1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Чекувчилар учун

ТИББИЙ ХУЛОСА: 15 ЁШЛИ КАШАНДА ҚИЗ...

ёхуд чекишнинг ташқи ҳамда ички хавфи ҳақида бир неча оғиз сўз

Ичкиликка муккасидан кетаётганлардан чекувчилар ҳам сира ортда қолаётгани йўқ. Орамизда чекиш у қадар катта бахтсизлик келтирмайди, дегувчилар ҳам топилади, албатта. Майли, ўз саломатлиги билан ўзи ҳисоблашадиганлар яна бир бор диққатингизни қаратсангиз, фойдадан холи бўлмас...

“Энг осон нарса – бу чекишни ташлаш” (Марк Твен)

СТАТИСТИКА: қайд остидаги зарар

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 5 миллионга яқин киши тамаки чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли вафот этади. Аксарият ҳолларда буларнинг ярмини 35 дан 69 ёшгача бўлган одамлар ташкил этади. Бу кўрсаткич сил, ОИТС ва безгак касалликлари сабабли жами вафот этганлардан ҳам кўпроқ. Ташкилот мутахассисларининг ташвишланиб таъкидлашича, кашандалар сони тобора ортмоқда ва шу тахлит давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб чекиш қурбонлари сони йилига 10 миллионни ташкил этиши мумкин. 2030 йилга бориб эса чекиш бевақт ўлимнинг энг асосий сабабларидан бирига айланади ва барча ўлимларнинг 10 фоизига яқинини ташкил этиш эҳтимоли бор..

ЎЗБЕКИСТОНДА-ЧИ?..

Афсуски, чекувчилар сони юртимизда ҳам ортмоқда. Айниқса, ўсмирлар ва ёш аёлларнинг ҳам тамакига ружу қўяётгани ачинарли ҳолдир. Республика саломатлик ва тиббий статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. 2020 йилга бориб эса бу рақам икки бараварга ортиши мумкин.
Тадқиқотлар натижасидан...
•    Юртимиздаги жами эркакларнинг 23 фоизи ва аёлларнинг 1 фоизи чекувчилардир.
•    Кашандалар айниқса, шаҳарларда кўп.
•    Чекувчи эркакларнинг асосий қисми 25-29 ёшда,
•    Аёллар орасида 15-19 ёшли қизлар орасида чекувчилар куп.
•    Чекувчи эркакларнинг 47 фоизи кунига 5-20 дона сигарет чекади.

ТИББИЙ ХУЛОСА

Тамаки тутунида 4000 дан зиёд кимёвий унсурлар мавжуд. Шуларнинг 43 дан ортиғи ўсма касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлса, 400 дан ортиғи токсик (заҳарли) моддалар ҳисобланади. Текширувларда аниқланишича, ўпка саратонига чалинганларнинг 90 фоизи кашандалардир. Шунингдек, чекувчилар орасида нафас аъзолари ва юрак-қон томир касалликлари ҳам кўп учрайди.
Тамаки тутуни сузиб юрган хонада бир соат қолиш 4 та сигарета чекилгандаги заҳарланишга тенг!
Шунингдек, тамаки чекилиб, чекувчи тутунни ичига тортаётган вақтида унинг учидаги ҳарорат 600 градусгача етади. Чекканда нафас йўлларига тахминан 6 мг соғлиқ учун зарарли ва хавфли бўлган моддалар тушади.

ФАКТ: Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 700 миллион, яъни жаҳондаги болаларнинг қарийб ярми иккиламчи тутун таъсири остидадир. Бу эса болаларда респиратор касалликлар, пневмония, астма келиб чиқиш эҳтимолини кучайтиради. Тамаки тутуни таъсирида бош оғриғи, кўз конъюнктивасининг зарарланиши, бош айланиши, йўтал, томоқ қичиши, кўнгил айниши каби ҳолатлар келиб чиқади.

СИГАРЕТА УМРНИ ҚАНЧАГА ҚИСҚАРТИРАДИ?

Америкалик олимларнинг таъкидлашича, битта сигарета умрни 5,5 дақиқага қисқартиради.
Касалликлар назорати ва олдини олиш маркази мутахассислари маълумотига кўра, ўртача кашанда кунига 14-18 дона сигарета чекади ва шу туфайли умрининг 13-14 йилидан мосуво бўлади.
Одатда, битта сигаретада 8-9 мг никотин бўлади, сигараларда эса 100-200 мг.гача етади. Бешта сигаретадаги никотин одамни ўлдиришга етади, лекин заҳарли модданинг асосий қисми чекиш пайтида ёниб кетгани учун одам организмига тушмайди.

КЎЗИНГИЗНИ “ОКУЛИСТ”ДАН АСРАНГ!

Унинг аломатлари: Нигоҳларда толиқиш, кўз атрофи қизаради, кўз олдингизда енгилгина туман қопланади, кўз сабабсиз ёшланади, у ачишиб, худди қум тиқилгандек ҳолатни ҳис этасиз, киприк қоқишингиз тезлашган, нарсалар иккита кўриняпти, кўз ва унинг атрофида тез-тез оғриқ қўзғалади, мужгонларингизда оғирлик сезиляпти, нарсаларни кўришда мўлжалдан адашиб кетяпсиз...
Айтингчи, шу ҳолатда ўзингизни рулда тасаввур қила оласизми???
Ушбу аломатларнинг икки ёки учтасини ўзингизда сезаётган бўлсангиз, демак кўзингизнинг толиқиши ўрта даражада. Бироқ бу аломатлар тўртта ёки ундан ортиқ бўлса, кўзингизнинг толиқиши хроник тус олган ва бу ҳолатда сизга фақатгина тезда чекишдан воз кечишингиз ҳамда мутахассис шифокорга учрашишингизни маслаҳат берамиз.

ХОРИЖ ТАДҚИҚОТИДАН

Ҳозирда чекиш муаммоси кўпроқ дунёдаги ривожланишнинг энг баланд нуқтасига етган мамлакатлар аҳолисини ташвишга солмоқда. Чунки аксарият хориж давлатларида ҳатто мактабнинг биринчи синфига ҳали қадам қўймаган болалар ҳам айрим “билағон” катта ёшли кашандалар томонидан ўргатилмоқда. Шунинг учун ҳам бу давлатлар бугунги кунда ўз қонунлари орқали бу ҳолатга қарши курашмоқдалар. Германияда чекувчиларнинг сони кескин тушиб кетишига сабаб, белгиланмаган жойларда чекилса, катта миқдордаги жаримага тортилиши бўлса, АҚШ да эса ҳар қандай қонун-қоидаларга ҳам қарамасдан, чекувчиларнинг сони барқарорликни сақлаб турибди...
Экспертлар хулосасидан кўчирма: Дунё олимларининг сўнгги тадқиқотлари натижасига кўра, битта машинадан чиқаётган заҳарли тутундан кўра, сигарета тутунидан инсоннинг зарарланиши беш марта кўпроқ.

ЧЕКИШНИ ТАШЛАЙ ОЛАСИЗМИ?

Бу савол кўпчилик кашандаларни ҳам қийнаб, ҳам қизиқтириб келади. Аммо чекишни ташлаш осон эмас. Бунинг учун аввало, мустаҳкам ирода зарур, қолаверса кашандаликка қай даражада боғланиб қолганлик ҳам муҳимдир.

- Сигаретадан яхшиси, аста-секин эмас, бирданига воз кечинг.
- Чекишни ташлашга қарор қилгач, чекиладиган жойларда камроқ бўлинг.
- Ўзингизни овутинг, масалан, спорт машғулотлари билан шуғулланинг.
- Бир ой давомида спиртли ичимликлар ва қаҳва ичмасликка ҳаракат қилинг, чунки улар чекишга иштиёқ уйғотар экан.

ЧЕКИШ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

•    Янги Зеландияда умумий жойларда чекиш таъқиқланганидан сўнг, охирги чекилган сигарет қолдиғи Интернет аукционда 5300 долларга сотилган.
•    Дунёда тамаки тобелигидан тузалишнинг 120 тури мавжуд (амалда эса фақатгина 40 га яқин тури ишлатилади).
•    1588 йилда Виржинияда яшовчи Томас Харриет организмни умумий соғломлаштириш сифатида ҳар кунлик чекишни тарғибот қилган. Афсуски, унинг ўзи маълум вақт ўтгач, бурун ракидан оламдан ўтган.
•    Бир пайтлар Мальборо сигаретининг рекламаси бўларди: от устида ковбой, оғзида Мальбро сигарети. Сўнгги маълумотларга кўра, реклама қаҳрамони чекиш туфайли ўпка саратонига учраб, сигарет компаниясини судга беради. Ундирилган бир неча минг доллар товон пули ҳам бечорани сақлаб қололмайди.
•    95 фоиз чекувчилар миокард инфарктини бошдан ўтказганларидан сўнг, шу заҳоти чекишни ташлайдилар. Ҳеч қандай лекция ва тарғиботларнинг ҳожати йўқ, касаллар бунга ўзлари қарор қиладилар.

СЎНГГИ СЎЗ

Британиялик миллионер ишбилармон, "Virgin Atlantic" ҳаво ширкати ва "Virgin Trains" темир йўл ширкати соҳиби Ричард Брэнсон: "Мен ўз фарзандларим ва набираларим келажакка эга бўлишларини хоҳлайман, вақт зиқ ва бундан буёғига кутиб тура олмаймиз", деганди. Бундан юз йил кейин ҳам “тоза ҳаво” деган сўз муомаладан чиқиб кетмаслиги учун нима қилиш керак?.. Бу саволга сиз ҳам ўзингизча жавоб топиб кўринг-чи.
Бугун экология долзарб муаммога айланган бир вақтда бизнинг ҳар қандай хатоимиз келажак авлодлар олдидаги сўроғимизнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, хулосалар ҳар доим ҳам бизнинг фойдамизга ҳал бўлавермайди. Инсон учун соғликнинг ўзи энг буюк мўъжиза эканлигини англаганлар эса бунга бефарқ бўлмас, деган умиддамиз. Хулоса чиқарилди, саҳифалар ёпилди. Ортиқ сўзга ҳожат йўқ. Сизда-чи?..

Сарвар Сафаров тайёрлади

Бола таомномасидаги биринчи мева

Ибн Сино Тиб қонунларида айтади:
“Ҳар куни ётишдан олдин бир дона олма ейиш юракни бақувват қилади”.

Олма  болажонларнинг севимли меваларидан бири бўлиб, уни ҳар бир фаслда севиб тановвул қилишлари мумкин. Ушбу мева таркибидаги бир қанча дармондорилар болажонларнинг жажжи танаси учун муҳим озуқа саналади. Хуштаъм мазаси ва зарур озуқавий қувватга эга бўлган олма ҳақида нималарни биламиз? Фарзандингиз таомномасига кундалик олма тановвули, олма шарбати ва шунга ўхшаш олмали егуликларни қўшганмисиз? Бугун биз сиз билан ана шулар ҳақида гаплашамиз.
Энг мазали ва дармондорига бой мевалар офтоб тиғи остида қизариб пишганида экан. Олма таркибида В1, В2, В6, С, К, Р, Е, фолий кислота, каротин, калий, кальций, фосфор, йод, пектин, сахароза, темир ва органик кислоталар мавжуд. Таркибидаги темир моддаси эса камқонликда гемоглобин миқдорини оширишда ёрдам беради. Танадаги ортиқча холестеринни камайтиради. Шунингдек, овқат ҳазмини яхшилаб, ичак микрофлорасини тиклайди.
Олманинг қуритилгани эса глюкозага бой бўлиб, бир қанча микроэлементлар мажмуасидан иборатдир. Қуритилган олма ўзида фойдалилик хусусиятини сақлаб, бир қанча микроэлементларга тўйинган бўлади. У нафақат фойдали  балки мазали ҳамдир. Болажонларнинг милк ва тишлари учун ҳам олма ниҳоятда фойдали бўлиб, бу уларнинг тиш ва эмаль қавати мустаҳкамлигини таъминлайди. Олмадаги пектин моддаси эса организмдан токсинларни ҳайдайди. Клетчатка боланинг ичини равон келтиради.
Эмизикли болаларга олма шарбатини дастлаб 1 томчидан бошлаш лозим. Секин-аста бу миқдор кўпайтириб борилади. Чақалоқ 3 ойлик бўлганида буни амалга ошириш мумкин. Бу билан камқонликни олди олинади. Олма шарбати бола  организмида ҳеч қандай реактив ҳаракатни юзага келтирмайди. 6 ойлик болаларга олмани қирғичдан чиқариб пюре кўринишида бериш мумкин.  2-3 ёшга тўлган болакай мустақил равишда ўзи олмани ея олади. Катта ёшдаги болалар ҳар куни 1 стакан олма шарбати ичишлари лозим. Агарда бола қорин оғриғи ёки дисбактериоз билан оғриётган бўлса бу пайтда унга олма шарбатини вақтинча бермай турган маъқул.
Олмани турли хил кўринишда истеъмол қилиш мумкин. Хоҳ қуритилгани бўлсин ёки олма  пюреси, шарбат, мураббо кўринишида бўлмасин буларнинг бари болажонлар учун ниҳоятда фойдали. Уни фойдалилигини янада ошириш мақсадида творог ёки йогурт ичига қўшиб  бериш мумкин.
Ҳар куни бир дона олма ейиш юракка қувват бағишлаб, ични равон келтиради. Олмани кўп тановвул қилиш инсонни ёшартиради. Сабаби олма таркибидаги бир қанча антиоксидант моддалар танамиздаги радикал токсин моддаларни тозалайди. Бу эса организмни ёшаришига олиб келади.
Шундай экан, бу мева ёшу-қари саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир. Организмни керакли дармондорилар билан таъминлайди. Эмизикли ва ёши катта инсонларда камқонликни даволашда ҳам олманинг ўрни беқиёсдир.

Наргиза Угламова тайёрлади

Ялпиз чой бош оғриғини қолдиради

Ялпиз таркиби эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, глюкоза, рутин, С дармондориси ва яна бир қатор фойдали моддаларга бой.
Унинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатмаси тиш оғриғи, оғиз караши, милк яллиғланишини даволаш учун тавсия қилинади. Ялпиз қайнатмасига қанд қўшиб тайёрланган қиёми қуёнчиқ хасталигига, ўсимлик шираси эса шақиқа ва сариқ касалига қарши жуда фойдали. Ялпиз кўкракни юмшатиб, балғамни кўчиради. Нафас йўли касалликларини олдини олишда кенг қўлланади.
Ялпиздан қайнатма тайёрлаш учун 5-20 грамм ялпиз япроғи 200 грамм сувда 15 дақиқа қайнатилади. Сўнг дока орқали сиздириб, шарбати кунига 2 маҳал овқатдан олдин ичилади.
Ялпизли суртма малҳам шиш ва оғриқдан ҳоли қилувчи воситадир. Бунинг учун 200 грамм миқдорида ялпиз гулидан олиб, шиша идишга солинади ва унга 400 грамм зайтун ёғи қўшилади. Идиш оғзи оқ мум билан зичлаб беркитилади. Сўнг уни 40 кун қуёш кури тушиб турадиган жойга қўйилади.
Ялпиз чой бир қанча касалликларни даволашда қўлланади. Гипертония, атеросклероз, стенокардия, невроз, уйқусизлик, ошқозон ва ичак касалликларида ялпиз чой фойдалидир.  Шунингдек, асабларни тинчлантириб, бош оғриғини қолдиради. Эрталаб ичилган бир пиёла ялпиз чой кун давомида инсонга тетиклик бағишлайди. Уйқудан олдин ичилса чарчоқларни ёзиб, яхши дам олишни таъминлайди. Ялпиз таркибидаги ментол моддаси артериал қон босимини туширишда ёрдам беради. Турли ичак касалликларида, шамоллаш ва гриппни даволашда ҳам ялпиз чойнинг фойдаси кўп. Тиббиётда ялпиз баргларидан асаб тизимини тинчлантиришда бир қатор дори воситалари тайёрланади.
Ибн Сино ялпиз билан ичак оғриқларини даволаган. У ялпизни овқат ҳазм бўлишини яхшиловчи, гижжа ҳайдовчи, қон тўхтатувчи, қайт қилишни қолдирувчи восита сифатида тавсия этган. Халқ табобати амалиётида ялпизли қайнатма истисқо, қўтир, бод, сариқ, ширинча, шамоллаш, йўтал ва бошқа касалликларни даволашда яхши фойда бериши аниқланган. Ялпиздан баҳорда кўкатли сомса, манти, чучвара ва бошқа таомлар тайёрланиши инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Наргиза Угламова тайёрлади

Иммунитетни оширувчи сабзи шарбати

Сабзи шарбати ўзининг ширин таъми билан бошқа сабзавотли шарбатлардан ажралиб туради. У витаминларга бой бўлиб, инсон организмини А дармондориси билан етарли миқдорда таъминлайди. Сабзи шарбатининг ноёб хусусиятларидан бири шундаки, у бир қанча касалликларни даволашда ёрдам беради. Булардан бири, атеросклероз, бўқоқ, миокард инфаркти, буйракда туз йиғилиши ва дерматит, экзема ва бошқа касалликларни даволашда кони фойда.
Шунингдек, иштаҳани очиб, иммунитетни мустаҳкамлайди, кўриш қобилиятини оширади, жигар, буйрак, бўқоқ ва тери касалликларида сабзи шарбати фойдалидир. Сабзи шарбати ёшлик эликсири деб ҳам номланади. Ҳафтада икки маротаба сабзи шарбати истеъмол қилиш, организмни инфекцияларга қарши ҳимоя кучини оширади, иштаҳани яхшилаб, кўриш қобилиятини маромига келтиради. Терини таранглаштириб, рангни тиниқлаштиради.
Таркибида бир қанча микроэлементлар, бета-каротин, В гуруҳга мансуб витаминлар, флавоноид, ферментлар, минерал туз, калий, магний, цинка, йод, барий мавжуд. Шу билан бирга, сабзи таркибидаги А дармондориси организмни касалликларга қарши ҳимоя кучини оширади. 
Сабзи шарбатини ёш болаларга бериш мумкинми? Шу каби саволлар ёш оналарни қизиқтириши табиий. Шифокорларнинг таъкидлашича, гўдак учун сабзи шарбати ниҳоятда фойдали бўлиб, боланинг суяк тизими ривожланишига ижобий таъсир қилар экан. Сабзи таркибидаги Д витамини бола суякларини ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди.
Агар фарзандингизга сабзи шарбатининг таъми ёқмаса, ундай ҳолда сабзи билан олма шарбатини аралаштириб беринг. Шунда таъм уйғунлиги фарзандингизга ёқиши шубҳасиз.

Наргиза Угламова
тайёрлади

Тиббий кўрик мажбурийми?

Никоҳ — ҳар бир кишининг ҳаётидаги бахтли кунларидан бири. Аммо келин-куёвларнинг келажакда ҳам бахтли турмуш кечиришлари кўп жиҳатдан уларнинг саломатлигига боғлиқ. Никоҳдан ўтишда тиббий кўрикнинг жорий этилиши эса рўй бериши мумкин бўлган турли кўнгилсизликлар, туғиладиган болаларнинг ирсий ва туғма касалликларга чалиниш ҳолатларининг ҳам олдини олишда муҳимдир. Аммо айримларнинг беэътиборлиги ва жорий қилинган қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида янги-янги оилаларнинг бузилиб кетаётганига дуч келяпмиз. Таҳририятимизга келган бир қанча мурожаатлардан сўнг шу мавзуга қўл урдик...

ТИББИЙ КЎРИК МАЖБУРИЙ
Яқинда тўйим бўлади. Олдиндан ФҲДЁга никоҳдан ўтиш учун ариза берганимизда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма беришди ва бунинг мажбурий эканлигини айтишди. Шу тўғрими?
Ш.Б. Қўқон шаҳри
“Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан фуқаролигидан қатъи назар, ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга тиббий кўрик жорий этилади. 50 ёшдан катталарнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш бундан мустасно. Улар учун тиббий кўрик фақат ўзларининг розилигига кўра ўтказилади.

ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Тиббий кўрикдан ўтиш тартиби қандай бўлади? Ҳар бир киши ўзи истаган жойдаги тиббиёт муассасаларида кўрикдан ўтиши мумкинми?
А. Қодиров, Урганч
Кўрикдан ўтаётган ҳар бир одамга ўзи яшайдиган ҳудуддаги тиббиёт муассасасида алоҳида тиббиёт картаси юритилади. Унда тиббий кўрикдан ўтаётган одамнинг паспортидаги барча маълумотлар ва текшириш натижалари тўлиқ акс эттирилади.
Агар сиз олдиндан муайян бир тиббиёт муассасасига бириктирилган бўлсангиз, албатта мазкур муассасада кўрикдан ўтишингиз мумкин.

ТАКРОРАН ЎТИШ МУМКИНМИ?
Агар тиббий кўрик натижалари қониқтирмаса ёки унга шубҳа туғилса, такроран тиббий кўрикдан ўтиш мумкинми?
Б. Комилова, Тошкент шаҳри
Агар сиз ўзингиз яшайдиган туман ёки шаҳрингиздаги тиббиёт муассасасининг даволаш-маслаҳат комиссияси томонидан берилган хулосага рози бўлмасангиз, такроран тиббий кўрик вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида ўтказилади.

ЎТКАЗИШ МУДДАТИ ҚАНЧА?
Айрим тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтиш жуда чўзилиб кетади. Тиббий кўрикдан ўтказиш муддати ҳақида маълумот берсангиз.
К. Алимов, Бухоро шаҳри
Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахслар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.

ХАРАЖАТИ-ЧИ?!
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш харажатлари қанча, бу пулни қайси томон тўлаши керак?
А. Очилова, Гулистон шаҳри
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ФҲДЁ органи томонидан берилган йўлланма асосида ҳар бир тиббиёт муассасасида (уларнинг яшаш жойидаги психиатр врачлар, наркологлар, фтизиатрлар, тери-таносил касалликлари диспансерлари) бепул амалга оширилади.

“ЧЕТ ЭЛЛИККА ТУРМУШГА ЧИҚЯПМАН...”
Мен қўшни республикалик қариндошимизга турмушга чиқяпман. Чет эл фуқаролари билан никоҳланувчилар ҳам тиббий кўрикдан ўтишлари шартми?
С. Нодирова, Самарқанд вилояти
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

НАТИЖА ИЖОБИЙ БЎЛМАСА...
Агар никоҳдан ўтаётган шахсларнинг тиббий кўрик натижалари ижобий чиқмаса, қандай йўл тутилади?
А. Аҳмедов, Қарши шаҳри
Аввало ФҲДЁ органлари никоҳни қайд этишда никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ва уларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Никоҳланувчи шахслар эса никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томонни тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши шарт.
Агар уларнинг бирида дарҳол даволанишни талаб этадиган бирор бир касаллик аниқланган тақдирда, тегишли даволаш муассасасига йўналтирилади.

ҚАМОҚДАГИЛАР ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛАДИМИ?

Озодликдан маҳрум этилганларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби қандай бўлади?
Ш. Мамедов, Навоий вилояти
Уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасаларида ўтказилади.

“Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом асосида
Сарвар САФАРОВ тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ