1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Никоҳга тарғиб ҳақида

«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.

Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръан монелик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир.

Бу таъриф баъзи Ҳанафий уламолар томонидан айтилган бўлиб, бошқа таърифлар ҳам кўп, ҳаммаси бир-бирини тўлдириб келади.


Таърифдаги «аёл» сўзидан аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғлаш мумкин эмаслиги, яъни, фақат бир эркак ва бир аёл орасида никоҳ боғланиши бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.

«Никоҳида шаръан монелик бўлмаган» деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Бутпараст аёл, маҳрам–яқин қариндош аёллар шу жумлага киради.

Аллоҳ таоло:

«Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган (Нисо, 3).

Шарҳ: Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга, икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқтирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон Зотдир», деган (Нур, 32).

Шарҳ: Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган бўлиб, уларга ўз қарамоғидаги ўғил-қизлари, қулу чўрилари ва ёрдамга муҳтож ёру биродарларини никоҳлаб қўйишга бош-қош бўлиш амр этилмоқда. Мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон биродарлари ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшиши лозимлиги шундан олинган. Шу боис мусулмонлар оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлишни тарғиб қиладилар.

Шу боис улар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар.

Ва ниҳоят, шу боис мусулмонлар никоҳ ишида қийналиб қолган дин қардошларига ҳамиша ёрдамларини аямайдилар.

Ояти каримада қул ва чўриларни ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётгани алоҳида эътиборга сазовор. Қул ва чўрилар одам ўрнида кўрилмай турган бир даврларда Қуръони Карим уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дини ҳар томонлама қул ва чўриларнинг ёнини олишга ҳаракат қилганини кўрсатади.

Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, бу ояти каримада фақир-фуқаро бўлиш, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига ҳам алоҳида ишора келмоқда. Бинобарин, бундан баъзи кишилар «қўли калталик»ни баҳона қилиб, никоҳни ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги тушунилади.

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрсак, кўпчилик авваллари бепарво юрган бўлса ҳам оила қургач жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз», деган (Раъд, 38).

Шарҳ: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён этилмоқда.

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандоқ олиймақом зотларнинг ҳаммалари оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлиб, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак.

Шу йўл билан улар шаҳватини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан никоҳга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чорламоқда. Ҳаётимизда бу ҳадисга нечоғли амал қилишга ҳаракат этаётганимизни унутмаслигимиз керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у Зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди.

Бошқаси эса:

«Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди.

Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундоқ, шундоқ, деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Ҳадис ва Ҳаёт» китобимизнинг аввалида ўтган, ўшанда батафсил шарҳ қилганмиз.

Ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳдан энг қўрқувчи банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.

Баъзи бир динларда никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат экан, илоҳий таълимотларга зидлиги шундан билинади.

Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин, жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундоқ қилиб яратмас эди.

Ўша жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.

Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.

Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда у Зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», дедилар».

Аҳмад ва Термизий яхши санад билан ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг Расуллари У Зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланади. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган.

Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.

Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:

1. Ҳаё.

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан бири. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган.

Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ўта муҳим сифат ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ахлоқ китобида алоҳида сўз юритамиз.

2. Хушбўй сепмоқлик.

Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир.

Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади. Сассиқ, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатларидир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

3. Сивок.

Сивок ҳақида таҳорат китобида керагича сўз юритганмиз. Ҳозир сивок, яъни, оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини билмоғимиз керак.

4. Никоҳ.

Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланади. Аксинча, Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият берилиши лозимлигини билдиради.


Термизий, Насаий ва Ҳоким ривоятларида:

«Уч кишига ёрдам бермоқлик Аллоҳ учун ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилган никоҳга уринганга ва Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга», дейилган.

Шарҳ: Инсонлар ўз ҳаётлари давомида ҳамиша бир-бирларининг ёрдамларига эҳтиёжлари тушиб туради. Қолаверса, кўпчилик турли масалаларда ёрдам сўрайди. Лекин ёрдам берувчи кўпроқ қай ҳолларда ёрдам бериши матлуб ва қайси кишиларга ёрдам берса, кўпроқ савоб олади?

Ушбу ҳадисда шундай саволга жавоб берилмоқда:

«Адо этишни ирода қилган мукотабга».

Мукотаб хожаси билан маълум бир вақтда маълум миқдор пулни бериб озод бўлишга аҳднома тузган қул эканини қул озод қилиш бобида ўрганган эдик. Бу иш қанчалар улуғ ва савобли эканини таъкидлаб ўтирмасак ҳам бўлади.

Бировга сидқидил ёрдам бермоқчи бўлган одам аввало, ана шундоқ–озод бўлишни чин қалбдан хоҳлаётган, унинг учун жони-дили билан уринаётган қулга ёрдам қилиши жоиз ва яхши эканлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар.

«Иффатни ирода қилган никоҳга уринганга».

Ўз иффатимни сақлайин, жинсий майлимни пок йўл–никоҳ йўли билан қондирайин, деб уринаётган кишига ёрдам бериш ҳам худди қулликдан озод бўлишга ҳаракат қилаётган одамга ёки кейин баёни келадиган, жиҳодга чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ёрдам беришдек керакли ва савобли ишдир.

Никоҳли бўлиб иффатини сақлашга ҳаракат этаётган, аммо эриша олмаётган кишига ёрдам қўлини чўзиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Кимдир сўзи билан, кимдир хизмати билан, кимдир молу дунёси билан ёрдам бермоғи керак. Бу иш жуда ҳам улуғ савобга молик бўлиб, мусулмонлар қадимдан бу борада бошқа халқлардан ажралиб турганлар. Улар оила қуришга уринмаганларни оила қуришга ундашган, оила қуриш ниятидагиларга қўлларидан келган ёрдамларини аяшмаган.

Бу ишларни худди ушбу ҳадисга амал қилиб адо этишган. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу борада ўз ихлос ва ғайратларини кўрсатмоқлари керак.

Баъзи юртларда бу мусулмонларнинг шахсий ҳаракати тариқасида амалга оширилаётган бўлса, бошқаларида оила қурувчиларга ёрдам жамиятлари тузилган. Нима қилиб бўлса ҳам бу ишни хайрли санаб, жонлантирган афзал. Ана ўшанда ажру савобга эга бўлинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга дунёда аёллар, хушбўй нарсалар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қорачиғи намозда қилинди», дедилар».

Насаий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда «дунёнгиздан» де-йилган.

«Маҳбуб қилинди» дейилгани Аллоҳ маҳбуб қилди, дейилганидир. Аллоҳ таоло беҳудага Ўзининг охирги ва энг маҳбуб Пайғамбари, шариати қиёматгача боқий қоладиган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу уч нарсани маҳбуб қилмаган:

 

1. Аёллар.

Эркак зотининг ҳаётини аёлсиз тасаввур қилиш мумкинми?

Эркакнинг сокинлик манбаи аёл эмасми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эркакларга хитоб қилиб:

«Ва Унинг оят–белгиларидан сизлар учун ўзингиздан жуфти ҳалоллар яратиб, сизларни улар ила сокинлик топадиган қилиб қўйганидир» деган.

Уламоларимиз аёлларимизни уйларнинг чироқлари, ободлиги, унсу улфати, болаларни ўстирувчилар каби кўплаб олижаноб сифатлар ила васф қиладилар.

Исломий оила ва жамиятда аёлларнинг қадр-қиймати юқорилиги ҳам шундан.

 

2. Хушбўй нарсалар.

Бу нарсалар ҳақида сал юқорироқда ҳам гапириб ўтдик. Хушбўй нарсалар хушвақтлик демакдир. Хушбўй нарсалар кишининг баҳри-дилини очади, кўнглини хуш қилади ва руҳни, жисмни тетиклаштиради. Ҳатто фаришталарни ҳам хурсанд қилади. Ёмон ҳидлардан фаришталар ҳам қочади.

3. Намоз.

Намоз ҳақида кўп гапирилди. Ҳар қанча гапирилса ҳам оз. Намоз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қорачиғлари бўлганининг ўзи кифоя. Бу ибодат Исломнинг устунидир. У мўмин-мусулмон банданинг қалб қувончи, Роббисига юзлануви, Унга муножотидир.

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳйи қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари бўлганлигини аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганмиз.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган.

Ушбу фаслнинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан у Зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликнинг уч хил турини танлашган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар.

Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик», демоқдалар.

Исломда бу иш жоиз бўлмагани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас, бу ишни роҳиблик, дейилади.

Масиҳий динида ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундоқ ишни қилувчиларни роҳиблар, қилаётган ишларини роҳиблик, дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ. Исломда уйланиш ҳам ибодат ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёш одамман. Ўзимга зинодан қўрқаман. Аёлларга уйланишга нарсам йўқ», дедим.

У Зот менга индамадилар. Сўнг мен яна ўша гапни айтдим. У Зот менга индамадилар. Сўнг мен яна ўша гапни айтдим. У Зот менга индамадилар. Сўнг мен яна ўша гапни айтдим. Бас, у Зот:

«Эй Абу Ҳурайра, қалам сен дучор бўладиган нарсани (битиб, битиги) қуриб бўлган. Ўша учун хоҳласанг, ўзингни бичиб ол ёки қўй», дедилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оғир ҳолга тушиб, сабр қила олмай қолган эдилар. Ёш одам, шаҳват кучидан зино қилиб қўйиш хавфи бор. Уйланай деса, моддий имкониятлари йўқ.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ҳолларидан шикоят қилиб, ўзларини бичиб олишга ижозат сўрадилар. Ана шунда гуноҳга ботиш эҳтимоли пасаяди, деб гумон қилдилар.

Биринчи бор сўраганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар. Бу у Зотнинг саволдан норози эканликлари аломати эди. Лекин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саволни такрор-такрор беравердилар.

Ва ниҳоят, савол тўртинчи бор такрорланганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таҳдид қилиб, нима бўладиган бўлса, тақдирингда белгилаб қўйилган! Ҳадеб бу гапни айлантираверасанми?! «Қилсанг, қилавер!» қабилида гап қилдилар. Бу сабрсизликка қарши гап эди.

Шунинг учун уйланишга вақтинчалик илож топа олмай турган кишилар дарров таркидунёчилик йўлини танламай ва ўзини бичиб олиш йўлини ахтармай, сабр қилиб туришлари керак. Уйланиш учун қулай йўлларни ахтариш лозим.

1880. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом бу кеча юзта хотинни айланиб чиқаман, ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади, деди. Шунда фаришта унга, иншааллоҳ, дегин, деди. У айтмади, эсидан чиқиб қолди. Бас, у(аёл)ларни айланиб чиқди. Уларнинг бирортаси ҳам туғмади. Фақат биргина аёл ярим инсон туғди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар иншааллоҳ, деганида қасамхўр бўлмас эди ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлар эди», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятни бу ерда келтиришдан мақсад ўтган Пайғамбар алайҳиссаломлар ичида Сулаймон алайҳиссаломга ўхшаб юзта хотин олганлари ҳам борлигини билдиришдир.

Сулаймон алайҳиссаломнинг шариатларида хоҳлаганича аёлга уйланиш жоиз бўлиб, Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзларининг юзта хотинлари бор экан. У кишида зурриётни, Аллоҳнинг йўлида хизмат қиладиган фарзандларни кўпайтириш нияти бор экан. Зотан, никоҳдан кўзда тутилган мақсадлардан бири ҳам шу.

Бир куни Сулаймон алайҳиссалом бу тунда юзта хотиним билан бир-бир ётиб чиқсам, биттадан ўғил туғсалар, Аллоҳнинг йўлида хизмат қиладиган юзта ўғил туғилади, дебдилар. Фаришта бу гапни Аллоҳ хоҳласа, деб айтгин, дебди. Аммо Сулаймон алайҳиссаломнинг ёдларидан чиқиб қолиб, айтмабдилар. Ўша кечаси хотинларини айланиб чиқибдилар. Лекин иншааллоҳ, демаганлари учун улардан бирортаси ҳам бола туғмабди. Фақат биргина аёл чала бола туғибди. Чунки Аллоҳ хоҳласа, дея У Зотга таваккал қилиш табаррукдир, шунинг учун ҳам бир ишни қилмоқчи бўлган инсон иншааллоҳ, демоғи керак.

Мана, Исломда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ўрганиб чиқдик. Албатта, булардан ўзга далиллар ҳам кўп.

Хулоса шуки, Исломда кишилар никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналиши ва кўрилиши лозим. Аллоҳнинг амри шу. Бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда бўлиб яшасинлар. Жинсий майлларини пок йўл билан қондирсинлар. Мусулмонлар мана шу илоҳий кўрсатмага ҳамиша қатъий амал қилганлар.

Баъзи бир гуруҳларда эса, хусусан, масиҳий динида уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам масиҳийлик авжига чиққан даврларда масиҳий ўлкаларда аҳоли сони қисқариб кетган. Ҳамма динини маҳкам тутишга ҳаракат қилиши оқибатида оила қуриш, бола-чақа қилишдан бош торта бошлаган. Лекин инсон табиатига зид бу иш узоққа бормаслиги аниқ.

Дарҳақиқат, шундоқ ҳам бўлди. Кишилар масиҳий динига қарши бош кўтардилар. Дин фақат канисада бўлиши керак, бошқа нарсаларга аралашмасин, деган даъво билан чиқдилар. Бу талабларига эришдилар ҳам. Оқибатда ҳаётнинг ҳамма соҳаларида янгича йўналиш пайдо бўлди. Жумладан, эркак-аёлларнинг орасидаги муносабатларда ҳам.

Канисадан ўч олиш учун ҳаракат қилаётган кишилар ҳар бир нарсани қасддан тескарисини қилишга уринишар эди. Жинсий ҳаётда каниса томонидан кўплаб тазйиқларга учраганлари учун жинсий ҳурриятга даъват бошланди. Ҳамма зинони фахр, деб биладиган даражага етди. Оила қуриш, никоҳда бўлиш қолоқлик, эскилик сарқитига берилиш, деб баҳоланадиган бўлди.

Кишилар бошига кўплаб мусибатлар ёғилди. Турли касалликлар тарқалди. Оила низоми бузилди. Бунинг оқибатида ижтимоий алоқалар заифлашди, турли муаммолар келиб чиқа бошлади. Хуллас, инсоният катта зарар кўрди.

Ана ўша нарсаларни кўриб, биз мусулмонлар бахтли кишилар эканлигимизни тушуниб етмоғимиз керак. Бошқа халқлар оилавий ҳаётини қандоқ қуришни билмай сарсон бўлсалар, бизнинг динимиз бизларни энг саодатли оила тузуми билан таъминлаб қўйгандир. Биз фақат бор, тайёр нарсани ўрганиб амал қилсак бўлди.

Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантиргандир. Чунки бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.

Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун аввало, никоҳга амр этган. Қолаверса, У Зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун шундай қилган.

Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган, азиз-авлиёларнинг одати қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло никоҳни инсон наслининг кўпайиши учун энг яхши восита этиб, уни муқаддас робитага айлантирган.

Эркак ва аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалари ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.

Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.

Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз насли насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди.

Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этади. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади.

Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.

Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади.

Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат, деганлар. Улар Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундоқ ишлардандир, дейишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида:

«Ва ҳар бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар шаҳватини қондирса ҳам ажр бўладими, дейишганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганида гуноҳ бўлармиди, ҳалол йўл билан қондиргач, савоб бўлади, деган маънода сўз айтганлар.

Зино хавфи бор вақтидаги никоҳ хатто ҳаждан олдинги ўринга қўйилади.

Имом Табароний ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Энди иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.

Ҳатто зоҳирий мазҳабдагилар ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтда никоҳ фарз бўлади, дейишган.

Лекин ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳури уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмои орқали кирган:

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган.

Ўша оятлардан баъзиларини юқорида ўрганиб ўтдик.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.

Улардан баъзиларини ўргандик, қолганларини, иншааллоҳ, яна ўрганамиз.

3. Ислом уммати, жумҳури уламолар никоҳ зарур эканига доимо иттифоқ қилиб келишган.

Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турличадир.


1. Вожиб-фарз.

Агар бир инсон никоҳли бўлмай зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳаққини адо этишига ишонса, ундоқ одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади.

Чунки мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир.

Ислом шариатида вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир, деган қоида бор. Ўша қоидага шу ерда амал қилинади.

Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ–уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш–оила қуриш вожиб бўлади.

2. Ҳаром.

Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, ундоқ одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.

Бу ҳолатда Ислом шариатининг ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир, деган қоидаси ишга тушади.

Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл–никоҳ ҳам ҳаром бўлади.


3. Макруҳ.

Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги–жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, ундоқ одам учун никоҳ макруҳдир.



4. Суннати муаккада.

Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.

Кишилар орасида оммавий учрайдиган ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўпларида баён этилган ҳолатдир.

Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканлигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар.

Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.

 

5. Мубоҳ.

Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.

Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ–оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик.

Эрдир, аёлдир ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда қурилади, яхши билиб олмоғи керак.

Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:

1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатли қилиш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.

Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида оила олий-мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми?

Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.

2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик бир ҳайъат деб қараш керак.

Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олижаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида, келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.

3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.

Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаш керак.

Иш бўлажак ҳаёт йўлдошини танлашдан бошланади. Бу ҳақда келгуси фаслда сўз юритилади. Аммо ҳозир ушбу фаслимизнинг охирида никоҳ масаласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукмни баён қилувчи уч дона ҳадисни ва уларнинг шарҳини ўрганиб чиқамиз. Бу жуда муҳим масаладир.

Чунки Ислом душманлари ҳар доим айни шу масалада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига ва бу олиймақом шахс тимсолларида Ислом динига таъна тошларини отиб келишади. Шунинг учун ҳам бу масалани яхшилаб ўрганмоғимиз лозим.

Совчи қўйилаётган қизга назар солмоқ

 

 

 

Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бир-бирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирор киши улар билан бирга бўлиши керак. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади...

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сени тушимда икки марта кўрганман. Бирдан бир киши сени ипак матоҳга ўраб кўтариб келиб, бу сенинг хотининг, дер эди. Очиб қарасам, сен бўлар эдинг. Мен агар бу Аллоҳнинг ҳузурида бўлса амалга оширади, дер эдим», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларида Оиша онамизни ипак чойшабга ўраб, кўтариб олиб келган киши Жаброил алайҳиссалом бўлганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлари ҳам ваҳий маъносида бўлади. Шу йўл билан Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлажак хотинлари Оиша онамизни икки марта кўрсатган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам агар шу тушлар Аллоҳ томонидан бўлса, Аллоҳ уни рўёбга чиқаради, мен Оишага уйланаман, деб ўйлаганлар.
Кейинчалик шундоқ бўлган ҳам. Шу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни у кишига уйланишдан олдин худди ўнгларида икки марта кўргандек бўлганлар. Аллоҳ таоло бу ишни ҳикматсиз қилмаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши у Зотнинг олдиларига келиб ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканини хабар қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар солдингми?» дедилар.
«Йўқ», деди у.
«Бор! Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади», дедилар».
Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда уйланмоқчи бўлган одам ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиши, ҳатто кўзидаги фарқни англаса ҳам жоизлиги баён қилинмоқда. Уйланувчига шунга ўхшаш маслаҳатлар бериш жоизлиги билинмоқда.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».
Абу Довуд, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз.
Бошқа ҳадисларда саҳобаларнинг суннатга амал қилиб, уйланмоқчи бўлган қизларига қандоқ назар солганлари, уни ёқтириб, сўнгра уйланганлари ҳақида сўз кетган.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар».
Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, шариатда бўлажак турмуш йўлдошига назар солишга ижозат беришнинг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса, кейин турмуш қуришга ўтиши учундир. Лекин бундоқ шаклдаги назар солишнинг, бир-бирини кўришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор.
Аввало, мазкур кўриш унаштирилишдан аввал бўлади. Шунинг учун бу ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Кўриш оқибатида турли-туман гап-сўзлар тарқалмаслиги керак. Ҳатто бир-бирини ўзига мос эмас, деб топилганда ҳам, ёқмай қолган тарафнинг шаънига тегадиган гап-сўзлар тарқаб, хафа қиладиган бўлмаслиги керак. Ушбу кўришдан кейин маъқул топилса, унаштирилади, бўлмаса, гап-сўзсиз қолавериши керак.
Иккинчидан, мазкур кўришиш, танишиш вакил воситаси ила ёки шахсий иштирок ила бўлиши мумкин.
Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймни ўзлари учун бир аёлни кўриб келишга юборганлар ва:
«Товони устидаги пайига қара ва бўйнини икки томонидан ҳидлаб кўр», деганлар.
Бу каби нарсаларни, албатта, аёл киши қила олиши мумкин, холос.
Шунингдек, келинликка номзод куёвни кўриш, уни яқинроқдан таниш учун ўз вакилини юбориши мумкин.
Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бир-бирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирор киши улар билан бирга бўлиши керак. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади. Ҳанафий мазҳабида қадамига ҳам, дейилган. Юз жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариб олиш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари, ориқ, семизлик каби ҳолатлар тўғрисида хулоса чиқариб олинади. Ҳаракатдан, юриш-туришдан шундоқ ҳам тасаввур олса бўлаверади.
Икки тараф бир-бирини ёқтиргандан кейин унаштириш мумкин бўлади.
Лекин совчи қўйишдан олдин мулоҳаза қилиниши лозим бўлган бошқа муҳим масалалар ҳам бор.
Аввало, совчи қўйилиши кўзланаётган аёл сов-чи қўймоқчи бўлган эркакка никоҳи шариатда ҳаром қилинмаган бўлиши керак. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар кимлар эканлигини, иншааллоҳ, келгусида батафсил ўрганамиз.
Аммо никоҳи ҳалол аёллардан баъзилари ҳам вақтинчалик совчи қўйиш мумкин бўлмайдиган ҳолда бўлишлари мумкин.
Биринчи ҳолат–идда ўтирган аёллар ҳолати.
Идда ўтириш талоқдан ва эрнинг вафотидан кейин бўлади. Аёл киши идда ўтирган пайтида унда аввалги эрининг ҳаққи бўлади. Талоқ раж-ъий бўлса, кичик боин талоқ бўлса яна қайта ярашиш имкони бор. Шунинг учун ундоқ аёлга совчи қўйган эркак худди эри бор хотинга совчи қўйгандек бўлади.
Агар талоқ қилган эр билан қайта ярашиш имкони қолмаган бўлса ҳам идда ичида унинг ҳаққи туради. Чунки идданинг–бошқа эрга тегмай кун санашнинг–ҳикмати олдинги эрдан бола бор-йўқлигини аниқлаш ҳамдир. Шунинг учун ундоқ аёлга совчи қўйиб бўлмайди.
Эри ўлганидан кейин идда ўтирган аёлнинг ҳоли ҳам шу. Бунинг устига ўлган эрнинг, у билан ўтказган оилавий ҳаётнинг ўзига яраша ҳурматини сақлаш ҳам керак. Шунинг учун эри ўлимидан кейин идда ўтирган аёлга совчи қўйиб ёки идда чиққанидан кейин оила қуришга ваъдалашиб бўлмайди.
Аммо Қуръони Каримда бундоқ аёлларга уларга уйланиш нияти борлигига ишора қилиб қўйиш: жоиз эканлиги баён қилинган. Бу уларга ҳеч нарса айтмай ҳадя юбориш ёки мақтов сўзларини айтиш билан бўлади.
Иккинчи ҳолат–бошқа биров томонидан сов-чи қўйиб турилган кишининг ҳолати.
Бундоқ аёл-қизларга ҳам совчи қўйиб бўл-майди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродари совчилиги устига, то ун-дан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча совчи қўймас», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Биров совчи қўйиб турган жойга унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир. Фақат биринчи совчи қўйган одам келиша олмай совчиликни тарк қилганидан сўнг ёки унинг ўзидан изн олгандан сўнггина совчи қўйиш мумкин.
Чунки бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш биринчи совчининг ҳаққига тажовуз қилишдир.
Бу иш туфайли кишилар ўртасида низо, хусумат, адоват ва уруш-жанжаллар чиқади.
Шу билан бирга, бирданига бир неча киши совчи қўйган, иш пишмай турган бўлиши мумкин. Улардан ҳеч бири билан жиддий муомала қилинмай иккиланиш ва маслаҳат ҳолати бўлиши мумкин.
Имом Муслим келтирган ривоятда Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога бирданига уч киши: Абу Жаҳм ибн Хузома, Муовия ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум совчи қўйишган. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўраганларида Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия камбағал, моли йўқ, Усома ибн Зайдга теккин, деганлар.

 

 

 

Муносиб келин

 

 

 

Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар. Мусулмонлар бошқа нарсалар қатори бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмаларига амал қилганлари учун Аллоҳнинг марҳамати ила ҳеч қийналмаганлар. Уларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.

Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.

Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.

Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.

Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.

Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.

Диндорлик ҳақиқий бойликдир!

Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!

Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!

Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.

 

Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.

Шарҳ: «Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» маъносини англатади.

Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда.

Бу аҳли солиҳ бўлишлик қандоқ ҳам яхши эканини билдиради.

Солиҳ инсон дегани эса, шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган деганидир.

Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.

Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади.

Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бў-лишни англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир, деганлари ушбу юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олади.

Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса, яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир.

Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Туя минган аёллар, дейилганида Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишларидир. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.

Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Ундоқ бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз бўлиб, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.

Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?

Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёллар, қариндошлар болаларига қандоқ қараши, эрини риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш ке-рак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик ус-тига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қандоққа уйландинг?» дедилар.

«Эрдан чиққанга», дедим.

«Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди. Ўшаларга қараб турадиган кишини келтирдим», дедим.

Шунда у Зот менинг ҳақимга дуо қилдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталаридир. У киши Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар.

«Етти ёки тўққиз қиз» дейилгани ровийдан бўлган шак туфайлидир.

Ушбу ҳадисдан қизга уйланиш афзал эканлиги олинган.

Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, шундай аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз олсалар етти ёки тўққизта қайинсингилга қараб, уларни бошқариш қийин бўлганидан шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман, янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғубдир.

 

Оиша розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди.

«Ейилмаганида», дедилар у Зот.

Яъни, (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади.

Ушбу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса, баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари ичида у кишига қиз ҳолида теккан ягона аёл эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар.

 

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди.

«Йўқ», дедилар. Кейин у Зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида:

«Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар».

Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўраш яхшилиги.

2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам уйланмаган маъқул экани.

3. Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги.

Бу сифатлар унга яқин аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин, қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, кўпинча уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўладилар.


«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди.

«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:

1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».

Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.

Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрлари кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.

2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».

Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.

Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас.

Чунки Холиққа маъсият ишларида махлуққа итоат қилинмайди.

Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак.

Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.

Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.

3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».

Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак.

Чунки шу туфайли оилада уруш-жанжал чиқи-ши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.

Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.

Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этмоқлари лозим.

Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.

 

Икки Шайх ва Термизий ривоятида: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган.

Шарҳ: Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса бало-офат эканлиги ҳақидаги фикрга ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшиладилар.

Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид.

Шунинг учун ҳам келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш керак. Бошқа кўрсатмаларга амал қиламан деб, эркаклар учун дунёдаги энг зарарли фитнага учраб қолмаслик керак.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди.

«Уни ўзингдан ғариб қил», дедилар.

«Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди.

«Ундан фойдаланиб юр», дедилар у Зот».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумлани эркаклардан ўзини олиб қочмайди ёки мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади, деб икки хил таъвил қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ хотинни талоқ қилиб юборишга маслаҳат берганлар. Лекин эр хотинини талоқ қилса ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ бўлса, ундан фойдаланиб юравер, деганлар.

Шундан қўлни ман қилмаслик молу мулкни исроф қилиш маъносида эканлиги келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас.

***

Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани равшанлашади. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унсу улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришилиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўринда эътибор берилиши керак.

Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади.

Ўз соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида:

«Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.

Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласининг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга, бўлажак фарзандларини муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.

Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:

1. Диндорлик.

2. Серфарзандлик.

Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.

3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.

4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.

5. Насаби яхши бўлиши.

6. Ҳуснли бўлиши.

Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.

7. Қариндошлардан бўлмаслиги.

Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.

8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик.

Чунки кўпхотинликнинг машмашаси ҳам кўп. Шартларини бажо қилиш ҳам қийин.

 

 

 

Никоҳнинг рукн ва шартлари

 

 

 

Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. «Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томонни биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса, иккинчи ўринда содир бўлган нарсалардир. Мисол учун, бир эркак, аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан? деса «ийжоб» бўлади. Аёл унга, розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб қабул» бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади:

1. Хотин.
2. Эр.
3. Валий.

Шу билан Ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни тўртта бўлади.
Никоҳни тўғри бўлиши учун бир нечта шарт юзага чиққан бўлиши шарт:
1. Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак.
Бошқача қилиб айтганда, никоҳда иштирок этиши кўзлаган аёл эркакка абадий равишда ҳам, вақтинчалик равишда ҳам ҳаром бўлмаслик керак. Маҳрамларга ва баъзи аёлларга вақтинчалик уйланиб бўлмаслиги ҳақида олдин батафсил гаплашганмиз.
2. Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини таъйин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
3. Гувоҳлик.
Гувоҳлик ҳақида юқоридаги ҳадиси шариф шарҳида гаплашиб ўтдик. Ҳамма мазҳаблар ва ҳамма уламолар гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ қилганлар.
Моликийлар ҳатто гувоҳлардан никоҳни сир тутишини сўралса, никоҳ ботил бўлади, деганлар.
4. Икки томоннинг розилиги.
Эр ҳам, аёл ҳам ўз ихтиёри билан никоҳга ҳаракат қилишлари шарт. Бўлмаса, никоҳ тўғри бўлмайди.
Имом Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:
«Бир қиз у кишининг олдига келиб, отам мени ўз укасининг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи, мен буни хуш кўрмайман, деди. У киши, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердим. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар.
Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин, аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини ўргатишни ирода қилган эдим», деди.
(Қизнинг исми, Хансаа бинти Ҳизом ал-Ансория эди).
Ҳанафий мазҳаби, бу масалада никоҳ бўлаверади, деган фикрни олдин суради.
5. Валий.
Бу ҳақда батафсил гапирилди.
Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру хотин таъйинли бўлиши, ҳаж ва умра эҳромида бўлмасликлари, никоҳ маҳр ила бўлиши, эр гувоҳлар билан никоҳни сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ёки хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги каби шартлар ана шулар жумласидандир.

 

 

 

Никоҳ одоблари ва унга тааллуқли нарсалар

 

 

 

Барча уламои киромлар никоҳ суннат амаллардан эканлигига ихтилоф этишмайди, балки унга тарғиб этишади. Никоҳнинг фазилат ва фойдалари кўпдир. Улардан бири фарзанд кўриш, зеро мақсад насл қолдиришдир. Наслни давом эттиришда Аллоҳга муҳаббат ва бу йўлда ҳаракат этиш каби фойдалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, фарзандли бўлишда қиёмат кунида умматларни кўпайтириш ният қилинади, бу билан у зотнинг муҳаббатлари топилади. Бундан ташқари солиҳ фарзандлар дуоси билан савоб олиш ва кичик ёшдаги фарзанднинг вафот топиши билан шафоатга эришиш мумкин бўлади.

Никоҳ фойдалари қуйидагилардир:
– шаҳват балосини қайтариш билан шайтон васвасасидан омонда бўлиш, никоҳда руҳий ором бор;
– инсон руҳи хотини билан бирга бўлганда унс – улфат топади;
– уй юмушларидан қалби фориғ топади, хотин таом пишириш, супуриб-сидириш, ўрин-кўрпаларни солиб-йиғиш, идиш-товоқларни ювиб тозалаш ва бошқа шу каби яшаш учун зарур шароитларни ўз зиммасига олади. Инсон бир ўзи бунча кўп ишларни уддалай олмайди. Агар бу юмушларни ўз зиммасига оладиган бўлса, аксари вақтини зое этади. Илм олиш ва ишлаш учун фориғ бўла олмайди. Солиҳа аёл бу борада динга ёрдамчидир. Бу дунё икир-чикирларининг кўплиги ва хилма-хиллиги қалбни доимо банд этади;
– оиласи ва аҳли-аёлининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш, уларга бош бўлиш ва риоя этиш билан ҳаётий кураш олиб бориш, хотинларнинг ахлоқига сабр этиш, улардан бўладиган турли жафо ва азиятларга чидаш, хотинлар ахлоқини ислоҳ этиш ва уларни диннинг тўғри йўлига иршод этишда ҳаракат қилиш, улар учун ризқ топиш йўлида ҳалол касб этиш ва фарзандлар тарбиясида машғул бўлиш.
Оила тўғрисида ғамхўрлик қилиш, уларга бош бўлиш ва уларнинг риоясида бўлиш амалларининг фазилати улуғдир.
Хотин ҳаққини адо этишда ноқислик ва камчиликлардан қўрққан киши уйланишдан эҳтиёт бўлади. Аҳли аёлларнинг заҳмат ва қийинчиликларига бардош бериш – Аллоҳ таоло йўлида жиҳод этиш баробарида бўлади.
Имом Муслимнинг муфрад ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ йўлида бир динор эҳсон этдинг, қўл остингдагиларга бир динор сарф этдинг, мискинга бир динор садақа қилдинг, аҳли аёлингга бир динор харж қилдинг. Шуларнинг ичида энг афзали ўз аҳли аёлингга қилинган нафақадир».

ФАСЛ

Уйланишда бир неча офатлар ҳам бор:
1. Бу офатлар ичида энг кучлиси бўлиб, ҳалол ризқ топишдан ожиз бўлишдир, чунки бу қийин иш. Эрларнинг қўли кўпинча ўзиники бўлмаган нарсаларга чўзилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтади: «Никоҳдан ожиз бўлганлар ўзларини ҳаром-харишдан эҳтиёт этсинлар, тоинки Аллоҳ ўз фазлу-карами билан уларни никоҳга муяссар этгунича».
2. Хотинлар ҳуқуқларини адо этишда ожиз бўлиш. Уларнинг ёмон хулқлари ва азиятларига сабр эта олмаслик. Бунда катта хавф бор, зеро эркак қўл остидагилардан масъулдир.
3. Аҳли аёли ва болалари кишини Аллоҳ таоло зикридан машғул этиши. Кеча ва кундузиларини улар билан машғул бўлиб ўтказиш, натижада қалб охират ва унинг йўлида амал этиш тўғрисида ўйламай қўйиши.
Мана шулар никоҳнинг фойда ва офатларидир. Энди бирор кишининг уйланиш ёки уйланмаслигининг фойда ва зарарлари ҳукмига келсак, бу иш юқоридагиларни ўз ичига олган мажмуа асосида бўлади. Ҳар бир мурид ўзини мана шу ҳолатларга солиб кўриб, ўзида никоҳнинг офатлари топилмай, фойдалари жам бўлган бўлса, ҳалол мол-дунёси, чиройли одоб-ахлоқи бўлса, бунинг устига ёш йигит бўлиб, майл-шаҳватни бостиришга муҳтож бўлса, якка бўлиб, уй-жой тадбирларини кўришга муҳтож бўлса, бундайларга уйланиш афзалдир. Агар бунинг акси бўлса, у киши никоҳни тарк этади.

ФАСЛ

Яхши муошарат учун аёлда эътиборга олинадиган томонлар:
1. Аёлнинг диндор бўлиши. У асл сабаблардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай деб марҳамат қилдилар: «Дини бор аёлга уйланинг». Бу Имом Бухорий ва Муслим ривоят этган ҳадиснинг бир жузъидир. Агар аёл динда бўлмаса, эрининг динини фасод этади ва эр ҳурматини мукаммал адо эта олмайди. Агар аёл ғайрлик кўчасига кирса, эр-хотин ҳаёти бало ва офат остида қолиб, бахт-саодатдан маҳрум бўлади.
2. Чиройли одоб-ахлоқда бўлиши. Зеро, бадхулқлиликнинг зарари унинг фойдасидан кўра кўпроқдир.
3. Гўзал бўлиши. Гўзаллик матлубдир. Чунки бу билан эрнинг пок бўлиши вужудга келади. Шунинг учун ҳам никоҳдан олдин маҳбубага, яъни уйланмоқчи бўлган аёлга қарашга амр этилган. Аммо баъзи одамлар чиройга унча ҳам аҳамият беришмаган. Бошқача қилиб айтганда, никоҳда гўзалликдан бахраманд бўлишни қасд этмаганлар. Чунончи, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ғилай хотинни синглисидан афзал деб ихтиёр этган эканлар. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам учрайди, чунки инсоннинг табиати бунга қарама-қаршидир.
4. Маҳрнинг енгил бўлиши. Шайх Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини икки дирҳам маҳрга турмушга берганлари маълум. Умар розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Аёллар маҳрида жуда баланд бўлмангизлар». Шу каби хотинлар томонидан ҳам маҳрни кўп талаб қилиш макруҳ кўрилган. Эркак томонидан хотиннинг мол-дунёсини суриштириш ҳам макруҳдир. Имом Саврий айтадилар: «Агар уйланаётган эркак: «Хотиннинг қанча мол-дунёси бор экан?» деб сўраса, билингки, у ўғри».
5. Никоҳланаётган аёл қиз бўлишини шариат тавсия этади. Чунки қиз эрини севади, жувон аёлга қараганда эрига кўпроқ эл бўлади ва кўнгил қўяди. Улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлади, негаки инсон табиати биринчи бўлиб синашта бўлган билан тезроқ улфатлашади, эр ҳам унга нисбатан меҳрини зиёда қилади. Чунки инсон табиати ўзидан бошқа одам уни ушлаган ёки у билан бирга ҳаёт кечирганини билса, кўникиши қийин бўлади (яъни, уйланадиган аёли фақат уники бўлаётганини билса, хотиржам бўлади).
6. Туғишга қодир бўлиши. Қиз боланинг туғиш ёки туғмаслигини билиш қийин, аммо унинг яқин қариндошлари фарзандли бўлса, у ҳам туғиши мумкин.
7. Насабли бўлиш, яъни динли ва солиҳ оиладан бўлиши.
8. Қариндош бўлмаслиги. Шу каби эр ҳам хотин ҳақида шуларга қарайди. Хотиннинг валийси эркакнинг дини, ахлоқи ва аҳволларига қарайди, чунки қизи никоҳ билан гўё унга чўри бўлади, яъни эрнинг ихтиёрига ўтади. Қачонки, эр фосиқ ёки бидъатчи бўлса, қизига ва ўзига зулм этган бўлади.
Бир киши Имом Ҳасан Басрийдан сўради: «Қизимни кимга эрга берайин?» Имом жавоб бердилар: «Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, унга зулм этмайди».

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ