1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Бойлар кўпроқ йиғлашади

Дунёда ҳеч ким, ҳеч бир таълимот мол-дунёнинг айнан ўзини ёмонламаган, мол-дунёдан қайтармаган. Фақат инсоннинг мол-дунёга бўлган муносабатидаги иллатлар қораланган. Масалан, одамлардаги мол-дунёга ҳирс қўйиш, бунинг орқасидан ҳаромдан ҳазар қилмаслик, ўзгалар ҳаққини адо этмаслик, номуносиб ерларга мол сарфлаш, уни исроф қилиш ва бойлиги билан фахрланиш каби қусурлар танқид қилинган.
Бойлар бошқалардан, яъни камбағал-фақирлардан бахтлироқ яшашадими? Пул, мол-дунё инсонга чинакамига саодат келтира оладими? Бойларнинг ҳаётда ушалмай қолган орзу-армонлари йўқми? Улар  афсус-надомат чекишмайдими? 
Одамизод қўлига пул-мол келиб, иши юришиб турса, хурсанд, хотиржам бўлади.  «Омадим келди, Худо мени суйгани учун мол-дунёни беҳисоб бериб қўйди», дея хаёл суради. Сал пули камайиб қолса, ёки келиши тўхтаса тушкунликка тушади, ваҳима босади: «Худога қайсидир ишим ёқмапти, шунинг учун мени бойликдан қисиб қўйди, ризқимни камайтириб қўйди», деган ўй-фикрларга боради. Ахир бойлик инсон учун ҳеч қачон руҳий хотиржамлик келтирмайди-ку!
Аждодларимиз дунё ҳаётига аҳамият беришмаган, эътибор кўрсатишмаган. Сабаби, дунё ҳаёти инсонлар учун берилган бир имтиҳон, холос. Киши дунё ҳаётига эътибор бермаса, камбағал бўлиб қолади, деган бирор қоида ёки мезон йўқ. Чунки у ҳам, иншааллоҳ, эртага бой бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, кечагина бойлигининг ҳидига маст бўлиб ўзини қўйгани жой тополмай шошиб қолган кимса эртага бир лаҳзада фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин.
Бойлик кўплар учун имтиёз, неъмат эмас, аксинча жазо, офат ҳисобланади. Ривоят қилинишича, бир гуруҳ бадавлат одам зоҳидлар даврасига кириб ўлтириш учун улардан ижозат сўрабди. Воқеа рамазон ойида кечаётган экан. Бойваччалар ҳам зоҳидлар даврасида нонни туз билан ейишибди. Уйларига қайтгач, бояги бойваччалардан бири уларга минг динор тилла пул жўнатибди. Шунда зоҳидлардан бири пулни: «Сенга ўхшаганларга сирини очганнинг жазоси шудир», деган сўзлар билан эгасига қайтариб юборибди (яъни юборилган пулни улар ўзларига жазо деб қабул қилишган экан).
Бойларнинг  ҳаёт тарзини, яшаш фалсафасини орзу қилаётган камбағаллар уларга қанчалик қийин ва оғир эканини тасаввур ҳам қила олишмайди. Пул кела бошлагани баробарида бойнинг хонадонига катта ташвишлар, кулфатлар, харажатлар, машаққатлар, нафратлар, уқубатлар оқиб кела бошлайди. Илгари минг сўм билан битирган ишини энди  ўн минг сўм, юз минг сўм билан битадиган бўлиб қолганини кўрасиз. Чунки у энди бадавлат киши, сарф-харажатни ҳам ўз даражасида қилиши керак-да.
Камбағаллигида нонуштасига нон, жиндай ширинлик ёки сут-қатиқ кифоя қилар эди. Энди бир-икки хил иссиқ таом тайёрланган, қази, пишлоқ, сариёғ, қаймоқ, қуймоқ каби неъматлар тортилган бўлади. Аммо қани эди бу неъматлардан маза қилиб тотина олса?! Ейиши ўша-ўша, қўлида телефон, хаёлида бугунги кунга режалаган юмушлари, миясида минг бир ташвиш, муаммо. Жиндай таомни оғзига тиқдими ёки бурнигами, билолмай дастурхондан шошиб туриб кетади. Авваллари дўкондан харид қилган оддий кийимларни кийиб кетаверарди. Энди ундай қилолмайди. Урфга кирган, атрофидаги бадавлат кишилар буюртма билан хориждан олдириб келтираётган камёб кийимларни топиши керак. Илгари фарзанди касал бўлиб қолса, ҳамма қатнайдиган поликлиникадаги шифокорларга мурожаат қиларди. Энди бойлик мақоми бунга йўл қўймайди: эл орасида машҳур бўлган «профессор»дан маслаҳат олиши, унинг тавсияси билан энг шоҳона жиҳозланган хусусий клиникага ётқизиши зарур бўлади. Хусусий муаллим, хусусий репетитор, хусусий тарбиячи, хусусий ҳайдовчи, хусусий тиш дўхтири…буларнинг ҳаммаси жарақ-жарақ пул туради.
Бойлар хоҳламаса ҳам, малол келса ҳам, бундан ўзгача йўл тутолмайди. Дунё эгаларининг қисмати шу, бой бўлишнинг таомили, ёзилмаган қонунлари шунга мажбурлайди. Саудия Арабистонида бўлганимда Жидда шаҳрида бойлар учун очилган шоҳона дўкон (супермаркет) га олиб киришди. Уч қаватли, ойнаванд, ўртасида фаввора, ичидаги одамлар кўриниб турадиган лифти бўлган бу дўконнинг шаҳардаги бошқа савдо тармоқларидан фарқи ундаги молларнинг нархи ҳар қандай одамни «чақиб олиши» эди. Суриштирсам, бошқа дўконда эллик риёл турадиган битта кўйлак бу ерда юз эллик-икки юз риёлдан сотиларкан. Ўртадаги фойданинг каттагина қисми ночорларга ёрдам жамғармасига ўтказилар экан. Агар бадавлат киши ушбу дўкондан харид қилмай, арзонроғини кўзлаб қолса, «бечоранинг аҳволи танглашиб қопти-да ёки синдимикин» деб ўйлай бошлаган танишларининг кулгисига ёки маломатига қолар экан. Бу ҳам бой бўлишнинг одамлар нигоҳидан ташқаридаги аломатларидандир.
Бойликнинг яна бундан ҳам ғаройиб маш-машалари ҳам бор. Ўртамиёна яшаган бу одамнинг бой бўлгунича бир-икки яқин қариндоши бўлса, у бойиган заҳоти уларнинг сони ўн-ўн беш баравар ортиб кетади: бири ўғлини ўқишга киритиб қўйишни сўраб келган, бирови қийналиб қолиб ёрдамга муҳтож, яна бири қизини турмушга узатиш учун «маслаҳат» сўраган, бошқаси иш топа олмаётганидан шикоят бошлаган. Ҳаммасини тинглаши, ёрдам бериши, сўраганини қайтармаслиги керак. Агар бирортасига рад жавоби бериб ёки «қани, бир ўйлаб кўрайлик-чи» деб қўйсин-чи, ҳолига маймунлар аза тутиб юборади. «Фалончи опам сени шу ниятда катта қилганмиди», «Дадангнинг бирдан-бир жияни ҳали сандан ёрдам сўраб келдию сан рад қиладиган бўлдингми», «Пулинг кўпайиб одамнинг қадрига етмайдиган бўлиб кетибсан-ку» деган таъна-маломатлар бошига тошдай ёғилади.
Бойлик қанча ака-укаларни, опа-сингилларни бир-бирига ғаним қилган. Ота билан болани ёвга айлантирган. Мерос талашиб қанча қон-қардошлар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетган. Бойлик илинжида қанча илм аҳллари бойлар эшигида ялтоқланган, обрўсини тўккан, илмини хўрлаган. Бойлик неча-неча аёлларнинг иффатини емирган, ҳаёсини ўғирлаган, бахтини поймол қилган. Бойликни деб қанчалаб буюк ишлар амалга ошмай қолган, эътиқодлар бузилган, иймонлар сустлашган, ватанлар сотилган, виждон дарвозаларига қулфлар урилган.
Булар бойлик мартабасининг пулга боғлиқ ҳангомалари, холос. Унинг  кўзга кўринмайдиган ботиний машмашалари ҳам бор. Бойнинг душмани кўп, деганларидай, ҳасаддан, ғайирликдан, кўролмасликдан унинг ғанимлари ҳаддан ортиқ кўпайиб кетади. Кечагина оғиз-бурун ўпишган «қиёматли» дўстлар ҳам, бир қориндан талашиб тушган оға-инию опа-сингиллар ҳам, ҳамкасбларию маҳалла-кўйдагилар ҳам, барча бараварига энг ёвуз душманга айланади. Сабаби, унда пул бор, давлат бор, уларда эса йўқ. Бой бечоранинг оддий гапи ҳам уларга қўпол туюлади: «ҳа, энди, пули кўпайиб босар-тусарини билмай қолди, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин экан-да». Хаёл билан бўлиб саломига алик олишни унутса, ҳангомани кўраверинг: «Қўлига пул тушиб, дарров кибрланиб кетганини қаранг, кечагина юрувди чориғини судраб, энди бойиб атрофидагиларни менсимай қолибди». Бой энди ҳаммага бирдай ёқмай қолган. Ҳамкасбларининг ҳасад ва кўролмаслик орқасидан бошлаган фитна, душманликлари ҳақида-ку, гапирмай қўяқолайлик. Ҳамма унинг синишини, бойлигидан мосуво бўлишини интизор  кутади. Сал бошига иш тушса чекка-чеккада висир-висирлар бошланади. «Айтмабмидим, отасидан қолган катта меросга қувониб юрган экан-да, ҳаммаси ошкор бўлди-ку», «Жа  ўзи босар-тусарини билмай қолувди, Худо боплаб жазосини берди-ку!» деган гаплар кўпайиб кетади.
Бир ёқда қўлга киритган мол-дунёсини кўпайтириш, асраш қийинчиликлари… Агар уни кўпайтириш, сотиш, фойда олиш ҳақида тинмай бош қотирмаса, тезда бойлигининг таги кўриниб-  камайиб кетиши ёки ўзи синиб қолиши мумкин. «Ётиб егани тоғ ҳам чидамайди», деган гап бор-ку. Ҳар қадамда чув тушириш, алдаб кетиш, зўрлик билан тортиб олиш каби хавф-хатарлар ҳам ҳамла қилиб туради. Хулласи, булар ҳам бадавлат кишининг ҳаловатини ўғирлайдиган, оромидан маҳрум қиладиган, сочидаги оқларни кўпайтирадиган муаммоларнинг бир улуши, холос.
Мол-дунёнинг инсонни не кўйларга солишини тажрибада кўп кўрганмиз. Кичкина мисол: бир куни ўғлим Закариё маошини олиб келди-да ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган ўғли Абдумўминга бир тахлам икки юз сўмликни тутқазиб қўйди. «Нима қиларкин», деган хаёлда ҳаммамиз уни кузатиб турибмиз. У пулни қўлга олдию ҳаяжондан ўзини тутолмай қолди: дам уни чўнтагига тиқмоқчи бўлади, сиғмагач бирор жойга яшириб қўйиш ниятида атрофига аланглайди. Ҳамманинг ўзига қараб турганидан хавотирланиб, яна уни кўйлагининг ичига тиқади. Бунга ҳам қаноат қилмади. Пулни олиб, болалар хонасига қараб юрди. Яширинча ортидан биз ҳам кирдик. У аввал пул тахламини кўрпача қатига яширди. Кейин нимадандир шубҳаланди, шекилли у ердан олиб столнинг ғаладонига беркитди. Бунга ҳам қаноат қилмади. Ғаладондан ҳам олиб яна кўйлагининг остига яширди. Шу пайт кўриб қолганимизни англадию иложсизликдан овозининг борича йиғлаб юборди. Бу манзара изоҳга муҳтож эмасди. Кичкина бола арзимас, бунинг устига ўзиники бўлмаган озгина маблағни асрашни эплай олмай шунчалик қийналса, эсли-ҳушли кишилар катта-катта бойликларни қўриқлаш учун не кўйларга тушишаркин?
Ҳали бойлик ичида яшаган кишининг бундан ҳам муҳимроқ вазифалари, буни адо этмасликдан келиб чиқадиган кўргуликлари, қийинчиликлари ҳақида тўхталганимиз йўқ. Агар бу мол-дунёнинг закоти вақтида ёки керакли миқдорда берилмаган бўлса, бунинг оқибатида шу дунёнинг ўзида дуч келинадиган офатларнинг ўзи талайгина. Ўша молнинг баракаси бўлмайди, ҳаромдан покланмайди, натижада у албатта ҳалокатга учрайди. Бунинг устига жамиятдаги ҳақдорларнинг ҳаққи адо этилмагани учун бойлар ва камбағаллар  ўртасидаги мувозанат бузилиб, кескин ихтилофлар бошланиб кетиш хавфи пайдо бўлади. Молининг закотини бермаган кимса  қаттиқ ҳисоб-китоб ва азобларга гирифтор бўлади. У шунингдек, хасислик туфайли камбағалларга садақа бермагани, инфоқ-эҳсон қилмагани, молини  буюрилмаган ножўя жойларга сарфлагани, уни исроф қилгани учун ҳам ҳисобга тортилади.
Бадавлат кишининг дунё ҳаётидан узилиши ҳам оғир кечади. Минг машаққатлар билан, кечаю-кундуз зир югуриб, ором-ҳаловатидан кечиб, соғлиғидан ажраб, ҳаммага ёмон кўриниб, қанча душман орттириб, гуноҳларга ботиб тўплаган мол-мулки, ички-ташқи ҳовлилар, уйлар, қўша-қўша уловлар, тилла тақинчоқлар, пуллар меросхўрларга қолиб кетишини ўйлар экан, бир ғами ўн бўлади. Меросхўрларнинг ҳали у жон таслим қилмай туриб бойликка эга бўлиш учун бир-бирларига ола қараш-қора қараш қилиб ёвга айланишаётгани юрагини қиймалайди. Шунча пул-давлатни топса ҳам ўзига вафо қилмагани, тузукроқ еб-ичмагани, дам олмагани эсига тушиб, ич-ичини нимадир кемиради. Бойлик топаман деб соғлиғидан ажрагани, беш-олти хил касаллар «гулдастаси»ни орттириб олгани ҳам алам қилади. Чунки, донолар айтганидай, соғлик ва бойлик ҳеч қачон бир кўчадан юролмайди, асло келиша олмайди. Бири келса, иккинчиси албатта соҳибини тарк этади. Энг даҳшатлиси, дунё ортидан чопиб Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга вақти етишмагани, тоат учун бўшамагани ҳаммасидан алам қилади. Қани эди, тўплаган бойликларининг, қурган иморатларининг, харид қилган уловларининг  ҳозир жиндай фойдаси тегса?! Фойдаси тегиши уёқда турсин, аксинча, ҳисоб-китоби қийинлашиб, боқий ҳаётини барбод қилиши мумкин.
Дунёнинг ярмини забт этган Македонияли Александр ўлими олдидан шундай васият қилган экан: «Мени бир тобутга солинг, тобутнинг бир томонини тешиб, шу тешикдан қўлимни чиқаринг ва кафтимни очиб қўйинг. Токи барча халойиқ кўрсинки, жаҳондаги ҳамма мамлакатни эгаллаб олган бўлсам ҳам бу дунёдан қўлларим бўш кетаётир».

Бир восита холос!

Шарқ халқларида мол-дунёга қаттиқ муҳаббат ҳам, таркидунёчилик ҳам бирдай қораланган. Бойлик ва фақирлик кишига неъмат ҳам, азоб сабаби ҳам бўлиши мумкин. Зеро, инсон бойлик ё фақирлик билан имтиҳон қилинади. Бойлик инсонларга вақтинча берилган бир омонат, ҳақни топишда бир васила, деб қаралса, ҳақиқатан ҳам у бир неъмат бўлади. Фақирлик эса ёмон ишларга-гуноҳларга етакловчи ишлардан қайтарса, ҳақиқатан ҳам у буюк неъмат саналади. Дунё бир восита холос, нимага восита бўлса, шунинг ҳукмини олади. Агар у саодатга, савобга эриштирса, дунё қийматлидир. Агар у гуноҳларга  етаклаб борса, дунё энг ҳақир, паст нарсадир.  

Яратган кимларгадир ҳамма нарсани: мол-дунёни, мартаба-обрўни, ҳусн ва чиройли ахлоқни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Унинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин. 
Шарқ ахлоқи, донишмандлиги дунёга рағбат қилмаслик, аҳамият бермаслик, дунё ишларидан четланган бир обид ва зоҳид инсондай бўлиш қалб ва вужудга ором бағишлаши, дунёга рағбат қилиш, уни севиш эса ғам ва маҳзунликни зиёда қилиши ҳақида огоҳлантиради. Ҳақиқатан дунёга муҳаббат қўйиш, унинг кўйида ҳамма нарсани унутиб елиб-югуриш барча хатоликларнинг боши, ҳамма кўнгилсизликларнинг бош сабабидир.
Инсон дунёга ҳирси, муҳаббати туфайли кўп зарар кўради, ҳаловати кетади, боқий дунёга  тайёргарлик ишларидан чекинади. Дунёга муҳаббатли, молпараст кимсалар инсонлар билан муносабатларини манфаатлар устига қуришади. Яъни, бировдан фойда кўриш, иш битириш имкони бўлса, у билан яхши муомала қилишади, айланиб-ўргилишади, эҳтиром кўрсатишади. Унинг ёрдам бермаслиги, бойлигидан «томизмаслиги» аён бўлган заҳотиёқ уни тарк этишади. Бордию тўқнаш келиб қолишса, йўлни чапга ё кўрмасликка олишади. Худо кўрсатмасин, агар бир вақтлар роса ёрдами тегиб турган одам қийинчиликка тушиб қолса, «баттар бўлсин» дея устидан кулиб ўтишади. Мол-дунёга асосланган муносабатларнинг «башараси» ана шундай!
Хабарларда айтилишича, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Дунёга харислик билан чанг солишимиз учун ҳеч қандай сабаб-баҳона йўқ. Агар бундай йўл тутсак, зарарга кирамиз, дунё бизни фойдали амаллардан,  катта ишлардан чалғитади, йўлдан оздиради,  ўзига мубтало-машғул қилиб қўяди. Унга берилиб кетиб, бора-бора дунёга не мақсадда келганимизни ҳам унутамиз, ҳақ йўлдан адашамиз, гумроҳлик кўчаларида адашиб-улоқа бошлаймиз.
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарида Исо алайҳиссалом ва шайтон мунозараси ҳақида ғоят ибратли бир ҳикоят бор. Бир куни Исо алайҳиссалом бошига ёстиқ ўрнига бир ғиштни қўйиб ухлаб ётган эди. Кўзини очиб қараса, қаршисида лаънати Иблис турган эмиш. У Исо Масиҳга: «Менинг ғиштим устига бош қўйиб ухлабсан, демак менинг молимни ишлатиб, менга ўзингни бойлабсан. Чунки жумла дунё дахлсиз менинг мулким ҳисобланади, шу синиқ ғишт ҳам менинг молимдир», дебди. Исо алайҳиссалом ғиштни олиб, отиб юборди ва ерга бош қўйиб уйқуга кетди…Шоир инсонларга хитоб қилади: «Эй инсон, бир куни келиб дунёдаги ҳамма нарсани тарк этаркансан, шайтоннинг мулки саналган дунёга бунчалик қаттиқ боғланиш нечун? Қабрингга ғишт қўйишгунича намунча ғишт устига ғишт териб дунё иморатини қуришга рағбат кўрсатмасанг? Бир  кун келиб молингга завол етишини билсанг-да бунча мол-мулк тўплашга ишқибоз бўлмасанг? Ёки Қорун каби сени ҳам ер ютиб, тўплаган молинг тупроққа қоришиб кетишини истайсанми? Бу ҳирс ва тамаъ устига қурилган дунё ўзини қудратда илоҳ санаган Фиръавн ва Намруд каби подшоҳлардан ҳам қолиб кетди-ку! «Лош демиш Аллоҳ, назар сол номига, Сен эсанг жонингни тутдинг домига», дейди шоир. 
Яҳё ибн Муоз айтган эканлар: «Дирҳам (пул) чаёндир. Сен уни аввал яхшилаб аврамасдан қўлингга олма, агар у сен чақиб олса, заҳри ўлдиради». Шунда у кишидан: «Уни авраш қандай бўлади?» деб сўрашди. У киши: «Дирҳамнинг ҳалолини олиш ва уни ҳақ жойга сарфлаш», дедилар. Яна бу зот шундай дедилар: «Банданинг ўлим олдида дуч келадиган икки мусибатини халойиқ ҳеч қачон кўрмайди». «Бу икки мусибат қайсилар?» деб сўрашди. Яҳё ибн Муоз: «Барча мол-мулки ундан олиб қўйилади ва топган ҳамма мол-мулкидан сўроққа тортилади», деб жавоб бердилар.
Фосиқ ёки кофир кимсалар ғурурланиши учун Аллоҳ таоло уларга дунёни керагича бериб қўяди. У худди шунингдек, солиҳ бир кишига ҳам беҳисоб мол-дунё ато қилиши мумкин. Бойликка қодир бўлган одам дунёсига мағрур бўлиб, «Худо мени севгани учун ёки  иззат-икром қилгани учун менга беҳисоб мол-дунё ато қилди», деб ўйлайди. У бунча бойликни  уни синаш учун, вақтинча бир муҳлатга берилганини ўйлаб кўрмайди. Буларни ўзимнинг кўрган тадбирларим, уддабуронлигим, елиб-югуришларим орқасидан қўлга киритдим, деган хаёлга боради.
Бойлик обрў-мартаба ёки фахр-кибрланиш асоси эмас. Баъзан кўча-кўйда, тўй-маросимларда айрим нодон кишиларнинг бой-бадавлат  кишиларга ўзгаларга қараганда бошқачароқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини, улар олдида ялтоқланиб, тамаъ илинжида айланиб-ўргилишини, нима қилиб бўлса-да унга яхши кўринишга уринишини кўрамиз. Ҳолбуки, ўша одам илм аҳли эмас ёки яхши фазилатлар соҳиби бўлган фозил киши ҳам эмас ёхуд динига, миллатига, ватанига катта хизматларни дўндириб қўйган салоҳиятли инсон ҳам эмас. Шунчаки Аллоҳнинг иродаси билан бугун мулк-бойлик эгаси бўлган. Дунёни берган Зот эртага уни олиб қўйса, у яна аслига, ўша оддий одамга айланади-қолади. Хўш, унинг бойлигидан бошқа «фазилати» бўлмаса, бойликни аждодларимиз  қоралаб, ундан юз ўгириб ўтишган бўлса, биз оддий бир инсонни нима учун ўша қадрсиз бойлиги учун ҳурматлашимиз, бошқалардан устун кўришимиз керак? Абу Лайс Самарқандий айтганлар: «Фазилат аҳлини ҳаддидан оширмай ҳурмат қилиш яхшидир. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб, бой бўлгани учун ҳурматлаш жоиз эмас». Чунки мол ва мато ҳеч қачон инсоннинг мукаррамлигини ва мавқеини белгилай олмайди.
Хабарларда келишича: «Аллоҳ ҳузурида дунёнинг чивин қанотичалик қиймати бўлганида эди, кофирларни ундан бир қултум сувчалик манфаатлантирмас эди». Бошқа бир хабарда бундай келган: «Дунё мўминнинг қамоқхонаси ва кофирнинг жаннатидир».
Шунинг учун Фахри коинот дунё салтанатини орзу қилмадилар, дунё матосига майл-рағбат кўрсатмадилар, мол-дунё тўпламадилар. Тўйиб таом емадилар, гоҳо очликларини яшириш учун қоринларига тош бойлаб юрдилар. Қўлларига пул тушгудай бўлса, ўша куни кеч бўлмаёқ садақа қилишга ошиқар эдилар. 
Муҳаммад ибн Фазл шундай ҳикоя қиладилар: Хуросонлик авлиёлар султони Аҳмад ибн Хадравайх бир кишидан юз минг дирҳам пул сўради. У киши шайхдан: «Ахир сизлар бу дунёда зоҳид бўлсангиз, шунча пулни нима қиласиз?» деб сўради. Шайх: «Бу пулларга таом сотиб олиб, мўминларни таомлантирмоқчиман. Лекин бунинг савобини Аллоҳ таолодан сўрашга журъат этолмайман», деб жавоб қилди. Бояги киши: «Нега?» деб сўради. Шайх бундай жавоб берди: «Чунки  бу дунёнинг чивин қанотичалик қиймати йўқ, чивиннинг қаноти олдида юз минг дирҳаминг нима экан?! Шу пулни олиб бориб унга нарса оламан десанг нима ҳам оласан, дунёнинг бутун туриши чивин қанотичалик қадрга эга бўлмаса?»
Дунёнинг ҳаммаси чивин қанотичалик қийматга эга бўлмасаю сиз билан биз тўплаётган, интилаётган бир қисмгина дунё қанчалик қийматли экан? Бойларнинг бойлиги учунгина ҳурматлаш, улардан таъма ва манфаат кутиш, бойлар эшигига серқатнов бўлиш, улар олдида ялтоқланиш ана шу қадрсиз дунёга эҳтиром кўрсатиш, уни эъзозлаш эмасми?
Имом Шаъронийнинг  китобида келтирилишича, Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Эй Али! Ҳалокат сабабига интилганлардан қоч!» Ҳазрати Али  сўрадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар?». У зот айтдилар: «Улар бойлар ва дунёпарастлардир. Улар она боласига талпингани каби дунё тўплашга интилган кимсалардир. Улар эртага пушаймон қиладиган кимсалардир».
Довуд алайҳиссаломга бундай ваҳий келган: «Эй Довуд! Дунё итлар тўпланиб талашган бир ўлакса (ўлимтик) га ўхшайди. Сен ҳам улар билан баравар талашишни хоҳлармидинг?!»  
Дунё шундайин бадбахт нарсаки, инсонларни боқий дунё тадорикидан чалғитиб,  васвасаларга гирифтор қилади. Оға-инилар ўртасидаги муҳаббатни кўтаради, ҳаттоки уларни ғанимларга айлантиради. Олимни султонлар ва бойлар эшигига тамаъ илинжида йўллаб хор қилади. Аёлларнинг иффат-ҳаё пардасини йиртиб, шармандаи шармисор этади. Мардни номардга муҳтож ва қарам қилиб қўяди. Умр бўйи интилиб, курашиб, севиб, унинг дардида ҳамма нарсадан: соғлиғингиздан, яқинларингиздан, ибодатдан, борингки ҳамма нарсадан маҳрум бўлиб бойлик тўплаганингизда у сизга вафо қилмай меросхўрларингизга, бундан ҳам ёмонроғи, бирор золим кимсага қолиб кетади. Бир хабарда айтилганидек, «Қиёмат куни бандасининг оёқлари ҳаракатдан тўхтамасданоқ ундан тўрт нарса сўралади: «умрингни қандай яшадинг, жасадингни нима билан қаритдинг, мол-мулкни қай йўл билан топдингу нимага ишлатдинг, илминг нима манфаат келтирди?».
Шайх Саъдийнинг «Гулистон»ида шундай бир ривоят келтирилибди. «Бир саҳройи бадавийни кўрдим. У Басра жавоҳирфурушлари растасида шундай ҳикоя қилаётган экан: «Бир вақт чўлда кетаётиб йўлни йўқотиб қўйдим. Ёнимда бирор егулик қолмаган эди. Очликдан силлам қуриб, ўзимни ҳалокатга чоғлаб борар эдим. Ногаҳон бир ҳамён топиб олдим, қарасам, ичи тўла инжу-марварид. Уни кўтардиму қовурилган буғдой деб гумон қилганимдаги  хурсандчилигимни ва завқимни ҳозиргача унута олмайман. Бироқ ҳамёнда буғдой эмас, марварид борлигини кўрганимдаги ноумидлик ва аччиғланишимни ҳам шу пайтгача эсдан чиқара олмайман».
Яна Шайх Саъдий ҳикоя қилади: Мағриблик бир соил (тиланчи) Ҳалаб шаҳридаги кийим-бош растасида шундай деб борар эди: «Эй неъмат соҳиблари бўлмиш бойлар! Агар сизнинг инсофингиз бўлса эди ва бизларда жиндай қаноат бўлса эди, тиланмоқ одати ер юзидан кўтарилиб кетган бўлур эди».
Яратганнинг ҳузурида дунёнинг қиймати бўлганида уни  севган бандаларига ато қилган бўлур эди. У: «Агар расулим бойликни хоҳласа, Макка атрофидаги тоғларни олтинга айлантириб бераман», деб билдирганида Сарвари коинот бу таклифни қабул қилмаганлар. «Бир саҳобия аёл Пайғамбар алайҳиссаломнинг тўшаклари ниҳоятда юпқа эканини кўриб, уйидан чиройли бир тўшак бериб юборади. Ҳазрати Оиша уни Расулуллоҳ  тагларига тўшамоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Бу тўшакни эгасига қайтариб бер, агар Аллоҳдан сўраганимда эди, олтину кумушдан тоғлар муҳайё қилган бўлар эди, аммо мен буни хоҳламайман».   
Дунёга янги келганимизда яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча арзимас матога ўраб қабул қилишади. Дунё билан хайрлашаётганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатишади. Бу фоний дунёдан улушимиз шу бўлгач, нега унинг бойликларига бунчалик ўчмиз, ишқибозмиз? Нега унинг матоҳларини тўплашга уринаверамиз, сира тўймай йиғаверамиз? Дунё ортда қолади, боқий дунё эса қаршимизда турибди. Шундай бўлгач, ортда қоладиган нарсага қизиқиб, муҳаббат қўйиб нима қиламиз? Шунинг учун Яратган яхши инсонларни дунёдан бездириб, охиратни севдириб қўйган. 
Пайғамбаримиз бундай деганлар: «Кимнинг орзу-истаги, васф этгани, ўнгида ҳам, тушида ҳам такрорлаб турган нарсаси дунё бўлса, Аллоҳ бундай одамга охиратда менинг ёнимда қўшни бўлмоқликни ҳаром қилади. Чунки мен дунёни хароб қилиш (бузиш) учун юборилдим, мен бу дунёга уни маъмур қилиш учун келмадим»;  «Одам боласи икки водий тўла мол-дунёси бўлса ҳам мол-дунё тўла учинчи водийни орзу қилади. Унинг қорнини фақат тупроқ тўйдира олади»; «Сен дунёда бир ғариб каби ёки бир йўловчидек бўл»; «Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлганида унинг уч кеча бўлса-да менда қолиши хурсанд қилмаган бўларди, ундан фақат қарзимга етадиганини олиб қолиб, қолганини эҳсон қилиб юборган бўлур эдим»; «Жаннатга боқиб, унинг кўпчилик аҳли камбағал эканини ва дўзахга боқиб, унинг кўпчилик аҳли аёллар эканини кўрдим».
Улуғ олимимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳаётда бой-бадавлат киши эдилар. Оталаридан жуда кўп мол-мулк, бойлик мерос қолган эди. Бу бозорларда рақобат қилиш йўли билан катта фойда келтирарди. Олим охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча бойликни камбағалларга улашиб, дунё неъматларидан воз кечдилар. Фақат очликнинг олдини оладиган миқдордагиси билан кифояландилар. Қотган, суви қочган қуруқ ноннинг ўзи билан қаноатланардилар, ҳатто нонхурушни ҳам тарк этган эдилар. Ваҳоланки жуссалари нозик эди, тўйиб-тўйиб ейишга эҳтиёжлари бор эди. Аммо ҳаётларининг кўп қисмини рўза тутиб ўтказганлар. Бир гал нафақалари кечикиб қолганида уч кунгача ўт-ўлан еб тириклик қилганлар. Умар ибн Нафс ал-Ашқар бундай деган: «Биз Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий) билан бирга Басрада ҳадис ёзар эдик. Иттифоқо, у зотни бир неча кун йўқотиб қўйдик. Кейин яланғоч ҳолатда бир уйдан топдик. Билсак, бисотидаги бор нарсаси тугаган экан. Ўртада пул йиғиб, у зотни кийинтирдик».
Аммо бизлар қаноатни, сабрни унутганмиз. Нафсимизга қул бўлганмиз, ҳамиша йўлдан урувчи шайтонга ошно тутинганмиз.   Ғамлаётган озиқ-овқатига торлик қилиб қолиб, иккитадан музхона харид қилаётганлар ҳам, жавонида қанчалаб кийим-бош ва пойабзали кийилмай навбат кутиб ётганлар ҳам, ризқи сал танглашса, дарров «Эй Худо,  Санга нима ёмонлик қилувдим, мени бунчалар хорлайсан», деб дод соладиганлар ҳам  атрофимизда кўплаб топилади.
Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса-ку, ҳай-ҳай… У буни бир синов сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа  савобли ишларга харжлайди.
Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан қайтмаётганини ҳам, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмаётганини кўрасиз.  Туркиялик марҳум олим Шайх Маҳмуд Асъад Жўшоннинг қуйидаги сўзлари қанчалик аччиқ бўлмасин, бугунги дунё учун жуда долзарбдир: «Пора олган раҳбар виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади. Мана шундай йўллар билан жамиятдаги қонунлар оёқ ости бўлади, ривожланиш оқсайди, ҳақлар топталади, мазлум ва бегуноҳ халқнинг ҳақи ҳимояланмайди. Золимлар халқ пулини, молини, давлат хазинасини, бюджетдаги бойликни талон-тарож қиладилар, халқ манфаатини асло ўйламайдилар. Қалъа деворидан бирор жойига дарз кетса, бир тешик очилса қалъа қулагани каби, ҳовузнинг остки қисми тешилиб, суви оқиб кетгани каби оламнинг низом-қоидалари бузилади, даҳшатли зарарлар юзага келади».
Яҳё ибн Муъоз ар-Розий дунёга қизиқувчи бир фақиҳ олимни кўриб, бундай дедилар: «Эй илм ва суннат соҳиби, қасрларингиз Қайсарникидай, уйларингиз Кисроникидай, масканларингиз Қорунникидай, дарвозаларингиз Толутникидай, кийимларингиз Жолутникидай, тутган йўлларингиз Шайтонникидай, вилоятларингиз Фиръавнникидай, қозиларингиз дунёни истовчи порахўр, ғирром бўлса, Муҳаммадия (яъни Пайғамбар алайҳиссалом ҳидоятлари) қаерда қолди?».
Ибн Ҳожар Асқалонийнинг «Мунаббиҳот» китобида: «Дунё (бойлик) ни яхши кўриш жамики хатоларнинг бошланишидир», дейилган. Яна шу китобда бундай ёзилибди: «Аллоҳдан умид қилиш бойликдир, бунда камбағаллик ҳам зарар келтира олмайди. Ундан ноумид бўлиш камбағалликдир, бунда бойлик ҳам фойда келтира олмайди. Қалб бойлиги ила чўнтак камбағаллиги зарар келтира олмайди, қалб камбағаллиги ила чўнтак бойлиги фойда келтира олмайди».
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: «Набий елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гґёки Іариб ёки йґловчи мусофир каби бґлгин», дедилар». Ибн Умар (мана шу сґзни эшитганларидан кейин) у зот: «Агар кечлатсанг, тонг бґлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! СоІ пайтингда касал пайтинг учун µам (тайёргарлик іилиб) ол. Ґамда тириклик пайтингда ґлиминг учун µам (тайёргарлик іилиб) ол», дедилар. 
Абдуллоҳ ар-Румий айтадилар: «Мен Умму Талақ деган аёлнинг уйига кирдим-да: «Уйингизнинг шифти жуда паст экан», дедим. Шунда Умму Талақ: «Эй ўғилчам,  Ҳазрати Умар атрофдаги омиллари (иш юритувчилари) га мактуб юбориб, «Биноларингизни баланд қилманг, чунки биноларнинг баланд бўлиши ёмон кунларингиздан бири экани аломатидир», деб тайинлаганлар», деди.
Бир ривоятда бундай дейилган: «Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиічасини эµсон іилсанг, ґзинг учун яхши. Агар бермасдан ушлаб іолсанг, ґзинг учун ёмон. Кифоя іилгудек ризііа іаноат іилсанг, маломат этилмайсан. Эµсон іилишни ґз іґл остингдагилардан бошлагин»; «Кимнинг нафси омон, хотиржам ва жасади саломат µамда µузурида бир кунлик ризіи бґлса, гґёки дунёни тґлалигича ґзига бґйсундирибди».  
Хожа Аҳрор Валий бундай деган: «Зуҳд мол йўқлиги билан эмас, балки Аллоҳдан бошқасидан кўнгилни фориғ тутишдир. Дунёни севгучи дарвешни зоҳид демаслар ва Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом шунча дастгоҳ, подшоҳлик билан зуҳд (эгаси) дерлар».
Дунё ҳаётининг матоҳлари жуда жозибали, жалб қилувчи, ўзига тортувчи бўлади. Манаман деган одам ҳам унинг жилвасидан ўзини торта олмайди, сеҳрига мубталоликдан асрала олмайди. Чунки Яратганнинг иродаси шундай бўлган, яратилиш ҳикмати шундай бўлган. Сурув-сурув подалар, бепоён далалар, қўша-қўша чопқир уловлар, серҳашам ва муҳташам қурилган уйлар, тахлам-тахлам пуллар, олтин-кумуш бойликлар, хотинлар, бола-чақалар, хулласи дунёнинг барча жимжималари инсонни синаш учун, имтиҳон қилиш учун яратиб қўйилган.
Кимдир ана шу бойликлар билан фахрланиб, кибрланиб, ўралашиб қолиб, Яратганни унутади, унутмаганда ҳам Унинг амр-фармонларига бепарво бўлиб қолади. Кимдир ўзига беҳисоб дунё ато қилинса ҳам бандалигини бир зум эсдан чиқармайди, итоат-ибодатдан чекинмайди.
Атоқли сўфий шоир Юнус Эмро бундай дейди:
Очун–ёвуз, айёр пари, йўлдан озар ёшу қари,
Сен теп уни, кетсин нари, севмоқ уни ордир биза.
Дунё ҳаромдир хослара, лекин ҳалолдир мослара,
Дўст бўлмагай, бил, бу жаҳон, макруҳу мурдордир биза.

Абдуллоҳ ибн Умар бир куни бетобланиб қолиб, кўнгли балиқ ейишни тусади. Ходимлари Мадинани кеза-кеза ниҳоят балиқ топишди. Олиб келиб қовуришди ва ноннинг устига қўйиб, Ибн Умарнинг олдига киритишди. У балиқдан энди тотиб кўрмоқчи эди, эшик олдига бир тиланчи келиб, бирон егулик беришларини сўради. Ибн Умар ходимларига балиқни нонга ўраб, тиланчига тутқазишни буюрди. «Аллоҳ сизга шифо берсин, зўрға етган таомингизни тиланчига бериб юборасизми, яхшиси пул берақолайлик», деди ходим. Ибн Умар: «Балиқни бериб юборинглар», деб буюрди яна. Ходим гадонинг олдига чиқиб: «Балиқни оласанми ёки пул берайми?» деб сўради. Тиланчи пулни олди. Ходим балиқни қайтариб кирганини кўрган Ибн Умар: «Балиқни унга олиб бориб бер, пулни ҳам олма, мен Расулуллоҳдан кўнгли тусаб турган нарсасини биродарига улашган кишининг гуноҳлари кечирилишини эшитганман», деди.
Зоҳид ва воиз Абу Ҳазм шундай деган: «Молларингизни Аллоҳ йўлида сарфлашни асло канда қилманг. Болаларим бор-ку, деб уларни харжлашдан ҳам қўрқманг. Зеро бола-чақангиз мўмин бўлса, Аллоҳнинг Ўзи уларни (сиздан ҳам яхшироқ) ризқлантиришига ишонинг. Агар улар фосиқ бўлсалар, молларингизни фисқ-фасод йўлида сарф қилишларига имкон яратиб берманг». Умавийлар султони Сулаймон ибн Абдулмалик Абу Ҳазмдан: «Эй Абу Ҳазм, биз нима учун ўлимдан қўрқамиз?» деб сўради. Абу Ҳазм: «Чунки дунёимизни обод қилиб, охиратимизни хароб айлаганмиз. Одамзот обод жойни ташлаб, харобага кетишни хоҳламайди», деб жавоб қилди.
Мол-дунёни жойига сарфлаш, инфоқ-эҳсон ва садақани кўпайтириш, молга бахил бўлмаслик мўмин-мусулмоннинг иймонига далолатдир, унинг Ҳаққа итоатига далолатдир. Хабарда келганки:   «Энг аввал ўзингга нафақа қил, агар молинг ортиб қолса оилангнинг, яна ортиб қолса, бошқа яқинларингнинг ҳожатларига сарфла. Аллоҳ сенга озми-кўпми бойлик насиб этса, бойликни шу равишда сарфлагин». Мол-дунёни тасарруф қилишда энг мақбул,  талаб қилинган йўл шудир.
Лекин инсонларнинг кўпи бойликни харжлашда бу кўрсатмалардан аллақачон чекиниб бўлган. Ўзлари фақир, бола-чақалари оч-яланғоч бўлатуриб, минг машаққат билан топган молини харжлаб, ном чиқариш, одамлар мақтовини эшитиш мақсадида дабдабали, серҳашам тўйлар ва маросимлар қилишади. Ёки бошқалар «сахий» деб мақташи учун топган молини кераксиз ўринларга, ҳатто гуноҳ ишларга сарфлаб юборадиганлар ҳам йўқ эмас. Яна бир тоифа кишилар борки, ўзлари қарзга ботиб, ортиқча жиҳозлар сотиб олишади, баланд ва шоҳона уйлар тиклашади, хотин, бола-чақаларини (ўзларини ҳам) безантириб, ясан-тусан қилишади. Таниш-нотанишни уйга чорлаб, риёкорларча зиёфатлар ва меҳмондорчиликлар ташкил этишади. Агар булар илм мажлисларига айланса, майлийди, аммо уларда бемаъни суҳбатлар, кайфу сафолар, ғийбат-фитналар тўлиб-тошган бўлади.
Мол-мулк, бойлик ва пул чўнтакка кирсаю қалбга кирмаса, бу гўзал ва мақбулдир. Бордию мазкур мол-дунё қалбларни забт этса, бундан ёмон нарса йўқ. Дунёга муҳаббат қўйиш ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ёшларни кўзи тўқ, дунёга ҳирс қўймайдиган қилиб тарбиялаш лозим. Бундай тарбия инсонни ҳаромдан, ўғриликдан, зулмдан асрайди, уни Ҳаққа  йўналтиради, инсофга чорлайди, фаол ва ишончли инсонга  айлантиради.
Ҳамма ишда бўлгани каби мол-дунёга интилишда ҳам ўртача, мўътадил йўл тутган яхши. Аллоҳ таоло инсоннинг феъл-атворида нафсининг интилишларини қўшиб яратган. Шунинг учун мен мол-дунёдан беҳожатман, дея ундан ўзини қайтариш, ато этилган неъматлардан юз ўгириш зоҳидлик белгиси эмас, аксинча Аллоҳ берган беҳисоб неъматларга ҳурматсизлик, манманлик ва риё кўринишларидандир. Улуғ тасаввуф шайхи Суфёни Саврий кўпинча чиройли таомларни суюб еярдилар ва сафарга чиқсалар ўзлари билан қиём олиб юрардилар. Яна бир атоқли шайх Иброҳим Адҳам эса баъзан лазиз ва яхши таомларни тановул этар ва «Агар топсак, одамларга ўхшаб еймиз ва агар топа олмасак, одамларга ўхшаб сабр қиламиз», дер эдилар.

Бойлик яхшими ё камбағаллик?

Инсоннинг феъл-атвори жуда қизиқ: ҳеч нарсага рози бўлмайди, на иссиққа кўнади, на совуққа. Камбағаллигида нуқул бойиб кетишни, қўлига катта пул келиб қолса чиройли ва ҳашаматли уйлар қуришни, шоҳона дастурхонлар солиб катта тўйлар қилишни, бир эмас, бир неча автомобиллар харид қилишни орзу қилади. Боласига ҳам тинмай «бойиб кетсам, уни обераман, буни совға қиламан», деб ваъдалар беради. 
Бир куни келиб бойиб ҳам кетади, аввал орзу қилган ҳамма нарсасига эришади. Ҳатто ўзи кутганидан ҳам кўп мол-дунёга эга бўлади. «Энди у мақсадига эришиб, хотиржам бўлгандир, бойлик ва неъматларга ғарқ бўлиб мазза қилиб яшаётгандир, пули йўқлигида кўп марта орзу қилганидай, оиласини етаклаб жаҳон кезгани саёҳатга жўнагандир ёки мол-дунё билан ўралашиб қолганида унутилган севимли машғулотларига қайтгандир?» деб ўйлаётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз. Унинг аввалги ташвишлари ўн чандон ортиб кетган: қўлга киритган бойлигини қандай қилиб кўпайтириш, уни тажовузлардан асраш, фойдани қайси ишларга йўналтириш, фаолият юритишнинг янги режаларини тузишга бош-кўзи билан шўнғиган. 
Пулим кўпайса, хотиржам бўламан, ҳеч кимга боғлиқ бўлмайман, деб ўйлаганди. Қаёқда: ҳатто овқатини хотиржам ея олмайди, уйқусида ҳаловат йўқ, қачон одамларга ўхшаб дам олганини эслолмайди ҳам. Ана шундай кунларнинг бирида миясидами, қалбидами, онгидами нимадир «чирс» этиб узилиб кетгандай бўлади. Тўплаган, жонидан ҳам азиз қилиб асраган, уни кўпайтириш учун ҳамма нарсадан воз кечиб елиб-югурган мол-дунёси бирданига кўзига хунук кўриниб қолади. Шунча умрини бефойда ўтказиб юборгандай надомат чекади. Кўнгли камбағал одамларникига ўхшаган оддийгина уйларни, камтарона турмушни, фақирона ҳаётни қўмсаб қолади. 
Америкада Хюз деган бир миллиардер ўтган. «Авиатор» филми ўша одам ҳақида. Ана шу миллиардер шўрлик қайси мамлакатга борса, бойларнинг таомилига кўра энг қимматбаҳо меҳмонхоналарга тушар, унинг ходимларини ҳайратга солиб, юмшоқ кўрпа-тўшакларни рад қилган ҳолда полга газета тўшаб ухлар экан. Нодир ва қимматбаҳо таомлар ўрнига фақат моғорли нон ва совуқ сув сўрар экан. Бу ҳам бойларнинг бир хурмача қилиғи-да, деб ҳайрон бўлманг. Аллоҳ Хюз жанобларига шунча давлатни бериб қўйибдию, унинг миясига микроб хавфини ҳам солиб қўйибди. Ҳамма нарсада касаллик келтирувчи микроблар борлигидан, улар бир куни ўзини ҳалок қилишидан хавфсираб қолган миллиардер умрининг охиригача ана шундай қўрқув ичида яшади, бойлигини ишлата олмай меросхўрларига ташлади-кетди. 
Мисрлик яна бир давлатманд киши воқеасини сўзлаб беришган эди: у Қоҳиранинг бойлар яшайдиган маҳалласидаги шоҳона уйининг деразасидан ташқарига қараб афсус билан шундай деган экан: «Мен бир нарсага сира тушуна олмадим: уйим ва жиҳозларим гард юқмаган ҳолатда тоза, энг сара ва покиза овқатларни ейман, лекин бошим касалдан чиқмайди. Анави фаллоҳлар тупроқнинг ичида туғилиб, иркит кўчада улғаяди, овқатини чанг-тўзон ичида еб, лойқа сувни ичиб кетаверади, бирортасини дард ҳам урмайди».
Энди биз камбағал деб ўйлайдиган кишининг аҳволига бир назар ташлайлик: оила бошлиғи эртадан-кечгача тиним билмай ишлайди, аёли ва болалари ҳам унга ёрдамлашишади. Ҳамма нарсада тежашади: аканинг кийимини ука кияди, каттасининг ўқув қуроллари кичигига қолган, кечаги овқатни бугун иситиб ейишган, ҳатто битта йўл чиптасидан уч киши фойдаланади. Аммо бирлари ҳеч икки бўлмайди: ейишга пул топилса, кийимга йўқ, кийимга бир илож қилиб жамғаришса, ўқишга маблағ излаб қийналишган. Шунда ҳаммалари баравар фиғон чекишади: «Нима гуноҳимиз учун  биз камбағал қилиб яратилганмиз, қўшнимиз фалончидан қаеримиз кам ахир, у ҳам ишлайди, биз ҳам ишлаймиз, унинг ҳам олтита боласи бор, биз ҳам шунчамиз, аммо унинг уйи фалонча хонали, хорижий жиҳозларини, гаражидаги машиналарини айтмай қўяқолайлик, шуми адолат?!» 
Иш шундоқ экан, бой бўлиш яхшими ёки камбағаллик? Биров: «Бойликка нима етсин, тилинг бурро, мартабанг жойида, ҳамма ҳурмат қилади, истаган нарсангга эриша оласан, бошқага мутеъ бўлмайсан, яна садақа-эҳсонларни кўп қилиб, Худогаям, бандасигаям яхши кўринасан», деб маслаҳат беради. 
Яна бошқаси камбағалликни мақтайди: «Камбағалнинг ҳеч қанақа ғами-ташвиши бўлмайди. Бой одам ҳеч қачон иккита нон ея олмаган, иккита костюм кия олмаган, аммо бойлигини қўлга киритгунича соғлиғидан, асабидан, яқинларидан, хотиржамлигидан ажраб бўлган. Камбағалда бунақа ташвишлар йўқ. Қорнини битта тўйдиради-да мазза қилиб қотиб ухлайди. Бойларга ўхшаб элликка кирмай туриб қанд, қон босими, юрак хуружи каби бир неча  касалликни орттириб олмайди».  
Хўш, унда ким ҳақ? Ҳаётда бой бўлган маъқулми ёки фақирликка кўниб кун кечирган аълороқми? Моддиятга қул бўлган Ғарб оламининг ақлли кишилари ҳамма ишда бойликни, мол-дунёни биринчи ўринга қўйишади. Улар наздида ҳаётда тўкин ва фаровон яшаш, жамиятда катта мавқе ва обрў-эътиборга эришиш, ҳатто оила аъзоларингга ёқиш учун сен бадавлат киши бўлишинг, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлмасин, анча-мунча мол-дунёни қўлга киритишинг зарур. Китобларда, газет-журналларда, киноларда бойликни мақташади, бойлар ҳаётининг бор «жозибаси»ни кўз-кўз қилишади, ҳаммани бойлардан ибрат олишга чақиришади. Шунинг учун аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида Москвада ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 64 фоизи бахтли бўлиш учун инсон бой бўлиши керак, деб жавоб берган, 8 фоизигина одамларга фойдали эканингни ҳис этиб яшаш бахтиёрлик омили, деб ҳисоблаган. 
Бунга қарши ўлароқ Шарқ донишмандлиги инсоннинг бахтли яшаши учун энг аввало у ҳалол яшаши, ахлоқий мезонларга риоя қилиши, одамлар билан муносабатларда олийжаноблик кўрсатишини асосий шартлардан ҳисоблайди. Бойлик, мол-дунё инсоннинг олий мақсадларга эришувида бир восита, уни синаш учун   бир имтиҳон сифатида талқин қилинади. Олимлар ва донишмандлар мол-дунёга эътибор қилишмаган, одамларни унга рағбатлантиришмаган. Инсонга бойлик келса уни керакли жойларга сарфлаш, саховатни, эҳсон-садақани кўпайтириш, бойликнинг тўпланишига йўл қўймасликка чорлашган. Фақир-камбағалларга уларнинг бу ҳолати Яратганнинг улуғ марҳамати, уларни имтиҳон қилаётгани белгиси экани тушунтирилган, улар сабр-қаноатга, тақдир ёзуғига кўнишга ва чидашга чақирилган. 
Ушбу китоб бойлик ва камбағаллик, мол-дунёнинг фойдаси ва зарарлари, бойлар ва камбағалларнинг ўз ҳаётларига муносабатлари қандай бўлиши, мол-дунё келганида ёки унинг йўқлигида қандай йўл тутиш, сахийлар васфи ва бахилларни қоралаш каби мавзуларни миллий мафкурамиз ва Шарқ донишмандларининг панд-насиҳатлари асосида таҳлил қилади. Уни ёзишдан мақсад бойларни ва бойликни мақташ ёки ёмонлаш, аксинча камбағалликни ва фақирларни мадҳ этиш ёки танқид қилиш эмас. Ниятимиз ҳамма замонда, ҳамма жойда, ҳамма вақт  ҳам бойлар ва камбағалларнинг бўлишини, бу Яратганнинг ҳикмати ва ўлчовлари эканини, буни ўзгартирмоқчи бўлганлар советларнинг бойларни йўқотиб, ҳаммани камбағал қилиш «тажрибаси» каби кулгили аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини муҳтарам ўқувчиларга бир карра эслатишдир. 
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам инсонга берилган неъмат, бир синов. Бойлик келганда   инсонийликдан чекинмай, мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўймай уни жойига сарфлаш, камбағалликда эса буни ўзига берилган бир неъмат сифатида қабул қилиб, сабр ва шукр қилиш чин инсонийлик мезонларидир. Агар китобимиз ҳозирги ҳавойи нафслар жунбушга келиб, ҳамма мол-дунё «ишқи»да ёнаётган бир пайтда кимларгадир бу борадаги чин ўлчовларни англата олса, мақсадга эришган бўлур эдик.

Худбинлик ва хусумат

Инсонлар ҳар куни бир-бирлари билан учрашишга, мулоқот қилишга, алоқалар ўрнатишга, борди-келдига, ёрдам кутиш ва беришга, дўстлашишга муҳтождирлар. Ҳеч ким жамиятдан узилиб, фақат ўз имкониятларига суяниб яшай олмайди. Ҳатто одамлардан қочиб, тоғ-тошларга, кимсасиз саҳроларга чиқиб кетганлар ҳам барибир кимнингдир ёрдамига, аралашувига, ҳеч бўлмаганда бир оғиз сўзига муҳтож бўлишади. Бирор аёл боласини ўзи туғолмаган, бирор киши ўлигини ўзи юволмаган, бирор киши ёлғизликда бахтли бўлолмаган. 

Кишилик жамиятидан узилиб яшашнинг имкони ва иложи бўлмаганидан кейин унинг тартиб-қоидаларига, ёзилмаган қонунларига, урфда қабул қилинган одатларига бўйсунишга, риоя этишга мажбурсиз. Акс ҳолда ҳаммадан ажралиб қоласиз, номингиз яккамоховга чиқади, турмушнинг барча жабҳаларида фақат ўзингизга зарар қиласиз.
Одамларга аралашиш эса кишидан катта масъулият, фидокорлик, бошқалар манфаати билан ҳисоблашиш, ўзгалардан етадиган озор ва азиятларга чидаш каби хислатларни талаб этади. Бунга эришиш учун эса ўзингизни вақти-вақти билан ҳисоб-китоб қилиб туришга ўрганинг, шахсиятингизни тарбиялаш йўлларини изланг, ўзгалар билан ҳисоблашиш учун айрим йўқотиш ва ноқулайликларга кўнинг. Машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой: «Доимий равишда фикр жиддий ишлаб туради: рисоладагидай яшаяпманми, дея тинмай ўзимни тергаб тураман», деган.
Одам ўзини мунтазам текшириб, саволга тутиб туриши қийин ва айни пайтда энг зарур машғулотдир. Кўпинча бундай пайтларда ҳатто ҳозиргача ўзингиз ҳам сезмаган жуда кўп қусурларингиз «бўй кўрсатиб» қолади, зудлик билан уларни маҳв этишга киришасиз. Тоққа кўтарилаётган одам ортига қарашга имкон тополмагани ёки бундан қўрққани учун фақат чўққига кўтарилиб олгачгина пастга кўз ташлаб, вазиятни англагани каби ҳаётингизда тез-тез «нафас ростлаш»га тўхтаб, босиб ўтилган йўлларни таҳлил қилиш янги чўққиларни забт этишни осонлаштиради.
Ўзингизни сўроққа тортиш, ишларни ва қилмишларни таҳлил қилиш   фойдангизгина бўлиб қолмай, балки одамлар билан яхши тил топишишда, чиройли муносабатлар ўрнатишда, энг асосийси, ҳамма билан бирдай муроса қилишда кўп асқотади. Бу хислат айниқса ҳозирги шиддаткор давримизда, глобал ўзгаришлар таъсирида одамлар руҳиятида худбинлик, жиззакилик, бошқалар билан ҳисоблашмаслик, ҳасадгўйлик, нафрат каби иллатлар ин қураётган бир пайтда катта эҳтиёжга айланди.
Ҳар бир шахс ўзи учунгина яшамайди, у алоҳида вазифа билан яратилмаган. Шундай экан, энг аввало «фақат менга бўлиши керак», «фақат ўзим биламан», «ҳамма мен билан ҳисоблашиши шарт» деган нотўғри кайфиятлардан батамом қутилиб олиши керак бўлади.
Айтайлик: сиз поездга чипта олиш учун навбатда турибсиз. Шу пайт бир одам шошилиб келди-да навбатда турганларга эътибор ҳам бермай, туйнукка пул узатди. Унинг бу сурбетлиги сизга қаттиқ малол келгани,  жаҳлингизни чиқаргани, нафсониятингизни пайхонлагани шубҳасиз.
Сиз ҳам бошқа жойда, бошқа бир пайтда худбинларча унинг ана шу қилиғини такрорлашдан олдин бир ўйлаб кўринг. «Тўғри йўл тутдимми, бошқаларга малолим тегмаяптими?» деб ўзингизни саволга тутинг, мулоҳаза юритинг. Шунда ишлар асл ўрнига тушади, чакки қадам қўйишдан чекинасиз, бошқаларнинг ғашига тегиб, ғазабини қўзғамайсиз.
Ёки ҳовлида иморатингизни қўшнингизникидан баланд қилиб қурдингиз, дейлик. Бу офтоб нурларидан тўсиб, уникига соя солади, экин ва дарахтларига зарар етказади, энг ёмони сизнинг назарингиз тушадиган қилиб қўяди. Бундай ҳолда қўшнининг жаҳли чиқиши, азиятингиздан озор топиши турган гап. У ётиғи билан «бир оғиз сўрамай, уйни кўтариб юборибсиз-да» дейиши билан сиз: «Ҳовли меники, қандай хоҳласам, шунақа қураман», дея овозингизни баландлатасиз.
Энди ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг, шунда масала ойдинлашади. Ҳа ўлманг, бу қилиқ сизга ҳам малол келган бўларди, иззат-нафсингизни койитарди. Шундай бўлгач, худбинлик ортидан бошқага зулм етказиб қўйишдан, кўнглига озор беришдан сақланинг.
Бир куни пойтахт кўчаларидан бирида қизиқ воқеанинг шоҳиди бўлдим: икки қарама-қарши машина аранг сиғадиган торгина кўчада рулдаги икки улфат машиналарини тўхтатиб, қандайдир олди-бердиларини муҳокама қила бошлашди. Ҳар икки машина ортидан келаётган бошқа ҳайдовчилар бирор муҳим гапи бўлса, тезда тугатиб йўлни бўшатса керак, деган хаёлда аввалига сабр билан бироз кутишди. Аммо икки фаросатсиз улфатнинг гапи тугай демасди. Бунинг устига улар жиддий масалани эмас, бир кун аввалги футбол ўйинини муҳокама қилишаётган экан. Шунда ортдаги ҳайдовчилар бараварига машиналарини «ду-дут»лашишга тушишди. Икки ошна тинчлари бузилгани учун бошқа ҳайдовчиларга ўқрайишганча йўлларига кетишди.
Бу хурмача қилиқни нима деб изоҳлашга ҳам ҳайронсан. Афсуски, кишилар орасида ана шулар каби фақат ўзини ўйлайдиган, бошқалар манфаати билан ҳисоблашмайдиган, «менинг ишим битса бўлди, бошқа билан нима ишим бор», «мендан кейин дунёни сув босиб кетмайдими» қабилида ўйлайдиганларнинг ҳам борлиги сир эмас. Худбинлик, манфаатпарастлик иллатидан халос бўлинмас экан, жамиятда тотувлик, аҳиллик, муроса ҳақида гапириш ноўрин. Бир оқил киши айтганидай, «Одамларга фойда келтирмаётган экансан, ҳеч бўлмаса зараринг ҳам тегмай турсин».
Одамлар феъл-атвор, юриш-туриш, хулқ-одоб, ҳатто ташқи қиёфаларига кўра ҳеч қачон бир-бирига ўхшамайди. Улар нимаси биландир албатта бир-биридан фарқланади. Бу эса улар ўртасида уйғунлик, аҳиллик, ўзаро келишув, муқобиллик, баҳамжиҳатлик ҳисларини шакллантиришда маълум қийинчилик ва муаамоларни келтириб чиқаради.
Шундай экан, жамиятда фикрлар муштараклиги, ўзаро мақбул муросагўйлик ва тотувликни жорий қилиш учун ҳар бир киши бошқалар манфаати, хулқ-атвори, мавқеи билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Акс ҳолда бундай жамиятда ҳеч қачон барқарорлик, осойишталик, чин инсоний муносабатлар қарор топмайди.
Масалан, уч-тўрт киши бир том остида яшашга маҳкум бўлган оилани олиб кўрайлик. Агар оила бошлиғи ҳисобланган эр худбин бўлиб, оиладагиларнинг инон-ихтиёри ва манфаатларини, ҳақлари ва ички туйғуларини фақат ўзига бўйсундирилишини талаб қилса, бундай оилада ҳеч қачон фароғат ва аҳиллик бўлмайди. Ёки аксинча эр ва фарзандлар фақат оила бекасининг чизган чизиғида юришга мажбурланса, бу оилада ҳам чинакам инсоний муносабатларга путур етади.
Сен атрофингдагилардан ниманидир талаб қилаётган бўлсанг, бошқалар сенинг туйғуларинг, ички оламинг, борингки, эҳтиёж ва манфаатларинг билан ҳисоблашишларини истаётган бўлсанг, марҳамат қилиб сен ҳам уларга шундай йўсинда жавоб қайтар!
Меҳнат жамоаларида ҳам кўпинча бу борадаги адолатсизликларга дуч келинади. Бошлиқ ёки етук мутахассис айрим ҳолларда ўзининг мавқеи, жамоадаги обрў-эътиборига суянган ҳолда бошқаларнинг иззат-нафсини койитаверса, уларнинг ҳақ ва манфаатларига тажовуз қилаверса, бундай жамоадан одамлар безиб, у пароканда бўлиб кетади. Чунки ҳозирги шиддаткор асримизда ҳамма соҳада зўриқиш (стресс) кучайгани боис одамлар ўз тинчлиги-осойишталиклари, саломатликларини, ишхонадаги ижодий ва самимий муҳитни анча қиммат баҳолайдиган бўлиб қолишган. «Оч қорним – тинч қулоғим» мақолининг мавзуимизга доир ҳикмати ҳам бор.
Булар бежизга эмас. Сабаби, бир кишининг худбинлиги (айниқса у бошқалардан бир поғона устун бўлса) унинг қўл остидаги ёки атрофидаги жуда кўп кишиларнинг оромини ўғирлаши, асаби ва кайфиятини бузиши, соғлигига зарар етказиши мумкин. Москвадаги Россия Фанлар академиясига қарашли А. П. Мясников номли терапия институти маълумотларига кўра, юрак хуружи (миокард инфаркти) хасталикларининг 80 фоизи руҳий жиҳатдан олинган жароҳат, ёки узоқ давом этган асабийлик ёхуд руҳий ва жисмоний қаттиқ чарчаш туфайли юзага келар экан. Бу рақамлар кишини жиддий мулоҳаза юритишга мажбур қилади.
Заруратсиз баҳс-мунозаралар, ўз фикрини зўрлаб ўтказиш ёки тасдиқлатиш учун уринишлар, сўзамоллиги, маккорлиги, ҳийлакорлигини ишга солиб бошқалардан устунликка эришиш ёки зулм қилиш энг ёмон иллатлардандир. Бу йўл билан бошқаларни мағлуб қилишни ўйлаган кимсанинг ўзи ютқазади. Буюк мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий айтганидай, «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқаларни таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир».
Ўз фикрингизни, тутган йўлингизни ёки қилмишларингизни ҳақ санаб, бошқаникидан устун қўйишингиздаги тортишувлар ҳам сизга яхшилик келтирмайди, бошқалар кўз ўнгида обрўйингизни тўкиб қўяди. Агар бу тортишув ҳақиқатни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса нур устига нур бўларди. Аммо у ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки ҳақни англамай туриб қилинган бўлса, бундай тортишувдан узоқроққа қочган маъқул.
Беҳуда баҳс-тортишувлар кишилар орасидаги хусуматни, яъни ёвлашишни, душманчиликни кучайтиради, холос. Айрим улуғлар айтишганки: «Хусуматдан кўра диёнатни кетказадиган, мурувватни камайтирадиган, қалбни машғул қилиб қўядиган бошқа нарсани кўрмадим».
Аммо баъзи кишилар бошқачароқ, яъни «Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш учун тортишиб туриши ҳам керак-ку!», деб фикр юритишади. Бундай фикр соҳибига Имом Ғаззолийнинг қуйидаги сўзларини жавоб сифатида келтириш мумкин: «Билгинки, ноҳақлик билан, илмсиз бўлатуриб хусуматлашган кимсалар қаттиқ адашгандирлар». Буни маҳкама чоғида қайси томоннинг ҳақ эканини билмай туриб илмсизлик орқасидан хусуматлашиб кетган даъвогарнинг вакилига ўхшатиш мумкин. Ҳақни талаб қиламан деб ҳаддан ошилса, муросасизлик қилиб ёлғон гапирилса, хусуматчига азият-озор етказиш мақсадида ахлоқсиз сўзлар айтилса, бу ҳақиқат излаш эмас, балки унга нисбатан хиёнат бўлади.
Лекин худди шу ўринда масаланинг бошқа бир нозик томони ҳам бор: «Ҳамма билан муроса қилишим керак экан», деб ҳақсизликни, зулмни кўрганда индамай томошабин бўлиб туриш муроса эмас. «Одамлар билан яхши муносабатда бўлишим керак экан», деб эътиқодга, дўстларга, ҳақиқатга, ватанга, миллатга хиёнат қилиш муроса эмас. «Бировнинг дилини оғритмаслигим керак экан», деб аслиятдан, маънавий-тарихий илдизлардан, қадриятлардан, инсоф-диёнатдан воз кечиш муроса эмас.
Аммо ҳар ишда, ҳар қадамда ҳақ-ҳуқуқ талашиш, ҳаммадан ўзингиз каби иш тутишни, фикрлашни талаб этиш, бошқаларни ҳам ўз қолипингизга солишга уриниш яхшиликка олиб бормайди. Айтайлик, биров сизни ҳақоратлаб қаттиқ хафа қилди, ёки туҳмат билан дилингизни оғритди, ёхуд зўравонлик билан молингизни тортиб олди. Шунда қандай йўл тутган бўлардингиз?
Аксари одамлар бу каби ҳолларда дарров ўзига азият, зулм етказган кимса билан даҳанаки жанг бошлашади, қилмишига яраша ўч олишга уринишади, уни мағлуб қилиш режаларини тузишади, ёмон мақсадлар билан хусуматлашишга киришишади. Оқил одамлар эса золимнинг бу иши хато эканини юзига айтишади, ёки иложсиз ҳолатларда зулмга сабр қилишади, Аллоҳдан уни тезроқ бошларидан даф қилишни сўрашади ёки зулмдан ҳам ҳикмат излашади.
Зулмнинг эса турлари кўп: алдов ва зўравонлик билан бировнинг молини тортиб олиш ҳам, етим молини ейиш ҳам, ўзгалар жонига қасд қилиш ва ўлдириш ҳам, бировни ҳақорат қилиш, лаънатлаш, унга туҳмат қилиш ҳам зулмдир. Қурби етатуриб қарзини тўлмай юриш ҳам, зиммасидаги қарзини инкор этиб ёлғон қасам ичиш ҳам зулмдир. Аёлининг маҳр, нафақа, кийим-кечак, озиқ-овқат таъминотини адо этмаслик ҳам зулмдир. Бир олимимиз ҳатто йўлчироқнинг (светофорнинг) қизил чироғида ўтиб кетишни ҳам ўзгалар ҳаққига зулмга тенглаштирган эди.
Бир шоир айтадики: «Қодир бўлсанг ҳам зулм қилма, чунки унинг охири надоматдир. Мазлум бедор бўлиб дуоибад қилади, сенинг кўзларинг ухлагани билан Аллоҳ ҳамиша бедордир». Донишмандлардан бири эса: «Заифларга зулм қилма, акс ҳолда энг ёвуз кимсалардан бўласан», деган. Ахлоқимиз қоидаларида айтилганидай, «Ҳақиқатни, тўғри сўзни тан олмаслик, бошқа кишиларни ўзидан паст санаш кибрдир». Кибрли одам эса энг ёмон хулқли кишилар сирасига киради.
Ўтмишдаги ҳукмдорлардан Холид ибн Бармак ва унинг ўғлини ҳибсга олиб зиндонга ташлашганида ўғли: «Кечагина азиз эдик, бугун эса қўл-оёғига кишан урилган маҳбуслармиз», деган экан. Шунда Холид: «Эй ўғлим, мазлумлар туни билан дуоибад қилишган, биз бундан ғафлатда бўлганмиз, Аллоҳ эса ғофил эмасдир», деган.
Зулм кўрган кишининг муросасизлик қилмай, чегарадан чиқмай, саркашликни ва ғанимига зарар етказишни қасд қилмай қонуний йўллар билан уни «жойига тушириб қўйиши» ахлоқимизда ман этилмаган. Аммо барибир бошқалар билан ҳадеб хусуматлашмаган маъқул. Чунки хусуматлашаётганда тилни мўътадил адолат чегарасидан чиқармай ушлаб туриш мушкул иш саналади.
Бундан ташқари хусумат қалбда бошқаларга нисбатан нафрат уйғотади, ғазабни кучайтиради. Ғазаб алангаланган пайтда эса хусуматлашаётганлар орасида гина-кудурат, адоват ва кек пайдо бўлади. Бири бошқасининг ғамидан қувонадиган, шодлигидан хафа бўладиган ҳамда бири бошқа бировининг иззат-нафси, ор-номусига тажовуз қилишгача борадиган бўлади.
Шунинг учун бошқалардан ҳар қанча малол ва азият етганда ҳам бошқа чорангиз қолмагунча хусумат қиличларини яланғочламанг, ўч олишни режаламанг, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришга шошилманг! «Жаҳли чиққан пайтда ҳам ўзини тия оладиган одам энг кучли одамдир».
Муроса санъатининг энг нозик нуқталаридан бири ҳам ҳар бир ишда, ҳамма ерда, ҳар вақт фақат ўзингизни ўйламай, худбинликдан чекиниб, бошқаларнинг манфаати ва иззат-нафсини эътиборга олиб муомала қилишдир. Эҳтимол, сизни бу сифатлар билан тарбия қилишмагандир, балки табиатингизда, фитратингизда бундайин фазилатлар йўқдир. Аммо барибир ҳамма билан бирдай яхши муносабатда бўлиш учун ана шу нозик сифатларни ўзлаштиришингиз, ўзингизни бу қаттиқ имтиҳонга тайёрлашингиз шарт.
Чунки бу синовдан яхши ўтолмасангиз, ҳаётда кўп қийналишга, одамлар билан киришиб кетишда машаққат чекишингизга, оилангиз, ишхонангизда  фароғат-осойишталикдан маҳрум бўлишга маҳкумсиз. Ҳамманинг қаршисига қучоқ очиб чиқишга, ўқрайган юзларга табассум билан қарашга, қўполликка мулойимлик ва тавозеъ билан жавоб қайтаришга, азият етказганга яхшилик қилишга, сиздан ўзини олиб қочаётганларга яқинлашишга киришмас экансиз, сиз том маънодаги яхши инсон бўла олмайсиз!


* * *

Инсон умри ниҳоятда қисқа, дунё ҳаёти боқий эмас. Шу қисқагина умрни, бу тезда тугайдиган ҳаётни мазмунли, ўзгалар лаънатига учрамай, бошқаларга зулм етказмай, атрофдагиларнинг дилини оғритмай яшаб ўтиш кишидан катта куч, маҳорат ва йўқотишларни талаб этади.
Аммо биз бу талабларга лоқайд бўлиб, фақат ўзимизни ўйласак, фақат ўз ташвишларимиз билан ўралашиб қолсак, одамлар билан муомала-муносабатларда муроса, келишув ва бағрикенглик қилолмасак, турмушимиз белаззат, кунларимиз машаққат, эришганимиз кулфат, топганимиз разолат бўлур эди. Ахлоқимизда таълим берилганидай, «Ёмон одамларга яхши муомала қилиш балонинг олдини олишдир».
Келинг, ҳозиргача қилган барча хато-камчиликларимиз, йўл қўйган ёмонликларимиз, одамларга қилган зулм-азиятларимизга тавба-тазарру қилиб, улар устидан катта чизиқ тортайлик-да, бугундан бошлаб янгича ҳаёт бошлайлик! Ҳамма билан бирдай яхши муносабат ўрнатишни, муроса санъатини эгаллашни, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришни ўрганайлик! Шунда ҳаётимиз файзли, турмушимиз мазали, кунларимиз мазмунли бўлади, ўзимиз эса икки дунё саодатини қўлга киритамиз!

Жуфтлар тўқнашуви

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл ва ҳоказо. Ҳатто яқин-яқингача олимлар томонидан бўлинмас деб ҳисоблаб келинган атом ҳам жуфтликка: нейтрон ва протонга ажралиши кашф этилди. Лекин ҳайратланарлиси бу эмас. Энг қизиғи, ана жуфтликларнинг бир-бирига зид, қарама-қарши, бир-бирига ўхшамаган ҳолатда яратилганидир. Иссиқ ва совуқ, аччиқ ва чучук, узун ва қисқа, чиройли ва хунук, мусбат ва манфий, ёруғлик ва қоронғулик, яхши ва ёмон, эзгулик ва ёвузлик каби ҳаммаси бир-бирига акс кўринишдадир. Улар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир.  Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади.

Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, қилиқларда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган.
Масалан, кўчада қийналиб турган бир бегона болани кўрса, аёлнинг дарров раҳми келиб, унга ёрдамга ошиқади. Эркак эса эътибор ҳам бермай, индамай йўлида давом этаверади. Ҳинд филмларини кўриб, аёллар ҳўнг-ҳўнг йиғлашган бўлса, эркаклар уларнинг бу қилиғига мийиғларида жилмайиб ўтиришган. Эркаклар гапнинг пўсткалласини, дангалини, ростини тан олишса, аёллар ёлғон-алдовлигини сезиб туришса ҳам ширин сўзнинг гадоси бўлишади. Бир хабарни эшитган эркак уни миясида таҳлил қилишни бошлаб, бир неча режаларни тузаётган бир пайтда аёл киши аллақачон ундан таъсирланиб, ёниб-ўчишга улгурган бўлади. Мутахассислар эркакларнинг мия билан, аёлларнинг ҳис-туйғу билан «фикрлашлари» ҳақида кўп ёзишган.
Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.
Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл-атвор (характер)ларнинг ўхшамаслиги, турли-туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава-жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Кўпинча қўйди-чиқдилар чоғида сабаб қилиб кўрсатиладиган «характерларнинг тўғри келмаслиги» аслида айб-хато эмас, балки турмуш ранг-баранглиги ва тотувлигини таъминловчи омил ҳамдир.
Ҳаёт тажрибаларидан маълумки, икки уйғун, мос феъл-атворли, бир хил касб ёки қизиқиш соҳибининг бир оилада тотув яшаб кетиши жуда қийин кечади. Аксинча, касби, хулқи, қизиқишлари турлича бўлган эр-хотинлар ҳаётда яхши муроса қилишади.
Донишмандлар бундай дейишади: «Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир».
Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, «Муҳаббат, бу – бу бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир».
Аксинча тез орада у ҳалокат чоҳи сари юз тута бошлайди. Бир олим айтганки, «Бахтли никоҳни синашнинг икки усули бор – бойлик ва қашшоқлик». Гоҳо оиладаги етишмовчиликлар ҳам, ҳаддан ташқари тўкин ҳаёт ҳам бараварига оила заволи бўлиши мумкин. Турмуш ташвишларига тайёр бўлмаган ёки уни инкор этганларнинг турмуши ширин ва тотув бўлиши мушкул. Москвада ўтказилган сўров чоғида янги оила қурганларнинг 36 фоизи турмушимиз рўзғор ташвишлари туфайли бузилиб кетди, деб жавоб қилган.
Ёш келин-куёвлар биринчи кунларданоқ бир-бирларининг феъл-атворларини яхши ўрганиб, кўнгил топишга, арзимас қусурлардан кўз юмишга, турмушнинг майда-чуйда икир-чикирлари туфайли оила бахтига дарз кеткизмасликка ҳаракат қилишмас экан, оилада фароғат, турмушларида ҳаловат бўлмайди. Ҳар икки томон ҳам оғир-вазмин бўлмаса, мулоҳаза билан иш тутмаса, аҳилликка путур етади.
Айниқса, эр-хотин ўз табиатидаги қусурлар жиловини қўйиб юборса, керилиш, ўжарлик, худбинлик, манманлик каби иллатларни йўқотмаса, луғатидан «бўлганим шу», «сендан қаерим кам», «ҳали сенга кўрсатиб қўяман» каби сўзларни чиқариб ташламаса, бу оилага ҳеч қачон тотувлик, бахт, муҳаббат қадам ранжида қилмайди.
Атоқли рус ёзувчиси Лев Толстой бундай деган: «Ўзаро муносабатларингизда охири бир-бирингизга бегона қилиб қўядиган қусурлар пайдо бўлиб қолишини эр ҳам, хотин ҳам кузатиб бориши керак. Бунинг учун эса энг аввало инсоннинг инсонга бўлган ҳурмати йўқолмаслиги керак».
Олим ва ёзувчи Юрий Андреевнинг «Бахтли бўл, ўғлим» асарида қуйидаги жумлалар келтирилган: «Мен саккиз йил давомида халқ судининг мажлисларида маслаҳатчи сифатида қатнашганман. Суд шуғулланган бошқа ишлар қаторида кўплаб қўйди-чиқдиларни ҳам кузатишга тўғри келди. Оиланинг бузилишига олиб келадиган асосий сабаблардан бири (балки энг асосий сабаб) шу эдики, эр-хотинлар оилавий турмуш масалаларида, умуман ҳаёт масаласида ҳайрон қоларли даражада саводсиз эдилар. Ҳеч ким уларни одоб-ахлоққа, бир-бирларига ўзаро ёрдамлашишга, бир-бирини кечира олишга ўргатмаган. Ҳолбуки, бу нарсалар оилавий ҳаётнинг асосини ташкил этади. Энг ачинарлиси шуки, улар қурган оила бошиданоқ умри қисқаликка маҳкум бўлган. Чунки улар никоҳдан ўтишлари биланоқ бир-бирларига рақиб сифатида муносабатда бўлишга, бир-бирларидан устун келишга, бир-биридан кўпроқ ўмаришга ва шеригини қийнашга интилишган. Бундан ҳам бемаънироқ, бундан ҳам ярамасроқ ишни топиш қийин». 
Севган кишингизга бироз ён бериш, жаҳли чиқиб турган ёки нимадандир изтиробга тушганида бир оғиз сўздан қолиш, оғир дамларда ширин гапириб, тасалли ва таскин бериш билан осмон узилиб тушмайди, мавқеингиз-обрўйингиз пасайиб қолмайди. Араб ёзувчиси Жуброн Халил Жуброн таърифича, «Севган аёл ҳамма нарсани кечиради, аммо ҳеч нарсани унутмайди».
Оилада кўпинча майда-чуйдалардан келиб чиқадиган машмашалар бора-бора кучайиб катта можароларга айланиб кетиши кузатилган. Аёлнинг бир оғиз қўпол сўзи ё ўзига тузукроқ қарамагани, эркакнинг оила ҳақида қайғурмаётгани ёки аёлига эътиборсизлиги меҳр-муҳаббатнинг сусайишига олиб келади. Франсуз ёзувчиси Анатол Франс айтганидай: «Севги оловга ўхшаган нарса, қараб турмасанг ўчиб қолади».
Олимларимиз ажралишга сабаб бўлувчи жуда кўп омил ва сабабларни тадқиқ қилишган. Эр-хотиннинг бир-бирларидан кўнгиллари қолиб, ажралишларига кўпинча феъл-атвор (характер)нинг «келишмай қолиши», янги оила шарт-шароитлари билан ҳисоблашмаслик, ота-она томонидан яхши тарбия берилмагани, келин-куёвнинг турмушига бошқаларнинг бўлар-бўлмасга аралашуви, эр ёки хотиннинг рўзғор тутишни билмаслиги, оилада ичкиликбоз ёки гиёҳванд кимсанинг борлиги, эр ёки хотиннинг тили заҳар, ўзи қўпол бефарқ, бемеҳр, турқи совуқ бўлиши, умр йўлдошини маълум манфаатни (насаби-обрўси улуғлиги, бойлиги, чиройини) кўзлаб танлангани, улардан бирининг хиёнати ёки бевафолиги каби омиллар сабаб бўлади.
Бир-бирига ўхшамаган, бошқа-бошқа йўсинда тарбия топган, ўзгача муҳитларда улғайган икки кишининг кўп йиллар мобайнида биргаликда яшаши, бир мақсад йўлида интилиши, бир-бири билан муроса қилиши уларнинг ҳис-туйғу ва феъл-атворларини қаттиқ синовдан ўтказади.
Тасаввур қилинг: зерикарли қиш оқшомларида болаларини ухлатиб, эр-хотин танҳо қолишди. Эр газета ўқишдан зерикди, хотин ҳозиргина севимли сериалини якунлаб, қаҳрамонларнинг қисматини унутиб улгургани йўқ. Мана шундай бир пайтда иккала томон ҳам ширин суҳбат қуришни, бир-бирларига меҳр, муҳаббат изҳор қилишни, фарзандлар келажаги ҳақида ширин орзулар суришни қўмсаб қолади. Ёки иккови ишхонасидаги янгиликлар билан ўртоқлашишни, дам олиш кунлари учун режалар тузишни истайди.
Лекин амалда иш бошқача тус олади: «Мен итдай чарчабман, жойимни солиб бер», дейди эр. «Мен ҳали идишларимни ювганим йўқ, ўзингизнинг ҳам қўлингиз бор-ку», деб жавоб қилади хотин. «Сан ўзи қачон бир иш буюрса хўп, дейдиган бўласан», зуғумга ўтади эр. «Ҳозир ҳамманинг ҳуқуқи тенг, ман сизга хизматкор эмасман» гап қайтаради хотин. Ўзаро таъна-маломатлар, «ҳуқуқ талашиш»лар бора-бора икковининг ҳаётларини заҳарга айлантиради. Латвиялик тадқиқотчилар эр-хотиннинг ўзаро суҳбати йигирма етти дақиқадан сўнг албатта можаро-жанжалга айланади, деб ҳисоблашганида нимани назарда тутишгани ҳаммага яхши аён бўлса керак.
Бундай пайтларда оддийгина муроса санъатининг етишмай қолиши, «мен сендан камманми» қабилидаги худбинларча обрў талашишлар иккала томонга ҳам яхшилик келтирмаслиги аниқ. Тарозининг бир палласи кўтарилганида иккинчи томони албатта пастлайди. Эр «ёна бошладими», унинг ўтини ўчириш учун аёли дарров сув тўла челагини кўтариб ҳаракатга тушиши керак. Хотинингизнинг юрагига қил айланмай, ҳеч нарсага тоқати етмай турибдими, сочларини силаб, икки оғиз ширин сўзингизни дариғ тутманг. Икковингизга тааллуқли дилхиралик ёки мусибат оилангизга сўроқсиз кирдими, бир-бирингизни юпатиб, сабрга чақириш билан уни унутиш йўлларини бирга ахтаринг. Ана шунда озорлар унут бўлади, ғамлар чекинади, мусибат-қайғулар ўрнини хуррамлик ва масъудлик эгаллайди.
Оилавий турмушни бежизга «умр савдоси» дейишмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурилсагина, ғирромлик ва алдов аралашмай ҳалол бўлсагина, иккала тарафга баравар фойда келтиради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади. Оила ҳаётида ҳам эр-хотин «ҳалол савдо» қилишсагина турмушлари файзли, ҳаётлари фароғатли кечади.
Аёл эридан уйда озода, соқоли олинган, чиройли кийиниб юришни талаб қилсаю, ўзи сочлари пахмайган, тўзиган халатда ва йиртиқ шиппакда юрса одобга тўғри келармикин? Ёки эр аёлининг хушмуомала, ширинсўз, ёқимтой бўлишини орзу қилсаю, аммо ўзи бақироқ, оғзи бепошна, беодоб бўлса, бу адолатданмикин?
Ҳозирги давримизда эр ҳам, хотин ҳам ишлайди. Эрлар ҳам, хотинлар ҳам ишларини, ишхонадаги фаолиятларини ҳаётларининг асосий мазмуни санашади. Бутун эътиборларини «кариера», яъни мартаба-малакаларини оширишга қаратишади. Бу йўлда илм олишади, изланишади, тажрибаларни ўрганишади, курашишади.
Лекин кўпчилик оила ҳаётига ишхонасидагичалик катта эътибор қилмайди. Айримлар наздида уй – бир меҳмонхона, оила – мажбуриятлар уюшмаси, эр – хонадоннинг «хўжалик мудири», аёл – ошпази ва кир ювувчиси, холос.
Ваҳоланки, асло бундай эмас. Халқимиз «эр-хотин – қўш ҳўкиз» деб бежизга айтмаган. Ўтмишда ер ҳайдайдиган омочни икки ҳўкиз тортган. Агар бири дангасалик, тихирлик қилса ёки бошқа томонга сургай бошласа, иккинчисига оғир келган, иш сифати бузилган ва натижада икковига ҳам деҳқоннинг қамчиси тушган.
Оилавий муносабат ва муҳаббат ҳам шундай: агар эр рўзғор ишларини, оила таъминотини аёли зиммасига юклаб қўйиб, ўзи эртадан-кечгача уйда телевизор кўриб ётса, ёки чойхонадан келмаса, бу оилада бахт, тотувлик деган тушунчалар анқонинг тухумига айланади. Ёки аксинча, аёл ишхонадаги ишни дўндирса, жамоат ишларида фаол бўлсаю аммо уйида ширинроқ таом тайёрлашни билмаса, уй тозаланмаса, болалар тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлса, бу аёл чинакам оила бекаси бўла олмайди. Иккала томон ҳам зиммасидаги вазифаларга масъулият билан қараб, омочни баравар тортишга ҳаракат қилмас экан, турмушлари ҳеч қачон кўнгилдагидек кечмайди.

Ихтилоф айбдорлари

Оиладаги тотувликка, оилани чинакам фароғат қасрига айлантиришга кўп ҳолларда қайнона ва келинлар ўртасида пайдо бўлиб қоладиган ихтилофлар, келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади. Икки ёшнинг, қолаверса катталарнинг ҳам турмушини оғуга айлантиради. 

Нега қайнона ва келин муаммоси минг йиллардан буён инсонларнинг бошини қотириб келади? Нима учун хилма-хил давлатлар, бутун-бутун халқлар бир-бири билан тил топишиб, аҳил яшаётган бир пайтда бир хонадондаги икки аёл ўзаро муроса қилолмайди, бири иккинчисининг ҳаётини заҳарлайди? Бу ихтилоф абадийми? Унинг не сабаблари, омиллари, сирлари бор? Ана шу ихтилофга барҳам бериб, муросага келиш мумкин эмасми?
Оддий кишилар ҳам, заковатли олимлар ҳам ҳали бу саволларга тўла жавоб топишганича йўқ. Бунинг сабаби – кўпчилик оила, никоҳ, эр-хотин муносабатлари, катталар ва кичиклар «ихтилофи» борасидаги исломий ҳақиқатлардан чекиниб кетган. Ахлоқ-одобдан «эскилик сарқити» деб воз кечиб юборилган. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилмай қўйилган.
Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.
Бир дўстим «Агар келини билан апоқ-чапоқ яшайдиган, уни ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсанг, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Бу гапга аввал унча эътибор бермаган эдим. Хорижий ўлкаларда, айниқса русларда қайноналар ҳақида кўпгина латифалар ва масхараомуз сўзлар юрганини эшитиб, яна ҳайрон бўлдим.
Аслида бу ҳам ҳолва экан. Хизмат тақозоси билан «қайнона-келин» мавзуида юзлаб кишилар билан гаплашишга, уларнинг турмуш тажрибаларини ўрганиб, тадқиқ қилишга тўғри келди. Натижалар дилга ғашлик солади: эмишки, оиладаги жанжалларнинг 60-70 фоизи қайнона «шўрлик»нинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишонгим келмаса-да, на илож, рақамлар  ўжар бўлади, дейишади.
Айтайлик, хонадонга янги келин келди. Уч кун ўтмаёқ у ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, оила аъзоларига ёқиш, икки ўртада эрини хурсанд қилиш учун субҳи содиқдан ярим тунгача тинмайди. Оғзидан «лаббай», «хўп бўлади», «кечирасиз» тушмайди. Қайнонасини «ойи-ойи»лаб, енгидан кириб ёқасидан чиқади, ўтқазгани жой тополмайди. Қайнсингиллари, қайнинилари ҳақида оғзидан бол томиб гапиради.
Лекин ўзини минг алфозга солмасин, айланиб-ўргилмасин, барибир қайнонасига ёқмайди. Унинг мулозаматини, тили ширинлигини кўриб қайнона бир ўқраяди: «Илоннинг ёғини ялаган, айёр-да!» Елиб-югуришини кўриб яна хуноби ошади: «Шапилламай ўл, бирам шошилиб уринадики, худди ёв қувгандай».
Хуллас, ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ, юрсаям – ёмон, турсаям – ёмон. Нима қилиш керак? Келин бечоранинг гуноҳи нима? Асло тушунолмайди. У ёқда эр бечора ҳайрон. У-бу деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз бир жувон ноҳақ зулм кўряпти.
… Тўйдан бир йил ўтмаёқ, ёш оила бузилиб кетди. Келиндан ноаҳиллик сабабини сўрашувди, анчагача сукут сақлаб турди-да, кейин секингина: «Эр-хотин яхши эдик. Аммо қайнонамлар билан муросамиз келмади», дея олди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Уйланганимнинг тўртинчи ойи эди. Онам бўлар-бўлмасга ҳаётимизга аралашиб, уни заҳарга айлантира бошладилар. Гарчи турмуш ўртоғимни севиб, ҳурмат қилсам-да, уни ҳимоя қилишга ўзимда журъат тополмадим. Ахир онага «сиз ноҳақсиз», деб қайси ўғил айта олади? Жанжал, бақир-чақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам, у кишини, десам, бу ёқда хотиним. Икки ўт орасида қолдим.
Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Хотинимнинг жавобини бериб юборишга тўғри келди. Уни севиб олгандим, ҳозир ҳам севаман, шунинг учун онам янги келин ҳақида гап очсалар, эшитгим ҳам келмайди. Дадамнинг йўқликлари жуда билиниб қолди, у киши ҳаёт бўлганларида балки онамга тушунтириб, йўлга солармидилар?»
Келин ўғилга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига фақат эри олдидаги бурчларгина юкланган. Шундай экан, эрнинг ота-онаси, ини-сингилларига хизмат қилиши келиннинг эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир, холос.  Шундай бўлгач, уни қул ўрнида кўриб рўзғорнинг ҳамма юкини елкасига ортиб қўйиш, барча оила аъзоларининг истак-хоҳишларини бажартиришга уриниш ёш жувонга зулмдан бошқа нарса эмас.
Ҳозирги пайтга келиб исломий қоидалар, ахлоқий тартиблар унут бўлаёзган хонадонларда келинга паст назар билан қараш, бўлар-бўлмасга хўрлаш, «хизматкор» сифатида унга рўзғорнинг барча оғир-енгил юмушларини қўш-қўллаб топшириб қўйиш ҳолларининг кўпайгани ҳам шундан.
Баъзи хонадонларда келинларни эрлари қолиб, турмушга чиқиб кетган соппа-соғ, тўрт мучаси бут қайнсингиллари хизматини қилишга, боласини боқишга, уйига келганида ҳатто овқатини тайёрлаб, кирини ювиб беришга мажбурлаш келинга нисбатан зулм ва бағритошликдан ўзгаси эмас. Бу ишда айниқса қайноналарнинг бемеҳрларча бош-қош бўлаётгани ачинарлидир.
Ёки бошқа бир оила бекасининг ҳасратларига қулоқ тутайлик: «Турмуш ўртоғим ўз роҳатлари, маишатлари билан бандлар. Туриб-туриб жаҳлим чиқади. Эркакларга қандай яхши! Улар эркин қуш, ҳеч ким билан ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ҳафтада  чойхонада қўлбола палов. Таниш-билишлариникида тўй бўлиб қолса, икки-уч кунлаб қолиб кетаверадилар. Ойига бир марта «гап» ўйнашади. Бундан ташқари тез-тез шаҳар четига чиқиб, бошқа шаҳарларга бориб «ҳаво алмаштириб» келадилар.
Оила-чи? Оила билан мутлақо ишлари йўқ. Нима бору нима йўқ, кимга нима керак – хаёлларига ҳам келмайди. Рўзғорга қарамайдилар. Мен ва болаларим ўзимизни ўзимиз боқишга мажбурмиз. Бир-икки бор қайнонамларга ҳасратимни очдим. Парво ҳам қилмадилар. Қайтанга аҳволимизнинг танглигидан ҳузур қилгандай эрмакладилар: «Қўяверинг, эркак киши-да! Дадангиз ҳам ёшликларида шунақа эдилар, уйга бирорта чўп кўтариб келмасдилар. Рўзғорнинг бутун ташвиши хотин бошимда менинг зиммамда эди. Аёл киши ҳамма нарсага чидаши керак. Бир кун ақли кириб қуюлиб қолар!»
Ўттиздан ўтган кап-катта киши қачон қуюларкинлар? Кун ора маст-аласт келиб ўринга таппа ташлайдилар, ҳатто болаларни эркалашга, улар билан гаплашишга ҳам тоқатлари йўқ. Масаланинг нима эканини тушуниб ҳам кўрмай, қайнонамнинг «аниқ маълумотлари» асосида кунда жанжал кўтарадилар, ноҳақ ҳақоратлайдилар. Баъзида калтаклайдилар. Тинчим йўқолиб, ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим».
Бу бир бечора аёлнинг газетага ёзган арзи-додлари. Унинг айби нима? Эрнинг, қайнонанинг зулмига «миқ» демай чидаганими? Қайнона нега ўғлининг хурмача қилиқларидан хижолат бўлмайди, келинига раҳм-шафқат кўрсатиб, тасалли бермайди? Ўғлини тергаш, яхши бўлишга ундаш ўрнига хотинини хўрлашга лоқайд томошабин бўлиб туради, ич-ичдан пинҳона ҳузурланади? Ахир оиланинг нафақаси, таъминоти эр учун мажбурий-ку!
Бу ҳолни оддийгина қилиб «маънавий қасос» деб аташ мумкин. Бу нимаси дерсиз? Афтидан шундай қайноналар янги келин бўлиб тушганларида ё золим эрларининг ёхуд тошбағир қайноналарининг жабр-ситамларини хўп тортишган. Хизмат ва ҳурмат эвазига улардан ҳақорат ва нафрат кўришган. Алам ва ситамларни чорасизликдан ичга ютишаверган. Юраклари зардобга тўлган, диллари хун бўзлаган. Аммо бирор кимса уларнинг ёнини олмаган, тасалли бермаган, кўнгил кўтармаган. Мана энди унинг ўзи қайнона бўлиб, янги келинга «ҳукмронлик» қилиш имконияти туғилганида ана шу алам ва армонлар «исён» кўтарган, ташқарига ёриб чиққан.
Бундай қайноналар ўғлининг хотинига қилаётган ширин муомаласини кўриб, ғазабидан кўкариб қолади: «Эримнинг қамчисидан қон томарди, келинлигимда бошимга не азобларни солмаган. Бу сўтак бўлса, хотинчасини еру кўкка ишонмайди, бошидан сув ўгириб ичади. Бунга йўл қўйиб бўпман, чучварани хом санабсанлар!»
Кейин келиннинг шинам, қулай ошхонада хотиржам уриниб юрганини кўриб яна алами ортади: «Таппи тутатиб, чойдиш қайнатиб роса қийналганмиз. Сувни уч чақирим наридан ташиб келардик. Булар бўлса, тайёр крандан сув олишга эринади, кир юв, десанг, қанча нозу фироқ. Ўлиб бўлдим, бу дангаса келиннинг дастидан».
Ҳасрат-надоматларнинг чеки йўқ. Гўёки қайнонанинг келинликда чеккан машаққатлари ва азобларига ана шу ҳали она сути оғзидан кетмаган келини айбдордай. Бундай қайноналар «Аллоҳ тақдиримни шундай яратган, шукр қилайин, ҳозирги ёшларнинг бахти бор экан, биз кўрмаган кунларни кўряпти», деб қисматига рози бўлмайди, тақдирига кўнмайди.
Она – табаррук, улуғ зот экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитибоқ ранглари ўчади, ғазабга минади? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас», деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нечун? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш  оналик фитратига мос тушармикан?

Аҳмад Муҳаммад

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ