1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ҳақиқат таълимоти

Дунё машҳурларидан бири Лев Толстой ёзади: "Яхшиям қуён ботир эмас, агар у ботир бўлганида ер юзида қуён қолмасди". Дарҳақиқат, қуён қўрқув билан тирик. Қуённинг тириклигини мана шу оний қўрқувгина муҳофаза қилиб туради. Қўрқув - қуён учун яратганнинг олий неъмати!
    Буни қарангки, теранроқ ўйлаб кўрсак, инсонни ҳам инсоний мезонда тутиб турувчи куч - қўрқувдир! Яъни, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси! Мозийга бирров назар ташланг: инсоният қўлбола илоҳларга сиғинган пайтларида қанчалар тубанлашди. Аллоҳдан қўрқмайдиган замонларда ҳақсизлик ва умидсизлик гирдобида қолди. Уни инкор қиладигая тузумларда бошига не-не шўриш савдолар ёғилди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида марҳамат қилдиларки: "Ҳикматнинг боши қўрқувдадир".

Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита

Кимда ким банкка қўйган пули кўпайишини истаса, бунинг чорасини излайди. Худди шунингдек, кимки аёли билан ўзаро муҳаббати янада кучайишини истаса, бунинг сабабларини қидириши лозим бўлади. Қуйида ўша воситалардан 10 тасини келтириб ўтамиз.

1. Ўзаро ҳадялар улашиш.
Масалан, уйқуга ётиш олдидан чиройли атиргулни ёки чиройли рангли қоғоз (откритка)га гўзал сўзлар ёзиб, аёлингизнинг ёстиғи устига қўйиб қўйсангиз, бу нарса жуфтингизга қанчалик ижобий таъсир этишини кўрасиз. Эр аёлига ҳадяни кулгу ва табассум ҳамда ёқимли сўзлар билан берадиган бўлса, унинг қалбида эрига нисбатан кучли меҳр уйғонади. Ўз навбатида аёл ҳам эрига қўлидан келганича унинг меҳрини жўштирадиган бирор ҳадя беришга интилмоғи керак. Зеро, халқимизда “Қарсак ҳам икки қўлдан чиқади” деган мақол бор.
2. Ўзаро гаплашиб ўтириш учун алоҳида вақт ажратиш.
Суҳбат чоғида ҳам бир-бирларининг сўзини бетоқатлик, бесабрлик ва катта эҳтимом билан эшитишга уринишлари керак. Албатта, бунда самимийлик йўқолмаслигига жиддий эътибор қаратиш лозим. Зеро, Умму Заръ розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳонинг узун сўзларини эътибор билан, жим туриб эшитганлар.
3. Эрнинг аёлига ва аёлнинг эрига ўтли қараши.
Эр-хотин ўртасидаги расмий муносабатлар, яъни эрнинг ўз вазифаларини бажариши ва аёлнинг ўз вазифаларини бажариши ёки бир-бирларига севишларини изҳор қилишларининг ўзи муҳаббатни кучайтиришга кифоя қилмайди. Баъзида гап-сўзсиз, имо-ишоралар, қарашлар, овоздаги ўзига хос оҳанглар, кўзнинг муҳаббатга лиммо-лим ўтли нигоҳи ҳам ишни битириши мумкин. Буларнинг ҳаммаси кўнгил, руҳият орқали амалга ошириладиган ишлардир.
4. Ишга кетаётганда илиқ хайрлашув ва ишдан қайтганда илиқ кўришув.
5. Аёлни мақтаб туриш. Уни ҳамма нарсадан қизғонишини одоб билан изҳор қилиш.
6. Баъзи ишларда аёлга кўмаклашиш.
Масалан, уйдаги шахсий кутубхона китобларини тартибга келтириш, баъзи таомларни пиширишда ёрдамлашиш, болаларга тегишли нарсаларни биргаликда амалга ошириш ва ҳоказо. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйларида оналаримизнинг ишларига ёрдам берар, кийимларини ўзлари тикар эдилар.
7. Ширин сўз.
Эр ҳам, хотин ҳам бир-бирларига шундай сўзларни топиб гапирсинларки, натижада ўрталаридаги муҳаббат яна ҳам кучайсин. Масалан, бир-бирига севишини айтсин, “Сиз менга Аллоҳнинг неъматисиз” каби сўзларни айтиш айни муддаодир.
8. Суҳбат учун ҳеч ким халақит бермайдиган тинч жой танлаш.
Бунда хатто болаларнинг овозлари, шовқин-сурони ҳам эшитилмасин. Албатта, тўла хотиржамликни ҳис қилиб суҳбатлашиш эр-хотин ўртасидаги ўзаро ишонч ва меҳрни янада жонланишга ҳисса қўшади.
9. Ўртадаги муҳаббат меъёрида бўлишига эътибор бериш.
Бу жуда муҳим масала. Бир-бирини жуда қаттиқ ҳам севмасин, жуда бегоналашиб ҳам кетмасин. Ҳамма ишда мўътадиллик яхшидир. Зеро, муҳаббатга муккасидан кетишдан қайтарилган. Ўртада масофани сақлайман деб узоқлашиб ҳам кетмаслик керак. Зеро, ўртадаги масофани сақлашда қанчалик чуқур кетилса, муҳаббатга шунча путур етади. Кўпгина оилавий муаммолар ҳам аслида мана шу бегоналашувдан келиб чиқади. Пайғамбар алайҳиссалом “Дўстингизни енгилроқ севингки, куни келиб у душман бўлиб қолиши ҳам мумкин. Душманингизга ҳам енгилроқ адоват қилингки, куни келиб у дўст бўлиб қолиши мумкин” деганлар.
10. Эр-хотин бир-бирига оғир дамларда далда бўлиши.
Масалан, аёл касал бўлиб қолиши ёки ҳомиладорлик даврида унга моддий ва маънавий суянч кераклигини эр доим ёдида тутиши керак. Шунингдек, эрининг бирор сабаб билан кайфияти тушкунлигини, аёлининг меҳрига, далдасига муҳтожлигини фаросатли аёл дарҳол сезиб, қўлидан келган ёрдамини бериши, бундай пайтда эрининг ёнида туриши матлубдир. Шеригининг дардига ҳамдард бўлиш, уни қийнаётган муаммодан қийналиш ўртадаги муҳаббатни мисли кўрилмаган даражада ошириб юборади.  
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни мустаҳкам ва бахтиёр оилалардан қилсин. Турмушимизни янада обод этсин. Омин!

Нозимжон Ҳошимжон

Тўй ва маросим одоблари

 

 

 

Шариат таълимотларига мувофиқ ўтказиладиган маросимларнинг барчасида кўплаб ижтимоий, ахлоқий, диний ва бошқа фойдалар бордир. Ушбу маросимлар орқали бева-бечоралардан, дўсту ёрлардан, таниш-билиш, маҳалла-кўй ва бошқалардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади ва бошқа бир қанча фойдалар олинади.
Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга уни бошқаларга тақдим қилиш карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффороти ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмонга ибодат қилинг. Таомни тарқатинг. Саломни таратинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», деганлар».
Термизий ривоят қилган.
Саломни таратишда маънавий яхшилик бўлса, таомни тарқатишда моддий яхшилик борлиги ҳеч кимга сир эмас. Исломда таом тарқатиш ҳақида сўз кетганида, энг аввало фақир-мискин, бева-бечора ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдириш кўзда тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу Ислом дини камбағалпарварлигининг энг муҳим томонларидан биридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағал¬лар тарк қилинган зиёфат таомидир»,  дер эди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилганлар.
Исломда бировга таом бериш ниятида уюштириладиган маросим¬лардан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Маросим уюштирган одамнинг муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: «Менинг маросимимга қадам ранжида қилсангиз, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам бундай маросимнинг таоми «энг ёмон таом» деб сифатланмоқда. Демак, маросим қилувчи кимларни чақиришни ҳам билиши керак. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечораларни кўпроқ даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади.
Шунингдек, бойларнинг маросимида қатнашиб, камбағалнинг маросимига бормаслик ҳам катта беодобликдир. Бу иш мутакаббирлар ва риёкорларнинг ишидир.  Маросим эгасининг камбағаллиги, обрўси юқори эмаслиги ёки таомининг озлиги, сифати яхши эмаслиги унинг чақириғини қабул қилмасликка сабаб бўлмаслиги керак. Зотан, маросимлар турли табақадаги мусулмонларни бир-бирларига янада яқинлаштириш учун жорий қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар пойча ёки туёққа даъват қилинсам ҳам, албатта қабул қилар эдим. Агар менга пойча ёки туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта қабул қилар эдим», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Маълумки, сўйилган ҳайвоннинг калла-пойчаси энг охирида пишириладиган, унча эътибор берилмайдиган, назарга ҳам илинмайдиган қисми ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида ана шундай оддий нарса билан зиёфат қилиб чақирилса ёки ўша нарса у зотга совға қилинса, албатта қабул қилишларини таъкидламоқдалар. Бу ҳолат у зотнинг ғоят камтарликлари, ўз жамиятларидаги энг фақир, бечора кишилар билан ҳам дўстона алоқа ўрнатишга тайёр эканларини кўрсатади.
У зотнинг умматлари ҳам ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари лозим. Ёғли жойга айтилмаса ҳам бориб, бундайроқ жойларга ялинса ҳам бормаслик мусулмон кишига тўғри келмайди.
Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устига жамлаш мустаҳаб амаллардандир. Унда яхшилик ва барака бордир. Кўпчилик мусулмон жамланадиган жойда барака бўлиши ажабланарли эмас.

Бир жамоа одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз есак ҳам тўймаймиз», дейишди. «Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Шунда сизларга унда барака берилур», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Мусулмон халқларда, жумладан бизнинг халқимизда ҳам тўй ва шунга ўхшаш маросимлар муносабати билан уламолар жамоатчиликка ваъз-насиҳат қилишган, урушганлар яраштирилган, беморлардан хабар олинган, кексалар зиёрат қилинган, уларга маросим таомларидан насибалар берилган. Умуман, ҳалол-пок, шариатга мувофиқ ўтказиладиган маросимларда якка шахсларга ҳам, жамоатчиликка ҳам кўплаб фойдалар мавжуд.
Шу билан бирга маросимларда шариат кўрсатган чегарадан  чиқишнинг зарари бор. Мисол учун, ҳаром- ҳариш нарсаларни тановул қилиш ва гуноҳ ишларни амалга ошириш, маросимга риёкорлик, кибр, манманлик ва исрофни аралаштириш, ортиқча сарф-харажат қилиб ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказиш ва ҳоказолар маросим савобини йўқ қилади.
Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўлганларидан кейин қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, «Ал-Инсоф» номли китобда «Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир”, дейилган ва қуйида бир оз шарҳлаганимиз маросимлар келтирилган:
1. Валийма – келин тушириш (никоҳ тўйи) маросими. Никоҳ тўйини куёв тараф келиннинг шарафига уюштиради. Бу ҳанафий мазҳаби бўйича суннат амалдир. Ушбу тўй орқали никоҳ эълон қилинади. Тўйга ҳозир бўлган мусулмонлар жамоасининг янги оила, келин-куёв ҳақига дуолари олинади.
2. Азийра – хатна муносабати ила ўтказиладиган маросим. Ўғил болаларни хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам, Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айлангани яхши ишдир. Қолаверса, бу ишнинг инсон соғлиғи учун қанчалик фойдали эканини бугунги замона илми ҳам исботлади. Шунинг ўзи Ислом шариатида буюрилган амалларнинг ҳеч бири беҳикмат эмаслигини тасдиқлайди.
Ўғил болаларни хатна қилдириш муносабати ила камтарона дастурхон ёзиб меҳмон чорлаш саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумларнинг даврида ҳам бор эди. Хатна боланинг ҳаётидаги муҳим ҳодисалардан бири бўлгани учун бу маросим унинг ҳақига дуо олиш нияти билан ўтказилади.  

Солимдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар мени ва Нуъаймни хатна қилдирди. У биз учун қўчқор сўйди. Биз болалар орасида ўзимиз учун қўчқор сўйилганидан мақтаниб юрар эдик». Бухорий ривоя қилган. 
Демак, хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш саҳобалардан собит бўлган амал экан.
3. Хурса - бола туғилиши муносабати ила. Бу маросимни бизда аёллар учун қилиш одат бўлиб қолган. Янги фарзанд кўрган онанинг тўлғоқ ва туғишдан халос бўлганига шукрона сифатида ўтказилади. Бу маросим бизда асосан қариндош ва яқин аёллар иштирокида ўтади ва уни Тошкентда “қовурдоқ” деб номланади.
4. Вакийра – янги уй-бино муносабати ила. Бу маросим бизда “Уй тўйи” ёки “Ҳовли тўйи” деб аталади. Албатта, янги масканга эга бўлиш Аллоҳ таолонинг  шукронага сабаб катта неъматидир. Шукронанинг бир тури сифатида ва янги қўшниларга ўзини танитиш мақсадида ушбу маросим ташкил қилинади. У орқали кўпчиликнинг дуосидан умидвор бўлинади. 
5. Нақийъа – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши муносабати ила ўтказиладиган маросим. Турли сабабларга кўра оиладан, маҳалладан узоқда бўлган шахс эсон-омон юртига, оиласига қайтиб келгани шукронасига ўтказилади. Бу маросимни сафардан келган одамнинг ўзи ёки бирор яқин кишиси қилиши мумкин. Бунда ҳам бошқа маросимларга ўхшаш хурсандлик шукронаси, хайр-эҳсон савоби ва дуо умиди мавжуд.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида туя ёки сигир сўйдилар». Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтиб келганларида Мадинаи мунавварада иккита қўчқор сўйганлари ҳам ҳадисларда ривоят қилинган.
6. Ақийқа – бола етти кунлик бўлганидан кейин ўтказиладиган маросим. Оилада бола туғилиб, орага янги бош келиб қўшилгани Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон бандаларига ҳалол қилган ҳайвонлардан бирининг бошини кесиш билан нишонланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, боланинг соғ-омон туғилганига ва уни туққан онасининг саломат қолганига шукрона келтирилади.
7. Вазийма – мотам муносабати ила қилинадиган маросим. Вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг (сағирларнинг) ҳаққини аралаштирмай кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.
8. Маъдаба – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат. Бунда яқин қариндошлар ва дўст кишиларни меҳмон қилиш ниятида дастурхон ёзилади.
9. Ҳизоқ – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати ила зиёфат бериш. Қуръони каримни устоздан ўтқазиб, қоидалари ила тўлиқ ёд олиш катта неъмат ҳисобланади. Шунинг учун бу неъматга сазовор бўлганлик шукронасига маросим ўтказиш раво кўрилган.
10. Туҳфа – бирор киши шарафига қилинадиган маросим. Унда ўша шахс сафардан келмаган бўлади. Яхши кўрганиданми ёки яқинроқ танишиш ниятидами ёхуд шунга ўхшаш ишлар учун уюштирилади.
Бошқа уламолар қуйидаги икки маросимни ҳам қўшишган.
11. Бало-офатдан қутилгани шукронасига эҳсон қилиш. Албатта, банданинг турли бало ва офатлардан қутилиб қолиши ҳам шукронага лойиқ ҳолатдир. Мана шу муносабат ила ўз ихтиёри ила хайр-эҳсон қилса, яхши бўлади.
12. Катта мувофақият ва ютуққа этишгани шукронага уюштириладиган маросим. Ҳаётда катта мувофақият ва ютуққа эришиш шукронани талаб қиладиган ишдир. Бунда мазкур мувофақият ва ютуққа эриштирган Зот Аллоҳ таолога шукр қилиш рамзи бордир. 
Буларнинг валийма-никоҳ тўйидан бошыа барчаси мустаъабдир. Истаган ыилади, истамаган йщы.
Тўй ва маросимлар ҳақида улмоларимизнинг китобларида керакли маълумотлар тақдим қилинган. Қуйида шундай маълумотлардан баъзиларини келтириб ўтишга ижозат бергайсиз:  
– Маросим эгаси ўзи истаган кишиларни оғзаки ёки таклифнома воситасида таклиф қилади.
– Имкони борича кўпроқ тақводор, дуосидан умидворлик бор, қорни тўйса хурсанд бўладиган камбағал кишиларни, кўнгил яқинлари таклиф қилинади.
– Маросим эгаси ўз маросимида исрофга йўл қўймайди ёки жуда ҳам қисиб юбормайди. Имконига қараб ўртача иш тутгани яхши бўлади.
– Маросим эгаси рўза тутиб келганларнинг рўзасини очиришга ҳаракат қилмайди.
– Маросим эгаси тортган таомини мақтамайди.
– Таклиф қилинган маросимга бориш ҳанафий мазҳаби бўйича, агар у никоҳ тўйи бўлса – суннат, бошқа маросим бўлса – мустаҳабдир.
– Маросимда гуноҳ ишлар содир бўлиши аниқ бўлса, унга борилмайди.
– Маросимга бориш имконини топа олмаган киши таклиф учун ташаккур айтиб, эзгу дуолар қилади, бора олмаслиги учун узр айтади.
– Агар маросимга шахсан эмас, умумий тарзда таклиф қилинган бўлса, бориш-бормаслик таклиф қилинган одамнинг ихтиёрида.
– Таклиф қилинмаган шахсларнинг маросимга боришлари мумкин эмас.
– Маросимга таклиф қилинган киши ўзи билан таклиф қилинмаган одамни олиб борса, бунинг учун маросим эгасидан рухсат сўрайди.
– Маросимга борувчи маросим эгасининг ҳурматини ният қилиб боради.
– Маросимга белгиланган вақтдан олдин борилмайди.
– Маросимга белгиланган вақтдан кеч ҳам қолинмайди.
– Маросим эгаси меҳмонларни очиқ чеҳра билан, хурсанд ҳолда самимий кутиб олади.
– Маросим эгаси муҳтарам кишиларга ва тортиниб турганларга алоҳида латофатли муомала қилади.
– Маросим эгаси ортиқча такаллуфга, “олинг-олинг”ларга ўтиб кетмайди.
– Маросимга борган меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради.
– Мезбон ўзи таклиф қилмаса, тўрга ўтиши мумкин эмас.
– Меҳмон вожиб рўза тутмаган бўлса, таомдан ўзини олиб қочмайди.
– Меҳмон таом тановул қилишга шошилмайди.
– Меҳмон таом тановул қилишнинг умумий одобларига риоя қилади.
– Меҳмон ҳаммадан олдин таом тановул қилишдан қўл тортмайди.
– Меҳмон ўзига алоҳида, дастурхонга қўйилмаган таомни келтиришни сўрамайди.
– Меҳмон ўзига ёққан одамга дастурхондаги таомдан олиб бермайди.
– Маросим таомидан уйига олиб кетилмайди.
– Бошқалар туриб кетгандан кейин ўтириб қолиш ҳам одобдан эмас.
– Маросимга қатнашганлар маросим эгаси, унинг оиласи ҳақига дуо қилишади.

 

 

 

Кўпинча оила бошлиқларидан содир бўладиган айрим хатолар...

 

 

 

1.    Аёлга дини таълимотларини умуман ўргатмаслик, нима жоизу нима жоиз эмас, тушунтирмаслик. Шундай аёллар ҳам борки, ҳатто намоз ўқиш қонун-қоидаларини билмайдилар. Эрлари эса тақвони байроқ қилиб кўтаришади. Баъзи аёллар ҳайз ва нифос ҳукмларини ҳам билишмайди. Лекин, фалон нафис таомни қандай тайёрлашни, пистон европача тортни қандай пиширишни, номи ҳам аллақандай ғароийиб бўлган фалон салатнинг қандай тайёрланишини яхши биладилар. Чунки, эрлари буни талаб қилишади. Аммо, намоз, рўза ҳақида эса ҳеч нарса сўралмайди. Ҳолбуки, ҳадисда келганидек, оила бошлиғи қиёмат кунида бундай нарсалар ҳақида ҳисоб беради. “Ҳар бирингиз назоратчисиз ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан сўралурсиз”, дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).  
2.    Хатоларни излаб юриш... Агар эр киши ўз аёлининг айбини пойлаб, хатосини қидириб юрса ҳам оилавий фароғатга путур етади. Боз устига бу ишдан қатйрилганмиз. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади (мазмуни): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) киши ўз аҳли оиласига (кутилмаганда) кечаси кириб келишидан қайтардилар”. Чунки, бунда эр гўёки ўз аёлини хиёнат устида ушламоқчи бўлгандек туюлади. Шу боис ҳам сафардан тунда келиб қолган одам кутилмаганда уйига боришдан қайтарилган.
3.    Муолажанинг биринчи босқичидаёқ уришга ўтиш. Бу ҳам катта хато. Эрига итоатсизлик қилиб, ундан баланд келишга уринаётган аёл аввал маълум муддат насиҳат қилинади. Чиройли муоамала орқали бу ишдан қатариб, тарбияга чақирилади. Кўп аёллар шунинг ўзида инсофга келишлари мумикн. Агар бу иш кор қилмаса, кейинги босқичда уларни ётоқда тарк қилинади. Яъни эр киши яхши сўзлар ва гўзал момала билан ақлини йиғмаган хотиннинг бу ишларига норозилик сифатида аёли билан қовушмай туради. Бу туфайли ақлли аёл эс хушини йиғиштириб олади. Аммо, айрим аёлларга бу ҳам кор қилмайди. Ана унда юзидан бошқа жойига, майиб қилмайдиган, кўкартирмайдиган қилиб, эр ўзининг забтини кўрсатиб қўйиши учун номига “урилади”. Баъзи уламолар бунга мисол келтириб, масалан: “мисвок билан бундай, салгина туртиб қўяди” дейишган. Бу шунчаки, сиёсат юргазиш учун қўлланадиган сўнги чора бўлиб, буни суистеъмол қилмаслик лозим. Баъзилар зулм қилиб, унарга-унмасга аёлларини дўппослаб, калтаклаб, юзларига уриб, баданларини кўкартирадилар. Бу иш ўтакетган пасткашлик бўлиб, Ислом бундан қайтаради.  Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига келиб: “Аёлнинг эри устидаги ҳаққи нима”, деб сўради. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай жавоб бердилар: “Эр еганда, аёлини ҳам едириши, ўзи кийганда аёлини ҳам кийдириши, асло юзига урмаслиги ва аёлини таҳқирламаслиги ва (агар унга жаҳл қилиб бирга ётмоқчи бўлмаса) бу ишни фақат уй ичидагина қилишидир”.
4.    Аёлининг айбу камчиликларини, сирларини фош қилиш. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар (маъноси): “Албатта қиёмат Кунида Аллоҳ ҳузурида одамларнинг энг ёмони шундай кишики, аёлига яқин бўлади (ва барча сирларидан воқиф бўлади), аёли ҳам унга яқин бўлади. Кейин аёлининг сирини ҳаммага фош қилади”. (Аҳмад ривояти) Фош қилиниши ҳаром бўлган сирларнинг энг ашаддийси эса тўшакдаги сирлар ҳисобланади.
5.    Аёлларга қўрс-қўпол муомалада бўлиш... Баъзилар умуман аёлларига яхши гапирмайдилар, лутф ва хушомад қилмайдилар. Бу ҳам оилавий бахтнинг камолига путур еткизади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида марҳамат қилиб, бундай деганлар: أكمل المؤمنين إيماناً أحسنهم خلقاً، وخياركم خياركم لنسائهم  Яъни: “Мўъминларнинг иймони энг комилллари – хулқлари  энг яхши бўлганларидирлар. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёллариаг энг яхши бўлганларингиздир”. Бошқа бир ривоятда эса: أكمل المؤمنين إيماناً أحسنهم خلقاً، وألطفهم بأهله яъни: “Мўъминларнинг иймони энг комилллари – хулқлари энг яхшилари ва аёлларига энг кўп лутф ва марҳамат билан муомалада бўлганларидирлар”, дейилади. Мубоҳ бўлган ҳазил-ҳузил, эркалатиш каби ишлар билан аёллар қалбига хурсандлик олиб кириш ҳам уларга илтифот билан муомала қилиш туркумига киради. Набий (алайҳиссалом) аёлларига нисбатан ниҳоятда меҳрибон, ширинсухан ва илтифотли эдилар. Гоҳида Ойиша онамизга: “Буёққа кел, ким ўзарга мусобақалашамиз”, дея югуришар эдилар. Ойиша онамиз айтадилар: “шундай қилиб, У киши мен билан мусобақалашдилар ва мен У кишидан ўзиб кетдим”. Аёлларни эркалатгансимон номлар билан чақириш, уларнинг исмларини бироз ўзгартириб, майинлаштириб айтиш ҳам илтифотга киради. Набий (алайҳиссалом) Ойиша (розияллоҳу анҳо)ни “Эй Ҳумайро, анавиларга қарашни хоҳлайсанми”, дея бошқача ном билан чақирар эдилар. Ҳумайро бу юзлари қизил қиз, деган маънони билдиради. Гоҳида Ойиша дейишни ўрнига “Ойиш!”, дея исмларининг ҳарфларини қисқартириб, бироз бошқаароқ тарзда чақирардилар. Бу ҳам бўлса, аёлларини хурсанд қилиш ва илтифот кўрсатиш учун эди.
6.    Эркак кишининг баъзи уй юмушларида аёлига ёрдамлашишдан ўзини юқори тутиши... Баъзи нодон кимсалар эса бу ишни эркак кишининг обрўсига путур еткизади деб ўйлайдилар... Ва аёллари қийналаётганини кўриб туриб ҳам ёрдамлашмай, қоринларини қаппайтириб, телевизорни томоша қилиб ётаверадилар. Аёл бечора ҳам овқат тайёрлаши керак, ҳам йиғлаётган боласини овутиши керак, ҳам эрининг шундоқ ёнида турган дорисини олиб бериб ичириб қўйиши, чой тайёрлаб бериши, оёқ кийимини тозалаб қўйиши, фалон кўйлагини дазмоллаб бериши ва ҳоказо ишларни қилиши керак. Лекин бу ишларнинг барчасига бир вақтда улгуриш лозим. Шундай ҳолатларда баъзи эрлар аёлларига ёрдамлашишни эркак киши учун уят деб биладилар. Энди, дунёдаги барча эркакларнинг саййиди в улуғи бўлмиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйдаги ҳолатлари ҳақида эшитинг. Ойиша онамиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйда нима иш қилишлари ҳақида сўралганларида шундай жавоб бердилар: “У зот ўз (уйда) аҳли оилаларининг хизматида бўлардилар. Намоз вақти бўлганда эса намоза чиқардилар”.
7.    Аҳли аёлга нафақа қилишда ўта қурумсоқлик ва бахиллик қилиш... Эрларнинг ўз аёлларига нафақа қилишлари,  оила таъминотини зиммаларига олишлари Қуръон, Суннат ва Ижмоъ бўйича вожибдир. Аллоҳ таоло маҳамат қилиб, айтади:
“وعلى المولود له رزقهن وكسوتهن بالمعروف” Яъни: “Аёлларни маъруф билан ризқлантиришв а кийинтириш ота зиммасидадир”. “Маъруф” билан деганда ифрот ва тафритга йўл қўймаган ҳолда, одамлар ичида урф бўлган миқдорда, эл қатори едириб ичириш ва кийинтириш тушунилади.  Аёл киши эрига ўзидан фойдаланишга имкон берганлиги, эрининг сўзига итоаткорлиги, унинг уйида қўним топиб, уй ишларини бошқариши, фарзандларни тарбия қилиб, парваришлаши учун ҳам шундай нафақага лойиқ бўлган...  Ҳадисда:
“إذا أنفق الرجل على أهله نفقة يحتسبها فهي له صدقة” яъни: “Киши ўз аҳлига савоб умидида бирорта нафақа қилса ҳам албатта бу унга савоб бўлади”, дейилган. Яна Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
أفضل دينار: دينار ينفقه الرجل على عياله дея марҳамат қилганлар. Бунинг маъноси: “Динорнинг (яъни пулнинг) энг афзали: кишининг ўз аҳли аёлига инфоқ қилган динордир”.

 

 

 

Аёлларга яхши муомала қилинг...

 

 

 

Кўп оилалардаги муаммо ва келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар хотинларга нисбатан ё ифрот ёки тафрит билан муомала қилишдан кеелиб чиқади. Бу ерда ифрот деганимизда оилада ҳаддан зиёда талабчанлик, ҳаддан зиёда қаттиққўлликни тушунамиз, тафрит деганда эса ҳаддан зиёда бўш қўйиб, эр кишининг ўз аёлини бошига чиқариб олишини тушунамиз. Ҳолбуки, мазкур ҳолатларнинг иккиси ҳам тўғри эмас. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган кўплаб ҳадисларда, аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларни яхшилик билан, чиройли муомала орқали, гўзал сиёсат юргизиш ила тартибга чақириш васият қилинади. Чунки, бу дунёда ҳар томоналама мукаммал бўлган, намунали аёлни топиш душвордир.

Жумладан, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, бундай дедилар:

“استوصوا بالنساء خيراً” (Иставсув бин-нисааи хойрон). Яъни: “Аёлларни яхшилик билан тарбия қилинглар, уларга яхши муомалада бўлинглар!”. Ҳадис давомида шундай дейилади: “Чунки, аёл қийшиқ қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ томони эса энг юқорисида бўлади. Агар уни (буткул) тўғрилайман десанг, синдирасан. Бордию, шундай ташлаб қўйсанг, унда тўғриланмай, қийшиқлигича ётаверади. Бас, шундай экан, яхши гаплар билан аёлингизни йўлга солингиз”. 

Демак, оила қурган ҳар қандай киши, гарчи уйланган хотини энг тарбияли оиладан тушган бўлса ҳам, ундан онда-сонда турли нотўғри муомала, ўйламай гапириб юбориладиган гаплар, айрим кайфиятни бузадиган ишлар ва  итоатсизликлар каби нохуш ҳолатлар содир бўлишини истисно қилмаслиги Ва аёлидан содир бўладиган ана шундай ҳолатларга нисбатан асабини мустаҳкам қилиб, тайёр ҳолда туриши керак экан. Чунки, бунақа ишлар деярли барча аёл зотида бор нарсалардир. Агар эр қисқа вақт ичида аёлини буткул тузатаман деса, янглишади. Уни “синдириб” қўяди. “Синдириш” деганда аёлни уриб, уёқ буёғини синдириш эмас, балки оила бузилиши назарда тутилган. Яъни эр ўз аёлининг ҳар сафарги катта ёки кичик нотўғри ишларида жазолаб, уруш-жанжал кўтариб, ундан идеал аёл бўлишини талаб қилса, аввало бу иш асло амалга ошмайди. Натижада уруш жанжал давом этаверади ва пировардида уларнинг оиласи бузилиб кетади. Аллоҳ асрасин...

Лекин, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бордию, эр киши чарчаб, аёллар ўзи шунақа бўлар экан-да, энди нима қилса қилаверсин, мени тинч қўйса бўлди, деб жиловни бутунлай бериб қўйса ҳам бўлмас, экан. Бунда оилада эр билан аёлнинг ўрни алмашиб қолади. Ва шу туфайли ҳам ўртада албатта низо пайдо бўлади.

Шундан ҳолатлардан сақланишнинг энг яхши йўли аёлларга сабр билан хатоларини чиройли услубда  тушунтириш ва гўзал муомала қилиш орқали узоқ вақт давомида тарбиялашдир. Бунинг учун эр киши яхши сиёсатчи бўлиши лозим. Албатта, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада энг яхши ўрнак ва намунадирлар.                               

Аллоҳ таоло аёллар билан яхши муомалада умргузаронлик қилишга чорлаб шундай марҳамат қилади:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

Маъноси: “Ва улар билан яхшиликда турмуш кечирингиз. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, сизлар бирон нарсани ёқтирмассиз, лекин Аллоҳ ўша нарсада кўп яхшиликларни пайдо қилиши мумкин”. (Нисо сураси, 19-оят).

Демак, киши аёлининг қайсидир хулқидан норози бўлса, шу билан ўртани бузиб юбормаслиги, балки, бу ҳолатни Қуръону Ҳадисларда келган ўгитлар воситасида, чиройли муомала билан муолажа қилмоғи лозим. Бу иш қуруқ талабчанлик ва дўқ-пўписалардан кўра кўпроқ натижа беради иншоаллоҳ...

Юқоридаги оят мазмунидан шуни тушунамизки, киши ўз аёлини қайсидир хулқи туфайли ёқтирмай қолган бўлса, дарров оила риштасини узишга шошилмасин. Зеро, у ёқтирмаган ўша нарсада келажакда Аллоҳ таоло кўплаб яхшиликларни чиқариб қўйиши мумкин. Аёлингизда бирон камчиликни кўрсангиз, унинг бошқа фазилатларини ҳам кўз олдингизга келтиринг. Дарров уни ёмон кўриб қолманг. Шу маънода Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар:

لا يفرك مؤمن مؤمنة، إن كره منها خلقاً رضي منها آخر
Маъноси: “Мўъмин киши ўзининг мўъмина аёлидан нафратланмасин. Агар унга аёлининг битта ёмонроқ хулқи ёқмаса, бошқа( яхши) хулқи ёқади, хурсанд қилади”. (Муслим ривояти)

Демак, аёлларимизни уларнинг табиатидаги ўзимизга ёқмайдиган айрим хулқу атворлари туфайли ёмон кўриб қолмаслигимиз, балки, бошқа яхши хулқларини эслаб, сабр билан, рози бўлиб яшамоғимиз мақсадга мувофиқдир. Баъзи ҳикматларда келишича, киши турмуш қуришдан аввал иккала кўзини очиши керак. Тўйдан кейин эса бир кўзини юмиши лозим...

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 39 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ