1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Дори ичмай соғлом бўлиш сирлари

ёхуд спортчи келинлар дастидан дод деманг...

Аёл бир қўлида бешик, иккинчи қўли билан дунёни тебратади деган нақл бежиз айтилмаган. Шундай бўлса-да, умрининг тенг ярми, балки ундан ҳам кўпроғини оиладаги, ишдаги юмушлари, фарзандларига бағишлаган аёлларимиз ўзи учун ҳам қайғуришни билиши керак. Шу боис юртимизда барча соҳаларда аёлларимизнинг ўрни мустаҳкамланишига берилаётган эътибор сингари спортни ҳам улар ўртасида оммалаштириш масаласи ҳар доим кун тартибида. Бу ҳам бежиз эмас албатта...

МОЗИЙГА ҚАЙТИБ...

Тарихдан маълумки, ўзбек аёли нафақат юртимиз, балки башарият тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Беруний, Имом Ал Бухорий, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек каби юзлаб боболаримизни ҳам шу замин аёллари камолга етказган. Қолаверса, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсийдек аждодларимиз ҳам шу тупроқ фарзандлари...

ДОРИ ИЧМАЙ, СОҒ БЎЛИНГ

Юрт учун соғлом авлодни камолга етказар экан, аввало аёлнинг ўзи соғлом бўлиши керак. Спорт эса шифохоналар, жарроҳлар, дори-дармонларсиз соғлом ҳаёт дегани. Спорт билан шуғулланган аёл жисмонан чиниқиш билан бирга руҳан юксалади, унда ўз имкониятларига нисбатаи ишонч туйғуси шаклланади. Қизларимизнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат соғлиги, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланиши, гўзаллиги, юриш-туришида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса уларнинг мана шундай соғлом бўлиб улғайиши эртага дунёга келадиган фарзандларининг ҳам соғлигини кафолатлайди.

МАЪЛУМОТ: Соғлом болалар кўпаймоқда
Статиктикага кўра, кейинги уч йилда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган қиз болалар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар 24,1 фоиздан қарийб 32 фоизга, мутлақ соғлом болалар кўрсаткичи эса 52,7 фоиздан 63 фоизга ўсган. Сурункали касалликларга чалинган болалар сони кескин камайди. Ўғил ва қиз болаларнинг ўртача бўйи ва вазни ошмоқда. Ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар орасида ҳам хизматга лойиқ деб топилганлар сезиларли даражада ортган.

ЎЗБЕК СПОРТИНИНГ ШУҲРАТИ

Сўнгги йилларда юртимизда минглаб халқаро стандартларга мос спорт мажмуалари қад кўтараётганлиги, спортчиларимиз қўлга киритаётган юксак натижалар, қолаверса, энг нуфузли мусобақаларнинг ҳам бизда ўтказилаётганига бугун барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, энг чекка қишлоқ ҳудудларимизда ҳам спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ФАН ЭДИ

Машраб Маматов, ўқитувчи: Бундан йигирма йил олдинги оддийгина мактаб спортини олайлик. Жисмоний тарбия дарслари номигагина ўтказиларди. Бу фанларга иккинчи даражали фан, деб қараганмиз. Чунки машғулот ўтиш учун шароитни қўяйлик, оддий спорт жиҳозлари ҳам бўлмаганлиги кечагидек ёдимда. Бугунчи, вазият бутунлай ўзгарди. Юртимизда спортга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Олис қишлоқларда ҳам бир-биридан шинам замонавий спорт иншоотлари қад ростлади. Бунда минглаб ўғил-қизларимиз ўзлари хоҳлаган спорт турлари бўйича шуғулланаётгани ҳар қандай кишининг кўнглини фахрга тўлдиради.

Расмий маълумотларга кўра:
1991 йилда республика халқ таълими тизимидаги барча спорт иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларининг сони 5490 тани ташкил қилган бўлса, 2011 йилга келиб эса 7777 тани ташкил қилган.
1991 йилда спорт билан шуғулланувчи болалар сони 199 626 нафар (улардан 72 326 нафари қизлар)ни ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 1 615 103 нафар (улардан 703 177 нафари қизлар)ни ташкил қилган.
Бугунги кунда барча спорт иншоотларида спортга жалб этилган қизлар сони: 1 млн. 797 минг 446 нафарни, шундан мунтазам шуғуланаётганлари 562 минг 716 нафарни ташкил этади. Спорт билан шуғулланаётган аёлларнинг умумий сони эса 1,9 млн нафарни, шундан мунтазам шуғулланаётганлар 680,4 минг нафар.

ҚИЗЛАР НЕГА УЯЛАДИ?

Келтирилган маълумотлар бугунги кунда спортни ўз ҳаётининг бир бўлагига айлантирган аёлларимиз сафидан мисол эди, холос. Энди танганинг орқа томонига бир назар ташласак.
Маълумки, Шарқ аёлларининг барчасига хос бўлган бир умумийлик бор: бу ҳам бўлса, ибо-ҳаё ёки тортинчоқлик. Шу боисданми, айрим аёлларимиз, қизларимиз эса спорт билан астойдил шуғулланишни ўзларига эп кўрмайдилар. Бироқ ўз қадрини, ўзи учун қайғуришни билган аёл ҳеч қачон ютқазмайди...

ОТ УСТИДАГИ КУМУШЛАР ҚАНИ?!

Ҳаммамизга маълум-у машҳур бўлган Келинлар қўзғолонида бир саҳна бор. Фармонбиби эрта тонгда гимнастика билан шуғулланаётган уч кунлик келинига кўзи тушиб, айюҳаннос солади. Кўп ўтмай ўша келин бош бўлиб барча овсинларни спорт билан шуғуллантираётганлиги учун яна қўлга тушади. Ва бунда ҳам яхши гап эшитмайди. Нега? Тўғри, шарқона тарбияни олган ўзбек қизларининг спорт кийимини кийиб, машғулот ўтадиган залларга қатнаб юриши бугун ҳам кимлар учундир эриш туюлар балки. Бироқ оддийгина от спортини олайлик: қадимда ҳам аёлларимиз от минишган. Буюк аждодимиз Бобур Мирзонинг лашкарига эргашган аёллар Ҳиндистонгача яёв бормаган. Хонзода бегим оғасининг ёнида, мардонавор от устида туришини ҳам кинотасвирлар орқали кўргандирсиз. Отабек ва Кумушнинг кимўзарга баҳс бойлашиб, от чоптиришлари ҳам тарихимизга, адабиётимизга заррача қизиққанларнинг ёдида бўлса керак. Бу фақат ўтмишдан эртакларгина эмас, ҳаётий ҳақиқат.
Қолаверса, бугунги кунда қизлар учун мўлжалланган спорт кийимлари миллий менталитетимизга мосланган, шунингдек, жисмоний тарбия дарслари ва спорт машғулотлари ҳам кўпроқ аёл мураббийлар томонидан олиб борилмоқда. Жисмоний тарбия институтлари ва факультетларига хотин-қизлар спортини ривожлантириш учун қўшимча қабуллар ажратилмоқда. Буларнинг барчаси спортнинг аёлларимизнинг ҳам ҳаётида тутган ўрни қанчалик муҳимлигини билдиради. Келинг, буни яна бир нечта ҳаётий мисоллар орқали кўриб чиқамиз.

90х60х90 БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС: СОҒЛИКНИ ЎЙЛАНГ

Масалан, оддийгина рўзғор ишларига ҳам улгурмай, хаёли турли сериаллар билан банд бўлиб, телевизор қаршисига михланадиган ёки туну-кун компьютер олдидан жилмайдиган аёлларимиз ҳам бор. Хўш, уларга бир жойда, ҳаракатсиз ўтириш қандай наф келтиради. Бу фақат семириш, ортиқча вазн ёки бошқа шунга ўхшаш муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳатто, спорт билан шуғуллансам озиб кетаман, дегувчилар ҳам бор. Айнан озиш учун спорт билан шуғулланадиганлар ҳам топилади. Аслида бунда 90х60х90 ўлчамли қоматга эга бўлиш муҳим эмас. Аввало, сиз ўз соғлигингиз учунгина қайғуринг. Семираётган бўлсангиз, соғлом одам семиради-да деб ўтиравериш нотўғри. Агар жисмоний ҳаракат камлигидан семираётган бўлсангиз, албатта спорт билан шуғулланинг. Бунинг ҳеч бир уяладиган жойи йўқ. Ахир инсон ўз соғлигига ўзи масъул. Қолаверса, хотин-қизларимиз ҳамиша гўзалликка эътибор бериб, ўзларига оро беришни хуш кўришади. Бунда ҳам сизга биринчи навбатда, турли косметик моддалар эмас, спорт ёрдам бериши аллақачон исботланган.

ҲАРАКАТ  САЛОМАТЛИК ТАЯНЧИ

Мадина Туйчибоева, шифокор: Жисмоний ҳаракат инсон танасидаги турли аъзо ва тизимларнинг ҳаётий фаоллигини меъёрлаштиради. Инсон соғлиғи унинг кафти ва оёқ ости билан боғлиқ. Ибн Синонинг ёзишича, ички аъзоларнинг бош мия билан боғлиқлиги исботланган. Серҳаракат кишилар ҳар доим соғлом ва гўзал бўладилар. Ҳеч бўлмаса, енгил жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Баъзан айрим аёлларимизда учрайдиган ортиқча хавотир ва асабийлашишдан қутулиш учун ҳам спорт машғулотлари билан шуғулланишни тавсия қиламиз.

Биласизми?
Хориж тадқиқотидан
Япон олимларининг аниқлашича, организмнинг меъёрий фаол ҳолати ва соғлигини сақлаш учун одам кунига 10000 қадам юриши лозим. Бу ўрта ҳисобда 6-7 километрни ташкил этади. Бир мисол: узоқ йиллар давомида жисмоний меҳнат одамларнинг қўл кучи ёрдамида бажарилган. XX асрдан бошлаб кишиларда ҳаракат фаоллиги камая борди. Маълум меъёрдаги ҳаракатсизлик эса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шуни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, бугун ҳаётимиздаги турли қулайликлардан ўзимизча воз кеча олмасак-да, ҳеч бўлмаса, турли спорт машғулотлари билан шуғулланиш қанчалик аҳамиятли эканини пайқаш қийин эмас.

Мутахассис маслаҳати: БОЛАНГИЗНИ СКОЛИОЗДАН АСРАНГ
Мансур Тошмуродов, шифокор: Жисмоний чиниқиш омилларидан оқилона фойдаланиш болаларда ҳам учрайдиган ҳар хил касалликларни даволашда катта ёрдам беради. Одатда, касалликнинг олдини олиш, уни даволашдан кўра анча осон. Аввало, фарзандларингизни ёшлигидан ўзи истаган турли спорт тўгаракларига қатнашишга унданг. Айниқса, оналар энди ривожланаётган ўсмир қизларга аҳамиятли бўлишлари лозим. Қизларингиз спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор беринг. Агарда қиз болада сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши) касаллиги пайдо бўлса, вояга етиб турмуш қургандан сўнг унда туғруқ жараёни қийин кечади. Бўйин ёки бел умуртқаларининг қийшайиши оқибатида букрилик ҳолати вужудга келиши ёки умуртқа поғонасининг орасига туз ва суюқликлар йиғилиши мумкин. Касалликнинг биринчи босқичида ҳам консерватив даво тайинланади. Бу даво гимнастикаси, гавдани тўғриловчи тадбирлар, сузиш кабиларни ўз ичига олади.

КИМ ҚАЙСИ ТУРИГА ҚИЗИҚМОҚДА?

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, бугун ўғил-қизлар ўртасида гимнастика ва сув спорти, футбол, баскетбол, волейбол, теннис, эркин ва юнон-рум кураши, енгил ва оғир атлетика, кураш, дзюдо, шахмат каби спорт турлари жадал оммалашмоқда.

ХУЛОСА

Киши ўйланиб қолди: айтилиши керак бўлган гапларнинг деярли ҳаммаси айтилди. Одам зоти қизиқ. Одатда унга бирор бир нарсани бу ширин, бу яхши, унинг мана бундай афзалликлари бор деб мақтайверсангиз, худди ундан узоқлашаётгандек, қизиқмаётгандек ёки меъдасига тегаётгандек бўласиз. Шу сабабдан тўғри хулосани ҳар кимнинг ўз ҳукмига ҳавола қилдик. Зеро соғлиги ўзига керак одамлар айтганларимиздан керакли хулосани чиқариб оладилар, деган умиддамиз.

Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади

...Гўзаллик — омаднинг ярми

ёхуд парфюмериядаги саломатлик кушандалари

ХХ асрнинг мода асосчиларидан бири, француз дизайнери ва тадбиркори Габриель Шанель “Аёл кишидаги гўзаллик — ОМАДнинг ярми. Атир либос кабидир, ундан фойдалана билмаган аёлларнинг келажаги йўқ” деганди. Шу боисми, ҳозирда ҳам косметика ва парфюмерия воситаларининг бозори чаққон. Аммо, ташқи гўзаллик учун хизмат қилувчи бу воситаларнинг таркибида кимёвий моддалар жуда катта миқдорни ташкил қилишини ҳамма ҳам билмаса керак...
Биласизми?
Дастлаб мода сўзи Францияда пайдо бўлган бўлса-да, аслида келиб чиқиши лотинча — ўлчов, кўриниш, усул, қоида, қолип, кўрсатма маъносини англатади.

СТАТИСТИКА

Маълумотларга кўра, канцероген (саратон келтириб чиқарувчи) модда бўлган бензапиреннинг 45 фоизи сигарета, 36 фоизи автомобиллардан чиқадиган газлардан, 16 фоизи парфюмерия, косметика ва бошқа тозаловчи маиший воситалар, ксерокопия ёки принтер кукуни ҳамда ҳашоратларга қарши моддалар, 3 фоизи саноатнинг ишлаб чиқариш тармоқлари орқали танамизга кириб, соғлиғимизга жиддий хавф туғдиради.
Уй шароитида барча воситалардан ажраладиган бензапиреннинг кунлик ўртача миқдори 110 нанограммга (учта сигарета таркибидаги миқдорга) тенг.
Косметика саноатида ишлатиладиган моддаларнинг 95 фоизи нефтдан олинади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аёл киши косметика воситаларидан фойдаланиши натижасида йил бўйи организмига 2 килодан зиёд кимёвий моддалар сингиб кетар экан. Айни пайтда косметика саноатида қўлланиладиган 70 мингга яқин моддаларнинг атиги 3 минги Европада расман тан олинган.

ТИББИЙ ХУЛОСА

Канцероген ва нейротоксик хусусиятларга эга косметик воситалар туғма нуқсон ва асаб тизими касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Маркази АҚШда жойлашган озиқ-овқат ва дориларни назорат қилиш билан шуғулланувчи ташкилот (FDA - Food and Drug Administration) маълумотига кўра, пардоз-андозда ишлатиладиган 138 та ва бошқа спрейли атир (дезодорантлар) саноатида қўлланиладиган 20 та модданинг зарарли хусусияти бор.
Бироқ бу моддаларнинг инсон умри давомида зарарсизлик чегараси ҳақида ҳозирча аниқ бир хулосага келинмаган.
Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига кириб борган, кўплаб зарарли кимёвий моддалардан ваҳимага тушмаслик мумкин эмас, албатта. Ҳозирда, бу моддаларнинг белгиланган меъёрларини аниқлаш ва соғлиққа зарарли деб топилган миқдордан ошмаслиги учун профилактик чораларни ишлаб чиқиш борасида изланишлар ҳам олиб борилмоқда.

Ноқонуний “гўзаллик” учун кураш

Республикамиз божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2011 йилда аниқланган 894 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 2,3 млрд. сўмлик, жорий йилнинг дастлабки чорагида эса 173 та ҳолатда қиймати 1 млрд. сўмдан ортиқ косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Ён дафтарчангизга...

Атир – (Parfum) таркибида 15-20 фоиз ҳид концентрати ва 90 фоиз тоза спирт бўлади. Шу боис парфюмерия воситаларининг орасида атир энг узоқ сақланувчи ифор ҳисобланиб, унинг нархи юқори баҳоланади. Аксарият атирлар кичик (7 ёки 15 мл.) идишларда ишлаб чиқарилади.
Атир суви – (Eau de Parfum) харидоргирлиги билан машҳур парфюмерия воситаси ҳисобланади. Унинг таркиби 15-20 фоиз ҳидли мойлар (эфир мойи), 12-13 фоиз ҳид концентрати ҳамда 90 фоиз спиртдан иборат.
Одеколон - (Eau de Cologne) бугунги кунда асосан эркаклар учун ишлаб чиқарилмоқда. Одеколон таркибида 3-5 фоиз ҳид концентрати ҳамда 70-80 фоиз спирт бўлади.
Дезодорант - гигиена воситаси ҳисоблансада, аксарият фойдаланувчилар унинг ҳидига қараб харид қиладилар.

Аёллар учун маслаҳат

Мутахассислар томонидан жазирама ёзда лимон, ялпиз, грейп-фрут ҳидли атирлар, куз ва қишнинг совуқ кунларида корица, шоколад, ванил каби илиқ ҳидли атирлар, баҳорда эса ширин гуллар ҳидини эслатувчи атирлар (ясмин гули, атиргул ҳидли) тавсия этилади.

Сифати қандай аниқланади?

Энг аввало, харид қилишда парфюмерия воситаларининг қадоғидаги ёзувлар ва рангларнинг тиниқлиги ҳамда тўғри ёзилганлигига эътибор беринг. Тўғри, аслида булар ҳам маҳсулотнинг 100 фоиз сифатли эканини билдирмайди, албатта. Аммо аксарият сохталаштирилган атирлар қадоғидаги ёзувларда хатоларнинг бўлиш эҳтимоли юқори. Масалан, «Climat» — «Clema», «Cool Water» — «Cool Winter», «Kenzo» — «Genzo»… Унутманг, асл атирлар қадоғида «parfum» деб ёзилади. Аксарият сохталарида эса «parfume». Шунингдек, ишлаб чиқарилган давлат номининг ёзилиши ҳам аҳамиятли. Масалан, «France». Қалбаки маҳсулотларда «Made in France» ёзувини учратишингиз мумкин.
Аслида сифатли атир ифори аста-секин «очилиб» боради. Яъни унинг ифори вақт ўтган сари ўзининг янги қирраларини намоён этади. Сохта (анча қиммат бўлса ҳам) атирларда эса бундай хусусият йўқ.

Штрих-кодлар

Буюк Британиянинг штрих коди 50, Германияники 400-440, Испанияники 84, Италияники 80-83, Францияники 30-37, Канаданики 00-09.
Унутманг, штрих-коднинг пастки тарафида маҳсулотни билдирувчи рақамлар ёки сонлар берилади ва айнан ушбу ёзув атир идишида ҳам бўлиши лозим.

ПАРФЮМЕРИЯ ТАРИХИДАН

Эрамиздан аввалги 1479 йилда Мисрни бошқарган, ягона аёл-фараон Хатшепсут одеколонга ўхшаган суюқликдан фойдаланган. Олимларнинг фикрича, суюқлик таркибида спирт, бергамот ва ладан бўлган.
Англиянинг биринчи одеколонларидан бири, устара, сурткич чўтка, совун ва одеколондан иборат бўлган эркакларнинг сафар наборидаги одеколон ҳисобланади. Ҳозир камчилик бу набордан фойдаланади, лекин унинг номи тез-тез ишлатилади: бу машҳур “жентельменлар набори” эди.
Одеколон “Шипр” – Кипр ороли номининг французча талаффузи.

БИЛАСИЗМИ?

1921 йилда таниқли «Chanel №5» атири пайдо бўлди. Муаллифлик ҳуқуқи рус парфюмери Эрнесту Бога тегишли. Унгача аёллар атири мураккаб ифорга эга бўлмай, бир хилдаги гул ҳидидан таркиб топганди. Шанель ягона гулнинг ҳидини такрорламайдиган, синтезлаштирилган парфюм ишлаб чиқиш ғоясини илгари суради. Уни атирлар жойлаштириладиган анъанавий колбасимон идишга эмас, улуғвор тўртбурчак шишага қуйишни ҳам Коко Шанель ўйлаб топган. Ҳозирда жуда катта нархига қарамай (1 флакон атир 1850 доллар) ҳар 30 сонияда дунёда бир флакон ушбу афсонавий атир сотилади.
Time журнали ҳисоботига кўра, вафоти чоғида Шанель яратган мода империясининг йиллик фойдаси 160 миллион долларга тенглашарди.

ДУНЁДАГИ ЭНГ ҚИММАТ АТИРЛАР

Jar Parfums Bolt of Lightning — жуда камёб, ҳақиқатан ҳам уникал, жуда барқарор ҳидга эга бўлиб, терига сингиб, бир неча кун давомида сақланиб туради. Айниқса, ёз учун энг идеал даражадаги атир бўлиб, унинг нархи 765 долларни ташкил қилади.
Hermes дан 24 Fauborg — номи афсонавий, доим 10 та дунёдаги энг қиммат атирлар эгаси Hermes уйи манзили билан боғлиқ. Хушбуй ис таркибига апельсин дарахти, ирис, атиргул ва бошқа гуллар мотивлари киради. Атир чегаралланган ҳажмда чиқарилган бўлиб, унинг бир флакони 1500 доллар. St.Louis компанияси томонидан чиқарилган атир флакон тоза хрустальдан ясалган.
Baccarats Les Larmes Sacress de Thebe — жудаям кам учрайдиган атир тури бўлиб, уни топиш ва сотиб олиш жуда мушкул. Хушбуй ис таркибига мирра ва ладан киради. Атир флакони пирамида шаклида баккара хрусталидан ясалган. Нархи 1700 доллар.
Clive Christian’s Imperial Majesty — Гиннесслар китобига энг қимматбаҳо атир сифатида киритилган. Ушбу атирнинг бир флакони 215000 долларни ташкил этади! Атиги 10 дона флаконда чиқарилган бўлиб, улар тилла чамбаракли ва 5 каратли бриллиант билан безатилган. Imperial Magesty хушбуй иси 200 хил компонентлардан ташкил топган.

Сарвар Сафаров тайёрлади

 

Дарднинг олди олинмаса

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили бир миллион аёл сут бези саратони хасталиги билан рўйхатга олинади, олти юз минг нафардан зиёд бемор эса шу дард туфайли вафот этади. Даҳшатли рақамларнинг ўзиёқ бу муаммонинг ғанчалик долзарб эканини кўрсатмоқда. Шундай экан, қиз ва аёлларимизнинг бу касаллик ҳақида, ундан ҳимояланиш ва даволаниш борасидаги маълумотларни ўз вақтида билиб қўйганлари маъғул. Республика онкология илмий маркази маммология бўлимининг илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Лола АЛИМХЎЖАЕВА билан айни мавзуда суҳбатлашдик.
— Лола опа, бугун тиббиётда кўкрак бези саратони атамаси кўп ишлатилмоғда ва бу касаллик билан оғриган беморлар ҳақида тез-тез эшитяпмиз...
— Дарҳақиқат, ҳозирда сут бези саратони аёлларда учрайдиган касалликлар орасида биринчи ўринда турибди. Ҳар куни беморларни кўздан кечирарканман, нима учун бизнинг ўзбек аёлларимиз ўз соғлигига, ўз ҳаётига бунчалик бефарқ, нега маммолог назоратига бориб туришни ўзларига эп билмайдилар деган саволлар мени қийнайверади. Оғир аҳволга тушиб қолгунларига қадар аллақандай табибларга, фирибгарларга мурожаат қилишади... Ҳеч илож қолмагандагина онколог қабулига келишади. Мумкин бўлса, ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани гапириб берсам, зора бу воқеа аёлларимизнинг ўз саломатликлари хусусида қайғуришларига туртки бўлса.
— Жуда яхши бўларди.
— Бир куни кечки соат еттиларда   уйга қайтишга тараддуд кўраётгандим, хонам эшигини бир аёл очиб, «Дўхтир, мени қабул қилинг», деб илтимос қилди. Унга иш вақтим тугаганини, уйга қайтаётганимни, эртага қабулимга навбатсиз кириши мумкинлигини айтгандим, жувон ёш тўла кўзларини жавдиратиб, «Опажон, илтимос, мени ҳозир кўриб қўйинг. Йўқса, менга бир нарса бўлиб қолиши мумкин... Болаларим ёш», деди йиғламсираб. Қарасам, аёлнинг кўзлари тўла ваҳима, қўрқув. Саросимага тушган жувонга таскин бериб, шикоятларини эшитдим. Айтишича, икки йил мобайнида ўзида қандайдир касаллик аломатларини сезиб юрган. Биринчи маротаба ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги гинеколог ҳузурига, ҳайз олдидан сут безларида, айниғса сўрғичи атрофида оғриқ пайдо бўлаётганидан шикоят қилиб мурожаат этган. Гинеколог уни кўрикдан ўтказиб, сақланиш воситаси («Марвелон» препарати)ни олти ой давомида истеъмол қилишни тавсия этибди. Аммо бу чораларни қўллагач, оғриқ босилиш ўрнига, баттар кучайиб кетган ва бемор хирург қабулига боради. Хирург эса оғриётган жойга компресс қўйишни ва жинсий алоқани кўпайтиришни тавсия этади. Оқибатда аёл ҳомиладор бўлиб қолади ва ҳомилани жарроҳлик (аборт) йўли билан олдириб ташлайди. Натижада оғриқ янада кучайиб, сут безлари кўкимтир тусга кира бошлаган. Шундан кейин аёл дугоналарининг маслаҳати билан қандайдир табибга боради. Табиб унга ўзи тайёрлаган дорилардан бериб, уларни уч ой давомида ичишни тавсия қилади. Жувон у берган дориларни ичаверади, бироқ, сут безларидаги ҳолат кучайгандан кучайиб, охири бемор яшаш ҳудудидаги онколог шифокор ҳузурига боришга мажбур бўлади. Хуллас, ўтказилган текширувлар беморда сут бези саратони хасталигининг тўртинчи босқичи бошланганини ва кўплаб метастазлар мавжудлигини тасдиғлайди. Онколог жувон шўрликка: «Энди кеч, бир-икки ойгина ҳаётинг қолган», деб узил-кесил жавоб беради. Нигоҳларида қайғу ва изтироб қотиб қолган аёл ёрдам сўраб қўлларимдан ушлади: «Дўхтир опажон, илтимос, сўнгги илинжимсиз! Ёрдам беринг менга, яшашни хоҳлайман, ахир эндигина ўттизга тўлдим. Иккита гўдак болаларим бор, турмуш ўртоғимни қадрлайман, уни яхши кўраман...»
Аёлни зудлик билан илмий марказимиз шифохонасига ётқизиб, даволадик. Нур ва бир неча курс кимётерапия қабул қилди. Гормонотерапия муолажасини давом эттиряпти. Айни пайтда ўзини яхши ҳис қиляпти. Ҳар ҳолда болалари ва турмуш ўртоғининг ёнида. Бу бемор қанчага боради, неча йил яшайди, униси бизга қоронғу, ҳаммаси Яратганнинг қўлида. Айтмоқчи бўлганим, бу ҳолат айрим шифокорлардаги совуққонлик ва бефарқлик оқибатининг ҳосиласи ҳам. Агар ўшанда бемор дастлаб мурожаат қилган гинеколог уни синчиклаб текшириб, маммолог ҳузурига юборганида эди, балки ҳозир у жувон соғайиб, бахтли ҳаёт кечирармиди...
— Сут бези саратони хасталиги қандай келиб чиғади? Унга нималар сабаб бўлади?
— Сут бези саратонининг келиб чиқишини ўрганиш жараёнида, бир неча асосий омиллар шу хасталикка олиб бориши аниқланган. Асосан гинекологик касалликлар, хусусан, бачадон ва тухумдонлар шамоллаши, буқоғ касаллиги, жигар билан боғлиқ хасталиклар, яъни, турли хил гепатитлар, нотўғри турмуш тарзи, қаттиқ сиқилиш, стрессга тушиш ҳамда жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, ҳайз жараёнининг бузилиши ва албатта кўп аборт қилдириш каби нохуш ҳолатлар айни касалликка сабаб бўлиши исботланган.
— Хасталикнинг белгилари қандай кузатилади?
— Сут бези саратонининг асосий белгиси — сут безида тугун пайдо бўлишидир. Бу тугуннинг ҳажми кичкина нўхатдан катта тухум ҳажмигача бўлиши мумкин. Кўпинча сўрғич билан боғлиқ ва терига ўсиб кирган бўлади. Айрим ҳолларда беморнинг кўкраги сўрғичларида қон ажралмалари кузатилади. Тугун қаттиқ бўлади. Қўлтиқ ости лимфа тугунлари катталашади. Башарти, аёлларимиз ўзларида шу белгилар борлигини пайғаб қолсалар, зудлик билан мутахассис маммолог ҳузурига шошилишлари ва дарҳол текширувлардан ўтишлари шарт. Йигирма беш ёшдаги аёлларнинг йилда бир маротаба УЗИ текширувидан, қирқ ёшдан кейин эса маммографиядан ўтиб туришларини тавсия этаман.
— Лола Тельмановна, замонавий тиббиётдаги «маммография» атамаси кўпчиликка таниш эмас...
— Маммография кўкрак саратонининг эрта босқичида аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бунда кўкрак безида ҳосил бўлган кичик ўзгаришлар, шу жумладан, ўсмаларни ҳам кўриш мумкин.
Касалликни эрта аниқлаш аёл ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради.
— Кўкрак саратони билан оғриган беморларга қандай тавсиялар берасиз?
— Одамлар орасида кимётерапия ва нур терапия тўғрисида ҳар хил тушунмовчиликлар юради. Кўпчилик, «бу даволаш усуллари ўлимга олиб боради, уларни олиш мумкин эмас», деб ўйлайди. Лекин нур ва кимётерапия саратон ҳужайраларини ўлдириб, касалликни бартараф қилишда катта ёрдам беради. Тўғри, беморда бироз қувватсизлик ва сочларнинг тўкилиши кузатилади, лекин бу ҳаммаси вақтинча ва даволаниш тугагач, бари тезда тикланади. Кўп беморлар операциядан қўрқиб, сут безидан айрилмасликларини айтишади, даволанишмайди. Фурсатдан фойдаланиб айтиб ўтмоқчиманки, бугунги кунда пластика операциялари (сут безининг эндопротез ёрдамида тиклаш) йўлга қўйилган, кўплаб аёлларда шу операциялар ўтказилган ва улар яхши самара берган.
Шу ўринда яна бир гапни таъкидлаб ўтишни жоиз биламан. Кўпинча поликлиникаларда гинекологларимиз аёлларнинг сут безини текшириб ўтирмай, уларга сақланиш воситаларидан фойдаланишни тавсия қилишади, мастопатияларни «Мастодинон» дори воситаси билан даволашади, лекин сут безларидаги ўзгаришлар билан мутлақо қизиқишмайди ва барча ҳолатларда саратон касаллигини ўтказиб юборишади. Бу катта хатодир. Чунки мастопатия ва бошға сут безларининг ноонкологик касалликлари (диффуз мастопатия, фиброаденома, кистоаденома, масталгия ва бошқалар) фақат маммолог томонидан даволаниши шарт!
— Кўкрак бези саратони хасталигидан ҳимояланиш учун қандай маслаҳат ва тавсиялар берасиз?
— Мутахассис шифокорларимиз оммавий ахборот воситалари орқали бу касаллик ҳақида жуда кўп чиқишлар қиляптилар, маълумотлар бериляпти. Лекин кўп аёлларимиз (бу касаллик хусусида такрор-такрор эшитишларига қарамай) сут бези саратони қачон пайдо бўлишини ва ундан ҳимояланишни, даволаниш йўлларини билмайдилар. Айни чоғда газета орқали аёлларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки: опаларим, сингилларим, соғлиғингизга эътиборни ниҳоятда кучайтиринг. Агар юқорида айтиб ўтилган белгилар ўзингизда кузатилса, дарҳол мутахассис маммолог кўригига боринг, барча текширувлардан ўтинг. Чунки айтиб ўтилган ҳолатлар хавфдан огоҳлантирувчидир. Ўзингизда хасталик аломатлари борлигини вағтида аниқласангиз, касалликнинг олдини олишга эришасиз.
— Касалликнинг руҳиятга боғлиқ томонлари ҳам бор деб эшитгандик...
— Албатта, бор. Шунинг учун ҳам шифокор сифатида ҳурматли аёлларимизга бу борада ҳам баҳолиқудрат маслаҳат бермоқчиман.
Муҳтарама аёллар, аввало ўзингизни севишга, қадрлашга ўрганинг. Ҳаётдаги нохуш ҳодисалардан ўзингизни асранг. Феъл-атвори сизга маъқул бўлмаган инсонлар билан мулоқотда бўлишдан узоқлашинг. Ҳамиша чеҳрангиз очиқ бўлсин. Шунингдек, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилинг. Ёғли овқатлардан ўзингизни чеклаб туринг. Овғат рационингизда саримсоқ пиёз, булғор қалампири, кўкатлар ҳаммавақт бўлсин. Бетоб бўлиб қолсангиз, ўз билганингизча даволанманг. Ишингиздан ташқари қўшимча хобби топинг, масалан фитнес, спорт билан шуғулланиш, тикиш-бичиш сингари машғулотлар билан ўзингизни овутинг. Оилангизда тотувликни сақлашга ҳаракат қилинг, турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизга яхши муносабатда бўлинг. Вақтида ухланг,  тиббиёт олимлари инсон руҳан ва жисмонан соғлом бўлиши учун суткасига саккиз соат ухлаши лозим эканини таъкидлайдилар. Иш жойингизда ҳам ўзингизга қулай шароит яратишга ҳаракат қилинг, ишингиз, касбингиз сизга қувонч ва хушнудлик бағишласин. Бир ҳақиқатни унутманг, дугонажонлар, биз яқинларимиз, севимли ёримиз, фарзандларимиз, оиламиз ва жамиятимизга фақат соғлом ва гўзал ҳолдагина севимли бўла оламиз.
— Суҳбатингиз учун ташаккур. Аёлларимиз ушбу суҳбатдан ўзларига керакли хулоса чиғарадилар дея умид қиламиз.

Умида Адизова суҳбатлашди.

Сизга стресс ҳужум қиляптими?

Яқинда хорижий телеканалларнинг бирида эри билан қаттиқ уришиб қолиб, стрессга тушган аёлнинг икки нафар гўдагини кўпқаватли уйнинг  юқори қаватларидан ташлаб юборгани ҳақида телекўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувни томоша қила туриб, глобаллашув жараёнларида юз бераётган шиддатли ривожланиш инсонларда руҳий стресс ҳужумини кучайтиряптимикан, деган мулоҳаза уйғонади кишида.
Ҳақиқатан ҳам ён атрофимиздаги одамларга ва улар билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга теранроқ назар ташласак, жамиятимиз аъзоларининг ўта асабий ва сержаҳл бўлиб қолганини фаҳмлаш қийин эмас. Хўш,  бунчалик
Торфеълликнинг сабаби нимада?
—    Кўча-куйда одамларнинг бир-бирига нисбатан ўзаро муомала-муносабатини кўриб юрагинг зирқиррайди,- дейди ҳамкасбларимиздан бири.- Гўёки бошқалар еб улар қуруқ қолгандек, бир-бирларга жуда қўпол муносабатда бўлишади. Ҳатто оддийгина сўров-саволларда ҳам жаҳлдорлик, серзардалик сезилиб туради. Яқинда ишга бораётиб автобусга чиқдим. Тиғиз пайт бўлгани учун автобус жуда тирбанд эди. Бир бекатдан ёшгина жувон икки-уч яшар болачаси ва ёшига етмаган гўдагини кўтариб автобусга чиқди. Ўриндиқда ўтирган ёши каттароқ аёллардан бири жувоннинг болачасини қучоғига олиб, уни ширин сўзлар билан эркалай бошлади. Шу пайт кейинги бекатда автобус тўхтаб, йўловчиларни тушириб юбориш учун эшик олдидаг гўдагини кўтариб турган жувон пастга тушганди, онаси  кўзидан узоқлашгани учун қаттиқ қўрқиб кетган, ҳалиги йўловчи аёлнинг бағрида ўтирган болакай зўр бериб йиғлашга тушди. Йўловчилар болачани овутиб, онаси шу атрофдагилигини, уни ташлаб ҳеч қаерга кетмаслигини айтиб, эркалаб-суйиб бошлашди. Ҳартугул бекатдан йўловчилар тезгина тушиб, жувон яна салонга чиқволди. Лекин болачаси қаттиқ қўрққан экан шекилли, онасини кўриб ҳам овунмади. Шу пайт бежирим кийнган, зиёлинамо бир аёл бутун бошли автобусни бошига кўтарганча ҳалиги норасида гўдакка бақира кетди:
—    Нега бунча қичқирасан?! Эрталабдан ҳамманинг кайфиятини бузиб, асабига тегдинг. Бақирма, қичқирма деяпман сенга! Ўчир овозингни, тарбиясиз!- Хонимнинг қаҳр-ғазаб ёғилиб турган овозидан  қаттиқ қўрқувга тушган болакай, овозини чиқармай бўғриқиб-тўлиқиб йиғлашда давом этди. Бу ҳолдан қаттиқ таъсирланган бир-икки ёши катталар, зиёли хонимга танбеҳ бердилар, аммо у гўёки ёвуз махлуқ билан олишаётгандек юз-кўзидан жаҳл ёғдириб  мурғаккина болачага бақиришдан тўхтамади. Охири бошқа бир йўловчи аёл хонимга қарата:
—    У ҳали гапиришни ҳам билмайдиган кичкина гўдак бўлса, тарбиясизликни қайдан билсин, асаббузарликни нима билсин? Онаси тушиб қолганида қўрқиб кетди, бола бўлганидан кейин йиғлайди-да. Сиз тарбиялимисиз ёш болага бақириб эрталабдан ҳамманинг асабини бузган?! Кайфиятингиз бўлмаса, уйингизда жимгина ўтиринг, кўчага чиқиб бошқаларнинг ҳам кайфиятини туширинг, дегани эмас бу!- деди.
Шу пайт менинг тушадиган бекатим яқинлашиб, автобусдан тушдим. Ҳалиги хоним ўзининг кайфияти бўлмагани учун автобусдаги ҳамма йўловчиларнинг асабини буздими ё индамай кетдими, энди буниси менга қоронғу.
Ҳамкасбимиз гувоҳ бўлган воқеага ўхшаш ҳолатларга кўпчилигимиз, деярли ҳар куни дуч келамиз. Чиндан ҳам асабийлик, қўполлик ва серзардалик жамиятимизда тобора авж олиб бормоқда.  Юртдошларимизнинг айни ҳолат юзасидан фикрларини билиш учун уларни суҳбатга тортдик.  Эътиборингизга жавоблардан айримларини ҳавол этамиз:

Савол: Нега бугунги кунда стресс, депрессия, тушкунлик деган иборалар кўп ишлатиляпти? Ҳаттоки ёш гўдакларда ҳам бу иллатлар кузатилаётганини тиббиёт далолат қилмоқда? Бу ҳолатга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?

Жавоблар:

Ғанишер, 31 ёш, халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича мутахассис:  —  Ривожланиш  кишилардан шиддаткорликни талаб қиляпти. Шиддаткорлик эса вақтида ухламаслик, дам олмаслик, ҳордиқ чиқармаслик ва ҳоказоларни тақозо қиляпти. Натижада кишиларда стресс ва руҳий тушкунлик авж оляпти. Стресс ёки депрессиядан фақат боқибеғамлар ҳимояланган.

Гулноз, 25 ёш, журналист: — Бунинг сабаби фақат инсонларнинг ўзида. Арзимаган нарсаларни кўнгилга яқин олиб, майда-чуйда дилхираликлардан фожиа ясашнинг нима кераги бор? Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Шундай экан ғам –ташвишларни унутиб, фақат яхшиликларни ўйлаш керак. Ўйлаган, сиқилган билан ўша ташвишлар ҳал бўла қолса қанийди. Соғликдан улкан бойлик йўқ. Ана шуни унутмасак, ҳеч қандай стресс ва руҳий ҳаяжон бизга таъсир кўрсатолмайди...

Маъмура ая, пенсионер: — Болам, сен айтаётган нарсаларнинг ҳаммасига сабаб қилиб бир нарсани кўрсатаман, у ҳам бўлса ношукрлик! Ҳозирги одамлар жуда ҳам ношукр бўлиб кетган. Қўлига мол-дунё, давлат киргани билан яна бўлсин, деб ўзини унутади. Бугун кечаги кунидан бир сўм камроқ даромад қилса, шу туни кўзига уйқу келмайди, бошининг оғриғи босилмайди. Одамларимиз кенгликни унутиб қўйганлар, болам. Бекорга кенгга кенг дунё, торга тор дунё, демайдиларда...

Дилфуза опа, 40 ёш, ўқитувчи: — Одамни ҳасад қаритади. Стресс, руҳий ҳаяжон ва депрессиянинг ҳам асосий сабабларидан бири — ҳасад, деб биламан. Ҳасад эгаллаган юракда яхшиликка ишонч, муҳаббат, самимият, ҳавасга жой қолмайди. Инсонни умид тарк этади. Умиди йўқ киши эса тушкунликка тушиб қолади. Қўпол қилиб айтганда умидсиз киши билан ўликнинг фарқи биргина — ноумид одамнинг юраги тепиб турганида. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, юрак кишининг тириклигини таъминлаб турувчи аъзоси бўлсаю, у мутассил ҳасад ва кўролмасликдан зўриқиб турса қандай кўпга чидаши мумкин? “Нега унда бор менда йўқ”, “Нега унда ҳаммаси яхши, менинг ишларим юришмаяпти”, “Нега фақат фалончининг омади юришади, мен қийналиб юраман” ва ҳоказо ва ҳоказолардан тиқилиб қолган юрак, асабга таъсир қилади ва оқибатда стресс кишига осонгина ҳужум уюштира олади.

Ҳамидулла ака, 45 ёш, тадбиркор: — Стрессга замонавий техника, сериаллар, дангасалик ҳам сабаб бўлади, синглим. Айниқса қўл телефонлари ва комьпютерларнинг бу борадаги хизмати жуда катта. Тиббиёт ходимлари қўл телефонлар ва комьпютерларнинг асабга кучли салбий таъсири ҳақида тез-тез огоҳлантиришяпти. Лекин шунга қарамай у матоҳлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.  Сериаллар эса турган-битгани зарар. Уларнинг зараридан аксарият ҳолларда аёллар азият чекадилар. Ўзларига алоқаси бўлмаган, ҳаётда бўлмаган ва балким умуман бўлмайдиган воқеа –ҳодисаларнинг давомини кутиб, аслида йўқ одамларнинг муаммоларини ўйлаб ўзининг ҳам эрию болаларининг ҳам асабини бузиб юрган хотинлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Излайман десангиз сиз айтган касалликларнинг сабабини ҳаётдан истаганча топиш мумкин. Лекин бундай олганда сабабларнинг бари арзимас ва кераксиз нарсалардир.

Хўш, бу борада мутахассис фикри қандай?

Ривожланиш шиддат билан юксалаётган  айни пайтда кишиларга стресс ҳужумининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Умуман олганда стресс ўзи нима? Ундан қандай ҳимояланиш мумкин? Стрееcга тушган пайтда инсон ўта оғир жиноятларни, ҳаттоки қотилликка қўл уриши ва ўша пайтда вазиятнинг асл моҳиятини англамаслиги ҳақиқатми? Саволларимизга Тошкент Тиббиёт Академияси   Асаб касалликлари кафедраси ассистенти Атаниязов Мақсуджон Камаладдиновичнинг жавоби қуйидагича бўлди:
—    Стрес ҳақида гапиришдан аввал бу атаманинг келиб чиқишига эътибор қаратсак. “Стресс” сўзи инглиз тилидан таржима қилинганда, диққатнинг фақат бир нарсага қаратилиши,сиқилиш, қийналиш, руҳий мувозанатнинг кескинлашуви, тушкунликка тушиш маъноларини асослайди.
Стресс —киши кишининг шахсий ҳаёти, иши ва атрофидаги кишилар билан муносабатларининг кескинлашувидан келиб чиқадиган руҳий ҳолат. Стресс ҳолатида киши диққатини бир жойга жамлай олмайди,  организмда номутаносибликлар кузатилиб, харктерда агерссивлик, инжиқлик, жаҳлдорлик ва тушкунликка мойиллик уйғонади. Умуман олганда стресс асаблар зўриқишидан юзага келади.
Стресс узоқ вақт давом этса кишида бош оғриғининг кучайиши ва уйқусизлик, қон босимининг кўтарилиши, қандли диабет ва жинсий ожизлик хасталикларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Шуни ёдда сақлаш керакки, агар киши оптимист бўлса, ҳар қандай қийинчиликдан ҳам ҳикмат излашга уринади, пессимистик кайфиятдаги киши эса ҳар қандай қувончли ҳолатдан ҳам қийинчилик излаб топади.
Стрессдан узоқ юриш кўп ҳолларда ўзимизга боғлиқ. Ўй-хаёлларимиз дўстимиз ёки душманимиз бўлиши мумкин.  Шундай экан, яхши нарсалар, муваффақият ва бахт, омад ва қувонч ҳақида ўйлаш керак. Ташвишли ҳолатлар, кўнгилни хира қиладиган воқеаларни имкони даражасида унутиш керак. Ҳеч қачон бўлиб ўтган хунук воқеаларнинг таҳлили билан вақт ўтказманг.
Шунингдек, соҳа мутахссислари тушкунликка тушган пайтда инсонга “антистресс” егуликларни истеъмол қилишни тавсия этадилар. Бундай маҳсулотларга энг аввало музқаймоқ киради. Музқаймоқ стрессдан халос этувчи ажойиб егулик ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам кўпчилик музқаймоқ ейишни хуш кўради. Сут ва қаймоқ таркибидаги типтофан- фойдали табиий асабни тинчлантирувчи моддаси мавжуд бўлиб у асаб тизимини тинчлантириш билан бирга, уйқусизликни енгиш ва кайфиятни кўтаришда яхшигина наф беради. Шунингдек шоколад ҳам бу борада фойдали ҳисобланади. У мияга дам бериш билан бирга унинг фаоллигини ҳам оширади. Гречиха, сули ва банан маҳсулотларида ҳам “бахт гормон”лари яширинганини олимлар аллақачон таъкидлашган. 
Аввало стресс ҳужумига йўлиқмаслик учун кўп ғазабланманг, жаҳлдорликни йиғиштиринг, дейишади тиббиётчилар. Жаҳл инсон учун жуда хавфли бўлиб, у кўпгина касалликларга “доя”лик қилади. Ўзингизни севинг, ўзингиз ҳақингизда ҳамиша қайғуринг. Соғлигингизга, айниқса асабингизга бефарқ бўлманг. Ана шунда стресс сизга хавф солмайди.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ