиячиси ҳисобланади. Аммо бу уларга турмуш ўртоғини камситиш ҳуқуқини бермайди! Қолаверса, мен ўқимишлиман, маълумотим олий, фақат олий маълумотли йигитга тегишим керак, деган фикрда бўлган қизлар ҳам янглиш ўйлайдилар. Вақт вафо қилмайди. Илм олиш, маънавият сарчашмасидан баҳарманд бўлиб сизга тақдир қилинибдими, шукр қилинг ва эшигингизга сизни сўраб келган, сизни бахтли қилиши мумкин бўлган йигитнинг кўнглини оғритманг. Аёл кишининг асл аёллик саодати — оилада. Маълумотингиз оилангиз мустаҳкамлиги, ақлли, илмга чанқоқ, соғлом ва баркамол  фарзандларни дунёга келтириб тарбиялашга хизмат қилсин, бахтингизнинг бойланиб, тенг-тўшингиздан ортда қолишингизга эмас, дегим келади шундай қизларга қарата...

Олибсотарнинг ҳуқуқшунос хотини

Бир таниш аёлни биламан. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Уч нафар фарзанди бор. Тўй-ҳашамларда бирга ўтириб қолганимизда даврадагилардан бирови аёлдан турмуш ўртоғининг нима касбдалигини сўраса, истеҳзо билан кулганича “ Эрим чайқовчи. Олибсотар” дейди. Кимдир унинг гапига қўшилиб шарақлаб кулса, яна биров энсаси қотганини яширмай аёлга нафрат билан тикилади. У эса оғзини тўлдириб, эрини камситадиган гапларни гапира бошлайди. Билишимча эри яхшигина тадбиркор. Аёл данғиллама ҳовли-жойларнинг маликаси бўлиб, хорижий русумдаги автомашиналарни миниб юрибди. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Ўша у  “ўқимаган”, “олиб сотар, чайқовчи” деб калака қилаётган эри бир аёл орзу қилган ҳамма шароитни  хотинига муҳайё қилиб қўйган. Эвазига ҳурмат ва қадр топиш ўрнига, хотини уни таниган-танимаганлар ичида масхара қилади, камситади. Ҳа, олий маълмуот кишига ақл ва фаросат бера олмас экан. Йўқса, эри кам кўстсиз ҳаёт инъом этгани учун аёл уни дуо қилиб, фахрланиб, ишларининг хайрли кечишини тиламасмиди? Афсус, ундайлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ўзлари ўқиб бирор нимани қойиллатиб қўймаган бўлсаларда, ҳалол меҳнат билан ризқини топаётган жуфтларини беҳурмат қилиш билан ўзларининг-да қадр қимматларини ерга урадиганлар ўзини ўзи бахтсиз қилаётганлар эмасми?

—      Бу  борада кимнидир айбдор қилишга ҳақли эмасмиз,-дейди  журналист  Жамшидбек  Намозов.- Ҳар кимнинг ўз фикри, дунёқараши, ҳаёт мезонларини ўлчайдиган қаричи бор. Замонамизга келиб айрим дангаса одамларда “ўқиб олий маълумот олганинг билан тузукроқ иш топмайсан”, “маош билан тирикчилик қилиб бўлмайди” деган фикр пайдо бўлган. Меҳнаткаш киши учун баҳонанинг кераги йўқ. Чунки ҳозир уқувли, илмли, уддабурро одамларга меҳнат қилиши, ўзини кўрсатиши ва ишлашдан асоосий мақсади – тўкин ва фаровон яшаши учун яхшигина шароитлар бор. Бунинг учун киши қатъиятли, изланувчан ва меҳнатсевар бўлиши керак. Имкон кишининг қўлига келиб қўнмайди, уни ўзингиз излаб топиб қўлингизга қўндириб оласиз. Хуллас, мулоҳазага муносбат билдирадиган бўлсам, ҳозир аксарият йигитлар юқоридаги асоссиз фикрга таяниб билим олиш, олий ўқув юртларида таҳсил олиб, дипломли бўлишдан ўзларини мосуво этяптилар. Ундайларнинг  фикрича “дипломли бўлиш, ойлик маош билан яшаш- аёлларга” экану  эркак кўчадан пул топиб келса бўлдимиш. Ана шу калта ўйли одамлар ҳисобига йигитларимиз орасида ўқимишли, олий маълумотлилари камайиб боряпти. Олий ўқув юртларида таҳсил кўрган, оқила,  оқ-қорани таниган қизлар эса, кўчада уст боши тупроққа беланиб юрадиган ё бозорда аёллар ички кийимини хорижники деб мақтаб сотаётган ёхуд йил ўн икки ой  чет элларда ишлайман  деб  кетадиган  йигитга  турмушга  чиққиси  келмайди.  Бу ерда ҳам дунёқарашда, ҳам маънавий нуқтаи назарда ва ҳам молиявий ҳолатда икки томон орасида катта фарқ  юзага келади. Агар қиз ўшандай йигитга турмушга чиққан тақдирда ҳам оилада бошдан- бош ўзаро ҳурмат мустаҳкам бўлмайди. Ақл-заковатли қиз бўлса, эрининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўяр, аммо у ҳам фақат эри бўлгани учунгина жуфтини ҳурмат қилади.  Дунёқараши бир-бирига мос келмайдиган одамларнинг шунчаки эл кўзига бир том остида яшаши эса ҳам ўзларига ва ҳам болаларига зиён...

Бизнинг  фикримизча ҳам, олий маълумот ва диплом мустаҳкам ва бахтли оиланинг асосини ташкил этмайди. Муҳими- жуфтликларнинг аҳиллиги, тотувлиги ва баҳамжиҳатлигида. Рўзғорнинг қут баракаси ҳам эр-хотиннинг ўзаро иноқлиги ва бир-бирини ҳар қадамда қўллаб –қувватлашига боғлиқ. Зеро, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака арийди, дейди донишманд халқимиз. Яна бир нарса, жуфтлар маънавиятли, заковатли бўлиши ҳам саодат эшигига калит бўлади.

Хўш, азиз муштарий, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Албатта ёзиб юборинг, мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Умида АЗИЗ

Иш ҳақимизни ўтганлар руҳига «бағишладик...»

Бугун юртимизнинг турли гўшаларида тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиб, илгарилари давлат тасарруфида бўлган корхона ва ташкилотларни хусусийлаштириб олаётган ватандошларимизга ҳавас қилади киши. Ишбилармонлиги, тадбиркорлиги ортидан ҳам ҳурмат, ҳам давлат топаётган инсонлар ҳар қанча ҳавасу эҳтиромга муносибдирлар.
Аммо... Ҳар қандай ҳолатга ҳам бир томонлама ёндашиш, бир томонлама баҳо бериш нохуш оқибатларга дохил қиларкан кишини. Биз икки гапимизнинг бирида тадбиркорларимизнинг, хусусий мулк эгаларининг  эришаётган муваффақиятлари, ютуқ ва зафарлари ҳақида оғиз кўпиртиряпмиз, мақтову ҳамдларга кўмиб ташлаяпмиз-у, бироқ уларнинг бу қадар обрў-эътиборга, бойликка, тўкин ва фаровон турмушга эришишларига катта ҳисса қўшаётган, заҳматкаш ишчилар ҳақида унутиб қўяётгандекмиз... ҳавас іилади киши. Ишбилармонлиги, тадбирк ҳақида унутиб іўяётгандекмиз...

МУНОФИҚЛИК — ИШБИЛАРМОНЛИКМИ?

Айём арафасида ота қишлоғимга боргандим. Қишлоғимнинг кўрку таровати шаҳардан кам эмаслигини кўриб бир қувондим денг. Гузардаги чойхона, дўконлар, гўзаллик салони, дорихона, чевархона кабилар замонавий русумда қурилган биноларда элга беминнат хизмат қилиб турибдики, бундан ўн-ўн беш йил олдин биров яхши ният билан қишлоғимизда шундай шароитлар яратилишини орзу этса, кулгига қолар эди. Бу ажойиб ўзгаришларга қараб баҳри дилим очилиб турган пайтим маҳалла оқсоқоли идорасига маҳалладош аёллардан бири қимтинибгина кириб кетди. Зарур юмушларимни битириб бўлгач, маҳалламга қайтаётиб ҳалиги аёлнинг фуқаролар йиғини идорасидан мунғайиб чиқаётганига кўзим тушди. Йўлимиз бир бўлгани учун ҳамроҳ бўлдик. Аёл жилмайишга уриниб гапираётган бўлса-да, қандайдир ташвиши борлигини пайқадим. Кўнглига ботмайгина шу борадаги сўровимни берган эдим, ҳамқишлоқ аёл хижолатланган кўйи гап бошлади:
— Амакингизнинг тоблари йўқ эди, касалхонага тушиб қолдилар. Биласиз, икки ўғлимизни контракт асосида ўқитамиз. Рўзғорда бироз қийинчилик бўлганди... Ёрдам беришармикин, деб маҳаллага чиққандим... Амакингиз иккимиз ҳам фалончининг фермер хўжалигида  ишлаймиз. Байрамларда мукофот пули ёки бирор қоп буғдойми, ёғми берар, деб ўйлагандим, қаёқда дейсиз!.. Майли, нолимайин, Худонинг ўзи ёрдам берар, ташлаб қўймас... Эрта-индин пахта терими бошланади, қўлимизга пул тушади...
Аёл ишлайдиган фермер хўжалигининг соҳибини танирдим. Боя мен мақтаган дўконлардан бири ҳам унга тегишли. Келинига етти-саккиз кишилик тикувчилик цехи очиб берган. Қизига гўзаллик салони, ўғлига ошхона... Фермер амаки бир марта аёллари билан, икки марта ўзлари Маккага — Ҳаж ва Умра сафарларига бориб келганлар. Ўйланиб қоламан, майли, ҳаж қилишни, умра қилишни уларга Парвардигорнинг Ўзи насиб қилибди, давлатлари бундан ҳам зиёда бўлсин. Бироқ... мусулмончилик амалларини бажаришни ният қилган одам, аввал ҳақиқий мўмин кишига хос бўлган ишларни бажармайдими? Яъни, қўл остидагиларнинг моддий-маънавий аҳволидан, қўни-қўшниларининг туриш-турмушидан бохабар бўлиб, силаи раҳмни ўрнига қўйиб, ана ундан кейин ибодатга ошиқмайдими?!
Қўл остида ишлайдиган ишчиси бетоб, боз устига эҳтиёжманд бўлса... Ҳатто байраму ҳайитларда ҳам ишчиларини рағбатлантирмайдиган тадбиркорнинг ишбилармонлигидан кимга наф?
Касбимиз тақозоси туфайли кўпчилик билан мулоқотда бўламиз, ҳар хил одамлар, турфа касб эгалари билан суҳбатлашамиз. Ҳозир иккита одам гаплашиб қолса, асосий мавзу моддий даромад масаласида бўлади.
Бир куни йўловчи машинада уч-тўрт аёлнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим.
— Мен хусусий фирмада ишлайман. Иш бошлаганимдан буён бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг иш ҳақлари икки марта ошди. Бизнинг ишхонамиз эса алмисоқдан қолган иш ҳақи тарифлари билан юрибди, — дея зорланди бир аёл. — Ҳар гал ойлик ошганда, умид билан «шеф»га термулсак, «Бу қарорнинг бизга тааллуқли жойи йўқ, бюджет ташкилотлари учун қабул қилинган», дейди тап тортмай...
Иккинчи аёл бунақа ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган чоғи, одатий гапни гапиргандек:
— Бизнинг корхонамиз ҳам давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштирилган ташкилотлардан. Шу кунларда ойлигимиз юз минг-юз эллик минг сўмлар атрофида, холос, — деди. — Бошлиққа иш ҳақларимиз озлигидан шикоят қиладиган бўлсак, «Мен ҳам икки юз минг сўм маош оламан-ку, раҳбар бўлсам ҳам сизлардан маошим ҳеч қанча фарқ қилмайди», деб ўшқиради. Унинг уйини кўрсангиз, нақ саройми, кошонами дейсиз! Хотини, қизлари-ю, келинлари шунақанги тиллоларга, зебу зийнатларга кўмилиб юришадики, асти қўяверинг. Набираларини мактабга алоҳида машина ташийди. Ана шунақа улар! —  Кейин изтироб билан кесатди: — Аслида бундайларнинг шу туришини ишбилармон дейишса керак-да!..
Дарҳақиқат, аксарият хусусий ташкилотлар, фирма ва корхоналар раҳбарларининг мол-давлати, уй-жойининг дабдабасию ҳашамати кўзни қамаштиради, ҳасад қилмаймиз, Худо зиёда қилсин. Аммо ажабки, уларнинг қонунан («ведомост»га қўл қўйиб) оладиган маошларига чумчуқни ҳам тўйдириб бўлмайди. Бу риё кимга керак? Эртадан кечгача тиним билмай ишлайдиган, ойлиги боласининг қорнига етса эгнига, эгнига етса дафтар-китобига етмайдиган ишчиларнинг кўзини шамғалат қилишгами? Ахир тадбиркорнинг давлатига давлат қўшаётган — шу бечора ишчиларнинг меҳнати-ку!

ИШ ҲАҚИМИЗНИ ЎТГАНЛАР РУҲИГА «БАҒИШЛАДИК...»

Ҳукуматимиз тадбиркорларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиб қўйган. Лекин бу — тадбиркор жаноблари ўз ишчиларига истаган муомаласини қилавериши мумкин, дегани эмаслигини баъзи ўзбилармон ишбилармонларимиз англамаганлар шекилли.
Эътибор берган бўлсангиз, телевизор ёки матбуотда чиқиш қилган хусусий тадбиркор борки, «Корхонамиз ташкил этилганидан буён фалонча ишчи ўрнига эга бўлдик, писмадонча йигит-қиз иш билан таъминланди», деб оғиз кўпиртиради. Кейинини суриштирсангиз, уч-тўрт ой, борингки бир йил ишлаб ҳам тузукроқ маош ололмаган ишчилар бирин-кетин  у корхонани тарк этишади.
...Қўшни туманда турадиган жияним бир келишида қувониб-фахрланиб, қишлоғида мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган, хусусий консерва цехи очилганини, ўзи ҳам ўша ерга ишга жойлашганини айтганди. Орадан бир неча ой ўтиб кўришганимизда иши ҳақида сўрагандим, оғриниб қўл силтади:
— Э, улар ойлик беришмас экан. Бошида бир-икки марта маош беришди-ю, кейин эртага берамиз, индинга берамиз, деб алдаб юришди. Эшитсак, бошлиғнинг ўғли машина олгани учун корхона ҳисобидаги пуллар ишчиларнинг маошига етмаётган экан. Бизда ҳам рўзғор бор. Маош бермагандан кейин ишдан кетдик-да...
Яширмайман, айни пайтда айрим мустақил оммавий ахборот воситаларида ишлаган ҳамкасбларимиз, жумладан, ўзим ҳам бундайин ноҳақликка кўп дуч келганмиз. Бундан бир йилча аввал Республика миқёсида нашр этиладиган газеталардан бири ижодий ҳамкорлик таклиф қилди. Қалам ҳақини келишиб олгач, ҳамкорликни бошлаб юбордик. Дастлабки ойларда қалам ҳақи узлуксиз, ҳаттоки янги ойнинг биринчи кунларидаёқ тўланди. Моддий рағбат кўнгилдагидек бўлгандан кейин, биз ҳам ўз вазифамизни аъло даражада бажаришга тиришардик. Ўша нашрда биздан аввал ишлаган ҳамкасбларимиз газета эгаларининг ўзига хос «антиқа» одати борлигини, яъни журналистларга катта-катта ойлик маош, қалам ҳақи ваъда қилиб, аввал бошда айтилган маошни тўлиқ тўлашларини, орадан бир неча ой ўтгач эса, «уч кундан кейин ойлик бўлади», «банк пул бермади», «фалон ташкилотда пулимиз бор, ҳисобимизга ўтказиб беришмаяпти» қабилидаги важ-корсонлар билан иш ҳақини тўлашни пайсалга солишларини, охир-оқибат ҳақини ололмаган журналистнинг ўзи «ўз хоҳишига кўра» ишдан кетишга мажбур бўлишини айтишган эди. Биз бунчалик бўлмаса керак, дея ўйлагандик. Ҳарқалай, республика матбуот оламида кўзга кўринган нашр бўлса...  Йўқ, орадан маълум муддат ўтгач, бизни огоҳлантирган ҳамкасбларимизнинг нечоғли ҳақ эканликлари аён бўлди. Нақорати: «Эрта-индин албатта пул бўлади, маошингизни берамиз, сиз кўнгилни бўлмай ишлайверинг» деган сўзлардан иборат «қўшиқ»ни нашр мутасаддилари нақ беш ой куйлашди. Кейин эса... меҳнатимизга аталган ҳақни ўтганлар руҳига «бағишлаб» қўя қолдик...
Бугунги фикрларимиз билан диёримиздаги ҳамма тадбиркорларни худбин, бойликпарастга чиқариш ниятимиз йўқ. Фақат  хусусий корхоналар раҳбарларининг қўл остидагиларга нисбатан эътиборли бўлишларини, уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаб, ҳолидан хабардор бўлиб туришларини астойдил истаётганимизни билдириб қўймоічимиз, холос.
...Ишчининг ҳам уволи бор!

Умида АЗИЗ

“ТАНСИҚ ТАОМЛАР СИЗГА МУНТАЗИР” ёхуд официант билан “ҳисоб”лашадиганлар учун

МАВЗУ УЧУН САВОЛ: Куним кўчада ўтгани учун турли ошхоналарда овқатланишимга тўғри келади. Баъзи ошхоналарда хизмат қиладиган официантларнинг ишидан кўнглим тўлмайди. Баъзилари жуда секин хизмат қилса, бошқаларининг қўпол муомаласидан еган овқатингиз ҳазм бўлмайди. Уларни ҳам кимдир ўқитиб, официантликка тайёрлаб, қўлига бирор ҳужжат берадими ёки кўчадан дуч келган одамни олиб келиб, ишлатаверишадими?
Бахтиёр Собиров,
Қарши шаҳри

Бугун қайси кўчага ёки одамлар билан гавжум ерга борманг, кетма-кет жойлашган тамаддихоналар, ресторан ва кафелар сизга "пешвоз чиқади". Айниқса, тушлик пайтида пештоқида “Тансиқ таомлар сизга мунтазир” деган ёзувли жойлардан беэътибор ўта олмайсиз. Хўш, ўша жойга кирдик ҳам, дейлик. У ерда бизни очиқ юз билан кутиб оладиган биринчи одам - ОФИЦИАНТ...

Официант (немисча “Offiziant” сўзидан олинган бўлиб, қадимда кельнер деб юритилган ва бу атама ҳам немисча “Kellner” сўзи асосида ташкил топган) — жамоатчилик овқатланиш  корхоналари, ресторан, қаҳвахоналарда хўрандаларга хизмат кўрсатувчи ходим маъносини билдиради.

ОФИЦИАНТ ҚАЕРДА ИШЛАЙДИ?
Аввало, шу саволга жавоб топайлик. Оддий ошхона ёки кичик тамаддихонада официант бўлмайди. Фақат у ерда оддийгина, стол устини тозаловчи одам, берган чойчақангизга қараб, сизга овқат олиб келиб бериши мумкин. Оддий тамаддихонада “официант” бўлса-да, биз хоҳлаган талабга жавоб бериши қийин. Аввало, у яхши муомала ва чиройли лутф эгаси, керак бўлса, шу даргоҳнинг барча таомлари ҳақида маълумот ва уларнинг қайси бири маъқуллиги ҳақида маслаҳат бера оладиган одам бўлиши керак. Шуни ёддан чиқармангки, таомнинг сифати ва тозалигига улар масъул эмас.
Йўл-йўлакай овқатланиб кетиладиган ошхона, қаҳвахоналарнинг аксариятида мижозларга асосан махсус маълумоти ва мутахассислиги бўлмаган ходимлар хизмат кўрсатади. Улар асосан тирикчилик важидан ишлаётган ёлланма ишчилардир. Мутахассис официантларни эса асосан нуфузли қаҳвахона ва ресторанларда учратиш мумкин.

У НИМАГА ЖАВОБ БЕРАДИ?
Кўпчиликда ушбу касб эгаларига нисбатан бироз салбий муносабат мавжуд. Бунинг асосий сабаби, бу касбда кўпроқ аёллар ишлаши, уларнинг ярим тунгача қаҳвахона ва барларда қолиб кетишлари-ю, турли феълли хўрандаларга қиладиган муомаласида, деб ўйлайдилар. Лекин жамоат жойларида овқатланаётганимизда ахлоқ чегарасидан чиқмасдан, эътиборимизни фақат таом сифатига қаратсак, ҳеч ким ўзига ортиқча гап орттирмасди.
Бир қарашда бизга осондек кўринган бу соҳада пул топиш жўн иш эмас, аслида. Яъни, елиб-югуриб хизмат қилаётган официантнинг юмуши фақат таомнома тутиб, егулик келтириш ва хисоб-китоб қилишдан иборатдек туюлса-да, унинг биз билмаган яна бир қанча вазифалари бор.

“МАДАНИЯТНИ КЎТАРИБ ЮРУВЧИ ИНСОНЛАР”
Акбар Умаров, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси

Хорижда официантларга “маданиятни кўтариб юрувчи инсонлар” деб таъриф беришади. Чунки улар қаршисидаги одамга аввало муомала, овқатланиш маданияти билан ўрнак бўлиб, керак бўлса сифатли овқатни танлаб ейиш учун тўғри маслаҳат бера оладиган бўлиши лозим.  Юртимизда ҳам официантликка касб миқёсида қаралиб, соҳага малакали мутахассислар тайёрланаётганлигига анча бўлди. Туризм касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган “Меҳмонхона хўжалиги” бўлимларида официантлик йўналиши бўйича ўқитилади. Ўқувчилар ўқиш давомида юртимизнинг турли  ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиётларини ўташади. Шунингдек, уларга чет тиллари ҳам мукаммал ўргатилади. Официантлардан ишда ўта тартиб-интизомли бўлиш, нозик дид ва билим талаб этилиб, уларга меҳмонлар олдида ўзини қандай тутиш, муомала маданияти мукаммал ўргатилади. Официант ресторан ҳамда мижоз ўртасида воситачи бўлиб,  ўзи ишлаётган жойнинг мавқеини кўтариш учун масъул ходим ҳисобланади.

ЯНА СОХТА ОФИЦИАНТЛАР ҲАҚИДА
Рўзғор юкини кўтарай, деб тирикчилик важидан “официант” бўлиб ишлаётганларни тушунса бўлар, лекин айрим ёшларимиз, хусусан, эрта-индин танлаган касби бўйича қўлига бошқа мутахассислик дипломини олай деб турган талабаларимиз ҳам вақтини ошхонада ўтказиб, “официант”лик қилиб юришганига нима дейсиз? Тўғри, пул топиб ўзини-ўзи эплагани яхши. Аммо ўқишга бормасдан, эрталабдан кечгача кафе, ресторанда ишлайдиган талабалар ҳам бор. Ўқишни ҳам, ишни ҳам ўз вақтида олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Энг ачинарлиси, "Ишлаб пул топса, қорнини тўйғазиб, бизга оғирлиги тушмаса бўлгани-да", дейишдан тап тортмайдиганлар ота-оналар ҳам учрамоқда. Уларнинг бундай лоқайдлиги ва бепарволиги эртага ўзларига қимматга тушмасмикан?
Ошхоналарнинг тоза-покизалиги уларнинг хизматчиларига боғлиқ. Малакали, тажрибали ходимлар хизмат қилаётган жойларда тартиб-интизом ҳам, таомлар ҳам кўнгилдагидек бўлиши тайин. Ёлланган арзон ишчи кучидан фойдаланишни афзал биладиган ошхоналардан эса хайр-барака ҳам кўтарилиши тайин.

АЛДАСА, БИРИМИЗ ИККИ БЎЛМАЙДИ
Бизнинг ошхонада доимий ишлайдиган “официант”лар йўқ. Чунки бу ердан топадиган пул уларни қониқтирмайди. Алдаб, кассадан “уришса”, бизнинг ҳам биримиз икки бўлмайди. Ҳар хил феъл-атворли хўрандалар бор. Кимдир тайёр овқатни олдига олиб келиб бермаса, ошхонамизга кирмай қўйиши ҳам мумкин. Шу боис ёлланма “официант” ишлатишга мажбурмиз. Ҳозир энг арзон ишчи талаба бўлиб қолди. Уларни иш ўрнига расмийлаштиришнинг ҳожати йўқ. Меҳнат дафтарчаси сўрашмайди. Кунбай ёки соатбай иш ҳақи олишади. Кунлик даромад олиш уларнинг ўзига ҳам, менга ҳам маъқул.
Бекатдаги ошхона эгаси (исмини ошкор этмасликни сўради)

Очилган масала:
ТАНГАНИНГ БОШҚА ТОМОНИ

Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист:
Балки, бу норасмий “официант”лар ойига ўртача икки-уч юз минг сўм даромад топиши мумкиндир. Бироқ, бундай ҳолат ана шу “ходим”нинг  келгуси фаолиятига салбий  таъсир кўрсатмайди, дегани эмас. Бир кун келиб касаллик варақаси, меҳнат ва туғруқ таътили, пенсия билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини бу "вақтинчалик" ходимлар тасаввур ҳам этишмайди. Чунки, уларни ишга олаётганда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки диплом талаб қилинмайди. Шу билан бирга меҳнат шартномаси ҳам тузилмайди.

Билиб қўйган яхши
ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛГАНИНГИЗДА...

Официантлар учун кунлик ёки ҳафталик маош тайинланади. Хўрандалар томонидан эса фақат чойчақа берилади. Бу мажбурий эмас. Айрим ресторанларда буюртма берилган таомга 5 фоиздан 25 фоизгача хизмат ҳақи ҳам қўшиб ҳисобланади. Лекин бу маълумот таомномада кўрсатилган бўлиши шарт.

АГАР ТАОМ СИЗГА ЁҚМАСА...
Бунинг учун официант билан тортишишдан фойда йўқ. Олиб келинган таом сизга ёқмаса аввало унга тегмаслик керак. Ёки истеъмол қилиш жараёнида таомнинг сифатсиз эканини сезсангиз, дарҳол ресторан маъмури ва бош ошпазни чақиртиришингиз мумкин. Лекин ўзингизга ёқмаган таомнинг 30 фоизини истеъмол қилган бўлсангиз, ҳақ тўлашга мажбурсиз. Шундан сўнг сизга бошқа таом олиб келинади.

ОФИЦИАНТ ВА РЕСТОРАН ТАРИХИ
Официантлик энг қадимий касблардан ҳисобланиб, 6 минг йиллик тарихга эга. Қадимий Миср эқромларидаги фрескаларда фиръавнларнинг дастурхонига овқат элтаётган одамлар тасвирланган. Айнан шу инсонлар дастлабки официантлар бўлган.
Рестораннинг келиб чиқиши XVIII асрда яшаган франциялик пазанда Буланже фаолияти билан боғлиқ. Пазанда ўзига қарашли кичик бир ошхонани қайта таъмирлаб кенгайтиради, залга устига мармар тахталар қопланган столлар қўяди, ҳар бир стол атрофига тўрттадан юмшоқ ўриндиқлар жойлаштиради. Бу инсоният тарихидаги биринчи ресторан эди.
Илгари ўша ошхона ўртасида ғадир-будир тахтали узун стол турар, унга дастурхон ҳам солинмас, икки томонига қўйилган тахта ўриндиқларда одамлар бир-бирларига тирсаги билан тегиб, қисилиб ўтирганча овқатланар ёки тўнтарилган бочка устида овқатини еб кетаверар эдилар. Энди эса анча қулайлик яратилади. Ҳар бир ўриндиқ қаршисига биттадан ликопча,  санчқи ва  учи тўмтоқ пичоқ қўяди. Бундай пичоқ ишлатишни ҳам Буланже жорий қилган эди.

Биласизми?
Америкада 21 май – Миллий  официантлар куни деб эълон қилинган. Шу куни официантларга одатдагидан кўпроқ чойчақа қолдирилади. Шунингдек, Львов шаҳридаги Ресторан эгалари гильдияси ҳам 21 майни “Официантлар куни” деб эълон қилган.

Сарвар САФАРОВ тайёрлади

Фолга ишонма, фолсиз юр!

 

Одам боласининг феъл-атвори ғалати. Бошига бирор мушкулот тушиб қолса, кутилмаганда дардга чалинса, ёки ишларидан унум, қўлидан барака ариса, сабабини қаердадир хатоликка йўл қўйганидан излаб, мусибатга дохил бўлаётганини ўзининг қилмишларидан билиб, феълини, юриш-туришини тузатмайди-ю, дарров фолбинларга чопади. Гўё шу билан енгил тортадигандай, ёки ишлари юришмаётгани, боши касалдан чиқмаётгани боисини фолбин яхши биладию уни балолардан фориғ этадигандай. Тан олиш керак, кўпчилигимиз ҳаётимиз давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам фолбинга борганмиз. Баъзан унинг айқаш-уйқаш гап-сўзларидан битта ростини топиб олиб ҳайратга тушганмиз, кўп ҳолларда кетган пулимиз ва беҳудага сарфланган вақтимизга куйиб қолаверганмиз. Фолбинларнинг ёлғон уйдирмалари касофати туфайли парокандаликка учраётган оилалар, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетаётган қариндош-уруғ, ёр-биродарлар ҳақида кейинги вақтларда кўп эшитяпмиз. Аммо... эшитиб, билиб, кўриб турсак-да, яна ўшалардан нажот излайверамиз. Нега?

Уйдаги “бегона”

- Қайнонам ҳеч бир сабабсиз мени уйдан ҳайдаб юбордилар, - дейди таҳририятимизга арзи-ҳол билан келган ёшгина келинчак йиғидан ўзини базўр тийиб. - Аллоҳ гувоҳ, ҳеч кимга ёмонлик қилганим йўқ. Бир-икки ойдан буён қайнонамнинг тоблари йўқ эди. Ҳали бошлари, ҳали оёқлари оғрирди. Шифохонага олиб бориб текширтирайлик десак, кўнмайдилар. Бир қўшнимизнинг маслаҳати билан фолбинга борган эканлар, фолбин: «Уйингизнинг фалон ерига амал кўмилган. Келинингиз сизни ёмон кўраркан, сизни йўқ қилиш учун сеҳр-жоду қилиб юраркан», дебди. Фолбиннинг уйидан дарғазаб бўлиб келган қайнонам мени уйдан ҳайдаб юбордилар... Оилам бузилишини истамайман! Мен унақа ёмон ишлар билан шуғулланмаганман, Худо асрасин. Тўғриси, сеҳр-жоду билан бировни касал қилиш ёки бирор зарар етказиш мумкинлигига ишонмайман ҳам. Аммо қайнонам мени эшитишни истамаяптилар. Онам билан ўша фолбинникига бордик. «Менинг уйим бузилишига сабабчи бўлиб қоляпсан, айбдор эканимни исботлаб берасан», дедим.  Фолбин бўлса довдираб: «Мен келинингиз шундай қилган демаганман, бегона қилган деганман», дея ўзини оқламоқчи бўлди. Қайнонам эса: «Фолбин «бегона» деганда сени назарда тутган-да», деяптилар...
Кўпни кўрган аёл бир фолбиннинг далил-исботсиз фоли туфайли ўз ўғлининг оиласини бузишгача борса-я! Афсуски, орамизда бундай калтабин кимсалар оз эмас.
Мақолани тайёрлаш жараёнида бир фолбинни суҳбатга тортдим. Аввалига гапларимни эшитишни ҳам истамаётган ромчи аёлга кескин саволларни қалаштириб ташлаганимдан сўнг,  довдираган кўйи тилга кирди:
- Мен одамларни мажбурлаб чақирмайман, ўзлари келишади. Қолаверса, бу ишга киришишимдан аввал узоқ йиллар хасталаниб, тўшакка михланиб ётганман. (Агар аҳамият берган бўлсангиз, фолбинларнинг ҳаммаси эгаллаган «касб»ига кириб келиш жараёнини шундай изоҳлайди). Агар гуноҳ бўлса, Яратган шу илмни буюрмасди-ку. Мен ҳам намоз ўқийман, рўза тутаман. Худодан қўрққаним учун ҳам одамларга «иссиқ-совуқ» амаллар қилиб бермайман. Масалан, бир куни олдимга ёшгина бир жувон келди. Айтишича, бир йигитни севиб қолганмиш. Бу жувон оилали бўлиб, иккита боласи ҳам бор экан. Жувон севиб қолган йигитини ўзига иситиб беришимни сўради. Аммо мен ундай қилмадим. Жувоннинг кўзига ҳозир ўша йигитдан бошқа ҳеч ким кўринмаяпти, ҳатто икки норасида боласи ҳам! Буни билиб турганим учун, унга ўз эрини яхши кўрсатадиган илму амаллар қилиб бердим. Менимча, бундай иш гуноҳ эмас...
Ана шунақа гаплар билан фолбинлар ўзларининг хато ишларини оқлашга уринишади. Гўёки, уларга бировларнинг тақдирини Яратганнинг ўзи аён қилармиш. Гўёки, фолбинларга бу «истеъдод»ни Аллоҳнинг ўзи юқтирганмиш.

Фолдан туғилган туҳмат

- Талабалик йилларимда бир гумроҳ фолбиннинг уйдирмасини деб, аълочи, жамоатчи дугонамиз ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган, - дея афсус билан хотирлайди ҳамкасб дугонам. - Талабалар уйида яшардик. Бадавлат оила фарзанди бўлган бир курсдош дугонамиз чиройли кийинишни хуш кўрар, ҳамиша сўнгги урфдаги кийимларни харид қиларди. Куз фаслининг охирги кунлари бозордан қимматбаҳо, жуда чиройли пальто олиб келди. Ҳамма қизлар ҳавас билан пальтони бир-бир кийиб кўрдик. Пальто бир хонадош дугонамизга ҳаммадан кўра кўпроқ  ярашди. Ҳатто пальто соҳибасининг ҳам ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Орадан ўн беш кунча вақт ўтиб, дарсдан қайтсак, бойвучча дугонамиз дод-вой солиб йиғлаяпти. Дарсда эканимизда хонага ўғри тушиб, жавондаги яп-янги пальтони ўғирлаб кетибди. Катта курсда ўқийдиган қизлардан бири тинмай йиғлаётган дугонамизни етаклаб, аллақаёқдаги фолбинга олиб борди. Талабалар шаҳарчасининг участка нозири ҳаммани сўроқ-саволга тутди... Хуллас, бу тўполонлар бир ҳафта давом этди. Вазият бироз юмшаб, ўғирланган пальто воқеаси унутилаёзган эди, якшанба куни хонадош дугонамиз хурсанд ҳолда кириб келди. Ота-онаси қишки кийим-бош олиш учун пул юборган экан, бор пулга пальто сотиб олибди. «Этикни стипендиямга оларман», деди дугонамиз чиройли пальтосини кийиб бизга кўрсатар экан. Шу пайт ҳалиги бойвучча курсдошимиз хонага важоҳат билан кириб келди-да, уни ҳақоратлаб, ўғридан олиб ҳаромхўрга солиб қарғай бошлади. Қиз бояқиш ёшли кўзларини йиғилганларга тикиб, айбсизлигини, уйидан пул келганини, унга пальто сотиб олганини айтиб зорланар, ранги ҳам, ўлчови ҳам ўзининг йўқолган пальтосига мос тушаётган пальтони унинг қўлидан юлқиб олган бойвучча курсдошимиз эса: «Фолбин айнан сени, мана шу куни пальто олиб келишингни, ўша пальто меникилигини айтганди. Сен пальто сотадиган дўкончи билан тил бириктиргансан. Бу пальто меники! Ўғри! Сен минг йил яшаганингда ҳам бунақанги қиммат пальтони сотиб ололмайсан» деб бақирди ва ўзини фолбинга олиб борган қизга қараб: «Фолбин хола тўғри айтган экан, мен фол бунчалик тўғри чиқишини кутмагандим» деди. Пальто сотиб олган шўрлик дугонамизга ҳеч ким ишонмади... Ҳатто ўзимиз ҳам... Ўша фолбиннинг гаплари тўғри чиққани учун, ҳаммамиз ундан хавфсирайдиган, ўзини хонада ёлғиз қолдирмайдиган бўлдик. Бу муносабатлардан эзилиб кетган хонадошимиз ўқишни ташлади-ю, қишлоғига кетворди. Биз эса унинг ўғрилигига тамоман ишониб қолдик. Орадан бир ойча вақт ўтиб участка нозири пальтосини ўғирлатган курсдошимизни излаб келди ва уни ўзи билан олиб кетди. Кейин эшитсак, унинг пальтосини ўша беозоргина хонадошимиз эмас, талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги маҳаллалардан бирида яшайдиган, тарбияси оғирлиги боис ички ишлар ходимлари ҳисобида турадиган безори дераза ошиб кириб, ўғирлаб кетган экан. Курсдошимизга етказилган моддий зарар ундирилди. Аммо... туҳматга қолган хонадош дугонамиз ўқишга қайтмади. Келаси йили бошқа олий ўқув юртига ўқишга кирибди. Излаб борган эдик, биз билан гаплашишни ҳам истамади. Бойвучча курсдошимиз айбини ювиш учун унга пальто олиб бориб, дугоналарига ташлаб келган экан, пальтони қайтариб олиб келиб, ётоқхона навбатчисига бериб кетибди... Бизни кечиролмади. Ана сизга фолга ишонишнинг оқибати!..

«Фолбиннинг сўзини тасдиқлаган киши...»

Мақолада кўтарилган мавзу юзасидан Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддиновнинг фикрларини сўрадик.
— Бугунги кун одамлари сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси билан балоланган, - дейдилар Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов. - Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап.
Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда? Fайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат?!
Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот (с.а.в) фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда тақиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимиз бор ҳатто. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опа- сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Фолбинлар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак.
Сеҳр-жоду, илму амалга келсак, сеҳр - афсунлар ўқиш, тугунлар тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва бошқа шу сингари ёмонликларга сабаб бўлади. Сеҳргар (саҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек, у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, севишганларни ажратади, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради.
Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят).
Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – «иссиқ-совуқ» ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.
Пайғамбар (с.а.в) «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар.

Фирибгарнинг жазоси

Хўш, товламачилик ва фирибгарликнинг ўзига хос йўлини танлаган бу кимсаларни қонуний жавобгарликка тортиш мумкинми? Бу ҳақида ҳуқуқшунос Амрулло  Аҳмедоев шундай дейди: 
- Фолбинлик, сеҳр-жоду билан одамларни алдаш ва алдов орқали кишилардан пул ва шунга ўхшаш моддий нарсаларни таъма қилиш фирибгарлик ёки товламачиликка киради. Агар шахс фолбинлик ёхуд сеҳр-жоду йўли билан одамларни алдаб юрган кимсалардан жабрлангани ҳақида тегишли ҳуқуқий муассасаларга мурожаат қилса, фолбинлик қилиб юрган товламачига қонун доирасида чора кўрилади. Етказилган зарар жуда катта миқдорда бўлса, жиноий жавобгарликка ҳам тортилади. Жумладан, товламачиликда айбланган жиноятчига уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси, ёхуд ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатда ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, фирибгарлик жиноятида айбланувчига эса энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси тайинланади. Башарти фирибгарлик жинояти ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзда тутиб содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

УМИДА АЗИЗ