1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Пўлат ирода

Ислом ўлкасидан бир студент ғарб давлатларидан бирига яна ҳам аниқроғи Англияга ўқишга борди. Тилни ўрганиш мақсадида у ерда Англиялик диндан йироқ бир оилада яшади. Бола эса диндор эди. У эрта тонгда уйғониб жўмрак олдига борардида, совуқ сувда таҳорат қилар эди. Кейин намоз ўқийдиган хонасига бориб, Раббисига сажда, рукуъ қилиб, тасбеҳ ва ҳамд айтар эди. Хонадон соҳиби бўлмиш кампир бу ҳолатни ҳар куни кузатар эди. Кунларнинг бирида: «Сени ҳар куни нима қиласан?» деган эди, бола: «Бундай қилишни менга диним ўргатган», деди. Кампир: «Бироз дам олиб кечиктириб бажарсанг ҳам бўладику?» деган эди, бола: «Агар намозни вақтидан кечиктирсам Раббим мендан буни қабул қилмайди-да», деди. Шунда кампир бошини эгдида: «Бу темирни ҳам синдирувчи иродаку», деди.
«Уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Нур-37)
Бу эса иймон иродаси, яқиний қувват ҳамда тавҳид султонидир. Мана шу ирода Фиръавнни сеҳргарларига таъсир ўтқазиб, оламлар рабби Аллоҳга тортишув асносидаёқ иймон келтиришди. Фиръвнга қарата: «Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан» (Тоҳа-72)

Фарзандингизни урмасдан, 8 та йўл билан ўзингизга бўйсундиришни хоҳлайсизми?

Албатта, фарзанд тарбияси кўпинча онага тушади. Шу сабабли бу ишда оналар жуда ҳам сабрли ва чидамли бўлишлари керак. Бу сабр ва чидамлиликлар натижасида фарзанд ўз онасига муҳаббат билан ўсади. Натижада фарзанд онасига, нафақат онасига, балки отасига ҳам бўйсуна бошлайди. Бунга эришиш учун 8 та маслаҳат:

1. Фарзандингизга ижобий тарзда тарбия беринг.
Фарзандингизнинг номаъқул ишларига кичкина жумлалар билан чек қўйинг. Мисол учун:
"Ақлли бўлгин"нинг ўрнига "Тарбияли бўлгин, китобларни отма" ёки "Китобларнинг жойи токчада" каби қисқа жумлалар билан фарзандингизнинг қилаётган ишига чиройли сўнг беринг.

2. Фазандингизга бераётган тарбиянгизни шарҳланг ва унга ўзингиз ҳам амал қилинг.
Фарзандингиз кун бўйи ўйинчоқ ўйинаши мумкин. Баъзида ўйинчоқларни шу бўйича ташлаб кетиши ҳам мумкин. Бундай ўринларда: "Ўйинчоқларни йиғиштир" деган ҳунук амрнинг ўрнига "Ўйинчоқларингни йиғиштириб, жойига қўйсанг, синмайди, йўқолиб ҳам қолмайди" денг.
Агар, унга ҳам унамаса, кўнмаса (йўқ дейдиган бўлса) "Кел бирга йиғиштирамиз" десангиз, бола буни ўйин деб қабул қилади ва рад қилмайди.

3. Фарзандингизнинг тарбиясига алоқадор гаплар айтинг, шахсиятига тегадиган гаплар айтманг.
Фарзандингизга: "Бу яхши иш эмас" денг, унинг шахсиятига тегадиган гап бўлмасин. Масалан, "Нима бўлди сенга?" "Ундай эмасдингку" ваҳоказо каби гаплар болага сальий таъсир қилиб, натижада кейинчалик ўзи мустақил иш қилолмайди ва ўзига ўзи "Бари-бир яхши гап эшитмайман" деб ҳеч нимага ҳафсаласи қолмайди.

4. Фарзандингизнинг хоҳиш истакларига эътибор беринг.
Фарзандингизнинг табиатида ўйинга, ўйинчоққа бўлган муҳаббат кучли бўлади. Бозорга тушганингизда ҳам фарзандингиз дарров ўйинчоқ дўконга шошади. Сиз унга: "Сен ҳозир ўйинчоқ танла, кейинги сафар эса бошқа нарса танлайсан". Ёки у билан: "Бозорга борганда сенда фақат 1 та нарса танлашга имкониятинг бўлади, ёки битта ўйинчоқ олиб бераман" деб келишиб олинг. "Йўқ, кейинги сафар, кейинги сафар" десангиз бола ўзига бўлган ҳурматни сиз суистеъмол қилаётгандек сизга нафрат қилиши ҳам мумкин.
Агар у билан келишсангиз, у ўзининг хоҳишининг ҳам ота онаси олдида қадри борлигини англайди.

5. Фарзандингизни эшитиб, уни тушунишга ҳаракат қилинг.
Фазандингизнинг ҳолатини тушунишга ва уни эшитишга ҳаракат қилинг. Мумкин: оёқ кийими сиқаётганлиги сабаб айтганингизни қилмаётган бўлиши мумкин. Ёки бошқа шу каби сабаб бўлиши мумкин.

6. Маслаҳатлашишга ҳаракат қилинг.
Фарзандингиз бир номаъқул иш қилиб қўйса, унинг сабабини аниқлаб олинг. Балки уни компьютер ўйнашдан ман қилиб қўйгандирсиз ёки бошқа...
Унга: "Ҳозир компьютер ўйнайдиган вақтмас, ўзимнинг ҳам синглимдан жаҳлим чиқиб турибди, ҳозир унга телефон қилиб ҳодисани ҳал қилиб олишим керак" қабилида ўзингиз шу каби ўринларда мисол бўлсангиз, бола ҳам жаҳл чиққанда нима қилиш кераклигини англайди ва уни писмиқ бўлишдан асраган бўласиз, ИншаАллоҳ. (3 кундан ортиқ уришиб юришнинг ҳам олди олинади)

7. Фарзандингизни қўрқитишдан ва порага ўргатишдан четланинг.
Фарзандингизни қўрқитманг, у фақат жаҳлингиз чиққанида сиздан қўрқиб, паришонлигингизда билганини қилиб олишга ўрганади. Оқибатда у шундай нарсага боғланади.
Фарзандингизни порага ҳам ўргатианг, акс ҳолда у сизда пора йўқ бўлган вақтда айтганингизни қилмаслиги мумкин. Пора нархи тўғри келсагина сизга ёрдам бериши мумкин бўлиб қолади. Бу ҳам тарбиясига зиён.

8. Муносиб мақтанг.
Фарзандингиз айтганингизни қилганида "Офарин", "Баракалла" ва "Яхши иш қилибсан" қабилида мақтаб туришингиз, фарзандингиздаги шижоатни кучайтиради.
Баъзида йиғлаганида: "Менга катта кишилардек иш қилганинг ёқди, лекин ҳар нарсага йиғлашинг ҳунук иш" денг.
Баъзи оталар фарзандлари Қуръони Каримдан ёд олса, унинг ёд олганларининг мукофоти сифатида бир лавҳага ёки қоғозга 1 та юлдузча осиб қўйишади, у юлдузчалар 5 тага етганида унга янги ўйинчоқ ёки шунга ўхшаган нарса сотиб олиб беришади.
Албатта, фарзанд тарбияси ҳар қандай онага қийин, лекин улар сабр ва матонатли бўлишса, фарзандлари ўсган сари чеккан меҳнатлари бекорга кетмаганини англашади ва роҳатини кўришади.

Абдуллоҳ Раҳимбоев тайёрлади

Ота-онага итоатнинг чегараси

Ота-онанинг итоати ҳақидаги биз юқорида ўрганиб ва эслаб ўтган таълимотлар, яна бошқа қўшимча маълумотларни баъзи тарафларнинг суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи ота-оналар болаларининг гуноҳ ишларда ҳам уларга итоат қилишларини истайдилар. Ҳатто Аллоҳнинг амрига, У зотнинг динига хилоф бўлган ишларда ҳам, менинг айтганим бўлиши керак, дейдиган ота-оналар йўқ эмас. Бу ҳақдаги можаролар, низолар, саволлар тез-тез учраб туради.
Аммо, инсоннинг ва унга тегишли нарсаларнинг барчаси чегараланга нарсалар эканини унутмаслик лозим. Жумладан, ота-онага итоатнинг ҳам чегараси бор. Бу ҳақийқатни ота-онага итоат қилишни амр қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўнал¬ганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман». (15-оят)
Ҳа, ота-онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки, ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақийқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан устиндир. Бу оятда ана шу ҳақийқат баён этилмоқда.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»
Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига уни Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар, гуноҳкор бўладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Гуноҳ ишда ота-онагаки итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик турган гап. Мўмин-мусулмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У зотга маъсият бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.
Лекин бу, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.
«Ва дунёда икковларига яхшилик қил…»
Мусулмон фарзанд кофир ота-онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурматлашни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.
«...ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш.»
Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин-мусулмонларнинг изидан юр.
«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир.»
Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.
«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.»
Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.
Бу борадаги умумий қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида баён қилганлар.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.
Ота-она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасидаги ҳужжат ва далилларни чуқур таҳлил қилган фуқаҳолар бундан истисно қилинадиган нарсаларни ҳам аниқлганлар.
Машҳур Ҳанафий олимлардан Мулло Алий Қори:
«Бу (ота-она зулм қилса ҳам, уларга итоат қилиш) айни камолдир. Аммо, жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», – деган.
Имом Таҳовий:
«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади, наҳий қилинган нарсаларда эмас», – деган.
Тоҳир Фатаний:
«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас», – деган.
Иззуддийн Абдуссалом:
«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», – деган.
Имом Ғаззолий:
«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», – деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:
«Агар ота-онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устин қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Рамули, кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Отангга, сўнгра энг яқинларга, кейин ундан кейинги яқинларга ва ҳоказо», – дедилар».
Мана шу ҳадисдан уламолар «онанинг ҳаққи отаниинг ҳаққига кўра уч баробар кўп» деган хулосани ҳам чиқарганлар. Ота-она албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади. Чунки она фарзандга ҳомиладор бўлганидан бошлаб, унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақлли одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ўша машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканлигини, айниқса, аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам, онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб, катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи буюкроқ бўлади.
Расулуллоҳ соллал¬лоҳу алайҳи васаллам, ана шу эътибордан, уч марта «онангга яхшилик қил» деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада «отангга» деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – бошқа қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини таъкидладилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Одамларнинг қай бирининг аёл кишида ҳаққи энг улуғ?» – деб сўрадим.
«Эрининг», – дедилар».
«Одамларнинг қай бирининг эр кишида ҳаққи энг улуғ?» – дедим.
«Онасининг», – дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Демак, эркак кишилар учун уларда ҳаққи энг улуғ одам оналари бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Дадажон, дадажон, қўлимни, оёғимни қайтариб беринг

Ёш ота неча йил деганда аранг шахсий уйга эга бўлади. Уйни замонавий жиҳозлар билан безайди. Қимматбаҳо мебеллар, юмшоқ диван-креслолар; ҳузурбахш ўриндиқлар мебель магазинидан тўғри янги уйга олиб келинади.
Янги уйни янги жиҳозлар билан ясатган ота ишга кетади. Она кундалик юмушлар билан банд. Болалар уй ичида ёлғиз қолган. Шунда болалар юмшоқ ўриндиқларни от қилиб минадилар. Устида сакрайдилар. Пичоқ олиб чиқиб, баъзи шўхроғи диваннинг пахтасини суғуриб олади. Қисқаси ота ишдан келгунча уйни ағдар-тўнтар қилиб ташланади.
Янги уйни бу аҳволда кўрган отанинг тутуни осмонга чиқади. Ғазабдан ўзини тутолмайди. Болаларни қувиб кетади. Каттасини ушлаб олиб ўлгидай дўппослайди. Боланинг "тавба қилдим, дадажон, иккинчи қилмайман" деган сўзи унинг қулоғига кирмасди. Боланинг калтак зарбидан қизариб, кўка-риб кетган танаси отага кўринмасди. Норасиданинг ялиниб-ёлвориши ота раҳмини заррача қўзғолмади. Боланинг онаси ажратаман деб яқинлашган эди, ғазабнок эр: "Йўқол! Болани сен бузгансан", деб уни яқинлаштирмади. Ҳовуридан тушмаган баджаҳл ота қаердандир арқон топиб келиб, сўлжайиб ётган боланинг қўл-оёғини маҳкам боғлашга тушди. Арқонни шунчалик қаттиқ тортиб боғладики, агар инсонда суяк бўл- маганида, арқон қўлни бутунлай узиб ташлаши мумкин эди.
Қўл-оёғи боғланган болани шарт кўтариб, ертўлага таш-лаб чиқди. Бечора она боласининг қўлини бўшатмоқчи эди, эр "агар болага яқинлашсанг, талоқсан!" деб бақирди.
Қўрқинчли ертўлада ёлғиз қолган болача йиғлаб-йиғлаб охири уйқуга кетади. Эрталаб баджаҳл ота "безори" ўғлидан хабар олгани ертўлага тушади. Не кўз билан кўрсинки, бола бехуш ётарди. Кечикиб келган оталик раҳми қўзғаб, дарҳол болани касалхонага олиб борди. Табобат аҳли болани обдон текширганларидан кейин отага ўз хулосаларини баён қила-дилар.
– Боланинг қони заҳарланган. Агар унинг қўл-оёғини зудлик билан кесилмаса, заҳар бутун танага тарқаб, бола нобуд бўлиши мумкин.
– Доктор, бундан бошқа чора йўқми? Ҳар қанча пул бўл-са, мана мен тайёрман. Керак бўлса, уйимни сотаман, бор-будимни сотаман. Фақат ўғлимнинг қўл-оёғини кесманглар. Илтимос, бошқа чора изланглар.
– Иложи бўлганида, биз сиздан яширармидик. Тезроқ розилик беринг, биз операция қилишимиз керак, йўқса, бола ҳалок бўлади.
– Иложи бўлмаса... кеса..., – деб ота касалхонани бошига кўтариб ўкирди.
Болакай касалхонадан тузалиб чиқди. Ўз уйига келди. Укалари билан ўтирган жойида ўйнай бошлади. Унинг чоп-қилаб югургиси келар, қўли билан бир нарсаларни ушлагиси келар, лекин бунинг иложи йўқ эди. Шунда болакай дадасига қўлини чўзиб, ялинган ҳолатда: "дадажон, дадажон, қўлимни, оёғимни қайтариб беринг. Иккинчи диванингизга ўтирмайман, креслони бузмайман", деди.

Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳимнинг "ҲАМДАРД" китобидан

Ойижон, мен сизни жуда-жуда яхши кўраман

Она кеча олиб келган помадасини қизининг қўлида кўриб тутақиб кетди. Чунки ишлатилмаган янги помаданинг учи ерга кўп ишқалангани сабабли эзилиб қолган эди. У шунчалар дарғазаб бўлдики, азбаройи тутаққанидан кўзига ҳеч нима кўринмай, қўлидаги супурги дастаги билан қизини аямасдан савалай бошлади. "Қаерга суркадинг буни?" деган саволига "деворга" деган жавобни олгач, унинг тутаққан ўти керосин сепилган оловдек ловуллаб кетди. Супурги билан савалаб қўли толиққан она супургини улоқ-тириб, кўксидаги игна тўғноғични ечди. Қизнинг "тавба қилдим, ойижон, энди помадангизни олмайман" деб ялиниб ёлворишига қарамасдан, нонга чекич урган нонвойдек қизнинг қўлига учли игнани санча бошлади. Қонга беланган оппоқ қўл бир паста пома-дадек қизариб кетди. Шундагини аёл қизни уришдан тўхтади. Кўзи жиққа ёшга беланган қиз шилқ этиб ерга йиқилди.
Кеч кирди.
Толиққан она оёғини базўр судраб хонаси томон юрди. Чироқ-ни ёққанда кўзи девордаги ёзувга тушди. Не кўз билан кўрсинки, деворда қизил рангда: "Ойижон, мен сизни жуда-жуда яхши кўраман – Севаман" деган ёзув бор эди.
Фломастер билан помадани фарқига бормаган қизча она помадасини бўёққалам деб ўйлаб, онага бўлган муҳаббатини деворга ёзиш билан изҳор қилган экан. Она эса бундан бехабар. Шунда игна санчган пайтда қиз қўлидан сизган қон каби она кўзидан ёш сизиб чиқди. Чарчоқни унутиб, тезда қизининг хона-сига шошди. Бечора қиз юмшоқ каравотига кўтарилишга ҳам кучи етмай ерда ухлаб ётарди. Она қўли бинт билан чандилган қизига қараб ҳўнграб юборди.
Эртасига эрталаб қизи ўқийдиган мактабга борди. Қиз бетоблиги учун мактабга келолмаслигини муаллимга билдириб қўймоқчи эди. Қизи ўқийдиган синф эшигини аста қоқди. Киришга изн бўлгач, ичкарига кирди. Синф ўқувчиларга тўлган. Фақат биринчи партада ўтирадиган қизининг ўрни бўш, холос. Она доскага қаради. Доскага катта ҳарфлар билан "ойижон, мен сизни жуда яхши кўраман" деган ёзув ёзилган эди.
– Келинг, марҳамат. Раънохон қани? – деди муаллим.
– Бироз тоби қочган эди, шунга келолмади.
– Шамолладими?
Нима деб жавоб беришга ўйланиб қолган она:
– Ҳа, шша-мол-лаб қолди, – деди дудуқланиб.
– Терлаб турган бола совуқ сув ичгандирда...
– Шундай... – деди юзи қизарган она.
– Кечаги дарсда "онани яхши кўриш" мавзусида сўзлашган эдик. Ўқувчиларга уй вазифаси топшириб, ҳар бир бола уйга бориб онасига "мен сизни яхши кўраман" деб оғзаки ва ёзма равишда баён қилсин, деган эдик. Қизингиз Раъно вазифасини бажардими?
Она жавоб бериш ўрнига юзини ерга қаратди. Бир оздан сўнг ўзини ўнглаб:
– Ҳа, бажарди, – деди.
– Мен унга ишонаман. Қизингиз ажойиб қиз. Вазифаларни мен ўйлагандан кўра аъло даражада бажаради. Катталар калла-сига келмаган ажойиб фикрларни ўртага ташлайди...
– Қизимнинг партасига ўтирсам майлими?
– Бемалол.
У қиз ўрнига ўтириб дарсни тинглай бошлади. Тасодифан қўли парта остидаги қоғозларга тегиб кетди. Қоғозлардан бири-ни олиб ўқиди. Унда "Азиз муаллим, мен онажонимни сиз айтмасингиздан олдин ҳам жуда-жуда яхши кўраман", дейилган эди. Қизининг хатини таниган она бошини янада қўйи эгди. Унсиз йиғлай бошлади. Қилмишига пушаймон бўлди.

Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳимнинг "ҲАМДАРД" китобидан

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ