1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ожиз отангни кечир, ўғлим...

Ўғлим... Бугун сени узоқдан кўриб қолдим.Чиройли гулдаста кўтариб олган, кўҳликкина бир қиз билан жилмайганча секин юриб бораётган экансан. Ортингдан термулиб қолдим. Кўзларимда соғинч, алам, изтироб ва пушаймонлик ёшлари  айланди. Сен мени сезмадинг. Кўрмадинг. Ёнингдаги сулувга маҳлиё эдинг. Ортингдан зор қараб қолар эканман, ёшлигимни, онанг билан танишган илк дамларни, муҳаббат, қувонч ва бахтга тўла кунларимизни энтикиш билан эсладим. Ўғлим! Сени жуда яхши кўрганман. Ҳамиша яхши кўриб келганман. Биламан, болалигингни кемтик қилдим. Онанг билан хиёбонларда, томошагоҳларда айланиб юрганларингда  тенгдош дўстларингни отаси билан етаклашиб юрганини кўриб ортидан ўксиниб қараганларингни биламан. Туғилган кунларингда, байрамларда онанг юз отадан зиёда қилиб совғалар берса-да, ўртоқларингга дастурхон тузаб шодиёналарингни қувончга тўлдиришга уринса-да, эшикка жавдираган куйи мени кутишингни, менсиз ҳеч бир шодлик сенга татимаганини биламан, ўғлим. Аммо ҳаммасини била туриб сени олдингга бормасдим. Боролмасдим. Ўғлим, тақдир деганлари кўнгил изми, инсоннинг хоҳиши билан ҳисоблашмас экан. Афсуски, бизнинг тақдиримиз ҳам айрилиқнинг шафқатсиз шамшири зарбидан айро тушди. Болажоним, бугун сенга айтмаган, айтолмаган гапларимни қоғозга тўкяпман. Балки сенга тавалло-тазаррудек туюлар, аммо бу йигирма йиллик изтиробларим, ҳеч кимга билдирмаган юрак дардларим. Уларни ўқиб кўргин, полвон ўғлим, аммо зинҳор отангни ўйлаб ўксинмагин.
Ҳаётнинг кескин талаблари олдида аҳли аёли, оиласи, ФАРЗАНДини ҳимоя қилолмаган отангнинг қисмати қурсин, ўғлим, не қилайки, бу савдодан ўз ҳолимга ўзим ҳам ҳайрону забунман.
Қош-кўзлари ёшлигимни эслатувчи ўғлим, отамга ўхшаган ота ўғлим. Онанг сенга айтиб берганмиди йўқми, мен ҳам худди сендек ёш ва навқиронлигимда  чиройли, ақлли, камтаргина юриш-туриши ўзига ярашиқли курсдош қизга кўнгил қўйдим. Унинг кўнглига йўл топиш, атрофидаги шайдоларини четлаб, сулувнинг чиройли кўзларида ўзимни  кўриш учун қилган ҳаракатларим бекорга кетмади. Курсдош қизнинг ийманибгина жилмайгани, дарс пайтлари сездирмайгина мен томонга маъноли қараб қўйиши, дилларимизни мангуга боғлади. Талабалик таҳсили тугар маҳали юрагимга ғулу тушди. Энди курсдош қиз билан дўстона муносабатларимизни никоҳ билан мустаҳкамлаш керак эди. Бу ҳақида буванг билан бувинг- ота-онамга айтган эдим, улар ёзда қор ёққандек ҳайратга тушишди:
-    Биз узоқ  қишлоқдан келин туширмаймиз. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар олдида нима деган одам бўламиз? Шаҳарда шунча қиз туриб, дунёнинг нариги бурчагидан, бунинг устига қишлоқдан келин тушираманми? – деб ўғлидан ёзғирган бувингга ялиндим-ёлвордим, уйдан бош олиб кетаман, мени бошқа  кўрмайсиз, деган кескин шартларни  қўйдим. Ўғлини йўлдан қайтаролмаслигига кўзи етгач, чорасиз уйдагилар  совчиликка боришди. Хуллас, онанг билан турмуш қурган пайтларимиз мендан бахтиёр киши топилмасди бу дунёда. Тўйдан кейин онангни ишга қўймадим. Менинг катта хатоим, бизни айро яшашимизга сабаб бўлган қарорим шумикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. Ишдан қайтганимда онангнинг чеҳрасини маъюс, кўзларини нам кўрсам, менга билдирмай яширинча йиғлаб олишларини сезсам “ота-онасини, қишлоғини соғинибди-да” деб парво қилмасдим. Бир томонда онангнинг камчиликларини санайвериб тинмайдиган бувинг. Бир томонда  ўзидан ўтганни ўзгага билдирмай, кўз ёшини ичига ютиб изтироб билан жилмаядиган онанг. Ўртада ким ҳақ, ким ноҳақлигини билолмай боши қотган, онаси билан аёлнинг ўртасида тарозу бўлолмаган мен...
Сен туғилдинг. Безовта кўнглимга ҳаловат, нотинч кунларимга ором оралади. Фарзандли бўлдик, ўғлимнинг ҳаққи ҳурмати энди онам ҳам келинига меҳр қўяди, энди ҳаммаси изига тушади, деб ўйлагандим. Йўқ... Аксинча, ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Авваллари менга номаълум билган дилсиёҳликлар энди очиқ-ошкора аён бўла бошлади. Арслон ўғлим, бу гапларим билан бошқаларни айбдор қилмоқчи эмасман. Яқинларимдан, ота-онам, жигарларимдан ёзғириб ўзимни оқламоқчи эмасман. Эркакнинг ожизлиги қурсин, ўғлим, мен ҳаёт майдонида қўрқоқлик қилдим. Ҳеч ким айбдор эмас, жон ўғлим, мендан, нотавон, бебурд отангдан бошқа ҳеч ким айбдор эмас. Онасининг гапига кириб севиб уйланган хотинига қўл кўтарган, эмизикли бола билан рафиқасини ҳайдаб юборган отанг айбдор, ўғлим. Ота ўғлим, отажоним мени, ҳаммасидан хабарим бор. Ота-онасининг қаршилигига қарамай менга турмушга чиққан онанг бола кўтариб қишлоғига қайтишга уялгани, ижрама ижара саргардонликда сени улғайтиргани, алиментларимни қайтариб юбориб, турмуш машаққатларига ёлғиз ўзи елка тутгани, сени ўгай ота остонасида ўкситмаслик учун, менинг муҳаббатимни асраб авайлаш учун гул умрини ёлғизликда ўтказганини биламан. Биламану, чорасизман, ўғлим. Била туриб сизларга қўлим етмасди, ўғлим...
Ажрашганимиздан кейин бувинг хоҳлаганидек холамнинг қизига уйландим. Бутун фикру ёдим сен ва онангда бўлгани учунми, иккинчи турмушим ҳам менга бахт ваъда этмади. Йўқ. У билан яшаяпмиз. Сингилларинг- иккинчи оиламдан туғилган қизларим мени бахтсиз оиламга боғлаб турган ришталар. Туғилган кунингда тоғаларинг уй совға қилишганини эшитдим. Шунча йилдан бери ижарачиларнинг қош-қовоғига қараб яшаган онангга ҳам кулган ёруғ кунлар келганидан беҳад суюндим. Ўз уйларингга кўчиб ўтган кунларинг, сизлар билан тенг, балки сизлардан ҳам ортиқроқ қувонган бир кимса телбавор юрганди ўша атрофларда. У мен эдим, ўғлим. Олислардан бўлса-да сен ва онангни бир бор кўриш учун бу дунёнинг боридан ҳам кечишга тайёр отанг бор, ўғлим. Жон ўғлим, бу балчиқ дунёдан топган бебаҳо ганжим, ҳеч ўксинмагин. Отанг кўзларининг оқу қораси сенсан. Ўзимга ўхшаган, бек ўғлим, мендек ночор бўлмагин, болам. Ҳаёт  синовлари олдида ожиз қолма, полвон ўғлим. Онангни асраб авайла, унинг кўзларидан томчи ёш оқмасин. Мени деб тўккан кўз ёшлари, айрилиқда чеккан изтироблари ҳам етади. Лекин тақдирингга битилган жуфтингга ҳам ҳимоячи бўл, ўғлим. Қўлингда борини, ёнингдаги бахтни асрагин. Отангнинг хатоларини такрор этма. Юрак бағри қон отанг, тақдири азал олдида абгор отангни кечир, ўғлим...

Фарзона оққа кўчирди

Миннатдорчилик билдиринг

Ота-онага узр сўрашдек яна бир гўзаллик яхши, фойдали, муваффақиятли ишни кўрганда, ташаккур айтишдир. Эркак аёлига раҳмат айтиши керакми? Эр нима учун аёлига раҳмат айтмасин?! Ҳақиқатдан гўзал бир иш қилса, хотини...
Ҳар қандай яхши иш миннатдорчиликка лойиқ бўлади. Буни ким қилса ҳам, мукофотини олиши лозим. Хоҳ хотин, хоҳ фарзанд бўлсин... Табиийки, она ҳам отага раҳмат айтиши керак, ўрни келганида...
Фақат бу хусусида мен оналарни бироз муваффақиятли ҳисоблайман. Эркаклар бироз мағрурларми, билмайман, ташаккур билдиришга аҳамият бермайдилар. Эркаклар шуни унутмасликлари лозимки, фарзандлар сизлар қилганингизни қиладилар. Хотинингиз балки қилган ишга яраша бутун чарчоқларига қарамай, ташаккур сўрамас, аммо сиз: «Нима фарқи бор?» демасдан дарров раҳмат айтинг. Хотинингизни миннатдорчилик билан севинтиринг, бундан фарзандлар ҳам баҳраманд бўладилар. Натижада яхшиликларни ташаккур билан қарши олувчи фарзандларни тарбиялаймиз.
Масалан, ота олдига мазали таом қўйган хотинига совуқ оҳанг билан эмас, ЧИН ҚАЛБДАН чиқариб: «Қўлингиз дард кўрмасин, жуда ширин бўлибди!» дейиши лозим.
Бу гўзал суҳбатлар биринчи кундан бошланса, кейинчалик қулай бўлади.

«Биз бахтли оила қурамиз» китобидан олинди. 44-45 бетлар.

Сассиқ чолнинг кийимлари

Келин ташқи кўринишидан гўзал бир тарбия топганга ўхшайди. Албатта, муомаласи, ибодатлари, ора-тура Аллоҳни зикр этишлари ва истиғфор айтишлари шундай тасаввурга асос беради. Уй юмушлари саранжом саришта, пишириқларни қойиллатади, тикишларни боплайди. Фарзандлари тарбиясига эътибор беради, турмуш ўртоғи билан ғижиллашиб ўтирмайди. Албатта, ташқи томондан сиполиги, ибоси, ҳаёга ўхшаш бир ҳолатлари шундай тасаввур уйғотади. Қолаверса, унниг обрў-эътиборли бир оилада тарбия топганини ҳам қўшнилар эслаб туради. Китоб ўқиган, ўқимишли, дея мақтайдилар. Аммо фаросат деган бир туйғу, қилган яхшиликлари учун миннат қилмаслик деган бир тушунчада баъзан оқсаб қолди бу келин. Банда. Бандаси — хатокор. Бандаси  — адашувчи.
Қайнона оламдлан кўз юмиб, қайнота ёлғиз қолди. «Аллоҳ ёлғизликдан асрасин. Жуфтим ташлаб кетди. Куюндим. Дилим оғриди». Албатта, қайнота дилидаги бу гапларни тилига чиқарган эмас. Ношукрлик қилмайди. Кун бўйи уйида куймаланиб юради. Қўйларга ўт ўриб келади.  Кўзлари қувнайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг  қўй боқинглар, қўй барака бўлади, мазмунидаги ҳадисларини такрорлаб юради. Ҳар бир қўй-қўзилари тўғрисида мароқ билан сўйлайди қайнота. Зерикмайди. Қўйлар билан ҳам сўйлашаверади. Ўғлига ҳам, келинига ҳам тинимсиз хархаша қилаётган болакайларни овутиб, бир қўйларини томоша қилдириб келгани хуш ёқади. Гўё бу баҳамжиҳатликдан ҳамма хурсандга ўхшайди.
Аммо, биродарлар, одамни билиб бўлмас экан. Одамнинг оласи ичида, деганлари ҳам шунда. Келиннинг минғир-минғири бир куни қулоққа чалинди.  «Уч йил бўлди. Уч йилдан буён жонимга тегди шу сассиқ чолнинг кийимларини ювиш». Бор-йўқ гап шу. Келиннинг кимлигини кўрсатадиган, фаросатини, одобини баҳолайдиган бор гап шу. Аммо юракка оғир ботадиган гап бу. Ўғлини, жигарпорасин сен учун оқил бир жуфт ўлароқ берган, келинининг хизматларидан умид қилган қайнотага шуми ҳурмат-иззат? Айнан мана шу ўринда динимизнинг яна бир ҳикмати кўзга яққол кўринади. Отани ўғил уйлантириб қўйиши керак эмасми?   Шариат талаб қилган мезонлар шундай эмасми? Сиз нима дейсиз?

Б.НУРМУҲАММАД

Қайноталар зуғум қилса...

Ўзбек оилаларида аксарият ҳолларда зиддиятларнинг аввалини қайнона-келин можаролари ташкил қилиши бор гап. Қайноналар келиннинг уқувсизлиги, эпсизлиги ва ҳоказо майда-чуйдаларни рўкач қилиб нолиса, келинлар қайноналарнинг ўзига нисбатан бегонадек муносабатидан, ҳар бир ишига аралашиб, арзимаган нарсалардан дилсиёҳлик ясашидан ёзғиришади. Бу муаммо ҳамма замонда бўлган ва бундан кейин давом этади. Аёллар оғзида  “жаннатда иккита бўш жой бор экан. У энг яхши келин ва энг яхши қайнонага аталган жой экан.

Отамнинг дастидан...

 

 

 

Жамиятнинг бўғини бўлмиш оилаларнинг тинч-тотув, хонадонларимиз файзли бўлиши ва турмушимиз осудалигида муҳтарама оналаримиз билан бир қаторда аҳли аёлимизнинг ҳам ўрни каттадир. Улар фарзандларимиз тарбиячиси, бизларнинг меҳрибонимиз ва суянчиғимиз, кези келганда доно маслаҳатчимиздир. Хўш, оналар ва завжалар оилада муҳим ўринга эга эканлар биз эркаклар уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу иккисидан қай бирининг ҳаққи улуғроқ? Бу каби саволларга жавоб топиш учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига назар солинса, етарли маълумотларга эга бўлинади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَبَرُّ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ ثُمَّ مَنْ قَالَ: أَبَاكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “(Бир киши томонидан:) “Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай”, дейилди. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деб сўради. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деди. У зот яна: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деганида, у зот: “Отангга”, дедилар” (Бухорий[1], Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан улуғроқ экан. Энди қайнона ва келиннинг эркакдаги ҳаққи бир-биридан қанчалик фарқ қилишини тасаввур қилиб кўринг.

Биз эркаклар мана шу ривоятдан келиб чиқиб энг кўп яхшиликни онамизга қилишимиз, шу билан бирга завжамиз ҳаққини ҳам унутиб қўймаслигимиз талаб этилади. Онанинг ҳаққи ҳар нарсадан устун. Келин қанчалик чиройли, доно, уддабурон, қўл-оёғи чаққон бўлмасин, муштипар онамиздан ортиқ ва афзал бўлолмайди. Шуни ёддан чиқармаслик лозим. Динимиз Ислом бизларга энг биринчи навбатда онага, сўнг отага яхшилик қилишга чақирган. Зеро ота-онанинг ҳаққи улуғдир.

Завжамизга қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида қуйидаги ривоятда набавий таълим берилган.

وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لأَهْلِي وَإِذَا مَاتَ صَاحِبُكُمْ فَدَعُوهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Оиша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши (муносабатда) бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз аҳлига энг кўп яхшилик қиладиганингизман. Агар соҳибингиз(дан, яъни оила аъзоларингиздан биронтаси) вафот этса, унга дуо қилинглар” (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Баззор ривояти. Ҳадис лафзи Термизийга тегишли ва унинг ривояти санади саҳиҳ).

Ҳадисдаги “аҳл”дан мурод кишининг оила аъзолари, хусусан завжасидир. Бошқа ривоятда “сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхшилик қиладиганингиздир”, деб очиқ-ойдин баён қилинган.

Ушбу ривоятда тирикларга ҳам, вафот этиб кетганларга ҳам бирдек яхши муомалада бўлиш, тирикларга яхши сўз, ширин муомала билан эзгулик улашиш, вафот этиб кетганлар ҳаққига дуои хайрлар қилиш, улар ҳақида ёмон гап айтмаслик, ғийбат қилмаслик лозимлиги таъкидланмоқда.

Мазкур ривоятга кўра, мусулмонлар ичида қайси бир эркак оила аъзоларига, хусусан завжасига яхши муомалада бўлса, ўша банда уммати муҳаммадиянинг энг яхшиларидан бири бўлар экан.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши бу масалада ўртача йўлни танлаши лозим. Онасини рози қиламан, деб фақат онага яхшилик қилиб, завжани хорлаш, унга ёмон муносабатда бўлиш, хотинини одам ўрнида кўрмаслик ҳам нотўғри. Аксинча, завжага ортиқча эътибор бериш, уни либос ва таом борасида кам-кўстсиз қилиб, онани бир бурда нонга зор қилиб, оч-наҳор, юпин ҳолда ташлаб қўйиш катта гуноҳ. Балки киши энг биринчи навбатда уни дунёга келтириб вояга етказган онасини эъзозлаб, унинг ҳақларини адо қилиб, кейин завжасига яхши муносабатда бўлиши, умуман олганда оила тинчлиги, фаровонлиги йўлида имкони борича ҳаракат қилиши керак. Сабаби ҳар бир мўмин-мусулмон эркакнинг оиладаги масъулияти катта ва қайнона ҳамда келин ўртасидаги муносабатлар яхши бўлишида ҳам асосан унинг ўрни муҳим саналади.

[1] Бухорий ушбу ривоятни “Ал-адабул-муфрад”да келтирган.

Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 35 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ