1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Насабни сақлашда ота танлови

Насабни сақлашда келин ҳам муносиб куёв танлаши лозим. Чунки юқорида айтилганидек, оила эр-хотин орасида бўладиган маънавий-руҳий алоқадир. Бунда икки томон бирдек иштирок этмаса, яхшиликка эришиб бўлмайди. Оила учун эрнинг мақоми қанчалик муҳим бўлса, аёлнинг мақоми
ҳам шунчалик аҳамиятли. Шунинг учун динимизда келиннинг сифатларига қанчалик эътибор қаратилса, куёвга ҳам шу даражада аҳамият берилади.
...Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир...” (Ҳужурот, 13).
Динимиз кўрсатмалари нуқтаи назаридан, инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз ва энг мукаррам инсон тақводор инсондир. Шунинг учун куёв танлашда унинг тақвосига эътибор бериш лозим. Чунки оила тутумини ушлаб туриш эркак зиммасида бўлади.

Раҳимберди РАҲМОНОВ
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”
жомеъ масжиди имом хатиби

Онамдан бошланган ҳаёт

 

 

 

Онам менинг касалманд-сўлғин чеҳрамга йигирма йил термилиб умидвор яшади. Уйқум қочса, у ҳам бедор, овқат емасам, унинг ҳам иштаҳаси йўқоларди. Мен чарчасам, тинка-мадори қуриган тўқсон ёшли кампирдай, оёқларини судраб босарди. Мен сабаб онам эрта қариди. Бир томони олтмишинчи йилларнинг заҳар-заққумли оғир меҳнати, иккинчиси менинг оғир касалим онамни бир чангалгина қилиб ташлади. Мен қоқилсам, у йиқиларди. “Оҳ, болам-а, қанийди сен ҳам одамлардай ўз нонингни ўзинг олиб, синдириб есанг. Худодан тилаганим, одамлардай соғлом, серфарзанд бўлгин. Ризқинг бутун, умринг узун бўлсин”, деб дуо қиларди. Шунда ҳам онам мен учун қайғуриб, куйиб, кул бўлиб бораётганини билмабман. Энди билдим, оналарни қаритадиган ҳам, яшартирадиган ҳам, яшнатадиган ҳам боласи экан. Мен инжиқ, елимдек ёпишқоқ касалликка мубтало бўлган эдим. Онамнинг бошимда ҳайкалдек қотиб турганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар-ҳар замон пешонамни силаб, юмшоқ, иссиқ панжаларини юзимга-кўзимга ишқаларди. Бу қўллар нақадар меҳрли, нақадар ёқимли эди, ундан аъзои баданим роҳатланиб, меҳр булоғидан сув ичгандек, юрак-бағрим қониб яйрарди.
“Она, болалар билан бир ўйнаб келсам, майлими?” дердим. Юзимга термилиб: “Кўп ўйнамагин, чопма, толиқиб қоласан”, дердилар раҳматлик. Энди ўйласам, онам зукко экан. “Йўқ, ўйнамайсан” десалар борми, менда яшашга ишонч йўқоларди. Болалар билан ўйнаб юришга ҳавасим кетиб, бир кун ўйнасам, ҳафта-ўн кунлаб тинка-мадорим қуриб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолардим. Ота-онамнинг кўрсатмаган дўхтири ҳам, ичмаган дорим ҳам қолмади. Бу дорилардан бир пиёла иссиқ сувчалик наф кўрмадим. “Касал бўлсанг ҳам, шукр қил”, дердилар онажоним. Шу биргина нурли сўз қалбимни қуёшдек ёритиб турарди. Менинг касалим асаб тизими толиқиши экан. Шифокорлар уни руҳий ҳамда жисмоний таъсир орқали даволашаркан, толиққан асаб тугунларини қўзғатиб, тиклаб соғломлаштириш илмий асосланган экан. Олтмишинчи йилларда мени силаб-сийпаб, қулоқларимдан, оёқларимдан, панжаларимдан тортқилаб муолажа қилган нуроний отахон сабаб онадан соғлом ва бақувват туғилгандек ҳаётга қайтиб, катта-катта қадам ташлаб юришга илк бор ишонч ҳосил қилдим. Онам Аллоҳдан сўраганидек, нонимни ўзим синдириб ейдиган даражага ҳам етдим.
Кейин оила деб аталмиш боғ ҳам барпо этдим. Унда фарзанд, невара, чевара, эвара деган кўчатлар униб-ўсиб бўстонга айланди. Онамнинг дуоларини ижобат қилган Аллоҳга шукроналар айтаман. Онам болалар билан ўйнаб-кулиб юрганимни кўрса, севиниб чеҳраси қуёшдай порларди. “Менинг болам ҳам элнинг боласи бўлиб, элга қўшилди-я, Аллоҳим, элдан айирма, эл бўлиб яшасин”, деб дуо қиларди. Шунинг учун ҳам оналар ҳадиси шарифларда улуғланган-да.
Онамдан бошланган ҳаёт мен учун бахт эшигини очди. “Нон-тузинг шу Ватан туфайли. Уни оқлаш учун умр охиригача Ватан деб меҳнат қилмоғинг, уни оилангдек асрамоғинг зарур. Шунда барака топасан. Ватан она тимсоли бўлиб, бошингни силайди. Меҳнатингга муносиб олқиш ва эъзоз беради”, дерди онам раҳматлик.
Худди шундай бўлди. Қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Эл-юрт мени эъзозлади. Кўксимга нишонлар тақди. Онамдан бошланган ҳаёт – Ҳисор тоғидан эниб келаётган азим дарёдай ташна қалбимни суғориб, озиқлантириб турди. Оналар бор экан, иншааллоҳ, бундай дарёлар қуримайди.

Саодатли ОСТОНА,
Қашқадарё вилояти

 

 

 

Ота-она меҳмондир

 

 

 

Аллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).
Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.
Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.
Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-аҳлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.
Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.
Расулуллоҳ ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...

Фазлиддин МУСАХОВ,
Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

 

Она ва завжанинг оилада ўрни

 

 

 

Жамиятнинг бўғини бўлмиш оилаларнинг тинч-тотув, хонадонларимиз файзли бўлиши ва турмушимиз осудалигида муҳтарама оналаримиз билан бир қаторда аҳли аёлимизнинг ҳам ўрни каттадир. Улар фарзандларимиз тарбиячиси, бизларнинг меҳрибонимиз ва суянчиғимиз, кези келганда доно маслаҳатчимиздир. Хўш, оналар ва завжалар оилада муҳим ўринга эга эканлар биз эркаклар уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу иккисидан қай бирининг ҳаққи улуғроқ? Бу каби саволларга жавоб топиш учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига назар солинса, етарли маълумотларга эга бўлинади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَبَرُّ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ ثُمَّ مَنْ قَالَ: أَبَاكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “(Бир киши томонидан:) “Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай”, дейилди. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деб сўради. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деди. У зот яна: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деганида, у зот: “Отангга”, дедилар” (Бухорий , Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан улуғроқ экан. Энди қайнона ва келиннинг эркакдаги ҳаққи бир-биридан қанчалик фарқ қилишини тасаввур қилиб кўринг.
Биз эркаклар мана шу ривоятдан келиб чиқиб энг кўп яхшиликни онамизга қилишимиз, шу билан бирга завжамиз ҳаққини ҳам унутиб қўймаслигимиз талаб этилади. Онанинг ҳаққи ҳар нарсадан устун. Келин қанчалик чиройли, доно, уддабурон, қўл-оёғи чаққон бўлмасин, муштипар онамиздан ортиқ ва афзал бўлолмайди. Шуни ёддан чиқармаслик лозим. Динимиз Ислом бизларга энг биринчи навбатда онага, сўнг отага яхшилик қилишга чақирган. Зеро ота-онанинг ҳаққи улуғдир.
Завжамизга қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида қуйидаги ривоятда набавий таълим берилган.

وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لأَهْلِي وَإِذَا مَاتَ صَاحِبُكُمْ فَدَعُوهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Оиша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши (муносабатда) бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз аҳлига энг кўп яхшилик қиладиганингизман. Агар соҳибингиз(дан, яъни оила аъзоларингиздан биронтаси) вафот этса, унга дуо қилинглар” (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Баззор ривояти. Ҳадис лафзи Термизийга тегишли ва унинг ривояти санади саҳиҳ).
Ҳадисдаги “аҳл”дан мурод кишининг оила аъзолари, хусусан завжасидир. Бошқа ривоятда “сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхшилик қиладиганингиздир”, деб очиқ-ойдин баён қилинган.
Ушбу ривоятда тирикларга ҳам, вафот этиб кетганларга ҳам бирдек яхши муомалада бўлиш, тирикларга яхши сўз, ширин муомала билан эзгулик улашиш, вафот этиб кетганлар ҳаққига дуои хайрлар қилиш, улар ҳақида ёмон гап айтмаслик, ғийбат қилмаслик лозимлиги таъкидланмоқда.
Мазкур ривоятга кўра, мусулмонлар ичида қайси бир эркак оила аъзоларига, хусусан завжасига яхши муомалада бўлса, ўша банда уммати муҳаммадиянинг энг яхшиларидан бири бўлар экан.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши бу масалада ўртача йўлни танлаши лозим. Онасини рози қиламан, деб фақат онага яхшилик қилиб, завжани хорлаш, унга ёмон муносабатда бўлиш, хотинини одам ўрнида кўрмаслик ҳам нотўғри. Аксинча, завжага ортиқча эътибор бериш, уни либос ва таом борасида кам-кўстсиз қилиб, онани бир бурда нонга зор қилиб, оч-наҳор, юпин ҳолда ташлаб қўйиш катта гуноҳ. Балки киши энг биринчи навбатда уни дунёга келтириб вояга етказган онасини эъзозлаб, унинг ҳақларини адо қилиб, кейин завжасига яхши муносабатда бўлиши, умуман олганда оила тинчлиги, фаровонлиги йўлида имкони борича ҳаракат қилиши керак. Сабаби ҳар бир мўмин-мусулмон эркакнинг оиладаги масъулияти катта ва қайнона ҳамда келин ўртасидаги муносабатлар яхши бўлишида ҳам асосан унинг ўрни муҳим саналади.

Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов

 

 

 

Муҳаммадшокир отанинг уйи

 

 

 

Оиламизнинг Муҳаммадшокир исмли бир қадрдони бўлар эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Бир куни мени шу кишидан хабар олиб келишга юборишди. Ўшанда энди ўн олтига кирган ўсмир эдим, ҳали дунёнинг паст-баландига унчалик ақлим етмас эди. Сўраб-суриштириб, Муҳаммадшокир аканинг уйини аранг топдим. У Наманган шаҳрининг адир қисмида, Шимолий Фарғона каналининг шундоққина ёқасида, шаҳар қабристонига туташ Олтитош деган жойда яшар экан. 
Энди у кишининг уйини бир тасаввур қилинг: ерга қапиштириб солинган чоғроққина бир уй-даҳлиз. Томига шифер ёки тунука ҳам ёпилмаган. Дераза ўрнига кичикроқ бир парча ойна деворга қўшиб суваб юборилган.  Устидан кигиз михланган эшик ҳам уйга яраша. Даҳлизда ўчоқ, токчада шамдон чироқ, демак электр, газ деган аср қулайликлари бу хонадонга етиб келмаган. 
Суҳбат асносида Муҳаммадшокир ака ўн беш йилдан буён шу ерда муқим яшаётганини, дўкондан фақат гугурт, туз, керосин сотиб олишини, қолган ҳамма нарсани ўзида етиштиришини, кеч кузда уй ёнидаги боғдан чиққан ҳосилни сотиб, кийим-кечак, рўзғор ашёларининг бир йиллигини ғамлаб олишини  гапириб берганида, гапнинг рости, худди бошқа оламга келиб қолгандай бўлган эдим. Яшириб нима қилай, ўшанда Муҳаммадшокир ака, у кишининг аёли ва икки фарзандига роса раҳмим келган. Маданиятдан, шаҳар қулайликларидан узилиб, мана шундай «ғарибона, фақирона» ҳаёт кечираётганига афсусланганман. Иложсизликданми, ёки бирор касби бўлмаганидан ўзига шундай ҳаёт тарзини танлаган бўлса керак, дея тахминлар қилганман.
Орадан йиллар ўтиб, улғайдик. Ҳаётнинг икир-чикирларига ақлимиз етадиган бўлди. Турли кишиларнинг шоҳона уйларини, фаровон ҳаётларини, ҳисобсиз бойликларини ҳам кўрдик. Ўзимиз ҳам чиройли уйлар қуришга, рўзғорни қулай қилиш учун турли жиҳозлар сотиб олишга, кўпроқ пул топиб, «яхшироқ, фаровонроқ» яшашга рағбат кўрсатдик. Лекин ана шу рағбатлар, дунё шаҳватларига интилишлар кучайгани сайин, ҳаётимиз тобора қулайлашиб-яхшилангани билан турмушимизда, руҳиятимизда нимадир етишмаётгандай, кўнглимиз нимадандир тўлмаётгандай бўлаверди. Бунинг асл сабаби орадан кўп йиллар ўтиб яна Муҳаммадшокир отанинг уйига йўқлаб борганимда аён бўлди. У киши ҳамон ўша тахлитда умргузаронлик қилар, уйининг ёнидан ўтган электр ва газни инкор қилиб, «эскичаси»га ҳаёт кечирар эди. У билан суҳбат қурар эканман, анча кексайиб қолган Муҳаммадшокир  ота турмушидан мамнунлигини изҳор этиб, тинмай Яратганга шукрона айтар, сўнгги соатини интиқлик билан кутар эди. 
Шунда мен анчадан буён йўқотиб қўйган нарсамни топиб олгандай бўлдим. Мен яратилиш фитратимдан, аслиятимдан, оддийлигимдан, қаноатимдан, табиийлигимдан узоқлашиб кетган эканман. Безовта қалбим, хотиржамлик истаган нафсим яна ўша аслиятга қайтишни хоҳлаётган экан. Муҳаммадшокир отанинг аёли дастурхонга келтирган қора тандир нон, бир ҳовуч туршак ва жийда, сопол косада ивитилган қатиқ, олма ва шафтолининг қуритилган гулидан дамланган чой ҳаётимдаги энг тансиқ ва мазали таом бўлганини кейин ҳам узоқ вақт унута олмай юрдим. 
Кейинчалик у кишининг турмуш тарзи қанча-қанча одамларга бир умрли етиб бўлмас армон, ушалмас орзу бўлиб қолгани ҳақида  кўп ўйладим. Ҳовлисига саройларга ўхшаш муҳташам, серҳашам меҳмонхона қуриб қўйиб, бир марта одам тўплаганидан кейин ҳафсаласи пир бўлгач, «кўзимга шунақанги хунук кўриниб қолдики, булдозер опкелиб таг-туги билан буздириб ташласаммикин», деб фиғон чеккан танишимнинг аҳволини кўрганимда Муҳаммадшокир ота эсга тушаверади. Ёлғиз ўғлига атаб икки қаватли, йигирма беш хонали уй қурган бошқа бир танишимнинг «ҳали ўзим иккинчи қаватга чиқиб кўришга улгура олмадим», дея зорланганини эшитиб, Муҳаммадшокир ота хаёлга келаверди. Бойликдан, ҳашамдан, дабдабадан роса тўйган бир арбобнинг «қишлоқнинг энг четига пахса деворли уй қураман, чойдишда чой дамлаб, ўчоқда овқат қилинадиган бўлади», деган орзусини эшитганимда дарров Муҳаммадшокир отани ўйлайман. 
Ана шундай пайтда «Дунёга ўзи нима учун келганмиз, фақат еб-ичишу, башанг кийимлар кийишгами ёки баланд уйлар қуришу хорижий машиналарни минишгами?» деб ўзингга ўзинг савол бергинг келиб қолади. Аммо ҳаёт ҳақида жиддийроқ ўйлайдиган кишилар бу саволларга бошқача жавоб беришади: «Йўқ, фақат булар учун эмас! Тўғри, дунёга келдингми, ҳаёт кечириш учун бу нарсалар ҳам зарур бўлади. Ҳа, улар фақат зарурат холос, ҳаётнинг асл мақсади эмас, ҳамиша интиладиган, ҳамма нарсани унга қурбон қилиб юборадиган орзу-мақсадлар эмас. Парвардигор дунёни инсонларга дунё ҳаётида яшаш баробарида асл дунё учун тайёргарлик кўриш маскани сифатида танлаган». 
Биз дунёга унинг лаззатларига ғарқ бўлиш, неъматларини қўлга киритиш йўлида мусобақалашиш, мол-дунёга рағбат кўрсатиш учун келмаганмиз. Дунё биз учун абадий ватанимизга олиб борувчи йўлдаги бир карвонсаройдир, сафарга отланганлар учун бир қўним жойидир. Йўлдаги мусофирхоналарда жиндай тамадди қилиб олинганидай, бироз ҳордиқ чиқариб куч йиғилганидай, дунёдан ҳам бир йўловчи мусофир каби ўтишимиз керак. Ўша мусофир карвонсаройдаги ҳашам ва  қулайликларга қанчалик бепарво, ошхонасидаги таомларнинг тури ва мазасига қанчалик беэътибор бўлса, дунё ҳаёти ва унинг неъматларига ҳам шундай муносабатда бўлишимиз керак.  
Инсон дунёга келибоқ ўзига омонатга берилган Ер ва унинг устидаги барча нарсалардан фойдаланишга киришади. Ҳақиқатан ҳам дунё ва ундаги нарсалар инсон учун яратилган. Инсон бу замин устида кияди, ейди, ичади, уйланади, бола-чақа орттиради, ибодат қилади, хулласи, не мақсадда яратилган бўлса, шу мақсад йўлида тайёргарлигини қилади. 
Донишмандлар айтишадики, ким ана шу берилган нарсалардан фақат керагини, ўзига буюрилган миқдордагисини олиб ишлатса, у тўғри йўл тутган бўлади ва мақталади. Бордию у ҳожатидан ортиғини олиб, очкўзлик қилса, ёмон йўлга кирган бўлади ва бунинг учун  қораланади.  
Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир инсоннинг яшаши учун нима нарсалар зарур бўлади? Яшашга битта маскан, ётгани кўрпа-ёстиқ, кийгани бир, борингки икки сидирға кийим, очдан ўлмаслик учун кифоя қиладиган егуликлар… Хабарларда айтилишича: «Одам болаларининг іуйидаги нарсалардан бошіа µеч бир µаііи йґідир: яшайдиган уйи, авратини тґсадиган кийими, ноннинг ґзи µамда сув». 
Энди ўзимизнинг турмушимизга бир назар ташлайлик: битта оилага бир уй-даҳлиз кифоя қилгани ҳолда йигирматалаб хонаси бўлган бир неча қаватли уйларни қуриб олганмиз. (Бир танишим яқинда  қўшниларига тақлид қилиб, қурилганига беш йил бўлган яп-янги уйини бузиб бошқатдан қуряпти). Қўша-қўша қишки, ёзлик, баҳорги, кузги кийим-бошлар… Буларнинг кўпи «урфдан қолди», «ярашмаяпти шекилли», «тикувчим бичимини ўхшата олмапти» деган айбномалар билан анчадан буён кийилмай куяга ем бўлиб ётгани ҳам рост гап. Пойабзалимиз ҳам бир неча жуфт: ёзги, қишки, мавсумий, кўчага, уйга, меҳмондорчиликка, маҳси-калиш, этик каби бир неча хил ва кўринишда. Машинамиз ҳам ишга, оилага, дам олишга миниладиган каби хизматларга алоҳида-алоҳида тақсимлаб қўйилган.  
Ўтмишдаги солиҳ аждодларнинг ҳаётлари бугунгидай тўкин бўлмаган. Уларнинг кўплари вафот этишганида  катта-катта қарз, битта қурол, жойнамоз, обдаста, тери пўстак ва бир сидирға кийим «мерос» қолган. Мадинада «Суффа аҳли» деган фақирлар ҳам бор эди, уларнинг уйи ҳам, моли ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган, масжид ёнидаги суффада яшашган. Уларнинг бирортасида ҳатто чопон йґі эди.  
Машҳур шайхлардан Молик ибн Динор ҳазратларининг бисотларида битта бўйра, Мусҳафи шариф ва кўзачадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бир куни бир одам у кишига янги кўзача ҳадя қилди. Эртаси куни эрталаб Шайх ҳалиги кўзачани дўстларидан бирининг қўлига тутқазиб, «Қардошим, шу кўзачани ол, ажибки кеча оқшомдан буён «ишқилиб, кўзачани бирортаси ўғрлаб кетмасин-да», деган хавотир билан юрагим нотинч, беҳузурман», деди. 
Агар  «Илгариги даврларда шундай бўлса, бўлгандир, ҳозир тўкинчилик, фаровонлик замони, ҳамма нарса модда билан ўлчанадиган бўлиб кетган, энди бу тахлитда кун кечиришнинг иложи йўқ-да», деб эътироз билдирадиганлар бўлса, унда ҳозирги кунимиздан мисол келтирай. Эроннинг руҳоний раҳнамоси Оятуллоҳ Ҳумайний хориждаги ҳижратидан Эронга қайтиб келганидан сўнг Қум шаҳрида камтарона бир кулбани макон тутди. Хонанинг бор жиҳози кўҳна бир диван, шолча, Мусҳафи шариф, битта обдаста, жойнамоз ва асо бўлган. Ҳумайнийнинг ўғли «Отажон, сиз Эроннинг руҳоний раҳбарисиз, ҳузурингизга турли давлатлардан мўътабар меҳмонлар келиб туради, ҳеч бўлмаса мана шу диванни янгилаб қўяйлик», деганида, Оятуллоҳ: «Меҳмонлар уйнинг жиҳозларини эмас, Ҳумайнийни кўргани келишади», деб жавоб қайтарган экан.     Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. 
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» китобида «Девонанинг дунё ва охират ҳақида айтганлари» деган ҳикоят бор:
Кимса бир девонадин сўрди савол:
Не эмиш ул икки олам чун хаёл?
Деди: бу икки жаҳон баланду паст,
Қатра сувдир, бор эмас ул, йўқ эмас.
Қатрайи сув бўлди аввал ошкор,
Қатрада акс этди сўнг нақши нигор.
Ҳар неким сув эрди, кўр охир ҳисоб,
Гар темирдин эрса ҳам бўлди хароб.
Борму бир нарса темирдек қаттиқ ул?
Боқ, ўшал ҳам сув била ҳосил бўлур.
Ҳар неким ул аввали сув эрди, бас,
Охири тупроқ бўлиб, топгай абас.
Сувда кўргайму киши сабру қарор?
Сувда тургайму иморат устувор?
Энди инсоният яратилганидан буён бу кўҳна замин устида бўлиб ўтган ишларга ғойибона бир қур назар ташлаб чиқайлик. Одам Ато замонидан буён куррамиз устида не воқеалар бўлмади, кимлар келиб, кимлар кетмади. Дунёни зир титратиб, ҳамма ёқни қонга ботирган саркардаларни ҳам, қудрати ва бойлигининг исига маст бўлиб ҳатто худолик даъвосини қилган ҳукмдорларни ҳам, илмига маҳлиё бўлиб, Ер устини алғов-далғов қилиб юбораман, деган олимларни ҳам кўрди бу курраи замин. Уларнинг орасида Муҳаммадшокир ака каби бир четда, камтарона, ҳеч кимга малоли келмай, Яратганнинг берган кунига шукр қилиб яшаб ўтган одамлар ҳам кўп бўлди. Илм-фан энг чўққисига чиқиб, инсоният ҳатто фазоларни ҳам «забт» этаётган бугунги кунимизда ҳам сайёранинг энг овлоқ гўшаларида – Амазонка ўрмонларида, Тинч океанидаги оролларда ёки Саҳрои кабирнинг кимсасиз қумликларида ҳамон ўрта асрлардаги каби оддийгина, ибтидоий кўринишда, дунё ҳазораси (сивилизатсияси) қулайликларига «иши тушмай» ўтаётган минглаб-миллионлаб кишилар бемалол яшаб юришибди. 
Агар маданият ўчоғи ҳисобланган Лондон ёки Парижда яшаётган бир оврупалик билан Саҳрои Кабирдаги оми саҳройидан «сиз бахтли яшаяпсизми, турмушингиздан розимисиз?» деб бараварига сўраб кўрсангиз, иккови ҳам тасдиқ ишорасини билдиради. Чунки оврупалик ҳам, саҳройи ҳам ўзига берилган умрни яшаб, ато қилинган ризқни еб куни ўтиб турибди. Агар ғарблик қулай ҳаёт тарзи, фаровонлик ва тўкин дастурхонни бахт тимсоли ҳисобласа, шарқлик бадавий саодатни оддий, камтарона ва бировга бўйсунмай яшашда деб билади. Оврупалик илм-фан тараққиёти билан биз инсониятни бахтли келажак сари олиб боряпмиз, деб ўйласа, саҳройи одам «инсонлар тараққиётни жадаллаштирганлари сари эртаси бўлмайдиган кун соатларини ҳам тезлаштиришяпти», деб фикр юритади. Бу мангу тортишувда ким ҳақу, ким ноҳақ, буниси ёлғиз Яратганнинг Ўзига аён.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ