1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Қўш келиннинг бири бахтсиз бўлади... ми?

Эл орасида шундай гаплар юради. Қўшалоқ келин туширмоқчи бўлганларни “қўш келинларнинг бири хосиятсиз бўлади, бундай қилманг” деб қайтаришга уринишади. Аслида-чи, аслида ҳам қўшалоқ келинларнинг бири бахтсиз бўладими? Чиндан ҳам бу иримда жон бўлса, унинг сабаби нимада? Бугунги иштирокчиларимиз билан шу мулоҳазалар атрофида мунозара қилдик.

Акаси мақтаган қизни олманг!

Моҳира Ражабова, 43 ёш, шифокор, Тошкент шаҳри: — Бу ҳолатни кўп кузатганман. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан. Яқинда иккита жиянимга қўшалоқ келин туширгандик. Укаси ўзининг ёқтирган қизи борлигини айтиб унга совчи юборди. Унаштирувдан кейин уйларини таъмирлашни бошлаб юборишди. Ўша кезларда акаси  бозордан қурилиш материаллари опкелаётиб бир киракаш ҳайдовчи йигит билан танишиб қолади. Киракаш узатилмаган синглиси борлигини, қиз остона ҳатлаб кўчага чиқмаслигини айтиб, роса мақтовини келтирибди. Хуллас қиз жиянимга маъқул келиб, ака-уканинг тўйини тезлаштириб юбордик. Тўйдан кейин бирданига катта жияним хомуш тортиб қолди. Сабабини сўрасак, индамайди. Келин жуда ҳам эпсиз, фаросатсиз чиқди. На куёвининг уст бошига қарайди, на тузукроқ ош-овқат тайёрлайди. Шу аҳволига бирам тили узун эканки, на қайнона қайнотанинг ҳурматини, ўрнини билади, на эридан хижолат чекади. Каттакон ҳовлида ака-уканинг уйи, икковининг ошхона, ҳаммом, ҳожатхонаси алоҳида. Укасининг уйлари саранжом саришта, аканинг туриш-турмуши эса ҳалиги аҳвол. Жияним бояқиш ота-онаси, жигарларидан уялиб, дардини бировга билинтирмасликка урингани билан, барибир одамлар кўр эмас, ҳаммасини кўриб турибди. Келинойим бир-икки келинчакка танбеҳ берган экан, уялмай- нетмай отасиникига кетиб қолибди. Ишқилиб қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан. Жиянимнинг турмуши бўлмади...

Шунчаки ирим эмас

Санобар Шокирова 35 ёш, Бухоро вилояти: — Бир синглим овсини билан қўш келин бўлиб тушди. Тўйдан аввал қариндошлар, маҳалла-куй бирданига иккита келин тушириш хосиятсизлигини айтиб, тўйни кейинроққа суришимизни айтишганди, ота-онам бу майда гап-сўзларга аҳамият бермагандилар. Тўй бўлиб ўтди. Овсинининг ҳомиладорлиги билингач, қайнонаси ҳамма ишни синглимга бажартирадиган бўлибди. Ҳар кўришганимизда синглим изтироб билан : “Опажон, одамларнинг гапи тўғрига ўхшайди. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлар эканми, дейман. Овсиним яқинда фарзандли бўлади. Куёвингиз билан дўхтирга боргандик, иккингиз ҳам соппа – соғсизлар, фарзанд кўра оласизлар, деди. Лекин қайнонам кўз очирмаяптилар. Бу кетишда мени ҳайдаб юборадиларми, деб қўрқаман” дея йиғларди. Унинг ярим кўнглини кўтаришга уриниб, яхши тилаклар билан умидлантирардигу аслида ўзимиздан ўтгани ўзимизга аён эди. Беш йил шундай азоблар билан ўтиб, олтинчи йили синглим эгизак фарзандли бўлди. Энди тинчидик, қўш келинлар бахтсиз бўлмас экан деб кўнглимиз анча хотиржам тортди. Аммо эрта суюнган эканмиз. Болалари уч ёшга тўлганида бахтсиз ҳодиса туфайли куёвимиз ҳаётдан кўз юмди. Ҳозир синглим икки боласи билан қайнонасиникида юрибди. Нега ўшанда тўйни кейинроққа сурмадик, қўш келин туширамиз, дейишса қудаларга розилик бериб юбораверибмиз, одамларнинг шунчаки гап-сўзи, исботи йўқ ирим деб ўйлабмиз, дея ота –онам армон қилгани қилган. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан...

Куёвнинг бева хотини бор экан!

Севара Рустамова, 29 ёш, Самарқанд вилояти: — Қўш келинларнинг бири албатта бахтсиз бўлар экан! Буни ўз ҳаётимда кўрдим. Олий ўқув юртини тамомлаганимдан кейин ота-онамнинг ихтиёри билан унаштирилдим. Фотиҳа тўйидан кейин қуда томон кичик ўғилларини ҳам уйлантириб, бир йўла хотиржам бўлишликни истаб қолганларини маълум қилишди.  Бу гапдан опаларим бир сесканиб тушган бўлишса-да, бирови дадамга қарши сўз айтолмадилар. Дадам художўй, ирим-сирим,  фолу ромга ишонмайдиган эътиқодли киши бўлганлари учун қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гапга эътибор ҳам бермадилар. Хуллас тўй бўлиб ўтди. Иккинчи келин қайнонамнинг жияни — синглисининг қизи эди. Хулласи калом, менинг бахтсизлигим тўйнинг эртаси куни аён бўлганди. Бадбахт куёвнинг жазмани бор экан. Аниқроғи икки бола билан эридан ажрашган бир суюқоёқ бевага илакишиб, ўшанга уйланиб олган экан. Тўйнинг эртаси куни уйга келиб ҳалиги хотин жанжал кўтарса, денг. Уятсиз куёвнинг ундан битта боласи ҳам бор экан. Тап этиб болани олдимга ташлаб, “эримга тегиб олишни қандай уддалаган бўлсанг, бола боқишни ҳам шундай эплайсан” деди. Мен  янги келинлик оламини фақат бахт ва иқбол рангларида кўрган 22 яшар қизалоқ, бу ақлга сиғмас воқеотлар олдида гунгу кар бўлиб қолдим. Бироз муддатдан кейин опаларимга қўнғироқ қилиб, мени бу ердан олиб кетишларини ўтиниб йиғлаганча, бор гапни гапириб бердим. Улар тўйнинг эртаси куни уйига қайтган қиз ҳақида ҳеч ким яхши гап гапирмаслигини уқтириб, мени тинчлантирмоқчи бўлдилар. Бир томондан қайнонам мени алдаб-сулдашга тушди. Хуллас икки ой шундай тўс-тўполонлар билан ўтди. Охири куёв менга очиқчасига уйдан кетишимни, ажрашишимизни, у аёлни севишини, ота-онаси мажбурлаб менга уйлантирганини айтиб, жавобимни берди.

Душман сингил

Роҳила Исроилова, 43 ёш, Бухоро вилояти: — Қўш келинларнинг ҳам, опа-сингил овсин бўлганларнинг ҳам бири бахтсиз бўлиши  ҳақ гап экан. Мен ана шу икки тоифага ҳам мансуб жабрдийдаман. Раҳматли турмуш ўртоғим билан талабалик пайтларимизда севишиб,  аҳду паймон қилгандик.  Ўқишни тамомлаганимиздан кейин иккимиз ҳам бир йилча ишладик. Шундан кейин катталар тўй ҳаракатига тушишди. Фотиҳамиздан кейин бирданига қайнонам синглимнинг юриш-туришига маҳлиё бўлиб, ота-онамга “кичик қизингизни ҳам ўзим келин қиламан. Эпчил, чаққон, хушрўйгина экан, айни кенжатойимга мос” деб қолдилар. Уйдагилар ҳам шу таклифни кутиб юргандек, дарҳол уларга розилик беришди. Мен қўш келинларнинг, опа-сингил овсин бўлганларнинг бахтсиз бўлганларини кўп эшитгандим, онамга бу ҳақида айтгандим, ирим-сиримларга парво қилма, тақдир Худодан, деб қўявердилар. Хуллас, синглим иккимиз бир кунда бир хонадонга келин бўлиб тушдик. Бирин-кетин фарзандли бўлдик, турмушимиз ҳам силлиқ кечаётганди. Мен одамларнинг гапи бекор экан, деган хулосага бордим. Аммо хато қилган эканман. Кутилмаганда иш юзасидан пойтахтга борган турмуш ўртоғимнинг ўлими ҳақида хабар олдик... Эсанкираб қолдим. Тўс-тўполон, қий-чув билан севгилимни, болаларимнинг отасини тупроққа кузатдим. Тўғриси шундан кейин синглим кўзимга балодай кўриниб қолди. Гўёки у менинг бахтим ўғрисига, севгим заволига сабабчи бўлиб туюларди. Авваллари ҳам синглимнинг қайнона-қайнотамга мени ёмонлашини, орқамдан гапириб, уйимизда рақибона кайфият пайдо қилишини сезиб юргандим. Аммо эримнинг вафотидан кейин унинг бунақа қилиқлари кўнглимни оғритадиган бўлди. Шундай қилиб қўш келин бўлиб тушган биз опа-сингил овсинлар кўп ўтмай ҳақиқий душманга айланиб қолдик. Мен қайнотам ва акаларимнинг ёрдами билан бошқа жойга ҳовли қилиб, болаларимни олиб чиқиб кетдим. Синглим билан борди-келдимиз йўқ, юзкўрмас бўлиб кетганмиз. Билмадим, иримга ишониш тўғрими ёки бу тақдиримда бор эканми, мен қўш келинликнинг жабри туфайли ҳам севгилимдан, ҳам эримдан ва ҳам синглимдан жудо бўлдим...
Бу хусусда руҳиятшуносларнинг фикри қандай экан?

Ҳамма гап — ишончда

Нигора Рўзиева, руҳиятшунос: — Бундай нарсаларнинг албатта руҳиятга боғлиқ жиҳати катта. Биринчидан, инсон мияси магнит тошга ўхшайди. Эшитганини ўзида сақлаб қолади.  Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гап кишиларимизнинг миясига ўрнашиб қолган. Ўзлари қаттиқ ишониб қолганларидан руҳий томондан ўйлаганлари ҳаётда юз берса, кўпчилик бу гаплар ҳақ экан, деган хулосага боради.  Инглиз мутафаккири ва шифокори Адам Жексон “Асл саломатликнинг  ўн сири” деб номланган асарида, “Ишонч мутлақо бўлиши мумкин бўлмаган нарсани ҳам бўлдиради” деганида ҳақ эди.  Шундай экан, бунақанги ҳолатда ишонч билан дадил қадам ташлаб, фақат яхши нарсаларни кўзлаш керак. Руҳият, кўнгил яхшиликка мойил бўлса ҳаётингиз ўзингиз истагандек бўлади. Яна айтаман, хоҳиш-истак ва ишончда гап кўп.

Мусулмончиликда ирим йўқ!

Қўш келин олишлик ҳақида халқ орасидаги ирим-сиримлар, гап-сўзлар ҳақида  Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВнинг фикрлари эса қуйидагича: — Таъкидламоқ керакки, аввало мўмин-мусулмон киши ирим-сирим, сеҳру-жоду ва башоратга берилмайди ва ишонмайди. Мўмин одам учун тақдир Аллоҳ таолодан бўлади ва бахт ёки бахтсизлик ҳам унинг истаги билан рўй беради. Жумладан баъзи бир хотинларнинг айтишича, қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши, опа-сингиллар овсин бўлиб бирининг турмуши бузилиши ҳам бўлиши керак бўлган воқеа эмас. Бу ҳам ўша инсоннинг тақдири билан боғлиқ. Шундай экан айрим ирим – сиримчи ва турли шубҳали инсонлар тахмин қилганидек кўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши ва турли бўлган- бўлмаган иримлар ислом динида қораланади.
Инсоннинг тақдирида ёзилган барча яхшилик ва ёмонлик тақдир қилган кунда ва бўлиши лозим бўлган вақтда юз беради. Бунинг барчаси Аллоҳнинг иродаси. Шунинг учун бу масалада Аллоҳ билгувчироқ. Қўш келин олмай ёлғиз келин олган оилаларнинг қанчаси бахтли ҳаёт кечирмоқдаю қанчаси кўнгилдагидек турмуш қилмаяпти, шуни бир мулоҳаза қилиб кўриш жоиз.
Инглиз файласуфи Томас Эмерсон “Кимда ким ишонсагина, ғалаба қилади”, деган эди. Бизнингча ҳам қўш келин олаётганлар ёки қўш келиннинг бири бўлиб узатилаётганлар бахтли бўлишларига, бошқа гап-сўзлар асоссиз эканига астойдил ишонсалар, албатта ўзлари кутган саодатга эришадилар.
Дарвоқеъ, бу борада муштарийларимиздан ҳам фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз. Сизнингча қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гапда асос борми?

Фарзона тайёрлади

Бозор кўрган келин

Бозорларимизда қиз-жувонларни, ёш болалари кўравериб кўзларимиз ўрганиб ҳам кетди. Бу ҳақида кўп гапиравериб, ёзавериб кўпчиликнинг ғашига тегиб кетган бўлсак ҳам ажабмас. Бироқ, инсон табиати шундай: уни ёмонликни мисол келтириб яхшиликка бошлаш мумкин. Шунинг учун ҳам халқона таъбир билан айтганда, дўппини бошдан олиб қўйиб, бозорларимизда Яратган берган ризқини ошаб юрган айрим аёлларимизнинг феъл-атвори,  одоб- ахлоқи ва маънавиятидаги қусурлар хусусида мулоҳаза юритишни жоиз билдик.

Қиз-аёлларнинг тижорат билан шуғулланиши, бозорларда ўзларини эркин қўйиб, бепарда гап-сўзларни тортинмай гапиришларига бирмунча кўникиб ҳам қолдикми, дейман. Негаки, бир пайтлари бозорга чиққан қизга биров юрак ютиб харидор бўлмасди ёки бозорда бозори юришган хотинларнинг қизига тузукроқ хонадон совчи бўлмасди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, бу ҳолат мутлақо терс айланди. Яъни тижорат билан шуғулланадиган қизга кўзи тушган ўғил уйлаш тадоригидаги она, биринчи навбатда қизнинг шарму ҳаёси, одобу андишасини эмас, унинг тижоратчилик қилиб йиққан сеп-сидирғасини кўз олдига келтиради ва ... ҳеч иккиланишсиз ўша қизни келин қилмоқчи бўлади. Бу ҳол бозорчи хотинлар билан ҳам шу тарзда  рўй беради. Савдо билан шуғулланадиган хотинларга қуда бўлишни истаганлар аксарият ҳолларда уларнинг мол дунёсини кўзлаган бўладилар. Негадир замонамизга келиб, тарозининг андиша, одобу ҳаё тортилган палласи, бойлик ва сеп тортилган палласини кўтаролмай қолди. Кўпчилигимизни маънавиятли, оқил ва инсоний фазилатлар эгаси бўлганлар эмас, моддий дунёси тўкин бўлган кишилар қизиқтирадиган бўлди. Аммо унутмаслик керакки моддий ҳаётга ўчлик оқибатида одамзод

 

Маънавиятдан йироқлашиши аниқ!

Бекорга бир нимадан воз кечмасанг, бошқасига эришолмайсан, дейишмайди-да. Бироқ, тўкин ҳаёт, бадастир турмуш кечириш учун маънавиятдан кечиш... кечирасизу, бу тахлитда одамзоднинг ҳайвондан фарқи қолмайди-ку! Инсоннинг чинакам нсонлигини далолат қиладиган хусусиятлари унинг маънавияти, дунёқараши, одобу андишаси эмасми? Айниқса, қиз бола, аёл кишининг юқорида тилга олинган хислатлардан айро бўлиши хунукдан хунук ҳолат эмасми?..
—    Бозорчи қиз-аёлларга назар ташласангиз, кўча кўрган, шаллақироқ бўлади,- дейди бир дугонам.- Бозорда юргани учун ҳамми, деб ўйланиб қоламан. Ахир кексалар бозорни шайтоннинг уяси, дейишади-ку.  Кўпчилигининг юз-кўзида ҳаё кўринмайди. Ҳатто ёш-ёш қизчалар ҳам бегона эркаклар олдида ҳар хил гап-сўзларни бемалол гапиришдан хижолат чекмайди. Шундайларни кўрганимда уларга раҳмим келади, тўғриси. Мол-дунё кишига ҳар доим ҳам бахт, обрў-эътибор бермаслигини тушунмайдиганлар учун ҳаётнинг қизиғи бўлмаса керак...
Дугонамнинг гапларини мулоҳаза қиларканман,  кўпдан бери ўзимни ўйлантириб келаётган бир савол яна тафаккурим теграсида айлана бошлади: Чиндан ҳам бозорчи, умуман савдо- тижорат ишлари билан шуғулланадиган аёлларнинг юриш- туриши, феъл-атворидаги эркакшодалик, ярашмаган, салбий маънодаги шаддодлик бошқаларга нисбатан бир мунча ўпроқ кўзга ташланади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Бу саволга айнан тижорат билан шуғулланадиган аёлларнинг ўзларидан жавоб  излашга уриндик. Исм-фамилиясини сир тутган, пойтахт бозорларининг бирида савдо қиладиган юртдошимиз юқоридаги саволга қуйидагича жавоб бердилар:
—    Ҳаёт инсонни ҳар турли куйга солиб синайди,синглим. Мен ҳам бир пайтлари, бир оғиз гапни эплаб, тузук гапира олмайдиган, тортинчоқ, уятчан аёл эдим. Турмуш ўртоғимнинг ишлари юришмай, рўзғорда етишмовчилик, қийинчиликлар бўлиб эр-хотин кўп жанжаллашадиган бўлдик. Бир дугонамнинг маслаҳати билан бозорга чиқа бошладим. Аввалига хўжайиним қаршилик қилди, кейин ўзи ҳам ҳар куни уруш-жанжал қилиб, оиладаги бор баракани ҳам учирмайлик, дедими, ҳартугул рози бўлди. Хуллас, шундан бери эр-хотин бозордамиз. Турмушимиз ҳавас қилгулик, муҳтожлик кўрмаймиз. Китобларда ҳам тижоратда барака бор, дейилган эканку. Умуман айтмоқчиманки, бозорга чиққанимдан ҳеч қачон афсусланмайман.  Аллоҳ ризқимизни шу ерда сочиб қўибди, бозорда ишлашнинг нмиа ор экан? Феълимиздаги қўрсликка келсак, бусиз бўлмайди. Кўчада юмшоқтабиатлилик, мулойимлик қилсангиз бирингиз икки бўлмайди.Уриб, тепкилаб кетадиганлар кўп. Шаддод, бетгачопар бўлсак,бизни ҳаёт шу ҳолга солган...
—    Нега фақат бозорчи аёллар ҳақида гап кетса, шаллақи, шарму ҳаёси йўқ деган гаплар айтилаверади?- деб суҳбатга аралашди ёймачи аёллардан бири бизнинг суҳбатимиз маъносидан хабар топиб.- Биз ҳам бошқа хоним хотинларга ўхшаб, уйда эримиз топганини еб, чиройли кийиниб, қошимизга ўсмаю сурма қўйволиб ўтиришни хоҳлаймиз. Аммо ҳаёт бизнинг хоҳишимиз билан ҳисоблашмайди. Унинг ўзига хос меъёр-мезонлари бор. Одамлар икки гапнинг бирида бозорчи аёлларни ундоқ, бозорчи хотинлар бундоқ, деяверишади. Ўзлари ҳам бир келиб бозорнинг нонини татиб кўришсин-чи, кўрамиз, аҳволлари қандай бўлар экан?! Бошида мен ҳам бозорга чиқишни ор билиб, эримни савдога жўнатдим. Бир қайтишида пулини ўғирлатиб борди, яна бир қайтишида “мелисалар ноқонуний жойда савдо қиляпсан, деб нарсалармни олиб қўйишди”, деб икки қўлини бурнига тиқиб борди. Охири мажбур бўлдим ўзим чиқишга. Бир этак бола-чақамиз бор, уларнинг еб-ичиши, кийиниши, орзу- ҳаваси, ўқиши учун пул керак. Дадаси эплолмаса, мен бозорчи хотин шаллақи бўлади, деб уйда ўтиравермайманку. Бирор ҳолатни баҳолаётганда яхши-ёмон, плюс-минус томонларини ҳисобга олиб гапириш керак-да...
Иш юзасидан кўпчилик билан мулоқотда бўлишга, одамларни қийнаётган ўй-хаёллар, муаммоларни тинглашга тўғри келади. Ҳар гал кимнингдир кечинмаларидан бохабар бўлгач, ўйга толаман: эри ёки хотинининг хиёнатидан зорланганлар ёхуд шунга  ўхшаш нафратга сабаб бўлувчи ҳолатлардан “куйган”ларнинг аксарияти бозорда ишлайдиганлар бўлиб чиқади. Сизга ажабланарли туюлиши мумкин, аммо таҳририятга қўнғироқ қилиб ёки мактуб ёзиб, эрининг бошқа аёлларга ўралашиб қолгани, ё бўлмаса, аёлининг қадам олиши ўзгарганидан нолиб мурожаат этадиганларнинг деярли кўпчилигини бозорда ишлайдиганлар ташкил қилади. 
Шундайларнинг ҳасратини эшитганимда ўйланиб қоламан, қизиқ, нимага  энди айнан шулар орасида бундай номақбул қилмишлар авж олган экан? Ё бозорни уят, андиша, ор-номус деган нарсалар четлаб ўтадими? Ёхуд бозорда савдо қиладиганлар молига қўшиб, иймон-у инсоф, виждон-у диёнатини ҳам сотиб юборишганми?.. 
—    Бундайлар ҳақида оддийгина қилиб пул топиб

Одамийлигини йўқотган одамсифатлар

- дейилади, дейди мақола юзасидан мулоҳазаларини билдирган юртдошимиз Абдумажид Абдураҳмонов.- Пулдан бошқа нарсани тан олмайди. Улар учун оқибат, андиша, шарму ҳаё деган нарсалар бир тийинлик ҳам аҳамият касб этмайди. Биров ҳақида гап кетса, энг аввало “Машинаси қанақа, уйи нормальнийми?” деб сўрайди. Мен шундай хотинлар билан бирга яшаётган эркакларга ачинаман. Бояқишлар, паспортининг жинси кўрсатилган жойда “ЭРКАК” деб ёзилганини ҳисобга олмаганда эркаклик сумбатидан ҳам айрилганлар улар. Ундай хотинлар ҳай-ҳайламаса эрига бир коса овқатини ҳам пулга сотади. Хотинларни-ку майли, эрга тегиб, болали бўлгач тирикчилик ташвиши шу йўлга бошлаган, бозордан уч –тўрт сўм топиб, асл ўзлигидан йироқлашган, десангиз, ҳозир ёш-ёш қизчаларнинг бозорга чиқиб кетаётгани одамни ҳайрон қолдиради. Наҳотки ота-оналар пул, моддиятни ўйлаб фарзандларининг тақдирига бефарқ қарашади. Анча аввал бир танишим бозорда ўзи гувоҳ бўлган хунук бир манзарани гапириб берганди. Айтишича, узоқроқ вилоятдан ўн етти- ўн саккиз ёшлар чамасидаги бир қизча Тошкент бозорларидан бирида олиб сотарлик қилиш учун келган экан. Ҳалиги қизчага бозорда ишлайдиган йигитлар, “кечқурун бизникига борасанми?” деб тегажоқлик қилишса, қиз ҳам индамай, “ҳа бораман” дермиш. Шунчаки гапиряпти-да, ҳеч замонда бу болалар билан кетмас, деб ўйласам, дейди танишим, кечки пайт бир қарасам, икки йигитга эргашиб уларнинг ижара уйига қараб кетяпти. Танишимнинг гапларини эшитиб юрагим орқага тортиб кетди. Ундайлар қизлар бозорларда камми?! Уларнинг тақдири, келажаги нима бўлади?..
Бу воқеага изоҳ-у шарҳ бериб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Фарзандининг  бахтини мол- дунё, дабдаба ва ҳашаматда кўриб, уни бегона ерларга, бозорларда тирикчилик уммонига ғарқ қилган ота-она алалоқибат, уни саодатдан маҳрум этмоғи кўнгилга ҳам оғриқ солади. Бу дунёда моддият билан эришиб бўлмайдиган нарсалар ҳам бор. Мол-дунё, зар-зевар уйни тўлдириши, нафсни қондириши мумкин, лекин кўнгил кемтиклигини бут, инсон шаънига ёпишган қора доғни пана қила олармикан?..

“Сепли қиз десам, шармисор қиз экан”

-дейди изтироб билан таҳририятга қўнғироқ қилган бир муштарийимиз, янги келинчагининг иффатсизлигидан куйиниб.-  Бозорга ўзимга уст бош харид қилиш  учун бориб, шу қизга рўпара бўлгандим. Афт-ангоридан тузуккина, бинойидек қизга ўхшади. Манзил –маҳалласини сўраб суриштириб совчиликка бордим. Бозорда ишлайдиган қизни келин қиласизми, деб таниш-билишлар эътироз билдиришди. “бу қизнинг сеп-сидирғаси бадастир, ўғлимнинг уйи тўлади” дебман-а, бойликка учмай кетайин... Энди мана бу шармисорликка қандай чидайман? Ўғлим ҳам бошида унча унамаганди, боламнинг олдида ҳам юзим шувит бўлди. Мен бозорда ишлайдиган, хорижий давлатларга тижорат учун боардиган қиз-аёлларни умуман нотўғри тушунмасдим.  Уларни эпчил, уддабуро деб ҳисоблардим. Аммо минг афсуски, ҳаммаси ҳам шундай эмас экан. Ёмон куйиб қолдим...
Ҳар қандай нарсанинг яхши-ёмон томони бўлади. Шунингдек ҳар қандай ҳолатга берилаётган баҳо нисбий тарзда берилади. Масалан, бугунги мулоҳазаларимиз, юртдошлриамизнинг фикри билан биз бозорларда савдо қилаётган қиз-аёлларнинг ҳаммасини енгилтак, суюқоёққа чиқариш фикридан мутлақо йироқмиз. Демоқчи бўлганимиз, турмушдаги етишмоқчиликларни баҳона қилиб кўчага чиқиб, бозорлардан паноҳ топаётган, тижоратни касб қилаётган қиз- аёлларимиз ўзларига энг аввало она, насл давомчиси ва албатта ИНСОН дея қарашларини, одамзоднинг йўқотилган обрўси, шаънининг ўрни ҳеч қандай мол-дунёю  зару зеварлар тўлдиролмаслигини англаб етсалар, аъло нур бўларди. Ахир чиндан ҳам инсоннинг энг катта бойлиги юксак обрўси ва гард қўнмаган шаъни эмасми?..

Умида АЗИЗ

Шифокорга қўл ҳақи бериш керакми?

Инсон учун дунёда соғликдан ортиқроқ бахт, саломатликдан зиёда давлат йўқ. Худо кўрсатмасин, бироз иссиғимиз чиқса ёки бошимиз оғриб, салгина шамоллаб қолсак, дунё кўзларимизга тор бўлиб, қўлимиз ишга бормайди. Шундай пайтларда жонимизга оро кирадиган инсонлар албатта қўли енгил шифокорлар бўлади.Уларнинг ғамхўрлиги, жонкуярлиги самараси ўлароқ, тез фурсатларда тузалиб, яна жонажон уйимиз, яқинларимиз ва жамоамизга қайтамиз. Касал бўлганимизда биздан бахтсиз, биздан абгор одам бўлмаганидек, соғайганимиздан кейин  биздан бахтли ва мамнун одамни учратиш қийин. Ана шундай, соғлик инсоннинг бахти, бойлиги, хотиржамлиги, омади ҳисобланади. Бизнинг саломатлигимиз йўлида жон куйдириб меҳнат қиладиган, керак бўлса уйини, ўзини, оиласию яқинларини унутиб кечаю кундуз бошимизда парвона бўладиган шифокорларнинг меҳнатини ҳамиша ҳам қадрлаймизми? Уларнинг борлигига ҳамиша ҳам шукр қиламизми?  Шифокорларимизнинг меҳнати, машаққати ҳаётимизда нечоғли аҳамиятли эканини ўз вақтида тушуниб, уларнинг заҳматларига яраша муносиб эҳтиром кўрсата оламизми?  Умуман олганда шифокорга қўл ҳақи тутқазиш нечоғли тўғри? Бугунги мулоҳазалар шу ҳақида.

Яқинда  иш юзасидан Республика Онкология Илмий Маркази клиникасида бўлдим. Тўғриси, у ердаги беморларни кўриб юрагингиз увишади.  Айримлари умрининг охирги  дамларини яшаётганини ҳис қилиб туради. Яратган ҳеч бир бандасини шу жойда ётгулик қилмасин, дейсиз кирган заҳотингиз. Шифокорларнинг, ҳамшираю фаррошларга разм солсангиз, чеҳрасидаги очиқлик, меҳр-муҳаббатдан юрагингиз энтикиб кетади. Ҳар бир беморга худди ёш болани парваришлагандек  астойдил меҳр билан қарашади. Меҳнатида миннат,  меҳрида сохталик сезилмайди. 
—    Бу ернинг дўхтирлари меҳрдан яралганми, дейман, опа,- дейди биз билан суҳбатда  клиникада даволанаётган ёшгина келинчак.  – Жойи келганда танамиздан чиқаётган фасодга ўзимиз ҳам тоқат билан қараёлмаймиз. Ҳамширалар, фаррошлар эса бир ҳам иддао қилишмайди. Кўнглимизга қарашади, муолажалар пайтида худди ўз жони оғриётгандек мулойимлик билан ҳаркат қилишади. Шундай шифокорларнинг борига шукр....
Тўғри, ҳақиқатдан ҳам шифокорларнинг борига шукр. Уларсиз ҳаётни тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Аммо, азизлар, одам боласи табиати қизиқ. Жони оғриб турганида боридан, мол-дунёсидан кечишга тайёр бўлиб туради-ю, тузалиб, озорлар ортда қолгач, барини унутиб юборади. Кейин шифокорга қанча бергани, ҳамширага кўп кетганию, фаррошнинг хизмат ҳақи меъёрдан ошганини  таҳлил қила бошлайди. Тўғри, аввало шифокору ҳамшираларга давлат ойлик маош тайинлаб қўйибди, улар сизу бизнинг мурувватимизга муҳтож эмаслар. Лекин барака топгур, қўл ҳақи деган гап бор. Яъники, халқимиз ўзига хизмат қилган кишини  албатта рози қилишни, озгина чойчақа билан бўлса ҳам хизматида бўлган кишини розилигини олишни, қўл ҳақини адо этишни таъкидлайди. Ўйлашимизча, бизга қараган, вужудимизга ёпишган дарддан халос бўлишимизга сабабчи бўлган шифокорларга кўнгилдан чиқариб қўл ҳақи беришимиз номақбул иш эмас.  Бу ҳақида ҳамшаҳримиз Дилфуза Авлиёқулова шундай дейдилар:
—    Тўғри гапни гапирдингиз. Баъзида баданимизга чиққан яра-чақага ўзимиз қарашга жирканамиз. Лекин шифокорлар, ҳамширалар ҳеч ирганмай дардимизга малҳам бўлишади, меҳр кўрсатади, бизни қийнаётган дардлардан қутулишимизга ёрдам беришади.   Униси ҳам майли, шундай шифокорлар борки, баъзан ўз болангдан кўрмаган меҳр-мурруват, яхшиликни кўрсатади. Бундан анча йиллар аввал касалхонада кекса ёшли бир онахон билан бир хонада ётиб даволангандим. Билишимча, онахоннинг икки ўғил, бир қизлари бор эди. Қизлари узоқроқ туманга келин бўлган, ёш болали, ҳам давлат ишида ишларди. Холанинг айтишларича ўғиллари ҳам тузук жойларда ишайдиган, жамоасида обрў-эътиборга эга одамлар экан. Лекин бир ойдан зиёд вақт мобайнида мен ўша онахон билан бирга  ётиб даволанган бўлсам, бирор марта ўғиллари ё келинлари келиб хабар олганини кўрмадим. Фақат узоққа келин бўлган қизлари ва куёвлари хабар олишарди, холос. Айтмоқчи бўлганим, даволовчи дўхтиримиз онахонни жуда яхши кўрарди. Худди ўз онасидек, “онажон” деб мурожаат қиларди. Ҳатто уйидан бемор онахонга иссиқ овқат олиб келган пайтлари ҳам бўлган. Ўз фарзандинг кўрсатмаган мурувватни, меҳр ва ғамхўрликни кўрсата олган шифокорга албатта қўл ҳақи бериш керак, деб ўйлайман. Аммо бу ҳақ кўнгилдан чиқарилган, кишининг ўз ихтиёри билан аталган бўлиши керак.
Биродарлар, бугун айтмоқчи бўлганларимиз, кафтдеккина мақолачада келтирганларимиз шифокорларга пора беришни тарғиб қилиш ёхуд уларни беморлардан пул сўрашга даъват қилиш учун иншо этилмади. Бу шунчаки инсонийлик юзасидан кўнглимиздан кечган ўйлар эди. Бундоқ олганда, шифокору ҳамширалар беморнинг чўнтагидан чиқадиган арзимаган уч-тўрт сўмга куни қолганлар эмас. Фақат уларнинг меҳнатлари, заҳматларини озгина бўлса ҳам эътиборга олиб, тақдирлаганимиз билан ҳамма шифокорлар порахўрга чиқиб қолмайди, демоқчимиз холос. Балки бу борада сизнинг фикрларингиз бошқачадир? Нима деб ўйлайсиз, шифокорга қўл ҳақи бериш керакми? Албатта бизга ёзиб юборасиз, деган умиддамиз.

Умида АЗИЗ

Интернетдаги қиз-аёллар БЕҲАЁ...ми?

Таҳририятга келган мактублардан сатрлар:

“... Виртуал мулоқотлар , қизлар билан танишиш, синовимдан ўтмаганлари билан беҳаё суҳбатлар қуриш жону дилим эди. Токи бир воқеа ҳаётимга чуқур из қолдирмагунигача. Хуллас, интернетда таниқли актрисалардан бирининг суратларини қўйиб олиб, “Гули” деган исмда профил очган қиз билан танишиб қолдим. Менинг ҳам сайтдаги исмим бошқа эди. Бир-икки гаплашганимиздан кейин қизни учрашувга таклиф қилдим. Айтилган вақтда, айтилган жойда ўтирсам, учрашув жойига... синглим келяпти... У ҳам мени кўриб қотиб қолди... Тилимгача музлаб қолдим... Сайтда гаплашганимизда унга айтган беҳаё таклифларим, унинг шармисорона жавоблари... Шундан бери сайтларга умуман йўламайман... Синглимнинг эса юзига ҳам қарагим келмайди... Ўша “учрашув” кейин уни қаттиқ дўппосладим, қўлидан телефонини олиб қўйганман... Лекин юрагимни қандайдир изтироб кемиргани кемирган... Мен синглим билан танишган нечанчи йигит эканман-а?..”
Шуҳратжон, Самарқанд вилояти.

“... Қаердан ҳам ўша дугонамни учратдиму, унинг маслаҳати билан “одноклассники.ру” деган расво жойга кириб қолдим, деб ўзимни ўзим қарғашдан бошқа иш қўлимдан келмаяпти. Сайтга чиройли гулларнинг расмини қўйиб, қайддан ўтдим. Кейин бирин-кетин қиз-йигитлар билан таниша бошладим. Танишларим орасида Элбек деган йигит билан бир-биримизга анча ўрганиб қолгандик. У телефон рақамимни сўради, эримдан қўрқиб бермадим. Кейин “балки ўзингиз яширин рақамдан қўнғироқ қилиб турарсиз, эрингиз бўлмаган пайтда”, деб рақамини қолдирибди. Хабардаги сонларни кўриб ҳушим бошимдан учиб кетди... У ерда эримнинг телефон рақами турган эди!.. Вазиятга янада ойдинлик киритиш учун бегона рақамни яшириб олиб хабардаги рақамга териб кўрсам, гўшакдан эримнинг овози эшитилди... Юрагим бўлиниб кетди. Бу ерда ким хиёнаткор, менми ё эримми?!..”
Н. Андижон виляти

Бугунга келиб  замондошларимиз  орасида виртуал мулоқотлар авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Бир томондан жуда қулай восита. Мобил телефон алоқасидан арзонроқ ва имкониятлари кенг.  Бир томондан эса виртуал ҳаётга ошнолик оқибатида орамизда талайгина салбий ҳолатлар рўй бериб, ҳаттоки бундай воқеаларнинг охири оилаларнинг бузилишигача боряпти. Иш, хизмат юзасидан интернет сайтларидан фойдаланадиганлар учун оғирини енгил, яқинини узоқ қилаётган виртуал мулоқотлар, айримлар учун кераксиз ва нохуш иллатларга хизмат қилмоқда.
Виртуал танишув мулоқотлари оқибатида оиласи бузилаётганлар, номига қора чапланаётган, алданиб қолаётган қизлар ҳақида кейинги пайтда кўп эшитяпмиз. Бундай мулоқотларнинг салбий таъсири ҳақида  қанча кўп гапирганинг сари, одамлар унинг домига шунча кўп ўралашиб қолишяпти. Нима учун? Нега инсонлар учун фойдали кўринган ривожланишнинг бу маҳсули кишилар ҳаётига раҳна солишга уринаётган пайтда ундан ўз ўрнида ва фақат зарурият юзасидан фойдаланишни билмаяптилар? Бу ҳақида бирор киши билан фикрлашишга тўғри келса, албатта интернетдаги қиз-аёлларни ахлоқан тарбиясиз, беҳаёликда айблашади. Бу мулоҳазалар нечоғли тўғри? Ҳақиқатдан ҳам

Интернетдаги қиз-аёллар БЕҲАЁ...ми?

Биз шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш илинжида турли танишув сайтлари бўйлаб виртуал “саёҳат” уюштирдик ва у ердаги қиз-аёларни суҳбатга тортишга уриндик.
—    Мен турмушимдан ажраганман, -деди жарангдор оҳанжамали NIK name (яширин тахаллус) остида сайтда ўтирган бир аёл юборган саволимизга жавобан,- ҳозир биров билан биров қизиқмайдиган замон бўлди. Мен шу ерда бахтимни учратишим мумкин. Шунинг учун ҳам анкетамни қайд этганман. Интернет орқали жуфт топиш ҳозир ҳайратланарли ҳолат эмас-ку...
—    Бу гаплар бекор,- деди яна бир қиз.- Менинг  чет элларда танишларим, дўстларим, қариндош –уруғларим бор. Улар билан мулоқотда бўламан, кўришаман. Нега энди интернетдаги қизлар ҳақида ёмон фикрларга боришади? Интернет кириб келмасидан олдин ҳам енгилтак қизлар бўлганку! Ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Нимадан қай мақсадда фойдаланишига...
—    Ўзим иш юзасидан интернетдан фойдаланиб тураман. Лекин беҳаё мақсадларда ҳар хил сайтларда профиллар очиб, йигитларга, оилали эркакларга ибосиз жумлалардан тизиб хабар йўллайдиган қизлар ҳам йўқ эмас,- деб жавоб йўллабди яна бир қиз виртуал сўровимизга.- Уларнинг қўйиб  олган суратларини кўриб уят ва шармандаликдан тош қотасиз. Кўпчилик йигитлар ҳам ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлардан шармандали суратларни қўйволиб қизларнинг исм-фамилияси билан танишишяпти. Умуман олганда, бу борада бир томонлама фикр айтиб бўлмайди. Негаки, хайрли мақсадларда, яқинлари, дўсту биродарлари билан алоқа қилиш учун сайтларга кираётган қиз-аёллар ҳам бор. Лекин юқорида айтганимдек жирканч истаклар билан сайтларда кечаю кундуз изғиб юрганлар ҳам йўқ эмас. Ҳамманинг ўзига инсоф берсин...
Шу ўринда яна бир оғриқли мулоҳаза кишига тинчлик бермайди: айрим аёллар оилали бўлишига қарамай, эри, рўзғори, болаларидан қизғонган вақтини  “одноклассники.ру”, “фейсбук” ва яна алламбало танишув сайтларида ўтказишларига нима дейсиз? Шундай аёллардан бирини биламан. Оилали, турмуш ўртоғи, икки нафар ширингина фарзанди бор. Хуллас, хоним қачон қарсангиз одноклассники.ру” сайтида ўралашиб юрган бўладилар. Ҳатто айрим пайтларда у сайтда  ўтирган вақт иш жараёнига ҳам тўғри келади.  Аёл билан яқин таниш бўлганлигим сабабли эридан яширинчи профил ва NIK nameларда интернетда изғишини биламан. Умуман олганда, Оилали аёлларнинг интернетнинг танишув сайтларида ўралашиши нечоғли тўғри?
—    Интернетдаги ҳамма қиз- аёлларни ёппасига беҳаё дейиш нотўғри,- дейди журналист Аброр Адҳамзода.- Танишув сайтлари орқали танишиб, оила қуриб, айни пайтда бахтли яшаб юрганлар талайгина. Бироқ, оилали  аёлларга танишув сайтларида нима бор экан? Ёнида эри бўлса уларга яна ким керак? Оилали аёлларга танишув сайтларида ўрин йўқ. Танишув сайтларида 99 фоиз ҳолатда ёлғон маълумотлар жойлаштирилган бўлади. Оилали аёл  уердан кимни ё нимани қидиради?.. 
Одамлар интернетда аллақандай виртуал олам яратмоқчи ва шу оламига ўзини ишонтирмоқчи бўлишади. Бу – менинг фикримча руҳий касалликнинг бир тури бўлса керак.
Хуллас, ҳамма гап тарбияга бориб тақаляпти. Тарбиясиз, маънавиятсиз, одоб-ахлоқи бир пулга қиммат киши устидан ҳар қандай йўл билан назоратни кучайтирсангиз ҳам, барибир тийиқсизлигини қилади...
Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи газетхонимиз Нозима Султонова муаммо хусусида мулоҳазаларини билдирар экан, шундай дейди:
—    Сиз айтаётган интернет сайтлари бало бўлди, тўғриси. Бир қариндошимизнинг 12 йиллик турмуши  шу сабабдан бузилиш арафасида.  Йигит топармон-тутармон, яхшигина уддабурро, оилапарвар эркак эди. Хизмат сафарида юрган кезлари аёли  “одноклассник.ру” сайтидан ким биландир танишиб олибди. Хуллас аввал ёзишмалар, кейин телефон мулоқотлари, ундан кейин  уялма-нетмай учрашишибди... Учрашишганда қарашса, ҳалиги эркак эрининг яқин дўсти бўлиб чиқибди... Гап-сўзлар одамлар оғзидан йигитнинг қулоғига ҳам етибди. Ҳалиги хотин шундан кейин ҳам ўзини йиғиштирмаяпти. Болаларини олиб онасиникига кетиб қолган. Йигитнинг яқинлари “Ажрашма, ўртада фарзандларинг бор, болаларнинг тақдирини ўйла”, дейишса, беномус хотин, “Мен энди ярашмайман” деб ўзини осмондан олиб, ҳатто эрига таввалло қилиб, пушаймонлик ҳам билдирмаяпти. Шайтон йўлдан оздирса, ҳеч гап эмас экан. Аввломбор оилали, рўзғорли, бола-чақали хотинга интернетда бало борми?! Шунақалар уй ишларидан қандай вақт ортиришади, ҳайронман. Вақт топиши ҳам майликуя, танимаган-билмаган одамлари билан мулоқот қилишнинг нима қизиғи бор экан уларга?! Аёллар ўзини ўзи хароб қилишяпти-да...

Зинонинг замонавий тури

Танишув сайтларида кўрсатиладиган маълумотлар аксар ҳолларда ёлғон бўлиши кўп ҳолларда тасдиғини топган. Айрим ахлоқсиз эркаклар домига тушиб қолаётган қизларни гапга тортсангиз албатта интернет ёки телефон орқали танишиб қолганини айтишади. Баъзи эркаклар ўзини хотинидан куйган ёки нима сабабдандир турмуши “ўхшамагани”ни рўкач қилишса, айримлари ҳали ҳаётда ўзларига “муносиб жуфт” тополмаётганларини айтиб, қизларнинг кўнглига йўл топишга уринишар экан. Биз бу борада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш ниятида, қизлар исми билан турли профиллар очдик ва улар орқали эркакларнинг интернетдаги ахлоқи билан қизиқдик. Таассуфки, ҳаётда ўзимизга таниш бўлган, оилали, чиройликкина турмуши, ориятли аёли, фарзандлари бўлган айрим таниш эркакларнинг “ажрашган”и, баъзиларининг эса ҳанузгача “кўнгил малика”си топилмаётгани бизни таажжуб ва ҳайратга солди! Ҳатто  виртуал танишларимиз орасида ўз яқинларимиз борлигидан... хижолатга қолдик... Азизлар, бу қандай разолат энди?  Кексаларимиз тилидан  “Йўқ йўқни келтиради” деган гапни эшитганмисиз? Қандай қилиб ширингина турмушингизни йўққа чиқаргани тилингиз боради? Бу- бориб турган ношукрлик эмасми?!..  
Эркаклар бирор қиз ё аёл билан муомала қилаётганларида, ўз оналари, опа-сингиллари, рафиқалари ва қиз бола фарзандларининг ҳам аёл жинсига мансуб эканлигини унутмасалар яхши бўларди. Бировнинг қизи, опа ё синглиси, жуфту ҳалолига фаҳшга тортадиган сўзлардан тизиб мактуб юбориш ҳам зинога киради. Шунингдек, кимнингдир эрига ноз-карашма билан чиройли гапларни гапириш ҳам фоҳиша ишнинг бир кўринишидир. Фаҳш ва зино эса жамиятимизда ҳам, динимизда ҳам ҳеч қанақасига оқланмайдиган, шармисорликка маҳкум этадиган гуноҳлар сирасига киради. Ажабо, нега биз гуноҳларнинг уятлигини, уят эса ўлимдан қаттиқлигини тобора унутиб бормоқдамиз?..

Умида АЗИЗ

Автобусдаги «катта»лар...

Кузатувчанлик яхшида, кўп нарсаларни билиб оласан. Айниқса, тарбияга, одобга чақириб ўзлари шунга муҳтожликларини ҳам. Автобусдаги кузатувларим: «Ёшлар катталарга жой бермай кўйди, салом бермайди» каби гап-сўзларни бир пулга чиқарди. Келинг, айни шу мавзуга «Автобусдаги «катта»ларга...» тўхталсак.


Бир йўналишдаги автобусга чиқаверсанг, ҳайдовчи, чиптачилардан тортиб доимий йўловчилар ҳам таниш бўлиб кетаркан. Қизиқ воқеаларга гувоҳ бўлавераркансан киши. Шундай кунларнинг бирида бир опамиз автобусга олд эшикдан чиқди. Юз кўринишидан зиёли инсонга ўхшарди. Ўрта ёшлардаги болани олдига келиб: «Тур ёшларнинг жойи орқада. Олдига катталар ўтиришади», — деб ўрнидан турғазиб юборди. Орадан бир неча кун ўтгач, айни шу опамиз автобусга озгина кеч қолгани учун орқа эшикдан чиқишга мажбур бўлди. Тақдир чарҳпалагини қарангки, камина ҳам ортда турардим. Бояги аёл шундоққина ёнидаги қизга юзланиб: «Тур ёшларни жойи олдида. Орқага катталар ўтиришади», — деб қолса-да. Бунга нима дейсиз?

Шу мавзу устида ишлаётганимни бир танишимга айтсам қаердадир эшитган, ё ўқиган воқеани сўзлаб берди. Уни сизларга илиндим:

Кунларнинг бирида автобусга ёши 30-35лар атрофидаги аёл кўлида юклари билан чиқади. Қараса ҳамма жойлар банд. Битта ўриндиқдан ташқари барча жойларда ёши катталар ўрнашиб олишган. Ўша ўриндиқда ўтирган қиз эса жимгина ойнадан қараб кетарди. Аёл эса қизнинг жой бермагани учун ранжиди ва баланд овозда: «Ёшларда инсоф қолмади. Бундоқ катталарга жой берай дейишмайди», — деди киноя билан. Қиз бирданига аёлга қаради. Лекин жой бермади. Аёл бунга янада тутақиб: «Ўзининг онаси, отаси автобусга чиққанда ҳам шундай қилишса керакда», — деди. Қизнинг кўзидан ёш томчилари сизиб чиқарди. Аммо «мана сенга» дегандай ойнадан кўз узмай кетаверарди. Аёл яна кўп гапларни айтди. Шу тариқа навбатдаги бекатда автобус тўхтади. Бир йигит чопиб чиқдида, бояги қизни авайлаб кўтарди. Қиз ногирон экан. У аёлнинг ёнига келганда: «Опажон, агар ногирон бўлмаганимда бутун умр автобусда тик туриб катталарга жой берардим. Мени кечиринг жой бермаганим учун», — кўзида ёш ила гапирди қиз. Аёл қилган ишидан уялди, Йўловчилар эса унга ачиниб қараб турардилар...

Бу ҳикояни эшитганимда ғалати аҳволга тушиб қолдим. Ўша ҳолатдаги қизни, аёлни кўз олдимга келтирдим. Янада кузатувчанлигимни оширдим. Бу фойда бериб яна бир воқеага дуч келдим:

Автобусга чикдим. Бу пайтда одам оз бўлиб кўп жойлар бўш бўларди. Бунинг устига анча толиққандим. Бир оз тин олиб, ўйлаб олиш учун ўриндиққа ўтирдим. Озгинадан кейин нуроний отахон чиқди. Қўлида қўлтиқ-таёқ бор эди. Эшикка яқинлигим учун жой бўшатдим. Аммо улар ўтирмаслигини айтиб миннатдорчилик билдирди. Орадан сал фурсат ўтиб ёши каттароқ аёл келиб, отахонга: «Ёшларда инсоф қолмаган. Юринг, мен сизга жой бераман», дея менга ғалати қараб қўйди. Хижолат бўлиб кетдим. Буни кўрган отахон «Ўтирмайман дедимми ўтирмайман!» — деб оёқтираб туриб олди. Отахон манзилига етиб тушиб кетди, менга эса ҳамма еб қўйгудай қараб қолди. Улар жой бўшатганимни, чол ўзи ўтирмаганини билишмасди. Шу тариқа аранг манзилимга етиб. бордим.

Ҳа, айтганча, қизиқ бир ҳолатни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Автобусда энг кўп учрайдиган воқеа ёшлар ўтирган жойнинг тепасига катталар келиб туриб олишидир. Ҳатто бўш ўриндиқлар бўлсада. Бунга неча минг марталаб гувоҳ бўлганман. Нимага бундай қилишларига ҳеч тушунолмайман. Мен катталарни айблаб, ёшларни тарафини олмоқчи эмасман. Шунчаки кузатувларим натижасида чиқарган хулосаларимни ўртоқлашдим холос. Ҳали бунданда қизиқроқ мавзуларда баҳслашамиз. Айни шу мавзу юзасидан фикрларингизни, хулосаларингиз ва албатта ибратли воқеа, ҳикояларингизни кутиб қоламиз.

Абдували ҚУРБОНОВ

Бахт-саодат қўрғони

Мусулмон оламида қадимдан оила муқаддас саналган. Энг қимматли анъаналар – ҳалоллик, тўғрисўзлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар оилада шаклланган.


Оила деганда, энг олдин кўз ўнгимизда она сиймоси гавдаланади. Чунки оила ҳаловатини таъминловчи биринчи омил она ва унинг покиза, оқилалиги, меҳри, муруввати, садоқати ва вафодорлигидир.
Бундан ташқари, оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғон ҳам ҳисобланади. Оилада эркак кишининг масъу­лияти динимизда алоҳида қайд этилган. Эрнинг ижтимоий-маънавий ва молиявий бурчи кўрсатилган.
Ислом дини аёлига яхши муносабатда бўлган эркакларни одамларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: "Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига, оиласига яхшилик қилганларингиздир. Мен ўз оиламга яхшилик қилгувчироқман".
Оилалар тинчлиги, мустаҳкамлиги эр билан хотиннинг ўзаро ҳурмат-эътибори, меҳр-шафқати ва муҳаббат туйғуларига боғлиқ.

Нуриддин МАННОНОВ

Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ