1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«Карьера» қилаётган аёл

Аёл деганда энг аввало кўз олдимизда меҳрибон она, сариштали уй бекаси, пазанда келин, ширинсўз хотин келади. Ҳар қандай ҳолат, ҳар қандай вазиятда ҳам аёлдан энг биринчи бўлиб шу сифатлар талаб этилади. Аммо кейинги пайтларда қиз-аёллар оғзида “карьера” деган сўз кўп айланиб қоляптики, бу юқорида тилга олинган фазилатларнинг  нозик жинс вакилалари томонидан назар-писанд қилинмаётганини далолат этмоқда. Холис айтганда,  аёллар ўзларига тақдир этилган гўзал тақдирдан норизоланиб, гўёки эркакларга ҳавас қилиб карьерани орзу қилишяпти.  Бир пайтлари ҳам аёллар эркаклар билан баб-баравар ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фаол қатнашишган, имконияти, билими, савияси етадиган касб-ҳунарларни эгаллашган, мутахассислиги бўйича етарлича ишлаб, ишининг орқасидан муваффақиятларга эришиб, ҳурмат-эҳтиромга ҳам лойиқ кўрилганлар. Аммо карьера деб оиладаги аёллик, бекалик, оналик вазифаларини унутиб қўйишмаганлар. Бизнинг давримизга келиб эса...

“Спонсорим карьеарамга ёрдам беради!”

Яхшигина оқ-қорани таниган, ўқимишли, жойи келганда ҳам оилани, ҳам  жамиятдаги ўрнини қойиллатиб қўйиши мумкин бўлган қизлар, карьера қиламан, деган баҳона билан оилали, бола- чақали эркакларнинг қўлида эрмак бўлиб юргани киши таъбини хира қилади.
Ҳеч замонда одам деган ўз номусини, ори, ғурурини поймол қилиб ўзини овутар эканми, карьера қилиб мансабга ўтирар эканми?! Эртага бунинг уволи бадалини тўлаш вақти келса — яъни, ҳозир унга “овунчоқ” ё “спонсор” вазифасини бажараётган эркаклар эртага итни ҳайдаб солгандек ёнидан итарса, бунга чидай олармикан?! Башарти, ҳеч ким уни хўрламаган, ёнидан ҳайдаб солмаган тақдирда ҳам, ҳар бир неъматнинг уволи, исрофи вақти келиб киши ёқасини тутиб бадал сўрайди. Ўшанда бу қиз виждони сўроғига нима деб жавоб қилиб, қайси малҳамдан ўзига таскин истаркан?..
Қолаверса, эркакдир, аёлдир инсон учун энг зарур, энг кераги бу дунёда оила, фарзанд ва албатта шахсий ҳаётидаги бахт, хотиржамлик. Ҳеч қачон иш билан, мансабу амал билан киши мукаммал бахтга эришган эмас ва эришолмайди ҳам! Ўз уйида бахтли бўлган одамгина чинакамига бахтиёрдир, деган эди қайсидир аҳли дониш. Ҳақиқатдан ҳам ишдан ҳориб-чарчаб борганингда уйингда фарзандларингнинг қийқириғи эшитилмаса, турмуш ўртоғинг суйган таомни тайёрлаш учун шошилган куйи ошхонада куймаланмасанг, оқшом телевизор қаршида оиланг билан хотиржам овқатланмасанг, яшашдан мазмун, ҳаётдан, карьерадан маъно не керак?! Одам нега ишлайди, оиласининг моддий таъминоти яхшиланиши учун эмасми? Фарзандлари бировга муҳтож, кўнгли ўксик бўлмаслиги учун эмасми? Аёл киши-чи, унинг аниқ бир меҳнат фаолияти билан шуғулланишидан, карьера қилишидан мақсади турмуш ўртоғига жиндак бўлса ҳам ёрдами тегиши, болаларининг туғилган кунида, байрам-шодиёнасида бировга сарғаймай совғалар қилиши, дилбандларини астойдил қувонтириш учун эмасми? Хўш, унда нега қўл-оёғи бус-бутун, чиройи бировдан кам бўлмаган қизларнинг аксарияти  олий ўқув юрти таҳсили тугагач, турмуш қуришни пайсалга солиб юришади. “Карьерамни йўлга қўйволишим керак”, деган важ билан умрларининг энг гуллаган даврини ҳавога совуриб юраверишади?
Бахти очилмаган бўлса, вақт-соати келса Аллоҳнинг ўзи йўлини очиб, турмушга ҳам чиқиб кетар, бу одам боласининг ўзига боғлиқ ҳолат эмас, дея фикримизга эътироз билдирадиганлар ҳам бордир Бироқ, агар яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, узатилиши керак бўлган, эшигида совчилар тизилиб турган пайтда алалқандай эркакнинг этагига осилиб, “спонсорим карьерамга ёрдам беради”, деб юрган қизга ёши ўттизга етганда ким юрак ютиб уйланарди?! Уйланган тақдирда ҳам, қизнинг мол-дунёси, пули, мансаби учун уйланган йигитнинг маънавий дунёсининг нақадар қашшоқлигини ўзингиз тасаввур этаверинг.

Бахтдан ор қилган хоним

Бир  куни таҳририятга эллик-эллик беш ёшлар чамасидаги бир отахон эшикдан хижолатланган куйи кириб келдилар. Салом-аликдан кейин отахон эгик бошларини бирам кўтармай секин гап бошладилар:
—Ёшликнинг ҳавойи ҳаваслари қуриб кетсин. Севиб қолдим, ўламан саттор шундан бошқасига уйланмайман, деб ўқимишли қизга уйлангандим. Ўшанда раҳматли ота-онам, “болам, бекор қиляпсан, сен ўқимаган, ҳунарманд йигитсан, топган қизинг олий маълумотли, яна катта жойда ишласа (у пайтларда райкомда комсомол деган ташкилот бўларди. У ўша ташкилотнинг туман котиби эди), нега энди ёнида юрган ўқимишли йигитларни эмас, сени танлади?! Боз устига ўзингдан икки ёш катта ҳам экан, агар яхши қиз бўлса, нега шу пайтга қадар турмушга чиқмади?!”,- деган гапларига қатъий эътироз билдириб, ҳатто ўз ота-онам мени камситишяпти, деб улардан хафа бўлиб ўшанга уйлангандим. Никоҳнинг биринчи тунидаёқ қаттиқ хатога йўл қўйганимни билдим... Аммо бу дардимни бировга айтолмадим ҳам. Негаки ўзим танлаган, ўзим пиширган ош эди. Яшайвердим. Уч йилда бирин-кетин икки қизимиз туғилди. Сўнгра хотиним икки оёғини бир этикка тиқиб, ишга чиқаман, деб туриб олди. Ноилож эдим. Йўқ десам, икки гапнинг бирида ажрашишни таклиф қилади, ажралишсам ошна-оғайниларим, яқинларим олдида нима деган одам бўламан?! Орада фарзанд  бўлмаса ҳам майлига эди. Кўндим. Хотиним бир-икки йил ўша лавозимида ишлаб, амали ҳам кўтарилди. Лекин мени эр ўрнида, эркак ўрнида кўрмасди. Деярли ҳар куни, “эҳ, қайданам эрга тегиб, бола туғдим-а, агар турмуш қурмаганимда, ҳозир карьерамни анча ривожлантирган бўлардим, мансабим бундан ҳам катта бўларди”, деб нолирди. Қисқаси, кўрган куним кун бўлмади. Бир амаллаб қизларимни узатиб юбордим, бахтимга улар онасига ўхшамади. Энди кексайганимда хотиним мени уйдан ҳайдаб соляпти. Биз отамнинг ҳовлисидан бўлак чек қилиб чиққан эдик, уни иккаламиз қурганмиз. У менга, “пахта заводда оддий ишчи бўлиб ишлаган одам ҳеч замонда бунақанги данғиллама ҳовлини қуролмасди, уй менинг пулим қурилган, қани бу ердан тезроқ нари кетинг”, деяпти. Ахир бу ёшимда қаерга бораман? Кимникига сиғаман? Пенсия пулимга уйни қаердан оламан?.. Бир пайтлари ўйламай қилган ишим бошимга хў-ў-ўп ташвиш бўлди...
Ёшлигида карьера қилган хотин амакини тозза лақиллатиб уйни ўз номига расмийлаштириб олган экан.  Яна, “мансабдор бўлиш учун маълумотнома тайёрланаётганда, яқин қариндошлари ҳақида қисқача шарҳ ёзилади, мен, эрим оддий ишчи, дейманми?”, деб фарзандлари туғилганидан кейин расмий никоҳини ҳам бекор қилдирган экан.  Ҳайрон қолгандим, карьера қилиб умрини хомталаш қилган аёл (агар уни аёл деб аташга ҳақли бўлсак!), жилла қурса қариганида эри, фарзандлари, неваралари даврасида фароғатда яшашга ўзини муносиб кўрмадимикан?.. Эссиз, бир аёлга берилган умр, унга насиб этган оналик бахти...

“Карьера бахтимни ярим қилди”

Бундан ҳам баттар мунгли ҳикояни талабалик давримда, биринчи курслигимда  ўқитувчилар малакасини ошириш институтида дарс берадиган бир аёлдан ҳам эшитгандим. Ёшликнинг ўзига хос бебошликлари билан уч-тўрт қиз  ўзимизга севги изҳор қилган, совчи юборган йигитларни эрмак қилиб кулаётганимизда, қўшни хонадан қорачиқларида ёш айланган куйи опахон- ижара уйимизнинг бекаси олдимизга чиқди. Нима гап экан, деган ҳадикда жимгина уларга термулишиб туравердик.
—    Ҳозир гапларингиз тўсатдан қулоғимга чалинди, қизларим... Яхши эмас. Севгисини сизга билдирган йигитни масхараламанг, устидан кулманг. Балки нияти жиддийдир, балки сиз билан умрбод бирга бўлишни мақсад қилиб кўнглини очгандир. Уйингизга совчи йўллаган йигитни эрмак қилманг. Қиз бола учун муҳими- оилавий бахт. Эрнинг севимли хотини, фарзандларнинг меҳрибон ойижониси бўлиш. Ўқиш, иш деган нарсаларнинг ҳаммаси иккинчи-учинчи даражадаги гаплар. Худо денг, яхши гўшангага келинг бўлинг, бахтиёр оиланинг бекаси бўлинг, токи сиз дунёга келтирган, сиз тарбиялаган фарзандлар жамиятнинг, Ватаннинг равнақига ривож қўшадиган, етук инсонлар бўлиб етишишсин...
Опанинг ўшандаги гап-сўзлари маъносини ва уларни нима учун гапираётганини яхши англаб етмаганимиз тайин, аммо ижарачи аёлнинг оилавий турмушдан омади чопмаганини, уч хонали уй ўзини ютиб юборгулик бўлгани учун ижарага қизларни қўйишини тушуниб, унга раҳмимиз келгани аниқ. Орадан ўн йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Бу йиллар мобайнида дунёқарашимиз кун сайин ўзгарди, ақлимиз соат сайин кираверди. Ёшимиз улғайгач опа билан борди-келдимиз кучайди, анча иноқлашиб қолгач билдикки, бир пайтлари улар ҳам бошқа қизлардай оқ-ойдин либосларда, беғубор орзуларда узатилган эканлар. Аспирантурани битириш кезларида, ҳомиладор эканликларини билиб, болани дунёга келтирадиган бўлсам ҳимоям чўзилади, бу карьерамга салбий таъсир қилади, деган ахмоқона хаёлда... Худонинг бебаҳо неъмати- вужудидаги жажжи юракчага қарши тиғ кўтарадилар... Хуллас, бу жиноятни амалга оширган тиббиёт ходимининг уқувсизлигими, ё Яратганнинг ношукрлиги  учун аёлга берган жазосими, опа шўрлик фарзанд кўриш бахтидан бир умрга бенасиб қолади... Куёви эса албатта ажрашишга қарор қилади, опанинг оиласи бузилиб кетади.  Ўксиб-ўксиб йиғлаган куйи, “собиқ эримнинг хотини ҳам ўқитувчи экан. Яқинда мактаб директори бўлибди. Тўртта боласи бор экан...” деганида улар қараб, “опа, наҳотки ўшанда шунчалар калтафаҳм бўлган экансиз?! Ахир сиз яхшигина билимдон тарихчисиз, тарихдан не-не даҳоларни, буюк шахларни даҳо қилган, буюк қилган —  онаси, яъни АЁЛ зоти эканини билмагандингиз?! Дунёни илми, кучли салоҳияти, бой маънавий мероси билан лол қолдирган аждодларимизнинг оналари уйда ўтириб, етти қават рўмол остида “карьера”ни қойиллатиб қўйишганини наҳотки англаб етмагандингиз?!” дегим келди, тилимни тишладим.

Фарзанд – аёлнинг олий “карьера”си

Раҳматли адабиётшунос олим, танқидчи Озод Шарафиддинов “Ижодни англаш бахти” китобида  келтиришича, Музайяна Алавия қўлида эмизикли боласи билан Ангреннинг тоғли қишлоқларидан бирига, ўша даврнинг номи чиққан бахшиси изидан халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиш учун борган экан. Навоийшунос олима Суйима Ғаниева билан ойнаи жаҳонда берилган бир суҳбатдан ниҳоятда таъсирлангандим. Боиси олима онахон, илмий ишларини ёқлаш учун ўша пайтда икки ойлик чақалоқлари билан Санкт-Петербург (Ленинград)га борадилар ва ҳимоя жараёнида қўлларидан чақалоқни қўймай мавзуларни ёқлаган эканлар. Карьера қилиш учун, ишда муваффақият қозониш, олима бўлиш, мансабдор хоним бўлиш учун эр, оила, фарзанд ҳеч қачон халал бермаслигини тушуниб етиш учун юқорида номлари тилга олинган аёлларнинг ҳаёти мисол бўла олмайдими?..

Умида АЗИЗ

Турмушга тайёрмисиз, келинлар?

Яқинда бир танишимиз ёлғиз қизини турмушга узатди. Куёв бўлмиш илмли, келишган, ақлли йигит чиқди. Қиз узатган ота-онанинг қувончдан бошлари осмонларга етай дерди. Қиз ҳам орзусидаги куёвга турмушга чиққанидан ўзини дугоналари орасида энг бахтли санарди. Ёш келин-куёв “асал ойи”нинг қандоқ ўтиб кетганини ҳам сезмай қолишди. Кўп ўтмай бир-бирига сўзсиз термулишлар, чуқур “оҳ” тортишлар, ширин-ширин суҳбатлар, юракни шамдай эритувчи мулойим ва ёқимли сўзларнинг бари ортда қолди. Одатий турмуш бошланди. Бироқ Бахт ва Ҳузур-ҳаловат денгизида шитоб билан сузиб бораётган Никоҳ кемаси кутилмаганда Рўзғор дея аталмиш бир қояга урилдию чил-парчин бўлди. Ҳамманинг боши қотган, не-не умидлар билан келин олган куёв хонадонидагилар ҳам, қизимизни яхши жойга узатиб, бахтини таъминладик, дея ширин хаёллар билан юрган қудалари ҳам икки ёши йўлга сололмай, муросага келтиролмай дунёлари зулмат, ичганлари заққум, еганлари ранж-алам бўтқаси...бўлди.
Маълум бўлишича, келиннинг ота-онаси еру кўкка ишонмай авайлаб ўстирган ёлғиз фарзандларининг бахтини фақат дабдабали қилиб ўтказиладиган тўйда, зиёфатга чорланган одамларнинг сони ва мартабасида, қизларига қилинган сепларнинг тўкислигида деб ўйлайверишибдию аммо қизларини бир умрли ҳаётга тайёрлашни бутунлай “эсдан чиқаришибди”. “Шўрлик” келин эрининг оппоқ кўйлагини қора ранги чиқадиган пайпоққа аралаштириб ювиб қўйиб, келинликдаги илк “танбеҳ”ни қурттаккина эшитиб олди. Келинбола бор-йўғи икки хил таомни, у ҳам бўлса тухумни сувда қайнатиб ва товада қовуриб пиширишни биларкан, холос. Ҳатто ҳар куни ётоқни шамоллатиш, хоналар чангини тозалаш, узилган тугмани қадаш, гулларга сув қуйиш каби энг оддий юмушларда ҳам ўзининг ғирт уқувсизлиги ва эпсизлигини кўрсатди. Куёвнинг бу ҳақдаги дашномларидан кейин ҳам узр сўраш ўрнига “дадамга айтаман, хизматкор ёллаб берадилар” деб жавоб қайтарди. Охири қурилганига ҳали икки ой ҳам тўлмаган оила қасри вайрон бўлди, икки ёшнинг бахти унинг харобалари остида қолиб кетди...
Энди бир яхшилаб ўйлаб кўринг, эй муҳтарама келинлар, отангиз сизни бахтли, саодатли ва хурсанд ҳолда кўрай, дея машаққат ила топган қанчалаб пулини оёғингиз остига сочган бўлсаю, онангиз сизга ҳадеб бахт тилайверсаю, аммо икковлари ҳам сизни турмуш, дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрлашмаган бўлса, турмуш сабоқларидан таълим беришмаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатишмаган бўлса, қийинчиликларни енгишга кўниктиришмаган бўлса, эрингиз ҳам, қайнота-қайнонангиз ҳам айбдор эмас-ку! Оиладаги  можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганларидай, “ҳозирги пайтда ота-оналар қизлари учун устоз ёллаб бир неча кун мобайнида катта пуллар эвазига никоҳ оқшомида куёв билан беш дақиқа тушилажак рақсни ўргатишяптию, аммо қизларига бир умрли керак бўладиган турмуш тажрибаларини, оила синоатларини ўргатишга ҳафсала қилишмаяпти. Оқибатда ширин орзулар билан қурилган кўплаб оилалар келинларимизнинг уқувсизлиги, рўзғор юмушларини билмаслиги, эпсизлиги, куёв билан муроса қилиш йўлларини тополмаслиги туфайли тезда бузилиб кетяпти”.  
Ўзбек хонадонида, исломий тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошга кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилишган.
Қизларимизга ёшлигидан чеварлик, пазандалик, уй тутиш, бола тарбиялаш, ўзига оро бериш каби юмушларни эринмай ўргатиш лозим. Токи, борган ерларида эпли-шудли эканларини кўрсатсинлар, янги рўзғорларида қийналиб қолмасинлар, ҳаётлари фаровон, оилалари тўкин бўлсин, деган ниятда шундай йўл тутилади. Момоларимиз азал-азалдан чеварликда, тўқувчиликда, мазали таомлар тайёрлашда, зардўзликда, каштачиликда ва бошқа ҳунарлар бобида, ҳатто алла айтишда ном чиқаришган. Қизларини ҳам турмушга узатиш олдидан бир неча ҳунар эгаси қилиб тарбиялашган.
Ўн тўққизинчи аср охири ва йигирманчи аср бошларида яшаб ўтган таниқли турк олими ва маърифатпарвари Алий Назимонинг Ўрта Осиёда катта шуҳрат қозонган ва мактаб-мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган «Таълими банот» («Қизлар тарбияси») китобида қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Ёш қизларга таълим-тарбия беришда улар учун ниҳоятда керакли, ўрганмасликнинг асло иложи бўлмаган фан қўл ҳунарлари фанидир. Энг юқори билим ва маълумот ҳам бу фаннинг ўрнини боса олмагани боис ёш хоним қизлар бу фанни ўрганишга тиришишлари лозим. Қўл ишларига уста бўлган аёл қўлларининг моҳирлиги, чапдастлиги сабабли адабу иффат ичида тирикчилигини қила олади. Бой оилаларнинг хонимлари қўл ҳунар орқасида бир хуш ва ҳузурли вақт ўтказишади ҳамда муҳтожларга ёрдамлар кўрсатиб одамийликда бўлурлар... Аввалги замонларда қўл ҳунарларини билмаган қизларнинг ҳеч қадри бўлмаганидан ва бундай қизга ҳеч ким қизиқмаганидан ҳар бир қиз кичиклигиданоқ бу ҳунарларни ўрганишга астойдил тиришган. Бу ҳунарлар эски замон одати бўлса-да, ҳозирда ҳам бу ҳунарлардан тўлиқ билим олган хонимлар борлиги ҳақида эшитганмиз. Шу вақтга қадар ёш қизларни қўл ҳунарларини ўрганишга қизиқтириш кераклигини, қўл ишлари қизларни хўрлик ва муҳтожлик балосидан қутқаришда энг фойдали йўл эканини барча жамиятлар тан олиб келишган. Қиз болаларга қўл ҳунарларидан бир нечасини ўргатиш, уларга кийим тикмоқ, тўқувчилик, дастурхон тузамоқ каби ишларни ўргатиш уларни оила ҳаётига, рўзғор юритишга тайёрлабгина қолмай, уларга икки дунё саодатини ҳам беражакдир». Татар маърифатпарвар олими Ризоуддин ибн Фахриддиннинг «Оила» рисоласида қуйидаги жумлаларни ўқийсиз: «Хотун фақирликка қарши бир аскардур. Ватани – уй, истеҳкоми – тиришқоқлик, фани – ҳарбий идора, қуроли – игна билан қайчи, дерлар».
Дарҳақиқат, эгнида оппоқ тўй либоси билан бир хонадонга келин бўлиб кириб борган қиз ўша хонадонда бир умрга ардоқли аъзо бўлиб қолишни истаса, ҳамманинг ўзига яхши муомала қилишидан умидвор бўлса, оиласи бахти ва фароғатини ўйласа, ўзи ҳам турмуш номли улуғ имтиҳонга, масъулиятли вазифага тайёрланиши, унинг барча машаққат ва йўқчиликларига чидашни ўрганиши лозим. Бу ўзбек оилаларидаги энг муҳим, керакли ва зарур тарбия усулларидан саналади. Муслима қизлар оила қуришдан олдин ана шу вазифаларини яхши англаб олишлари ва бу йўлда қаттиқ ҳаракат қилишлари керак бўлади. Айниқса муҳтарама оналар ва момолар қизларини турмуш синовига тайёрлашга кўп эътибор қилишлари, бунда энг майда икир-чикирларни ҳам назардан қочирмасликлари, унинг бахтини фақат тарбиядан ва ҳаётга тайёрлашдан излашлари лозим. 
Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёвникига кетаётганида онаси Умома унга шундай насиҳат қилган экан: «Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен асло узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат ва мартаба эгасидир. Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон ана шу қонунлар чегарасида турмуш кечиради. Аллоҳ берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўйиш вақти келганда ҳар бир қиз бир эркакка, хожага, у эса аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандир. Бу – Аллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким буза олмайди, у қиёматгача давом этади. Шу сабабки, сен – қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб ўйнаб юрган ерингдан ўзинг ҳам билмайдиган бир нотаниш уйга борасан, шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган жойга борасан. Эй менинг жигарпорам, сен эрингга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга қул бўлсин. Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Айтганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечириб, масъуд, бахтиёр турмуш кўрасизлар. Айниқса, эрингнинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат, чунки уларни ҳурмат қилиш эрнинг эътиборини, меҳр-муҳаббатини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш – эрни ҳурмат қилиш, қадрлашдир».
Умома қизига қилган насиҳатларида эрнинг яқинларига алоҳида ҳурмат кўрсатишни таъкидлайди. Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўларкан.
Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-эркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхши-ю, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
Кўплаб келинларимиз ўзларининг эрларидаги ҳақларини мутлақо билмаганидай, эрларининг ўзларидаги ҳақларини ҳам деярли билишмайди. Хотин эрининг ҳақларини билиб, уларни  адо қилганидагина  солиҳа, яхши, рисоладаги хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
1. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳақидан ва ҳамма яқинларининг ҳақидан ҳам олдинга қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳақи жуда каттадир.
2. Ҳайз ва нифос кунларидан бошқа барча ҳолда эри ундан ором ва лаззат олишни истаган пайтда тайёр бўлиши лозим. Эрига тўсқинлик қилиш, эрининг у билан қўшилиш истагини ҳар  қандай вақтда қайтариши мумкин эмас. Агар эрининг рағбатига жавоб бермаса, гуноҳкор бўлади. Фаришталар уни лаънатлайди. Бу ҳақ эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақларидан биридир. Зеро, хотин эрининг унга тўшакдаги эҳтиёжини ўйлаши иккиси ҳам бахтли бўлишининг асосий омилидир. Шунингдек, аёлнинг хотинлик масъулиятини билмаслиги, эрининг бу ҳақига эътибор қилмаслиги кулфат, жанжалга сабаб бўлади, кўп ҳолда ажралишга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Агар хотин эрининг тўшагидан айрилиб ухласа, тонг отгунча уни фаришталар лаънатлайди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
3. Хотин эридан рухсат олмай нафл рўза тутиши мумкин эмас. Чунки рўза баҳра олишга тўсиқдир. Аёл нафл рўза тутса, эри у билан кундуз куни қўшилолмайди. Қўшилиш эрининг ҳақидир.
4. Хотин эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. Тўғри, фақат таомидан бузмай, садақа қилса бўлади.
5. Хотин эридан рухсат олмай уйдан чиқиши, уйдан бошқа жойларга ишлаш учун бориши мумкин эмас. Эри истамаса, аёллар билан аралашмаслиги керак.
6. Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат кўрсатиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб шундай дейишар эди: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз».
7. Хотин авратини беркитиши, рухсорини маҳрамларидан бошқага очмаслиги билан ўзини сақлаши лозим. Аёлнинг яланғочланиши, кийимларини эридан ўзгага ечиши, калта ва шаффоф кийимлар кийиши ҳаромдир. Бунда катта бузуқлик содир бўлади.
8. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида унинг дўсти эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмасин. Зеро, киши дўстининг хотини билан танишар экан, бу ҳол рашк ва фитнага сабаб бўлади.
9. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар ўзи бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
10. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларга ҳурмат кўрсатиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг хизматлари ва марҳаматларини инкор этмаслиги керак. Бу жуда муҳим, оз аёлларгина риоя этадиган хислатдир. Зеро, аёллар болаларни лаънатлаш, эридан озгина ёмонлик содир бўлгани учун унинг ҳамма яхшиликларини инкор этиш билан машҳурдирлар.

Кўпчилик ота-оналар қизларини рўзғор юмушларига ўргатишадию аммо уларни илмли қилиш, динини танитишни унутиб қўйишади. Илмдан, диндан бехабар қизлар диёнатли хонадонга келин бўлиб тушса, кўпда муроса қила олмай қолишади. Закий куёвларимиз завжаларини тезда исломий билимлар, дин асослари билан таништириб олишса, нур устига нур бўлур. Аммо бу борада кўникма ва малакага эга бўлмаган кўпчилик қизлар лоқайдлик ва танбаллик ортидан эрлари кўнглига йўл тополмай, унинг муҳаббатини қозона олмай қолишади. Чунки ҳар бир диёнатли, иймон-эътиқодли эр туғилажак фарзандининг солиҳ, диндор, яхши ахлоқли этиб тарбияланиши кўп жиҳатдан солиҳа, художўй онага боғлиқлигини яхши тушунади. Илм, тақво, иймон-эътиқод бобида пешқадам бўлган келинлар эса ҳамиша ардоқда, суюмли, талаш бўлишган. Мана, бир-икки мисол:
Мовароуннаҳрнинг атоқли уламоларидан Алоуддин Самарқандий  замонасининг етук, фозил кишиларидан эди, унинг фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмларига оид кўплаб асарлари, жумладан Ислом оламида машҳур «Туҳфатул фуқаҳо» асари бўлган. Олим номини машҳур қилган фақат бугина эмас, унинг фиқҳ илмини билишда отасига тенг кела оладиган, фатволарга отаси билан бирга муҳр қўйиш ҳуқуқига эга Фотима исмли соҳибжамол қизи ҳам бўлган. Олимнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этди. Алоуддин Самарқандий шарҳдан шунчалик мамнун бўлдики, олима ва солиҳа қизини шогирдига никоҳлаб берди. Келиннинг маҳрига отаси китобига ёзилган беназир шарҳ кифоя қилди. Шундай қилиб, одамлар орасида «Туҳфа»сини шарҳ этиб, қизини олди», деган гап машҳур бўлиб кетди.
Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон ҳижрий 172 йили тахтга чиққанида ҳали ёш, уйланмаган эди. Турмуш қуриш истаги туғилиб, ўзига муносиб келинликка номзодларга Қуръони каримни ёд олганликни шарт қилиб қўйди. Шунда биргина Галин деган жойдан етти юз йигирма нафар Қуръон ҳофизи бўлган қиз чиқди. Кейин султон иккинчи шарт қўйишга мажбур бўлди: бўлажак завжаси Имом Моликнинг «Муватто» ҳадис китобини ҳам ёд билиши керак эди. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади: Қуртубанинг ўзидан беш юз нафар қиз ҳам Қуръонни, ҳам «Муватто»ни ёд билиши аниқланди. 
Муҳтарама келинлар, оилам фароғат қасри бўлсин, эр-хотин саодатли, аҳил яшайлик, бахтимизга ҳеч нарса раҳна солмасин, десангиз, ана шу тавсиялар асосида ўзингизни турмуш синовларига тайёрланг, рўзғор юмушларини, аёлларга хос ҳунарларни ўрганинг, ҳамиша илмга интилинг. Ўз ҳузур-ҳаловатингизни деб турмушга юзаки қараманг, уни ҳазил санаманг. Рўзғорнинг бор-йўғига, унинг синов ва машаққатларига чидашни ҳам ўрганинг. Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панду насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, бу билан сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, бу билан келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шулъаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло келин-куёв – икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

Аҳмад МУҲАММАД

Ўқиган қиз шаҳар олиб беради...(ми)?

Оила  ва турмушдаги шарт-шароит, рўзғор мана шу оилани ташкил этадиган эркак ва аёлнинг кўп жиҳатларига, уларнинг ўзаро муносабатларига боғлиқ. Зеро, бир-бирини тушуниб турмуш кечириш, дунёқарашлардаги ҳамоҳанглик, кенгфикрлилик каби унсурлар бахтли яшашнинг калитидир. Кўпчилик мухлисларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, фаровон, бахтиёр оила қуриш учун ўқиш, маънавиятли инсон бўлиб, олий маълумотнинг ўрни, айниқса бу қизларнинг ҳаётида қанчалик муҳимлиги хусусида айрим юртдошларимизнинг фикрларини билиш учун мунозарага жалб этдик. Шундай қилиб, олий маълумот, диплом бахтли турмуш гаровими, деб ташланган саволга мунозарамиз иштирокчиларининг жавоблари қуйидагича бўлди:

Саодат Очилова 24 ёш, ўқитувчи:
—    Албатта! Ўқимишли, маънавиятли киши ҳаёт аччиқ-чучугини, оқу қорасини фаҳмлаган, дунёқараши кенг, ҳар бир нарсани борида қадрлай оладиган бўлади. Қолаверса, зиёли, илмли одам кўпчилик орасида юради. Кўпнинг орасида бўлган, одамлар диққат марказида бўлган киши имкон қадар хато қилишдан тийилиб юришга ҳаракат қилади.
Олий ўқув юртини тамомлаб, қишлоғимга қайтганимдан сўнг узоқ-яқиндан мени сўраб совчилар кела бошлади. Ўзимга қолса, узоққа бўлса ҳам олий маълумотли, қўлида бирор касбу кори бўлган йигитга турмушга чиқмоқчи эдим. Лекин онам, “қизим, қиз болани яқин атрофга узатилгани мъқул. Ўзинг ўқигансан, бировга муҳтожлик билмайсан. Сени ўзимизнинг қишлоққа узата қолайлик”, деб на бир ҳунари, на дипломи бўлган бир йигитга узатишди. Эрталаб мен сумкамни кўтариб мактабга йўл оламан, эрим этигини судраб кўча бошидаги қишлоқнинг бекорчи эркаклари йиғилиб, хотинидан ғийбат қилиб ўтирадиган номи “дўкон” дейиладиган лойсувоқ кулбага чиқади.
Деярли ҳар куни шу аҳвол. Эртадан кечгача қарта ўйнаб, қарзга пиво ичиб, сигарета чекиб қайтади. Мақтаниш эмас, ишим яхши, баъзи ойларда мукофот пуллари билан олти юз мингдан ортиқ даромад қиламан. Аммо турмуш ўртоғим бир ойда жилла қурса олтмиш минг сўм топмайди. Камига, қишлоқдаги дўкончалардан қарзга нафсини оромлайди. Тўғриси, курсдош дугоналаримининг олдида уятдан ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай бўлиб ўтираман. Буниси ҳам майли, дунёқарашимизнинг номутаносиблиги орамизда жуда кўп зиддиятларни келтириб чиқаради. Қизалоғим бор. Нима ҳам қилардим, бу кунлар тақдиримда бор экан. Эрим билан ажрашсам, эл-юрт, ўқувчиларим, ҳамкасбларим олдида нима деган одам бўламан. Фарзандимнинг келажаги, обрўйим, эл орасидаги мартабамни ўйлаб, барига сабр билан чидаб келяпман. Айтмоқчиманки, турмушнинг бекаму кўст, бадастир бўлмоғида маълумотнинг, касбу корнинг ўрни муҳим. Ёш оила вакиллари ҳеч бўлмаганда бир ҳунарни ўрганган бўлмоғи шарт. Оилада келишмовчиликнинг аксари моддий етишмовчилик сабабли келиб чиқади. Шундай экан, икки ёшнинг бошини қовуштиришга чоғланаётган катталар масаланинг бу томонига ҳам эътиборли бўлсалар, нур устига нур бўларди.

Назира Саидова 60 ёш, пенсионер:
—    Оиланинг бахтли бўлишида диплом унча шарт эмас, деб ўйлайман. Бу дунёдан қанчадан қанча дипломи йўқ бахтиёрлар ўтмади дейсан... Аввало, эр-хотин бир-бирини тушунсин, қўллаб қувватласин, меҳр-муҳаббатини, меҳнатини иззату қадр қилсин. Қолган бари майда-чуйда гап. Мана, бизнинг турмуш қурганимизга қирқ икки йил бўлибди. Ўшанда мен ўн саккиз ёшда, турмуш ўртоғим йигирма икки ёшда эдик. Иккимизда ҳам диплом йўқ эди, далада ишлардик. Ҳар қандай рўзғорда келишмовчилик бўлиши аниқ. Бизнинг турмушимизда ҳам бўлган. Менинг рўзғоримда ҳам  гўшт бўлмаган, иссиқ овқатга шароит бўлмаган кунлар бўлган. Бироқ у пайтларда хотин киши дийдиёсини дастурхон қилиб одамларга овоза қилиши, “вой дод, уйимда ҳеч вақо йўқ, энди очимдан ўламан” деб рўзғорнинг гапини кўчага чиқариши, энг оғири, эримга қараб ўтирсам бирим икки бўлмайди деб, бозорга чиқиб кетиши УЯТ эди-да, болам! Ҳозир қараб туриб ўйланаман, чиройли-чиройли иморатларда яшашяпти, оёқларининг остида чўғдай гиламлар ёнади, қўша-қўша машиналари бор. Аммо-лекин шукронаси йўқ, қизим. Яна бирортаси билан ҳамсуҳбат бўлиб қолсанг, рўзғорнинг кам-кўстидан нолиб, турмушдаги қийинчиликлардан гап бошлашади. Қараб туриб ўйланаман, булар учун БАХт тушунчаси нимани англатаркан-а?
Саволингга келсак, ёшларнинг ўқимишли, олий маълумотли, дипломли бўлиши шарт эмасу, лекин бирор бир ҳунарнинг эгаси бўлиши лозим. Боя айтганимдай, аёл киши елкасига тўрва-халтасини илиб кўчама кўча, бозорма бозор изғиганча, уйида ўтириб бирор ҳунар билан машғул бўлгани афзал. Ҳам ўзига, соғлигига, шаънига гард юқмайди, ҳам фарзандлари назоратдан четда қолмайди. Касбу ҳунарсиз эркак эса... Билмадим, ундайлардан Худо асрасин!..

Анвар Саидов 45 ёш, тадбиркор:
—    Оиланинг бахтли, бекаму кўст ҳаёти жуфтларнинг касбу кори билан бевосита боғлиқ. Биз аёлим билан техникумда ўқиб юрган кезларимиз танишганмиз. Ўшнада мен ҳисобчилик бўлимида, келинойингиз аёллар ва болалар кийимларини бичиш-тикиш бўлимида ўқирди. Йигирма ёшимизда ўқишимизни тамомлаб, оила қурдик.Турмушимизнинг дастлабки йилларида мен туман марказидаги ташкилотларларнинг бирида ишлай бошладим. Рафиқам уйда ўтирарди. Гоҳ-гоҳида қўни-қўшни аёллар кўйлакми, халатми, хуллас бирор нима тикиб беришини сўраб чиқишарди ва у ҳам баҳоли қудрат рўзғорга қарашиб турарди. Бу орада жамиятда ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилди, ўз ўзидан менинг маошим йўл харажатларидан ортмай қолди. Хуллас, эр-хотин бир-биримиз билан талашиб, тортишиб юрмай, банкдан кредит олдик. Уйда кичкинагина цех очиб, қишлоқдаги тикувчиликка қўли келишадиган қиз аёлларни ишга таклиф қилдик. Шундай қилиб қийин вазиятдан осон чиқишга уриндик: қишлоқда, ўз уйимизда иш билан банд бўлдик, бошқаларни ҳам ишли қилиб, шунинг ортидан даромад топадиган бўлдик. Менимча, турмуш бўсағасида турган ёшларнинг маълумотли, дипломли, ҳунарли бўлиши шарт. Ахир, қорни оч одам қандай бахтли бўлсин?!

Раъно Саъдуллаева, 40 ёш, уй бекаси:
—    Менимча бахтли турмуш қуриш учун дипломнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Айтмоқчиманки, олий маълумотли бўлмаган, оддий кишилар ҳам ҳавас қилса арзирли оилада яшаб келишмоқда. Аммо ҳунари, даромади йўқ одамнинг рўзғорида файз-баракаси бўлмайди. Янада тўғрироғи, меҳнатсевар, ишчан. Фаол кишиларнинг турмуши гўзал ва фаровон бўлиши шубҳасиз. Авваломбор, оила қурган икки инсон, андишали, сабрли, қаноатли ва ориятли бўлсин. Ана шунда, оила бахтиёр, рўзғор фаровон, кўнгиллар хотиржам бўлади.
... Бизнинг фикримизча ҳам, олий маълумот ва диплом бахтли оиланинг асосини ташкил этмайди. Муҳими- жуфтликларнинг аҳиллиги, тотувлиги ва баҳамжиҳатлигида. Рўзғорнинг қут баракаси ҳам эр-хотиннинг ўзаро иноқлиги ва бир-бирини ҳар қадамда қўллаб –қувватлашига боғлиқ. Зеро, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака арийди, дейди донишманд халқимиз. Яна бир нарса, жуфтлар маънавиятли, заковатли бўлиши ҳам саодат эшигига калит бўлади.
Хўш, азиз муштарий, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Албатта ёзиб юборинг, мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Умида Адизова тайёрлади.

Аёл рашки

Аёл рашки... Бугунги кунга келиб нозик жинс вакилларининг рашки ҳийлага, айбига тортилган пардага ўхшаб қолди, назаримда. Балки, дабдурустдан билдирган бу мулоҳазани муболағага йўйган бўлишингиз мумкин. Бироқ ён-атрофимизда юз бераётган воқеа ҳодисаларга каттароқ кўз билан назар соладиган бўлсак, чиндан ҳам аёлларимизнинг рашки гўзал туйғудан кўра, гумон ва ўзини оқлаш учун энг қулай воситага айланиб қолди. “Қаерда эдингиз?! Ким билан эдингиз?! Нега телефонингиз “незона? Фалон пайтда ишхонангизга қўнғироқ қилгандим, сизни чиқиб кетган дейишди...” Ваҳоказо ваҳоказо сўроқ саволлар билан эрига ўшшайиб турган аёлдан хунукроқ махлуқ бўлмаса керак дунёда.
Шундайлардан бирини биламан. Мўмин-қобил, топармон-тутармон, тузуккина жойда ишлайдиган эр шўрликнинг тинчини ўғирлади; ҳали ишхонасига, ҳали котибасига қўнғироқ, ҳали ортидан пойлаб юриш... Уйда тергов-сўроқ... Хуллас эркак хотинининг бундай “оташин” рашкидан безиб, кимларгадир ҳавас бўлган ишини ташлаб Россияга кетворди. Энди хотин тинч ва осуда яшаяпти! Эрини рашк ҳам қилмайди, қизғонаман, деб тўполон ҳам кўтармайди. Демак...
Ҳа, худди шундай, оилада эр-ёки хотиннинг бу тахлит рашки психологияда “ундалма рашк” дейиларкан. Яъни, ўзининг турмуш ўртоғига  вафосизлигини унга кўчириш ёки ўзининг ишончсизлиги турмуш ўртоғига хиёнат қилишга доим тайёрлиги кабилар бундай рашкнинг манбаи бўлиб  хизмат қилиши кузатилган. Эътибор берганмисиз, кимники хулқ-атворида бетамизлик, бузуқлик акс этиб турса, унинг рашки қаҳр-ғазаб билан қоришиб нигоҳларидан  ёғилиб туради.
Оилавий ажримларнинг кўпайгани, эр-хотинлар орасига совуқчилик тушаётгани, бир-бирига кечириб бўлмас айбларни тўнкаб, турмушини бузаётганлар учун рашк юзига қора чапланган, боши эгилган мунглигина гуноҳкорга айланди. Яна баъзи бировларнинг рашк важидан кўтарган тўполонининг баҳонаси ҳам киши раҳмини келтирар даражада: “нима қилай ахир, севганимдан, рашк қиламан-да! Агар эримга кўнглим бўлмаса, уни яхши кўрмасам рашк қилармидим?!”  Қаранг-а, бу бечора эрини севганидан рашк қилармиш! Майли, бечора “маъшуқа”ни ҳақ деб ҳам ҳисоблайлик, башарти, шундай бўлса, эрига бўлган муҳаббатини нега айнан рашк қилиш билан кўрсатади?!  Муҳаббатни намоён этишни, жуфтини  ардоқлашини бошқача йўл билан ҳам билдирса бўлади-ку! Масалан, эрининг ишлари юришмайроқ қолса ёинки топгани рўзғорга етмай, хотини истаган кийимини кия олмаса, хоҳлаган тақинчоғини тақолмаса, эрини қўли калталигида ҳам севармикин ўша севгани учун рашк қилган хотин?! Бу саволимга баралла жавоб бера оламанки, ЙЎҚ! Минг афсуски, замонамизга келиб, эрини фақат эри, жуфти ҳалоли бўлгани учун, насибаси қўшилгани, тақдирига битилгани учун, бир сўз билан айтганда  Аллоҳ розилиги учун жуфтини яхши кўрадиган хотинларни топиш мушкул бўлиб қолди!
Агар муҳаббат рашкка сабаб бўлгувчи бўлса, Кумуш Отабекни ўзининг устига кундош олишига бир сўз демай рози бўлармиди?! Ўша ҳолатни кўз ўнгингизга келтиринг: “... Мен кўндим... Мен рози...”  Сизнингча Кумушбиби учун жондан севган кишисини ёт билан бўлишиш осон кечдими?! У рашк қилмадими, у қизғонмадими? У ҳам аёл эди. У ҳам жуфтини жон қадар севар, севганда ҳам аёллик назокати, нафосати, ҳаёсини унутмаган ҳолатда севарди. Рашкида ҳам ибо, латофат бор эди-ки, унинг биргина “Мен кўндим” деганининг ўзиёқ Отабекни хижолатда қолдирди. Эр киши учун уят ўлимдан қаттиқ, Кумушбибининг жасорати Отабекни уялтирди. Унга бўлган муҳаббатини кучайтирди, ишқини алангалатди.
Давримиз аёллари-чи? Муҳаббатни, рашкни баҳона қилиб эр билан жанжаллашиш, шундоқ ҳам тирикчилик тегирмонида кунда минг марта бўлакланадиган бояқиш эркакнинг асабини бузиш ва энг оғири ўз гуноҳларини ёпиш билан назокатдан йироқлашиб кетяптилар.
Айнан севимли, ардоқли рафиқа бўлиш учун аёл кишидан чуқур илм талаб қилинади. Аслида бизда ана шу илм йўқлиги сабаб, севимли рафиқа бўлиш тарбияси нўноқ бўлганлиги учун ҳам эркакларимизда ўзга боққа бўйлаш одати авжга чиққан.  Эркак киши ўзининг қанчалик кераклигини, хотинининг туйғулари ошкор бўлаётганини кўраверса, шунча ундан узоқлашаверади, кўнгли совуб бораверади. Бу эса, сиз рашк қилаётган “ўзга боғнинг олма”сига яхшигина қўл келади.Унутмайлик муҳатарама хонимлар, биз жуфтимизга аёллигимиз учун, сирли, нозли ва албатта заифа бўлганимиз учун учун ҳам севимлимиз.  Эркак киши эркакка айланган аёл олдида ўзини заиф ва ерпарчин ҳис қилади. Шундай экан, такрор айтганимиз, эрини феъл-атворидаги носозликлар сабабли ўз хотини хиёнатга ундаб, сўнгра оҳ-воҳ қилиб юришига куясанми, куласанми?!..
Руҳиятшунослар рашкни золимона рашк ва “иззат нафси поймол қилинганликдан” бўладиган рашкларга фарқлайдилар. Золимона рашкни одатда худбин, қайсар, золим, ҳиссий совуқ ва бегоналашиб кетган кишилар юзага келтиради,- дейилади психологик манбалардар.- Бундайлар одатда турмуш ўртоқларига фақат бир буюм сифатида, ўз манфаати, фароғатини қондириш объекти, шахсий мулкидек қарашади. Уларда бошқа одамнинг шахсий хусусиятларини сезиш, ҳурмат қилиш қобилиятлари ривожланмаган бўлади. Иззат-нафси, шаъни камситилганликдан бўладиган рашк- бу одатда ҳаяжонланадиган, ҳар нарсадан гумонсирайверадиган, ўзига ишонмайдиган, хавф-хатар ва нохушликларни бўрттиришга мойил, нуқсонлар мажмуасидан жабрланувчи одамларга хосдир. 
Рашк илоҳий туйғу. Қолаверса, рашк мўмин кишига хос хусусият.  Аммо мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир. Айниқса, аёл зоти учун рашк- гўзаллиги ва нафосатининг бир қирраси бўлмоғи лозим. Ана шунда рашк билан шубҳа –гумон фарқланади.

Ҳунардан унар

Дунёда шундай бир хазина мавжудки,  битмас-туганмас, ҳеч адоғи кўринмас деган иборалар айни ўша хазинага атаб берилган нисбатга ўхшайди гўё. У шундай хазинаки, агар истаса, қунт қилса ҳар ким ҳам у хазинага эгалик қилиши мумкин. Бу —ҳунар. Ҳунар чиндан ҳам хазинага ўхшайди. Ҳунарманд киши ҳеч қачон муҳтож бўлмайди, хорлик кўрмайди. Мол-дунё гўёки тоғдай бўлса-да, уни еб тугатиш аниқ, аммо ҳунар ортидан келадиган даромад ризқ-насибанинг мўл-кўллигини кафолатлайди.
Бу мулоҳазаларимизни биргина сўзида жамлаб донишманд ўзбегимиз шундай дейди:

Ҳунардан унар
Дарҳақиқат, ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз.  Онахон воиза Турсуной Содиқова ҳунар, ҳунарманд кишининг ютуқлари ҳақида гапира туриб, “... дипломли бир кунда ойлик маош олиб, бир ой эҳтиёжига сарфласа, ҳунарманд ўттиз кун бирдай даромад кўради”, дейдилар. Мулоҳаза қилинганда бу фикрларнинг нечоғли ҳақ эканлигига амин бўлинади.  Ҳунарнинг энг афзали — аввало кишининг ўзига фойдали бўлганидир. 
—    Талабалик йилларимда дарсдан бўш вақтимни топиб, ўқув марказларидан бирида ҳам тикувчилик, пазандачилик курсларига қатнашгандим, - дейди асли касби ўқитувчилик бўлган бухоролик муштарийимиз Муҳайё Исмоилова.- Яхшиям ўша пайтларда ўқиб олганим, дейман. Ишимдан ташқари буюртмачиларга кўйлаклар, костюм-юбкалар тикиб бераман, тўй-ҳашам, туғилган кунларда ширинликлар, пишириқлар тайёрлаб бераман. Ҳам касбимдан даромадим бор, ҳам ҳунаримдан. Худога шукр, шу пайтгача ҳеч қачон пулга зориқиб қолмаганман. Қизларимга ҳам жуда кичкиналигидан пишириқлар тайёрлашни, кийимлар тикишни ўргатиб боряпман. Ҳаётда ҳар қандай ҳолатлар бўлади. Инсон ҳамиша ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Эрнинг қўлига қараб қолмасдан, рўзғори учун жон куйдириш аёл кишининг ҳам вазифаси. Ўша ҳунардан даромад келмаган тақдирда ҳам ҳунарнинг ўрганилгани асқотади. Айтмоқчиманки, тикиш-бичишни эгаллаган одам ўзига, оила аъзоларига кийим тикиб берса ҳам, оила ғазнасига фойдаси тегади. Ахир ҳозир битта кўйлак тикишнинг ўзи ўртача ҳисобда 25-30 минг сўмни ташкил  қилади.  Хуллас, мен ёш қизларимизга вақтида дипломли бўлиш билан бирга, ҳунар ўрганишларини ҳам маслаҳат берардим. Ёшликда бўш вақт кўп бўлади, қолаверса, мия ҳам тиниқ бўлиб, куч-ғайрат тошган бўлади...
Ёш қизларини оилавий ҳаёт, турмушга тайёрламай туриб узатиб юбораётган ота-оналар,  фарзандининг касбу корли, ҳунар эгаллаши учун зарур бўлган маблағни қиммат анжомлар, сеп сидирғаларга сарфлаб гўёки бу билан улар фарзандининг бахтли бўлиши учун замин яратгандек ҳисоблайдилар. Аслида эса сарпо - суруғу, қиммат мебеллар саодатли ҳаёт ваъда этмайди. Ахир бежизга

Ҳунар – отанинг молидан афзал
Дейишмайди-да. — Мактабни тамомлаган йилим олий ўқув юртига ўқишга кира олмадим,- дейди Дилноза Муҳаммаджонова.- Онам зўр бериб менга сеп йиғиш ҳаракатига тушдилар. Қўлларига пул тушди дегунча, бозору дўконларга чопиб мебелларнинг, мато-газламаларнинг нарх- навоси билан қизиқиб юрардилар. Шундай кезларда бир дугонам пойтахтга “Машҳура” ўқув марказига ўқишга боришини эшитиб қолдим. Ўзи кичкиналигимдан қўғирчоқларимга кўйлакчалар тикишни яхши кўрардим. Уйдагиларни бир амаллаб кўндириб дугонам билан бирга “Машҳура”га ўқишга бордим. Бир йилда ҳам чеварликни, ҳам пишириқ курсини астойдил ўрганиб, комьпютерда ишлаш ва мошина ҳайдашни ҳам аъло даражада эплайдиган бўлиб уйга қайтдим. Узатилдим. Сепимда тикув машинам, комьпютерим ва микро тўлқинли печимдан бўлак кўзга кўрингулик нарса йўқ эди. Келинлик маҳалламда тезгина ишга киришиб, буюртмага кийимлар тикишни,  пишириқлар пишириб маҳалладаги дўконларга тарқатишни йўлга қўйдим. Узоқ-яқиндан қизлар шогирдликка келадиган бўлишди. Ота-онам сепимга қилмаган нарса-буюмлардан минг чандон ортиғини олишга эришдим. Энг муҳими ҳунарим ортидан ҳурмат, эътибор, завқ ва бахт топдим. Кўча-куйда, тўй-ҳашамларда қайнонам  одамларга мақтаниб, “Дилнозахон чевар менинг келиним бўлади, яқинда келинимга тикувчилик  ва кондитерлик цехлари очиб берамиз” деб қўярканлар. Бу гаплар қулоғимга етганида, “Яхшиям ўша пайтларда ёшликдаги ҳою ҳавасларга берилиб, онам айтган қиммат мебеллару тилла тақинчоқларга шайдо бўлмай ҳунар эгаллашга астойдил киришган эканман” деб шукр қиламан. Қиздир, йигитдир, ҳунар, касбу кор эгаллаш билан ҳаётининг фаровон, хотиржам ва бекам бўлишига имкон яратган бўлади...

Ҳунаринг- бахтинг!
Мақола юзасидан юртдошларимиз билан фикр алмашаётганимизда бир онахонимиз ярим ҳазил, ярим чин билан, “ҳунари йўқ киши хору зордан ҳам баттар бўлади. Яратган ҳар кишининг ризқ-насибасини тақдирига битиб қўйган, аммо инсон ризқи учун ҳаракат қилиши керак. Айниқса қиз-аёллар касб-ҳунар ўрганишга албатта қунт қилишлари шарт. Эрга муҳтож бўлиб ўтиргандан кўра, ҳеч йўқ ўзининг эҳтиёжларига етарли маблағни ўзи топгани маъқул. Эрга қарадинг-чи, ерга қарадинг-чи, деган истеҳзоли иборани унутишмасин қизлар” дедилар. Онахоннинг гапларида жон бор. Турмушда, ҳаётда ҳар хил кунлар бўлади. Ҳамиша ҳам эркакнинг ошиғи олчи бўлиб, топган тутгани бадастир бўлавермаслиги мумкин. Агар хотин касбу корли, ҳунарли бўлса, ҳадеб эрига топиш-тутишида маза йўқлигини маломат қилиб жанжал кўтармай, рўзғори учун ўзим ҳам жон куйдиради. Ахир, оила ғазнасига бир ойда юз сўм киргани яхшими, икки юз сўм кирагани яхшими?
Бу хусусда яна бир муштарийимиз Мавлуда Назарматова шундай дейдилар:
—    Талабалик давримда бир чевар опанинг уйида ижарада тургандим. Шу сабаб бўлибми, чеварликни ҳам ўрганиб олгандим. Қишлоққа қайтганимда ҳам ўқитувчилик, ҳам тикувчилик қилиб эл оғзига тушган эканман, қайнонам бир тўйда келинчакнинг сепига деб тиккан кўйлакларимни кўриб, совчи бўлиб келибдилар. Тўйдан кейин ҳам касбим билан ҳунаримни бирдай олиб боравердим. Бирин-кетин фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим ҳам тузуккина жойда ишлардилар, нимадир бўлиб ишхоналарида қисқартириш келиб улар ишсиз қолдилар. Эркак кишининг омади бир кетса, қайтариш қийин экан, икки йил турмуш ўртоғим ишсиз юрдилар. Лекин шу давр мобайнида рўзғоримизда етишмовчилик, йўқчилик, эҳтиёжмандлик сезилмади, Худога шукр. Чунки, мен турмуш ўртоғимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб- қувватлаб, уларга ёрдам бериб турдим. Шундай кунларнинг бирида эрим “сизга тикувчилик цехи очиб бераман. Банкдан кридет оламиз. Кичик корхонамиз бўлади, корхонамизнинг молиявий ишларини ўзим олиб бораман. Баҳонада сизнинг фаолиятингиз кенгаяди, мен ҳам, қишлоғимизнинг  ишсиз ўтирган аёлларига ҳам иш топилади” деб қолдилар. Аёллигимга бориб аввалига бироз чўчидим, эрим астойдил киришган эдилар, ўзингиз биласиз, кўзингиз шу ишнинг самарасига етса майли, деб қўя қолдим. Кўп ўтмай мўъжазгина цехимиз очилди. Қисқаси, энди мактабда эмас, тикувчилик цехимдаги шогирдларимга устозлик қиляпман. Эрим билан бирга ишлаймиз, улар раҳбаримиз. Умуман мен бир ҳақиқатга амин бўлдимки, инсон ўзига тақдир қилинган бахтга ҳам касб-ҳунари кўрсатган йўлдан бориб эришар экан...       
Қўлидан иш келадиган, ҳунарманд киши ҳеч қачон аро йўлда қолиб, муҳтож бўлмайди. Бу борада нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам ҳунар билан камол топишлари жуда кўп бора ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат. Олий маълумотли, нуфузли жойда ишлайдиган бир танишим бор. Болалалигидан отаси оёқ кийимларини таъмирловчи косибга, темирчига ва уй-рўзғор анжомларини таъмирлайдиган усталарга шогирдликка берган экан.
—    Ўша пайтлари усталарнинг инжиқликларини кўтариш, оз-моз нарса ўрганаман, деб улар айтган қийин юмушларни бажариш малол келиб, дадамдан хафа бўлардим,- дейди дўстим мамнуният билан,- Ҳозирда ишдан ташқари уйимдаги сув жўмраклари, рўзғор анжомларини таъмирлаш билан бирга қўшниларга ҳам ёрдамим тегишидан, ҳаттоки чўнтагимга ойликдан ташқари беш-ўн сўм тушишидан хурсанд бўлсам, ич-ичимдан дадамга миннатдорчилик айтиб қўяман. Ҳунар кишининг обрў-эътибор топишида ҳам муҳим аҳамият касб этаркан...
Инсоннинг камолотга эришуви, ҳаётда ўз ўрнини топишида у эгаллаган касб ёки ҳунарнинг ўрни, чиндан ҳам беқиёс. Ҳунар нафақат яхши даромад, тўкин ҳаёт беради, балки ҳунарли одам ён-атрофидагиларнинг мушкулини осон қилиш билан уларга ёрдами тегиб савобга дохил бўлади. Нима ҳам дердик, бугунги мулоҳазалардан тегишли хулосага келиш муҳтарам муштарийга ҳавола. Биз эса фикрларимизни Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонларидаги шоҳ ўғли- шаҳзода бўлишига қарамай, бир талай ҳунарлар эгаси бўлган Фарҳод тилидан айтилган ушбу сатрлар билан интиҳосига етказишни жоиз билдик:
Ҳунарни асрабон неткумдир охир,
Олиб туфроққами кетгумдир охир?..

Баҳор Турсунзода