1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Бахтли оила асослари

 

 

 

Оиланинг киши учун чинакам фароғат қасрига айланишининг айрим асослари борки, уларга амал қилинса, оилавий бахтга эришилади иншоаллоҳ ва турли нохушликлардан омонда бўлинади...

“Касалликнинг олдини олиш унга қарши курашишдан яхшироқ”

Ҳусни ихтиёр

Киши оиласи бахтли бўлишини истаса, аввало бу нарсага оила қурмасдан аввал ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Бу ўзи учун муносиб ва солиҳа бир жуфтни қидириш орқали бўлади. Буни шариатимизда “ҳусни ихтиёр” яъни “муваффақиятли ва чиройли танлаш” деб аталади.  Уйланмоқчи бўлган одам яқин орада ўз жуфти ҳалоли, болаларининг онаси ва сирдошу сирдонига айланажак аёлнинг сифатлари қандай эканини аввалдан билиб олиши ўта зарурдир. Ахир у қўймоқчи бўлган қадам унинг тақдирини ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Киши ўзига муносиб солиҳа жуфтни топса бу унинг бахти, агар бордию бунинг акси бўлса, у ҳолда инсон умр бўйи бахтсизликда, ранжу аламда ҳаётини ўтказишга мажбур бўлади. Шу боис ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида:

تخيروا لنطفكم (тахоййарув линутафикум) яъни: “Ўз зурриётларингиз учун муносиб “онани” танлаб олинг”, дея марҳама қилганлар. Албатта, киши ўзи учун умр йўлдоши бўладиган аёлда топилиши лозим бўлган сифатларнинг энг асосийси Аллоҳдан қўрқиш, тақво ва салоҳият яъни солиҳлик, яхши тарбия кўрганликдир. Агар шу сифатлар топилса, чирой, аслзодалик каби қолган яхши сифатлар ҳам татийди. Агар мазкур сифат топилмаса, чирой ва гўзаллик азоб ва уқубатга айланади. Шунга аҳамият бермоқ лозим. Мана шу нарсаларга ишора қилиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар:

تنكح المرأة لأربع: لدينها ولمالها ولحسبها ولجمالها فاظفر بذات الدين تربت يداك  Маъноси: “Одатда аёл киши тўрт сифати учун никоҳга олинади: дину диёнати учун, молу дунёси учун, ҳасабу насаби учун ва ҳусну жамоли учун. Эй, биродар, сен диёнатлисини олгин!”.

Набий (алайҳиссалом) бу ҳадисларида уйланиш ва оила қуришда одамлар ичида урф бўлган нарса ҳақида хабар бермоқдалар. Дарҳақиқат, одамлар уйланишда бўлажак келиннинг гўзал бўлишини, молу давлати бўлишини, насл насаби тоза, таглик тахтлик бўлишини ва ниҳоят дину диёнатлик бўлишини истайдилар. Лекин, кўп ҳолларда бўлаждак турмуш ўртоқларининг дину диёнатига одобу ахлоқига энг охири эътибор берадилар. Асосан, қизнинг чиройи, бадавлат хонадондан экани ва насл насаби қизиқтиради. Дину диёнати деганда Аллоҳдан қўрқиши, ибодатлилиги ва тақвоси билан бир қаторда, барча одамий хислатлар, одобу ахлоқлар ҳам тушунилади. Кишилар бўлажак умр йўлдошларининг шу томонига кўпинча эътиборсизлик қиладилар. Шу боис, ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўровчи кишига, “Сен эса дину диёнатлисига эришгин!”, дея ўгит бермоқдалар. Зеро, аёлнинг қалби гўзал бўлса, ташқи гўзаллиги ва насл насабининг шарафлилиги узукка кўз қўйгандек бўлади.

Худди шунингдек, бу борада яъни бўлажак турмуш ўртоқнинг салоҳияти борасида куёвларга ҳам эътибор бериш лозим бўлади. Қиз узатишдан аввал совчи бўлиб келган куёвнинг одоб ахлоқи ва салоҳияти суриштирилмоғи лозим. Зеро, ҳидоят пешвоси бўлмиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар:

"إذا أتاكم من ترضون دينه وخلقه فزوجوه، إلا تفعلوا تكن فتنة في الأرض وفساد كبير"

“Қачонки, ҳузурингизга (қизингизни сўраб) дину диёнати ва хулқи сизларга маъқул бўлган ва сизларни қониқтирадиган бир йигит келса, бас, қизингизни унга беринглар. Агар ундай қилмасангиз, Ер юзида фитна ва катта фасод-бузилиш пайдо бўлади”.

Эътибор беринг, бу ерда бойлиги, таги-тахти қониқтирадиган дейилмаяпти, балки, диёнати ва хулқи сизларни рози қиладиган бир йигит келса, дейилмоқда. Лекин, афсуски, кўпинча, қизимизга совчи бўлиб келган томоннинг бадавлат эмаслиги, ёки тагли-тахтли эмаслиги туфайли рад жавоби бериб юборилади. Натижада, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳлантирганларидек, оламда бузилиш ва фитна-фасод пайдо бўлади. Одамлар қизларини ўзлари сезмаган ҳолда давлатлик, лекин ахлоқсиз, гиёҳванд кишиларга турмушга бериб юборадилар. Натижада қанча-қанча кўнгилсизликлар келиб чиқади, оилалар бузилади. Шу тариқа, кўп ота-оналар ўз қўллари билан фарзандларини саодат қасри эмас балки, бахтсизлик зиндонига банди қилиб берадилар.

Шунингдек, турмуш қуриш масаласида киши дину диёнати ва салоҳияти билан танилган одамлардан маслаҳат сўраш ҳам мақсадга мувофиқдир. Сўралган киши эса ишонилган одам бўлади, балки, омонатга хиёнат қилмаган ҳолда тўғри маслаҳат бериши ва суриштирилаётган одам ҳақида холис ва тўғри тавсиф бермоғи лозим бўлади.

Саҳобийя аёллардан Фотима бинт Қайс (разияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига келиб: “Ё Расулаллоҳ, Абу Жаҳм билан Муовиялар мени қўлимни сўрашяпти (улар ҳақида нима дейсиз, қандай маслаҳат берасиз)”, деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай жавоб бердилар: “Муовия ўта қашшоқ, умуман моли (пули) йўқ одам. Абу Жаҳм бўлса, елкасидан ҳеч калтагини қўймайди”. (Мулим ривояти)
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сўзлари билан мазкур аёлни уларнинг совчилигини қабул қилмасликка чақирмаганлар. Балки, У зот Фотимага совчи бўлган кишиларнинг воқеъликдаги аҳволидан хабар берганлар холос. Совчилардан бири умуман сариқ чақасиз қашшоқ киши бўлса, иккинчиси эса қўли югурдак, хотинларни кўп урадиган қаттиққўл киши эди. Эҳтимол, ҳалиги аёл улардан биронтасига тегишга рози бўлиб, никоҳдан кейин эрининг салбий тарафларини билиб қолса, ўртада муаммо пайдо бўлиши мумкин эди. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) очиғини айтиб қўя қолганлар. Танлаш ҳуқуқи эса маслаҳат сўраган одамда. Хоҳласин қабул қилсин, хоҳласин қабул қилмасин.                
Назар солиш. Яъни бўлажак келинни тўйдан аввал яхшилаб кўриб олиш. Келин ва куёв ўртасида қалбий ришталар мустаҳкам эмаслиги туфайли қанчаданқанча оилаларнинг ришталари турмушнинг илк ойлариданоқ узилиб, парчаланиб кетади. Қалбнинг далили, чопари ва даракчиси эса назардир. Киши уйланмоқчи бўлгани қиз ёки жувонга назар солганда кўп нарса ойдинлашади. Ўша биринчи назар ва нигоҳ орқали ўртада илиқлик ва муҳаббат пайдо бўлиши мумкин. Ёки агар бўлажак келин билан куёв бирбирларига хилқатларидаги қайсидир сабаб туфайли ёқмасалар ҳам тўйдан аввал уларнин айрилишида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо, бирбирини тузукроқ кўриб, билмасдан тўйдан кейин, келинкуёв бирбиридаги жисмоний номутаносибликлар, бирон хунуклик ва ҳоказоларни кўрсалар унда ўртада совуқлик пайдо бўлиб қолади. Шу боис ҳам Муғийра исмли саҳобий бир аёлга совчи бўлганда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга назар солишни маслаҳат бериб, айтадиларки: “У аёлга қарагин. Ана ўшанда орангиз аҳил бўлади”, деганлар. Муғийра (розияллоҳу анҳу айтади): “Шундан сўнг, мазкур аёлга қарадим. Кейин унга уйландим. Аллоҳга қасамки, ундан кейин ҳаётим давомида шу аёлнинг ўрнини боса оладиган, унга тенг келадиган биронта аёлни топмадим”. Кўряпсизми, тўйдан аввал келинга назар қилишнинг аҳамияти қанчалар катта эканини!
Тўйдан аввал бўлажак келинга назар солиш жоиз экан. Унинг қаерига қараш мумкин деган савол туғилади. Аксарият уламоларнинг сўзларига кўра, бўлажак келиннинг юзи ва қўлларини яъни қўлларининг кафт қисмини кўриш жоиз бўлади. Юз – чирой ёки хунукликдан дарак берса, қўллар теридаги касалликлардан дарак беради.

 

 

 

Мустаҳкам оила - муқаддас даргоҳ

Оила - инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ бўлиб ҳисобланади. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَاجًا وَذُرِّيَّةً

яъни, “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (“Раъд” сураси, 38-оят ).

Динимиз таълимотларида ҳам оила масаласига катта эътибор берилиб, уни  қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга тегишли жавоблар берилган.

Маълумки, Ислом таълимоти нақл ва ақлга асосланган бўлиб, инсонни доимо ақлни ишлатишга, мулоҳаза юритишга чорлайди. Аллоҳ таоло дунёдаги барча борлиқ нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратганига ишора қилиб бундай дейди:

(سورة الذاريات ، 49)  وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни, “Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. Шоядки, (бу нарсалар) сизларга эслатма бўлса”.  (“Зориёт” сураси, 49-оят).

Шу жумладан, инсонлар ҳам жуфт қилиб яратилган. Аллоҳ таоло бу жуфтликни Ўзининг илоҳий оят-аломатларидан бири эканлигини эслатиб, бундай марҳамат қилади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

Маъноси: “Унинг оятларидан (яна бири) – токи ҳузурларидан ҳотиржамлик ва ором топишингиз учун (яъни сизларга ҳамдам бўлишлари учун) - сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратиб қўйганлиги ва ўртангизда муҳаббат ва раҳмат пайдо қилиб қўйганлигидир”. (”Рум” сураси, 21-оят).

Шунга мувофиқ никоҳ орқали уйланиш ва оила қуриш фарзандлар тарбиялаш кўп миллатларда бўлгани каби динимиз таълимотларида ҳам таъкидланганидан муқаддас ҳисобланиб, ўзига яраша тартиб ва қоидалар асосида ташкил этилади.

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришда фақат Ислом  умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, азиз юртимизда истиқлолдан кейин аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёллар жамиятда ўз ўрни, мавқеи ва сўзига эга бўлди. Бу Асосий Қонунимизда кафолатланиб қўйилди. Унда жумладан бундай дейилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”. (Асосий Қонун, 14-боб, 63-модда).

Маълумингизким, она юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлганидан сўнг келаётган ҳар бир йил жамиятимиз ҳаётининг муҳим бир бўғинларига бағишланмоқда. Бундан мақсад ўша йилда давлатимиз ёки жамиятимиздаги ривожлантиришга, ғамхўрлик қилишга муҳтож бўлган айрим кам-кўстликларни тўлдириш ва секин-асталик билан халқимиз ҳаётини яхшилашга ҳамда жамиятимизни юқори савиядаги фаровон бир жамиятга айлантиришдир. Эҳтимол кимдадир: шу ишларни бу йил фалон йили, келаси йил пистон йили деб ошкора эълон қилмасдан қилса бўлмайдими, деган маънода савол туғилиши ҳам мумкин. Бунга жавобан айтамизки, жамиятда айрим муаммолар ҳам бўладики, уларни ҳал қилишга кўпчилик билан ҳаракат қилингандагина кўзланган натижага эришиш мумкин. Тадбиркорлик, оналик ва болалик, соғлиқни сақлаш, мустаҳкам оила каби масалалар ҳар доим долзарб ва оламшумул бўлиб келмоқда. Бу муаммоларнинг кўпчиликлашиб, бутун халқ ёрдамидагина ечимини топиш мумкин. Ундан ташқари, муайян йилнинг муайян муаммо ва масалага ошкора эълон билан бағишланишида руҳий омил ҳам мавжуд. Бундай ҳолатда кишиларда ўша эълон қилинган у ёки бу муаммога нисбатан ички бир масъулият пайдо бўлади. Айрим одамларнинг дангасалик, масъулиятсизлик каби иллатлар туфайли ичларида яшириниб олиб, бўй кўрсата олмаётган потенциал куч-қувватлари жўш уриб, анча яхши ишлар юзага келиши мумкин. Бунга битта ёрқин мисол қилиб, тугаган 2011 йилимизни олишимиз мумкин. Бу йил “кичик бизнес ва тадбиркорлик йили” деб эълон қилинган эди. Айнан шу йилда халқимиз кичик бизнес ва тадбиркорликка бошқа йиллардагидан кўра кўпроқ аҳамият қаратди. Тадбиркорлар сони анча кўпайди ва ишлаб чиқариш ҳам сезиларли даражада ривожланди. Натижада, Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларини ҳам қийин аҳволда қолдирган иқтисодий бўҳрон ва депрессия бизнинг ўлкамизга хавф сола олмади. Дунёга донғи кетган ғарб давлатлари бугунги кунда иқтисодий кинкирознинг кейинги тўлқинидан қаттиқ хавфга тушиб турган бир вақтда юртимиз иқтисоди яхши кўрсаткичларни кўрсатмоқда ва бу Европа давлатлари томонидан ҳам тан олинмоқда. Қисқаси, муайян йилнинг муайян муаммолар ечимига бағишланиши ўзининг самарасини бермоқда

Мана энди, кириб келаётган янги 2012 йил давлатимиз рахбари томонидан  “Мустаҳкам оила йили” деб эълон  қилинди. Албатта бу иш ниҳоятда ўринли бўлди деб ўйлаймиз. Зеро, оила муаммоси ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб давлатларини ўйлантириб келаётган оламшумул замонавий ибора билан айтганда глобал масалалардандир.
Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Жамият ҳаётида оила қуриб яшашлик нақадар аҳамиятли эканига Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таъкидлаб бундай хитоб қилганлар:

يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر و أحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فانه له وجاء" متفق عليه.

яъни, “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, бузуқликлардан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон зотини, у эркак бўлсин ёки аёл бўлсин, нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу табиий нафс рағбатини ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган.

Яна бир ҳадиси шарифда:

أربع من سنن المرسلين : الحياء والتعطر والسواك والنكاح

“Тўртта яхши иш  бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир”, - деб марҳамат қилинади. (Имом Аҳмад ривояти)

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан  зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун  динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан  холи тинч ва обод  бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг  тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъмин-лаш оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин.

Шайтон киролмайдиган хонадонлар

Аллоҳдан қўрқиш ҳар бир солиҳ амал асоси ва имонимиз озуқидир. Тақво бўлганидагина тоат, ростгўйлик ва Аллоҳ таолога инобат бўлади. Бу имоний асос мусулмонларнинг Аллоҳни ёдлаш билан, Қуръони карим тиловати билан хонадонларини мунаввар этишларини, Аллоҳ, азза ва жалла, шариатига кўра яшашларини тақозо қилади. Бу асос мустаҳкам бўлган хонадонлар меҳр-муҳаббат, иффат ва поклик хонадонларидир ва уларни Аллоҳ таоло тақво сабабли шайтони рожим қутқуларидан омон сақлайди.
Келинг, шайтони рожим қадам боса олмайдиган бундай хонадонлар билан, уларнинг соҳибларига хос сифатлар билан танишайлик.

Шайтон киролмайдиган хонадонлар
Жинлар ва шайтон

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло жинларни оловдан яратди. Улар ҳар хил шаклларга кира олади. Ейди, ичади, уйланади ва наел қолдиради, инсонларни кўра олади, аммо инсонлар уларни кўра олмайди. Уларнинг мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бор, уларнинг кофирлари шайтондир. Ҳижр сурасининг 27-ояти мазмуни шундай: "Жинни (яъни, иблисни) эса (одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик".
Жинларнинг ҳам, инсонлар каби, солиҳлари ва фожирлари бор. Абу Дардо, розийаллоҳу анҳу, ривоят қиладилар: Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтдилар: "Ҳақ субҳонаҳу ва таоло жинларни уч тур қилиб яратди: бир тури илонлар, чаёнлар ва ер ҳашоратлардир; иккинчи тури ҳаводаги шамолга ўхшаш; учинчи тури ҳисобга тортилади ва жазоланади" (Термизий, "Наводирул-усул").
Абу Саълаба Хушаний, розийаллоҳу анҳу, Расулуллоҳдан, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ривоят қиладилар: "Жинлар уч турдир: бир турининг қанотлари бўлиб, ҳавода учиб юрадилар; иккинчи тури илонлар ва итлардир; учинчи тури қўним топувчи ва кўчувчидир".
Бинобарин, ҳайвонларга эҳтиёт билан муомала қилиниши лозим. Хоссатан, кечқурун эҳтиёт бўлиш керак. Тун жин ва шайтонлар ёйиладиган ва тарқаладиган вақтдир.
Абу Қалаба, розийаллоҳу анҳу, ривоят қиладилар: Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтдилар: "Итлар ҳам бир жамоа бўлмаганида, уларни ўлдиришни буюрардим. Лекин бир жамоанинг йўқолиб кетишидан қўрқдим. Уларнинг тим қорасини ўлдиринглар, булар жинлардир".
Қоронғи кечаларда жинлар ҳар хил шаклга кирадилар. Мўмин-мусулмонлар ўзларини жинларнинг ёмонликларидан сақлаш учун доимо Аллоҳни ёдлаб юришлари зарур бўлади. Яхшиси улардан узоқ юрган маъқул. Зеро, улар ҳам бизлар каби бир оламдир.
Энди шайтон ҳақида. "Мухторус-сиҳаҳ" луғат китобида унга шундай изоҳ берилган: "Аччиқни чиқарадиган ҳар бир инсон, жин ва ҳайвон шайтондир" (яъни, шайтоннинг ишини қилади).
Заҳҳок ибн Аббосдан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилинади: "Жинлар шайтон эмас. Жинлар ҳам ўлади. Уларнинг мўминлари ва кофирлари бор. Шайтонлар эса иблиснинг болаларидир. Улар иблис билан бирга ўлади".

Ҳар бир инсонда шайтон мавжудлигини Расули Акрам, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, баён этганлар. Инсондаги шайтон ўз ишини қилади. Бу нарса унинг кучли эканидан эмас, балки васваса солиш, қизиқтириш, йўлдан уриш каби барча найрангларга моҳир эканидандир. Унинг хилқати, яъни, у инсонларни кўра олиши, инсонлар эса уни кўра олмасликлари бунга ёрдам беради. Аъроф сурасининг 27-ояти мазмуни шундай: "У ва унинг малайлари сизни уларни сиз кўрмайдиган ердан, кўради".
Шайтон найранг қилишга қанчалик моҳир бўлмасин, у қуйида зикр қилинажак сифатларга эга бўлган хонадонларга ва уларнинг аҳлларига дахл ва зиён қила олмайди. Энди шайтон зиён қила олмаидиган, кира олмайдиган хонадонлар ҳақида тўхталиб ўтсак.

Ҳалолдан озиқланувчи хонадонларга шайтон кира олмайди

Аллоҳ таоло покдир, фақат покликни қабул этади. Хонадонимизни ҳаром мол ва таомлардан — етимларнинг молидан, судхўрлик, зўравонлик ва зулм билан топилган моллардан сақлашимизни буюради. Ҳалолдан ризқланган мусулмонни Аллоҳ иблиснинг ҳужумларидан ва ҳийлаларидан сақлайди.
Инсон тановул қиладиган ҳар бир нарса унинг зеҳниятининг ва жисмининг шаклланишига, шубҳасиз, таъсир қилади. Ароқ, наша, афюн каби оғулар истеъмолининг таъсири онида билинса, ўғрилик, порахўрлик, қимор, судхўрлик йўллари билан топилган мол-дунё истеъмолининг таъсири бутун умри давомида акс беради. Шунинг учун динимиз ҳалқум поклигини энг муҳим фарз деб белгилаган. Ҳар бир мусулмон таомининг асли ва топилиш йўллари ҳалол бўлиши лозим. Таомнинг ўзи, асли тоза бўлса-ю, уни қўлга киритиш йўллари ҳаром бўлса, уни еб бўлмайди. Уни топиш йўли ҳаром бўлганидан ейиш ҳам ҳаром бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, босқинчилик, товламачилик, қимор йўллари билан қўлга киритилган ҳар бир нарса ҳаромдир. Бундай нарсаларни истеъмол қилганларнинг қалби қораяди, ҳақни кўрмайди. Улардан меҳр кўтарилади, ўрнини зулм эгаллайди. Уларни шайтон жиловлаб олади.
Бу ўринда яна бир муҳим масалага — етимлар масаласига тўхтамай ўтолмаймиз. Ота-она-сидан ё уларнинг биридан айрилган ҳар бир фарзанд, балоғатга етган ё гўдак бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ таоло белгилаган мерос улушини олади. Фарзанд балоғатга етмаган бўлса, унга теккан улушдан бошқаларнинг ейиши мумкин эмас, ҳаромдир. Нисо сурасининг 10-ояти мазмуни шундай: "Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар!"
Мўминлар етимлар молини емайди. Аксин-ча, уларни қарамоқларига олиб тарбия қилади, ўқитади ва тўғри йўлга бошлайди. Бу асос дарз кетган жойда, етимлар корни ни тўйғазиш ўрнига, уларнинг моли талашиб еб-ичилганида, шайтон бош кўтаради. Уларни забунликка етаклайди.
Мусулмонлар ва уларнинг хонадонлари сақланиши лозим бўлган иллатлардан яна бири судхўрликдир, рибодир. Судхўрлик улкан гуноҳдир. Судхўр Аллоҳнинг, азза ва жалла, душманидир. Бақара сурасининг 275-ояти мазмуни шундай:
"Судхўрлар қиёмат куни тирилтирилганида қабрларидан жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга уларнинг рибони байъ каби ҳалол деб эътиқод қилганлари сабабдир".
Аллоҳ таоло рибо қўшилган молни ҳалок қилади ва садақа чиқарилган молга барака ато этади. Рибони еб гуноҳга ботган барчани Аллоҳ таоло ёқтирмайди.
Асли ҳам, топилиш йўллари ҳам ҳаром бўлган таомлар истеъмолининг таъсир доираси истеъмолчи билан чегараланмайди. Унинг фарзандлари ва аҳилларининг барчасида акс этади.
Фарзандларининг иқболини ва салоҳини истаган ота фақат ҳалолдан озуқланиши ва ҳалол касб қилиши шунинг учун ҳам жуда муҳимдир.
Мусулмон озуқи ва озуқ манбаи ҳалол бўлганидан Аллоҳ, азза ва жалла, ҳимоясидадир. Ҳалол еб, ҳалол касб қилган мусулмоннинг хонадонига шайтон кира олмаслиги ва зиён қила олмаслиги шундандир.

Авазхон ҲАЙДАР ўғли тайёрлади

Қиёмат қачон бўлади?

 

 

 

Қардош нашрлардан бирида ишлайдиган ҳамкасбим билан учрашиб қолдик. Салом-алик, ҳол сўрашиш ўрнига мухбир жаноблари оғиз кўпиртириб, кўзларини ваҳима билан катта-катта очганча:
—    Йигирма биринчи декабрда қиёмат бўларкан. Дунё тугаркан. Эшитдингизми?- деб қолди. Ғашим келди. Ҳозир кимни қараманг, оғзида шу гап. Бошқаларни маънавияти, дунёқараши шу миш-мишларга ишонадиган даражада бўлса, булардан яна нимани кутиш керак, десам, минглаб муштарийлар ўқийдиган республикада таниқли нашрда фаолият юритадиган журналистнинг бефаросатлигини нима билан изоҳлаш мумкин?! Бу миш-мишларнинг ноўрин ва нотўғри эканини халққа тушунтириш, одомлар орасида ваҳима тарқалишини олдини олиш ўрнига журанлист жанобларини оломон орасидаги асоссиз гапларга ишонадиган даражада Худо уриб қўйибдими, дейман!
Кейинги пайтларда Интернет тармоғи сайтлари, оммавий ахборот воситалари ва айрим шов-шувли, ёлғон-яшиқ  хабарларни тарқатиш билан даромад топадиган  даврий нашрлар  2012 йилнинг 21-декабрида аллақандай ғайритабиий ҳолатлар юз бериши ҳақида бонг уряпти. Эмишки, айнан шу вақтга Маяликлар календари тугаши, Нибури планетасининг Ерга яқин келиши, Шуман частотасининг 13 даражадан ортиши, 4 та планеталарнинг бир чизиққа тизилиши ва Қуёш системасининг галлактика марказидан ўтиши тўғри келяптимиш. Дунё олимларининг умумий фикрлари бўйича 2012 йил охирзамон бўлиши ҳақида гапирилаётгани кенг оммани ҳайратга солмоқда.
Яна бир асоссиз интернет хабарида жаҳон олимлари 2012 йил 21 декабрда Ер ўз ўқи атрофидан чиқиб кетишини аниқлагани ҳақида ёзилганига кўзимиз тушди. Айрим нашрлар эса башоратчилар Нострадамус ва Ванганинг охир замон ҳақидаги башоратларини ҳеч ўйламай чоп этишгача боришяпти. Хўш, бу сафсаталар билан оммани чалғитиш, одамлар орасида ваҳима уйғотиш кимга керак бўляпти? Умуман олганда, бу каби миш-мишлар замирида нечоғли ҳақиқат бор?
Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда. Авваломбор охир замон,  Қиёмат нима дегани?
—    “Қиёмат” сўзи — “тик туриш” маъносини англатади,- дейди диншунос-мутахассис Баҳодир Муҳаммадиев. - Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа, ҳисоб куни, охират куни, маҳшар куни каби бир қанча исмлари ҳам бор. Сиз юқорида эшитган, ўқиган манбаларда ҳеч қандай ҳақиқат йўқ. Охир замон- Қиёмат қачон рўй беришини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч зот билмайди. Қиёматнинг Қуръони Каримда ва Пайғамбар (сав)нинг саҳиҳ ҳадисларида келтирилган бир қанча аломатлари бор. Қачонки, ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир...

Аломатлари...
Одамлар орасида юрганимизда “замон бунақа бўлиб кетди, қиёмат яқин чоғи”, “фалон иллат авж олди, охир замон бўляпти шекилли” ва ҳоказоларга ўхшаган гап-сўзлар кўп айланаётганига гувоҳ бўламиз. Диний манбаларда судхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик каби иллатларнинг авж олиши, олимларнинг ҳурмат ва қадр топмаслиги кабиларнинг  одамлар орасида кенг тус олиши охир замон аломатлари сифатида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат манзаралари ҳақида шундай марҳамат қилади: “Қачонки ер қаттиқ ларзага келганида,тоғлар майдалаб, титилиб, чанг-тўзонга айланганда.” (“Воқеа” сураси 4-6 оят).

Ғайб илми ҳеч кимга маълум эмас

Қиёматнинг қачон содир бўлиши ва унинг аломатлари ҳақида шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ҳам кўп саволлар келиб тушган. У жаноб башоратчи олимлар ва мунажжимларнинг охир замон хусусидаги ромларини инкор эта туриб, шундай дейдилар:
— Бу каби нарсалар фолбинликдан бошқа нарса эмас. Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Сиз айтганга ўхшаганлар неча марталаб қиёмат бўлишини эълон қилишган. Аммо доимо ўзлари шарманда бўлишган. Бизда қиёмат қачон бўлишини суриштиришга эмас, қиёматга тайёргарлик кўришга эътибор берилади.
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган. Қиёматнинг қачон бўлиши Аллоҳнинг Ўзигагина хос илмдир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад (сав)га ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса, айб эмас.
Қиёмат кунининг борлигига келтириладиган далиллар иккига бўлинади.
1. Нақлий далиллар (бошқаларнинг хабари).
2. Ақлий далиллар.
Нақлий далилларга кўра, қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча динлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг қайта тирилади ва бу дунёда қилган ишларининг ҳисоб-китоби бўлади.
Ақлий далилларга келсак, барча-барча одамлар – қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам, саҳродагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам, ҳатто энг чекка жойларда яшайдиганлар ҳам, илмлилар ҳам, илмсизлар ҳам ўзида илҳомга ўхшаш бир махфий сезги борлигини билади. Бу сезги айтадики, бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна бошқа ҳаёт бўлади. Унда ҳозирги ҳаётда топилмаган адолат ҳақиқатга айланади, ҳар бир инсон ўзининг қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Норман Билл исмли олим бу борада шундай дейди: «Кишида «Ўлгандан сўнг, яна ҳаёт бўлади» деган сезгининг борлиги Қиёмат кунининг ҳақлигига энг кучли далиллардан биридир.
Аллоҳ таоло инсонни бирор нарсага қониқтирмоқчи бўлса, ўша фикрни унинг қалбига солиб қўяди. Одамларда абадий ҳаётга интилиш (агар у дунёда бўлса ҳам) кенг тарқалган сезгидир. Бунга енгилтаклик билан қараб бўлмайди. Биз интилаётган ва чин қалбдан ҳис қилаётган бу нарса бирор ишончли асоснинг акси бўлиши турган гaп.
Бундай улкан ҳақиқатларга материалистик йўл билан, моддий далиллар билан ишониб бўлмайди. Балки ақийда, илҳом ва руҳий сезгилар йўли билан ишонилади. Илҳом ҳақиқатни илмий фаҳмлашда муҳим омилдир». Доктор Эдуард Кейсел эса «борлиқ азалийдир» дейилишини рад этиб дейдики: «Илм очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, бу борлиқ азалий бўлиши мумкин эмас. Биз доимо иссиқ жисмдан совуқ жисмга ҳарорат ўтиб туришини яхши биламиз. Бунинг акси, яъни совуқ жисмлардан иссиқ жисмларга ҳарорат қайтиб ўтиши асло мумкин эмас. Шунинг ўзи кўрсатиб турибдики, бу борлиқда барча жисмлардаги ҳароратларнинг тенглашиши учун ҳаракат бор. Агар шундай бўлмаса, кимёвий ва табиий ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас.
Модомики, кимёвий ва табиий ўзгаришлар давом этиб турган экан, ишонч билан айтиш мумкинки, бу борлиқ азалий эмасдир. Агар азалий бўлганда эди, ундаги энергиялар қачонлардир тугаб, ҳаётдан асар ҳам қолмаган бўлур эди. Шундай қилиб, илм борлиқнинг бошланиши бор эканлигини исбот қилади. Бу эса, Аллоҳнинг борлигига далилдир. Чунки, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса ўзини-ўзи ярата олмайди. Балки уни қандайдир ташқи куч вужудга келтирган ва ҳаракатлантирган бўлиши керак. Бу куч Аллоҳдир»
Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Қиёмат кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди. Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлгандан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон» қонунлари жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи-фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ҳолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаяди.
Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун, охират кунига иймон, албатта, бўлиши лозим.

Умида Азиз тайёрлади.

 

 

 

Қўрғон

 

 

 

Баъзан оилада арзимас гап-сўздан катта жанжал келиб чиқади. Ҳатто бу ҳол оиланинг бузилишигача олиб боради. Ҳартомонлама тушунтиришга ҳаракат қилсак-да, охирини ўйланмай қилинган иш кўп. Айрим ёшлар писандсизлик қилиб, "оила" исмли улуғ қўрғонни осонгина бузади. Айни чоқда, кичик бир камчилик сабаб фарзандларининг бахтини синдираётган ота-оналар ҳам бор. Сал ҳаракат ёрдамида тузалиши мумкин бўлган ҳолни бир томонга ён босиш билан баттар чигаллаштириб юборишади. Динимиз кўрсатмаларидан хабарсизликлари оқибатида ҳаловат ва хотиржамлик макони бўлмиш оилани сақлаб қолишга жиддий қарашмайди.

Юнусобод туманининг "Боғистон", "Қатортол" ва "Отчопар" маҳаллаларида яраштирув ҳайъати аъзосиман. Иш жараёнида бундай ҳолатларнинг кўп учраши мени ташвишга солади. Ахир, бутун оламга раҳмат бўлган жанобимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Оила қуринглар (уйланинглар), лекин талоқ қилманглар, чунки талоқ сўзи айтилса, Аллоҳнинг арши титраб, ларзага келади", деганлар (Ибн Аъдий ривояти). Талоқ сўзини ҳатто ҳазиллашиб оғзига олса, ҳалол никоҳи бекор бўлиши, эр ва хотинлик боғи бузилиши шариатимизда баён қилинган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Уч нарсанинг жиддийи ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳ, талоқ ва ражъат", деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Албатта, фарзанд ҳамма учун ширин. Оилада уруш-жанжал чиққан ҳолатларда ота-она энг олдин ўғил-қизига тўғри насиҳат қилиб, яхши йўлга йўналтирса, иншааллоҳ, оилаларда тинч-тотувлик, хотиржамлик ҳукм суради.

Закариё ҲАФИЗУЛЛОЕВ,
Юнусобод тумани "Камолиддин Ориф ал-Бухорий" масжиди имом хатиби

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 38 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ