Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
Одам нега ёлғон гапиради?
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Тўққиз ёшли ўғлим кутилмаганда «Ота, сиз ҳам ёлғон гапирганмисиз?» деб сўраб қолди. Дастлаб саволга унчалик парво қилмадим. Аммо ўзимни фаришта қилиб кўрсатиш хаёлимга келгани йўқ. Чунки «Худо урсин ёлғон гапирган бўлсам, ёлғон гапирмоқ — гуноҳи азим», деганим билан ўғлим лаққа ишонади деб ўйлайсизми? Алдагани бола яхши дейишади-ку, аммо ҳозирги болаларни алдаш жуда қийин. Зумрашалар жуда қув, соддамуғомбир.
Шундай бўлса ҳам ҳарқалай, болакайнинг йўриғи бошқа экан. Ўғлимга «Сен қанақа ёлғон ҳақида гапиряпсан?» деганимда, у шартта: «Ёлғондақа ёлғон-да!», деди қўйди. Демак ҳали ёлғон ҳақида ҳеч нарса билмайди. (Билмай тургани ҳам яхши!..) Шошмай турсин ҳали, ўсиб улғайгач, ёлғоннинг тури бемаза қовуннинг уруғидай кўп бўлишини билиб олади. Фақат ёлғоннинг уруғ-авлодларига ҳали муносиб ном қўйилмаган. Биз кўпинча ёлғон деганда кўзни бақрайтириб айтиладиган ёлғонларни, алдовларни тушунамиз. Ахир бу ёлғон ҳақида ғирт ёлғон тасаввур-ку! Дунёда гап-сўзсиз содир бўладиган ёлғонлар озмунчами? Яна буларни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олишлик-чи? Булар қайси ёлғондан кам?
Яқинда бир журналда ғаройиб сўровномага кўзим тушиб қолди. Унда «Ҳеч ёлғон гапирганмисиз?» деган саволга таниқли кишиларнинг жавоблари эълон қилинганди. Улар «Ҳеч ёлғон гапирмаганман», дейиш билан яна бир карра ёлғон гапираётганини яхши биладиган даражада фаросатли, зиёли кишилар эдилар. Улар мабодо кишида бошқа фазилат бўлмаса, лоақал ёлғончиликни бўйнига олиб бўлса-да, ўзгалар диққатини жалб этиш, ҳатто андак ҳайрихоҳлик уйғотиш мумкин-да. Бунақа антиқа имконият ҳамма вақт бўлавермайди.
Сўровномада айримлар «самимийлик» пойгасини авж олдириб, сохта самимийликка ўтиб кетишганини билмай қолишади. Улар инсон боласи борки, ёлғон гапирмай иложи йўқлигини, одамзот фаришта эмаслигини, хомсут эмган бандасига хос бу қусурдан ўзлари ҳам ҳоли эмаслигини аллақандай завқ-шавқ, ҳатто мамнуният билан таъкидлайдилар. Ёлғонга нисбатан бундай фавқулодда эъзоз эътибордан беихтиёр ҳайратланган ўқувчи эса ёлғончилик ҳам гўё бир буюкликка дахлдор фазилат экан деб ўйлаши ҳеч гапмас.
Демак, кўкракка уриб даъво қилинган самимиятга ҳалиги қурмағур ёлғон аралашар экан, бу дардисардан қутилишнинг иложи борми ўзи?
Узр, камина бу борада жўялироқ маслаҳат беришга ожизман. Хўш, унда шахсан ўзларининг ёлғонга муносабати қандай дейсизми? Ёлғон эмас. Эл қатори муроса қилиб келяпмиз.
Эрталаб ишга келгач, ҳамма билан қўлим кўксимда — таъзим ила жилмайиб саломлашаман. Саломимнинг қай бири сохта, қай бириси самимий — буни фақат ўзим биламан десам, яна ёлғон гапирган бўламан. Кўпинча буни алик олувчи ҳам билади. Аммо у ҳам илжайиб кўришишга мажбур. Бу ўйиннинг, шафқатсиз қоидаси шунақа.
Бўлим мудиримизни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ. Аммо ҳар гал худди минг йил кўришмаган қадрдонлардай бола-чақаси-ю амма-холасигача, эгиз туққан эчкисининг соғлиғигача эринмай сўраб чиқаман. Тушликдан кейин уни хурсанд қиладиган бирон гап топиб, тағин олдига кираман. Унинг яқин одамлари олдида эса кўзимни чирт юмиб мақтаб қўяман. Шоввозлар дарров етказишади — бу дунёда ҳеч нарса сир бўлиб қолмайди. Шундан кейин ким яхши — Раҳмонбердиев яхши!
Мажлисда гапирса ҳам, албатта «Раҳмонбердиев айтганларидек» деган ибора пайдо бўлади.
Тўғрисини айтсам, бизнинг бўлимда тайинли ишнинг ўзи йўқ ҳисоби. Аммо ҳамма ўзини муҳим иш билан машғулдай кўрсатади. Мен ҳам шу ўйинга қўшилганман. Эрталабдан олдимга ҳар-хил папка, қоғозларни қари қизнинг сепидай ёйиб ташлайман. Кейин бу антиқа бисотни титкилаб, бир нималарни қидирган, алланималарни пичирлаб ҳисоблаган, ўзимча йилнома четига ниманидир ёзиб қўйган бўламан. «Иши кўплигидан вақтида овқат еёлмайдиган, вақтида бола-чақасини кўролмайдиган ходим» бўлгим келганидан, кўпинча тушликка атай кечроқ чиқаман. Иш тугагандан кейин ҳам хожати бўлмаса-да, алламаҳалгача хонада ивирсиб юравераман. Хўжайин буни сезмай ўлибдими? Сезади, албатта. Сезса, шу билан менга ихлоси ортадими? Мутлақо! Аммо у «Фидойи»лигимни тан олишга, мен билан хўжакўрсинга бўлса-да ҳисоблашишга мажбур. Бояқишнинг бошқа иложи йўқ. Бу сичқон-мушук ўйини қаерда бошланиб, қаерда тугайди — ҳеч ким билмайди.
Мабодо, боксчи ўртоғим мусобақада ютқазиб қўйиб, ўйин ҳақида фикримни сўраса, аввало адолатсиз ҳакамни сўкишга тушаман. Шу билан уни ҳам, ўзимни ҳам чалғитаман. Асл фикримни эса, кейинроқ телефонда айтаман — шуниси хавфсизроқ.
Хўжайинни олис сафар истироҳатга кузатдик. Эл қатори мен ҳам «Ой бориб, омон келинг» дедим. Айрим кўнгли бўшлар «Сизсиз энди ҳолимиз нима кечади, қандоқ чидаймиз бу айрилиққа?», дея кўзёши ҳам қилиб олишди. Менга қолса ўша ёқдан қайтиб келмагани тузук. Хўжайин сузишни билмаса ҳам, туя ҳаммомни ҳавас қилганидек, денгизга кетяпти. Тез-тез чўмилиб турса зора бирон хушхабар келиб қолар деган илинж ёлғиз менда эмаслигига тезда амин бўлдим. Ходимлар билан «Озиб-ёзиб бир тўпланиб қолибмиз», дея «қиттак-қиттак» қилдик. Аслида Сулаймон ўлиб, девлар қутулганини нишонладик.
Меҳнат таътилига чиқмоқчи эдим, энди яхшиси бир ойдан кейин чиқаман. Хўжайинсиз ишлаш қайси таътилдан кам?!
Уйга келсам, ўғлим математика вазифасини бажаролмай, мени илҳақ бўлиб кутаётган экан. Мундоқ қарасам тишим ўтмайдиган. Бошим оғриётганини айтиб, ойисига юбордим. Аслида, соппа-соғман.
Хўш, ўзингиз ёлғонга қалайсиз?..
Шодмон Отабек
Қўл телефонсиз бир кун
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Тўпланиб олиб нималарнидир қизиқиб томоша қилаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг олдидан бефарқ ўтиб кета олмадим. Разм солиб қарасам, у на бир китоб, на бир қизиқарли расм, балки қимматбаҳо қўл телефони. Ўртоқлари телефонига ҳавас билан қарашаётганини кўрган болакай эса, гўё математикадан «беш» баҳо олгандек хурсанд.
Бундай ҳодисалар вақт ўтган сайин одатий манзараларга айланаётганлиги бугун сир эмас. Сўзлашув воситаси сифатида дастлаб юзага келган телефонлар айни дамда қулайлиги ва имкониятларининг кенглиги билан алоқа воситалари орасида биринчиликни эгаллаганлиги ҳам шундан. Албатта, турмушимизда мобил телефонларининг ўрнини инкор этиб бўлмайди. Аммо биз бугун эътиборингизни ўқувчи-ёшлар ҳаётида қўл телефонларининг ўрни ва аҳамияти ҳақидаги мулоҳазаларимизга қаратмоқчимиз.
Ҳозир мактаб ўқувчиларининг кўпчилик қисми ўқув қуролларига бўлган эҳтиёждек ўз телефонларига эга. Бу ота-оналарнинг улардан хавотир олмасликлари-ю, тергаб-суриштириб туришлари учун яхши имконият аслида. Лекин кўпинча бола болалигига бориб, телефонни дарс вақти ўчириб қўйиш ва зарур бўлгандагина танаффус пайти сўзлашиш кераклигини унутиб қўяди. Шу масалада ҳозир мактаб тизимида ўқувчиларнинг қўл телефонларига оид маълум ички қоидалар жорий қилинганми? Буни аниқлашда ўқитувчиларга мурожаат қилдик.
Мунаввара Ибодова, кимё-биология фанлари ўқитувчиси:
— Умуман, мактабда ўқувчиларга телефондан фойдаланиш қатъиян маън қилинмаган. Аммо бу улар хоҳлаганда телефондан фойдаланади, дегани эмас. Ўқувчилар дарсга кирдими, бўлди, улар телефонларини ўчириб қўйишлари шарт. Чунки бу нафақат уларнинг, балки биз, ўқитувчиларнинг ҳам фикримизни чалғитади. Дарс жараёнидаги бундай тўхталишдан сўнг ўқитувчи ўз фикрини яна жамлаб олгунча бир мунча вақт ўтади. Шунинг учун ҳам биз бу ҳолатларни назорат қилиб борамиз ва мажлисларда ота-оналардан ҳам дарс вақтида қўнғироқ қилмасликларини сўраймиз. Бевақт қилинган қўнғироқлар болада диққатни жамлай олмаслик, хотира тизимининг беқарорлашиши ҳамда дарс вақтида ўқувчининг хотиржамлиги йўқолишига олиб келади.
Хўш, бу борада ота-оналарнинг фикри қандай, улар фарзандларига телефон харид қилишаётганда унинг қайси жиҳатларига эътибор бериляпти. Ўқувчилар телефон орқали оила аъзолари билан боғланишдан ташқари, телефоннинг бошқа имкониятларидан ҳам фойдаланаётганликларидан ота-она бохабарми? Умуман, болаларга қандай телефонлар олиб берган маъқул, шу ҳақда оналарга юзланамиз.
Раъно Иватова:
— Уч фарзандим мактабга қатнайди. Лекин уларга телефон олиб бермаганмиз. Чунки бошиданоқ шунга оилавий келишиб олганмиз. Назаримда, ўқувчиларга телефоннинг кераги йўқ. Сабаби, телефон болаларни дарсдан чалғитади, оқибатда уларнинг билими пасаяди. Болаларимнинг ўқиши ва интизомини ўқитувчиларининг ўзлари билан юзма-юз ёки телефон орқали боғланиб билиб тураман.
Дилфуза Акобирова:
— Ўғлим юқори синф ўқувчиси, шунинг учун унга телефон олиб берганмиз. Оддий, қулай телефон эканлиги учун у фақат сўзлашув учунгина фойдаланади. Менимча, ўқувчиларга суратга оладиган, радио плеерли, видеотасмали турлари керак эмас. Шунингдек, болаларни кундалигини кўриб боргандек, телефонларини ҳам кузатиб бориш керак. Шунда оилада болалар билан бўладиган мунозараларнинг олдини олган бўламиз.
Бунда ҳар ким ўз фикрини асосли деб билади. Биз ҳам уларнинг айримларига қўшиламиз. Айниқса, миллатимиз менталитетига ёт бўлган турли ҳаёсиз чет эл клиплари ёки уруш-жанжалли, шов-шувга сабаб бўладиган манзаралар-у, кишилар ҳаётининг энг оғир дамлари бўлмиш мотам маросимларини тасвирга олишни уддалаб, сотувга чиқариб юбораётган янги турдаги «олиб-сотарлар» кўпайган ҳозирги вақтда ўсиб келаётган ёш авлод руҳиятини шундай ёмон таъсирлардан асрашда ота-оналаримиз ҳар жиҳатдан оддий, имконият доираси кичик бўлган мобил телефонларини олиб берганликлари маъқул, бизнингча. Бу фикримизга социология-психология фанлари билан жиддий шуғулланиб келаётган ёш олим, социология фанлари номзоди Комил Калонов ҳам қўшилиб, жумладан шундай дейди:
— Бугун дунёнинг айрим мамлакатларида, хусусан Япония таълим тизимида қўл телефонларидан мактаб ҳудудида умуман фойдаланмасликка эришилди. Биз ҳам ўқувчиларга қўл телефонларини тақиқлаб қўёлмаймиз. Чунки тақиқланган нарсага қизиқиш янада ортади. Шунинг учун мактабларда бугун чет элларда ўқувчилар телефондан қай тарзда, қай вақтда фойдаланаётганликлари тўғрисида видеороликлар кўрсатилса, лекциялар, тушунтиришлар олиб борилса, бола руҳиятида таққослаш функцияси яхши самара беради. Бундан ташқари, ҳозир айнан болаларга мўлжалланган телефонлар кашф этиляпти. Ўқувчилар учун уларнинг ёши, характерига мос мусиқалар ишлаб чиқилса ёки танланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб яна бир мулоҳазани келтириб ўтишни жоиз деб биламиз. Айнан шу қўл телефонлари сабаб кишилар ўртасида, кўпроқ ёшлар орасида, бир-бирини сўраб-суриштирувлар, тергашлар, керакли-кераксиз ҳисоб беришлар оқибатида бачкана, қўпол муносабатлар кўпаймоқда. Бунга мисол, бир дугонамнинг синглиси унаштирилган, тўйи арафасида фотиҳаси арзимас можаро туфайли бузилди. Яъни, йигит қизнинг қаердалиги-ю, ким билан эканлигини телефон орқали сўраб билади, лекин қизнинг бозорда юрганлигига ишонмай, шовқин-сурон, куй-қўшиқлар эшитилаётганлиги сабаб «сен кўнгилочар ердасан» деб қўнғироқ орқали муносабатларга чек қўяди. Ёки яна бир воқеа, бир аёл телефонда бегона бир кимса билан танишиб қолади... Буни сезган турмуш ўртоғи у билан ажрашади, ўртада эса икки бегуноҳ бола етим қолади. Бундай кўнгилсиз воқеалар кишилар ўртасидаги ишонч туйғусига путур етказиб, оилавий муносабатларнинг дарз кетишига, провардида инсон қадрининг пасайишига олиб келяпти.
Хулоса ўрнида айрим таклифларни бериб ўтмоқчимиз. Бугун баъзи бир хорижий давлатларда «Бир кун автомобилсиз», «Бир кун сигаретсиз» каби лойиҳалар оммалашмоқда. Бизда ҳам, масалан, ўқувчилар ўртасида «Бир кун қўл телефонисиз» деган лойиҳа ташкил этилиб, ўқув ҳафталигининг қайси бир кунига қўйилса, бу ўзининг яхши натижаларини беради. Яъни, бунда бола ўрганиб қолган шахсий телефонисиз ҳам мактабга келиш мумкинлигини, дарсда хотиржам, хаёли бузилмасдан ўтирса бўлишини секин тушуниб боради. Шунингдек, телевидение орқали ҳозир ичимлик сувини тежаш, оилада уларни эътиборсиз қолдирмаслик тўғрисида рекламалар бериб бориляпти. Шундай реклама роликлари ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш маданияти тўғрисида ҳам яратилса ва мунтазам бериб борилса, ўйлаймизки, юқорида келтирилган каби кўплаб воқеа-ҳодисаларнинг олдини олган бўламиз.
Наргиза Бекназарова
Интернет ҳамласи хавф ва ҳимоя
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Аёнки, техник тараққиётни тўхтатиш мумкин эмас: биз буни хоҳлаймизми-йўқми, компьютер технологиялари Ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компьютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берувчи омилга айланиб бормоқда. Бугун компьютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутаассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда эса компьютер ва интернет аввалги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди.
Ҳозирги замон ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади.
ОНЛАЙН ҲАЁТ ВАКИЛЛАРИ
Nielsen/Net Ratings компанияси ўтказган сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда: биргина 2007 йили Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. Ўтган йили дунё тармоғида 10 миллион ёшлар «сайр қилган» бўлса, ҳозирда уларнинг сони аллақачон 13 миллионга етди. Мутахассисларнинг фикрича, бу — табиий ҳолат. Негаки, кундан-кунга интернетдан фойдаланаётган оилалар, демак, ундан фойдаланаётган фарзандлар сони купаймоқда. Бундай онлайн ҳаётда яшайдиган ёшларнинг катта қисми — 4,5 миллиони Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат (глобал тармоқдаги суҳбатхона)лар орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 ва Францияда 1,5 миллион ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади. Бир йилдан сўнг эса бу кўрсаткич икки бараварга ошиши кутилмоқда.
Дарҳақиқат, 21 аср замонавий ёшлар ҳаётига сезиларли чизгиларни киритди. Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгарак ва спорт секцияларига чопган бўлса, бугун улар ўзаро дисклар, флешкалар ва ахборотни сақловчи шу каби бошқа воситалардан имкон борича тез фойдаланишга шошилади. Ёш авлоднинг ота-оналарига нисбатан компьютер саводхонлиги баланд, кўпгина олти яшар болалар блютуз (bluetooth) ва спам нималигини катталарга нисбатан яхши билади.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири Канадада ўн етти ёшгача бўлган 6 минг бола ўртасида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, улар содда ота-оналари ўйлаганидек, интернетдан аксарият ҳолларда ахборот олиш мақсадида фойдаланмас экан. Сўровда иштирок этганларнинг 99 фоизи интернетдан фойдаланишини, уларнинг ҳар ўн нафаридан саккиз нафари уйда уланиш имкониятига эга эканини билдирди. Канада ёшларининг ярмидан кўпи интернет ва компьютер технологияларни ота-оналаридан яхшироқ билишини айтган. Уларнинг 80 фоизи мустақил равишда интернетга уланишини, ота-оналари компьютерга ҳимоя воситаси бўлган «фильтрлаш» дастурини ўрнатиб қўймаганликлари ва фарзандлари қандай сайтларга киришини назорат қилмаслигини тан олишди. Умуман олганда, ота-оналарнинг аксарият қисми, аниқроғи, 65 фоизи фарзандлари интернетдан фақат уй вазифасини тайёрлаш учун фойдаланади, деган фикрда, ёшлар эса илм олишни энг охирги ўринга қўядилар. Улар асосан интернет орқали мусиқа тинглайди, электрон манзилни текширади, хуллас, вақтини чоғ ўтказади. Ёшларнинг учдан икки қисми интернетга янги дўстлар орттириш ва ким биландир суҳбатлашиш мақсадида уланади, уларнинг 15 фоизи кейинчалик бу муносабатларни реал ҳаётда давом эттирар экан.
Мулоқотнинг бу каби шакллари яхши, албатта. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, унга чуқурроқ назар ташлаш лозим. Алоҳида эътибор талаб этадиган жиҳат эса интернет орқали таъқиб деб номланади.
ВИРТУАЛ ТАЪҚИБ ОММАЛАШМОҚДА
Тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдалана бошламоқдалар. Масалан, бошланғич синф ўқувчилари бемалол мактаб ён атрофидаги кафе ёки клубга кириб, интернетдан фойдаланиши мумкин. Шу боис улар уйда ҳам интернетга уланиш имкони бўлишини хоҳлаши табиий. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий фикрлаш ва шу аснода маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача қилиб айтганда, «фильтрлай» олиш қобилиятига эга эмас. Шу сабаб, интернетдан ёлғиз қолганда ҳам фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур.
Бироқ дунё тармоғидаги қандай ахборот мактаб ёшидаги болалар учун фойдали бўлиши мумкин? Кунига бир неча соатлаб кибер маконда «саёҳат қиладиган» ўсмирлар аслида нима билан шуғулланади ва бу ҳолат уларнинг дунёқараши, характерида қандай акс этади? Зарур ҳолларда ўсмирларнинг ахборот хавфсизлигини қай усулда таъминлаш мумкин? Мазкур саволлар кўпчилик ота-оналар ҳамда ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот ходимларини тобора кўпроқ ташвишга соляпти ва ўйлантирмоқда. Бунга жиддий асос ҳам бор.
Сўнгги пайтларда интернет орқали таъқиб этиш ёки илмий тилда айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Сабаби, шу ёшда болалар табиатан очиқ бўлади ҳамда дунёга фақат ижобий нуқтаи назар билан қарайди. Улар ўзлари эришган ютуқлари билан ўртоқлашишни, ўз фикрларини бировларга баён этишни, ғоялари билан бўлишишни хоҳлайдилар. Ўсмирлар ўта ишонувчан, компьютер ўйинларига қобилиятли, буйруқларни осонликча бажарадиган бўладилар. Атрофдагилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, янгидан-янги фикр-ғояларни ўртага ташлайдилар, уларни амалда қўллашга интиладилар, бироқ бу борада уларга ҳаётий тажриба етишмайди. Шунинг учун ҳам улар сайтларда қидирувни амалга ошираётганда, ахборотни қабул қилишда ёки электрон почта манзилидан фойдаланаётганда катталар ёрдамига муҳтож. Чунки бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат. Грифинг билан шуғулланувчилар ёки грифёрлар замонавий ёшларнинг қизиқишларидан жуда яхши хабардор бўлиб, онлайн конференция, форум хоналарида исталган мавзуда суҳбат юритиши, ўзларини уларнинг муаммоларини тушунадиган одамлар сифатида кўрсатиши мумкин, бунинг устига веб тармоқда анонимликни сақлаш хусусияти қисқа фурсат ичида ишончга кириб олишга имкон яратади.
ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИГА КЕЛСАК...
Грифинг билан курашишнинг энг оддий усули — компьютерга махсус тақиқлов дастурлари (энг машҳурлари Киберпатрул ёки Кидсконтрол)ни ўрнатиш. Шунда ўша фойдаланувчидан келадиган барча хабарлар автоматик тарзда фильтрланади ёки дастурга ота-оналар томонидан киритилган чеклов туфайли боланинг ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганда автоматик тақиқ ишга тушади. Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хафвсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда интернетдан фойдаланиш дарслари факултатив сифатида мактаб дастурига киритила бошланди. Буни ҳам грифингга қарши курашишнинг ўзига хос усули сифатида кўрсатиш мумкин. Негаки, факултатив дарслар орқали болалар интернетдан олинадиган маълумотларнинг ҳаққоний ва тўғрилигини текширишга ўргатилади. Бундай дарслар айниқса, ўсмирлар учун зарур.
Интернетда грифингдан ташқари айнан ўсмир ёшдагилар учун яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Вақт ўтгани сайин болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, глобал тармоқнинг яширин хавфларига фақатгина таъсир тушиб қолишни эмас, балки экстремистик характердаги, секта ва турли хил уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлигини, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганликни ҳам кўрсатиш мумкин. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлиғига хавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас. Банк ёки кредит карточкасидаги ҳисоб рақамларни билган болакайлар онлайн савдоларда қатнашиш имкони билан бирга кичик ўйинчоқдан тортиб то энг сўнгги русумдаги машина сотиб олиш ҳуқуқига эга дегани. Бу нарса уларни виртуал фирибгарларнинг нишонига айлантиради.
Шу сабаб, глобал тармоқ фойдаланувчилари кўп бўлган Белорусияда бу каби муаммолар қатор янги касбларнинг вужудга келишига ҳам туртки бўлди. Мазкур янги турдаги мутахассисларнинг вазифаси оилада интернетдан фойдаланиш маданиятини жорий этадиган ҳамда болаларга психологик, маънавий ҳамда жисмоний зарар етказмайдиган очиқ ва хавфсиз ахборот маконини яратишдан иборат.
Шунингдек, кўплаб жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар ва хусусий компаниялар ўз фаолиятини интернетнинг болаларга таъсири ва бундан бўладиган зарарнинг олдини олиш усулларини ўрганишга қаратган. Жумладан, интернет мазмунини баҳолаш ассоциацияси (ICRA) мустақил халқаро ташкилот бўлиб, асосий вазифаси ота-оналарни уларнинг фарзандларини тармоқда кутаётган кўнгилсизликлар ва хавфли муносабатлар ҳақида огоҳлантириш, кибер маконда болаларни нотўғри ахборотлардан ҳимоялаш ва сўз эркинлигини таъминлашдан иборат. Ота-оналарга кўрилаётган муаммолар юзасидан маслаҳат, кўмак берувчи Киберфаришталар (Cyberangels) — интернетда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган Европадаги илк ташкилотга 1995 йили асос солинди ва айни пайтда АҚШ, Канада каби давлатлар ҳам аъзолар сафидан ўрин олди.
Муаммолар чуқурлашгани сайин бу каби ташкилотлар ҳам кенг кўламда тадқиқотлар ўтказиш ва хавфларга қарши кураш чоралари ишлаб чиқишни кучайтирмоқда. Хусусан, Болаларни асрайлик (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтгазган сўровномалар натижасида маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади. Коммуникация воситалари тадқиқоти ассоциацияси (Association for the Research of Communication Media) олган натижаларга кўра эса, ўсмирлар катта ёшлиларни 2004 йилдаёқ интернетдан фойдаланиш бўйича ортда қолдирган.
Испаниянинг Болаларни ҳимоя қилиш агентлиги (Child Protection Agency) тадқиқотлари натижалари шуни кўрсатдики, интернетдан доимий равишда фойдаланувчи болаларнинг 44 фоизи виртуал мулоқот пайтида ҳеч бўлмаганда бир марта, 11 фоизи эса бир неча бор таъқиб остига олинган. Эътиборли томони, сўровларда иштирок этган ёшларнинг 14,5 фоизи интернет орқали нотаниш одамлар билан учрашув белгилаган, 10 фоизи бундай учрашувларга ёлғиз борган, 7 фоизи бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаган. Дунё миқёсида эса 38 фоиз болалар зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб саҳифаларни мунтазам кузатиб бориши маълум бўлди.
Ўтган йилнинг охирги ойларида дунёнинг энг машҳур компанияларидан бири «Майкрософт» 28 давлатда ўзининг чат хоналарини ёпишини эълон қилди. Бу ҳаракат болалар муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ-тартибот ҳамда хайрия ташкилотлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, чунки эркин ва назоратсиз форум хоналар спам, вирус ва ахлоқсиз ахборотни тарқатиш манбаига айланиб қолганди. Шу тариқа, MSN текин чатлари Европа, Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида ўз фаолиятини тўхтатди. Ўрнига Microsoft Messenger тезкор хабар алмашиниш тизими жорий қилиндики, эндиликда бу хизматдан фойдаланиш учун шахсий маълумотларни киритиш асосида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Чунки ўтган йили Буюк Британияда шов-шувга сабаб бўлган зўравонлар устидан ўтказилган суд жараёнларининг камида 26 ҳолатида қурбонга айланган болалар таъқибчилар билан виртуал мулоқот орқали танишгани аниқланди.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Замонавий технологияларнинг тез суръатларда ўсишига қарамай, баъзан одамлар улардан оқилона фойдаланиш қандай кечиши кераклигини тўлиқ англаб етмайди. Компьютер ва интернетгача бўлган даврда ўсиб-улғайган кўплаб ота-оналар ва муаллимларнинг катта қисми, агар бола интернетдан фойдалана бошласа, бунинг, албатта, фойдасидан зарари кўпроқ, деб ўйлайди. Болани компьютер ёки интернетдан чалғитиш ҳаракати замирида аслида бошқа бир муаммо, яъни катталарнинг бу масалада нисбатан саводсиз экани аниқланди. Бироқ агар улар ўзлари аввал технологиялар саводсизлиги масаласига жиддийроқ ёндашиб, уни бартараф этишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, саводсизлик масаласидан қочиш орқали болани технологиялардан ажратиб қўйиш тўғри эмас. Бунинг устига яна бир жиҳат эътиборга лойиқ: айнан катталарнинг тутган йўлидан келиб чиққан ҳолда болаларда кибернетик дўстига нисбатан муносабат шаклланади.
Шубҳасиз, интернет билим ва керакли ахборотни олиш учун улкан имкониятлар яратади, бироқ тармоққа жойлаштириладиган катта ҳамждаги ахборотнинг барчасини ҳам ишончли ва фойдали деб бўлмайди. Фойдаланувчилар маълумотларнинг тўғрилигини аниқ ажрата билиши учун танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлиши талаб этиларкан, бу жиҳат «Интернетда бўлса, демак, тўғри» дея фикрлайдиган болаларга ҳам тегишлидир. Бу борада уларга интернетда хоҳлаган инсон ўз саҳифасини яратиши, унга ҳар қандай маълумотни жойлаштириши ва бунда унга ҳеч ким тўсиқлик қила олмаслигини вақтида тушунтириш зарур. Болаларни кенг доирадаги манбалардан фойдаланишга йўналтириш натижасида фактларни фикрлардан фарқлашга, тўғрилиги тасдиқланмаган ахборотдан ҳимояланишга уларни ўргатиш мумкин.
Наргиза Иброҳимова
Аёл ўзлигидан узоқлашса...
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Ҳозирги кунда дунё ҳамжамияти эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли эканини жар солиб чарчамаяпти. Аммо эркак билан аёл тенг ҳуқуқли, деган ҳайқириқ ортида аёлларга зулм қилинаётгани, тўғрироғи, бу гапни бир томонлама тушунган аёлларнинг ўз-ўзига зулм қилаётганини кўриб ҳайрон қоласан киши. Бу мавзуда фикр юритишдан аввал, ҳар бир мулоҳазанинг нисбийлигини инобатга олмоқ зарур. Нега деганда, барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида, Аллоҳ инсон зотини аёл ва эркак қилиб, икки жинсга ажратиб яратмас эди. Инсон икки жинсга ажратилиб яратилган экан, унинг психологик биологик омиллари ҳисобга олиниши даркор. Аёл билан эркак тенг ҳуқуқли деган гапни ўз билганича талқин қилаётган сафсатабозларнинг бир пулга қиммат фалсафалари оқибатида, аёллар заифалик назокатидан йироқлашиб, турқи аёл бўлгани билан феъл-атвори эркакка ўхшаб кетаётган хотинлар кўпайиб боряпти. Бундоқ олиб қараганда фикрини бутун оламга маъқулламоқчи бўлган феминистларнинг бу қарашини ёқлаб ҳам бўлмайди. Аслан қараганда, ҳар қандай дин ва ҳар қандай жамиятда эркак кишига нисбатан аёл кишининг ҳуқуқлари бир мунча баландроқ турган. Аёлга муқаддас зот, Тангри ва фаришталар мукаррам қилган инсон сифатида қаралган. Ҳатто азал-азалдан касб-ҳунар эгаллаш борасида ҳам қизларга бошқача йўналишда, ўғил болаларга алоҳида эътибор берилган. Фақат ҳозирга келиб бу қарашларни ҳар ким ўзига мослаб олиб, аёлларгагина ва эркакларгагина хос бўлган хусусиятларни аралаштириб юбориб, аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, дея жар солишдан бери келишмаяпти.
Эркак билан аёл тенг ҳуқуқлими?
Мен бугун бу саволни муҳокама қилмоқчи эмасман. Мулоҳаза қилмоқчи бўлганим, аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, деган бир томонлама қараш оқибатида, жамиятимизда кўпгина салбий иллатлар авж олиб бораётгани ҳақида эди.
Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли инсон ҳисобланади. Биз бу гапга эътироз билдириш ниятидан йироқмиз. Хўш, икки жинс вакилининг тенг ҳуқуқли эканини қайси маънода тушуниш керак? Авваломбор, ислом динидан аввал, яъни, жоҳилият замонларида аёл киши одам ўрнида кўрилмаган. Ундан қандайдир предмет сифатида фойдаланилган, қул қилиб сотилган, оилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмилган ваҳоказолар. Ислом дини эса бу ишларнинг Аллоҳга хуш ёқмаслигини, аёл ҳам ИНСОН, инсон бўлганда ҳам, меҳрга, эътиборга, силаи раҳм, ва шафқатга эркак кишидан кўра кўпроқ ҳақдор бўлган банда бўлиши билан бир қаторда эркак билан тенг ҳуқуқли эканини маълум қилди. Бу ўзгармас қоидага замонлар, вақтлар, турли давр ва турли одамлар ўз билганларича нималарнидир қўшиб, ўз фоидаларига мос равишда талқин қилиб, бошқаларнинг онгига сингдиришга уринишди. Шундай қилиб, бизнинг давримизга келиб аёл ва эркак тенг ҳуқуқли деганда, эркакларнинг юраги увишиб, асаб торлари таранг тортиладиган, аёлларнинг эса, хиёл навозиш билан эр олдида эгик турган бошлари баланд кўтарилиб, барча юмушларда, барча жабҳаларда эркаклар билан баб-баравар туриш, керак бўлса, эркакларни ҳам ўзларига бўйсундириб олишга ундади. Эндиликда, аёлларнинг ўзларига ярашмаган қилиқларидан, юриш-туришларидан ўпкаласангиз, уларга эркаклар билан бир қаторда туриб йўлга асфальт ётқизиш, шахта конларида ишлаш, қоп-қоп юкларни кўтариб бозорларда сўкиниб юриш, бошқа оғир ишлар аёлларга хос эмаслигини айтмоқчи бўлсангиз, нақ балога қоласиз. Ахир, аёл ва эркак тенг ҳуқуқли-да! Башарти, сизнинг фикрингизча, аёлларнинг тўй-базмларда ароқ ичиб кўнгилхушлик қилиши, даврага чиқиб олиб эчкидай шаталоқ отиб ирғишлаган куйи рақсга тушиши, эридан берухсат кўчага чиқиб, ундан сўроқсиз пул сарфлаши ва яна шунга ўхшаган ишлари нотўғри бўлса, балога қолдим, деяверинг! Чунки, сиз «аёл ҳуқуқини камситган»ликда айбланасиз!
Яқинда бир тўйда қатнашдим. Базм дастурхони ниҳоятда тўкин, сероб қилиб ёзилган. ҳаттоки, муқаддас тантана- икки ёшнинг никоҳ оқшоми даврасига шароб дўконлари пештахтасини “безаётган” энг қиммат спиртли ичимликлар ҳам териб ташланган. Чор-атрофимга қарасам, эркаклар-ку бироз хижолатлик ва ийманиш билан анави сабил қолгурни чойнакдан қуйиб ичишяпти. Аёллар эса тап тортмай, уялмай-нетмай ошкора қадаҳ чўқиштириб, бир-бирига яхши тилакларни билдириб ичишяпти. Башарти битта-яримтасига, юрак ютиб қилаётган ишининг номаъқулчилик эканини, аёл кишига нолойиқ-нохослигини тушунтирмоқчи бўлсангиз, эркак билан аёлнинг тенг ҳуқуқли (!) эканини айтиб оғзингизни ёпиб ташлашади. Ана сизга ғарбча демократияга интилиш, мана сизга аёл эрки!
Аёл эркакликка даъво қилса...
Агар аёл эркакликни даъво қилмай, охиригача аёллигини қилса, у кўпроқ иззат-ҳурматга сазовор бўлади. Аёлда аёлга хос фазилатларнинг йўқолиб, эркаклик хислатларининг кучайиши — унинг тамом бўлганидан дарак, деган эди француз мутафаккири Ж. Ж. Руссо. Тассуфки, аёлларимиз «эркак ва аёл тенг ҳуқуқли», «аёл эрки» деган гапларни фақат бир томонлама, нафақат бир томонлама, ҳаттоки мутлақо бошқача маънода қабул қилганлар. Уларнинг фикрига кўра, аёлларга эркинлик бериш дегани, хотин зотининг кўнглига келган ишини очиқ-ошкора қилиши, қўлидан келса келмаса ҳар қандай юмушни бажаришга киришиб ўзини кўрсатишга уриниши, эркаклар қилган ишни мен уддалай олмайманми, деган иддао билан пул топишга интилиш ва албатта оиладаги ҳукмронликни қўлга олиб, қаҳр-ғазаб билан эрга ўшшайиб, қўлни белга тираб шанғиллаш демакдир. Шундай дўстим...
Эркакларни мардлигидан узоқлашиб кетяпти, феъл-атворида заифаларга хос хусусият шаклланяпти, деган нолишларни кўп эшитяпмиз. Ва ўзимиз ҳам жойи келганда энг оғриқли нуқталаримиз бўлган, эркакларнинг жамиятдаги ўрни тобора пастлаб кетаётгани борасида куйиниб ёзяпмиз. Аммо бундоқ чуқурроқ мушоҳада қилсак, эркакларимизни биз — аёллар мардлигини, ғурурини синдирмаяпмизми? Қайсики, феълимиздаги нозиклик, нафислик ва латофатдан ор қилиб (!), бизга берилган имкониятни нотўғри тушунган ҳолда, эркакларимизни асл ўзлигидан адаштиряпмиз. Бунга ҳам ўша сизу биз байроқ қилиб олган «аёл билан эркак тенг ҳуқуқли», «аёл эркинлиги» деган ибораларни ўз фойдамизга (аслида катта зараримизга) мослаб тушунганимиз сабабдир.
Аёлнинг оилада эрига итоаткорлиги, унинг фикридан келиб чиқиб иш тутиши миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган хусусият. Бу ҳолни жамият ҳам, жамоатчилик ҳам қўллаб-қувватлайди. Айримлар эса халқимизнинг азалий қарашларини терс талқин қилиб, хотиннинг итоаткорлиги билан тобеълик ва мутеъликни адаштириб юборишяпти. Эмишки, оилада эр ҳукмронлик қилиши, аёл кишининг ҳуқуқ ва эркинлигига путур етармиш... «Бугунги аёлнинг аҳволи ёмон, чунки у эридан бир қадам илгарилаб кетди. Эрдан илгарилаб кетиш эса бизнинг миллат аёлига ҳеч қачон роҳат бағишламаган. Биз доим отасининг бўйини кўрсатиб туриб бола тарбиялаб келганмиз», дейдилар онахон воиза Турсуной Содиқова.
Қачонки оналарнинг болалари ҳақида, «ўғлимга гапим ўтмаяпти. На отасининг сўзига қулоқ осади, на мени ҳурмат қилади», «қизимнинг юриш-туришидан хавотирдаман, бир оғиз гапирсам, шанғиллаганча гап қайтаради, отасидан ҳам ҳайиқмайди», деб куйинганларини эшитиб қолсам, ўша онадан нафратланиб кетаман. Чунки, боласининг юз-кўзидан ҳаё кўтарилганига, катталарга, ҳаттоки, ўзини дунёга келтирган буюкларига гап қайтаришгача, уларнинг тарбиясига қарши чиқишга сабаб бўлган маънавий буҳронга дохил бўлганига ўша она АЙБДОР! Унинг айби— эридан аёллик ҳуқуқини талаб қилиб, оиладаги ҳукмронликка эга чиққанида! Аёл сифатида ўзини тарбиялай олмаган, мен эрим билан тенг ҳуқуқлиман, деб жуфтини менсимаган, топишингизнинг мазаси йўқ, деб эридан рухсат сўрамай пул топиш илинжида кўчага чиқиб кетган аёл— аёллик илмини, оналик илмини АНГЛАМАГАНЛАР! Улар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканликларини даъво қилиб, ўзларини аёлликнинг маънавий ҳуқуқидан, бахтиёрликдан маҳрум қилганлардир.
Аёл кишининг эркакка нисбатан ҳуқуқлари баландроқ, кўпроқлиги ҳақида мулоҳазаларимиз аввалида айтиб ўтгандик. Чиндан ҳам аёл кишининг ўрни келганда ҳуқуқлари эркакларникидан анча устувор туради. Нега деганда, у - ОНА! У- БЕКА. У - миллат келажагини дунёга келтирувчи, насл-насаб давомчиси. Бас шундай экан, аёл йўл қўйган хатолар кечирилмайди! Чунки, аёл адашди, аёл янглишди, аёл хато қилди дегани —миллат адашди, миллат хато қилди, насл бузилди, дегани. Шу ва шунга ўхшаш яна кўп далиллар аёл кишининг эркак кишига нисбатан кўпроқ ҳуқуқ ва мажбуриятга эгалигини далолат этади. Қанийди, ҳамма ҳам «аёл эрки», «эркак билан аёл тенг ҳуқуқли» деган иборани шу маънода тушунса!
Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли, деган қараш оқибатида қиз-жувонлар мардикорчиликка чиқишни, ёлланма ишчиликни ор деб билишмади. Қайтанга, бундай ишларни қилишларини, «ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, эркаклар қилган ишни аёллар уддаллай олишмайдими?! Бизнинг эркаклардан қаеримиз кам?!» деган иддао билан изоҳлашди. Пировард оқибатда, аёлини, қизини мардикорчиликка чиқариб, ўзи уйида ёнбошлаб олиб, аччиққина кўк чойни ичаётган эркак ҳам бу шармандаликдан ор қилмади!
Ҳозир маҳаллий ва хорижий нашрларни кузатадиган бўлсак, аёл ва эркак тенг ҳуқуқли, дея аюҳаннос солаётган матбуот воситаларининг ўзи, аёл ҳуқуқларини поймол қилиб, уни ярим яланғоч кўринишларда, тунги ва чўмилиши кийимларини кийган ҳолдаги суратларини чоп этишяпти. Хўш, сизнингча бу аянчли тарғибот ҳам аёл кишининг эркак билан тенг ҳуқуқли эканига ишорами?! Нега нашр саҳифаларини безаш учун фойдаланиладиган суратлардаги эркаклар сипо кийимда, аёлларни эса эҳтиросни қўзғатувчи, шармисорона қиёфада тасвирланишига ҳеч ким эътироз билдирмайди?! Бу аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилингани, иззат-нафси, қадр-қийматининг ерга урилгани эмасми?!
Яна ўша мулоҳазамизга қайтамиз, нега аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, деган ақидани, фақат касб танлаш, оғизга эрк бериш, эримизга тазйиқ ўтказиш, деб тушунганмиз?
Айни пайтда яна бир хунук манзара авж олган — оиласига, эрига хиёнат қилаётган аёлларнинг аксарияти, «эримдан ўч олдим, хиёнат заҳрининг қандай бўлишини унга кўрсатиб қўймоқчи эдим» деган мазмундаги таввало билан айбини оқламоқчи бўлади. Ҳатто бу шармандали ҳолатда ҳам аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқли эканини дастак қилишади. Энди бу гапга нима дейсиз? Наҳоки аёл билан эркакнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баравар дегани, эри йигитчиликнинг «шўх»лиги таъмини татиб кўрмоқчи бўлгани, адашибми, янглишибми, бирор енгилтак хотиннинг макрига учибми, хуллас, қандай бўлмасин, хиёнат кўчасига бўйласа, аёл ҳам эридан икки-уч баравар ўч олсин, оиласига, жуфтига хиёнат қилсин, дегани бўлса?! Тўғри, эркакдир аёлдир у жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, гуноҳдан тийилиши шарт. Аммо бу борада барибир эркак кишининг айби кечирилса бўладиган, исноди аёлнинг гуноҳичалик эмас. Бироқ аёлнинг кўра-била туриб зино қилиши, боз устига бу қилмишини ёстиқдошидан қасос олганга йўйиши ҳеч қандай узру хайрихоҳликка лойиқ эмаску!
Модомоки аёл ва эркак тенг ҳуқуқли экан, бунда юқорида айтганимиздек биологик ва психологик омилларни инобатган олган ҳолда, аёлларга хос хусусиятларда аёлларга, эркакларга хос хусусиятларда эса эркакларга кўпроқ ҳуқуқ берилган маъқул. Халқона тилда айтганда, ҳар нарсада меъёр ва ўлчов бўлгани маъқул. Қаердаки меъёр бузилса, ўша жойда таназзул ва инқироз юзага келиши аниқ.
Умида АЗИЗ
«Сенга тегиб нима кўрдим?!..»
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг бир асарида шундай сатрлар бор: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Бахтни ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиқиб тушунади. Оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин бўйинни безовчи тилла занжирда, деб ҳисоблайди.
Яна бир аёл оилавий бахтни эрига севикли бўлишда, фарзандларининг соғ-омонлигида кўрса, эркак учун мансаб ва амал пиллапояларидан кўтарилиш, чўнтаклари пулдан қаппайиб, атрофида “жонон”ларнинг парвона бўлишини бахт деб ўйлайди. Хуллас, бу борада ҳамманинг фикри юқорида айтиб атганимиздек ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда шаклланади.
Шу ўринда яна бир гап, аксарият хотинлар оиладаги моддий етишмовчиликда эрларини айбдор қилишга одатланиб қолишган. Айрим ҳолларда ҳатто фарзандларининг олдида ҳам “Сенга тегиб нима кўрдим?! Эгним янги кийимга ёлчимади, бошқаларга ўхшаб еб-ичолмайман, энига ёпсам, бўйига етказолмайман!” деган маломатлар билан эрнинг бошини эгадилар. Тўғри, муқаддас динимиз исломда оилани моддий таъминлаш эрнинг вазифаси эканлиги таъкидланган ва унинг маълум мувозанатлари тушунтирилган. Бироқ, яна бир нарсага аҳамият бериш керакки, ризқни Аллоҳ беради. Эр эса ризқ берувчи эмас, у ҳам хотинга ўхшаб бир ризқ егувчидир! Ривоят қилишларича, Шайх Асомнинг хотинларии ҳам солиҳа ва каромати зоҳир аёл бўлганлар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари сафар тадоригини кўра туриб, аёлларидан:
– Сафарга кетгайман, шу тўрт ой муддатга қанча нафақа истайсан? – деб сўрадилар.
– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, – дедилар аёллари.
– Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир, – жавоб қилдилар ҳазрат.
– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.
Ҳотам ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аёлларини дуо қилдилар. Қўшни хотинлар келиб: ”Эрингиздан нечун нафақа талаб қилмадингиз?” деб ажабланишди. Жавобан дедиларки: “У ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир!” Ушбу ҳикоятдан ким қандай хулосага келиши ўзига ҳавола, биз мушоҳадамизда давом этамиз.
Қанийди, ҳозирги ёш оилалар, қўйди-чиқди қилиб бир-бирининг обрўсини тўкиб, болаларининг кўнглини кемтик қилиб юрганлар шу ҳикоят мағзини чақишса-ю, бундоқ қилаётган ишининг орқа олдига қараса. Эр-хотин қўш ҳўкиз дейдилар. Қолаверса динда ҳам эр билан хотиннинг тенг ҳуқуқли экани эътироф этилган. Аллоҳ аёл кишининг ризқини эри орқали етказади. Аммо бу дегани эр бояқишнинг бошида ёнғоқ чақиб, “уним йўқ, буним йўқ” деявериш, йўқ-йўқ, деб ҳамма нарсани йўққа чиқариш дегани эмас-ку! Аёл қачон оқилаю фарзона саналади, қачонки борига қаноат қилиб, йўқдан бор қила олганида! “Сенга тегиб нима кўрдим?!” дейдиган аёлллар эса на диний тарбия кўрган, на оиласида одамгарчилик илмининг ҳадисини олган!..
Эрни эр қиладиган хотин!
«Хўжайиним ички ишлар соҳасида ишлайди. Уч нафар фарзандим бор, – дейди бир танишим гап орасида. – Шаҳарда яшаймиз. Биласиз, шаҳар жойида қишлоқдан кўра тўкин яшаш мушкулроқ. Бунинг устига мен ёш турмушга чиққандим, бирор маълумотим ҳам йўқ эди. Биргина турмуш ўртоғимнинг маоши билан қийналиб қолдик. Шунда хаёлимга бозор ёнида кичкинагина қаҳвахона очиш келди. Ёш қизлигимда опа-келинойиларимдан пишириқлар пиширишни ўргангандим. Хўжайин билан маслаҳатлашиб битта микро тўлқинли печь олдик, ихчамгина павильонни ижарага олиб қаҳвахона очдим. Уйда пишириқ пишираман, пиццалар тайёрлайман, хот-дог, гамбургер сотаман. Хуллас, эр-хотин келишганмиз: менинг топганимни рўзғорга сарфлаймиз, турмуш ўртоғимнинг даромадларини орзу-ҳавасларимизга жамғариб борамиз. Айтмоқчиманки, фақат эрга қараб ўтириш яхши эмас. Бир кишининг меҳнати нима ҳам бўларди?! Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин, деган ибратомуз нақлни опа-сингилларимиз унутишмаса, нур устига аъло нур бўларди.
Тўғри, қаноатли, қаловини топиб қорни ёқадиган аёллар ҳам йўқ эмас, лекин борига ношукурчилик қилиб эрига таъна тошларини отадиган, кунда уруш-жанжал қўзғатиб болаларини ҳам уйдан дилгир қиладиган аёллар кўпчиликни ташкил этади-да. Аслида, танисиҳатлик, хотиржамликдан ортиқ бахт, фарзандларнинг омонлигию оиласининг тинчлигидан ортиқ неъмат бўлмаслигини қачон тушунаркинмиз-а, азиз аёллар-а?..
Рўзғор-ғор...
«Оилани таъминлаш фақат эрнинг вазифаси, деб уйга кириб оёқ узатиб ўтириш тарбияли аёлнинг иши эмас. Мен аёлларнинг тўрва-халта кўтариб бозору кўчаларда тентиришларига қаршиман. Аммо ҳар бир уй бекаси, хотин, ўз қобилиятига қараб рўзғорнинг кам-кўстини бутлаш учун турмуш ўртоғига ёрдам бериши шарт. Чеварчилик қилибми, томорқасида экин-текин қилибми, пишириқлар пиширибми хуллас, қўлидан келгунича ишласа оиласининг фаровонлигига ҳиссасини қўшади. Ҳам ўзига яхши, ҳам рўзғорига. Қўшнимизнинг турмуши бузилди. Икки нафар қизалоқлари бор. Қизлар эрта-индин бўй етиб узатиладиган бўлиб турибди. Эркак маҳалла-куйда ҳали уни, ҳали буни ишларини бажариб уч-тўрт сўм топиб келарди. Хотин эса иккита қизи билан қачон қарманг кўчада. Эри бир азобда топиб келган пулга майда-чуйда нарсалар олиб онасига олиб бориб берарди. Она деганлари ҳам қизини олдига олиб, “болам, бу рўзғор деган ғор фақат бир кишининг меҳнати билан эмас, икковларинг ҳам бирга жавлон уришларинг керак. Сен аёлсан, уй-жойингга қара, томорқангга экин-текин эккин, дарахт-боғ қил. Эрта индин қиз узатишинг керак”, деб насиҳат қилмасди. Уям ўзининг қорни тўйишини ўйлаган-да. Ишқилиб нима бўлдию уларнинг оиласи бузилди. Аёл бир қизи билан онасиникига қайтиб келди. Шундан кейин отаси, сен билан қизингни қандай боқамиз, деб аёлни ишга жойлаштирриб қўйди. Эрини уйида оёғини йиғиштирмаган хотин энди тонг қоронғусида иссиқхонага ишлагани жўнайди. Қизчаси ҳам қишлоқда аёлларнинг юмушига қарашиб пул топади. Бундан нима маъно?! Шу ишининг ҳеч йўқ ярмини эриникида қилса турмуши бузилмасди. Ана энди ишларкан, заҳмат чекиб меҳнат қиларкан-ку! Э, қизим, аёлларнинг ҳаммаси ҳам уйим -жойим дейдиганлар эмас. Ана шунақа, ўзига ишлаш ёқмайдиганлар маломат қилади эрига, сенга тегиб нима кўрдим, деб», – дейди, ёши улуғ онахоналардан бири.
Боқибеғам эркакнинг дастидан дод!
Аммо танганинг орқа томонига назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир рўзғор боқадиган эркак қолганми ўзи, деб ҳам ўйланасан киши. Йигитлар уйланиш борасида мулоҳаза қилишса, аввал бўлажак келиннинг мол-давлати, ота-онасининг бойлиги, мансабига қараб танлашади. Хўш, нимага шунақа қилишади? Оилани хотиним боқади, деган мақсадда пулдор, ишли, бадавлат оиланинг қизларига уйланишади. Оилани моддий таъминлаш эркакнинг вазифаси, лекин эркаклар айни пайтда ўз бурчларини “унутиб” қўйишяпти. Аёллар ўзидан ўзи бозорга чиқмайди, хорижга иш излаб бориб одам савдосига йўлиқишмайди. Ҳаммасига эркаклар сабаб. Боқибеғам эркакларнинг дастидан азият чекаётган аёллар бора-бора қўрс, бемеҳр, қаҳри қаттиқ бўлиб кетишяпти.
Бахт мукаммал ато этилмайди. Кимнингдир рўзғории тўкин, егани олдида, емагани кетида, эгнида зару тиллолар ўйнайди, аммо фарзанди йўқ ёки ўзининг ё фарзандининг соғлиги яхши эмас. (Ҳалол меҳнат билан фаровон яшайдиганлар бундан мустасно)! Кимдир қўл учидагина амаллаб кун кечирадию фарзандлари, ўзи соғлом, оиласи хотиржам. Аллоҳ бандаларига сўраганини, истаганини ато этади. Шундай экан, инсон ўзи истаган бахтига ҳам эришмоғи муқаррар. Сўнгисўз ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, оилаларимизни бахт саодат, беку бекаларимизни бир-бирларига бўлган эҳтиром ва муҳаббат тарк этмасин.
Овқат ва ҳурмат бир-бирига боғлиқми?
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Халқимизга таъриф берилганда, “меҳмондўст” сўзи эътирофлар аввалида келтирилади. Чиндан ҳам ўзбек халқининг меҳмоннавозлиги, эшигидан йўқлаб келганга борини тўкиб-сочиб дастурхон ёзиши таҳсинга лойиқ. Бироқ кейинги пайтда дунёқараши ўзгариб анча “замонавий”лашиб қолган кишилар ҳисобига меҳмондўстлигимизга ҳам кибр, манманлик ва риё аралашгандек назаримизда. Гўёки ҳурматли кишисига атаб ёзилган дастурхонда ўзларининг таъбири билан айтганда, “одамнинг жонию товуқнинг сути”дан бошқа ҳамма нарса муҳайё бўлиши керак. Меҳмонга борган жойида ўзининг нечоғли ҳурматли эканини унга аталган дастурхон ва таомлар билан ўлчайдиганларга ҳам гап топилган:
“Вой, ўлсин-а, одам қадрини билармиди у таги пастлар. Олдимизга атиги икки хилгина овқат тортишди-я. Билганимда бормасдим…”
“Қурумсоқнинг ширинликларига эътибор бердингизми? Дўконда олинган пишириқлар, буюртма билан пиширилган эмасди. Ҳозир ҳамма тўйида буюртма бериб пишириқлар, салатлар тайёрлатишяпти. Ўзи ҳурмат-иззатни билмайдиганлар хилидан экан булар. Келганимга пушаймонлар бўлдим...”
Кўнгилдан чиқариб ёзилган дастурхон ва ундаги ноз-неъматлар ҳам киши ҳурматини белгилайдими? Наҳотки инсоний туйғулар, қадр-қиммат овқат билан ўлчанса?
– Ҳақиқатан ҳам, орамизда қаршисига ёзилган дастурхонга қараб, ўзининг ҳурматини чамалаб кўрадиганлар йўқ эмас, – дейди “Бекажон” газетаси ходими, ижодкор Холиёр Сафаров. – Аммо улар нимани солиштириб кўришяпти, шунга тушунолмайман… Бу иззатталаблик эмасми? Кўп учун ёзилган дастурхондан алоҳида ҳурмат ахтариш менимча, ноўрин. Қолаверса, бу мезбоннинг имкониятига ҳам боғлиқ. Тўғри, баъзан меҳмоннавозлик ва иззат-икромнинг тагида турли маънолар яширин бўлиши ҳам мумкин. Кимдир қалбини очиб қўяди, кимдир заҳрини сочиб… Биров ишини битириш учун, биров йўқотилаётган оқибатни қайта йиғиш учун дастурхон ёзади. Айримлар эса шунчаки: дўстлик ва яқинлик, кўнгил чигалини ёзиш учун… Дунё омонат. Одамлар эса ана шу омонатлик ичра ғанимат. Шундай экан, дўстлик ва яқинлик, яхши кунлар учун ёзиладиган дастурхонлар, тўйларимиз кўп бўлсин. Шодиёналарда дастурхондан эмас, мезбоннинг бағрикенглиги, самимийлигидан хурсанд бўлиб кетадиган ёр биродарларимиз, чин дўстларимиз кўпайсин.
Қизи борнинг қарзи бор!
Самарқандлик хусусий тадбиркор Нилуфар Ғафурова шундай дейди:
– Иш билан пойтахтга борганимда, яқин қариндошларимиздан бири уйига таклиф қилди. Тўғриси, борган жойимдаги манзарадан ҳайрон қолдим. Негаки, Тошкентдалигимдан хабар топган қариндошимиз устма-уст қўнғироқ қилиб уйига боришимни айтганди, борганимдаги ҳолат эса унинг шунчаки, мулозамат юзасидан чақирганини аён қилди. Биродаримиз эшик кепатасида мени кўриб аввал ўнғайсиз ҳолатга тушдилар, сўнг шоша-пиша ичкарига таклиф қилдилар. Даҳлиздан кираверишда эшиги очиқ меҳмонхонада тузалган дастурхонга кўзим тушдию, бироз олдинги ўйларимдан хижолат чекдим. Аммо келинойим мени меҳмонхонага эмас, ўзлари овқатланадиган ошхона айвонига чорладилар. Хулласи калом, бу “томоша”лардан англаганим шу бўлдики, Тошкентда бўй қизи бор хонадонлар, мана шундай меҳмонхонаси эшигини очиб қўйиб, дастурхон тузаб қўяр экан. “...Ҳар ойда бир марта бозорга чиқиб қиммат шоколадлардан, ширинлик, мева ва писта-бодомлардан опкелиб қўямиз. Таомили шунақа, совчиларни чиройли қилиб кутиш керак”, – деди келинойим чимирилиб. Бирор соатча қил устида ўтиргандек ўтирдиму, қайтдим. Ўшанда менинг олдимга ўзларига деб қозонга солинган маставадан ярим коса қуйиб келишди. Шукронасини келтириб таомдан тотиндим. Аммо нега менга шоҳона дастурхон ёзмади ёки совчиларга атаб тузаб қўйган жойига мени манзират қилмади, деган ўйга бормаганман. Фақат тўғрисини айтишим керак, жуда кўнглим оғриганди. Балким дастурхондан ҳурмат излаш ана шу ҳолдир...
– Тўй тўйдaй ўтсин, oвoзaси етти мaҳaллaгa eтсин, дeб ким ўзaргa дастурхон ёзаётганлар эртaсини ўйлaшгa вaқт ёки тафаккур тoпoлмaй қoлдилaр шeкилли, – дейди андижонлик шоира синглимиз Хуршидахон Эшонова. – Элни қирқ кeчaю қирқ кундуз тўйдиришга етгулик нeъмaтлaрни бир кундa тўкиб-сочиб, исрoф қилиш урфгa aйлaниб бормоқда. Oқибaт қизи бoрлaрнинг нoзи қaрзгa aйлaниб, тўй дегани – тaшвиш, ўйлaр йиғиндиси бўляпти. “Фaлoнчининг oрзу-ҳaвaси бoр экaн, тўйидa беш-олти хил тaнсиқ тaoмлaр тoртилди-я”. Бу – эл oғзидaги бир нeчa кунлик эрмaк гaп. Энди эшик oртигa қулoқ тутишгa юрaк дoв бeрмaйди. Oтa қaрз, oнa қaрз, кундa кунoрa қaрзини сўрaб кeлгaнлaр сoни oртсa oртaдики, кaмaйиши гумoн. Тaғин қиз oртидaн қирқ кун юбoрилaдигaн тoғoрaгa нимa дeйсиз (албатта бундай “мусибат” бизнинг водий томонларда мавжуд). Нaҳoт тўкин-сочин тўй қилишгa, “очил дастурхон” ёзишга қурби eтгaнлaрга oилa aъзoсигa aйлaнгaн биргина инсoн – келинни боқиш мaлoл кeлсa! Бу бир нeчa йиллик тoртишувлaргa сaбaб бўлиб кeлaётгaн муаммо. Лeкин ҳaнуз eчим йўқ... Ҳaнузгaчa oдaмлaр унут бўлиб кетадиган, жуда қўпол қилиб айтганда, қоринга тушгач, бир-икки соатдан кейин кўз тушганда кўнгил айнийдиган нaрсaлaр билан бир-бирлaрининг oбрўлaрини бeлгилaмoқдa, қадр-қийматларини ўлчамоқда. Бугун бир кунлик тадбирда бoр будимизни кeткaзмaсдaн, эртaгa eткaзишни, тeжaшни ўргaнсaк бўлaрмиди. Тўйлaр бaрибир тўйдaй ўтяпти, лeкин тaъзия вa мaърaкaлaр-чи? Кимнидир чин дунёга кузатиб, унинг фoний дунёдaн икки газ матога ўралиб, ҳамма топганларини ташлаб кeтгaнидaн ибрaт oлиш ўрнигa, дастурхон ёзиб устма-устига ҳар хил ош-овқатлар тортиб, ўзигa тўқ ҳoжи aкaлaргa зиёфaт бeришгa уялмaймиз... Тавба, наҳотки қорнимизга, нафсимизга шунчалик қул бўлиб қолибмиз... Аттанг, ўйлаганда киши хижолатдан ерга киргулик бўларкан...
Дастурхон ёзиб гуноҳга ботаётганлар
Дастурхонга тортилган ноз-неъматлардан ҳурмат-иззат излайдиган меҳмонлар бўлгани каби, одамларга кимлигини кўрсатиб қўйиш учун, дастурхон ёзадиганлар ҳам анчагина.
– Ҳозир антиқа одат урфга кирган, – дейди бир дугонам юқоридаги каби ҳолатлардан куйиниб. – Тўй-маросимларда сархил мевалар, қиммат ширинликлар ва писта-бодомларни ижарага олиб келиб, дастурхонга қўйишяпти. Энди буёғини ўзинг тасаввур қилавер, дастурхон эгасининг икки кўзи ноз-неъматларда! Бир тўйда шу ҳолат билан боғлиқ жуда ҳам хунук ҳодиса юз берди. Дастурхон атрофида ўтирибмиз. Кексароқ ёшдаги, униққангина кийим-бошли бир онахон хизмат қилиб юрган ресторан ходимларига хориждан келтирилган мевани кўрсатиб кесиб беришини сўрадилар. Ресторан хизматчиси совуққина илжайган кўйи меваларнинг ижарага олинганини, дўконга қайтарилиши кераклигини айтди. Ўша пайтда нигоҳлари дастурхонга музтар қадалиб, хижолатдан кўзлари ёшланиб кетган онахонга қараб юрагим увишди. Одамлар сохта обрў илинжида кўнгилларни вайрон қилиб нимага эришмоқчи бўлишади, а?!..
Динимизда дастурхон ёзиш билан мискин, оч ва эҳтиёжмандларни тўйдириб савобга эришиш буюрилган. Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида хайрли ишларни қилувчи аброр бандаларнинг сифатлари баёнида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят). Биз эса ҳаттоки таъзияларда ёзилган дастурхонга ҳам мискин ва очларни таклиф қилмаймиз. Шундайлар остонамизга келганида ҳам аввало “нозикроқ” меҳмонларимизнинг ҳурматини қилиб (!) таомларнинг аввалини “ҳурмат”ли меҳмонларимизга, улардан қайтгани ё ортганини бошқаларга берамиз. Бундоқ олиб қараса, дастурхон ёзиб ҳам молу давлатимизга зиён қиляпмиз, ҳам гуноҳга ботяпмиз экан.
Ғаззолий Ҳазратлари “Мукошафат -ул қулуб” асарларида шундай дейдилар: “Зиёфатга нуқул бойлар ва амалдорларни эмас, асосан фақирларни таклиф қилиш керак. Пайғамбаримиз буюрадилар: «Дастурхонларнинг энг гуноҳлиси бойлар даъват этилиб, фақирлар чақирилмаган тўй дастурхонидир».
Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мағфиратни вожиб қиладиган нарсалардан бири мусулмоннинг оч кишига таом беришидир», дедилар».
Хўш, биродар, дастурхон ёзаётганингизда очларни тўйдириб, гўзал хулқли мўмин бўлишни истаганмисиз ёинки қорни тўқу кўзи очлар олдида ҳурматингиз ошиб, гуноҳларингиз кўпайишиними?..
Тоғорага тугилган “ҳурмат”
Тўй-маъракаларга боришнинг ҳам ўзига хос “шарт”лари бор. Яъни ҳар бир ҳудуднинг расм-русумига кўра, тоғора, дастурхон ё тугунга мезбонга атаганингизни кўтириб боришингиз... шарт! Шундай қилиб, тадбирга элликтача хотин таклиф қилинган. Элликта хотин элликта тоғора дегани. Тоғоралар норин, қўй гўштили сомса, ҳасип, қовурдоқ, ширинлик, варақи, чак-чак, юпқа ва ҳоказолар каби тансиқ таомлар билан лиқ тўла бўлади. Мезбон камида тўрт хил овқатга тараддуд кўрган. Пишириқ ва салатлардан ташқари, албатта. Хулласини айтганда, тоғорага тугилган овқатлардан ҳам дастурхонга тортилади. Устма-уст, устма-уст овқат... Ахир меҳмонларнинг ҳурматини қилиш керак-ку, тўғрими? Бир томонда меҳмонлар ҳам мезбоннинг ҳурмати учун фалон пулга тоғора буюртириб келишган... Булар исрофгарчилик, ношукрлик, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас экан. Ўйлаб кўринг-а, бир тоғора норин ўртача ҳисобда икки юз-икки юз эллик минг сўмга тўғри келади. Бошқа овқатларнинг ҳам нарх навоси ундан ўтса ўтадики, қолишмайди. Бундоқ олганда юқоридаги сумма бир кишининг бир ойлик маошига тенг... Изоҳга ҳожат йўқ. Бутун бошли бир оила бир ой давомида эҳтиёжига етказиши керак бўлган маблағни аллакимларнинг ҳурмати учун бир тоғорага жойлаш бориб турган аҳмоқлик!
Юз йил яшашни истаймизу...
Ҳаддан зиёд кўп овқат ейиш, устма-уст ҳар хил егуликларни аралаштириб паққос тушириш ҳам жисмоний саломатликка ва ҳам руҳий ҳолатга беҳад зиён эканлиги кўпчиликка янгилик эмас. Машҳур америкалик шифокор олим, сайёҳ, ёзувчи ва оқилона турмуш тарзига эришишнинг буюк ташвиқотчиси Пол Бреггнинг “Очиқиш мўъжизалари” рисоласида келтирилган мана бу сўзлар, тафаккурли кишини ўйга толдириб, яшаш тарзидан хижолат чекишга ундайди: “ Одамлар овқат ва ичимликларга нисбатан ўзларини беҳаёларча тия билмасликлари натижасида белгиланган умрининг ярмини ҳам яшамай ўлиб кетмоқдалар... Миллионлаб ҳаёт кечирувчи жонзотлар орасида фақатгина ягона инсон зоти ўзига берилган умрни табиий чегарасигача яшай олмайдигани бўлса керак. Ҳайвонлар қандай ҳаёт тарзи кечириш, нима ейиш ва ичиш лозимлигини инстинктив ҳолда ҳис этадилар. Агар улар касал бўлса ёки яраланса, одатда овқат емайдилар, очликда бўладилар. Инсон эса энг қийин ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилади, устидан заҳарли ичимликларни ичади ва бундан кейин яна ҳайрон бўладики, нима учун юз йил яшамайди?!”
“Агар таом чексиз лазиз бўлса ҳам, Кўп емагил, келтиради дарду ғам”, – дейди Ибн Сино. Биз эса шодлик, қувончу фахр истаб меъдамизни заҳар билан тўлдириб завқланамиз. Гўёки биз нишонлаётган қувончли кун, тарихий воқеа ёки оилавий тадбирларнинг аҳамиятлилиги, уйимизга таклиф қилинган меҳмонларнинг иззат-икроми бир ойга етгулик емакларни бир кунда сарф этиш билан белгиланадигандек. Бу ҳам дунёқарашимиздаги маънавий таназзулнинг кўриниши эмасми?!..
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 52 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар