Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
Муқаддас ва муҳташам ошён
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Оила ҳаётнинг асосий ўзаги, жамиятнинг кичик бир бўлаги, узвий қисми, бошланғич пойдевори ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила ва унинг тинч, фаровонлиги масаласига катта эътибор бериб келади.
Оила мустаҳкамлиги, биринчи навбатда, эр-хотиннинг бир-бирига ҳартомонлама муносиблигига боғлиқ. Келин ёки куёв танлашда, кимдир чирой, кимдир мол-дунё, яна кимдир эса обрў, мансабни ўлчов қилиб олади.
Бир одам Ҳасан Басрийдан сўради:
– Жуда яхши кўрадиган қизим бор, талабгорлари ҳам кўп. Уни кимга турмушга берай?
Ҳасан Басрий бундай дедилар:
– Аллоҳга итоат қиладиганига бер. Зеро, ундай одам қизингни яхши кўрса, чиройли муомалада бўлади. Мабодо ёқтирмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, унга ёмонлик қилмайди.
Демак, келин ёки куёв танлашда энг олдин диққат қаратиш керак бўлган омил уларнинг эътиқодидир. Шу билан бирга, динимиз таълимотида поклик, соғлом оила ва соғлом авлод масаласига ҳам алоҳида эътибор қилинган. Зеро, турмуш қураётган келин-куёвлар ақлан, жисмонан етук бўлсалар, улардан дунёга келадиган фарзандлар ҳам соғлом бўлади. Бу борада юртимизда никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурий қилиб белгилангани айни муддаодир.
Оилани мустаҳкамлайдиган, икки инсонни бир-бирига боғлайдиган ришта никоҳдир. Никоҳ – маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгиси. У туфайли оила деб аталган муҳташам ва муқаддас ошён қурилади. Бу ошёнда эр-хотин ҳамда улардан туғилган зурриётлар орасидаги муносабатлар маъно ва мустаҳкамлик касб этади.
Айтиш керак, хонадон тинчи, ҳаловати ҳар жиҳатдан оила аъзоларининг ўз ўрни ва масъулиятларини билишига боғлиқ. Бу борада Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда етарлича кўрсатмалар берилган. Эр, хотин, фарзандларнинг бурч ва вазифалари, ўзаро муносабатларда диққат қилиш керак бўлган ўринлар атрофлича ёритилган.
Динимиз эркакларга аёл болаларнинг онаси, рўзғорнинг ички камчиликларини тўлдирувчи, оила учун дилдан қайғурувчи, фарзандлар тарбиячиси эканини унутмасликни уқтиради. Ўз ўрнида, нафақа бериш, ҳимоя қилиш, меҳр-шафқат кўрсатиш каби вазифалари юзасидан эрларидан миннатдор бўлишлари зарурлигини хотинларга эслатади.
Уларга риоя қилсак, оилаларимиз чин маънода ҳаловат ва муҳаббат масканига айланади. Бундай ошёнда тарбия олиб, ўсган фарзандлар ҳам етук ва комил инсонлар бўлиб улғайишади.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Оила – покиза бўстон
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Оила ҳаёти мисоли булоқ, унинг покиза сақланиши оила аъзоларининг тарбиясига боғлиқ. Агар эр-хотиннинг бири гапни чўлга, бири сойга бурса, булоқ суви охир-оқибатда ора йўлда қурийди. Шу боис, уларнинг гапи бир жойдан чиқиб, бир мақсадга қаратилса, оила илдизи мустаҳкам бўлади. Хотин гапирганда эр: "Онанг тўғри айтади. Бу ишни ҳозир бажариш лозим", деса, эр гапирганида: "Отанг доно гапни айтдилар, болаларим. Шу ишни кечиктирмай қилайлик", деса, болалар тўғри тарбия топади. Ота-она болалар олдида нимани гапириш керак, нималарни айтиш шарт эмаслигини билсин. Акс ҳолда, қовун тушириб қўямиз-да, тарбияни бузамиз. Ота-она болалари онгига ўз оиласи қадрият булоқларидан сув ичирмоғи лозим. Бунинг учун ўз боболарининг, момоларининг ибратли ишларидан ҳикоялар айтиб, болаларини улардан ибрат олишга ўргатиши хайрли ишдир.
Мен бола тарбиясини оила боғида пишган мевага ўхшатаман. Фарзанд одобли, фаросатли, ақлу заковатли бўлса, демак, боғбонлар ширин мева етиштирибдилар. Аммо бола одобида нуқсонлари бўлса, унинг гап-сўзлари худди чақир тикон мисоли дилингга санчилаверса, бу оила дарахтидаги мевалар ҳали ғўр, дегани. Тарбиясиз бундай болалар оиланинг шўри.
"Эр ўз оиласига раҳбардир ва у оила аъзолари тарбиясига жавобгардир", дейилган ҳадиси шарифлардан бирида. Демак, ота бош тарбиячи, тарбия бобида доим ҳушёр ва сергак бўлмоғи лозим. Унинг ҳар бир қадамидан эзгулик униб-ўссин, ҳар бир сўзидан ҳикмат нури порласин. Ана шунда оила боласи эл-юрт боласи бўлиб, эл-юрт юкини елкасидан туширмай, келажак сари одимлайди.
Саодатли ОСТОНА,
Қашқадарё вилояти
Никоҳнинг фойдалари
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Қадимдан никоҳ ва оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари эътиборда бўлган.
Барча ижтимоий тузумларда эр оиланинг обрў-эътибори ва мол-дунёсини бегоналардан ҳимоя қила оладиган раҳбари ҳисобланган. Аёл фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор ишларига масъул бўлган.
Никоҳланиш натижасида оилалар ўртасида қариндошлик алоқалари ўрнатилади. Никоҳ сабабли янги оилалар вужудга келиб, фарзанд туғилади ва қариндошлар сони ортади.
Оиланинг вужудга келишида никоҳ асос бўлгани боис у фақат ахлоқий, диний меъёрлар билан эмас, балки махсус қонунлар билан ҳам тартибга солинади. Никоҳ масалалари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида (1998 йил қабул қилиниб, ўша йили 1 сентябрдан амалга киритилган) ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Қомусининг 63-моддасида таъкидланишича, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.
Қуръони каримда: "Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазли карами) кенг ва доно зотдир" (Нур, 32).
Эркак ва аёлнинг розилик билдириш қоидаси Ғарб феодал ҳуқуқларида бўлмаган.
Ислом динида эса бўлғуси эр-хотиннинг розилиги шарт қилинади. Яъни, очиқ сўзлар билан гувоҳлар ҳузурида, бири у билан оила қуришга ўз таклифини билдириб, иккинчиси қабул қилсагина, никоҳ боғланади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида: "Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади", деб белгилаб қўйилган.
Қуръони каримда "Ўзларингиздан жуфтларингизни яратиб қўйдим. Сизлар ўз жуфтларингиздан сукунат, ором ва осойишталик топурсизлар ва сизларнинг ораларингизда дўстлик, тотувлик ҳамда ўзаро меҳр пайдо қилди", мазмунидаги оятлар мавжуд.
Инсон ўз вужудининг биологик эҳтиёжларини унутиб, фақат ибодат билангина машғул бўлишдан ҳам қайтарилган. Шу боис намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилишга буюрилгани каби, оила қуриш ва ҳалол йўл билан уни боқишга ҳам тарғиб этилади. Ҳадисда: "Эй йигитлар! Сизлардан қайси бирингиз турмуш қуришга қодир бўлиб имкониятингиз бўлса тезда уйланинглар. Чунки уйланиш инсон кўзини сақлагувчи чироқ (яъни, номаҳрамларга қараб, гуноҳкор бўлишдан сақлагувчи) ва ёмон йўлга кириб кетишнинг олдини олувчи чорадир, ким, уйланишга қодир бўлмаса, ундай йигитлар рўза тутсин, чунки рўза инсонни шаҳвоний нафсини кетказади", дейилган.
Миллий қадриятларимизга кўра, инсон енгилтаклик билан оила қуришига йўл қўйилмайди. Халқчил, миллий анъаналар кўп сақланиб қолган вилоят ва туманларда ажралишлар кўп учрамаслиги бунга мисолдир.
Шаръий йўл билан жуфт бўлиб яшашнинг бир қанча фойдалари бор:
1. Никоҳ ахлоқий покликка сабаб бўлади, жамиятни тушкунлик ва ижтимоий фасоддан сақлайди.
2. Жамиятнинг бирдамлигини, ўзаро борди-келдиларнинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Масалан, оилада ўғил куёв, қиз келин бўлиб, оилалар бир-бирлари билан яқин алоқа қилишларига замин яратади. Натижада қариндошчилик вужудга келади.
3. Бутун инсоният соғлиғининг мустаҳкамланишига ва хатарли касалликлардан ҳимояланишга сабаб бўлади.
4. Никоҳ инсонларни бошқалар олдида масъулият сезишга ўргатади. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўзига хос юмушлари бўлиб, ҳар ким ўз вазифасини тўла адо этишга мажбурдир.
5. Никоҳ инсон наслининг сақланиб қолишига сабаб бўлади. Шу боис Ислом динида оила қуриб, ўзларидан сўнг чиройли зурриётлар қолдириш шарафли ва ажри улуғдир.
Зайниддин МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети магистранти
Чимилдиқсиз ўтаётган тўйлар
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Маконига содиқ ўрдаклар
Бир пайтлар ўғилларимиз қизиқиб ўрдак боққанди. Йигирматача паррандадан ўлиб-нетиб, сўйилиб кетиб, охири бир жуфт она-бола ўрдаклар қолишганди. Шу жониворларни уйимиздан анча наридаги дала ҳовли хизматчисига қопга солиб бериб юбордик. Хизматчи кўп ўтмай ўрдаклар йўқолиб қолганини айтди. Эҳтимол, бу маҳалладаги шўх болаларнинг ишларимикин, деган тахминда эътибор бермадик.
Шу гапдан кейин орадан бир ҳафталар ўтиб, шом чоғи дарвоза томондан "ғо-ғо"лаган овозлар эшитилди. Ёпиқ эшикни очгани бориб, не кўз билан кўрайликки, ўзимизнинг она-бола ўрдакларимиз остонада "эшикни очинглар, биз келдик!" дегандек басма-бас сайрашарди.
Уларнинг ранги рўйи афтодаҳол, патлари юлинган, озиб-тўзиган, гўё олис йўл юриб ҳориган йўловчига ўхшарди. Эшикни очишимиз билан тўғри катаклари томон учиб-югуриб кетишди.
Жуда ҳайратда қолдик. Оддий тилсиз, онгсиз парранда учун туғилган (яъни тухумдан чиққан) яшаган, туз тотган гўшаси - ҳовлидаги икки метрли тўр симли катакчаси шунчалар азиз бўлса! Аслида у ёқда ҳам шароитини созлаб бергандик. Шунга қарамай, она-болалар бир ҳафта мўлроқ йўл юриб, излаб-қидириб, йўллардаги "ҳужумларни" енгиб, кўз очиб кўрган маконларига етиб келишибди.
Боқаётган ит ёки мушукларидан безор бўлган эгалари ҳайвонларни узоқларга олиб бориб ташлаб, адаштириб келганларини биламиз. Орадан кўп ўтмай бу вафодор жониворларнинг яна ўз "уйларини" топиб келганларини ҳам кўп эшитганмиз. Айтишларига қараганда, ит-мушуклар ўз уяларини кечаси осмондаги юлдузларга қараб топишар эмиш. Бу макон тушунчаси ҳатто ҳайвонлар, паррандалар учун ҳам ўзгача қадрли эканига далолатдир. Инсонга эса бу борада таъриф-тавсифга сўз етмайди.
Ўз уйим - ўлан тўшагим
Бошқани билмадиму шахсан мен маҳаллага чиқсам ўз уй-жойимни, марказга борсам ўз маҳалламни, Тошкентга ёки бошқа вилоят ё шаҳарга бориб қолсам, она шаҳрим Наманганни устун кўравераман, соғинавераман. Бирор иш баҳона четга, бошқа республикага чиққанда-ку "Ўзбекистон" деган номни эшитгандаёқ юрак томилиб кетаверади.
Бу ватанпарварликми ё юртпарастлик! Аммо шуниси аниқки, қанчалик кенгроқ доирага чиққан сари "Ватан" деган тушунча ҳам шунчалик кенгайиб, қадри юксалиб бораверади.
Тўй оқшоми узатилаётган қиз янгаларини хуноб қилиб, туғишганларининг кўзини ёшлатиб, нечун юм-юм йиғлайди. Буни қизлик оламидан келинлик оламига ўтишдаги қўрқув ва хавотир, ўзга хонадондаги муҳит ва муносабатлардан ташвиш ё ота-онаси бағридан узилиш алами ҳам дейлик. Аммо энг муҳими - булар эмас. Энг муҳими - туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган гўшадан узоқлашиш. Ҳар гарди, ҳар бурчаги, ҳар бир туп дарахти, гули, гиёҳи қадрдон, азиз бўлган ота маконидан, кунда меҳр билан супуриб, сув сепадиган ҳовлисидан жудолик қайғусидир.
Дарвоқе, тўй ҳақида. Тўй - инсон ҳаётидаги, жоиз бўлса бир марта бўладиган, энг эсда қоладиган, йигит-қизнинг турмушини бутунлай ўзгартириб юборадиган воқеа. Ота-она фарзанд туғилганидан сўнг узоқ йиллар мобайнида унинг тўйи учун тайёргарлик кўради, орзу-ҳавас қилади. Бу чоғда у умр бўйи йиққан-терганини сарфлаб эл олдига дастурхон солади.
Дунёда ўзбекнинг тўйичалик чиройли, гўзал тўй бўлмаса керак, фикримча. Совчиликдан бошланадиган бу тантана тўйдан олдинги ва кейинги урф-одат ва расм-русумлар, баъзан биз танқид қиладиган оворагарчилик ва дабдабага бой бўлса-да, ер юзидаги ҳеч бир халқда учрамаслиги аниқ.
Никоҳ тўйининг рамзи
Тўғри, ўнта одамни бир стол атрофига ўтқазиб, қадаҳ уриштириб икки соатда ўтадиган тўйлар ҳам кўп. Лекин бизники бошқача. Никоҳ оқшоми деганда ҳатто эллик йил бирга яшаб қўйган бобо-ю момоларимизнинг ҳам қалби бир энтикиб қўяди. Оналаримизнинг сочига оқ, юзига ажин тушса-да, чимилдиқда айтилган дил изҳорлари қулоқлари остида ширин тушдай хотира бўлиб шивирлайверади.
Давлатнинг ўз рамзи - герби ва байроғи бўлганидек, чимилдиқ никоҳ тўйларининг рамзига ўхшайди худди. Бошқа туркий халқларда қанақа аҳамиятга эгалигини билмадиму, аммо ўзбекнинг никоҳида бу одатнинг нуфузи баланд. Айримлар ҳақида "чимилдиқ кўрмаган" дея маломатли, тўғрироғи иснодли сўзларни ёки "чимилдиқ кўрмай кетди" деган афсусларни эшитиб қоламиз. Биринчисида ўз шаънини бўлғаган қизлар назарда тутилган бўлса, иккинчисида уйланиш насиб этмай бир сабаб билан эрта хазон бўлган йигитлар ҳақида гап боради. Шу икки иборадан ҳам чимилдиқ миллатимиз ҳаётида ор-номус, ғурур ва шаън, қадр-қиммат туйғуларига йўғрилиб кетганини сезиш мумкин.
Ўзингиз ўйланг, никоҳ тўйида биргина чимилдиқ билан боғлиқ қанча нозик расм-русумлар бор. "Оёқ босиш", "писта чақиш", "ширин чой ичиш", "ойна кўрсатиш" цингари сирли ва сеҳрли урфлар яна қайси элу элатда бўлиши мумкин.
Дунё гўзал, ранг-баранг ва қизиқарли бўлиши учун турфа мамлакатлар, миллатлар, дин ва тилларга бўлинганлиги шубҳасиз. Бўлмаса бир осмон остидаги бутун ер юзи халқларини бир миллат ва бир эътиқодга бўйсундириб қўйиш Аллоҳ таоло учун қийин эмас эди.
Ҳар бир онгли инсон ота-боболари дину диёнатига, урф-одат ва анъаналарига содиқ қолади. Ўз миллатининг гуллаб-яшнаши, равнақ топиши, ўзга халқлар ичида энг илғор ва пешқадами бўлиши учун ҳаракат қилади. Охир оқибатда ўзидан насл зурриёт қолдирадики, умр бўйи йиққан миллий, руҳий ва моддий-маънавий бойликларига муносиб меросхўр, шунингдек, бу хазинани кўпайтирувчи, ривожлантирувчи, уни янада бойитувчи бўлсин деб. Чунки, дунё азалий рақобат майдони. Ким кимдан ношуд, ожиз, нотавон бўлса у ўшанга тобе бўлади. Тобе одамнинг шахсияти, ўзлиги эса аста-секин ўлиб бораверади.
Муҳаббат ниқобидаги беҳаёлик
Талабалик йилларимизда айрим ўзига бино қўйган қизларнинг бири афғон, яна бири ҳатто қора танли бўлган чет эллик бой йигитлар билан "дўстлшганини" кўрганмиз. Муҳаббат ниқоби остидаги, аслида пул учун бўлган бу яқинликдан биз жирканардик, ўша ҳамюрт қизларимиздан нафратланганмиз. Ваҳоланки, бу атиги бир-икки йиллик муносабатлар эди холос.
Қонун бузилмаяпти, лекин...
Қайси қизнинг қай йигитга кўнгил қўйиши, қаерга турмушга чиқиши - бу унинг ихтиёри. Бу борада ҳеч қандай қонуний чеклов ҳам йўқ. Лекин ёзилмаган қонунлар бор... Миллий ғурур, ифтихор деган улуғ туйғуларни фақат қалбдан ҳис этиш керак. Ўзбек қизларининг Кореяга турмушга чиқаётганларидан яқинда ажаблангандик. Эндиликда бундай ҳолатни эшитавериб, қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди. Чамаси... кўникдик. Фақат охири бахайр бўлишидан умидвормиз.
Коллежлардан бирида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган танишим бир воқеани ҳам кулиб, ҳам афсус билан айтиб берди.
- Давлатобод даҳасида яшайман, - дейди у. - Кўп қаватли уйимизда Н исмли хулқи ҳавас қилиб бўлмайдиган қиз ота-онаси билан яшарди. Ғирт бекорчи бу қиз қачон қараманг бўяниб, ўтган-кетганга гап отиш, бемаза- чучмал музикаларни баланд қилиб қўйиб, асабларни эговлаш билан овора эди. Бир куни ишдан келаётсам йўлакда ўтирган қўшни аёллар Н нинг никоҳ тўйи бўлаётганини, мени ҳам кафега тўйга таклиф этганини айтишди. Хурсанд бўлдим, ўзидан тиниб-тинчиб кетсин илоҳим. Хайрият қулоғимиз тинчиб қоларкан, дедим. Ҳайрон бўлганим - Н Кореяга, корейс йигитга турмушга чиқаётган эмиш, қандайдир воситачилар кўмагида.
Куёв гангиб қолди
"Кўксу" ресторанида икки соатча 20-30 чоғли одам иштирокида тўй бўлди. Куёв ҳақиқатдан хам корейс, ёши тахминан 40-45 лар атрофида. Ўтиришдан сўнг келинни Тошкентга кузатиш чоғида Н нинг онаси фарёд солиб қолди:
- Войдод, менинг қизим чимилдиққа кирмай кетадими?
Аёллар куёв-келинни квартирага олиб келиб, хонанинг бир бурчагига чимилдиқ тутишга уринишди. Келинни киргизишди. Тил билмас куёвни туртиб-суртиб чимилдиққа киришга ундашди. Бечора ҳайрон: кўзи аланг- жаланг, нима дейишни, нима қилишни билмайди, ҳеч кимнинг сўзини тушунмайди. Бўлди кулги, бўлди томоша. Аммо бу кулгу қанчалар аччиқ эканлигини ўша ердагилар англамаётгани янада аламли эди.
Дунёдаги фан-техника тараққиёти мамлакатларни мамлакатлар билан, сарҳадларни сарҳадлар-ла, ҳаттоки, дилларни дилларга яқинлаштирди. Биргина параболик антенна орқали бутун жаҳон тасвири, воқеа-ҳодисалар кичкина хонадонингизда намоён. Компютерни пухта ўзлаштирган, тил билган, ўқимишли ўзбекойим қизлари дунёнинг нариги бурчагидаги ҳамфикр тенгдош йигитлар билан интернет орқали танишиб, дўстлашиб, севишиб турмушга чиқа бошладилар. Уларнинг аксарияти ривожланган мамлакат - жанубий Корея йигитлари эди. Шоҳидларнинг гувоҳлик беришича, буларнинг ҳаёти бирмунча мустаҳкам пойдевор асосига қурилган.
Ақлан, маънан ва жисмонан гўзал ўзбек қизлари бора-бора корейс йигитларининг қизиқишини орттирган. Ўзларида уйланиш, қиз танлашда кўплаб муаммоларга учраётган "Жун Санг"лар Ўзбекистоннинг сулувларига уйланиш ҳаракатига тушиб қолдилар. "Ҳам арзон, ҳам сифатли" дегандай...
Тез орада бу соҳада расмий-норасмий идоралар фаолияти ҳам бошланди. Интернет орқали суратлар юбориш, танишувлар йўлга қўйилади. Воситачилар ишга солинади. Ва бу ҳолат уч-тўрт йил ўтмай кенг ёйилди. Гўё у ёқда нақд жаннат ё олтин тоғ кутиб тургандай айрим қизлар, ёш жувонлар, ҳатто ота-оналар ҳам шошиб қолишди.
Мен қўрққан савол
- Бу каби воқеалар бизнинг туманимизда ҳам бўлиб турибди, -дейди Тошбулоқ саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, "Шуҳрат медали соҳибаси Муҳайёхон Эшонқулова. - Одатда бунақа тўйларга бизларни таклиф этишмайди. Орқаваротдан эшитиб қоламиз. Нафақат иқлими-ю шарт- шароити, балки тили, дини, миллати бутунлай бегона йигитга узатилаётган қизлар, уларга розилик бераётган ота-оналар фақат бугунги кунни - оёқлари остини ўйлашяпти. Орадан тўрт-беш йил ўтгач, ишончим комилки, улар адашганларини тан оладилар.
- Мен бир нарсадан қўрқаман, - сўзида давом этади Муҳайёхон. -Талабаларга тарих, ҳуқуқ, миллий истиқлол ғояси фанларидан сабоқ бераман. Уларга тинимсиз равишда ватанпарварлик, юртга садоқат, миллатга муҳаббат ҳақида гапираман. Бирор зийрак ўқувчим: "Опа, сиз шунақа дейсизу, нега фалончи, пистончилар Ватанимиздан узоққа, корейс йигитларига ихтиёрий равишда эрга тегиб кетяпти?" - деб савол бериб қолишидан хавотирдаман.
Муаллиманинг ташвишланиши бежиз эмас.
Масъул кишиларнинг фикрича, Кореяда ҳам ўзбекистонлик келинчакларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажрабди. Таҳлилларга кўра, Намангандан олиб кетилган қизлар бошқа вилоятлардаги келинларга қараганда ўзининг шарм-ҳаёси, одоби, тарбияси билан тарозини босиб кетибди. Шунга кўра, энди корейс жаноблар асосан Намангандан қиз ахтаришаётган эмиш. Бу эса - ҳам яхши, ҳам ёмон.
Бу орзуми ё хомхаёл?
Кўрганларимиз, эшитганларимиздан шундай хулоса қилиш мумкин. Хорижни ҳавас қилганлар ё муҳтож оиладан бўлган қизлар ёки "бахти" келишмай эрдан ажрашган, кўпроқ енгил йўлни танлаган ёш жувонлар. Биринчи ҳолат-ку тушунарли: чет элга бўлса-да, бели бақувват, бой йигитга тегиб, оиласидаги ночорликдан қутулиш.
Иккинчи ҳолат эса ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўз юртида бир йигитнинг этагидан маҳкам тутиб, сабр-тоқат қилиб ҳалол-пок ҳаёт кечиришга кўнмаган аёл олис ва бегона юртда ўзга дунё кишисининг кўнглини топиб, кўзига қараб яшай олармикан?!
Уларда осон эмас
Қолаверса, корейс халқи турмуш тарзи, ахлоқ-одоби меъёрлари, келинлик бурчлари бизникидан қаттиқроқ бўлса борки, асло енгил эмас. Корейс йигитлари аёл хиёнатини кечирмайдилар, ёлғонни ҳазм қилолмайдилар. "Нима қилиб бўлса-да, тегиб олиб, у ёғига ўзим билганимча яшайман" деган "афиристкалар" янглишадилар. Кўп ўтмай ўзларининг шармандалари чиқиб юрт, миллат шаънига салбий таассурот туғдирганлари қолади холос. Бунга мисоллар ҳам бор.
Урф-одат, турмуш тартибларида ҳам бутунлай биз учун бегона қоидаларга амал қилинади. Масалан, бизда таом еб бўлгач, кекириш ёмон одат ҳисобланмайди. Уларда эса аксинча, энг хунук одобсизлик белгиси бўлиб, дастурхон устида беихтиёр "ҳиқ" деб юборганни кетига тепиб ҳайдашдан ҳам тоймас эканлар.
Буёғи нима бўларкин?
Давлатобод даҳасида Дилноза исмли йигирма беш ёшли жувон билан танишдик. У шаҳар маҳалласида туғилиб ўсган. Бамаъни оилада улғайган. Мактабни тугатибоқ ота-она ихтиёри билан турмушга чиққан. Фарзанд кўрмаган. Ўзининг айтишича, қайнонаси кун бермагани сабаб ажрашиб кетган.
Ота уйига қайтиб келган қиз улар измига бўйсунмай қўяди. Аллакимларнинг таъсири, ўзининг "энгиллиги" боис "кўчага чиқиб кетади". Микрораёндаги кўп қаватли уйларнинг биридан паноҳ топади.
Дилноза ўзи, ота-онаси ҳақида гапиришни истамади. Кейинги ҳаёти ҳақида ҳам бировга "ҳисоб" бериш нияти йўқ.
Тошкентга борганида Юлдуз исмли аёл билан танишиб қолади. Юлдуз ўзига ёққан бир нечта қизларнинг, жумладан, Дилнозанинг ҳам суратини интернет орқали хорижга жўнатиб юборади. Кореядан жавоб келади. Дилнозани ёқтирган йигитнинг Тошкентга фалон куни келиши маълум этилади. Бу 33 ёшли, аввалги турмушидан ажрашган, қизнинг айтишича, банк бошлиғи (?) бўлиб ишлайдиган Ху Ван Сок экан.
Улар Тошкентда учрашишади. Йигитга қиз маъқул тушади. Қизга эса бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Таржимон орқали тил топишган келин- куёвлар уч кун ўтиб, ФҲДЁ бўлимида рўйхатдан ўтишади. Сўнгра Тошкентдаги ресторанлардан бирида 30 чоғли одам билан туйни нишонлашади.
Шундан сўнг келин-куёв тўрт кун меҳмонхонада яшашади. Кейин эса куёв Сеулга кетди, келин Наманганга қайтди. Орадан маълум муддат ўтгач келин виза билан у ёққа - Кореяга чақиртирилди. Бир ой яшаб, нимагадир яна ўз юртига қайтиб келди.
Дилноза бунинг боисини айтгиси келмади. Эрини, у ёқдаги шароитларни мақтайди. "Виза келса яна кетаман", - деяпти-ю ниманидир яшираётгани сезилиб турибди. Кўнглимиздан "Аҳмоққа Косон бир тош экан- да" деган нақл кечади, ойига Сеулга бориб келиш осон бўлмаса керак ахир? Ҳай, майли, буни вақт кўрсатади.
Тенги-тенги билан эмасми?
Расмий идораларнинг маълумотига қараганда 2006-2007 ва 2008 йилларда ўзбек қизларининг, жумладан наманганлик хонимчаларнинг Жанубий Кореяга турмушга чиқишлари авж олган. Узатилаётганларнинг 90-95 фоизи ҳали ҳаётни яхши билмаган ёш қизлар. Бир нарса кишини ташвишга солади. Қизларимизга харидор куёвларнинг ёши 35 - 50 ёшларгача...
Баъзиларнинг ёшларида худди ота-боладек тафовут бор. Савол туғилади: орадаги шунча фарқ билан икки инсон бир-бирини тушуниб умрбод турмуш қуриб кета олармикан? Дунёқарашларида ер билан осмонча айрилик бунга халал бермайдими? Мабодо, у ердан турмуши бузилиб келса, қизларимизга бу ерда ақли расо, тузукроқ эркак уйланармикан? Ўзбек ва корейс омухталигида бино бўлган фарзанд кимни кўпроқ тан олиб, қайси миллатга содиқ қоларкин? Бу каби саволларга тўрт-беш йилдан сўнг аниқ жавоб топиш мумкин Айтинг-айтинг, алланималарнинг иштаҳаси билан хорижлик куёвни кўнгли тусаган ҳамюртларимиз йиллар ўтиб афсус ва пушаймонлар алангасида ёнишмаса бўлди.
Авваллари кўп эшитардик. Бир қизнинг ўз қишлоғи ё шаҳри қолиб, нариги қишлоқ ё шаҳарга узатилиши ўша ерлик йигитларнинг ғурурига шикаст етказган. Тўйда куёвнавкарларни тузуккина сийлаб ҳам жўнатишган. Ёки водийлик талаба қизга гап отиб қолган жанублик йигит албатта сиқувга олинган, баъзан калтакланган ҳам...
Хўш, қўшниси, ҳамқишлоғи бўлган қизни жуда олис юртга, тили, дини, миллати бошқа одамга ихтиёрий тегиб кетаётганига бугунги йигитларимиз қандай муносабатда бўлмоқдалар? Ёки улар ҳам ўтакетган "демократ" бўлиб кетдиларми?
Нозимжон Жабборов, компютер мутахассиси: Шахсан мен бу қизларнинг тутган йўлини ёқламайман. Ҳозир билинмаслиги мумкин. Орадан йиллар ўтиб, ёши улғайганда она-юрт, туғишганлар соғинчи қаттиқ сезилади. Моддий жиҳатдан қанчалик тўкис яшамасин, соғинч дардига ҳеч нима малҳам бўлолмайди.
Яқинда Корея телевидениеси орқали худди шу мавзудаги бир кўрсатувни кўриб қолдим. Кореялик мухбир айнан наманганлик келин билан суҳбат қиляпти. Туғилган Ватани, ота-онаси, қариндошлари, болалиги, яхши кўрган таомлари ва бошқалар хусусида. Шундан сўнг қизга туғилган ва яшаган шаҳри, кўчалари, таниш, қадрдон жойлари акс этган видео тасвирни қўйиб берди. Қиз фақат йиғларди. Ваҳоланки, унинг ҳаёти ёмон эмас экан. Фақат бемисл соғинч, афсус ёшлари зоҳир эди унинг кўзларида.
Ёқубжон Қурбонов, тадбиркор: Ўзбекларнинг туркий халқлар билан қудалашуви тарихдан маълум. Уруш йилларида, кейинчалик ҳарбий хизматдан йигитларимизнинг баъзан рус қизларини олиб келиб уйланишига ҳам кўниккан эдик. Аммо айнан Кумушойим ворисларининг корейс йигитларини маъқул кўраётганлари кишини нафақат ажаблантиради, балки миллий, диний ғурурини камситади. Масалан, мен синглим ё қизимнинг ҳеч қачон шунақа олис мамлакатга турмушга чиқишига йўл қўймасдим. Бу борада ота-оналар, ака-опаларнинг ҳам масъулияти сусайганга ўхшайди.
Яна энг муҳими, Ватанга муҳаббат динга эътиқод цингари мустаҳкам, собит бўлиши зарур. Икковиси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ўзингиз ўйланг, корейс-ўзбек никоҳидан туғилган бола қайси динга эътиқод қилиши мумкин. Бу борада ота-она ўртасида ихтилоф чиқмайди, деб ким кафолат беради?!
* * *
Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Ватандан олисда Ватанга зорлик душманнинг ҳам бошига тушмасин.
Рислиқхон Мажнунова, журналист
Наманган шаҳри
П. С. Муаллиф жамиятимизда илдиз ота бошлаган жиддий муаммони қаламга олганлар. Масалани ҳар томонлама таҳлил этишга уринган ва бунга эриша олган куйинчак ижодкоримизнинг фикрларига қўшимча қилишни истардик. Аксарият ўзбек қизларининг бугун ўз миллатдошларини, диндошларини эмас, балки бошқа миллат ва ғайри дин вакилларини умр йўлдоши сифатида маъқул кўраётганлари чиндан ҳам оғриқли муаммо. Кимлардир буни – кўнгил иши, дер... Ватан ва миллат тушунчаларини англаб етмаганлик, ғофилликни сабаб билар. Бунинг ортида бой-бадавлат, бекаму-кўст яшаш истаги ҳам кўпроқдир, эҳтимол. Нима бўлганда ҳам ўзини, ўзлигини билган, англаган одам бундай хатоларга йўл қўймайди.
Дарвоқе, ижодкоримиз қаламга олганлари – мавзунинг диний томонини назардан қочирибдилар. Шариатга кўра, мусулмон эркаклар аҳли китоблардан – насроний ёки яҳудий динига мансуб аёлга (мажусий, бутпараст, оташпараст аёлларга эмас) уйланишлари мумкин. Аммо муслима аёлнинг бошқа динга мансуб кишига турмушга чиқиши мумкин эмас. Агар муслима аёлга уйланишни истаган эркак Исломни қабул қилса, шариатда бундай никоҳга рухсат берилган. Никоҳ остонасида турган қизларимиз ҳамда уларнинг ота-оналари буни назардан қочирмасалар ва дин уламолари мазкур мавзуга ўз муносабатларини билдирсалар айни муддао бўларди.
Нега эрлар четдан ҳаловат топишади?
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Ҳаётимизда содир бўладиган кўплаб воқеаларни тафаккур қилиб кўриш ва улардан керакли хулосалар чиқариш мумкин. Аёл – бу тафаккур қилишга ундовчи жумбоқ. Дунёвий нарсаларнинг бари унга дахлдор. У ҳам қувонч, ҳам қайғудир. Ҳамма нарса аёл кишининг ҳаёт йўлида ўзини қандай тутишига ва ушбу ҳаёт синовида нималарга эътибор беришига боғлиқ.
Бироқ у бугунги кунда биз кўп дуч келаётган талоқ каби ҳолатнинг сабабчиси бўлиши мумкинми? Қандай қилиб талоқдан ҳимояланиб оилавий ўчоқни асраб қолиш мумкин? Бу ҳар қандай аёл учун мушкул масала. Кимдир сабр, ақл ва Аллоҳнинг улуғ инъоми бўлмиш иймон билан бундай фожиадан сақланган бўлса, кимдир ўзини жиловлай олмагани ва ўзига ниҳоятда катта баҳо бергани учун ҳамон жазосини тортмоқда.
Биз аёллар негадир оилавий масалаларда сабр қила олмаймиз, айниқса эримиз яна бир аёлни никоҳига олаётган бўлса. Негадир атрофимиздаги ҳамма нарсага эгалик қиламиз деб ўйлаймиз. Бу Аллоҳ Таоло томонидан берилган синов экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Садақа бериб нимадандир қурбон қиламиз, яқинларимизни йўқотиб қурбон бермиз, ҳаётимизга боғлиқ нарсаларда қурбонликлар кўп бўлади... Лекин нимани қурбон қилиш, йўқотиш мумкин эмас? Тушуна олмаётганимизнинг, қабул қила олмаётганимизнинг сабаби шунда эмасми? Ўзи тушунишга уриниб кўрганмисиз? Ҳаракат қилганмисиз? Иймон ва амал бобида мусулмон содиқ бўлиш керак. Иймонга келсак иймон ва содиқлик ажралмас бир бутундир.
Ажралмаслигининг сабаби бизнинг ҳаётимиз, билиб-билмай қилётган амалларимиз, билиб-билмай қилаётган гуноҳларимиз шунга боғлиқ. Бизда танлаш имконияти бор, лекин кўпинча тушунмасликни ва кечирмасликни танлаймиз. Биз ўзганинг дардини, изтиробини тушунишни ўрганишимиз керак. Ўзгаларнинг қилган амали модомики Шариат доирасидан чиқмаган экан уни тушунишга ҳакарат қилмоғимиз лозим. Ахир ҳар қандай одам уни тушунишларини, унга раҳм қилишларини хоҳлайди. Ҳар қандай одам ўзгалардан ёрдам кутади, ҳеч бўлмаса юпатувчи сўзлар кутади. Нега бизлар ўзимиз сезмаган ҳолда худбинга айланамиз. Ахир оилавий бахт аёл кишига боғлиқ-ку! Аёл уйга кўтаринки руҳ бағишлаб, уй ишларига бош бўлади. Ахир биз салбий нарсаларни уйга олиб кирмаслигимиз, ичимиздани “мен”имизни енгишимиз мумкин-ку.
Аёлларда доим “Нега менга бундай бўлди?” деган савол туғилади. Лекин, аёллар ҳеч ўзига ўзи “Нега эрлар хотинларини ташлаб бошқаларга кетиб қолади, нега болалар қулоқ солмайди?” деган савол берармикан? Ҳамма бахтсизликларнинг сабаби эса ўзимизда. Биз ҳамма кулфатларнинг сабабчисимиз. Шунчаки шайтон нафсимизга ҳукмини ўтказаётганини тан олишни истамаймиз.
Ҳаётимиздаги қадрли нарсаларни йўқотмаслик учун нималар қиляпмиз, муаммоларни қандай ҳал қилмоқчимиз? Ўзимиз кўпинча эрларимизни ўзгалар қучоғига ҳайдаймиз. Қандай дейсизми? Талабларимиз, жанжалларимиз билан, ақлга эмас одатларга риоя қилишимиз билан. Иймон ва сабр етишмагани учун бутун оиламиз билан Дўзах қаърига йўл оламиз. Натижада эрларимиз бошқа аёлдан ҳаловат топади. Вазиятни тўғрилаш учун эримизнинг бошқа хотинига туҳматлар қиламиз. Эримизни қайтариб олишга ҳаракат қиламиз, лекин қандай йўл билан? Биз энди яхшироқ бўлиб қолдикми, хатоларимизни англаб, уларни тузатишга ҳаракат қиляпмизми, қалбимиздаги иймон зиёдалашдими? Йўқ, азизлар, биз янада маккорлашдик. Биздан узоқроқ юриш керак. Бизнинг ҳудудимиз хавфли бўлиб қолди. Қандай ҳимояланиш мумкин, биздан асровчи дафдорини қаердан топса бўлади? Биз жон жаҳдимиз билан ғазаб, ҳасад, хасислик, эришиб бўлмас бойликка интилиш каби иллатларимизни енгишга ҳаракат қилишимиз ва аксинча, Яратган бизга инъом этган фитратимиздаги фазилатларимизни намойиш этишимиз керак. Фақат шунда солиҳалардан бўламиз. Фақат шунда яқинларимизнинг муҳаббатига, атрофдагиларнинг ҳурматига сазовор бўламиз, Аллоҳ бизга бу дунё саодатини беради. Акс ҳолда на бу дунё ва на охират саодатидан баҳраманд бўла оламиз.
Аллоҳ бизга яхшилигимиз учун неъматлар бераяпти деб ўйлаймиз. “Шу неъматларга лойиқмизми?” деб ўйлаб кўрганмизми ҳеч? Аслида бу Аллоҳ бизга бераётган синов: қанчалик динда мустаҳкамлигимиз ва неъматларни тўғри тақсимлашимиз имтиҳон қилиняпти. Ҳамма неъматларнинг жавобгарлиги бор.
Адашган ҳолда ўйламай қилган қилмишларимизнинг жазосини қандай тортяпмиз? Биз аёллар уйдаги турмуш кемасининг капитанимиз. Эркаклар эса штурман. Келинг оила кемаси штурвалини уларга берайлик. Шунда аёл кишининг ўзига қарашга, уй ишларини қилишга, эрига эътиборлироқ бўлишга вақти бўлади. Акс ҳолда муаммолар кўпаяверади.
Аллоҳ ҳаётнинг турли рангларини инъом қилиб ўзимизга керакли рангни танлаб олишимизга имкон берган. У яхшини ёмондан, нурни зулматдан фарқлаш имкониятини берган. Танлаш биздан. Албатта, эрларимиз очиқ кўнгил билан кутиб олинадиган жойга боришади, қаерда иймон кўп бўлса, қаерда уларни тушунишса, қаерда муносабат яхши бўлса ўша ерга ошиқишади. Аёллар ўртасида мусобақа бўлиши керак: ким яхшироқ, ким сабрлироқ, кимда иймон ва сабр зиёдароқ...
Аёллар оилавий ҳаётга ва эрига боғлиқ ҳар нарсада яхши бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Ўз изтиробларини енга билишлари керак. Ҳеч нарса абадий эмас. Бир кун келиб ҳаёт болдан ҳам тотли бўлиб кетади. Ҳамма ғам-андуҳлар ортда қолади. Ташвишларимизни кўрмагандек бўлиб кетамиз. Иймонимиз қанчалик зиёда бўлса дунёвий ташвишларни шунчалик осон сабр қиламиз. Аллоҳ биз билан биргалигига, бизга ҳар жабҳада ҳомийлик қилишига ишониш, чин дилдан иймон келтириш керак. Агар ўзгалар билан баҳам кўришни ўрганмасак, ўзимизга раво кўрганимизни бошқаларга ҳам раво кўрмасак ҳеч қачон бахтли бўлмаймиз. Умр қисқа. Ушбу қисқа вақт мобайнида Аллоҳнинг амрларига бўйин суниб Шариат қонунларига риоя қилишга улгуришимиз керак.
Муаллиф: Мисай Алиева
Камбағаллик айб эмас
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Азалдан фақирлар мақталади. Чунки инсонлар камбағалларни яхши кўришга буюрилган, Аллоҳ учун энг яхши одамлар камбағаллардир, дейилган. Барча пайғамбарлар ҳам камбағаллик билан имтиҳон қилинган. Фақир-камбағалларни севишда Набийни севиш бор.
Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга интилмаса ёки ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Хабарда айтилганидек, «Бойларнинг уйига камроқ киринглар, акс ҳолда Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини писанд қилмаган бўласизлар».
Яна фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойларникидан ёмон бўлади, сабаби бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, бу билан тақдирга исён қилган ҳисобланади. Хабарда айтилганки: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир»; «Аллоҳ мутакаббирни ёмон кўради, мутакаббир фақирни ундан ҳам ёмон кўради».
Ҳақ йўлдан йироқ бўлган инсон учун фақирликнинг машъум хатарлари бор. Баъзи маънавий ожиз одамлар учун фақирлик, унинг ортидан келадиган қийинчилик-машаққатлар куфрга кетиш учун бир восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки сабр ва қаноат каби улуғ неъматлардан бебаҳра инсонлар фақирлик имтиҳонининг қийноқларига дош беролмай, ҳар куни Яратгандан норози бўлиб, ширку исён байроғини кўтаришга одатланиб қолишади. Ўзини камситилган ҳис этишади ёки илоҳий адолат бузилганмикин, деган куфрона гумонларга боришади.
Баъзан фақирликда, камбағалликда яшаётган одамларни кузатсангиз, уларнинг гўё фақирликларига ўзлари айбдордай, ўксиниб, бошқалар олдида хижолат чекиб, ноқулай ҳолатга тушишларини кўп кўргансиз. Ёки «Нима қилайлик, пешонамиз шўр экан, Худо бизни фақир қилиб, ночор қилиб яратиб қўйган бўлса!» деб зорланишганини эшитгансиз. Айримлари ўзларининг фақирликларидан уялиб, сал ўзига тўқроқ қариндошлар билан борди-келдини ҳам йиғиштириб қўйишади. Баъзилар камбағалликдан шунчалик орланишадики, таркидунё қилган роҳиб каби одамлардан бутунлай ўзларини тортишади. Маҳалла-кўй, тўй-маросимларга аралашишдан ҳам воз кечишади. Нима, камбағаллик айримлар ўйлаганидай, шунчалик айбми, камчиликми, пешонанинг шўрими, Аллоҳнинг жазосими ёки тақдирнинг шумлигими?
Йўқ ва яна йўқ. Агар инсон фақирлик орқасидан ўзига қандай улуғ марҳамат, ажр-мукофотлар борлигини, у фақирлик билан синалаётган экан, бундан сабр, шукр орқали шараф билан ўта олса, уни боқий дунёда қандай улкан неъматлар ва мукофотлар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмайди. Бежизга ўтмишдаги сўфийлар: «Агар ҳукмдорлар биздаги руҳий хотиржамликнинг сабабини билиб қолишса, эгнимиздаги жандаларни тортиб олган бўлишар эди», дейишмаган. Шундай экан, сиз фақирлик келганида хафа бўлиш ўрнига севининг, камбағаллигингизни қўрқмай, уялмай тан олинг, ўзингизни камбағалликка тайёрланг. Закот ейишдан уялманг, шуни билингки агар сиз каби камбағаллар бўлмаса, бойлар закотини бергани одам тополмай, Аллоҳнинг фарзини бажара олмай қолишарди-ку!
Фақирона ҳаётнинг руҳий ва маънавий сакинати, қалб хотиржамлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Мол-дунёси бўлмаган одам уни тасарруф қилиш, кўпайтириш, фойда олиш, асраш, алданиш хавфи каби қанчалаб офат-хатарлардан омонда, хотиржам яшайди. Дунёнинг ташвиши ва ҳисоб-китоби миясини банд қилмагани учун ибодатларида ҳаловат, роҳатланиш бор. Боқий дунёда ҳисобга тортилмаслигининг ўзи ва бунинг ортидаги қалб ҳаловатини унча-бунча нарса билан ўлчаб бўлмайди. Камбағалнинг бойлардан беш юз йил аввал жаннатга кириши башорати ҳамма бойликлардан устун мукофот эмасми? Хабарларда айтилганидай: «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луіма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши µаіиіий мискин эмас. Ҳаіиіий мискин ґзини беµожат іиладиган нарса топа олмаса ва садаіа бериш учун унинг аµволидан бошіаларнинг хабарлари бґлмаса µамда ґзи µам тиланиб юрмайдиган кишидир»; «Ҳар бир нарсанинг калити бор, жаннатнинг калити мискин-фақирларни севишдир».
Фақир саҳобийлар ораларидан бир кишини вакил қилиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига юборишди. Вакил у зотга бундай деди: «Мени асҳобингизнинг фақирлари ҳузурингизга юборишди». У зот: «Сенга ва сени юборганларга марҳабо! Улар мен севган кишилардир», дедилар. Келган вакил истакларини шундай баён қилди: «Бойлар моллари бўлгани учун ҳаж қилишяпти. Жуда кўп хайрли ишларни қилишяпти. Биз эса фақирлик орқасидан буларни уддалай олмаяпмиз. Шунинг учун охиратдаги мукофотимиз, хайрли амалларимиз оз бўлиб қоладими, деб ўйлаяпмиз. Мени сизга юборган фақирлар «бизнинг ҳолимиз нима бўлади», деб сўрашди. Фахри коинот бундай дедилар: «Фақирларга мендан шуни етказгинки, охиратда эришадиган мукофотларини ўйлаб, бу дунёдаги маҳрумият ҳолларига сабр қилсинлар. Чунки фақирларнинг бойлардан афзал учта жиҳатлари бор:
1. Уларга бу дунёда чеккан машаққат-қийинчиликлари, дунё неъматларидан бебаҳраликлари эвазига жаннатда шундай кўшк-пар бериладики, бошқалар у кўшкларга дунёда энг порлоқ юлдузларга қарагандек маҳлиё бўлиб қарашади. Бу кўшклар пайғамбарлар, шаҳидлар ва фақир мусулмонлар учундир.
2. Фақирларнинг ҳисоблари осон бўлади ва улар бойлардан олдинроқ жаннатга киришади.
3. Бой киши садақа бериб эришадиган савобга фақирлар: «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб эриша олишади. Фақирлар бу каби зикр ва тасбеҳларни бойлардан кўпроқ айтишса, бойларнинг пул ва моллари билан қозонган савобларига шу айтган зикрлари билан эриша олишади».
Зуннун Мисрий дейдики: «Бир камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир куни тушимга кирди. Ундан: «Аллоҳ сен билан қандай йўл тутди?» деб сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳ: «Пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим», деди». Шу зотнинг яна бундай сўзи бор: «Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сайин мол-дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари мол-дунё муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? У илми орқали мол-дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасоддир».
Бишр Хофий айтади: «Фақирлар уч тоифа бўлишади: биринчиси сўрамайди, берсанг олмайди ҳам, бу тоифа руҳонияти олий одамлардир, улар Аллоҳдан сўрашса Аллоҳ беради, Аллоҳга қасам келтиришса қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади, булар ўрта қавм, Аллоҳга таваккул қилиб яшашади, буларга жаннатда дастурхонлар ёзилади. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилганки, бошга ҳожат келса Аллоҳга мурожаат қилади, Ўзи сингарилар ёнига чиқади, ҳақиқатгўйлиги унинг хизматкоридир». Шу зотнинг мана бундай гаплари ҳам бор: «Шундай замонлар келадики, қоплаб дунё тентаклар қўлига ўтиб кетади». Ишонмасангиз, атрофингизга бир назар солинг: беҳисоб мол-дунёга эга бўлганлар ақлли, доно, тақводор одамларми ёки аксинчами?
Абул Ҳасан Сирий бундай деганлар: «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ҳеч кимдан ҳеч нима олма, шунда бировга беришга ҳеч ниманг бўлмайди. Дунёнинг турган-битгани ортиқчадир, лекин беш нарса бундан мустасно: нон, сув, кийим, уй ва манфаатли илм».
Шақиқ Балхий фақирликни ёқлаб ўтган шайхлардан. У айтадики, «Дунёга интилиб ўлишдан сақлан, хотиржам бўлгинки, сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди. Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? У бадавлат одам камбағал бўлиб қолишдан қўрққанидек бойиб қолишдан қўрқади ва фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди. Фақирликни сақлаш фақирликни Яратганнинг инъоми деб тушунишдир. Бойлардан четда юр, чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтовоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан».
Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний бундай деган эди: «Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: «Агар пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди», деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди».
Баъзи кимсаларнинг камбағалларни қўл учида кўрсатиши, уларни назарга илмаслиги, улар ҳузурида бойлиги билан керилиши ёки кибрланиши, инсоний муносабатларда камбағаллардан устунлик даъво қилиши нодонликдан, жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Мана шундай нохуш ҳолатларга келин олишда, қиз чиқаришда айниқса кўпроқ дуч келинади. Келин ахтарганлар бойроқ хонадондан қиз олсам, ўғлимнинг келажаги таъминланади, қайнотаси ёки қайнонаси турмушда ёш оилани қўллаб туради, деган бемаъни хаёлларга боришади. Қиз узатадиганлар бадавлат хонадонга узатсам, егани олдида, емагани кетида, ҳеч нарсадан муҳтожлик кўрмай юради, деган режалар тузишади. Билишмайдики, Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимлашда алоҳида ҳикмати, иродаси бор, бировга кўпроқ, бировга озроқ ризқ беради.
«Нега камбағалга қиз бермайсиз, битта айби гоҳо оч қолади-да», деб сўради бир доно киши маҳалладошларидан. Уларнинг чеҳрасида тасдиқ ишорасини кўргач афсусланиб хитоб қилди: «Йўқ, аксинча бойнинг хонадонида оч қолади. Қизингиз юрган йўлида еса бой «нега туриб еяпсан», деб кўз очирмайди, ўтириб еса «нега ўтирволиб ейверасан», деб тинчлик бермайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг, барча бойларнинг келини ориқ… Камбағал эса фақирлигим сезилиб қолмасин, дея ҳали синашта бўлмаган келинга нуқул овқат тиқиштиради».
Аксарият бадавлат кишиларнинг қизлари тўкинчиликда, фаровонликда, эрка бўлиб улғайгани учун кўп ҳолларда оддий, камтарона яшайдиган хонадонларга муносиб келин бўлолмайди. Сабаби, одатда уларнинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди, айтганини ҳамиша муҳайё қилишади, қилини эгри дейишмайди, хулласи ҳамма айбу нуқсонларини қилинган мўл-кўл сеплар, шоҳона тўй маросимлари ёпиб кетади, деб ўйлашади. Аксинча, камбағалроқ оиладан келин бўлиб тушган қизлар эсли-ҳушли, «оилам, эрим, рўзғорим» дейдиган, борган жойига тошдай чўкадиган, ҳамманинг хизматини қилиб кўнглини оладиган эпли бўлишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, қўли калталигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйда деб иззат-нафсини койитмасангиз, бўлди.
Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг сутчи аёлнинг ҳалол қизини келин қилганлари ҳақидаги гўзал бир ривоятни келтириш ўринлидир: Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларини айланиб юрганларида бир воқеанинг гувоҳи бўладилар. Бир хонадонда сутчи аёл бугун сути одатдагидан камроқ кўрингани учун унга бироз сув қўшмоқчи бўлар, унинг қизи эса «Аллоҳдан қўрқмайсизми?» деб уни бу гуноҳ ишдан қайтарар эди. Воқедан воқиф бўлган Ҳазрати Умар эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли ва иффатли қизни ўғлига хотинликка сўради. Бутун мусулмон оламининг амири ўғлини фақир қизга, оддий сутчининг қизига уйлантирди. Ўша покиза келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган, халифалик қилган йиллари «энг саодатли ва адолатли давр» сифатида тарихга кирган Умар ибн Абдулазиз эди…
«Тазкират ул-авлиё»да шундай нақл қилинган: Шайх Ҳотами Асом Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам аёлидан:
– Мен тўрт ойлик сафарга кетяпман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа қолдиришимни истайсан? – деб сўради. Аёли бундай жавоб қилди:
– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг.
– Тириклигинг ва ўлиминг асло менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг қўлидадир, – деди Ҳотам.
– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, – деди хотин.
Ҳотамга бу сўз маъқул келди ва хотинини дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дейишди. Хотин бунга жавобан:
– У киши ҳам мен каби ризқ еювчидир, бергувчи эмасдир, – деди.
Ҳофиз ибн Ражаб ушбу воқеани қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийдан нақл қилади: «Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарасам, ичидан бир шода марварид чиқди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим.
Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: «Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман», деб юрган экан. Шунда мен: қорним оч, ҳожатмандман, ҳамённи бериб эвазига пулни оламану ундан фойдаланаман, деб ўйладим.
Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, шунда унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди, аммо мен олмадим, тўғрироғи олишни эп кўрмадим.
Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжиддан паноҳ топдим. Қуръонни чиройли ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. «Ёзувни ҳам биласанми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедим. Улар бола-чақалари билан келиб, мендан ўқиш-ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Бир етим қизлари бор экан, бир куни улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Аввалига рози бўлмадим, қистайверишгач кўнишга мажбур бўлдим.
Тўй куни…қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. У ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг аҳволимга ҳайрон… Уларга бошимдан ўтган воқеани айтиб бердим. Одамлар такбир айтиб юборишди. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: «Дунёда ҳамёнимни қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай», деб дуо қилганларини айтиб беришди…».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 46 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар