1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Виртуал дунё – ҳақиқий дунёнинг кушандаси

Бугунги кунимизда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар шариат белгилаб берган чегарадан чиқмаслиги зарур. Инсоннинг кундалик ҳаётига ижтимоий тармоқларнинг таъсири ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Ахборот уруши давом этаётган бугунги тонгда энг қадрли маълумотлар – ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва маълумотлар бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бўлаётган мулоқотлар аслида виртуал бўлсада, маълум одоб чегараси, худудидан чиқиб кетмаслиги керак. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот деб, ҳақиқий воқеъликдан воз кечмоқдалар. Аксар ҳолатларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Бир қарашда зоҳиран  буларда мулоқот ва дўстлик борга ўхшайди. Аслида эса...
Миллион-миллион одамлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг биринчи муҳаббатлари, синфдошу-курсдошлари, таниш ва нотанишларини излашга тушиб кетди. Интернет ва компьютер ҳақида озгина тасаввури бор одамларнинг аксари шундай сайтларда умрларини бекорга ҳавога совуришмоқда. Дунё бўйлаб мулоқот истаганлар ижтимоий тармоқларга бутунлигича ғарқ бўлишди. Виртуал ҳамжамиятларга аъзо бўлганлар кун сайин тобора ортиб, ўсиб, кўпайиб бормоқда. Қарамлик бўйича олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий тармоқ ва виртуал мулоқотга катта-ю кичик бирдек мубтало бўлган экан. Эҳтимол, виртуал мулоқот –авваламбор романтикадир, лекин, нима бўлганда ҳам бу ҳақиқий ҳаётдан тубдан фарқ қилувчи воқеъликдан қочишдир.
Улар бу ишга шу даражада берилиб кетганидан дўстлари, ҳатто оилаларидан ҳам воз кечиш ҳолатлари нодир бўлмай қолди. Бугун ер юзида миллион-миллион одам виртуал ҳаёт чакалакзорларида йўқолиб бормоқда. Нега шундай бўлмоқда? Нега ажойиб коммуникация воситаси ҳисобланган Интернет тузоққа айланмоқда? Вақт, куч ва ҳиссиётларни ямламай ютаётган баҳайбат тузоққа?!
Биз доим қаергадир шошамиз, доимо бандмиз, кўп ишлаймиз. Дўстлар ва муносабатлар учун доим вақтимиз етавермайди? Бироқ, шундай бўлсада бизнинг муносабатларга мухтожлигимиз ва кимгадир ёқиш истагимиз ҳеч қаёққа йўқолмаган. Буни реал ҳаётда қандай амалга оширса бўлади?
Ўтган асрда одамлар бир-бирларига меҳмонларга боришар, кино ва театрларга тушишар эди. Боғ ва ҳиёбонларда ўтиришар, кутубхоналарга ташриф қилиб туришар эди. Бироқ энди биз бандмиз-ку! Энди булар биз учун муҳим эмас.
Интернет ҳақиқий дунёни ўзига алмаштиришга муваффақ бўлди. Виртуал оламда ҳамма нарса ҳақиқий ҳаётдагига нисбатан жуда осон; тез танишиш, дўстлашиш ва тезда ажрашиш мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар асосан ўз ҳаётидан норози бўлган одамларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Кўп оилаларда эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқлардан воз кеча олмаётгани боис турмушлари бузилиб кетмоқда, ришталар узилмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўп ўтирадиган одамларнинг гормонал баланслари, иммунитет тизими бузилмоқда, ақли заифлик касалига мубтало бўлиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Интернет – ҳам яхши, ҳам ёмон нарсадир: кимдир ўз ҳожатини чиқаради, кимдир эса ундан вақтиҳушлик учун фойдаланади. Сиз ҳақиқий ҳаётдан воз кечиб, аслида йўқ бўлган воқеъликка уни алмаштирмоқчи бўласиз. Ўйлаб кўрингчи: сиз буларнинг эвазига нимага эришасиз? Керак пайтда ёнингизда туриб бермайдиган дўстми ёки ҳеч қандай аҳамияти бўлмаган ноз-карашмаларни-ю, “ёқди” деган тугмачаларнинг босилишиними? Ҳар бир нарсанинг ўз чегараси, меъёри бўлиши керакда: “Синфдошлар”га, оила ва фарзандларга қанча вақт ажратиш ва ҳакозо. Бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдирашиб, ҳаётингизни исроф қилманг. Оилангиз бузилиб кетиши мумкинлигини доим ёдингизда сақланг. Ўзингизга яқин бўлган одамлар билан муносабатларингизга зарар келтириб қўйманг.

Ноз-карашма (флирт) – хиёнатми?

Кўпчилик Интернет орқали ўз “жуфтини” топишга муваффақ бўлмоқда. Танишув сайтларида эса кўпчилик енгил-елпи муносабатларга ўрганиб ҳам бўлишди. Танишишади, барча нарсалар ҳақида дарҳол гаплашиб олишади, қалбига мос шерик танлайди. Агар бирон нарсаси ёқмай қолса ёки бирон бир хато қилиб қўйса, энди уни дарҳол ўчириб, унутиб юборса ҳам бўлаверади-да ахир. Шунга шунчами, озгина виртуал мақтов, лайклар ва гулдаста смайликларини (“табассум”ларини) олса нима қилибди, шу ҳам хиёнат бўлиб қолармиди?

Сўнг, воқеалар ривожи икки йўналишда якун топиши тайин.
Биринчси: инсон ҳақиқий ҳаётда ҳам гул олгиси (оддий смайлик бўлса ҳам), мақтов эшитгиси (кўпроқ лайк олгиси) ва кўпроқ эътиборда бўлишини истаб қолади (ҳаётдаги ҳақиқий шериги эса, ўзининг тинч ҳаётини гул савдо расталарига югур-югурга алмашишни истайдими ёки йўқ, бу бошқа масала). Бир даста гул ва совғалар – ҳаётдаги энг муҳим нарсаларми?

Иккинчиси эса: “Тармоқдаги флирт хиёнат ҳисобланармиди? Виртуал номаҳрам шерик билан ҳақиқий ҳаётда романтик учрашувлар ҳам қилиб туриш унчалик қўрқинчли нарса эмаску, бу нарса оила ришталарини янада мустаҳкам қилиши мумкин”, дея шайтон ҳаёлингизга астагина шивирлаб қўйди. Ҳаётда буларга етишиш учун жуда кўп ғовларни ошиб ўтиш керак, Интернетда эса ҳаммаси осон экан (деб ўйлайди киши).

Ҳақиқий ҳаётда кимнингдир ўзаро муносабатлари рисоладагидек силлиқ кечмаяпти – ўртада турли низолар бор, қайсидир оила аъзосини «Одноклассники» ўзига магнит каби тортиб турибди. Ўз жуфти олдига бориб узр сўраш ўрнига виртуал дунё орқали завқланиш давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ўтирганларнинг ҳаммаси бирдай ёмон дея олмаймиз, албатта. Ҳаммаси эмас, кўпчилиги. Энди, камдан-кам эркакларгина истисно. Зеъро, оилали бўлганлари ҳам ўзининг “яхши” экани ҳақидаги фикрни ижтимоий тармоқлардаги ўзгалардан (дўстларидан) эшитгиси келмайди, дея оламизми?! Наҳотки бировларнинг мақтовлари ва совғаларидан, улар виртуал бўлса ҳам воз кеча олади? Ёлғиз, бева ёки ўрта ёш инқирозини бошидан ўтказаётган аёллар комплекслари, турмуш ташвишлари кучайиб кетмаслиги учун муносабатлар балки ҳаводек зарурдир. Шариат белгилаб берган худуддан чиқиб кетмаслик шарти билан (!) ижтимоий тармоқлардаги бундай мулоқотларнинг зарари йўқдир.

Ислом ҳаддан ошмаган мулоқот-муносабатларга рухсат берадими ва булар қандай мулоқотлар экан? Бир-бирини танимайдиган одамлар бировларнинг эрлари ва аёллари билан нима ҳақида суҳбатлашишлари мумкин экан-а? Танишув сайтларининг кўпида оилали эканини яширмаган жуда кўп эркак ва аёллар бор. Уларнинг ёзишича, улар вақтларини мароқли ўтказишлари учун ўзларига виртуал йигит ва қизларни излашаётган эмиш. Шундай нарсаларга Ислом рухсат берадими? Ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита холос. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Шундай экан, мазкур восита – ёрдам бериш ўрнига сизнинг шахсий ҳаётингизни бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим. Ҳамда жорий ҳолатга бўлган қарашларни қайта кўриб чиқиш керак, чунки ҳаёт кўп қиррали ва қизиқарлидир. Яқин келажакда одатий (классик) муносабатлар – яъни, (шариатга зид келмаган ҳолда) танишув ва ҳақиқий ҳаётда муносабатлар ўрнатиш ҳолати такроран одат бўлишини умид қилиб қоламиз. Гарчи бундай мулоқот тури виртуал муносабатлардан кўра анчагина мураккаб бўлиб, инсондан катта саъй-ҳаракатларни талаб қилса ҳам.

Ҳақиқий ҳаётдаги одамлар орасидаги муносабатларда, сизга “кимдир” саҳифангизда қолдирган маъносиз хабари билан эмас, балки ҳақиқий амалий ёрдами билан фойда келтириши мумкин. Ҳақиқий дунёда яшаётган одамлар... Улар хафа бўлишади, азоб чекишади, хурсанд бўлишади. Бир-бирларини яхши кўришади, биргаликда бахтлидирлар. Ва бошқалар, яъни ёлғиз бўлганлар ҳам бахтсиз ва бундан азоб чекадилар. Ёлғизлик чўчитади, ҳамда ситамларга сабаб бўлади. Ёлғиз, ёрдамсиз ва далдасиз инсон яшай олмайди-ку, ахир. Моддий тарафдан ўзига тўқ бўлиб, лекин том маънодаги мулоқотлар, муносабатлардан маҳрум бўлса, у инсон бахтсиз бўлиб қолаверади. Виртуал майдонда ўзини кучли, жасур, муваффақиятли қилиб кўрсатган ҳолда мулоқотга киришар, муносабатлар ўрнатилар экан, у ўзини бахтли дея ҳис қила бошлайди. Агар бунгача унинг ҳақиқий дўстлари, муносиб иши бўлмаган ва у ўзини бечораҳол ва хўрланган деб билган бўлса, энди виртуал воқеъликни у нажот деб била бошлайди. Қайсидир нуқтада, қайсидир лаҳзада инсон мониторда ўзини ва бошқаларни алдаётганини, лақиллатаётганини унутиб қўяди. Бу – ҳаёт эмас, бу – бир ўйиндир. Ўйин бўлганда ҳам (зоҳиран бошқача), шавфқатсиз, инсон рухияти (психикаси) учун беозор. Виртуал ҳаёт – бутун виртуал дунё каби  иллюзиядир (хомҳаёл ва пучҳаёлдир).

Виртуал дунёдаги ҳаёт – қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради. Сени яхши кўришади ва сен воқеалар қайнаган жойнинг қоқ ўртасидасан, гўё. Сенинг атрофингда ҳам ҳаёт қайнаётганини ҳис қиласан, ўзингча. Аммо, компьютер ўчиши билан, ушбу дунё ҳам йўқ бўлади ва унинг билан бирга ҳаёт ҳам. Ўшанда инсон бундай ҳаёт компьютер мониторидагина жойлашганини аста-секин тушуна бошлайди. Албатта, бундан у ўзини бахтли ҳис қилмайди. У яна қизиқарли бўлмай, ёлғиз ўзи, ҳеч кимга керак эмаслигича қолаверади. Чунки у билан суҳбатлашадиган гапнинг ўзи йўқ, у қизиқарли эмас, у ҳатто бизларга тушунарсиз бўлган қандайдир ўзининг тилида сўзлашади. Баъзан уни ҳеч ким тушунмаётганини ҳам билмай қолади.
У одамлар ва ҳаётдан янада хафа бўлиб, ўзининг гўзал виртуал оламига янада чуқурроқ шўнғиб, ғарқ бўлади, чуқурдан эса чиқишни истамайди.
Яъни, бугунги кунда виртуал ҳаёт – ҳақиқий ҳаётни ўғирламоқда. Шундай экан, ўйлаб кўринг: виртуал ҳаёт ташвишлари саломатлигингиз учун арзийдими?

Ижтимоий алоқаларни кенгайтириш учун ҳақиқий ҳаётдан фойдаланинг. Ҳақиқий дунё, инсоннинг ҳаёти – доимий ўзлаштириш, кенгайтириш, ҳамда ички ва ташқи воқеъликни ўзгартиришдан иборатдир. Шу йўл билан инсон камолот сари юксалиб бораверади. Ҳақиқий ҳаётда ўз мақсадингиз ва жойингизни (маконингизни) аниқлаб олинг. Ким бўлишни истасангиз ҳам, бу ниятингизга етишиш учун реал (ҳаққоний, ҳаётий) йўлларни изланг. Мақсадга эришиш учун оддий услублардан сақланинг: “Текин пишлоқнинг фақатгина қопқонда бўлишини” унутманг. Виртуал воқеълик ҳуддики ҳаётдаги йиртиқлар учун ямоқ кабидир. Шундай экан ямоқларсиз яшашга уриниб кўринг!
Компьютер – сизнинг имкониятларингизни кучайтирадиган бир ускуна холос, у асло мақсад эмас.  Интернетда ҳамма нарса очиқ-ойдин. Реал ҳаётда қилмоқчи бўлган нарсаларни қилинг. Дўстларни эса, ҳаёлий оламдан эмас, ҳақиқий ҳаётдан изланг. Виртуал ҳаёт фақат қандайдир гуруҳга мансубликнинг сохта ҳиссиётини беради; ва асло муносабатлар учун керакли кўникмаларга асос бўла олмайди. Ҳаётингизни ижобий нарсалар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг.

Мустаҳкам қараш ва эътиқодга эга бўлинг. Виртуал майдондаги сохталик ва ёлғон нарсалардан сақланинг. “У ёқда” эмас “Бу ерда ва ҳозир” бўлинг. Ватқтингизни ва компьютерга кетадиган умрингизни назорат қилишни ўрганинг. Ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Тармоқдаги нотаниш кимсаларга ишонманг. Интернетда истаган кишининг асл юзини яшириб, бошқача бўлиб олиши жуда осон. Фарзандларингизнинг ҳам сизнинг назоратингизсиз Интернетдан фойдаланишларига рухсат берманг, чунки улар ўзларига керак бўлмаган ва тақиқланган жуда кўп нарсаларни билиб олишлари мумкин.

Ушбу мақолани тайёрлар эканман, ака-ука ва опа-сингилларимизнинг ҳам мазкур мавзунинг муҳимлиги ва долзарблигини англашларини; ҳар ким ўзининг хурсандчилиг-у қайғуларга тўла ҳақиқий ҳаётини – қандайдир тўқиб чиқарилган виртуал дунёга алмаштирмаслиги лозимлигини тушуниб етишларини истар эдим.

Аллоҳ Таоло шариат чегарасидан чиқиб кетмаслигимизни ва Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини маҳкам тутишимизни насиб қилсин. Омин!

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

Отасини излаганлар

ИМЗОСИЗ МАКТУБ
«Ёшим 20 дан ошди. Аммо мен дунёга келган пайтлар «генетик таҳлил» деган тушунчалар бўлмаган. Онамга уйланаман деб юрган йигитнинг оилали эканлиги фош бўлганда, ғишт қолипдан кўчган ва онам бечора ҳомиладор бўлиб қолган экан. Ўшанда онам кимларнингдир маслаҳатига кириб, ўша йигитни судга берган.
…Ва чеки-чегараси кўринмайдиган суд жараёнларида номард йигит — менинг отам ҳар сафар «Мен бу қизни танимайман!», деб туриб олган.
Йигитнинг хотини эса «пок-покиза» эрини ҳимоя қилиб, неча марталаб онамни юмма талаган, тўполон қилган, судда эса эр ўзининг «жинсий ожиз» эканини баралла таъкидлашгача борган. Хуллас, онам барчага текин томоша бўлишдан бошқасига эриша олмаган.

"КЕЛ ЙИГИТЧА ДАМ ОЛАМИЗ"

СПИД вабоси сайёрамизда яшин тезлигида ўта хатарли тарзда тарқалмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳар 15 дақиқада бир одам бу эпидемия вирусини юқтириб оляпти.

Атрофни шом пардаси чулғамоқда. Ўтган куни ёмғир ёққанди. Баданни жунжиктирадиган салқин ҳавони айтмаганда, бу ердан оламни кузатиш малол келмайди. Мана, кўнглимда ҳам... асабий бир қониқиш. Бизлар ҳам бир эркин... Афсуски, ҳали қувона олмаймиз. Бунга истаганча сабаб топиш мумкин: масалан, фоҳишабозлик. Унинг яшашини ҳеч қачон истамасак ҳам, у барча замон ва маконларда ихтиёрларимиздан ташқарида бемалол «гуллаб-яшнайверган».
Фоҳишабозлик. Уни кўрмасликка қанчалик тиришган бўлсак, ушунча катталикда кўринишга ҳаракат қилади. У ўз қаҳқаҳаси билан одамзотни бир умр вайрона томон етаклайди... Ниҳоят, жозибанинг ҳар қандай кўриниши мўъжиза эмаслигини англаб қолгандекмиз. Бироқ одамийлик хусусиятимиз ҳамон бизга панд бераётгандек: ахир куни кеча экологик, демографик, технократик кулфатлар ёз ёмғиридек бошимизга ёғилганди. Бугун СПИД, саратон, юрак-қон томир касалликлари турмушимизга жимгина жойлашиб олмокда. Жинсий муносабатларнйнг бозорга солиниши эса, оддий ҳодисага айланиб қолди. Унинг СПИД билан кун сайин уйғунлик касб этиб бораётганлиги мени кўпроқ ташвишга солади.
Янги йилнинг илк кунлари. Мен анчадан бери бу ҳолатнинг кўламини яқинроқдан кузатишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Шу умидда ҳамроҳим билан келишиб, учрашдик.
...Ҳамма ерда ишнинг тугаш вақти бўлгани учунми, бу ерга кириб чиқадиганлар кўпайган пайт. Бири келиб, бири кетаётган халойиқ. Ўрнимиздан туриб атрофга янада синчковроқ назар ташлаймиз. Шундан сўнг бир неча дақиқадан бери бизни кузатиб турган ён ўтирғичда ўтирганлар биз томон яқинлашди:
—Йигитлар, дам оласларми? — деди. Сўнгра сигарет сўради.
Ҳамроҳим сигарет тутди. Улар биттадан тутатишиб, яна биттадан сумкасига солиб кўйгач:
—Дам оламизми? — деди ҳамроҳим мийиғида кулиб.
—Бизникига борамиз. Ҳамма шароит тахт. Ванна, иссиқ, совуқ сув... — деди бири. Иккинчиси қўшиб қўйди: — «Ставка» 10000 мингдан. Мен кулиб:
—Касал эмасмисизлар?
—Қанақа касаллик? —Ҳе, қўрқманглар, Гарантиямиз бор.
—Иккинчидан, унақаларни бу ерга қўймаймиз, — қўшиб қўйди иккинчиси. Шунда ҳамроҳим:
—Агар мен СПИД бўлсам-чи?
—Жа, ҳазилкаш экансиз-а? СПИДмисиз йўқми, дам олсаларинг бўлдими?
Ҳар ҳолда у рост гапирганди. Бироқ бундай ростгўйлиги на жамиятга, на ўзига яхшилик келтиради. Ахир ўз жонига била туриб қасд қилишда қандайдир «буюк аҳмоқлик» мавжуд эмас-ми? Мана, улар ҳеч нарсани, ҳаттоки СПИДни ҳам назар-писанд қилишмайди. Уларни СПИДдан кўра бошқа нарса, яъни «харидорлар»ни йўқотиб қўйиш кўпроқ қўрқитади. Бой берилган ҳар бир кун бизни қайғуга солади. Бироқ келажакнинг мавжудлиги доим таскин беради. Фоҳишалар эса келажакнинг таскинига муҳтож эмас. Уларни келажакдан кўра бугунни бой бериб қўймаслик кўпроқ ташвишлантиради. Бироқ, одамнинг курган куни кечаги кунининг тутуриқсиз такрори бўлмаслиги керак. Агар уни заррача оқлаш лозим бўлса, фақат шу билангина оқлаш мумкин. Яна ким билсин?..

БЕБОШЛАРНИНГ КАСАЛИ

Навбатдаги учратганимиз — болалар уйидан қочиб чиқиб, фоҳишабозлик орқали кун кўриб юрган Дилдора исмли «қизалоқ» бўлди. Ундан гап олиш осон кечди. Ёшига нисбатан анча катта кўринади. У бош қотириши керак бўлган нарса фақат битта, яъни мижозлар топиш. Масаланинг бошқа томонлари билан «хўжайин» шуғулланади. У билан узоқ гаплашдик. Аммо суҳбатимиз охирида у асосий гапни айтгандек бўлди:
—Бизда ҳаммаси батартиб. Мен ҳали кераклиман. Сиз айтган касаллик СПИДмиди? Уни «сезон»и ўтганларда учратишингиз мумкин. Улар бебошлар. Бизнинг ҳали бошимиз бор, — у шундай дея кетишга чоғланди. Мен унга 15 ёшида СПИДга чалиниб ҳаётдан кўз юмган аёл ҳақида бир маълумотни кўрсатдим. У ишонқирамай:
—Яхшиси мени тинчимни бузманг. Бу касалингиз бебошларники...
Одамзотнинг бебошлиги. У ҳаммамизда ҳам етарлича. Фоҳишалар СПИДнинг сабабчисини бошбошдоқлик деб ҳисоблай бошладими? Балки тўғридир. Чунки бошбошдоқликнинг ички қудратли кучи бор. Аммо у куч ҳамма замонларда ҳам юзага чиққан даврлар фавқулодда ҳодиса эмасми?
Тўғри, фоҳишаларни даволаш борасида турли хил профилактик тадбирлар белгиланган. Бироқ улар аксарият ҳолларда махфий равишда даволанмокда. Маълум бўлишича, улар вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришади. Лекин қаерда ва қай тартибда?

МАЪМУРИЙ ЧОРА КИФОЯ ЭМАС

Бир вақтлар фоҳишабозликка йўл берувчи махсус меъёрий ҳужжатлар жорий этиларкан, деган овозалар тарқалганди. Шукрлар бўлсинки, миллий қадриятларимизни таҳқирловчи бундай ҳужжат ишлаб чиқилмади. Бу овозларга зид равишда ишлаб чиқилган қонунлар эса, худди «жарима тўла, кейин ўзинг биласан» деганидек гуманитар.
Тўғри, юртимизда шу пайтга қадар СПИД билан хасталанганлар кўп ҳам аниқланмади. Аниқланганларининг ҳам аксарияти чет эл фуқаролари ёки хорижда ишлаб қайтганлар. Аммо бу касаллик талвасасидан ўлганлар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, унга қарши курашишнинг қатъийроқ, кескинроқ усулларини ишлаб чиқиш лозимга ўхшайди. Фоҳишабозликка қарши чоралар бизда ҳозир амалда бўлган Маъмурий Жавобгарлик кодексининг 190-моддасида аксини топтан. Ў қуйидагича: «Фоҳишабозлик билан шуғулланиш — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Хўш, фоҳишабозлик жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳисобланадими? Назаримда, фоҳишабозлйкка маъмурий жавобгарликнинг белгиланганлиги унинг янада авж олишига имконият туғдиряпти. Шу учун фоҳишалик ва фоҳишахоналар сақлашни ўзларига касб қилиб олганларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилашни тақозо этмоқда, деб ўйлайман. Шундай экан, у Жиноят кодексида ўз аксини топиши лозим. Иккинчидан, фоҳишабозлик инсон соғлигига қарши жиноят ҳисобланади.

ДАЛИЛ ВА РАҚАМЛАР

Фикримнинг исботи тариқасида айрим фактларни келтираман. Мутахассисларнинг фикрича, СПИД касаллигининг вируси одам организмида ўнлаб йиллар давомида мудраб ётавераркан. Шунингдек бу эпидемияни юқтириб олган фоҳишабоз беш-олти йил, балки бундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ўзи билмаган ҳолда ёки одамлардан атайлаб қасос олиш. Ҳа, «қасос олиш» ниятида ҳеч қандай тўсиқсиз бу вабони тарқатиб юравериши мумкин экан.
Мана бир мисол: «Ўзи СПИД билан касалланганнини. билган бир швед матроси беш йил давомида портларда тўхтаган вақтлари олтита фоҳиша аёл билан жинсий муно-сабатда бўлади. У ўлими олдидан уч аёлнинг исмини айта олди. У исмини айтган учала аёл ҳам СПИД билан касалланган экан. Уларнинг бири эрига юқтиришга ҳам улгурган. Бошқаси эса СПИД билан касалланган бола туққан. Қолган учаласи эса ҳанузгача топилгани йўқ. Эҳтимолларга кўра, улар СПИД вирусини ҳамон тарқатиб юришибди.
Буниси америкаликлар ҳақида: яна бир одам СПИД туфайли оламдан кўз юмди. Фожианинг ачинарли томони, унинг рафиқаси, уч ойлик фарзанди ҳам СПИД билан касалланган эди. Аниқланишича, у ўлимидан ўн йил олдин, Африкада хизмат бурчини ўтаб юрган вақтида африкалик фоҳиша аёл билан жинсий алоқада бўлган. Қаранг, у ўн йил аввал орттириб олган қазо ўн йилдан сўнг ўзига қўшиб бегуноҳ рафиқаси ва уч ойлик фарзандини ҳам олиб кетди.
...Биздаги вазият уларга қараганда ёмон эмас. Бироқ бу фикр «Бизда яхши экан» деган хотиржамликни туғдирмаслиги лозим. Ен қўшнимиз Қозоғистонда вазият анча хатарли. Ўтган ўн йилда у ерда минг-минглаб нафар одам СПИД билан касалланганлар сифатида рўйхатга олинган. Улардан бир қатори вафот этган.
Украинада қисқа давр ичида 3500 киши бу эпидемияга йўликди. Росси-яда бўлса, бир йилнинг ичида 3853 одам СПИД билан хасталангани аниқланди. СПИД эпидемия-си хатарли тарзда тезлашиб бораётгани ярим асрдан, ошдики, ҳамон одамзотни ўйга толдиради. Одатда ўйга толганлар шу пайтга қадар аниқ бир вакцинани ўртага ташлаши керак эди. Бироқ... Нажотбахш хабардан ҳамон дарак йўқ.
Сир эмаски, бизда СПИДтўғрисида илк маълумотлар 1980 иилларда ғайритабиий акс-садо берганди. Бу шашт бугун бир қадар пасайгандек. Аммо хатар ўша-ўша. Бу даврда илм устига анча-мунча мағзава ағдарилмади, дейсизми. Илм ундоқ... Илм мундоқ... Бироқ ягона нажот яна ундан қутилди. Одамлар илмнинг қудратига ишонди. Илмнинг ҳар қандай ҳаракати омад келтирганди. Балки шунданми, турли давлат олимлари томонидан турли хил вакциналар ишлаб чиқилди. Аммо улар лабораториялардан тап тортиб ташқарига чиқолмади. Озмунча бемор лабораторияларнинг эшигига мўлтираб жон бермади. Уларнинг дардига бир нажот топилмади. Дарвоқеъ, унинг тезлигини маълум муддатга пасайтириши мумкинлиги иддао этилган бир вакцина ўртага ташлангандек ҳам бўлганди. Бироқ, бундай «даво»нинг сарф-ҳаражати 180 минг АҚШ долларига тенг экан. Ўйласанг хаёл ҳайиқадиган миқдордаги харажатига ҳаммма ҳам дош бера олмаслиги қанчалик қайғули бўлса, уни илмнинг самараси дейиш ҳам шунчалик кулгили!

СПИД КАСОС ҚУРОЛИМИ?

Маълум бўлишича, айни пайтда касалланаётганларнинг кўпчилиги СПИДни ҚАСДдан орттириб олмокда. Яъни, касаллар бани башардан ҚАСОС олиш ниятида аксарият ҳолларда соғлар бйлан жинсий алоқа қилишга ҳаракат қилишмоқда. Натижада Африка ва Оврупа давлатларида СПИД оммавий хасталик тарзида йил саиин одатии ҳолга айланмоқда. Балки, айланиб ҳам бўлди...
«Ахир, одам қилган номақбул ҳаракатидан жуда бўлмаганда лаззатлана олиши керак-да», деб улар ўзини оқлашга ҳам ҳаракат қилишмоқда. Номаъқулчиликни ёқлаш лозим бўлса, фақат шу жиҳати билангина ёқлаш мумкин, тўғрими? Хўш касалнинг соғдан соғ бўлгани учун қасд олишида қандай лаззат бор?
Билмадим... Билмадим?! Бироқ, СПИД вабоси сайёрамизда яшин тезлигида ўта хатарли тарзда тез тарқалмокда. Маълум отларга қараганда, ҳар 15 дақиқада бир одам бу эпидемия вирусини юқтириб олаётган экан.
...Таскин сифат хаёллар оғушида ат-рофга чўкаётган шомни оралаб, тунги бар томон йўналдик. Эшик олдига етар-етмас қулоқни қоматга келтирадиган оғир рок мусиқаси кишини тажанг қилиб қўяди. Даврадагиларни четлаб ўтиб, бўш ўриндиққа бориб ўтирдик. Теграмга назар ташлайман. Ўзимгада тушуниксиз бўлган бир нарсани излайман. Йўқ, тополмадим. Ўйлаб қарасам, излаганим ҳаловат экан. Бу ерда эса ҳаловатдан бошқа ҳамма нарса тўла-тўкис эди. Хизматкор олиб келган ичимликни ичиб бўлиб, бу даврага ўзимизнинг бегоналигимизни ҳис қила бошладик. Аммо чиқар-чиқмасимиздан:
—Битта сигарет «угашат» қилинг, — дея бир ёқимтой қиз бизга яқинлашди. Ҳамроҳимиз иккимиз ҳам бир-биримизга қараймиз. У бизни тараддудланиб турганимизни кўриб:
—Дам олгани чиқибсиларда?! Сигарет беринг, — деди яна.
«Чекмаймиз» деганимиздан сўнг, ўн қадамча нарида турган миллиционерга қарата:
—Ҳо-о, ...ака, Гуляни кўрдингизми? — деб ба-қирди ва у «йўқ» ишорасини бергач, «Чекишдан угашат қилинг» — деди ва кейин бизга юзланиб:
—Айтгандай, чекмасангиз ичмайсиз ҳам, меним-ча? — деди.
Шу пайт милиционер етиб келиб унга кулиб:
. —Ҳалиям шу ердами-сан?
—Сигарет беринг, яхшиси.
У бир дона сигарет бериб, яна қайтиб кетди.
Мен:
—Дам оламизми? — дедим. Кейин қўшиб қўйдим,—лекин СПИДдан қўрқаман.
—СПИД? Нима, бу қизлардан қўрқиш касаллигими?
Биз СПИД ва унинг касофатлари тўғрисидаги билганларимизни айтиб улгурмасимиздан:
—Ҳа, биламан, эшитганман. Нима, мен кўчанинг қизига ўхшайманми?
—У одам ажратармикан?
—Жуда ажратадида. Ман бозорчилар билан юрмийман. Бундан ташқари... справкам бор.
—СПИД эмаслигингиз тўғрисидами?
—Билмадим.
У шу гапни айтиб, бар-га кириб кетди.

ТАЛВАСА

СПИД қўрқуви... У энди одамзотни эзгуликка чақира олармикан? Қўрқувдан туғилган олийжаноблик... Қачондан бери эзгулик қўрқувдан сўнг туғила бошлади.
Чет эл оммавий ахборот воситаларида СПИД қўрқуви тўғрисидаги чиқишлар ташвишланарли тарзда кўпаймокда. Газеталар орқали нафақат журналистлар, балки оддий фуқаролар ҳам СПИД хасталарини моховхоналарга, фоҳишабозларни эса «ҳайвонот боғларига қамаб қўйиш керак» деган-чақириқлар билан чиқаяпти. Уларни меҳмонхоналардан, сауналардан, қувиб чиқармокда. Тунги бар бошлиқлари уларни кўчаларга ҳайдаб солмоқда. Чунки меҳмонхоналар, тунги барлар, эркаклар сауналарм, вокзаллар бу хатар вирусининг ривожланиши учун қулай озуқа манбаи ҳисобланади.
Ҳамроҳим билан шу ерда ажрашиб, ўз хаёлларим оғушида уй томон йўл оламан. Симёғочларга, бекатларга боқаман. Қанийди жуда бўлмаганда шу маъниматрасиз рекламалар ёнидан СПИД эпидемиясидан огоҳ этувчи бир афишани тополсам. Ахир, чоризм миссионерлари чоракам 200 йил давомида жамиятимизга кирита олмаган миллий эврилишга СПИД балоси осонгина эришмаяптими? Бу ҳакда ўйлаб кўришнинг вақти келди, назаримда. «Чорсу» меҳмонхонасининг ёнидан ўтиб кетаётганимда бир неча аёл пешвоз чиқишди:
—Квартира керакми?
—Қаерда? — деб ёш ва куркам келинчакка юзландим.
—... жойда. Ҳамма шароит бор: овқат, иссиқ, совуқ сув. Ванна...
—Яна-чи?
Менга мийиғида кулиб деди:
—Неча ёшлиси керак?
—Ўзингиз-чи?
—Гап йўқ. Бўлмаса, кетди кми?
—Кетамизку-я... шу кечирасиз, касал эмасмисиз?
—Касал...
Менга «хафа бўлдим» дегандек, кишини эритиб юборувчи табиий бир ишва билан қаради. Кейин хотиржам ҳолда:
— Қўрқманг, менинг эрим бор, — деди.
Ё, алҳазар!
Биз қандай аҳволга тушдик? Уйида жуфти ҳалоли борлигини айтиб турган бу аёл яна бир эркакни зинога ундаб турса-я!.. Ортиқ тилим айланмай қолди... Ахир қандай ҳам айлансин, биродар!

Ёрқин БАСИР

Сурбетлашаётган дунё

Бундан ўн йилча муқаддам бир воқеа бўлган эди. Эрталаб мактабга ишга келсам, директор опа буйруқ берди: «Ҳозир тезда синфингиз ўқувчиларини туман марказий поликлиникасига олиб борасиз-да, уларнинг ҳаммасини СПИД (ОИТС)га қарши текширувдан ўтказиб келасиз!».

Менга бу гап ёмон таъсир қилди, чунки олти-етти йилдан бери уларга синф раҳбари эдим, жуда аниқ билар эдимки, уларнинг барчаси покиза йигит-қизлар эди. Бунга юз фоиз ишонардим. Яна бунинг устига, ўқувчиларимга қандай қилиб бу гапни етказаман, роса бошим қотди. Шунинг учун директор билан бундай қилмаслик керак, деб тортишиб қолдим. У ҳам ўз сўзида туриб олиб, «Бу менинг эмас, РайОНОнинг (Туман Халқ таълими бўлими) буйруғи, бўйсунмасдан иложингиз йўқ!» деди. Ноилож, «ўқувчилар энди ёш бола эмас, ҳар ҳолда битирувчи синф-ку, тушунишар» деб, улар ўқиётган хонага қараб йўналдим. «Уят -ўлимдан қаттиқ!». Бундай гапларни айтиш нақадар қийин бўлса ҳам, озроқ журъатли бўлишга, «сурбетлашиш»га мажбур бўлдим. Ва шундай қилдим ҳам. Ўқувчи бечоралар шунақанги қизариб кетишдики, уларнинг юзига ҳам қарай олмай қолдим. Улар уйларига бориб, ота-оналаридан пул олиб келиш учун тарқалишди ва катта кўчанинг бошида учрашишга келишиб олдик. Ўзим ҳам ўша кунги дарсларимни мажбуран тўхтатиб, йўлга чиқдим.
Ҳамма йиғилди-ю, бир-иккита қиз келмади. Синфдошларидан сабабини сўрасам, ота-онаси уларга бу гаплари учун уришиб, кўчага чиқаришмабди, дейишди. Ҳолат тушунарли эди: Ё улар ўзлари БУНДАЙ гапни айтишдан ор қилишиб, ота-онасига ҳам уялганларидан ҳеч нарса дейишмай, уйда қолиб кетишган, ё ота-онаси «Хе, ўша синф раҳбарингни...» деб сўкиб беришган. Бошқача сабаб бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Катта карвон бўлиб, туман марказий поликлиникасига бордик. Қарасам, биздан бошқа бирорта мактабдан на ўқувчи, на ўқитувчи келибди. Врачлар ҳам бундай кўрсатма олмаганларини айтишди. Уялиб, қизариб, бўзариб, орқага қайтдик. Директорга бор гапни айтдим. «Бўпти» деб қўйди. Кейинчалик бошқа мактабдаги ҳамкасбларим билан суҳбатлашсам, бир сафар қайсидир мажлисда шунақа маънода фикрлар айтилган эди, лекин бундай қилишга кўрсатма берилган эмас, дейишди. Директор ҳам аёллигига бориб, шундай бир иш қилиб қўйибди-да, деган тўхтамга келдик. Лекин менинг юзим шувут бўлгани, ўқувчиларимнинг озроқ «бетлари очилгани» қолди. Улардан кўпчилиги ҳозирги кунда бир неча фарзанднинг отаси ёки онаси бўлиб қолишган. Ҳозир ҳам ўша воқеани эслаб юришгандир, балки.
Не ажаб, бизнинг китоб саноатимизда «Лаззатланиш санъати», «Муродбахш лаззатлар», «Аёллар лаззати» каби китоблар кўп минг нусхаларда чиқиб тарқалиб кетди. Ҳатто, уларнинг биттасида мана бу мазмундаги сўзбоши берилган: «Кейинги вақтларда ўзбек эротик адабиётида (дағдаға ва мақсадга қаранг!) бор-йўғи бир неча номдаги китоб босмадан чиқди, шунинг учун биз бундан беш-олти йил олдин чиқарган фалон номдаги китобимизни қайта чиқаришга қарор қилдик, китобнинг номини ҳам янги, соддароқ номга алмаштирдик».
Бутун дунёга Имом Бухорий, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Муҳаммад Бобур, Абу Наср ал-Форобий, Жалолиддин Мангуберди, Алихонтўра Соғуний каби сон-саноқсиз алломаю баҳодирларни етиштириб берган заминда яшаётган халқмиз! Бизнинг орамизда жинсий алоқа ва унинг усулу лаззатларини тарғиб қилиш нимага керак бўлиб қолди?!

Умуман, ҳар бир китоб чиқараётган киши ёки нашриёт ўзларининг китоблари кўпдан-кўп нусхаларда нашр қилинишини хоҳлаб ҳаракат қилади. Демак, юқорида номлари келтирилган китобларга ўхшаш китобларни халқ Оммасига чиқариб тарқатаётган ва бундай ишларга рағбат қилаётган-лар фикрича, уларнинг бу каби тарғиботлари оддий меъёр ва талабларга мос келиши мантиқий ҳамда бир вақтнинг ўзида зарарсиз ҳисобланади. Ва яна, уларнинг фикрича, ҳар бир хонадонда бундай китоблар сақланиши маъқул, яъни эр ҳам, хотини ҳам, фарзандлари ҳам, келину куёвларию бошқа меҳмону қариндошлар ҳам бемалол ўқиб, лозим жойларда бир-бирлари билан фикр алмашиб туришлари одатий ҳолга айланиши керак. Бундай бўлгандан кейин, унақа тушунадиганларнинг фикрича, гўё, шаҳвоний ва беҳаё киноларни ҳам бирга ўтириб кўриш ҳеч қандай аиб ҳисобланмайди. Демак, одам боласи ҳам чорва молларию ҳайвонлар-га ўхшаб хоҳлаган жойида хоҳлаган кишиси билан хоҳлаган кўринишда ҳирсини қондириб кетаверишсин экан-да!? Бу бузуқлик-ку!!! Худо сақласин!
Ундайлар ҳар бир инсон учун табиий қилиб берилган шаҳвоний ҳисга мойилликни сабаб қилишиб, шу ва шунга ўхшаш китобларни кўп чиқаришса-ю, бойиб кетишса, хурсанд бўлишади. Хайриятки, бизнинг Ватанимизда яланғоч аёл-эркаклар тасвирланган китобу журналлар (порнография маҳсулотлари)ни чоп этиб тарқатишга рухсат қилинмаган. Улар эса ҳозирча ўзларининг расмсиз шаҳвоний китобларини чиқариш орқали пайт пойлаб туришибди. Балки улар имкон бўлиши билан биринчилардан бўлиб ўшандай суратли китоб, газета, журналлар чиқаришиб, пулнинг тагида қолишни орзу қилиб ўтиришгандир?! Башоратчи эмасмиз-у, уларнинг чиқарган ва чиқараётган китоблари ва унда берилган фикрлари сабабли бу гапларни айтишга журъат қилдик. Ўша китоблардан озроқ бўлса ҳам хабари бор кишилар бу ерда айтилган гапларни тўғри қабул қилишса кераК.
Хорижга чиқиб турадиган бир Ҳожи акамиз гапириб бер-ди: «Бошқа давлатларни қўя туринг, баъзи мусулмон давлатлардаги меҳмонхоналарга кирсангиз ҳам ҳайрон қоласиз, шундоқ душ қабул қилмоқчи бўлсангиз, ҳамма томони ойна, одам бир ўзи бўлса ҳам, чўмилишга уялади. Нима эмиш, жаҳон ва евро стандартлари шуни талаб қилар эмиш?! Телевизорлари-даги каналларни-ку айтмаса ҳам бўлади, шундай фаҳшга, уятсизликка тўла. Ёқангизни ушлайсиз!? Бу кимга керак экан?!»
Бугунги кунга келиб, бу масалалар ҳар бир ор-номуслик кишини ўйлантириб, ўтирғизиб қўяяпти. Кабелли телевидениеда фаҳш, интернетда фаҳш, сунъий йўлдош антенналари орқали бериладиган каналларда ҳам фаҳш. Бу фактлар одамзотднинг борган сайин ҳайвонийлиги ортиб кетаётга-нини билдирмайдими? Четдан савол туғилиши табиий: «Сен бутун дунёга насиҳатгўйлик қилмоқчимисан?! Барибир, қўлингдан ҳеч нарса келмайди, ҳамма гапларинг шамолга совурила-ди, бефойда!» Жавоб мана бундай: «Тўғри, бутун дунёни ислоҳ қилиш иложсиз нарса эканини жуда яхши биламан, лекин ҳеч бўлмаганда ўзимизнинг юртимизда бундай шармандаликларни тўхтатсак, иложимиз бор-ку!? Фаҳш, зино, бузуқлик юз эмас, минг фоиз зарар эканлигини биламиз, астойдил ҳаракат қилсак, уддасидан чиқишимиз аниқ. БИЗ ҳали ўзимизни у қадар йўқотиб қўйганимиз йўқ-ку, демак, умид қилиш мумкин!»

Бахтиёр Муҳаммадамин Абдурраҳим ўғли

Тийиқсиз шаҳват домида

Чуқур иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган бугунги дунё улкан маънавий-ахлоқий инқироз чоҳи ёқасида ҳам турибди. Буни ҳатто ғарб оламининг ақл ва фикр эгалари ҳам тан олиб ёзишяпти. Таниқли инглиз тадқиқотчиси Тимоти Ж. Уинтер бундай ёзади: «…Ижтимоий фазонинг шаҳвонийлашуви маданиятимизнинг бир қисмига айланиб қолди…

Ишратпараст Оврупанинг фожиаси шундаки, ўзини ишратнинг ҳаракатлантирувчи кучи деб ҳисобловчи ушбу иллатни бир куни келиб журналист ва сиёсатчилар ҳайрат ва нафрат билан четга супуриб ташлайди» («ХХI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ», 2005 йил, 98-99-бетлар). Англиялик бошқа бир мутафаккир Ричард Билл эса: «Оврупа катта инқирозлар арафасида турибди. Унинг ялтироқ, кўз ўйнатувчи кўриниши ортида ахлоқсизлик, жоҳиллик, ваҳшат, қалб касалликлари, номус топталиши, бузуқлик, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик каби иллатлар яширинган. Ўзаро ҳурмат, муҳаббат, ишонч, уят йўқолиб боряпти», дейди.
«Сиёсат муҳитнинг энг қайғули намунасидир», дейишганидай, оддий халқ қолиб, катта-катта давлатларнинг раҳбарлари ҳам ишратпарастликда пешқадамлик қилишаётгани фожиа кўламини яққол кўрсатиб турибди. АҚШ собиқ президентининг Оқ уйда маъшуқаси билан қўлга тушиб қолиши, Италия бош вазирининг бутун дунёга шов-шув бўлиб кетган ишқий «саргузаштлари», яна бир давлат раҳбарининг шаҳватпарастлик учун қамалгани, дунёдаги энг катта банкирнинг ҳатто меҳмонхона ходимаси билан зино қилиши каби аянчи ҳолатлар ахлоқий инқирознинг аччиқ меваларидир. Ғарб олами бугун эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан жинсий алоқа қилиши, бесоқолбозлик, фоҳишабозлик, бузуқлик ўпқонига ғарқ бўлган. Муқаддас оила тушунчаси аллақачон барбод бўлган: никоҳсиз яшаш, фарзанд кўришни «эскилик сарқити» деб ҳисоблаш, оталарнинг ўз қизларини зўрлаб номусига тегишлари, ака ва сингилларнинг бирга турмуш қуришлари, «феминизм», «аёл эрки» каби сохта ғоялар баҳонасида аёлларнинг эрларга итоатсизлиги каби иллатларга ҳамма кўникиб бўлди.  
Аллоҳга шукр, бундай шаҳватпарастликнинг тийиқсиз балолари юртимизга ҳали тўла кириб келганича йўқ. Аммо глобаллашув жараёни ва маданиятларнинг яқинлашуви оқибатида бу кулфатнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шундай экан, ёшларимизни бугун улар ҳаётига жиддий хавф солиб турган бузуқликлар кўлами ҳақида огоҳлантиришимиз, уларни ота-боболаримизнинг юксак ахлоқ ва исломий маданиятга асосланган ҳаёт тарзи асосида тарбиялашимиз керак бўлади.
Тан олиш керак, ғарб оламини чуқур ларзага солиб турган ахлоқсизликларнинг ҳозирча беозор кўринган, аммо келгусида миллат бошига улкан бало сифатида тушиши мумкин бўлган айрим кўринишлари илдиз отишни бошлади. Ўзи бундай бузуқликлардан қандай қутилишни билолмай боши қотган Ғарб бугун ўзининг расво «маданияти»ни ёш, мустақил мамлакатларга «экспорт» қилишга уринаётгани, бу борада анча-мунча ютуқларга эришаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу «маданият» параболик антенналар, интернет тизими, турли йўллар билан ўлкамизга яширинча олиб кирилаётган шаҳватпарстлик ва бузуқликни тарғиб қилувчи газета-журналлар, компакт дисклар, китоблар ва филмлар, клип ва бошқа манбалар ёрдамида ҳеч қандай сўроқсиз хонадонларимизга кириб келяпти. Бир қарашда беозордай кўринган бу «маданий юриш» аслида узоқни кўзлаб, аниқ ва пухта режалар асосида амалга оширилаётган улкан қўпорувчилик хуружидир. Чунки илгари ўзга мамлакатлар катта армиялар ва ваҳшатли қурол-яроғлар воситасида босиб олинган бўлса, ҳозирга келиб мустамлакачилик сиёсати миллатларнинг ахлоқи ва дунёқарашини ўзгартириш орқали дунёни забт этишга қаратилган. Чунки асосларидан узилган, ўзлигини йўқотган, миллий ғурури ва номусини бой берган манқурт кимсаларни енгиш, қулликка солиш, бошқариш анча осон кечади.
«Касални бекитсанг, иситмаси ошкор қилади», дейди доно халқимиз. Яшириб нима қиламиз, ҳозир Ғарбдаги шаҳвоний ва бузуқ «маданият»нинг айрим кўринишлари халқимизнинг озчилик бир қисми орасида ниш ураётгани, илдиз отаётгани сир эмас. Эҳтимол, кимлардир каминани «бўёқни қуюқлаштириб юбораётганлик»да айбламоқчи бўлар? Лекин масалага жиддий қарайдиган бўлсак, аҳвол ўша кимлардир ўйлаётганидан ҳам хавотирли, қўрқинчли…
Бир вақтлар номаҳрам киши ҳовли эшигини тақиллатса, овозимиз ташқарига чиқмасин, дея томоқ қириш билан жавоб қилган момоларнинг невара-чеваралари бугун ярим яланғоч, қорниларию сийналарини кўз-кўз қилиб юришдан уялмайдиган аҳволга тушишди. Бир вақтлар ҳатто никоҳдаги эрлари кўзига қарашга ботина олмаган ҳаёли оналарнинг фарзандлари бугун шалоқ сўзлар билан сўкинадиган, эрлари билан тиккасига айтишадиган, ҳатто уларга қўл кўтаришгача борадиган шаллақиларга айланаётгани ҳам бор гап. Кўча-кўйда ҳалол эрларининг қўлидан ушлашга ийманган момоларнинг зурриёдлари бугун танфурушлик қилишдан, ҳатто бошқа ўлкаларга бориб фоҳишабозлик қилишдан тортинишмаяпти. Келин ва қайнотанинг ўпишиб кўришиши, сингилнинг ака олдида ярим яланғоч, сийнасини кўрсатиб бемалол юриши, ҳали никоҳдан ўтмаган келиннинг куёвжўралар билан бемалол мулоқотга киришиши, ҳатто рақсга тушиши, боғча болаларининг эркак ва аёл жинси ҳақида катталардай фикр юритишини ҳам замонга тўнкаш ғирт жоҳиллик ва ғофилликдир.
«Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бор. Ҳаё ва иффат унутилган, катталар бемалол шалоқ сўзларни тилга оладиган, болалар ҳузурида уятли филмлар ёки қўшиқ клиплари хотиржам томоша қилинадиган, ота-оналари балоғатга етган қизлари билан беҳаё саҳналарни кўришдан уялмайдиган хонадонларда ўсган болаларнинг жинсий тарбияси яхши бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Фоҳишабозлик, бузуқлик йўлини танлаган йигит-қизларнинг аксарияти ана шундай ҳаёсизлик уфурган оилаларда «камолга етганини»нинг ўзиёқ фожианинг бутун кўламини акс эттиради.   
Онда-сонда бўлса-да, ёшлар орасида бундай номуссизликларнинг турли кўринишларига дуч келинмоқда. Яқинда журналист дўстимиз аянчли бир воқеани сўзлаб берди: коллежлардан бирининг муаллими ўзи дарс бераётган группа қизларининг барча қўл телефонларини йиғиштириб олиб, ичидагиларини текшириб кўрибди. Натижа у кутганидан ҳам даҳшатли чиқибди: олтмиш бешта қўл телефонининг эллик учтасида бузуқ, уятсиз филмлардан лавҳалар ёзиб олинган экан. Қолганларининг эгалари ҳаёли экан-да, деб ўзингизни овутманг, уларнинг телефонлари бундай нарсаларни ёзолмайдиган оддийси экан.
Ёки бошқа бир воқеа: туппа-тузук бир оиланинг ёлғизгина қизи кечқурун бир дугонасини уйга бошлаб келибди. Ота-онасига «дугонам билан имтиҳонга тайёрланмоқчимиз, бизга ҳалақит берманглар», дея тайинлаб хонага кириб кетишибди. Уларнинг узоқ вақт жимиб кетганидан кўнглига шубҳа тушган ота ташқаридаги деразадан қия қолган парда орқали қизининг хонасига қарабди. Не кўз билан кўрсинки, икки дугона каравотда яланғоч ҳолда рўпараларидаги экранда намойиш этилаётган бузуқ саҳналарни ҳаётда «ижро этишар» эди. Бундай мисоллар ёзувчи хаёлининг маҳсули ёки камёб ва нодир ҳодиса бўлганида эди, бу ҳақда ёзиб, муҳтарам ўқувчининг қимматли вақтини олмаган бўлур эдик. Аммо, минг афсуски, булар ҳақиқат ва тобора урчиб бораётган иллатлардир.
Бир марта ҳаё пардаси йиртилса, кейинча бузуқлик одатий ҳолга айланади. Масалан, танфурушликка илк бор чиққан аёл уятдан минг бор қизариб-бўзаради, аммо кейинчалик умуман кўникиб, бирор туки жимирламайдиган бўлиб қолади. Болалигимиздаги «фалончининг ўғли фалончининг қизининг қўлини ушлабди» деган ваҳимали сўзлар бугун кулгили туюлиб қолди, чунки қўл ушлаш уёқда қолиб, ҳамманинг кўз ўнгида қучиб ўпса ҳам ҳеч ким мушугини «пишт» деяётгани йўқ. Илгари маҳаллада бирор аёлнинг сал бежо қадам ташлаши барчанинг муҳокама мавзуига айланган бўлса, бугун маҳалла ёки «дом»даги ёши улуғ насиҳатгўйлар фоҳиша аёлларни номма-ном санаб беришади. «Нега уларни тартибга чақирмайсиз?» деган саволга «Э, уларни йўлга солиб бўлармиди!» деган жавоб қилишади ёки ҳафсаласизлик билан қўл силташади ёхуд «оч қорним – тинч қулоғим» маъносида ўзларини муаммони кўрмаганга олишади. Агар жамиятда онда-сонда учрайдиган бу каби иллатлар олди олинмаса, эртага булар одатий ҳолга айланади, ҳеч кимнинг иши бўлмай қолади. Оқибати эса ниҳоятда аянчли, хатарли…
Ислом дини шаҳватга қул бўлишни, зино ва бузуқликни қаттиқ қоралайди. Динимизда ҳатто номаҳрам аёлнинг қўлини ушлаш ёки у билан суҳбат қуриш уёқда турсин, ҳатто иккинчи бор назар ташлаш кўз зиносига тенглаштирилади. Аллоҳ таоло айтади: «Зинога яқинлашманглар, албатта у фаҳш иш ва ёмон йўлдир» (Ал-Исро, 32). Саҳлдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман», деганлар» (Имом Бухорий ва Термизий ривояти). Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фаҳш нарса борки, шармандалик келтиради. Ҳаёли нарса борки, зийнат келтиради», деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти). Яна: «Қаерда номаҳрам эркак ва аёл ёлғиз қолса, учинчилари албатта шайтон бўлади», деган ҳадис ҳам бор.
Қаерда бузуқлик, фаҳш ишлар кўпайса, ўша ердан барака қочади, оила инқирозга юз тутади, жамият қаттиқ бетоб бўлади. Энг даҳшатлиси, ана шундай бузуқ қавмлар бошига Аллоҳнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган балолари келади. Тарихда бузуқлиги билан ном чиқарган Садум ва Ғоморра , Помпей каби бутун-бутун ўлкалар Парвардигор ғазабига учраб, аҳолиси батамом қирилиб кетганининг ўзи ҳар қандай оқил кишини ҳушёр торттириши керак. Ҳозирги пайтда ҳам телевидение ва интернет орқали хабар топаётганимиздай, бузуқлик урчиган курортларда бўлаётган табиий офатлар, тунги клублар, ресторан ва ишратхоналарда содир бўлаётган беҳисоб фалокатлар ҳам ҳар биримизни огоҳликка чорлаши лозим. 

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ — бу сохта хурсандчилик, маънавий ва моддий зарар... ми?

Саноқли кунлардан кейин жаҳоннинг кўпгина халқлари нишонлайдиган янги йил байрами бизнинг юртимизда ҳам байрам қилинади. Янги йилда дастурхон тузаймиз, арча шохларини безатиб, ўйин-кулгу қиламиз, ҳатто ҳар хил ҳайвон ва жонзотлар ниқобини тақиб балл маскарадларда ҳам иштирок этамиз. Ҳанузгача моҳиятан ўзимиз ҳам англаб етмаган байрамни интиқиб кутамиз. Фарзандларимизга янги йил байрамида улар истаган нарсаларни олиб беришни ваъда қиламиз, ёхуд Қорбобо ва Қорқиз мўъжиза кўрсатиб уларга орзусидаги ўйинчоқни совға қилишига астойдил ишонтирамиз. Ҳаттоки, янги  йилда юртдошларимиз Қурбон ҳайитидан кўп жонлиқлар сўйиб, меҳмоннавозлик қилишади. Аммо, бирортамиз янги йил байрамининг келиб чиқиши, тарихи, маъно-мазмунини тафаккур қилиб кўрганмизми?  Йўқ. Бунга ҳожат ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. “Байрам-да, деймиз янги йил арафасида елиб-югуриб озиқ-овқат ташиётганимиздан ҳайратга тушиб сўраган кишига,  - шу байрам баҳона би-и-ир мазза қилсак қилибмиз”-деймиз “байрамлардан қувонч туймайдиган, дунёга тўрвасининг йиртиғидан қарайдиган девона”нинг саволидан ғашланиб. Нафс ва дунё ҳавасларидан хира тортган ақлимиз,  янги йил байрами номи билан аталувчи

Овқатланиш маросимими?

Ташвишларининг ҳаётимиз учун ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини мушоҳада қилмайди. Ҳа, мақолани иншо этиш жараёнида янги йил байрами ҳақидаги  “овқатланиш маросими” атамаси ўзим учун ҳам қизиқ туюлди. Чиндан ҳам, кўпчилик юртдошларимиз 25 декабрдан қарийб 10 январгача овқатланиш маросимида фаол иштирок  этадилар. 
—    Гўёки, 31 декабр кечаси айрим кишилар учун охирги кун ҳисобланди. Топган- тутганига озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб, айни шу куни сутка давомида овқатланиб чиқади,- дейди қўқонлик юртдошимиз Сардор Бердиалиев.- Тўғри, ҳар ким қиммат егуликларни сотиб олса, ўз пулига олади, кимнинг нима иши бор, деб кимнингдир энсаси қотиши мумкин. Қайсидир маънода у ҳақдир  ҳам. Лекин байраму тантана қилишга арзирли, ҳар қанча шодиёнаю хушнудликка ярашиқли байрамларимиз кўп-ку! Хўш, ўша аллақандай мазмунига ўзлари ҳам тушунмайдиган янги йил байрамини нишонлайдиганлар Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Истиқлол айёми ёки бошқа миллий байрам ва эътиборли кунларни ҳам шундай фавқулодда зўр тайёргарлик билан кутиб, жонлиқ сўйиб, Аллоҳга шу эзгу кунларга етказганига шукрона айтиб тантана қиладиларми? Афсуски, ЙЎҚ! Лекин ҳеч қандай аҳамият ва маъно касб этмайдиган, на миллий қадриятларимизга ва на турмушимизга алоқаси бўлмаган кунни байрам қилиш учун ойлаб пул жамғарамиз. Бир неча ой қора қозонни сувга ташлаб қўйиб, янги йил байрамига деб минг бир машаққат билан йиққан маблағимизга озиқ-овқат, ичимликлар ғамлаймиз. Ачинарлиси, январ ойининг дастлабки кунларида касалхоналарга бемор тўлиб кетади... Кимдир ошқозон-ичак дардидан азиятда, бировнинг ичкилик оқибатида қон босими ошиб кетган, яна кимдир маст ҳолда автомобил бошқариб автоҳалокатга учраган, Худо кўрсатмасин... 
Юртдошимизнинг дил оғриқларида жон бор. Дарҳақиқат, янги йил байрамидан кейин оғир оқибатлар ҳақида кўп эшитганмиз, кўрганмиз. Шундай бўлса-да, чуқурроқ фикрлаб, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймай, халқ таъбири билан айтганда “кўрпа қараб оёқ узатиб” байрам қилишни ўйламаймиз. 

“Ўйин-кулги, байрам экан, деб...”

— Халқимиз ўйин- кулги, шодиёнани яхши кўрадиган эл,- дейди ҳамкасбимиз Аброр Машарипов.- Лекин ўйин-кулги экан, байрам экан, деб одам ҳамма нарсани аралаштириб ташламаслиги керак-да. Биз онгли мавжудотмиз, Яратган бошқа махлуқотларидан фарқли равишда бизга онг, тафаккур, ақл ато этган. Ҳар бир амалимиз аввалида бажараётган ишимизни ақл билан мушоҳада қилишимиз керакку! Хўш, 31 декабр арафасида арча безатиб, ўйинчоқлар осиб қўйишдан не маъно топамиз? Шу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрамизми? Зўр бериб болаларимизни янги йил кечаси юз берадиган мўъжизаларга, Қорбобо ва Қорқиз улар истаган ва кутган совғаларни олиб келишига ишонтирамиз. (Ўзимиз етмагандек, ҳаётга энди қадам ташлаб  келаётган фарзандларимизнинг ҳам онгини заҳарлаб чарчамаймиз) Бироқ   янги йил куни содир бўлиши мумкин бўлган мўъжизалар замирида қандай воқеълик ётганини мулоҳаза қилмаймиз. Ҳамма қилган ишни қилиш, ҳамма “куйлаётган”  қўшиққа жўр бўлиш бориб турган манқуртлик эмасмикан?..

Исо таваллудига алоқаси йўқ

Юртдошларимизнинг фикрларини тинглар эканмиз, янги йил байрамининг мазмун-моҳияти, тарихи қандай воқеликларга бориб тақалишини далолат этгувчи манбаларни излаб кўрдик.
“... Афсуслар бўлсинки, дунёнинг лаззатлари ва Константиннинг сурбетларча ҳомийлиги қаршисида ўзини тутолмай қолган насроний руҳонийлари аввалда Исо алайҳиссалом ҳазар қилган мажусийлик ақидаси, сирлилиги ва маросимларини насронийларники, деб эълон қила бошлади,- дейилади ҳамкасбимиз Абу Муслимнинг “Янги йил қандай байрам?” номли интернет мақоласида. - Черков осонгина мажусийларнинг “худо”лари номини насронийлар авлиёлари исми билан алмаштирди, мажусий саналарини черков тақвимига мувофиқлаштирди. У шу тариқа мажусийликни одамлар онги ва ҳаётидан сиқиб чиқаришни, шу йўл билан салтанат аҳолисини Исонинг ердаги ягона халифаси бўлмиш императорга бўйсундириб беришни ўйлаган эди.  
Бу куннинг Исо пайғамбарга (алайҳиссалом) ва унинг таваллуд кунига ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ. Биз хурсандчилик ила нишонлайдиган янги йил соф мажусийлик илдизларига эга. Янги йилни нишонлаш мазмуни барча халқларда деярли бир хил: сеҳр-жоду амаллар, инсон ва ҳайвонларни қурбон қилиш эвазига “худо”ларини рози қилиш ва шунинг билан бирга келаётган янги йилда оила учун бахт ва барака сўраш бўлган.”

Қимматга тушадиган мажбурий “хурсандчилик” 

Ҳар қандай байрам маъно мазмунига кўра  кишилар учун маънавий, ижобий кўмак бериши,  байрам завқ-шавқи ҳеч кимга зарар кеттирмаслиги, қайтанга жамиятнинг эҳтиёжманд қатламига моддий фойда  келтириши керак. Янги йилни байрам қилиш, бир неча ой мобайнида тановвул қилиш мумкин бўлган егуликларни бир-икки кечада еб битириб, исрофга йўл қўйиш, ёппасига ичкиликка берилиб кетиш эса одамларга кўпроқ руҳий жароҳат етказиши қатор йилллардан бери ҳаётда исботини топиб келяпти. Аммо ҳалигача айрим юртдошларимиз бу байрамда ўзлари учун  зарур бўлган маънавий-руҳий манфаат йўқлигини англолмаяптилар. Ҳатто кейинги пайтларда мажбурий ва мантиқсиз хурсандчилик нархи жуда баландлаб кетяпти. Янги йил арафасида ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиши муносабати билан нарх-наво ҳам осмону фалакка кўтариляпти. Умуман олганда, бу сохта “шодиёна” кишиларга жуда қимматга тушгани етмагандай, айрим ҳолларда охири ўлим билан якунланадиган аянчли ҳодисаларга ҳам сабаб бўляпти. 
Анча олдин шундай ҳолатга гувоҳ бўлгандим. Чамаси, 15-16 ёшларда эдим. Янги  йил байрами куни, яъни 31 декабрда синфдош ўртоғимнинг акаси жонига қасд қилгани ҳақида эшитдик. Дўстимизни ўйлаб кўпчилик синфдошлар қайғуда тушди. Синфдошимизнинг оиласи камхаржроқ, дадаси далада трактор ҳайдар, онаси руҳий хаста эди. Синфдош дўстимиз байрам куни бевақт қазо қилган акаси билан дадасининг қабатига кириб, оиласига кўмак беришидан бохабар эдик. Синфдошимизнинг акаси бир йил аввал мактабни тамомлаган эди. Айтишларича, янги йил байрамида собиқ синфдош жўралар йиғилиб зиёфат ташкиллаштирмоқчи бўлган. Моддий етишмовчилик важидан ўртоқларидан айрилиб қолиш, зиёфатга аралашолмаслиги ўн саккиз яшар йигитнинг жонига қасд қилишгача боришига сабаб бўлган... 
—    Ўтган йили 31 декабр кунида қўшни “дом”дан бутун бошли оила фалокат сабабидан вафот этди,- дейди наманганлик ҳамкасбимиз мақола мавзусидан хабар топиб.- Уйда дастурхон тузаб, арчаларга электр ўйинчоқларни осиб қўйиб, соат тунги 24гача таниш-билиш, қавм-қариндошларни табриклашни мўлжаллаб чиқиб кетишади. Соат 23лар атрофида уйга қайтиб, эшикни очган заҳоти чирокни ёқишади. Шу пайтда табиий газ босими кўтарилиб, қаердандир газ ҳиди чиқиб бутун хонадонга тарқалган эканми, чироқ ёнган пайтдаёқ уй портлаб кетади... Ёш болалар воқеа жойида жон берибди. Катталар бир неча кун касалхонада азобланиб ёруғ дунё билан видолашди...
Бу воқеаларни кимнидир қўрқитиш ёки янги йилни зўр иштиёқ билан нишонлайдиганларнинг энсасини қотириш ёхуд бу куни байрам сифатида хурсандчилик қиладиганларга қарши чиқиш учун келтирмадик. Шунчаки, ҳар бир қилаётган ишимиз, бажараётган амалимизни аввал ақл тарозусида ўлчаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлармиди, деган эзгу ниятимиз бор эди. Бу хусусда сизнинг фикрларингиз қандай?

Умида АЗИЗ тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 110 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ