1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

"Модница" кампирлар

 

 

 

Кимнинг чеҳраси офтобдай балқади? Юзларидан нур томади? Қайси одамда иймон сифатлари  ёғилиб туради? Ажин чизиқлари узоқ-узоқ йиллардан, зил-замбил йўллардан сўзлайдиган кимнинг юзи?

—Албатта, қари, кекса ёш кимсанинг,- дейди, биров.

— Тўғри-да! «Қариси бор уйнинг париси бор» деб бежизга айтишмаган,- қувватлайди бошқаси.

— Йўқ, -дейди бир қайсар одам.- Ҳамма ҳам кексайган билан нуроний, фариштали бўлиб қолмайди. Мен шундай суратли одамларни кўрганман: улар дунёда кўп яшашган-у, аммо дунё кўришмаган. Тевараклари тор. Қариб-қартайган бўлсалар ҳам ҳаёт дарсини уқишмаган. Инчунин, юзлари қуёшдай балқмайди, аксинча совуқ рафторларидан ёвқур булутларнинг қутқуси томчилаб туради. Бундайлардан ҳамма ҳайиқади. Улар ўзларидан ҳайиққан одамларни «Ҳамма мени ҳурмат қилади» деб ўйлашади ва ўзларининг бу ўйловларидан керилиб, мақтаниб юришади.

Ана шунақа. Қайсар одамнинг фалсафаси ҳам худди ўзидай тош-метин. Эшитганларидан кўра кўрганларига кўпроқ ишонади бу одам. Чапланган жилони ёқтирмайди у. Ҳар рангни ўз жилосида қадрлайди. Инчунин:

— Фариштали одамнинг олдида,- дейди у яна,- беихтиёр таъзим қиласан, қўлинг кўксингга боради. Беихтиёр эгиласан унинг қошида. Қилаётган ҳурматларинг етмиш икки томирингдан беихтиёр оқиб келади. Бундай одамларнинг сўзлари ҳикмат, кўз қарашлари насиҳатдан иборат. Улар ишшаймайди, ним табассум билан боқади. Ярашиқли либос кияди.

«Афсус, деган экан қайси бир дониш, дунё ўзгармоқда, шунга қараб одамларнинг руҳи ҳам». Аммо бу ўзгаришлар, «оммавий маданият», ғарбона (ғарибона!) ҳаётга интилиш, «замонавий»лик ёшларни ўз домига тортгани етмагандай, кексаларимизга ҳам  салбий таъсирини кўрсатяпти. Кекса ёшли онахонларимизнинг кияётган кийимларини, пардозини кўрсангиз энсангиз қотиб, тишларингиз ғижирлаб кетади.

- Ишдан борсам,-дейди бир дугонам фиғони ошиб. - Пардоз воситаларим сочилиб-ёйилиб турибди. Ҳайрон бўлдим: шахсий нарсаларимга биров тегмасди. Боз устига бу уйда мен ва қайнонамдан бошқа аёл йўқ. «А-а-а!- дедим ўзимча, қайнона-ойижонимнинг ёш бўлгилари келиб қолибди-да. Йўқ, адашмабман. Бир маҳал ана шу алфозда хунобим чиқиб ўтирсам, дарвозадан қайнонам кириб келдилар. Вой, дугонажон, ишон! Оғзим ланг очилиб қолди! Қани энди ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам. Ахир кўча-куйда мингта таниш: айтгандир, бири бўлмаса, бири- «Фалончининг қайнонасининг томи кетиб қолибди» деб. Ишонсанг эгниларидаги кўйлак нақ мана бу ердан,- у шундай дея сонининг тиззасидан бир қарич тепа қисмини кўрсата туриб сўзида давом этди.- Ёқа вофшим йўқ! Бужмайиб, чизиқ тортилгандай сўлиб қолган кўкракларини ка-а-атта очиқ. Беллари таранг тортилган алламбало кўйлак кийволган. Афт-ангорларига аямай бўёқ чаплабдилар. Кап-катта одам ёшига ярашиқли кийиниб- бўянса-да. Яна ёшлардан ёзғиришади. Аслида айб ўзларида, ўзларига номуносиб ҳатти-ҳаракатлар билан ёшларга «ибрат» бўлишади. Ўзимни босиб туролмадим: «Вой ойижон, шу аҳволда қаердан келяпсиз», десам, қайнонам бир ўқрайди-да, «гапимиз бор эди бугун. Аҳволимга нима қипти?! Тилингиз бурро-ку келинпошша», деди қаҳр-ғазабини кўзидан ёғдириб…

Унинг гапларини эшита туриб саратон кунларининг бирида  автомаршруткада ўзимнинг ҳам ғашимни келтирган ҳолатни эсладим. Кўринишидан элликлардан ошган бир аёл сузилиб ўтирибди. Эгнидаги кийимларини кўрсангиз борми, ДАҲШАТ! Комбинзонми бир нима дейиладиган, тепаси кўкраккача, пасти тиззагача бўлган алламбало кийиб олган. Қўллари, кўкраклари, бўйнию оёқлари шунақанги бужмайган, хунук аҳволдаки, кўзи тушган одам бир сесканиб тушишиши аниқ. Яна денг, баданида майда-майда оқ доғчалар ҳам бор экан. Ҳалиги нусханинг шундоқ рўпарасига ўтиришимга тўғри келди. Туғилганидан бери юз-кўзига бўёқ чаплайди чоғи, афт-ангоридаги узун-қисқа чизиқлардан башараси поезд рельсига ўхшаб кетади. Яна шу ҳолига қовоғию кўзининг халта бўлиб ётган пастини «гулзор»га тўхшатиб безаб-бежаб қўйибди. Лаб, таниқли қизиқчимиз айтганидек, «ғунча»(!), кампиршо сузилиб-нозланиб ўтирибдилар. Гўёки ўн саккиз ёшларига қайтганлару, бу «тароват»лари билан оламни «нур»га тўлдиряптилар. Башараям башарахон! Афт-ангорию эт-устихони шунақанги жирканчки, кўзларимнинг қарғишига қолмай деб ундан юз бурсам, бўйним қийшайиб оғрийди, тўғримга қарайман десам… рўпарамда қари урғочи шайтон ярим яланғоч ҳолда турибди… Ўзбек эмасдир у, дейсизми? Кечирасиз, мен ҳам афт-башарасидаги бўёғию кийган кийимидан ўзбекмасдиров, деган хаёлга борган эдим. (Аслида миллатдошларимиз орасида ҳам унақалар анчани ташкил этади!) Лекин телефонда ким биландир ўзбекча гаплашиб, нима овқат тайёрлаш ҳақида буюртма берганидан билдимки, ўзимиздан экан. Таассуфки, ўзбек экан! Гарчи ўзим хоҳламасам-да, унга тикилган куйи яна қишлоғимнинг кексаларини, раҳматли бувижонимни эсладим. Мақтаниш эмасу, бувим нафақат маҳалламиздаги, балки мен билган бувиларнинг ичида энг чиройлиги, энг фаришталиги эдилар. Юзлари оппоқ, тиниқ, кенг ўралган оқ рўмол ичида ҳуснлари ярқирраб, чеҳраларига янада нуронийлик, тароват бағишларди. Етмишдан ошиб омонатларини топширган бувимнинг юзларида битта ҳам ажин йўқ эди! Сизга ёлғондир аммо, Худога рост, умри далада ўтган, айни навқирон ёшлиги уруш йилларига тўғри келиб, кўргани меҳнату ранж, топгани изтироб бўлган, фарзанд доғидан кўнгли садпора бувимнинг юзида ажин тугул, биттагина кўз илғамас нуқта кўринмасди. Улар ғам-ташвишни кўнглига олмаган, изтироб чекмаган, дейсизми? Адашасиз! Бувим раҳматлининг кўзлари кулиб, юраги қон йиғлаб турарди. Бу ўткинчи дунёнинг ҳамма синовларига кўкрак тутганлардан эди, раҳматли. Яхшилаб ўйласам, бувим ва унинг замонасидаги кексаларнинг юз-кўзидаги нур, ҳусн— уларнинг ёмон назар ва номаҳрамларнинг ҳирс билан тикилишларига дуч келмаганларидан экан! Бизга ўхшаб сонларини, кўкракларини, бўйнию елкаларини очиб, тирсиллама тангу тор кийимларни киймагани учун ҳам улардан фаришта қочмаган экан. Қолаверса, ўша пайтнинг кексаларидаям, ёшларидаям ҳасад бўлмаган, кибр бўлмаган. «Нега бунда бор менда йўқ, нега бу яхши кийинади мен кийинолмайман, нега фалончида иккита машина бор, менда битта» ва ҳоказо каби шайтоний ўйлар оромимизни туну кун ўғирлагани касофатига ёшимизга нисбатан катта кўриняпмизми, тез қарияпмизми деган ўйлар ҳам миямга қуйилади баъзида. Момою боболаримизнинг бизга ўхшаб ётганида ҳам-турганида ҳам дунё орзу-ҳаваслари эс-ҳушини банд қилиб, телбага ўхшатиб қўймагани учун кексайганида юзида файзу иймон билан қариган эканми, деб ўйланиб қоламан. Хуллас, ҳозирги кексаларнинг ҳам қандайдир, турқи, кийиниши, гап-сўзи одамга ёқмайди-да.

Билиб турибман, гапларим сизга маъқул келмаяпти. «Атрофдагиларга ҳам қараш керак-ку, ёнингдагилар қўша-қўша иморатлар, сўнгги русумдаги машиналар, зебу зийнату кийим бошларини кўз-кўз қилиб турганда, мен индамай қисиниб қимтиниб юрайми», деб энсангиз қотяпти. Йўқ, биродарим, қисиниб-қимтиниб юринг, демоқчи эмасмиз. Камбағалликдан, қашшоқликдан Ўзи асрасин! Фақат бундоқ мулоҳаза билан, кимлигингизни, қайси миллат вакили эканингизни унутмай, ўзлигингиз, аслингиздан чекинмай юринг, демоқчимиз холос. Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингизда миллатингиз ўзбеклиги кўрсатилганини инобатга олмаганда, афт-ангорингизу юриш-туришингиз, кийинишингиз, ҳаттоки гап-сўзингиз, феъл-атворингиздан ҳам ўзбек эканлигингизни билиш мушкул бўлиб қоляпти.

Атрофга мулоҳазали назар соладиган бўлсак, одоб, андиша, ҳуснихулқ, деган нарсалар ёшлар тугул, ҳатто кексалар учун ҳам ёт тушунчага айланиб бораётгани ҳар қандай миллат тақдирини ўзининг тақдирига дахлдор, деб билгувчи одамнинг кўнглига оғриқ солади. Кўчада етаклашиб юрган она-қизларга қараб, опа-сингил, деб ўйлайсиз. Чунки она деганлари ҳам фасонликда қизидан ўзса ўзадики, ортда қолмайди. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бир парча матони эгнига илволган, юз-кўзи болаларнинг расм дафтаридай бўялган она, қандай қилиб қизидан сипо, камтарлик билан кийинишни, тирноқ ўстириш гуноҳ эканинию, ҳар хил кимёвий воситалар юз терисига салбий таъсир кўрсатиб, эрта қаришга олиб келиши ҳақида гапириши мумкин?! Халқимизда, қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Эътибор беряпсизми, «кўрганини» дейиляпти, «эшитганини» эмас! Бола кўнгли шунақа, кўрган нарсасини ўзлаштириб олади. Катталардан кузатганларини ўрганиб кетаверади. Сиз ёшингизга, кўринишингизга, миллатингизга хос бўлмаган кийимларни кийсангиз-да, фарзандингиздан очиқ кийимларни, майкаю шортик киймасликни талаб қилсангиз…

Биз ўзбеклар шарқона одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбияланганмиз. Нафақат гап-сўзимиз билан, балки амалларимиз билан ҳам фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз даркор.

Журналистика факультетини эндигина тамомлаган жиянимни етаклаб хусусий нашрлардан бирига бордим. Ижодий гуруҳ директорининг хонасидаги тамаки тутини нафасимизни қайтариб, томоғимизни бўғиб қўйди. Директор хоним енгию ёқаси йўқ кўйлакда бармоқларига сигарета қистириб олиб, тамаки буруқситяпти. Олдидаги кулдон тўлиб қолган. Иш столи устида пиво бутилкаси, ярим ичилган шиша идишда ичимлик. Нима мақсадда келганимизни эшитиб, аввал кўзларини суздилар, сўнг тавозеъ билан ёш ижодкорга насиҳат қила бошладилар. Чамаси бирор соатча ўша ерда ўтириб кашанда газетчи опанинг ваъзларини тинглашга мажбур бўлдик. Ташқарига чиққанимиздан кейин жияним лабини буриб, энсасини қотирди:

— Мен ишсиз қолиб кетган тақдиримда ҳам бунинг газетасида ишламайман. Сафсатабознинг насиҳатлари ортиқча тағин. Аввал ўзига боқсин у. Уялмай-нетмай аёл бўла туриб сигарета чекяпти. Кийиб олган уст- боши-чи! Унинг эри борми ўзи?!.. 

Биз ёшлардан нолиймиз, улардан ўпкалаймиз, норозичилигимизни достон қилиб айюҳаннос соламиз. Аммо-лекин улар ибратни кимдан оляпти, ёшларимизга қандай ўрнак кўрсатяпмиз, деб ўйлаб кўрмаймиз. Тўғриси, ўшанда биз иш излаб борган хусусий нашр директори жиянимга ижодкор учун, қиз бола, аёл киши учун ҳаётда асқотадиган маслаҳатларни берди, касб одоби, журналистнинг хулқи борасида хўп қулоққа ёқадиган гапларни гапирганди. Аммо кийган кийимларию қилиб ўтирган иши ёшларга насиҳат қилиш, ёш ижодкорларга журналистиканинг касб одоби ҳақида «қўшиқ куйлаш» уларга эмаслигидан далолат эди.

Таниқли ижодкорлардан бири билан бола тарбияси, ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқи, маънавияти ҳақида суҳбатлашиб қолганимда, улар, «бола бизники, унинг тарбияси, маънавияти, одобу ахлоқи бизнинг обрўйимиз, шаънимиз. Шундай экан, фарзандларимиз феълида қусур сезсак уни ўзимиз тузатмоғимиз керак. Четдан биров келиб бизга боламизни тарбиялаб, айбини тузатиб кетмайди» деган эдилар. Бу фикр ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо айтмоқчиманки, ёшларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш учун авваломбор, катталарнинг ўзи тарбияланган бўлиши даркор. Нима дедингиз?

 

БАҲОР

 

 

 

Эски мавзуда янги мулоҳазалар

 

 

 

Қайнона-келин муносабатлари ҳақида айтилмаган, ёзилмаган гап қолмаган... деб ўйлардим. Тўғриси, бу мавзудаги мулоҳазалардан иложи борича ўзимни тортардим. Кейинги пайтларда турмуши бузилган аёлларнинг ҳаёт йўлига разм солиб, қайнонасидан нолиб юрганларнинг аксарияти қисматида ўзи айбдор, деган фикрга келдим. Бугунги эски мавзудаги янги мулоҳазалар айни шу хусусда.

 

Айбсиз “айбдор” қайнона

 

Жамоамизга янги ходима ишга келди. Юриш-туришидан бинойидеккина жувонга ўхшайди. Ҳамкасблар орасида тиллари буррогина жамоадошимиз зудлик билан олиб борган  “суриштирув” натижалари янги ходиманинг турмушидан ажрашгани, ҳозир икки яшар қизчаси билан ижарада яшаб юрганини аён қилди. Биз аёллар янги ҳамкасабимизга хўп ачиндик. Ахир, аёл боши билан бир болани эргаштириб ижарама ижара судралишнинг ўзи бўладими?! Қолаверса, бошида эри йўқ аёлнинг ташвиши ҳам оғир бўлади. Ходимага ўзимизни яқин тутиб, ҳар ким қўлидан келган ёрдамни беришга ошиқди. Тез кунда биз билан иноқлашиб кетган янги ҳамкасабанинг дард “халта”си очилди. Тушлик дастурхонида барча аёллар бир жойда тўпланамиз. Оила, турмуш масалалари ҳақида гап кетса, ҳалиги ҳамкасбимиз лаби лабига тегмай қайнонасини ёмонлай кетади:

—    Қайнонам нақ анаконданинг ўзи эди. Бошқоронғилигимда март-апрел ойлари роса қовун-тарвуз егим келган. Эрим топиб келишга уриниб кўрмоқчи бўлганидан, онаси, “Шунча бола туғиб токсикоз нималигини билмаган эканман. Ҳозирги ёшлар уят, ор-номус, шарм-ҳаёни тамоман унутиб юборишган. Уялмай-нетмай шу пайтда қовун-тарвуз топиб кел, деб боламни чирқиратадими?! Пешонам қурсин, менинг” деб роса дод-вой қилган. Эрим латтачайнар, ландовур роса онапарвар эди. Қайнонам ўғлини мендан қизғаниб, турмушимизни бузди. Ҳатто нораста гўдагимга ҳам раҳм қилмади...

Аёлнинг деярли ҳар кунги шикояту нолишлари ана шу гап-сўзлардан иборат бўлади. Бир одам билан яқин бўлганинг сари, унинг камчиликларини пайқаб олаверар экансан. Вақт ўтиши билан янги ходиманинг феъл-атвори, юриш-туришини обдон кузатиб, жамоамизнинг ёши катта аёллари керакли баҳо беришди:

—    Шу қизни келин қилган аёлнинг пешонаси ҳам шўр экан! Чой ичган пиёласини чайишга эринадиган, бир коса овқатни эплаб таёрламайдиган, бунинг устига салга қовоғини ўйиб, лабини қимтиб юрадиган қиздан яхши келин чиқармиди?! Келин дегани, очиқфеъл, хушрўй бўлса, табассум билан кўзингга қараб турса-да!  Қайнонаси бекорга буни ҳайдаб солмаган кўринади. Ҳақиқатан ҳам бундай келиндан Худо асрасин!

Ҳа. Аслида жувоннинг дастлабки гап-сўзлари, пала-партиш ишлари мени ҳам шу хулоса атрофида тўхтатганди. Чиндан ҳам, қайнонага она сифатида қарасак, ҳеч бир она фарзандига ёмонлик тиламайди. Минг  келинга бегона назари билан қараса ҳам, ҳеч бир она ўғлининг турмуши бузилишини, дилбандининг зурриёти сарсону саргардон юришини ҳеч бир қайноналик рутбасидаги она истамайди. Бу аниқ! Демак, юқоридаги фикрларимиз биргина кузатув асносида ўз исботини топди: қайнона-келин можароларида ҳамма вақт ҳам қайноналар айбдор эмас! Хўш, унда нега ҳамма келинларнинг бирдан бир “душман”и қайнона бўлиб қоляпти?  Қайнонажонларнинг ҳаммаси ҳам оппоқ эмас! Уларда ҳам етарлича айб бор. Бу ҳақида қуйида кузатасиз.

 

Қайнона беозор бўлса, рўзғор бозор бўлар

 

Кўпни кўрган онахонларимиз хатбошига кўз югуртирган заҳоти, барака топ, қизим, худди дилимдаги гапни гапирибсан, деворган бўлса, ажаб эмас. Даставал, шу фикр билан боғлиқ бўлган бир ҳолатни газетхон ҳукмига ҳавола этишлик жоиз деб билдим. — Келин туширишимиздан аввал онам қайта-қайта, “ҳеч қачон келинимга озор бермайман. Келинимни ранжитмайман, ортиқча гап-сўз билан кўнглини оғритмайман” деб икки гапнинг бирида  айтавердилар.  Гап орасида ярим ҳазил-ярим чин қилиб, “жуда мулойим қайнона ҳам бўлманг, биринчидан келинингиз ҳурмат қилмай қўяди, иккинчидан рўзғорингиз бозордай бўлиб қолади, биров сизнинг фикрингиз билан қизиқмайди” дегандим, онам астойдил ранжидилар. Хуллас, келин тушганидан кейин худди ўзлари айтганларидек,  келинчакни бошга кўтаргулик бўлиб юрдилар. У бирор юмушга уннамоқчи бўлса, югургилаб чопиб қўлидан юмушини олиб юрдилар. Бундан ғашим келса ҳам, чидашга мажбурман. Чидаёлмай бир-икки гап қилгандим, онам шарт-шурт оғзимни ёпиб қўйдилар. Шундай қилиб, икки ой ўтар-ўтмас, келинчакнинг тили чиқа бошлади. Ўз билганича, сўраб-суриштирмай ота уйига кетиб қоладимией, бирор иш қиладиган бўлса, онамдан сўрамайдими-ей... Энди онам келинидан нолиб юрибди. Ўзи йўлдан чиқарган келинчакни кўрарга кўзи йўқ. Аслида ҳамма айб онамнинг ўзида. Қайнона деган бироз қаттиққўл, жиддий, сермулоҳаза бўлгани яхши экан. 

Дарҳақиқат, ҳар нарсада ўзига хос меъёр-мезон бўлиши лозим. Халқимиз бежизга “қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин” демайди. Қайнонанинг назоратида бўлган келинчак, ўзини таҳлил қилиб юради. Қолаверса,  ғўр, ҳаётий тажрибаси оз келинчак қайнонаси соясида турмуш ва рўзғор учун асқотадиган кўп нарсаларни ўрганади. Назорат, талабчанлик ва албатта  меъёрий қаттиққўллик бўлмаган жойда, ўзаро ҳурмат-иззат, ишда унум ва албатта файз-барака бўлмайди. Шундай қилиб, қайнонажонлар аввало келинчакка ғамхўр она, кейин меҳрибон  устоз ва албатта ўгитгўй отин бўлишлари икки томон учун ҳам фойдали. Тўғри, арзимаган майда-чуйда келишмовчиликлар боисида оилани бузиш, ёш гўдакларни тирик етим қилиб, икки инсонни бахтсиз қилишни ёқламоқчи эмасмиз! Бу — калтабин одамларнинг иши!

Оқила, доно ва меҳрибон қайнонажонларимиз, оила мустаҳкамлиги сирларини сулув келинчакларга ўргатишни ўзлари учун дастурул амал деб биладилар. Чунки, она учун фарзандининг саодатли ва хотиржам ҳаёти ҳар нарсадан муҳим.

Нима дедингиз?

 

Умида АЗИЗ

 

 

 

Кексалик одоби

 

 

 

Чеҳрасида ой балқиб турган нуроний отахон-онахонларни кўрганингизда хаёлингиздан нималар кечади? Гўёки фариштага дуч келгандек, кўнглингизда хотиржамлик инадими? Ёнингиздан муаттар кексалик ҳидини таратиб ўтишса ортидан кўзларингиз тўла ҳавас билан қараб қоласиз-а? Кейин ўз-ўзингизга, “ажинлари ҳаёт машаққатлари, турмуш синовларидан сўйлаб турган бўлса-да, бунчалик ам ёқимли, нуроний бўлмаса бу одам? Илоҳим, менга ҳам шундай пиру бадавлатлик насиб этсин” деб қўясиз. Илоҳим, ҳар биримизга шундай кексалик, шундай иймон сифатлари юзидан ёғилиб турган қарилик насиб этсин. Ахир, зил-замбил ҳаёт йўлларининг машаққатини енгиб, кексалик саодатига етиш ҳам бахт. Фариштали кексалар ўзига ярашиқли кийинади, ярашиқли сўзлайди. Юриш-туришида ҳам, насиҳатомуз кузатишларида ҳам сабоқ бор уларнинг. Бундай нуроний, фазилатли кексаларимизнинг ҳар бир босган изи ҳикмат, ҳар бир оғзидан чиққан сўзи илм.  Бежизга қариси бор уйнинг париси бор, демайди, халқимиз.
Аммо  ҳамма ҳам кексайган билан нуроний, фариштали бўлиб қолмайди. Шундай суратли одамларни кўрамиз: улар дунёда кўп яшашган-у, аммо дунё кўришмаган. Тевараклари тор. Қариб-қартайган бўлсалар ҳам ҳаёт дарсини уқишмаган. Инчунин, юзлари қуёшдай балқмайди, аксинча совуқ рафторларидан ёвқур булутларнинг қутқуси томчилаб туради. Бундайлардан ҳамма ҳайиқади. Улар ўзларидан ҳайиққан одамларни «Ҳамма мени ҳурмат қилади» деб ўйлашади ва ўзларининг бу ўйловларидан керилиб, мақтаниб юришади. Айниқса, кўриниши қартайиб, юз-кўзидан файз ариганларнинг кийиниши, гап-сўзи, феъл-атворига назар солиб таъбинг хира бўлади.
—    Кўчага чиқиб бундоқ одамларга разм солсангиз, кампирлар қиз бўламан, дейди,- деб оғринади наманганлик муштарийимиз Абдусаттор ота таҳририятга қўнғироқ қилиб бу хусусда  мулоҳазаларини билдирар экан.- Уларнинг кийган кийимини, гап-сўзини эшитиб, ёш қизлардан ўпкаламасак ҳам бўлади, дейман баъзида. Доғ тушиб, буришиб, қаришиб кетган терисидан ҳам хижолат тортмай, енги калта кийимлар кийишади, оқариб кетган сочларига ҳар балоларни суркаб, бош яланг юришади. Энди бундоқ мулоҳаза қилганда, кампирлар- момою бувиларида андишаю ҳаё бўлмаса, уларнинг невара қизида қандай бўлсин аёлга хос фазилатлар? Мен ёшларни айблайдиганларни унча ёқламайман. Негаки ёшлар- болаларимиз бизда кўрганларини ўзларида акс эттирадилар. Агар ҳозир уларнинг юриш-туриши, кийиниши, гап-сўзию муомаласидаги қусурлар бизга малол келаётган бўлса, демак бу  ўзимизнинг феъл-атворимиз бадастир эмас дегани. Хўш, кўчага чиққанда кимёвий бўёқларни юз-кўзидан аямайдиган буви, ёшига ярашиқ кийинмаган ёки олтмишдан ошиб аллақачон охират тадоригини кўришга ҳозирланиши керак бўлгану бунинг ўрнига кечаю кундуз пивохонаю қаҳвахоналардан бери келмай, ичиб юрадиган бобо қандай қилиб неварасига юқорида тилга олинган салбий иллатларнинг охири войлигини, инсоннинг қадри, шаънига халал беришини  қандай тушунтирсин?! Албатта ундайлар ўсиб келаётган ёш ниҳолни тарбиялашга, уларга ҳаёт йўлидаги оқ-қора, баланд-пастларни ўргатишга уқувли эмаслар. Шундай экан биз ёшлрдан эмас, уларнинг атрофидаги аслида ўзи тарбияга муҳтож бетарбия катталардан ўпкалашимиз керак...
Отахон муштарийимизнинг оғриқли ўйларини эшита туриб, бир куни ўзим гувоҳ бўлган хунук манзара кўз ўнгимда гавдаланди. “Чорсу” бозори яқинидаги бекатда ўзимга керак автоуловни кутиб тургандим. Бекатда уч-тўрт ёши катта йўловчилар ва ёшлар ҳам транспорт кутаётган экан. Шу пайт тахминан 55-60 ёшлар атрофидаги бир эркак оёғида туролмайдиган даражада маст ҳолда ўтган –кетган аёлларга гап  отиб юрганига кўзим тушди. Ўша атрофдаги эркаклар ҳам ҳалиги қариб қуюлмаганга тиржайиб қарашар, бирорта марди унга қаттиқ гапириб танбеҳ берай демасди. Бир қарасам пиён чол бекат яқинида тирикчилик важидан кўкат сотиб ўтирган аёлга хиралик қиляпти экан... Минг афсуски, бекатда ўтирган ёши катталар бу ҳолатни кўриб кўрмаганга олиб, юзларини терс буриб олишди. Ёшлар эса ўзаро шивирлаб-кулишиб томошабин бўлдилар. Шу ёқимсиз воқеадан жуда қаттиқ таъсирландим. Ҳақиқатдан ҳам ёшлар андак қалтисликка йўл қўйса, катталар уввос солиб уларни айблашга, келажакдан хавотирдалигини айтиб ваҳимага тушишади. Бироқ ҳеч ким ёшларнинг кўз ўнгида уларга сабоқ бўлаётган кексаларнинг одоби-ахлоқи ҳақида тафаккур  қилай демайди. Бу борада ёшларнинг мулоҳазаларини билиш истагида уларни суҳбатга тортдик. Севара Абдураҳмонова исмли юртдошимиз дейдики:
—    Қайси куни метродан пиёда чиқиб уйга кетаётсам, йўлимдан етмишларга бориб қолган бир чол чиқиб, “чиройли қиз, соат неччи бўлди?” деб ишшайганча гап отяпти. Хунук башарасига қарасам, ичавериб турқи совуқлашиб кетганидан афт-андоми одамни сескантириб юборади. Шу ҳолида яна қизларга гап отиши-чи?! Уялмайдими, кекса одам, ичиб, кўча-куйда неварасидан ҳам кичик қизларга гап отиб юрганча, намозини ўқиб, юртга хотиржамлик, элга офият сўраб, ёшларга ибрат бўлмайди. Бунақанги турқи қуриб кетгурларни кам дейсизми?! Чоллар шунақанги сурбет бўлиб кетган бўлса, ёш йигитлардан нимани ҳам кутиш мумкин?! Ўша куни роса таъбим тирриқ бўлди. Аллоҳ инсонни инсофию диёнати билан қаритсин экан-да...
—    Биз ёш қизларнинг кийиниши, жамоат жойида ўзини тутиши, одоби-ахлоқидан норозиланиб юрамиз, -дейди Улуғбек Файзуллаев исмли ҳамшаҳримиз.- Аммо бундоқ теварак-атрофга назар ташласак, ўша қилиқлари бизга маъқул келмаган қизларнинг оналари ёки бувиларининг ўзи аслида тарбияга муҳтождирлар. Бир куни автомаршруткада рўпарамда ўтирган хотин диққатимни тортди. Калта кесилган сочлари, буришиб, ажин тушиб хунук аҳволга келган  юзларидаги бўёқлари, калта, на енгу на ёқаси бор уст-бошидан бошқа миллат вакиласининг кўринишини эслатадиган кампиршо ўзларига мафтун бўлганча одамларга юқоридан назар солиб кетяптилар экан. Бир пайт ул “санам”нинг қўл телефонлари жиринглаб қолди. Шу пайт қаримсиқ “малика” ўзбек тилида гапира бошлагандилар, ҳайратдан қолтиб қолдим. Боз устига кекса хоним невара қизларига келган совчилар ҳақида аллакимгадир маълумот бериб кетдилар ва ора-сирада ҳаттоки кўчадаги безори йигитлар тилига олишдан уяладиган жаргонларни ҳам ишлатишдан тортинмадилар. Қариганида одамнинг юз-кўзидан файз қочса, фариштасиз кексайса бундан хунуги бўлмас экан. Буви жониворнинг туриши шу бўлса, невара қиз ҳаёт учун ўзига асқотадиган фазилатларни, одобу андишани кимдан ўргансин? ..
Фарғоналик мухлисамиз Наргиза Камолованинг айтганлари эса таҳририят ходимларини қаттиқ ларзага солди:
—    ...Уйимиз катталарининг айтишича, бобом билан бувим турмуш қурганларидан бери ҳеч тинч яшамаган эканлар. Уруш- жанжалларидан қўни-қўшни  ҳам безиб кетишган. Қариб бирлари  етмиш бешга, яна бирлари емишга бориб қолибдилар ҳам ҳанузгача уларнинг муаммолари якун топмаган. Уларнинг дилхираликларидан ҳаммамиз безор бўлиб кетганмиз. Онам бир неча марта даадмларга, “қудаларнинг олдида, келиннинг олдида ота-онангизнинг тўполонларидан роса хижолат бўламан...” деб зорланганларини эшитганман. Бобом бувимдан алоҳида яшайдилар. Энг шармандалиси бобом шу ёшга кирибдилдар ҳам ароқ ичиб, кўча-куйдан ёмон хотинларни топиб, уйга бошлаб келадилар. Тўғриси уларнинг бунақанги қилиқларидан биз невараларнинг кўчада юргулик ҳолимиз қолмади...
Ёшларнинг мулоҳазалари анча ўринли. Кўпчилигимиз деярли кунда кунора шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Бирда эътибор берамиз, бирида йўқ. Биз одоб-ахлоқ, ўзбекона андиша, шарқона тарбия ҳақида кўп гапиряпмиз ва бу хусусиятларнинг тобора йўқолиб бораётганидан хавотир туяяпмиз. Ва аксарият ҳолларда юқорида тилга олинган хислатланинг ёшларда кўринмаётганидан афсусланяпмиз. Аммо биродар,  бир тафаккур қилсангиз, халқнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақли фикр дунёингиз осмонини чақиндек ёритиб ўтади. Эътибор беряпсизми, “кўрганини” деяпти, “эшитганини” эмас. Биз ёшларга одобу андишадан ваъз ўқисагу уларнинг уйидаги кекса бобо-бувиси, ота-онаси ўзлари ўқиётган “оташин нутқ”ларга қарши равишда кексалик одобига риоя этмасалар, ёшларига ярашиқли гап-сўзу юриш-туришдан айро бўлсалар, устларига илиб олган эгин –бошдан, кунда қаҳвахонаю емакхоналарда спиртли ичимлик ичиб, ўтган-кетганнинг асабини бузиб юришдан хижолат чемасалар, айтган гаплари ёшларга қандоқ ибрат бўлсин? Қандай қилиб ёш авлод  ҳаёт йўлида ўзига яқин бўлган катталарнинг умр йўлини сабоқ билсин? Ахир у оиласида, теварак-атрофида тамомила бошқа нарсаларни кўриб улғаяяптику?..
Биз бу билан юртимизнинг ҳамма кексаларини иймон сифатларидан йироқ, чеҳрасида нуронийлик кўринмайди, улар ҳавасга нолойиқ дейиш фикридан йироқмиз. Шукр, умр йўларини тафтиш қилсанг, ўргансанг, бахт томон бошловчи, саодат ва ҳикмат томон элтувчи кексаларимиз кўп. Уларнинг умрлари зиёда бўлиб, дуолари ҳамиша ижобат бўлишини тилаймиз. Фақат бугунги мулоҳазаларимиз билан айрим кексаларнинг хулқларидаги носоз нуқсонлардан оғринганимизни билдирмоқчи эдик. Ахир, ҳаёт синовларига 60-70 йилдан буён кўкрак тутаётган одам қайсидир маънода авлиёсифат бўлиб кетади. Истагимиз ана шундай пиру бадавлатлар кўпайсин. Ёшлар эса уларга ҳавас билан, уларга интилиб  турмуш машаққатларининг чиғириқларини ошиб ўтишда кексаларни ўзларига маслаҳатгўй, догўй билсинлар...

Умида Азиз

 

 

 

Кечиккан ажал

 

 

 

(Ҳаёотий воқеа)

Бу воқеа шахсан менинг ҳаётимда юз берган. Мактабга ўқиб юрган кезларим эди. Эндигина еттинчи синфни битириб, саккизинчи синфга қадам қўйиш учун ёзги таътилга чиқган ёш бола эдим. Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида ойим билан саккизинчи синфнинг дарслик китобларини сотиб олгани бозорга чиқдик. Бозор айландик, баъзи китобларни харид қилдик. Яна баъзи эҳтиёжлар билан бозор оралаётган эдик тўсатдан бошим айланиб, кўз олдим қоронғулашди. Мен йиқилиб тушмаслик учун ўтиришга ҳаракат қилдим. Аммо бунга улгурмай, ҳушдан кетиб йиқилдим. Бир лаҳза гуёки оламни зулмат қоплади. Сўнгра эса у келди. Ўзи барваста, улкан қоматли эди. У менга жуда яқин келганиданми ёки аслида ҳам ниҳоятда катталигиданми мен уни фақатгина белигача кўра олдим холос. Кўз олдимни асосан унинг кенг елкалари ва кўкраги қоплаган эди. Бош қисмини ҳам кўрдим, аммо орадан анча йиллар ўтгани сабабли ҳозир тасвирлаб бера олмайман. Лекин танаси қизил рангли, йирик тангачалар шаклидаги нималар биландир қоплангандек туюлди менга. Мен кўз олдимдаги бу тилсимот Азройил алайҳиссалом деб ўйладим. Бўлди, ҳаммаси томом! Сўнги манзилга етиб келдим! Энди орқага йўл йўқ! Ҳозир Азройил алайҳиссалом жонимни олади ва Тангри таолонинг ҳузурига йўл оламан. Оҳ! Афсуски бунга тайёр эмасман. Қанчалар кўп гуноҳларим бор. Бир марта дунёга келиб ҳаёт ўйинида ютқаздим! Эҳ, қанийди ҳозир Азройил алайҳиссаломнинг чангалидан қутилиб кета олишнинг бирор чораси бўлса. У мени жонимни суғириб олишига бир баҳя қолди-ку! Ташқи оламдан ҳам бирор товуш келмайди. Гуёки қулоғларим кар бўлиб қолгандек ҳеч нимани эшитмаяпман... Ана овоз эштилди! Бу қандай овоз экан? Кимнинг овози? Эътиборимни овоз келаётган томонга қаратишга ҳаракат қилдим. Ҳа, бу таниш овоз экан. Аллоҳга шукр ўлмабман. Бу менинг муштипар онаизоримнинг овозику! Онажонимнинг йиғи овозлари! Овоз илғаганим заҳоти кўз олдим ҳам ёришди. Мен дунёга – ҳаётга қайтдим! Роббим менга яна бир имкон берди. Меҳрибон онагинамнинг кўз ёшларига раҳм қилиб мен қулини ҳузурига чақиришни кечиктирди. Ўзига бандаликни адо қилишим ва Ўзининг розилигини топиш йўлида ҳаракатда бўлишим учун.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

 

 

 

Онангизга итоат қилинг!

(Ҳаётий воқеа)

Зокир ака кўп йилардан бери ҳунармандчилик қилиб келади. Ёши элликка яқинлашиб бораётган бўлса ҳам ҳалиям меҳнатдан қочмай, елиб югуриб кун кечиради. Яқин йиллардан бери ўзи маҳсулот тайёрлаш билан биргаликда бошқа ҳунармандларнинг ҳам маҳсулотларини олиб сотиб тижорат билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Шукрки бир ўзи эмас, бутун оила аҳли билан бирга ушбу ишга киришганлар. Икката ўғли ёнида меҳнат қилса меҳнат қилиб, савдо қилса савдо қилиб вояга етди. Иккита қизи ҳам бу борада ортда қолмай кўмакдош бўлди. Катта ўғли Достон мактабни тугатиб летцейга ўқишга кириб пойтахтга йўл олди. Энди кичик ўғил Муҳаммаджоннинг ишлари янада кўпайди. Муҳаммаджон қувноқ, мудом жилмайиб турувчи, меҳнатдан қочмайдиган, ғайратли энди 17 ёшга кирган бола эди. Отасининг ёнида доим ёрдамчи бўлди. 
Муҳаммаджон кунларнинг бирида ишларини тугатиб ҳордиқ чиқараётган эди. Шу пайт дўсти қўнғироқ қилиб қолди. Бу бола Муҳаммаджонга асло ўхшамас, безори, бекорчи бола эди. У Муҳаммаджонга машинасани олиб чиқишини сўради. Муҳаммаджон чиқа олмаслигини айтган эди уни ҳоли жонига қўймади. Кейин Муҳаммаджон кетишга тараддуд кўрди. Онаси кеч бўлганда кетма деса, онасига «Ҳозир бормасам кейин мени ўртоқларим ёнида «бу бола онасидан қўрқади» деб изза қилади» дея чиқиб кетди. Бу уни онасини сўнги марта кўриб туриши эди.
Муҳаммаджон ҳалиги дўсти билан кўришгач, машинани бошқаришни дўсти ўз қўлига олди. Биргаликда тўйга бордилар. Кейин эса кира қилишмоқчи бўлдилар. Тўйхонадан бир аёл ва эркак мижоз чиқиб қолди. Ичиб олганига қарамай машинани ҳалиям Муҳаммаджоннинг дўсти бошқарар эди. Маст ҳолатда машина бошқариб қоидани бузгани камлик қилгандек, қарама-қарши томонга ҳаракат қилиб яна қоидани бузди. Бу эса уларга фалокат олиб келди. Рўпарадан келаётган оғир юк ташивчи машинага тўқнаш келишларига сабабчи бўлди. Натижада шу заҳотиёқ Муҳаммаджоннинг юраги қинидан чиқиб кетиб жон таслим қилди. Орқа ўриндиқда ўтирган эркак киши ҳам ҳалок бўлди. Аёл киши нимжон ҳолатда эди. Машинани бошқариб турган ҳайдовчи эса енгил жароҳат билан омон қолди. Тезда атрофни оламон қоплаб олди, «тез ёрдам» хизматини чақирдилар. Аммо улар келгунича нимжон ҳолатдаги йўловчи аёл жон берди. «Тез ёрдам» ходимлари ҳайдовчи ва мурдаларни олиб кетдилар. Ҳайдовчи жароҳати учун тегишли муолажаларни олди ва шифохонага ётиш учун жойлашди. Ҳамма ўзи билан ўзи аввора бўлиб, ундан бехабар бўлиб қолганларида эса секин қочиб қолди. Аммо қочиб қаерга ҳам борар эди, орадан кўп ўтмай ички ишлар ходимлари уни қўлга олдилар.
Эътибор қилинглар азизлар, бир кишининг безорилиги, шариатга, қонунга амал қилмаслиги уч кишининг ҳаётига зомин бўлди. Энди эса қилган жинояти учун жазони ўташ билан ўз умри ҳам завол бўлади...

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ