1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Ютуққа эришай десак...

Вақт – инсоннинг энг катта сармояси. Муваффақиятнинг сири эса ана шу сармоядан тўғри ва унумли фойдаланишда. Сўзимиз исботи учун улуғларнинг ҳаёт йўлларига ва қилган ишларига назар ташласак, кифоя. Улар ҳамма нарсада бўлганидек, вақт исрофидан сақланишган, қандай иш бўлмасин жиддийлик билан ёндошишган. Доимо изланишда, интилишда бўлишган. Биз кўпинча вақт етишмаётганидан нолиймиз. Ҳолбуки, улуғлар яшаган давр билан ҳозирги пайтнинг вақт ўлчовлари фарқ қилмайди. Демак, фарқ – ўзимизда...
Расулуллоҳ (алайҳиссалом) огоҳлантирганларидек, кишининг бир куни иккинчисига ўхшаши яхшилик аломати эмас. Шунга кўра, мусулмон одам доим изланишда бўлади, ҳар соҳада тараққий топишга интилади. Қуйида берилаётган қоидаларни ўзлаштирсак, вужудимизга ин қуриб олган турли ниқоблардаги дангасаликлар барҳам топиши мумкин. Шояд, вақтни тақсимлаш ва иш олиб бориш енгиллашса; бизга зерикарли туюлган машғулотлар неъмат эканини англаб, уларга жиддийлик ва севги билан ёндошишимизга туртки бўлса; кунларимизга ўзгача ранглар кирса.
1. Фаолиятингизни бошлаш, давом эттириш учун маълум кун ва соат (илҳом) кутиб ўтирманг. Унутманг, хизмат учун ҳар қандай жой ва вақт муносибдир.
2. Бугун қилишингиз керак бўлган иш, дарс ёки вазифани эртага қолдирманг. Зеро, ҳар куннинг ўз ташвиши ўзига етади.
3. Бир вақтда битта ишни қилинг; битта дарс ёки китоб билан машғул бўлинг, токи диққат ва қувватингиз бўлинмасин.
4. Бир ишни қилиб бўлмасингиздан, иккинчисини бошламанг. Ярим қолган иш бошланмаган ҳисобдир.
5. Машғулотингизга бутун руҳий ва жисмоний қувватингиз билан киришинг.
6. Бошлаган ишингизда қийинчиликка дуч келсангиз, уни бартараф қилмасдан давом этманг. Чунки қўрқоқлик ниқобдаги танбалликдир. Фаолиятингизга бўлган муҳаббат машаққатларни енгишдан дунёга келади.
7. Давомли ва бир маромда ишланг, ўртадаги чўзилиб кетган анаффуслар узун бўлиб кетиб, малакангизга зиён етмасин.
8. Бир ишни қилиб чарчасангиз, машғулотингизни ўзгартиринг ёки ишлаш тезлигини камайтиринг. Дам олишни баҳона қилиб, бўш ўтираверманг.
9. Фаолият унумини сарфланган вақт билан ўлчаб, “бугун шунча соат машғул бўлсам, етади”, деманг, натижага ва жараён давомида ўрганганларингизга қаранг.
10. Кўп ўйланг. Зеро, фаолият тўхтовсиз ҳаракатдан ёки ўқиб-ёзишдангина иборат эмас.
11. Ғазабланган ва асабий ҳолатда қарор қабул қилманг, кутинг, ғазабингиз босилсин.
12. Саботли, сабрли бўлинг! Тома-тома кўл бўлур, битта жойга узлуксиз тушган сув томчилари вақтлар ўтиб, тошни ҳам парчалайди.
13. Катталар тажрибасидан фойдаланинг. Синалган ишда бошқатдан тажриба қилишга уринманг.
14. Бир ишни қилишдан олдин яхшилаб ўйланг, охирги пушаймон – ўзингизга душман.
15. Муваффақиятингиз билан мағрурланманг. Ғурур келажакдаги зафарларнинг энг катта душмани эканини унутманг.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.

Тушга ўхшаган “муҳаббат”

“Муҳаббат” ҳақидаги гап-сўзлар ҳамма тарафимизни ўраб олган: романлар, қўшиқлар, рекламалар ҳамда реал ҳаётимизда. Ҳаммасидан ёмони Бред Питни ўзича яхши кўриб қолган қизалоқ ва ўз эрини жонидан ортиқ севадиган муслима қиз ҳам: “Мана шу ҳақиқий севги”, деб айтиши мумкин.

Бу ерда, аввал ушбу сўздан чиққан маънога изоҳ бериб ўтишимиз керак бўлади. Чунки бунинг орқасида амалларимизга таъсир қиладиган нарсалар мавжуддир. Муносабатлар ҳақида ёлғон ва сохта тушунчалар жиддий фожеаларга олиб келиши мумкин. Ҳаётий зарурат бўлган нарсаларда аниқ ва тиниқ тушунчага эга бўлишимиз керак.

Рухшуносларнинг айтишича, “севиш” ёки “романтик муҳаббат” тушунчаларни муҳаббат деб тушунмаслик керак. Муҳаббат деган нарса аста-секинлик билан келади, катталашади ва бунинг учун узоқ муддат керак бўлади. Севиш эса тез келади, худди томдан тараша тушгандек. Севгилисидан ҳеч қандай жавоб бўлмаса-да, ошиқ қайта-қайта беихтиёр у ҳақда ўйлайверади, у билан бўладиган суҳбат ва саҳналарни хаёлидан ўтказади (ваҳоланки уларнинг 99% амалга ошмайди) ва тунги соат тўртда ҳам бундан халос бўла олмайди.

Бундан ташқари, севиб қолишлик энди доим шундай бўлиб қолади, деб алдагувчи пуч ҳаёлни ҳам келтириб чиқаради. Умуман олган ҳар қандай одам бу нарсалар вақт ўтиши билан ўтиб кетадиган ўткинчи нарсалар эканини жуда яхши билади. Энди учратиб қолган одамга нисбатан жуда кучли қизиқиш бўлиши мумкин. Бироқ, бу қизиқиш қанчалик кучли бўлмасин у барибир юзаки нарсадир. Бу кўз билан ёқтириш, севиб қолишдир: тана, ҳатти-ҳаракатлар ва ҳакозоларни. Сизга бу одамнинг барча нарсаси ёқиши мумкин. Бироқ, сиз уни ҳақиқий маънода севиб қолишингиз учун, яна кўп йўл босиб ўтишингиз керак бўлади. “Бир кўришда ошиқ бўлиш” деган нарса нега тўғри келмаслигини энди тушунгандирсиз. “бир кўришда ёқтириб қолиш” (симпатия) ёки шунга ўхшаш нарса бўлиши мумкин, бироқ буларнинг барчаси том маънодаги муҳаббат саналмайди.

Укалар ва сингилларимизга айтадиган сўзимиз шуки, йигитларнинг қизларга, қизларни эса йигитларга қараб тортиши бу табиий нарсадир. Лекин, барча нарсанинг ўз чегараси бор. Масалан, бир чиройлик қиз йигит олдига келиб ўз телефон рақамини берди. Албатта, у эркин ва нима қилишини билмаётганидан сиз билан қандайдир муносабат ўрнатмоқчи бўлаётгандир. Бироқ бу нарса мусулмончиликка тўғри келмайди. Масалан, бир одам ароқ ичиб маст бўлиб, кайф қилмоқда, бироқ бу харомдир! Бошқа биров эса, ғийбат қилиб турли одамларнинг гўштини емоқда. Балки бундан у раҳотланяпти ҳам дейлик, бироқ бу ҳам ҳаромдир. Бошқа биров эса, интернетга кириб фахш кино ва расмларни тамошо қилиш билан вақтини ўтказмоқда ва қилмишдан роҳатланмоқда, лекин буларнинг барини шариат харом қилган. Яна мингта мисол келтириш мумкин, бироқ мен: “Буларнинг барчасидан сен роҳат олдим деб айтсанг ҳам, буларнинг барчасини харом”, деб айтаман.

Юсуф алайҳисаломни истаган аёлга: “ «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди.”, деб айтган эди (Юсуф сураси, 23 оят). У гўёки: “Сен гўзал аёл эканингни, ҳеч ким билмасин учун барча эшиклар ёпганингни биламан, бироқ бу ишни қилиш мумкин эмас. Бу – ҳаром!” деган.

Албатта, сен ёқтириб қолган йигит (қиз) билан мулоқат қилиб роҳат оласан. Бир-бирларинга қараб, суҳбатлашиш сизларга мароқли бўлиб туюлади. Мен бу нарсалардан қандайдир маънода рохатланиш мумкинлигини ҳам инкор қилмайман, бироқ буларнинг барчаси харомдир.

Ёшлар васвасага тушиб қолмаслиги учун нималар қилиши керак?  Бундай эҳтирослардан қандай қочиш мумкин? Биринчидан, инсон кўради, эшитади ва гаплашади, шунинг учун ҳам қарши жинс вакили билан бирга ҳоли бўлмаслиги керак. Иккинчидан, жуда кўп ёшлар ўз динларидан, нима ҳалол ва нима ҳаром эканини билишмайди, диний таълимотлардан бехабардирлар. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг қизиқишларини Ислом ҳақида илмларини кучайтиришга йўналтирмоқлари лозим. Учинчидан, кўпчиликнинг бўш вақтлари кўп ва улар уммат учун бирон фойдали нарса қилишга шошаётганлари ҳам йўқ. Агар одам бу дунёда ўз ўрнига эга бўлганида, масалан, Аллоҳ йўлига даъват қилиб, ва бу ишини севганида у йигит (ёки қиз) учун эмас балки Аллоҳ таоло учун кўз ёшларини тўккан бўлар эди. Балки бу мақолани қизларга бўлган тақиқланган эҳтироси бор йигит ёки “Аллоҳга қасамки, мен уни анчадан бери биламан, у ундай эмас” деб ўйлаётган қиз ўқиётган бўлиши мумкин.

Мана шундай васвасалардан қутилиш учун бир нечта маслаҳатлар бор:

1) Дуо
Дуо қилинг ва дуоларингизда Аллоҳ таолодан сизни, қалбингизни, жисминизгни яширин ва зоҳир бўлиб турган фитналару-васвасалардан сақлашини сўрангиз.

2) Назарни сақлаш
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: «Сизларга зинодаги улушларингиз ёзилган ва албатта унга эга бўласизлар. Кўзнинг зиноси-қараш, тилники-гапириш, қулоқники-эшитиш, қўлники-ушлаш, оёқники-юриб боришдир. Нафс шуни хоҳлайди ва орзу қилади. Фарж эса шуни ёки амалга оширади ёки тарк айлайди». Мўмин киши кўзини асраш билан кўп савоб топади. Чунки бу ҳаромдан сақланишнинг аввалидир. Бу ҳақда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай таҳлим берганлар: «Бирон бир мўмин киши бир гўзал хотинга кўзи тушиб, кейин тезда кўзини бошқа томонга қаратса, Аллоҳ таоло бундай бандага ҳаловатини топадиган ибодат беради». (“Исломий оила фароғат қасри” китобидан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)
“Назарни сақлаш”, деган гап  фақат йигитларга тегишлими? Йўқ! Тақиқ икки жинсга ҳам таълуқли. Қиз ҳам йигит олдида ўз назарини сақлаши керак, чунки у ҳам васвасага тушиб қолиши мумкин.
 
3) Маҳбубингиздан (маҳбуба) узоқда бўлинг
Имкон борича, махбубингиз (маҳбубангиз) ингкўпроқ бўладиган жойлардан узоқлашишга ҳаракат қил. Юсуф алайҳиссалом: “..Мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир...” деган эди. (Юсуф сураси, 33 оят)
 
4) Унинг камчиликлари ҳақида фикр қилинг
Масалан, йигит бир қизни ёқтириб қолган ёки аксинча, қиз йигитни ёқтиради ва унга унинг чиройи ва кўриниши ёқади. Шундай вақтда, у ҳаётидаги ёқимсиз вақтларини ёдига олсин. Масалан, уйғонаётганда оғиздан таралаётган сассиқ ҳид ёки унинг ҳожат қилаётгани ва ҳк. Салафи солиҳларнинг бирининг айтишича, ««Агар ошиқ киши доимо севгилисининг чиройи ҳақида ўйлайверса, у умрбод сеҳрланиб қолади». Агар инсон ёқимсиз ҳолатларни кўп эслайдиган бўлса бу албатта уни унутишга ёрдам бериши мумкин. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Агар бирортангиз бир қизни ёқтириб қолса, бунинг аксини ўйласин”. Яъни, у қиз ҳақидаги ёқимли ўй-фикрларни ҳайдашлик учун у ҳақда ёқимсиз нарсаларини ўйла.

5) Маҳбубни (маҳбубани) йўқотдим, деб тасаввур қилинг.
Тасаввур қилинг, сиз кунига мулоқат қилиб турган йигит (қиз) ўлиб қолди. Ҳа, ўлди! Тамом! У сиз ҳаётни тасаввур қилиб кўринг, шундай бўлса нима қилар эдингиз? Энди қандай яшамоқчисиз?

6) Кўп намоз ўқинг
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур.”, деб марҳамат қилган (Анкабут сураси, 45 оят).
Кўпроқ намрз ўқинг, фаҳш ва мункар ишдан узоқда бўлиш учун ҳаракат қилинг.

7) Имкони борлар уйлансин.
Агар Аллоҳ таоло имконият берган бўлса ҳаромдан сақланиш учун уйланиш (эрга тегиш) керак. Никоҳ шайтондан ва нафс балосидан келиб чиқиши мумкин бўлган ёмонликларнинг йўлини тўсади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй, ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир...» Яъни, шариат русхат берган нарса тамонига қараб ҳаракат қилинг. Баъзилар: “Бу мен учун қийин, мен уни жуда қаттиқ севаман”, дейди. Ўзингниизни ўзингиз алдашни бас қилинг. Унутишлик ҳусусиятини берган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Сизнинг бу оқилсиз эҳтиросларингиз ҳам унутилади.

8) Савоб ишларни кўпроқ қилинг.
Савоб бўлиши мумкин бўлган ишларни кўпроқ қилинг. Касалларни зиёрат қилинг, жаноза намозларида иштирок этинг. Севганингиз ҳақида орзу қилиб исроф қилган вақтингини Аллоҳ таолодан савоб олиш мумкин бўлган ишларига сарф қилинг. Агар сиз ўз вақтида ибодатларингизни адо этганингизда, барча намозларни мажсидда ўқиганингизда, яқинларингиз, бемор инсонларни зиёрат қилиб турганингизда, етим ва камбағалларга ғамхўрлик қилганингизда, бу сизни кўп гуноҳлардан тийган бўлар эди.

9) Ким сенинг муҳаббатингга муносиб эканини ёдингизда тутинг
Сенинг муҳаббатингга энг биринчи ҳақли зот сенинг Холиқингдир. Кейин эса барча одамларга уларнинг бурчини тушунтириб берган, уларга ушбу гўзал динни етказган охирги пайғамбар ва Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи валламдирлар. Сўнгра ота-онанг ва улардан кейин бошқалардир.

Ислом бизга ёш йигит ва ёш қиз ўзаро гўзал муносабатни фақат оила қурибгина амалга ошириши мумкин, деб таълим беради. ОАВларида тарғиб қилинаётган ҳис-ҳаёжон, йиғи-сиғи тўла ҳаёлдаги барча муҳаббат ҳақидаги воқеалар Исломий тарбия ила яшашимиз учун ҳеч қандай фойда келтираётгани йўқ...

Интернет учун Абу Муслим тайёрлади

КЎНГИЛХУШЛИКМИ Ё КЎНГИЛ ҒАШЛИК? ёхуд кўпхотинлилик муаммоларига бир назар

Айрим аёллар учун кундошлик бир бало бўлса, бошқа бири учун ўз бахти учун кураш, оналик ва рафиқалик роҳатини туйиш имконидир. “Кундошлик одатда биринчи хотинга изтироб, алам, ташвиш ва можаролар келтирса, иккинчисига ўз оиласини тиклаш, бахтини топишдаги ягона йўлдир”, деган фикрлар ҳам бор. Одамлар орасида бу муаммо мавжуд экан, унинг ечимини топиш, ҳеч бўлмаганда бу борада фикр юритиш, унинг сабабларини ўрганиш эҳтиёжи ҳам туғилади.

Разил ифлослик

 Топқир, ҳозиржавоб, жуда кўпчилик беморларнинг дуосию раҳматини эшитаётган шифокор дўстим бор. У кишига бир аёл қизини олиб келиб, у бу жойини даволатибди. Натижа яхши бўлибди. Кейин у аёл бошқа бир марта келиб, шифокорга жуда нозик сирини айтибди. “Қизимни илгарироқ эрга бергандим. Бир кеча ўтиб, куёв нима сабабдандир қизимни ҳайдаб юборди. Энди ҳозир яна совчи ёғилиб турибди. Улар қизимнинг эр кўрганлигини билишмайди...

Аёлни аёлдан яшатиш керак!

Яратган ўзи суйган бандасигагина кўнглидаги инсон билан умргузаронлик қилиш саодатини насиб этади. Устоз Қутлибека Раҳимбоева ва Миразиз Аъзам ана шу бахтга мушарраф бўлган жуфтлардан. Шахсий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бир-бирларини қувватлаб, ардоқлаб яшаётган бу икки ижодкорнинг ҳаётий тажрибалари билан яқиндан танишиш мақсадида истеъдодли таржимон, шоир Миразиз Аъзам ва Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси Қутлибека Раҳимбоеваларнинг хонадонида бўлдик.

 ОТА ТАРБИЯСИДА ГАП КЎП

— Никоҳ билан бунёд бўладиган оила бир умрлик фидойи меҳнат билан қуриладиган қалъага, қўрғонга ўхшайди. Бу масалада бир кун, икки кун меҳнат қилиб, «Мана, бўлди энди», деб ташлаб қўйиб бўлмайди. Оилам мустаҳкам бўлсин десанг, қалбингда бир умрга етадиган меҳр-муҳаббатинг, бир умрга етадиган сабр-бардошинг, танангда куч-қувватинг бўлиши керак. Меҳрсизлик, лоқайдлик, дангасалик — оилани ёғоч қуртидай ич-ичидан емирадиган иллатлар, — дейдилар устоз  Қутлибека  ая Раҳимбоева. — Хонадон хотиржам, оила мустаҳкам бўлмоғи учун эркак ва аёл бирдек масъул. Аёл хонадон покизалиги, меҳмоннавозлик санъати, фарзандларнинг ширин еб-ичиб, тоза кийиниши учун масъул ҳисобланса, эркак рўзғорнинг бут бўлиши, ўғил-қизларнинг ор-номуси, чиройли одоби, ҳаётда ўз ўрниларини топиши учун жавобгар. Аксарият давраларда «тарбия учун она-  масъул», деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. «Онаси яхшининг бари яхши», дейишади. Эҳтимол, қай ўринларда бу фикр ҳам ўзини оқлар, лекин оилада отанинг ўрни баланд бўлса, жайдари тилда айтсак, отанинг айтгани айтган бўлса, албатта, гап оталик вазифаларини тушунадиган, ҳамиятли эркаклар ҳақида кетяпти, ўша оилада муаммо камроқ бўлади. Бежизга бировнинг, айниқса, қиз боланинг нуқсони ҳақида гап кетса: «Ота тарбиясини олмаган-да, нима дейсиз…»   деб қўйишмайди.
Устознинг мулоҳазаларида жон бор. Ота масъулиятини унутмаган, она отани қадрлаган хонадонда улғайган фарзандларнинг юриш-туришида, одобу ахлоқида нуқсон сезмайди киши. Башарти, шундай оила болаларининг бирортаси билиб-билмай қалтис қадам ташлаб қўйса ҳам, дарров хатоларини тўғрилаб, ўзини ўнглашга киришади. Қолаверса, ота тарбиясини кўрмаган, отанинг ўрни, ҳурмати бўлмаган хонадонда улғайган ўғил-қизларнинг катта ҳаётда йўлини топиб кетиши мушкул. Кўча-кўйда беҳаё оҳанжамалар қилиб юрган қизлар, шаллақи хотинлару мардлик ўзанидан узоқлашган йигитларни кўриб қолганингда, беихтиёр, ўша хонадондаги маънавий муҳитни англаб етади киши.

АЁЛ— ЭРКАКНИНГ ОРИ...

— Аёллар юзидан чекинаётган назокат, аёллик ибосининг тобора емирилаётганига  кўникиб қолмаяпмизмикин, — деб сўраймиз устоздан.
Қутлибека  ая бироз оғринган кўйи ўйга толдилар ва мулоҳазали оҳангда шундай дедилар:
— Аёл — эркакнинг орияти, номуси. Оиланинг синчи. Аёл ўз ихтиёри билан адашмайди. Аёл тўқликка шўхлик қилиб ахлоқий таназзулга тушмайди. Аёл хато қилади, лекин унинг илк хато қадамига кимдир сабабчи бўлади. Агар қиз бола  уйидан илк бор кўкрагини очиб, чиқаётганда отаси, оғаси ё маҳалланинг ориятли йигитлари (бунга уларнинг маънавий ҳуқуқи бўлиши керак, биринчи галда, ўзлари ориятли бўлиши шарт) унинг йўлини кесса ёки аёл биринчи бор эркакча сўкинганда бозорда ёнма-ён турган эркакда уни уялтирадиган ҳайбат бўлса, аёллардаги  назокат ҳам, латофат ҳам сақланади... Тирикчилик кўйида дағал ишларни қилаётган аёл ўз ишининг бир қисмига айланади. Гиёҳванд модда сотдими, унинг ичига жиноят руҳи киради. Ароқ сотдими, шайтон киради ичига. Аёлларини латофатли, назокатли ҳаётга ошно қилиб қўйган қай эркакнинг аёлидан ибо, ҳаё кўтарилибди?! Аёлни аёлдай яшатиш керак. Бу гапим — аёлни зар-зеварга, ипакка буркаб, қази-қарта билан боқиш керак деганим эмас! Унга бекорга «гулим», «ойим», дея мурожаат қилишмайди шоир боболаримиз. Уларни гулдай севиш, гулдай меҳр бериш керак! “Аёлда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш унга зиён етказиш демакдир”, деган эди француз адиби Ж.Ж.Руссо. Мен аёлни қоралаганларни ёмон кўраман. Аёл бу дунёга она бўлиш учун, эркакка ҳарорат бахш этиш учун келган. Аёл бўлмаса севги, ширин дард, куйиш бўлмайди. Соғинч, висол орзуси бўлмайди. Аёлларга аёллик учун имкон берилса, у ҳеч қачон ҳеч кимнинг юзини ерга қаратмайди...

“ШОИРЛАР ЮЛДУЗ ЧЎҚИЙДИ”

Икки ижодкордан ташкил топган хонадонга разм солиб, англаганимиз шу бўлди-ки, устозларнинг икковилари ҳам меҳнаткаш одамлар. Ҳалол меҳнат билан ризқ топишади. Ҳеч кимга ҳасад қилишмайди. Эътиқоди, меҳнати билан юксалган одамларга ҳаваси баланд. Кимдир уларнинг кўмагига эҳтиёжманд бўлса, қўлидан келганича, қўллашади. Дўстларини қадрлаб, субутсизлар, яхши еб-ичиш учун инсоний ғурурини ерга уриб яшаётганларга ачинишади. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ уларга насиб этган саодатдан сурурланиб яшаётган бахтли оила. Жуфтликнинг ўзаро ҳурмат-эҳтиромлари, бир-бирларини сўзсиз тушунишларига ҳавас қилади киши. Устоз ҳамкасбларимизнинг ҳаёт йўллари ҳам бир текисда равон кечганмикин? Боз устига икковлари ҳам ижодкор. Ижодкор аҳлининг табиати, кўнгли нозик бўлади. Рўзғор ташвишларини енгиб ўтиш қийин кечмаганмикин? Хаёлимиздан кечган ўйларни тилимизга кўчириб, хонадон соҳибларига юзланамиз.
— Яшаш ўзи, маълум маънода, машаққатлардан иборат. Албатта, бизнинг бу яшаётган кунларимизга шукронамиз кўп. Чунки биз истиқлолдан аввалги ҳаётда ҳам яшаганмиз. Камситилишлар, ноҳақликларни кўрганмиз. Ўз тилимиз, ўз бойлигимиз, ўз қадриятларимизга эгалик қилолмай иложсизлик исканжасидаги кунлар олдида бугунги юришимиз, хон юриш, хоразмча лаҳжада ифодаласам. Иккала ижодкорнинг бир хонадонда яшашининг осон ва қийин тарафлари бор. Осони шуки, иккови ҳам кўпроқ маънавий дунё кишиси. Турк шоири айтмоқчи: яхшиям, шоирлар нон емайди, юлдуз чўқийди. Демоқчимизки, кўнглимиз тўқ бўлса, рўзғорнинг унча-мунча кам-ози билинмайди, — дейдилар кулимсираб Қутлибека ая.
Шу орада суҳбат аввалидан аяни қувватлаб келаётган устоз Миразиз Аъзам гап бошладилар:
— Биз бир-биримизга маънавий жиҳатдан ҳам ҳамроҳмиз. Нега йиғлаб, нега кулаётганимиз бир-биримизга тушунарли. Қийин томони шундаки, икковимизга ҳам вақт етмайди. Оддий инсоний муносабатлар, бор-кел, туғилган кун ўтказиш, яна қандайдир нарсалар ортиқча туюлади. Шуларга вақт сарфлагимиз келмай сиқиламиз. Фақат ижод билан яшаётган, ўзини тўлалигича ижодга бағишлай олган қаламкашларга ҳавас қиламиз. Лекин ўзимиз бундай қила олмаймиз. Бир пайтда ҳам шоир, ҳам инсон, ҳам ўзбек бўлиб яшашга кучимиз етмай қолган лаҳзаларда қийналамиз...
— Домлангиз ўз эътиқодларида жуда собит инсон, курашчан, — дейдилар устоз турмуш ўртоқлари Миразиз Аъзам ҳақида ҳаяжон билан, кўзларида ёш билан гапира туриб. — Бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдилар, бировга ҳам ҳақларини бермасликка ҳаракат қилади, меҳнаткаш.  Кунига, албатта, ўн-ўн беш саҳифа китоб ўқийдилар. Ўз ишларига ҳам, оилада ҳам масъулиятни биринчи ўринга қўядилар.
—Аянгизнинг болаларимиз, келинларимиз, набираларимизга меҳрибонлигини, қўли ва феълининг очиқлигини қадрлайман, — дейдилар, устоз Миразиз Аъзам Қутлибека аянинг қандайдир юмуш билан ташқарига чиққанларидан фойдаланиб. — Топганини дўсту ёр, қўни-қўшниларига илинади.
Устозларнинг ҳар иккилари ҳам бир-бирлари ҳақида гапирганларида ўпкалари тўлиб, кўзларида ёш айланади. Бу — шукроналик ёшлари. Шундай инсон билан тақдири қўшилганига, умр соҳиллари туташгани учун севинч ёшлари.

“ҲАММА ГАП ЎЗИМИЗДА!”

Бир-бирини юксак меҳр-муҳаббат билан ардоқлаган, турмуш ўртоғининг кечинмаларини нигоҳлари орқали англай олганлар чинакам бахт таъмини туйишади. Бахт насимлари эсаётган хонадонда улғайган фарзандлар эса оиласига, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб шаклланади.  Таассуфки, аксарият оилалардаги тушунмовчилик, келишмовчилик ва ота-онанинг маънавий дунёси ғариб бўлгани сабабдан болаларнинг одобу ахлоқи ҳаминқадар бўлиб қоляпти.  Айрим ота-оналар фарзанд тарбияси деганда фақат моддиятни тушунишяпти. Кўча-кўйда бешарм қилиқларни қилиб, беҳаё бепарда гапларни ҳаммага эшиттириб гапираётган қизлар, нуқсида тепки изи бор ҳатто европа ёшлари кийишга ор қиладиган, тор кийимларни кийиб юрган йигитларни кўрганда юрак зирқирайди. Булар-ку ҳали ёш, ўзига маъқул кўринган иш орқасида турган иллатни пайқамайди, аммо катталарнинг — ота-она, бобо-буви, ўқитувчи, маҳалладошларнинг кўзи қаёқда экан, деган оғриқли саволга жавоб берадиган мард топилмайди. Бола тарбиясининг асл ўзаги нима ўзи?
— Биз халқдан ўтказиб бирорта доно гап айтолмаймиз. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор, —  дея фарзанд тарбияси ҳақида гап бошладилар устоз. — Уя деганда фақат оила эмас, маҳалла, қўни-қўшни, умуман, инсон яшаётган, дейлик, бола катта бўлаётган муҳит ҳам назарда тутилади. Дейлик, болага телевизор, радио, газета, ҳатто, ота-онаси ҳам:
— Пора — ҳаром. Пора олган одам ҳаромхўр бўлади. Порахўрнинг икки дунёси куяди, ҳалол бўл! — дея тарбия беради. Лекин ўқиш жойида устози:
— Барибир сизлар кўнгилдагидек реферат ёза олмайсиз. Яхшиси, уч минг сўмдан йиғиб беринглар, ўзим тайёрини олиб келиб бераман, — дейди.
Хўш, бола қайси тарбияни олади? Панд-насиҳатними? Кўрганиними? Албатта, кўрганини. Болани тарбиялашдан аввал ўзимиз тарбияланган бўлишимиз керак. Ўзимиз тўғри, ахлоқли, илм, ҳунарга меҳрли бўлсак, болалардан қўрқмасак ҳам бўлади. Ҳамма иллат-ўзимизда! Шу ўринда яна бир гап,  сиз ҳамма болаларнинг тарбияси бузилиб кетяпти экан, деб чўчиманг! Олим, совриндор, чемпион болалар қаердан чиқяпти? Ёш болалар ўртасида шахмат мусобақасида дона сураётган етти, саккиз, тўққиз ёш болаларни кўринг! Ёш математиклар, ёш физиклар, ҳатто, экологлар… Судралиб юрса, замон уни аравасидан ирғитиб ташлайди. Шундай экан, яшайман деса, бола ҳам яхшилик курашига киради. Жамиятимизда бу кайфият аллақачон бошланган».
Дарҳақиқат, устозларимизнинг мулоҳазалари ўринли. Фақат бизни хавотирга солгани бошқа, яъниким, гўзал хулқли, маънавияти бой, одоби дилни хушнуд қиладиган ёшлар қанча кўп бўлмасин, оздай, тарбиясида нуқсони борлар кам бўлса-да кўпдай туюлаверади. 

“БИР ЭМАС, БИЗ, ДЕНГ!”

Замонамиз баъзи оилаларидаги маънавий муҳит, ота- бола, она-қиз, жигарлар орасидаги меҳр-муҳаббат, бир хонадонда яшовчиларнинг  ўзаро муносабатлари ҳақида эшитганда, кўрганда кўнгилга оғриқ тушади. Гўёки қондош қариндош эмас, етти ёт бегонага ўхшайди. Шукрки, атрофимизда иқбол чироғи ҳамиша ёниб турган хонадонлар  ҳам оз эмас. 
— Бугунги кун оиласи, замонамиз жуфтларининг маънавий қиёфасидан кўнглингиз тўладими? — деб сўраймиз устозларимиздан.
— Оилаларимизда қандай яхши анъаналар пайдо бўлди, — деб қвониб-энтикиб гап бошладилар Қутлибека ая. — Масалан оилавий тадбиркорлик. Кўпчилик хонадонларда майда-чуйда ташвишлар билан ўралашмай, оиладаги ҳар бир киши ўз «мен»ини юзага чиқариш учун қатъий ҳаракат қилишяпти. Тарихга, санъатга қизиқиш…
— Шунингдек, яна янгича одатлар давр тўлқинида юзага чиқяпти, — деб суҳбатга аралашдилар устоз Миразиз Аъзам. — Молпарастлик, худбинлик, ўзига бино қўйиш, юзакилик, яъни, бўлса бўлар, бўлмаса йўқ, менга деса дунёни сув босмайдими, тарзидаги кайфият… Демак, кўнглимизни тўлдирадиганлар қаторида ғашга тегадиганлари ҳам бор. Лекин мен жамиятнинг, баъзи замондошларимизнинг устидан мағзава ағдариш фикридан йироқман. Ҳар бир иллат ҳақида ўйлаётганда иккинчи тарафда ўзимиз туришимиз керак. Биз зўр бўлганда, бу иллатларга йўл қуйилмасди, деб ўйлаш керак. Жамиятдаги қувонч ҳам, ташвиш ҳам унда яшаётган инсонларнинг юраги устидан ўтади. Аҳамият беряпсизми, «БИЗ», бир эмас!..»
Фидоий устозларимиз хонадонида кечган суҳбатимиз узоқ давом этди. Бахтиёр жуфтликнинг ҳар сўзида ҳикмат, ҳар гапида ибрат маъносини уқиб, бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди

Очкўз қайноналар зулми

Насиб  этса муборак Рамазон Ҳайити айёмини қувонч ва шодлик билан қаршилаш арафасида турибмиз. Арафа ва Ҳайит кунлари ҳамма хонадонларда турли пишириқ ва ширинликлар тайёрланади, дастурхонга палов тортилиб, қўни-қўшнилар бир-бирларини муборак айём билан қутлаб, ўзларига ёндош хонадонларга пишириқлар, таомлар чиқарадилар.

Ҳозир сайтимизда 40 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ