1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Бозорнинг озорлари

 

— Бозордаги ажабтовур ишларни қаранг,-   деди Қўйлиқ бозори яқинидаги бекатдан автобусга чиққан аёл куйиниб. –Қассобдан гўшт нархини сўрасам, “ўн олти минг” деди, “тарозинингиз тўғрими?” деб сўрасам, “ўн саккиз минг сўмдан берсангиз, ҳалол қилиб тортиб бераман” дейди.
—    Шу электрон тарозининг ҳам иложини  қилишибди-да,- дея гапни давом эттирди иккинчи аёл.- Одамларга нима  бўляпти ўзи? Бировнинг ҳаққи ҳеч  замонда юқмайди-ку. Одамларнинг пешона териси эвазига топилган пулни болаларига едиргани Худодан қўрқишмасмикан?..

Ўғриликнинг “ҳалол” йўли

Йўловчи аёлларнинг куюнганича бор. Тўғриси, шу пайтга қадар ўзим ҳам бу каби воқеаларга кўп дуч келгандим. Автобусда гувоҳи бўлганим сабаб дам олиш куни Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларига тушдим. Аввал гўшт расталарини кўздан кечирдим. Гўшт бозорига тушиб, гўштнинг нархини сўрасангиз, тоғни урса талқон қиладиган йигитлар тарозига «ҳаром» қилиб тортиб берса ўн тўрт минг сўм, «ҳалол» қилиб тортиб берса ўн саккиз минг сўмлигини айтишади.
— Бу нима деганингиз? - ҳайратим ошди.
— Энди, тирикчилик, — деб жавоб беришади пинагини ҳам бузмай.
— Ажабо, бу қанақаси бўлди энди, ўғирликнинг ҳам “ҳалол” йўлини топибсизлар-да.
— Бозор деб қўйибди-да буни. Бизга ҳам осон эмас, — кўкрак керади “уддабурро”  сотувчи.
— Астағфируллоҳ, — таажжубланаман. - Тирикчилик  инсофу диёнатни сотиш ҳисобига ўтарканми?.. — “Уддабурро” бу малолланишни ё эшитмайди, ё эшитиб эшитмаганга олади...
Юқорида таъкидлаганимдек, бозорларимиздаги бу оғриқли ҳолатларга кўпчилигимиз дуч келганмиз. Баъзида эътибор берамиз, баъзида ўзбекчилигимизга бориб парво қилмай, “уддабурро”лар ҳисобига уч-тўрт сўмимиздан кечиб кетаверамиз ва бу ана шундай «уддабурро»ларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
— Бир куни бозорга тушиб ёнимдаги пулимни чамалаб гўшт сотувчига ўн минг сўмлик гўшт ўлчаб беришини сўрадим, — дейди ҳамкасбим. — Сотувчи у ёқ қилди, бу ёқ қилдию, “Мана, сизга ўн икки минг сўмлик гўшт бўлди” деди. Унга пулим ўн минг сўмлигини, ортиқчаси йўқлигини айтгандим “Энди нима қилай, тарози ўн икки минг сўмлик тортибди-да” дейди. Ўзи ишдан ҳориб-чарчаб қайтяпман, бунинг устига сотувчининг иддаоси жонимдан ўтиб “Сенга ўн минг сўмлик гўшт тортгин дедим, пулимга яраша оламанда ахир?!” деб бақирганимни биламан, “Олинг кеннайи, шунга ўн минг сўм берсангиз бўлди” дейди инсофсиз. Мени содда билиб, ўн минг сўмлик гўштга ўн икки минг сўм ундирмоқчи бўлган экан-да...
Қўйлиқ бозорига кўп борганим учун бундай ҳолатларга жуда кўп дуч келаман. Масалан, бир дўконда шакарнинг нархи 3300 сўм, шундоқ дўконнинг ёнида стол қўйиб (бу ноқонуний бўлса керак) савдо қилаётган йигит шакарнинг нархини қоғозга катта-катта ҳарфларда «3200 сўм» деб ёзиб қўйибди.
Сотувчи йигитдан ҳайрон бўлиб:
— Нега сизда арзон, тарозингиз тўғрими, ука? — деб сўрасангиз.
— Хоҳласангиз ҳалол қилиб тортиб бераман, нархи 3300 сўм бўлади, — дейди кўзларини лўқ қилиб.
Яна бир дўконда бир кило товуқ оёғининг нархи 12000 сўм, дўконнинг шундоқ ёнида «уддабурро» сотувчилар 10500 сўмдан сотишяпти. Ҳайратингиз ошиб, сабабини сўрасангиз,  яна юқоридаги жавобни оласиз.
Бозор маъмурияти наҳотки бундан бехабар бўлса?! Улар «уддабурро» сотувчиларнинг олдидан кунда бир неча марта ўтиб қайтади-ку. Билганлар қимматроқ бўлса ҳам тарозидан урмайдиган растадан савдо қилиб кетаверади? Билмаганлар эса...
Бу очиқчасига қаллоблик, ўғриликнинг «ҳалол» йўли, харидорнинг ҳаққидан уриб қолиш эмасми?!

БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ — ТАНҒИРНИНГ ЎҚИ

— дейди, халқимиз. Норози луқма ҳеч қачон ҳеч кимга буюрмаган ва буюрмайди ҳам. Бу ҳақида кўп гапирилган ва ҳануз гапириляпти ҳам. Аммо... нақароти “тирикчилик” сўзи билан қайтариладиган қўшиқни мадҳиясига айлантириб олганлар шу оддийгина ҳақиқатни ё занг босган тафаккурлари билан англаёлмаяптилар ёки тан олишдан қўрқяптилар. Ҳа, кўзларингиз ҳарфларда адашмади: ҚЎРҚЯПТИЛАР! Нега деганда ундайларнинг ўзи ҳам бировларнинг ҳаққини егани билан бири икки бўлмаётганини, топганида барака йўқлигини, минг бир машаққатда ҳали уни алдаб, ҳали буни авраб топган пули яхшиликка буюрмаётганини жуда яхши билади. Барибир негадир ўзини шу йўлдан қайтармайди. Таассуфки, нимагалигини ўзи ҳам билмайди.

Ҳалол луқма емаган ўғиллар

Маҳалламизда кексароқ бир одам яшайди, қўни-қўшни ўша хонадондан ҳазар қилгандек ҳадеганда кўп кирди-чиқди қилмайди. — Ўғиллари қамалиб чиққан, гиёҳванд ва бошқа бало-баттарларга йўлиққан, меҳнат қилиб нон топишни истамайди. Ҳалиги хонадон бошлиғининг ҳам эл орасида ҳурмати ҳаминқадар. Инсон элда яхши амаллари ё қобил фарзандлари билан нуфуз топади. Маҳалладошимиз бу икки нарсадан ҳам бебаҳра қолганлардан экан. Одамларнинг айтишича, фарзандларининг қисматидан куйиниб “Ҳамма айб ўзимда. Мен болаларимга ҳалол едирмаганман. Бировнинг ҳақини еб улғайган болалардан тағин нима ҳам кутардим” деган экан. Бир пайтлари шу маҳалладошимиз болалар боғчаларига сут ташийдиган юк машинасини ҳайдаган экан. Ўшанда сут солинадиган цистерна ичига тахта қўйиб олганмиш. Сабаби машина юрганда сут чайқалармишу, унинг ёғи тахтада қолиб қотиб қолармиш.  Болаларнинг насибасидан қийилган ёғни амакининг болалари еган, ортгани сотилган. Хуллас, маҳалладош амаки ноҳалол луқма билан боқиб ўстирган ўғилларидан ҳануз тинчигани йўқ...
Маҳфуза Эркиноваб Тошкент вилояти.
Раҳбаримизнинг ўғли ўттизни қоралаб қўйди, ҳалигача уйлантирмаган. Қерга совчиликка боришса рад этиляпти. Ишхонамиздаги компьютерларнинг ичидаги қиммат турадиган қандайдир механизмларини ўғирлаб сотиб юборган. Камига кўрингандан қарз олиб ҳалигадақа аёлларга сарфлаб юборар экан, фарз берганлар ишхонамизга келиб, раҳбаримиз билан жанжаллашишди. Жамоадагиларнинг айтишича, ходимларга кўринолмай бошлиғимиз хонасида йиғлаб ўтирганмиш. Ҳалол луқма емаган боладан яна нима кутади?! Ҳар гал маош берилса минг бир баҳонаю боис билан пулларимиздан ушлаб Қолади. Шунақа пайтлар ишдан ҳам кўнглим совуб кетади. Ишлаган маошингни тўлиқ олмасанг, бир ой иссиғу совуқда асабларингни, соғлигингни кеткизиб ишласангу маошга келганда аллакимлар ҳузурини кўрса, тилга қарғиш келмай дуо келармиди? Ундайларнинг боласи товламачи бўлмай, ота-онасини куйдирмай ким куйдирсин?!.
Шаҳло Иброҳимова, Бухоро вилояти.
Фарзандларингиз сизнинг жаннатингиз ёки жаҳаннамингиздир, деб марҳамат қилганлар Пайғамбаримиз(с.а.в.). Мулоҳаза қилинг ватандош, тирикчилик баҳонасида, фарзандларингиз қисматини ўзингиз қора қилиб қўймаяпсизмикан? Биродар, фарзандингизга тарбия бериш билан сиз келажагингизни бино қиляпсиз, унутманг, унинг фитратида яхши-ёмонингиз уняпти.

ЭНГ ЁМОН, ЭНГ ОҒИР  ҚАРҒИШ

— Илоҳим буюрмасин! - деган хитоб эканини биласизми, юртдош?  Бу дуойибад хонумонингизга ўт қўйиб, икки дунёингизни куйдириб юбориши мумкинлигини ҳеч мулоҳаза қилганмисиз? Жўнгина бир мисол: ёғлиққина палов есангиз ҳам, бир тишлам қотган қора нонни сувга ивитиб есангиз ҳам кунингиз ўтади. Ҳали камбағалнинг ўтмай қолган куни ёки бойнинг чўзилган куни ҳақида эшитмаганмиз. Эшитмаймиз ҳам. Хотиржам юрак билан беҳаловат кўнгил орасида еру осмончалик фарқ бор. Кексаларнинг “оч қорним — тинч қулоғим”, “яримта нон роҳати жон” деганларини кўп эшитганмиз. Бу нақллар нимага ишора қилишига бирда эътибор берамиз, бирда йўқ. Шунинг учун ҳам пул топяпмизу, хотиржамлигимизни йўқотяпмиз. Топганларимиздан кўра йўқотганларимиз кўп. Йўқотаётганларимиздан хулоса чиқармаётганимиз, бу чигалликларни мулоҳаза қилмаётганимиз-да яна ачинарли.
— Эртадан кечгача югураман топганимнинг баракаси йўқ, — деб нолиймиз.
— Итдай ишлайман бирим-икки бўлмайди, — деб ёзғирамиз.
— Мен қиляпман ўттиз, Худо қиляпти тўққиз, — деб оғринамиз. Аммо ҳеч биримиз ноқис ақлимиз, моғор босган тафаккуримизнинг кўр кўзларига тушган пардани сидириб мулоҳаза қилмаймизки, кимларнидир НОРОЗИ қилиб топган мол-дунёимизга қандай барака қўнсин?! Одамларни оғринтириб топган пулимиз қандай буюрсин? Бир кило гўшт ёки шакар ўрнига саккиз юз-тўққиз юз грамм олиб кетган харидор қорнига куюнмайди, биродар, қадрига оғринади у!..
Яна бир аччиқ ва очиқ ҳақиқат: ҳар ким алдаса ўзини алдайди, фириб берса ўзини фириб беради. Бу дунёда ҳам нариги дунёда ҳам амалларга яраша ажр берилади. Фикримизча, нима демоқчилигимизни муҳтарам ўіувчи яхши англаб етди. Сизда қандай мулоҳазалар бор?

Умида Азиз

Андишанинг оҳори тўкилса...

Андиша сўзи тилимизда ҳаё, ибо, одоб ва бошқа инсоний фазилатлар маъносида ишлатилади. Баъзан суҳбатдошимиз ҳаё пардасини кўтариб бизга ёқмаган гап гапирса, “андишали бўлинг” деб қўямиз. Умуман олганда андиша сўзининг асл маъноси қандай? Ўзбек тилининг изоҳли луғатида келтирилишича андиша сўзи “кетини, оқибатини ўйлаб ёки юз-хотир қилиб юритилган мулоҳаза, эҳтиёткорлик; фикр- мулоҳаза; шарм-ҳаё, ор-номус, уят” маъноларида ишлатилар экан. Аммо...
Аммо давримизда андишанинг оҳори тўкилиб, кўп инсоний туйғулар қатори унга ҳам путур етганидан андиша ҳам андишага қилаётган бўлса не ажаб? Четдан оқиб келаётган ҳар турфа номақбулликларни ўзида жамлаган ғарбча маданият таъсирида дунёқараши шаклланган, ўзбеклиги “эсидан чиққан” айрим юртдошларимиз андиша сўзини мутлақо истеъмолдан чиқариб ташлаш таклифи билан чиқсалар ҳам энди ҳайрон қолмайман. Негаки, шўрлик андишани  изоҳли луғатларда учратмасак, энди оғзаки нутқимизда деярли ишлатмаяпмиз. Унинг меъёр-мезонларига амал ҳам қилмай қўйдик. Менимча, андиша сўзининг бошқа тилдаги таржимаси бўлмаса ҳам керак. Чунки, андиша ва ўзбек сўзларини айроча тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек бор жойда андиша бўлиши керак, андиша бор жойда ўзбек бўлади, деган қатъий тарбия асосида улғайган биз катталар ҳам болаларимиз юз-кўзидаги андишасизликка кўникканимиз етмаганидек, ўзимиз ҳам борган сари бундай юзи қаттиқликдан

Андиша қилмай қўйдик.

Ҳеч мулоҳаза қилганмисиз, фитратимиздан андишани ким ё нима қувяпти? Мулоҳаза қилишга вақт йўқ деяверинг. Ахир эрталабдан кечгача хорижий телеканалларда ҳам, ўзимизнинг телеканалларда ҳам хорижнинг “севги-вафо”, “ишқ-муҳаббат” ва севгиси учун курашувчанликни, севгилисига эришиш йўлида ҳар қандай разилликлардан қайтмасликни “тараннум” этадиган телесериаллар кўрсатилавергандан сериаллардаги ҳаётни реал ҳаётимизга кўчириш иштиёқига тушиб қолганмиз-да. Эътибор берган бўлсангиз айрим телеканалларда намойиш этилаётган Бразилия сериаллари очиқчасига беҳаёлик ва андишасизликни тарғиб қиляпти. Аёлнинг эрига хиёнати дейсизми, яқин дугоналарнинг бир-бирининг оиласини бузишми, инсон шаънини, қадр қимматини топташми, номуссизлик ва шармисорлик дейсизми бари барини Лотин Америкаси давлатлари томонидан суратга олинган бемаза сериалларда учратса бўлади.
— Хотиним сериал кўраверганидан ўзини сериал қаҳрамонларидек тутадиган бўлибди,-дейди бир дўстимиз ғашланиб.- Телефонимни титкилайдимией, юз-кўзимга шубҳа билан тикиладимией, ишдан қайтсам кийимларимни ҳидлайдимией... Жинни-пинни бўлганми бу хотин деб энсам қотиб юрсам, бир куни тап тортмай “дадаси, муносабатларимиз ҳақида гаплашиб олишимиз керак” деб қолса бўладими?! Асабим қўзиб шу бемаъни сериалларни телевизорда айлантираётган каналларни ҳам сўкиб юбордимей. Ҳар кимнинг дунёқараши ҳар хил, кимдир сериалларни эътиборсизларча, шунчаки кўзи тушаётгани учун кўради, кимдир берилиб, бутун дунёни унутиб кўради. Бизни хотин шу иккинчи турга кирадиганлардан. Энг ачинарлиси шу сериаллардаги ҳаётни ҳақиқий деб билади. Кечқурун бехосдан телефоним жиринглаб қолса изтироб билан гапларимни пойлайди, кечаси билан ухламай нималарнидир ўйлаб чиқади... Хаёлида томоша қилаётган сериалларидаги “дугона”ларининг эридай мени ҳам хиёнат устида қўлга олишни орзуласа керак, деб жаҳлим чиқади. Бу мантиқсиз сериаллардан қачон қутулар эканмиза?!..
Ҳа кимлар учундир кулгили ҳолат ва кулгили гаплар бўлиб туюлиши мумкин, аммо фаросатли, маънавиятли киши учун бу гаплар аччиқ ва куйгулик экани аниқ. Дунёқараши ҳаминқадар, маънавий олами ғариб одамга салбий ғоявий хуружларнинг таъсири осон кечади. Уззукун телевизор қаршисида михланиб сериал кўрадиган аёлнинг маънавий дунёси нечоғли эканини вақтини беҳудага сарфлаётганидан ҳам билса бўлади.
—    Хориж сериалларини қўя туринг, ўзимизнинг сериалларда ҳам тарғиб қилинаётган нарсаларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз,- дейди Тошкент шаҳрида яшовчи муштарийимиз Сабоҳат Аҳмедова.-  Қайси сериални кўрманг, оилада хотиннинг гапи гап, эрнинг фикри кейинги ўринда. Сериал ёки киноларимиздаги қаҳрамон эр хотинининг йўриғидан чиқолмаслигидан ор қилмайди. Қизларнинг севгиси йўлидаги курашувчанлиги-чи? Ота-онасига тик қараб шалақилики қилаётган қизлардан ёш қизчаларимиз аллақачон ўрнак олишни бошлаб юборишган. Менимча, сериал, кино, театр, қўшиқчилик кабиларга шунчаки томоша, кўнгил очар нарса деб қарамаслик керак. Санъат одамларни ўзига эргаштиради. Санъат орқали тарғиб қилиш, ташвиқ қилиш осон...
Ҳа, муштариймизнинг мулоҳазалари ўринли. Аммо таассуфки бугунга келиб санъат андишасизлик ва номуссизликни тарғиб қилишдан чарчамаяпти!

“Дада, мен уни севаман!”

Қайси куни ишдан бориб телевизорни ёқсам, “Клон” сериали бўляпти экан. Қаҳрамонларнинг суҳбатини кўриб бошимга оғриқ кирди. Ҳалиги Жади деганининг жазмани (севгани деса ғаши келади кишининг) Лукас қизига алланималарни гапираётган экан. Қиз қуриб кетгур ҳам кўзларини лўқ қилиб “Дада, ойим мени тушунишни истамаяпти, сиз тушунинг! Мен Шанди(менимча хушторининг исми шунақа бўлса керак)ни севаман! Ахир, сиз ҳам бундай туйғуларни бошдан кечиряпсиз-ку! Мени тушунишга ҳаракат қилинг, мен уни севаман!” деди сурбетларча. Астоғфурруллоҳ, дедим, астойдил, яхшиям ўзбек бўлиб туғилган эканман! Худо урганларнинг дадасига қайсидир хуштори билан муносабатини дастурхон қилиши, камига шармисорона муносабатларини тушунишини талаб қилишидан аянчли манзара бўлмаса керак! Инсон ор-номуси, шарму ҳаёси, ақлу фаросати ва албатта АНДИШАси билан ҳайвондан фарқланади. Майли, у сериал бутунлай бошқа ҳаёт, бошқа миллат, бошқа дин вакили,бошқача менталитетда тарбияланган одамларнинг яшаш тарзи, бизга ҳеч алоқаси йўқ, десангиз, адашасиз! Отасига хуштори билан муносабатларини уқтиришга уринаётган қизнинг ҳиссиётларини ҳаяжон билан кузатаётган ёшгина қиз, демак шундай қилса бўлар экан, одам (яна қиз бола!) севиб қолган кишиси ҳақида бемалол ота-онасига, айниқса отасига гапирса бўлаверар экан, деган хаёлга бормайдими? Боради! Эътирозга шошилманг, албатта ёшгина қизнинг беғубор тасаввури бунақанги лойқа сериалларнинг таъсирида хира тортиши бор гап.
—    Шу “Клон” сериалидек шармисор сериал бошқа ҳеч қачон суратга олинмасинда,- дейди Шайҳонтоҳур тумани, 39- умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт ўқитувчиси Манзура Раҳимова.- Кузата туриб, астоғфурруллоҳ, деб ёқангни ушлайсан,  киши. Сериал қаҳрамонлари ҳаммаси ахлоқи бузуқ, тавба қилдим, инсоний фазилатлардан йироқ кимсалар. Уни хотини билан буниси дон олишади, бунинг эри билан униси кўз сузишган... Телевидениеда бадиий кенгаш йўқми? Бўлса улар қаерга қарашяпти, ахир?!..
—    “Морена Клара” сериали биринчи марта  телевизорда қўйилган пайтларда  ўн беш- ўн олти ёшларда эдим,-дейди таниш ўқитувчи.- Сериал қаҳрамонларидан Линда Прадонинг сигарета чекишига, кийинишига роса ҳавас қилардим. Бир –икки марта  унга ҳавас қилиб яширинча дадамнинг сигареталаридан олиб чекиб кўрганман. Ўшанда катта бўлсам ўқишларга кираман, Линдага ўхшаб сигарета чекаман, деб орзу қилардим. Орадан ўн беш йилан зиёдроқ вақт ўтди, ўша пайтлардаги бемаъни орзуимни ўйласам хижолат чекаман. Шунинг учун ҳам қизчаларимга сериал томоша қилишни таъқиқлаганман. Ўсмирлик оламининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ қиз бу даврда у бошқаларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратгиси, ҳаммани қойил қолдиргиси келади. Бунақа пайтда бу ёмон иллат экан,бундай қилсам иснод экан, деган ўй ўсмирга бегона бўлади. Шунинг учун ҳам фарзандларга ўсмир пайтида ҳар доимгидан кўпроқ эътибор бериш, уларнинг қандай асарлар ўқиётгани, қандай мусиқани эшитиб қандай кинони томоша қилаётганини жиддий назорат остига олиш керак, деб ўйлайман. Акс ҳолда уларнинг дунёқараши ва маънавиятини салбий унсурлардан асролмай қолиш хавфи кўпроқ.

Дунёни ҳар ким ўз қаричида ўлчайди, дейишади. Қаричлар эса хилма хил. Кимнингдир қаричи катта, кимникидир кичик. Ҳаёт мактабидан ҳам ҳар ким ўзининг савияси ва ақлига яраша сабоқ олади. Кимдир нодоннинг хатосидан хулоса чиқарса, кимдир ўша хатога ўзи йўл қўйиб хулосага келади. Ўсмирларнинг дунёқараши ҳам, маънавий олами ҳам ёшига муносиб бўлади ва албатта оммавий ахборот воситалари орқали тақдим этиладиган ҳар нарсани мукаммал деб билади. Бунга шубҳа ё эътирозга ҳожат йўқ,фикримизча. Шундай экан, дадасига “муҳаббат”и (!) ҳақида тўлқинланиб гапираётган тенгдошини кўриб эртага ёшгина ўзбек қизи ҳам шу савдони ўз оиласида такрорламаслигига ким кафолат беради?..
Бу борада замондошнинг  фикри қандай?

Баҳор Турсунзода

Ҳурматимиз шуми, қуда?!

Азалий қадриятларимиз, расм-русум, урф-одатларимиз замирда инсоний муносабатлар, ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат ва қадр мужассам. Эътибор берилса, бир пайтлари элимизнинг ҳар бир урф-одати инсон учун, унинг бахти, хотиржамлиги, ва ҳузур-ҳаловати учун хизмат қилган. Бугунга келиб, удумларимнинг оҳори тўкилиб, асл моҳияти ўзгариб кетгани камдек, расм-русумлар одамлар учун эмас, одамлар расм-русумлар учун хизмат қиладиган бўлди. Лўнда қилиб айтганда, инсоний алоқалар орасидаги қариндош-уруғчилик, оғайни-жигарчилик ришталарининг мўртлашиб кетгани дилга оғриқ солса, қуда-андачилик муносабатларидаги дарз кўнгилни ғаш қилади. “Қудачилик- минг йилчилик”, деб  келинининг ота-онасидан тортиб, узоқ қариндошларини иззат қилган, бошида кўтарган, “Қизинг тушган маҳалланинг итига ҳам салом бер” деб, куёв томоннинг ҳурматини юксак қўйган кишиларнинг фарзандлари, бизнинг давримизда
“Қуда бўлдинг- жудо бўлдинг”
-    қабилида меҳр-оқибат ва андишани орқага отиб юбормоқдалар. Пировардида катталарнинг андишасизлиги боисидан ёш оилалар азият чекмоқда. Ёш келинчакнинг арзимаган хатоси, уқувсизлигидан  “куйган” куёв онаси – қайнона хоним зудлик билан қуда-қудағайни уйига чорлаши, қайнонанинг раислигида ўтказиладиган машваратда қизининг “айб”и учун ота-онаси бош эгиб туриши ҳақида кўп эшитяпмиз. Хўш, моҳиятан олинганда бу иш қанчалар тўғри?
—    Бу номаъқулчиликнинг мутлақо ёқламайман,-дейдилар Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Университет” маҳалласида истиқомат қилувчи фахрий ўқитувчи мухлисамиз Дилбар ая Умарова.- Мен ҳайронман, келиннинг овқатни шўр қилиб қўйгани, кийимларни тоза юволмагани ва ҳоказо камчилиги учун нега энди унинг ота-онаси жавоб бериши керак экан?! Қайнонанинг вазифаси нима унда? Келин бамисоли ёш ниҳол. Бошқа ердан ерингизга кўчат опкелиб ўтқизсангиз, у парваришсиз униб-ўсиб, мева бермаганидек, келинга ҳам парвариш, эътибор керак. Ҳар бир оиланинг ўз қонуниятлари, ўзига хос одатлари бор. Балким, сизнинг оила аъзоларингиз учун шўр бўлган овқат, бошқалар учун оби-тобида бўлиши мумкин. Келин қизлик уйида шу овқатни тайёрлаб ота-онасидан раҳмат олгандир. Умуман, қизининг камчилиги учун ота-онаси ҳисоб бериши қайси мантиққа тўғри келади? У бечораларнинг айби нима? Қизини дунёга келтириб, улғайтириб, тарбиялаб, айримлари ўқитиб юрак-бағридан юлиб узатганими? Шунинг учун куёв томоннинг қаршисида гуноҳкордай бошини эгиб, қизининг қайнона-қайнота ва ҳаттоки қайнбўйинларининг олдида тили қисиқ туриши керак экан-да?.. Кечириб қўйишсину, буларнинг бари маънавий қашшоқлик ва шарқона тарбиянинг инқирозидан нишона. Айрим пайтлар ўзим ҳам шундай ҳолатларга дуч келаман. Тўнғич келиним келин туширган. Икки гапнинг бирида келинчагининг уқувсизлигини айтиб зорланади. Айтиша, келини бирор юмушни келинимнинг кўнглидагидек бажармас эмиш. Унинг зорланишу шикоятларини индамай эшитиб турсам, қудағайни чақириб қизининг уқувсизлигини муҳокама қилмоқчи бўлиб турган экан. Шунча пайт қилмаган ишим, келинимнинг ёш келинчаклик пайтларини эсга олдим. Унга келин бўлиб тушган пайтлари оддий чой дамлашни, пиёз тўғрашни эплолмаслигини, ошхона ишларини астойдил ўзим ўргатганимни, ҳатто дам олиш кунлари кирларни ювиб-чайиб, дорга ёйиш учун қўлига тутқазтириб, атай қўшниларга келинни кир ювдиргандек, эпчил, уддабурро қилиб кўрсатганимни эслатгандим, ўзининг ишидан уялиб кетди. Менинг фикримча, қудаларни орасига низо тушмаслиги керак. Ўғил уйлантирган томон ҳар қандай ҳолатда ҳам келин томоннинг ҳурматини қилиши, оилавий муаммоларга келиннинг ота-онаси- қудаларни аралаштирмаслик мақсадга мувофиқ.
Ароқ солган совуқчилик
Тўйлар ва қуда-андаларнинг тўй мобайнидаги можаролари ҳақида кўп эшитганмиз,  қудалар билан боғлиқ машмашаларнинг гувоҳи бўлганмиз. Тўй бошида қудалар орасида туғилган зиддият оқибати ёш оилага салбий таъсир кўрсатиши ҳақида камдан кам  ота-оналар муоҳаза қиладилар. Шундай ҳолатга гувоҳ бўлгандик: Бухорода тўйнинг сарф-харажати, келинчакнинг сарпо-суруғи, дастурхон ноз-неъматлари куёв томоннинг бўйнида. Келин томон тўйдан аввал барча сарф-харажатларни куёв тарафга рўйхат қилиб беради. Хуллас, бир тўйда келин тарафнинг истаги тўла қондирилмаган экан, тўй куни қудалар жанжаллашиб қолишади. Арзимаган тўрт-бешта ароқ учун келиннинг отаси қуда бўлмишни ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтаришгача боради. Тўйдан олдин қудалар орасига тушган совуқчилик ёш оиланинг беш ойда парокандаликка учрашига сабаб бўлди. Хўш, ўша беш-олтита ароқсиз тўй ўтмасмиди? Биров келиб “мен фалончининг тўйида ароқ ичмадим” деб шикоят қилармиди?...
—    Бизнинг Бухоро томонларда келинларнинг қадр-қиймати баланд,- дейди бухоролик муштарийимиз Абдулло ака Муҳаммаджонов- Лекин ҳозир айрим қизининг бахтини мол-давлатда кўрадиган ота-оналарнинг ҳисобига бу урфларимизга ҳам яхшигина путур етмоқда. Бизда ҳам пойтахтликларга ҳавас қилиб ота-оналар қизининг ортидан ҳафта давомида ош-овқат юбориб, куёвига уй, машиналар совға қилиб, ҳар байрамларда қудаларга совға-саломлар жўнатиб ҳам ўзларини, ҳам қизларини беқадр қилишни бошлаб юборишган. Хўроз ҳамма жойда бир қичқиряпти ҳозир. Қудачилик муносабатларининг емирилаётгани ҳамманинг кўнглидаги оғриғу лекин ҳеч ким бунинг асл моҳиятига эътибор бермаяпти. Ҳар қандай ҳолатда, қудалар бир-бирини ҳурмат- иззатини ўрнига қўиши, бир-бирини қадрлаши шарт. Лекин куёв томоннинг келин тарафга алоҳида эҳтиром кўрсатиши ўзига хос аҳамиятга эга.
Куёв томонни қирқ кун боқсанг...
—    Қудалар олдида қадр-қийматинг бўладими?- деб оғринади андижонлик муштарйимиз Анвар Абдураҳмонов.- Бизнинг Андижонда , умуман водий шаҳарларида қиз чиқариш мушкулдан мушкул савдо. Тўйнинг сарф-харажати, қизнинг сарпо-суруғи етмагандек, узатилган қизнинг ортидан қирқ кун “мазар”- ош-овқат, тансиқ егуликлар юбориш шарт. Биров бировдан кам бўлмасликка тиришади. Ҳатто қайнона-қайноталар, ўзини эркак санаган куёв ҳам қиз томондан келган тугунга кўз тикиб кун ўтказади. Қизи фарзандли бўлса ҳам ота-онага жабр, чақалоқни ақиқаси, сарпо-суруғи, қизи билан неварасини қирқ кун уйида сақлаш, бешик тўйи... Бизда қудачилик муносабатлари мутлақо одамийлик ҳисларига тўғри келмайди...
Келин томонга қудаларнинг иззат-икром кўрсатиши албатта ўша келинчакнинг юзи, унга кўрсатилаётган ҳурмат белгиси. Аксар ҳолларда қиз томоннинг куёвнинг яқинларига бош эгиб туриши ўғил уйлаган хонадон вакилларини ўзларини устун тутишларига сабаб бўлармикан, деб ўйланади киши. Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан қиз узатган ота-она куёв хонадонини ва ҳатто қариндош-уруғларини ҳам “оталиқ”қа олиши шарт. Тўй жараёнида куёв томон билан баб-баравар, баъзи ҳолларда ундан ҳам зиёд сарф-харажат қилган келин  томон, тўйдан сўнг ҳали овқат ташиб, ҳали йўқлову совға-салом қилиб қудаларга “ҳиммат”ли эканини кўрсатиш билан қизини беқадр қилади. Бир пайтлари воҳа аҳли бу шўришлардан фориғ эдилар. Аммо дабдабаю сохта обрў илинжидаги кишилар кашф қилган янгича урф-одатларнинг самараси ўлароқ, воҳаликларда ҳам келиннинг мол дунёсига қизиқиш кучайгани кўнгилни ғаш қилади.
“Ҳозир ҳамма шундай қиляпти”
—    Сиз айтаётган нарсаларга хотинларнинг нокерак, ортиқча харажат ва бош оғриғига сабаб бўладиган “орзу-ҳасавлар”и таъсир ўтказяпти, -дейди қашқадарёлик юртдошимиз Бахтиёр Зокиров.- “Шу харажатнинг нима кераги бор, камхаржроқ қила қолсак-чи” десангиз нақ ўн кун гапиравериб қулоқ миянгизни қўлингизга олиб беради. Топиб олган гаплари “Ҳозир ҳамма шундай қиляпти!” Барака топгур, ҳамма билан нима ишинг бор, кўрпангга қараб оёқ узатсанг-чи, десангиз нақ балога қоласиз. Хотинларнинг дастурхонию “бор товоғим, кел товоғим”и қудалар орасига раҳна солади. Менимча, асосий сабаб шу. Қолаверса, одамларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ҳозир ака-ука, опа-сингилларнинг меҳр-оқибати кўнгилдагидек эмасу, қудалардан нима кутасиз?..   
Бугун шапалоқдек мулоҳазаларимиз иншосида одамлар орасидаги бу иллатнинг туб моҳиятию сабабларини очиб беролмаган бўлишимиз мумкин. Аммо айтиш жоизки, қудачилик муносабатлари азал-азалдан ўзбек халқининг фахрига айланган  қадриятлар сирасига киради. Ахир, икки қуданинг меҳнати, машаққати, муҳаббати самарасида янги оила бунёд бўлади, яшнайди. Халқимиз эса оилани муқаддас билади. Оила манфаати ҳар қандай манфаатдан устун туради. Ана шу ҳақиқатни англаганлар ҳар қандай ҳолатда қудачилик муносабатларига дарз кеткизмасликка ҳаракат қиладилар.

Умида АЗИЗ

Келин ўғирлаш – ҳалокатли анъана

Қирғизистонда (Қозоғистонда ҳам) келин ўғирлаш жуда эски анъана ҳисобланади. Охирги йилларда рўй бераётган ўғирлашлар эса, ушбу ҳодисанинг тарқалиши жорий иқтисодий ёки сиёсий конюктура билан боғлиқ тарзда юзага келишини таъкидламоқда.

Жайнагул ўзининг икки ойлик чақалоғини уйғотиб юбормаслик учун ҳар куни эрталаб 5га яқин секин ўз ўрнини тарк этади. Ошхонада учқун ва электр токининг овози пайдо бўлади. Чунки электр плитани қизитиш учун девордан осилиб тушган "ялонғоч" кабелдан фойдаланилади. Жайнагул яқиндагина тайёрланган хамир бўлагини олиб, алюмин кастрюлга солади ва уни конфоркага қўяди.

Жайнагул 15 дона нон тайёрлайди. Нон тайёр бўлгач, уларни полиэтилен пакетларга тартиб билан жойлаштиради. Қизини иссиқроқ кийинтириб, қўлига кўтарганича уйдан чиқади. Талас аҳолиси 35 минг кишидан иборат Қирғизистоннинг ғарбида жойлашган кичикроқ шаҳарча. Жайнагулнинг уйи бозорчадан пиёда 5 дақиқалик йўл. Бозордаги икки дўкон у тайёрлаган нонни сотиб олади. Кечқурунга у пулларни олиб кетади. Бу кунига икки еврони ташкил этади.

Ижтимоий ночорлик билан кураш

Бу 19 яшар аёлнинг арзимаган пул топиши. Ўз уй-жойига эгалигини, гарчи ошхона ойнаси синган ва квартирасида иссиқ сув ёки иситиш тизими бўлмаса-да, кичик бир муваффақият дейиш мумкин. Аммо ўз оиласи учун Жайнагул қулаган аёл ҳисобланади. Унинг келажаги йўқ. У ўз турмуш ўртоғига буйсунмаган аёл.

Жайнагул 16 ёшга тўлганда, уни нотаниш одам ўғирлади ва шу куниёқ ниқохга ўтишга мажбур қилди. Мулла келиб уларни никоҳини ўқиди. Мажбурий никоҳни тўхтатиш учун Жайнагул ўзида куч топа олмади. "Мен бу одам билан яшашни хоҳламадим", - дейди у, Лекин қариндошларим: "Сен ҳақингда қайғурадиган бошқа одам йўқ. Қолишдан бошқа иложинг ҳам йўқ", - дейишди.

Жайнагул Қирғизистонда анъанавий давом этиб келаётган келин ўғирлашнинг қурбони бўлди. Қирғизлар буни "Ала качуу", сўзма-сўз айтганда, "қизни ушлаш ва қочиш" деб аташади. Бу одат ҳозирги Қирғизистон ҳудудида яшаган кўчманчи халқлар орасида пайдо бўлган. Аёллар ўша пайтда қабилалараро ёки уруш даврида "товар" сифатида айирбошлаш учун фойдаланилган. Ислом уйғониши жараёнини бошдан кечираётган бу ерларда бундай ўғирлашлар учун жазо чоралари қўлланилмайди.

Ислом ва қирғиз қонунчилиги

Қирғизистондаги дин намоёндалари бир неча бор мусулмонлар ўртасида никоҳ ўзаро розилик асосида бўлишини таъкидлашган. Афсуски амалиётда шариат талаблари бўйича никоҳни ўқиётган мулла келин билан куёвдан, улар бир-бирини ёқтирадими-йўқми сўраб ўтирмайди.

Талас шаҳридаги «Маана» инқироз марказининг директори Наргиза Сарталиева мана шундай муаммолар гирдобида қолган ёш аёлларга ёрдам беришга ҳаракат килади. "Биз қизларга уларнинг хақ-ҳуқуқлари тўғрисида, шунингдек, бундай ҳолларда ўзларини қандай тутишлари лозимлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Қирғизистонда келин ўғирлаш ноқонуний ҳисобланади. Қирғизистон Жиноий кодексининг 155-моддаси бўйича, келин ўғирлаганлик ва уларни турмуш қуришга мажбурлаганлик учун 5 йил муддатгача қамоқ жазосини олиш мумкин. Муаммо шундаки, келин ўғирланганлиги тўғрисида ҳеч качон ҳеч кимга хабар берилмайди.

Қизларни ёшлик чоғлариданоқ, катталарга итоат қилишга ўргатишади. Бу уларни ўғирлаш ва мажбуран турмушга беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Қизга куёвнинг қариндошлари томонидан ҳам катта босим ўтказилади, деб тушунтиради Сарталиева. "Анъанага кўра, ёшларни кутиб олишда, остонага нон ва туз қўйилади ёки ёши ўтган бувилар остонага ётиб олишади. Қизларга "Остонадан чиқсанг, бутун умр бахтсиз бўлиб қоласан", - дейишади. Кўплаб қизлар бу қарашларга қарши чиқишга албатта, ўзида куч топа олмайди. Айрим вақтларда қизнинг ўз оиласи ҳам эри билан қолишга мажбур қилади.

Пухта ўйланган тактика

Жайнагул ҳам ўз оиласидан мадад ололмади. Унинг ота-онаси ёшлик чоғида вафот этишган бўлиб, қизни тарбиялаган холаси қизни ўғирлашганидан хурсанд бўлди. Чунки қиз учун бутун маъсулият унинг бўйнидан соқит бўлиб, янги оиласи зиммасига ўтганди. Наргиза Сарталиеванинг фикрича, Жайнагулдаги ҳолат кўплаб қизлар учун одатий ҳисобланади. "Келин ўғирлашни кўзлаётган ёшлар камбағал оилада ўсган қизлар ўғирланса, улар ўзларини ҳимоя қила олмаслигини, молиявий муаммолари туфайли албатта куёвникида қолишини яхши билишади".

Қирғизистондаги мураккаб иқтисодий ҳолат сабабли, аёлларда фақат бир йўл – уларни боқа оладиган ҳар қандай эркакга турмушга чиқишга мажбур бўлишади. Қўшни Тожикистон сингари, Қирғизистон ҳам собиқ совет республикалари ичида энг қашшоқ мамлакатлардан бири саналади. Камбағаллик, собиқ Иттифоқнинг қулаши ва мавжуд сиёсий нобарқарорлик - ўғирлаб кетилган ва мажбуран никоҳга кираётган аёллар сонининг ошишига олиб келмоқда. Ўз иш ўринларини йўқотган эркакларга аёллар устидан ҳукм ўтказиш ҳозирча улар эга бўлган ягона ҳукм ўтказиш шакли бўлиб қолмоқда.

Иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар

Келин ўғирлаш охирги йиллардаги рўй бераётган иқтисодий тангликлар қирғиз жамиятига бевосита салбий таъсирини кўрсатиб берувчи омиллардан бири бўлди. Келинл ўғирлаш айниқса, қишлоқ жойларида турмуш қуришнинг одатий шакли бўлиб қолмоқда. Кишиларнинг илмлилик даражаси қанча паст бўлса, улар бу ҳолатга шунчалик кам даражада танқидий муносабатда бўладилар.

Йилдиз Яманбаева ҳозир 62 ёшда. Бишкек шаҳридаги ўқиши даврида танишиб, турмуш қурган эридан 4 нафар фарзанди бор. Улар севишиб турмуш қуришган, у буни ўз фарзандларига ҳам раво кўради. Агар жуфтлик бир-бирини ёқтириб турмуш қурса, кейинчалик пайдо бўладиган муаммоларни осонлик билан енгиш мумкин. Аммо унинг тўнғич қизи Салтанат бошқача фикрда.

Салтанат ҳозир 27 ёшда. У шу вақтгача икки марта ўғирланган. "Биринчи эрим менга ёқмас эди", - эслайди у. "Мен ундан қочиб кетдим". Икки йил аввал дугонаси кафеда овқатланишга таклиф этди. Кун охирига келиб, Салтанат эндигина танишиб улгурган бўлажак эрининг уйида эди. Маълум бўлишича, Салтанатни ўғирлаш учун у кафеда "танишув"ни ташкиллаштирган экан. Бу сафар Салтанат қолишга қарор қилди. "Охир-оқибат, мен 25 ёшга тўлдим, қўрқдимки, бундан кейин менга биров уйланмайдими", - деб сўзлайди у.

Онаси Йилдиз бу қарорга анчагача кўниколмади. Лекин Салтанат хурсанд ва ҳозирда қизчасини тарбияси билан машғул. У ўз танлови тўғрилигидан шубҳаланмайди. Йилдиз эса "Салтанат ҳам ўз қизи билан шундай ҳолат содир бўлса, албатта келин ўғирлашга қарши бўлишига" ишонади.

Уйдаги зулмлар

Наргиза Сарталиеванинг сўзларига кўра, кўплаб қизлар оиладаги зўравонликлар қурбони бўлишади. Мана шундай зулм кўрганлардан бири Жайнагулдир. У ўғил туғди. Хонадонда бирга яшаётган қайнонаси ва қайинсинглиси унга қул сингари муносабатда бўлишарди. Оиладаги ҳамма ичар, уни доимо калтаклашарди. Йил бошидан қиз фарзанди дунёга келгач, унга янада ёмонроқ муносатда бўлишди. "Эримнинг айтишича, мен ёмон хотин эканман. Улар ўғлимни тортиб олишди, мени эса уйдан ҳайдашди", - эслайди у. Жайнагул қизи билан қолди, эрининг оиласи эса унга ўғлини беришдан бош тортишди.
Ижарага олинган кичкинагина квартира ҳақини узоқ қариндошлардан бири тўлаб келмоқда. У Наргиза Сарталиевадан ҳам ёрдам олди, бундан ташқари, озроқ пул топиш учун нон ёпиш таклифи ҳам ундан чиқди. Жайнагул энди нима бўлишини билмайди. У бир нарсани, ўзи ва кичкина қизи ҳақида қайғурадиган ҳамда уларга яхши муносабатда бўладиган турмуш ўртоғига дуч келишни хоҳлайди.

Эдда Шлягер матни
Манба: www.qantara.de
Ботирхўжа Жўраев тайёрлади.

Одамийлик кўрки ёхуд саломлашиш хусусида

Атрофдаги кишиларга мутлақо эътибор бермай, ўзларининг бачкана қилиқларидан уялмай бир-бирини чўлп-чўлп ўпаётган кишиларни кўп кўрганмиз. Қизиқ, халқимизнинг урф-одатларида бундай саломлашиш тарзи аввалдан бормиди ёки маданий савияси кундан-кунга "ортиб" бораётган айрим замондошларимизнинг ўзлари бу одатни "кашф" этишдими? Бу саволлар кишини ўйлашга мажбур этади. Айни масалада мулоҳаза юритган сайин саломлашиш билан боғлиқ нохуш ҳаракатлар бирин-кетин бўй кўрсата бошлайди. Буни қарангки, саломлашиш фақат ўпишишдан иборат эмас экан...

Саломлашиш дунёдаги деярли барча халқларга хос одат, саломлашмайдиган халқ йўқ ҳисоби. Салом турли тилларда турлича талаффуз қилинади. Масалан, мусулмон аҳли учун "ассалому алайкум" (сизга тинчлик тилайман) ибораси саломлашиш ифодаси ҳисобланса, ҳиндларда "намасте" (бош омон бўлса, ҳамиша биргамиз), хитойликларда "чифан-ля-ма" (сен бугун овқатландингми?), французларда "бонжур" (хайрли кун тилайман), инглизларда "гуд монинг" (хайрли кун тилайман), русларда "здраствуй" (саломатлик тилайман), италянларда "Чао" (яхшимисиз), дея саломлашилади.

Агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу саломлашувларнинг барчаси мазмунан ҳил сўрашиш, яхши тилак тилашни англатади. Демак-ки, саломлашиш эзгу одатлар сирасидандир. Саломлашишнинг сўз орқали ифодаланмайдиган усуллари ҳам учрайди. Масалан, баъзи бир халқларда имо-ишоралар орқали ҳам салом берилади. Хусусан, афғонларнинг ўнг қўлини пешонасига текизиб, таъзим қилишини, айрим оврўпаликларнинг бош кийимини ечиб, қайта кийишини, тибетликларнинг бир-бирига тилини чиқариб тиржайиб қўйиши-ю бош ирғаб қўйишларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Саломлашиш фақат ҳол-аҳвол сўрашишни эмас, балки кишиларнинг психологиясини ҳам акс эттиради. Эътибор берганмисиз, кимдир қўл учида, яна кимдир қўш-қўллаб, бошқаси эса қўлни қоринга қўйиб саломлашади. Бундай кўришишларнинг яна кўплаб "йўл-йўриқ"ларини келтириб ўтиш мумкин. Албатта, қўл учида кўришган кишининг ўзига бино қўйганини пайқаш қийин эмас, зеро, унинг бу ҳаракати кўришаётган биродарини ўзича менсимаётганини билдирса, қўш-қўллаб кўришаётган одамнинг хатти-ҳаракатларидан сўрашаётган кишини қаттиқ ҳурмат қилишини англаб оламиз.

Энди саломлашишда талаффузнинг ўрни ҳақида мулоҳаза қилиб кўрайлик.

"Ассом алайкум"ми, "ассалому алайкум"?

Ўзбек халқи, умуман, мусулмон олами учун беш вақтли ибодатдан ташқари, саломлашиш ҳам умумий бўлиб, бир хил - "ассалому алайкум" калимасидан иборатлигини ҳар бир киши яхши билади. Бу арабча калима "сизга тинчлик тилайман", деган маънони англатади. Аммо уни ҳар ким ҳар хил тарзда талаффуз қилади. Масалан: ассалом, саломалайкум, салом, ассом алайкум ва ҳоказо. Ассалом, салом, саломалайкум деганда сўзлар талафузига бироз путур етказса-да, асосий маъно бузилмайди. Аммо "ассом алайкум" деганда саломлашишнинг туб маъносига зид мазмун юзага келади. Яъни "ассом алайкум" сўзи "сизга ҳалокат тилайман" деган маънони ифодалаб, ёмон ният ёки қарғиш маъносини касб этади. Демак, баъзи ёшларимиз томонидан талаффуз этилаётган бундай саломлашиш салбий мазмунга эгалигини уларга тушунтириш фойдадан холи эмас.

Урва (ибн аз-Зубайр) Оиша онамиздан бундай деб эшитган эрканлар: "Бир тўда яҳудийлар Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириб келиб: "Ассому алайка!" - деб айтишди. Мен уларнинг гапини дарҳол фаҳмлаб: "Алайкумумс-сому вал-лаъна!" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ошиқмағил, ё Оиша, Оллоҳ таоло барча ишларда мулойимликни хуш кўрғайдир!" - дедилар. Мен: "Ё Расулуллоҳ, уларнинг нима деганини эшитмадингизми?" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ва алайкум, деб айтдим-ку!" - дедилар. ("Ассому алайка!" - "Сенга ўлим!" дегани).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бундай деб ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам: "Башарти яҳудийлар сизга салом берсаю, улардан бири: "Ассому алайка!" -деб қолса, сиз ҳам: "Ва алайка!" - деб алик олингиз!" - дедилар".

Анас ибн Молик разияллоҳу  ривоят қиладилар: "Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аҳл ул-китоб сизга салом берса, "Ва алайкум!" - деб алик олингиз!" - дедилар". (Ал жоме ас саҳиҳ. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий 22-боб.)

Зийрак ўқувчи бу ҳадиснинг маъносини илғаб илган бўлса керак. Шундай экан, саломлашганда талаффузнинг тўғрилигига аҳамият бериш зарур.

Қўл бериб сўрашиш қоидалари

Оғзаки сўз орқали ифодаланган саломлашишдан сўнг аксарият кишилар қўл бериб кўришишади. Қўл бериб кўришиш одамлар орасида ибтидоий даврда даврдаёқ одат тусига кирган ва ҳозирда халқаро саломлашишнинг расмий шакли ҳисобланади. Қўл бериб сўрашишнинг пайдо бўлишини этнограф ва археологлар қуйидагича изоҳлашади. Ибтидоий одамлар бир-бирига дуч келганда, "Мен сени ўлдирмоқчи эмасман, қара, қўлимда тош йўқ" деган маънода бир-бирларининг қўлларини ушлаб қўйишаркан. Демак, қўл бериб саломлашиш жуда қадимдан қолган ва дунё аҳлига хос одатга айланиб кетган.

Аммо динимиз ҳамда миллатимиз турмушида аёллар билан эркакларнинг қўл бериб кўришишлари удумга айланмаган. Бироқ собиқ иттифоқ даврида "эркаклар ва аёлларнинг тенглиги" шиори остида айрим удумлар унутилди ва айрим одатлар пайдо бўлди -жинсидан қатъи назар, қўл бериб кўришиш урфга айлана борди.

Асрлар оша инсонларни ҳидоят сари етаклаган муқаддас динимиз ва шариатимиз эркак билан аёлнинг қўл бериб сўрашишини инкор этади. Бироқ эркак билан эркак кишининг қўл бериб кўришиши ман этилмаган, аёлларнинг ҳам бир-бири билан қўл бериб сўрашиши жоиз амаллар сирасига киради. Қўл бериб, сўрашишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, бу қоидалар зиёли аждодларимиз томонидан тартибга солинган инсон ахлоқининг энг олий намунасидир.

Ҳеч қачон ёши кичик йигит ёки бола ўзидан каттага салом берганда биринчи бўлиб қўл узатмайди. Албатта, бу қоидада ҳам ўзига хос ҳикмат мавжуд. Яъни ёш йигит ўзидан каттага қўл узатса-ю аммо ёши улуғ киши қўл беришни лозим топмаса ёхуд кексалиги сабаб қўл узатишга ҳаялласа бундай ҳолда ноқулай вазият содир бўлади. Демак, қўл бериб сўрашишда ҳам ўзига хос меъёрларга эътибор бериш лозим.

Булар қуйидагилар:

-эркак киши билан эркак киши қўл бериб сўрашганда аввал ёши улуғи қўл узатади. Агар ёши улуғи қўл узатмаса ёши кичиги қўл узатишдан тийилиб туради.

-аёллар ҳам ўз тоифаси билан қўл бериб сўрашишлари мумкин.

-бегона эркаклар билан аёлларнинг қўл бериб сўрашишлари ножоиздир.

Хунук қилиқлар

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларига доир хроника лавҳаларини кузатган бўлсангиз, собиқ иттифоқнинг юқори лавозимдаги корчалонлари бир-бирлари билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришишганига кўзингиз тушгандир. Бу қилиқ ўша давр одамлари учун оддий ҳол бўлиб, раҳбарлар, партия ташкилотларида одат тусини олган экан. "Олган экан", деб ўтган замон феълида ёзаётганимизнинг боиси шундаки, бизнинг ўзимиз ҳам у замонни ва ўша одатларни кўрмаганмиз. Юқорида ёзганларимиз эса, собиқ тузумни кўрган, унинг одатларию анъаналаридан яхши хабардор бўлган кексаларимиздан эшитганларимиз. Уларнинг айтишларича, ошкоралик даврига келиб раҳбарларнинг бу тарзда кўришишлари "партийная эротика" деган тамға отида танқидга учраган экан. Чунки бу ҳолдан чет элликлар кулган, аслида ҳам бу ғайриахлоқий ҳаракат саломлашиш одоби доирасидан чиқиб кетган иллат эди.

Аммо ўпишиб кўришиш касали шу билан барҳам топгани йўқ, балки у жамиятда ўхшамаган бир ортиқча, хунук қилиқ сифатида ҳануз учраб туради. Кўча-кўйда, жамоат жойларида бир-бирлари билан ўпишиб кўришаётганларга кўзингиз тушгандир. Тўғри, уларнинг аксарият қисми овропаликлар, аммо улар орасида миллатимиз вакиллари ҳам учрайди.

Умуман олганда, эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг ёхуд икки жинснинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишлари миллатимиз маънавиятига тўғри келмаслиги ҳач кимга сир бўлмаса керак. Лекин бу ҳолнинг кундан-кунга кенг тарқалаётганини афсус билан таъкидлашдан бошқа илож йўқ. Динимизда эркак билан эркакнинг ўпишиши макруҳ ҳисобланади.

Уламолар узоқ сафардан келган эр кишиларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишларини дуруст санайди. Бироқ ҳар куни бир-бирини кўриб турувчи йигитларнинг бир-бири билан ўпишиб кўришишларини қандай тушуниш мумкин?

Ёшларимиз ўзларича фазилат санаётган бу ҳолатнинг на этика, на гигиена қоидаларига тўғри келмайдиган иллат эканлигини билишармикан?

Хулоса

Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати, анъаналари, маросимлари бор. Буларнинг барчаси турли халқлар томонидан яратилган ноёб маданият аа ахлоқ дурдоналари, дейиш мумкин. Бироқ замон ва турли даврлар ҳамда турли тузумлар туфайли бу одат ва анъаналар бир-бирлари билан қоришиб кетган вақтлар ҳам бўлган.

Бугун, айниқса, ёшларимиз орасида кўп кузатилаётган ўпишиб кўришиш одатини Европа маданиятига хос ва қисман собиқ тузум сарқити, деб қарасак нотўғри бўлмаса керак. Бундан ташқари, саломлашиш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам борки, буни билиш ҳар бир маданиятли, эсли-ҳушли кишининг бурчи ҳисобланади. Бундай ҳолат овқатланаётган одамларга нисбатан ва улфатларнинг суҳбати қизиб турган, жамоат жойларга кеч қолган киши, ёши улуғ одам ва эркак киши томонидан саломга қўл чўзилмаган ҳолатга тааллуқли.

Фалсафа фанлари номзоди Карим Маҳмудов, ўзининг "Меҳмоннома" номли китобидаги кириш сўзида "Саломлашиш, сўрашиш, кўришиш инсонга хос бўлган ажойиб фазилат, одамийликнинг кўрки, асрлар давомида таркиб топган ва кишиларнинг ўзаро алоқаларидаги тамойилларни ҳамда ахлоқий қиёфаларидаги меъёрларни ифодалайдиган белги ҳисобланади", деб ёзади.

Демак, ҳар биримиз одамийлик кўркига муносиб бўлмоғимиз, уни турли ёт қилиқлар билан аралаштириб хира торттирмаслигимиз лозим.

Абдулҳамид Мухторов

Ҳозир сайтимизда 204 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ