1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Қиш мўъминнинг баҳори ва муслимнинг ғаниматидир!

Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъмин-мусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. Мўъмин-мусулмон қишнинг тунларида уйқудан қониб туриб, саҳарларда ибодат қилади. Таҳажжуд намозларини ўқишга одатланади. Қазо намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилади. Саҳарликларга туриб, рўза тута бошлайди. Чунки, қишнинг кундузлари қисқа бўлгани боис рўза тутиш осонлашади. Ёзнинг қайноқ кунларида рамазон рўзасини тута олмаган бўлса, уни кейинги рамазонгача қиш кунларида тутиб бергани маъқул. Бу ҳақида жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам марҳамат қилганлар:

Талоқ қилайми ёки оқ бўлайми

Ота-онага яхшилик қилиш борасида биз мусулмонларга яқин келадиган халқнинг ўзи йўқ, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ота-онага яхшилик қилиш динимиз таълимотида бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Уларга қилинадиган хизматни ибодат даражасига кўтарган.
Ҳа, ота-онасига итоат қилаётган фарзанд, аслида Аллоҳга итоат қилаётган, У Зотнинг буйруғини бажараётган бўлади. Зеро ота-она фарзанд учун Аллоҳ таолонинг васийятидир. У Зот Қуръони карим оятларида уларга яхшилик қилишга буюраркан айнан васият сийғаси билан амр этган. Васият билан амрнинг ўртасида фарқ бор. Амр бир ишни қилишга буйруқ, васият эса буйруқни ўта муҳим ва таъкидли экани ва уни эсдан чиқариш мумкин эмаслигини ҳам ифода қилади. Шунингдек ота-онага итоатсизлик ҳам Аллоҳ таолога итоатсизлик, У Зотнинг буйруғига бўйсунмасликдир.
Шундай экан ота-онага хизмат ва итоат қилиш бош устига. Лекин ҳар бир нарсанинг чегараси бўлганидек ота-онага итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Аллоҳ таоло айтади:
وَإِن جَٰهَدَاكَ عَلَىٰٓ أَن تُشۡرِكَ بِي مَا لَيۡسَلَكَ بِهِۦ عِلۡمٞ فَلَا تُطِعۡهُمَاۖ وَصَاحِبۡهُمَا فِي ٱلدُّنۡيَا مَعۡرُوفٗاۖ  وَٱتَّبِعۡ سَبِيلَ مَنۡ أَنَابَ إِلَيَّۚ ثُمَّ إِلَيَّ مَرۡجِعُكُمۡ فَأُنَبِّئُكُمبِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ (سورة لقمان-15)
“Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, бас, уларга итоат қилма! Ва уларга дунёда яхшилик қил. Менга инобат қилганнинг йўлига эргаш. Сўнг, қайтишингиз фақат Менинг ҳузуримгадир. Мен сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман”. (Луқмон сураси 15-оят)
Ушбу оятда зикр қилингани ота-она фарзандни ширк ёки куфрга буюришса, уларга ана шу ишда итоат қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи уларнинг ҳақларидан устун ҳисобланади. У Зотга куфр ва гуноҳ бўладиган ишларда итоат қилмайди. Ҳадиси шарифда ҳам:
عَنْ عَلِىٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لأَحَدٍ في مَعْصِيَةِ الله إِنَّمَا الطَّاعَةُ في المَعْرُوفِ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишда ҳеч кимга итоат йўқдир! Албатта, итоат қилиш маъруф-яхшилик ишдадир” дедилар”. (Имом Аҳмад ривоятлари)
Демак гуноҳга буюрган ким бўлса ҳам унга итоат қилиш йўқ. Ота-онага ҳам фақат савобли яхши ишларда итоат қилинади. Яна бошқа ҳадисда:
عن عمران بن حصينرَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ في مَعْصِيَةِ الخَالِقِ رَوَاهُ أحمد
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Холиққа гуноҳ бўладиган ишда махлуққа итоат йўқдир” дедилар”. (Имом Аҳмад ривоятлари)
У махлуқ ким бўлишидан қатъий назар Холиқ Зотнинг ҳаққини поймол қилишни талаб қилса, унга итоат қилинмайди. Лекин фарзанд ота-онасига яхшилик қилишда давом этаверади. Итоат қилмайди дегани айрим адашган тоифалар айтганидек, улардан воз кечиш дегани эмас. Зеро ота-она ўзлари мушрик, кофир ва динсиз бўлсалар ҳам фарзандаги ҳақлари соқит бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам ширк ва куфрда уларга итоат қилишдан қайтариб туриб: “Ва уларга дунёда яхшилик қил” деди. Яъни фарзандлик бурчингни адо қилишда давом этавер. Уларга яхшилик қил. Хизматларини чиройли қил.
Шунингдек ширк ва куфрдан бошқа гуноҳга буюришса ҳам итоат қилмайди. Масалан, “ароқ олиб кел”, “ароқ қуйиб бер” ёки “сен ҳам ароқ ич” деса, ёки “намоз ўқима, ўқисанг, оққ қилдим”, “рўза тутма”, деса ҳам итоат қилмайди.
Ёки ҳозирги кундаги баъзи адашган оқимларга қўшилишни, агар қўшилмаса оққ қилишини айтса ёки сен ҳам “Ироқ ва Сурияга “жиҳод”га бор”, деб талаб қилса, ўғил унга итоат қилмай бормаса ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Балки гумроҳ отасини ҳам гуноҳдан сақлаб қолган бўлади.
Ёки ҳозирги кунда тез-тез қулоққа чалиниб турган ана шундай нотўғри ишлардан бири, айрим ота-оналар ўғилларидан қаттиқ талаб қилиб: “Хотинингни талоқ қил! Бўлмасам оққ қиламан” ёки “Ё бизни де, ё хотинингни де! Ажрашмасанг розимасман. Берган оқ сутим ҳаром бўлсин”  каби қаттиқ-қуруқ гапларни гапириб, фарзандларини нозик жойидан тутиб, боши берк кўчага тиқиб қўядилар. Бечора ўғил нима қиларини билмай қолади. Баъзилари эса ўзлари ҳохламасалар ҳам ота-оналарининг бундай қалтис гапларидан қўрқиб талоқ қилганлари ҳам бор. Натижада эса бир оила бузилиб кетяпти. Ўртада икки-уч бегуноҳ болачалар тирик етим бўлиб, сарсону саргардон бўлиб, тарбиялари  ҳам зое бўлмоқда. Ана шундай пайтларда кўпни кўрган ёши бир жойга бориб қолган оталар ҳам илгариги оқил, пурмаъно сўзли оталаримиздан фарқли ўлароқ оналарнинг тегирмонига сув қуйиб, ишни яна ҳам катталаштирмоқдалар. Яқин кунларда бўлган бир воқеада она келини билан келишолмай ўғлидан хотинини талоқ қилишини қаттиқ талаб қилиб туриб oлади. Чорасиз қолган ўғил онасининг риоясини қилиб, кейин ярашиб олиш ниятида: “талоқ қилдим” дейди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган ота эса, эшитган-билганларига таяниб: “Ўғлинг талоқ деб қутилди, эртага яна ярашиб олиши мумкин. Унга айт “уч талоқ” қилсин” депди. Охир оқибат уч талоқ олган келин шўрлик уч боласи билан отасининг уйига хайдалибди.
Буни қандай тушуниш мумкин. Нахотки бу ота-онани фарзандларининг бахти, набираларининг келажаги қизиқтирмаса. Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришни ўйлашмаса.
Бундай пайтда ўғил қандай йўл тутса тўғри бўларди. Нима қилса ота-онасига оққ бўлмас ва Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмас эди. Ушбу саволларга қуйидаги ривоятлардан жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
عنأبيهريرةرضياللهعنهقال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا فَلَيسَ مِنَّا رَوَاهُ أبوداود
وَفِى رِوَايَةٍ أُخرَى قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا وَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّب زوجاً عَلَى زَوجِهِ رَوَاهُأحمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аёлни эрига гиж-гижлаб,)ўртасини( бузган биздан эмас”, бошқа бир ривоятда “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Эркакни аёлига гиж-гижлаб )ўртасини(бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари)
Ушбу ҳадиси шарифдан эр-хотин ўртасини бузиш, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан эканини билиб олишимиз мумкин. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай одамни  “биздан эмас” ёкиунга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейишлари ҳар қандай охиратдан умиди бор мусулмонни бундай жирканч ишдан ҳазар қилишига кифоя қилади.
Буюк тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга баъзи кишилар савол бериб: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан” деб туриб олса, нима қилади?” дейишди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хотинини талоқ қилиши онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандлиги учун қилинадиган ишлардан эмас” деб жавоб бердилар. Демак бундай ҳолда онанинг талаби ношаръий талаб бўлади. Агар ўғил унга итоат қилмаса гуноҳкор бўлмайди.
Ҳанафий уламолардан имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фарзанд мубоҳ бўлган нарсаларда уларга бўйсунади, қайтарилган ишларда эмас”, деганлар.
Мулло Алий Қорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Хотини билан ажрашишини буюрсалар, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар бундан ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам”.
Бир киши имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга амр қилмоқда” деди. У зот: “Уни талоқ қилма” дедилар. У: “Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга талоқ қилишга амр қилган эмасми?” деди. Шунда: “Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан” дедилар. Яъни сенинг отанг ҳам ҳазрати Умардек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунича хотинингни талоқ қилмайсан демоқдалар.
Худди мана шу гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олмоқчи бўлган ота-оналарга ҳам тегишлидир. Лекин аксар ҳолларда бундай ишлар куёв томонидагилардан кўпроқ содир бўлади.

Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев

Пайғамбарнинг (а.с.) кўп никоҳлиларига сабаб нима эди?

1. Муҳаммад (а.с.) Ҳадича онамизга уйланганларида 25 ёшда эдилар.Ул зотнинг илк завжаи мутоҳҳаралари бўлиб, Расулуллоҳдан 15 ёш катта эдилар. Ҳадича (р.а.) унгача икки маротаба турмуш қурган эдилар. Ҳадича онамиз Расулуллоҳнинг никоҳларида 28 йил умр кўрдилар ва вафот этдилар. Расулуллоҳ Ҳадича онамиз вафотларига қадар бошқа ҳеч ким билан турмуш қурмадилар. Ҳадича онамизни Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз хотираларида кўп тутганлари ва ҳатто кейинги завжаи мутоҳҳараларининг орасида рашк қўзғалишига сабаб бўлгани китобларда келтирилади.

2. Нубувватдан олдин ҳам, кейин ҳам Муҳаммаднинг (а.с.) табиати, хулқ-атвори ҳамда ҳаёт йўли у зотнинг ҳеч қандай шаҳватпараст бўлмаганлари ёки ҳиссиётларга берилмаганликларини исботлаб туради. Қандоқ қилиб 50 ёшдан ошган инсон тўсатдан ўзгариб, шаҳват қулига айланиб қолади? Ахир бу ишни ёшлик чоғларида, ҳамма шароитлар мавжуд бўлганда қилса бўларди-ку! Аксинча, Муҳаммаднинг (а.с.) хулқлари гўзалликда машҳур бўлиб, уйланганлари орасида бокира бўлгани фақат Абу Бакрнинг қизлари Оиша онамиз эди. Ул зот кўпинча бева аёлларга инсонийлик сабаблари ёки диний рукнларни адо этиш учун уйланганлар. 

3. Расулуллоҳ (а.с.) Замъа қизи Савдо онамизга уйланганликларини эсланг. Бу аёл на гўзал эди, на бой-бадавлат ва на насабли эди. Муҳаммад (а.с.) бу аёлга уйланганларида 50 ёшдан ошган эдилар. У зотнинг Савдо онамизга уйланишларидан мурод Аллоҳ йўлида шаҳид кетган саҳобийнинг оиласини қарамоққа олиш, ёрдам бериб туриш эди. Абу Бакрнинг қизи Оиша (р.а.) ҳамда Умарнинг (р.а.) қизи Ҳафсага уйланганларида сўнгги вақтларда улар билан ўзларининг ҳамда икки асҳобнинг ўрталаридаги ришталарни янада мустаҳкамлаш эди. 

4. Умму Салама онамизга келадиган бўлсак, бу аёл Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобийнинг беваси эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Умму Саламага таклиф билдирганида, ўзининг ёши ўтиб қолганлигидан ҳижолат чекиб, таклифни қабул қилишга ожиз эканлигини айтишга ҳаракат қилган эди. Лекин Расулуллоҳ (с.а.) Умму Саламани юпатиб, инсонийлик юзасидан турмуш қурдилар.

5. Исломдан юз ўгириб, насроний бўлган эри билан Ҳабашистонга кўчиб ўтган Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба онамизни эри ҳеч нарсасиз ташлаб кетади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳабашистон подшоҳи Ал-Нажошийга хат ёзиб, унда Маккадаги даҳрий қавмнинг таъқибига учраган ва ўзга юртда ўзини ўз она юртидан узоқда ҳис қилган Рамлаҳга ёрдам бериб, ортга қайтаришни сўраганлар. Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг Маккадаги таъсири кучли отасининг Исломга нисбатан мойиллигига умид қилганлар.

6. Бани ал-Мустлақ жангида аср тушганлар орасида ал-Ҳариснинг қизи Жаваиййага уйланган эдилар. Унинг отаси қабиланинг етакчиси ва раҳбари бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга уйланганларидан сўнг уни озод қилди ва шу орқали мусулмонлардан асирга тушганларни ҳам озод қилишни сўрадилар.

7. Пайғамбар (а.с.) Бану Қурайза яҳудийлари қабиласи бошлиғининг қизи бўлмиш Сафиййага ҳам уйланган эдилар. Бу аёлга ўз ортига, яъни қабиласига қайтиб кетиш рухсати берилган эди ёки Пайғамбарга (а.с.) турмушга чиқиб, шу ерда эркин қолиш имконияти берилган эди. Сафиййа эса иккинчи имкониятни афзал билди ва Пайғамбарга (а.с.) турмушга чиқди.

8. Пайғамбарнинг (а.с.) Жаҳшнинг қизи Зайнабга уйланишларидан кўзланган мақсад диний қоидани қарор топтириш эди. Зайнаб олдин Пайғамбарнинг (а.с.) асранди ўғиллари Зайд ибн Собитга турмушга чиққан эди. Уларнинг турмуши узоққа чўзилмай ажрашишди. Ўша вақтда ўз асранди ўғлининг ажрашган хотини билан турмуш қуриш араблар орасида мумкин эмас эди. Шу қоидани бартараф этиш учун Аллоҳ Пайғамбарга (а.с.) Зайнабга уйланишларини буюрган эди. Қуръонда бу масалада қуйидаги оят келади:

“Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач (яъни уларни талоқ қилишгач) уларнинг (хотинларига уйланишда танг бўлмасликлари учун (шундай) қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди”(33:37).

Доктор Али мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

Рамазонда хотини билан қўшилишлик

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. «Сени нима ҳалок қилди?» дедилар. «Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди. «Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга): «Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, унинг (Мадинанинг) икки чети орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: «Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
 Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Рўзадор жинсий яқинлик қилса, рўзасининг очилиши.
2. Рўзасини бузган рўзадор каффорат бериши вожиблиги.
3. Энг аввалги каффорат қул озод қилиш экани.
Бу Исломда қулдорликка қарши курашнинг кўринишларидан бири. Мусулмон кишининг гуноҳини ювишга қул озод қилишнинг шарт қилиб қўйилиши шуни кўрсатмаса, нимани кўрсатар эди! Фақат гуноҳкор қул озод қилишга қодир бўлмасагина, унга қарши бошқа чоралар кўрила бошлайди.
4. Каффорат бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим. Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун.
Албатта, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш осон эмас. Албатта, бунга қодир бўлиши мумкин кишиларга бошқа чора ҳам йўқ. Лекин ушбу биз ўрганаётган қиссанинг қаҳрамони, аъробийлардан бўлмиш Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳу олтмиш кун кетма-кет рўза тутишга қодир эмас эдилар. Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» деганларида, «Рўзани деб шу ҳолга тушиб турибман-ку!» деган.
5. Рамазонда жинсий алоқа қилиб, рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1 мудд – 1843 грамм) миқдорида таом беради. Бу эса, ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир. Ислом дини мискин-фақирларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ҳар бир қулай имкониятни тўлиқ ишга солган.
Ҳадиснинг охирида Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг аъробийларга хос соддалик ва очиқликларининг гувоҳи бўламиз. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳадя қилиб келтирилган хурмо қобиғидан тўқилган замбилдаги олтмиш мискинга етадиган, олтмиш мудд миқдоридаги хурмони олтмиш мискинга бериш ҳақидаги гапларини эшитиши билан Мадинада ўзиникидан кўра мискинроқ оила йўқлигини эслатади. Бу, ўзим еб қўйсам бўлавермайдими, дегани эди. Шундай ҳам бўлди. Лекин буни рўзасини бузгани учун мукофот маъносида тушунмаслик керак. Бу Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг ўзига хос, бошқаларга мумкин эмас. Қолаверса, ҳозирча ўзинг еб тур, кейин топганингда каффоратни берасан, деган маъно ҳам бор. Жумҳур уламолар жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради, деганлар.
Гарчи, воқеликдаги ушбу мисолда иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам, аслида иш ўта оғирдир. Рамазон рўзасининг бир кунини узрсиз ўтказиб юбориш улкан гуноҳдир. Унинг ўрнини тўлдириш жуда ҳам мушкулдир. Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган каффоратлар бир кун тутилмай қолган, хато туфайли очилган рўзанинг каффоратидир. Агар ўша миқдор икки ёки уч кунга ўтса, бир ой ёки бир умрга ўтса, нима бўлишини бир ўйлаб кўриш керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлғиза олмайди, деганлар. Яна бошқа бир ҳадисда бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг исини ҳам ҳидлай олмайди, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ етказганига шукр қилиб, рўзани канда қилмай тутиш керак.

“Ҳадис ва Ҳаёт”нинг 9-жилдидан

Эр-хотин сирлари

Абу Саъид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай буюрганлар:
«Шубҳасиз Қиёмат куни Аллоҳ наздида инсонларнинг энг ёмони хотин билан ётиб тургандан сўнг, унинг сирини ошкор қилган кишидир» (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал).

ИЗОҲ

Ушбу ҳадисдаги «...Инсонларнигн энг ёмони» жумласи ўрнида «Омонатга хиёнатнинг энг каттаси» шаклида ҳам ривоят қилинган.
Эр-хотинлик муносабатларининг сирлари ошкор қилинмаслиги ҳақида Расули Акрамдан (с.а.в) кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Исломий оиланинг соғлом, мустаҳкам ва фаровон бўлиши учун кўплаб тавсиялар қатори Пайғамбаримиз (с.а.в.) қуйидаги ҳадиси шарифларида оиланинг маҳрам сирларини ошкор қилган эркакнинг эркак шайтонга, аёлни урғочи шайтонга ўхшатганлар:
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқидилар, салом бергач, асҳобига юзланиб шундай дедилар:
-    Тарқалманг! Сизнинг орангизда шундай эркак борми? Оиласи (аёли)нинг ёнига боргач, эшигини беркитади ва пардани туширади. (Муносабат қилгандан) сўнг эса ташқарига чиқади ва: «Мен хотиним билан шундай-шундай қилдим!» деб ошкор қилади. У ердагилар жим қолишди. Кейин аёлларга юзландилар ва:
-    Сизлардан шундай гапирадиганлар борми? - деб сўрадилар. Шунда ёш бир қиз тиззасига таянганча шундай деди:
-    Ҳа, Худо ҳаққи! Эркаклар гапирадилар, аёллар ҳам, - деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар:
-    Бундай қилганларнинг аҳволи нимага ўхшайди, биласизми? Шубҳасиз бундай қилган киши, бир-бири билан кўчада учрашган ва барчанинг кўз ўнгида эҳтиёжларини қондирган (яқинлик қилган) эркак шайтон билан урғочи шайтонга ўхшайди» (Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Довуд).

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1. Эр-хотиннинг жинсий муносабат асносида ораларида кечган ҳолатни, ўзаро суҳбатларни бошқаларга айтиши ҳаромдир. Чунки булар эр-хотинга омонат қилинган ва оила сирларидир. Бу сирларнинг бошқаларга ошкор қилиниши омонатга хиёнат бўлиб, катта гуноҳдир. Аслида сир қандай бўлишидан қатъий назар сақланиши лозим бўлган омонатдир. Сир сақлай билган киши унга ишонилган омонатга хиёнат қилмагани боис, атрофдагиларда ишонч ҳиссини уйғотади ва барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Ҳз. Али (р.а.) тарафларидан айтилган ушбу ҳикмат сир сақлашнинг нечоғлик муҳимлигини кўрсатади:
 «Сиринг сенинг асирингдир. Уни ошкор қилсанг (айтсанг), сен унинг асирига айланасан!».
2.     Кишининг бошқа гаплар қолиб, жинсий муносабатдан сўз юритиши макруҳ бўлиб, жуда хунук ҳолатдир. Чунки бу ахлоққа зиддир. Ақли расо ва комил инсон бекорчи сўзларни сўзламайди. Бу хусусда Сарвари Коинот (с.а.в.):
«Аллоҳга ва охират кунига ишонган киши сўзласа яхши нарсалардан сўзласин, бўлмаса жим турсин (сукут қилсин)!»  деганлар (Бухорий, Муслим; Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал).
Бироқ соғлик муаммоси, тиббий эҳтиёж ёхуд бирор фойдали маслаҳат заруратидан одоб чегараларидан чиқмаган ҳолда жинсий муносабатдан гап очиш мумкин. Жумладан Пайғамбаримиз (с.а.в.) Абу Талҳадан (р.а.): «Бу кеча келин-куёв бўлдингизми?» деб сўраганлар (Нававий «Шарҳу Саҳиҳи Муслим») .
3. Бир аёлнинг бошқа бир аёлнинг хусусиятларини эрига айтиши ҳам ҳаромдир. Бу хусусда Абдулло ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
«Бир аёл иккинчи бир аёлнинг ёнини олиб келмасин ҳамда уни шояд эри унга қараса, деб эрига таърифу тавсия қилмасин!» (Бухорий; Абу Довуд.; Аҳмад ибн Ҳанбал) .
4.    Эр-хотин муносабатларини ошкор қилиб, ҳаёсизлик ва ахлоқсизликни ёйишга уринган оғзи бузуқ инсонлар ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда учрайди. Сўзловчи учун тил фаҳши, тингловчи учун эса қулоқ фаҳши ҳисобланган бундай беҳаё ҳатти-ҳаракат эгалари Расули Акрам (с.а.в.) томонларидан халқнинг кўз ўнгида кўчада яқинликда бўлган эркак шайтон билан урғочи шайтонга ўхшатилган. Бугунги кунда миллатимизга ёт бўлган айрим ахлоқсиз асарларнинг, кино ва расмларнинг, радио, телевизор, видео, газета ҳамда журналлар орқали разолатлари, фаҳшни очиқчасига тарғиб этилиши шайтонларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Афсус билан айтишимиз мумкинки, Аллоҳга исён қилган, Ислом урф-одатларимизни, миллий қадриятларимизни топтаётган бу эркак ва урғочи шайтонлар кимлардир томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳар бир мусулмон миллий қадриятларимизни оёқости қилишга, ёшларни фаҳшга ундашга ҳаракат қилаётган бундай замонавий жоҳилиятга қарши илму ирфон ҳамда маърифат билан курашмоғи лозим.

Фотима Сулаймон қизи

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ