1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Овқатланиш маданияти

Узоқ умр кўришнинг сир-синоатларидан бири овқатланишни тўғри ташкил этишдир. Амалиётда озиқ-овқат маҳсулотлари асосан 5 та турга ажратилган: углеводлар, ёғлар, оқсиллар, витаминлар ва минерал тузлар.

Қайсики мамлакатда нима кўпроқ етиштирилса, маҳаллий аҳолининг асосий овқати ўша маҳсулот ҳисобланади. Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий-Шарқий Осиё халқлари гуручни, хитойликлар лапша ва юмшоқ булочкани, Марказий ва Жанубий Америкада маккажўхорини, Шимолий Америка ва Европада картошка ҳамда буғдойни кўпроқ истеъмол қилишади. Марказий Осиё халқлари, юртимиз аҳолиси гуруч, нўхат, ловия, мош кабилардан таом тайёрлашни хуш кўришади.

НИМАНИ ҚАЧОН ЕЙИШ КЕРАК?

Кам е, кам гапир, кам ухла. Нафсга эрк бериш ёки вақтида овқатланмаслик киши организмидаги мўътадилликнинг бузилишига олиб келади.

...Унинг қорни ниҳоятда оч эди. Кечки пайт қовун-тарвуз, аччиқ-чучук билан кифояланди. Оч қоринга тушган ҳўл маҳсулотлар тун ярмига борар-бормас уни безовта қила бошлади. Оғриқ йўқ, аммо қорни ғалдир-ғулдур қиларди, тонгга бориб ичи сувдек кетди. У шундагина оч қоринга ҳўл мева еб бўлмаслигини англади. Ошқозон-ичак фаолиятини меъёрига келтиргунча уч-тўрт кун керак бўлди.

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги гастеронтология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мамлакат Рустамова бу воқеага доир ўз фикр-мулоҳазаларини шундай шарҳлайди.

— Овқат ҳазм қилиш органлари оғиздан бошланади. Биз овқатни кўрганимизда ёки иштаҳа очувчи бирор ҳидни сезганимизда, оғиз бўшлиғимизда сўлак ажралиб чиқади. У оғизга тушган таомни ҳўллаш учун керак. Сўлак бўлмаса, оғиздаги овқатни чайнаш ва ютиғи қийинлашади. Сўлак билан ҳўлланган ва чайналган луқма қизилўнгачга, ундан сўнг меъдага тушади. Меъда деворларидаги махсус безлардан оқсил, углевод молекулаларини парчалайдиган нордон шира ажралиб чиқади. Одам учун бир кеча-кундузда 100 грамм оқсил, 85 грамм ёғ, 400 грамм углевод ва бошқа турли-туман витаминлар зарур. Ана шу моддалар таркибида ёки бўлмаса, сабзавот, мева-чевалар кўринишида бўлсин, камида 1 литр сув ҳам истеъмол қилиниши керак.

Юқорида келтирилган воқеада қандай хатога йўл қўйилди? Сабзавот, полиз маҳсулотлари, мева-чевани оч қоринга эмас, балки ҳазм қилиш хусусиятини ҳисобга олиб, овқатдан кейин тановвул қилиш мақсадга мувофиқдир. Бўш турган ошқозонга ҳўл мева ва полиз маҳсулотлари тушганда, 8 метргача узунликдаги йўғон ва ингичка ичаклар ҳам уларни осонлик билан суриб юборади. Натижада безовтагарчилик бошланади. Хоҳ суюқ, хоҳ қуюқ таом билан бўлсин, аввало ошқозонни озиқлантириб, сўнгра мева ва сабзавотлар истеъмол қилинса, овқат таркибидаги оқсил ва ёғлар меъёрида парчаланади.

Айрим кишилар фақат қуюқ таомларни хуш кўришади. Ёғли, қовурилган, бунинг устига қуюқ таомлар меъда-ичак фаолиятининг бузилишига олиб келади. Айни пайтда фақат суюқ овқат ичиш ҳам ярамайди. Овқатланишни тўғри ташкил этмаган кишиларда сурункали гастрит, ўт қопи фаолиятининг бузилиши, ошқозон ости бези, ўн икки бармоқли ичак яраси касалликларининг учрашига шифокорлар кўп гувоҳ бўлишади.

Саломатлиги жойида бўлишини истаган киши кунига уч маҳал овқатланиши керак. Овқатлар таркибида оқсил, ёғ, витамин ва углеводлар бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Соғлигида муаммоси бўлган кишилар эса кунига 4-5 маҳал кам-камдан овқатланиши, тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари лозим.

СИЗ ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНАСИЗ?

Ҳар ким ўз таъбига кўра, шарт-шароити ва соғлигига қараб овқатланади. Ҳазрат ибн Синонинг бундан минг йил муқаддам овқатланиш тадбирлари, қоидалари ҳақида айтган фикрлари ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.«Соғликни истаган киши иштаҳаси чин бўлмай, меъдаси ва юқори ичаклари аввалги овқатдан бўшамай туриб ҳеч нима емасин. Гавдага энг зарарли нарса меъдада овқат етилмасдан ва ҳазм бўлмасдан туриб яна овқат киритишдир».

Дарҳақиқат, саломатликни сақлашнинг муҳим шарти — тўғри овқатланиш ҳар биримизга тегишли. Эрталабки овқатни ўзинг учун е, тушликни дўстинг билан баҳам кўр, кечки таомни эса душманингга узат, дейишади. Бундан шундай хулоса чиқадики, эрталабки ва тушки таом хавфсиздир. Кўпинча халқимиз ҳазми оғир таомларни кечқурун истеъмол қилишга одатлангани боис, уни душманга бериш мажозий маънода айтилган. Хўш, замондошларимизнинг овқатланишга муносабатлари қандай?

Ёрқин Абдуллаев, иқтисод фанлари доктори, профессор:

— Касаллик қўзғатмайдиган даво шуки, қорнинг очмай туриб овқат емайсан, овқатланаётган пайтингда қорнинг тўйиб кетмасдан аввал овқатдан қўл тортасан. Агар шунга амал қилсанг, ўлимдан бошқа ҳеч қандай иллат сенга ҳужум қила олмайди, деган эди донишмандларимиздан бири. Жуда кўп ишлашим туфайли бўлса керак, овқатланишга соатлаб вақт ажратмайман ва соғлигим ҳам жойида. Наполеон кечки овқатга 12, тушликка 8 дақиқа сарфлаган экан. Демак, ўтмишда ҳам ҳозиргидек вақтини тежовчилар бўлган.

Баъзан кечки овқатга икки соат фарқи билан бирданига иккита таклифнома оламан ёки наҳорги ош кетма-кет 3-4 жойда бўлади. Кам-кам еб, кейинги ош учун жой қолдиришимга тўғри келади. Овқатни кўп ҳам, кам ҳам эмас, меъёрида ейиш қоидасига амал қиламан. Саломатликни сақлаш учун ҳеч қандай дори ичиш ёки клубларга қатнаш шарт эмас, фақат соғлом турмуш тарзига риоя қилинса бас.

Мавлуда Абдужалилова, Дўстлик туманидаги 6-мактаб ўқитувчиси:

— Ҳаддан ташқари ишга берилиб кетиш, ўз вақтида овқатланмаслик ёки оч қоринга бирданига кўп нарсани ейиш оқибатида айрим ҳамкасбларимиз турли касалликларни орттириб олишади. Ўн икки бармоқли ичак фаолиятьим бузилгандан буён овқатланишга нисбатан жуда эҳтиёткор бўлиб қолганман. Юқори калорияли ёки ёғли овқатларни истеъмол қила олмайман. Уч маҳал овқатланиб юрган кишининг соғлигида муаммо бўлмайди, буни ҳар бир киши соғлигида муаммо пайдо бўлмасидан аввал тушунса қани эди.

БЕШ КОМПОНЕНТДА ҚАНДАЙ ХУСУСИЯТ БОР?

Оқсил — жароҳатларни тузатиш ва шикастланган аъзоларни тиклашдаги энергия манбаи бўлиб, бундан ташқари, танада ҳужайралар алмашинувини таъминлайди. Жигар, буйрак, гўшт, пишлоқ, тухум, балиқ, сут, ловия, нўхатда у жуда сероб.

Ёғлар ҳам организмни қувватлантирувчи восита бўлиб, сариёғ, сметана, қаймоқда кўп учрайди. Ёғда углеводга нисбатан икки баравар кўпроқ энергия бор. Аммо уни кўп истеъмол қилиш тери ости қатламларини кенгайтириб, семиришга олиб келади.

Углеводлар асосан ширинлик таркибидаги қувват манбаи бўлиб, крахмалга бой нон, картошка ва гуручда ҳам бор. Улар овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

Витамин ва минерал тузлар организмда рўй берадиган биокимёвий жараёнда иштирок этади. Аксарият витаминларни одам мева-чевалардан олади, улар модда алмашинувини яхшилайди. Минерал моддалар эса организмдаги суяк, тиш, тирноқ каби қаттиқ аъзолар фаолиятини мўътадиллаштириб туради. Кальций, фтор, фосфор, темир, йод каби минерал моддалар озиқ-овқатлар орқали танамизга кириб, саломатлигимизни яхшилайди.

Абдуваҳоб Тоҳирий — Тошкент врачлар малакасини ошириш институти «Соғлом турмуш тарзи» кафедрасининг катта ўқитувчиси:

— Иқлим шароитига ва йил фаслларига қараб овқатланиш муҳим аҳамиятга эгадир. Шуни тан олишимиз керакки, халқимиз бир хилликка ўрганган. Ёз бўладими, қиш бўладими, нима топсак шуни еймиз. Вахоланки, фаслларнинг хислатига қараб кўпхилликка ўтишимиз керак. Ҳозир мевалар сероб, танамизни витаминлар билан тўйинтириб олсак, кейинги фасллар учун қувват тўплаган бўламиз. Бундан ташқари, ёз фаслида қази, балиқ, мош, асал, сут каби иссиқлик бахш этадиган неъматлардан тийилиш даркор. Худди шу таомларни қишда кўпроқ ейиш тавсия қилинади. Баҳорда эса кўпроқ кўкат истеъмол қилиш организмимиз учун фойдали.

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА тайёрлади

Қандли диабет қандай касаллик?

Бу касаллик кейинги йилларда аҳоли ўртасида кенг тарқалиб бормоқда. Лекин аҳолининг кўпчилик қисми бу касаллик ҳақида оддий тасаввурларга ҳам эга эмас.

Қандли диабет қандай касаллик? Унинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Дастлабки белгилари қандай намоён бўлади?

Қандли диабет инсон организмида сурункали кечувчи, модда алмашинув жараёнларининг деярли барча турлари биринчи навбатда қанд алмашинувининг издан чиқиши билан тавсифланувчи ҳамда инсон ҳаёти учун катта хавф туғдирувчи, унинг ҳаёт сифатини пасайтиришга олиб келувчи касалликдир.

Бу касалликнинг келиб чиқишининг асосий сабаблари ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало, унинг асосида ётадиган марфологик ўзгаришларни тушуниб олиш лозим.

Инсон организмида қанд алмашинув жараёнини тартибга солиб боришда асосий вазифани меъда ости безининг махсус оролчаларида жойлашган ва инсулин моддасини ишлаб чиқувчи ҳужайралар (В ҳужайралар) ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунга кўра, қандли диабет касаллигининг замирида организмда инсулин моддаси етишмаслиги ётади. Инсулиннинг кам ишлаб чиқилиши турлича ташқи ва ички сабаблар билан воситаланган. Қандли диабетнинг ривожланишида қуйидаги асосий омиллар ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Биринчи омил қандли диабет касаллигига нисбатан ирсий мойиллик бўлиб, ота-оналарнинг ҳар иккаласининг қандли диабет билан касал бўлиши, туғилган болаларда 65-70 фоиз ҳолатларда қанд касаллиги ривожланишига сабаб бўлади.

Иккинчи омил тана вазнининг ошиб кетиши — семириш бўлиб, бу омил катта ёшдаги одамларда қандли диабетни келтириб чиқаради. Маълумки, инсон организми 25 ёшга етганда асосан ўсишдан тўхтайди. Шу сабабли, 25 ёшдаги тана вазни меъёрий вазн деб қабул қилинган. Ҳар бир инсон ушбу ёшдаги вазн миқдорини то умрининг охиригача сақлаб қолишга эришуви лозим. Зотан шу ёшдаги вазнга инсулин моддасини етказиб беришга мослашган меъда ости бези табиийки, бундан ортиқчасини етказиб беролмайди. Натижада қанд алмашуви издан чиқади. Инсулин етишмаслиги сабаблари организмда эҳтиёжлари учун фойдаланилмаётган ёки ўзлаштирилмаётган ортиқча қанд қонда тўпланади — қондаги қанд миқдори ортади ва ўзининг меъёрий чегарасидан чиқади ҳамда сийдик орқали чиқарила бошлайди. Қонда қанча кўп қанд тўпланса уни чиқариб ташлаш учун шунча кўп сув ичиш ва шунингдек, кўп сийдик чиқариш талаб қилинади. Шу тариқа қандли диабетнинг асосий белгилари кўп сув ичиш (чанқаш) ва кўп сийиш кабилардир.

Айни пайтда қанд моддасининг инсулин кам ишлаб чиқарилиши натижасидаги етишмовчилиги оқибатида организм томонидан яхши ўзлаштирилмаслиги беморда очлик ҳиссини ҳам уйғотади. Бемор кўп овқат истеъмол қилолмайди. Бироқ, бу овқатлар инсулин етишмаслиги оқибатида ҳазм бўлмайди, бемор ориқлаб кета бошлайди. Кўриниб турибдики, қандли диабет касаллигининг барча белгилари ўзаро ягона патофизиологик занжир билан боғланган ва воситаланган.

Қандли диабет нима сабабдан хавфли касаллик деб ҳисобланади? Гап шундаки, сурункали узоқ йиллар давом этадиган ушбу касаллик муҳим тана аъзоларини, тўқима ва қон томирларни зарарлайди, уларга ўзининг асоратларини кўрсатади. Энг аввало, бу асаб тизимининг фаолиятида кўринади, оёқ-қўллар қақшаб оғрийди, яхлайди, қизийди, оғриқни сезиш пасаяди. Полинейропатия деб аталувчи касаллик асорати ривожланади. Буйрак фаолиятини издан чиқаради, натижада буйраклар ўз вазифасини бажаролмай қолади. Кўзнинг кўриш қобилияти пасаяди, организм иммун ҳолати пасайиши оқибатида терида йирингли яралар жиддий касалликлар (оғриқсиз кечувчи миокард инфаркти ва бошқалар), оёқларда эса қорасон ривожланади. Кўриниб турибдики, қандли диабет ўзининг асоратлари билан хавфли.

Қандли диабет касаллигининг аёлларда кечиши ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бундай ҳомиладор одатдагидан катта вазндаги (4-4,5 кг) чақалоқларни туғади. Бундай ҳолатларда қандли диабетга шубҳа туғилиши ва аёллар махсус текширувдан ўтиши лозим бўлади.

Қандли диабет ва унинг асоратларининг олдини олиш учун:

Касалликнинг дастлабки белгилари: чанқоқлик (кўп сув ичиш), кўп сийиш, кўп овқат ейиш кабилар пайдо бўлганда дарҳол врачга мурожаат қилиш керак. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги лозим бўлади. Тиббиёт ходимлари аҳолининг кенг қатламлари орасида қандли диабет касаллиги бўйича одламларнинг билимларини ошириб боришлари лозим.

М. ШАРОПОВА, эндокринолог врач.

Витаминлар етишмаса?

Витаминларга бўлган эҳтиёж инсоннинг ёши, жинси, жисмоний фаоллиги, сурункали касалликларнинг бор-йўқлиги, моддалар алмашинувининг даражасига боғлиқ. Витамин етишмаслиги органзм қаришини тезлаштиради ва инфекцион касалликлар, ёмон сифатли ўсимталар келиб чиқишини оширади.

Е витаминини етишмочилиги асаб ва мушак бузилишлари, кўз мушаклари сусайиши, юрак мушаклари азият чекишига сабаб бўлади.

D витамининг етишмаса, рахит ривожланиши, асаб тизими зарарланиши мумкин.

Фолий кислотаси етишмаслиги натижасида уйқусизлик, чарчоқ, иштаҳа йўқолиши, камқонлик, ҳазм жараёни бузилиши, қўрқув ҳисси кучайиши каби белгилар кузатилади.

А витамини етишмаслиги

Иммун тизмини заифлаштиради, сўлак безлари секрециясини пасайтиради. Беморларда кўпинча қоронғида кўриш қобилятининг сусайиши каби белгилар кузатилади. Шунингдек сезиш қобилятининг бузилиши, кўзнинг қизариши, қовоқларнинг шишишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

В12 витамини етишмаслиги камқонлик, кайфиятнинг тез-тез бузилишига сабаб бўлади асаб тизмига салбий таъсир кўрсатади, хотирани сусайтиради.

Организмга С витамини етишмаса, милк шиллиқ пардаларнинг шишиши ва қонаши кузатилади. Бу тишларнинг тушишига сабаб бўлиши мумкин.

Витаминлар фойдаси

Таркибида А, С, D, Е, В6, витаминлари бўлган поливитаминларни ?абул ?илиш иммун тизмини мустаҳкамлаш ва шамоллаш билан боғлиқ вирусли касалликларнинг олдини олишда самарали таъсир кўрсатади.

В гуруҳи витаминлари стресс ҳолатида, операция ёки жароҳатлардан кейин иммун тизими фаолиятини кучайтиришга ёрдам беради.

С витамини ёки аскарбин кислотаси инфекция билан курашда макрофаглар фаолиятини оширади.

Е витамини қабул қилиш барча ёшдаги, айниқса, кекса беморларда касаликка қарши чидамлиликни оширади.

С ва Е витамини кўриш қобилятига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, катаракта билан касалланиш хавфини қайтаради, шунингдек, мавжуд касалликнинг ривожланишини секинлаштиради.

Яшаш учун енг!

Инсон яшаш учун ейиши керак, аксинча, ейиш учун яшамаслиги зарур. Улуғ ҳаким Арастудан: "Сен нега сира касал булмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?" деб сўраш-ганида у: "Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман", деб жавоб берган экан. Бир донишманддан: "Дарднинг келиши нимадан?" деб сўрашибди. У: "Баднафс-ликдан", деб жавоб берибди. Ундан: "Бунинг давоси нима­да?" деб сўрашса, "Нафсни тийиш", деб жавоб берибди. Қадимги донишмандлардан Сенека эса: "Ортиқча емоқ та-факкур тиниқлигига халал беради", деган.

Лекин хозирги пайтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш, ҳамма ҳаракатни турфа хил егулик топишга қаратиш авж олиб кеттан, Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ва тез-тез ейишнинг, бу­нинг оқибатида ҳаддан ташқари семириб кетишнинг хатари ва зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: "Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман", деганлар. Абдураҳмон Жомий эса: "Ўйлашинг гар бўлса ейишу тўқлик, Ундан бошқа нарса сен учун йуқлик", деган. "Барча касалликларнинг боши бўкиб ейишдир", деб ёзган Саъдий Шерозий. Энди атрофингизга бир боқинг: ҳозирги пайтда кўчаларда, одамлар яшайдиган мавзеларда нима кўп ошхонаю дорихона кўп... Одамлар тинмай ейишади, бир ўтиришда икки уч ҳил таом, устидан салатлар, мева шарбатлари, ширинликлар, "кока-кола", "фанта" каби ичимликларни томоқда юборишади. Кўпинча "тўйлар мавсуми"да ёки меҳмондорчиликка борганда бир кунда кетма-кет бир неча мартадан овқатланишга хам тўғри келиб қолади. Ваҳоланки, ейилган, овқат яхши ва тўла ҳазм бўлиши учун ҳар бир таомланиш орасида камида тўрт-беш соат вақт ўтиши лозим. Тўйиб ейилган таомдан кейин унинг кучини жисмонии ёки ақлий меҳнатга сарфлаш, ҳеч бўлмаганда бадантарбия машиқлари қилиш керак.

 

Лекин амалда бундай бўлмайди, кишилар бўкиб овқатлангандан кейин кўпинча ёнбошлаб ва ётган ҳолда теле­визор кўришади ёки ухлашади. Ошқозонга тушиб, ҳаракатсизликдан бижий бошлаган овқат танага куч қувват бўлиш ўрнига зарарли чиқитга айланади, ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига уларнинг "қотили"га айланади. Бундай йўл тутган кишилар тез орада турли касалликни орттириб олиб, ошхона ва дорихона ораси­да тинмай қатнайдиган кимсаларга айланишади.

Ейилган озиқ овқатларнинг, ичилган ичимликларнинг бир қиисми хужайралар эҳтиёжини қондириш учун ички аъзоларга шимилиб кетса, маълум бир қисми эса турли кури-нишларда (ахлат, сийдик, тер, тирноқ каби) чиқиндиларга айланади. Бироқ кўпинча бу чиқиндилар тўлалигича ташқарига чиқиб кета олмайди. Шунинг учун хафтада, бунинг иложи бўлмаса, ўн-ўн беш кунда бир марта оч юриш, чанқаган пайтда эса фақат қайнаган илиқ сув ичиб туриш, сўнг бир литр қатиқ зардоби билан ични ювиш лозим. Шунда ичимизда қолган чиқиндиларнинг қолдиқлари ташкарига чиқади, ошқозон ҳазм йўллари, буйрак ювилади, нафас йўллари равонлашади ва юзнинг ранги тозаланиб, саломатлик мустаҳкамланади.

Овқатланишдаги пала партишлик, ейилган турфа таомларнинг кучини сарфламаслик кўп ўтмай ортиқча семи­риб кетишга олиб келади. Ортиқча семириш одамга хаётда жуда кўп ноқулайликлар келтириши билан бир қаторда, у бир қанча оғир касалликларнинг манбаи хамдир. "Вазни оғир" одамларда буйрак, жигар, ўт пуфаги, қандли ди­абет, юрак ишемик касалликлари ва бошқа хасталиклар қўпроқ учрайди.

 

Ўта семиз одамларда ўпкага ҳаво етиб бориши ёмонлашиб, мия кислород тахчиллигига учрайди ва марказий асаб тизимининг фаолияти издан чиқади. Ҳаво етишмаслиги оқибатида инсон руҳининг мижози бузилиб, кўпинча руҳ "сўлиб" қолади, нафас қисилиши ва хафахонлик пайдо бўла­ди. Бу эса тананинг ҳамма жойида ҳасталиклар учоғи пай­до бўлишига олиб келади.

Инсон вазнининг рисоладагидан ўн беш фоизга ортиши семизлик саналади. Айрим кишиларда бу фоизлар бир неча баробарга ортиб, хатто танасини бошқара олмайдиган, ўтириб-туролмайдиган, бировнинг ёрдамисиз ўрнидан қўзғола олмайдиган ҳолатга келиб қолганлар бор. Бундай вазиятга тушиб қолмаслик учун овқатланишда қатьий меъёрга риоя қилиш лозим. Пайғамбаримиз тавсияларига кўра, қориннинг учдан бири овқатга, яна бир қисми ичимликка, қолган бир қисми эса нафас олишга қолдирилиши лозим. Шунингдек, қорин чала туйиши билан овқатланишни дарров тухтатиш зарур. Чунки тиб мутахассислари қориннинг туйгани ҳақидаги "хабар" бош мияга ўн дақиқадан кейин етиб боришини, бунгача одам ўзининг тўйганини сезмаслигини исботлаб беришган. Тез, пала-партиш овқатланиш ошқозон ва меъдага зўр келади. Луқмани шошилмай яхши чайнаганда эса тупук билан ишлаб чиқараладиган птиалин деган шифобахш модда меъдани тўла қувват билан ишлашга мажбурлайди ва тўқлик юзага келади.

Умрдаги ҳар бир даврнинг ўзига хос таомлари бўлади. Масалан, ўттиз ёшлиларга жигар ва ёнғоқ энг фойдали таом ҳисобланса, қирқ ёшдагиларга сабзи ва буйракдаги селен моддаси учун зарур бўлган пишлоқ мақбул келади. Эллик ёшдан кейин суякни мўртлашувдан асраш учун калсий моддаси ва юракни бақувват қилувчи магний кўпроқ учрайдиган таомларни истеъмол қилиш зарур. Олтмишга яқинлашганда юракни ва кон томирларини кенгайтириш учун балиқдан кўпроқ ейиш керак. Кексаликдаги ва баҳор фаслидаги беҳолликда қовурилган парранда гўшти, бўтқа, новвот, ёнғоқ ва магиз, кўкат ва сабзавотларни дастурхондан узмаслик лозим.

 

Семиришга мойил кишилар оқ нон, хамир таомлар, кучли, қовурилган овқатлар, ширинлик ва пиширқлардан тийилишлари, кўпроқ мева ва сабзавот маҳсулотлари, сут-қатиқ, сузма (творог), кўкатлар истеъмол қилишга ўтишлари керак бўлади. Тана вазнининг ортиб кетмаслиги учун бир нарсага алоҳида эътибор бериш лозим: қанча овқат есангиз, шунча ҳаракат қилиш, куч сарфлашга интилинг. Ҳар бир сарфланмаган калория танага ёғ бўлиб қўшилади, сизни семиришга "тайёрлайди". Ётишдан олдин ҳазми қийин, кучли таомларни истеъмол қилмаслик керак. Масалан, уйқу олдидан қовун ейиш ошқозонга оғирлик қилади, ҳалқда "Қовун есанг саҳар е саҳар емасанг заҳар е", деган мақол бежизга тўқилмаган.

Семириб кетишни, шунингдек рўза тутиш ҳам "жиловлаб" туради. Рўза тутиш ҳар ҳил парҳезлардан фарқли ўларок, озишдагина эмас, ошқозонни узоқ ишлаш туфайли пайдо бўладиган турли чиқитлар ва чарчашдан қуқаришда ҳам фойда беради.

Мўътадил семизлик касаллик эмас, бунданда дарров фожиа ясаб озиш ҳақида кечаю кундуз бош қотирйшнинг кераги ҳам йўқ кам овқат есангиз ҳам танангизнинг миқти, тўла бўлиши жуда кўп омилларга - яшаш тарзи, ирсият, тана тузилиши, ҳулласи Аллохнинг яратйш қонунига мувофиқ бир мезондир.

 

Аммо бугунга келиб озғинлик ва семизлик ҳақидаги ўлчовлар бутунлай бузилиб кетди. Илгари миқтилик мақталган бўлса, ҳозир Ғарбга эргашиб ҳамма, айниқса аёллар озғинликка ўч бўлиб қолди. Хозир барчанйнг фикри ёди нима қилиб бўлсаям озишга, "қоматни бир қолипда" ушлаб туришга қаратилган. Бунда Ғарб олами тарғиб қилаётган андозаларга "сиғиниш" ҳам ўзининг салбий хизматини қиляпти.

Аёлларимизнинг бутун фикри-ёди хушқомат бўлиш ва шу орқали бошқаларга ёқишга қаратилган. Бу йўлда улар ҳар қандай воситаларни ишга солишяпти, турфа хил парҳезлар, муолажалар, "қисқа муддат ичида оздирадиган" усуллардан фойдаланишяпти.

Озишни эплай олмай асаби бузилаётган, қайғуга тушаётган, бунинг оқибатида бошқа касалларни орттириб олаётганлар ҳам бор. Кўзлаган мақсадига эриша олмай қанча одамнинг боши қотган, пули ва меҳнати совурилган. Хорижий ўлкаларда озишни уддалай олмай ўз жонига қасд қилаётганларнинг ортиб бораётгани ҳақидаги хабарлар матбуотда тез-тез кўзга ташланмоқда.

 

Аслида ҳамманинг бирдай хипча, ориқ, хушқомат бўлишга интилиши гўё барчанинг хушсурат, гўзал бўлишга ёхуд ҳамманинг баравар бадавлат бўлишга уринишига ўхшаб кетади. Ахир, бу Яратганнинг ўлчовларини писанд қилмаслик, унга зид иш тутишдан бошқа нарса эмас. Худо ҳаммани бирдай хушбичим қилиб яратмаган: бировни ориқ,

бировни семиз, баъзиларни ўртача гавдали қилиб яратган. Ориқлик фазилат эмас, семизлик қусур ё гуноҳ эмас. Фақат кўп овқат тановул қилиб, ортиқча семириб кетишдан қайтарилганмиз, холос.

Иш шундоқ экан, Худо берган танани ҳар мақомга солиш, гоҳ семириб, гоҳ озишга интилиш, бутун диққаат эътиборни хушқомат бўлишга қаратиш вақт, куч ва маблағни беҳуда совуришнинг ўзгинасидир. Бугунги кунда дунёнинг ҳамма жойида урфга кириб улгурган озиш учун парҳезда ўтиришнинг ўзига хос хатарлари ҳам бор. Масалан, Глазго (Шотландия) университитети олимлари тадқиқотига кўра, зўрлик билан парҳез тутиш ортидан яна кўп овқат ейишга ўтиш, маълум вақтдан сўнг яна парҳез бошлаш услуби туфайли инсон умри йигирма беш фоизга қисқарар экан. Бунинг устига тинмай озишга интилишнинг киши саломатлигига катта зарари бор: чунки у овқат ва ичимликлар ёрдамидагина танасига куч-кувват йиғади, модда алмашинуви жараёнига имконият яратади, барча аъзоларининг тўлақонли ишлашига ёрдамлашади. Бундан ўзини қайтараверса, бирор касалликка чалиниши нақд. Кўпчилик эса озиш учун умуман овқатланишни кескин камайтириш ёки бутунлай тўхтатиш керак, деган хато тушунчага боради. Шифокорлар эса озишда овқатланишнинг муътадил режимига риоя қилиш, таомдан бутунлай воз кечмай, балки семиртирмайдиган, озишга ёрдам берадиган қуввати (калорияси) кам табиий неъматларга ўтишни тавсия қилишади. Барча таомдан воз кечиб, фақат тарвуз ёки қатиқ истеъмол қилишга ўтган кишиларда учинчи кундан бошлаб диққат-эътиборнинг чалғиши ва фикрлашнинг сўниши кўзатилган.

 

Айрим озишга киришганлар эътиборларини қандай ва нима тановул қилишга қаратмай, спорт ва жисмоний машқларга зўр бера бошлашади. Озиш учун югуриш ва спорт билан фаол шуғулланиш кутилган натижани бермайди. Чунки машқ пайтида танага тўпланган териости ёғини эмас, балки вужуддаги углеводлар захираси деб аталадиган модда (гликоген)ни харжлайди. У биринчи луқмани ейишингиз биланоқ тикланади. Масалан, бир соатли кизғин спорт машғулотида сарфланган кучни битта кичкинагина шоколад қоплай олади.

Ёки кимдир парҳез бошлаши билан барча жисмоний иш ва машқларни тўхтатиб қўяди, чунки бунга мадори ҳам, хафсаласи ҳам етмай қолади. Натижада организмга тушган овқат оз миқдорда бўлса ҳам яхши ҳазм бўлмай, тери остида ёғ тўпланишига сабаб бўлиб қолади ва озиш ўрнига одам яна семира бошлайди. Бунинг устига ўзини тинмай овқатдан тийгани учун кишида очлик ҳисси ниҳоятда кучайиб кетади ва парҳез тугаши билан тананинг эҳтиёжига қараганда бир неча баробар кўп овқат ея бошлайди ва озиш ҳақидаги орзулари сароблигича қолаверади.

Озишдаги парҳез кўп ҳолларда касалликни кучайтириб юборади. Масалан, озаман деган киши хом сабзавотларни кўп истеъмол қилади, бу эса гастрит, ошқозон яраси ва бошқа ҳасталикларнинг зўрайишига сабаб бўлади. Уму­ман ёғ емайдиган кишиларда "зарарли" холестрин йўқолибгина қолмай, томирларни атеросклероздан ҳимоя қилувчи фойдали моддалар ҳам ҳалок бўлади ва организм ка­салликка осон чалинадиган бўлади. Тадқиқотларга кўра, вақти-вақти билан озишга ҳаракат қилиб туриш тананинг иммун тизимини ишдан чиқаради ва табиий "киллерлар", яъни организмга тушадиган микробларни йуқотишга масъул бўлган қон элементлари миқдорини кескин камайтириб юборади.

 

Замонавий тиббиёт рамазон ойида ва йилнинг бошқа пайтларида вақти-вақти билан тутиб туриладиган рўза озишнинг энг яхши ва безарар усул эканини аллақачон илмий жиҳатдан исботлаб берган. Мутаҳассис шифокорларнинг эътирофича, рўза тутишга ният қилинганида бош мияга маълум "сигнал" юборилиб, у бутун организмни очликка тайёргарлйк кўришга буюрар ва тана ўзини кун буйи давом этадиган очлик ва ташналикка мослаштириб борар экан. Ҳакиқитан, рўза пайтида ихтиёрий оч қолиш унчалик малол келмагани ҳолда рўза тутилмаган кунлари бирор сабаб билан овқатланиш вақтининг бир неча соатга кечикиб кетиши туфайли тана чидолмай қийналиб қолади, оқибатда оёқ қўлингизга титроқ кириб, асаб бузилиши ҳоллари кўп кузатилган.

Овқатни албатта ошкўклар, сирка, шакароб ёки салатлар билан тановул қилинг, шунда унинг ҳазми яхшиланиб, саломатликка хатари бўлмайди. Аммо баъзи неъматларни бошқаси билан аралаштириб бўлмайди. Масалан, балиқ билан сут маҳсулотларини, асал билан ёнғоқни, писта-бодом билан пишириқларни биргаликда истеъмол қишишдан тийилинг, чунки бунда меъда бузилиб, турли хасталикларга йўл очилади. Ўрик жуда кўп касалликларга шифо бўлгани ҳолда ўрикдан кейин совуқ сув ичиш, музкаймоқ ейиш, ўрикни ҳазми оғир овқат устидан истеъмол қилиш ҳам ўта зарарлидир. Бундай ҳолларда дарров қайт қилиб юбориш ёки сурги қилиб, ични тозалаш керак бўлади.

 

Оққанд, новвот ва шакардан бошқа барча дўкон ширинликлари, қандолатчилик маҳсулотлари, турли пишириқлар, каҳва, какао одамнинг ичини озми-кўпми қотиради, ҳазмни секинлаштириб-қиййнлаштиради. Аксинча асал, ҳамма мевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, нордон нарсалар ва меъёридаги мурч-қалампир эса ҳазмни тезлаштиради ҳамда ҳеч қандай касаллик келтириб чиқармайди.

Айниқса қовурилган ёғли овқатлар (палов, шавла, кабоб, жаркоб) тановул қилгач, кетидан кўп миқдорда ширинлик ёки ширин чой, қаҳва, какао каби ичимликлар, пишириқлар ейиш меъда ҳазм йўллари учун ўта зарарлидир. Бунда ҳазм муддати анча узайиб, оиғир кечади ва чанқоқлик ортади. Турли ошқозон-ичак касалликларига йўл очилади. Яхшиси, овқатдан кейин босиб-босиб кўк чой ичган маъқул. Бунда ҳазм осонлашади, ташналик тез босилади ва энг муҳими, қон босими меъёрида бўлади. Таомларнинг сифатли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қлиш керак. "Овқат экан" деб дуч келган нарсани томоқда юборавериш мақбул иш эмас. Дунёда энг узоқ умр кўрадиган японларнинг емиши ўрганиб чиқилганида улар оз-оздан, асосан сифатли таомларни истеъмол қилишлари маълум бўлди. Айниқса улар дастурхонидаги денгиз маҳсулотлари, яъни балиқлар турли фойдали ва шифобахш моддаларга бойлиги билан ажралиб туради.

Йод етишмаса...

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ер юзида 2 миллиардга яқин киши йод танқис ҳудудларда истиқомат қилади. Шулардан 700 миллионга яқини эндемик буқоқ ва руҳий ўзгаришлардан азоб чекмоқда, 50 миллион киши эса айнан йод етишмаслиги сабаб ақлан заиф бўлиб қолган. Энг хавотирлиси, мактаб ёшидаги 285 миллион бола организмига йод керакли миқдорда тушмайди. Ваҳоланки, йод танамиз учун жуда зарур микроунсур ҳисобланиб, қалқонсимон без фаолиятида иштирок этади, боланинг жисман ва ақлан ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

Йод етишмаслиги бир қатор касалликлар, жумладан, эндемик буқоққа олиб келади. Бу касаллик қадим замонлардан бери олимларни қизиқтириб келади. Буқрот, Гален, Цельс каби олимлар ўз асарларида бyқоқ касаллигини қайд қилиб ўтишган. Шарқнинг буюк алломаси Абу Али ибн Сино ҳам бyқоқ касаллигини аниқлаш ва унга даво қилиш ҳақида ёзган.
Эндемик буқоқ – йод танқислиги кузатиладиган маълум ҳудудда яшовчи кишиларда қалқонсимон безнинг катталашиши билан кечувчи касаллик. Маълумки, қалқонсимон без ақлий ва жисмоний ривожланишни таъминлаб, организмда моддалар алмашинуви тезлигини бошқаради. Озиқ-овқат маҳсулотлари, сувда йоднинг кам бўлиши натижасида эса организмга йод етарлича тушмайди ва касаликка сабаб бўлади. Айтиш керакки, йод етишмаслиги оқибатида аёлларда бепуштлик, камқонлик, ўлик бола туғиш, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, эркакларда эса уйқучанлик, нафас сиқиши, соч рангининг ўзгариши ёки тўкилиши, дармонсизлик, бош оғриғи, тирноқ ҳамда тишларнинг синиши, жинсий заифлик кузатилади. Буқоғи бор қизларда жинсий жиҳатдан етилиш кечикади, ҳайз даврийлиги бузилади. Энг ёмони болаларда ақли заифлик келиб чиқиши мумкин.

Эндемик буқоқнинг ривожланишига мис, марганец, қўрғошин, рух, кобальт, бром унсурларининг етишмаслиги ҳам туртки бўлади.
Агар нормада организмнинг йодга бўлган эҳтиёжи 200-250 мкг/сут ни ташкил этса, эндемик буқоқ ўчоқларида организмга 50 мкг/сут дан кам йод киради.
Эндемик буқоққа учраган беморларда қалқонсимон без катталашиб, умумий ҳолсизлик, чарчаш, бош оғриши, юрак соҳасида нохушлик сезилади. Бўғилиш, нафас олиш қийинлашиши, қуруқ йўтал каби белгилар юзага келади. Катталашган қалқонсимон без нисбатан қаттиқлашган, зич бўлади.

Қалқонсимон без катталашганда, аввалига кўзга ташланмайди, пайпаслаганда билинмайди. Катталашган сари пайпаслаганда билиниб, кейинроқ кўз¬га ташланадиган бўлиб қолади, бўйин йўғонлашади.
Мўътадил ҳаёт кечириш, зўриқмасдан меҳнат қилиб, вақтида дам олишни билган, спиртли ичимликлардан, зарарли одатлардан ўзини тийган, жисмоний тарбия билан шуғулланган кишиларга буқоқ хасталиги хатар солмайди.
Бемор ўз вақтида шифокор маслаҳати ва парҳезга амал қилиб даволанса, жарроҳлик амалисиз ҳам соғайиб кетиши мумкин.
Йод танқислиги олдини олишнинг энг маъқул чораларидан бири ош тузини йодлашдир. Ўзбекистон қонунчилигига биноан ишлаб чиқарилаётган ош тузлари йодланиши шарт. Юртимизда йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга қарши фаол кураш олиб борилади. Жумладан, 2005-2009 йилларга мўлжалланган “Йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ва камайтириш бўйича Давлат дастури”, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида” Қонун қабул қилинган.

 

Оддий даволар

Беморларга ҳар кун 200 гр хом карам, бир-икки дона хом бақлажон истеъмол қилиш, хушбўй хвойли ваннага (35-36°С) тушиб туришлари тавсия этилади.
Чой ўрнига узоқ қайнатилган ўрик шарбати, 100 гр тоза асални бир литр сувда то 600-700 гр қолгунча қайнатиб илиқ ҳолда ичса, бемор анча енгил тортади.
Денгиз карами, балиқда йод кўп бўлади, шунингдек, сут, тухум, гўшт, дон маҳсулотларида оз миқдорда бўлса ҳам учрайди.

Ҳозир сайтимизда 39 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ