1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Бақлажонли гўшт (Сомали)

Кубик шаклида тўрғалган гўштни унга белаб, қиздирилган ёғда ҳамма томонини қизартириб қовурасиз. Гўштни ёғдан олиб, унда энди пиёз, саримсоқни қовурасиз, айни пайтда унга томат соуси, сув, зираворлар қўшасиз. Бунга гўштни қўшиб, бир-бир ярим соат димлаб қўясиз. Кейин кубик шаклида кесилган бақлажон қўшиб, ҳаммасини тайёр бўлгунча димлайсиз.
Масаллиқ: 1 кило бузоқ гўшти, 3 та ош қошиғида зайтун ёғи, 2 та пиёз, 1 стакан томат соуси, 2 чой қошиғида ун, 1 та саримсоқ бўлаги, 1 стакан сув, 2 та бақлажон, қалампир, орегано.

Товуқ жигари (Индонезия)

Бир бош қалампирни парраклаб, майин тўрғалган пиёз билан аралаштирилади. Кейин уни ўсимлик мойида бироз қовуриб оласиз. Товуқ жигарини майда бўлаклаб, доимо айлантирган ҳолда кучли оловда қовурасиз. Уни пиёз-қалампир аралашмаси билан безатиб, тузини ростлайсиз ва сливка қўшиб дастурхонга тортасиз.
Масаллиқ: 400 грамм товуқ жигари, 300 г пиёз, 100 г сливка, ўсимлик мойи, қалампир ва туз.

 

 

 

Балиқ тэбеси (Татаристон)

Бу таом майда дарё балиғидан тайёрланади. Балиқни тозалайсиз ва ювасиз, кейин дуршлагдаги балиқни тузлайсиз ва қалампир сепасиз. Қиздирилган ёғда қизаргунча пиширасиз, сўнгра унга тухум ва сутдан тайёрланган аралашма қуясиз. Кейин духовкада 15-20 дақиқа ушлаб турасиз.
Масаллиқ: 500 грамм балиқ, 4 та тухум, 40 г доғланган ёғ, 100 г сут, қалампир, туз.

Ажабсанда (Осиё халқлари таоми)

Асосан буғда пишириладиган бу таом учун катта ва кичик ҳажмли иккита идиш (қозон ёки кастрюлка) керак бўлади. Картошкани арчиб, бир сантиметрли кубик шаклида тўғрайсиз. Сабзини эса худди паловга тўғрагандек сомон шаклида, помидорни тилик-тилик ёки паррак-паррак, пиёзни халқачалар шаклида тўғрайсиз. Саримсоқ доналарга ажратилади. Гўшт билан ёғ бош бармоқнинг биринчи бўғими катталигида майдаланади. Аччиқ ва чучук қалампирларни майда тўрғаб, қирқилган кашнич билан укропга аралаштириб қўясиз.
Энди кичик идишнинг ичига бир қатлам қилиб картошкани соласиз, унинг ўзига лойиқ туз, мурч ва майдалаб қўйилган ошкўклардан сепинг. Иккинчи қатламга сабзини соласиз, унинг ҳам туз-намагини ростлайсиз. Ўчинчи қатламга помидор бўлакларини соласиз-да, унга ҳам  кўкатлардан ва туз сепасиз. Тўртинчи қатламда пиёз, бешинчисида саримсоқ, олтинчи қатламда эса гўшт билан эритилмаган ёғ бўлади.
Кичик идишни катта идиш ичига ўрнатасиз, идишлар орасидаги бўшлиқ жойга сув қуясиз. Таом шу сувнинг буғида пишади. Сувни кичик идиши лабидан анча пастроқ сатҳга қуйинг, шарақлаб қайнаганда масаллиқ ичига тушмайдиган бўлсин.
Кичик идишнинг оғзи очиқ ҳолда, катта идишнинг қопқоғини жипс қилиб ёпиб, оловга қўясиз. Идиш доим ёпиқ тургани учун баъзи дармондорилар ва ифори мойлар учиб кетмайди, нобуд бўлмайди, шу сабабли бу таом ғоят тотли ва фойдали бўлади.
Пишиш муддати икки соат. Агар суви камайиб қолса, бемалол очиб, оралиқ жойга қайноқ сув қуйишингиз мумкин. Ажабсанда қанча узоқ қайнаса (масалан беш соатгача), шунча лаззатли бўлаверади. Бу таом ортиқча вақт олмайди, бордию меҳмонингиз кечикса ҳам ҳар қанча оловда тураверади. Таом косаларга сузиб, дастурхонга тортилади. Бунда косага ҳамма масаллиқдан баравар тушишига эътибор беринг.
Масаллиқ: 500 грамм қўй гўшти, 150 г қўй думбаси ёки чавриси, 5 дона картошка, 5 дона пиёз, 4 дона помидор, 3 дона сабзи,  бир бош саримсоқ, укроп, кашнич каби кўкатлар, 1-2 бошдан аччиқ ва чучук қалампир, туз.

Арабча шўрва (Арабистон)

Помидор ва сувда қайнатилган гурунчдан алоҳида пюре тайёрлаб олинади. Уни элакдан ўтказиб, олдиндан тайёрланган оқ соусга аралаштирилади. Кейин унга пўсти ва уруғи тозаланган ҳамда сомон шаклида кесилган ширин қалампир ташланади. Шўрвага сариёғ, сливка, тухум сариғи қўшиб қайнатилади ва туз сепилади.
Масаллиқ: 80 грамм помидор, 30 г гурунч, 250 г оқ соус, 40 г ширин қалампир (бутуни), 40 граммдан сливка, тухум сариғи, 10 г сариёғ, туз.

Ҳозир сайтимизда 169 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ