1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Табассуминг керак, фақат...

 

 

 

Кўча-куйларда, жамоат транспортларида юрганимизда кишиларнинг ўзаро қўпол муомала-муносабатда кўриб деярли ўрганиб ҳам кетдик. Бир-бирига туртиниб ё қоқиниб кетган икки кишининг сўкиниши, арзимаган майда-чуйда кўнгилсизликлар важидан бир-бирларини оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаётган бозорчилар ва идора ё ташкилотларга иш билан борганларга гўёки улардан қарз сўраб боргандек қовоқ ўйиб, тумшайиб кутиб оладиган ходимларга ҳам кўникиб қолдик. Ўргандик, кўникдик деяпмизу барибир бунақанги ҳолатга тушаверганинг сари дилга оғриқ инади.  Қўполлик қилиш “ҳуқуқ”и га эга кимсаларнинг дағаллиги кўнгилларга озор етказиши , кайфиятни бузиб мўлжаллаган ишларингизнинг орқага кетишига сабаб бўлади.

Қўполлик қилиш “ҳуқуқи”

... Ғалати жумла а? Мулоҳазаларимни оққа туширишдан аввал бир ҳамкасбимиз билан айни мавзуда фикрлашганимизда, дағал, муомаласи қўпол кишиларга нисбатан шу иборани ишлатган эдим, ҳамкасб дўстим “Шундай ҳуқуқ ҳам бор эканми? У кимларга берилган экан” деб қолди истеҳзоли кулимсираш билан. Шундай қилиб, дағал муомала билан дилни оғритиш “ҳуқуқ”и га кимлар эга экан?
Таҳририият топшириғи билан шаҳримизнинг нуфузли ташкилотларидан бирига иш юзасидан бордик. Ўзимизга керак бўлган мутассадди шахснинг исм фамилияларини айтиб, ташкилот ходимларидан бирига мурожаат этгандик, ул хоним худди биз уларнинг энг азиз нарсаларини тортиб олиб қўяётгандек ўқрайиб қарадилар. Хоним саволимизга жавоб бериш тугул, ҳатто берган саломимизга алик олишни ҳам истамадилар. Биз сўровимиз ноаниқ бўлди чоғи, деган ўйда айбдорона алпозда саломимизни ва бояги саволимизни такрорлаган эдик... Хоним “портлаб” кетдилар:
—    Билмайман! Билмайман деяпман! Мен сенларга кимнинг қаердалигини айтадиган справочнийманми? Бор керак бўлса ўзинг қидириб топ!..- Ва ортидан яна бир дунё шанғиллаш...
Энди борган жойингда шундай “иззат-икром” билан кутиб олинсанг, буёғига ишнинг  унишини тасаввур қилаверинг. Ҳартугул, ўша идоранинг раҳбарига учрадик,  таҳририят топшириғини адо этдик. Аммо кайфият... Хайрлашаётганимизда раҳбар жанобларига биринчи қаватдаги ходималарининг  “меҳмондўст” ва “хушмуомала”ликлари  ҳақида айтгандик, “Эрталаб бироз кўнгилсизлик бўлганди, ҳужжатлари жойидамас экан, гапиргандим шунга кайфияти йўқ-да”,  дедилар бамайлихотир. Афтидан бошлиқ жаноблари ҳам ходимларининг қўполлигидан ҳеч хижолат қилмадилар.
Қизиқ, ул хонимнинг кайфиятлари бўлмаса бошқаларга, улар ишлайтган ташкилотга иш юзасидан борган меҳмонларга бундай қўпол муносабатда бўлишларидан не маъни?  Уларнинг кайфияти йўқ дегани бу бошқаларга истаганларидек муомала қилишлари керак, одамларнинг дилини оғритиб, кайфиятини туширишлари керак, дегани эмас-ку! Бир сўз билан айтганда, кайфиятларининг йўқлиги уларга қўполлик қилиш “ҳуқуқ”ини бермайди.  Мусулмон киши мўмин биродарига тили билан ҳам, қўли билан озор етказмаслиги далил қилинган саҳиҳ ҳадисларда.

“Томи кетган”кишининг туҳфаси

Дейлик эрталаб ишга кетяпсиз. Йўлингиздан чеҳрасида мулойим табассум билан қайгадир ошиқаётган йўловчи чиқди. Кўзингиз кўзига тушганди у сизга ширин жилмайиш ҳадя этди. Хўш, шунда хаёлингизга келган биринчи фикр нима бўлади? “Тавба, томи кетган шекилли!?”.. Камига табассумли чеҳрага ўқрайиб ҳам қўясиз. Янглишмадим-а?
Нега шундай экан, ҳеч мулоҳаза қилиб кўрганмисиз? Нега эрта тонгдан хўмрайиб, қовоқ-тумшуғини осволиб, бир нарсадан қуруқ қолган одамдай шошилиб кетаётган киши эмас, айнан хушҳол, кун бошидан ўзига ҳам, ўзгаларга яхши кайфият улашиш истагидаги инсоннинг  “томи кетган” бўлиши керак? Ҳаётимиздаги бу қадар кескинликнинг сабаби нимада бўлиши мумкин? Биз айрим юртдошларимизга шу саволлар билан мурожаат этдик.
Шоира Каримова, Фарғона вилояти: — Атрофимизда шундай қўпол одамлар борки уларнинг оғзидан чиқаётган сўзлардан ҳайратга тушасан киши. Улардаги бу қўполлик, қаҳр-ғазаб қаердан келган, нимага  қалбида атрофдагиларга нисбатан бунча исёну қўполлик ҳеч тушунмайман, ўйлаб ўйимга етмайман.  Айниқса кўча- кўйда гўзаллик ва латифлик тимсоли бўлган айрим аёлларнинг қўпол муомаласи,  дағал гап- сўзлари  дилни ғаш қилади.
Биз яшайдиган кўча Тош Ҳалфа деб номланган. Ажабланиб бунинг маъносини, нега бундай номланганини дадамдан сўрадим.  Бир буюк қори, олим, мўмин  инсон шу кўчада яшаган бўлиб, доим оғизларига тош солиб юрарканлар. Одамлар билан кўришиб қолсалар, мулойим салом- аликдан кейин тошни дарров яна оғизларига солар эканлар.  Бу ишларининг сабабини сўрашганида у зот  "Яна беҳуда гапларни гапириб бировнинг дилини оғритиб гуноҳга  қолмай деб, оғзимга тош солиб олганман. Қачон сўзга оғиз очсам шу тош оғзимдан тушиб кетиб, мани ҳушёр тортдиради. Тошни оғзимда айлантириб, Аллоҳга зикр айтганим ман учун кўпроқ фойдали" деган  эканлар... Ривоятдаги ҳидоятга аҳамият берган киши, дағаллик, қўполлик қилиш тугул, ҳатто ортиқча гап-сўзларни гапириш ҳам зиёна эканини англайди...
— Ҳаётда энг қийин иш бу кибрни енгиш. Бу юмуш гўёки бир тоғни жойидан кўчириш кабидир! Кибрли инсон ҳеч қачон бировни кўнглини ранжитишдан чўчимайди! Унга бировнинг дилини оғритиш, озор бериш роҳат бағшлайди!- дейди сурхондарёлик талаба юртдошимиз Азизхон Абдуллаев.-  Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
“Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирон мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг  киборларини хор қилиб ташлайди. Қалб ҳам мисоли бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон деган  киборлари бор. Шу мамлакатга шоҳларнинг  Шоҳи кириб келса борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Бас, қалбни зийнатлантириш учун кўп зикр қилинг”.   
Сиз  нега бунчалик қўполлашиб кетаётганимизни сўрадингиз. Бунинг эса сабаби оддий: Мол-давлат топдик, аммо ҳузур ҳаловатимиз йўқолди.  Қулайликлар ортди, аммо вақтимиз камайди. Дорилар кўпайди, касалликлар озаймади.  Кеч ётиб, саҳарда чарчоқ билан уйғонамиз. Кам китоб ўқиймиз, кўп телевизор кўрамиз. Кўп гапирамиз-у, кам тинглаймиз. Кўрамизу эътибор бермаймиз. Пул топишни ўргандик, сарфни эплолмадик. Хорижларга саёҳат қилишни, сайру саёҳатларни биламиз, лекин қўшнимиз ҳолидан ҳабар олиш учун икки қадам босмаймиз.  Дунёда нималар бўлаётганидан хабардормиз, аммо ички кечинмаларимиздан  бехабармиз. Ҳовли жойимизни тоза тутишга уринамиз, лекин руҳимизни озода тутмаймиз. Режалар тузамиз, натижалар кўринмайди. Шошилишни ўргандик, сабрни  унутдик.  Танишларимиз кўп, дўстларимиз кам. Ютуқларимиз кўп, қувочларимиз кам. Кўп нарсани биламиз, билганларимизга амал қилишимиз кераклигини ҳис қилмаймиз. Шунча нарса қалбимиз қаттиқлашганидан далолат эмасми? Қалби қаттиқ одам бировнинг дилини оғритишдан қандай андиша қилсин?!..
—    Назаримда, қўполлик - худбинликнинг энг олий  кўринишларидан бири!- дейди журналист Ҳусен Тангриев.- Кўпчилик қўполлик кишининг ижтимоий мавқеидан келиб чиқади деб ҳисоблайди. Масалан, шифохонада ҳамшираларнинг, йўлда патрул ходимларининг, ишхонада раҳбарнинг қўполлигидан нолишади. Назаримда, қўполлик иш фаолияти атрофдагилар билан, кишилар билан мутассил муомалага киришни талаб этадиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Қарс икки қўлдан чиқади, қўпол одамнинг бу тарздаги муомалага сабаб бўлган омилларни таҳлил этиш керак ва улар бартараф этилса бу иллат ҳам якун топади.
Психологик манбаларни варақлаганимизда жаҳлдорлик, қўполлик ва ўзаро муомала-муносабатда дағаллик қилишнинг ҳам ўзига хос турлари борлигини билдик. Манбаларда асосланишича, жаҳлни намоён қилиш шахснинг эмоционал ҳолати бўлиб, унинг асосини қуйидагилар ташкил этиши мумкин экан:
*Нерв-психик касалликлар;
*асаб системасининг ниҳоятда чарчаганлиги;
*оилада яхши тарбия кўрмаганлиги;
*шахснинг характер хислати;
*темперамент жиҳатидан холериклиги;
*ва бошқалар.
Нима бўлганда ҳам кишининг ўз салбий ҳисларини, жаҳлини идора этолмаслиги ва уни ташқи ифодалаш оқибатида атрофдагиларни кайфиятини асабий бузиш инсоннинг ўта заиф ва ақлан номукаммаллигидан далолат беради. Инсоннинг кучлилиги, ақллилиги салбий ҳисларини ташқарига намоён қилишида, заҳрини атрофдаги бегуноҳларга сочишда эмас, балки ўзини идора этишидадир.
—    Бу борада японлардан ибрат олса арзийди, - дейди халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича мутахассис  Фаррух Мирзаутдинов.- Улар ўз оила аъзосининг вафот этганлиги ҳақида хабарни ўзидан ёши катта ёки мавқеи жиҳатдан юқори бўлган кишиларга енгил табассум билан етказадилар. Яъни, “мен учун қайғули воқеа сизнинг кайфиятингизга зинҳор салбий таъсир кўрсатмаслиги керак” мазмунида.  Сафарим давомида  ҳеч бир кўча, жамоат транспорти, метро, дўкон, корхоналарда бирон кишини дағал овозда гапиргани, ёмон кайфиятда юрганини кўрмадим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ёшидан, лавозимидан, мавқеидан, аҳволидан қатъи назар ҳамманинг  юзида табассум. Балки шунинг учун бу юртнинг ривожланган давлатлар орасида қудрати ўзига хосдир, деган хаёлга ҳам боради киши...
Салбий ҳис-туйғулар, жаҳлга эрк бериш билан ҳали ҳеч ким ҳурмат топмаган. Инсоннинг қадр-қиймати, кучи жаҳлини ақл жиловида сақлаб билишда. Қолаверса, кимнингдир муаммолари, ҳаётида рўй берган нохуш ҳолатларга кимдир сабабчи эмас. Бу кишиларга бир-бирининг дилини оғритиш, кўнглини синдириш ва қўполлик қилиш “ҳуқуқ”ини бермайди. Нима дедингиз?

Умида АЗИЗ

 

 

 

Эркаклар орзусидаги аёл қандай бўлиши керак? Аёллар орзсусидаги эркакчи?

Инсон ёлғизликда бахт топмайди. Унинг саодат ва ҳаловати ён-атрофидагилари билан боғлиқ.  Қолаверса, бахтли турмуш, омадли никоҳ, сени ҳар томонлама тушунадиган, ардоқлайдиган ва орзуларингга мос келадиган жуфтинг ҳам тақдирнинг бебаҳо туҳфаси. Ҳар кимнинг ўз тасаввуридаги идеал инсони бўлади. Кимдир ўша идеалига дуч келиб, тақдир йўлларини  у билан боғлашга муваффақ бўлади. Кимдир тақдирига битилган жуфтидан ўз идеалини ясаб олади. Кимдир орзу қилган инсонини ҳаётда учратолмай армон билан ўкиниб яшайди. Умуман олганда, инсонлар қандай жуфтни орзу қилишади? Эркаклар учун идеал аёл қандай бўлиши керак? Аёлларимизнинг тассаввуридаги шаҳзода қандай экан?  Бугунги репортаж айни мавзуда.

Меҳр-муҳаббат ҳар нарсадан қадрли

Улуғбек Жўраев, 36 ёш: — Билишимча эркак ва аёл ўз жуфтини бир хил орзу қилади. Гўзал, қомати келишган, меҳрибон, тақдирига битилган ёри ва унинг оила аъзоларини астойдил  ҳурмат қиладиган, бир иш бошлашдан олдин эри ё аёлининг маслаҳатига қулоқ соладиган жуфт ҳамма учун идеал ҳисобланади. Менимча аёлга меҳр -муҳаббат, ширин сўз, эътибор шарт. Бу улар учун қиммат баҳо буюмдан кўра қадрлироқ ва зарурроқдир.

Тушган жойига сингиб кетса...

Нодирбек ЭРГАШАЛИЕВ, 28 ёш:  — Мен иболи, ораста, покиза қизни идеал қиз деб биламан. Иболи бу ўзини номаҳрамлардан яшира оладиган, ўзини ҳурмат қила била оладиган кўпчиликни орасида ўзини тута била оладиган аёлга берилган нисбат деб ўйлайман.  Покизалиги ўзига ҳам, эрию оиласига ҳам гард юқтирмайдиган, хонадони шаънини ҳар недан устун қўядиган аёлларни қадрлайман. Қолаверса, уйнинг гапини кўчага чиқариб элга овоза қилмайдиган, уйим-жойим деб тушган жойига сингиб кетадиган қизлар ҳам йигитларнинг орзусидаги малика.

Аёл ғайратсиз эркакни севмайди!

Ҳафиза Азимова, 29 ёш: — Ҳамманинг ҳам ўз идеали бўлади. Иделлар ҳар хил бўлади, бу инсоннинг  ёши, қизиқишлари, дунёқараши, тарбиясидан келиб чиқади. Мисол учун бўйдоқ йигитларнинг кўпчилиги аёл кишининг ташқи суръатига қараб баҳолайди. Бўйдоқнинг кўзи билан қиз танлама деган ибора ҳам бежизга ишлатилмайди, халқ орасида. Исломдан хабардор йигитлар қизнинг диний таълимотини юксак баҳоласа, баъзи йигитлар қиз отасининг обрў-эътибори, иқтисодий аҳволига қизиқади. Менталитетнинг ҳам ўрни бор бу борада. Баъзи йигитлар ўқимишли, олий маълумотли қизни орзу қилсалар, баъзиларига қизнинг савиясининг аҳамияти йўқ: улар учун аёл киши ювошгина, қўпол қилиб айтсам, бола туғиб, боқиб ўтирса бўлди.

Аёл киши эса ҳар жиҳатдан  ўзидан бир поғона юқори эркакни орзу қиладилар: бўй-баст, қад-қомат, савия, молиявий аҳвол, ирода ва ҳоказо. Идеал эркак киши уй бошлиғи, суянишга арзигулик тоғ, ўз сиёсатига эга бўлиши керак. Мисол учун эркак киши турмуш муаммоларига ечим топа олмайдиган, беғам, бўшанг бўлса аёл киши олдида обрўйини йўқотади. Аёллар эркак кишининг кам пул топишига сабр қилишлари мумкин, лекин ғайратсиз эркакни севмайдилар.

Асл бахт- тақводор жуфт билан

Ҳайдар Абдулла, 47 ёш: — Бу жуда ҳам катта мавзу. Инсонлар  яратилиш моҳиятига кўра турлича. Шунинг учун бу борадаги тушунчалар ҳам турлича бўлиши табиий ҳол. Яратганнинг махлукотларида  маъно  жиҳатида уч юзи бор. Бир юзи бу дунёга қарайди, қайсики биз кўзимиз билан кўриб ҳис қилаётган зарар ва манфаатлар. Иккинчи юзи охиратга қарайди, қайсики инсон бу ерда қилган амаллари натижасини охиратда кўради. Учинчи юзи Аллоҳнинг исмларининг  бу дунёдаги жилвалари...  Мана энди саволга кўчамиз. Лекин саволни бироз ўзгартирсам, дегандим.  Яъни  "ҳақиқий эркак орзусидаги аёл қандай бўлиши керак?" десам, балки эркакларимиз ҳам аёлларимиз бу маслага жиддий қараган бўлар эдилар.  Бу масалада жуда гап кўп, имкон қадар қисқа қиламан, мени диққат билан ўқиганлар ҳақиқатни топади иншаАллоҳ. Маълумки энг буюк лаззат  дунё ва охиратда бахтли - саодатли бўлиш. Бу дунёда "бахтли эр-хотин" бўлиб  яшашлик орзусини ҳар ким ҳис қила олади. Энди дунё ҳам охират жиҳатида мақбул бахтли оила кимлар?  Шу ерда эркак ҳам хотин учун энг муҳим жавоб бор. Бу жавобни мен етишган буюк "Ҳакикат соҳиблари"нинг сўзларидан кўчириб айтяпман: “Бахтиёрдир у эркакки; аёлини диндор кўриб, рафиқасини абадий ҳаётда йўқотмаслик у ҳам диндор бўлади (динда яшайди). Бахтиёрдир у хотинки; эрининг диёнатига боқиб "абадий ҳаётдошимни ҳеч кимга бермайман" деб  у ҳам тақвога киради.  Дўзахи вайл бўлсин у эркаккаки; солиҳа хотинини абадий йўқотадиган айш- ишратга берилади. Қандай бадбахт хотинки; такводор хўжайинига тақлид этмас, у муборак абадий рафиқасини қўлидан бой бермоқда.  Минглар дўзахи вайл бўлсин у икки бахтсиз эр-хотингаки  бир-бирининг фисқ ва сафоҳатига тақлид этадилар. Бир -бирини оловга отилишига ёрдам бермоқдалар...

Инсоннинг фитрати тоза бўлсин...

Сожида Алимова, 33 ёш: — Аёлларнинг орзусидаги эркак ҳақида бир сўз билан, мард, гапида  турадиган, ваъдасига вафоли,  рўзғорини таъминлаб қўядиган инсон деб аташ тўғри. Лекин ҳурматли эркакларимиз, уйланиш остонасидаги  йигитлар бундоқ сал орқа олдларига қарб орзу қилсалар яхши бўлармиди?! Аёл кишига кўп нарса боғлиқ-да. Аввломбор йигитларимиз насл-насаби тоза, қони тоза, онаси покиза, фаҳш-ва зинодан йироқ қизларни орзу қилсалар ҳам ўзларига ва ҳам жамиятга наф бўларди.  Шу ўринда ўз кўзим билан кўрган бир воқеани келтириб ўтишликни жоиз билдим.

Бир ой олдин ишхонамга яқин “дом”га кўчиб ўтдик. Сирдарёлик бир аёл бор экан. Кўринишидан бир чиройли аёл. Икки фарзанди билан эрларига хиёнат қилган эканлар.  Ажрашишган. Болалар эрида қолган.  Аёл етти йилдан бери Тошкентда. Хоним кўнгиллари нимани хоҳласа шуни қилар эканлар.  Уйга фақат кийим алмаштиришга келади. Собиқ эри ҳозир уйланган,  яна фарзандли бўлиб бахтли яшашяпти экан. Рамазон кунларида у аёлни қилган ишларини эшитиб, кўриб ҳайратдан қотиб қолдим. Ҳозир Москвада эканлар. Эркакку ҳаётини йўлга солгандир, лекин биринчи хотини хиёнат қилган, деган маломат, фарзандалри учун “онаси хиёнаткор, ахлоқи бузуқ” деган таънани эшитиш қанчалик оғир?! Бу маломатларининг залвори осони эмас!.. Шу сабаб ҳам бошида айтганимдек, йигитлар ниятда ҳам эҳтиёт бўлишлари шарт.

Аёлга меҳр беринг...

Гулноз Алишер қизи, 31 ёш:— Саволингизга жавобни севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг қуйидаги сатрлари билан бошласам:

Йиғласангиз йиғланг ҳушёр, сергак учун,
Не бир яхши, ёмон кунда тиргак учун.
Опам, синглим, кўз ёш тўкманг сира-сира,
Аёлга бахт беролмаган эркак учун...

Аёл қандай эркакни орзу қиларди? Ўзига бахт бера оладиган, яхши ёмон кунида тиргак бўладиган, йиғлагиси келганида елкасини тутадиган, бош қўйгиси келганда кўксини берадиган, мард, фидоий эркак учун аёл жонини, борини, ҳаётини бахш этади. Унинг орзуси шугина, фақат шугина. Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов шундай дейдилар: “Ой Қуёшдан нур олади. Аёл ҳусни муҳаббатдан очилади. Эркак қанча кўп меҳр берса, аёлнинг ҳусни шу қадар очилади”... Демак, аёлни ҳақиқий аёлга айлантирадиган бу жуфтининг унга бўлган меҳр-муҳаббати...

Турмуш қуриш- бу бамисоли лоторея, аммо унда ютуқсиз чиптани йиртиб ташлаш имконияти йўқ,  деган эди файласуфлардан бири.  Демак,  яхши жуфт билан тақдир йўлларининг бирлашуви ҳам Аллоҳнинг бир карами, туҳфаси экан. Инсоннинг жуфти ҳалоли –имтиҳонидир. Нима ҳам дердик, ният юксак, кўнгил тоза бўлсин аввало.  Орзусидаги инсон билан бахтли умргузаронлик қилиш саодати ҳаммага насиб этсин.

Умида АЗИЗ тайёрлади

Жуфтингизни ким танлаган?

 

 

 

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, ота-оналарнинг аралашуви ва совчиларнинг учраштируви натижасида юзага келган оиланинг 90 фоизи бахтли турмуш кечиришар экан. Инқирозга юз тутган турмушларнинг 80 фоизини эса севги-муҳаббат асосида қурилган оилалар ташкил қилар экан. Бу гаплар нечоғли ҳақ ё ноҳақлигини билмадигу, бизнингча қай йўсинда бўлмасин жуфтлар аввало оила масъулиятини ҳис эта олсин. Рўзғорнинг кам-кўсти, баланду пастига бардоши етсин. Ахир, севишиб турмуш қураётганларнинг ҳам, ота-она хоҳиши билан оила даргоҳига қадам қўяётганларнинг ҳам мақсади бахтли ва фарвоон ҳаёт кечириш бўлади. Фақат бу йўлда кимдир қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ўзида куч ва бардош топа олади, биров эса иродасизлик қилиб ярим йўлда бахтини бой беради. Бугунги мунозарада муштарийларимиз билан айни мавзуда фикр алмашдик.
“ҚАЙНОНАМНИНГ КЕЛИНИМАН”...
Нигора 26 ёш, чевар: — Қайнонам узоқ-яқиндан мен ҳақимда эшитиб, “шу қизни бир кўрай-чи”, деб сингиллари билан бир кўйлаклик матони кўтариб келдилар. Мен кўйлакларини тикиб берганимдан сўнг, қайнонам секингина кўнглимга ёққан йигитим бор-йўқлигини сўрадилар. “Йўқ” дедим. Сўнгра уйимизга совчи бўлиб келдилар. Турмуш ўртоҚим билан учрашиб, дунёқарашларимиз муштарак, кўп томонларимиз ўхшашлигини билиб, тўйга розилик бердик. Худога шукр, ҳозир икки нафар фарзандим бор. Бахтли бўлиш учун жуфтнинг онасига ёқиш муҳим экан. Қайнонам ҳар қандай қийин вазиятларда ҳам мени қўллаб қувватлайдилар.
“КЎНГЛИМГА ҚУЛОҚ СОЛИШМАДИ”
Зайниддин ака 35 ёш, тадбиркор: — Уйланаётган кезларимда ота-онам кўнглимга қулоқ солишмади. Ҳарчанд ота-онамга вазиятни тушунтиришга уринмай, барибир айтганларида туриб олишди. Хуллас, яқин дўстининг қизини менга олиб берди. Қиз мендан анча ёш кичик бўлиб, тўғриси кўп нарсаларга ақли етмасди. Ҳар қанча уринмай унинг дунёқарашини ўзгартиролмадим. У худди ёш бола дадасига эркалик қилгандай, инжиқлик қилар, эр-хотинлик масъулиятига ақли етмасди. У билан ҳаётини давом эттиролмадим. Ажрашдик. Бир йилча уйланмай юрдим. Кейин салкам ўзим билан тенгдош қизни учратдим. Бир-биримизни тушунардик, қарашларимиз мос келарди. Турмуш қурдик. Худога шукр, ҳозир ҳаётим яхши, аммо бир марта хотин қўйган, деган номни олганим ёмон бўлди-да...
“МУҲАББАТДАН БАХТ ТОПДИК”
Дилфуза опа 32 ёш, ўқитувчи: — Севишиб турмуш қурганмиз. Муносабатларимизга ота-оналаримиз қаршилик қилишмади-ю, лекин тўйдан кейин анча машаққатларни бошдан кечирдик. Икки йилча фарзандимиз бўлмади. Кейин болали бўлдик. Энди кўнглимизга офтоб тегади, дегандик, рўзғорнинг ғори- иқтисодий қийинчиликларга рўпара бўлдик. Ҳаммасини тушунса, қадрласа, асраб-авайласа бари кўнгилдагидек бўларкан. Ўз ҳаётим мисолида бунинг исботини кўрдим. Қийинчиликларга бардош бериш учун, ўртада меҳр-муҳаббат бўлиши шарт.
“УЗИЛИБ КЕТАЙ ДЕГАНДА...”
Шерзод ака 32 ёш, журналист: — Келинойингиз билан бир-биримизни ёқтириб, кўнгил бериб турмуш қурганмиз. Уйдагилар унча хушламаганди. Тўғри, айримлар “севги-муҳаббат нима берарди, ўша битта хотин, битта-эр-да”, дейишади. Қайси маънода улар ҳақдир ҳам. Лекин кўнгилни алдаб бўлмайди. У моддий қийинчилик қаршисида ҳам, маънавий қийинчилик қаршисида ҳам, ўзини тушунган жуфти томон талпинаверади. Бу — инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Келинойингиз билан баъзан ўртамизда яхши-ёмон гаплар ўтиб туради. Гоҳида турмушнинг оғир мушти иккимизга ҳам малол келади. ўша қийин дамларда узилиб кетай-кетай деганда нимадир бизни ушлаб қолади. Ўша “нимадир” орамиздаги муҳаббат, меҳр, ўзаро ишонч ва бир-бирига талпинаётган кўнгиллар...
ИНТЕРНЕТДА БОҒЛАНГАН ТАҚДИР
Гавҳар 29 ёш, магистр: — Яқинда унаштирилдим. Бўлажак турмуш ўртоғим билан интернет тармоғи орқали танишганмиз. Ярим йилча электрон почта орқали гаплашиб юрдик. Иккимиз икки вилоятданмиз. Йигит хорижий давлатлардан бирида таҳсил оларди. ўқиш муддати охирлаб у юртга қайтди. Биз учрашдик. Аслида электрон мактублар орқали гаплашиб юрган пайтларимизда ҳаётга қарашларимиз, ўй-хаёлларимида мутаносибликлар борлигини билардик. Кўришиб, юзма-юз суҳбатлашганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик ва турмуш қуришга аҳд қилдик. Мен ишонаманки, бизнинг ўртамизда бир-бирини тушуниш, меҳр-муҳаббат туйғулари бор экан, бахтли оила қура оламиз.
ИШҚ БОШҚА ҲАЁТ БОШҚА...
Дилшод ака 35 ёш, савдо ходими: — Менимча жуфтни ота-оналар розилиги билан танлаган маъқул. Ўаётда ҳар хил вазиятлар бўлади. Турмуш деганлари фақат бир текисда, хуш-хурсандчиликда кечмайди. Яхшисидан ёмони кўп, енгилидан оғири. Севги-муҳаббат асосида оила қурганларнинг кўпчилиги, “тўйдан олдин бундай деб ваъда бергандингиз, ундай деб ваъда бергандингиз” қабилида бир-бирига иддаолар қилади. ўсма-сурма, пардозу андоз билан йигитнинг оромини ўғирлаган қиз тўйдан кейин, зардаю маломатлари билан куёв болага ялмоғиз бўлиб кўринади. Келинпошша ҳам оши-маъшуқлик давридаги “оҳ-воҳ”лар, совға-салому кино-концертларни “тушлариида кўравериб” аламзадага ай    ланиб қоладилар. Кўриб турибсизки, “характеримиз тўғри келмади”, “бир-биримизни тушунмадик” сингари важкорсонлар чиқиб оила бузилишгача боради. Ота-оналар аралашуви асосида юзага келган оилада икки томон ҳам бир-бирига талпинади, меҳр беришга ошиқади. Бир-бирининг кўнглига йўл топишга уринади. Шу сабаб ҳам жуфт танлашда ота-она фикрига қулоқ солиш керак, деб ўйлайман.
...ЎЗ ОЁҒИДАН ЙИҚИЛСА, ЙИҒЛАМАЙДИ
Назокат ая 70 ёш, нафақахўр: — Менимча, қиз узатиб, ўғил уйлантираётганда болаларнинг кўнглига қараган маъқул. Мен бу билан “болам уни севибди, қизим буни яхши кўрибди” деб орқа-олдига қарамай рози бўли керак демоқчи эмасман. Фарзандингиз кўнглига ёққани борлигини айтса, аввало ўша қиз ёки йигитнинг оиласи, келиб чиқиши, насл-насабини суриштиринг. ўзингизга мос тушса, ҳеч иккиланмай рози бўлаверинг. Агар нариги томонда сизга ёқмаган жиҳатлар, ёки келиб чиқиши, авлод-аждодида бирор қусур бўлса, болангизга ётиғи билан тушунтиринг. Оиланинг муқаддаслигини, рўзғорнинг ғорини, турмушнинг қийин савдолари борлигини болангиз аввало сизнинг маҳоратингиз асосида кўрсин. Ҳар қандай шароитда мустақил қарор қабул қилишга унданг-ки, худо кўрсатмасин, ҳаётида озгина қийин вазиятга тушиб қолса, хатони ота-онасидан изламасин, сизни айбдор қилмасин. Бола ўз оёғидан йиқилса, йиғламайди, деган нақл бор. Шунингдек, фарзандингизни ўз ҳолига ҳам ташлаб қўйманг. Унутманг, фарзанднинг базтли ёхуд бахтсиз бўлиб қолишида ота-она асосий ўрин тутади.
Ватанимизда бир-бирини тушунадиган, меҳр-муҳаббат билан ардоқлайдиган жуфтлар кўпайсин, мустаҳкам оилаларимизни саоат, рўзғоримизни файзу барака тарк этмасин, деб қоламиз.

Умида АДИЗОВА.

 

 

 

Ахлат ташлаган ахлатдай хор бўлсин

“Дунё чиқиндихонага айланиб боряпти!”
… Йўналишли маршурт таксида ишдан қайтаяпман. Радиодан экологик муаммолар, атроф- муҳит тозалигига эътибор ва она табиатга дахл қилаётган экологик таҳдидлар ҳақида соҳа мутахассисининг фикрлари берилаяпти. Ёнимда ўтирган йўловчи чўнтагини ковлаштирди-да, сигаретадан бўшаган қутини автоулов деразасидан ирғитиб юборди. Радиода эса чиқиндиларни махсус мўлжалланган ахлат ташлайдиган жой ёхуд идишларга ташлаш ваҳоказо ваҳоказолар ҳақида биров жавлон уриб гапиряпти...
... Жамоат трпанспортлари тўхташ жойида автобусдан тушган йўловчи аёл кўзларини узоқларга қадан куйи, қўлидаги чиптани ён томонига ирғитиб йўлида давом этаверди. Бежирим, ўзига ярашиқли кийинган хонимнинг ташқи кўринишига ярашмаган бу қилиғини автоулов кутиб турган бир кекса ёшли йўловчи ҳам кўрибдилар чоғи, оғринган куйи бошларини ўйнатиб қўйдилар. Кишининг дунёқараши, маънавияти, маданиятининг нечоғли эканини биргина хатти-ҳаракатидан  билиб олиш мумкин. Ҳалиги оқбилак хонимнинг чиптани ахлат қутисига ташламай ҳавога улоқтиргани унинг аслида қай даражада маданиятли эканлигини билдирганидек...
... Эрталаб кўпқаватли уйлар оралаб ишга кетяпман. Ҳаво тоза, осмон мусаффо. Қушчаларнинг чуғур-чуғури дилга ажиб қувонч бағишлайди. Хаёлга берилиб юриб кетаётсам, алла нимага қоқиниб депиниб кетдим. Оёқларим остида ахлат билан тўлдирилган қора елим халта ётган экан... Оғзи тузукроқ маҳкамланмаган пакет ичидан чииқб тонгги ел қўлида чирпипрак айланаётган конфет қоғозлари, яна алланималар ва... кўргани кўз хижолат бўладиган аёллар учун зарур гигиеник восита...
Шу куни қандай кайфиятда ишга борганимни билмайман. Турган гапки нохуш кайфиятда бошлаган ишимда унум бўлмади...  
Анча аввал интернет сайтларининг бирида “Дунё чиқиндихонага айланиб боряпти” деган хитоб пайдо бўлди. Мақоладаги маълумотлар агар дунё кишилари табиат билан шу тахлит муносабатда бўлишса, яъниким атроф-муҳит  тозалиги, кўча-куй, хиёбонларнинг ободонлигига барча бирдек масъулият сезмаса табиатнинг бу ишларга жавоби инсониятга оғир келишини далолат қиладиган фактларга тўла эди.
Чиндан ҳам дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари юракни ўртаган ушбу мавзу юзасидан кескин фикрларни ўртага ташлаётганига қарамай, ҳануз инсоният атроф-муҳит билан муносабат ўрнатиш маданияти хусусида чуқурроқ мулоҳаза қилмаяпти.
Умуман олганда атроф- муҳит тозалигига масъулият билан ёндашиш маданияти бизда нечоғли эканини, кўп қаватли уйлар ҳовлисида бетартиб сочилиб ётган чиқиндилар, ҳар хил идишлару, маҳсулотларнинг қоғоз қолдиқларидан билиб олиш мушкул эмас. Бу ҳақида қанча гапирилмасин, ёзилмасин  токи ҳар бир ўзини маданиятли деб биладиган шахс ўзини табиатга дахлдор ҳисобламас экан, кўзда тутилган  натижага эришиш қийин.
Ҳар гал кўча-куй, хиёбонлардан ўтиб кетаётиб йўл устидаги семичка пўчоқлари, музқаймоқ қоғозлари, сигарета қутилари ва ҳаттоки  ичимликлардан бўшаган елим идишларни кўриб киши таъби хира бўлади. Орқасида кераксиз нарсаларни ташлаб кетаётган ўз уйи, ҳовлисида шундай қилармикинлар? Йўқ.  Ҳеч ким сигерта қолдиғи, пиводан бўшаган идиш ёки музқаймоқ қоғозини ҳовлисига ирғитвормайди.

“Энг катта хато — лоқайдлик!”
—    Атроф – муҳитга бўлган муносабатимиздаги  энг катта хатомиз бу- лоқайдлигимиз. Чунки кўчада юрганда қўлимиздаги ортиқча нарса (сақич қоғози, музқаймоқ ёрлиғи ва бошқа) ларни ахлат қутиларга ташламай дуч келган жойга улоқтириб, йўлимизда давом этаверамиз, - дейди Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар 1- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гулноза Ширинова. -  Айрим ҳолларда  уйимиздан чиққан ахлатларни 10-15 қадам юришга эриниб, ахлат ташлайдиган  махсус қутиларга ташламасдан ариқчаларга ташлаб кетамиз. Баъзида ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган, дунёқараши шаклланмаган болаларимизнинг кўз ўнгида  юқоридаги нохуш ишларни қилсак, баъзида мурғак гўдакларнинг қўлига ахлат солинган елим халталарнитутқазиб, “бирор панароққа, уйимиздан сал четроқда ташлаб келавер” деб ҳам ўргатамиз.  Кўриб турибсизки, ота-онасидан ахлат халтасини махсус жой ёки қутиларга эмас, қўшнининг ҳовлиси ёхуд дарахт панасига ташлашни ўрганган болакайга ўқитувчи қандай қилиб атроф-муҳитга нисбатан бефарқ бўлмасликни, тоза турмуш маданиятига эришишни уқтиролади?.. Қизиқ, бизда чиройли кийиниш, русча жумлаларни қўшиб-чатиб гапириш  ва яна алланималар маданият даражасига кўтарилгану, аммо  ҳақиқий маданият ҳисобланган озодалик,  ўзи яшаб турган ҳудуднинг тозалигига аҳамиятли бўлишга маданият сифатида қаралмайди. Ахир тозалик соғлик гарови, қолаверса шаҳару қишлоқларимизнинг кўркам, озода ва ободлиги ўзимизнинг фахримизку...

“Инсон инсоний фазилатлардан айро тушса...”
Дарвоқеъ, бу борада  масъул  бўлган  шаҳар ободонлаштириш бошқармасини излаб йўлга тушдик. Мазкур идора бошқа ерга кўчганини, тушунтирган Насиба опа Тешабоевадан фикрларини сўраган эдик, ишлайдиган ташкилотларини сир тутишимизни илтимос қилган опа тўлиб-тошиб гапира кетдилар:
—    Мусулмончиликда бировнинг эшиги тагига ахлатини ташлаб кетиш борми?! Одамларимиз Худо дейди, ибодат қиламан дейди-ю оддий инсоний фазилатларга эътибор бермайди.  Дўмбиробод маҳалласи томондан синглим ҳовли сотиб олиб кўчиб кетди. Синглимдан аввалги уй эгалари кўчиб кетишганига анча йиллар бўлган экан. Маҳаллада яшовчи одамлар жуда ҳалати экан; кўча бошида ахлат ташлайдиган махсус жой белгиланганига қарамай, одамлар кимсасиз ҳовлининг бир бурчагига ахлатини ташлаб кетаверишар экан. Синглим кўчиб чиққанидан кейин одамларга уч-тўрт маротаба айтдик, бировига гап кор қилмаганди, маҳалла фаолларига мурожаат қилдик. Ишонсангиз ҳаттоки бундан ҳам ҳеч наф бўлмади! Одамлар шунчалик бетамиз бўлиб кетганми, деб ёқамни тутиб қолдим. Ҳатто маҳалла фаолларига, “ҳовлининг одамларингиз ахлат тўкадиган бурчагига, “АХЛАТ ТАШЛАГАН АХЛАТДАЙ ХОР БЎЛСИН” деб ёздириб қўяман” ҳам дедим. Одамларимиз шунчалик бети қаттиқ бўлиб кетишган экан, бу гап ҳам кор қилмади-я! Ахир бировнинг эшиги тагига алат қўйиб кетиш учун одам боласи ваҳшийдан баттар, тарбиясиздан беш баттар ахлоқиз бўлиши керакку! Яна одамлар орасида юрганимизда, “пулнинг баракаси йўқ”, “итдай югуриб топган-тутганимизнинг нимага харж бўлаётганини билмаймиз” деган иддаоларни эшитиб қоламан. Ҳай, оддий нарсаларга ақлингиз етмаса, мусулмоннинг мусулмонга озори етмаслигини англамасангиз, бировнинг эшиги тагига ахлат ташлаб кетиш ГУНОҲ эканини мулоҳаза қилмасангиз, уйингизга  қандай барака кирсину, дуоингиз қандай ижобат бўлсин?!..
Опанинг оғриқли фикрларида жон бор. Чиндан ҳам турмушимиздан, ҳаётимиздан нолиб юрамизу кези келганда феълимиздаги кемтикликлар сабаб шу ҳолга тушаётган бўлишимиз мумкин, деб мулоҳаза қилиб кўрмаймиз. Баъзан ўзимизни жуда катта одам санаб, кишиларнинг касбу корига қараб муомала қиламиз. Катта лавозимда ўтирадиган амалдорни ҳурмат қиламизу, кўча-хиёбонларимиз,  ишхона-идораларимизнинг озодалигини таъминлаб, уларнинг кўркига кўрк, файзига файз қўшаётган

Фаррошларга паст назар билан қараймиз
Аслида-чи, ким камситилишга лойиқ, тўғри келган ерга чиқинди ташлаб кўзи тушган кишининг таъбини хира қилган маданиятсизларми ёки жойи келганда биз қарашга ҳам ҳазар қиладиган ахлатларни қўли билан олиб, махсус идишга соладиган, эрта тонгдан кўча-хиёбонларни  тозалаб, ўз ишидан завқ туядиган фаррошларми?..
Тозалик, озодалик айниқса, умумжамоа жойларида орасталикни сақлашга барчамиз бирдек масъулмиз. Ахир остонамиздан ичкарини тоза, ораста сақлашга, уйимизга кириб келган кишига имкон борича нохуш таассурот қолдирмасликка ҳаракат қиламиз-ку, нега энди ўзимиз яшайдиган ҳудуд ёки кўчанинг озодалигига бефарқ бўлар эканмиз? Тўпланиб турган ахлат  уюмлари, подездларимиз олдида пала-партиш ташлаб кетилган чиқиндиларда бижғиётган микроблар ўша атрофларда ўйнаб юрган ёш болаларимиз, қолаверса ўзимизнинг саломатлигимизга зиён етказади. Бу нарсаларга ақли етадиган даражадаги кишилармиз, тўғрими?..
—    Шаҳримиз кўчаларида ахлат ташлайдиган

Махсус идишлар жуда кам
-    дейди ҳамшаҳримиз  Нилуфар Равшанбекова.- Масалан, ҳозир шу биз транспорт кутаётган  бекатни олсак, ишлатилган чипталарни ташлайдиган махсус ахлат қутиси йўқ. Яна биз турган кўча шаҳримизнинг марказий кўчаларидан бири ҳисобланади. Бекат атрофида турли давлат муассаса ва ташкилотлари жойлашган. Иккита бекатга ҳам эътибор берсангиз, махсус қути қўйилмаган. Бундай жойлар анчагина. Аксарият ҳолларда кўчада юрганимда болаларимга олиб берган ширинликларнинг қоғозини ёки салқин ичимлик идишини ташлай десам, ахлат қутисини тополмай қўлимда кўтариб юравераман. Мутассадди ташкилотлар бу хусусида яхшироқ ўйлаб кўрсалар бўларди...

Айтмоқчимизки...
Инсон ҳаёти ташқи муҳит билан чамбарчас боғлиқ. У ташқи муҳитнинг барча омиллари,  табиат ва жамиятнинг ҳар  томонлама  мужассам таъсири остида яшайди, фаолият кўрсатади. Атроф-муҳитнинг тозалиги, мусаффо ва хушманзаралиги энг аввало кишининг кайфияти ва саломатлигига фойдали. Қолаверса, маданиятли кишилар яшайдиган ҳудуд ҳамиша тоза, ораста ва кераксиз чиқиндилардан холи бўлади. Шунингдек, ўзини маданиятли, маънавиятли ва чин инсоний фазилат соҳиби санаган одам ҳеч қачон тўғри келган жойга ахлат ташлаб кетавермайди. Тўғрими?

Умида АЗИЗ

Маълумот ўрнида: (алоҳида рамка ичида) Ҳозирги пайтда шаҳар аҳолисининг   ўртача чиқарадиган чиқиндиси одам бошига 100-400 кг. ни ташкил этади.
1975 йилда ер шарининг 40 % аҳолиси шаҳарда яшаган бўлса, ҳозир бу рақам 45 % ни ташкил этади.
Ўзбекистонда 40,3 % шаҳарда яшайди.  Ўзбекистонда аҳолиси 100. 000 дан ортиқ бўлган 110 та шаҳар мавжуддир.
Англияда аҳолининг 80 %,  Германияда 85 %, Францияда 75 %, АҚШ ва Японияда 70 % шаҳарда яшайди.
Тошкент шаҳридан бир йилда 600 минг тонна ахлат чиқарилади.

Тақдир билан ўйнашманг

Ёхуд суд остонасидаги эр-хотинлар учун

Ўзбек хонадонларида азал-азалдан оила муқаддас, ундаги қадриятлар, анъана ва одатлар юксак тарбия манбаи сифатида қаралади. Элимизнинг урф-одатларига кўра, ўғил уйлантирадиган хонадон совчилик асосида фарзандига жуфт қидиради. Аксарият ҳолларда, бўлғуси келинчак куёв бўлмишнинг яқинларига маъқул келсагина ёинки акси, куёв бўлмиш қиз томонга ёқса икки ёшнинг боши қовуштирилади. Бугунга келиб айрим кишилар миллий анъаналаримизга хос насл-насаби, феъл-атвори, оиласидаги маънавий муҳит, ўзаро муомала-муносабат, никоҳ остонасида турган ёшларнинг касбу ҳунарига қараб эмас, аксинча қуда бўлмишларнинг молиявий аҳволини ҳисобга олган ҳолда фарзандига жуфт танлашяпти.
Бундай ажабтовур келишув орқали турмуш қурганларнинг никоҳи минг афсуски, узоқ давом этмайди. Ажралиш, оила бузилиши эса одамларимиз учун улкан фожеа. Болаларининг кўнгли билан ҳисоблашмай, моддиятни биринчи ўринга қўйган ота-она фиғони фалакка ўралаб, шундоқ ҳам изтиробда қолган фарзандини эзаверади. Юракка наштардай санчиладиган  “битта эрни эплаб яшолмайсанми?!”, “эркак бўлиб битта хотинни уддалай олмайсанми?!” каби маломатлардан эркак зада бўлган, аёл эзилган. Уруш-жанжаллар орасида ўсаётган болаларнинг мунгли кўзларига қарашга юрак бетламайди. Хўш,

Никоҳни бекор қилиш фожиа...ми?

Мулоҳаза қилинса, нотинч, бир-бирига тоқат қилиб, бир том остида мажбуран яшагандан кўра, ундай оилада яшовчи эр-хотинларнинг ажрашиб кетганлари маъқул эмасмикан? Агар ўртада фарзанд бўлса, болаларнинг ҳақ-ҳуқуқини суиъистемол қилмаган ҳолатда, дўстона, тинч йўл билан муаммоларни бартараф этиш мақсадга мувофиқ бўлармиди? –деймиз  мақола юзасидан ҳуқуқшунос Амрулло Аҳмедовнинг фикрларини билиш мақсадида.
—    Оила муқаддас маскан, уни авайлаб асраш жуда муҳим. Чунки оила жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланади. Аввало оила деб аталмиш даргоҳни қуриш учун унинг пойдеворини мустаҳкамлашимиз даркор. Оиланинг асосини эр ва хотин ташкил этади. Ҳозирги кунда кўплаб ёш оилалар оиладаги тушунмовчиликлардан, эр-хотиннинг бир-бирини тушуна олмаётганликлари, ёки “эр (хотин)им менга мос эмас” - деган баҳонайи важлар билан  ҳуқуқий идораларга мурожаат қилишяпти. Аксарият холларда арзимаган баҳона, оддий дилхираликлар сабабидан ажрашиш учун судга мурожаат қилиш холатларини жуда кўп учратиш мумкин. Ана шундай ҳаётга, оилага енгил қараш оқибатида ҳозирги кунда ажрашишлар сони тобора ортиб бормоқда. Мен  кўп марта шундай майда-чуйда гап-сўзлардан фожиа ясаб, ажрашишни истаётган эр-хотин муносабатлари юзасидан судларда иштирок этганман. Ачинарлиси шундаки, аксарият ҳолларда  судда кўрилаётган муаммоларнинг ечими бор ва улар судда эмас, эр-хотиннинг ота-онаси ёки уларга масъул бошқа ёши катта кишилар даврасида икки-уч оғиз насиҳат гаплар билан бартараф этиладиган муаммолардир.      
Юқоридаги фикрларимиз оиладаги арзимас келишмовликларни дастак қилиб, ажрашишга тарғиб қилиш мақсадида келтирилмади. Оила- муқаддас даргоҳ. Оилада ватан келажаги, миллат шаклланади. Миллатнинг ўзига хос маънавиятини юксалтиришда оиланинг таъсири катта. Шахснинг  ҳаёт тўғрисидаги илк тушунчаси, тасаввури биринчи навбатда оиласи асосида юзага келади. Фарзанднинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий қарашлар ота-онаси мисолида пайдо бўлади. Яхшилик, меҳр-оқибат, ор-номус, андиша ва хайрихоҳлик, ўзгаларга эҳтиром билан муносабатда бўлиш тушунчалари оилада қарор топади. Шу сабабдан ҳам оиладаги маънавий муҳит юксак даражада бўлиши ва албатта ота-она болаларига юқорида айтилган инсоний фазилатларда ибрат бўла олиши шарт. Хўш, оиладаги муҳит ҳавас қиларли бўлмаса, ота-она ноаҳил, болаларга одоб-ахлоқ ва тарбия ўргатишга вақт тополмай уруш-жанжалдан бери келмаса, бундай оиланинг маънавий қиёфаси қандай бўлади?! Унақанги хонадонда ўсган болаларнинг маънавий дунёси, ҳаётга, одамларга муносабати ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Холисанилло айтилганда, нотинч ва ноаҳил оиланинг жамиятга етказадиган зарарини ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди. Шундай экан, бошидан пишмаган савдони иссиғида тўхтатиб қолиш тўғри йўл, эмасмикан?..
—    Фикрингизга қўшиламан. Дарҳақиқат Юртбошимизнинг жорий йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилганликлари ҳам маълум бир маънода оилаларнинг ажралишини олдини олиш, уларнинг камол топишида яъниким барпо бўлган оиланинг ҳаётда ўз ўрнини топишига (оилада эрнинг ўрни, унинг худди бошқалар сингари оиласини боқиши фарзанд туғилишига тайёргарлик кўриши шу билан бир қаторда турмуш ўртоғи (рафиқаси)нинг ҳам кўнглига қараб аста-секинлик билан орзу- ҳавасларини ижобат қилиши)га атрофдагиларнинг кўмагини шакллантириш мақсадга мувофиқ саналади. Энди оилавий мурожаатларда фуқаролик судларининг ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, албатта ҳаммамизга маълумки эр-хотиндан бирининг даъво аризасига асосан суд Никоҳни бекор қилиш сўралган аризасини қабул қилади. Суд муҳокамаси давомида томонларнинг ажралиш сабаблари ва ярашиш икмониятлари ҳақида тўхталиб, уларга ярашиш учун 3 ойдан 6 ойгача вақт беради. Лекин ҳамма вақт ҳам мана шу 6 ойлик ярашиш муҳлати ижобий оқибатларга олиб келмайди.
Аёл томонидан тақдим қилинган даъво аризаси туфайли ахлоқан нопок эрнинг жавобгар сифатида судда қатнашиши ёинки мана шу давр мобайнида (олти ойлик ярашиш учун берилган муҳлат давомида) эрнинг хулқи ўзгарганлигини ҳам кўп маротаба кузатганман. Айримлари эса бунинг тескариси.

Масалага жиддийроқ ёндошилса

Шундай ҳолатлар ҳам  кузатиладики, эрнинг номигагина аёли билан расмий никоҳда туриши у учун қандайдир бир қулайлик нафасини вужудга келтиради. Болаларининг онаси эканлиги-ю, уйда ўтириши, айрим хотинлар ишлаб, пул топиши учун эрнинг ундан воз кечмаслигини тақозо этади. Шу ўринда суд томонидан уларнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси рад қилингудек булса, қарабсизки бу эрнинг кўнглидагидек бўлиб, бундан баттарроқ ҳолда (барибир ажрашолмайди, у бир умр менинг хизматимни қилади) деган ўй-хаёл билан ўзининг олдинги беэътиборлиги-ю, боқибеғамлигини, салбий қилғиликларини давом эттириб келаверади. Шу ўринда судлар албатта МФЙ ҳузурида ташкил топган ярашув комиссияларининг ёрдамига муҳтожлик сезади. Бу ўринда ҳеч бир судья, адвокат, ёки прокурор МФЙ ёки даъвогар ва жавобларнинг қўни-қўшнилари каби уларни яқиндан билмайди. Шу сабабли никоҳдан ажратиш жараёнида нафақат МФЙ томонидан берилган хулоса ёки далолатнома, балки шу маҳаллада яшовчи 2-3 кишидан иборат бўлган фуқароларнинг ҳам фикри сўралиши мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ҳисоблайман.
Оилавий масалаларда фуқароларнинг даъволари  тўла қондириляпти, деб бўлмайди. Яъни, даъво ишини кўраётган судья никоҳини бекор қилишни сўраб мурожаат этган оилаларга устма уст муҳлат бериш билан бир-бирига тамоман бегона бўлиб бораётган ёки бир-бирига кўзи тушиб қолса асаблари қақшаб, ҳамма нарсани остин-устун қилгиси келадиган эр-хотинни бирга яшашга мажбур қилаётгандек, назаримда...
Яқинда шундай бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Қандайдир сабаб билан ажрашишни истаётган хотин эрини асабига тегиш учун биринчилардан бўлиб судга даъво ариза билан мурожаат қиляпти. Суд буларга 6 ойлик ярашув муҳлатини бериб, томонларни муддат ўтганидан кейин мана шу соатда келишини айтиб улардан тилхат оляпти. Вақт ўтиб мазкур аёл ўзининг келгусида турмуш ўртоғи билан яшамаслигини, ундан бутунлай кўнгли қолганлигини эри  билса ҳам суд чақирган пайтдан икки кун олдинроқ келиб судга “гўёки берилган муҳлат уларнинг ярашиши учун асос бўлганлигини, ҳозирда иккаларлари яхши ҳаёт кечираётганликларини ўз аризасида акс эттириб, суддан унинг даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраб мурожаат қилиб ариза қолдириб кетяпти. Суд эса даъвогарнинг аризасига асосан унинг даъвосини кўрмасдан қолдиряпти ёинки даъвони рад қиляпти. Суд чақирилган куни суд жараёнига келган эркак (даъвогарнинг турмуш ўртоғи) бу ҳолатдан ҳайрон қолиб, судга аксинча улар умуман ярашишмаганликларини, аксинча даъвогар унинг келгусида бошқага уйланишини билганлиги учун қасддан суд жараёнини кўрмасдан қолдиришини ёки даъвогар у бўлганлиги учун даъво аризасини кўрмасдан қолдирганлиги унинг талаби эканлигини билиб, ўзи даъво ариза билан судга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Қизиғи шундаки, суд бир оиланинг қайтадан никоҳдан ажрашиши учун берган даъво аризаси юзасидан яна томонларга ярашиш учун 6 ойлик муҳлат бериши ўйлайманки юқоридаги мулоҳазаларда кўрсатилган салбий оқибатларга олиб келишига замин яратади.  

Оила бузилишига нима сабаб бўляпти?

Берилган муҳлатда хатосини тушуниб, оиласини қайта тиклашга уринаётган, ҳаттоки, муносабатлари анча изга тушиб, даъво аризасини қайтиб оладиганлар ҳам бор. Бироқ аксарият оилалар муносабатлар тугаб, пичоқ суякка бориб қадалгач, суд остонасига боришади. Суд мажлисида кўп ҳолларда эркак ўзини қийнаётган муаммоларни, оиласининг парокандаликка юз тутгани сабабини тушунтириб беришга истиҳола қилади. Фуқаролик судларида фаолият юритадиган судьялар масаланинг шу томонига ҳам эътибор қилишлари керак деб ўйлайман?..
—    Никоҳини бекор қилишни сўраб судга мурожаат этганларга четдан туриб разм солсангиз, уларнинг орасида турли хилдаги муаммолар билан келганларни учратасиз. Кимдир турмуш ўртоғининг хиёнатидан жабрланганини айтиб зорланса,  бошқаси  “ота-онамнинг юзига қараб гапирди, бундай хотиннинг менга кераги йўқ” деган кескин хоҳиш билан,  бирови “эрим пул топмаяпти, бундай тепса –тебранмас одам билан ҳаётимни давом эттирмайман” ва ҳоказо талаблар билан суд эшигини тақиллатишади. Суд ҳокимияти, бундай ҳолатларда нафақат томонларга ярашиш учун муҳлат бериши, балким оилаларнинг парокандаликка учрашига  сабаб бўлаётган ҳолатларни аниқлаш юзасидан ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам топшириқлар бериши лозим, деган хулосага бораман шундай суд мажлисларида иштирок этганимда.
Бу борада келгусида алоҳида Никоҳ масалалари билан шуғулланувчи судлар ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларми эди. Нега деганда, судья ўз-ўзидан судга мурожаат қилган ҳар бир оиланинг ишини кўриши ва у билан чуқур танишиб чиқишга ҳам жисмонан ҳам руҳан вақт топа олмайди.
Никоҳ бекор қилинди. Томонларнинг елкасидан тоғ (!) ағдарилди. Энди навбат

Мол-мулк можароларига!

Никоҳ бекор қилингач, албатта, мол-мулк, уй-жой ва агар ўртада бола бўлса алимент тўлаш машмашалари бошланади. Кўнгилни хира қиладиган томони шундаки, айрим эркаклар никоҳ бекор бўлиб, ўзларининг таъбири бўйича балодан халос бўлганларидан кейин, собиқ хотинини икки-уч бола билан кўчага ташлаб қўйишдан ҳам ор қилишмайди! Суд  уй-жойдан ҳақ ажратиш ҳақида қарор қилса, ўзлари яшаб турган хонадоннинг бир хонасини ажратишмоқчилигини айтишади. Ёки бўлмаса, куёвнинг номида уй-жой расмийлаштирилмагани важ қилинади. Амалдаги қонунларга кўра бугунги ҳолатда никоҳи бекор бўлган эр-хотинлар ўратасида мол-мулк тенг тақсимланади. Яъни оилавий никоҳ мобайнидаги орттирилган мол-мулк, уй-жойга хотин ҳам ҳақли ҳисобланади. Аммо азизлар, бир нарсани унутмаслик лозимки, инсон қадри уч-тўртта ғишту, беш-олтита ёғоч билан белгиланмайди! Қолаверса, уй-жой, мол-мулк бўлинадиган нарса, аммо кўзлари мунчоқдек болалар-чи?! Уларнинг тақдири, келажаги ва кўнгли-чи, уларни ҳам иккига бўлса бўладими?! Бу ҳақида суд эшигигача бориш жараёнида яхшилаб ўйланса бўлармиди...
Юқорида таъкидланганидек, оила муқаддас даргоҳ ва жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланади. Унинг муқаддаслигини фақат тилда айлантириб юриш билан кифояланмай, чиндан ҳам мўътабар маскан эканини астойдил масъулият билан ҳис этиш шарт. Шундай ҳиссиётлари ақл билан йўғрилган жуфтлар оиласи тотувлиги ва хотиржамлигини асраб-авайлаб, арзимаган баҳонаи боислар билан уни парокандалик остонасига бошламайдилар.
Ажралиш кепатасида турган эр-хотин ўзига эркак ёки аёл деб эмас, ота-она сифатида қарагани афзалроқми, дейман. Авваломбор, турмуш қураётган пайтда катта савдони мулоҳаза қилмоқ даркор. Раҳматли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”да “Марғилонлик бойлардан Зиё шоҳичи” тилидан оила қуришни “Бу от савдоси эмас, умр савдоси, биродар” дея турмуш ва никоҳ қуришнинг масъулияти нечоғли эканини таъкид этганлар. Тақдир, ҳаёт, инсоний бахт ва киши кўнгли ўйинчоқ ёки овунчоқ эмас, биродар. Нима дедингиз?

Умида Азиз тайёрлади.

Бор бўл оқибат, ўлма оқибат!

Халқ орасида бўлганимизда “оқибат йўқолиб боряпти”, “одамлар тобора оқибатсиз бўлиб кетяпти” деган иддаоларни эшитиб қоламиз. Аслида-чи, аслида ҳам шундаймикан? Ёки ўзи оқибат қилолмаётган, тошдан қаттиқ тирикчилик ташвиши кўнгил кўзини қотириб қўйганлардан чиқяптимикан бу нолишлар?  Меҳр-мурувват, ўзаро қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор каби инсоний фазилатлар қон-қонига сингиб кетган ўзбек халқи оқибатдан айро тушди, дегани ўзлигидан узоқлашди дегани эмасми?

Бугунги мулоҳазаларимиз айни шу тушунчалар атрофида бўлади.

Водийда яшнаган ОҚИБАТ

Ишхонадан бир ҳафталик меҳнат таътилига рухсат теккач, яқин дугонам иккимиз тилла топган одамдек суюниб водий саёҳати тараддудига тушдик. Сафарга чиқишимиздан бир кун аввал  интернетда танишган дугонамизга бу ҳақида айтган эдик, хушхабардан боши осмонга етганини билдириб, бизни интиқ кутишини айтди. Хуллас, сафарнинг аввали сўлим ва хушманзара Фарғона вилоятидан бошланди. Бизни кутиб олган дугонамиз хушнудлик билан қарши олиб,  дугоналари кутаётганини, бир пас дам олганимиздан сўнг ўзимизни кутаётган бошқа мезбонларнинг ҳам зиёратига боришимизни айтди. Унинг уйида ўтган бир-икки соатлик меҳмондорчиликдан сўнг телефонни тиндирмай қўнғироқ қилаётган бошқа дугоналариникига йўл олдик. Тўғриси, Фарғона вилоятида ўтган сафаримиз давомида  мен  ҳақиқий ўзбек халқига хос, бадиий асарларда таърифи келтирилган меҳмондўстлик ва меҳмоннавозликни кўрдим. Бизни уйида қўнган дугонамизнинг нечта ҳамкасб ўртоғи ё дугонаси бўлмасин, бир-бир уйига таклиф қилиб меҳмон қилишди.  Қойил қолганим шундаки, меҳмондорчилик сценнарийси ниҳоятда манзур бўлгулик қилиб тузилган экан. Яъни борган жойимизда икки соатгина меҳмон бўлиб, яна бошқа хонадонга таклиф қилиндик. Фарғона бўйлаб саёҳатимиз охирлаб бир олам таассуротлар билан Андижонга йўл олар эканмиз, йўл бўйи дугонам иккимиз оқибатнинг ўлмагани, дунёда ўзбек деган ном, ўзбек деган миллат бор экан, ҳеч қачон ер юзидан буткул оқибат йўқолмаслигига иқрорлигимизни айтиб чарчамасдик. Андижон сафари эса бу фикрларимизни минг чандон ҳақ эканини далолат қилди.
Андижонда бизни талабалик таҳсили даврида иноқлашиб қолган ҳамкасб синглимиз кутаётган эди. Шаҳардан сўлим қишлоққа кириб борар эканмиз, машҳур қўшиқда таърифи келтирилган  “оқланган уй, тандир-ўчоқлар”, “сувлар сепиб ҳўллатиб, райҳон ҳидин таратиб” қўйилган ҳовли баҳру дилимизни очиб юборди. Энг ҳаяжонлиси  “Тошкенти азимдан меҳмонлар келишар экан” деб маҳалланинг  аёллари мезбон уйга чиқиб, пишир-куйдирга қарашаётган эканлар. Андижонда ҳам меҳмондорчилик, иззат-ҳурмат роса жойига тушди. Вилоятнинг сўлим гўшаларини, машҳур “Боғи Бобурий”ни зиёрат қилиб, мириқиб дам олиб, янги ишлар сари куч-ғайрат тўплаб, ортимизга қайтар фурсат келганда мезбонларнинг киракаш машина орқасини олмаю ўрикка тўлдириб, ҳайдовчига ҳатто бизнинг йўл кирамизни ҳам тутқазмоқчи бўлганлари кўнглимизни ийдириб юборди. Мезбон синглимиз ҳайдовчига тутқазган пулни олиб, аяларининг чўнтакларига солиб қўйганимизда, холамиз хижолатлик билан:
—    Ундай қилманглар-а, меҳмон атойи Худо дейдилар, сизлар келиб уйим файз-баракага тўлди. Эшигимдан (Андижонда ҳовлини эшик дейишар экан) одам аримади, бу ҳам Аллоҳнинг менга тақдир қилган мартабаси,- дедилар. Биз эса меҳмондорчилик, иззат-ҳурмат ва ОҚИБАТ учун миннатдорчилик билдириб Тошкент сари йўл олдик...

Оқибат буткул кўтарилмаган!

Йўл бўйи дугонам иккимиз водий кишиларнинг феъл-атвори, оқибатлилиги, таниш-нотанишларга мурувватлилигини муҳокама қила туриб, уларни бошқа вилоятнинг, хусусан ўз шаҳримизнинг одамлари билан солиштирдик.  Майли, ҳар бир юртнинг ўзига хос расм-русуми, урф-одати бўлади. Кимлардир юрагидаги ҳиссиётини очиқ ифода эта олади, кимлардир кўнглидаги илиқликни ҳам кўрсата олмайди. Яна кимлардир ўзи билан ўзи овора бўлиб яшайверади, унинг учун меҳр- оқибат ҳам, бошқа одамийлик туйғулари ҳам аҳамиятли бўлмайди. Айнан шундай кишилар “одамлар орасида оқибат йўқолиб боряпти, бировнинг биров билан иши йўқ замон бўлди” деб айюҳаннос солиб юрадилар. Аммо яхшилаб мулоҳаза қилганда  дунё деворига нима отсангиз шу нарса ўзингизга қайтишига ишонч ҳосил қиласиз. Чиндан-да, кўнгилга яқин дўсту дугонангиз бўлмаса, дунё ташвишларини ортингизга ташлаб бирор яқинингизни меҳмонга таклиф қилмасангиз ёинки иккитагина нон кўтариб, биродарингиз ҳолидан хабар олмасангиз, туғилган кун, байраму тантаналарда кичкинагина совға билан таниш-билишингизнинг кўнглини олмасангиз, сиз учун оқибат ўлган, меҳр анқонинг уруғи бўлади-да! Эътирозга шошилмай туринг, оқибат ҳақида нолишдан аввал феълингизни, кўнглингизни тафтиш қилинг, замондош. Сиз охирги марта кимга, қандай оқибат кўрсатгандингиз? Саволларимиз тилингизни тишлаб қолишингизга сабаб бўлган бўлса, биздан ўпкаламанг, зеро биз шунчаки феълингизга кўзгу тутишингизни маслаҳат бердик холос.

Меҳр — туғма туйғу

Яқинда бир қиз армон билан шундай деди:
—    Ёш ўтгани сайин одам оқибат истаб, меҳрталаб бўлиб қоларкан. Яқинда туғилган куним бўлди. Ўзи нимагадир туғилган кунимни жуда ёмон кўраман.  Лекин таниш-билиш, дўсту биродарларнинг самимий, чиройли тилакларини эшитиб кўнглим бироз таскинланади. Майли, булар ўз йўлига, аммо бу йилги дилимга тушган оғриқ бошқа нарсадан.  Дугоналаримнинг туғилган куни бўлса, соат тунги 12дан бошлаб ота-онаси, жигарлари, қавм-қариндошлари табриклаб қўнғироқ қилишади ёки СМС хабар йўллашади. Мен эса туғилган кунимда дугоналарим, курсдошларим, таниш-билишлардан табриклар олдиму,  ўзимнинг яқинларимдан бир оғиз тилак эшитмадим. Ҳатто онам ҳам кечга томон қўнғироқ қилиб наридан бери табриклаган бўлдилар. Хўш, ўзи меҳр кўрсатмаган, эътиборини дариғ тутган яқинларим яна қандай қилиб мендан оқибат исташаркин?!..
Шуниси аҳамиятлики одамда меҳрни ифодаланиш даражаси аксарият ҳолларда туғма бўлади. - ... Инсоннинг инсонга, жумладан яқинларига бўлган муносабатида меҳр маблағ, кишидан ортиқча ирода, сабр-чидам ёки матонат  талаб қилмайди, аммо у юксак даражада баҳоланади ва одамга сув-ҳаводек зарур. Кишини бахтли ёки бахтсиз қиладиган мезонлардан бири ҳам унинг меҳр-оқибатга бўлган эҳтиёжининг қондирилиш даражасидир,- дейилади психологик манбаларда.  Демак фарзандларидан ёки яқинларидан меҳр-оқибат истаганларнинг ўзлари уларга оқибатли, мурувватли бўлишлари керак. Зотан, кимки меҳрли бўлса, меҳр топади.
Энди юқоридаги мисол юзасидан фикрлашадиган бўлсак, аввалги мулоҳазаларимизда таъкидлаганимиздек, ота-онага кўп нарса боғлиқ. Фарзандларининг бир-бирига, қамв-қариндошлари, жамиятга бўлган муносабатини шакллантириш энг аввало ота-онанинг вазифаси. Улар эса фарзандлари қалбига меҳр-оқибат уруғларини қадашлари учун қуруқ насиҳат ёки ваъзхонлик билан эмас, балки амалда, ўзларида акс эттира олишлари керак. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандингиз кўз олдида унга ёки ўз жигарларингиз, яқин ёр - биродарларингизга оқибат кўрсатмасангиз, ўзингиз инсоний фазилатларнинг оддий кўринишларини  билмасангизу қандай қилиб  фарзандингизга уларни ўргатасиз ёки ўзингизда бўлмаган хусусиятларни фарзандингиздан кутасиз?..

Ўзбек дегани —оқибат дегани!

Меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат туйғуларининг кучи ва айни чоғда майда-чуйда баҳоналар важидан бу фазилатларнинг бирмунча ожизланиб қолганини тафаккур қилиш жараёнида шу нарсага иқрор бўлдикки, оқибат ҳеч қачон ўлмас экан. Қайсики, энг аввало ўзимизда, кўнглимизда, кўз қарашларимиз, гап-сўзимизда оқибатни акс эттира олсак, шундай жавобни олар эканмиз. Тўғри, айрим ҳолларда Ҳазрат Навоий куюнганларидек, меҳр кўп кўргузиб, меҳрибон тополмаслигимиз ҳам мумкин, аммо бир-иккита меҳрсиз, қалби қаттиқнинг касрига бутун бошли оқибатни йўққа чиқармоғимиз адолатдан эмас. Негаки, бу дунёда ўзбек деган миллат бор экан, ўзбекона андиша, одоб бор экан, албатта оқибат танқис, меҳр қаҳат бўлмайди.
Яратган Ўзбекистон тупроғи, қуёши, об-ҳавосини меҳр нурлари билан тўлдирган, шундай экан бу юртнинг одамлари дунёнинг энг меҳрли, энг оқибатли одамлари бўладилар, тўғрими?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ