Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
Муносиб келин
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар. Мусулмонлар бошқа нарсалар қатори бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмаларига амал қилганлари учун Аллоҳнинг марҳамати ила ҳеч қийналмаганлар. Уларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.
Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.
Шарҳ: «Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» маъносини англатади.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда.
Бу аҳли солиҳ бўлишлик қандоқ ҳам яхши эканини билдиради.
Солиҳ инсон дегани эса, шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган деганидир.
Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади.
Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бў-лишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир, деганлари ушбу юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса, яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир.
Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Туя минган аёллар, дейилганида Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишларидир. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.
Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Ундоқ бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз бўлиб, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.
Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёллар, қариндошлар болаларига қандоқ қараши, эрини риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш ке-рак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик ус-тига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қандоққа уйландинг?» дедилар.
«Эрдан чиққанга», дедим.
«Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди. Ўшаларга қараб турадиган кишини келтирдим», дедим.
Шунда у Зот менинг ҳақимга дуо қилдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталаридир. У киши Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар.
«Етти ёки тўққиз қиз» дейилгани ровийдан бўлган шак туфайлидир.
Ушбу ҳадисдан қизга уйланиш афзал эканлиги олинган.
Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, шундай аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз олсалар етти ёки тўққизта қайинсингилга қараб, уларни бошқариш қийин бўлганидан шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман, янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғубдир.
Оиша розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди.
«Ейилмаганида», дедилар у Зот.
Яъни, (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади.
Ушбу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса, баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.
Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари ичида у кишига қиз ҳолида теккан ягона аёл эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди.
«Йўқ», дедилар. Кейин у Зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида:
«Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўраш яхшилиги.
2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам уйланмаган маъқул экани.
3. Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги.
Бу сифатлар унга яқин аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин, қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, кўпинча уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўладилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».
Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.
Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрлари кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас.
Чунки Холиққа маъсият ишларида махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак.
Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак.
Чунки шу туфайли оилада уруш-жанжал чиқи-ши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.
Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этмоқлари лозим.
Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.
Икки Шайх ва Термизий ривоятида: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган.
Шарҳ: Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса бало-офат эканлиги ҳақидаги фикрга ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшиладилар.
Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид.
Шунинг учун ҳам келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш керак. Бошқа кўрсатмаларга амал қиламан деб, эркаклар учун дунёдаги энг зарарли фитнага учраб қолмаслик керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди.
«Уни ўзингдан ғариб қил», дедилар.
«Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди.
«Ундан фойдаланиб юр», дедилар у Зот».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумлани эркаклардан ўзини олиб қочмайди ёки мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади, деб икки хил таъвил қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ хотинни талоқ қилиб юборишга маслаҳат берганлар. Лекин эр хотинини талоқ қилса ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ бўлса, ундан фойдаланиб юравер, деганлар.
Шундан қўлни ман қилмаслик молу мулкни исроф қилиш маъносида эканлиги келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас.
***
Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани равшанлашади. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унсу улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришилиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўринда эътибор берилиши керак.
Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади.
Ўз соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида:
«Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.
Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласининг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга, бўлажак фарзандларини муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик.
Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши.
Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги.
Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.
8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик.
Чунки кўпхотинликнинг машмашаси ҳам кўп. Шартларини бажо қилиш ҳам қийин.
Никоҳнинг рукн ва шартлари
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. «Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томонни биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса, иккинчи ўринда содир бўлган нарсалардир. Мисол учун, бир эркак, аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан? деса «ийжоб» бўлади. Аёл унга, розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади:
1. Хотин.
2. Эр.
3. Валий.
Шу билан Ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни тўртта бўлади.
Никоҳни тўғри бўлиши учун бир нечта шарт юзага чиққан бўлиши шарт:
1. Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак.
Бошқача қилиб айтганда, никоҳда иштирок этиши кўзлаган аёл эркакка абадий равишда ҳам, вақтинчалик равишда ҳам ҳаром бўлмаслик керак. Маҳрамларга ва баъзи аёлларга вақтинчалик уйланиб бўлмаслиги ҳақида олдин батафсил гаплашганмиз.
2. Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини таъйин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
3. Гувоҳлик.
Гувоҳлик ҳақида юқоридаги ҳадиси шариф шарҳида гаплашиб ўтдик. Ҳамма мазҳаблар ва ҳамма уламолар гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ қилганлар.
Моликийлар ҳатто гувоҳлардан никоҳни сир тутишини сўралса, никоҳ ботил бўлади, деганлар.
4. Икки томоннинг розилиги.
Эр ҳам, аёл ҳам ўз ихтиёри билан никоҳга ҳаракат қилишлари шарт. Бўлмаса, никоҳ тўғри бўлмайди.
Имом Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб, отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи, мен буни хуш кўрмайман, деди. У киши, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердим. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар.
Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин, аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини ўргатишни ирода қилган эдим», деди.
(Қизнинг исми, Хансаа бинти Ҳизом ал-Ансория эди).
Ҳанафий мазҳаби, бу масалада никоҳ бўлаверади, деган фикрни олдин суради.
5. Валий.
Бу ҳақда батафсил гапирилди.
Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру хотин таъйинли бўлиши, ҳаж ва умра эҳромида бўлмасликлари, никоҳ маҳр ила бўлиши, эр гувоҳлар билан никоҳни сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ёки хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги каби шартлар ана шулар жумласидандир.
Никоҳ одоблари ва унга тааллуқли нарсалар
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Барча уламои киромлар никоҳ суннат амаллардан эканлигига ихтилоф этишмайди, балки унга тарғиб этишади. Никоҳнинг фазилат ва фойдалари кўпдир. Улардан бири фарзанд кўриш, зеро мақсад насл қолдиришдир. Наслни давом эттиришда Аллоҳга муҳаббат ва бу йўлда ҳаракат этиш каби фойдалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, фарзандли бўлишда қиёмат кунида умматларни кўпайтириш ният қилинади, бу билан у зотнинг муҳаббатлари топилади. Бундан ташқари солиҳ фарзандлар дуоси билан савоб олиш ва кичик ёшдаги фарзанднинг вафот топиши билан шафоатга эришиш мумкин бўлади.
Никоҳ фойдалари қуйидагилардир:
– шаҳват балосини қайтариш билан шайтон васвасасидан омонда бўлиш, никоҳда руҳий ором бор;
– инсон руҳи хотини билан бирга бўлганда унс – улфат топади;
– уй юмушларидан қалби фориғ топади, хотин таом пишириш, супуриб-сидириш, ўрин-кўрпаларни солиб-йиғиш, идиш-товоқларни ювиб тозалаш ва бошқа шу каби яшаш учун зарур шароитларни ўз зиммасига олади. Инсон бир ўзи бунча кўп ишларни уддалай олмайди. Агар бу юмушларни ўз зиммасига оладиган бўлса, аксари вақтини зое этади. Илм олиш ва ишлаш учун фориғ бўла олмайди. Солиҳа аёл бу борада динга ёрдамчидир. Бу дунё икир-чикирларининг кўплиги ва хилма-хиллиги қалбни доимо банд этади;
– оиласи ва аҳли-аёлининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш, уларга бош бўлиш ва риоя этиш билан ҳаётий кураш олиб бориш, хотинларнинг ахлоқига сабр этиш, улардан бўладиган турли жафо ва азиятларга чидаш, хотинлар ахлоқини ислоҳ этиш ва уларни диннинг тўғри йўлига иршод этишда ҳаракат қилиш, улар учун ризқ топиш йўлида ҳалол касб этиш ва фарзандлар тарбиясида машғул бўлиш.
Оила тўғрисида ғамхўрлик қилиш, уларга бош бўлиш ва уларнинг риоясида бўлиш амалларининг фазилати улуғдир.
Хотин ҳаққини адо этишда ноқислик ва камчиликлардан қўрққан киши уйланишдан эҳтиёт бўлади. Аҳли аёлларнинг заҳмат ва қийинчиликларига бардош бериш – Аллоҳ таоло йўлида жиҳод этиш баробарида бўлади.
Имом Муслимнинг муфрад ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ йўлида бир динор эҳсон этдинг, қўл остингдагиларга бир динор сарф этдинг, мискинга бир динор садақа қилдинг, аҳли аёлингга бир динор харж қилдинг. Шуларнинг ичида энг афзали ўз аҳли аёлингга қилинган нафақадир».
ФАСЛ
Уйланишда бир неча офатлар ҳам бор:
1. Бу офатлар ичида энг кучлиси бўлиб, ҳалол ризқ топишдан ожиз бўлишдир, чунки бу қийин иш. Эрларнинг қўли кўпинча ўзиники бўлмаган нарсаларга чўзилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтади: «Никоҳдан ожиз бўлганлар ўзларини ҳаром-харишдан эҳтиёт этсинлар, тоинки Аллоҳ ўз фазлу-карами билан уларни никоҳга муяссар этгунича».
2. Хотинлар ҳуқуқларини адо этишда ожиз бўлиш. Уларнинг ёмон хулқлари ва азиятларига сабр эта олмаслик. Бунда катта хавф бор, зеро эркак қўл остидагилардан масъулдир.
3. Аҳли аёли ва болалари кишини Аллоҳ таоло зикридан машғул этиши. Кеча ва кундузиларини улар билан машғул бўлиб ўтказиш, натижада қалб охират ва унинг йўлида амал этиш тўғрисида ўйламай қўйиши.
Мана шулар никоҳнинг фойда ва офатларидир. Энди бирор кишининг уйланиш ёки уйланмаслигининг фойда ва зарарлари ҳукмига келсак, бу иш юқоридагиларни ўз ичига олган мажмуа асосида бўлади. Ҳар бир мурид ўзини мана шу ҳолатларга солиб кўриб, ўзида никоҳнинг офатлари топилмай, фойдалари жам бўлган бўлса, ҳалол мол-дунёси, чиройли одоб-ахлоқи бўлса, бунинг устига ёш йигит бўлиб, майл-шаҳватни бостиришга муҳтож бўлса, якка бўлиб, уй-жой тадбирларини кўришга муҳтож бўлса, бундайларга уйланиш афзалдир. Агар бунинг акси бўлса, у киши никоҳни тарк этади.
ФАСЛ
Яхши муошарат учун аёлда эътиборга олинадиган томонлар:
1. Аёлнинг диндор бўлиши. У асл сабаблардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай деб марҳамат қилдилар: «Дини бор аёлга уйланинг». Бу Имом Бухорий ва Муслим ривоят этган ҳадиснинг бир жузъидир. Агар аёл динда бўлмаса, эрининг динини фасод этади ва эр ҳурматини мукаммал адо эта олмайди. Агар аёл ғайрлик кўчасига кирса, эр-хотин ҳаёти бало ва офат остида қолиб, бахт-саодатдан маҳрум бўлади.
2. Чиройли одоб-ахлоқда бўлиши. Зеро, бадхулқлиликнинг зарари унинг фойдасидан кўра кўпроқдир.
3. Гўзал бўлиши. Гўзаллик матлубдир. Чунки бу билан эрнинг пок бўлиши вужудга келади. Шунинг учун ҳам никоҳдан олдин маҳбубага, яъни уйланмоқчи бўлган аёлга қарашга амр этилган. Аммо баъзи одамлар чиройга унча ҳам аҳамият беришмаган. Бошқача қилиб айтганда, никоҳда гўзалликдан бахраманд бўлишни қасд этмаганлар. Чунончи, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ғилай хотинни синглисидан афзал деб ихтиёр этган эканлар. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам учрайди, чунки инсоннинг табиати бунга қарама-қаршидир.
4. Маҳрнинг енгил бўлиши. Шайх Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини икки дирҳам маҳрга турмушга берганлари маълум. Умар розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Аёллар маҳрида жуда баланд бўлмангизлар». Шу каби хотинлар томонидан ҳам маҳрни кўп талаб қилиш макруҳ кўрилган. Эркак томонидан хотиннинг мол-дунёсини суриштириш ҳам макруҳдир. Имом Саврий айтадилар: «Агар уйланаётган эркак: «Хотиннинг қанча мол-дунёси бор экан?» деб сўраса, билингки, у ўғри».
5. Никоҳланаётган аёл қиз бўлишини шариат тавсия этади. Чунки қиз эрини севади, жувон аёлга қараганда эрига кўпроқ эл бўлади ва кўнгил қўяди. Улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлади, негаки инсон табиати биринчи бўлиб синашта бўлган билан тезроқ улфатлашади, эр ҳам унга нисбатан меҳрини зиёда қилади. Чунки инсон табиати ўзидан бошқа одам уни ушлаган ёки у билан бирга ҳаёт кечирганини билса, кўникиши қийин бўлади (яъни, уйланадиган аёли фақат уники бўлаётганини билса, хотиржам бўлади).
6. Туғишга қодир бўлиши. Қиз боланинг туғиш ёки туғмаслигини билиш қийин, аммо унинг яқин қариндошлари фарзандли бўлса, у ҳам туғиши мумкин.
7. Насабли бўлиш, яъни динли ва солиҳ оиладан бўлиши.
8. Қариндош бўлмаслиги. Шу каби эр ҳам хотин ҳақида шуларга қарайди. Хотиннинг валийси эркакнинг дини, ахлоқи ва аҳволларига қарайди, чунки қизи никоҳ билан гўё унга чўри бўлади, яъни эрнинг ихтиёрига ўтади. Қачонки, эр фосиқ ёки бидъатчи бўлса, қизига ва ўзига зулм этган бўлади.
Бир киши Имом Ҳасан Басрийдан сўради: «Қизимни кимга эрга берайин?» Имом жавоб бердилар: «Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, унга зулм этмайди».
Никоҳ хутбаси
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга никоҳда ва бошқа нарсаларда ҳожат хутбасини таълим бердилар:
«Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз ундан ёрдам сўраймиз ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Шаҳодат берурманки, Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ. Ва шаҳодат берурманки, албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир.
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ҳаққини бажо этиб тақво қилинг, фақатгина мусулмон ҳолингизда ўлурсиз».
«Ва ўзингиз У ила сўраладиганингиз Аллоҳга ва раҳмлар ҳақида тақво қилингиз. Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир».
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри гап гапиринглар, сизнинг амалларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, катта ютуққа эришибди».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Никоҳ пайтида сўзланадиган сўз муқаддимасида ушбу хутбани ўқиш суннатдир. Шунингдек, никоҳдан бошқа муносабатларда ҳам. Бу хутба ҳамду сано, ташаҳҳуд ва тақвога чақирувчи учта ояти каримадан иборатдир.
Бани Сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга совчи қўйиб, Умома бинти Абдулмутталибни сўрадим. Бас, у Зот уни менга ташаҳҳудсиз никоҳлаб қўйдилар».
Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Умома Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари бўлади. Бани Сулаймлик киши Уббод ибн Шайбон розияллоҳу анҳудир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу никоҳда хутба ўқимаганлари никоҳ пайтида хутба ўқиш суннат эканлигини билдириш учундир. Чунки у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни ҳеч тарк қилмай, доимо қилсалар вожиб бўлиб қолади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичида ташаҳҳудди йўқ ҳар бир хутба худди мараз қўлга ўхшайди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Хутба қилмоқчи–сўз сўзламоқчи бўлган киши бисмиллоҳ, ҳамд, саловот ва ташаҳҳуд айтмоғи, шунингдек, тақвога чақирмоғи лозим. Шу жумладан, никоҳ хутбасида ҳам.
Қўшничилик кимга керак
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): Аллоҳга ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир, дейилган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшнилардан яхшиликни айямаслик керак. Бизнинг юртларда азалдан бу нарсага алоҳида аҳамият бериб келишган. Бирор яхши таом тайёрланса ҳам қўшнига берилган чунки овқат қилинган вақтда ҳиди қўшнига билинган. Уйда бирор маросим бўлса, қўшни чиққан бўлса ҳам яна унинг уйига бирор нарсадан чиқарилади. Бирор хурсандчилик – келин-куёвнинг фотаҳаси, ақиқадан келган нарса бўлса ҳам қўшнига берилади. Чунки унинг уйида бўйи етган йигит ёки қиз бўлади ёки келинни ҳурматидан ақиқанинг нарсасидан деб биринчи қўшнига чиқарилади.
Аммо энг ёмон нарса ҳасад қилинса ҳам қўшнидан бошланади. Нега у машина олди, нега машинасини алмаштирди ва ҳоказо. Ҳовлиларда ўзгача, кўп қаватли уйларда бошқача.
Ховлида қўшни олиб келган нарсасини машинасида олиб келса кўрмаслик мумкин. Аммо кўп қаватли уйлардан ҳар ҳолатда ҳам қўшни кўриши табиий. Нима олиб киряпсиз, нима олиб чиқяпсиз барчасини бевосита кузатиш мумкин.
Маҳаллалардаги бой кишилар орасида кўплаб саҳийлари топилади. Ўз уйини тартибга келтиргандан сўнг, кўчасини керак бўлса ён атрофгача тўғрилашга ҳаракат қилади. Ҳатто бутун бошли кўчани асфалт қилиши мумкин. Чунки қишдан сўнг кўчаларимизда чуқурликлар пайдо бўлади. Бундай саҳийларга қўлдан келганча ёрдам бериб ташаккур билдириш лозим.
Яқинда бир воқеа бўлди. Бир кўчани ремонти учун саҳий киши ўз ёнидан маблағ ажратиб, ўз кўчасини тартибга келтирди. Барча хурсанд. Энг аввало яхшилик қилганнинг ўзида енгиллик бўлди. Иш жараёнида қўшнилар қўлидан келганча ёрдамини аямади. Ишчиларга кимдир овқат қилган, бошқаси сувидан хабар олди. Иш битди. Шунда ҳасадчи пайдо бўлди.
Аммо бу саҳий, қаердан шунча маблағни олди? Нега бундай ишларни қилади? Жамоат жойдаги бу каби ишларни барча билан маслаҳат қилиши керак, деган савол берувчи пайдо бўлди ва қўшнисининг қилган ишига қарши чиқди. Бу эса барча қўшниларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Бошқа воқеа. Кўп қаватли уйда яшайдиган икки тижоратчи қўшни келишиб подезд олдидаги йўлакчани текситлаб қўйди. Машиналар ва одамларга юришга қулайлик яратилди. Аммо бу ерда ҳам ҳасад пайдо бўлди. Булар кўчани ямайдиган пулни қаердан топган? Шунча пулни топиш қийинку, дегувчилар майдонга чиқди. Буни ҳам қўшнилар айтди. Бундай қўшнилар кимга керак!!!.
Бу икки мисолда ҳам бой кишилар ўз манфаатларини кўзлаган бўлсаларда, қўшниларга ҳам фойда бўлди. Раҳмат, ҳамма фойдаланмоқда, барака топ, мен ҳам сенга ўхшаб шундай садақалар қиладиган саҳий бой бўлай, дейиш ўрнига ҳасад қиламиз. Қўшнилар олдида уларни ёмонлаймиз. Турли жойларга уларнинг устидан шикоят ёзамиз. Шундай қилсак ҳотиржам бўламиз деб ўйлаймиз. Аммо афсуски, бунинг акси, борган сари ҳасадимиз ортади. Бир қопга семирамиз деб ўйлаймизу, кечалари ухламай чиқамиз. Улар ҳақида яхши гумон қилиш ўрнига ёмон гумондамиз. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.): Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир, деганлар.
Қўшнига фойда бера оладиган гап топа олмасак, жим турайлик, шуниси фойда бўлар!!!
Хулоса ўрнида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан етиб келган қуйидаги икки ҳадисни айтамиз. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.)га “Фалончи аёл кундузи нафл рўза тутади, кечаси нафл намоз ўқийди. Аммо, қўшниларига тили билан озор беради”, дейилди. “Унда яхшилик йўқ. У дўзахда”, дедилар. “Фалончи аёл фарз намоз ўқийди. Рамазон рўзасини тутади. Қурт доналаридан садақа қилади. Ҳеч кимга тили билан озор бермайди”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “У жаннатда”, дедилар. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қўшнингга озор беришдан ўзингни тий. Агар у озор берса, сен сабр қил”, деганлар. Яхшилик қилиб ҳасадга учраётганларга Аллоҳ сабр берсин.
Она ва завжанинг оилада ўрни
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
Жамиятнинг бўғини бўлмиш оилаларнинг тинч-тотув, хонадонларимиз файзли бўлиши ва турмушимиз осудалигида муҳтарама оналаримиз билан бир қаторда аҳли аёлимизнинг ҳам ўрни каттадир. Улар фарзандларимиз тарбиячиси, бизларнинг меҳрибонимиз ва суянчиғимиз, кези келганда доно маслаҳатчимиздир. Хўш, оналар ва завжалар оилада муҳим ўринга эга эканлар биз эркаклар уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу иккисидан қай бирининг ҳаққи улуғроқ? Бу каби саволларга жавоб топиш учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига назар солинса, етарли маълумотларга эга бўлинади.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَبَرُّ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ: ثُمَّ مَنْ قَالَ: أُمَّكَ قَالَ ثُمَّ مَنْ قَالَ: أَبَاكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “(Бир киши томонидан:) “Эй Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай”, дейилди. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деб сўради. У зот: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деди. У зот яна: “Онангга”, дедилар. У: “Кейин кимга (яхшилик қилай)”, деганида, у зот: “Отангга”, дедилар” (Бухорий[1], Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан улуғроқ экан. Энди қайнона ва келиннинг эркакдаги ҳаққи бир-биридан қанчалик фарқ қилишини тасаввур қилиб кўринг.
Биз эркаклар мана шу ривоятдан келиб чиқиб энг кўп яхшиликни онамизга қилишимиз, шу билан бирга завжамиз ҳаққини ҳам унутиб қўймаслигимиз талаб этилади. Онанинг ҳаққи ҳар нарсадан устун. Келин қанчалик чиройли, доно, уддабурон, қўл-оёғи чаққон бўлмасин, муштипар онамиздан ортиқ ва афзал бўлолмайди. Шуни ёддан чиқармаслик лозим. Динимиз Ислом бизларга энг биринчи навбатда онага, сўнг отага яхшилик қилишга чақирган. Зеро ота-онанинг ҳаққи улуғдир.
Завжамизга қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида қуйидаги ривоятда набавий таълим берилган.
وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لأَهْلِي وَإِذَا مَاتَ صَاحِبُكُمْ فَدَعُوهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Оиша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши (муносабатда) бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз аҳлига энг кўп яхшилик қиладиганингизман. Агар соҳибингиз(дан, яъни оила аъзоларингиздан биронтаси) вафот этса, унга дуо қилинглар” (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Баззор ривояти. Ҳадис лафзи Термизийга тегишли ва унинг ривояти санади саҳиҳ).
Ҳадисдаги “аҳл”дан мурод кишининг оила аъзолари, хусусан завжасидир. Бошқа ривоятда “сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхшилик қиладиганингиздир”, деб очиқ-ойдин баён қилинган.
Ушбу ривоятда тирикларга ҳам, вафот этиб кетганларга ҳам бирдек яхши муомалада бўлиш, тирикларга яхши сўз, ширин муомала билан эзгулик улашиш, вафот этиб кетганлар ҳаққига дуои хайрлар қилиш, улар ҳақида ёмон гап айтмаслик, ғийбат қилмаслик лозимлиги таъкидланмоқда.
Мазкур ривоятга кўра, мусулмонлар ичида қайси бир эркак оила аъзоларига, хусусан завжасига яхши муомалада бўлса, ўша банда уммати муҳаммадиянинг энг яхшиларидан бири бўлар экан.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши бу масалада ўртача йўлни танлаши лозим. Онасини рози қиламан, деб фақат онага яхшилик қилиб, завжани хорлаш, унга ёмон муносабатда бўлиш, хотинини одам ўрнида кўрмаслик ҳам нотўғри. Аксинча, завжага ортиқча эътибор бериш, уни либос ва таом борасида кам-кўстсиз қилиб, онани бир бурда нонга зор қилиб, оч-наҳор, юпин ҳолда ташлаб қўйиш катта гуноҳ. Балки киши энг биринчи навбатда уни дунёга келтириб вояга етказган онасини эъзозлаб, унинг ҳақларини адо қилиб, кейин завжасига яхши муносабатда бўлиши, умуман олганда оила тинчлиги, фаровонлиги йўлида имкони борича ҳаракат қилиши керак. Сабаби ҳар бир мўмин-мусулмон эркакнинг оиладаги масъулияти катта ва қайнона ҳамда келин ўртасидаги муносабатлар яхши бўлишида ҳам асосан унинг ўрни муҳим саналади.
[1] Бухорий ушбу ривоятни “Ал-адабул-муфрад”да келтирган.
Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 66 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар