1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ўзингизни бошқара олинг

 

 

 

Халқимиз жуда андишали, муросагўй, бағрикенг ва ҳамиятли. Лекин советлар тузуми жорий қилган таги пуч «коммунистик ахлоқ» халқимизга хос бўлган жуда кўп ахлоқий фазилатларни, одамлар ўртасида урфда бўлган яхши хислатларни йўқ қилишга, ҳеч бўлмаганда муомаладан чиқариб ташлашга ҳаракат қилди. Оқибатда жамиятда тинчлик-осойишталик, аҳиллик ва тотувлик ришталари узиб юборилди. Асл қадриятлардан айрилиб қолинди, ахлоқ-одобимизнинг минг йиллик тарихга эга анъаналарига риоя қилинмай қўйди, юқорида тилга олинган фазилатлар узоқ вақт унут бўлди.
Ҳозир телевидениеда ғарб сериалларини кўрсатиш урфга кирган. Уларга ҳамма шу даражада мубтало бўлиб кетдики, ҳаёт тарзини, юмушларини ана шу сериаллар вақтига мослаб режалайдиган даражага келиб қолди. Бу соҳанинг билимдонлари сўзига қараганда, мазкур сериалларнинг одамларни бунчалик қизиқтириб, ўзига боғлаб олишига унда асосан чигал ҳаётий муаммоларнинг кўплиги, уларни ечиш учун топилаётган минг хил турфа тадбир ва ҳаракатларнинг ранг-баранглиги сабаб бўлаётган эмиш.
Бу гапларда асос бор-йўқлигини билмоқчи бўлиб, шу сериаллардан бирини икки-уч кун мобайнида томоша қилдим. Ҳақиқатан, каттагина хонадоннинг бошидаги ғавғо-машмашаларнинг кўплигидан филм қаҳрамонлари у ёқда қолиб, мен «дод» деб юборай дедим. Оилада бирор кун тинч, осойишта, фароғатли куннинг ўзи йўқ. Бирор киши хотиржам овқатлана олмайди, егани ичига тушмайди, уйқусидан хуш кайфият билан турмайди. Ҳали бирининг хотини ажрашаман, деб пўписа қилади. Ҳали қизи ота ёқтирмаган кишига турмушга чиқмоқчи бўлади. Ҳали ота-бола ёки қайнона-келин орасида қора мушук ўтиб қолади. Ҳали фарзанди кўчадан бир «иш кўрсатиб» келади. Билолмадим, эҳтимол филм ижодкорлари томошабинни экран қаршисига «михлаб қўйиш» мақсадида шундай йўлни танлашгандир?
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ана шу сериалларда таъкидланганидай, ҳозир аксари одамлар аллақандай жиззаки, муросага юрмайдиган, жаҳлдор бўлиб қолишгандай туюлади. Кўча-кўйда, оилаларда, ишхоналарда, жамоат жойларида арзимас нарсалардан жанжал чиқиб кетаётгани, эр-хотин, ота-болалар, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасида муносабатларнинг тобора «кескинлашиб», «чирсиллаб» бораётгани шундай хулоса чиқаришга мажбурлайди.
Буни айримлар ҳозирги бозор шароитида пул топиш, турмуш кечиришнинг мураккаблашгани билан боғламоқчи бўлишади. Бу фикрда  жон бормикин? Агар шундай бўлса, ҳаёт ниҳоятда оғирлашган уруш йилларида, қимматчилик ва қаҳатчилик замонларида одамлар ҳозиргидай қўрс, бемуроса, худбин бўлишмаган-ку! Оталаримиз ҳикоясига қараганда, юрт бошига бало-мусибат тушганида одамлар аксинча бир-бирига меҳрибон, оқибатли, ғамхўр ва самимий бўлган экан-ку!
Менимча, ҳозирги пайтда ҳавойи нафсга қул бўлиш, орзу-ҳавасга интилиш, нима қилиб бўлса ҳам бошқаларга ўхшаб «яхшироқ, тўкинроқ» яшаш илинжи ҳамманинг тинчини олган, оромини ўғирлаган, асабини қақшатган, асабий ва жиззаки қилиб қўйган. Кишилар ўртасидаги чин инсоний муносабатлар ўрнини зўравонлик, ҳасад, аламзадалик, кўролмаслик каби қусурлар эгаллаб олаётгани ҳам сир эмас.
Мана шундай нозик даврда қандай қилиб инсоний фазилатларни сақлаб қолиш, одамлар билан муносабатларда ахлоқимиз талабларига мос тартиб-қоидаларни жорий қилиш мумкин? Қандай йўл билан муроса, яхши қўшничилик, меҳр-оқибат, одамийлик каби хислатларга эришиш мумкин?
Бу саволларга жавоб битта: унут бўлаёзган шарқона одобимизга, ота-боболардан узоқ йиллар давомида мерос бўлиб келган анъаналаримизга қайтилсагина, муросагўйлик, яхши хулқ ва исломий тарбияга суянилсагина мақсадга эришиш мумкин. Аксинча, энг номдор ва улуғ олимлар тавсияларини ўрганманг, тарбия соҳасидаги жилд-жилд китобларни ўқиманг, энг машҳур назария ва таълимотларни эгалламанг, бари бефойда!
Барча билан бирдай яхши муносабат ўрнатиш, тотувлик ва муроса ришталарини маҳкамлашнинг йўллари, усуллари кўп. Қуйида буларнинг айрим кўринишлари билан танишиб ўтамиз.
Ҳаммага бирдай ёқишнинг асло иложи йўқ. Кимдир сизни ёқтирмайди, кимдир ҳасад қилади, ўзингиз билмаган ҳолда кимнингдир дилини оғритиб қўйгансиз. Демак, атрофингиздаги барча одамлар сизга бирдай чиройли муомала қилишидан, яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришидан, ҳамманинг айланиб-ўргилишидан умидингизни узаверинг.
Атрофингиздаги одамлар билан илиқ, самимий муносабатлар, тинчлик-тотувлик алоқаларини ўрнатишни истасангиз, унда энг аввало кучингиз ўзингизга етсин! Бошқалардан ранжу алам кўрсангиз ҳам сиз уларга фақат яхшилик, эзгулик билан жавоб қайтаринг. Ўқрайганга жилмайинг, мушт кўрсатганга таъзим қилинг, сўкканга сукут қилинг, бирортаси сиздан ноўрин ранжиб қолган бўлса, узр сўрашдан орланманг.
Ўзгалар сизга туҳмат тошларини отиб, қалбингизни яраласа ҳам уларга жавоб қайтаришга, ўзингизни оқлашга, ҳатто қасос олишга уринманг. Ҳаммасини Яратганга ҳавола қилинг. Душманларингиздан ўч оламан, деб ўзингиз ҳаракат бошласангиз, унда Аллоҳ сизни ўз ҳолингизга ташлаб қўяди, Ўзигагина суянсангиз ёрдамга келади. У ғанимларингиздан ўчингизни шундай олиб берадики, ўзингиз ҳам ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Агар дунёда қасосингизни олиб бермаса охиратда албатта ҳисоб-китоб қилиши, адолат ўрнатиши, бу озорларнинг сиз ўйлаб кўролмайдиган ажр-мукофотлари борлиги ҳақидаги ишонч ўксик қалбингизга тасалли бўлсин.
Оилада, кўча-кўйда, ишхонада яқинларингиздан ёки дўстларингиздан бирортасининг «қовоғидан қор ёғаётган», кайфияти ниҳоятда бузуқ, юрагида қил сиғмай қолган нохуш бир ҳолатда учратиб қоласиз. Бунинг сабаини сўрасангиз, у албатта мужмалгина қилиб: «Ўзим ҳам ҳайронман, негадир сал нарсага жаҳлим чиқиб, тутоқиб кетаверяпман», ёки «Билмасам, эрталаб уйқудан турсам, табиатим тирриқ, феълим бузилиб қолибди», дейди.
Дунёда ҳеч нарса бесабаб бўлмайди, якка қўлдан қарс чиқмайди, шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламайди. Бир киши бировнинг дилини оғритмаган бўлса, бесабаб унинг жаҳли чиқмайди. Эҳтимол, кеча кимдир автобусда қўполлик қилиб, унинг жиғига теккан, ғазабини қўзғаган. Ёки уйда хотини кеч келганини сабаб қилиб чеҳрасини очмаган, совуқ муомала қилган. Балки бошлиғининг кечаги таъна-дашномлари юрагида жароҳатли изини қолдиргандир?
Нима бўлганда ҳам одам ўз-ўзидан тутоқиб, салдан-салга кайфиятини бузавермайди. «Мушт кетди» деганларидай, табиати тирриқ, асаби таранг, вужуди портлайман, деб турган киши ҳам жаҳлини ва ғазабини индамай ичга ютиб, ҳамма нарсани тезда унутиб кета қолмайди. У ҳам ўз навбатидан кимдандир аламини олади, кимнингдир ғашига тегади, кимнидир дунёсини зулматга айлантиради. Озор чеккан бошқаси эса ўз навбатида яна бошқа бировнинг асабини бузади, қалбини жароҳатлайди. Шу тариқа ранжу аламлар ва азиятлар занжирининг халқалари кўпайиб бораверади.
Кўпинча жаҳли чиққанида, ғазабга минганида, уриш-жанжалларда тилини тийган, бир гапдан қолган одам ғалаба қозонади, зафар нашидасини суради. «Яхшиям бундай демаганим, яхшиям гапига жавоб қайтармаганим» деб севинади. Чунки инсоннинг доимий ҳамроҳи ва ашаддий душмани бўлган шайтон одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, уриштириб, ўрталарига гина-адоват солиб яйрайди. «Сени изза қилдию сен жим қараб турасанми, сен киму у ким бўлиб кетди, наҳотки боплаб тузлаб ташлолмайсан», деб ҳамиша васвасага солиб туради.
Шундай ҳолларда сиз ҳам тилга эҳтиёт бўлинг. Шеригингиз ҳақорат қилса ҳам, шаънингизга туҳмат ёғдирса ҳам, орқаваротдан ғийбатингизни қизитса ҳам, парво қилманг. Қимматли вақтингизни, асабингизни, тоқатингизни беҳуда тортишувлар, баҳс-мунозаралар гулханида совуриб юрманг. Ҳаммасига қўл силтанг!
Сизга зулм қиличини яланғочлаганлар, ништар каби аччиқ сўзлари билан қалбингизни яралаганлар бугун устун келгандай кўринса ҳам эртага, индинга қилмишидан афсусланиши, етказган озорларига яраша ўзи ҳам бошқалардан зулм-жабр кўриши аниқ. Чунки «Қасосли дунё» деб қўйишибди, ҳеч бир ёмонлик, разолат, қабиҳлик изсиз кетмайди. «Нима эксанг, шуни ўрасан», деганларидай, бировларга қилинган энг майда-чуйда ёмонлик ҳам бошингизга ўн, юз баробар бўлиб қайтиши бор. Шунга ўхшаш ҳеч бир яхшилик ҳам унутилмайди, «балиқ билмаса Холиқ билади».
Ҳаётга жиддийроқ назар солсангиз, одамлар билан муомала-муносабат қилиш жуда қийин ва мураккаб ишга ўхшайди. Оиладаги эр-хотин, ота-она, катталар ва болалар муносабатлари, қариндошларга силаи раҳм, маҳалла-кўй, қўни-қўшни билан алоқалар, ишхонадаги бошлиқлар ва ҳамкасблар билан муроса қилиш, дўст-оғайнилар, давлат идоралари ходимлари билан муносабатлар – буларнинг барини маълум тартиб ва рисолада ушлаб туриш кишидан катта бардош, сабр-тоқат, уддабурролик, муомала санъати,  кечиримлилик, бағрикенглик ва матонатни талаб этади.
Сиз ана шу ҳолатларда бор маҳоратингизни ишга солмасангиз, бошингизга келаётган бало-мушкулотларга сабр қилишни уддалай олмасангиз, ёмонлик қилганни яхшилик эҳсонлари билан сийлай билмасангиз, ҳеч ким билан муроса қила олмайсиз. Бошингиз ташвиш, уриш-жанжалдан чиқмай қолади. Ҳар бир кунингиз муаммолар уммони ичра ғарқ бўлиб кетади. Саломатлигингиздан ажрайсиз, жамиятдан узилиб ёлғизланиб қоласиз.
Тошкент маҳаллаларидан бирида яқинда содир бўлган мана бу воқеа ҳаммага яхши ибрат бўлиши зарур: Эсли-ҳушли яхши бир инсоннинг ҳовлисидаги ариқ тошиб кетиб, ертўлага сув кира бошлаган. Қўшнилар ариқни тозалаб турмагани учун авваллари ҳам бу ҳол бир неча марта такрорланган эди. Сув тошаверса, бир куни келиб уйи қулаб тушиши мумкинлигини кўз олдига келтирган бояги киши белкурагини кўтариб қўшнисиникига кирган. Ундан ариқни тозалаб қўйишни сўраган. Кеча ичган ароғидан табиати тирриқ бўлиб турган қўшни унинг бу илтимосига қўполгина қилиб: «Керак бўлса ўзинг тозалайвер» деган. У киши бу гапдан тутоқиб кетган ва ўзини бошқара олмай белкурак билан қўшнисига ҳамла қилган. У эса ўз навбатида бу ишни судга берган. Икки қўшнининг можароси судда кўрилиб, ҳар икки томонга ҳам қанча нотинчлик, асаббузарлик, моддий ва маънавий зарар келтирди.
Бундан чиқадиган хулоса шуки, агар ўша яхши одам ҳақиқатан яхшилигини кўрсатганида, яъни қўшнисига мулойимлик билан «ҳовлимизда сув тошиб кетибди, сизга ҳам зарар бўлмасин, шуни тозалаб, сув йўлини очиб қўйсам, майлими» деганида балки иш бошқачароқ якун топган бўлармиди! Бордию қўшни шунда ҳам қўполлик қилса, бепарволик билан индамай ариқни тозалаб чиқиб кетаверса, олам гулистон эди.
Йўқ, таранг асаблар воқеани бошқа ўзанга солиб юборди. Муроса санъатини, инсоний муомалани тан олмаслик икки қўшнини узоқ муддатли ғанимларга айлантирди. Ўртада икки кап-катта, эсли-ҳушли одамни уриштириб, шайтон муродига етди, мазза қилиб улар устидан кулди. Жиндай муросасизликнинг тўлови, ўлпони ана шундай салмоқли бўлди.
Атрофингиздаги кишиларнинг ҳар бири билан яхши муносабат ўрнатиш учун бор имкониятингиз, иқтидорингиз ва салоҳиятингизни ишга солинг. Эрталаб кимдир сизга хўмрайиб қараса, сиз унга жилмайиб боқинг. Кимдир сизни ғийбат қилса, ортингиздан ёмонласа, иғво-туҳматни авж олдирса, сиз уни ҳаммага мақтанг, Яратгандан унга инсоф-диёнат тиланг. Кимдир сизга ёмонлик тилаётган бўлса, сиз уни яхшилик билан сийланг. Йўлингизга фасод, фитна чоҳларини қазиётганларга сиз карамли ва марҳаматли бўлиб, уларнинг қабиҳ қуролларини синдириб ташланг.
Олишувлар, можаролар, қасослар билан ҳеч ким устунликка эриша олмайди. Аксинча, мулойим, кечира оладиган, муросагўй, андишали кишиларнинг ҳамиша дасти узун, тили бурро, ошиғи олчи бўлиб келган. Улар жамиятда доимо обрў-эътиборга сазовор бўлишган. Бир дўстимизнинг бундай гапи бор: «Майли, мени ёмонлаб ғийбат қилинглар, йўлимда чоҳ қазинглар, душманлик режаларини тузинглар. Аммо мен сизларга фақат яхшилик тилайман, барча озорларингга фақат самимийлик билан жавоб қайтараман. Ва бу билан сизлардан устун келиб, Аллоҳ ҳузуридаги мукофотларимни кўпайтираман».
Шуни ёдда тутингки, илк пайтдаги ғазабни ичга ютиш, озорнинг биринчи зарбасига сабр қилиш, шаънингизга отилган балчиқларга парво қилмаслик келгусидаги улкан зафарларнинг дебочаси бўлади. Бошда сиз ютқазгандай, иззат-шарафингиз поймол бўлгандай туюлса-да, унинг ортида улкан ғалаба, зафар нашидаси мўралаб турган бўлади. Аччиқ фироқ ортидан лаззатли висол дамлари келганидай, ҳар бир йўқотиш, ҳар бир машаққат орқасидан бир топилдиқ, бир хайрият албатта кириб келади. Бошқалар ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариб, мухолифларидан қандай ўч олиш режаларини тузиб, қийналиб юргани ҳолда сиз ҳарқалай бу нохушликлардан, асаббузишлардан ҳам ҳимояланган бўласиз.
Руҳингизни ҳамиша хотиржам қилишга тиришинг. Оилада хотинингиз нимадандир хафа бўлиб ёки турмушидан нолиб сизга итоатсизлик қилдими, дилингизни оғритдими? Шунда ҳам сиз босиқ бўлинг, ўзингизни қўлга олинг, асабингизни бузманг. Ҳаммаси ўтиб кетади, у ҳовридан тушади, ҳали қилмишидан афсусланиб узр ҳам сўрайди. Сиз фақат сабр қилинг, кута билинг.
Фарзандингиз айтганингизга кўнмай, ўз билганидан қолмай режалар тузяптими? Бунга ҳам кўп қайғураверманг, азиятлар чекаверманг. Уни ўз ҳолига қўйинг. Эҳтимол мўлжали нотўғридир, балки хато ўйлаётгандир? Тузган режасини амалга ошираверсин, мустақил одимлайверсин, тажриба орттираверсин. Фақат ҳақ йўлдан тоймаса, ахлоқ чегараларидан чиқмаса, ҳалокат сари юз бурмаса бўлди. Бошқа ҳолларда ҳаётнинг икир-чикирларида унинг ишларига кўпда аралашаверманг, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини назорат қилиб тураман, деб ўзингизни койитаверманг.
Яқинларингиз, қариндошларингиздан бирортаси сизни тушунмай, ноўрин аразлаб, тўнини тескари кийиб юрибдими? Бунга ҳам жаҳлингиз чиқмасин, хунобингиз ошмасин. Унинг аразига терслик қилиб, сиз ҳам алоқаларни узиб юборманг, борди-келдини йиғиштирманг. Вақт ўтиши билан сувлар тинади, гиналар унутилади. Гумон-шубҳаларнинг пучлиги очилиб қолади. Фитначиларнинг найранги ўтмай қолади. Энг асосийси, шайтон орадан чиқиб қочади.
Нима сабабдандир ишхонадаги бошлиғингиз сиздан ноўрин ранжиб, дилингизни хуфтон қилдими? Бундан ҳам ҳикмат қидиринг. Эҳтимол, Аллоҳ сизни шу йўл билан синовга солаётгандир ёки қайсидир гуноҳларингизнинг жазосини бераётгандир ёхуд ўзингиз инсофни унутиб, вазифангизни сидқидил бажармаётгандирсиз?
Нима бўлганда ҳам ҳар куни, кун оша ҳаётда содир бўлиб турадиган бундай кўнгилсизликлар, дилхираликлар сизни мувозанатдан чиқариб юбормасин, ҳаётдан бездирмасин, жонингиздан тўйдирмасин. Сиз хоҳлайсизми-йўқми, барибир улар сиз билан ҳамиша ҳамроҳ. Буларнинг дастидан ҳеч қаёққа қочолмайсиз. Қанчалик тадбирли, заковатли, ақлли бўлманг, турмушда дуч келинадиган барча муаммолар, келишмовчиликлар ва зиддиятларнинг олдини ололмайсиз. Зарбанинг қаердан келишини тўла ҳис қилиб, унга қарши тайёргарлик кўролмайсиз. Иш шундай экан, урушда катта талофотлардан қутилиб қолиш учун кичикроқ мағлубиятларга осонгина кўнадиган ҳарбий саркардаларнинг йўлини тутсангиз, асло ютқазмайсиз.
Одамлар билан муомала-муносабатларда энг яхши йўл – ҳар вақт, ҳар ишда ўзни бошқалардан бир поғона паст тутиш, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бошқаларни ўзингиздан донороқ, тажрибалироқ, уддабурророқ санаш. Қаршингизда сичқон эмас, шер турганини, овсар эмас, бир донишманд турганини ҳис этиб муомала қилинг, шунда ҳамманинг эътиборини қозонасиз, бошқалар сизга талпинадиган бўлади.
«Менинг айтганларим ҳақиқат» дея қайсарлик қилмасдан бошқанинг ҳам фикрига қулоқ солишдан, унинг гапларини тинглашдан, маслаҳатини эшитиб кўришдан орланманг. Атоқли олимлар суҳбатдошларининг ноҳақлигини сезиб туришса ҳам «эҳтимол мен адашаётгандирман», деган истиҳолада кўпинча уларнинг сўзини бўлишмайди ёки раддия билдиришмайди. Кўп можаро, жанжалларнинг боши томонлардан бирининг қўрслиги, қўполлиги, манманлиги, ахлоқсизлиги, дин-диёнатдан йироқлиги туфайлидир.
Ҳаётда хотиржам, ҳамма билан бирдай аҳил, тотув яшамоқчи бўлсангиз, бир олтин қоидани эслаб қолинг: дунё ҳаётидаги ҳар бир ҳаракатингиз, ҳар босган қадамингиз, нафас олиб-чиқаришингиз, бошингизга келадиган ғам-кулфатлару шодмон-бахтли кунлар, хулласи ҳамма нарса тақдир ёзуғидир, Яратганннинг китобида битиб қўйилгандир. Буларни ўзгартириш ёки балоларни қайтариш бандасининг қўлида эмас.
Агар дунёдаги ҳамма одам бирлашиб сизга бир ёмонлик қилмоқчи бўлсаю агар буни Аллоҳ истамаса, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, ниятларини амалга оширолмай доғда қолаверади. Бордию дунёдаги ҳамма инсонлар жам бўлиб сизни бирор ишда қўлламоқчи бўлишсаю, аммо буни Аллоҳ хоҳламаган бўлса, улар ҳам мақсадларига етолмай қолишаверади.
Ҳақиқат шу бўлгач, ҳаёт пўртаналарида кемангизни бир текис ҳайдаб кетаман деб уринаверманг, жон койитаверманг, азият чекаверманг, Яратганга юкунинг, кемани оқимига топширинг, тақдир ҳукмига тўғрилаб қўйинг. Шунда манзилингизга эсон-омон етиб олишни Яратганнинг ихтиёрига топширган бўласиз.

 

 

 

Пайхон далалар

 

 

 

Оиладаги фарзандлар билан муносабатларда адолатнинг бузилиши, улардан бирини иккинчисидан афзал ёки устун кўрилиши, меҳр-мурувват ва моддий нарсалар тақсимотида одиллик билан йўл тутилмаслиги каби омиллар улар ўртасидаги аҳиллик, тотувликка раҳна солади, бир-бирини ғанимга айлантиради.
Барча инсонлар каби фарзандларимиз табиатида ҳам ҳасад деган иллатнинг бўлиши табиий. Одатда оилаларда тўнғич ва кенжа фарзандлар, айниқса қизлар бошқаларига қараганда кўпроқ муҳаббат, эътибор ва имтиёзларга сазовор бўлишади. Бир мутахассис тўнғич фарзандларнинг эркароқ, ота-онага «ёпишганроқ» бўлиши сабабини ёш ота-она илк фарзандини ҳали ҳомилалик пайтидан бошлаб интизор, орзиқиб ва бошқача муҳаббат кутишларига боғлаган экан. Бу эса бошқа фарзандларда уларни кўролмаслик, ёқтирмаслик, ҳасад, иложи бўлса бир «чақиб олиш» туйғуларини шакллантиради. Ана шу ҳолат ҳам кўпинча улар ўртасидан «ола мушук ўтиши»га сабабчи бўлиб қолади.
Ака-ука, опа-сингилларнинг ноаҳиллиги, бир-бирлари билан ёвлашиб юришларига кўп жиҳатдан мол-дунё васвасаси сабаб бўлиб қолади. Бир хонадонни биламан. Оила бошлиғи бадавлат, баобрў, ҳаммага панду насиҳат қилиб гапини ўтказиб юрган киши эди. Бу оилани ҳавас қилмаган одам йўқ эди. Уч ўғил, икки қизнинг бари олий маълумотли, яхши вазифа-касбларда ишлайди, ҳаммаси фаровон яшайди, ўзидан тиниб-тинчиган. Оила бошлиғи вафот қилгач, бу хонадондан файз кетди, барчанинг ороми бузилди, тотувлик барҳам еди.
Ҳаммасига отадан қолган мол-дунё, ҳовли-жой сабабчи эди. Акалар ота ҳовлисида чироқ ёқиб қолган укани данғиллама ҳовли, бир жуфт машина ва бошқа бойликларни ҳисоблаб, пулини баравар тақсимлашга мажбурлаган, ука бунга кўнмай акаларини болта олиб қувлаган, сингиллар «ҳаққини талаб қилиб» зор қақшаган, ҳамма бир-бирига душманлик ўтида қовурилаётган, бу муросасизликлардан она юрак хуружига учраб шифохонага ётқизилган бир аянчли ҳолат юзага келган эди.
Уларнинг аҳволини кўриб, таажжубга тушасан, киши. Ахир ҳаммаси топарман-тутарман кишилар эди, она ва ука ҳисобига меросларидан воз кечиб қўя қолишса, олам гулистон-ку!
Хўп, улар бунга кўнишмабди, қонуний ҳақларини талаб қилишибди. Шунда она маҳалла-кўй, мерос билимдонларини чақириб, ҳаммасини адолат билан тақсимлатиб бериши ҳам мумкин эди-ку!
Хўп, бу ишлар амалга ошмабди, ука ҳам сал инсофга келиб, отадан қолган мол-давлатда онаси, ака ва опаларнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳақида жиндай мулоҳаза қилса бўларди-ку!
Йўқ, амалда бундай қилинмади, иш чаппасига тус олди. Улар ҳамон бир-бири билан судлашиб, муштлашиб, душманлашиб, муросага кела олмай юришибди.
Ота-она учун ҳамма фарзанди бирдай азиз, ардоқли, суюмли. Табиатан тўнғич ва кенжа фарзандлар ота-онага сал «яқинроқ» бўлишига қарамай, катталар барча болага бирдай инсоф ва одиллик билан муносабатда бўлишга интилишади. Ота-она боласи бойми-камбағалми, омадлими-омадсизми, меҳрибонми-бағритошми, булардан қатъи назар, ҳаммасини бирдай яхши кўради, адолат тарозиси бузилмаслиги учун ҳаракат қилади. Баобрўсию оддийини ҳам, чиройлисию хунугини ҳам, ориғию семизини ҳам, одоблисию безорисини ҳам бирдай севиб, ардоқлайди, улар ҳақида бирдай қайғуради.
Аммо шунга қарамай, фарзандлар ўртасида ота-онанинг ҳурматини қозониш, эътиборига тушиш, арзанда бўлиш учун пинҳона, кўзлардан йироқда яширин кураш боради. Бу ҳол кўпроқ ҳасад туфайли, бойлик, ҳаётда уддабурроликда болалар ўртасидаги фарқлар сабабли «очилиб» қолади. Масалан, фарзандларнинг бири топармон-тутармон бўлса, бошқаларининг унга ғаши ва ҳасади кела бошлайди. Гўё у ота-онанинг кўнглини овлаб, «улоқни олиб қочган»дай бўлади.

Тўғри, онда-сонда бўлса-да бу ўлчовлардан чекинишлар ҳам учраб туради. Баъзи катталар фарзандларининг «қўлига қараб» муомала қилишади. Бадавлатроқ, обрўлироқ ўғилларини кўпроқ эъзозлашади. Бу уларнинг виждонига, инсофига ҳавола!
Аммо аксари ҳолларда фаросатли катталар учун бу нарсалар аҳамиятсиздир. Шунинг учун фарзандлар «Ота-онам пул топмаганим, кўнгилларини овлай олмаганим ёки хизматларини ёлчитиб қилолмаганим учун мени унча хуш кўришмайди, бошқа ака-укаларимдан паст санашади, шунинг учун камситишади» деган бемаъни хаёлларга, ёмон гумонларга бормасликлари зарур. Бундай номақбул фикрлашлар ака-укалар ўртасидаги муносабатларга раҳна солади, аҳилликка путур етказади, бир-бирларини ғанимга айлантиради.
Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Силаи раҳм қилиб, қариндошлик алоқаларини боғлаш мажбурий бўлган қариндошлар – опа-сингиллар, холалар, аммалар, опа-сингилларнинг қизларидир. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.
Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса кўпинча вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини,  у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз. Бу қилиғимиз билан буғдойзор дала у ёқда қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрамиз.
Баъзан бу борадаги ўлчовларнинг бузилиши ҳам оилаларни пароканда, қанча яхшиларни шарманда, аҳилликка орзуманда қилиб қўяди. Муносабатларда адолат бузилса, ҳақлар поймол қилинса, ахлоқ чегараларидан четга чиқилса, оилалардаги осойишталик барҳам топади, аҳиллика раҳна етади, инсоний муносабатлар издан чиқади.
Ўрни келгани учун Баҳром исмли яхши бир йигитнинг ҳикоясини келтириб ўтишга тўғри келади: «Оилада бир ўғил, уч қизмиз. Дадам катта мансабда ишлаганлари учун еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда эди. Онам икковилари ҳеч нарсадан камитмай катта қилишган. Отамнинг умрлари қисқа экан, нафақа ёшига етмай юрак хасталигидан вафот этдилар. Аза ўтганидан кейин маҳалланинг катталари кириб, онамларга «Марҳумдан қолган меросни ҳақдорларга тақсимлаб, орани очиқ қилиб қўяйлик, эрингиз гўрида тинч ётсин», дейишди. Онам бунга кўнмай, «бу мол-дунёни эрим икковимиз ишлаб топганмиз, бунда ҳеч кимнинг ҳеч қанақанги ҳаққи йўқ, болаларимга нима керак бўлса мана мендан олади» деб, дадамиздан қолган ҳамма нарсага ўзлари эгалик қила бошладилар.
Майли, мен ҳеч нарса даъво қилмайман, дадамизга буюрмаган нарса бошқага юқармиди! Аммо дадамдан кейин онам сингилларимни жуда талтайтириб юбора бошладилар. Ҳали каттасининг чала битган участкасига деб, уйдаги тахта-ёғочларни бериб юборадилар, ҳали уста ишлатсанг, деб пачка-пачка пул узатадилар. Бошқаси тўй қилса, ҳеч ким қилмаган мебел ва жиҳозларни тўёна қилиб борадилар. Улар боқимандаликка шунақанги ўрганиб қолишдики, иккита поччамиз бир чиройли ишлаб турган ишини ташлаб, «уй хожаси» бўлиб олишди. Эртадан-кечгача телевизор кўриб, хотинчалари бизникидан ташиб борган овқатни паққос тушириш билан машғул.
Менга бир сўм ҳам мерос тегмаган бўлса-да рўзғорнинг бутун харажати зиммамга юклаб қўйилган. Ўлиб-тирилиб ишлаб, жонимни жабборга бериб пул топиб, ҳафтасига бозор қилиб келаман. Уйнинг барча тўлов-харажатлари ҳам бўйнимда. Бу ёқда ўз оилам бор.  Онам ва сингилларимнинг хурсандлиги учун барча қийинчилик-йўқчиликларга чидадим. Аммо шунда ҳам ҳар куни, кун оша онамиздан «хабар олгани» келаётган сингиллар ва жиянларнинг ҳаккалак отиб кетган нафсини рози қилолмай қолдим.
Бир ёқда хотиним эртадан-кечгача миямни қотиради: «Ҳой эр,  сингилларга қилманг демайман, майли ёрдамлашинг, лекин ҳамма нарсанинг ҳам меъёри, ўлчови бор, тўртта боламизнинг кийими тўзиб ётибди, беш кило гўшт ҳафтасига етмаса, ахир турмушга узатилган сингилларингизни боқиш эрларининг вазифаси-ку! Кунда-шунда бўлишаверса, шунча одамга тоғ ҳам чидамайди-ку!» Уни овутиб, сабр қилишини сўрайману, ўзим тутоқиб кетавераман.
Инсофсиз онам, шафқатсиз сингилларим, ҳамиятсиз поччаларимнинг зулмига икки йилгина чидадим. Ҳозирги қийин шароитда одам ўз оиласини аранг боқяптию мен тўрт оилани қандай таъминлашни билолмай қолдим. Онамга аҳволни тушунтирмоқчи бўлиб, бир-икки бор дардимни очишга уриниб кўрдим. Эшитишни ҳам истамадилар. Қайтангга «Бир йил ўтмаёқ дадангнинг йўқликлари билинибди-да, сани шу умидлар билан боққанмидик, мандан кейин онанг ва сингилларингни ташлаб қўйдингми, деб даданг гўрларида тик турмайдиларми?» деб кўз ёши қилишни бошлаб юбордилар.
Жуда бошим қотган. Нима қилишга ҳайронман. Сабрим тугаб, асабим чирсиллаб турибди. Ноиложликдан онамга қаттиқ гапириб юбораманми, деган, ҳадикда бир дастурхонда ўтиргани ҳам қўрқиб қолдим. Бирор йўл кўрсатмасаларинг, яқинда мудҳиш хатога йўл қўйишим турган гап…»
Баҳромнинг дил ҳасратларига нима деб жавоб қилиш, унга қандай йўл кўрсатиш мумкин? Ўз-ўзидан равшанки, унинг хонадонида соф инсоний муносабатлар батамом издан чиққан, ахлоқнинг оддий талаблари ҳам унутилган. Одобимиз талабларига кўра, ўғил отаси вафотидан сўнг онасини ўз қарамоғига олиши шарт. Яна у турмушга чиқиб кетган сингилларига силаи раҳм кўрсатиши шарт. Қўлидан келганича, имкони кўтарганича уларга моддий ва маънавий ёрдам бериши, меҳрибонлик қилиши, шафқатли бўлиши шарт. Аммо буларнинг ўз чегараси, инсоф талаб қилган ўлчовлари бор.
Қизлар турмушга узатилиши билан уларнинг нафақаси, яъни уй-жой,  рўзғор ашёлари, кийим-кечак, озиқ-овқат, қўйинг-чи, турмуш учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминланиши батамом уларнинг эрлари зиммасига ўтади. Шундай бўлгач, уйдан чиқиб кетган қизларнинг бутун оғирлигини, нафақасини турли баҳоналар билан битта аканинг «елкасига юклаб» қўйиш ҳеч қандай ўлчовларга тўғри келмайди.
Тўғри, юқорида айтганимиздай, инилар опа-сингилларига инсонийлик нуқтаи назаридан, одоб талабларига кўра меҳр-шафқатли бўлиш, ҳолидан тез-тез хабар олиш, ҳар томонлама мададкор бўлишга бурчлидирлар. Аммо бу дегани, сингиллар ва поччалар қўл учида аранг рўзғор тебратаётган аканинг боқимандасига айланиб олишлари керак, дегани эмас. Ахир ака ўз оиласининг нафақасини қилишга мажбур-ку. Агар имкони бўлсагина сингилларига ёрдам беради. Аммо оиласидан орттиролмаса, уни сингиллар ва поччаларнинг рўзғорини бутлашга мажбурлашдан ортиқ ҳақсизлик бўлиши мумкинми?
Баъзи ота-оналар, айниқса онахонларимиз ўғил фарзандларини қизларига «жиловлаб, бўйнидан арқон боғлаб» беришади. Айниқса оила бошлиғининг вафотидан кейин «ҳукмдорлик» аёллар қўлига ўтгач, бу иш янада адолатсиз тусга киради. Тўрт-беш қиз узатилган хонадонлардаги ўғил фарзандлар ҳолига одам ачиниб кетади. Агар ўғил ёлғиз, ёки озчилик бўлса, унда томошанинг каттасини кўраверинг.
Бир хонадонни биламан: беш қиз ҳар ҳафта онасини «кўргани» туғилган хонадонига «ташриф буюради». Биттагина ука шу куни ўзининг барча иш-юмушларини йиғиштиради, хотини ва бола-чақаси катта «издиҳом»га тайёргарлик кўришга мажбур. Ўзи эрталабдан бозорга чопади: гўшт-ёғ, нон, мева-сабзавот харид қилиши керак. Хотини овқатга уннайди, болалари бирин-кетин кириб келаётган серхархаша жиянларни овутишни бошлашади. Кун бўйи еб-ичишади, суҳбатни қизитишади, бу орада болаларнинг ўртасига тушиб бир-икки қизаришиб олишга ҳам улгуришади.
Кеч бўлиши билан ўғил бечора энди тинчисам керак, деган хаёлга боради. Тинчиб бўпти! Машмашанинг каттаси энди бошланади. Қизлар ва болаларининг еб-ичганидан ташқари энди уларнинг хонадонидагилар учун таом тайёрлаб бериш керак. Катта қозонда палов дамланиб, ҳаммасига лаганда «насиба» тугилади. Она ўчоқ бошига келиб, келиннинг қанчадан гўшт солаётганини ҳам назорат қилиб туради.
Ўғил шундан кейин ҳам хотиржам бўлолмайди. Энди қизларни бирин-кетин уйига ташлаб келиш керак. Бензинни ва вақтни тежаш учун ҳаммаларини бир пайтнинг ўзида уйига элтиб қўйиш ҳақидаги ўғил таклифи онага ҳам, қизларга ҳам бирдай ёқмайди. Чунки, бирови эртароқ жўнашни хоҳласа, бошқаси уйига кечроқ қайтишни истайди. Уларнинг эркалиги ва тантиқлигига тишини-тишига қўйиб чидаган уканинг кейинги ташрифни ўйлаб, юрагига санчиқ киради. Бу ҳолат ини-сингилларнинг бир-бирига меҳрибончилиги саналмайди, балки ноинсофлик, ҳаддан ошиш ва зулмдан бошқа нарса эмас.
Баъзан ҳаётда бошқача ҳолларга ҳам дуч келинади. Бир мисол: Адҳамжон омади чопган йигитлардан, қўлини қаёққа узатса етади. Обрў-мартаба ҳам ҳавас қилгудай. Қишлоқнинг энг бадавлат кишиларидан: данғиллама участкаси, иккита енгил машинаси, бир неча новвоси, тинмай фойда келтириб турган «бизнеси» бор.
Ота-она бир неча йил олдин ўтиб кетишган. Биттагина опаси қўшни қишлоққа узатилган. Лекин Адҳамжоннинг ҳаётда қанчалик ошиғи олчи бўлса, поччасининг турмуши уникининг ғирт акси. Ўзи мактабда муаллимлик қилади, жиндайгина томорқаси ҳам бор. Бола-чақаси кўпроқ. Тўғри улар оч қолишмаган, яланғоч юришмаган. Аммо топганлари қоринларидан ортмайди. Опа ор қилиб укадан бирор нарса сўрамайди. Ука ўзича фаҳм-фаросатини ишлатиб, поччасининг оиласига ёрдам бергиси келмайди.
Ҳаммасига гўё поччанинг бундан анча йиллар олдин Адҳамжоннинг пул топишига ҳаром аралаша бошлаганини юзига айтгани сабаб бўлган эмиш. Шундан буён ука тўнини тескари кийиб олган. Қариндошлар, маҳалла-кўйнинг «Опангизга сал ёрдам қўлини чўзсангиз бўлармикин, фарзандлари бўй етиб, сал қийналиб қолишганга ўхшайди» каби эслатмаларини эшитгиси ҳам келмайди. «Менинг топганимдан ҳазар қилганларга тушиб қолган ёрдам йўқ, ҳалол топадиганларга бориб учрасин», деб жириллайди. Худди атайлаб қилгандай, ҳали кимгадир уй қуришга кўмаклашади, ҳали яна бировининг тўйига ҳайвонини олиб беради. «Эски гиналарни унутай, поччам айтган бўлса, эҳтимол ичи ачишганидан айтгандир, ота-онамнинг руҳини шод қилиш учун биттагина опамни хурсанд қилай» демайди.
Яқинларга бундай муносабат ҳам одобимизда қаттиқ қораланган. Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир.
Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.
Барчамиз дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Мол-дунё ҳам, шон-шавкат ҳам, амал-мартаба ҳам, ҳаммаси бир куни йўқлик сари юз тутади. Бугун қўлингиз узун, обрў-мартабангиз баланд бўлса, эртага ҳаммаси аксинча кўриниш олиши мумкин. Кеча назарингизга ҳам кирмаган бир одам эртага сиздан бойлик-мартабада илгарилаб кетиши мумкин. Ана шу ҳақиқатни ҳамиша ёдда тутиб, ака-укалар, опа-сингиллар, яқинлар, қариндошлар, қўни-қўшниларга бағрингизни очинг, ёрдамингизни дариғ тутманг. Ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўзингизни аяманг.

 

 

 

Оталар ва болалар

 

 

 

Ҳозирги замонда «оталар ва болалар муаммоси» деган гап чиқиб қолган. Эмишки, замонавий оилаларда катталар ва кичикларнинг, яъни оталар ва болаларнинг, оналар ва қизларнинг муросаси келишмас эмиш, улар бир том остида аҳил, тотув яшай олишмас эмиш. Бунга эса уларнинг ёши ўртасидаги фарқ туфайли дунёқарашларининг мос келмаслиги сабаб бўлар эмиш. Ғарб олами «авлодлар тўқнашуви» ёки келишмовчилигининг азиятини кўпдан буён тортади. Бу мавзу билан бир неча илмий-тадқиқот муассасалари, қанчалаб номдор олим ва мутахассислар шуғулланаётганига қарамай, икки авлодни «муросага келтирадиган» куч ёки омил ҳанузгача топилмаган, шекилли.
Шарқ оилаларида бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки, бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига дарров кўниш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф»тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.
Ахлоқимизда «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу дегани агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, дегани. Айни пайтда бу – ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлса-да бу қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.
Ана шу қоидага амал қилинган жойларда қариб-қартайиб, пул топишга ярамай қолган кексалар тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб, кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да ёлғизликда, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.
Ахлоқли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё қилишади, иззат-икром қилиб дуоларини олишади. Чунки, бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади, ота-онага қилган яхшиликлари эртага фарзандларидан ўн чандон бўлиб ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.
Ғарб маданияти таъсирида улғайган кимларгадир булар боланинг «ҳурриятини бўғиш», «эркига тажовуз» бўлиб туюлиши мумкин. Аммо катталар ва кичиклар ўртасида йўқ ердан муаммо ясаб олган Ғарб бугун биздаги оталар ва болалар ўртасидаги яхши муносабат ва меҳр-оқибатни кўриб, ҳавас қилишдан ўзга чора тополмай юрибди. Масалан, Франсияда ўтказилган тадқиқотларга кўра, бу ердаги ота-оналарнинг 75 фоизи фарзандларига уй-жой сотиб олишда молиявий ёрдам кўрсатиш истагида бўлса, фарзандларнинг эса бор йўғи 23 фоизи кексайган ота-онасига ўз уйидан бошпана беришга рози бўлар экан. Бу ҳолат бизларга нақадар эриш туюлмасин, Ғарбда бу каби воқеалар одатга айланиб кетган.
Ғарб мамлакатларида бўлганимизда болаларнинг ота-оналарини менсимай, қўполлик билан муомала қилганини, ҳақоратлаш, ҳатто уришгача борганини, жамоат транспортида катталарга жой бермай сурбетларча бақрайиб турганини, алоҳида рўзғор юритаётган ўғил-қизларнинг бир шаҳарда туриб ота-онадан йиллаб хабар олмагани каби нохуш воқеаларга кўп марта дуч келганмиз.
Аммо, минг таассуфки, бизда ҳам минг йиллик одобимиз талабларидан чекинилган, оилада «замонавий муносабатлар»ни жорий этишга уринилаётган хонадонларда бўй етиб қолган болаларини йўлга сололмай, ҳар куни фиғони фалакка чиқаётган, «тарбияси негадир яхши чиқмаганидан» ҳасратини кимга айтишни билмай, изтироб чекаётган, пушти камаридан бўлган фарзандининг ноқобиллигидан барвақт қариб ёки хасталаниб қолаётган кишиларнинг борлиги ҳам рост.
Кунларнинг бирида пойтахтимизнинг Сирғали туманида яшайдиган ҳамкасбимизникидаги меҳмондорчиликдан қайтаётиб нохуш  воқеанинг шоҳиди бўлдик. Кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида бир онахон ўн саккиз-йигирма ёшлардаги бир қиз (афтидан қизи бўлса керак) билан ғижиллашиб туришарди. Она уни уйга қайтаришга ҳаркат қилар, қиз эса дугоналари билан қаергадир «танса»га бораман, деб тихирлик қиларди. Охири ноилож қолган она қарғанишга тушди: «сани туғмай ман ўлай, ташлаб кетган отангни уйи куйсин». Қиз бунга жавобан «қарғишинг ўзингга урсин», дедию ўрисчалаб сўкиниб «танса»сига жўнаворди.
Эҳтимол, бу аянчли воқеа ўзбекона тарбия топган кишилар учун   ишончсиздай туюлар? Лекин айрим хонадонларда бундан-да фожиали муносабатларнинг қарор топгани ҳам бор гап. Кимнингдир фарзанди ота-онага умуман буйсунмай қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кирмайди. Бошқасининг фарзанди ота-онани сўкиш уёқда қолиб, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири уларнинг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган.
Бу аянчли воқеаларда ким айбдор? Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки бола тарбиясини ўз ҳолига, кўчадаги муҳитга ташлаб қўйган ота ёки онага тўнкаб қўяқолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги тасалли билан овунса ҳам бўлади.
Бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган, айтганини дарров муҳайё қилишган, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай бажо қилишган. Бундай «айтганини қилдириб», гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Энди қўл қисқалигиданми, ёки бошқа сабаб билан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолган ота-она ва фарзанд ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.
Кўпинча йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбияси ҳақидаги баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбиясининг яхши бўлиши омилларини ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди: кимдир болага ёшлигидан улуғ педагоглар тавсиясига кўра тарбия беришни тавсия этади, бошқаси энг аввало ота-она ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди, биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали деб билса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни бу соҳадаги асосий масала дейди. Лекин ҳеч ким боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Юқоридаги омиллар ҳам керак, лекин болангизга у ҳали туғилмасдан туриб ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри маҳол! Аксинча ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.
Катталар ва болалар ўртасида ҳаётда маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига «ғайирлик» каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва ҳаётий тажрибаси борасидаги кескин фарқ «ўз ҳукмини ўтказиб» туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунга муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси қилади. Фитратидан келиб чиқиб отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди ҳам «бу хатоларни такрорламаслиги учун» жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.
Чунки бу ҳаёт қонуни. Ҳар ким хатолар қилиб, курашиб, мағлуб бўлиб тажриба орттиради, ҳаётдаги ўз йўлини топади. Ахир, ўзингиз ҳам унинг ёшида шундай ғўр, тажрибасиз бўлган, отангиз сўзини инобатга олмаган эдингиз-ку! Фақат болангизнинг ҳақ йўлдан тойилиб кетмаслигига, руҳий асослардан чекинмаслигига ҳушёр бўлиб турсангиз, кифоя!
Ёш ва замон орасидаги фарқ туфайли катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан «авлодлар келишмовчилиги» деган тўқнашувлар омилига айланиб кетади.
Фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик» деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани» ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган даврнинг ўзига хос эҳтиёжидир.
Ҳаётда кўпни кўрган кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, катталар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап албатта «ҳа, биззи давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам ўз навбатида катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.
Шу нарса кундай равшанки, фарзанд учун ота онадан садоқатлироқ, ота-онадан фидойироқ, улардан меҳрибонроқ бошқа дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди.
Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.
Ота-оналар фарзандлар билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратганнинг ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши мумкин. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворига қараб муносабатда бўлади, фикр юритади.
Ана шундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?
Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш»га ҳаракатлар бошланади.
Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш унинг иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.
Мутахассисилар тавсиясига кўра, болалар мактабга боргунича уларга худди подшоҳлар каби муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг аста-секин унга тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия бериш бошланади.
Тарбия эса бир неча томондан олиб борилади. Ақлий тарбиясини ўнглаш учун унга турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзлаб берилади ёки у ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби  боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса уни бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.
Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини унинг ўрнига қўйиб кўришса, ана шу фарзандлари ёшида ўзлари қандай фикрлашган ва қандай иш тутишган бўлур эди, шу ҳақда жиндай мулоҳаза юритишса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замон орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб туради. Кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши, ёки аксинча кеча қадри бўлмаган бир қадрият бугун энг қийматли нарсага айланиши  мумкин.
Агар ана шу омиллар эътиборга олинмаса, «ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, бизнинг давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжга минаверади.
Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олишга, уларга тақлид қилишга интилиб ҳаётий тажриба орттиради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангизу, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангизу, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучга чиқади. Агар ўзингиз ёлғон гапирсангиз ёки алдоқчи бўлсангиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.
«Қасосли дунё, қайтар дунё» деган гаплар бор. Ўзингиз ота-онангизга ёки бошқа яқинларингизга қандай муомала-муносабатда бўлган экансиз, бу нарсани фарзандларингиздан албатта кўрасиз. Ўз навбатида фарзандингиз сизга қандай беодоблик қилган ёки алам ўтказган бўлса, у ҳам фарзандидан албатта тортади. Занжир халқалари каби бу нарса даврлар оша бир-бирига боғланиб кетаверади. Келажакда фарзандингиз ҳам сиз каби «авлодлар тўқнашуви» азобини тортиб юрмасин десангиз, ана шу занжир халқаларини узиб ташлашингизга тўғри келади.
Бу борадаги ажойиб  ривоятларни ҳам кўп эшитгансиз: «Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураётганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб қаттиқ изтиробга тушибди, «инсон фарзанди отасини ҳам урадими» деб қайғу чекибди. Шунда кўпни кўрган бир отахон: «Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади, ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасини худди ҳозиргидай соқолидан тортиб урган эди, мана энди ўзига қайтди», деган экан.
Ёки узоқ умр кўриб, фарзандларига малоли келиб қолган отасини ўғил хотинининг маслаҳати билан шаҳар ташқарисига ташлаб келиш учун йўлга чиқибди. Чарчаб, бир дарахт соясида дам олишга тўхтаганида отаси негадир жилмайиб қўйибди. Ўғли бунинг сабабини сўраса, «бундан кўп йиллар муқаддам мен ҳам отамни адирга ташлаб келиш учун йўлга чиққанимда худди шу ерда тўхтаб дам олган эдим» деб жавоб қилган экан.
Замондош олимларимиздан бири ёзганидай, «Барча нарса асли билан боғланган бўлса мустаҳкам бўлади, аслидан узилган ҳар бир нарса хорлик ва харобликка маҳкум. Кишининг асли ота-онасидир. Чунки унинг ўсиб-улғайиб камолга етиши уларга боғлиқ. Ота-онасидан узилган бирор кимсанинг толеи-бахти ҳануз баланд бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ота-онасидан ёки уларнинг биридан узилган, ажралган кимса «оқ» деб аталади. Ота-онадан узилиш уларни ранжитишдир. Уларнинг қалбига озор етказган, норози қилган ўғил ёки қиз «оқ»дир ва қаттиқ гуноҳкордир».

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 43 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ