1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Фарзандининг ҳаётини сипқораётганлар

Кечқурун ҳовлидаги шовқин-сурон, йиғи овозидан чўчиб деразадан пастга қарадим. Бир-бирини оғизга олиб бўлмайдиган гаплар билан ҳақорат қилаётган, важоҳатли эр-хотин оилавий жанжални кўчага «кўчиришган», оқшомги сайр учун кўчага чиққан қиз-жувонлар, болалар майдончасида ўйнаётган ёш-яланг, бола-бақра, хуллас, кўп қаватли уйлар ҳовлисида юрганларнинг бари подъезд олдидаги бу тўполоннинг лоқайд томошабинига айланишган...


– Эркак бўлиб оилангизни боқолмайсиз. Болалар оч-наҳор ухламасин, деб дўкондан қарзга тухум олиб келгандим. Сизда орият борми ўзи?! Ўзингизга ўхшаган бетайинлар билан ароқ ичиб келибсиз. Болам бировларнинг сомсасини сотиб топиб келган пулига ароқ ичгани қандай юзингиз чидади?! Виждонсиз! Ажрашаман! Умримнинг ўн уч йилини сизнинг одам бўлишингизни кутиб, ароқ ичмаслигингизга умид қилиб совурвордим-ку... Энди бу уйга қадам босманг! Уй мен билан болаларимники, сиз қаерга борсангиз бораверинг! Бугундан эътиборан бу уйда ҳақингиз ҳам, ўрнингиз ҳам йўқ!..

Хотиннинг овози бутун даҳага эшитилар, маст эр бўралаб сўкинар, хотинини урмоқчи бўлиб ҳезланарди. Ҳаммадан ҳам болаларнинг зор қақшаши юракни эзади. Улар бир оналарининг ёнига бориб, «Ойи, уришманглар, бўлди», деб ялинишар, бир оталарининг олдига бориб, «Адажон, бўлди сўкинманг, ҳамма устимиздан куляпти, ойимни урманг», деб йиғлашарди. Атрофдаги ҳамма томошабин! Истеҳзо билан кулган ким, ачиниб бош чайқаган ким... Бироздан кейин участка нозири, маҳалла вакиллари ва «домком» етиб келишди. Шунда ҳам эр-хотинни ҳадеганда тинчлантириб бўлмади. Шовқин-сурон, қий-чув, йиғи, бақир-чақир ҳақоратлар анчагача давом этди... Афсуски, бугун ичкилик касофати туфайли жанжалхонага айланган хонадонлар, бузилиб кетаётган оилалар сони оз эмас.

«Дадам яна ичиб келдилар...»
Болалигимизда ҳамқишлоқ қизчалар билан ҳар куни кечки пайт бироз ўйнардик. Келишилган пайтда, келишилган жойда ҳар куни бир вақтда кўришардик. Ҳар икки-уч кунда Азиза деган дугонамиз келмай қоларди. Эртаси куни нима учун кеча ўйнагани келмаганини сўрасак, у бечора кўзларини ерга қадаб, йиғламсираган кўйи: «Дадам яна ароқ ичиб келибдилар... Уйимизда жанжал бўлди. Дадам онамни урдилар, бизларни уришдилар... Онам роса йиғладилар. Уларни ташлаб келолмадим», дерди. Ўша пайтда биз саккиз-тўққиз яшар қизчалар болаларча беғубор тассаввур ва дунёқараш билан ароқдан, уни ичадиганлардан нафратланардик. Бора-бора ўйинларимизга Азиза келмай қўйса, «Дадаси яна ичиб келган, онасини урган, Азиза йиғлаётган онасининг ёнида ўтирибди», деб қўядиган ва эртасига ўртоғимизни кўрганда ўйнагани келмаганининг боисини сўрамайдиган бўлгандик. Улғайганимиз сари ўша дугонамизнинг ичадиган эркакларга, ароққа бўлган нафрати зўрайгандан зўрайиб, жиззаки, сержаҳл бўлиб қолди. Бора-бора «дадам ичиб келдилар», деб изтироб билан эмас, отасига нисбатан нафрат ва ғазаб билан гапирадиган бўлди... Ўша дугонамни ўйласам, уйдаги уриш-жанжаллар, ароқхўр отанинг бақир-чақири, файз-бараканинг кўтарилгани болаларнинг эрта улғайишига, улғайганда ҳам бемеҳр, оқибатсиз ва қаҳри қаттиқ бўлиб ўсишига сабаб бўлишига иқрор бўламан.
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, уйда деярли ҳар куни жанжал, болаларга тарбия бериши, уларга феъл-атвори, фазилатлари билан ўрнак кўрсатиши керак бўлган ота ичиб, оёқда туролмайдиган аҳволда маст бўлиб келади, она бўлса эрдан меҳр-муҳаббат кўрмай, нафосату назокатдан олислаб кетаяпти. Бола шўрлик қачон қарасангиз отасининг ҳақоратларию онасининг қарғишларини, уларнинг ҳаётдан, ўз тақдирларидан нолишларини эшитади. Она дод солган, ота ўз бошига муштлаган, бола бечора икки орада сарсону дилхун... Хўш, бундай оилада туғилиб ўсган бола келажакда жамиятда қандай ўрин топади? Бу ахлоқий таназзул оқибатини ўзингиз яхши тассаввур этиб тургандирсиз...

Қадаҳ чўқиштираётган ота-ўғиллар
Икки йилча аввал бир ҳамкасб дўстимиз тўсатдан вафот этди. Йигирма етти ёшида! Яратганнинг хоҳиш-иродаси шу экан, дўстимизнинг умри қисқа экан, вафот этди. Аммо юракдаги оғриқ бошқа нарсадан.

Ҳамкасбимизнинг отаси обрўли, ўзига яраша нуфузи бор киши эди. Худо мартабалар бериб, обрўю давлат бериб сийлаган амакимиз сўнгги вақтларда ичкиликка ўлгудай ружу қўйган эканлар. Энг ачинарлиси, ўша одамнинг ҳамкасб дўстимиздан бошқа яна уч ўғиллари бўлиб, ўғиллар ҳам ҳеч тортинмай, уялмай оталари билан қадаҳ чўқиштириб, ароқ ичаверишар экан. Хуллас, ўша куни ҳаммалари оилавий дам олиш учун дала қўйнига чиқишган. Ота-болалар бирга-бирга қадаҳ кўтаришган. Бир томонда саратон жазирамасидан, бир томонда ароқ таъсиридан оловда ёнган дўстимиз чўмилишни хоҳлаб қолади. Мастликда ақл, эс-ҳуш одамни тарк этиши тайин, дўстимиз дарахтга чиқиб, ҳовузга тепадан калла ташлаган... Қаттиқ жароҳат олгани туфайли олти ойча тўшакка михланган кўйи ётди. Ҳар сафар уни кўргани борганимизда, тоғдай йигитнинг бир тутам бўлиб ётганини кўриб, юрак-бағримиз ўртанарди. Дўстимиз минг бир азоблардан сўнг омонатини топширди. Ўшанда унинг ёшгина бева қолган аёли ўксиниб-ўксиниб йиғлаганча:

– Ҳеч замонда ота-ўғил ҳам бирга ароқ ичадими?! Отаси ичма, деб йўлдан қайтариб койимаса, мен хотин бўлиб нимани ҳам эплардим?! Энди отаси борларга мунғайиб қарайдиган невараларининг кўзига қайси юз билан қарар экан бу ота?! Эрим яхши йигит эди, ота бўлиб тўғри йўлга бошлаганида, бир-икки марта ичганида, болам, ароқ ичма, мен қилган хатоларни такрорлама, обрўйингдан айриласан, файз-баракангдан мосуво бўласан, деб қайта-қайта уқтирганида, эрим йўлдан қайтарди. Навжувонгина ўлиб ҳам кетмасди, – деганди.

Шахсан ўзим ҳам қадаҳ чўқиштириб бирга ароқ ичаётган ота-ўғилларни кўп кўрганман. Ота дегани ўғлидан истиҳола қилмайди, ўғил дегани отадан хижолат тортмайди. Худди фавқуллодда бир каромат кўрсатаётгандек, кўкракларини тоғ қилиб қадаҳ уриштиришади. Ёнгиналарида эса набиралар ўтирибди – қадаҳ чўқиштираётган оталари ва боболарига ҳавас билан термилиб...

Қишлоқ аёллари ҳам ичишяпти
Бир пайтлари умумий овқатланиш муассасалари, ресторанлар, қаҳвахоналарда аёлларнинг «гап» бериши ниҳоятда ғайритабиий ҳол кўринган ва албатта аёллар унақанги жойларда бемалол ўтириб кўнгилхушлик қилишмас, овоз пардаларини бир неча баробар кўтариб қаҳқаҳа отишмас, спиртли ичимликлар ичиб, уйга маст ҳолда қайтишмасди. Мен узоқ ўтмиш ҳақида эмас, беш-олти йил аввалги давр ҳақида гапиряпман.

Аммо ҳозир шаҳар жойларида урф бўлган шунақа ҳолатлар – емакхоналарда нишонланаётган гап-гаштагу, турли маросимлар, уларда «ариқ қилиб оқизилаётган» спиртли ичимликларни ичиб, маст бўлиб ўйин-кулги қилаётган аёллар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Гап қишлоқ жойларидаги тўй-томошаларда эркаклар билан баб-баравар қадаҳ кўтараётган аёллар ҳақида. Ўзингизга маълум, ўзбек қишлоқлари ҳақида гап кетганда кўз ўнгимизда энг аввало одоб-ахлоқли, оқибатли, андиша ва миллийликнинг асл ўзагини сақлаб қолган одамлар гавдаланади. Қишлоқларда ўн беш-йигирма километр узоқликда яшайдиганлар ҳам бир-бирларини яхши танийдилар, тўй-издиҳомларда бирга бўладилар. Бир қишлоқнинг одамлари-ку бир-бирларига деярли қариндош бўлиб кетишган, бегонаси йўқ. Қишлоққа хос яна бир хусусият шуки, бу ерда ҳеч бир гап пинҳон қолмайди. Ҳов, бир бурчакда «тиқ» этган товуш эшитилса, одамлар қаерда, нима гап бўлаётганини дарров аниқлаб олишади, ҳамма нарсадан хабардор туришади. Лекин ҳозир ана шу қишлоқларда ҳам аёлларнинг дунёқараши ўзгаргани яхшигина сезилмоқда. Ишонаверинг, энди қишлоқ аёллари ҳам спиртли ичимликларни ичишяпти. Ва камига қилмишлари ҳақида тўлқинланиб мақтаниб ҳам қўйишяпти... Жуда хунук, жуда оғриқли ҳолат. Аёл маст ҳолда жилпанглаб ўйинга тушса, ён-атрофдагиларга кўзини сузиб, қилган «мард»лигидан ғурурланса...

Ароқхўр келинчак
Бундан беш-олти йил аввал пойтахтга кела туриб, автобусда бир йигит билан ҳамроҳ бўлиб қолгандим. Гап айланиб йигитнинг пойтахтга иш излаб келаётганига тақалди. Мутахассислиги муҳандислик экан. Бу соҳада ўзимизнинг вилоятда ҳам иш топиш мумкинлигини гапиргандим, йигит оғир хўрсиниб, Тошкентга йўл олишининг тарихини гапириб берган эди. Айтишича, бобосининг қистови туфайли узоқ бир қариндошларининг қизига уйланган экан. Йигит мактабда ва олий ўқув юртида рус гуруҳида таҳсил олган, лекин дастлабки учрашувлардаёқ қизнинг ўта очиқ кийиниши, ўзбекча гаплашишдан қочиб, русча мулоқотни афзал билиши ўзига маъқул келмаган. Бироқ катталарнинг раъйини қайтармаслик учун ҳам шу қизга уйланган. Тўйдан кейин келинчакнинг антиқа одатлари бирма-бир намоён бўлаверибди. Яъни янги келинчак ишдан қайтганида оғзидан гупиллаб ароқ ҳиди келар, уйдагиларнинг ҳайратомуз саволларига: «Ишхонамизга текширувчилар келди, дастурхон қилгандик, улар билан бирга ичмасам, айб бўлар (!)», ёки «Яқин дугонамнинг туғилган куни эди, нишонладик», деб изоҳ берар экан. Ўзидан ўтганни ўзи билиб юрган куёв билан қайнона-қайнота пировардида келинчакнинг «ҳунар»ларидан даҳшатга туша бошлайдилар. Негаки, энди чўнтаклардан пуллар йўқолиб қолар, келин бола ҳар куни ширакайф, ҳатто қаттиқ маст ҳолда уйга кириб келадиган бўлибди. Келинни бу йўлдан қайтариш учун пулларни яширишган экан, ароқхўр келин уйда сотилиши мумкин бўлган нарсаларга ҳужум уюштирибди. Қисқаси, келинчакнинг ота-онасини чақиртириб, жавобини беришибди. Йигит боёқиш «Орига чидолмаяпман, «анавининг хотини алкаш эди» деб, одамларнинг қўлини бигиз қилиб кўрсатишидан хижолат тортяпман», деганди пойтахтга келишининг сабабини изоҳлай туриб...

«Анави киши мастликдан қалтираб қолган қўллари билан стакандан нима ичаётганини биласизми? У хотини ва болаларининг кўз ёши, қони ва ҳаётини сипқоряпти», деган эди француз адиби Ф.Ламенне. Ичувчи эркаклар келтираётган маънавий зарарга даво тополмай турган бир пайтимизда аёлларимизнинг ҳам ичкиликка берилиши ўта аянчли ҳолат эмасми? Она ўз болаларининг кўз ёши, қони, ҳаётини сипқорса-я!..

Бу иллатнинг илдизига болта урмасак, оқибати жуда аянчли бўлади, юртдош.

Умида АЗИЗ

Келиннинг номини яхшилик билан чиқаринг

Азал-азалдан ўзбек халқи оилага муқаддас тушунча сифатида қараб, уни четдан келадиган гап-сўз, назарлардан пана қилиш, асраб-авайлашга ҳаракат қилинган.  Чиндан ҳам оила  ҳар бир хонадоннинг ўзига хос қўрғони, давлати. Ҳар бир давлатнинг Конституцияси, қонунлари бўлганидек, ҳар бир оиланинг ҳам фақат ўзига хос бўлган қонуни, ўша хонадон аъзолари амал қилиши керак бўлган тартиб- қоидалари мавжуд.  Шу билан бирга, ҳар бир хонадон соҳибининг  рўзғор тутимию, оилавий масалалардаги тажрибаси ҳар хил. Айниқса,  турмушнинг майда икир-чикирлари; қайнона-келин, эр-хотин, қайнсингил- келин, қуда-андачилик ва шунга ўхшаш ҳолатларда ҳар ким ўз дунёқараши ва оилавий муҳитидан келиб чиқиб йўл тутади.  Биз шу мавзуда шаҳримизнинг ибратли хонадон соҳибаларидан бири фахрий ўқитувчи Дилбар ая Умарова билан суҳбатлашдик. Суҳбатдошимиз умр йўлдошлари фалсафа фанлари доктори, профессор Эркин Умаров билан эллик йилдан ошиқ вақтдан бери турмуш йўлларининг тошли-тизиқли сўқмоқлари бўйлаб бирга умргузронлик қилмоқдалар. 

Ая билан келинлик пайтларидан  то ҳозирга қадар умр йўлларидаги излар ҳақида суҳбатлашдик.
—    Институтнинг  учинчи курсида ўқиётган пайтимда узатилганман,- деб хотираларини бошладилар Дилбар ая Умарова.- Ўзига тўқ хонадондан кўп болали, ўрта ҳол оилага келин бўлиб тушдим. Қайнонам раҳматли жуда яхши аёл эдилар, жойлари жаннатда бўлсин. Ҳеч қачон менга қайноналик қилиб қаттиқ гап қилмаганлар, дилимни оғритадиган иш қилмаганлар. Иш буюрмасдилар, ўқишдалигимда ҳатто киймларимни ювиб дазмоллаб, овқатларгача қилиб қўярдилар. Қиз боланинг феъл-атвори онасига қараб андозаланса, келинлик, қайноналик сирларини қайнонасидан ўрганар экан. Хуллас, қайнонам раҳматлининг рўзғор тутумларини кўриб, қайноналик илмини ўрганганман, қизим. Ааваломбор келин бир ниҳолдай гап. Ўзингиз ўйланг, ёш кўчатни опкелиб ўтқазсангизу, уни парвариш қилмасангиз, қандай қилиб ниҳолнинг дарахт бўлишинию мева беришини кутасиз? Худди шундай, келин ҳам ўзга боғдан кўчириб келинган ниҳол. Унга ҳам парвариш, меҳр керак.  Одам боласи беайб бўлмайди, болам.  Домлангиз билан  тўрт ўғил, уч қизни тарбиялаб, вояга етказдик. Аллоҳга шукр, етти фарзандимиз ҳам олий маълумотли, касбу корли бўлиб етишишди. Тўнғич келинимни  ўн саккиз ёшида туширганмиз. Ҳозир айримлар келин излашга тушса дарров ишни  қариндош – уруғиникига бош суқишдан бошлайди. Бу маъқул иш эмас- ҳам тиббий жиҳатдан мақсадга номувофиқ, ҳам инсоний алоқаларга путур етиши мумкин. Шу сабабли таниш-билишларнинг хонадонидаги қизларни кўздан кечириб, келинимни танлаганмиз.
—    Келин танлашда нимага  кўпроқ аҳамият қаратгансиз?- деб сўраймиз аядан.
—    Келин танлаётганимда асосий эътиборни қиз боланинг ташқи кўриниши ё ота-онасининг мол-давлатига эмас, у тарбияланган хонадон муҳитига қаратганмиз. Имкони қадар зиёли, андишали, илм қадрини биладиган, ўзаро ҳурмат-иззатли, аҳил хонадоннинг қизларини танлашга ҳаракат қилганмиз. Боя айтганимдек, тўнғич келиним хонадонимиз аъзосига айланганларида эндигина ўн саккиз баҳорни қаршилаган, беғуборгина қизалоқ эдилар. Айбга буюриш эмас, ҳатто оддий сабзи тўғрашни билмасдилар. Дам олиш кунлари кирларимизни ювиб-чайиб келинимга тутқазардим. Келиним дорга кир ёйса қўни-қўшнилар, “Дилбархоннинг келини икки дор кир ёйди-я, роса чаққон экан” деб ҳавас қиларкан. Хуллас айтмоқчиманки, келин фарзандингиз орқасидан келган фарзанд, аввало унинг номини яхшилик билан чиқарадиган қайнона ҳисобланади. Ўз оилангиздан яхши гаплар чиқиши, хонадонингиздаги меҳр-муҳаббат ва аҳилликка бошқалар ҳавас қилиши учун аввало, сиз- қайнона ҳаракат қилишингиз керак. Гап-гаштак, қўни-қўшнининг даврасида бир-икки марта келиннинг пазандалиги, чаққонлигию, эпчиллигини гапирсангиз бўлди, олам гулистон. Бу гаплар орқаваротдан қудангиз ва келинчакнинг қулоғига етса-ку, ғалаба сизники! Келин ҳам сизга ёқиш, хайрли ёлғонингизни ростга чиқариш учун тиришади.
—    Қайнона-келин муносабатларида куёв яъни ўғилнинг ўрни хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
—    Ўғил икки томоннинг ҳам ҳимоячиси бўлиши керак.  Умуман олганда мустақил, ўз фикрига эга, хотинини ҳимоя қила оладиган, шу билан бирга онасини ҳам қадрлай оладиган бўлиши керак. Қайнона ўғлига хотининг ундоқ, хотининг бундоқ деб гинахонлик қилганида, куёвлик мартабасидаги ўғил адолатли равишда қайнона-келин орасида туғилаётган низони бартараф этиши, икки томонга ҳам ётиғида, вазиятни юмшатиш йўли билан тушунтириши яхши натижа беради.
—    Аяжон, айни пайтда арзимаган дилхираликлар, моддиюнга берилишлар, тоғораю саватлар важидан қудачилик оқибатларига путур етаётгандек, назаримда. Халқимизда “Қудачилик – минг йилчилик” деган нақл бор...- деймиз Дилбар ая Умарованинг суҳбатларини жон қулоғимиз билан эшитарканмиз.
—    Ҳақ гапни гапирдингиз, қизим,- дейдилар ая куюнчаклик билан.- Ҳозир баъзи одамлар ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолди-да. Қудаларнинг қадр қиймати, нуфузию оқибати тоғора-саватлар тўла йўқлов билан белгиланадиган бўлиб қолди. Аллоҳга шукр, қудаларим билан иноқмиз. Шу пайтга довур, бирорта келинимга “бор ота-онангни чақириб кел” демаганман.  Қизидан хато ё камчилик ўтган бўлса, бояқиш ота-онада нима айб?! Уларнинг айби қиз фарзандни дунёга келтириб, боқиб, ўстириб, бирор ҳунарли, касбу корлик қилиб бир хонадонга тайёр хизматкор қилиб юборганими?! Йўқ, келиндан ўтган камчиликни фақат унинг ўзи билан бартараф этиш керак, ҳаттоки  унинг эри-ўғил ҳам бундан хабар топмаслиги даркор. Токи орага совуқчилик тушмасин.
—    Хабарингиз бор, Юртбошимиз томонидан жорий йил “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган. Дарҳақиқат, оила мустаҳкам, бахтли ва фаровон бўлса, кўнгил хотиржам бўлади. Ахир, инсоннинг чин бахти унинг оиласи билан белгиланади-да. Аммо бугунга келиб, ёшларимиз орасида оилага  нисбатан эътиборсизлик, бефарқлик билан қараш кўзга ташланяпти.  Оқибати пароканда бўлаётган оилалар, тирик етим бўлиб қолаётган болалар...
—    Нимасини айтасиз?! Буларнинг ҳаммаси сабрсизлик, маънавий дунёнинг қашшоқлашиб бораётганидан. Учта- тўртта бола билан ажралиш ҳеч нима бўлмай қоляпти. Уят йўқ, андиша йўқ. Сабабини сўрасангиз, арзимаган нарсаларни важ қилиб кўрсатишади. “Эрим пул топмайди”, “Эримда кўнглим йўқ” ва ҳаттоки “Бошқасини ёқтириб қолдим” деган шармисорона иқрорларни ҳам эшитасиз. Нима ҳам дердик, болам, ҳаммага Ўзи инсофу тавфиқ берсин.  Оиланинг муқаддаслигини, аёл кишига фақат эр уйидагина бахт топиш тақдир қилинган. Бошқачасига бахтли бўлолмайди аёл. Карьера қилиб ҳам, бозорга чиқиб миллардлаб даромад топиб ҳам, дунё-дунё давлат йиғиб, тақинчоғу тиллага кўмилиб ҳам бахт тополмайди аёл. Қизалоқларимизга худди шу ҳақиқатни улар жуда ёшлигидан бошлаб уқтиришимиз керак. Шояд, шунда улар оиланинг муқаддас эканини чуқурроқ англаб етишса.
—    Аяжон, мазмунли ва ибратли суҳбатингиз учун ташаккур. Илоҳим, яна узоқ йиллар домламиз билан пиру бадавлатликда умгузаронлик қилиш, фарзандлар ва невара-эваралар камолидан хушбахт юриш саодати сизларни тарк этмасин. Соғ-саломат бўлинг.

Баҳор ТУРСУНЗОДА тайёрлади

Замонавий “горио ота”лар ёхуд болаликнинг муддати қанча?

Биз тилга олмоқчи бўлган мавзу кимлар учундир муҳокама қилишга ҳам арзимасдек туюлиши мумкин. Тўғри-да, ота-она фарзанди камоли йўлида яшар экан, унинг учун ҳеч нарсани аямайди. Айтганини муҳайё қилади. Улар учун фарзандининг бахтидан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Бу каби фидойи оталарнинг борлиги албатта яхши. 

АММО... ана шу биргина сўз дунёда ҳамиша тараққиётнинг янги босқичларини очиб бергандек... “Ҳаммаси яхшию, аммо...”
Тўғри, биз ота-оналарни ҳам яхши тушунамиз. Лекин, фарзандлар ҳам уларга муносиб бўлишлари керак эмасми? Орамизда шундай ёшларимиз ҳам борки, ота-онасининг ҳаловатидан ўзларининг бемаъни ҳою-истакларини устун қўйишади. Қарз эвазига бўлса ҳам ўғли ёки қизининг қимматбаҳо либоси учун пул топиб берадиган, йиллар давомида бели майишиб улар учун уйлар қурадиган, туйларига ўзлари истаганча машина, фалон-фалон санъаткорларни олиб келадиган ота-оналар камми. Кўра-била туриб баъзи фарзандлар бундан заррача оғринмайди. Аксинча, яна бошқа камчиликларини пеш қилаверишади.

“ОТАЛИК КАСАЛИ”ГА ЧАЛИНГАНЛАР
Эҳтимол, Бальзакнинг “Горио ота” романини ўқигандирсиз. Ундаги асар қаҳрамони – бечора Горио ота қизларининг бахтли ва шоду-хуррам яшаши учун, уларнинг кибор давраларда виқор билан юришлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Ўзи қотган нон еса ҳам, доим қизларига ҳамма нарсанинг яхшисини илинарди. Охир-оқибатда бор бойлигидан ажралиб, азоб-уқубатлар ичида ўлиб кетади. Қизлари эса ҳатто оталарининг ўлимига ҳам келмайди.
Бир вақтлар Горио ота асарда айтилганидек, “оталик касали”га чалинган эди.

ИМКОН БОРИЧА ФОЙДАЛАНИШ — ЭНГ ОСОНИ...МИ?
Тўғри, фарзанд борки, ота-онасига суянади. Бошига бирор ташвиш тушиб қолса, биринчи навбатда улардан мадад кутади. Озгина қийналса отасига югуради, руҳан сиқилса онасига йиғлайди. Елкасидаги бор ташвишни осонгина уларнинг елкасига ўтказиб қўйишади. Хуллас, имкон борича улардан “фойдаланиб қолиш”га ҳаракат қилади. Нега шундайлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Койинишларимиз бежиз эмас. Кўпчилик балоғат ёшидан ўтган йигит-қизлар ота-онасининг кўмагисиз ҳеч нарса қила олмайди, мустақил тарзда иш юритиш қўлларидан келмайди ёки тўғрироғи, ўзлари буни ҳоҳлашмайди. Бу албатта, ҳали ҳам ўз йўлини топишга қийналаётган, бирор бир касб-корнинг этагидан тутмаган боқиманда ёшларга қарата айтилаётган аччиқ, лекин, ҳақ гаплар. Бу ёшларимиз аллақачон бировнинг кўмагисиз ҳам мустақил иш қила оладиган ёшга етган, аммо, фақат ота-онасининг қўлига қараб қолиши яқинлашиб келаётган мағлубиятларидан дарак бермайдими?

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ
Баъзида ҳаётда ногиронларнинг ишлаб, жон койитиб юрганларини эшитиб, кўриб ҳайрон қоламиз. Яқинларимга малол келмайин, деб ҳаракат қилаётган шу яримжон хаста вужуднинг ҳам ўз тирикчилиги учун ҳаракати, интилиши бор.
Мавзу юзасидан баъзи ота-оналар билан суҳбатда бўлганимизда, аксарияти “ўз боламиз учун қиламиз-да” дейишдан нарига ўтишмади. Балки, фарзандларининг камчигини тан олишни, балки ўз хизматларини пеш қилишни ҳоҳлашмади.
Салим Ҳайитов, 3 фарзанднинг отаси:
-Тўғри, баъзида болаларимизнинг айтганини олиб беришга  қурбимиз етмайди. Барибир, уларнинг кўнглига қараймиз. Ўзлари ота бўлганда бизни тушунишар деймиз.
Фарҳод Авазов, 5 фарзанднинг отаси:
-Мен ҳозирги ёшларни ўзимнинг ёшлигим билан  солиштириб ўртада жуда катта фарқни билдим. Уларнинг олдида биз анча ночор эканмиз. Ҳозир ишлаб, пул топаман деган одам учун жуда яхши шароитлар яратилган. Тил биладиган, компьютер техникасини биладиган ёшларимиз кўп. Жилла қурса, ўқишдан сўнг газета, китоб тарқатиб кун ўтказса ҳам бўлади. Тўғри, ёшларимиз орасида доим ота-онасини ташвишга қўядиган, дангасалари ҳам бор. Лекин, ўз иқтидорлари билан улкан ютуқларга эришаётган ёшларимизнинг хизматларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак.
Санжар Муродов, талаба:
-Мен ота-онамга оғирлигим тушишини ҳоҳламайман. Мактабни битирганимга 4 йил бўлди. 3 йил ўқишга киролмадим. Афсуски, ҳунар ўрганмаган эканман. Лекин, уйда ҳам бекор ўтиришни истамадим. Шу йилларда автомобилларни ювиш шахобчасида ишлаб юрдим. Баъзида танишларим кўриб қолишидан уялардим. Менинг ҳам улар каби яйраб юргим келарди-ю, бунинг охирини ўйлаб, ёмон иш қилмаяпман-ку, деб ўзимни енгардим. Ниҳоят ўқишга ҳам кирдим. Ҳозир ҳам дарслардан сўнг ишлайман.
Халқаро тажрибалардан

ХИТОЙНИНГ “ЭРКА” БОЛАЛАРИ
Фарзандини эркалашда ҳеч қайси миллат ота-оналари хитойликларга етмаса керак. Улар қонунан фақат битта фарзанд кўришлари мумкин бўлгани учун доим боласи атрофида парвона бўлади. Истаган нарсасини муҳайё қилади. Лекин, шунга қарамай, ўсиб келаётган ўғил-қизига: бир кун келиб сен ҳам ўз боланг учун мана шундай шароитни яратиб беришинг, бунинг учун ҳозирданоқ ҳаракат қилиб, илмли бўлишинг шарт, деб уқтирадилар. Шу боис Хитой ёшлари ҳар қанча эрка бўлмасин, бирор касб-корни эгаллашга, ўзларини ўзлари таъминлашга бор кучларини сарфлайдилар.

СЎНГГИ СЎЗ

Аввало, кимнингдир оғриган ерини тирнаган бўлсак, минг бор узр сўраймиз. “Оталик касали”га чалинган оталаримиз, “болалик касали”дан ҳануз қутула олмаётган ёшларимиз яна бир бор келажакда содир бўлиши муқаррар бўлган мағлубиятлар аламини ғойибона бўлса-да юракдан ҳис қилсалар фақат ўзлари учун фойдадан холи бўлмаслигини эслатиб ўтдик холос.

Сарвар Сафаров тайёрлади

Никоҳдан олдинги тиббий кўрик шартми?

Никоҳланувчи шахслар соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 17-моддасидан.
Халқимизнинг удумларига кўра, совчиликка борилганда йигит-қизнинг етти пушти сўраб-суриштирилган. Яъни, унинг соғ-саломатлиги, муомаласи, юриш-туриши-ю одоб-ахлоқи, қариндош-уруғларида бирор хил ирсий хасталик бор-йўілиги обдон сўраб-суриштирилган.  Буюк Амир Темур ҳам келин танлашда ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, бу ҳаіида ўзларининг машҳур “Темур тузуклари” рисолаларида шундай деганлар: “... бўлажак келиннинг насл насабига ва сиҳатига аҳамият бердим”. Соғлом келин дегани соғлом авлод, бақувват ва етук зурриёт деганики, буюк бобомизнинг фикрига кўра қудратли салтанат учун булар ғоят зарур ҳисобланган.
Бугунимизга келиб бу удумлар бироз заифлашиб қолгани ҳисобига,  баъзи оилалар келин тушираётганда ёки қиз узатаётганда панд емоқдалар. Негаки, йигит ёки қизнинг таг-туги, насл-насабию саломатлиги, оила қуришга нечоғли тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишларнинг ҳашамдор ҳовлисию қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб катта ишни бошлаган замондошларимиз вақти келиб оғизлари куйгач, аттанг қилиб қолишяпти. 

ТАҚДИРИНГИЗГА БЕФАРҚ БЎЛМАНГ!

Бугунга қадар матбуот ва оммавий ахборот воситаларида никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрик ҳақида кўп гапирилган ва ҳануз гапириляпти. Кўпчилик бу масалага жиддий ёндашяпти ҳам.  Бироқ ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараб, топган-тутганига, орзу-ҳавасларига энг асосийси фарзанди тақдирига куйиб қолаётганлар ҳам учраб турибди. Биз шу ва шунга ўхшаш саволларимизга жавоб олиш учун соҳа мутахассислари билан суҳбат уюштирдик.  
Мақолада кўтарилган мавзу юзасидан Тошкент шаҳар 2-сонли Шодлик никоҳ уйи мудираси Гўзалхон Усмонова куюнчаклик билан шундай деди:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан  ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига мувофиқ бўлғуси келин-куёвлар психик (шизофрения, эпилепсия, олигофрения), наркологик, таносил касалликлари, сил ва ОИВ, ОИТС хасталиклари юзасидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад — ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш.   Президентимиз  Айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига, тақдирига бефарқлиги юрагимни зирқиратади. Масалан,  фаолиятимиз жараёнида шундай ҳолатлар бўладики, унда никоҳни расман қайд этишга виждонимиз йўл бермайди. Лекин шундай пайтларда баъзи калтабин ота-оналарнинг фикрига қарши боролмай қоламиз. Шундай ҳолат яқинда ҳам рўй берди. Тиббий кўрик натижалари куёвда эпилепсия (тутқаноқ) хасталиги борлигини, йигит туғилганидан бери шу хасталик билан рўйхатда туришини кўрсатиб турибди. Биз қиз ва йигитнинг ота-онасини чақиртириб, вазиятни тушунтиргандик, келин томон пинагини ҳам бузмади. “Тўй бўлаверади, банкетлар зали банд этилган, меҳмонларга таклифномалар тарқатилган, сеплар ёйилиб, куёв уйлари безатилган, энди тўй қолдирилди, дейманми?! Одамлар қизим ҳақида нима деб ўйлашади?” дейишди ота-она. Қиз ҳам ўша йигитга турмушга чиқаман деб туриб олди. Икки томон ўз хоҳиши билан никоҳланишни истаётган пайтда, никоҳни расмий қайд этмасликка бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бунга ўхшаган ҳолатларга дуч келганимда ўз фарзандини кўра била туриб чоҳга итараётган ота-оналардан қаттиқ хафа бўламан. Ахир ҳашамдор маросимлар залида дабдабали тўй қилиш, хорижнинг қимматбаҳо мебеллари билан уй безатиб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғиш фарзандини бахтли қилолмаслигини қачон англаб етар экан фуқароларимиз? 
Аллақачон шаръий никоҳ билан оила қуришган, етти-саккиз ой яшаб қўйишган, келин ҳомиладор, эрта-индин кўзи ёрийди, чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиши керак бўлгани учун ҳам никоҳини расмий іайд этиш учун ариза беришади. Бундай ҳолатда ҳам биз албатта тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма берамиз. Ачинарли томони шундаки, аксарият ҳолларда келин-куёвларда низомда кўрсатилган хасталиклар мавжудлиги аниқланади. Бу вазиятда келин ёки куёв учун орқага йўл йўқ. Келин ҳомиладор, отаси ёки онасида кузатилган касаллик ҳомилага таъсир кўрсатмай қолмайди. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун биз Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. 
Ҳозирги кунда ёшлар тўй оқшомида никоҳ гувоҳномасини қабул қилишлари одат тусига кирган. Шу сабабли биз  ёшлар тиббий кўрикдан ўтгач, натижалар билан таништирамиз ва уларга шаръий никоҳ ўқитиш учун махсус маълумотнома берамиз. Маҳаллаларнинг имом-хатиблари никоҳланувчи ёшларнинг никоҳ гувоҳномаси ёки тиббий кўрикдан ўтганлиги, никоҳи расмий қайд этилганини далолат этувчи махсус маълумотномани кўриб, ишонч ҳосил іилгач шаръий никоҳни ўқишлари тавсия этилади. 
Орамизда ҳар хил тоифадаги одамлар бор. Бу гапларни гапириш нақадар оғир бўлмасин, айтиб ўтишликни жоиз деб билдим. Авваллари ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, виждонини жиғилдонга айлантирган айрим шифокорлар тиббий кўрик натижаларини кўр-кўрона, ёлғон-яшиқ тўлдириб беришлари касрида қанчадан қанча оилалар парокандаликка учраб,  не-не қизу йигитларнинг бахти барбод бўлмади, дейсиз. Қиз узатган ота-оналар остонамизга қайғу билан келибоқ: “Куёв касал экан, яширишган экан, энди қизимизни у билан яшаттирмаймиз” деб, ўғил уйлантирганлар: “Келин касалманд экан, бизни алдаб дардманд қизларини тиқиштиришибди”, деб келган пайтлари ҳам бўлган. Бундай ҳолатларнинг рўй бермаслиги учун никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказиш  учун махсус поликлиникаларга йўлланма билан юборилади. Тиббий маълумотномада никоҳдан аввалги тиббий кўрик учун масъул бўлган шифокорнинг имзоси ва муҳри бўлиши шарт. Агар маълумотномада бошқа шифокорнинг имзоси кўрсатилган бўлса бундай ҳолатда соҳа ходимлари томонидан тиббий маълумотнома ҳақиқий деб ҳисобланмайди ва қабул қилинмайди.
Имкониятдан фойдаланган ҳолда фуқароларимиз, янги ҳаёт остонасида турган ёшларимизга мурожаат этиб айтмоқчиманки, ҳеч қачон ўз ҳаётингизга, тақдирингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтиш, ўз соғлиғингиз ва бўлажак жуфтингизнинг соғлигидан бохабар бўлишингиз билан сиз келгусида соғлом оила барпо этиш билан, жамиятимизга соғлом, бақувват ва баркамол авлодни етиштириб берасиз. Унутманг, оила аъзоларининг соғломлиги — мустаҳкам оиланинг асосини ташкил этади. Мустаҳкам оила дегани эса, бекам бахт, фаровон турмуш ва келажаги порлоқ фарзандлар деганидир.   

ҲАММАСИ БИЗ УЧУН ФОЙДА

Бу хусусда ёш келин-куёвларимизнинг фикри эса қуйидагича:
Дилноза ва Абдулазиз Абдукаримовлар: 
— Турмуш қурганимизга уч ой бўлди. Тўйдан аввал Никоҳ уйи ходимлари тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма беришганида жуда хурсанд бўлганман, — дейди келин. — Ҳукуматимиз биз учун, мустаҳкам ва соғлом оила қуриб бахтли бўлишимиз учун қайғуриб, шунчалик шароитларни яратиб қўйгани ёш оилаларнинг давлат ҳимоясида эканига ишора. Тиббий кўрик, йўлланма, муолажалар бепул. Айримлар икки-уч кунлик тиббий кўрикдан ўтиш фурсатини гўёки катта вақт йўқотишдек малол оладилар. Фаросатли одам мулоҳаза қиладики, бу қулайликнинг фойдаси кимга? Соғлом инсон билан соғлом оила қуриш, хотиржамликдан умргузаронлик қилиб,  соғлом фарзандларнинг ота-онаси бўлишликдан энг аввало кимга наф? Янги ҳаёт остонасида турган тенгдошларимизга никоҳдан олдинги тиббий кўрикка панжа орасидан қарамасликларини маслаҳат берган бўлардик.

НАТИЖАЛАР МАХФИЙЛИГИ КАФОЛАТЛАНГАН

Гулбаҳор Кулматова, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори: 
— Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад — оилада   соІлом муҳитни шакллантириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болаларнинг туғилишининг олдини олишдан иборат. Фуқаролигидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ идоралари томонидан рўйхатга ўтказиладиган барча фуқаролар Оила Кодексига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Ёшларнинг бири ёки икковида ҳам касаллик аниқланган ҳолатда уларнинг текшириш натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангач никоҳ қайд этилади. Шунингдек,  тиббий кўрикни ўтказган шифокор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради. Никоҳни қайд этувчи ходимлар тиббий кўрик натижаларининг махфийлиги учун жавобгар ҳисобланади. Башарти никоҳини қайд этиш учун мурожаат этган фуқароларда касаллик аниіланган бўлсаю, ФҲДЁ ходимлари ўзларига маълум бўлган шифокорлик сирларини ошкор этганликда айбдор топилса, іонунда назарда тутилган ҳолатда айбдор деб топиладилар.

ЙИГИТДА ОИТС  АНИҚЛАНДИ...

Муҳаббат Қосимова, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани: 
— Никоҳдан аввалги тиббий кўрик ёшлар учун берилган яхши имконият. Аммо одамларнинг ўзида ҳам салгина диёнат бўлгани яхши-да. Ана шундай виждонсизларнинг касрига гулдай қизимнинг тўйи тўхтатилиб, кўнгли чўкиб қолди. Совчилар бир келиб қизимни кўришди-ю, “Берсангиз ҳам, бермасангиз ҳам шу қизни келин қиламиз”, деб оёқ тираб олишди. Йигит биринчи кўришида қизимни ёқтириб, иккинчи учрашувда қимматбаҳо совғалар берибди. Унаштирувдан кейин негадир қуда томон тўйни тезлаштиришга тушишди. Биз бунга рози бўлмай, ёшлар аввал никоҳини расмий қайд этишини, ҳаммаси рисоладигидек бўлишини айтгандик, ноилож кўнишди. Тиббий кўрик натижалари йигитда ОИТС касаллиги борлигини дарак берди. Биз тўйни тўхтатдик.  Маълум бўлишича, йигитнинг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам бундан хабардор бўлган, бизни гўл деб ўйлаб, қизимизни бахтига чанг солмоқчи бўлишган экан. Тўғри, бир шўришдан асрагани учун Аллоҳга шукр қиламан, лекин гулдай қизимнинг фотиҳаси бузилганидан ўкинаман. Эшитган-билганларнинг ўнтасидан саккизтаси йигитнинг касал эканига ишонса, иккитаси қизимдан шубҳаланади-да... Боласида шундай касалликлар борлигини билган ота-оналар қизи бор эшикни тақилатмасалар яхши бўлармиди...

ТИББИЙ КЎРИК КЕРАКСИЗ МАШМАША ЭМАС!

Мавзу юзасидан пойтахтимиздаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфутдинов дейдиларки: 
— Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас келишув ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.
Оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилгани давлатнинг олий ғамхўрлигидан биридир. Никоҳдан олдинги тиббий кўрик айримлар ўйлаганидай “кераксиз машмаша” ёки пул бериб маълумотнома олувчилар фикрлаганидек уддабуролик ечими ҳам эмас. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг туғма касалмандлигини ёхуд бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиҳёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фаіат фойдаси бор. 
Ислом таълимоти инсонларга фақат яхшиликни истайди ва уларнинг бир-бирларига озор бермасликлари тарафдори ҳисобланади. Шундай экан фарзандингизни уйли-жойли қилишдан аввал уларнинг соғлиги нечоғли эканига эътиборли бўлинг. Зеро сизнинг эътиборсизлигингиз оқибатида унаштирув, фотиҳа тўйи ва ҳоказо тадбирлардан сўнг никоҳдан олдинги тиббий кўрик натижаларининг хунуклиги сабабидан тўй тўхтатилса, ҳам кимнингдир шаънига доғ тушиши мумкин ва ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилиши мумкин. Ҳар иккала ҳолат ҳам Аллоҳ таоло наздида мақбул иш эмас. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим нохушликларнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳ ўқувчи домла-имомларга аввало никоҳни расмий қайд этганликни далолат этувчи гувоҳномани кўриб, ишонч ҳосил қилганларидан кейингина ёшларни никоҳлаб қўйишлари уқтирилган.
Элимизда ажойиб  бир одат бор. Дуолари аввалида  хотиржамлик сўрайди. Аслида ҳам

ҲАҚИҚИЙ БАХТ— ХОТИРЖАМЛИКДА!


Тан жони соғ, фарзандлари соғлом одамнинг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга эса орзу-ҳавас, тўй-ҳашам, шодлигу қувонч ярашади. Бунинг учун ҳам инсондан эътибор ва ўз тақдирига масъуллик талаб қилинади. Демак, бахтли бўлиш унча ҳам мушкул эмас, гап бизга инъом этилган бахтни қадрлай билиш ва уни ушлаб қолишда. Нима дедингиз?

Баҳор Турсунзода

“Замонавий” шармисорлик

Анчадан бери кўрмаган танишимни учратиб қолдим. Суҳбат мобайнида опанинг нега бунчалик ташвишли ва ғамгинлиги сабабини сўрашга истиҳола қилиб тургандим, танишимнинг ўзи хижолатлик билан сўз бошлади:

—    Дунёнинг ташвишлари ҳам қурсин, синглим, одам ҳеч беғам юрмас экан. Ўғлим ўқишини тамомлагач, уйлантирайлик, энди бошини иккита қилиб жуфти билан қовуштирайлик, деган ўйда яхши кунлар ҳаракатини бошладик. Секингина ўғлимнинг кўнглига қўл солиб кўрсам, ёқтирган қизи йўқлигини билиб олдим. Шу заҳоти қаерда яхши қиз бор экан, деб дараклай бошладим. Уёқ-буёқдан ўқитувчи, ҳамшира, талаба, чевар қизларнинг манзилини беришди. Изладим, танладим, текширдим. Хуллас нима бўлди, нима қўйди бир қўшнимнинг шаҳарнинг нариги чеккасида яшайдиган синглиси қизи билан меҳмонга келган экан, ҳалиги қўшним, синглим билан қуда тутининглар, қизини келин қилсангиз афсусланмайсиз, деб ҳали уёғимдан, ҳали буёғимдан ўтиб совчиликни бошлаб юборди. Ўғлим билан қизни учраштирдик. Болалигидан айтган гапимни икки қилмайдиган ўғлим, қиз ҳақидаги саволимга «сиз нима десангиз, шу. Сизга ёққан бўлса майли, бўлмаса ўзингиз биласиз» деб қўя қолди. Шундан кейин қариндош-уруғ бир бўлиб патир ушатиш билан кичик фотиҳани бир қилиб ўтказадиган бўлдик. Қиз томон икки энлик қилиб сарф-харажатларни ёзиб юборибди. Майли, биринчи ўғлимни уйлаяпман, орзу-ҳавасларда шу кунга етишяпман, деб уларнинг айтганидан-да зиёда қилиб бўлғуси келинчакка кийимликлар, дастурхонга нозу неъматлар қилдим. Унаштирувни бадастир қилиб ўтказиб юбордик. Тўй ҳаракатида елиб югуриб юрган кунларимизда бирдан ўғлим эшикдан кайфиятсиз кириб келди. Боламни ҳеч қачон бунчалик абгор кўрмагандим. Кўкариб-гезариб ёнимга келди-да, «Ойижон, фотиҳани тўхтатамиз. У қизга уйланмайман. Мени кечиринг, ойижон» деб қолди. Тош қотиб қолдим. Бу бола эсини еб қўйганми?! Ахир фотиҳа Худонинг розилиги-ку! Одам деган ҳам шунчалик енгилтак бўладими?! Қизлар ҳаёти ўйинчоқми, бугун унаштирилиб, фотиҳаланиб эртага ташлаб кетилаверса?! Шу бепарво, бетаъсир йигит менинг ўғлимми?! Болам бу аччиқ саволларимга бошини эгган куйи, «ойижон, мени кечиринг, сиз билан дадамнинг меҳнатларига, минг машаққат билан топаётган пулларингизга юрагим ачийди. Қолаверса, энг асосийси менинг ғурурим, шаъним, оиламиз обрўси ҳақида гап кетяпти… Биласизми, учрашганимизда  қизнинг кўзларида алланечук, покиза, беғубор қизларган хос бўлмаган қувликни кўриб кўнглим хижилланганди. Бугун кўришганимизда бироз муғомбирлик қилиб уни гапга солдим ва… бокира эмаслигини билиб олдим. Буни ўз тили билан айтди. Айтишича, уч-тўрт йил аввал бир йигит билан севишиб юрган эмиш, ўшанда иффатидан айрилиб қолган экан. Яна тап тортмай, ҳозир бунинг аҳамияти бўлмай қолди-ку, ҳозир ҳамма нарса европалашиб кетяпти,  муҳими бахтли яшаш, унақанги майда-чуйда нарсаларга эътибор бериш эскилик сарқити, маданиятсизлик, деяпти. Ойижон, нима қилсангиз қилинг, фақат мени у беордан халос этинг. Бошимда қилич яланғочлаб турсангизлар ҳам у қизга уйланмайман.»  Фотиҳани қайтардик. Аммо йўлиққан одамларимиз шунақанги тубан кимсалар эканки, келинга аталган сарпо-суруқларни ҳам қайтаришмади. Боз устига, биздан шикоят қилиб, маҳалла идорасига боришибди, кўчамизга келиб  қизнинг онаси шаллаққилик  қилиб биз билан уришди. Тавба қилдим, синглим, бу қандай ҳол бўлди?! Мусулмон оилада туғилиб ўсган ўзбек қизининг бу қилмишини, яна нопоклигини замонавийликка, маданиятлиликка йўйиб, без бўлиб тураверса, бу қайси мантиққа тўғри келади?! Менимча, қизининг номуссизлигини ота-онаси ҳам яхши билишади. Шунинг учун ҳам биз билан талашиб-тортишиб юришибдими, деган хаёлга ҳам бораман-да…
Бу не шармандалик?! Аввал сочлар эркакча кесилди. Шўрлик эркаклар чидашди. Сўнг ёппасига кийим-кечакларини кесиб ташлаб, ҳамма ёқларини очиб олишди. Шўрпешона эркаклар бу шармандаликка кўникишди. «Кўникмай қаерга ҳам борардинг?! Ахир замон шуни талаб қиляпти, рўдаподай кийиниб, мўлтонига ўхшаб юрамизми?!» деб аёллар камига  бечора эркакларнинг ғурурига ҳам тегишдан чўчишмади. Сўнг тирноқларни узун-узун ўстириб, бармоқлар орасига сигарета қистириб олиб чекишни, боз устига истеъмоли эркакларга-да ор саналган шайтон сувини ичиб, базм қилмоқликни ўрганишди. Энди эса, бир гала беномуслар иффатсизликни, шармисорликни замонавийлик белгиси деб, ўша аянчли ҳолларида ўзларини маданиятли ҳисоблашаётган эканлар. Аллоҳ бу ҳолга тушганларнинг, ўз шармисорлигини муваффақият деб билгувчиларнинг тўзимини берсин, уларга ҳақ йўлни ўзи кўрсатсин. Зеро, ҳаёсизда номус бўлмайди, беномусда ҳаё! Ҳаё инсон юзини бир тарк эса, бошқа ҳеч қачон қайтмаслиги муқаррар. Зотан, буюклар айтмишларки, ҳаё ва ор — бир-бирига яқин нарса бўлади. Улардан бири киши феълини тарк этса, иккинчиси ҳам қочади. Аксинча, бирови кўтарилса, кейингиси ҳам юксалади.
Демак, юқорида мен ҳикоясини мисол келтирган аёлга дуч келган қиздан ҳам аввал ҳаё қочиб, сўнг оридан айрилганлиги далолат бўлиб турибди.
Яна бир шунга ўхшаш воқеани таҳририятга қўнғироқ қилган йигит айтиб берганди. Унинг айтганларига кўра, иш юзасидан ўз шаҳридан олисроқ бир вилоятда яшашига тўғри келган экан. Иймони суст, диёнати заиф йигит ишхонаси жойлашган ҳудудда яшайдиган ғўр, содда ҳали турмуш қуриш ёшига ҳам тўла етмаган қизнинг номусини топтайди. Қизнинг ота-онаси йигитни тинч қўйишмагани учун, қилмишидан тонишни мақсад қилган йигит, ноилож қизалоқни никоҳига олади. Ва бу гап жамоаси қулоғига етиб, ишидан ҳам, амалидан ҳам мосуво бўлади. Алдовию зўравонлиги қурбони бўлган қизалоқ йигитнинг юртига келиб жуда кўп хўрликлар кўради. Қайнонанинг зулми, қайнопаларнинг тазйиқи ҳолдан тойдирса-да, юртига юзиқора бўлиб қайтишдан чўчиб, машаққатларга сабр қилиб яшашга уринади. Аммо бир куни ароқ ичиб маст ҳолда уйга келган эр, ёшгина хотинни таҳқирлаб, «сен менга номуносибсан, бугундан уч талоқсан, талоқ қўйдим сени», деб ҳайқиради. На келин, на хотин бўлиб орзу-ҳавас кўрмаган ўн етти яшар жувон лаш-лушини кўтариб юртига кетиб қолади. Орадан бир-ики йил муддат ўтиб, йигитнинг онаси ўғил уйлантириш тарадудига тушиб қолишади. Эл кўзига ўзини, ёш ва уқувсиз келиндан куйган қилиб кўрсатган она, фақат ўқиш ва иш сабабидан ёши ўтиб, турмушга чиқолмай қолган, халқона таъбирда айтганда, ўтириб қолган қизларга совчи бўлиб чиқар экан. Вақти келиб шундайлар орасидан келинликка номзод танланибди. Қиз тиббиёт институтини тамомлаган, ўттиз ёшлар атрофида экан. Йигит томон оғзи қулоғида бўлиб тўй ҳаракатини бошлашибди. Келин бўлмиш, мен олий маълумотлиман, ўттизга бориб қолдим, орзу ҳавасларим ҳам ўшанга яраша бўлади, деб сарпою-суруқнинг андак-мундайини назарларига илмабдилар. Ҳатто у кишимнинг бир неча соатга кийиладиган келин кўйлагининг олти юз мингга ижарага олиб кийганларини эшитиб, халойиқнинг ҳайратдан оғзи қийшайиб қолади. Хулласи калом, ниқоҳ тўйи билан боғлиқ барча расм-русумлар поёнига етиб, келин-куёв гўшангага киргач, маълум бир вақт ўтиб йигит пешонасига муштлаб чиқади. Сабаб: у бокира, покиза ва ахлоқли деб сарф-харажат қилиб, уйлангани бокира қиз эмас, бева хотин чиқибди. Келин либосидаги шайтондан бу разолат боисини сўрасалар, куёвга сурбетларча тикилиб:«Ахир сиз аввал бир қизга уйлангансиз-ку! Агар бокира қиз бўлганимда сизга тегармидим?! Қолаверса, ўша нарса нимани ҳал қилиб берарди, келин қиз бола бўлдию нима қиз бўлмаса нима?!» деб бақириб берган экан. Йигит бир навниҳол гўдак қизнинг ҳаётини, номусини, бахтини поймол этгани учун тез фурсат ичида беномус хотин билан жазоланганига ақли етибди… аммо жуда кеч. Бунинг устига йигитнинг айтишига қараганда, беномус чиққан келинчакнинг жавобини бериб юбориб, эл-юрт олдида шарманда бўлиш ва тўйга сарфланган харажатларга куйиб қолишдан қўрқиб, ўша хотин билан яшаяпти экан. Қилмишига пушаймонлигини, хотинида, оиласида кўнгли йўқлигини айтиб ўкинган йигитга нима дейишни билмадим, тўғриси. Негаки, у таскин бериб, қилмишини оқлаш мумкин бўлган ишга қўл урмаган эди. Зеро, Расули Акрам (с.а.в) «Аллоҳ қиёмат кунида раҳмат назари билан қарамайдиган тоифалардан бири аёллари беномус эканлигини била туриб, улар билан яшовчи эркаклар» - дея марҳамат этганлар.
Бу икки ҳолатни ўзимча мулоҳаза этарканман, ўйга толаман, нега, нима учун шарқона одобу ахлоқ тамойилларига асосланиб фарзанд тарбиялайдиган ўзбек оилаларида бу каби иллатлар, иснодлар шармандалик тусидан чиқиб, маданиятлилик, замонавийлик рутбасига кирди экан? Нега энди маънавиятли, маърифатли, ориятли элнинг болалари аллақаёқдаги ғариб маданият эгалари бўлган ғарбликларга тақлид қилишса?! Уларга интилиб, шармисорликдан, беорликдан ғурур туйишса?!
Ўйлаганим сари юрагим совуқ увишади. Ҳатто хаёлларимдан ҳам хижолат тортаман. Аммо мен билан сиз уялганимиз, хижолат тортганимиз билан бошқалар уни ривожланиш маҳсули деб билишяпти. Фаҳшни фахр билишяпти. Аллақаёқлардаги шилта сериаллар, зиною фаҳшни тарғиб этувчи наҳс босган филмлар ёшлар онгида ана шундай зарарли ва заҳарли фикрларни уйғотмоқдаки, бу маънавий-ахлоқий таназзул ишораси оқибатидан Аллоҳнинг ўзи асрасин, деб илтижо қиламиз!

Рухшона Фаррух

Йиғлаётган номус

Ён қўшним ёлғиз аёл кичкинагина қизчаси билан уч хонали уйда зерикиб қолгани учун маклер — уй олди-сотдиси ва ижарага бериш билан шуғулланувчи кишига икки-учта оғир-вазмин, диёнатли, сипо талаба ёки абитуриент қизлардан ижара турадиганлар топиб беришини айтган экан. Кеча зарур бир юмуш билан қўшни аёлникига чиқсам, маклер жувон иккита ўн саккиз-ўн тўққиз яшар қизларни олиб келган экан. Уй эгаси қизларга ажратилган хонани кўрсатди.Уйининг шарт-шароитини, қизларга қўядиган талабини билдирди. Қизчаларнинг кўзи эса «олма теради». Содда, шаҳар ҳаётининг ўзига хос машаққатини музқаймоқ ейишу хиёбонларда мазза қилиб айланиш, фавворалардан осмону фалакларни кўзлаб сачраётган томчилардан завқланишни тушунган қизалоқлар бир маклерга, бир ҳалиги ижарачи аёлга мўлтираб, «бизга иш топиб беринг, ҳали иш топиб улгурганимизча йўқ эди. Автобусдан тушган заҳотимиз сумкамизни кесиб, пулларимизни ўғирлаб кетишибди. Ёнимизда озгина пулимиз бор эди. Ижара ҳақини кейинроқ тўласак бўладими?» деб сўрашди. Тўғриси қизчаларга раҳмим келди. Ҳалигилардан аввал шоша-пиша:

 Вой, яхши иш бўлмабди-ку! Ишқилиб, бу ерларга келганингизни ота- онангиз билишадими?- деб сўрадим. Қизлар тасдиқ жавобини беришди. Уларга истеҳзо билан чимирилган маклер аёл эса, «Бизда бунақа баҳонаи боислар ўтмайди. Биласизми ойимқиз, менинг ҳақим ижара ҳақининг эллик фоизи бўлади.» деди. Қизлар бир-бирига саволчан термулишди. Мен ишим битгани учун қўшни аёлникида кўп қолмай, чиқиб кетдим. Юқоридаги манзарадан шунчалик мутаассир бўлдим-ки, уззукун хаёлим кўзгусидан эндигина балоғат остонасидан ҳатлаб ўтиб, дунёни рангин тасвирларда кўраётган беғубор, содда қишлоқ қизлари кетмади. Ё, тавба, дедим ўз-ўзимга, бу қанақаси бўлди?! Ҳали ўзини ҳимоя қилолмайдиган, шаҳарнинг шафқатсиз қонун-қоидаларини англаб етмаган қизларни каттакон шаҳарга ёлғиз жўнатган, қўполроқ қилиб айтганда, пул топиб кел, деб кўчага чиқариб юборган қанақа ота-она экан улар?! Худо кўрсатмасин, қизлар бирор диёнатсиз, инсофсиз одамнинг қўлига тушиб қолишса нима бўлади?! Ахир, айтиб бўладими, халқда бурнинг бўлмаса, чап кўзинг ўнг кўзингни чўқишга уринади, деган гап бор. Тўғри, халқимиз иймонли, Худодан қўрқадиган, оқибатли эл. Аммо азизларим, бир нарсани унутмаслигимиз керакки, пул учун, моддий манфаат учун ўз биродарини ёт одамларга сотиб юбораётган, элининг ор номусини ўйламай, аёлларни, қизларни хорижий кимсаларга шаҳвоний мақсадлар хизматига даъват қилаётган ёинки, туғилиб ўсган, нон -туз еган юртига қарши қайраш учун турли оқимларга, жиноий тўдаларга ёшларни тортаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Балки, гапларим сизга ортиқча ваҳимага ўхшаб туюлар, Тошкентга иш излаб борган бўлса, шунга шунча дийдиёми, деб ғашингиз келаётган бўлса ҳам ажабланмайман. Бир ҳисобда ҳақдирсиз ҳам. (Лекин, кечириб қўясиз, мен бу борада сизни ҳақ деёлмайман!) Доно элимиз, мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмас, дейишади. (Бироқ, мусофир бўлмай туриб ҳам мусулмон бўлганлар орамизда анчагина, а лаббай?) Агар дунёқарашим панд бермаса, юқоридаги нақлда келтирилган «мусулмон» сўзи, кенг маънода тилга олинган бўлиб, мусофирчилик азобини кўрган одам оқил, фаросатли, қийинчиликларга бардош берадиган, ўз бошига ёққан қорни ўзи курай олишга қурбияти етадиган киши бўлишига сифат берилиб айтилган бўлиши керак. Майли, мақоллар халқнинг кўрган кечирганлари, бошидан ўтказганлари ёхуд эшитганлари асосида вужудга келади. Буни ҳам инкор этгимиз йўқ. Аммо, мусофирчиликда пишар экан, деб остонасида совчилар тизилиб турган боши очиқ, бунинг устига ҳали ҳаёт машаққатларига хом, ғўр бўлган қизалоқларни катта шаҳарга қўйиб юбориш мантиққа тўғри келармикин?! Яна кўзлари жавдираб турган ўша қизчаларни эслайман. «Тикувчимиз, кўйлаклар, ёстиқ кўрпа-тўшаклар тикамиз, дастурхонларни безаймиз, илтимос бизларга иш топиб беринглар. Пазандачилик ҳам қўлимиздан келади. Турли хил ширинликларни тайёрлай оламиз…» Э, воҳ, бефаросат она, ақли йўқ ота, дейман ичимда оғриниб, қизингни қўлидан шунча юмуш келар экан, уйингда шарт-шароит қилиб берсанг, ўзингга ҳам, ўзига ҳам қанча наф келтиради. Бола туққанларнинг ҳаммаси ҳам она, бола туғдирганларнинг ҳаммаси ҳам ота бўлолмас экан-да. Ўзимча ўйлаб бу ҳолатни таҳлил қилдим; демак, пойтахтга нон истаб келиб, ёмонларга, нокасларга йўлиқиб, номусидан, келажаги, бахтидан бутун умрга айрилган қизларнинг аччиқ қисматига асосан ота-онаси айбдор экан-да!? Ахир, ёшгина қиз, ҳали ҳаётда ёмонликлар, нохушликлар ҳам учрашини, бир яхшилик ортида минг бир разиллик ўрмалашини, ҳар қадамда эҳтиёткор бўлмаса, (айниқса шаҳарда!) ўзига қийин бўлишини умуман тушуниб етмаган бўлса, дуч келган одамдан яхшилик кутиб, тўғри келганга ишониб кетаверса панд еб қолишини, панд-ки, Худо кўрсатмасин, пировардида бутун умр оҳ чекиб яшашга мажбур бўлиши эҳтимолини ўйлайдиган дунёқараши бўлмаса, унга ота-она деганлар тўғри йўл кўрсатмоғи керак-ку, тўғрими?! Йўқ, муҳтарам муштарий мени авф этсинлар, аммо нима бўлганда ҳам ўн тўққиз яшар қизини ёлғиз катта шаҳарга юборган ота-онани ҳеч тўғри тушунгим келмаяпти.

Бундан анча йиллар аввал бир таҳририятда ишлаб юрган кезларимда, ўзи асли қашқадарёлик бўлган, айни пайтда тақдир тақозоси билан пойтахтда яшаётган жувон қўнғироқ қилди. «Сиздан илтимос, менинг ҳаётимни газетага ёзиб чиқаринг. Бу билан ҳам мен енгил тортаман, ҳам ота-оналарнинг кўзи очилади, ҳам айрим нокас, виждонсиз эркакларнинг мудроқ диёнати туртилиб кетади, деб умид қиламан,- деди аёл, йиғламсираб.- Мактабни тамомлаган йилим ҳужжат кўтариб Тошкентга келдим. Ниятим ўқиш, яхши бир касбни эгаллаб, яхши яшаш, қишлоқнинг чангу тупроғидан нарироқ бўлиш эди. Аммо мақсад деганларига осонгина эришмас экан одам. Талаба бўлиш менга насиб этмади. Шу билан бирга уйга қайтгим ҳам келмади. Қишлоқда мени пахта даласи, қўй-қўзи, сигир- бузоқ кутаётган эди. Мен эса Тошкентга осуда ҳаётни истаб келганман. Шу ерда қолиб ишлайдиган бўлдим. Дўконма дўкон, қаҳвахонама қаҳвахона изғиб бир жойдан иш топдим. Ўша пайтда унча аҳамият бермаган эканман, ақлим киргач билсам, мен қаҳвахона, деб ишга кирган жойим бир гала безорига хизмат кўрсатадиган пиво-бар экан…» Аёлнинг ҳасратидаги ҳисса ўша пиво бардаги иши туфали ҳаёти барбод бўлиб, бир нокаснинг чангалига тушиб қолади. Номуси, келажагига иснод соя ташлаган қиз қишлоққа қайтишни ор билиб, овқатланиш муассасаларида хизматчи бўлиб юраверади. Алал-оқибат, ўша қаҳвахоналардаги мижозларининг «меҳрибон»чилиги билан фарзандли ҳам бўлиб олади!.. Энди қайсидир «саховатпеша» мижози олиб берган бир хонали уйда валади зино (қўпол атама учун узр) боласи билан яшаб юрган экан. Ёши ўтиб, ҳаёт аччиқ-чучугини тотиб, кўп адашиб, тойиб, тайрилиб ҳаёт ҳақиқатини англаб етганидан сўнг, шаҳарда иш истаб, қишлоқнинг қора меҳнатидан қочишга урингани, қисқа қилиб айтганда биргина хатоси пировард оқибатда катта-катта хатоларга, наинки хато, ҳаттоки гуноҳларга ҳам доялик қилганини тушуниб қолибди. Аммо энди бу нарсаларни тушунган билан бирор нима ўзгарармиди?! Вақтни ортга қайтариб бўлмаса. У хатоларни ислоҳ қилиб бўлмаса… Илло-билло, аёл нима демоқчи, денг? «Ўша пайтларда мен ёш эдим, ҳавойи ҳисларга иштиёқманд, қизиқувчан эдим, енгил ҳаёт истаб катта шаҳарни орзу қилганимда, нега ота-онам, мени йўлдан нега қайтаришмади? Нега ҳамма жойнинг ўзига яраша тошу тарозиси бўлишини, мен ям-яшил майса хаёл қилиб қип-қизил чўққа оёқ босаётганимни тушунтиришмади?! Ота-онанинг вазифаси, боласини хавфдан хабардор этиш, яхши- ёмондан огоҳ этиш эмасми?!» дейди сўқир кўзлар очилган адашган аёл. Тўхтанг, тўхтанг, энди ота-онаси айбдор бўлибдими, ўша пайтларда йўлдан қайтаришга уринган бўлса, унамагандир, гапига кирмагандир, деб эътироз билдиришга шошилманг. Ўн етти яшар қизнинг ақли нимага етади?! Ўзингизни ўша ёшдаги ҳолатингизни бир эслаб кўринг-а, дунёни фақат оппоқ-ойдин кўрмасмидингиз?! Сизга кулиб қараганни дўст, ширин сўзни муҳаббат деб билмасмидингиз?! Қолаверса, одам боласи хомсут эмган, қонида шайтон оқиб турадиган махлуқ. Қирқ-эллик, боринг-ки олтмиш ёшида алданиб, йўлдан адашиб қолганлар қанчаю, ўн етти яшар она сути ҳиди оғзидан кетмаган қизчанинг адашиши, қўрасидан қочиб бўрининг уяси олдида ўйнаб юрган қўзичоқнинг қурбон бўлишидай гап-да!

Яна ижара уй қидириб келган қизчаларни эслайман. Қўлида уч-тўрт минг сўм пули билан бояқишлар қаёққа кетади?! Кимларга йўлиқиб, қандай кун кечиради?! Айтганча, уларни қўшнимникига бошлаб келган маклер аёл ўша атрофдаги қаҳвахоналардан бирига хизматчи кераклигини, кунлик тушум йигирма-ўттиз мингдан ошиқ бўлишини ҳам уқтирибсайраётган эди. Балки бирор қаҳвахоналарда ишга шўнғиб ҳам кетишгандир, ким билади дейсиз, яна диёнатсиз, худобехабар эркакларнинг қурбони иккитага кўпаяр… Албатта Худо асрасину аммо, Аллоҳ ҳам асранганни асрайди, дейди кексалар.

“Зан пинҳон— зар пинҳон” дейди тожик халқи. Япон элида эса, “Қиз болангни худди ҳамёнингни асрагандек асра” деган нақл бор. Биз ўзбекларда эса қиз боланинг шаъни, обрўси зару зевар, пул тўла ҳамён билан ўлчанмайди! Бизда номус ўлимдан қаттиқ. Пайғамбар (с.а.в) «Фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар, агар улардан бирортасини устун қўйиш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ аҳамиятли бўлинг», деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, оиласида етарлича меҳр ваэътибор кўрган қиз, бегоналарнинг ёлғон- яшиқ ширин сўзига учмайди, пул топиш илинжида кўчага чиқиб кетишдан ор қилади. Қолаверса, яхши хонадоннинг эркаклари аёлу қизларини эгасиз чиқариб кўчада кўз-кўз қилишмайди. Ориятнинг, номуснинг кўз ёшларини оқизмайди. Ёки сиз бошқача ўйлайсизми?

Баҳор Турсунзода

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ