1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Фарғонача палов (Ўзбекистон)

Кубик шаклида тўрғалган қўй думбасини эритиб, жиззасини оласиз. Кейин қаттиқ қиздирилган ёғга гўшти олинган кичикроқ суяк ташлаб, қизил-қўнғир рангга киргунча қовурасиз. Кейин уни олиб ташлаб, аввал гўшт бўлакларини, кейин парракланган пиёзни, буларни бироз қовуриб олгандан кейин сомон шаклида майдаланган сабзини ташлайсиз. Уларни қовуриш жараёнида тузини ростлайсиз, зира, зирк, кашнич каби зираворларни ташлайсиз. Бироз сув қуйиб, яхшилаб қайнатгач, тозалаб-ювилган гурунчни ташлайсиз. Сўнгра гурунчни кўмгудай сув қуйиб, сувини тортгач, 20-30 дақиқага дамлаб қўясиз. Дастурхонга турли салатлар ва сирка билан тортилади.
Масаллиқ: 500 грамм қўй гўшти, 500 г гурунч, 120 г қўй думбаси, 250 г сабзи, 3 та пиёз, бир ош қошиғида зираворлар мажмуи ва туз.

Каватокдан голубси (Озарбойжон)

Майда тўрғалган пиёзни ўсимлик мойида қовурасиз, унга бодом мағзини қўшиб яна бир дақиқача димлагандан сўнг унга гўшт, гурунч, ялпиз, туз, қалампир, долчин қўшиб бир қовуриб оласиз. Ток баргини бир дақиқага қайноқ сувга соласиз. Кейин уни ёзиб, тайёрлаган қиймангиздан бир ош қошиғида солиб чиқасиз. Уни ўраб чиқсангиз, бармоқ катталигидаги қувурча шаклига киради. Қайнатганда очилиб кетмаслиги учун уни ип билан ўраб қўйса ҳам бўлади. Кастрюлкани оловга қўйиб, голубсиларни кўмгудай сув қуясиз ва қопқоғи ёпиқ ҳолда 25 дақиқача қайнатасиз.
Масаллиқ: 300 грамм юмшатилган мол гўшти, 30 дона ёш ток барги, битта каттароқ пиёз, 6 та ош қошиғида хом гурунч, 4 та ош қошиғида майдаланган бодом мағзи, 3 та ош қошиғида ўсимлик мойи, бир чимдим майдаланган ялпиз (ҳўл ёки қуруғи), бир чимдимдан долчин, туз, қалампир.

Мандаринли балиқ (Малайзия)

Ёғда петрушка кўкатини бир-икки айлантириб оласиз. Балиқ тилимларига лимон шарбати томизиб чиқасиз, туз-қалампирини ростлаб, петрушка устига қўясиз. Кейин устидан мандарин парраклари терилиб, 25 дақиқа духовкага қўйиб пиширилади.
Масаллиқ: 300 грамм балиқ гўшти, 75 г ёғ, уч дона мандарин, лимон шарбати, петрушка кўкати, туз-қалампир.

 

Пишлоқли гўшт (Тунис)

Гўшт ва пиёзни майдалайсиз ва туз-қалампир сепиб, товада бироз сариёғ билан қовуриб оласиз. Тухумни сувда пиширасиз, қирғичдан ўтказиб, унга пишлоқ ва қовурган гўштингизни қўшасиз. Сўнгра хамир қориб, бир соатча тиндирасиз. Кейин хамирни ёйиб, 10 см.ли доирачалар кесиб оласиз. Уларга масаллиқ солиб, тугасиз. Фритюрда (ясси қозонда) қовурасиз ёки духовкада пиширасиз.
Масаллиқ: 200 грамм мол гўшти, битта пиёз, туз, янчилган мурч, қирилган пишлоқ, бир чой қошиқда сариёғ, иккита тухум, фритюр учун ўсимлик мойи. Хамирга 400 грамм ун, 100 г сариёғ, битта тухум, бир стакан сув, туз кетади.

Тамийя (Арабистон)

Бу овқатни тайёрлашдан олдин ивитиб қўйилган фасолни олдиндан парраклаб кесиб, ўсимлик мойида қовуриб олинган пиёз, саримсоқ ва майда тўрғалган петрушка билан яхшилаб мижғийсиз. Сўнг буларнинг ҳаммасига тухум аралаштириб, тузини ростлайсиз, янчилган қора мурч ва қалампир қўшасиз. Тайёр бўлган массадан ёнғоқ катталигида шариклар ясайсиз ва уларни қизитилган ўсимлик ёғида бронза тусга киргунича қовурасиз. Бу таом помидор ва лабан (йогурт) дан тайёрланган салат билан тортилади.

Масаллиқ: 150 грамм фасол, 80 г пиёз, 10 г ўсимлик мойи, 5 г саримсоқ, 30 г петрушка, бир дона тухум, янчилган қора мурч ва қизил қалампир, туз.

 

 

Ҳозир сайтимизда 140 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ