1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Шифобахш чой ичинг!

 

 

 

Турли гиёҳлар ва доривор воситалар қўшиб дамланган чой дардлардан халос бўлишга ёрдам беради. Шифобахш чойни қандай дамлаш кераклигини билиб олсангиз, бас!

Мурчли чой. Ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда олий навли қуруқ чой, ярим чой қошиқ туйилган мурч ёки доналаридан 15 дона солиб, устидан қайноқ сув қуйилади ва 4-5 дақиқа сочиққа ўраб дам едирилади. Халқ табобатида мурчли чой шамоллаб йўталганда, бронхиал астмага чалинганда, гриппда терлатувчи ва пешоб ҳайдовчи вочита сифатида қўлланилади. Қора мурч аъзоларни тозалаш, қизитиш, заҳарларга қарши курашиш хосиятларига эга. Илон, қорақурт ёки чаён чаққанида мурчли чой бир неча марта қайта-қайта ичирилган ва шу орқали заҳарнинг кучи қирқилиб, беморнинг ҳолати яхшиланган. Мурч ошқозон ва жигар фаолиятини ҳам мустаҳкамлайди. Абу Али ибн Синонинг ёзишича, мурч мушак нервларини шундай қиздирадики, бу ишда ҳеч нима унга тенг келмайди. Мурча йўтал ва кўкрак оғриқларига фойда қилади. Асал билан қўшиб, танглайга суртилса, томоқ оғриғига фойда қилади ва ўпкани тозалайди.

Мурч ва асалли чой. Хосиятлари худди юқо­рида айтилганидек, фақат дамлашда унга донадор мурч солиб, асал қўшилади. Бу бемор болаларга аталган. 300 граммли чойнакка ярим чой қошиқ олий навли қора чой, 10 дона мурч ва 2 чой қошиқ асал солиб, устидан қайноқ сув қуйилади-да, сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилгандан кейин ичирилади.

Заъфаронли чой. Заъфарон савсаргулдошлар оиласига мансуб субтропик ўсимлик оналигининг қуритилган тивитларидир. Халқ табобатида заъфаронли чой юраги заиф ва нафаси қисадиган касалларга ичирилган. Заъфарон тўғрисида Ибн Синонинг фикри қуйидагича: «Буриштирувчи ва эритувчидир. Бунда буриштириш ва елимлар хусусияти бўлганидан етилтирувчи ҳамдир. Иссиқлиги мўъ­тадил бўлиб, тиқилмаларни очади. Сасишни тузатиб, ички аъзоларни кучайтиради. Заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли қилади. Балғам кўчишини осонлаштиради ва нафас аъзоларини кучли қилади».
Ярим литрли чойнакка 15-20 тивит (пичоқ учида олинган) заъфарон, 1 чой қошиқ олий навли кўк ёки қора чой солиб, устидан қайноқ сув қуйилади. Сочиққа ўраб, 4-5 дақиқа дам едирилади, шунда у яхши шира беради. Чой оз-оздан ҳўплаб ичлади.

Қалампирмунчоқли чой. Қалампирмунчоқ – чиннигулдошлар оиласига мансуб тропик дарахтнинг очилмаган ғунчаси. Кучли ёғимли ҳиди ва ўткир мазаси таркибидаги ифори мой билан боғлиқ. Чой қуйидаги тартибда тайёрланади: ярим литрли чойнакка 4-5 дона қалампирмунчоқнинг қуритилган ғунчаси, 1 чой қошиқ кўк чой солиб, қайноқ сув қуйилади. 4-5 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилади.
Бундай чой халқ табобатида ошқозони заифлашган, овқат ҳазми ёмонлашган беморларга ичирилган.

Седанали чой. Ибн Сино шундай ёзади: «Седана балғамни кўчирувчидир, тозаловчи, ел ва дамни шимдирувчидир. Хусусан, унинг тозалаш хосияти етарли даражададир. Седана тумовга фойда қилади. Уни асал ва иссиқ сувга қўшиб ичилса, қовуқ ва буйракдаги тошларга фойда қилади, уларни чиқаради». Седанали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ қора ёки кўк чой, 20-25 дона седана солиб, қайноқ сув қуйилади ва 3-4 дақиқа чўққа қўйиб дам едирилгандан кейин ширинликлар билан ичилади, асал қўшилса, жуда фойдали неъматга айланади.

Райҳонли чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 ош қошиқ қора ёки кўк чой, 7-10 дона райҳон барги солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5 дақиқа чўғ ёнида дам едирилгач, дастурхонга тортилади. Қишда эса қуритиб, уқалангани ишлатилади (ярим чой қошиқ). Бундай чой халқ табобатида совуқ мизожли кишиларга жигари ва томирларидаги тиқилмаларни очадиган дори сифатида ичирилган. Райҳонли чой балғам кўчиради, шунингдек, уни бўғимлар шамоллаганда, асабийлашганда, сафро ҳайдовчи восита сифатида тавсия этишган.

Зирали чой қуйидагича дамланади: ярим литрли чойнакка 1 чой қошиқ зира, худди шунча олий навли кўк ёки қора чой солиниб, қайноқ сув қуйилади. 5-7 дақиқа дам едирилгач, иссиғида ичилади. Халқ табобатида зирали чой қон босими ошган кишиларга тавсия этилган.

Кийикўтли чой. Халқ табобатида кийикўтли чой томоқ қирилганда, ўпка ва юрак хасталикларида, қон босими кўтарилганда тавсия этилган. У жигарни мустаҳкамлаш ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Тоғлардан териб келинган кийикўтни ювиб, сояда қуритилади. Ишлатганда кафтлар орасида уқалаб олинади. Ярим литрли чойнакка битта кичкина қошиқда олий навли кўк чой, 1 чой қо­шиқ қуритилган кийикўт солинади ва қайноқ сув қуйиб, чўққа 5 дақиқага қўйиб дам едирилади.

Ялпизли чой халқ табобатида юракни бақувват қиладиган, кайфиятни созлайдиган дори сифатида қўлланилган. Ялпиз бош оғриғини қолдиради, барги чайналса, оғизни шамол юргандек қилади ва чанқоқни қолдиради. У тиш оғриғига ҳам даво. Ялпизли чой шундай тайёрланади: ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда қора ёки кўк чой, тўртта ялпиз барги солинади-да, қайноқ сув қуйилади. Чўғ ёнида 5 дақиқа дам едирилади. Унга асал ва новвот солиҳ ҳам мумкин.
Қишда кўланкада қуритилган ялпиз барглари ишлатилади.

Лимонўтли чой. Халқ табобатида лимонўтли чой юрак, мия ва сезги аъзоларини қувватли қилувчи дори сифатида ичирилган. Чиндан ҳам бундай чой ақлни пешлайди, жигар ва ошқозонга фойдаси катта. Одам бирон нарсадан қўрқиб кетса, безовталанса ёки уйқуси қочса, шу чой дармон бўлади. Лимонўт қоринда, буйракда ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган санчиқни қолдиради. Оғиз ҳидларини кетказади. Юракни кучайтиради, ҳазмга ёрдам беради ва ҳиқичоқда фойда қилади.

 

 

 

Ажабтовур чапақайлар

 

 

 

Шифокорларнинг билдиришича, аслида чапақайлар ва ўнақайлар деярли тенг нисбатда туғилади, лекин ке­йинчалик олиб борилган «тарбия» натижасида чапақайларнинг 25 фоизигина бу хусусиятини сақлаб қолади.

Маълумки, одам организми бош миянинг буйруғига биноан ҳаракат қилади. У ўнг ва чап ярим шарлардан ташкил топган бўлиб, ҳар бирига маълум вазифа юкланган. Чап ярим шарлар кўриш, сезишни бош­қарса, ўнг ярим шарлар ҳис-туйғу ва ақл-идрокни назорат қилади. Аммо қўл-оёқларнинг бошқарилиши икки ярим шарларга тенг тақсимланган. Яъни чап ярим шарлар тананинг ўнг тарафини ҳаракатга келтиради, ўнг ярим шарлар эса чап қисмда жойлашган аъзолар учун «жавобгар». Чапақайларда бош миянинг ўнг ярим шарлари кучли ривожланган бўлади. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги ҳис-туйғуга берилувчан одамлардир.

Одамнинг чапақай ёки ўнақай бўлиши она қорнидаёқ шаклланади ва бу ўз-ўзидан ирсиятга бориб тақалади. Чапақайлардан иборат оилада туғилган чақалоқнинг ҳам чапақай бўлиб ўсиш эҳтимоли катта. Агар сиз ўнақай бўлсангиз-у, фарзандингиз чапақай туғилса, уни ўнг қўлини ишлатишга мажбур қилманг. Акс ҳолда боланинг ўнг ярим шари зарарланиши, у кўп асабийлашадиган, қайсар ва одамови бўлиб қолиши мумкин. Ахир чапақайликнинг ҳечам ёмон томони йўқ, бола шундай туғилган бўлса, нима қилсин. Қолаверса, дунёга номи кетганлар орасида чапақайлар анча-мунча: Юлий Цезар, Арасту, Искандар Зулқарнайн, Леонардо да Винчи, Амадей Моцарт, Наполеон Бонапарт, Альберт Эйнштейн, Чарли Чаплин, Бенжамин Франклин, Исаак Ньютон, Билл Гейтс... Маълумотларга кўра, дунёга донг таратган кишиларнинг 85 фоизи чапақай экан. Шундай экан, фарзандингиз чапақай туғилса, хафа бўлманг. Балки кун келиб, у ҳам маш­ҳур бўлиб кетар?..

Бундан ташқари, чапақайларнинг спортда ҳам омади чопган. Масалан, боксёр чапақай бўлса, рақибининг ҳимоя қила олмайдиган тарафларига зарба бера олади.

Олимларнинг кузатишича, нафақат одамлар, балки итлар, мушуклар ва отлар ҳам чапақай бўлиши мумкин экан!

 

 

 

Чангнинг зарари

 

 

 

Уйингизда ўпкага зарар қиладиган чиқиндилар, кўзга кўринмас ифлос чанглар борлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Масалан, сувалган деворнинг аста-секин кўчиб туришини, кийимларимизнинг эскириб, иплари, жунлари тўкилишини, ҳар лаҳзада теримиздан эпителийлар тушиб туришини хаёлимизга қам келтирмаймиз.

Ана шу чиқиндиларнинг бир қис­ми оддий чангга айланиб, дуч келган жойга чўкади. Бир литр ҳавода беш юз минг донагача чанг зарралари бў­лади. Бир кеча-кундузда одамнинг нафас йўлларига 6 миллиард до­нагача ана шундай зарралар ўтиради. Чангли ҳаводан нафас олганда иммунитет сусаяди, умумий саломатлик ва аҳвол ёмонлашади, чанг жуда кучли аллергик реакция кўрсатади.

Теримиздан кўчиб тушадиган эпителийлар чанг (сапрофит) канаси учун озуқа ҳисобланади. Айниқса, ўрин-кўрпада бу хил озиқ кўп бўлади. Каналарнинг ҳаёт фаолияти маҳсулотлари ва улардан тушадиган нарсалар жуда кучли аллер­гик ҳисобланиб, астма, гуш (экзема)га сабаб бўлади. Агар бир грамм чангни микроскоп остига қўйиб кўрилса, ундан икки мингта канани топиш мумкин. Чангютгичнинг энг қалин филь­тридан ҳам чанг ва каналар ўтиб кета­ди. Чангютгич билан тозалаш хонада чанг гирдобини ҳосил қилади.

Энг яхшиси, супургини ҳўллаб супуриш, латтани қўллаб, полни артиш керак. Чанг канаси қайнатганда ўлади, шунинг учун чойшаб ва кўрпа-ёстиқ жилдларини ками­да ярим соат қайнатиш, ич кийимлар­ни, айниқса, болалар кийимларини юв­гандан кейин, албатта, дазмоллаш шарт. Ҳаво қанчалик қуруқ бўлса, унда чанг шунчалик кўп бўлади. Шкафлар устига ва дераза токчаларига сув тўлдирилган идиш қўйиб қўйсангиз, чанг намланиб, оғирлашиб, чўкади. Дераза­ларни очиб, хоналарни шамоллатинг. Тувакларда ўсимликлар қўйиб қўйилса, уй ҳавоси янгилана­ди.

Пар ёстиқни ҳам ҳовлига олиб чи­қиб, қоқиб туриш керак. Болалар эса пар ёстиқда ётмаганлари маъқул. Эсин­гизда бўлсин, ерга тўшалган ва девор­га осиб қўйилган гиламларда ҳам чанг жуда кўп бўлади. Ҳар қандай гиламни сотиб олганингиздан кейин ундан ўзи­га хос ширинроқ ҳид келиб туради, бу одатда формальдегидлар ва фенолнинг ҳиди бўлиб, соғлиқ учун зарарли бўлган ароматик углеводларнинг бутун бир гуруҳидир. Шунинг учун гиламни бир неча кунгача ҳовлига ёйиб қўйиш керак. Ҳо­жатхона, ошхона ва ваннахона деворидаги асбест-цемент плиталар қам сало­матлик учун анча зарарли.

 

 

 

Асабий тарангликка қарши ҳидлар

Руҳияти бузилган, асаблари таранглашган беморларни хушбўй ҳидлар билан даволашга уриниш қадим замонлардан буён қўллланилиб келинмоқда. Ароматерапия ҳозирги вақтда бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. Асабни тинчлантирувчи гиёҳлар бизнинг ўлкамизда жуда кўп, фақат уларни топиб фойдаланилса, бўлди.

Қаттиқ чарчаганингизни сезсангиз — апельсин, ёронгул, лимон, қораарча, ялпиз ҳидланг.

Бош оғриғи, асаб толиқишида — райҳон, қалампирмунчоқ, лимон, ялпиз ҳидланг, уларга қараб ўтиринг.

Уйқусизликда — райҳон, ёсумангули, арпабодиён, долчинни ҳидланг.

Ақлий толиқишда — райҳон, ялпиз, тизимгул, қораарча, жамбил ҳидланг.

Хотира сусайганда — райҳон, қалампирмунчоқ, атиргул, хушбўй олмалар ҳидланг, таомга қўшиб тановвул қилинг.

Толиқишда — райҳон, тизимгул, долчин, занжабил ҳидланг, чойга ёки таомга ҳам қўшилса, яхши ёрдам беради.

Асаб бузилишида — арпабодиён, ванилин, тоғрайҳон, лавзей ҳидланади.

Йиғлоқиликда — грейпфрут, тоғрайҳон, лаванда, сандал ҳидланг.

Ваҳимага тушган одам — арпабодиён, пўртахол, атиргул ҳидласин, уларни еса ҳам бўлади.

Руҳий азобланишда — пўртахол, долчин, миртагул, ялпиз, оққарағай, атиргул, мармарак ҳидласин.

Тунда даҳшатга тушиш, қўрқувлар юз берса — арпабодиён, пўртахол, атиргул ва сандал ҳиди ҳидлансин.

Терида асабий тарангликлар оқибатида доҚлар пайдо бўлса — грейпфрут, лимонўт, атиргул, мойчечак ҳидлансин.

Соч тўкилишида — грейпфрут, занжабил, қараҚай, мармарак ҳидланса, фойда беради.

Қизил қон томирлари босими ошганда — яронгул, лимон, қораарча, шивит ҳидланади, дамлаб ичилади.

Юрак уруши тезлашганда — арпабодиён, ялпиз, лаванда ҳидланади.

Юракда оғриқ турса — яронгул, лаванда, ялпиз, розмарин олмаси ҳидланади.

«Дорисиз қалб давоси» китобидан.

Нима учун аёллар кўп яшайди?

Албатта, нима учун аёлларнинг эркакларга нисбатан кўп яшашлари кўпчилик учун қизиқарли бўлса керак. Ҳа, ожизалар, деб атаганимиз аёллар эркакларга нисбатан ўртача 5-10 йилгача кўп яшашлари бугун исбот талаб этмайдиган ҳақиқатга айланган.

Бу сирнинг тагига етиш учун Американинг “Time” журнали, Бостон университети тадқиқотчиси Том Перлс ва www.livingTo­100.­com­ сайти ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аёлларнинг эркакларга нисбатан кўп яшашларининг асосий сабаби шундай изоҳланган: Аёллар ўртача 70-80 ёшга тўлгандан кейингина юрак қон-томир касалликларига дучор бўлишар экан. Эркаклар эса худди муқаррар ўлимга элтувчи бу касаллик билан 10 йил олдинроқ ўртача 50-60 ёшда оғрир эканлар. Шундан сўнг тадқиқотчилар бунинг сабаби нима, деган саволга жавоб излашди ва эркакларнинг юрак қон-томир касаллигига эрта чалинишига сабаб уларнинг организмида темир моддасининг аёллар организмидагига нисбатан анча кўплигида экан. Темир моддасининг кўплиги юрак қон-томир хасталигини келтириб чиқарувчи энг муҳим омилдир.

Ҳозир сайтимизда 38 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ