1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Аёллар йиғилишларида...

...Уйланаётган йигитларга аёллар хусусида Аллоҳга тақво қилишини насиҳат қиламиз. Аёлларига муомалада ва турмушда яхшилик қилиб, мақсади Аллоҳнинг розилиги бўлиб, фаҳм ва шармандаликдан эҳтиётда бўлишсин. Чунки аёлларнинг ўзларининг йиғинлари бор, у ерда эрлари хусусида сўзлашади, худди эркаклар ўз йиғинларида аёллари ҳақида сўзлашганидек. Ҳар бир аёл эрининг табиати ва аёлига бўлган яхши-ёмон муомаласи ҳақида сўзлайди. Қуйида биз келтирадиган қисса мана шу аёллардан бирининг уйида йиғилган ва эрларининг яхши-ёмон сифатлари ҳақида айтиб беришга аҳдлашган ўн битта аёл ҳақидадир. Уларнинг эри ва ўзи ўртасидаги пардани олиб ташлаб, унинг ахлоқи, табиати, ўзига бўлган муомаласи ҳақида, шу жамоаси ичида гапириб беради. Бу ривоят қилинадиган ҳадисни Имом Бухорий саҳиҳларида «Аҳли­аёлга чиройли муомала боби»да ёритиб берганлар. Ҳадиси шарифнинг матнини ибрат учун эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Ўн бир аёл иштирок этган мажлисда ўтирдим. Улар эрлари ҳақида ҳеч нарсани яширмай гапириб беришга аҳдлашиб олдилар.
Биринчиси айтди: «Эрим қия тоғ бошидаги ориқ туя гўштига ўхшайди. Осонмас­ки чиқилса, семизмас­ки олишга арзиса. (Эрини ориқ туя гўштига ўхшатяпти, у чиқиш қийин бўлган тоғнинг бошига қўйилгандек. Инсон унга машаққатсиз етолмайди, гўшти ҳам семиз эмаски, ҳаракат қилса. Тоғнинг ҳам йўллари осон эмас, чиқаман деса кўп захмат чекади. Эрини ёмон хулқи сабабли яхшилиги кам, яхшиликлардан узоқда, деб таърифлаяпти Бу сўзлари билан эри ёмон, унда яхшилик йўқлигини ирода қиляпти)»
Иккинчиси айтди: «Эримнинг хабарини берсам, тўхтай олмайманми, деб қўрқаман. Ундан фақат камчилик ва хатоларини гапираман. (Камчилик ва хатоларидан мурод ички ва ташқи айб­нуқсонларини айтмоқчи: «мен у ҳақда гапиролмайман, чунки айблари санаб бўлмайдиган даражада кўп, айблари ва қабиҳликларини санаб тугата олмайман деб қўрқаман, деб эрининг зоҳирий ва ботиний айблари кўп ва яхшилиги йўқлигини ирода қиляпти)».
Учинчиси айтди: «Эрим «ашаннақ», гапирсам бўламан талоқ, жим турсам қоламан муъаллақ («ашанноқ» – жуда ҳам узун бўйли) (Эрини ҳаддан ташқари узун ва ҳаддан ташқари аҳмоқ, деб таърифлаяпти. Агар айбларини зикр қилса, талоқ қўйиб юборади ва калтафаҳм, аҳмоқлигини гапирмай жим бўлса, на тулга ва на эри бор хотинга ўхшамай, муаллақ қолади. Унинг ҳам эри юқориларникидай ёмон, яхшилик йўқ. Бўй бору, ақл йўқ).
Тўртинчиси айтди: «Эрим Тиҳома (жойнинг номи)нинг кечаси каби. Иссиқ ҳам, совуқ ҳам, хавфли ҳам эмас, зерикарли ҳам эмас. (Бу аёл эрини мақтаб, Тиҳома тунларига қиёс қилмоқда. Чунки у ерда тунлар мулойим, мўътадил, димлик ҳам, совуқлик ҳам йўқ, худди шундай, эрининг ахлоқи гўзал, аёлига муомаласи яхши) Ибн Ҳажар «Фатҳ»да айтадилар: «Эрини гўзал муомала, мўътадил ҳолат (табиат) билан васф қилди ва ботини (ички дунёси) ҳам саломатлигига ишора қилди. У айтмоқчики: «Хулқи ёмон эмас, у билан бирга зерикмайман, чунки мен у билан худди Тиҳома аҳллари мўътадил тунлари билан лаззатланганларидек, лаззатли ҳаёт кечирмоқдаман» (Бу ўта балоғатли (қисқа ва ойдин) мақтов. Эрини гўзал турмуш ва мукаррам ахлоқ билан мақтамоқда)
Бешинчиси айтди: «Эрим кирса қоплан, чиқса арслон, аҳд ҳақида асло сўрамайди». (Эрини шижоат ва душманларга йўлиқишда қоплон ва шерга ўхшатяпти, лекин у аҳли оиласи аҳволи ҳақида сўрамай, ишларига қарамайди, шу томонлама қосирлиги бор) Демак, эрини бир жиҳатдан мақтаб, бир жиҳатдан қоралаяпти)
Олтинчиси айтди: «Эрим еса семиради, ичса семиради, ухлашга ётса, ҳар томонга юмалайди, дардимни билиш учун кафтимга қўл солмайди. Овқат еса, ичимлик ичса, дастурхонда бирор нарса қолмайди, ухласа кийимларига бурканиб, аҳли аёлига орқа қилиб қотиб ухлайди, аёлининг дарди, ғам­алами нималигини билишга қўл чўзмайди. Бу ёмонлашнинг юқори чўққиси. (Уни очкўз, уйқучи, аҳлига нисбатан яхшилиги йўқ, деб таърифлаяпти»).
Еттинчиси айтди: «Эрим ё дудуқ, ё адашган ё ёпиқ. Ҳамма дард унга ҳамдард. Ў сени ёради, ё синдиради, ё сенга ҳаммасини йиғлаб таттиради» (Эрини тили чучук, фасоҳатсиз, ишларида худди зулматда юргандек адашиб юради, саодат сари йўлни англай олмай, тўғри текис йўл топа олмайди, деб таърифламоқда. Бу унинг яратилиш табиати, энди хулқи ва аёлига муомаласи хусусида жирканч, разил ва кўп касал бўлишига қарамай аҳлига доим ёмон муомалада бўлади. Уни урганида ё бирор жойини ёриб, ё синдириб ташлашига оз қолади. Бу қабиҳлик ва жирканчликнинг учига чиққан ҳолати). Эрини калтафаҳмлик ва аҳмоқлик билан, ёмон сўз ва ишлар билан таърифлаяпти, чунки у ахлоқи ёмон, табиати қабиҳлик маразликда учига чиққан.
Саккизинчиси айтди: «Эрим ушлаши «арнаб», ҳиди эса «зарнаб» (Бу эрини мақташ бўлиб, хулқи юмшоқ, турмуши гўзал ва кийимлари ва терисининг ҳиди ширинлиги билан «зарнаб»га ўхшайди. Зарнаб – ширин ҳидли ўсимлик. Сўзларининг юмшоқ ва латофатлилиги, табиатининг ҳаловатлилиги бўйича «арнаб» қуён ушлашга ўхшайди.) Бу момиқ табиат ва мукаррам хулқ ва гўзал муомаладан киноядир.
Тўққизинчиси айтди: «Эрим устунлари соз, бўйлари дароз. £ўллари тошқин, уйлари чақирувчига яқин» (Эрини шараф, юқори мартаба ва мансаб билан таърифлаяпти. Шу билан бирга сахий, меҳмондўст, чунки кулларнинг кўплиги ўчоқда олов кўплигини билдиради. Оловнинг кўплигини бу эса таомнинг кўплигига, у эса меҳмонларнинг кўплигига далолат қилади. Бу юқори мансаб ва кенг имконият ва сахий­каримликдан киноядир.
Ўнинчиси айтди: «Эрим жуда ҳам мулкдор. У мулкдорликда қолганлардан ўтар. Жуда кўп туяси бор, жуда кам ўтлар. «Уд» товушини эшитса, ўламан деб додлар» (Эрини мақтаб айтяпти, у юқоридаги эрларнинг ҳаммасидан яхшироқ. «Жуда ҳам мулкдор» деган сўзидан мурод – ишлари ва шаънини улуғлаб, мақтайди. Яна эрининг меҳмондўстлигини таърифлаб, шу нарсани туялари ҳолатига мисол қилиб келтиряпти, улар ташқарида ўтлаб юрмай, кўпинча ҳовлиси ичида туриб, меҳмонлар учун мўлжалланган. Ва агар унинг уйига меҳмон келса, иззат-икром кўрсатиб туяларидан бирини сўйишга шошилади. Туялар ҳам чолғу товушини эшитса, сўйилиши ва гўшти овқат бўлиб, меҳмонларга тортиқ қилинишини билиб типирчилаб қолади. Бу ўта сахийлик белгисидир) Уни ҳамма юқорида ўтган эрлардан кўра яхшироқ, деб таърифлаяпти. У бой, мол­мулки ва меҳмони кўп, меҳмонлар учун жонлиқ сўйишдан қочмайди.
Ўн биринчиси айтди: «Эрим – Абу Заръ. Қандайин ҳам Абу Заръ? Зирак ила қулоғимни туширди, ёғ ила билагимни пиширди. Мени хурсанд қилиб, руҳимни шодлади. Мени ғанимат аҳлидан олди­ю, кейин мени кишнаб ўсган ва қуриллаганлар аҳлига солди. Унинг ҳузурида сўзлайман, ухлайман, тонг оттираман, ичаман, чанқоғимни қондираман». (Айтмоқчики: У мени ҳар турли тақинчоқлар билан тўлдирдики, зираклардан қулоқларим тушиб кетди. Ўзининг гўзал муомаласи билан мени хурсанд, шод этиб, мартабамни оширди. Мени чорвалари оз бўлган фақирлар аҳлидан топиб, отлари, туялари, экинзорлари, ва товуқ­ўрдаклари сероб оилага олиб келди.) Сўнгра Абу Зарънинг онаси, фарзандлари ва хизматкорлари ҳақида гапириб, сўзини якунлади.
Айтди: «Абу Зар мешлар кувланган (яъни, сутлардан ёғлари олинган) пайт кўчага чиқиб, икки, қоплондек (эпчил) фарзандлари атрофида ўйнаб юрган бир аёлни кўриб қолиб, мени талоқ қилиб унга никоҳланиб олди, мен ҳам ундан кеийин бир чавандоз, асил аёғирга минган, айбдорларга шафқатсиз, мени ноз­неъматга кўмган ва ҳар хушбўйликдан менга жуфт берган ва: «Егин Умму Заръ ва аҳлинг (оиланг)ни ҳам таъминла деган мардга эрга тегдим»
Айтди: «Лекин у менга берган ҳамма нарсани йиғадиган бўлсам ҳам, Абу Зарънинг энг кичик идишига ҳам сиғмайди!!!»
Оиша (р.а.) айтдилар: «Менга ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен сенга Абу Заръ, Умму Заръга бўлганидек бўлдим» деган эдилар» (Бухорий «Фатҳул Борий»да, Муслим «Умму Заръ ҳадисларининг зикри боби»да ва Термизий «Шамоил китоби»да келтиришган)

Ҳадис маъноси: Эри Абу Заръни жамики эркаклардан устун деб, гўзал муомаласи, гўзал ахлоқи, мукаррам сифатларини мақтади. У аёлига турли хил неъматларни тўкиб­сочган, кўп эҳсон (яхшилик) қилган. Унинг ҳузурида аёли гапириб қолса, гапини хунук санамаган. Аёли ухласа, у то ўзи уйғонмагунича бирортаси безовта қилмаган, бирор нарса ичса, қониб ичган, чунки у мукаррам уйда, эркалатиб унга фақат саодат ва хурсандчиликни раво кўрган кишининг ҳузурида яшаган.
Лекин ҳаёт доим бир маромда давом этавермас экан. Саодат ҳам у аёлда давомий бўлмади. Одамлар сутдан сариёғ чиқараётган, баҳор кунларининг бирида эри кўчага чиқиб, чиройда тўлин ойга, шўхлик ва ҳаракатчанликда қоплонга ўхшаган, ёнида икки фарзанди бор бир гўзал аёлни кўриб қолди. Аёл Абу Зарънинг кўнглига ўтириб, уни севиб қолади. Аёлини талоқ қилиб, уни никоҳига олади. Аёли эса ундан кейин жасур, шавкатли, чавандоз, шу билан бирга аёлидан ҳеч нарсани аямайдиган сахий кишига эрга тегади. Бу хусусида у шундай дейди: «Иккичи эрим ҳам турли ноз­неъматлар бериб: «Еб­ич ва хоҳлаганингча аҳлинг (ўзингнинг оиланг)га ҳам яхшиликлардан бер», деди. Лекин менга берган ҳамма нарсаларни йиғсам ҳам, Абу Зарънинг идишлари ичидаги энг кичик идишга ҳам сиғмасди». Бу сўзи аввалги эрини кейингисидан кўра кўпроқ яхши кўрганига далолатдир.
Яна бир ривоятда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Оиша (р.а.)га айтганлар: «Мен сенга (яхшилик ва муҳаббатда) Абу Заръ, Умму Заръга бўлгани кабидурман, лекин мен аёлларни талоқ қилмайман» (Табароний ривояти).

Бу аёллар эрлари ҳақида гапириб, уларнинг айбларини очиб ташлашди. Энди эркаклар бундай нарсадан қутила оладими? Бундай шармандаликдан сўнг қандай қилиб аёллари билан яхши муносабатда бўлишсин?!

Муҳаммад Али Сабуний китобдан

Ажрашишликни хоҳлаган аёл

Савбон (р.а.)дан ривоят қилинади дедилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай буюрдилар: «Қайси аёл ажрашишликни келтириб чиқарадиган жиддий бир ҳолат бўлмаган ҳолда (арзимас нарса туфайли) эридан талоқни истаса унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир» (Абу Довуд; имом Термизий; Ибн Можа, Доримий: Аҳмад бин Ҳанбал).

РОВИЙ САВБОН (Р.А.)

Кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган ровий Савбон аслида саротликдир. Сарот Яман ва Макка орасидаги бир жойдир. Савбон (р.а.) асирга тушган эдилар. Шу вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.) уни сотиб олиб, озод қилдилар. Бу сабабдан саҳоба «Расулуллоҳ (с.а.в.) озод қилганлари - дея танилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) у саҳобани ўз юртига қайта олишликларини ифода этдилар, у эса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларида қолишликни ихтиёр қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларидан ҳатто сафарларда ҳам ажрамасдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вафотларига қадар у зот (с.а.в.)га хизматда бўлдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин Савбон (р.а.) Шомга кетдилар. Бир муддат Фаластин - Рамлада яшадилар. У ердан кейин Ҳумусга келдилар ва бир уй қуриб, у ерга жойлашдилар. 54-йилда Ҳумусда вафот этдилар. Зеҳнлари ўткир бўлган Савбон (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитганларини тўла ҳолда нақл қила олардилар. У зот 128 та ҳадис ривоят этиб, бир қанча тобеъинларга устозлик қилганлар.
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким халқдан бирор нарса истмаслигига доир менга ваъда берса, мен ҳам унга жаннатнинг кафолатини бераман - дея жавоб бердилар ва ҳаётларида ҳеч кимдан бирор нарса истамадилар. Ҳатто маркабда эканлар, ерга қамчилари тушиб кетганда ҳам, ҳеч кимдан олиб беришликни сўрамасдан ўзлари маркабдан тушиб, қамчиларини олганлар.

ИЗОҲ

Талоқнинг ҳақ-ҳуқуқи эркакка оиддир. Эркак ўз аёли билан оилавий муносабатларда келиша олмаса, истаса талоқ қилади. Оила муносабатларига ўз куч ва ғайратини кўрсатмаган эркакдан эзилган ва қийналган аёл, бундай ҳаётдан қандай қутула олади? Албатта бундай вазиятда Ислом дини оила ҳуқуқ низомининг ўртага қўйган, ҳал қилиш йўлларидан бири бўлган мухолаъа орқалидир (Аёл мол эвазига ажрашишликни (талоқ қилишни сўраб) эридан истамоқлиги) .
Мухолаъа (ёки хулуъ) аёлнинг маҳр оладиганидан ёки идда нафақасидан воз кечиши, ёки бошқа бир бадал (фидя) бериши эвазига эридан ўзини талоқ қилишлик талабида бўлишидир.

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

Оилада эр ва хотинлар ўртасида шиддатли бир бирлари билан умуман чиқиша олмайдиган ҳолатлар каби жиддий муоммолар, кескин вазият бўлмаган ҳолларда аёлнинг эридан талоқ сўрашлиги ҳаромдир.
Жиддий вазиятлар, тушунмовчиликлар ва турли муаммолар бўлган пайтда эр аёлни талоқ қилиб, ажрашишликлари машруъдир. Бироқ бундай ҳолатда эр-хотинларнинг ўртасини Қуръон ва суннатга мувофиқ ислоҳ қилмоқлик лозимдир.
 Эри жуда хунук бўлгани туфайли роҳатсиз, ҳузурсиз бўлган аёл, моддий бир манфаат эвазига (хулуъ йўли билан) ажрашишлик талабида бўлса бўлади.
Бундай ҳолда эрнинг аёли бир талоқ қилиши авлороқдир. Чунки пушаймон қилиб, эр хотиннинг бир-бирига қайтиши эҳтимоли бордир.
Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадисларида:
«Аллоҳга ҳалол қилингандан энг ёмони талоқдир» -дея келган (Абу Довуд, Ибн Можа) .
Ҳадис матнида ўтган «...Жаннатнинг ҳиди ҳаромдир» жумласи.
А) Жаннат ҳидини туйиш неъматидан ва лаззатидан маҳрум бўлади;
Б) Жаннат ҳидини илк ҳис қилган солиҳ мўъминлардан бўла олмайди, маъносида тушунилгандир.
1.    Бева аёл бошқа турмуш қурмай, ҳаётнинг машаққатларига чидаб, фарзандларини яхши тарбиялаб улғайтирса, бу иш унинг жаннатга киришига сабаб бўлади.
2.    Жаннатга киришда чиройли ва хунук аёл ажратилмайди. Бироқ гўзал юзли бева аёлнинг харидори кўп бўлади. Мана шу ҳолатда ҳаётнинг қийинчиликларига чидаб, ўз ҳаловати ва нафсоний хоҳишларидан воз кечиб, етим болаларининг келажаги учун қайғурган аёл янада кўпроқ савобга ноил бўлади ва охиратда юксак даражага эришади.
3.    Фазилатли амал – оз бўлса ҳам қийин ва давомли бўлган амалдир.
4.    Етимларни ҳимоя қилиш, ўстириш ҳамда уларни меҳру муҳаббат билан қучоқлаш Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари (с.а.в.) ташвиқ қилган солиҳ амаллардан биридир.
Жаноби Ҳақнинг:
 «Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!»( Зуҳо сураси 9-оят) деган иршодини тинглаган Расули Акрам (с.а.в.): «Мусулмонлар уйининг энг хайрлиси етимларга яхши муомала қилинганидир. Мусулмонлар уйининг энг ёмони эса, етимларга ёмон муносабат кўрсатиладиганидир. Етимни боққан киши жаннатда мен билан шу икки бармоғимдек яқин бўлади», (Ибн Можа, «Адаб», 6)  деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, «Аллоҳим! Мен икки ожизнинг, яъни етим билан қиз боланинг (аёлнинг) ҳаққини ейиш гуноҳ ва ҳаром эканини инсонларга айтиб, уларни бундан қайтардим (Сен шоҳид бўл)», (Ибн Можа, «Адаб», 6, Аҳмад ибн Ҳанбал II, 439)  дея етим (Етимлик даври балоғатгача бўлган вақтдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Балоғатдан кейин етимлик (тугайди) йўдир» (Абу Довуд, «Васоя» 9: Забидий «Ухуд-ъул-Жавоҳир II, 94) деб марҳамат қилганлар) ва қиз болаларга жиддий эътибор лозимлигини таъкидлаганлар. Расули Акрам (с.а.в.) оталари шаҳид бўлган болаларга доимо марҳамат кўрсатганлар. Асмо бинти Умайс (р.а.) шундай дейди:
«Жаъфар ва биродарлари шаҳид бўлганда, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига бордим. Ўша куни мен қирқта тери ошлаб, хамир қориб, болаларимни ювинтириб, хушбўйлик сургандим. Дарҳол Расулуллоҳ (с.а.в.): «(Жанг майдонида шаҳид бўлган) Жаъфарнинг болаларини ёнимга олиб келинг», дедилар. Мен дарров болаларимни Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига келтирдим. Пайғамбар (с.а.в.) уларни ҳидлади (ўпди)лар ва кўз ёш тўкдилар. Шунда мен:
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Нега йиғлаяпсиз? Ёки Жаъфар ва ҳамроҳларидан Сизга бирон хабар келдими? – деб сўрадим. Пайғамбар (с.а.в.):
– Ҳа, улар бугун шаҳид бўлишди, – дедилар» (Аҳмад ибн Ҳанбал, IV. 370) .
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сўз ва ҳаракатларидан ибрат олган мусулмонлар асрлар оша етимхоналар қуриб, боқувчиси бўлмаган болаларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаганлар. Бугунги кунда ҳам ўзларига узаладиган шафқатли қўлларни кутиб яшаётган қанча-қанча муҳтож болалар бор. Бундай болаларга ёрдам берадиган меҳрибонлик жамиятлари, ўрни келганда афсус билан айтиш жоизки, кутилган савияда эмас. Бу жамиятлар исломий маънода ислоҳ қилиниши ва ривожлантирилиши лозим. Ўғил болалар билан қиз болаларни алоҳида биноларга ажратиш ҳамда уларга нисбатан эътиборни кучайтириши, диний ва дунёвий билимлар билан биргаликда юксак ахлоқий тарбия берилмоғи даркор. Бу мавзуда, албатта, тегишли диний ташкилотларга улкан масъулият юкланади.
5. Жаннатга киришга васила бўлган етим(лар)ни боқиш, айни пайтда, Аллоҳнинг неъматларини қадрига етмайдиган бағритош инсонлар учун муомала усули эканини ҳам ўрганиб оламиз.
 Абу Дардо (р.а) шундай дейди: «Бир киши Пайғамбаримизга (с.а.в.) келиб, ўзининг бағритошлигидан шикоят қилади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) у кишига шундай насиҳат қилдилар: «Юрагинг юмшашини ва эҳтиёж сезган нарсангга эришишни истайсанми? У ҳолда етим (лар)га марҳаматли бўл. Уларнинг бошини сила ва ўзинг еганингдан унга ҳам едир, шунда кўнглинг юмшайди ва орзу қилган нарсангга эришасан» (Табаронийдан ривоят қилинган бу ҳадис саҳиҳдир. Қаранг: Муновий «Файзул қодир» I, 108) .

Фотима Сулаймон қизи

Эр-хотин ўртасидаги рашк

Абу Бакр Сиддиқ қизи Асмо (р.а.) ривоят қиладилар:
«Зубайр менга уйланди. Унинг сув тортадиган туяси-ю отидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди. Мен отига ем берар, туяси ёрдамида сув тортар ва қўл тегирмонда дон янчиб, хамир қилар эдим. Лекин мен ҳали яхши нон ёполмас ансория қўшниларимдан бири ёпиб берар эди. Улар (қўшни ҳақларига риоят қиладиган) яхши аёллар эди. Мен янчилган донни бошимга қўйиб, Зубайрга Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) инъом қилган ердан аёл қўшнимнинг ерига олиб чиқар, қўшним эса мендан уч фарсах нарида турарди. Бир куни донни бошимга қўйиб кетаётгна эдим, йўлда Жаноб Расулуллоҳни (с.а.в.) бир гуруҳ ансорлар билан учратиб қолдим. Ул зот мени қошларига чақирдилар, кейин мени туяларига миндириб олмоқчи бўлиб, 9туяга) «иҳ, иҳ» (чўк, чўк!) дедилар. Аммо, мен эркаклар билан бирга кетишдан уялдим. Зубайр ва унинг рашки ҳақида эсладим, чунки эрим ўта рашкчи одам эди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг ҳаё қилганимни билиб, йўлларида давом этдилар. Кейин мен Зубайрнинг олдига бориб, унга: «Мен бошимга донларни қўйиб кетаётган эдим, Жаноб Расулулоҳни (с.а.в.) бир гуруҳ саҳобалар билан учратиб қолдим. Шунда ул зот туяларини чўктириб мени миндириб олмоқчи бўлдилар, мен уялиб кўнмадим. Айни пайтда сизнинг рашкчи эканингизни ҳам билардим», - дедим. Эрим: «Худо ҳаққи, бошингдаги донингни кўтариб олсалар, майли-я, аммо сени юкинг билан туяларига миндириб олганларида менинг шаънимга оғир бўлар эди!» - деди. Ниҳоят (отам) Абу Бакр (ҳазратлари) бундан бу ҳодисадан кейин менга бир хизматчи келтирдилар. У мени от боқишдан қутқарди ва бу юмушлардан озод қилди.

РОВИЙ АСМО БИНТИ АБУ БАКР (Р.А.)

Асмо (р.а.) Ҳз. Абу Бакр ас-Сиддиқнинг (р.а.) қизларидир. Ҳз. Оиша (р.а.) билан ота бир опа-сингилдир. У Ҳз. Оишадан (р.а.) ўн беш катта. Илк мусулмонлардан бўлган Асмога (р.а.) Расули Акрам (с.а.в.): «Икки белбоғли» деган лақаб берганлар. Ривоятга кўра ҳижрат қилиш учун йўлга тайёргарлик кўрилаётганда озиқ-овқат ҳамда сув тўлдирилган мешларнинг оғзига боғлаш учун ип топилмай қолади. Шунда Асмо (р.а.) отасининг буйруғи билан белидаги белбоғини ечиб, иккига бўлади ва иккала идишнинг ҳам оғзини боғлайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг бу ҳаракатидан мамнун бўлиб «Аллоҳ таоло шу белбоғингнинг ўрнига жаннатда иккита белбоғ берсин», деб унга илтифот кўрсатганлар. (Қаранг: Ибн Саъд. «Табақот». III 100; Ибн Абдулборр. «Истиоб» IV. 232; Ибн Ҳожар, «Исоба» IV, 229; Ёрдам «Асмо бинти Абу Бакр ас-Сиддиқ», ДИА XI, 402)
Зубайр ибн Аввом (р.а.) билан тушмуш қурган Асмонинг (р.а.) эри билан бирга 15(636) йилда Ярмуқ ғазотида иштирок этгани ривоят қилинади.
Асмо 8 фарзанднинг онаси бўлгани, ўғли Абдуллоҳнинг 73 йилда Ҳажжож тарафидан ўлдирилганидан бир неча кун кейин Маккаи Мукаррамада вафот этгани маълум. У аёл муҳожирлар ичида энг кейин вафот қилган саҳобийдир. Юз йилга яқин барокатли ва узун умр кўрган Асмонинг (р.а.) кейинчалик кўзларини парда қоплаган бўлса-да, ақли ва закийлиги заифлашмаган.
Асмонинг онаси Қутайла, жоҳилият даврида отаси билан ажрашган ва кейинчалик ҳам Исломни қабул қилмаган, мушриклигича қолган эди. Узоқ йиллардан кейин Қутайла қизи Асмонинг (р.а.) зиёрат қилиш учун келади. Бироқ Асмо (р.а.) онасининг мусулмон бўлмаганини ўйлаб, уни уйига киритишга тараддудланиб қолади ва вазиятни Расулуллоҳга (с.а.в.) билдириб, маслаҳат сўрайди. Шунда Жаноби Ҳақ: «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатлиларни севар» (Мумтаҳина сураси 8-оят)  деган оятини нозил қилди.
Илму ирфон ва маданият ўчоғида, етишган Ҳз.Асмо (р.а.) кўплаб ҳадислар ривоят қилган. У ҳадисларни энг яхши тушунган ва шарҳлаган саҳобалардан биридир. Туш таъбирлашда ҳам моҳир бўлган Асмо (р.а.) буни отаси Ҳз. Абу Бакрдан (р.а.) ўрганганлигини билдирган. Унинг энг муҳим сифат (фазилат)ларидан бири ниҳоятда сахийлигидир. Ўғли Абдуллоҳ онаси Асмо (р.а.) билан холаси Ҳз. Оишачалик (р.а.) саҳий инсонни кўрмадим деб айтган.
Бир кун Расули Акрам (с.а.в.) Асмони (р.а.) зиёрат қилишга келганларида унинг берадиган садақасини ҳисоблаб (санаб) ўтирганлигини кўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.):
«Ҳисоблама! Кейин Аллоҳ ҳам сенга ҳисоблаб беради», деганлар.

ИЗОҲ

Рашк тилимизда қизғаниш деган сўз билан ифодаланадиган туйғудир. Бу туйғу эр-хотинларнинг бир-бирлари ҳақида қалбларидан кечирадиган ҳаяжондан иборатдир. Инсоннинг бузилмаган фитратида бор бўлган бу туйғу ва ҳаяжоннинг асосида аёлнинг эрини, эрнинг хотинини (бегона) ёмон кўзлардан асраш ҳамда бузуқ ниятлардан қўриқлаш ғояси ётади. Жумладан Имом Бухорий «Рашк» бобида Муғийрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадиси шарифга жой ажратганлар: «Саъд ибн Убода (р.а): «Агар мен бир бегона кишини хотиним билан кўриб қолсам, уни қилич бети билан эмас, тиғи билан уриб, чопиб ташлайман!» - деди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.): «Саъднинг рашкидан ажабландингизларми? Мен Саъддан, Аллоҳ таоло эса мендан кўпроқ рашклидир!» - дедилар (Бухорий, Никоҳ, 107) .
Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло рашк қилгай ва Аллоҳ таолонинг рашки мўмин ҳаром бўлган амалларни қилганда туғён ургайдир!» - дедилар», (Бухорий. Никоҳ, 107)  ҳадиси шарифи ҳам яратганнинг нақадар рашкли эканини билдиради.

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1.    Эр-хотин ҳар қандай ёмонликдан сақланиш ва салбий ҳолатлардан ман қилиш ғояси билан бир-бирини қизғаниши лозим; иффат, ҳамият ва иззат-нафс эгаси бўлишлари керак. Бироқ рашк ҳам меъёрда маъқул ва машруъ маъзонда бўлиши шарт. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар.
 «Аллоҳ севадиган ва севмайдиган рашк бордир. Аллоҳ ёқтирадиган рашк шубҳага асослангани рашк, Ёқтирмайдигани эса шубҳага ҳеч қандай ўрин бўлмаган ҳолда рашкдир» (Ибн Можа. Никоҳ, 46) .
Орада ҳеч қандай асосли нарса бўлмай туриб, эр-хотиннинг бир-биридан шубҳаланиб, ваҳимага берилиб, чегарадан чиқмаслиги, оила тинчлигини бузмаслиги керак. Шу туфайли Расули Акрам (с.а.в.) узоқ сафардан келган кишининг кечаси хотинига хабар бермасдан шошилинч тарзда уйига киришини маъқул кўрмаганлар. Жумладан Расулуллоҳ (с.а.в.) Жобирга (р.а.) хитобан: (Мадинага тунда (кечаси) борганингда оилангнинг ёнига (тўсатдан бостириб киргандек) кирма. Токи, эридан олисда қолган хотин ювинсин ва сочини тараб олсин!» (Бухорий. Никоҳ, 10)  деганлар.
Жобирдан (р.а.) ривоят қилинган яна бир ҳадисда Абдуллоҳ ибн Равоҳа (р.а.) узоқ сафардан қайтгач, кечаси уйига келади. Хотинининг ёнида сочини тараб ўтирган бир аёлни эркак деб ўйлаб, қиличини суғуради. Бироқ ҳато қилганини билади ва бир нохушликнинг олди олинади. Бу воқеа Расулуллоҳга (с.а.в.) етказилгач, у зот кечаси узоқ сафардан қайтган кишининг оила аҳлига хабар бермасдан тасодифан уйига кириб боришини ман қилганлар. Шунга биноан уйидан узоқ ерга кетган киши бугунги кунда агар имкони бўлса, боришидан олдин телефон қилиб огоҳлантирса, суннатга мувофиқ иш қилган бўлади. Шунингдек, узобдан келган эркакнинг эшик қўнғироғини босиб, хотинини хабардор қилиши ҳам айни шаклда тушунилиши лозим.
Рашк билан алоқадор қуйидаги икки ҳадис ҳам диққатга сазовордир:
Ҳз.Оиша (р.а.) шундай ривоят қилганлар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир тунда ёнимдан ташқарига чиқдилар. Хотинларидан бирортасининг ёнига кетган бўлишлари мумкин, дея рашк қилдим. Бир оз ўтиб Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтиб кирдилар ва аҳволимни тушундилар. Шу боис менга:
-    Рашк қилдингми? - дедилар. Мен эса:
-    Албатта, сиздек одамни рашк қилмай бўладими? - дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) менга:
-    Сенинг шайтонинг келган бўлиши керак! - дедилар. Мен:
-    Менинг шайтоним борми? - дея сўрадим. Расули Акрам (с.а.в.):
-    Шайтони бўлмаган киши йўқ, - дедилар. Шунда мен:
-    Сизнинг ҳам шайтонингиз борми? - дедим. У зот:
-    Ҳа. Бироқ Аллоҳ таоло менга ёрдам берди ва у мусулмон бўлди, - деб жавоб қилдилар» (Муслим. Мунофиқун, 70; Насоий «Ишратун-Нисо» 4) .
-    Яна Ҳз. Оиша (р.а.) дейдилар: «Сафийядек ширин таом пиширган кишини кўрмадим. Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг уйимда эдилар, Сафийя у зотга овқат пишириб юборди. Қаттиқ рашк қилганим боис титрадим Дарҳол туриб табоқ (идиш)ни синдирдим, кейин бу қилмишимдан пушаймон бўлдим.
Дедимки:
-    Ё Расулуллоҳ ! Қилган бу ишимнинг каффорати нима? Расулуллоҳ (с.а.в.):
-    Табоқ (идиш) мислича табоқ, таом мислича таом, - деб жавоб бердилар (Абу Довуд 91; Насоий «Ишратун-нисо» 4) .
2.    Давлат раҳбари фуқароларга ер майдони бериши мумкин.
3.    Ҳадиси шарифга кўра, Ҳз. Асмо (р.а.)нинг оиласи ҳижратнинг бошларида моддий қийинчиликларга, машаққатларга сабр қилган эди. Бунга отаси Абу Бакр (р.а.) ва эри Зубайр (р.а.) ҳам сабр қилинганди. Асмо (р.а.) бир хизматкор топиб беришмаганининг сабаби Ҳз. Абу Бакр (р.а.) билан Зубайрнинг (р.а.) муҳим диний ишлар билан машғул бўлиб, уйларига қарай олмаганлиги дея ифодаланган (Айний. А.г.э. XVI, 411) .
Дарҳақиқат, оиланинг таълимоти ва ташқи ишлари эркакнинг зиммасида, барча эҳтиёжлари учун эр масъул. Агар эркакнинг ишлашга имкони бўлмаса (масалан, касаллик туфайли), у ҳолатда зарурат туфайли хотин бу ишларни зиммасига олишга мажбур. Аммо эркакларнинг қаҳвахона ёхуд турли кўнгилочар ерларда ўтириб олиб, хотинларини, қизларини, келинларини ҳар хил жойларда ишлатишлари зулмдир. Кўпчилик учун оддий ҳолга келиб қолган бу зулмнинг панд-насиҳатлар билан олдини олиш лозим.
4.    Абу Савр ва баъзи олимлар, ушбу ҳадислардан хотин эрининг эҳтиёж сезган барча хизматларини бажариши керак, деган фикрни билдиришган. Бироқ олимларнинг аксарияти хотин бажарадиган иш ва хизматлар вожиб эмас, адо қилинганда савоб қозониладиган нафл, мустаҳаб амаллардир (Ибн Ҳожар. Айний) дейилади. Бу асосга кўра, овқат пишириш, болага қараш, кир ювиш сингари уй ишларини бажариш вожиб бўлмаган амаллар бўлиб, бироқ мусулмон аёлнинг ахлоқ ва шахсиятига ярашадиган ва ундан кутиладиган хизматлардир. Асри саодатдан бугунгача давом этиб келаётган бу гўзал одат ва таомил, ҳар бир оила уни айни пайтда ҳузур ва ҳаловат василасидир.
5.    Инсонларга шафқатли ва марҳаматли бўлиш пайғамбаримизга хос ахлоқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ушбу ояти карима билан Аллоҳ таолонинг мақтовига сазовор бўлганлар:
«Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), Сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчан ва мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келгандир» (Тавба сураси, 128-оят) .
Расули Акрамнинг (с.а.в.) суннатларига амал қилмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон оғир юк кўтарган кишига ёрдам бериш, турган йўловчиларни уловида манзилига элитиш каби савоб ишларни бажармоғи лозим. Бу ҳатти ҳаракатлар албатта кишининг меҳрибонлигидан, раҳмдиллигидан ва назокату фидокорлигидан дарак беради.

Фотима Сулаймон қизи

Энг хайрли аёл

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўралди:
-    Қайси аёл хайрлироқ? Пайғамбаримиз (с.а.в.):
-    Эри қараган вақтда уни мамнун қиладиган, буюрганига итоат қиладиган, уни хоҳлаган пайтида кўнглини қолдирадиган тарзда унга мухолифот қилмайдиган ва қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёлдир, - деб жавоб бердилар» (Аҳмад ибн Ҳанбал, II, 251) .

ИЗОҲ

Ҳадиси шарифнинг охирида «...қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёл» жумласининг иккита маъно бор: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий маънога ўра эр фақир (қашшоқ) бўлиб, мол ва бойлик аёлга тегишли, яъни мол-мулк хотиннинг тасарруфида. Мажозий маънога кўра эса, мол эркакка тегишли бўлиб, сарфлаш ва тасарруф ҳуқуқи томонидан хотинига берилган (Алийюл - Қори» Мирқот. VI, 413) . Ҳар икки маънода ҳам аёлнинг қўл остидаги бойлик (мулк)ни эри норози бўладиган тарзда сарфламаслиги тавсия қилинган.

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1.    Расули Акрам (с.а.в.): «Қайси аёл яхшироқ?» деган саволга жавоб берарканлар, аёлнинг хусусан шу уч сифатига эътибор қаратганлар: Булар, эри унга қараган вақтда уни қувонтириб, мамнун қилиши, шаръий буйруқ ва тавсияларни бажариши ҳамда аёлнинг хоҳ ўзи (нафси) ёхуд хоҳ тасарруфидаги молни (маблағни) сарфлаш хусусида эри норози бўладиган ҳатти-ҳаракатга йўл қўймаслигидир.
2.    «Эри унга қараган пайтда уни хушнуд қиладиган...» аёл, эрига нисбатан яхши муомала қиладиган назокатли ва очиқ чеҳрали аёл демакдир. Ҳанафий фиқҳшуноси ва ҳадис олими бўлган Мавлоно Алийюл-Қори ҳам сурату сийрати (яъни ташқи қиёфаси-ю ички дунёси) гўзал бўлган аёл эр учун сурур устига сурур, нур устига нур эканини ифодалайди (Алийюл Қори. А.г.э., VI 412) . Айниқса кечқурун ишдан ҳорғин ҳолатда чарчаб қайтган турмуш ўртоғини хотини очиқ чеҳра ва табассум билан, ҳурмат ва муҳаббат билан қаршилаб,чарчоқларини кўтаришга ҳаракат қилиши керак.
3.    Аёл эрининг шаръий буйруқларига итоат этиши маъқул талаб ва тавсияларини адо қилмоғи лозим. Бу эрнинг хотинидаги энг муҳим ҳаққидир. Бу нуқтада муслима аёллар Набий (с.а.в.)нинг ушбу насиҳатларига амал қилишлари шарт:
Ишларининг кўплиги туфайли чарчаган Ҳз.Фотима (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб, ўзига ёрдам берадиган хизматкор беришларини сўрайди. Шунда оталари (с.а.в.) қуйидаги жавобни берадилар:
«Эй Фотима? Аллоҳдан қўрқ (тақво соҳиби бўл), Раббингнинг фазлларини бажар, эрингни, болаларингнинг хизматларини адо қил. Уйқуга ётиш олдидан 33 марта тасбеҳ (Субҳаноллоҳ), 33 та таҳмид (ал-Ҳамдулиллаҳ) ва 33 марта такбир (Аллоҳу Акбар) айт. Бу хизматкордан кўра яхшироқдир» (Азимободий «Айнул Маъбуд» VIII. 213; Крш. Ҳайсалий, Мажмаъ-уз Завоид Х, 99.100) .
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа қизлари Ҳз.Усмоннинг (р.а.) завжалари бўлган Руқайя онамизга (р.а.) эса шундай тавсия қилганлар:
«Қизим! Усмонни сийла: унинг қадрига ет ва ҳурматини жойига қўй. Зеро, асҳобим ичида ахлоқ жиҳатидан менга энг кўп ўхшайдигани Усмондир» (Саъд. «Табақот» VIII. 3) .
Эрига итоат қилиш билан оилада ҳузур-ҳаловатли ҳаётни йўлга қўйган аёлларга Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафларидан жаннат хушхабари берилган:
«Турмуш ўртоғини хушнуд (рози қилиб) ўлган аёл, жаннатга киради» (Ибн Можа. Никоҳ, 4) .
Итоат деганда аёлнинг фикрларини инобатга олмаслик, унинг иззат-нафси билан ҳисоблашмаслик ёхуд эрнинг ҳар қандай фикрини унга мажбуран ўтказиш тушунилмаслиги лозим. Бундай ҳатти ҳаракат зулм ва ҳаддан ошиш экани равшан. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл, эр-хотин, турмушнинг барча соҳасида кенгашган ҳолда, бир-бирининг фикрини инобатга олган ҳолда иш юритиши ниҳоятда муҳим. Жаноби Ҳақнинг:
«...Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан эҳсон қилурлар»,( Шўро сураси 38-оят)  сўзи мўминларнинг хусусиятларини кўрсатмоқда.
Хусусан Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қийин аҳволда қолганларида Ҳз. Хадича онамиз (р.а.) билан, шунингдек Худайбия битимида Умму Салама волидамиз (р.а.) билан маслаҳатлашиб иш юритганлари маълум.
4. Хотинининг итоат қилишини хоҳлаган эр, фақат исломий ҳукмларга амал қилган ҳолатда буюриши ва талаб қилиши лозим. Шаръий бўлмаган истаклар хотин ва фарзандлар тарафидан бажарилмайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таолога исён хусусида ҳеч бир инсонга итоат қилинмаслигини билдирганлар. Эр хотинига нимани буюраётганини билиши ва ундан нимани талаб қилаётганининг фарқига бориши шарт. Хотинига тоқатидан ташқари бўлган ҳамда уни қийин аҳволда қолдирадиган ишларни юкламаслиги керак. Акс ҳолда эр хотинига зулм қилган бўлади, бу эса муҳаббат ва ҳурмат ришталарининг узилишига олиб келади.
 «Агар итоат қилишларини истасанг, куч етадиган нарсаларни буюр!» мақоми ҳақиқатан ҳам ҳикматли бир сўздир.
5. Эр-хотин бир-бирини тўшакка чақирганларида қабул қилишлари лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
«Эр хотинини тўшакка (ётоққа) чақирганида келмаса ва эри жаҳли чиққан ҳолда ухласа, эрталабгача фаришталар ўша аёлга лаънат айтишади» (Бухорий «Бадъ-ул-Халқ» 7; Абу Довуд. Никоµ, 40; Термизий Ризо 10) .
Ҳатто эрнинг аёлидаги жинсий муносабат ҳаққи нафл рўзадан ҳам устундир. Бу мавзуда Расули Акрам (с.а.в.) шундай буюрганлар:
«Эри ҳузурида бўлган аёл эрининг изнисиз (нафл) рўза тутмайди!» (Бухорий, Никоҳ, 86) .
6.    Аёл ўз тасарруфида бўлган мол-мулкни (бойликни) эри норози бўладиган тарзда сарфлаёлмайди.
7.    Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафидан таърифланган хусусиятларга эга бўлган солиҳа умр умр йўлдоши, эркак учун ҳақиқатан ҳам бу дунё ҳам охират хазинасидир.
Бир қанча фазилатлари бўлган диндор аёлнинг исломий ҳаёт хусусида эри учун муҳим рол ўйнашини ифодаловчи ушбу ҳадиси шариф ҳам нақадар ибратга лойиқ:
«Аллоҳ кимга солиҳа бир турмуш ўртоғи (аёл) насиб қилган бўлса, динининг ярмида (шахсий ва ижтимоий режада диннинг ҳукмларини бажариш нуқтасида) унга ёрдам берибди. Қолган ярми хусусида Аллоҳдан қўрқсин (тақво қилсин)!» (Ҳоким «Мустадрақ» II. 175)
8. Уйланувчи энг аввало оилада жиддий тарбия кўрган, диний билими ва ахлоқи яхши бўлган турмуш ўртоғини танлаши лозим. Диндор оила, идеал ислом жамиятининг уруғидир, асосидир. Оила фарзандларга тамал таълим берадиган, тарбия, гўзал ахлоқ, одоб ҳам яхши одатларни ўргатадиган бошланғич мактабдир. Бу мактабнинг бир умрлик муаллими, албатта, онадир. Жамиятни ислоҳ қиладиган муршидлар, умматнинг келажагини ўйлайдиган кучли раҳбарлар, олимлару йўлбошчилар ҳам энг аввал шу мактабда етишади. Шундай тарбия масканини барпо қиладиган аёлнинг энг асосий хусусияти тақвоси, диний эътиқоди эрига итоати таслимияти, болаларига бўлган шафқат ва марҳаматидир.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган: «Аёлга унинг қуйидаги тўрт нарсаси: ҳадиси шарифга кўра: бойлиги, насл-насаби, ҳусни ва дини учун уйланасан. Сен диндорини танла. Акс ҳолда, зарар қиласан» (Бухорий. Никоҳ, 15; Муслим. Ризо, 53; Абу Довуд. Никоҳ 3; Насоий. Никоҳ, 13; Ибн Можа. Никоҳ, 6; Аҳмад ибн Ҳанбал. II, 428.) . Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳмат қилганлар:
«Туя минадиган аёллар яхшироқдир. Қурайш ўз аёлларини ёшликданоқ болажон ва эрига меҳрибон (итоатгўй) қилиб тарбиялайди» (Бухорий. Никоҳ, 12; Аҳмад ибн Ҳанбал. II, 269) .
Албатта, охирги ҳадиси шарифда мақталган фазилатлар фақат Қурайш қабиласидаги аёлларга эмас, аксинча, ирқи ва ҳудудидан қатъи назар барча мусулмон аёлларга тегишлидир. Чунки Расули Аркамнинг (с.а.в) ҳикмат тўла хабарлари оламшумулдир.

Фотима Сулаймон қизи

Даюслик ва қўшмачилик

Аллоҳ таоло айтади: «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур сураси, 3).
Мазкур ояти каримада ифодаланишича, зинокор, фосиқ кимса солиҳа аёлларга уйланишга рағбат кўрсатмайди. Билъакс, у ўзига ўхшаган нопок, фосиқа аёлга ёки мушрикага уйланишни хоҳлайди. Шунингдек, фосиқа, нопок аёлга уйланишга солиҳ кишилар рағбат билдирилмайдилар. Уларга фосиқ ва мушриклар рағбат-хоҳиш билдирадилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамлар жаннатга кирмайдилар: ота-онасига оқ бўлганлар, даюслар, эркакшода аёллар» (Насоий, Баззор, Ҳоким ривояти).
Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одамлар ҳеч қачон жаннатга кирмайдилар: даюслар, эркакшода аёллар, хамр (маст қилувчи нарса)га муккасидан кетганлар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, хамрга муккасидан кетганни, биламиз. Даюс ким?» деб сўрашган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳлининг ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган кимса», деб жавоб бердилар. «Эркакшода аёл ким?» деб сўрашган эди: «Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл», дедилар (Табароний ривояти).
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Кимки хотинини фоҳишалик қилади, деб ўйласа-ю, бироқ уни яхши кўргани ёки маҳрини тўлашга қурби етмаслиги ва ё ёш болалари бўлиб, ажрашган тақдирда, уларнинг нафақасини талаб қилишдан қочганлиги сабабли, хотинининг хиёнатини билмаганга олса, ундай кимса бу хотин билан яшашга лойиқ эмас. Fайурлиги – рашки йўқ кимсада ҳеч бир яхшилик бўлмайди.
Покиза аёлни ўз ҳолига қўймай, фоҳишага айланишига сабабчи бўладиган қўшмачига икки ҳисса гуноҳ бўлади.
Аллоҳдан барча бало офатдан омон сақлашни сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

"Кабоир" китобидан

Ҳозир сайтимизда 44 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ