1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Тотувлик заволи

Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Бордию, «сен бахт деганда нимани тушунасан» деб сўраб қолишса, бунга ҳар ким ҳар хил жавоб қилади. Биров саломатликни бахт деса, бошқаси кўп пул топишни бахтиёрлик деб билади. Биров учун севган кишиси билан бирга бўлиш чинакам саодат бўлса, яна биров яхши кўрган ишимни қилишдан бахтиёрман, дейди. 

Чунки инсонларнинг бахт тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг комил бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Аммо кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ.
Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин? Иккови учун эса шириндан-шакар фарзандларсиз, фаровон ва тотув турмушсиз, меҳрибон ота-оналарсиз бахт яна кемтик бўлиб қолаверади.
Аммо айрим оилаларда ана шу бахтни асраб қолишда эр ҳам, хотин ҳам нўноқлик қилиб қолишяпти. Оқибатда не-не ширин орзулар, яхши ниятлар, улуғ режалар билан боғланган никоҳлар тезда заволга учраяпти.
Бир маҳалла оқсоқоли бундай зорланиб қолди: «Маҳалламизда тез-тез оилавий жанжалларга аралашишга, қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлишга тўғри келади. Ярим ёки бир йилгина олдин бир-бирига назар солишга ийманиб турган келин-куёвнинг бугун кўзига қон тўлган, бир-бирига ҳақорат сўзлар айтаётган, бир-бирига туҳмат ва нафрат ёғдираётган бўлади. Уларнинг жанжали қудаларни ҳам душманга айлантирган: кечагина оғзидан бол томган қудалар бугун бир-бирига лой чаплаётган, туйқус оғиздан чиқиб кетган биргина сўз бугун катта дастакка айланган. Бизга ўзи нималар бўляпти? Шундай тўқчилик замонида нега гулдай оилалар арзимас сабаблар, «деди-деди»лар билан бузилиб кетяпти? Биримиз умр бўйи сеп йиғиб қиз узатсак, бошқамиз тийинлаб йиғиб ўғил уйласак-да, тўйдан кўп ўтмай икки ёшнинг орасидан қора мушук ўтиб, ҳамманинг тинчи бузилиб ўтирса!
Илгари эр-хотиндан бири хиёнат қилса, ё эр оиласини боқа олмаса, ё фарзандсизликдан ажрашишар эди. Энг алам қиладиган жойи, ҳозир ана шу уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимас. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган ғишавалар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?»
Оқсоқолнинг куйинишида жон бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликларидан келиб чиқмоқда.
Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, романтик учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахт гулханлари устига кул тортиб қўйишмоқда.
…Дилфуза оилада ёлғиз қиз, онасининг эркатойи. Дадаси Даврон ака катта компанияда бош ҳисобчи, онаси Адиба опа эса тиббиёт ҳамшираси. Даврон ака қачон хотини билан ғижиллашиб қолса, албатта бунинг сабабчиси Дилфуза бўлади:
– Қизингни жуда эркалатиб юборяпсан, ахир эрта-индин бир хонадонга борса юзингни ерга қаратиб қўяди.
– Сизнинг ишингиз бўлмасин, ёлғиз қизимни жа хўрлатиб қўймасман, қадрига етадиганини топиб бераман.
– Мана мактабни тугатди, на ўқимаса, на ишламаса, қараб турсам қўлини совуқ сувга урдирмаяпсан.
– Совчи келиб турибди, уч-тўрт кун ўйнаб олса нима қипти, дадаси?
Бундай даҳанаки «жанг»ларда ҳамиша Адиба опанинг қўли баланд келар, Даврон ака «бор-э» деб қўл силтаб қўяқоларди.
Онаси орзу қилган шоҳона тўй ҳам бўлиб ўтди, кўзланган куёв ҳам топилди. Аммо рўзғор тутиш, овқат пишириш, одамлар билан муомала қилиш сирларидан тамоман бехабар ўсган тантиқ Дилфузанинг тўйдан икки ой ўтмаёқ миси чиқиб қолди. Турмуш синовларига дош беролмади. Куёвнинг «дипломатияси» ҳам, қудаларнинг андишаси ҳам иш бермади. Ёш оила ғунчаси очилмай туриб сўлди.
Йигит ҳам, қиз ҳам оила қуришга киришар экан, ўз ҳуқуқ ва имтиёзларинигина эмас, балки никоҳдан кейинги мажбурият ва масъулиятини ҳам ўйлаши керак. Оила бахти эрга ҳам, хотинга ҳам баравар боғлиқ, унинг шарафи, обрўси, мустаҳкамлиги ва тотувлиги икковига ҳам тааллуқли.
Яқинда бир йигитча турмуши яхши эмаслиги, уйда фароғати йўқолгани тўғрисида шикоят қилиб қолди. Суриштирсам, хотини бўлар-бўлмасга рашк қилаверар экан. Ҳатто уни ишхонасидаги бирор аёл билан саломлашганини кўриб қолса ҳам жанжал кўтараверар экан. Бирор қилиғи билан хотинининг рашкига сабабчи бўлгандир, деб ўйласам, қизлардай ҳаёли, тортинчоқ йигит.
Эр-хотиннинг рашки меъёрида бўлса – яхши, аммо хотинларнинг асоссиз рашк қилавериши, бўлар-бўлмас нарсалардан шубҳаланавериши ҳам оилани дарз кетказади, эр-хотиннинг бир-бирига ишончини йўқотади, турмушдан файз кетади.
Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Эр-хотиннинг турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан «хато» топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.
Оила бахтини барқарор қилишда ташқаридагиларнинг маслаҳатлари ва тавсияларининг ўзигина кўпда ёрдам беравермайди. Бунда эр-хотин баравар манфаатдор бўлиши, оиладаги тотувлик ва унинг мустаҳкамлиги учун баравар курашиши зарур бўлади. Атоқли рус ёзувчиси Лев Толстой бундай деган эди: «Ўзаро муносабатларингизда охири бир-бирингизга бегона қилиб қўядиган қусурлар пайдо бўлиб қолишини эр ҳам, хотин ҳам ҳушёрлик билан кузатиб бориши керак. Бунинг учун эса энг аввало инсоннинг инсонга бўлган ҳурмати йўқолмаслиги керак».
Ёш келин-куёвларга аталган бир китобда бундай ёзилган: «Икки кишининг неча-неча йиллар мобайнида биргаликда яшаши уларнинг ҳис-туйғулари, феъл-атворларини қаттиқ синовдан ўтказади. «Киши турмуш қургачгина ўз бахтини топади», деган сўзларни кўп бор эшитган аксари келин-куёвлар остона босиб, ўз уйларига киришлари биланоқ ҳаётимизни бахтли қилиб олдик, деб ўйлашади. Лекин кун сайин, ҳатто соат сайин биргаликдаги турмуш уларнинг олдига турли синов ва машаққатларни кўндаланг қилаверади. Мана шундай синовлардан муваффақиятли ўтиш учун уларнинг ҳар иккови ҳам етарли билимга, ақл-идрокка эга бўлиши, энг аввало худбинларча иш тутишдан ўзини тийиши лозим. Эр-хотин ана шу синовларга дош бера олсагина, вақтинчалик қийинчилик ва етишмовчиликларга сабр қила олсагина, ўз оилалари бахтини асраб қолишади».
Оилада тотувлик бўлиши учун икки ёш бир-бирининг муҳаббатини қадрлаши, ҳамиша бир-бирига садоқат ва бағрикенглик кўрсатиши, ўз қусурларини муҳаббат остонасида қурбон қила олиши керак. Тарихда эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати ва садоқати ҳақида юзлаб гўзал қиссалар борки, уларни ўқишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки улардан ибрат олиб, ҳаётни ана шулар тимсолида безаш ҳам талаб этилади.
Ана шундай севги қиссаларидан бири қадим-қадим замонлардан бизнинг кунимизгача етиб келган. Тарихчи ва ёзувчи Плутарх Епонина деган жувоннинг эрига садоқатини шундай тасвирлаган: Рим императори Юлий Сезар ўзига итоат қилмаган Сабиний исмли сенаторни жазолаш учун қоронғу зиндонга ташлайди. Унинг садоқатли ёри Епонина тўққиз йиллик зиндон азобларини суюкли эри Сабиний билан бирга унинг ёнида ўтказади. Шунча йил тутқунликда қийналса ҳам бўйсунишни истамаган Сабинийни император ўлимга ҳукм қилади. Мағрур ва садоқатли Епонина ҳис-туйғуларига хиёнат қилмай эри билан бирга ажал шаробини ичади. У ўлими олдидан императорга бундай дейди: «Эй Сезар, мен эрим билан зиндонда бирга бўлдим ва шунчалик бахтиёр яшадимки, сен тож-тахтингнинг бутун шаън-шавкати билан ёруғ дунёда яшасанг ҳам ҳеч қачон бу бахтни топа олмайсан».
Хаста эрнинг бошида ойлаб, йиллаб қараган, дардига малҳам излаган фидойи аёлларни кўп кўргансиз. Ёки фалокат туфайли икки кўзидан ажраган эрига «менинг битта кўзимни қўйишингизни сўрайман» шифокорга ялинган аёлни учратгансиз. Ўн саккиз йил оёқ-қўли ишламай тўшакка михланиб қолган аёли устига хотин олишдан воз кеча олган эрлар ҳам бор. Атоқли олимлардан бири: «Оилавий ҳаёт, эҳтимолки, ҳеч қачон сидирғасига қувончдан иборат бўлолмайди. Фақат шоду хуррамликгагина эмас, ғам-андуҳларга ҳам, ташвиш ва бахтсизликка ҳам шерик бўла билиш керак», деганида минг бора ҳақ эди.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш ахлоқимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» деганларидай, икки ошифта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак.
Оилада иложсиз равишда турли келишмовчилик, ғишава, жанжаллар чиқиб туради. Чунки  бир-бирига ўхшамаган феъл-атворли икки кишининг дарров тил топишиб, тотув бўлиб кетиши қийин. Бунинг учун кўп йиллар, катта чидам-бардош ва бағрикенглик, бир томоннинг вақтинча «таслим бўлиб», мухолифини кечириши талаб этилади.
Айтайлик, аёлингиз тушунмасликданми ёки жаҳли чиқиб турган эканми, сизни қаттиқ ранжитди. Агар шунда вазиятни тушуниб, индамай кета олсангиз, фақат ютасиз. Аёлингиз тезда ҳовуридан тушади, ҳис-туйғуга берилиб азиз ёрини хафа қилганини тушуниб етади. Фаросати етса, қилмишига дарров узр ҳам сўрайди. Чунки одобимиз талабларига кўра кечирим сўраш аёллардан бошлангани аълороқ бўлади.
Агар аёлингиз ғазаб отига минганида сиз унинг устига фил миниб борсангиз, у алам тўппончаларидан ўқ узганида сиз тўп-замбаракларни ишга солсангиз, оилангиз улкан жанг майдонига айланиб кетиши турган гап. Энди бу даҳанаки жангни тўхтатишга икковингиз қодир бўла олмайсиз. Ғишт қолипидан кўчиши, муросасизлик қиличи қинидан чиқиши эр-хотинга асло яхшилик келтирмайди.
Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши, шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб яшнатиб юборади.
Ривоят қилишларича, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, Ислом давлатининг раҳбари Ҳазрати Умарга шикоят қилиш учун у кишининг уйига борибди. Эшикка яқинлашса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилибди. Шунда бояги киши «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси индамай  кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан Ҳазрати Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам: «Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам бу машмаша сизнинг ҳам бошингизда бор экан, шунга қайтиб кетмоқчи бўлиб турувдим», деб жавоб қилибди. Шунда Ҳазрати Умар: «Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлсаю, онда-сондаги норозилик-исёнларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин», деган эканлар. 
Раҳматли шоиримиз Ҳабиб Саъдулла бундай гапни кўп қайтарарди: «Шарқ аёллари ўз эрларини юксак қадрлашлари билан ажралиб туришади. Эрни «бегим», «хўжайин», «тўрам» каби чиройли сўзлар билан аташади. Бу кўр-кўрона мутеъликдан эмас, балки эркаксиз хонадоннинг бахтдан йироқлигидандир. Аёллар тўқиган «Эрсиз бошим – тузсиз ошим» нақли ошнинг тузсиз қолиши эмас, балки ҳаёт мазмунининг йўқолиши, турмушдан файз кетишига далолатдир. Шундай экан, нечук у эр билан бўлар-бўлмасга ўчакишиб, юзига қора чаплаб, кўнгил шишасини чил-чил синдиришга йўл қўяди».
Аёл – беназир хилқат. Унинг меҳри ва муҳаббати олдида тош ҳам эрийди. Агар у аёллик ўрнида турса, ҳатто тошбағир одамлар ҳам аёлларга шафқат кўрсатади. Агар у аёллик назокатини ва ҳурматини йўқотмаган бўлса, ҳар қандай беодоб эркак ҳам уни бошга кўтаргиси келади, хўрлатиб қўймайди.
Аммо аёл оила бекаси эканини унутса, кўз ёшлари ва қонунлар ҳимоясини рўкач қилиб, эрига итоатни эсдан чиқарса, эрига ҳаловат ва оилага фароғат бағишлайдиган хилқат эканини тан олмаса, бундай аёл бахт нималигини билмай ўтади, пушаймонлар дарёсида ғарқ бўлиб кетади.
Ҳозирги пайтда баъзи опа-сингилларимизнинг матбуотга, радио-телевидениега мактуб йўллаб, уйидаги, оиласидаги сирларни элга овоза қилишлари, эр билан аҳил яшашда бошқалардан маслаҳат сўрашлари, сал муросалари бузилса, ота-онага, маҳалла фаоллларига, ҳатто маъмурий органларга шикоят ва арз-дод қилиб югуришлари одат тусига кириб қолган. Аввалда оилада ўтадиган хархашани (борингки, жанжални) ота-онага билдириш уят саналадиган ўзбек хонадонида бугун аёлларнинг «золим эрлар» устидан турли идоралар ва кишиларга жар солиб юришлари айб бўлмай қолди. Афсуски, оилаларнинг бузилиб кетишига кўпинча ана шундай «эрни тартибга чақириб қўйиш» мақсадида қилинган шикоятлар ҳам сабаб бўлмоқда.
Энди масаланинг бошқа томонига эътиборни қаратайлик. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келди, дейлик. Ота-она кўпни кўрган, мулоҳазали, ақлли бўлса-ку, яхши. «Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборишади.
Аксари ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни «тартибга чақиришга», «тавбасига бир таянтириб қўйишга» киришишади, ҳатто у билан ёқалашишгача боришади. Айниқса бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда бир поғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида «парда кўтарилади». Хўрланган, иззати топталган йигитнинг кўзига ҳеч нарса, ҳатто севиб уйланган аёли, шириндан-шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, «деди-деди»лари билан оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Аршни ларзага келтириб, унинг талоғини беради. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади.
Ёки яна бошқа ҳолатни ҳам олиб кўрайлик. Бир аёл маҳалла оқсоқолига ёки ҳуқуқ муҳофазаси идораларига эри устидан «дод» деб боради. Айрим тажрибасиз ходимлар турмуш кўнгил хуши эмаслигини, гоҳо қийинчилик ва можаролар чиқиб туришини, арз-дод билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушунтириб, насиҳат қилиб жўнатиш ўрнига масалага «жиддий» тус беришади. «Ёзиб келинг, муҳокама қиламиз, чора кўрамиз», деб аламзада аёлнинг қўлтиғига сув пуркашади. Жаҳллардан тушилгач, ғазаблар пасайгач, эр-хотин ўзлари келишиб оладиган арзимас ғавғо катталашиб жанжалга ва ҳамманинг муҳокама мавзуига айланади.
Оила раҳбари саналган эрга итоатсизлик аёллар учун кечириб бўлмас одобсизлик ва катта мусибатдир. Воҳидий деган олим бундай деган: «Итоатсизлик – бу, эрга осийлик қилиш, яъни такаббурлик билан унинг буйруқларига хилоф иш юритишдир». Яна бир олим Ато эса аёлнинг эри учун ўзига оро бермасликни ҳам, эрининг ўзи билан ҳузурланишидан бош тортишни ҳам, аввалги итоатгўйлик ҳолатини тарк этишни баравар итоатсизликка қўшади. Ҳар қандай ақлли, эпли, гўзал ва бадавлат бўлмасин, аёл киши эрига итоатсизлик орқасидан ўз бахтига кул тортади, барча яхшиликларини йўққа чиқади, барчанинг лаънатига қолади, охиратдаги насибасидан маҳрум бўлади. Атоқли олмон шоири Хенрих Хейне айтганидай, «Хотинлар бизни бахтли қилишнинг фақат бир усулини, бахтсиз қилишнинг эса ўттиз минг хилини билишади».
Оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Негадир кейинги пайтларда бу ишга аралашишга маънавий ҳуқуқи борлар ҳам, йўқлар ҳам бемалол бош суқадиган бўлиб қолди. Ҳали турмуш қурмаган қизлар, уйланиб улгурмаган йигитлар оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси ҳақида мақола ёзадиган, чиқишлар қиладиган, насиҳат айтадиган бўлиб кетишди. Айниқса, оилавий мавзудаги айрим телекўрсатувларни кўриб, юқоридаги «насиҳатгўйлар» бу масалада рус эртагидаги айиқнинг «хизмати»ни қилиб, «қош қўяман деб, кўз чиқариш»га сабабчи бўлишмаяптимикин, дея ўйлаб қоласан, киши.

Аҳмад Муҳаммад

Нина билан қурилган қаср

Кўпинча кўчада кетаётган никоҳ машиналарини кўриб, беихтиёр «Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин», деб дуога қўл очасиз. Лекин ана шу  келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан икки севишган қалб ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бўлади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиобга  тўлиқ ўтади. 

Мана, айтайлик, битта оила бузилиб кетди. Агар куёв биринчи кунларданоқ хотинини талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борганида, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олганида орада уриш-жанжаллар келиб чиқмаган бўлар, икки ёшнинг бахти завол топмас эди. Агар келинимиз бир гапдан қолганида, уйдагилар билан муроса қилиш йўлларини ахтарганида, ёши улуғ қайнонасини ҳурмат қилиб, хизматини аямаганида оила инқирозга учрамас, ўртада бола тирик етим бўлмас, эр қайта уйланмас эди. Ёки оиладаги катталар, айниқса қайноналар сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишганида ишлар бунақа чаппасига кетмаган бўлур эди. Жиндай муросасизликнинг баҳоси ана шундай қиммат бўлади.
Оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган йигитларимиз кўпинча оила нафақаси борасидаги мажбуриятларини унутиб қўйишади ёки хотинларига муҳаббатлари «жўш уриб» унинг хурмача қилиқларига эрк бериб юборишади. Уйларида эрка, тантиқ, ишёқмас бўлиб ўсган қизларимиз эса келин бўлган жойларида дарров «фош» бўлиб қолишади. Ўз камчилик-нуқсонларини тугатиш, билмаганларини ўрганиш, оиладаги икки-уч кишининг кўнглини олиш ўрнига дарров «ҳуқуқларини» талаб қилишга, «ҳукмронликларини ўрнатишга», бўлар-бўлмасга можаро-жанжал чиқаришга ҳаракат қилишади. Билишмайдики, турмушга чиқишнинг ўзи бахтлилик, фаровонлик асоси эмас. Бахт катта машаққат, сабот, қаноат, фидойилик билан қўлга киритилади.
Ёки кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар учраб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар уриш-жанжаллар, жанг ва можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндош одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади, улар ёвга айланишади. Уларнинг касрига инсонийлик, ахлоқ, одоб қоидалари поймол қилиниб, жамиятнинг осойишталигига путур етади.
Халқимиз «Оила қуриш – нина билан қаср барпо қилишга тенг», дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синови бор. Кўпинча оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни инқирозга олиб борувчи  омил ва сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг лапашанглигига, хотинига сўзини ўтказа олмаётганига тўнкайди. Кимдир хотиннинг «ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлиги»ни ҳамма ихтилоф ва келишмовчиликлар сабабчиси, деб ҳисоблайди. Бошқалар оилавий келишмовчиликлар кўпроқ «золим» қайноналарнинг «ёвузлиги»,  ёки «гапуқмас» келинларнинг «қайсарлиги» туфайли содир бўлади, деб ҳисоблашади. Айримлар асосий жанжал моддий етишмовчиликлардан, қўл калталигидан келиб чиқади, деб ўйлайди. Кимлардир бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани туфайли у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади. Аслида бунга ким ёки нима айбдор?
Бу ғавғою машмашаларда муросаю мадора йўлини тутолмаган,  ахлоқ-одоб кўрсатмаларини тан олмайдиган ҳар бир киши айбдор бўлса керак! Эр хотинини йўлга сололмаса, хотин эса эрга итоат қилишни унутиб қўйса, бундай оилаларда ҳеч қачон тотувлик, аҳиллик бўлмайди, ҳамманинг ором-фароғати кетади.
Қайнона «Мен каттаман, кечиримли бўлай, ёш, ғўр келинни яхши гапириб йўлга солай!» демаса, келин бола «Қайнонам оиланинг бекаси, каттаси, севган эримнинг оқ сут берган, тарбиялаган онаси бўлса, нега уни ҳурмат қилмайин, нега хизматидан бўйин товлайин?!» демаса – икки ўртада можаро чиқаверади.
Яқинлар, жамоатчилик бу ҳангомаларга томошабин бўлиб тураверса, адолат қилмаса, можаро катта жанжалга, қўйди-чиқдиларга, ширин турмушларнинг кушандасига айланаверади. Ота-онанинг ўзлари тарбияга муҳтож бўлишса-да, фарзандимиз тарбиясиз, ахлоқсиз чиқиб қолди, дея изтироб чекишлари ҳеч қандай рисолага тушмайди.  
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўлади: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уриш-жанжалдан боши чиқмайди. Атоқли мутафаккир олима Олимат ул-Банот: «Оилавий масалада эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади», дейди.
Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг аввалида келин-куёвга турли маслаҳатгўйлар, «ғамхўр»лар кўпайиб кетади. Умр йўлдошини «гаҳ, деса, қўлига қўнадиган қилиб олиш» ҳақида маслаҳатлар беришади. Ваҳоланки, уларнинг ўзи тажрибасиз, маслаҳатга муҳтож, фикри тор, жоҳил кишилардир. Уларнинг «хашаки» йўл-йўриқлари оилага фойда келтириш ўрнига унинг тотувлиги ва фароғатига раҳна солади. 
Аҳиллик, тотувлик, бахт ҳақидаги тушунчаларимиз ҳам бузилиб кетган. Яқинда олий ўқув даргоҳларидан бирининг талаба қизлари ўртасида «Сиз қандай йигитга турмушга чиқишни хоҳлардингиз?» деган савол билан сўров ўтказишибди. Берилган жавобларда улар бўлажак эрларининг бўйи узун, қомати келишган, оқмағиздан келган,  киноартистларга ўхшаган, севадиган, мард, бақувват, пулдор каби фазилатларга эга бўлишини исташган. Аммо жавоблар орасида «Эрим ақлли, эсли-ҳушли, одобли, диёнатли, оилага вафодор, ота-онасига меҳрибон бўлсин», деган гапларни деярли учратмайсиз.
Тўғри, инсоннинг ташқи қиёфаси, чеҳраси ҳам муҳим нарса. Аммо унинг ички дунёси, сизга аталган ҳис-туйғуларининг аҳамияти йўқми? Унинг оилага муҳаббати, сиз ва қайнонангиз ўртасидаги муносабатларни яхшилашдаги иқтидори шарт эмасми? Эрини фақат ташқи кўринишига қараб танлаган қизларимиз эртага том маънода бахтли бўла олишармикан?
Қўлингиздаги китобчада эр-хотин, қайнона-келин, оила аталмиш жамиятнинг бошқа аъзолари ўртасидаги муносабатларни тўғри изга солиш, улар ўртасида аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилади. Агар у қайсидир оилада содир бўлаётган уриш-жанжаллар, келишмовчилик-ихтилофлар олдини олишда, кишилар ўртасида чин инсоний муносабатларни шакллантиришда ёрдам берса, мурод ҳосил бўлур эди.

Аҳмад Муҳаммад

"Мустахкам оила йили" давлат дастури тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

27.02.2012 й.
№ ПҚ-1717

Жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида олиб борилаётган барча ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш, мустаҳкам, соғлом оилани шакллантиришда маҳалланинг мавқеини мустаҳкамлаш ва ролини кучайтиришга доир аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек 2012 йил Ўзбекистон Республикасида “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 13 декабрдаги Ф-3760-сон фармойиши билан тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарор” деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:
бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш;
ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш;
жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда маҳалла институтининг ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш, Мустаҳкам оила йили мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳамиятини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шакллантиришда уларнинг таъсирини кучайтириш, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш;
оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш;
“Соғлом она - соғлом фарзанд” тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш;
жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш;
жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш.
2. Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) зиммасига “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг амалга оширилишини ташкиллаштириш ва мониторинг қилиш вазифалари юклатилсин.
Республика комиссияси:
икки ҳафта муддатда, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг устувор йўналишлари ва тадбирларидан келиб чиққан ҳолда, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари томонидан ҳар бир идора, вилоят, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича “Мустаҳкам оила йили”нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига киритилган тадбирларни тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари даражасида ишлар аниқ-пухта мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастур амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;
ҳар чорак якунлари бўйича “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманларда (шаҳарларда) “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар тузилишини таъминласин, уларнинг зиммасига Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар тегишли ҳудудларда оғишмай ва тўлиқ ҳажмларда амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарликни юкласин.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:
аҳоли, айниқса, ёш оилалар ўртасида “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, давлат томонидан оилаларни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича унда белгиланган чора-тадбирларнинг мунтазам ва кенг кўламда тушунтириб борилишини;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида кенг жамоатчилик доимо хабардор қилиб турилишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       
И. Каримов

Оилангиз тўкис бўлсин!

Ота-оналар фарзандлари учун дунёдаги энг яхши нарсаларни тилайди-ўссин, улғайсин, ўқисин, ишласин, оилали, бола-чақали бўлсин, деб. Бу орзуларнинг амалга ошиши учун ҳаракат қилишади. Ахир фарзандлари-да, уларнинг бахти–ота-оналарининг бахти. Шу ўринда қизларини тагли-тугли хонадонга келин бўлиб тушишини истаганлар, қизининг келажагини ўйлаб, совчиларга розилик бериб юборишади. Аммо қизи турмуш қуришга, рўзғор юмушларига, она бўлишга тайёрми-йўқлиги ҳақида бафуржа ўйлаб ҳам кўришмайди. «Куёв ўқиган, оиласининг таъминоти яхши бўлади, битта рўзғорни қизим бир амаллаб эплаб кетади», дейишади. Аммо, бунинг хомҳаёллиги ёшлар турмуш қуришгандан кейин билинса, энди онанинг изтиробини кўраверинг…


Оила мустаҳкамлиги, ёш оилаларнинг бахтли ва фаровон яшаши, рўзғорлари барқарор бўлиши учун нима қилмоқ керак? У нафақат ота-оналар, балки биз каби ҳуқуқ органлари ходимларининг ҳам ўйловига айланиб қолган.

Муаммоли хонадонлардаги мавжуд вазиятларни, шароитларни чуқур таҳлил қилар экансиз, хотин-қизларнинг онгини, маънавиятини ўстирмай туриб, ижобий натижаларга эришиш қийин эканлигини англаб етасиз. Бу борада турли масалаларга илмий-амалий ечим топиш мақсадида маҳаллаларда ҳуқуқ, тиббиёт ва соғломлаштириш йўлида учрашувлар, давра суҳбатлари, мактаб ва коллежлардаги «Ораста қизлар» тўгараклари иштирокчилари билан суҳбатлар олиб борамиз. Туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Оила мактаби»да айни балоғат ёшига етган, турмуш қуриш ниятида юрган, ФҲДЁ бўлимига ариза билан келган йигит-қизлар билан дилдан суҳбатлашамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз. Айниқса, маҳаллалардаги ибратли оилаларнинг қайнона, келинлари иштирокидаги, қайноналик, келинлик, куёвлик илмига оид китобларда кўтарилган мавзулар суҳбатимизнинг самарали бўлишида асқотаяпти.

Маънавияти юксак инсон ҳеч қачон енгилмайди. Бу ибора оила мактабида ҳам алоҳида ўрин тутади. Оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлиб, унинг ўз маърифий иқлими, ўзига хос яшаш қонуниятлари мавжуд. Азиз онажонлар, қизингизга ёшлигидан бошлаб бу қонуниятларнинг ипидан игнасигача эринмай ўргатинг. Уни ҳаётга тайёр бўлгандагина узатишга ҳаракат қилинг, шундагина қизингиз бахтига пухта замин яратасиз. Қизингиз борган жойида хушҳулқи, одоби ва ажойиб бекалиги учун раҳмат эшитса, бу сиз учун бебаҳо мукофот бўлади, албатта. Зеро, она учун энг юксак бахт-фарзандининг оиласидан хотиржамлиги, унинг бахти-камолидан қувониб яшаш ва у туфайли раҳмат эшитишдир.

Муаллиф: Матлуба УММАТҚУЛОВА, Гулистон туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Оила институтини янада такомиллаштириш

Тарихига назар ташласак, халкимиз азал-азалдан оилани ва никоҳни муқаддас билиб, бутун орзу умидларини айнан шу маскан билан боғлаганликларини кўришимиз мумкин.


2012 йилнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини – оилани янада мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган юксак эътибор намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия органлари томонидан ҳам бу борада бир қатор вазифлар белгилаб олинган бўлиб, унинг ижросини таъминлашга давлат ва нодавлат ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик ўрнатилган.

Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида, “Никоҳ ҳамда никоҳларни қонуний қайд этиш афзалликлари” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда ФҲДЁ органлари, соғлиқни сақлаш бўлимлари, бош имом хатиблар, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармаси бўлинмалари ҳамда қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда ёшларни қонуний никоҳ афзалликлари билан янада яқинроқ таништириш, шаърий никоҳ унинг салбий оқибатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, Давлат дастури доирасида оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар мазуман-моҳияти юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳокама этилди.

Тадбир нафақат маърузалар шаклида, балки, мавзулар бўйича тайёрланган саҳна кўринишлар билан янада қизиқарли ўтди. Мазмунли ҳамда жонли мулоқот иштирокчиларни оиланинг муқаддас қадриятларимиз асосида такомилаштиришга бўлган эътиборини намоён этди.

Оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уларни тарбиялаш оиланинг асосий вазифасидир. Яъни дунёга фарзанд келганидан бошлаб уни соғлиғига эътибор бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир, бу эътибор келажакда соғлом зурриёт қолиши учун муҳим асосдир.

Тадбирда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан таъкидланганидек, миллат маънавияти ва руҳиятини ёш авлодга сингдириш ишини оиладан бошлаш муҳим саналади. Оилада фарзанд тарбиясининг педагогик-психологик хусусиятлари таҳлил қилинганда, ахлоқий тарбияни изчил ва тартибли амалга оширишда оила муҳим рол ўйнаши намоён бўлади. Шу жиҳатдан, инсон аҳлоқий, маънавий ва руҳий қиёфасининг пойдевори, никоҳланувчи шахслар маданиятини такомиллаштириш аввало оилада акс этади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбиянинг бир бўлаги ҳисобланади.

Шунингдек, анжуманда репродуктив саломатлик ва унга таъсир этувчи омиллар, эрта никоҳдан ўтиш ва унинг салбий асоратлари, соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг асослари, оилада катталарнинг ўрни, никоҳ шартномаси ва унинг афзалликлари, никоҳ ёши, никоҳдан аввалги тиббий кўрикдан ўтиш зарурияти, ўзаро қариндошларнинг турмуш қуришидаги салбий ҳолатлар, қонуний никоҳнинг аҳамияти тўғрисида мутахассислар иштирокчилар билан ўзаро фикр алмашишди.

Анжуман якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар бўйича оила институтини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муаллиф: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Мустаҳкам оила – давлатнинг таянчи

Бизнинг бош мақсадимиз - асоси меҳнатсевар ва фаровон, аҳлоқан мустаҳкам  ва маданиятли оила бўлган демократия ва ижтимоий адолат жамиятини қадамба-қадам яратишдир. И. Каримов


Оила-жамият қўрғони. Юртбошимизнинг бу борадаги қуйидаги фикрларини таъкидлаш ўринли: “Оила ҳақида гапирар эканмиз, авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз даркор. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради”.

2012 йилнинг 27 феврал куни Президентимизнинг “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1717-сон қарори қабул қилинди
ва ушбу қарор билан Давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида «Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор» деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланди.

Давлат дастурининг I бўлими “Бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш” деб номланиб, унда бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Мазкур лойиҳалар оила институтини янада мустаҳкамлаш
ва ривожлантиришга бевосита даҳлдор бўлиб, улар бир қатор долзарб муаммоларни ҳал қилишни кўзда тутади.

Жумладан, Давлат дастурида Оила кодексига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрлаш назарда тутилган бўлиб, никоҳланувчиларнинг ёшини 18 ёш этиб белгилаш лозимлигини, болаларни асраб олиш механизмини такомиллаштириш,‎ болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган боланинг ота-онасидан суд томонидан ундириладиган алиментларни банкда шу бола номига очилган ҳисоб-рақамда жамғариш ва унга вояга етганидан сўнг тўлашни кўзда тутувчи тартибни жорий қилиш масалаларини тартибга солишни назарда тутади.

Шунингдек, Давлат дастурида “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ҳам белгиланган. Унда васийлик ва ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, васийлик ва ҳомийлик органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш,‎ васийлик
ва ҳомийликни белгилаш, васийлик ва ҳомийликка олинган шахсларнинг мулкини сақлаш ҳамда бошқариш механизмини такомиллаштириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалалари тартибга солинади.

Шу билан бирга, “Болалар уйлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги лойиҳа ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Лойиҳада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида болалар уйларини барпо қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек уларнинг асосий вазифа ва функциялари,‎ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг давлат кафолатлари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вазифалари белгилаб берилади.

Давлат дастурида қабул қилиниши белгиланган, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни жорий йилнинг 2012 йил 26 апрель куни қабул қилинди. Ушбу Қонунда Оилавий корхонани ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ушбу корхоналарнинг  фаолияти, корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси масалалари тартибга солинган. Шу билан бирга, ушбу қонунда оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари,  давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва  оилавий корхона фаолиятини текширишларнинг чекланиши масалалари ҳам тартибга солинган.

Албатта, Давлат дастурини ижросини таъминлашда барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар масъулият билан ёндашишлари, керак бўлса “бир ёқадан бош чиқариб” ишлашлари лозим бўлади.

Бу борада тегишли давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари яқиндан ҳамкорликда иш олиб борилиши зарур. Президентимиз айтганларидек, “Шу масалаларни ечиш учун хотин-қизлар қўмиталарининг маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари билан доимий алоқасини йўлга қўйиш, бир ёқадан бош чиқариб ишни ташкил қилиш лозим. Оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барпо этишда маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотларининг ролини ошириш даркор”.

Адлия вазирлиги ўз навбатида Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишга, уларга қонунчилик нуқтаи назаридан ўз хулосаларини беради.

Бунда, албатта муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаол ҳаракат қилишлари, қабул қилиниши лозим деб ҳисобланадиган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини пухта, сифатли тайёрлашлари, асослантиришлари ва белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишлари керак бўлади.

Муаллиф: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маъсул ходими Музаффар Махмадаминов

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ