1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Д

Дабир, Dabir(ар.) – устоз, мураббий; йўлбошчи.

Даврон, Davron(ар.) – бахтиёр, шодон.

Далғин, Dalg’in(ўз.) – ўткир фикрли, ўта мушоҳадали, ақлли, доно.

Дамин, Damin(ар.) – саботли, сабрли, иродаси мустаҳкам.

Дамина, Damina(ар.) – “Дамин”нинг муаннас шакли.

Дақиқа, Daqiqa(ар.) – ширинсўз; нозик, латиф сўз эгаси.

Дағфал, Dagfal (ар.) – фаровонлик, серобчилик; баракали, файзли * Дағфал ибн Ҳанзала ибн Зайд ибн Абада ибн Абдуллоҳ ибн Робийъа ибн Амр ибн Шайбон ас-Садусий аз-Зуҳалий аш-Шайбоний (катта тобеин).

Диёнат, Diyonat(ар.) – диёнатли, инсофли, виждонли; субутли.

Дилбар, Dilbar(фт.) – ёқимли, гўзал, зебо.

Дилдора, Dildora(фт.) – севилган, маҳбуба; раҳмли, меҳрибон.

Дилмурод, Dilmurod(фт.-ар.) – қалбдаги орзу-ниятларни амалга оширувчи.

Дилором, Dilorom(фт.) – қалбга таскин берувчи.

Дилшод, Dilshod(фт.) – бахтли, саодатли, қувноқ, шодон.

Дилшода, Dilshod(фт.) – “Дилшод”нинг муаннас шакли.

Динор, Dinor(ар.) – қимматли, қадрли, ҳурматли.

Динора, Dinora(ар.) – “Динор”нинг муаннас шакли.

Диндор, Dindor(ар.-фт.) – диндор, Аллоҳнинг амрини маҳкам ушлаб, шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилувчи.

Динуллоҳ, Dinulloh(ар.) – Аллоҳнинг Ҳақ Дини (яъни, Ислом динига амал қилувчи солиҳ банда).

Диҳя, Dihya (ар.) – қўшиннинг бошлиғи, қўмондони * Диҳя ибн Халифа ибн Фарва ибн Фазола ибн Имрулқайс ибн Хазж Зиёду Манот ибн Омир ибн Бакр ибн Омир ал-Акбар ал-Калбий (катта саҳобий, жуда хушсурат кишилардан бўлган, Жаброил алайҳис салом айнан шу саҳобий суратидаНабий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар эди).

Довуд, Dovud (қад.яҳ.) – меҳрибон; суюкли; ҳақиқий дўст * 1) Довуд алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан, насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга бориб тақалади), 2) Довуд ас-Сирож ас-Сақофий ал-Мисрий (тобеин), 3) Довуд ибн Абу Довуд ал-Ансорий ал-Маданий (тобеин), 4) Довуд ибн Абу Солиҳ ал-Ҳижозий (тобеин), 5) Довуд ибн Абу Осим ибн Урва ибн Масъуд ас-Сақофий ат-Тоифий (тобеин).

Долим, Dolim(ар.) – ўсувчи, кўпаювчи.

Доно, Dono(фт.)– билимли, ақлли, заковатли.

Достон, Doston(фт.) – машҳур, таниқли.

Дурбек, Durbek(ар.-ўз.) – дурдек қадрли, эъзозли.

Дурдона, Durdona(ар.-фт.) – дур донасидек қардли, қийматли.

Ж

Жабборқул, Jabborqul(ар.-ўз.) – махлуқотлари устидан мутлоқ Ғолиб бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Жабр, Jabr (ар.) – ислоҳ қилиш, тузатиш; ислоҳ қилувчи * 1) Жабр ибн Атийк ибн Қайс ал-Ансорий ас-Суламий (саҳобий), 2) Жабр ибн Убайда (тобеин), 3) Жабр ибн Навф Абу Ваддок ал-Ҳамдоний ал-Биколий (тобеин).

Жавлон, Javlon(ар.) – ҳаракатчан, чаққон.

Жавод, Javod(ар.) – мурувватли, сахий.

Жавоҳир, Javohir(ар.) – қадрли, қимматли; ҳурматли, обрўъли.

Жавоҳира, Javohira(ар.) – “Жавоҳир”нинг муаннас шакли.

Жавҳар, Javhar(ар.) – қадрли, ҳурматли; кучли, қудратли.

Жазил, Jazil(ар.) – кўп; яхши; мақбул.

Жазила, Jazila(ар.) – “Жазил”нинг муаннас шакли.

Жалилберган, Jalilbergan(ар.-ўз.) – буюк ва улуғ Аллоҳ берган фарзанд.

Жалилберди, Jalilberdi(ар.-ўз.) – “Жалилберган” билан маънодош.

Жалилқул, Jalilqul(ар.-ўз.) – улуғлик ва буюкликни Ўзида жамлаган олий Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Жалолиддин, Jaloliddin(ар.) – Ислом динининг улуғлиги, буюклиги.

Жамил, Jamil (ар.) – чиройли, кўркам, келишган, хушбичим * 1) Жамил ибн Мурра аш-Шайбоний ал-Басрий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси), 2) Жамил (кичик тобеинлар билан замондош бўлган, ривояти мақбул).

Жамила, Jamila (ар.) – “Жамил”нинг муаннас шакли * Жамила бинти Убод (тобеийя).

Жамол, Jamol(ар.) – чиройли, келишган.

Жамола, Jamol(ар.) – “Жамол”нинг муаннас шакли.

Жамолиддин, Jamoliddin(ар.) – Ислом динининг чиройи, кўрки, файзи.

Жаннат, Jannat(ар.), (а.и.) – жаннат (Аллоҳнинг амрига мувофиқ ҳаёт кечирган солиҳ бандалар кирадиган макон. Бу исм жаннатга киришга сабаб бўладиган амалларни қилувчи банда бўлсин деган ниятда қўйилади).

Жаннод, Jannod(ар.) – “Жунайд”га қаранг.

Жаннода, Jannoda(ар.) – “Жаннод”нинг муаннас шакли.

Жарир, Jarir (ар.) – чаққон, уддабурон; мустаҳкам * 1) Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир Абу Амр ал-Бажалий ал-Қасрий (саҳобий), 2) Жарир аз-Зоббий (тобеин, Фузайл ибн Ғазвон ибн Жарирнинг бобоси), 3) Жарир ибн Саҳм ат-Тамимий (тобеин).

Жарира, Jarira(ар.) – “Жарир”нинг муаннас шакли.

Жарроҳ, Jarroh (ар.) – моҳир табиб, ўз ишига уста бўлган ҳаким * 1) Жарроҳ ибн Абу Жарроҳ ал-Ашжаъий (саҳобий), 2) Жарроҳ ибн Малиҳ ибн Адий ибн Фарс Абу Вакиъ ар-Рувосий (катта табаа тобеин), 3) Жарроҳ ибн Малиҳ Абу Абдураҳмон ал-Баҳроний (катта табаа тобеин), 4) Жарроҳ ибн Заҳҳок ибн Қайс ал-Киндий ал-Куфий (катта табаа тобеин).

Жарроҳа, Jarroha(ар.) – “Жарроҳ”нинг муаннас шакли.

Жасорат, Jasorat(ар.), (а.и.) – жасоратли, жасур, жасорат рамзи.

Жасур, Jasur(ар.) – мард, жасур, журъатли.

Жасура, Jasura– “Жасур”нинг муаннас шакли.

Жаъфар, Jafar (ар.) – ариқ, анҳор; сариқ рангли гул * 1) Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший ал-Ҳошимий (саҳобий, Али розийаллоҳу анҳунинг акаси, Мута жангида шаҳид бўлиб, Тайёр лақабини олган), 2) Жаъфар ибн Амр ибн Ҳурайс ал-Қуроший ал-Махзумий (тобеин), 3) Жаъфар ибн Абдуллоҳ ибн Ҳакам ибн Рофеъ ибн Синон ал-Ансорий ал-Авсий ал-Маданий (тобеин, Абдулҳамид ибн Жаъфарнинг отаси).

Жаъфармаҳмуд, Ja’farmahmud(ар.) – “Жаъфар” ва “Маҳмуд” исмлари бирикмаси.

Жаъфармуҳаммад, Ja’farmuhammad(ар.) – “Жаъфар” ва “Муҳаммад” исмлари бирикмаси.

Жаъфарсиддиқ, Ja’farsiddiq(ар.) – “Жаъфар” ва “Сиддиқ” исмлари бирикмаси.

Жаъфарсодиқ, Ja’farsodiq(ар.) – “Жаъфар” ва “Содиқ” исмларининг бирикмаси * Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Боқир Абу Абдуллоҳ ал-Ҳошимий ал-Алавий (Зайдийя имомларидан бири, Молик, Саврий ва Ибн Уйайналар ундан ҳадис ривоят қилишган, Абу Ҳанифа у ҳақида: Жаъфар Содиқдан кўра фақиҳроқ олимни кўрмаганман”, деган).

Жаҳонгир, Jahongir(ар.-фт.) – оламни фатҳ этувчи; ғолиб, музаффар (“Оламгир” исмининг бошқа шакли).

Жобир, Jobir (ар.) – ислоҳ қилувчи, тузатувчи, яхшиловчи * 1) Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром Абу Абдуллоҳ ал-Хазражий ал-Ансорий (машҳур саҳобий), 2) Жобир ибн Самура ибн Жунода Абу Абдуллоҳ ас-Сувоий (саҳобий), 3) Жобир ибн Сулайм ал-Ҳужаймий ат-Тамимий (саҳобий), 4) Жобир ибн Ториқ ибн Авф Абу Ҳаким ал-Аҳмасий (саҳобий, Ҳаким ибн Жобирнинг отаси), 5) Жобир ибн Атийк ибн Қайс ибн Асвад ибн Муррий ибн Каъб ибн Ғонм ибн Салама ал-Ансорий ас-Суламий (саҳобий), 6) Жобир ибн Умайр ал-Ансорий (саҳобий), 7) Жобир ибн Зайд Абу Шаъсоъ ал-Аздий ал-Йаҳмадий (тобеин), 8) Жобир ибн Сайлон (тобеин).

Жобира, Jobira(ар.) – “Жобир”нинг муаннас шакли.

Жоҳид, Johid(ар.) жидду-жаҳд қилувчи, ҳаракатчан, тиришқоқ.

Жоҳида, Johida(ар.) – “Жоҳид”нинг муаннас шакли.

Жория, Joriya(ар.), (а.и.) – Аллоҳнинг хизматкори, Аллоҳнинг қули.

Жоруллоҳ, Jorulloh(ар.) – Аллоҳнинг яқин, муқарраб бандаси (Маҳмуд Абулқосим аз-Замахшарийнинг лақаби).

Жуайл, Juayl (ар.) – амалга оширувчи, бажарувчи (“Жоил”нинг кичрайтирма шакли) * Жуайл ибн Зиёд аз-Зомрий (саҳобий).

Жуайла, Juayla(ар.) – “Жуайл”нинг муаннас шакли.

Жубайр, Jubayr (ар.) – “Жабр”нинг кичрайтирма шакли * 1) Жубайр ибн Мутъим ибн Адий ибн Навфал Абу Муҳаммад ал-Қуроший ан-Навфалий (машҳур саҳобий), 2) Жубайр ибн Нуфайр ибн Молик ибн Омир Абу Абдураҳмон ал-Хазромий (катта тобеин), 3) Жубайр ибн Абу Сулаймон ибн Жубайр ибн Мутъим ал-Қуроший ан-Навфалий ал-Маданий (тобеин, Усмон ибн Абу Сулаймоннинг туғишган биродари), 4) Жубайр ибн Ҳаййа ибн Масъуд ибн Муътаб ас-Сақофий ал-Басрий (тобеин), 5) Жубайр ибн Абу Солиҳ ал-Ҳижозий (катта табаа тобеин).

Жубайра, Jubayra(ар.) – “Жубайр”нинг муаннас шакли.

Жувайбир, Juvaybir (ар.) – “Жобир” исмининг кичрайтирма шакли, яъни мазкур исм “кичик Жобир” маъносини англатади.

Жувайбира, Juvaybira(ар.) – “Жувайбир”нинг муаннас шакли.

Жувайрия, Juvayriya (ар.), (а.э.и.) – “Жория” исмининг кичрайтирма шакли * 1) Жувайрия бинти Ҳорис ибн Зирор ал-Хузоийя ал-Мустолиқийя (саҳобия, уммул мўминин), 2) Жувайрия ибн Қудома ат-Тамимий (тобеин), 3) Жувайрия ибн Асмоъ ибн Убайд ибн Мухориқ (табаа тобеин).

Жунайд, Junayd(ар.) – хоксор, мутавозеъ; машҳур, ҳурматли; аскар, ёрдамси, халоскор.

Жунайда, Junayda(ар.) – “Жунайд”нинг муаннас шакли.

Жунайдуллоҳ, Junaydulloh(ар.) – Аллоҳнинг хоксор бандаси.

Жундуб, Jundub (ар.) – (баъзи манбаларда “Жундаб” тарзида келтирилган) Жундуб ибн Жунода ибн Суфён ибн Убайд Абу Зарр ал-Ғифорий (машҳур саҳобий).

Жунода, Junoda (ар.), (э.и.) – “Жунайд” билан маънодош * 1) Жунода ибн Абу Умайя Абу Абдуллоҳ (катта тобеин), 2) Жунода ибн Салм ибн Холид ибн Жобир ибн Самура Абулҳакам ал-Омирий ал-Куфий (кичик табаа тобеин, Абу Соиб Салм ибн Жуноданинг отаси).

Жўшқин, Jo’shqin(ўз.) – ғайратли, шижоатли, ҳаракатчан.

З

Забир, Zabir(ар.) – ақлли, зукко; зийрак, ҳушёр.

Забира,Zabira(ар.) – “Забир”нинг муаннас шакли.

Забиҳ, Zabih(ар.) – Аллоҳ йўлида ўз жонини қурбон қилувчи.

Забиҳа, Zabiha(ар.) – “Забиҳ”нинг муаннас шакли.

Забиҳуллоҳ, Zabihulloh(ар.) – “Забиҳ” исмининг хос шакли.

Завфар, Zavfar(ар.) – “Зуфар” билан маънодош.

Зайд, Zayd (ар.) – туҳфа, совға, инъом; зиёда бўлиш, кўпайиш * 1) Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок ибн Зайд ибн Лавзон ибн Амр ибн Абдуъавф Абу Саид ал-Ансорий (машҳур саҳобий, ваҳий нозил бўлаётганда уни ёзиб турган котиблардан, шунингдек у Абу Бакр ва Усмон розийаллоҳу анҳумолар Қуръони каримни жамлаётганларида ҳам асосий котиблик вазифасини бажарган), 2) Зайд ибн Арқам ибн Зайд ибн Қайс Абу Амр ал-Хазражий ал-Ансорий (машҳур саҳобий), 3) Зайд ибн Ҳориса ибн Шароҳийл Абу Усома ал-Калбий (машҳур саҳобий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари ва тутинган ўғиллари), 4) Зайд ибн Холид Абу Абдураҳмон ал-Жуҳаний (машҳур саҳобий), 5) Зайд ибн Саҳл ибн Асвад ибн Ҳаром Абу Талҳа ал-Ансорий ал-Хазражий (машҳур саҳобий).

Зайдал, Zaydal(ар.) – “Зайд” ўзагидан ясалган исм.

Зайдавайҳ, Zaydavayh(ар.-форс.) – “Зайд” билан маънодош.

Зайдуллоҳ, Zaydulloh(ар.) – Аллоҳнинг инъоми, ҳадяси.

Зайна, Zayna(ар.) – чиройли, зебо, гўзал.

Зайнаб, Zaynab(ар.) – келишган, гўзал, тўладан келган * 1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари ҳамда тарбияларига олган қизлари (Умму Салама онамиз қизларининг) исми.

Зайнуддин, Zaynuddin (ар.) – Ислом динининг кўрки, зийнати * Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Мисрий (ҳанафий фақиҳи, “Ал-Ашбоҳ ван-назоир фий усулил фиқҳ”, “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ” ва бошқа асарлар муаллифи).

Зайния, Zayniya(ар.) – чиройли, зийнатли.

Зайнулъобидийн, Zaynulobidiyn (ар.) – ибодат қилувчилар зийнати, чиройи; Аллоҳ таолога ибодат қилувчиларнинг энг афзали * (“Зайнулъобидийн” Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб ал-Ҳошимий ал-Қуроший раҳматуллоҳи алайҳнинг лақаби саналади).

Зайнура, Zaynura(ар.), (а.и.) – гўзал, чиройли.

Зайфуллоҳ, Zayfulloh(ар.) – Аллоҳнинг меҳмони; Аллоҳнинг Байтини зиёрат қиладиган ҳожи.

Закариё, Zakariyo (қад.яҳ.) – мард, жасур * 1) Закариё ибн Азн ибн Баркиё алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан, насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳис саломга бориб тақалади), 2) Закариё ибн Холид (катта табаа тобеин), 3) Закариё ибн Майсара ал-Басрий (катта табаа тобеин), 4) Закариё ибн Яҳё ибн Умаро Абу Яҳё ал-Ансорий (катта табаа тобеин).

Заквон, Zakvon (ар.) – ақлли, доно, заковат эгаси * 1) Заквон Абу Амр ал-Маданий (тобеин, Оиша онамизнинг мавлолари), 2) Заквон Абу Солиҳ ал-Маданий (тобеин, Жувайрия бинти Аҳмаснинг мавлоси, Суҳайл ибн Абу Солиҳнинг отаси).

Закий, Zakiy(ар.) – ақлли, зукко, доно.

Закийя, Zakiyya(ар.) – “Закий”нинг муаннас шакли.

Замзам, Zamzam (ар.) – (“зод” ҳарфи билан) шижоатли, қўрқмас, ботир; паҳлавон, кучли, бақувват * 1) Замзам Абу Мусанно ал-Умлукий ал-Ҳимсий (тобеин), 2) Замзам ибн Жавс ал-Фиҳҳоний ал-Йамоний (тобеин), 3) Замзам ибн Амр Абул Асвад ал-Ҳанафий (катта табаа тобеин).

Замийъ, Zamiy’(ар.) – шижоатли, жасур, қўрқмас; яхши.

Замийъа, Zamiy’a(ар.) – “Замийъ”нинг муаннас шакли.

Замир, Zamir(ар.) – виждонли, диёнатли, инсофли.

Замира, Zamira(ар.) – “Замир”нинг муаннас шакли.

Замириддин, Zamiriddin(ар.) – Ислом динига мансуб виждонли, инсофли банда.

Заммоъ, Zammo’(ар.) – “Замийъ” билан маънодош.

Заммоъа, Zammo’a(ар.) – “Заммоъ”нинг муаннас шакли.

Замъа, Zam’a(ар.) – шижоатли, ғайратли; яхши, пок, озода.

Зарир, Zarir(ар.) – оқил, ақлли, доно.

Зарира, Zarira(ар.) – “Зарир”нинг муаннас шакли.

Зариф, Zarif(ар.) – пок; зийрак, доно, ақлли.

Зарифа, Zarifa(ар.) – “Зариф”нинг муаннас шакли.

Зарифиддин, Zarifiddin(ар.) – Ислом динига мансуб ақлли, зийрак ва фатонатли банда.

Зарифуллоҳ, Zarifulloh(ар.) – Аллоҳнинг ақлли ва сергак бандаси.

Зарофат, Zarofat(ар.) – поклик, зийраклик, донолик ва ақллилик рамзи.

Зарр, Zarr (ар.) – насл, авлод, зурриёт * Зарр ибн Абдуллоҳ ибн Зурора Абу Умар ал-Ҳамдоний ал-Мурҳибий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси).

Зафар, Zafar(ар.) – зафар, муваффақият; бахт, саодат рамзи.

Зафир, Zafir(ар.) – зафар қозонувчи, ғолиб келувчи.

Зафира, Zafira(ар.) – “Зафир”нинг муаннас шакли.

Заҳаб, Zahab(ар.), (а.и.) – олтин каби қадрли, ҳурматли, эъзозли.

Заҳийд, Zahiyd(ар.) – зоҳид, дунёнинг ортиқча матоҳлари ва ҳою-ҳавасларидан тийилувчи; тақводор.

Заҳийда, Zahiyda(ар.) – “Заҳийд”нинг муаннас шакли.

Заҳина, Zahina(ар.) – ақлли, зеҳни ўткир, фаҳм-фаросатли.

Заҳириддин, Zahiriddin(ар.) – Ислом Динининг ривожи учун кўмаклашувчи.

Заҳҳок, Zahhok (ар.) – кулувчи; хурсанд, мамнун, шодон * 1) Заҳҳок ибн Суфён ибн Авф ибн Каъб ибн Абу Бакр ибн Килоб Абу Саид ал-Килобий (саҳобий), 2) Заҳҳок ибн Қайс ибн Холидул Акбар ибн Ваҳб ибн Унайс ал-Қуроший ал-Фиҳрий (саҳобий), 3) Заҳҳок ибн Шароҳийл Абу Саид ал-Ҳамдоний (тобеин), 4) Заҳҳок ибн Мунзир ибн Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий (тобеин), 5) Заҳҳок ибн Музоҳим Абул Қосим ал-Ҳилолий (кичик тобеин).

Заҳро, Zahro(ар.) – ёрқин, равшан; чиройли кўркам, нурли * (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима бинти Муҳаммад ибн Абдулоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Абдуманоф ибн Ҳошим Умму Ҳасан ал-Қурошийя ал-Ҳошимийя розийаллоҳу анҳонинг лақаби).

Зеби, Zebi(фт.) – чиройли, гўзал, зебо.

Зебинисо, Zebiniso(фт.-ар.) – аёлларнинг энг гўзали.

Зебо, Zebo(фт.) – гўзал, чиройли, хушрўй.

Зебонисо, Zeboniso(фт.-ар.) – аёлларнинг энг гўзали (“Зебинисо” билан маънодош).

Зеҳния, Zehniya(ар.) – ақлли, зеҳни ўткир, ақлли, доно.

Зиё, Ziyo(ар.) – зиё, равшанлик, ёрқинлик; бахт, толеъ.

Зиёали, Ziyoali(ар.) – “Зиё” ва “Али” исмларининг бирикмаси.

Зиёанвар, Ziyoanvar(ар.) – “Зиё” ва “Анвар” исмлари бирикмаси.

Зиёаҳмад, Ziyoahmad(ар.) – “Зиё” ва “Аҳмад” исмларининг бирикмаси.

Зиёвуддин, Ziyovuddin (ар.) – Ислом Динининг зиёси * Зиёвуддин Халил ибн Исҳоқ ибн Мусо ал-Мисрий (фақиҳ, “Мухтасор фил фиқҳ” асари муаллифи).

Зиёд, Ziyod(ар.) – зиёдалик, кўплик; мўллик, фаровонлик (ўзбек тилидаги “Ортиқ” исмининг арабча шакли).

Зиёда, Ziyoda(ар.) – “Зиёд”нинг муаннас шакли.

Зиёдуллоҳ, Ziyodulloh(ар.) – Аллоҳнинг инъоми, файзи, баракаси (“Баракатуллоҳ” ва “Файзуллоҳ” исмларининг маънодош шакли).

Зиёмаҳмуд, Ziyomahmud(ар.) – “Зиё” ва “Маҳмуд” исмлари бирикмаси.

Зиёмуслим, Ziyomuslim(ар.) – “Зиё” ва “Муслим” исмлари бирикмаси.

Зиёмуҳаммад, Ziyomuhammad(ар.) – “Зиё” ва “Муҳаммад” исмлари бирикмаси.

Зиёмуҳсин, Ziyomuhsin(ар.) – “Зиё” ва “Муҳсин” исмлари бирикмаси.

Зикруллоҳ, Zikrulloh(ар.) – Аллоҳнинг зикри, У Зотни эслаш, ёд этиш (доимо Аллоҳни зикр қилувчи банда бўлсин).

Зилол, Zilol(ар.), (а.и.) – зилол сувдек покиза, мусаффо; бокира, ҳаёли.

Зилола, Zilola(ар.) – покиза, мусаффо; ор-номусли, иффатли.

Зимом, Zimom(ар.) – ақлли, уддабурон, ишнинг кўзини билувчи.

Зиннур, Zinnur(ар.) – нурли, зиёли.

Зиннура, Zinnura(ар.), (а.и.) – нурли, зиёли.

Зиннурайн, Zinnurayn(ар.) – икки нур соҳиби (Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳунинг лақаби, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизлари – аввал Руқаййага, Руқаййа касаллиги туфайли вафот этганидан сўнг унинг синглиси Умму Кулсумга уйлангани сабабли шундай шарафли номга сазовор бўлган).

Зоир, Zoir(ар.) – зиёрат қилувчи; Макка ва Мадинани зиёрат қилувчи.

Зоира, Zoira(ар.) – “Зоир” исмининг муаннас шакли.

Зобит, Zobit(ар.) – мустаҳкам, кучли; иродаси бақувват, қатъиятли.

Зокир, Zokir(ар.) – Аллоҳ таолони зикр қилувчи, доимо У Зотни эслаб, ҳамду санолар айтувчи; Аллоҳ буюрган амалларни сидқидилдан бажариб, ҳаром қилган ишлардан четланувчи.

Зокира, Zokira– “Зокир” исмининг муаннас шакли.

Зокирмуҳаммад, Zokirmuhammad(ар.) – “Зокир” ва “Муҳаммад” исмларининг бирикмаси.

Зокируллоҳ, Zokirulloh(ар.) – “Зокир” исмининг хос шакли.

Зофир, Zofir(ар.) – “Зуфар” билан маънодош.

Зофира, Zofira(ар.) – “Зофир”нинг муаннас шакли.

Зоҳид, Zohid(ар.) – зоҳид, дунёнинг ортиқча ҳою-ҳавасини тарк этувчи, дунё матоҳига алданиб қолмайдиган, иродаси мустаҳкам банда.

Зоҳида, Zohida(ар.) – “Зоҳид”нинг муаннас шакли.

Зоҳир, Zohir(ар.) – нурли, равшан.

Зоҳира, Zohira(ар.) – “Зоҳир”нинг муаннас шакли.

Зоҳируллоҳ, Zohirulloh(ар.) – Аллоҳнинг нурли, яъни толеъи баланд бандаси.

Зубайд, Zubayd(ар.) – сараланган; энг яхши.

Зубайда, Zubayda(ар.) – “Зубайд”нинг муаннас шакли.

Зубайдуллоҳ, Zubaydulloh(ар.) – Аллоҳнинг энг яхши бандаси.

Зубайр, Zubayr (ар.) – кучли, қудратли, бақувват; ақлли, идрокли, доно; пок, озода (“Забир”нинг кичрайтирма шакли) * Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдулъуззо ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурро ибн Каъб ибн Луайй ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона Абу Убайдуллоҳ (машҳур саҳобий, ашараи мубашшарадан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари София бинти Абдулмуттолибнинг ўғли).

Зубайра, Zubayra(ар.) – “Зубайр”нинг муаннас шакли.

Зубоат, Zuboat (ар.) – 1) Зубоат бинти Зубайр ибн Абдулмуттолиб ал-Қурошийя ал-Ҳошимийя (саҳобийя, Миқдод ибн Асваднинг завжаси) 2) Зубоат бинти Миқдом ибн Маъдий (тобеийя).

Зулайҳо, Zulayho(ар.) – мулойим, юмшоқ; чиройли, зебо.

Зулжамол, Zuljamol(ар.), (а.и.) – чиройли, келишган, зебо.

Зулкамол, Zulkamol(ар.) – камолот ва етуклик соҳиби.

Зулкарам, Zulkaram(ар.) – сахий, кўлиочиқ, саховатли, карамли.

Зулкифл, Zulkifl (ар.) – кафолат эгаси, кимнингдир кафолатини олган. * Зулкифл алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири (Унинг исми борасида ихтилофлар бор. Баъзилар: “Унинг асл исми “Бишр” бўлиб, Айюб алайҳис саломнинг ўғлидир”, десалар, бошқалар: “У Закариё алайҳис саломнинг бошқа бир исми, чунки у Марямнинг кафолатини олган”, деганлар. Яна баъзилар: “У пайғамбар бўлмаган, балки солиҳ банда бўлган”, дейишган. Аммо аксарият уламолар Зулкифлнинг пайғамбар бўлганини таъкидлаганлар. Қуръони каримда унинг исми пайғамбарлар қаторида саналиши ҳам шуни кўрсатади. Зулкифл алайҳис саломнинг исми Қуръони каримнинг икки жойида – Анбиё сурасининг 85-ояти ва Сод сурасининг 48-оятларида келган).

Зулфия, Zulfiya(фт.) – жингалак сочли қиз.

Зулхайр, Zulxayr (ар.) – яхшилик ва хайр-барака эгаси (“Абулхайр” исми билан маънодош).

Зулхумор, Zulxumor(ар.-фт.) – чиройли, зебо.

Зулқарнайн, Zulqarnayn (ар.) – икки шох эгаси; икки қутб эгаси; машриқ ва мағриб эгаси. * Зулқарнайн (Аллоҳ таолонинг солиҳ, тақводор ва итоатгўй бандаларидан, Аллоҳ таоло унга кўп миқдорда бойлик ва манфаатли илм берган, у эса шу имкониятини Рабби рози бўладиган ўринларга сарфлаган, Ер юзида кўплаб ислоҳотлар олиб борган. Зулқарнайн ҳақида Каҳф сурасининг 83-98 оятларида маълумотлар берилган. Бир нарсага эътибор бериш лозим, солиҳ банда Зулқарнайн билан айшу-ишрат ва дунё ҳаётига муккадан кетган Александр Македонскийни бир-биридан фарқлаб олиш лозим. Бу икки тарихий шахс ўртасида эътиқод жиҳатида Ер билан осмонча фарқ бор. Бу ҳақиқатни аввалги ўтган холис тарихчилар ўзларининг мўтабар китобларида ёзиб қолдирганлар).

Зумайъ, Zumay’(ар.) – “Замийъ” билан маънодош.

Зумайъа, Zumay’a(ар.) – “Зумайъ”нинг муаннас шакли.

Зумрад, Zumrad(фт.), (а.и.) – қимматбаҳо, қадрли, ноёб.

Зуннун, Zunnun (ар.) – катта балиқ, яъни наҳанг эгаси * Юнус ибн Мутай алайҳис саломнинг бошқа исми (Қуръони каримнинг Анбиё сураси, 87-оятида Юнус алайҳис саломнинг номи шу тарзда келтирилган).

Зуннуна, Zunnuna(ар.) – “Зуннун”нинг муаннас шакли.

Зурайб, Zurayb (ар.) – кучли, қувватли, паҳлавон * Зурайб ибн Нуқайр Абу Салил ал-Қайсий ал-Журайрий ал-Басрий (кичик тобеинлар даврида яшаган ишончли ҳадис ровийси).

Зурайба, Zurayba(ар.) – “Зурайб”нинг муаннас шакли.

Зурайр, Zurayr(ар.) – ақлли, оқил, билимдон (“Зарир”нинг кичрайтирма шакли).

Зурайра, Zurayra(ар.) – “Зурайр”нинг муаннас шакли.

Зуфар, Zufar (ар.) – жаноб, саййид; оғир масъулиятни кўтара олувчи, сабрли * Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс ал-Анбарий (машҳур ҳанафий фақиҳи, Абу Ҳанифанинг асҳобларидан).

Зуҳайд, Zuhayd(ар.) – “Заҳийд”нинг кичрайтирма шакли.

Зуҳайда, Zuhayda(ар.) – “Зуҳайд”нинг муаннас шакли.

Зуҳайр, Zuhayr (ар.) – нурли, ёруғ, равшан * 1) Зуҳайр ибн Абдуллоҳ ибн Жадъон Абу Мулайка ал-Қуроший (саҳобий), 2) Зуҳайр ибн Усмон ас-Сақофий ал-Аъвар (саҳобий), 3) Зуҳайр ибн Амр ал-Ҳилолий (саҳобий), 4) Зуҳайр ибн Солим Абу Мухориқ ал-Ансий (тобеин), 5) Зуҳайр ибн Ҳунайд Абу Заййол ал-Адавий (табаа тобеин).

Зуҳайра, Zuhayra(ар.) – “Зуҳайр”нинг муаннас шакли.

Зуҳриддин, Zuhriddin(ар.) – Ислом динининг ғолиблиги; Ислом динидаги ғолиб, музаффар банда.

Зуҳро, Zuhro(ар.) – нурли, ёрқин, равшан, чароғон.

И

Ибниислом, Ibniislom(ар.) – Ислом ўғли, Ислом фарзанди; бутун ҳаётини Исломга бағишлаган банда (Салмон ал-Хойр Абу Абдуллоҳ ибн Ислом ал-Форисий ўзини “Ибниислом” деб эълон қилган, чунки унинг ота-онаси зардўштийлар бўлиб, мусулмон бўлгач, уларнинг номини эслашни хоҳламаган).

Ибнииймон, Ibniiymon(ар.) – иймон-эътиқодли банда.

Ибо, Ibo(ар.), (а.и.) – ҳаёли, иболи, иффатли; ор-номусли (“Ҳаё” исмининг маънодош шакли).

Ибодат, Ibodat(ар.) – Аллоҳга ибодат қилиш; Аллоҳга ибодат қилувчи банда.

Ибодуллоҳ, Ibodulloh(ар.) – Аллоҳнинг қуллари – бандаларидан бири.

Ибрат, Ibrat(ар.), (э.и.) – намуна, ўрнак, ибрат (бошқаларга ибрат бўларли солиҳ мўминлардан бўлсин).

Иброҳим, Ibrohim (қад.яҳ.) – миллатлар отаси, халқлар имоми (“Иброҳим” исмининг кичрайтирилган шакли “Убайроҳ” саналади. Шунингдек, “Абраҳа” исми “Иброҳим”нинг ҳабашча шаклидир) * 1) Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг улул азм пайғамбарларидан, сахий, карами кенг, қўли очиқ бўлгани сабаб “меҳмонлар отаси” лақаби билан аталган), 2) Иброҳим ибн Язид ибн Қайс ибн Асвад Абу Имрон ан-Нахаъий (машҳур тобеин, аҳли солиҳлардан, кучли ва ишончли ҳадис ровийси), 3) Иброҳим ибн Абу Мусо (катта тобеин), 4) Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф Абу Исҳоқ ал-Қуроший аз-Зуҳрий (катта тобеин), 5) Иброҳим ибн Саъд ибн Абу Ваққос ал-Қуроший аз-Зуҳрий ал-Маданий (тобеин), 6) Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин), 7) Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ Абу Исҳоқ ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин), 8) Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Абу Исҳоқ ал-Балхий (машҳур табаа тобеин, зоҳид ва ўта тақводор зотлардан бўлган).

Ибтиҳож, Ibtihoj(ар.), (а.и.) – хурсанд, шод, қувноқ.

Идрис, Idris (қад.яҳ.) – ўқувчи, таълим олувчи; тиришқоқ, билимга чанқоқ * 1) Идрис ибн Йорид ибн Маҳлойил ибн Қайнон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири. Айтилишича, Таврот ва Инжилда унинг исми “Хунух” тарзида келтирилган. Идрис алайҳис салом ҳақида Қуръони каримнинг биргина жойида, яъни Марям сурасининг 56-57 оятларида маълумот берилган, холос), 2) Идрис ибн Синон Абу Илёс ал-Йамоний (катта табаа тобеин, Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг жияни, Абдулмунъим ибн Идриснинг отаси), 3) Идрис ибн Субайҳ ал-Авдий (катта табаа тобеин), 4) Идрис ибн Язид ибн Абдураҳмон Абу Абдуллоҳ ал-Авдий аз-Заъофирий (катта табаа тобеин).

Идрок, Idrok(ар.) – бирон нарсанинг маъносига тушиниб етувчи фаҳм-фаросатли банда.

Иёз, Iyoz (ар.) – бадал қилиш, ўрнига бериш * 1) Иёз ибн Ҳимор ат-Тамимий ал-Мужошиъий (саҳобий), 2) Иёз ибн Амр ал-Ашъарий (саҳобий), 3) Иёз ибн Халифа (катта тобеин), 4) Иёз ибн Ғутайф (катта тобеин), 5) Иёз ибн Абу Зуҳайр ал-Фиҳрий (тобеин), 6) Иёз ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ал-Қуроший ал-Омирий ал-Маккий (тобеин), 7) Иёз ибн Ҳилол ал-Ансорий (тобеин).

Ижобат, Ijobat(ар.), (а.и.) – ижобат, мақбул, қабул қилиниш (дуоси қабул бўладиган банда).

Издиҳор, Izdihor(ар.), (а.и.) – гуллаб-яшнайдиган, ривожланувчи, ўсувчи.

Иззат, Izzat(ар.) – ҳурмат, эҳтиром, шараф (обрўъ-эътиборли банда).

Иззатуллоҳ, Izzatulloh (ар.) – Аллоҳнинг иззати, қудрати, шарафи.

Иззуддин, Izzuddin (ар.) – Ислом Динининг қуввати; Ислом Динининг шарафи, мавқеи * Иззуддин ибн Абдусалом ибн Абулқосим (шайхул Ислом, шофеъий мазҳабининг фақиҳи, Ибн Асокирдан фиқҳ илмини ўрганган, ижтиҳод қилиш мартабасига етишган, “Султонул уламо” (“Олимлар султони”) мақомини олган).

Изофат, Izofat(ар.), (а.и.) – кўпайиш, зиёда бўлиш, ўсиш, униш (“Зиёда” исмининг маънодош шакли).

Изҳор, Izhor(ар.), (а.и.) – қалбидаги ният ва мақсадини ифодаловчи.

Иймон, Iymon(ар.) – ишонч, ишониш; эътиқод; ибодат қилиш, сиғиниш; иймони мустаҳкам банда (“Ислом” исмининг маънодош шакли).

Икмол, Ikmol (ар.) – камолга етган, етук банда.

Икрима, Ikrima (ар.) – кабутар (қуш тури) * 1) Икрима ибн Абу Жаҳл (Амр) ибн Ҳишом ибн Муғийра ал-Қуроший ал-Махзумий (саҳобий), 2) Икрима Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший ал-Ҳошимий (машҳур тобеин, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирди, катта фақиҳ, муфассирлардан бўлган), 3) Икрима ибн Холид ибн Ос ибн Ҳишом ибн Муғийра ал-Қуроший ал-Махзумий (тобеин), 4) Икрима ибн Аммор Абу Аммор ал-Ижлий (кичик тобеин).

Икром, Ikrom(ар.) – ҳурмат-эътиборли; сахий, карамли.

Икрома, Ikroma(ар.) – “Икром” исмининг муаннас шакли.

Илёс, Ilyos (қад яҳ.) – Аллоҳнинг қудрати; ҳурматли, қадрли * Илёс ибн Фанҳос ибн Ийзор ибн Ҳорун алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири, насаби Иброҳим алайҳис саломга бориб етади).

Илмиддин, Ilmiddin(ар.) – Ислом динининг илми, Шариат илми; Шариат илмидан хабардор банда.

Илтифот, Iltifot(ар.), (а.и.) – илтифот, яхшилик, мурувват кўрсатувчи; бирон муҳим нарсага эътибор берувчи.

Илҳом, Ilhom(ар.) – ҳаракатчан, илҳомли, ғайратли банда.

Илҳома, Ilhoma– “Илҳом”нинг муаннас шакли.

Имдод, Imdod(ар.) – ёрдам, кўмак.

Имдодуллоҳ, Imdodulloh(ар.) – Аллоҳнинг ёрдами, кўмагига сазовор банда (“Насруллоҳ” ва “Авнуллоҳ” исмларининг маънодош шакли).

Имод, Imod (ар.) – устун, асос; таянч, тиргак; Ислом динининг устуни.

Имодуддин, Imoduddin (ар.) – Ислом диннинг устуни (машҳур муфассир Исмоил ибн Умар ибн Касир Абул Фидо ал-Қуроший ад-Димашқийнинг лақаби).

Имом, Imom(ар.) – раҳбар, пешво, имом; намозда кишиларга имомлик қилувчи (Бу ўз-ўзидан ўша кишининг ҳам қироат жиҳатидан бошқалардан кўра устун эканига, ҳам намоз ҳукмларини яхши билишига далолат қилади).

Имомали, Imomali(ар.) – “Имом” ва “Али” исмларининг бирикмаси.

Имомиддин, Imomiddin(ар.) – Ислом динининг бошлиғи, дин пешвоси.

Имомназар, Imomnazar(ар.) – “Имом” ва “Назар” исмларининг бирикмаси.

Имрон, Imron (ар.) – умр кўриш, тириклик, барҳаётлик; узоқ умр кўрувчи; кучли, қувватли * 1) Имрон ибн Ҳусойн ибн Убайд ибн Халаф Абу Нажид ал-Хузоъий (машҳур саҳобий, 180 та ҳадис ривоят қилган, ўз вақтида Басра шаҳрининг қозиси бўлган), 2) Имрон ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ ал-Қуроший ат-Таймий (саҳобий), 3) Имрон ибн Осим Абу Умаро аз-Зубаъий ал-Басрий (катта тобеин), 4) Имрон ибн Ҳусойн аз-Зоббий (тобеин).

Имтисол, Imtisol(ар.), (а.и.) – бўйсунувчи, итоат этувчи, итоаткор.

Иноб, Inob(ар.) – тавба қилиш, Аллоҳга қайтиш, гуноҳ содир этгач, ундан тавба қилиш, Аллоҳнинг ибодатига қайтиш; тавба қилувчи, Аллоҳнинг ибодатига қайтувчи банда.

Инобат, Inobat(ар.) – “Иноб”нинг муаннас шакли.

Иноят, Inoyat(ар.), (а.и.) – эътибор, илтифот, диққат; эътиборли, муҳим нарсаларга аҳамият берувчи.

Иноятуллоҳ, Inoyatulloh(ар.) – Аллоҳнинг илтифоти, эътибори; Аллоҳнинг илтифотига муяссар бўлган банда.

Иноғом, Inog’om– совға, туҳфа, ҳадя (“Инъом” исмининг бузилган шакли).

Инсон, Inson(ар.) – одам, киши, башар (“Башар” ва “Одам” исмларининг маънодош шакли).

Инсоф, Insof(ар.) – инсоф, виждон; адолат; инсофли ва виждонли – иймонли банда.

Интизом, Intizom(ар.), (а.и.) – интизомли, тартибли; одобли, ахлоқли.

Интизор, Intizor(ар.), (а.и.) – орзиқиб, интизор бўлиб кутувчи; намоз вақтини илғақ бўлиб кутиб турувчи (“Мунтазир” исми билан маънодош).

Интисор, Intisor(ар.), (а.и.) – нусратга эришувчи, ғалаба қозонувчи.

Инъом, In’om(ар.) – совға, туҳфа, инъом (“Инъом” исми бизда кўпинча шакли ўзгарган ҳолда “Иноғом” тарзида ишлатилади).

Инъома, In’oma(ар.) – “Инъом”нинг муаннас шакли.

Инъомуллоҳ, In’omulloh(ар.) – Аллоҳнинг туҳфаси, инъоми.

Ирода, Iroda(ар.) – хоҳиш, истак; талаб, илтижо.

Иродатуллоҳ, Irodatulloh(ар.), (э.и.) – Аллоҳнинг иродаси, хоҳиши, амри; Аллоҳнинг иродасига бутунлай таслим бўлувчи, рози бўлувчи банда (Зеро, Аллоҳ бирон нарсани хоҳласа, у албатта содир бўлади, У Зот: “Бўл!” деса кифоя. Бу маънода ояти карималар жуда кўп).

Иршод, Irshod(ар.) – тўғри йўлдан юрувчи, ҳақ йўлга бошловчи.

Иршода, Irshoda(ар.) – “Иршод”нинг муаннас шакли.

Ислом, Islom(ар.) – Ислом дини; ўзини Аллоҳга топшириш, таслим бўлиш, ҳою-ҳавасини Аллоҳ ризолиги учун таслим қилиш; ҳақиқий мусулмон банда.

Исломия, Islomiya(ар.) – “Ислом” (аслида “Исломий”) исмининг муаннас шакли.

Исломмурод, Islommurod(ар.) – “Ислом” ва “Мурод” исмларининг бирикмаси.

Исломнур, Islomnur(ар.) – “Ислом” ва “Нур” исмларининг бирикмаси.

Исмат, Ismat (ар.), (э.и.) – покиза, озода; тақводор, сақланган; Аллоҳнинг ҳимоясига олинган * 1) Исмат ибн Молик ал-Ансорий ал-Хотмий (саҳобий), 2) Исмат ибн Рошид аш-Шомий (катта табаа тобеин), 3) Исмат ибн Абу Исмат Абу Толиб ал-Укбарий (ҳанбалий фақиҳи, Имом Аҳмад билан суҳбатдош бўлган ва ундан бир неча масалаларга оид ҳукмларни ривоят қилган).

Исматуллоҳ, Ismatulloh (ар.) – Аллоҳ таолонинг паноҳ бериши, Ўз ҳимосига олиши; Аллоҳ ҳимоясидаги банда.

Исмоил, Ismoil (қад.яҳ.) – Аллоҳдан сўраб олинган, Аллоҳ инъом этган фарзанд * 1) Исмоил ибн Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан, Иброҳим алайҳис саломнинг ўғли), 2) Исмоил ал-Қуроший ас-Саҳмий (тобеин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг мавлоси), 3) Исмоил ибн Абу Идрис (тобеин), 4) Исмоил ибн Абу Холиб ал-Фадкий (тобеин), 5) Исмоил ибн Башир ал-Ансорий ал-Маданий (тобеин), 6) Исмоил ибн Ражоъ ибн Робийъа Абу Исҳоқ аз-Зубайдий (кичик тобеин), 7) Исмоил ибн Умар ибн Касир Абул Фидо ал-Қуроший ад-Димашқий (машҳур муфассир, “Тафсирул қуръанил ъазийм”, “Ал-Бидайа ван-ниҳайа” ва бошқа кўплаб асарлар муаллифи).

Исо, Iso (қад. яҳ.) – Аллоҳнинг лутфи-карами; Аллоҳнинг мадади, кўмаги * 1) Исо ибн Марям бинти Имрон (Аллоҳ таолонинг улул азм пайғамбарларидан), 2) Исо ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ Абу Муҳаммад ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин), 3) Исо ибн Абдуллоҳ ибн Унайс ал-Ансорий ал-Ҳижозий (тобеин), 4) Исо ибн Масъуд ибн Ҳакам ал-Ансорий аз-Зуроқий (тобеин), 5) Исо ибн Умар Абу Сулаймон ас-Сақофий ал-Басрий (катта луғатшунос олим, наҳв илмининг энг донгдор вакиллари саналмиш Халил ибн Аҳмад, Сибавайҳ ва Ибн Алоъларнинг устози).

Исобат, Isobat(ар.), (а.и.) – тўғрилик, ростлик; мўлжалга аниқ текказиш, мақсадга етиш; одил ва ўз мақсадига етувчи.

Исроил, Isroil (қад. яҳ.) – Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчи, Аллоҳ йўлида курашувчи (Яъқуб алайҳис саломнинг иккинчи номи, Қуръони каримнинг икки ўрнида – Оли Имрон сурасининг 93-ояти ва Марям сурасининг 58-оятларида унинг исми “Исроил” тарзида келтирилган) * 1) Исроил ибн Мусо Абу Мусо ал-Басрий (кичик тобеин), 2) Исроил ибн Юнус ибн Абу Исҳоқ Абу Юсуф ас-Субайъий ал-Ҳамдоний (катта табаа тобеин).

Истак, Istak(ўз.), (а.и.)– хоҳлаш; талаб қилиш (“Ирода” исмининг ўзбекча шакли).

Исҳоқ, Ishoq (қад.яҳ.) – хурсанд, шод-хуррам; кулувчи, табассум қилувчи (“Заҳҳок” исмининг қадимги яҳудийча шакли) * 1) Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Тасоруҳ ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан), 2) Исҳоқ ибн Саъд ибн Убода Ансорий ал-Хазражий ал-Маданий (катта тобеин), 3) Исҳоқ ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ ал-Қуроший ат-Таймий (тобеин, Исмоил ибн Талҳа ва Яъқуб ибн Талҳаларнинг туғишган биродари), 4) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим Абу Яъқуб ал-Қуроший ал-Ҳошимий ан-Навфалий (тобеин), 5) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин), 6) Исҳоқ ибн Абдуллоҳ Абу Абдуллоҳ ал-Маданий (тобеин), 7) Исҳоқ ибн Рошид (тобеин), 8) Исҳоқ ибн Сувайд ибн Ҳубайра ал-Адавий ат-Таймий ал-Басрий (тобеин).

Итоат, Itoat(ар.), (а.и.) – эргашиш, бўйсуниш, итоат этиш; Аллоҳ ва Расулининг амрига итоат этувчи.

Иффат, Iffat(ар.), (а.и.) – покиза; ҳаёли, иболи; бокира, маъсума (“Ибо” исмининг маънодош шакли).

Ихлос, Ixlos(ар.) – самимий, соф, ҳақиқий; фақат Аллоҳ таоло розилигини истаб амал қилувчи банда.

Ихлоса, Ixlosa(ар.) – “Ихлос”нинг муаннас шакли.

Ихлосиддин, Ixlosiddin(ар.) – Ислом динига ихлоси баланд, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилувчи.

Ихтиёр, Ixtiyor(ар.) – эрки ўзида бўлган озод банда (бандаларга қарам бўлмаган, фақат Аллоҳга тобеъ бўлган банда).

Иқбол, Iqbol(ар.) – юзланиш, одимлаш; бахт-саодат; келажаги порлоқ ва Охирати обод бўладиган солиҳ банда.

Иқбола, Iqbola– “Иқбол”нинг муаннас шакли.

Иқболмирза, Iqbolmirza(ар.-фт.)– “Иқбол” ва “Мирза” исмларининг бирикмаси.

Иқрор, Iqror(ар.) – тасдиқловчи, иқрор бўлувчи; Ислом динининг ҳақ дин эканини тасдиқловчи.

Иқрора, Iqrora (ар.) – “Иқрор”нинг муаннас шакли.

Иқрориддин, Iqroriddin(ар.) – “Иқрор” исмининг хос шакли.

К

Кабша, Kabsha (ар.), (а.и.) – саййид, бошлиқ, раҳбар; ҳомий, ҳимоячи * 1) Кабша бинти Собит ибн Мунзир ал-Ансорийя (саҳобия), 2) Кабша бинти Каъб ибн Молик ал-Ансорийя (саҳобия, Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданнинг завжаси), 3) Кабша бинти Абу Марям (тобеийя).

Кавкаб, Kavkab(ар.), (а.и.) – юлдуз, сайёра.

Кавсар, Kavsar(ар.), (а.и.) – жаннатдаги булоқнинг номи; жаннатдаги булоқдан сув ичишга муяссар бўладиган солиҳа мўмина.

Каййис, Kayyis(ар.) – ақлли, оқил, доно.

Каййиса, Kayyisa(ар.) – “Каййис”нинг муаннас шакли.

Кайсон, Kayson (ар.) – ақлли, доно; одобли * 1) Кайсон ибн Жарир Абу Абдураҳмон ал-Қуроший ал-Умавий (саҳобий, Холид ибн Усайднинг мавлоси), 2) Кайсон ибн Абдуллоҳ ибн Ториқ Абу Нофеъ ал-Йамоний (саҳобий, Нофеъ ибн Кайсоннинг отаси), 3) Кайсон Абу Саид ал-Мақбурий ал-Маданий (катта табаа тобеин, Саид ибн Абу Саид ал-Мақбурийнинг отаси).

Камол, Kamol(ар.) – етуклик, комиллик; етук инсон бўлсин.

Камола, Kamola(ар.) – “Камол”нинг муаннас шакли.

Камолиддин, Kamoliddin(ар.) – Ислом динининг равнақи, ривожи учун ҳисса қўшадиган банда.

Карим, Karim(ар.) – саховатли, сахий, қўли очиқ.

Карима, Karima (ар.) – “Карим”нинг муаннас шакли * 1) Карима бинти Миқдод ибн Асвад ал-Киндийя (тобеийя, Абдуллоҳ ибн Ваҳб ибн Замъанинг завжаси), 2) Карима бинти Ҳисҳос ал-Музанийя (тобеийя), 3) Карима бинти Ҳаммам (тобеийя).

Каримберган, Karimbergan(ар.-ўз.) – саховати ўта чексиз бўлган Аллоҳ берган фарзанд.

Каримберди, Karimberdi(ар.-ўз.) – “Каримберган” исмининг маънодош шакли.

Каримуллоҳ, Karimulloh(ар.) – Аллоҳнинг сахий, қўли очиқ бандаси.

Каримқул, Karimqul(ар.-ўз.) – саховати чексиз Аллоҳнинг бандаси.

Каромат, Karomat(ар.), (а.и.) – сахийлик, олийжаноблик соҳиби; каромат эгаси.

Касир, Kasir (ар.) – кўп, сероб; кўпаювчи, зиёда бўлувчи; баракали; файзли * 1) Касир ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим Абу Таммом ал-Қуроший ал-Ҳошимий (саҳобий, обид, олим ва фақиҳ кишилардан бўлган), 2) Касир ибн Қалийб ибн Мавҳиб ас-Содафий ал-Мисрий (катта тобеин), 3) Касир ибн Солт ибн Маъдий Абу Абдуллоҳ ал-Киндий (катта тобеин, Зубайд ибн Солт ва Абдураҳмон ибн Солтларнинг туғишган биродари), 4) Касир ибн Афлаҳ Абу Яҳё ал-Маданий (катта тобеин, Абу Айюб ал-Ансорийнинг мавлоси), 5) Касир ибн Абу Касир ал-Басрий (тобеин, Абдураҳмон ибн Самура ал-Қурошийнинг мавлоси), 6) Касир ибн Абу Касир ат-Таймий ал-Куфий (тобеин), 7) Касир ибн Абу Касир ал-Музаний (тобеин, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг хизматкори бўлган).

Касира, Kasira(ар.) – “Касир”нинг муаннас шакли.

Каъб, Kab (ар.) – шаъни улуғ, мартабали, машҳур, таниқли; зафар қучувчи, ғалаба қозонувчи * 1) Каъб ибн Ужра Абу Муҳаммад ал-Ансорий (саҳобий), 2) Каъб ибн Молик ибн Абу Каъб Абу Абдуллоҳ ал-Ансорий ас-Суламий (саҳобий,Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоирларидан), 3) Каъб ибн Осим Абу Молик ал-Ашъарий (саҳобий), 4) Каъб ибн Амр (саҳобий), 5) Каъб ибн Амр ибн Убод ибн Амр Абул Йуср ал-Ансорий (саҳобий), 6) Каъб ибн Иёз ал-Ашъарий (саҳобий), 7) Каъб ибн Мурра ал-Баҳзий ас-Суламий (саҳобий).

Кибриёуллоҳ, Kibriyoulloh(ар.) – Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги; Улуғ Аллоҳнинг ожиз бандаси.

Козим, Kozim(ар.) – сабрли, оғир-вазмин, ғазабини ичига ютувчи.

Козима, Kozima(ар.) – “Козим”нинг муаннас шакли.

Комил, Komil(ар.) – етук, мукаммал, баркамол.

Комила, Komila(ар.) – “Комил”нинг муаннас шакли.

Комрон, Komron(фт.) – бахтли, саодатли; кучли, қувватли муваффаққият қозонувчи.

Котиб, Kotib(ар.) – ёзувчи; саводли, ўқимишли.

Котим, Kotim(ар.) – сир сақловчи, иродали; ғазабини босувчи.

Котима, Kotima(ар.) – “Котим”нинг муаннас шакли.

Кошиф, Koshif(ар.) – кашф этувчи, Аллоҳ таоло яратган нарсаларни очувчи, инсонларга тақдим қилувчи.

Кошифа, Koshifa(ар.) – “Кошиф”нинг муаннас шакли.

Кубайша, Kubaysha(ар.) – “Кабша”нинг кичрайтирма шакли.

Кумуш, Kumush(ўз.) – кумушдек қадрли, қимматбаҳо; ёруғ, чароғон.

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ