1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ёмон исмларни яхшисига алмаштириш

Аввалги саҳифаларда қўйиш тавсия қилинадиган исмлар ҳамда ножоиз исмлар ҳақида маълумотга эга бўлдик. Қуйида эса мункар исмларни яхшисига ўзгартириш ҳақида ворид бўлган ривоятлар билан танишиб чиқамиз.

 

١١وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُغَيِّرُ الإسْمَ الْقَبِيحَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

11 Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмон исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар (Термизий ривояти).

Биз ҳадис таржимасида “ёмон исм” деб ифодалаган сўз аслиятда “ал-исмул қобийҳ”, яъни “қабиҳ исм” деб келтирилган. “Қабиҳ” сўзи луғатда “хунук, нафратга муносиб; Шариатда макруҳ кўриладиган; урфда инкор қилинадиган нарса” каби маъноларни билдиради. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хунук, ёмон ва салбий маъноларни ифодаловчи исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар. Имом Нававий “Таҳзийбул асмоъ” асарида: “Мазкур маънода ворид бўлган ривоятларга кўра, ёмон исмларни яхшисига ўзгартириш мустаҳабдир”, деган. Қуртубий эса: “Ножоиз исмларни яхшисига алмаштириб суннатдир. Бас, биз ҳам бу суннатга амал қилишимиз керак”, деган фикрни билдирган.

Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирининг исми “Асвад” (“қора”) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни “Абяз” (“оқ”)қа ўзгартирдилар” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Аввал айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соф фитратларига мувофиқ поклик, озодалик, сарамжон-саришталик ва гўзалликни яхши кўрар эдилар. Баъзи ривоятларда келтирилишича, у зот маъноси “шайтон”, “уруш”, “зино”, “ўзини ўта улуғлаш” каби маъноларга эга бўлган исмларни бандаларга мос келадиган бошқа исмларга ўзгартирганлар. Жумладан, “Жаббор”ни “Абдулжаббор”га, “Абдулкаъба”ни “Абдураҳмон”га, “Осий”ни “Мутийъ”га, “Азиз”ни “Абдураҳмон”га ўзгартирганлари ҳақида ривоятлар ворид бўлган. Қуйида мана шунга ўхшаш бошқа ривоятларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

 

١٢وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غَيَّرَ اسْمَ عَاصِيَةَ وَقَالَ: أَنْتِ جَمِيلَةُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.

12 Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Осия” исмини ўзгартирдилар ва: “Сен Жамиласан” дедилар” (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадисда номи зикр қилинаётган “Осия” Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг қизи бўлган. Имом Доримий “Сунан”да Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Жамила”га ўзгартирилган “Осия” исмли аёлнинг куняси “Умму Осим” деб келтирилган.

“Осия” муаннас (аёллар), “Ос” эса музаккар (эркаклар) жинсига нисбатан ишлатилган. Мазкур исм “осий бўлувчи, исён қилувчи”, “Жамила” эса “чиройли, гўзал” маъносини билдиради. Жоҳилият даврида “Ос” ва “Осия” исмлари “зулмга рози бўлмайдиган; айб-камчиликларни инкор қилувчи” каби маъноларда қўлланилган. Ислом келгач, мўминлар бу исмни қўйишдан қайтарилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларига бу борада керакли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бердилар.

“Ан-Ниҳоя” китобида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу исмни ўзгартиришларига сабаб шуки, мўминнинг шиори тоат-итоатдир. Исён эса унинг зидди”, дейилган.

 

١٣وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ زَيْنَبَ كَانَ اسْمُهَا بَرَّةَ فَقِيلَ: تُزَكِّي نَفْسَهَا فَسَمَّاهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَيْنَبَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ.

13 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Зайнабнинг исми “Барро” эди. Шунда: “У ўзини улуғлаяптими?!” дейилди. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Зайнаб” деб исм қўйдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).

Бу ривоятда номи “Барро” деб зикр қилинган аёл икки киши, биринчиси Зайнаб бинти Жаҳш (Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари), иккинчиси Зайнаб бинти Абу Салама (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларига олинган қиз)ни англатади. Ривоятларда келишича, иккала “Зайнаб”нинг исми “Барро”га бўлган. Жумладан, Имом Муслим ривоят қилган ҳадисларнинг бирида “Зайнаб бинти Жаҳшнинг исми “Барро” эди” деб айтилган. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Зайнаб бинти Абу Саламанинг исми “Барро” бўлгани зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинчалик у иккисининг исмини “Зайнаб”га ўзгартирганлар.

“Барро” исми “улуғ, олий; ўта пок; жуда озода”, “Зайнаб” эса “тўладан келган; чиройли келишган, гўзал” маъноларини билдиради.

 

١٤وَعَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ اسْمُ جُوَيْرِيَةَ بِنْتِ الْحَارِثِ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَرَّةَ فَحَوَّلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اسْمَهَا فَسَمَّاهَا جُوَيْرِيَةَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

14 Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Жувайрия бинти Ҳориснинг исми “Барро” эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини ўзгартирдилар ва “Жувайрия” деб номладилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу ва бундан олдинги ривоятлардан маълум бўладики, Исломнинг илк даврида аёллар ўртасида “Барро” исми жуда кенг тарқалган. Бундан олдинги ривоятда Зайнаб бинти Жаҳш ва Зайнаб бинти Абу Саламаларнинг аввалги исми “Барро” бўлгани, ушбу ривоятда мўминлар онаси Жувайрия бинти Ҳориснинг ҳам аввалги исми “Барро” бўлгани айтилмоқда.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Маймунанинг исми “Барро” эди” деб келтирилган. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Барро” деб исмланган бир нечта аёлларнинг исмини ўзгартириб, уларни “Зайнаб” (“чиройли, гўзал”), “Жувайрия” (“Аллоҳнинг кичик хизматкори”) ва “Маймуна” (“ўнг томон соҳибаси”) деб қайтадан номлаганлар.

 

١٥وَعَنْ أُسَامَةَ بْنِ أَخْدَرِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً يُقَالُ لَهُ أَصْرَمُ كَانَ فِي النَّفَرِ الَّذِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا اسْمُكَ قَالَ: أَنَا أَصْرَمُ قَالَ: بَلْ أَنْتَ زُرْعَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

15 Усома ибн Ахдарийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган гуруҳлар орасида “Асром” деган киши бор эди. У зот унга қараб: “Исминг нима?” деганлар. У: “Асром”, деган. Шунда у зот: “Йўқ, сен “Зуръа”сан”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳадис ровийси Усома ибн Ахдарий Тамим қабиласидан бўлган саҳобийдир. “Сиҳоҳи ситта” соҳиблари ичида биргина Абу Довуд ундан ҳадис ривоят қилган.

Саккизинчи ҳижрий санада Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилингач, Исломнинг энг ашаддий душмани Қурайш буткул маҳв этилди, уларнинг деярли барчаси мусулмон бўлди. Энди Исломнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган жиддий куч қолмаган эди. Бу имкониятдан фойдаланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли ўлка ва мамлакатлар бошлиқларига мактуб йўллаб, уларни Исломга, тавҳид эътиқодига даъват қила бошладилар. Орадан бир оз вақт ўтиб, бунга жавобан турли ўлкалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига элчилар кела бошлади. Ҳижрий тўққизинчи йил “Санатул вуфуд”, яъни “Элчилар йили” деб номланди. Мазкур йилда кўплаб мамлакат ва қабилалар, жумладан Нажрон, Бани Омир, Абдулқайс, Бани Ҳанифа, Той, Кинда, Азду Шануъа ва бошқа қабила ва ўлкаларнинг элчилари келиб, Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мулоқот олиб бордилар. Уларнинг аксарияти Исломга хайрихоҳ эканликларини маълум қилдилар, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида мусулмон бўлдилар.

Биз ўрганаётган ҳадисда номи зикр қилинаётган “Асром” исмли киши ҳам ана ўшандай гуруҳларнинг таркибида бўлган. Афтидан, у бирон қабила номидан элчи бўлиб келган кўринади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ундан исмини сўрашлари шунга далолат қилади. Сўралган саволга у: “Исмим Асром”, деб жавоб берди. “Асром” арабча сўз бўлиб, “кесилувчи, узилувчи; маҳрум бўлувчи” каби маъноларни англатади. Шу сабаб бу исм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга маъқул келмади ва: “Йўқ, сенинг исминг “Асром” эмас, балки “Зуръа”дир,” дедилар.

“Зуръа” исми “экин экувчи, ўстирувчи, деҳқончилик қилувчи” маъносига эга.

Бошқа ривоятларда айтилишича, ҳузурларига келган гуруҳлар таркибидаги кўплаб кишиларнинг ҳам исмларини яхшисига ўзгартирганлар. Жумладан, Той қабиласи номидан элчи бўлиб келган “Зайдулхойл” исмли киши у зотнинг ҳузурларида иймон келтиради ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бундан кейин сенинг исминг “Зайдулхайр” бўлсин”, дейдилар.

“Зайдулхойл” исми “от (чорва-ҳайвон) кўпайтирувчи”, “Зайдулхайр” эса “яхшилик касб қилувчи, кўп хайр-яхшилик қилувчи” маъносини ифодалайди.

Ибн Лаҳийъа ривоят қилади: “Бану Шайтон ибн Ҳорис ибн Муовия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ўз гуруҳи билан келганида, у зот: “Сизлар кимсизлар?” деб сўраганлар. Улар: “Биз “Бану Шайтон”миз”, деб жавоб беришган. Шунда у зот: “Йўқ, балки сизлар “Бану Абдуллоҳ”дирсизлар”, деганлар” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

“Бану шайтон” бирикмаси “Шайтон болалари”, “Бану Абдуллоҳ” эса “Абдуллоҳнинг болалари” маъносини англатади.

 

١٦وَعَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيِّبِ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: مَا اسْمُكَ قَالَ: حَزْنٌ قَالَ: أَنْتَ سَهْلٌ قَالَ: لاَ السَّهْلُ يُوطَأُ وَيُمْتَهَنُ ، قَالَ سَعِيدٌ: فَظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُصِيبُنَا بَعْدَهُ حُزُونَةٌ. قَالَ أَبُو دَاوُدَ: وَغَيَّرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اسْمَ الْعَاصِ وَعَزِيزٍ وَعَتَلَةَ وَشَيْطَانٍ وَالْحَكَمِ وَغُرَابٍ وَحُبَابٍ وَشِهَابٍ فَسَمَّاهُ هِشَامًا وَسَمَّى حَرْبًا سَلْمًا وَسَمَّى الْمُضْطَجِعَ الْمُنْبَعِثَ وَأَرْضًا تُسَمَّى عَفِرَةَ سَمَّاهَا خَضِرَةَ وَشَعْبَ الضَّلاَلَةِ سَمَّاهُ شَعْبَ الْهُدَى وَبَنُو الزِّنْيَةِ سَمَّاهُمْ بَنِي الرِّشْدَةِ وَسَمَّى بَنِي مُغْوِيَةَ بَنِي رِشْدَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَقَالَ أَبُو دَاوُدَ: تَرَكْتُ أَسَانِيدَهَا لِلإخْتِصَار.

16 Саид ибн Мусаййиб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (яъни, бобосига): “Исминг нима?” деганлар. У: “Ҳазн”, деган. У зот: “Йўқ, сен “Саҳл”сан”, деганлар. У бўлса: “Йўқ, мен (одамлар томонидан) хўрланадиган ва оёқ ости қилинадиган “Саҳл” бўлмайман”, деди. Саид айтади: “Ўйлашимча, шундан сўнг бизни маҳзунлик тарк этмади”. Абу Довуд айтади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ос”, “Азиз”, “Атала”, “Шайтон”, “Ҳакам”, “Ғуроб”, “Ҳубоб”, “Шиҳоб” исмларини ўзгартирдилар ва уни “Ҳишом”, “Ҳарб”ни “Салм”, “Музтажиъ”ни “Мунбаъис”, “Афира” деб аталадиган ерни “Хазира”, “Шаъбуз золала”ни “Шаъбул ҳуда”, “Бану зиня”ни “Бану ришда”, “Бану Муғвия”ни “Бану Ришда” деб (қайта) номладилар” (Абу Довуд ривояти. Абу Довуд айтади: “Қисқа бўлиши учун ушбу ҳадиснинг санадини тарк қилдим”).

Саид ибн Мусаййибнинг бобоси Ҳазн ибн Абу Ваҳб ал-Қуроший билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида бўлиб ўтган мулоқот ҳақида қуйидаги ҳадисларда тўхталиб ўтилади.

Абу Довуд айтади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ос”, “Азиз”, “Атала”, “Шайтон”, “Ҳакам”, “Ғуроб”, “Ҳубоб”, “Шиҳоб” исмларини ўзгартирдилар ва уни “Ҳишом”, “Ҳарб”ни “Салм”, “Музтажиъ”ни “Мунбаъис”, “Афира” деб аталадиган ерни “Хазира”, “Шаъбуз золала”ни “Шаъбул ҳуда”, “Бану зиня”ни “Бану ришда”, “Бану Муғвия”ни “Бану Ришда” деб (қайта) номладилар”.

Абу Довуд қисқа бўлиши, узайиб кетмаслиги учун бу ҳадис санадидаги ровийлар силсиласини тушириб қолдирганини ҳадис сўнгида айтиб ўтган.

“Ос” – “гуноҳкор”, “Азиз” – “ўта улуғ”, “Атала” – “ғализ, қўпол”, “Шайтон” – “Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлган”, “Ҳакам” – “ҳукми сўзсиз бажариладиган”, “Ғуроб” – “қарға”, “Ҳубоб” – “илон” ёки “шайтон”, “Шиҳоб” – “ёниб турган олов” маъноларини англатгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бошқа бир исмга ўзгартирганлар.

Ривоятлардан келишича, “Ос” (исёнкор, туғёнга кетувчи) исмини “Мутийъ” (Аллоҳга итоат этувчи, бўйин эгувчи)га ўзгартирганлар. Чунки мўминнинг шиори исён эмас, балки тоат ва итоатдир. Убайдуллоҳ ривоят қилади: “Менга хабар қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ос” исмли кишининг исмини ўзгартирганлар ва уни “Мутийъ” деб қайта номлаганлар” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

“Азиз” Аллоҳга тегишли сифатдир. Зеро, барча улуғлик ва буюклик Раббимиз азза ва жаллага хосдир. Мўмин банда эса ўзини хокисор ва паст тутиши лозим.

“Атала” исми “қўпол, ғализ, дағал; золим, хусуматчи” каби маъноларни англатади. Ҳадисларнинг бирида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Абддан: “Исминг нима?” деб сўраганларида, у: “Исмим Атала”, деб жавоб берган. Шунда у зот: “Йўқ, сен “Утба”сан”, деганлар.

“Шайтон” Иблиснинг номларидан бўлиб, мўмин кишига бундай сифат ва исм умуман тўғри келмайди. Чунки шайтондан фарқли ўлароқ, мўмин банда доимо Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиши, ноумид бўлмаслиги керак.

“Ҳакам” эса худди “Азиз” каби фақат Аллоҳнинг сифатидир. Ер юзида Аллоҳдан ўзга ҳукми сўзсиз бажариладиган бирон жонзот ёки банда бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

“Ғуроб” сўзи “узоқлашиш, маҳрум бўлиш” ёки “қарға” маъноларини ифодалайди. “Маҳрум бўлиш” салбий маъно касб этиб, бу ҳам қайсидир маънода шайтонга оид исм. Қарға эса шундай бир зараркунанда ва ҳақир бир қушки, ҳатто киши уни эҳромдалик чоғида ҳам ўлдириш мумкин.

“Ҳубоб” захарли илон ёки ривоятларда айтилишича, шайтон исмларидан биридир. Ибн Шиҳобдан ривоят қилинишча, Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг исми “Ҳубоб” эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни “Абдуллоҳ”га ўзгартирдилар ва “Бу (яъни, “Ҳубоб”) шайтондир”, дедилар (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Шу маънода Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга: “Исминг нима?” деганлар. У: “Ҳубоб”, деб жавоб берганида, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳубоб шайтоннинг исмидир, балки сенинг исминг “Абдуллоҳ”дир”, деганлар (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Бу борада келган ривоятлардан маълум бўладики, Иблиснинг исм ва сифатларидан бўлган “Шайтон”, “Ҳубоб”, “Асром”, “Аждаъ”, “Ҳарб”, “Мурра” ва шу кабилар билан исмланиш мутлақо мумкин эмас.

Ушбу ривоятнинг аввалги қисмида ўзгартирилган исмлар келтирилган бўлса-да, улар қайси исмларга ўзгартирилгани айтилмаган. Фақат “Шиҳоб” исми “Ҳишом”га алмаштирилгани зикр қилинган. “Шиҳоб” оловдан бир бўлакдир. Олов эса Аллоҳнинг уқубати ва азоби маъносида қўлланилади. “Ҳишом” эса “майдаловчи, тақсимловчи” маъносини англатади.

Энди ривоятнинг давомини ўрганамиз:

“Ҳарб”ни “Салм”, “Музтажиъ”ни “Мунбаъис”, “Афира” деб аталадиган ерни “Хазира”, “Шаъбуз золала”ни “Шаъбул ҳуда”, “Бану зиня”ни “Бану ришда”, “Бану Муғвия”ни “Бану Ришда” деб (қайта) номладилар”.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳарб” (уруш)ни “Салм” (тинчлик)ка, “Музтажиъ” (уйқучи)ни “Мунбаъис” (сергак)ка, “Афира” (қақроқ, гиёҳ ўсмайдиган) деб номланадиган ерни “Хазира” (унумдор, ям-яшил)га, “Шаъбуз золала” (залолат халқи, залолатдаги одамлар)ни “Шаъбул ҳуда” (ҳидоятдаги одамлар)га, “Бану зиня” (зинодан туғилган болалар)ни “Бану ришда” (шаръий никоҳдан туғилган болалар)га, “Бану муғвия” (Тўғри Йўлдан оздирувчи одамлар)ни “Бану ришда” (Тўғри Йўлга бошловчи одамлар)га ўзгартирганлар.

 

١٧وَعَنْ مَسْرُوقٍ قَالَ: لَقِيتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فَقَالَ: مَنْ أَنْتَ قُلْتُ: مَسْرُوقُ بْنُ الأَجْدَعِ فَقَالَ عُمَرُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: الأَجْدَعُ شَيْطَانٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

17 Масруқ ривоят қилади: “Мен Умар ибн Хаттоб билан учрашиб қолдим. У: “Сен кимсан?” деди. Мен: “Масруқ ибн Аждаъман”, дедим. Шунда Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аждаъ шайтондир”, деб айтганларини эшитганман”, деди” (Абу Довуд ривояти).

Ҳадис ровийси Масруқнинг тўлиқ исми Масруқ ибн Аждаъ ибн Молик ибн Умайя ибн Абдуллоҳ Абу Оиша ал-Ҳамдоний ал-Водиъийдир. У катта тобеинлардан саналади. Ишончли ҳадис ровийси. “Сиҳоҳи ситта” соҳибларининг барчаси ундан ҳадис ривоят қилишган.

Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ кунларнинг бирида амирул мўминин Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу билан учрашиб қолганида, Умар ундан исмини сўраган. Шунда Масруқ: “Исмим Масруқ, отамнинг исми Аждаъ”, деган. Буни эшитган Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Аждаъ” шайтон исмларидан бири экани ҳақида эшитганини хабар қилган. Бундан “Аждаъ” исми билан исмланиш жоиз эмас деган маъно келиб чиқади. Бошқа ривоятларда келишича, Умар розийаллоҳу анҳу унга қараб: “Масруқ ибн Аждаъ эмас, Масруқ ибн Абдураҳмонсан, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аждаъ шайтондир”, деб айтганлари эшитганман”, деган.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, “жадаъа” феъли “бурн, қулоқ, қўл ёки лабини кесмоқ, “Аждаъ” эса “бурни кесилган; маҳрум бўлган; Аллоҳнинг раҳматидан тўсилган” каби маъноларни ифодалайди.

 

١٨وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَمِعَ اسْمًا قَبِيحًا غَيَّرَهُ فَمَرَّ عَلَى قَرْيَةٍ يُقَالُ لَهَا عَفِرَةٌ فَسَمَّاهَا خَضِرَةً. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الصَّغِيرِ.

18 Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам агар ёмон исмларни эшитсалар, уларни алмаштирар эдилар. У зот “Афира” деб аталадиган бир қишлоқ олдидан ўтдилар ва уни “Хазира” деб номладилар” (Имом Табароний “Соғийр”да ривоят қилган).

Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёмон исмларни яхшисига ўзгартиришганлари юқорида таъкидлаб ўтилди ва буни ҳадиси шарифлар мисолида кўриб чиқмоқдамиз. “Афира” деб аталадиган ерни “Хазира”га ўзгартиганлари Абу Довуд ровийлар силсиласини тушириб қолдирган ҳолда ривоят қилган ҳадисда айтилганди. Бу ерда эса ўша ҳадиснинг баъзи қисмини Имом Табароний Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилмоқда. Демак, Абу Довуд бу бобда келган турли ривоятларни жамлаб, бир тизимга солган ҳолда, санадини зикр қилмай ривоят қилган.

 

١٩عَنْ سَعِيدِ ابْنِ الْمُسَيَّبِ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ أَبَاهُ جَاءَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا اسْمُكَ ، قَالَ: حَزْنٌ ، قَالَ: أَنْتَ سَهْلٌ ، قَالَ: لاَ أُغَيِّرُ اسْمًا سَمَّانِيهِ أَبِي ، قَالَ ابْنُ الْمُسَيَّبِ: فَمَا زَالَتْ الْحُزُونَةُ فِينَا بَعْدُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِي فِي الْكَبِيرِ.

19 Саид ибн Мусаййаб отасидан ривоят қилишича, бобоси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида, у зот унга: “Исминг нима?” деганлар. У: “Ҳазн”, деган. У зот: “Йўқ, сен “Саҳл”сан”, деганлар. У бўлса: “Йўқ, мен отам қўйган исмни ўзгартирмайман!” деган. Саид айтади: “Шундан сўнг ҳалигача бизни маҳзунлик тарк этмади” (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадис машҳур тобеинлардан бўлган Саид ибн Мусаййаб раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинмоқда. У отаси Мусаййаб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб ибн Амр ибн Оиз Абу Саид ал-Қурошийдан ривоят қилишича, Саиднинг бобоси – Мусаййабнинг отаси (Мусаййаб ва Ҳазн саҳоба бўлишган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида, у зот ундан исмини сўраганлар. “Исмим Ҳазн”, деган жавоб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, сен “Саҳл”сан”, яъни, сенинг исмим “Ҳазн” эмас, чунки бу исм ножоиз, балки исминг “Саҳл” бўлсин, деганлар.

“Ҳазн” исми “қайғу, ғам, алам, маҳзунлик”, “Саҳл” исми “енгиллик, осонлик” маъноларини билдиради.

Исми “Ҳазн”дан “Саҳл”га ўзгартирилаётганига рози бўлмаган Саиднинг бобоси: “Йўқ, мен отам қўйган исмни ўзгартирмайман!” деди.

Абу Довуднинг “Сунан” китобида унинг: “Йўқ, мен (одамлар томонидан) хўрланадиган ва оёқ ости қилинадиган “Саҳл” бўлмайман”, деб айтилгани ривоят қилинган.

Одатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимнинг исмини ўзгартирсалар, у рози бўлиб, бу нарсани қабул қилиб кетаверар эди. Лекин Ҳазн ибн Абу Ваҳб, отам қўйган “Ҳазн” исмини “Саҳл”га ўзгартирмайман, деб оёқ тираб туриб олди. Бу кутилганидек, унинг зарарига бўлиб чиқди. Саид ибн Мусаййаб айтади: “Шундан сўнг ҳалигача бизни маҳзунлик тарк этмади”.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бобомнинг исмини ўзгартирмоқчи бўлганларида у қаршилик кўрсатганидан бери бизни ғам, ташвиш ва хафалик тарк этмади.

Уламолар бу ердаги “маҳзунлик”ни улар оиласидаги оғирлик, машаққат ва Ҳазн авлодлари ахлоқидаги баъзи салбий жиҳатлардир деб изоҳлашган.

 

٢٠وَعَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُتِيَ بِالْمُنْذِرِ بْنِ أَبِي أُسَيْدٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ وُلِدَ فَوَضَعَهُ عَلَى فَخِذِهِ وَأَبُو أُسَيْدٍ جَالِسٌ فَلَهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشَيْءٍ بَيْنَ يَدَيْهِ فَأَمَرَ أَبُو أُسَيْدٍ بِابْنِهِ فَاحْتُمِلَ مِنْ فَخِذِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاسْتَفَاقَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَيْنَ الصَّبِيُّ فَقَالَ أَبُو أُسَيْدٍ: قَلَبْنَاهُ يَا رَسُولَ اللهِ ، قَالَ: مَا اسْمُهُ ، قَالَ: فُلاَنٌ ، قَالَ: وَلَكِنْ أَسْمِهِ الْمُنْذِرَ فَسَمَّاهُ يَوْمَئِذٍ الْمُنْذِرَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

20 Саҳл (ибн Саъд) розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борилиб, тиззаларига қўйишди. Абу Усайд ҳам у зотнинг олдиларига ўтирди. Аммо шу орада Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима биландир чалғиб қолдилар. Шунда Абу Усайд ўғлини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларидан олишга амр қилди. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келиб: “Бола қани?” деб сўрадилар. Абу Усайд: “Эй Расулуллоҳ, уни манзилига елтиб қўйдик”, деди. Шунда у зот: “Унинг исми нима?” дедилар. “(Исми) фалончи”, деб жавоб берди отаси. Шунда у зот: “Балки унинг исми “Мунзир”дир”, дедилар. Ровий айтади: “Ўша куни у зот унга “Мунзир” деб исм қўйдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисда номи зикр қилинаётган “Мунзир” исмли саҳобийнинг тўлиқ исми Мунзир ибн Абу Усайд ас-Соъидий ал-Ансорийдир. У ва отаси Абу Усайд машҳур саҳобалардан саналадилар. Мунзир ибн Абу Усайд Зубайр ибн Мунзирнинг отаси, Ҳамза ибн Абу Усайднинг туғишган биродаридир.

Одатда саҳобалардан биронтаси фарзандли бўлса, уни Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот чақалоқнинг таълагини кўтариб, унга чиройли исм қўяр (ножоиз исм қўйилган бўлса, яхшисига ўзгартирар) ҳамда унинг ҳаққига дуо қилар эдилар. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда айтилишича, Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу фарзандли бўлганида, у ҳам ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб борган. У зот чақалоқнинг таълагини хурмо билан кўтариб, унга “Иброҳим” деб исм қўйганлар.

Бу ривоятда Абу Усайд исмли саҳобий фарзанд кўрганида уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб боргани айтилмоқда. Ўғли билан у зотнинг олдиларига киргач, Абу Усайд ҳурмат юзасидан ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига қўйди. Аммо шу орада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимагадир чалғиб қолдилар. Шунда Абу Усайд ўғлини у зотнинг тиззаларидан олиб, уни бу ердан олиб кетишларини буюрди. Бир оз вақт ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бола қани?” деб сўрадилар. Абу Усайд уни уйига олиб кетишганини маълум қилди. Шунда у зот чақалоққа қандай исм қўйилганини сўрадилар. Унга фалон исмни қўйдик, деб жавоб берди отаси.

Ҳадис матнида чақалоқнинг исми “фалончи” деб келтирилишига сабаб, ёки Абу Усайд аввалида билмай ўғлига ножоиз исм қўйиб қўйган ёки унинг аниқ исми ровийнинг ёдидан кўтарилган.

“Балки унинг исми “Мунзир”дир”.

Бундан маълум бўладики, Абу Усайд ўғлига салбий маънони ифодаловчи исм қўйган. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Усайдга танбеҳ ва таълим бериб, чақалоққа чиройли ва маънодор исм қўйдилар.

“Мунзир” исми “бандаларни Охират азобидан огоҳлантирувчи, уларни сергак ва ҳушёр бўлишга, шайтонга қул бўлиб қолмасликка чақирувчи” маъносини англатади.

 

٢١وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الْحَارِثِ بْنْ أَبْزَى قَالَ: حَدَّثَتْنِي أُمِّي عَنْ أَبِيهَا أَنَّهُ شَهِدَ مَغَانِمَ حُنَيْنٍ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَاسْمُهُ غُرَابٌ فَسَمَّاهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُسْلِمًا. رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى.

21 Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Абза ривоят қилади: “Онам менга ривоят қилишича, унинг отаси (яъни, бобом) Ҳунайнда ўлжалар тақсимланишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга иштирок этган. Унинг исми “Ғуроб” эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини “Муслим”га ўзгартирдилар” (Абу Яъло ривояти).

Ҳадис ровийси Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Абза ал-Маккий катта табаа тобеинлардан саналади. Имом Бухорий “Ал-Адабул муфрад”да ундан ҳадис ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Ҳорис онасидан ривоят қилишича, унинг бобоси (яъни, она тарафидан бобоси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжалар тасқимланишида қатнашган экан.

Макка фатҳидан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳижрий саккизинчи йилнинг Шаввол ойида Хавозин қабиласи мусулмонларга қарши қўшин тўплай бошлади. Бу икки қўшин Макка ва Тоиф орасида жойлашган Ҳунайн деб аталадиган водийда рўбарў келдилар. Уруш шиддатли кечди. Аммо, охир-оқибат Аллоҳнинг нусрати билан мусулмонларнинг қўли баланд келди. Ҳунайн ғазотида мисли кўрилмаган даражада кўп ўлжа тушди. Жумладан, олти минг асир, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан зиёд қўй, тўрт минг уқия кумуш ва ҳоказолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўлжаларни Жаърона деган жойга тўплашга амр қилдилар ва ўлжа одилона тақсимланди.

Абдуллоҳ ибн Ҳориснинг бобоси ҳам шу ўлжа тасқимланишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган. У зот ундан исмини сўраганларида, у: “Ғуроб”, деб жавоб берган. Аммо бу исм у зотга хуш келмади ва: “Сенинг исминг “Муслим”дир”, деб унинг исмини ўзгартирдилар.

“Ғуроб” сўзи “узоқлашиш, маҳрум бўлиш; қарға”, “Муслим” исми “Аллоҳ таолога таслим бўлувчи, У Зотга ўзини топширувчи” маъноларини англатади.

Мўминларни лақаб билан чақиришнинг ҳаром экани

“Лақаб” сўзи луғатда “айблаш, устидан кулиш, истеҳзо қилиш” каби маъноларни ифодалайди. Бизнинг тилимизда “лақаб қўйиш, лақаб тўқиш” деганда ҳам айнан шу маънолар кўзда тутилади. Лекин арабларда “лақаб” сўзи ижобий маънода ҳам қўлланилади. Бунда у маълум бир шахснинг танилган исми сифатида зикр қилинади. Бу ерда кишини таҳқирлаш, айблаш маъноларини бўлмайди, ўзига қўйилган лақаб билан чақирилаётган киши бундан рози бўлади. Масалан, Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг лақаби “Сиддиқ”, Умар розийаллоҳу анҳуники “Форуқ”, Оиша розийаллоҳу анҳоники “Ҳумайро”, Ҳамзаники “Асадуллоҳ”, Холид ибн Валидники “Сайфуллоҳ”, Жаъфар ибн Абу Толибники “Таййор” бўлган. Шундай бўлса-да, аслида лақаб асосан салбий маънода бировни айблаш маъносида қўлланилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтади: “Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавм устидан масхара қилиб кулмасин – эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимол (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдирлар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмон. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардандир” (Ҳужурот, 11).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини бошқа мўмин биродарлари устидан масхара қилиш, уларни айблаш, лақаб қўйишдан қайтармоқда. Балки улар устидан кулиб, лақаб тўқиётган одам Аллоҳ таолога улардан кўра яқинроқдир. Бу ҳолда лақаб қўяётганлар Аллоҳнинг маҳбуб бандаларини таҳқирлаб ўз нафсларига катта зулм қилган бўладилар.

Шунингдек, мўмина-муслима аёллар ҳам ўзларининг мўмина опа-сингиллари устидан масхара қилишлари наҳий қилинмоқда. Улар билмайдилар, балки улар масхара қилаётган мўминалар тақво ва солиҳ амалларда улардан устундирлар.

Эътибор берадиган бўлсак, мазкур оятда “биродарларингизни масхара қилманг” маъноси “ўзингизни масхара қилманг” деб ифодаланмоқда. Бундан, мўминларни масхара қилиш, уларга лақаб қўйиш ўзини масхара қилиш билан тенг экани келиб чиқади.

Бандалар Аллоҳга иймон келтириб, мўминлик шарафига эришганларидан сўнг бир-бирларига лақаб қўйиб фосиқона исм билан исмланишлари қандоқ ҳам ёмон! Кимки мўмин ва мўминаларга лақаб қўйишни бас қилмаса, Аллоҳга тавба қилмаса, улар ўзларига зулм қилган, исён ишлари билан Аллоҳнинг азобини сотиб олган бўладилар.

Муқотил айтади: “Аллоҳ таолонинг бу ояти Билол, Салмон, Аммор, Хаббоб, Суҳайб, Фуҳайра, Ҳузайфанинг мавлоси Солимлар устидан масзара қилган Бани Тамим қабиласи ҳақида нозил бўлган” (Абу Ҳотим ривояти).

Ато: “Бир-бирига лақаб қўйиш бирон мўминни Исломга хос бўлмаган исмлар билан – эй чўчқа, эй ит, эй эшак, деб чақиришдир”, деб айтган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Бир-бирига лақаб қўйиш бир киши аввалда ёмон – гуноҳ ишларни содир этиб, сўнг тавба қилгач, унинг ўтган гуноҳларини юзига солиб айблашдир”, деган (Ибн Жарир Табарий ривояти).

Бизда бир вақтлар залолатда юриб, Аллоҳнинг марҳамати билан ҳидоят йўлига кирган кишиларни “Қори ака, ёки отин ойи бўлиб қолибдими, яқинда юрувди?..” деб истеҳзо қилиш одати ҳали ҳам бор. Ҳар биримиз яхшилар билиб олишимиз лозимки, бу қабилдаги сўз ва пичинглар жоиҳилият даври одатларидандир. Ким шунга ўхшаш ишлардан қайтиб, Аллоҳга тавба қилмаса, иймон келган кишиларнинг аввал қилган гуноҳларини юзига солиб, уларни масхаралашни бас қилмаса, унинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ!

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир-бирига лақаб қўйиш бир киши аввал яҳудий бўлиб, кейин Исломга киргач, уни: “Эй яҳудий, эй насроний ёки эй мажусий, деб чақиришидир” (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида шундай деган: “Агар бирон яҳудий киши мусулмон бўлса, унга: “Эй яҳудий”, дейиларди. Сўнгра улар бу ишдан қайтарилишди” (Абдураззоқ ривояти).

Икрима: “Мўминларнинг бир-бирига лақаб қўйишлари бир кишининг бошқа бир кишига қараб: “Эй фосиқ, эй мунофиқ”, дейишларидир”, деган (Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир Табарий ва Ибн Мунзир ривояти).

Мужоҳид айтади: “Лақаб қўйиш бир мусулмон кишини куфрга оид исмлар билан чақиришдир” (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Жарир Табарий ривояти).

Демак, лақаб қўйиш бир кишини у рози бўлмайдиган исмлар билан чақириш бўлиб, бу нарса Аллоҳ ва Расули томонидан ҳаром қилинган иш саналади.

 

٢٢وَعَنْ أَبِي جَبِيرَةَ بْنِ الضَّحَّاكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: فِينَا نَزَلَتْ هَذِهِ الآيَةُ فِي بَنِي سَلَمَةَ - وَلاَ تَنَابَزُوا بِالأَلْقَابِ ، بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الإِيْمَانِ – قَالَ: قَدِمَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلَيْسَ مِنَّا رَجُلٌ إِلاَّ وَلَهُ اسْمَانِ أَوْ ثَلاَثَةٌ فَجَعَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَا فُلاَنُ ، فَيَقُولُونَ: مَهْ ، يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّهُ يَغْضَبُ مِنْ هَذَا الإِسْمِ فَأُنْزِلَتْ هَذِهِ الآيَةُ - وَلاَ تَنَابَزُوا بِالأَلْقَابِ - . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَقَالَ أَبُو عِيسَى: هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

22 Абу Жабийра ибн Заҳҳок розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ушбу оят биз ҳақимизда – Бани Салама ҳақида нозил бўлган” – “Бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш нақадар ёмон!” Ровий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг юртга келдилар. Бизда эса икки ёки уч исмли бўлмаган киши йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (одамларга): “Эй фалончи”, деб мурожат қила бошладилар. Одамлар эса: “Эй Расулуллоҳ, ундай деманг, чунки у мазкур исм билан чақирилса, хафа бўлади”, дейишди. Шунда “Бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар!” ояти нозил бўлди” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ”, деган).

Ҳадис ровийси Абу Жабийра ибн Заҳҳок ибн Халифа ал-Ансорий ал-Маданийнинг исми маълум эмас. У Собит ибн Заҳҳокнинг туғишган биродаридир. Уламолар Абу Жабийранинг саҳобий эканида ихтилоф қилишган – баъзилар уни саҳобий, яна баъзилар саҳобий эмас, дейишган. Аммо Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар уни саҳобалар қаторида зикр қилишган. Абу Жабийра ривоят қилган ҳадислар “Сунан соҳиблари”нинг китобларида, Имом Бухорийнинг “Ал-Адабул муфрад”дида ва Имом Аҳмаднинг “Муснад”ида келтирилган.

Абу Жабийра ибн Заҳҳокнинг ривоят қилишича, юқорида биз ўрганган оят (Ҳужурот сурасининг 11-ояти) унинг қабиласи – Бани Салама ҳақида нозил бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларида бу ерда ҳалигача жоҳилият даврига оид кўпгина урф-одат, бидъат-хурофот ва ҳаром ишлар сақланиб қолган эди. Жумладан, улар хамр ичишар, қимор ўйнашар, судхўрлик билан шуғулланишар, бу ривоятда айтиб ўтилганидек, бир-бирларига лақаб қўйишар, одамларни масхара ва истеҳзо қилишарди. Ҳатто уларда икки ёки уч исмли, аниқроғи лақабли бўлмаган одам бармоқ билан санарли даражада оз эди. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам билмаган ҳолларида улардан баъзиларини унинг исми деб ўйлаб ўша лақаби билан чақирганларида, одамлар у зотга: “Эй Расулуллоҳ, уни бундай чақирманг. Биз буни унга лақаб қилиб қўйганмиз. Шунинг учун бу тарзда чақирсангиз, унинг жаҳли чиқади”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло мўминлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, жоҳилият давридан қолган чиркин одатларга барҳам бериш учун “бир-бирларингизга лақаб қўйманглар!” оятини нозил қилди.

Шу билан ҳамма нарса ўз жойига тушди. Аллоҳ таолога ҳақиқий иймон келтирган мўминлар энди ўз биродарлари устидан мазаҳ қилмайдиган, уларни “эй фосиқ, эй мунофиқ” ёки аввал ўзга динда бўлиб, кейин иймонга мушарраф бўлганларни “эй яҳудий, эй насроний” деб чақирмайдиган, уларга лақаб қўймайдиган бўлдилар.

 

Лақаб қўйиш турлари:

1 – Жисмоний камчиликларини айтиб масхаралаш: чўлоқ, маймоқ, кал, тепакал, гаранг, соқов ва ҳоказо.

Бунда санаб ўтилган кишиларнинг исми ўрнига уларнинг жисмоний камчиликларини айтиб камситилади. Аммо бирон кишига хосламаган ҳолда “чўлоқ”, “кар”, “кўр”, “соқов” ва шу каби сўзларни умумий маънода ишлатиш жоиз.

2 – Кишиларни маълум турга мансуб ҳайвон номлари билан аташ: чўчқа, эшак, мол, ҳайвон, ит, тулки, таракан, қурбақа, бўри, тошбақа, қуён ва ҳоказолар.

3 – Исмларни қисқартириб, маъносини бузган ҳолда талаффуз қилиш. Масалан, Муҳаммад – Мамат, Фахриддин – Пақи, Муҳаррам – Муҳар, Ҳусниддин – Ҳуси, Отабек – Оташ ва ҳоказо.

 

Ўзга кишининг фарзандига “эй ўғлим”, деб мурожат қилишнинг ҳукми

 

٢٣وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: يَا بُنَيَّ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

23 Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй ўғлим”, деганлар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ўн уч йил давомида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларида бўлган, у зотнинг кўп дуоларини олган зотлардандир. Ҳадисда айтилишча, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб: “Эй ўғлим”, яъни, сен меҳр-мурувват ва ғамхўрликда мен учун ўғлим ўрнидасан, деган эканлар.

Бу ҳадисдан бир кишининг ўзга одам фарзандига меҳр кўрсатиш юзасидан, эй ўғлим, дейиши жоиз экани маълум бўлади.

Мазкур ҳадиснинг бу ерда зикр қилинишига сабаб, агар бирон кишига мурожат қилинмоқчи бўлганда, унинг исми номаълум бўлса, унга “эй ўғлим”, “эй қизим”, “ота”, “она” “амаки”, “хола” ва шу каби маъноларда мурожат қилиш мумкин эканини билдириш эди.

“Абулқосим” куняси билан кунялашнинг ҳукми

“Куня” сўзи арабча бўлиб, у “маълум бир исмнинг ўрнини босувчи” маъносини англатади. Арабларда биринчи туғилган фарзандининг исмига “Абу” ва “Умму” қўшиб чақириш одати бор. Масалан, бош фарзандининг исми “Ҳорис” бўлса, отаси “Абу Ҳорис” (Ҳориснинг отаси), онаси “Умму Ҳорис” (Ҳориснинг онаси) деб чақирилади. Одатда кўпчилик кишиларнинг асл исмига қараганда унинг куняси машҳурроқ бўлади. Масалан, Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг исми “Абдуллоҳ”, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуники “Абдураҳмон”, Абу Айюб Ансорийники “Холид”, Абу Дардо розийаллоҳу анҳуники “Уваймир”, Умму Ҳабиба онамизники “Рамла”, Умму Салама онамиз розийаллоҳу анҳо онамизнинг исмлари эса “Ҳинд” бўлган.

Шунингдек, араб тилида баъзи сўзларга “Абу” қўшиб исм ясалади. Масалан, “Абулфазл” (фазилат ва юқори мартаба эгаси), “Абулхайр” (яхшилик қилувчи). Бу ҳолат муаннас (аёлларга ишлатиладиган) шаклда ҳам кузатилади. Масалан, “Уммулфазл”, “Уммулхайр” ва ҳоказо. Аммо бу ерда “Абу” ва “Умму” қўшимчалари куняни эмас, балки “эгаси, соҳиби” каби маъноларни англатиб келади.

Бундан ташқари “Ибн” ва “Бинти” сўзлари ҳам куня таркибига киради. Масалан, “Ибн Абдуллоҳ” (Абдуллоҳнинг ўғли), “Бинти Хувайлид” (Хувайлиднинг қизи).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари “Муҳаммад” ва “Аҳмад”, кунялари “Абу Қосим” (ёки “Абулқосим”)дир. Чунки у зотнинг биринчи фарзандларининг исми “Қосим” бўлган. Гарчи Қосим исмли ўғиллари узоқ яшамаган бўлса-да, у зот мазкур куня билан куняланганлар.

Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламларнинг исмлари билан исмланиш мусулмонлар орасида кенг тарқалган. Аммо у кишининг кунялари билан куняланиш борасида мўмин-мусулмонлар орасида баъзи-бир ихтилоф ва тушунмовчилик бор. Шу сабаб қуйида мазкур масала борасида келган ҳадис шарифлар, уларнинг шарҳи ва уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

 

٢٤وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلاَ تَكْتَنُوا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.

24 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”(Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан “Муҳаммад” деб исмланиш жоиз экани, айни пайтда кунялари билан “Абулқосим” деб куняланиш мумкин эмаслиги айтиб ўтилмоқда.

Имом Нававий айтади: “Абулқосим куняси билан куняланиш борасида уламолар ихтилоф қилишган ва улар уч гуруҳга бўлинадилар. Биринчи тоифа вакиллари исми “Муҳаммад” ёки бошқача бўлишидан қатъий назар “Абулқосим” куняси билан куняланиш мутқлақо мумкин эмас, дейдилар. Бу фикрни Имом Шофеъий ва аҳли зоҳирлар илгари суришган. Уларнинг баъзилар ҳатто: “Куняси “Абулқосим” бўлиб қолмаслиги учун биронта ҳам одам ўғлига “Қосим” исмини қўймаслиги керак”, дейишган.

Иккинчи тоифа вакиллари эса бу нарсага мутлоқ рухсат бор, бу қайтариқ Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари чоғида амалда бўлган, дейишади. Буни Имом Молик ибн Анас ёқлаб чиққан, у: “Муҳаммад исми билан исмланиш, “Абулқосим” куняси билан куняланишнинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқ, бу ҳукм Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт бўлиб турганларидагина амалда бўлган”, деб айтган. Ал-Қозий: “Имом Моликнинг фикрини жумҳур уламолар, фуқаҳолар афзал кўришган”, деган.

Учинчи тоифа вакиллари “Муҳаммад” исмли кишиларга “Абулқосим” деб куняланиш жоиз эмас, бошқаларга мумкин, дейишган.

Имом Табарий тўртинчи гуруҳ вакилларини келтиради ва уларнинг фикрича, “Муҳаммад” исми билан исмланиш ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш мутлақо мумкин эмас.

“Абулқосим” куняси билан куняланиш мумкин эмаслиги Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларигагина хосдир, деган фикр энг кучли саналади. Чунки саҳобалар ичида ўғлини “Муҳаммад”, деб номлаб, унга “Абулқосим” кунясини қўйганлари ҳам бўлган. Масалан, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўғлининг исмини “Муҳаммад” деб қўйган, унинг куняси “Абулқосим” бўлган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ, Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб, Муҳаммад ибн Ашъас ибн Қайсларнинг ҳам кунялари “Абулқосим” бўлган.

Ибн Қаййим ал-Жавзийянинг “Зодул маъод” номли китобида: “Бу қайтариқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари пайтида амалда бўлган, у зот вафот этишлари билан бу ҳукм мансух қилинган”, деб айтилган.

 

٢٥وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي السُّوقِ فَقَالَ رَجُلٌ: يَا أَبَا الْقَاسِمِ ، فَالْتَفَتَ إِلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّمَا دَعَوْتُ هَذَا فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَمُّوا بِاسْمِي وَلاَ تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.

25 Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда эдилар. Шунда бир киши: “Эй Абулқосим”, деди. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол унга қарадилар. У бўлса: “Мен буни чақиргандим”, деди. Шунда Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ривоятда юқорида зикр қилинган ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган ҳодиса келтирилмоқда. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақийъдаги бозорда эдилар. Шу пайт бир киши: “Эй Абулқосим”, деб чақириб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўгирилиб унга қараган эдилар, у: “Эй Расулуллоҳ, мен сизни эмас, фалончини чақирган эдим, “Абулқосим” деб сизни назарда тутмаган эдим”, деганида Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куня билан кунялангманглар!” деганлар.

 

٢٦وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِرَجُلٍ مِنْ الأَنْصَارِ غُلاَمٌ فَسَمَّاهُ الْقَاسِمَ فَقَالَتْ الأَنْصَارُ: وَاللهِ لاَ نُكَنِّيكَ بِهِ أَبَدًا فَبَلَغَ ذَلِكَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَثْنَى عَلَى الأَنْصَارِ خَيْرًا ثُمَّ قَالَ: تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلَا تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

26 Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ансорлардан бир киши фарзанд кўрди ва уни “Қосим” деб номлади. Шунда ансорлар: “Аллоҳга қасамки, сени зинҳор бу куня билан чақирмаймиз!” дейишди. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди ва у зот ансорларга яхшилик сўраб дуо қилдилар ва сўнгра: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).

Ансорлардан бири фарзандли бўлгач, унга “Қосим” деб исм қўйибди, аммо баъзи иймонда пешқадам бўлган ансорлар унга: “Сени “Абулқосим”, деб чақирмаймиз”, дейишди. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб боргач, Аллоҳ ва Расулига итоат этувчи ансорларга мақтов айтиб, уларнинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғлининг исмини “Қосим” деб номлаган кишига бундай деб кунялаш мумкин эмаслигини билдирдилар.

 

٢٧وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِرَجُلٍ مِنَّا غُلاَمٌ فَسَمَّاهُ مُحَمَّدًا فَقُلْنَا: لا نَدَعُكَ تُسَمِّيهِ مُحَمَّدًا بِاسْمِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَى الرَّجُلُ بِابْنِهِ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّهُ وُلِدَ لِي غُلاَمٌ وَإِنِّي سَمَّيْتُهُ بِاسْمِكَ فَأَبَى قَوْمِي أَنْ يَدْعُونِي قَالَ: بَلَى تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلاَ تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي فَإِنِّي قَاسِمٌ أَقْسِمُ بَيْنَكُمْ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

27 Яна Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Орамизда бир киши фарзандли бўлди ва унга “Муҳаммад” деб исм қўйди. Шунда биз: “Сен фарзандингни “Муҳаммад” деб – Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан номлашингга рози эмасмиз”, дедик. Сўнгра ўша киши ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди ва: “Эй Расулуллоҳ, мен фарзандли бўлдим, унга сизнинг исмингизни қўйдим, лекин қавмим мени бундан қайтаришди”, деди. Шунда у зот: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар. Албатта, мен Қосимман, ўрталарингизда тақсимот қиламан”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадис ўзидан олдинги ривоятга ўшаб кетади. Ансорий саҳобалардан бири фарзандли бўлгач, унга яхши ният билан “Муҳаммад” деб исм қўйибди. Бундан хабар топган баъзи саҳобалар, биз сенга ўғлингни “Муҳаммад” деб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини қўйишингга рухсат бермаймиз, дейишди. Шунда у киши ўғлини кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди ва, эй Расулуллоҳ, мен фарзандли бўлдим, уни сизнинг исмингиз билан “Муҳаммад” деб исмладим. Аммо қавмим мени бу нарсадан қайтаришмоқда, деди. Буни эшитган Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, бироқ куням билан куняланманглар”, дедилар.

 

٢٨وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَسَمَّى بِاسْمِي فَلاَ يَتَكَنَّى بِكُنْيَتِي وَمَنْ تَكَنَّى بِكُنْيَتِي فَلاَ يَتَسَمَّى بِاسْمِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَفِي لَفْظِ التِّرْمِذِيِّ: إِذَا سَمَّيْتُمْ بِي فَلاَ تَكْتَنُوا بِي.

28 Жобир розийаллоҳу анҳу Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимга менинг исмим қўйилган бўлса, бас, менинг куням билан куняланмасин. Кимки менинг куням билан чақирилса, бас, менинг исмим билан исмланмасин” (Абу Довуд, Термизий ва Имом Аҳмад ривояти. Термизий келтирган лафзда: “Агар менинг исмим билан номласангиз, бас, куням билан куняланманг” деб келтирилган).

Бу ҳадис Имом Нававий келтирган учинчи тоифа вакилларининг далили саналади. Унга кўра, кимнинг исми “Муҳаммад”, бўлса, у “Абулқосим” деб куняланмаслиги, кимнинг куняси “Абулқосим” бўлса, у “Муҳаммад” деб исмланмаслиги лозим.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз исмлари ва куняларини (бир кишида) жамланишидан қайтарганлар” (Имом Бухорий “Ал-Адабул муфрад”да ривоят қилган).

 

 

 

Иккисини жамлаш жоиз экани

 

Бу бобда Имом Молик ва аксар уламолар айтиб ўтган фикрнинг далили сифатида икки ҳадис келтириб ўтилади.

 

٢٩وَعَنْ مُحَمَّدِ ابْنِ الْحَنَفِيَّةِ عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ، أَرَأَيْتَ إِنْ وُلِدَ لِي بَعْدَكَ أُسَمِّيهِ مُحَمَّدًا وَأُكَنِّيهِ بِكُنْيَتِكَ ، قَالَ: نَعَمْ ، قَالَ: فَكَانَتْ رُخْصَةً لِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

29 Муҳаммад ибн Ҳанафийя Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у: “Эй Расулуллоҳ, сиздан кейин агар фарзанд кўрсам, уни “Муҳаммад” деб номлайман ва сизнинг кунянгиз билан кунялайман”, деган. Шунда у зот: “Ҳа”, деганлар. Али: “Бу нарса менга рухсат берилди”, деди” (Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-саҳиҳ, деган).

Ҳадис ровийси Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ал-Қуроший ал-Ҳошимийдир. У “Ибн Ҳанафия” куняси билан машҳур бўлган. Катта тобеинлардан саналади. Ишончли ҳадис ровийси. Онасининг исми Хавла бинти Жаъфар ал-Ҳанафиядир. Муҳаммад ибн Ҳанафия ривоят қилган ҳадислар сиҳоҳи ситта соҳиблари китобларида келтирилган.

Кунларнинг бирида Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: “Эй Расулуллоҳ, сиз Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилганингиздан сўнг агар фарзандли бўлсам, унга “Муҳаммад” исмини қўяман ва сизнинг кунянгиз билан кунялайман, шундай қилсам бўладими?” деди.

Кўринишидан Али розийаллоҳу анҳу бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари охирларида айтган бўлса керак.

Али розийаллоҳу анҳу томонидан берилган саволга Сарвари Олам қисқагина қилиб: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Яъни, ҳа, бўлади, исмимни ҳам, кунямни ҳам қўйиш мумкин.

Табарий айтади: “Али розийаллоҳу анҳуга ўғлини “Абулқосим” деб кунялашга рухсат берилиши мазкур куня аввалда ҳаром эмас, балки макруҳ бўлганлигига далолат қилади. Агар бу нарса ҳаром бўлганида саҳобалар Алини бу ишдан қайтаришган, унга ўғлини “Абулқосим” деб кунялашига рухсат бермаган бўлар эдилар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, саҳобалар бу маънода келган қайтариқларни танзиҳ ва адаб (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурматлаш, эҳтиром қилиш) маъносида тушинишган”.

Али розийаллоҳу анҳунинг: “Бу нарса менга рухсат берилди” деган гапини далил қилиб, баъзилар: “Бу нарса фақат Али розийаллоҳу анҳунинг ўзигагина хос”, деб айтишган. Лекин қуйида келадиган яна бир ҳадисни кўриб чиқиб, сўнгра умумий хулоса қиламиз.

 

٣٠وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ امْرَأَةٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنِّي قَدْ وَلَدْتُ غُلاَمًا فَسَمَّيْتُهُ مُحَمَّدًا وَكَنَّيْتُهُ أَبَا الْقَاسِمِ فَذُكِرَ لِي أَنَّكَ تَكْرَهُ ذَلِكَ فَقَالَ: مَا الَّذِي أَحَلَّ اسْمِي وَحَرَّمَ كُنْيَتِي أَوْ مَا الَّذِي حَرَّمَ كُنْيَتِي وَأَحَلَّ اسْمِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

30 Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл келиб деди: “Эй Расуллоҳ, менинг кўзим ёриди ва уни “Муҳаммад” деб номлаб, “Абулқосим” деб куняладим. Аммо менга айтилишича, сиз бу ҳолатни ёмон кўрар экансиз”. Шунда у зот: “Исмимни ҳалоллаб, кунямни ҳаром қилиш ёки кунямни ҳаром қилиб, исмимни ҳалоллаш нимасси?!” дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадис Имом Молик ва жумҳур уламолар айтган фикрни яна бир бор тасдиқлайди. Улар бу бобда келтирилган қайтариқларни Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида амалда бўлган, ҳозирда эса “Муҳаммад” исми билан исмланиш ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш жоиз”, дейишган. Шунингдек, бу ҳадис “Муҳаммад” исми ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмаслигига далолат қилади.

Бизда ўғлининг исми “Қосим” бўлмаган ҳолда “Абулқосим” деб исмланиш ҳоллари учраб туради. Демак, бу исм билан исмланиш ҳам, фарзандининг исми “Қосим” бўлган тақдирда “Абулқосим” деб куняланиш ҳам жоиздир.

Асмоул ҳусна (Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари)

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга ўша (исмлар) билан дуо қилинглар!” (Аъроф, 180).

“Аллоҳ – Ундан бошқа (ибодатга муносиб) илоҳ йўқ (бўлган) зотдир. Унинг гўзал исмлари бор” (Тоҳа, 8).

(Эй Муҳаммад), “Аллоҳга дуо қиласизларми, Раҳмонга дуо қиласизларми, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир”, деб айтинг” (Исро, 110).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёдласа, жаннатга киради. Албатта Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Байҳақийривояти).

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон, Табароний, Байҳақий, Ибн Мурадавайҳ ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда юқорида келтирилган ҳадис матнидан сўнг Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми саналган.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг бир кам юзта исми бор. Ким улар билан дуо қилса, Аллоҳ ўша (банда)нинг дуосини ижобат қилади” (Абу Нуайм ва Ибн Мурдавайҳ ривояти).

Ибн Аббос ва Ибн Умар розийаллоҳу анҳумолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилишади: “Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни санаса, жаннатга киради. Ўша (исмларнинг ҳаммаси) Қуръонда бордир” (Абу Нуаймривояти).

Абу Нуайм Муҳаммад ибн Жаъфардан қилган узун ривоятда ўша исмлар қайси сураларда келгани айтилган. Масалан, Фотиҳа сурасида бешта (Аллоҳ, Раб, Раҳмон, Раҳим, Молик) ва Бақара сурасида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан ўттиз учтаси келгани айтиб ўтилган.

Қуйида ҳадис матнида келган Аллоҳнинг гўзал исмларини имкон қадар шарҳлашга ҳаракат қиламиз.

1. Аллоҳ

Ўз сифати ва зотида ягона бўлган, ибодат қилиниш учун энг муносиб, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ бўлмаган Яккаю Ягона Илоҳ. Аллоҳ исми У Зотнинг жамики гўзал исмларнинг маъносини ўзида жамлаган.

“Аллоҳ” лафзи аслида “Ал-илаҳу” шаклида бўлиб, бу ерда бир жинсдаги икки ҳарф ёнма-ён келгани учун у идғом қилинган.

Маълумки, араб тилида “ал” артикли “бирон нарсанинг ўз турида ягона эканлиги”ни англатади. Худди шунингдек, “Аллоҳ” ҳам “Ягона Илоҳ” маъносини англатади. Мазкур сўзни бошқа тилларга фақат “Аллоҳ” тарзида (масалан, русчада “Аллах”, инглизчада “Allah”) ўгириш лозим. “Худо”, “Тангри”, “Бог”, “God” сўзлари “Аллоҳ” маъносини ўзида тўлиқ акс эттирмайди.

2. Ар-Раҳмон

Ўта Меҳрибон, ўта карамли, кофирга ҳам, мўминга ҳам, барча махлуқотларга ризқ берувчи Зот.

“Раҳмон” сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ундан ўзгаси бу сифат билан аталиши мумкин эмас.

3. Ар-Раҳийм

Меҳрибон, Раҳмли, Қиёмат кунида фақат мўминларни Ўз раҳматига олувчи, улардан Ўзига ҳақиқий иймон келтирганларнинг гуноҳларини авф қилиб, жаннатга киритувчи.

“Раҳийм” сифати “Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “Охиратда фақат мўминларга шафқат қилувчи” маъносини билдиради. Юқорида “Раҳмон” сифатини Аллоҳ таолодан ўзгага қўллаб бўлмаслигини айтиб ўтдик. Лекин “Раҳийм” Аллоҳдан ўзгаларга, жумладанПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қўлланилиши мумкин. Чунончи, “рожулун роҳийм” (раҳмдил киши) дейиш мумкин, аммо “рожулун роҳман” (ўта меҳрибон киши) деб бўлмайди.

4. Ал-Малик

Барча мулк ва тасарруфотларнинг ҳақиқий Эгаси, Ундан ўзга эга йўқ.

Бу сифат У Зотнинг хоҳлаган ишини қила олиши, хоҳлаган нарсасини яратиши мумкинлиги ва ҳоказоларни англатади.

5. Ал-Қуддус

Ҳар қандай айб, камчилик ва нуқсондан пок, мукаммал Зот. Мутлоқ қудсият ва муқаддаслик фақат У Зотгагина хосдир.

6. Ас-Салом

Нуқсонлардан саломат, пок, бандаларини ҳалокатлардан сақлаб, уларга омонлик, офият берувчи, хотиржамлик бахш этувчи.

7. Ал-Мўмин

Жамики бандаларига дунёда омонлик бахш этувчи, Охиратда эса жаҳаннам ўтидан фақат мўмин бандаларигагина омонлик берувчи; омонатга вафо қилувчи, бандаларига жаннат ҳақида башорат бериб, Қиёмат куни бунинг тасдиқи ўлароқ уларни жаннатга киритувчи.

8. Ал-Муҳаймин

Барча нарсани кузатиб турувчи, уларни Ўз ҳифзи-ҳимоясида асровчи, бандалари ва махлуқотларининг ҳар бир ҳолатидан – ҳаракат ва жим туришлари ҳамда бошқа жиҳатларини билиб турувчи; ҳар бир нарсага шоҳид бўлиб турувчи; махлуқотлар ишини тадбир қилувчи; амин, ишончли, ваъдасига вафо қилувчи.

9. Ал-Азийз

Куч ва қувват эгаси, ҳеч қачон мағлуб бўлмайдиган. Барча нарсадан Ғолиб келувчи.

10. Ал-Жаббор

Махлуқотлари устидан мутлоқ Ғолиб, уларга Ўзи хоҳлаган амр ва наҳийларни жорий қилувчи.

11. Ал-Мутакаббир

Улуғ, Азиз ва кибриё Эгаси; бандалар эга бўлган сифатлардан устун.

12. Ал-Холиқ

Аввал йўқ бўлган нарсаларни Яратувчи, ҳар бир нарсани аниқ ўлчов ва мезон билан халқ қилувчи.

13. Ал-Бориъ

Йўқдан бор қилувчи. Мазкур сифат “Холиқ” сифатидан кўра хосроқ саналади.

14. Ал-Мусоввир

Ҳар бир махлуқотига ўзига яраша, ўзга махлуқотлардан ажралиб турадиган даражада сурат берувчи; бандаларига оналари қорнида турган ҳолларида Ўзи хоҳлаган тарзда сурат, шакл берувчи.

15. Ал-Ғаффор

Ҳақиқий тавба ва истиғфор қилувчи бандаларининг хато, камчилик ва гуноҳларини доимий суратда кечириб турувчи, уларнинг нуқсонларни беркитувчи.

16. Ал-Қаҳҳор

Барча махлуқотларидан устун, уларга Ўзининг адолатли ҳукмини юргизувчи.

17. Ал-Ваҳҳоб

Бандаларига эваз ёки бирон ғаразни ният қилмаган ҳолида кўплаб неъмат ва инъомларни доимий суратда ато этувчи.

18. Ар-Раззоқ

Ризқларни яратиб, уларни махлуқотларига етказувчи, махлуқотларини доимо ризқлантириб турувчи.

19. Ал-Фаттоҳ

Бандаларига ризқ ва раҳмат эшикларини очувчи.

20. Ал-Алийм

Барча ҳодиса ва нарсаларнинг ботиний ҳамда зоҳирий, энг нозик ва энг катта жиҳатларигача Билувчи, илми мазкур нарсаларни мукаммал суратда қамраб олган Зот.

21. Ал-Қобиз

Ўз ҳикмати билан баъзи бандаларининг ризқини тор қилувчи, ўлим чоғида бандалар руҳини олувчи.

22. Ал-Босит

Ўз карами ва раҳмати билан хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилувчи, бандаларнинг ҳаётлик чоғларида жасадлари ичидаги руҳларини қўйиб юборувчи.

23. Ал-Хофиз

Кофир, мушрик ва осий бандаларнинг мартабасини пасайтирувчи. Пасайтиришни хоҳлаган нарсаларини пасайтира олувчи.

24. Ар-Рофиъ

Мўмин бандаларининг мартабасини баланд қилувчи, авлиё бандаларини Ўзига яқинлаштирувчи.

25. Ал-Муъизз

Бандаларидан кимни хоҳласа иймон йўлига ҳидоят қилиб азизу мукаррам қилувчи.

26. Ал-Музилл

Бандаларидан кимни хоҳласа, хору зор қилувчи, улардан иззат ва мукаррамликни олувчи.

27. Ас-Самийъ

Ҳар бир нарсани эшитиб турувчи. Бўлаётган ҳар қандай воқеа ва ҳодиса унинг эшитиши ва илмидан холи қолмайди.

28. Ал-Басийр

Ҳар бир нарсани кўриб турувчи, бўлаётган ҳар қандай ҳолат унинг кўриб туришидан четда қолмайди.

29. Ал-Ҳакам

Мутлоқ Ҳоким, ҳеч ким Унинг ҳукмига эътироз билдириб, қаршилик кўрсата олмайди.

30. Ал-Адл

Адолатли, мутлоқ адолат қилувчи.

31. Ал-Латийф

Лутф кўрсатувчи, карамли, мулойим, меҳрибон; ҳар бир нарсанинг ўта дақиқ ва нозик жиҳатларигача билиб турувчи.

32. Ал-Хобийр

Ҳар бир нарсанинг ҳам зоҳирий, ҳам ботиний жиҳатларидан хабардор бўлган Зот.

33. Ал-Ҳалийм

Бандаларининг исёнидан тезда ғазаби қўзимайдиган, уларга имкон берувчи, осий бандаларига азоб беришга шошилмайдиган, уларни фақат мавриди келгандагина жазоловчи.

34. Ал-Азийм

Инсон ақли ва тафаккури тасаввур қила олмайдиган даражада улуғ ва буюк.

35. Ал-Ғофур

Бандаларининг гуноҳларини кечириб, уларнинг айб-камчиликларини беркитувчи.

36. Аш-Шакур

Итоаткор, солиҳ амаллар қилувчи бандаларига ниҳоятда кўп миқдорда савоб берувчи, оз амал қилувчи бандаларига ҳам ният ва ихлосларига яраша кўп ажр-савоб берувчи.

37. Ал-Алий

Жуда олий мартабали; Унинг зоти ва сифатини тасаввур қилишга ақллар ожизлик қилади.

38. Ал-Кабийр

Араб тилида “кабийр” ва “соғийр” сўзлари бирон жисмнинг катта ёки кичик эканини англатади. Бу ерда эса ушбу сўз Аллоҳ таолонинг ўта улуғ, махлуқотларидан мутлоқ устунлиги, азалий, абадий Зот эканини англатиб келмоқда. Валлоҳу аълам.

39. Ал-Ҳафийз

Ўзи хоҳлаган муддат мобайнида махлуқотларини ҳалокатга учрашдан сақлаб турувчи.

40. Ал-Муқийт

“Ал-Муқийт” сифатининг биринчи маъноси “Ал-Ҳафийз” сифати билан бир хил. Иккинчи маъноси эса, “ҳар бир махлуқотига ўз насибасини берувчи”дир.

41. Ал-Ҳасийб

Кифоя қилувчи, махлуқотлари кифоя қиладиган даражада ризқлантирувчи; Қиёмат кунида бандаларини ҳисоб қилувчи.

42. Ал-Жалийл

Улуғлик сифатини ўзида жамлаган Зот; буюк, улуғ, олий.

43. Ал-Карийм

Карами ва саховати чексиз бўлган Зот, инъом қилиши билан У Зотнинг хазинаси камайиб қолмайди.

44. Ар-Роқийб

Ҳар бир нарсани кузатиб, билиб турувчи.

45. Ал-Мужийб

Бандаларининг ихлос ва хушуъ билан қилган дуоларини қабул қилувчи, уларга ижобат этувчи.

46. Ал-Восиъ

Раҳмати барча нарсадан кенг; хоҳлаган бандасининг ризқини кенгайтирувчи.

47. Ал-Ҳакийм

Ҳар бир тадбирини ҳикмат билан, мукаммал ҳолда амалга оширувчи.

48. Ал-Вадуд

Ўзининг валий ва солиҳ бандаларини яхши кўрувчи, улардан рози бўлувчи; валий ва солиҳ бандалари томонидан севилувчи.

49. Ал-Мажийд

Шуҳрати ниҳоятда чексиз, қадри баланд; карамининг чеки йўқ, ўта сахий Зот.

50. Ал-Боъис

Мазкур сўзнинг икки хил маъноси бор. Биринчиси “тирилтирувчи”, иккинчиси “юборувчи”дир. Шу нуқтаи назардан Аллоҳ таолонинг мазкур гўзал исмини “бандаларига пайғамбарлар юборувчи; Қиёмат кунида барча махлуқотлар ўлганидан сўнг уларни қайта тирилтирувчи” деб изоҳлаш мумкин.

51. Аш-Шаҳийд

Ҳар бир бўлаётган нарса ва ҳодисанинг устида ҳозир бўлиб турувчи, бирон нарса Унинг гувоҳлиги ва шоҳидлигидан четда қолмайди.

52. Ал-Ҳаққ

Мавжудлиги ҳақиқатан тасдиқланган Зот; Ҳақ зот; Ҳақни зоҳир қилувчи Зот.

53. Ал-Вакийл

Бандаларининг ишларини амалга ошириб, уларга манфаат етказишга кафил бўлган Зот.

54. Ал-Қовий

Куч-қувват эгаси бўлган, бирон амални бажаришга заифлик қилмайдиган Зот. Аллоҳ мутлоқ қудрат Эгасидир.

55. Ал-Матийн

Ўта қувватли ва матонатли Зот. Бирон ишни амалга оширгач, уни чарқоқ ҳам, заифлик ҳам тутмайди. “Ал-Матийн” сифати одатда “Ал-Қовий” билан ёнма-ён келади.

56. Ал-Валий

Ёрдам берувчи; валий бандаларини яхши кўрувчи; бутун оламдаги махлуқотларининг ишларини бошқариб, таваллий қилиб турувчи Зот.

57. Ал-Ҳамийд

Ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай шароит ва замонда ҳамду санога энг муносиб Зот; бандалари томонидан тинимсиз мақталиб туриладиган Зот.

58. Ал-Муҳсий

Ҳар бир нарсани Ўз илми билан ҳисобга олувчи, илми барча нарсани қамраб олган, ҳар бир нарсанинг энг дақиқ – нозик жиҳатларини ҳам, эътиборга молик бўлган аҳамиятли томонларини ҳам инобатга олувчи.

59. Ал-Мубдиъ

Ҳар бир нарсани ўхшаши ва мисли йўқ бўлган даражада аввалдан Яратувчи, бор Қилувчи.

60. Ал-Муъийд

Махлуқотлари ҳаёт бўлиб турган ҳолларида уларни ўлимга қайтарувчи, яъни ўлдирувчи, сўнгра Қиёмат кунида уларни тирилтириб, яна ҳаётга қайтарувчи.

61. Ал-Муҳйий

Қиёмат кунида ўликларни қайтатирилтирувчи, уларга жон – ҳаёт ато этувчи.

62. Ал-Мумийт

Ўлимни яратувчи ва хоҳлаган бандасининг жонини хоҳлаган вақтида олувчи.

63. Ал-Ҳайй

Доимо тирик, зинҳор ва ҳеч қачон ўлмайдиган Зот. Боқийлик фақат У Зотгагина хосдир. Ўлим ва фонийлик эса фақат махлуқотларгагина хос бўлиб, бу сифатларни Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди. Аллоҳнинг ҳаётлиги бандалар ҳаётидан тубдан фарқ қилади.

64. Ал-Қоййум

Ўз-ўзидан қоим бўлувчи ва бошқаларни ҳам қоим қилувчи; ҳар бир нарсанинг устида гувоҳ бўлиб турувчи. “Ал-Қоййум” сифатида одатда “Ал-Ҳайй” билан бирга келади.

65. Ал-Вожид

Хоҳлаган нарсасини хоҳлаган вақтида топувчи; ҳеч қачон фақир бўлмайдиган даражада бой Зот.

66. Ал-Можид

Шон-шуҳрат Эгаси, қадри баланд; карамли ва сахий Зот. Мазкур исмнинг муболаға шакли “Ал-Мажийд”дир.

67. Ал-Воҳид

Ягона, битта, ёлғиз, шериги бўлмаган Зот. Аллоҳ таолонинг азалда ҳам шериги бўлмаган, бундан кейин ҳам Унинг шериги бўлмайди, У Зот ўз сифати ва зотида, илоҳликда ва ибодатга муносибликда Яккаю Ягонадир.

68. Ас-Сомад

Салаф уламолар “ас-Сомад” сифати бир неча маъноларни англатишини айтиб ўтганлар. Жумладан, мазкур сифат “мутлоқ Ҳоким”, “доимий барҳаёт турувчи”, “ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, аксинча махлуқотларининг ҳожати У Зотга тушади, яъни Ҳожатбарор” маъноларини ифодалайди.

69. Ал-Қодийр

Ҳар бир нарсага қодир бўлган Зот, хоҳлаган ишини қилишдан ожиз эмас. Ҳар қандай турдаги иш Унга осон ва енгилдир.

70. Ал-Муқтадир

“Ал-Қодир” исмининг муболаға шакли. Яъни, мазкур исм “қудратда чексиз, ниҳоятли куч-қудратга эга” маъноларини англатади.

71. Ал-Муқоддим

Хоҳлаган нарсасини олдинга суриб, уларни ўз жойига қўювчи, ким ёки нима олдинга сурилишга муносиб бўлса, олдинга суради.

72. Ал-Муаххир

Хоҳлаган нарсасини ортга суриб, уларни ўз жойига қўювчи, ким ёки нима ортга сурилишга муносиб бўлса, ортга суради.

73. Ал-Аввал

Бошланишининг аввали бўлмаган Зот, барча нарсадан аввал бўлган Зот. Аллоҳ таоло махлуқотлар яратилмасидан олдин ҳам бўлган. Дунёдаги банча тирик мавжудотлар ва жонсиз нарсалар, хуллас барча махлуқотлар “Ал-Аввал” сифатли Аллоҳ томонидан яратилган.

74. Ал-Охир

Махлуқотлар ўлиб кетганидан сўнг ҳам боқий қолувчи, ҳеч қачон ўлмайдиган, охири бўлмаган Зот.

75. Аз-Зоҳир

Барча нарсадан устун, олий; атроф-муҳитдаги нарсалар ва ҳолатлар Унинг зоҳирлигига далолат қилувчи Зот. Ҳақиқатан, ақл юритиб, теран назар ташлаган киши Аллоҳнинг борлигига ва У Зот Яккаю Ягона эканини фаҳмлаши шубҳасиз. Зеро, У Зотнинг мавжудлиги очиқ-ойдиндир.

76. Ал-Ботин

Махлуқотлар назаридан беркинган, уларга кўринмайдиган Зот. Чунончи, кўз билан У Зотни кўриб бўлмайди.

77. Ал-Волий

Барча нарсанинг Эгаси, уларни тасарруф этувчи Зот.

78. Ал-Мутаъолий

Бандаларнинг У Зотга нисбатан айб тақашларидан Олий, бошқа бандаларнинг ҳамду саноларидан олий. Яъни, кофир ва мушрикларнинг Аллоҳ таолога нисбатан нолойиқ туҳматлари У Зотнинг шаънига путур етказмайди, мўмин бандаларининг ҳамду санолари эса У Зотнинг улуғлиги ва поклигини зиёда қилмайди. Чунончи, бандаларининг туҳматлари, ҳамду санолари Аллоҳ таолога зарар ҳам, фойда ҳам келтирмайди. У Зот бандаларининг амаллари ва айтаётган гапларидан Олийдир, Устундир ва Беҳожатдир.

79. Ал-Барр

Бандаларига чексиз яхшиликлар қилувчи, лутфу карами ва эҳсонининг чеки бўлмаган Зот.

80. Ат-Таввоб

Бандаларининг ихлос билан қилган тавбаларини қабул қилувчи.

81. Ал-Мунтақим

Ғазабини қўзғаган бандаларидан интиқом олиб, уларни жазоловчи. Лекин У Зотнинг жазолаши зулм эмас, балки адолатидандир.

82. Ал-Афувв

Бандаларининг гуноҳу маъсиятларининг кенг раҳмати билан кечириб юборувчи. Мазкур сифат “ал-Ғофур” сифатидан ҳам кучлироқдир, зеро “Ал-Ғофур” бандалар гуноҳларини беркитиш маъносини англатса, “Ал-Афувв” уларнинг гуноҳларини кечиришни, маҳв қилиш, яъни ўчириб ташлашни англатади.

83. Ар-Роувф

Ўта Меҳрибон, ниҳоятли Шафқатли, Раҳмли Зот.

84. Маликул мулк

Мулк эгаси, ишларни Ўзи хоҳлаган тарзда амалга оширади, Унинг ҳукмига қарши борувчи йўқ; мутлоқ тасарруф қилувчи.

85. Зул жалали вал икром

Улуғлик ва карам эгаси.

86. Ал-Муқсит

Адолатли бўлган Зот. Аллоҳ Ўз ҳукмида ҳам, жазо бериши ва маҳрум қилишида ҳам адолатлидир. Бандаларига ноҳақ зулм қилмайди. Уларни гуноҳларига яраша жазолайди, яхши ишларига мувофиқ тақдирлайди.

87. Ал-Жомиъ

Махлуқотларни ҳисоб қилинишлари учун Қиёмат кунида маҳшаргоҳга жамловчи.

88. Ал-Ғоний

Бошқаларнинг У Зотга эҳтиёжлари тушади, Аллоҳнинг эса ҳеч кимга ва ҳеч нарсага эҳтиёжи тушмайди.

89. Ал-Муғний

Беҳожат қилувчи, бой қилувчи, бандалари орасидан кимни хоҳласа, ўшани бой қилиб қўяди.

90. Ал-Мониъ

Ўзига итоат этувчи мўмин бандаларини ҳар хил кулфат ва қийинчиликлардан асровчи, уларни балолардан қутқарувчи; хоҳлаган бандасидан кенг ризқни ман қилувчи.

91. Аз-Зорр

Зарар нарсаларни ҳам яратувчи, У Зот яхшини ҳам, ёмонни ҳам, фойдалини ҳам, зарарлини ҳам яратади ва шу орқали хоҳлаган махлуқотларига Ўз ҳикмати ила зарар етказади. Аллоҳнинг зарар етказиши бандаларга қилинган зулм эмас, балки “Аз-Зорр” сифатининг маъноси бандаларга зарар етказувчи нарсаларни ҳам Аллоҳ яратишидир.

92. Ан-Нофиъ

Хоҳлаган бандасига манфаат келтирувчи.

93. Ан-Нур

Кўзи ожизлари унинг нури билан кўрадилар, маънавий сўқирлар эса унинг ҳидояти ила Тўғри Йўлни топадилар; Ўзи зоҳир бўлувчи ва ўзгаларни ҳам зоҳир қилувчи; осмонлар ва Ернинг нури.

94. Ал-Ҳодий

Хоҳлаган бандасини Тўғри Йўлга йўлловчи, ҳидоят берувчи.

95. Ал-Бадийъ

Ўхшаши йўқ бўлган нарсаларни йўқдан бор қилувчи.

96. Ал-Боқий

Доимо боқий турувчи, фонийлик сифатидан холи бўлган Зот.

97. Ал-Ворис

Барча махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам боқий қолувчи Зот.

98. Ар-Рошийд

Хоҳлаган бандасини Тўғри Йўлга, рушду ҳидоятга бошловчи.

99. Ас-Собур

Ўта сабрли Зот. У осий ва гуноҳкор бандаларини жазолашга, улардан интиқом олишга шошилмайди, балки уларга узоқ муддат имконият беради, ҳидоят Йўлига юриб, ўзларини ислоҳ қилишлари учун шароит яратади.

Мазкур исм “Ал-Ҳалим” сифати билан маънодош саналади. Фақатгина “Ас-Собур” сифатида гуноҳкор бандалар жазодан бутунлай қутулиб қолишлари ирода қилинмайди, “Ал-Ҳалийм” сифатида эса бандаларга азобдан омонлик бериш маъноси ўз аксини топган.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига “Абду” қўшилиб ясаладиган исмлар ҳақида

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларнинг бирида: “Аллоҳ учун энг севимли исм “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир”, деб айтганлар. Шу сабаб мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг гўзал исмларига “Абду” қўшимчаси қўшиб ясаладиган исмларни ўз фарзандларига исм сифатида қўйиб келганлар. Аммо араб бўлмаган ёки араб тилидан бехабар кишилардан бу турдаги исмлар қўйиш ва уларни талаффуз қилишда диққат-эътибор талаб қилинади.

Жоҳилият даврида арабларда “Абдушамс”, “Абдуманот”, “Абдулъуззо”, “Абдулвадд”, “Абдулмасиҳ”, “Абдулкаъба”, “Абдулқайс” ва шу каби исмлар кенг тарқалган эди. Афсуски, ҳозирда ҳам кишилар орасида “Абдубашар”, “Абдуботир”, “Абдувафо”, “Абдуваққос”, “Абдузоҳид”, “Абдукомил”, “Абдулфайз”, “Абдулқосим”, “Абдумурод”, “Абдусаид”, “Абдусафий”, “Абдусиддиқ”, “Абдусолиҳ”, “Абдушайх”, “Абдушокир”, “Абдуқундуз”, “Абдуҳошим”, “Абдуҳусайн” ва бошқа шунга ўхшаш исмлар учраб туради. Аммо, бир нарсани ҳар биримиз яхшилаб тушиниб, англаб олишимиз лозимки, “Абду” қўшимчасини Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бошқа сўзларга қўшиш мутлақо мумкин эмас!

“Абдун” сўзи арабча бўлиб, у луғатда “банда; қул, хизматкор” маъноларини англатади. Тўғри, авваллари “Абдун” сўзи “қул ва хизматкор” маъносида кўп қўлланилган. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмуттолиб ўз амакилари Муттолиб билан доимо бирга юргани ва у кишининг тарбиясига киргани боис “Абдулмуттолиб”, яъни “Муттолибнинг қули, хизматкори” деб номланган. Аслида унинг исми “Шайба” бўлган. Лекин, ҳозирги вақтда “Абдун” сўзи асосан “банда, мутеъ, итоаткор” маъноларини қўлланилгани боис мазкур олд қўшимчани фақат Аллоҳнинг сифатларига қўшиш тўғри бўлади. “Абдурасул”, “Абдунаби” каби исмлар бир тарафдан “Пайғамбарнинг хизматкори” маъносини англаса-да, бошқа тарафдан “Пайғамбаримнинг бандаси, Расулга сиғинувчи” каби мазмунларни англатиши кишини мулоҳазага тортади. Шу сабаб Аллоҳ таоло сифатлари ва гўзал исмларидан бошқа сўзларга “Абду” қўшимчасини қўшиб исм ясалмагани маъқул, балки лозимдир. Фарзандларимизга “Абду” билан бошланадиган исм қўяётганда унинг қандай маъно англатишини билишимиз, бу сўз Аллоҳ таолога хос сифат эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилгачгина, уни фарзандларимизга исм сифатида қўйишимиз керак.

“А” ҳарфи билан бошланувчи Аллоҳнинг гўзал исмларига “Абду” қўшимчаси қўшилганда улар орасини “ъ” билан ажратиб ёзиш ва алоҳида талаффуз қилиш керак. Масалан, “Абдулъазиз” (Абдул-азиз), “Абдулъаҳад” (Абдул-аҳад), “Абдулъазим” (Абдул-азим), “Абдулъалий” (Абдул-алий), “Абдулъалим” (Абдул-алим). Агар аксинча йўл тутиладиган бўлса, яъни “Абду”даги “лом” ҳарфини “а”га қўшиб талаффуз қилинса, маъно умуман ўзгариб кетиши мумкин.

Халқимизда кўплаб исмларга “Муҳаммад”, “Али”, “Анвар”, “Аҳмад”, “Мурод”, “Маҳмуд” ва шу каби исм ва қўшимчалар қўшиб янги исм ясаш анча урф бўлган. Аммо бу қоидани “Абду” қўшимчасига нисбатан қўллаб бўлмайди. Афсуски, исмларнинг маъносига оид баъзи китобларда ўзбек халқи орасида кенг тарқалган исмларнинг олдига “Абду” қўшиб ясалган исмлар рўйхати ва уларнинг “маъно”лари келтирилган. Бу ҳам шаръий илмлардан бехабарлик оқибатларидандир.

“Абду” сўзи арабча экани юқорида айтилди. Бизда шу сингари исмларнинг ўзбекчалашган шакллари ҳам қўлланилади. Масалан, Аллоҳ таоло сифатлари ортига “-қул” қўшимчаси қўшиб, кўп исмлар ясалади. Мисол тариқасида “Самадқул”, “Раҳимқул”, “Каримқул”, “Ҳаққул” исмларини келтириш мумкин. Бундан ташқари “-берди” ва “-берган” қўшимчаларини қўшиш орқали ҳам Аллоҳнинг сифатларидан исм ясаш жоиз. Масалан, “Холиқберган”, “Каримберди”, “Бердираҳим”, “Бердираҳмон” ва ҳоказо.

Хуллас, ҳар биримиз олдига “Абду” қўшимчаси қўшиб ясаладиган исмларни танлаш, уни фарзандларимизга қўйишда жуда эҳтиёткорлик билан иш тутишимиз лозимдир.

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ