1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Тўйдан олдинги суриштирув керак...ми?

Инсонга оиладан бахт топиш тақдир қилинган. Одам боласи ёлғизликда саодат топа олмайди. Кишиларнинг топишиб оила қуришлари, жуфт бўлиб яшашлари учун ён-атрофидагиларнинг ҳам бевосита кўмаклари шарт бўлади. Бундай ёрдамчиларни – совчилар деб атаймиз. Ёшларнинг бир-бирига боғланиб, яқин муносабат ўрнатишлари умуман ёш оиланинг келажаги совчиларнинг нечоғили масъулият ва оқиллик билан иш юритишларига боғлиқ. Совчиларнинг иши эса ҳаммага маълум: Ўғил уйлантирмоқчи бўлган хонадон томонидан танланган қизникига бориб, қиз ва унинг яқинларининг рози-ризолигини олиш, умуман олганда ҳар хил дунёқараш ва  тартиб қоидали оила кишилари ўртасида дипломатик муносабатларни аъло даражада уддалашдан иборат бўлади. Шундай қилиб, совчиларга юклатилган вазифа уддаланди. Яъни бўлажак келин томон нариги тараф билан қуда – анда тутинишга рози бўлди. Энди навбат тўйга!... эмас, ҳали бироз шошилмай турганингиз маъқул. Қадимдан ўзбегимиз ўғил уйлайдиган ё қиз узатиш ҳаракатига тушса, бўлажак келин-куёвларнинг етти пушти сўраб-суриштирган. Бу азалий одатимизга парво қилмай ўғил уйлантириш ёки қиз узатиш мумкин эмас. Акс ҳолда охири яхшиликка олиб келмаслиги тайин. Ахир, доно элимиз бекорга  оила қуришни

Умр савдоси

—    демайди-да! Кексаларимиз турмуш қуришдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани бежизга эмас. Жумладан тўйдан аввалги суриштирув ишлари ҳам  икки ёшнинг бахтли, тотув ва саодатманд ҳаёт қуришлари учун хизмат қилиши керак. Қолаверса, турмуш қураётган ёшлар ва уларнинг бошини қовуштириш тарадуддидаги катталар муносиб жуфт билан оила қуришга  чуқурроқ аҳамият қаратишлари шарт. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу аснода билан оила қуришдан кўзланган софлик, кўнгил яқинлик, бахт-саодат ва хотиржамлик эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ  ва ҳуснухулққа биринчи ўринда эътибор бериш керак.
Юқорида никоҳ ва оила қуриш умр савдоси эканини алоҳида таъкидладик. Икки инсонни бир умрга боғлайдиган ришта. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади. Жумладан, инсоннинг феъл-атвори, фитратидаги ҳар бир хусусият фарзандига ўтади. Башарти,  киши мол-дунё ёки ташқи ҳуснга учиб, одоб-ахлоқида, дини, тарбияси ё соғлигида нуқсони бўлган одам билан турмуш қурса, бу унинг жамиятда жисман ёки маънан кемтикларни кўпайтиришга  қўшган “ҳисса”си бўлади.
Умр савдосининг савдоси ҳар қандай оқилу донони бармоқ тишлатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Бироқ, томонларнинг бир-бирини сўраб- суриштиришлари айрим ҳолларда зиддиятларга, ҳатто катта жанжалларга ҳам айланиб кетади. Тўйдан олдинги суриштирувларда  қўни-қўшни, таниш-билишларнинг сўралаётган томоннинг ютуғию камчиликлари ҳақида рост гапиришлари нечоғли тўғри?
1- Воқеа: Узатилган  қизнинг турмуши уч ойда бузилди. Куёв томон келинчакнинг очиқ-сочиқ кийинишини, уй юмушларини эплолмаслигини ажрашишга сабаб қилишса, келин томон куёвнинг ота-онаси, насл-насаби уларга номуносиблигини рўкач қилишди. Айб ошдамиди, мошдамиди ҳеч ким билолмадию, аммо бир оила бузилиб кетди.
Изоҳ: Келин тушираётган хонадон келинликка танлаган қизини тўйдан аввал обдон суриштирганида, кийиниши, тарбияси ва феъл-атвори ҳақида маълумот йиққанида, балки, фарзандининг турмуши бузилмасди, биринчи бахтидан айрилмасди ва тўй харажатларига куйиб қолмасмиди. Қиз узатаётган хонадон ҳам, ўз ўрнида остонасига  харидор бўлиб келган кишиларнинг насл-насаби,  кимлиги, феъл –атвори ва туриш-турмуши ҳақида сўраб суриштирганида, қизи “эрдан чиқиб келган” деган номни кўтариб юрмасмиди...
Мулоҳаза: Катталарнинг ҳаётий тажрибаси ёшларникидан бир неча баробар фарқ қилади. Шундай экан, ёш келинчакнинг камчиликларини тузатса, уни оиланинг ўзига хос қонун-қоидаларига ўргатса бўларди. “Калта юбка  кияди”, “Рўзғор ишларини эплолмайди”, “Насли тоза эмас экан” каби майда-чуйда гап-сўзлар билан ёш оилани бузиб юбориш оқил кишиларнинг иши эмас.
2-Воқеа: Тўйдан уч кун ўтиб янги келинлик хонадонга бир жувон боласини етаклаб келди. Айтишича, янги уйланган куёв унинг фуқаролик эри экан. Улар уч йилдан бери бирга яшашар экан ва бу хуфёна турмушларида бир фарзанди ҳам бор экан. Келинчак жанжал кўтариб, отасиникига қайтмоқчи бўлди.Уйдагиларга қўнғироқ қилиб, бор гапни гапириб берди. Куёвнинг ота-онаси келинчакни тинчлантириб, у хотиннинг ўғлида ҳеч қандай ҳаққи йўқлигини, кўчадаги жазмандан ўғлига ҳеч қандай зарурат йўқлигини айтишди. Аммо бу билан куёвнинг фуқаролик хотини тинчиб кетмади. Келинчакнинг бу тарздаги уруш-жанжалларга сабри фақат бир йил етди, холос. Қизнинг ота-онаси, “онаси яхши инсонга ўхшаганди, шунинг учун ҳам биринчи келишдаёқ нон синдиргандик” дейишяпти Эри кўчадаги хотинидан воз кечолмагач, келинчак чақалоғини бағрига босиб келинлик уйини тарк этди...
Изоҳ: Воқеа қаҳрамонига ўхшаган енгилтак йигитлар жамиятга никоҳсиз туғилган, ота-она тарбиясини олмаган болаларни кўпайтиришяпти. Бу орада икки аёл, икки бола сарсон-саргардон. Ҳолатнинг бош айбдори- нафсоний истакларини жиловлай олмаган, ўзини идора этолмаган ва ахлоқан нопок  эркак! Унинг хатоси оқибатида бир нечта одам азият чекяпти.
Мулоҳаза: Воқеа холисан таҳлил қилинганда, қизнинг ота-онаси айбдор. Нега ота-она қизига совчи қўяётган  кишиларнинг кимлигини сўраб-суриштирмайди?  Файласуфлар инсоннинг суратига эмас, сийратига эътибор беришни, инсон кийган кийимларни ҳайвон  кийса ҳам хушсурат махлуққа айланишини таъкидлаган. Қиз узатаётган ота-она куёвнинг юриш-туриши, феъл-атвори, ота-онаси, оиласидаги маънавий муҳит хусусида етарлича маълумотга эга бўлиши шарт. Нега улар остонасига биринчи марта келган кишига ишониб қизларини узатиб юбораверишади?..

“Ҳақиқатни айтгани бошига бало бўлди”

Қўшнимиз бошқа тумандан келин туширадиган бўлибди,- дейди ҳамкасбларимиздан бири.- Ўғли сал нобопроқ феълли- киссовур эди. Шунинг учун ҳам яқин атрофдан ҳеч ким қизини бермай, узоқдан келин қилаётганди. Хуллас, ўша қўшнимнинг ўғлини суриштириб келишганида, қўшнилардан бири йигитнинг киссовурлигини, бу қўни-қўшни, маҳалладошлар оғзига тушганини айтибди. Тўй бўлиб ўтиб, келин тушгач қуда томон  яъни қиз тараф ўзини куёв томонга яхши кўрсатгиси келибди чоғи, “фалон томондаги қўшнингиз куёвни киссовур  деганди” деб чақиб берибди. Қўшнилар орасида кўз кўриб қулоқ эшитмаган жанжал чиққанди ўзи ҳам. Одамларга ростини айтсанг ҳам балога қолар экансан...

Хайрли йўлда ёлғон ишлатинг!

Бухоролик муштарийимиз, фахрий ўқитувчи Нозила ая Пўлатова эса айни мавзуда шундай дейдилар:
—    Тўйдан олдин келин ёки куёвни суриштириш жараёни оддий, жўн масала эмас! Бу фавқулодда ва ўта муҳим омил. Бу борада фақат ақл билан иш кўрилмаса, сўровчига маълумот  етказаётган  киши гуноҳга ботиб қолиши ёки ёлғончи бўлиши ё бўлмаса, хайрли ишга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Дейлик, қўшнимизнинг ўғли учига чиққан безори, текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб, ҳамманинг дийдасидан чиққан дилозор. Шу йигитга қаллиқликка танланган қизнинг яқинлари уни суриштириб бизга дуч келишди. Сўровчиларнинг саволларига жавоб беришдан аввал мулоҳаза қилайлик, бир совуқ сўз туфайли Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқмасмикинмиз? Ўша қўшнимизнинг ўғли безоридир, сал-ўзини эркин қўйиб юборгандир, аммо уйлангач ўзини ўнглаган, ювошгина бўлиб, оиласи, аҳли аёлига вафодор бўлиб қолганлар қанча? Балки, маҳалладошимизнинг бизга ёқмайдиган ўғли ҳам уйлангач, дунёқараши ўзгариб, феъл-атворини таҳлил қилар, яхши томонга ўзгарар?.. Бундан бир неча йил аввал маҳалламиздан бир қизга узоқроқ жойдан  совчилар келаётгани ҳақида одамлар орасида гап-сўз  чиқди. Қизнинг одоби, юриш-туриши хусусида кўп номаъқул гаплар эшитиб юрардик. Бир-икки марта ўзим ҳам аллақандай машиналарда қизни кўча бошига ташлаб кетишганини кўргандим.  Бир куни уйда ўтирсам, нотаниш эркагу аёл дарвозани тақиллатиб келишди. Салом-алик, ҳол сўрашишлардан кейин кутилмаган меҳмонлар ўша қизни суриштиришга тушишди. “Келин қилмоқчи эдик, сизни ўқитувчи дейишди, илтимолс, шу қиз ҳақида нима билсангиз айтинг” дейишди. Ўйласам, ҳозир ўша қизнинг тақдири менинг бир оғиз гапимга боғлиқ бўлиб  қоляпти экан. Астойдил қизнинг таърифини келтирдим. Пазанда, чевар, иболи, ақлли ва ҳоказо... Хайрли йўлда ишлатилган ёлғон кечирилади, деган умид билан қизнинг мақтовини оширдим. Кўп ўтмай маҳалламизнинг ўша қизи узатилиб кетди. Худога шукр, мен ўшанда бўлажак келинни суриштириб келганларга ёлғон гапирган бўлсам-да, кейинчалик юзим ёруғ бўлди. Ҳозирда ўша қизнинг учта фарзанди бор, тушган жойида иззат-обрўйи яхшигина, қайнота-қайнонаси, эри ундан миннатдор. Демак, оила киши дунёқарашини ўзгартирар экан. Айтмоқчиманки, сўровчиларга кимдир ҳақида маълумот бераётган  киши  дахлдорлик масъулиятини ҳис қилиб сўнгра гапирса, ҳам гуноҳга ботиб қолмайди, ҳам оти ғийбатчи, ғаламисга чиқиб қолмайди...
—    Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Никоҳ нозик масаладир. Сизлардан бирингиз қизини қайга бераётганини қарасин”. Афсуски бугунга келиб аксарият қиз узатаётганлар учун қизини кимга бераётгани эмас, эрга бераётгани муҳим бўлиб қолди!- дейди Хўжа Аламбардор жоме масжидининг имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов. - Насл-насаб ҳоллари, нафақа, мерос ва бошқа эр-хотинлик ҳаётига тааллуқли бўлган роҳат-фароғат ўзаро ҳамжиҳатлик билан турмуш қуришнинг муҳим ва жиддий ишларидан ҳисобланади. Шунинг учун никоҳдан олдин «Хитба» – совчилик қилиш зарурдирки, никоҳ боғлашдан олдин эр аёли ҳақида ва аёл эри ҳақида таниш-билишлар қўни-қўшнилар орқали маълумотга эга бўлиши керак. Чунки никоҳ аниқ маълумотлар асосида бўлса, никоҳ ақди доимий, жуфтлар орасидаги ҳаёт эса гўзал бўлади. Айрим турмушлар қаршиликлар бўлмасада, ажралиш-талоқлар, кун ва ойлар ўтмасданоқ қисқа муддат ичида содир бўлган. Бунинг асосий сабаблари эса эътиборсизлик, ўз ҳаввойи хоҳишларига эргашиш, жиддий мулоҳаза ва чиройли ҳужжат асосида никоҳ бўлмаганлигидир. Сурати (чиройлилиги) алдайдиган қизлар қанча? Қанчадан-қанча қизлар алдов, макр йўли билан номус ўғриларининг арқонига тушиб қолади.
Тўйдан олдинги суриштиришларга адолатли қараш жоиз. Сўровчилар сўраётган кишилари истиқомат қиладиган маҳалланинг иймонли, аҳли солиҳ кишиларидан суриштиришлари мақсадга мувофиқ. Қолаверса, турмуш қураётган ёшлар ҳақида маълумот бераётганлар ҳам тўғри, оқилона ва одилона фикрларни айтишлари лозим.

Умида Азиз тайёрлади.

“Ўзбекчилик”нинг ёзилмаган қонунлари

Телефон рақамингизнинг охирги тўртта сони бир хилми? Ёки рақамлар кетма - кетлигида келганми? Автомашинангизнинг давлат рақами-чи?
Уй харид қилмоқчи бўлсангиз энг аввало нималарга эътибор берасиз? Сотиб олмоқчи бўлган хонадон ё ҳовлингизнинг қаерда жойлашганлиги, тўғрироғи “престижний” жойда эканлигига шундайми?
Тўй, тантана ва маросимларингизни ўтказиш учун ҳам албатта номдор ресторан ёки тўйхоналарни танлайсиз. Бу ўхшаган ёзилмаган қонунлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ва бу мешчанлигимизни “ўзбекчилик” деган ибора билан изоҳлашга ҳам ўрганиб кетганмиз. Аммо

“Ўзбекчилик”— майнавозчилик

дегани эмас-ку, тўғрими? Юқорида санаб ўтилган вазиятларни кўпчилигимиз оддийгина қабул қиламиз. Аксариятимиз, шундай ҳолатларни ҳаётимиз учун даструрул амал қилиб олганмиз. Кунлаб, ҳаттоки ойлаб навбатда туриб телефонимиз учун “чиройли” рақам ёки автомашинамизга давлат рақами оламиз. “Ҳа, рақам бўлса бўлди-да, рақамнинг ҳам чиройли хунуги бўлармикан?” деган киши кўзимизга бало-қазодек кўринади. Уни дидсизлик ва маданиятсизликда айблаймиз. Биз чиройли рақам олиш учун бир неча юз минг сўмлаб маблағ, бир неча ойлаб вақт сарфласагу, бир “бефаросат”, “маданиятсиз” бундан энсасини қотирса. Ҳеч мулоҳаза қилганмисиз, аслида ким маданиятсиз, чиройли рақам учун бир неча юз минг сўмлаб пул сарфлаётган одамми ё бу ҳолга киноя аралаш кулиб қўйган кишими?..
Касалхонада даволаниш учун ётмоқчи бўлсак ҳам албатта шароитлари билан қизиқамиз. Шароитлари деганда шифокор ва  ҳамшираларнинг муомаласи, ғамхўрлиги, даволаш-профилактика ишларини эмас, даволанишга деярли аҳамияти бўлмаган нарсалар — люкс хонаси, телевизор, DVD, совутгич ва ҳоказолар бор- йўқлигини суриштирамиз. Бундай одатларимиз, қон-қонимизга сингиб кетган хусусиятларимиз анчагина. Ва ҳаттоки биз феъл-атворимиз изоҳлаб оқлашга уринадиган “ўзбекчилик”нинг кўпгина ёзилмаган

Темир “қонун”лари

мавжуд. Тўй, тантана ва шунга ўхшаган маросимлар билан боғлиқ антиқа шарт ва заруриятлар ҳам ўша темир “қонунлар” сирасига киради.
Бекатда автобус кутаётган икки  аёлнинг ўзаро суҳбати ўзим истамасам-да, қулоғимга чалинди.
—    Тўйга фақат яқин қариндошларни таклиф қилиш керак. Шунда сарф-харажат ҳам, ортиқча исрофгарчилик ҳам камаярди,- деди биринчи аёл шеригига.
—    Қанақасига фақат яқин қариндошларни чақирасиз?- таажжубланди иккинчи аёл.
—    Ака-опа, ука-сингил, боринг-ки, амма-холаю, амаки- тоғаларни чақирсангиз бўлди. Шунда ҳам икки томоннинг яқин қариндошлари юз эллик- икки юзтага етади. Шунча одам билан ажойиб тўй қилса бўлади.
—    Йў-ўқ,- деди астойдил бош ўйнатиб иккинчи аёл.- Бунинг умуман иложи йўқ. Сиз айтаётган ўша ака-ука, опа-сингилларнинг, амма-холаю амаки-тоғларнинг ҳам узатилган қизи, келинлари, қуда-андалари бор. “Фақат ўзингиз келинг, бошқаларнинг  кераги йўқ”  деб бўладими?
—    Шундай қилиш керакда. Алоҳида-алоҳида чақириб, тўйхонага маълум миқдорда жой ҳозирланганига ишора  қилинса бўлди. Одамлар ҳам анойи эмас, биргина имодан тушуниб олишади ўзлари. Секин-секин бу одатлар ҳам характерга айланади.
—    Йўғ-ей, бунақа қилиш тўғри келмайди.  Одамлар нима дейди? Хафа бўлишади. “Амма, ўзингиз келинг, келинингиз келиши шарт эмас”, “Хола, тўйга ўзингиз борасиз-да, қудангизни айтмай қўя қолинг” дейсизми? Йўқ. Биз ўзбекмиз, ўзбекчиликка тўғри келмайди. Яқинларнинг дили оғриб қолиши мумкин. Сиз айтган нарса бизнинг халқимизга эмас, бошқа миллатларга бўлади. Ахир, меҳр-оқибат деган гаплар бор. Тўй-маъракаларда дийдор кўришмаса, қариндош-уруғлар билан ою йилда кўришмаймиз ўзи...
Четдан қараганда аёлларнинг ҳар иккиси ҳам ҳақ. Аммо аслида жуда жўн туюлган ўзаро муносабатларни, айнан тўйлар билан боғлиқ муаммоларни ўзбекчиликка йўймаган маъқулмикан, дейман. Ҳартугул, тўйларда қариндош - уруғ бир-бирининг дийдорига тўяяптими, деб эмас, сарф-харажатларни, қолаверса, ўзимиздан сал аввалроқ тўй қилган танишимиздан ўтказиб тўй ўтказиш, дастурхонимизнинг дабдабаси анча пайт довруғ тарқатишини ўйлаб ҳалак бўламиз. Ё нотўғрими?
Шунинг учун ҳам “ўзбекчиликнинг темир қонунлари”га сал-пал ўзгартириш киритиб, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам қийнамай дастурхон ёзишга ҳаракат қилса ҳам бўлади. Мисол учун, ўзбегимизнинг тўй-ҳашамларида майда “бўлим”лар кўп. Қариндош- уруғларимизни тўйнинг ана шундай кичик маросимларига бўлиб, навбати билан таклиф қилсак, тўйларимиз ҳам кўнгилдагидек, ортиқча ташвишу дилхираликларсиз исрофгарчиликка йўл қўйилмай, ихчамгина ўтади, ҳам қариндошларимизнинг кўнглини қолдирмай (ўзбекчиликка хиёнат қилмай!) ҳамманинг олдидан бирдай ўтилади.
Одамлар кўрпасига қараб оёқ узатмасликни ҳам ўзбекчилик билан изоҳлашга бемалол ўрганиб қолишди. Телефон ёки автомашиналарга “чиройли” рақамлар олиш, “престижний” ҳудуддан уй харид қилиш, номдор тўйхоналарда тўғрироғи, пулдорлар тўй ўтказишга пойга ўйнайдиган машҳур ресторанларда  тўй ўтказишдек “ўзбекчилик”нинг яна бир кўриниши

“Биз бировдан каммизми?!”

- деган иддао!
—    Тўй бошлаб қўйиб, ширин ташвишлар билан юрганимда хотиним бир дугонасининг “Гап”идан гап топиб келди,- дейди бир танишим.- Нима эмиш, тўйга  “навбатчи” ҳофиздан ташқари яна ўнта санъаткорни таклиф қилиш керак экан. Ҳозир ҳамма шундай қиляптимиш. Агар биз ҳам “ҳамма” қилаётган ишни қилмасак, одамлар гап-сўз қилармиш. “Ҳой, барака топгур, бизнинг одамлар билан нима ишимиз, имкониятимизга қараб иш кўрамизда”, десам, тумтайиб олди: “Бизнинг бошқалардан нима камимиз бор?! Ҳамма ўша машҳур тўйхонада тўй  қиляпти, “дежурний”дан ташқари 10-12та қўшиқчиларни, уларга қўшиб қизиқчиларни ҳам таклиф қиляпти-ку!?” Хотинимнинг айтганларига кўнмай иложим йўқ эди. Чунки бировдан кам эмасмизда!..
Бу каби кулгули ва куйгулик ҳолатлар нафақат тўй-ҳашамлар билан, балки ҳар қадамимизда учрайверади. Биз эса уларни мулоҳаза қилиш, ортиқча вақт ва маблағ харжини талаб қиладиган “ўзбекчилик” одатларидан чекиниш ўрнига нокерак урфларга кўр-кўрона эргашишдан бўшамаяпмиз...

“Ўзбекларда шунақа”

Жамоадошим билан бекатда автобус кутяпмиз. Портфел кўтариб олган, бўйинбоғли йигит лабига сигарета қистирганча юриб келди. Бироздан кейин йигит кутган автобус келганди, у бармоқлари орасидаги чала чекилган сигаретани шундоқ... йўл ўртасига улоқтириб автобусга чиқди. Ваҳоланки шундоқ орқасига қараса, бекат ёнида ахлат ташлайдиган махсус идиш турганди. Шеригимга маъноли қарагандим, мийиғида кулиб қўйди:
—    Ўзбек-да. Ўзбекчиликдан қутулиб бўлмайди...
Шу пайт бекатга йўналишли такси- маршрут келиб тўхтади. Автоуловда йўловчи тирбанд, ўтиришга жой бўлмаса-да беш-олти чоғли эркагу аёл маршрут эшигига урилди. Салонда оёқ қўйишга жой йўқлигини кўриб туриб... “ўзбекчилик”ка хиёнат қилишмади... 
— Хорижий давлатларда юрганимизда характеримизга сингиб кетган айрим одатларимиздан уялиб кетдим- дейди, “Турин” академик-лицейида ўқийдиган жияним.- Чет элда йўловчилар ўтиришга жойи йўқ автобусга умуман  чиқишмайди. Бекатда одам тушиб қолса, ўтиришга ўрин бўшасагина транспортга чиқишади. Бизда эса баъзан автобус ва автомаршрутларнинг тиқилинчдан эшиги очилса ёпилмайди, ёпилса очилмайди. Айрим пайтлари юртимизга меҳмон бўлиб келган хорижликлар олдида хижолатга қолади киши... 
Бу беўхшов одатларимиз билан фарзандларимизга ҳам таъсир ўтказаётганимизни тафаккур қилиш фурсати келмадимикан, юртдош? Бугун  ўртоқларига  энг сўнгги русумдаги қўл телефони ишлатиш билан ўз устунлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган ўғил-қизимиз бизнинг фақат ўзбекчиликка хос одатларимиздан ибрат олгани ёлғонми? Чиройли кийиниш, кетма- кет сонлардан иборат телефон рақамларини ишлатиш билан  ким эканлигини кўрсатишга уринаётган боламизга танбеҳ беришга юзимиз чидармикан, замондош?..
Мақолани оққа тушираётганимда бир ҳамкасбимнинг эл суйган шоира Марҳабо Каримова шеъри билан куйланган “... Ўзбекларда шунақа” нақоратли қўшиқни хиргойи қилгани қулоғимга чалинди. Бизнинг энг яхши фазилатларимиз бошқа миллат ва элат вакиллари тилида “ўзбекларда шунақа” деб эътироф этилса  сизу бизнинг бахтимиз, ғуруримиз шунда.
Агар мулоҳазаларимиз  аччиққина туюлган бўлса, малол олмассиз ва “ўзбекчилик”ка бориб андиша қилиб қўя қоласиз, деган умиддамиз-а?..

Умида Азиз

Яна келинг, айланай

Шарқона одоб-ахлоқу андишани, исломий тарбияни ҳар нарсадан юксак қўйгувчи элимиз, меҳмон кутишни, топган-тутганини дастурхонга қўйиб, эшигидан кириб келганнинг иззатини ўрнига қўйишни ҳам фарз, ҳам қарз билади. Аммо меҳмондўст халқимиз айбга буюрмаса, меҳмоннавозлик ҳолатлари, мезбон одобию меҳмон андишаси борасида андак мушоҳадаларимиз бор эди-ки, фикрларимизни сиз азиз муштарий билан баҳам кўрмоқликни айни муддао билдик. Шундай қилиб

“МЕҲМОН ОТАДАН УЛУҒ”...МИ?!

Шу мақолни кўп эшитганман. Сизни-ку билмадим, аммо бу иборани ишлатиш менга бироз эриш туюлади. Инсон учун ота-онадан улуғ, ота-онадан буюк ва ҳақли зотлар йўқ ёруғ дунёда. Фарзанди учун ҳар нега тайёр, жигарбандини таъмасиз, илинжу талабсиз яхши кўрадиган инсонлар қаторига меҳмонни қўйиш мантиққа мос келармикан, деб ҳам ўйланиб қоламан гоҳида. Нега деганда, остонамизга келадиган меҳмонларнинг бари ҳам яхши ниятда қадам қўяди, деб ўйлайсизми? Ҳозир дастурхонингизни, уй-жойингиз, туриш-турмушингизни  “текшириш” учун йўқлайдиганлар кўпайган. Одамовироқ, ёлғизликни ёқтирадиган, меҳмонга ҳуши йўқ бир танишим, уйига келадиган қариндошлари ҳақида гапирди:
— Меникига меҳмонга келадиган қариндошларимнинг гап-сўзлари, ўзларини ақлли билиб маслаҳат беришлари жонимга тегди. Меҳмонмисан, иззатингни бил, бировнинг уйи, шахсий ҳаёти билан нима ишларинг бор, деб уйимдан қувиб юборай дейману, яна андишага бориб, ўзимни тияман. Ўтган куни  икки боласи билан меҳмонга келган акамнинг қизи хоналаримизнинг эшигини бир-бир очиб кўриб, «Амма, бу уйларингиз жуда таъмир талаб бўлиб қолибди-ку”,  деб қаерни қандай таъмирлашимиз ҳақида маслаҳат ҳам беряпти.  Агар, у айтган ишларни қилишга имконим бўлса, бировларнинг маслаҳатини, дашномини эшитиб ўтирармидим?! Пулим бўлса, қиламан-да. Камига, қизингизни қачон уйлайсиз, ўғлингизга келин қилсангиз бўлмайдими, деб танбеҳ беришини-чи! Тўғриси, уйимдан ҳайдаб юборишдан ўзимни аранг тўхтатдим. Меҳмон дегани ҳам шунақа сурбет бўлар экан-да?! Жиянимни кузатганимдан кейин хўрлигим келиб роса йиғладим. Бир пайтлари мен уни қўлимда кўтариб катта қилганман, энди чўнтагига уч-тўрт сўм кириб, у менга насиҳат қиладиган, ақл ўргатадиган бўлибди. Меҳмон бўлса, олдига қўйганимни еб-ичиб, ҳол-аҳвол сўраб кеавермайдими? Демак бировнинг уйига уй-жойини, дастурхонини текшириш, насиҳат қилиш учун йўқлашаркан-да... Уч-тўрт йилча аввал  яқин, ён қўшнимиз вафот этди. Эр-хотин олий маълумотли, зиёли кишилар бўлиб, ҳалол меҳнат билан кун кечиришарди. Беш қизни узатиб, бир ўғилни уйлантирган, невараларига бешик тўй, суннат тўйлар қилиб берган ота-онада ортиқча мол-дунё, бойлик қаердан бўлсин?! Таъзияга келганлардан бири, бефаросатларча, іўшниларга, “Бу акам дунёга келиб нима қилиб юрган эканлар?! Элликка кириб ўтган бўлсалар, майли умрларининг йигирма йили болалик-бебошликда ўтиб кетгандир. Қолган ўттиз йилида нима каромат кўрсатган эканлар?! Уй-жойлари ҳам ҳаминқдар, ўша оталари қуриб берган бир хонадонга мўлжалланган ҳовли-жой. Ҳатто оғиллари ҳам йўқ экан. Томларига шифер ёпилмаган, супалари қишда лойга, ёзда чангга ботиб қоларкан-да. Э, аттанг...” дебди. Аввало шу гапларни бевақту бемаврид таъзияда айтган одамнинг фаросати, андишаси ўзига яраша эканлиги сезилиб турибди, аммо эшитган гапини оқизмай-томизмай таъзиядорларга етказган одамни нима дейиш мумкин?!
Бу гапдан кўнгли оғриган хонадон бекаси кўзига ёш олиб, “Одамлар мендан кўнгил сўрагани, дардимни аритгани эмас, уй-жойимни, абгор рўзғоримни томоша қилгани келишибди-да. Мен миннат қилмайман, болаларим, невараларимнинг тўйи баҳона халққа берган ош-нонимнинг пулига икки-учта данғиллама ҳовли жойлар қурса бўларди. Менга ўша ҳашамату дабдабанинг нима кераги бор?! Мана, шу вайрона уйни ҳам ташлаб дадаси кетдилар, мендан ҳам қолади. Энди шу уч-тўрт кунлик ғанимат умрда борига шукр қилиб, қаноат билан яшамай, ўлаксадай мол-дунё тўплаб, роҳат-фароғатдан кечишим керакмиди?! Барибир, минг машаққату ранж-азоб билан тўплаганимизни ҳам ташлаб кетарканмиз-ку! Дадасига йигирма газ сурпдан бўлак ҳеч нарса керак бўлмади-ку!”, деб ўксинганди.
Таъзиями, тўйми, бировнинг эшигига борган одам меҳмон саналади. Азага кўнгил сўраш учун борган меҳмоннинг одобига, маданиятига тўғри келармикан юқоридаги дашномлар?! Шундай меҳмонларга нисбатан, “Меҳмон отадан улуғ”, деган нақлни ишлатиш тўғримикан?
Отадек муқаддаслик рутбасидаги одам учун, бировнинг қўли калталигини, камхаржлигини  кўпчилик орасида баралла товушда гапириш, масхара қилиш тўғри саналадими? Барака топгур, одам деганда сал андиша бўлгани яхши, сен кўнглингда борган жойинг ҳақида уйғонган фикрларни,  кенг омма билан ўртоқлашишинг шартми?! Беш  қўл баравар бўлмаганидек, Яратган бандаларига ҳам турфа тарзда ризқ улашган. Сенга, бошқаларга нисбатан кўпроқ ризқ берибдими, уни шукронасини адо этгину, бошқаларнинг камбағаллигини муҳокама қилиб юрма-да, дегимиз келди, шу ўринда ўша андишасиз одамга ўхшаганларга.

«МЕҲМОН КУТИБ, ЭРИМДАН АЙРИЛДИМ»

Анча  олдин бир дугонам кўп қаватли уйларда ижарада турадиган бир танишининг бошидан ўтганларини гапириб берганди. Айтишича, ўша таниши, жанубий вилоятлардан бўлиб, турмуш қурганларидан кейин эр-хотин иш юзасидан пойтахтга келиб қолишади. Имкониятлари даражасида бир хонали уйни ижарага олиб, яшай бошлаган келин-куёв, даставвал уйга келиб-кетиб юрган меҳмонларни, биздан ҳол-аҳвол сўраш учун келишяпти, деб имкони қадар кутиб-кузатиб юраверишади. Тошкентда, шаҳарда  яшашнинг ўзи бўлмайди, буни кўпчилик яхши билади. Кўпга бормай ёшлар моддий жиҳатдан қийналиб қолишади. Аммо, ўзбекмиз. Ўзбекона  урф-одатлар, расм-русумлар қон-қонимизга сингиб кетган. Меҳмонни атойи Худо, деб бошимизга кўтаргулик бўламиз. Боримизни олдига қўйиб, йўғимизни қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам топиб дастурхонга қўямиз. Юқорида айтганимиздек, меҳмонни отамиздек улуғ кўрамиз. Ана шу одатлардан айрича тарбия кўрмаган ёш келин-куёвлар, бу борадаги эътирозларини катталарга айтишга ийманишади. Қишлоқда болаларининг Тошкентда яшаб, ишлаётганини гапириб мақтанишдан чарчамайдиган ота-оналар, кунда-кунора ёшларга қўнғироқ қилиб, ҳали у қариндошини, ҳали бу қишлоқдошини кутиб олиб, яхшилаб (!) меҳмон қилиб кузатишни буюришдан тортинишмайди. Кўпқаватли уйларнинг бир хонали хонадони. Шарт-шароит ҳам ўшанга яраша. Келадиган меҳмонлар кам деганда уч киши. Ўзбекчиликда,   меҳмонга борган эркагу аёл алоҳида хоналарда ухлайди. Гарчи улар бир никоҳда бўлишса ҳам. Мезбонлар бир хонали уйнинг ижара ҳақини аранг тўлашади, ўзларининг ойлик харажатларию келди-кетдидан орттириб. Икки хонали уйга йўл бўлсин! Минг бир истиҳолаю хижолатчилик билан асосий хонада эркакларга, айвон (балкон)га аёлларга жой ҳозирлашади. Яна институтда ўқийдиган қиз бола-жиян ҳам бор. Келинчак талаба жиян билан ошхонада тонг оттиришни мўлжалласа, куёвбола оилали талабалар ётоқхонасида турадиган ошнасиникига борадиган бўлади. Гапнинг индаллоси ана шу меҳмоннавозликлар “шарофат”и билан куёв бўлмиш бир қизга илакишиб, тунларни уникида ўтказадиган ва бу дийдорлашувлар самараси — қиз ҳомиладор бўлиб қолади...
Шаҳарда яшайдиган аксарият юртдошларимиз меҳмондорчиликнинг ана шундай беўхшов томонларидан азият чекишади. Ҳозирги пайтда кўпчилик иш ва ўқиш важидан шаҳарда ижарада яшаётгани сир эмас. Аммо негадир қишлоқдан келадиган меҳмонжонлар ёш келин-куёвлар, ёш болали оилаларнинг бир ёки икки хонали уйларда ижарада яшашларини ҳисобга олмай,  тўрт-беш чоғли кишилар, бир-ҳафта, ўн кунга бемалол бўлиб кириб келаверишади.
“Икки хонали ижара уйда эримнинг жияни, укаси, икки болам, эр-хотин яшашга қийналяпмиз. Айниқса, ҳомиладор ҳолатимда иккита бўз йигитнинг олдида кириб-чиқишга хижолат бўляпман. Кўнглим тусаган нарсани еёлмайман. Кеча олиб келинган нарсалар, музлаткичда бир кун турмайди. Уйда оғироёқ аёл бор, деб ҳам ўйлашмайди.  Камига ҳалиги талабаларнинг ойлик йўл чиптасию кундалик харажатларига ҳам эрим пул бериши керак. Бунақада  қачон биримиз икки бўлади-ю, қачон уй-жойли бўламиз, — дейди бир дугонам оғринган кўйи. — Тағин қайнонам ҳар куни эримга қўнғироқ қилиб, укангга яхши қара, жиянингга эътибор бер, хотининг қаттиқ гап қилмасин, истеҳзо-миннат қилмасин, деб танбеҳ бериши ортиқча”.
Яна бир қўшним “Бир йилда уч юз олтмиш беш кун бўлса, кеча эринмай ҳисоблаб чиқсам, шунинг атиги бир куни, эр-хотин икковимиз ёлғиз қолибмиз. Қолган уч юз олтмиш тўрт кунда ҳам, оқшомда ҳам уйда учинчи ёки тўртинчи одамлар бўлган. Ҳатто бу ҳол, беш ёшли ўғилчамни ҳам қийнаб қўйган экан. Ҳар куни боғчадан олишга борсам, аяжон, уйда яна меҳмон борми, деб сўрайди. Эрим билан қачон дилдан гаплашганимни эслолмайман. Суҳбатимиз фақат нима овіат іилишу, ошхонага іайси масаллиіларни келтириш ҳаіида бўлади. Бундан кўра іишлоііа кўчиб кетганимиз яхши эди. Бўйига тортсак, энига етмайди, энига тортсак бўйи кемтик бўлиб қолади”, дейди. 
Ҳайронман, ҳамма нарсани фаҳмлайдиган, андишаю ахлоқни қишлоқда, қишлоқдагиларда кучли деб биладиганлар, каталакдек уйда зўрға мажбурият юзасидан кириб-чиқиб юрган ёш эр-хотиндан истиҳола қилмай, хоҳлаган пайтида кириб келиши, камига ҳафталаб ётиб қолишни қайси андишаю қайси ахлоққа мос келади, деб ҳисоблашаркин-а?..
Меҳр кўзда, дийдор кўнгилларни яіинлаштиради, аммо ҳар нарсанинг меъёри, чегараси бўлгани маъқул. Нима дедингиз?..

Худбинлик нуқсон!..(ми?)

Ҳар бир киши ўзича бир дунё. Яратган ҳар бир бандасига ўзига хос феъл-атвор ато этган. Кимдир меҳрибон, безозор, мулойим. Биров эса қаҳри қаттиқ, қайсар, ўжар. Яна кимлардир худбин,  ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз манфаатини устун қўядиган бўлади. Холисан айтганда, баъзи инсонларга юқорида тилга олинган хусусиятларнинг ҳаммасидан оз-оздан берилган бўлади ва бундай шахслар ҳам кишилар кўнглига озор бермайдилар, ҳам ён-атрофдагиларнинг ҳурматига сазовор бўладилар ва ҳам ўзларини хафа қилиб қўймайдилар.
Аммо яна бир тур кишилар бўладики, улар ҳаддан ортиқ худбин ва ўзларини беҳад яхши кўрадилар. Бундайлар билан мулоқотда бўлиш, яқин муносабат ўрнатиш аксарият ҳолларда қийинчилик пайдо қилади. Нега деганда, худбинлар ўзларини ҳаддан ортиқ севганлари сабабли, арзимаган майда-чуйда келишмовчиликлардан, озгина эътиборсизликдан фожиа ясайдилар. Ҳаттоки, ўзини эътибордан четда қолган, кўнглига озор етган деб ҳисоблайдилар. Аксар ҳолларда худбин одамларнинг аслида нима хоҳлаётганини билиш мушкул. Охири йўқ ғижиллашиш, бемаврид эркалик, асабни эговлайдиган инжиқлик ва жондан тўйдириб юборадиган қайсарлик... Буларнинг бари худбин кишининг феълида кўзга ташланадиган ёқимсиз ҳолатлар. Агар мабодо уларнинг  характерига кўзгу тутиб, аксини ўзларига кўрсатсангиз борми, нақ худбин хоним ёки жанобнинг иззат нафсига текканликда, боз устига унинг дилини оғритганликда айбланасиз.
Умуман олганда, худбинлик ўзи қандай хислат? Унинг инсон феълига ўрнашиши қай  тарзда кечади?

Худбинлик туғма хислатми?

Ёки ҳаёт давомида шаклланадими? Айрим юртдошларимизнинг мавзу юзасидан мулоҳазаларини билиш мақсадида шу саволлар атрофида сўров ўтказдик.
—    Табиатан олганда, ҳаммамизда ҳам худбинликдан бор. Бусиз бўлиши мумкин эмас,- дейди иқтисодчи Шерали Эргашев.-  Айримларнинг худбинлик ҳисси жуда кучлилигига эса, улар туғилиб ўсган муҳит, ота-онасининг тарбияси сабаб бўлади. Айримлар фарзандларини ҳаддан ортиқ эркалашади, уларнинг нуқсонини кўпда ўзларига айтмай, аксинча, озгина ютуқларини ҳам кўпиртириб мақташлари ва шунга ўхшаш кўп ҳолатлар боланинг худбин бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Ўқитувчи Малика Абдураҳмонованинг фикрлари эса қуйидагича:
—    Худбинлик туғма хислат эмас. Одам ёмон бўлиб туғилмаганидек, худбин бўлиб ҳам туғилмайди. Ҳар қандай  феъл-атвор кишида ҳаёт давомида шаклланади. Менинг фикримча, оилада ота-онанинг меҳри фарзандга етмас ё бола қониқарли даражада яқинларидан меҳр-эътибор кўрмаса, бу унинг келгусида худбин киши бўлиб улғайишига хизмат қилади. Шунингдек, болани тенгдошларидан устун эканлигини ва қайсидир маънода бошқаларга нисбатан унда ижобий хислатларнинг кўп эканини тез-тез таъкидлаш ҳам болада кибр-ҳаво пайдо қилади. Худбинликнинг энг катта кўриниши эса – кибр. Кибрли кишида ҳар қандай салбий хусусиятларни кузатса бўлади. Ўз мақсадлари йўлида атрофидагиларга озор беришми, одамларни менсимасликми... Хуллас, гап оилага бориб тақалади.
—    Худбин инсонлардан жамиятга зарар етмайди, аксинча ундайларнинг жамиятга фойдаси тегади,- деган фикрни илгари суради наманганлик муштарийимиз Гулнозхон  Раҳматова.- Масалан худбин, ўзини яхши кўрадиган киши жиноятга қўл урмайди. У бировга азият етказишни эмас, аксинча ўзига манфий вазият туғдирмаслик учун ҳам қалтис ишлардан нарироқ юради. Унинг фикрича, у ҳаммадан кўра энг яхшисига муносиб. Ўзини шундай олий даражотда санаган кишидан  жамиятга ҳам бошқаларга ҳам зиён етказиши мумкин эмас. Тўғри, қайсидир маънода худбинлиги йўлида кимнингдир дилини оғритиб қўйиши, кимнидир ранжитиши мумкин. Аммо бу ҳолатни фавқулода фожиа ҳисобламайман. Бу албатта, менинг фикрим.
Мақолада кўтарилган мавзу юзасидан руҳиятшунос Дилафрўз Эгамбердиева дейдики:
—Худбинлик – эгоизм атамаси “эго” сўзидан олинган бўлиб, “ўзим” деган маънони билдиради. Ўз манфаатларини ўзгалар манфаатидан юқори деб билганларга эгоист (худбин), унинг бу хислатини эса эгоизм (худбинлик, худпарастлик) дейилади. Масалага назарий ёндошадиган бўлсак, ҳамма ҳам озгина бўлсада худбин, чунки ҳар бир шахс учун ўз эҳтиёж ва манфаатларини қондириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, биологик унсур сифатида мавжуд бўлишимиз ҳам қийин бўларди. Шунингдек, соф худбинлардан ўзини қадрлай биладиган кишиларни ҳам ажрата олиш зарур. Биринчидан, худбинлик хислати биологик асосга эга. Яъни, ҳаётда эгоист ёки унинг тескариси альтруист бўлишимиз кўп жиҳатдан туғилишимиздан белгиланади. Бу фикрнинг нақадар ҳаққонийлигини оилангиздаги яқинларингиз характерида синаб кўришингиз мумкин.
Иккинчидан, туғма берилган ҳисларнинг ташқи ифодаланиши ва шаклланаётган шахсдан кескин ифодаланган худбиннинг юзага келиши икки омил билан белгиланади:
—    Худбинлик ҳисларининг генетик дастури қай даражада кучлилиги;
—    Туғма берилган ҳисларни тўлиқ намоён бўлиши учун қулай шарт-шароит, худбинлик ҳисларини шахс шаклланаётган муҳитдаги қийматлик даражаси.  
Худбин киши фақат ўзини ўйлаб атрофидагилар манфаатини ўз хоҳиш-истакларига бўйсундирига ҳаракат қилади. Бу атрофдагиларга бир қатор ноқулайлик келтиришини билсада, барибир ўз манфаати устунлик қилади. Худбинларда асосан, кибр, манманлик, ўжарлик хусусиятлари кўзга ташланади. Бундай салбий ҳиссиётлар кишининг асабига ёмон таъсир кўрсатади. Худбин кишиларнинг асабий, қизиққон ва жиззаки эканликлари шундан бўлса, ажаб эмас.
“Худбинлик — ўзини ўзи севиш эмас, аксинча, бу севгининг ҳаддан ошиб кетмоғлигидир” деган эди файласуфлардан бири. Менимча, бу мулоҳаза худбин кишилар учун берилган тарифлар ичида ҳақиқатга яқинроғи. Эътибор берган бўлсангиз, худбин кишининг ҳатти-ҳаракатларида баъзан мантиқ етишмайди. Худбинлик асосан манманлик ва ўжарлик билан ифодалангани учун, худбин кишининг қовушмаган қайсарлик билан  атрофидагиларни хуноб қилиши, жанжалли вазиятларни юзага келтириши билан одамларнинг дилини оғритиб қўйишгача боришади.
—    Бу феълимдан нафақат яқинларим, мени таниган-билганлар азият чекади, балки ўзим ҳам қийналаман,- дейди худбинликда фавқулодда ном чиқарган дугонам.- Шундай ҳолатлар бўладики, ўзимнинг ноҳақлигимни, тортишишга ўрним йўқлигини билиб туриб баҳслашман. Вужудимда иккита руҳ яшайди гўё. Бири қайсар, ўзидан ўзгани кўзи кўрмайдиган, ўжар, урушқоқ қиз, иккинчиси биринчисининг феъл-атворидан тамоман уяладиган, ақлли, ҳар қандай ҳолат ва вазиятни, ҳар қандай инсонни тўғри тушунадиган оқила қиз. Ҳар гал худбинлигим туфайли қийналганимда, шу бугундан ўзгараман, энди бундай яшамайман, ахир  мен аслида ёмон инсон эмасман-ку, деб ўзимга ўзим сўз бераман. Лекин минг афсуски, ҳар гал сўзим сўзлигича қолиб кетаверади. Бу ҳатто  турмуш қуришим, жуфтимни топиб, бахтли бўлишимга ҳам халал беряпти... Худбинлик ҳаёт давомида шаклланади, деган гап бекор экан. Мен асли худбин бўлиб яралган, худбин бўлиб туғилган эканман...
Худбинлардаги қайсарлик киши ҳаётида кўп панд берадиган характер хислати- пирнципиаллик билан ифодаланди. Яъни, аксарият ҳолларда улар қилаётган ишининг нотўғри эканлигини билиб туриб, ўзларини идора этолмай қоладилар. Гўёки фикрларининг қаршиликка учрагани уларнинг камситилгани ёки уларга нисбатан ҳурматсизлик.
—    Мендаги бу кескин ва радикал (ўз феъл-авторини, талабларини мажбурий равишда ўзгаларга ўтказишга уринадиган) характерга оиламдаги муҳит ва тарбия сабабчи, -дейди худбинлиги билан ҳаммани эзиб юборган яна бир танишим.- Болалигимдан уйимдагилар ҳар қандай ҳолат ва вазиятда менинг фикримни инобатга олишарди. Менга ота-онам буйруқ сифатида эмас, илтимос, ялиниш оҳангида иш буюришган. Мен хоҳлаган нарса худди истаганимдек амалга ошган. Бу эса менда ўзимга нисбатан ҳаддан ортиқ ишончни пайдо қилди. Инсон қачон кибрли бўлади, қачонки унинг ўзига бўлган ишончи ҳаддан ошиб кетса. Бу феълим туфайли қийналяпман. Ортиқча асабий зўриқиш, жаҳлдорлик, ва тушкун кайфият мени баттароқ худбинга айлантиряпти... Бундай ҳаёт азобдан бошқа ҳеч нарса эмас...
Сал аввал хориж интернет нашрларидан бири худбинлиги чегарадан ошиб кетган бир кишининг қуюшқонга сиғмайдиган иши ҳақида ёзган эди. Ўзига ҳаддан ортиқ ошиқ йигит ўзининг суратига... уйланишни эълон қилибди! Камига, ўз сурати билан никоҳдан ўтказишни сўраб никоҳни қайд этиш ходимларига мурожаат этибди... Ана шунақа, баъзан худбин кишиларнинг ҳатти ҳаракатларидан на мантиқ, на фаросат кўринади...
“Одам ўзининг нархиниям, қадриниям билиши керак. Нимага муносибу, нимага лойиқ эмаслигини билмайдиган одам ҳеч қачон ўзини ҳурмат қилмайди ва ўзини ҳурмат қилмайдиган киши ўзгаларни ҳам ҳурмат қилолмайди” деган гапни кўп такрорлардилар устоз ҳамкасбимиз. Чиндан ҳам,  инсон ўзини яхши кўриши, ҳурмат қилиши, ўзига ишониши керак. Аммо ҳар нарсада меъёр бўлгани маъқул. Жумладан кишининг ўзига бўлган эътиборида ҳам. Аслини олганда, ҳар бир инсон худбин, ўзини яхшиликларга муносиб билади. Бироқ унутмаслик даркорки,  ўзимизга яхши кўринган нарсаларни яқинларимизга ҳам раво кўришлик билан ўртадаги  меҳр- муҳаббат ришталари янада маҳкамроқ боғланади. Зеро, Пайғамбар (с а в) шундай марҳамат қиладилар: “Ўзингиз яхши кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлолмайсизлар”...

Умида АЗИЗ

“Эшон”лар ким аслида?

“Эшон”лар ким аслида?

 

Инсон Яратган Эгамнинг барча махлуқотлари орасида  азиз ва мукаррам этилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (“Исро” сураси 70- оят) Ислом таълимотида барча инсонлар хоҳ у аёл, хоҳ эркак, хоҳ мўмин, хоҳ  ғайриддин бўлсин ҳамма бирдек тенг ҳуқуқли экани алоҳида эътироф этилади. Аммо орамизда шундай одамлар борки, кўр-кўрона эътиқод ва ишониш билан ўзларига ўзлари

“Юксак мартаба”

ясаб олганлар. Гўёки улар “эшон”, “саййид” ва ҳоказолардан эмишлару, мартабалари баланд, насл-насаблари тоза экан. Улардан бошқалар “қора”, “оддий одамлар” бўлиб, “эшон” ё “саййид”лар билан бир даврада ўтириш, қиз бериб- қиз олиш каби алоқалар “қора халқ”қа таъқиқланган эмиш. Бу аслида не чоғли тўғри ҳақиқат эканлигини далолат этмоқликдан аввал айни мавзуда юртдошларимизнинг қарашлари билан қизиқдик.
—    Ҳозир энг расво ишларни ўша сиз айтаётган “эшон”ларнинг болалари қиляпти,- дейди сурхондарёлик муштарийимиз Акрамжон Қурбонов.- Ўғрилик дейсизми,  бирвнинг ҳаққини ейишми, зинокорликми... Хуллас, ислом этган, иймонли киши учун таъқиқланган ишларда “эшон”ларнинг болалари ҳам “фаол” иштирок этишяпти. Бир пайтлари халқнинг диний билимлари саёз, диний манбалар оз, ҳатто умуман бўлмагани учун ҳам одамлар ундан-бундан эшитган гапларига ишониб, “эшон”ларнинг хизматини қилиш керак экан, уларни ранжитсанг дуойибад қиларкан, ва ҳоказо каби бидъат гапларни маҳкам ушлаб олишган эди. Шукр, истиқлол инъом этган неъматлар туфайли халқнинг диний билимлари ҳам бир мунча ўсди, исломий нашрлар, диний маълумотлар ҳаққоний баён этилган рисола ва китоблар кўпайгани сабабидан, одамлар ўзи тўқиб чиқарган ва бир неча йиллардан бери ишониб юрган сафсаталарининг ноҳақ, ноўрин эканини англади. Балким, “эшон”у “саййид”лар ўзи ўйлагандек жуда оқсуяк бўлиши мумкин, аммо бу дегани бошқа одамлардан мартабаси юқори, устун туради дегани эмас. Ислом дини тенглик тарафдори...

“Эшон” ниқоби ортидаги нопокликлар

Самарқандлик  исм-насабини сир тутган мухлисамиз бу хусусда мулоҳазаларини билдира туриб дейдики:
—    Анча аввал жияним бир йигит билан бир-бирини ёқтириб, аҳу паймон қилишган экан. Йигит “эшон”лардан экан. Ота-онаси “биз “қора”лардан келин олмаймиз, наслимиз бузилади, келинимиз эшонлардан бўлиши керак, бизда  фақат қариндош-уруғи билан никоҳланади”, деб ўғлини ўзининг яқин қариндошига уйлаб қўйишибди. Номард йигит жиянимни алдаб-авраб, “шу ишни қилсак, сени менга олиб беришади” деб гуноҳга қўл уриб қўйишибди экан. Йигит уйланиб, бола-чақали бўлиб кетди-ю, жабр менинг жиянимга бўляпти. Ёшгина қиз совчиларни рад қиляпти, ҳеч бири билан учрашиб ҳам кўрмайди. Йиғлайвераркан, йиғлайвераркан, онаси олдига олиб сўраса, шу гапни гапирибди. Бечоралар энди куйиб ўтиришибди, дардини кимга айтишни билмай. Эшон деганлари насли тоза бўлса, Худони таниган бўлса шундай қилғиликни  қилармиди?! Ундайлар биз эшонмиз, деб ўзларини бошқалардан баланд тутиб одамларга зулм қилишдан бошқа нарсани билмайдилар...
Мақолани тайёрлаш жараёнида мулоҳазалар мавзусидан хабар топган бир ҳамкасбим ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни шундай сўзлади:
— Танишларим орасида бир жувон бўларди. Турмуши бузилган. Ўзини “эшонларданмиз”, деб мартабаси “юқори”лигини тез-тез таъкидлаб чарчамасди. Эркаклар билан танишардию, ими-жимида никоҳ ўқитиб, (бунисиниям Худо биладию, ҳарқалай бизга никоҳ ўқитдик дерди) “эшонлардан экан” деб яшайверарди. Кейин ўзи яшаб юрган эркакнинг пули тугаб қолса, “мени алдабди, эшон эмас экан, бизга эшон бўлмаган одам билан турмуш қилиш мумкин эмас” деб яна битта бошқа “эшон”ни топиб оларди. Икки йилдан бери ўша танишимни кўрмадим. Ким билади, яна нечта “эшон”ни ёстиғини қуритди экан...

Мўмин банданинг сифати

Юқорида таъкидлаганимиздек инсон  азиз ва мукаррам,  шунингдек Аллоҳ наздида бандалари фақат тақвоси билангина фарқланади. Хўш, ўзини аъло насаб, эшон санайдиганлар шу ҳақиқатларни билмасмикинлар? Уларга ўзларини устун билиш, бошқа бандалардан мартабаларини баланд қўйиш ҳуқуқини ким берган экан?
Пайғамбар (сав) бир ҳадисларида мўмин кишининг сифати ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”. Ўзини “эшон”, “саййид”, “тўра” ва ҳоказо оқсуяк ва аъло насаб деб ҳисоблайдиган биродар, сиз Аллоҳ Расулининг ушбу ҳадислари мағзидаги ҳақиқатни англаб етганмисиз? Ислом таълимоти бандаларни бир-биридан ажратиб, кимнингдир кимга паст назар билан қарашини, камситишини, бандаларнинг ўзларини бошқалардан бир поғона баланд тутишларини қоралайди. Бу ҳол на диний тарбияга ва на инсоний одоб-ахлоққа мос келмаслигини ҳеч мулоҳаза қилганмисиз?
Расулуллоҳ (с а в) ҳатто ғайриддинга озор бермасликни, ғайридиннинг ҳам эътиқодини ҳурмат қилишикни буюрганлар. Эшонмиз деб ислом оламида олий насабликни даъво қилаётган биродарларимиз бундай даъватлардан хабардормикинлар, деб ўйлаб қолади киши.
Ўзини оқсуяк, “эшон”ларданмиз деб икки гапнинг бирида моҳиятан ўзи англаб етмаган мартабасини пеш қилиб тинмайдиган таниш эркакнинг бир одам билан мулоқоти баногоҳ қулоғимга чалинди. Ул жаноб оғиз тўлдириб “Биз эшонлар учун аёл зоти ҳеч ким. Аёлларни ҳатто одам қаторига ҳам қўшмаймиз” дедилар... Ё, алҳазар... Бу қандоқ гап бўлди, энди?! Эшонзода жанобларини ҳам она туққан-ку, инкубатордан чиқмаганлар, ҳарқалай... Ўз онасини, опа-синглисини одам ўрнида кўрмаган, уларни ҳеч ким билган кишида диний тарбияни қўяверинг, оддийгина инсоний хислатларнинг ўзи бўлиши мумкинми? У “ҳазрат” эътиқодли, тақводор бўлганларида, “Фарзандларингизга бирдай меҳр беринг. Агар улардан бирига кўпроқ меҳр бериш керак бўлса, қиз болангизга кўпроқ меҳрибончилик қилинг”  ва “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳадислар мағзини уққан бўлардилар. Улар аёлга аёл деб эмас, ОНА, силаи раҳмга муҳтож зот, муниса деб қараган бўлардилар...

Мантиқсиз одат озори

Ўзларига аллақандай диний мартаба ясаб олганлар орасида фақат қариндош-уруғи билан никоҳланиш каби мантиқсиз одат бор. Бу тахлит турмушни ислом ҳам тиббиёт ҳам қаттиқ қоралайди. Ислом дини таълимотида инсоннинг саломатлиги, хотиржамлиги бош ғоя ҳисобланади. Яқин қариндошлар орасидаги никоҳ эса туғилажак фарзандларнинг жисмоний ва ақлий нуқсонлар билан дунёга келишида асосий сабаб бўлиши исботини топган ҳақиқат.  
—    Эшонлардан бўлганимиз учун авлодимизда фақат қариндош-уруғи билан турмуш қуриш ёзилмаган қонунга айланиб қолган, -дейди  бир дўстим. -Мен ҳам амакимнинг қизига уйланганман. Хотиним билан доимий келишмовчиликларнику гапирмаса ҳам бўлади, лекин мана қизчам уч ёш бўлибдики, ҳалиям тили чиққани йўқ. Ўйласам, юрагим увишади... Шунинг учун бошқа фарзанд кўришга хотинимга рухсат бермаяпман... Қачонгача бу бемаъни одатдан озор чекарканмиз, билмадим...

Инсоннинг маънавияти бой бўлсин...

Одам боласининг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқ. Кишининг руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, диндош биродарларини ҳурмат қилса, ён-атрофидагиларни камситмаса, илмига амал қилгувчилардан бўлсагина унинг даражаси юқори бўлади.
Инсон бир томчи нутфадан яралибгина қолмай, унга эшитиш ва кўриш қобилияти ҳам берилган. Аммо бу баъзилар ўйлаганидай, инсондаги қулоқ ва кўз аъзоларинигина англатмайди. Улар онгсиз ҳайвонларда ҳам бор. Эшитишдан мурод, илоҳий даъватларга қулоқ солиш, англаш ва ҳаётга татбиқ этиш, кўришдан мурод эса, борлиқдаги ҳамма нарсадан ибратланиш, бу ҳақда тафаккур қилиш, Ҳақни танишдир.
Ўзларини “эшон”, “саййид” ва ҳоказолардан санаб юрганлар аввало юқоридаги ҳақиқатлар атрофида бир мулоҳаза юритсалар, яхши бўларми эди, бизнингча.

Бу хусусда диншунос ва уламоларнинг фикри қандай экан?

—    Ислом динида одамлар табақага ажратилмайди, балки улар фақат тақволари билан фарқланиши таъкидланади- деб мулоҳазаларини бошлади диншунос- мутахассис Баҳодиржон Муҳаммадиев.- Бироқ Ислом араб ва ажам халқлари ўртасида тарқалиши билан «саййид», «хўжа», «эшон», «оқсуяк», «тўра» каби атамалар истеъмолга кириб келган. Муҳаммад (с а в)нинг қизлари Фотима ва куёвлари Алидан тарқалган авлодлар «саййид» ҳисобланади, деган фикр илгари сурилади айрим манбаларда.
“Эшон” сўзи форсчада “улар” деган маънони англатади. Ўрта асрларда сўфийлик тариқатларида диний раҳнамолар ушбу ном билан аталган ва уларга мурожаат қилишда ҳурмат юзасидан исмлари ўрнида «эшон», баъзан «эшон пир» сўзлари ишлатилган. Исмоилийлар фирқасида диндорлар жамоасининг раҳбари ҳам «эшон» деб аталади.

Аслида тенглик динга қараб бўлади. Мусулмонлар — бир-бирларига тенгдирлар.

Айримларнинг эшонмиз, фақат эшонлардан қиз олиб, эшонларга қиз берамиз, деган иддаолари нотўғри. Ундайлар оқсуякликни суриштиришдан кўра Аллоҳнинг динини ўргансалар яхши бўлар эди. Уламолар никоҳдаги кафоъат – тенгликка диндан бошқа никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳуррият, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки одатда ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпинча оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, шундай ҳолларда ҳам никоҳ жоиз бўлаверади. Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабни суриштиришар эди. Оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз беришмас эди. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида аҳамият қаратган. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир» Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қилишлари жоиз.
Тошкент шаҳар “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом- хатиби  Раҳматуллоҳ Сайфутдинов айни мавзуда дейдиларки:
— Аллоҳ инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Унга икки йўл – ҳидоят, имон ва залолат, куфр йўлини кўрсатиб қўйди. Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса илоҳий тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, уларга, қатъий амал қилишдир.
Аллоҳ инсонларни яратар экан, уларга дунё ҳаётида жуда кўп неъматларни ато этиш билан бирга тўғри йўлни, ҳидоят йўлини ҳам кўрсатиб қўйган. Бандаларини ҳидоятда бўлиб, Ўзига чин бандалик қилишларини талаб этган. Дунёга келдикми, бир кун кетиш бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ. Дарҳақиқат, ислом дини таълимотлари инсоний тушунча чегараси доирасида комил инсонни ўз атрофидагиларга доимо меҳр-мурувватли, мунис-меҳрибон, ўзгаларнинг ҳожатларини чиқарувчи бўлишга чорлайди.
Одамларнинг ўзларини бошқалардан устун санаб, манманликка берилишлари кибр ҳисобланади. Бандасининг кибри Аллоҳ таоло наздида энг ёмон хусусият. Инсонликнинг асл моҳияти Аллоҳга бандалик қилишда экан, бир-бирларимизни чиройли амаллар қилишга ва сабр- қаноатли бўлишга даъват этайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизга тинч ва тотувликда, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатиб истиқомат қилишни насиб айласин!

Умида Азиз тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 197 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ