1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Маъносизлик балоси

 

 

 

Замонавий фан ва сонлар гапиради: “ Дунё статистикаси билан келишган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Америка талабаларининг ўлим сабаблари сафида йўл ҳаракати фожиаларидан сўнг 2- ўринда ўз жонига қасд қилиш туради. Шунчаки ўз жонига қасд қилишдан кўра нимадандир қайғуриб ўзини ўлдирганлар сони 15 баробар кўпдир.
Американинг Айдахо штатидаги Университетда ўзини ўлдирмоқчи бўлган талабалар орасида сўров ўтказилганда уларнинг 85% ҳаётидан ҳеч қандай маъно топмаганлигини сабаб қилиб кўрсатди. Талабаларнинг 93% ёш, жисмонан соғлом ва яхши шароитда ота-онаси билан келишган ҳолатда яшайди. Жамиятда баланд чўққиларни эгаллаганлиги билан ажралиб ҳам туради. Айримлари эса ҳаёти давомида бир мақсадни олдига қўйган ва шу мақсадга эриша олмагани учун ҳам ўз жонига қасд қилган. Бу ҳолат нафақат ёшлар балки катталарни ҳам четлаб ўтмаган. Гарвард Университетининг битирувчилари орасидаги сўровномани келтирамиз. Диплом ҳимоясидан 20 йил ўтиб ҳам уларнинг кўпи ҳаётлари мазмунсизлигидан шикоят қилади. Ахир улар омадли, карерага эга, ҳамма нарсаси етарли инсонлар-ку. Айтгандек, яна ичкилик ва гиёҳвандлик қурбонларининг 90% и ҳам ҳаётининг маъносизлигини ҳис этишган.
Ақшнинг 360 та Университетининг 189733 талабаси орасида ўтказилган сўровнома натижаси ҳам фикрларимизга ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. 73,7% талаба ҳаётининг мазмунига эга бўладиган ғояга эга бўлишини таъкидлайди. Миллий Соғлиқни Сақлаш Институтининг маълумотларига кўра 48та Олий Ўқув Юртларининг 7948 нафар талабасини ҳаётнинг мазмунсизлиги қийнамоқда.
Касал тузалишни камбағал бойишни исташига баҳс йўқ. Яна шу билан баҳс боғлаб бўлмайдики, пул ва соғлик уларга режаларидагидек яхши яшаш учун зарур.
Эйнштейн шундай деган: Ҳаётида мазмун йўқ инсон нафақат бахтсиз балки яшашга яроқсиз ҳамдир. Виктор Франкл бу фикрга шундай якун ясаган: Яшашга фақатгина келажакка интилганлар, ўзининг ўрнини биладиганлар, мақсадга етишни орзў қиладиганлар  қодир.”
Илоҳий Каломнинг 67-сўра 2-оятини келтириб ўтмоқчимиз: “У, ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди...”
Ҳаёт ва унинг орқасидан эгашиб келадиган ўлимнинг мазмуни нима?
Ҳар бир инсонни синовдан ўтказиб гўзал амалларини аниқлаш. Инсон айрим аҳамиятсиз яхшиликлари учун ҳам абадий бахтга эриша олади.
Сенека айтадики, ҳаёт икки қисмдан иборат.
1.Бизнинг эҳтиёжларимизни қондириш учун керак бўладиган фаоллик.
2. Руҳий комиллик ҳамда ўқиш ва ҳунар ўрганишимиз учун кетадиган вақт.
2-сура 148-оят: "Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор У ўшанга боқадир. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам Аллоҳ сизларни жамлайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.”
Яратувчи айтганидек, инсон бу дунёда охират мусобақаси ёки абадий роҳатга эриштирувчи мақсадлар ила эмас, ўз қўллари билан қураётган роҳатла банд. Улар бир-бирларини туртиб мақсадлари томон интилади. Соғлом рақобат тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Улар уришиб-сўкишиб ҳали стартда туришибди, ваҳоланки белгиланган вақт оралиғида улар финишга етиб келишлари керак. Афсуски тешик тоғора билан қолиб кетганимиздагина айбдорни қидириб қоламиз.
Ҳаётнинг мазмуни бизни қамраб олган Яратгувчининг қудрати ва борлигини англаш. У бизга эмас, аксинча биз унга муҳтож бўладиган Эгамиз қаршисида турмоқ. Инсон ва жинларнинг ҳаётидаги ягона мазмун шу.
Менимча, инсон ва жинлар бу каломнинг туб моҳиятини ердаги муҳлатни ўтаб бўлгач тобут чегарасидан ўтгач, қиёмат куни тирилиб Оллоҳ қаршисида тургандагина англаб етадилар. Айнан ўшанда бизларни кутиб турган абадийлик қаршисида кўзларимиз ва юракларимиз шарақлаб очилади. У бизга умумий мўлжални берган. Фикримча одам ўз ҳаёти мазмунини топиб қатъан, оиласи, вужуди ва руҳи олдидаги хизматига интилиш билан бирга бетакрор шедевр яратиши шарт. Энг муҳими шу тартибсизлик ичида Ҳаёт мазмунини йўқотмаслик.

Муаййада Раҳмон

 

 

 

Ёлғон ўзи хавфли эмас

Биз оиламиз билан беш-олти йилдирки табибларга эҳтиёж сезмаймиз, чунки етарлича тиббий саводим бор, агар касал бўлиб қолсак ўзимиз дарҳол чорасини кўрар эдик. Лекин яқинда қизиқувчанлигим сабаб бир табибнинг ҳузурида бўлишимга тўғри келди. Табиб аёлни танишларим ўрнини келтириб таърифлаб беришди, етти йил Шимолий Хитойда Тибет табобатини ўрганиб келган, тирноғингга қараб бор дардингни айта олади устига устак ҳижобли хоним, дея. Хуллас навбатимиз етиб 12 ёшли қизим билан ҳузурига кирдик, биздан аввал кирган 30-40 нафарча беморнинг бари қўлида бир хил Каротина ёғи билан чиқиб келишди. Кейин билсак табиба ўша фирманинг аъзоси экан. Мен шубҳалана бошладим, наҳотки қирқ хил касалликнинг ҳаммасига битта ёғ даво бўлса. Киришимиз билан қизингни ичи тўла қурт, фалон пул тўлаб компьютеримга тушасиз, улар паразитнинг турини аниқлаб беради, мен унга қарши сизга ёғ тавсия қиламан, деди. Қизимни гайморит безовта қиларди, биз буни халқона усулда консерва қутисида прополисни тутатиб даволар эдик, лекин аччиқ тутундан безган қизим енгилроқ йўлини излаётган эди. Мен аппаратга тушиши шартми, биз қуртдан эмас гайморитдан шикоят қилиб келдик, десам, у, қанақа жоҳил онасан икки ойни ичида қизинг ўлади, қуртдан халос қилмасанг, деб қолди. Қизимни кўзи саволга тўлди, у ўша саволлари билан дам мени дам табибани ғажирди, гуё ... Биз унинг хонасидан чиқдик, бирма-бир хоналарига кўз ташлаб чиқдим, ҳар бир хонада биттадан ходим пул санамоқда, банкми бу клиниками дегим келди беихтиёр.
Бу воқеага ҳам икки йил бўлди, худога шукур қизим тирик (икки ойни ичида ўлиб қолмади)
Хориж киноларида кўрамиз дўхтирлар  ўлаётган беморга ҳам сиз тузаласиз, ўлмайсиз, дейди. Айтиб ҳам кўрсинчи, ўша куни рухсатномасидан айрилади. Улар беморлари билан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, назокат билан гаплашишади.
Куни кеча рўй берган бир воқеа мени янада ҳайратга солди. Яқин дугонамга ўзимда ҳомиладорлик белгиларини сезаётганимдан шикоят қилдим. У ёшим катта эканлигини икки марта сариқ билан оғриганимни буйрагимдан операция бўлганимни биларди. Бундан қутилишни йўли бор, фалон жойда бир опа бор тажрибали гинеколог, уйида хусусий клиника очган, деб қолди. Опа билан боғландим, у нархини айтди, шунча пулни қучоқлаб ҳузурига бордим. У мени диванга ётқизиб қўлида шиприц билан тепамга келди. Нима қилмоқчисиз, деб сўрадим ҳайратимни бекитолмай. Наркоз қилиб қўяман, сизга таъсир қилгунча бошқа беморимни кўриб тураман, деди у. Балки мен ҳомиладор эмасдирман, сезгиларим алдаётгандир, сиз мени УТТ қилмай туриб ҳеч нимани сўриштирмай туриб абортга тайёрламоқчимисиз? Дўхтир хоним сергак тортди. У мени УТТи қиляпти-ю, кўзларидаги фикрларни ўқирдим (яратган қодир қилгунча фикр ўқиш қобилиятига эгаман) Ниҳоят хулосасини айтди: Бола бор, лекин у бачадондан ташқарида, буни аборт қилиш хавфли уни таблетка билан тушириш мумкин. Сизга юз минг сумлик таблетка бераман икки кун ичида уни ичиб кейин ёнимга келасиз. У ердан чиқдим-у 2-туғруқхонада қайта текширувдан ўтдим. Улар ҳеч қанақа бачадонда ҳам, ундан ташқарида ҳам ҳомиладорлик йўқ, сизни камқонлик безовта қиляпти, деган хулосани беришди. Икки кундан кейин ўша опанинг клиникасига туғруқхонанинг хулосасини кўтариб бордим. Мен уни қимматбаҳо таблеткаларини ичмаган эдим, зеро бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Опа қўрққанидан буни ҳеч кимга айтмаслигимни сўрарди.
Нега айтмас эканман. Ҳаммага айтаман. Эҳтимол кимлардир ҳақиқатни ёлғондан ажрата олар, аммо ёлғонни танимайдиганларнинг ҳоли нима кечади...

Муаййада Раҳмон

Севгининг бермуд учбурчаги

 

 

 

Севги бизнинг олдимиздан худди ер остидан қотил учиб чиққандек отилиб чиқди ва муюлишда бизнинг иккаламизни ҳам ўз домига тортди. Бунга Фин пичоғи ва чақмоққина қодир.  М.Булгаков “Уста ва маргарита”

Қизлар билан муомала жуда нозик. Бир қарашда севги бу- романтика, ҳаммаси зўр. Мана “севги учбурчаги”га ҳам дуч келдик.  (Айтганча бугунги кунда кўпбурчакли фигуралар ҳам учрамоқда). Кўпчилик гўё машҳур Бермурд учбурчагига осилиб қолгандек, улар бу ҳолатдан одамларнинг ишончларини йўқотмагунча чиқиб кета олмайди.
Жазман, чўри, конкубина—сўзлар ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди. Бу баъзида касб баъзида жуда шафқатсиз тақдир ё атайлаб танланган йўлдир. Бу тушунчалар жуда кўҳна яъни оила, никоҳ тушунчалари пайдо бўлгандан бери бор.
Жазман роли қадимда уйда сақланадиган чўриларга берилган. Аксарият ҳолларда улар келгинди бўлган, шунинг учун гапириш ҳуқуқига ҳам эга бўлмаган. Вақт ўтиб ўлчовлар ҳам ўзгарди. Қадимда жамият гуллаб яшнагани сайин гумашталарнинг даври ҳам гуллаган. Энди улар миллатдошларимиз, аммо фақир оиладан бўлиши керак; ёш ва чиройли қизлар тирик маҳсулот бўлиб қолган.Кўп ҳолларда ота-оналари уларни сотган, ортида қолган болаларининг келажаги учун. Улар “қора хотин”, “паст хотин” ва чўри ролини ўйнашар эди.
Ўрта асрлар даври—зулматли қора асрдир. Унда ёқимсиз ҳуқуқлар ва одатлар авжига чиққан эди: биринчи никоҳ кечаси ҳуқуқи, забт этувчининг ҳуқуқи, сахий жаноблар ҳуқуқи...
Ҳаммаси қай кўринишда бўлмасин хотинлар устидан ҳукмронлик билан тугар эди. Ўша пайтда хотинларга нисбатан қилинган зўравонликлардан уларни монастир деворлари ҳам қутқаза олмаган.Аммо бошқа томондан черков ҳаёти қаттиқ туриб олиб битта хотин билан яшашни талаб қиларди. (Бу хотинлар устидан зўравонлик, ўлим ва жазманлар жамиятининг ривожланишига олиб келган.
Ўйғониш даври конкубинларнинг олтин асридир. Никоҳсиз ишқий алоқаларни бекитишга ҳожат қолмаган, ҳатто бу овоз бериш фахрига айланди. Диний қарашларнинг сусайиши, антик анъаналарнинг туғилиши шундай натижаларни бердики, гумашталар бу даврга келиб ўзига мос бой оиладан танланган. Бора-бора қонуний хотин олиш ҳам йўқола бошлади. Сабаблари – йўқолаётган дин эмас кўп қиррали сулола, “зарурий никоҳлар”...
Шундай қилиб асрлар оша бугунги кунга ҳам етиб келдик. Жазман тутиш ҳозир жамиятнинг одатий бир қисмига айланди. Ҳолат анча қийинроқ, чунки бу касб фақат қизларники эмас, эркакларники ҳамдир.Ўйнаш, альфонс булар эркаклардир. Бой оиладан бўлган, эри бор хонимларнинг ўйнашлари... Шундай вақтлар бўлдики, буларнинг бари одатга айланди, ёшларнинг ўз карьераларини яратиши учун ота-оналарининг ёрдамисиз эришиш усули.
Ҳозирги пайтда бу жуда оммалашди. Меҳнат қилишни истамай, аёлларнинг елкалари ортида маза қилиб яшаш альфонсларнинг энг яхши танлови. Уларни қўллаб-қувватлаб турадиган аёллар ҳам кам эмас, бу уларни қониқтиради.Аёл билан осон, аммо бу ҳол қизлар билан қийин кечади. Улар бўлғуси ҳаётларини пайҳон қилиб, ўша ҳаётнинг қурбонига айланади. Қизларнинг биринчи гуруҳи бу усул билан ўз карьерасини яратади. Иккинчи гуруҳдагилар эса оилали эркакни севиб қолганлардир.Эркак эса ҳаммасини тўхтатишга қодир эмас, шунинг учун ҳам кўнгли қолган хотин билан ҳам, севган хотини билан ҳам яшашга ҳаракат қилади. Қиз бўлса эркакнинг ажрашиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб яшайди. Дам олиш ва байрамларни у билан ўтказа олмайди ҳам, ажрашиб ҳам кета олмайди. Болали бўлишига ё “эри” рухсат бермайди ёки бўлса ҳам улар бир умр отасиз ўсишади.
Европадаги генетик изланишларнинг натижасида шу нарса маълум бўлдики, 15% оилаларнинг болаларида ўз отасининг қони учрамайди ва ҳар бештадан битта эркакнинг никоҳсиз болалари бор. Бу жуда даҳшат! Дарҳақиқат, насллар аралашиб кетиб  қариндошлик илдизлари ҳам йўқолган. Баъзида ака-сингиллар орасида никоҳ бўлиб қолиш ҳоллари ҳам учрайди.Мана  шу жирканч никоҳ табобат томонидан ҳам қораланган. Чунки ҳомила ва болаларнинг соғлом бўлишига кафолат йўқ.
Исломда бу қаттиқ қораланади. Исро сурасининг 32-оятида. Зинонинг жазоси жуда жиддий, ҳатто ўлимгача боради. Бу қонун аёл- эркакка баробар. Қулдорлик бекор қилинмасдан олдин чўрилар бўлган, бироқ улар болали бўлса хожасининг қонуний фарзанди ҳисобланиб отасининг шарифини олган. (Европадагидек онасининг эмас). Бу насл аралашиб кетишига тўсқинлик қилган.
Севги ҳақида гап кетганда фақат карьерасини ўйлаб эмас, ҳис-туйғусига берилган эркаклар ҳам талайгина эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Аёлга бўлган ҳис табиий ҳол бу Китобимизнинг 3-сура 14-оятида ҳам айтиб ўтилган. Аммо бу ҳиссиётларнинг жиловини фақат никоҳдан кейин қўйиб юбориш мумкин. Жуфти ҳалолидан бошқаси ҳаром бўлиб қолади. Нафақат зино, бегона аёлга кўз қирини ташлаш ҳам мумкин эмас. Агар исломнинг шартлари қониқтирмаса, шуни айтиш мумкинки, хиёнат масиҳийликда ҳам қаттиқ қораланган. Зинокор охирги дин йўналишларини йўқотиб ҳайвонлик даражасига тушиб қолади. Ҳайвонлар учун эса бу оддий ҳол. Нар ҳайвон кўпроқ урғочига эга бўлишни истайди.
Албата барчасини тушунса бўлади, қариб қолган эр ёки хотин, ниманидир янгисини ё зўрини хоҳлайсан киши..
Лотин Америкасининг сериаллари тўхтовсиз хиёнат ва никоҳсиз болалардан иборат...Аммо фақат кинодагина бу гўзал. Ҳаётда эса севги учбурчаклари ҳақиқий Бермурдга айланган, унда йўқолиб кетиш ҳам, чиқиш ҳам қийин. Шунинг учун ҳам қотилликлар, бузилган оила, синган болалик, кўп инсонларнинг тақдирларига хиёнат ва рашк сабаб бўлмоқда. Севги учбурчакларида ғолиблар бўлмайди. Унда ҳамма мағлуб бўлади.

Рус тилидан Муаййада Раҳмон таржимаси

 

 

 

Отасиз синф

 

 

 

Синфимизда 4О нафар ўқувчи бор. Шулардан 39 тасининг отаси йўқ. Синфдошларим орасида  ота ҳақида деярли суҳбат бўлмайди. Лекин худди мени қийнаётгандек уларни ҳам битта савол қийнаса керак: “Отам қанақа эди” Ёлғиз шу саволнинг ўзи билан эса баҳсга чиқиб бўлмайди.
Баъзан ойимдан: “Ойи, отам қанақа эди?” деб сўрасам, улар отам тўғрисида айрим нарсаларни гапирадилар. Шунда ойим ниманидир чайнаб, мағзини ўзи ютиб тўппасини менинг оғзимга солаётганга ўхшайди. Ҳечам, ҳечам бу саволнинг мазасини сезмайман. Мен отамни кўришим керак. Ўшандагина жавоб мазасини шимиб туярдим.
Хуллас, агар бир ҳикояга иккита ном қўйиш мумкин бўлганда, мен ҳикоячамга “Отасиз синф” ва “Денис” деб сарлавҳа қўйган бўлардим.
Баъзан катта  йўлларда  машина босиб , эзиб кетган мушукнингми, кучукнингми ўлигига тасодифан кўзим тушиб қолса ҳам касал бўлиб қоламан. Эзилишни тасаввуримга сиғдираверганимдан. Ҳар кун синфга кириб келарканман Денисга кўзим тушибоқ  яна тасаввурим эзилиш билан лим-лим тўлиб қолади. Дениснинг  отаси ўзбек онаси рус. Дима исмли укаси ҳам бор. Ўзининг айтишича, отаси рус хотинга уйлангани учун отасининг қариндошлари уларни қабул қилмас экан. У отасини бир йил аввал бир мартагина кўрган, ўшанда отаси унга 200 сўм пул берган экан. Денис шу пул билан икки ой мақтаниб юрди. Онаси Кореяга ишлагани кетган. У укаси билан Алиса холасиникида яшайди. Яқин-яқингача биз “тётя Алиса”ни Дениснинг холаси деб ўйлардик.Аммо у бир куни синфимизга кириб келди, Дениснинг ёқасидан тутиб, бошини деворга ургач, билдикки, у холаси эмас, энагаси экан.
Энага эрталаб бир бурда бўлка билан мактабга жўнатади. Шу билан кечқурун овқатланишади, энг оғир ишларни унга қилдиради. Уч ой аввал ойиси Кореядан бир марта телефон қилган, отасини бир йил аввал бир зумгина кўрган.Ҳечам қорни тўйиб овқат емаган, декабр келди ҳамки иссиқ кийими йўқ. Спорт кийимида мактабга келади. Шимининг тиззалари кўп кийилгани ва кирлигидан коптокдек қотиб шишиб кетган. У очлигидан ҳар куни ўттиз тўққиз қўлга бир-бир қараб чиқади. Бир оғиз ҳам ўзбекча сўз билмайди. Мен буларнинг барини   ўқитувчим у билан гаплашганда билиб олганман. Чунки у менинг синфдошим.
Денис ҳақида ойимга гапириб берганимда ойим йиғладилар. Кейин Денис бизнинг оиламизнинг сиртқи аъзосига айланди. Гўё ойимни мен укам ва синглимдан ташқари яна битта боласи бордек қайғурар эди. Кечқурун ҳаммамиз ўқиш ва машғулотлардан бўшаб, уйда дастурхон атрофида йиғилганимизда, ойим бизга, яна битта болам  бордек, у уйга қайтмагандек, қоронғуда, оч-юпун кўчада қолиб кетгандек ҳис қиляпман ўзимни, дер эди. Биз укам билан Дениснинг энагасига билдирмай унга егуликлар олиб чиқардик. Энди мен тушлик учун мактабга икки карра кўпроқ пул ёки егулик олиб кетардим. Ҳар куни дарсга кечикиб келадиган Денис нон учун вақтли келиб мени кутиб турарди. Аввалига у мендан бу нарсаларни олаётганда роса хижолат чекарди. Лекин орадан бир ой ўтиб очиқчасига мендан пул талаб қилишга ўтди. Бирор бир егулик олиб бормаган куним у ҳатто мен билан уришиб, баъзида қўл кўтарарди ҳам. Яқинда унинг ойиси Кореядан қайтиб келди. Энди у чиройли қизларга қиммат шоколадлар совға қиляпти.
Мен эса йўлларда машиналар босиб, эзиб кетган мушук ва кучукларнинг ўликлари ҳақида кам ўйлаяпман. Инсонлар ҳақида эса кўп. Айниқса ота ҳақида.
Бугун эрталаб мактабга кетаётганимда икки ярим яшарлик синглим тишлаб ташланган печеньеларини папкамга солди, опа Денисга беринг, деб.
Афсуски уларни ўзим еб қўйдим.

Хадижа Зоҳир. 7-синф ўқувчиси.

 

 

 

Соқолингиз ўзингиздан улуғми

 

 

 

Одатда одоб сўзи ёшларга нисбатан ишлатилинади. Назаримизда кексаларнинг ҳаммаси  нуроний сиймо ва гўзал хулқ соҳибларидек гўё. Аслида ҳам шундаймикан? Бу ҳақда ёзишнинг ўзи ноқулай яъни кексаларнинг одобсизлиги тўғрисида. Баъзан чекка-чеккаларда ит, хўроз уриштириб завқ  оладиган  одамларга кўзим тушиб қоларди. Лекин ёш яъни 5-6 ёшли болаларни уриштириб, сўкиштириб завқланадиганларни кўрмагандим. Кўчамизда бир нечта тарихий обидалар мавжуд шунинг учунми бу ер ҳамиша сайёҳлар билан гавжум. Кўчамизнинг бошида эса уч-тўрт қария нарда ўйнаб ўтиради. Улар дам сайёҳларга йўлни тескарисини кўрсатиб адаштирса  дам  ёш болаларни ким ўзарга сўктиради. Ваҳоланки кексалик аллақачон соч- соқолларига ўз элчиларини жўнатиб ўз амр-фармонини йўллаб бўлган. Бири  ҳаёсизларча лўли қизга гап отарди.
Баъзан транспортда қари чол ва кампирларнинг одобсизлиги ва беҳаёлигини кўриб беихтиёр ёмон қаришликдан паноҳ сўрайсан киши. Бир куни автобусда бир чолнинг кўйлагининг олди шир очиқ ёш қизга шилқимлик қилаётганига гувоҳ бўлиб қолдим. Кўзлари хира, дармонсиз, танаси турли Касалликлар билан тўла-ю, нафсининг шиддати арслон каби гўё.
Дода, қаёққа энди, эрта тонгдан?- сўраб қолди ҳайдовчи.
Дала ҳовлига, бир қиз кутиб турибди, дам оламиз,-дейди ёши етмишларга бориб қолган қария беўхшов кулиб. Ҳаммага эшиттириб беҳаё ҳазилларини янада чўзарди.
Баъзан тўй-ҳашамларда сочида бир дона қора қолмаган кампирларнинг шох ташлаб ўйнашлари беҳаёларча кийинишларини кўриб ачиниб кетасан киши. Одобсиз катталар ҳар бир замонда ҳар доим ҳам учраб турган.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг маснавийсида бир ривоят келади: Бир куни мавлоно йўлда учраган бир попдан, сен улуғми ёки соқолинг улуғми, деб сўрабди.У соқолимдан йигирма ёш улуғман,дебди. Ҳазрати мавлоно унга, ўзингдан йигирма ёш кичик соқолинг оқарибди-ю, ўзинг ҳамон қора бўлиб юрибсан (ақлинг  қоронғу)- деган экан.
Бу сўзнинг жозибасидан поп тавба қилиб мусулмон бўлган.

Муаййада Рахмон

 

 

 

Аёлнинг ватани унинг эридир

Эрим ҳар куни ишга кетиш олдидан, онаси типратикан учадими, дейди. Мен эса, ҳа, дадаси  албатта учади, лекин сал пастроқ  учади, дейман. Сутчи, унинг ранги оқми қорами, агар сиз оқ десангиз оқ қора десангиз қора дейман. 
Бу сўзлар менинг яқин дугонамнинг иқрори. Аввалларига ундан жаҳлим чиқарди, нима ўзингни мустақил фикринг йўқми, эрингга типратикан ҳам учадими, сутнинг ранги қора эмас оқ, деб айта олмайсанми, дер эдим.  У эса, эрим ҳам, мен ҳам фитратан биламиз типратиканнинг учмаслигини сутнинг ранги оқлигини, аммо бу менинг итоатимнинг рамзий белгиси, деди у бир куни.
Аёллар ўзи табиатан шикоятчи ва ношукурроқ бўлади. Уч тўрттамиз йиғилиб  қолсак буни исботлашга ҳожат қолмайди.  Бир куни бир дугонам эридан шикоят қилиб қолди. Эшитганларнинг кўпчилиги, ажраш шу эрингдан, қўлингда гулдай ҳунаринг бор, битта ўзинг ҳам эплай оласан рўзғорни,дейишди. Аммо мен уларнинг фикрига қўшила олмадим. Унга ўз фикримни айтиб қўя қолдим: Сенга ажраш, деяётганларнинг ҳаммасининг эри бор, улар эрларидан ажрашиб кўрмаган. Гуёки боши йўқ танага ўхшаб қоласан. Ҳунар эр ёки ота бўлмайди. Биласанми сен ҳозир манзилни йўқотиб қўйдинг, ўзи шикоят қилишимиз керак бўлган манзил бор. Бир марта эримдан шикоят қилиб  беш ой ҳаловатимни,итоатимни йўқотиб қўйганман, ишонавер.
Мен яхши эслайман бобом кўп номаъқулчиликлар қилар эди, аммо кечқурун уйга қайтганларида бувим уларни ювиб тараб ҳеч нима бўлмагандек яшаб кетаверишарди, дейди Сурхондарёнинг бир чеккасидан келган дугонам.
Нима учун аёл эрталаб вақтли туриб эри ва болалари учун нонушта тайёрлайди?  Оила бўлгани учун менимча. Чет эл сериаллари  ва киноларида томоша қиламиз, хотин ўзи учун қаҳва тайёрлаб ичади  эр ўзи учун.
Хотин бўлиш осонми? Бу жуда қийин. Бу ўзини фидо қилиш дегани. Шунинг учун ҳам  ер шарининг айрим ўлкаларида оила тушунчаси буткул йўқолиб кетмоқда. 
Европада яшаб юрган ўртоғим дабдурустдан қайтиб келди. Нега келдинг, ахир одамлар Европага орзу қилиб ета олмаяпти-ку,-дедим. У: “ Қизим 14, ўғлим 13 ёшга тўлди. У ерда  15 ёшдан кейин болалар ота-онасидан алоҳида яшайди. Болангни тергай олмайсан. Ҳар ҳафтада бир марта мактабида сўровнома тарқатишади. Ота-онанггиз сизнинг эркинлигингизга дахл қилмаяптими, агар шундай бўлса бизга мурожаат қилинг, биз сизни ҳимоя қиламиз, деган мазмунда. Ўша юртда бир  ажнабий танишим саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди, сабаби ўсмир қизининг истакларига қарши чиққани учун”- деб жавоб берди.
Бир дугонам Кореяда биттаси Туркияда, болалари уйда отаси билан қолган. Эр уйда хонанишин,албатта. Улар ишлаб пул топаётгандир, аммо пулдан-да қимматроқ нарсаларни йўқотаётганига ишончим комил. 
Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг турмуш ўртоғи Кибриё Қаҳҳор ўз хотираларида шундай ёзади: Ҳеч қачон исмимни айтиб чақирмаганлар. Бирга бозорга тушар эдик агар мен одамлар гавжум жойда йўқолиб қолсам, “Қанисиз? Қанисиз?” деб чақирар эдилар. 
Мана буни шарқона оила деб атайдилар.
“Аёлнинг ватани унинг эридир”, дейилади  илоҳий китобларимизда. Унинг ватани борми, демак масжиди ҳам бор. Оиласининг  энг  тўри унинг масжидидир.
Масжидим ва ватанимдан айрилмаслик учун бемалол иқрор бўла оламан: Типратикан учади, сутнинг эса ранги қора.

Муаййада Раҳмон

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ