1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

«Асал шифодир»

«Асал шифодир»

Асални халқ табобати тавсия этадиган шифобахш неъматларнинг подшоҳи дейиш мумкин. Асал, бол фақат ширинлик бўлиб қолмай, энг аввало шифо ҳамдир. Қуръони каримдаги Намл (асалари) сураси унинг нақадар фойдали ва ардоқли нарса эканини кўрсатиб қўйган.  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Асал истеъмол қилинглар, у кўп касалликларга шифодир», деганлар. Асал Яратганнинг чинакам мўъжизавий неъмати, бандалар саломатлигини асраш ва яхшилашдаги улуғ меҳрибонлиги белгисидир.
Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: онгсиз, ақлсиз бир ҳашаротга тинимсиз учиб-ишлаб, асал йиғишни амр қилиб қўйган Зот бундан фақат инсонларнинг соғлом ва бардам бўлишларини ирода этмаганми? Асалари бир кило асал тўплаш учун уясидан 120-150 минг марта учиб чиқиши, тўрт юз минг чақирим масофани учиб ўтиши керак. Бу, Ер куррасини белидан ўн марта айланиб ўтишга тенг келади. Энг қизиғи, асалари ўзи йиққан асалнинг юздан бир қисминигина истеъмол қилади, қолгани инсонларга туҳфа этилади.
Ўтмишдаги табиблар асални бежизга «узоқ умр кўриш малҳами», «ҳаёт шарбати», деб айтишмаган. Дарҳақиқат, унинг таркибида инсон организмига ўта зарур ва фойдали юздан ортиқ биологик модда бор. Айниқса ундаги рибоза моддаси фақат тирик организмларда учрайди. Бундан ташқари, унда тана фаолияти учун муҳим глюкоза, оқсил, фруктоза, органик кислоталар, В-1, В-2, В-3, В-6, В-13, В-14, С, К, Е дармондорилари, микро ва макроэлементлар бор. Асалдаги айрим дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайди.
Қадим-қадимдан турли касалликларни даволашда, одамларнинг бардамлиги, соғломлиги ва бақувватлигини таъминлашда асални тавсия қилишган, у барча дори-дармон ва малҳамларнинг асосий таркиби ҳисобланган. Ҳадисларда Пайғамбаримизнинг қорни оғриган одамга асал ейишни тавсия қилганлари ҳақида айтилган.
Ўтмишнинг машҳур юнон файласуфи Пифагорнинг айтишича, унинг узоқ умр кўришига муттасил асал истеъмол қилиши асосий сабаблардан бўлган экан. Яна бир донишманд Демокрит эса бир асрдан ортиқ яшаган бўлиб, у умрбоқийлик сирини мунтазам асал ейиш ва баданини мой билан муолажа қилишда, деб билган. Қадимий Миср, Юнонистон, Бобил, Ҳиндистон ва Хитойда беморларни асал ёрдамида даволаш урф бўлган.
Тиббиёт фанининг отаси, улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино асалнинг кўплаб хосиятларни келтириб ўтади: «Асал мижозни тозалайди, қоннинг томирларда юришини равонлаштиради, гўштни бузилиш ва сасишдан сақлайди. Йирингли, чуқур яраларни тозалаб қотиради. Кўз хиралигидан халос этади. Бўғмадан қутилишга ёрдам беради. Бодомча безлари оғришининг олдини олади. Асал суви меъдани кучли қилади. Иштаҳани очиб, овқат ҳазмини яхшилайди. Темираткини асал ва аччиқтош аралашмаси йўқ қилади».
Ибн Сино таъбирича, навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туриш керак. Айниқса ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Асал болалар ва қарияларга, танадаги модда алмашинуви бузилган кишиларга бирдай фойдалидир. Айниқса у озиб кетиш, ич қотиши, ошқозон-ичак яралари касалликларини даволашда, мияни озуқалантиришда асқотади.
Замонавий тиббиётда ҳам турли касалликларни даволашда асалдан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, турли жароҳатлар ва яралар, шамоллаш, юқори нафас йўллари ва ўпка хасталиклари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, ошқозон-ичак, тери ва кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинмоқда. Даволаш косметикаси, радиатсия туфайли пайдо бўладиган нур касалликларида ҳам асал беминнат ёрдамчидир.
Энг қизиғи, асал олинган жойга қараб уларнинг тури маълум касалликларга шифо бўлар экан. Масалан, юқори нафас йўли шамоллаганларга тоғ асали фойда қилади. Ҳазм йўллари хасталикларида эса чўл ва далалардан олинган асал шифо бўлади. Юрак хасталикларида ўрмон асали кўпроқ наф келтирса, буйрак хуружида каштан дарахти гулининг асали қўлланилади.
Камқонликда асални малина билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Асал дармонсизлик ва сил касали туфайли пайдо бўлувчи камқувватлиликда ҳам яхшигина ёрдам беради. Бунинг учун асални сархил сабзи шарбатига қўшиб кунига 80-100 граммдан ичиб туриш тавсия этилади. Асални пиёзни қирғичдан ўтказилган тўлпига қўшиб истеъмол қилиш тананинг умумий тонусини кўтаришга ёрдам бериши ҳам табиблар тажрибасида синовдан ўтган.
Грипп касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда ҳам асал беминнат даводир. Бунинг учун асални пўстлоғидан ажратиб қирғичда майдаланган саримсоқ пиёз билан баравар миқдорда яхшилаб аралаштирилади ва уйқу олдидан бу аралашма бир чой қошиқ миқдорида қайнатилган сув билан 3-5 кун давомида ичилса, касаллик чекинади.
Ҳар қандай шифобахш неъматни меъёридан кўп истеъмол қилиш зарар келтиргани каби асалдан фойдаланишда мўътадилликка эътибор қаратиш лозим. «Асалнинг ҳам ози  ширин» деган мақол бежизга тўқилмаган. Шифокорлар қандли диабет, астма (нафас бўғиши), асалга бадани сезгирлик кўрсатадиган беморларга уни тавсия этишмайди. Катта ёшдагилар бир кунда 100-150 грамддан, ёш болалар эса 30-40 граммдан ортиқ асал емаганлари маъқул. Бир ёшгача бўлган болаларга эса чойқошиқдаги асалнинг учдан бирини бериш мумкин, холос.
Асални овқатдан бир-бир ярим соат олдин ёки овқат егандан уч соат ўтгач истеъмол қилиш тавсия этилади. Уни ширчой, сут ёки ширгурунч билан еган фойдалироқ. Асални қайноқ сув ёки чойга аралаштириб ичиш тавсия қилинмайди. Чунки эллик даражадан юқори иссиқ сувга солинган асал таркибидаги фойдали минераллар ўлади.
Ташналикда асални иссиқ ёки совуқ чойга, тоза сувга аралаштириб ичилганида ҳам чанқовни босади, ҳам турли хасталикларга даво бўлади. Асал шарбати кишини руҳан ва жисмонан тетик қилиши билан бирга, юрак ва мия фаолиятини анча яхшилайди.
Нафақат асал, ҳатто асалари муми (прополис) ва сути ҳам бебаҳо шифо воситасидир. Асалари сути кўкйўтал, ошқозон яраси, бод (ревматизм), камқонлик, бемадорлик ва бошқа кўпгина касалликларни даволашда ишлатилади.
Халқ табобатида асалари қиёми ёки елими (прополис) жуда кўп хасталикларга беминнат даво сифатида жуда қадимдан фойдаланиб келинган. Асалари уясидаги тешикчаларни, кириш-чиқиш йўлларини беркитишда, уячалар хонасидаги деворларни мустаҳкамлашда ишлатадиган шарбатсимон бу елимнинг даволаш хусусиятлари асосида микробларга ва шамоллашга қарши кураш, биологик қувватни ошириш, оғриқ қолдириш каби хоссалар ётади.
Прополис нафас йўллари, қулоқ-томоқ-бурун, овқат ҳазм қилиш йўллари хасталиклари, бўқоқ, узоқ муддат тузалмаётган яралар, бачадон бўйни емирилиши (эрозияси), эркаклик жинсий бези касаллиги, иммунитет сусайиши каби ҳолатларда кенг қўлланилмоқда. Куйган ёки яраланган жойларни даволашда асалари елими энг яхши воситадир. Куйишдан ҳосил бўлган ярага ёки сурункали варрикоз яраларига елимнинг 15 фоизли малҳамини уч-тўрт қатлам докага қўйиб боғлаш яхши самара беради.
Чипқонни даволашда тоза елимни кулча қилиб чипқон устига қўйилади ва устидан ёпишқоқ қоғоз (лейкопластир) билан маҳкамланади ва то чипқондан йиринг чиқа бошламагунича олинмайди. Худди шу усулни тери касалликларида ҳам қўллаш мумкин.
Елимнинг турли фоиздаги аралашмаларидан қўтир (грибок), тери ўсмаси (рак), ўсмирлар юзидаги тошмалар, қадоқ, сўгал, сурункали ва оғир тошмалар (экзема), соч тўкилиб кетиши (каллик), терининг оқ касаллиги,   оғиз бўшлиғи касалликларини даволашда ҳам самарали фойдаланилмоқда.
Замонавий тиббиётда ва халқ табобатида асалари мумининг турли миқдордаги аралашмалари сурункали томоқ қуриши (фарингит), бурун яллиғланиши (ринит), нафас қисиши (бронх астмаси), ОРЗ, пневмония, ўпка ва тери сили, қон босимини пасайтириш ва қондаги холестрин миқдорини камайтириш, бавосир (геморрой), ошқозон-ичак йўли касалликлари, турли яраларни даволашда ҳам ишлатилмоқда.
Энг ажабланарлиси, жуда кўп кимёвий дори-дармонлар бошқа аъзоларда қандайдир асорат қолдиргани ҳолда асалари елими ҳеч қандай зарарли таъсир кўрсатмайди. Чунки антибиотиклардан фарқли ўлароқ, асалари елими табиий модда бўлгани учун унда микроорганизмларнинг мослашувчанлиги ҳодисаси содир бўлмайди, елим уларнинг кучайиб кетишига, таъсирини ўтказишига йўл қўймайди.
Асалари парвариши билан шуғулланувчиларнинг касалликка кам чалинишларининг ўзиёқ асалари чиқарган ҳамма нарса шифобахш эканини исботлаб турибди. Масалан, асалари учун озуқа омили бўлмиш ўсимликларнинг эркаклик тўқималари (гулчанглар) ажойиб биологик куч-қувват бағишловчи, танани фаоллаштирувчи восита бўлиб, у айниқса қариб-қартайган таналарга жуда фойдалидир. Гулчанг кекса кишиларнинг асаб тизими фаолиятини яхшилаши ҳам кашф этилган. Гулчанг жуда кўп мамлакатларда косметик даволашда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Асаларини чақтириш ёки унинг тиббиёт йўли билан олинган заҳарини қўллаш орқали ҳам қадим-қадимдан турли касалликлар муолажа қилиб келинган. Масалан, заҳарнга асал қўшиб, каллик даволанган, соч ўстиришда ишлатилган. Русия подшоҳи Иван Грозний ва Шветсия қироли Карл Ўниккинчи бу хушбўй суюқликдан подагра (бўғин ва тўқималар касаллиги)ни даволашда фойдаланишган.
Ҳозирги замон тиббиётида ҳам асалари заҳари кенг миқёсда қўлланилмоқда. Чунки асалари заҳари жуда кучли антибиотик модда саналади, унинг таркибидаги виропин, аписартрон ва бошқа шифобахш моддалар жуда кўп касалликларни даволаш ва олдини олишда тенги йўқ самарали воситадир. Асалари заҳари бод (ревматизм), неврит ва невралгия каби асаб тизими хасталиклари, кўзнинг баъзи касалликларини даволаш, қон босимини мўътадиллаштиришда самарали ишлатилмоқда. Аммо уни ўзбошимчалик билан ҳар ким ўзича қўллаши, болаларни даволашда ишлатиши хатарли оқибатларга олиб бориши мумкин.

Дорихона ўрнини босади

 

 

 

Инсон соғлиғини асраш, касалликларнинг олдини олишда табиат неъматлари ичида оддийгина наъматак (шиповник)нинг қанчалар фойдали эканини кўрган ҳар бир киши Аллоҳ одамларнинг шифо топишлари учун ҳамма нарсани яратиб қўйганига тўла амин бўлади.

 

 

Бу неъмат шунчалик фойдали, шифобахш ва зарур неъматки, унинг битта ўзи бутун бошли дорихона ўрнини босиши мумкин. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги халқ табиблари китобларида наъматакнинг ўнлаб шифобахш хусусиятларини келтириб ўтишган. 
Наъматак таркибида инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарур бўлган   С, В-2, Р, Е, К дармондорилари мавжуд. Шунингдек, у каротин, қанд, ёғ, органик кислоталар, флавоноидлар, пектин, маъданли тузлар ва бошқа моддаларга ниҳоятда бой. Мевасида маъданли тузлардан калий, темир, марганетс, фосфор, калсий, магний бор. 
Улуғ олим ва табиб Абу Али ибн Сино таърифича, наъматакнинг барча тури тозаловчи ва суюлтирувчи хусусиятига эга. У қулоқдаги қуртларни ўлдиради, қулоқ шанғиллаши ва ғувиллашига, тиш оғриғига фойда қилади. Ёввойи хили пешонага чапланса, бош оғриғини босади. Унинг барча турлари бурун тешикларидаги тиқилмаларни очади. У томоқдаги ва бодомсимон безлардаги шишларга ҳам фойдалидир. 
Наъматак гули, меваси, уруғи, барги ва илдизи халқ табобатида қадимдан бери кенг қўлланиб келиняпти. Мевасидан тайёрланган дамлама ва қайнатмалар халқ табобатида ўпка сили, қизилча, терлама (тиф), ўт қопчасининг яллиғланиши, меъда-ичак, буйрак қовуқ касалликларини даволашда ишлатилади.
Унинг меваси танага қувват бағишлайди, модда алмашинувини яхшилайди, ёнғоқчалари эса буйрак ва сийдик йўли касалликларини даволашда сийдик ҳайдаш учун ишлатилади. Ўсимлик илдизидан тайёрланган дамлама ва қайнатма халқ орасида меъда ва жигар касалликларига, кукуни эса яраларга даво сифатида қўлланади.
Наъматак мевасининг қайнатмаси, яъни шарбати халқ табобатида жуда кўп касалликларни даволашда тавсия этилади. Шарбат олиш учун унинг мевасидан 10-15 тасини олиб ювиб ташланади ва сирли идишда ўн дақиқагача қайнатилади ва тиндириб истеъмол қилинади. 
Наъматак дамламаси тайёрлаш учун эса ярим литрли термосга тўрт-бешта наъматак мевасидан солиб, устига қайнаган сув қуясиз ва бир кеча қолдириб, кейин эрталаб сузиб оласиз. Дамлама овқатдан йигирма дақиқа олдин кунига уч маҳалдан ичилади. Мазкур дамлама бутун танага қувват беради, унинг чидамлилигини оширади, йўтални кетказади, ҳазм йўллари яллиғланишини даволайди, жигар оғриғидан халос қилади. Оғиз бўшлиғи шамоллаганида у билан бир неча бор ғарғара қилиб ташланса, фойдаси тегади.
Аёлларда учрайдиган бачадондан қон кетиши касаллигида наъматакни узоқ қайнатиб, шарбати ичирилади, меваси қайнатилган сувда аъзони ювиш ҳам фойда беради. 
Чипқонни даволашда ҳам наъматак қайнатмаси энг яхши даво саналади. Ундан беморга чой қилиб ичирилса, қони тозаланиб, ярадан қутулади, яранинг тез етилиши учун эса унинг ширасини суртган маъқул.  
Совуқ мизожли ва қон босими паст бўлган беморларга наъматак дамламаси энг шифобахш чой ўрнини босади. 
Қаттиқ совуқда қўл, оёқ ва бошқа аъзоларини шамоллатган кишилар унинг қайнатмасини тез-тез ичиб туришса, танани қиздириб, заҳарли моддаларни пешобга ҳайдайди. Кўз шамоллаб ёшланганида, шапоқланса ёки говмижжа чиқса наъматак қайнатмаси билан кўзни кўп ювиш тавсия этилади.  
Қовуқ, буйрак шамоллаганда ҳам наъматак қайнатмасидан бетобга бот-бот иссиғида ичирилса, шифо бўлади. Қайнатмада қовуқ устини бир неча бор ювиш ҳам мумкин. 
Мушаклар шамоллаганда, қорасон хасталигида наъматак қайнатмасини оғриқ қўзғолган, хаста жойларга суртиш дардни енгиллаштиради. 
Бу қайнатма, шунингдек болалар шамоллаши туфайли баданига тошган майда қизил, сувсиз тошмаларни даволашда ҳам қўл келади. Бунинг учун бола қайнатмада чўмилтирилади ёки кун давомида у билан бир неча бор эмланади. Наъматак меваси болалар иштаҳасини очади ва уларга қувват бўлади. 
Бу неъмат семизликни аста-секин даф қилади, чунки у ични суриб, ювиб-тозалайди, кичик таҳоратни тезлаштиради. Камқувват, тинкаси қуриган одамлар унинг баргларини чой ўрнига дамлаб ичишса, фойда қилади.
Иккита ош қошиқдаги наъматак мевасини қайноқ сув қуйилган термосга солиб, бир кеча-кундуз дамланади ва сўнг сузиб олинади. Ундан ҳар куни икки-уч маҳал овқатдан олдин 100 мл.дан ичилса, камқонлик, қувватсизлик, атеросклероз, буйрак ва жигар хасталиклари, шамоллаш, авитаминозда шифо бўлади. 
Бир ош қошиқдаги майдаланган наъматак баргини 300 мл. қайноқ сувда икки-уч соат ёпиқ идишда дамлаб қўйилади ва сузилади. Буни икки ош қошиқдаги асал билан икки-уч маҳал овқатдан олдин ичилса, битиши қийин яраларни даволашда қўл келади. 
Агар кунига икки грамм қуритилган наъматак мевасидан майдалаб истеъмол қилинса, инсон ёшлигини узайтириш, жинсий қувватини сақлашга ёрдам беради.
Иссиқ мизожли кишиларга эса наъматак дамламаси ва қайнатмаси тўғри келмайди, чунки у бундай одамларнинг ошқозон ости безига салбий таъсир кўрсатади.  Шунингдек қон босими – хафахон, қанд касаллиги, шақиқа, жигар касалликлари, тахт, бавосир, темиратки каби бемор иссиғи ошиб кетиши туфайли пайдо бўладиган хасталикларда ҳам наъматак қайнатмаси фойда бермайди. Наъматакдаги С дармондориси тишнинг эмал қатламини емириши боис уни истеъмол қилгандан кейин оғизни албатта илиқ сув билан чайиб ташлаш керак. 
Замонавий тиббиётда наъматак мевасидан дамлама, экстаркт ва ҳўл мевасидан шарбат ҳамда ҳапдори ва холосис каби доривор воситалар тайёрланади. Мазкур дорилар авитаминоз хасталиги ва атеросклерозни даволашда ўт ҳайдаш мақсадида ишлатилади. Каротолин препарати битмайдиган яралар, дерматитлар, қўтир, қичима, экзема, псориаз каби тери касалликларини даволашда қўл келади. Наъматак барча турлари мевасидан витаминли ва поливитаминли йиғма чойлар, озиқ-овқат саноатида эса витаминга бой аралашма, конфетлар ва қандолат маҳсулотлари тайёрланади. 
«Шифобахш дорининг кўпи заҳарга айланади», деганларидай, наъматакдан фойдаланишни суиистеъмол қилиш даво ўрнига зарар келтириши мумкин. Профессор А. Д. Туров тавсияларига кўра, наъматак шарбатлари ва дориларини узоқ вақт сурункали истеъмол қилганда меъда ости безининг инсулин ишлаб чиқаришига салбий таъсир кўрсатиши, лангерганс оролчаларининг мўътадил фаолияти бузилишига сабаб бўлиши мумкин экан.

 

 

 

Келинлик масъулияти

 

 

 

Эгнингизда қордек оппоқ тўй либоси – бугун сиз келин бўлдингиз. Ўзга бир хонадон сизни қучоқ очиб кутиб олди, бошингиздан гуллар сочиб қаршилади. Йигирма йил боқиб-тарбиялаб вояга етказган ўғилларининг  бор-будинни сизга ишониб топширди. «Ҳовлимизга келин келди, қут-барака келди, хурсандчилик келди, қадами қутлуғ бўлсин!» деб дуолар қилди.
Энди сиз учун янги бир ҳаёт бошланади. Ўн саккиз йил яшаган хонадонингизни тарк этиб, бегона кишилар билан тил топишиб, уларга эл бўлишингиз керак. Яқинларингиздан, меҳрибон ота-онангиздан узилиб эрингизнинг, қайнона-қайнотангизнинг энг яқин кишиси бўлиб қолишингиз керак. Акс ҳолда икки оилада ҳам ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш керак?
Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўлади.
Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-эркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхшию, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
Келин – қайнонанинг маънавий қизи, қайнона – унинг иккинчи онаси, дейишади. Биринчи онангиз ўз уйингизда қолдими, демак, куёв хонадонида сиз учун энг яқин, меҳрибон, ғамхўр киши қайнона бўлади. Қайнона – ҳаётдаги йўлдошингизнинг, суюкли эрингизнинг туққан онаси, танасининг бир парчасини сизга тортиқ қилган саховатпеша, бағрикенг бир инсон. Агар у эрингизни туғиб бермаганида бу яхши инсонга завжа бўлолмасдингиз. Агар у хоҳламаганида совчи юбориб сизни келин қилмасди.
Демак, сиз учун эрни қанча ҳурмату иззат қилиш лозим бўлса, унинг онасини (отасини) ҳам ардоқлаш, таъзиму риоят қилиш шунчалик зарур. Агар уни қайнона сифатида иззат қилолмасангиз, ҳеч бўлмаса, ёши улуғлиги учун ҳурмат кўрсатишга мажбурсиз. 
Мана куёв хонадонига келин бўлиб тушдингиз. Қайнонангиз биринчи кунларданоқ «қизим-қизим»лаб ҳурматлаб турибди. Сиз ҳам ўша ҳурматга яраша итоат кўрсатинг, гапини қайтарманг. Унинг ёши улуғ, ҳаётда кўп нарсани кўрган. Нима яхшию, нима ёмон, англаб етган. Шундай бўлгач, билмаганларингизни ўргатади, рўзғор юритиш сирларидан воқиф қилади, эпли, тежамли, саришта бўлишдан сабоқ беради.
Унинг айтганларини жон қулоғингиз билан тингланг. Сизга ёқмаса ҳам, бурнингизни жийириб, лабингизни бурманг. Хўп бўлади, деб бажаришга шошилинг. Чунки Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни, уларга қараб «уф» тортмасликни, уларнинг сўзларини қайтармасликни буюрган. Қайнона – она, она бўлганида ҳам эр-хотин – икковингизнинг онангиз.
Қайнонангиз  келин олаётганида сиз билан дарров ёвлашиб қоламиз ёки душманимга айланади, деб ният қилмайди. Ҳар қандай «маршал» қайнона бўлмасин, итоатли, одобли, ҳаёли келин қаршисида қиличи синиб, сўзи тинчиб қолаверади. Унинг ёшини, эрингизнинг онаси эканини, рўзғор юритишдаги катта тажрибасини инобатга олиб муомалада бўлсангиз, фақат ютасиз.
Қайнонанинг хайрихоҳлик билан ўргатган ишларидан жаҳлингиз чиқмасин. Чунки у сизни камситиш ёки билмаганингизни таъна қилиш учун эмас,  билганларини сизга кўрсатиш учун ўргатяпти. Бунга раҳмат айтиб қабул қилинг. Қаричилик ортиданми ёки жаҳли чиқиб турганиданми, қизишиб танбеҳ берса, аразламанг, мулойимлик кўрсатинг, сабр қилинг.
Акс ҳолда муроса бузилади, дилидан қоласиз. Оилада нотинчликлар, совуқчиликларнинг изғирин шамоли эсиб қолади. Орада эрингиз бечора эзилади. Чунки у икки ўт орасида қолади. Бир томонда – оқ ювиб-оқ тараган, вояга етказган онаси, иккинчи томонда – ўз хонадонини тарк этиб, қолган ҳаётини эрига бахшида қилишга онт ичган суюкли ёри.
Ўз онангиз сизга бахт тилайверсаю, сизни «турмуш» дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрламаган бўлса, ҳаёт сабоқларидан таълим бермаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатмаган бўлса, қайнонангиз айбдор эмас-ку! Қайнона ва келин можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан?
Ўзбек хонадонида, яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошига кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади. Мана, бир мисол:
«Мен 1999 йили турмушга чиқдим. Эрим билан жуда аҳил ва иноқ эдик. Қайнонам эса ўз қизидай севарди. Аммо арзимас бир воқеа бахтимни поймол қилди, ширин турмушга оғу солди. Ўша куни эрим ишхонасидан мукофот пули олиб, онасига кўйлак олиб келган эди. Буни кўриб феълим бузилди. «Турмуш қурганимизга уч йил бўлибдию, ҳали менга тузукроқ бир совға қилмади», деб ўйладим. Эримга айтувдим, «Фарзанд кўрганимизда кўйлак олиб бердим-ку», деди бамайлихотир. Хунобим ошди. Кейин уйга борганимда ойим ярамга туз сепдилар: «Ўзи эринг орзу-ҳавасни билмаган йигит экан… Мункиллаган онасини ясантириш ўрнига оиласини ўйласа бўлмайдими? Ахир сен ёшсан, авжи ўйнаб-куладиган давринг. Ҳозир киймасанг, қачон киясан? Адашдим, адашдим, бўлмаса, ўша таги пастларга қиз берармидим…». Ойимнинг гаплари мени тамоман йўлдан оздирди. Тўнимни тескари кийиб олдим. Эрим ва қайнонам ҳайрон. Она-бола насиҳат қилишса – кар, йўл кўрсатишса – кўр бўлиб олдим. Гўё иззат-нафсим поймол, қадрим ер билан яксон, обрўйим бир пул, дилларим вайрон. Аммо қаттиқ янглишган эканман.
Хуллас, эрим ва қайнонамнинг ялиниб-ёлворишлари, панду насиҳатлари кор қилмади, ажрашиб кетдим. Ишга кириб, дил яраларим тузалгандай бўлди. Аммо ўғлим «дада, дада»лаб йиғлаганида, «Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади», деб мени ажратиб олган онамнинг энди малол кўргандай қовоқ-тумшуқ осилтириб олганида нақадар машъум хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим. Бир парча матоҳ, деб шундай меҳрибон, яқин кишиларимдан юз ўгирганимни ўйлаб туни билан оҳ чекаман, кўз ёшларим жаладай қуйилади».
Ҳа, қайнона – хонадоннинг энг катта бекаси, хоними, эрингизнинг меҳрибон, сахий онаси. Эрингизнинг муҳаббати ва ҳурмати бошингизни айлантириб қўймасин, уйда ўзингизни хўжайин ҳис этиб ҳукм юритмоқчи бўлманг. Бу билан қайнонангиз ва ўзингиз ўртангизга совуқчилик туширасиз, чоҳ пайдо қиласиз, эрингиз ва яқинларингизнинг назаридан қоласиз.
Муҳтарам келинлар,  ҳузур-ҳаловатингизни ўйлаб эрингизни онасидан юз ўгиришга мажбурламанг, тантиқлигингиз ва иззатталаблигингиз билан унинг иймондан, диёнатдан ажралиб, ота-онасига осий бўлиб қолишига сабабчи бўлманг. 
«Ойнаи жаҳон» орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказганлари ҳақида гапирди. Ҳақли суратда шундай савол туғилади: «Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не орзулар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қила олдинг?». Келинлик мажбуриятларини бажаришга уч ойгина чидаган жувоннинг арзу-дод қилиб юриши қайси ахлоқда бор?
Ўзбек хонадонида келинни қадрлайдилар, авайлайдилар. «Бировнинг боласи, кўниксин, ўргансин», дейдилар. Сен қандай келин бўлдингки, ана шу уч ойдаёқ кўникиш, кўнгил овлаш, янги хонадонга мослашиш ўрнига зулм кўрдим, дея жар солиб юрибсан? Ахир келинлик даври кўникиш, меҳр қозониш, уйнинг оғирини енгил қилиб, катталарнинг ва эрингнинг муҳаббатига сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми?»
Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда бахтлари устидан кул тортишади. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора «ҳақиқат излашга» тушишади.
Кўпинча ёш келинлар зорланиб қолишади: «Нима қилсак, қайноналаримизга ёқарканмиз, уларнинг таъна-дашномларидан, маломатларидан қутиларканмиз?» Ҳамма учун бирдай ёқишнинг иложи йўқ. Катталар ва ёшлар ўртасидаги «авлодлар ихтилофи» туфайли қайнонангиз билан дарров, осонгина тил топишиб кетишингиз қийин.
Аммо сиз бировнинг хонадонига келин бўлиб, бегона бир аёлни она ўрнида қабул қилмасангиз, у билан муроса қилиш йўлларини ахтармасангиз, асло бахтли бўлолмайсиз. Эрингиз сизни қанчалик севмасин, айланиб-ўргилмасин, қайнонангизга ёқмас экансиз, оилангизда фароғат ва саодат бўлмайди.
Бунинг учун нима қилиш керак? Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўниш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, манави ўнта ўгитни яхшилаб эслаб, унга риоя қилишга урининг:
1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр. 
2. Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. 
3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқлик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. 
4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг, маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.
5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан тилозорлик қилманг. 
6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. 
7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда «Эгилган бошни қилич кесмайди», деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.
8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу «қилди-қилмади»лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. 
9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, «Болам иккита бўлди», деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг «сабабчиси» бўлган, ўғлини «оғдириб олган» келинини ёқтирмай қолади.
10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангизу, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикансиз? 
Бахт ва фароғат гулханларини ўчирмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги  панд-насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, «келиндан ёлчимадим» дея ҳафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шуълаларини учқунлантириб юборарсиз?!
Аллоҳ таоло қайнона ва келин – икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!
Яхши, солиҳа, хушахлоқ хотин эр учун бир жаннат мисолидир. Тарбиясиз, ахлоқсиз, жанжалкаш хотинлар эса дўзахдан ҳам баттар. Бир куйган эр: «Ҳамма қизлар яхшию, ёмон келинлар қаёқдан пайдо бўлар экан?» деб ҳайрон бўлган экан. Чунки ўз ота-онангиз барча эркалик, ноз-фироқларингизни кўтаради, нуқсонларингиздан кўз юмади. Ўзга хонадонда эса бу тезда ошкор бўлиб қолади. Шунинг учун тўйдан кейин барча ёмон қилиқларингиздан воз кечиб, чиройли амаллар қилишни бошласангиз, фақат ўзингизга яхши бўлади. 
Ёмон хотинлар эрларига ва унинг яқинларига қўпол, дағал муомалада бўлишади. Хонадон юмушларидан бўйин товлашади. Эрнинг мол-мулкига бепарво бўлиб, асраб-авайлашмайди ва исроф қилишади. Ёлғон гапиришдан, чақимчиликдан, ҳаёсизликдан уялишмайди. Оиланинг тинчи, фароғати, фаровонлиги ҳақида ўйламай, ҳар куни – кун оша оила аъзоларининг оромини бузиб жанжал кўтараверишади. Уларга на панду насиҳат, на катталарнинг йўл кўрсатиши, на қонун-тартиблар, на фарзандлар қисмати – ҳеч нарса кор қилмайди. Улар ана шундай бадбахт кимсалардир.
Ўтмишда қизини куёвникига жўнатиш олдидан айрим доно оналар қуйидагича насиҳатларни қилишган:
«Эринг хонадонида қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни, эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
Эрингга итоат эт, «қил» деган ишларини қил, «қилма» деганини қилма!
Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.
Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгинки, тозалик ва заифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.
Овқатни вақтида тайёрла. Яъни, овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтга овқатини тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг жаҳлини тез келтиради.
Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафахон этади. Асаблари бузуқ, хафахон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.
Хожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни, хожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг мол-дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик – иш билиш ва қадрига етиш, демакдир.
Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни, хожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат хожангнинг эътиборини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш хожангни ҳурмат қилиш, демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишингдир.
Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни, эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оиланг бузилади.
Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни, хожангнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Шуни яхши билиб олгинки, хожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга мансуб ишдир».

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 62 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ