1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Исломда фарзанд тарбияси

Гўзал исломий тарбия олган фарзандларгина чинакамига “жаннат райҳонлари” деб мақталади. Аксинча инсонийлик фитратидан чекинган, тарбияси бузуқ болалар жамиятнинг зараркунандаларига айланишади. Шу боис Ислом динимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади ва бу муҳим масалани ота-она ва жамият олдидаги энг зарур вазифалардан бирига айлантиради. Фарзандимизга исломий тарбия бериш учун нималар қилишимиз, қайси усул ва тажрибалардан фойдаланганимиз маъқул? Таниқли Ислом олими Абдуллоҳ Муҳаммад Абдул Мутиънинг “Исломда тарбия” китоби бу йўлда муҳим дастур бўлиши мумкин. Қуйида ушбу китобдан айрим маслаҳат ва тажрибаларни журналхонларимизга илиндик.

Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига асосан болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг болалигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия олган болалар улғайгач хуш ахлоқли, гўзал одобли инсонлар бўлиб етишади ва Аллоҳнинг ҳидоят йўлида юриб, икки дунё саодатини қўлга киритади. Тарбияси бўш ёки ёмон тарбия кўрган болалар ношукр, ахлоқсиз ва беодоб кимсалар бўиб улғаяди ва бундайлардан жамият катта зарар кўради. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди” (Инсон сураси, 3-оят).
Исломда фарзанд тарбияси ҳали бола дунёга келмасидан олдин бошланади. Фарзандларини чинакам иймонли, солиҳ, диёнатли қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун иймони бут, солиҳа, диёнатли, инсофли, гўзал ахлоқли она танлаб олиши керак. Бу иш бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир. Фарзанд туғилиши билан бу улуғ неъмати учун Аллоҳга кўп мақтов ва шукроналар айтиш, ушбу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш, боланинг қулоғига азон айтиш, унга чиройли исломий исм қўйиш, биринчи кунданоқ уни ҳалол йўл билан ризқлантириш фарзанд тарбиясидаги асосий талаблардандир. Болангизнинг тили чиқиши билан унга “Аллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, Ассалому алайкум” каби энг муҳим калималарни ўргатиш керак.
Давримизнинг атоқли олимларидан бири фарзанд тарбиясига бағишланган машҳур асарида бундай ёзган эди: “Болага энг аввал ахлоқий қоидаларни ўргатиш зарур. Бунга эътибор берилмаса, ўғил-қизингиз ғазаб, шалоқ сўзларни сўзлаш, лоқайдлик, ўйламай иш қилиш, бағритошлик ва очкўзлик каби ёмон иллатларнинг қурбонига айланади. У улғайгач, бу иллатлардан қутулиши оғир кечади. Чунки ахлоқсизликнинг ушбу кўринишлари унинг табиатига чуқур кириб кетган бўлади. Агар фарзандингиз барча воситаларни ишга солиб иллатлардан халос бўлиб олмаса, бир куни келиб жамиятда шарманда бўлади. Болалигида яхши тарбия олмаган кўплаб одамларнинг улғайганда одобсиз ва ахлоқсиз кимсаларга айланиши кўп кузатилган”.
Болалар дин ҳақидаги, ахлоқий низомлар ва чиройли хулқ тўғрисидаги илк маълумотларни ўз уйи ва оиласида олади. Ислом мусулмон оиласини бир қанча одоб ва ахлоқ қоидаларига риоя этишни буюради ва икки дунё саодатига эришиш учун бунга болалар ҳам, катталар ҳам масъуллигини алоҳида уқтиради. Буни тажрибада кўриб чиқиш учун эса ҳозирги кунда ниҳоятда зарур бўлган ахлоқий низом ва исломий одоб қоидаларига риоя этишни Пайғамбар алайҳиссалом замонларида қандай ўргатишгани билан танишиб чиқамиз.

ФАРЗАНДИНГИЗ СИР САҚЛАЙ ОЛСИН!

Собитнинг ривоят қилишича, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар: “Бир куни бошқа болалар билан ўйнаб турганимда Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимга келдилар ва мени бир юмушга жўнатдилар. Шу туфайли онамнинг олдиларига кеч қайтдим. Уйга келсам, онам: “Нега кеч қолиб кетдинг?” деб сўраб қолдилар. “Аллоҳнинг Расули бир юмушни топширган эдилар”, деб жавоб қилдим. Онам: “Нима юмушлари бор экан?” деб сўрадилар. “Бу – сир”, дедим. Шунда онам: “Аллоҳнинг Расулининг сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!” дедилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит”.
Келинг, Анаснинг айтган сўзларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: “Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит”. Бу ёш боланинг сўзлари эмас, ёш шогирдига ўзининг болалик хотираларини сўзлаб бераётган кекса шайхнинг гапларидир. Биз Пайғамбар алайҳиссаломнинг улуғ саҳобалари, Басранинг хатибини сўзларини тинглаяпмиз. У бу тарихий воқеанинг тафсилотларини билиб олиш учун устоз атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган ёш шогирдларига болалигидаги ўша ҳаяжонли бир тарихни, ҳозиргача ўзини тўлқинлантириб келаётган воқеани сўзлаб бераётир. 
Йиллар ўтди ва Анас улғайиб ўсмир бўлди, кейин йигитга айланди, сўнг ўрта ёш, ортидан кексалик ёшига етди. У юз йил умр кўрди ва кўплаб давлатларнинг юзага келиши ва қулашига гувоҳ бўлди. Шуларга қарамай, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сирларини ҳануз пинҳона сақлаб келяпти. У узоқ йиллар олдин болалар билан ўйнаб юрганида билган ўша сирларни шундан буён бирор марта очмади. Ҳатто энг ишончли шогирдига ҳам айтмади: “Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит”.

ҲАЛОЛЛИКНИ ЎРГАТИНГ!

Абдуллоҳ ибн Биср (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Онам бир бош узумни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учратиб қолиб, у зотдан: “Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?” деб сўраб қолдилар. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қачон мени учратиб қолсалар: “Хиёнат, хиёнат!” дер эдилар”.
Улуғ Ислом мутафаккири Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни шундай шарҳлайди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратмоқчи бўлганлар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу сўзларини икки мартадан такрорлаганлари эса, хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш учун бўлган. Бу иш ҳалоллик билан боғлиқ бўлгани учун Пайғамбар алайҳиссалом болани оғринтирмаган ҳолда сўзларни такрорлашдан фойдаланганлар”.

Абдуллоҳ Муҳаммад АБДУЛ МУТИЪ
Аҳмад МУҲАММАД таржимаси

Нега доимо шайтон ғолиб чиқаверади?

Австралянинг Вияна шаҳарида диний семинар ўтказдим. Семинар охирига яқинлаб қолганида бир ўрта ёшли киши келиб: "Буларни тушунтириш учун кеч қолдингиз" деб қолдилар.
 Мен: "Тинчликми?" деб сўрадим.
 "Ўғлим" дедиларида титраб йиғлагудек бўлиб, ўғлим жуда ҳам диндор эди, умрага ҳам бориб адо қилган эди. Ҳатто уйда телевизор кўришга қўймас "Буни кўриш ҳаромдир" деб бизни қайтарар эди. Аммо ҳозир эса, жуда ўзгариб кетди наркотик маҳсулотларидан ҳам фойдаланаяпти" дея туриб кўзларидан томчи-томчи кўз ёши оқа бошлади. У кишининг гапларини тинглаб туриб яна бир аёл бизга яқин келиб: "Менинг қизим ҳам, у оиламизнинг энг диндори эди, ҳозир эса эрталабгача кўчада қолиб кетаяпти" деди.
Буларнинг гапириб берганларидан англашилдики, биз бугунги кунда нафақат маданиятимизни, наслларимизни, иймонимизни, жаннатимизни балки Роббимизни ҳам йўқотиб, қўлдан бой бери қўяпмиз экан. Бунинг сабаби нимада, нега бундай бўлаяпти?
Буюк Ислом динини ва унинг маданиятини қалбларимизга сингдирмасдан туриб баҳоналар қилаяпмиз. Биз майли, биздан қолаётган ёш наслларимизга Исломнинг гўзал аҳлоқлари ва ундаги ҳузур-ҳаловатни тоттиролмаяпмиз. Наслларимизнинг бўйинлари ғарб маданиятининг суви билан ювиляпти.
Аллоҳ Таоло мана шундай марҳамат қилади: "Одамлар ”иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?" (Анкабут сураси 2-оят)
Марҳамат бугун сизга Роббимизнинг имтиҳонлари бошланди. Шайтон бизни дунё ҳою-ҳаваслари билан алдамоқчи бўлиб турибди. Биз ёшлар юзаки тақво қилиб нафсимизни қийнаб юрибмиз. Гўё мусулмончиликни қийин ҳамда ҳаётимизга қарши бир йўл қилиб олганмиз. Бу билан биз ўзимизга керак эмас нарсаларни сотиб олаяпмиз, мисол булар эвазига ақлимизнинг бир ерда туриб қотиб тафаккур қилмай қўйишини. Сўнгра эса атрофимиздаги охират билан иши йўқ, охиратга иймони йўқ инсонларнинг айшу-ишратдан иборат бўлган ҳаётларига қизиқиб қолаяпмиз. Шайтон бизни йўлдан адаштириш учун кечаю кундуз бардавом бўлиб:
 "-Сен диндорсан, ҳаётни гўзаллигини кўролмайсанми. Бу атеист (Худосиз, иймонсиз)даги баҳту-роҳатни қара. Ўзингни бир-биридан гўзал овозлари жуда ёқимли қизлар билан гаплашишдан ман қилиб юрибсан.
 -Сен эса жуда гўзал қизсан, мана бундай эркаклар билан ҳаётингни гўзллаштириш ўрнига ўзингни четга олаяпсан", дея васвасалар қилади.
Шайтоннинг гапларига эса бизда иштиёқ (бир маротаба бўлса ҳам синаб кўриш) ҳиссиёти уйғонади. Имтиҳон бошланди, сизга булар жуда ёқиб тушди ва сиз шайтонга қул бўла бошладингиз. Бу ишингиздан балки, фаришталар кўз ёш тўкишаётгандир, балки бундан омонда қолишингиз учун дуолар қилишаётгандир, начора ҳар ким ўзига лойиғини, насибасини олади.
 Ҳаром ишлардан бирини бир маротаба тотиб кўрдингиз ҳам дейлик, унинг заҳарли мазаси қалбингизга ўрнашиб олиб ўзи сизни бошқаришга ўтади. Шу қалбга тушган ифлослик, қуртнинг заҳаридек эртасига яна ўша ҳаромни истайди. Шу вақтдан бошлаб биз ўзимиздаги Илоҳий Раҳмат бўлган иймон ҳаловатини йўқотишни бошлаймиз.
 Унутмангки, бу ботқоқликда қолиб кетмаслигинингиз учун ҳали ҳам имконингиз бор ва бўлади. Роббимиз бизни бундай фалокатга кетишимизни истамайди албатта, у бизни тезда Ўзига қайтиб авф сўраб тавба қилишимизни кутади. Фақат биз бутун хотиржамликларнинг, ҳузур-ҳаловатнинг манбаси бўлган Роббимиз ва Шайтоннинг вақтинчалик инъом этган ҳою-ҳаваслари орасида эсанкираб қоламиз. Бу ҳолат "Шайтоннинг менга берган завқларига лаънат бўлсин" деб Ҳақ йўлни танлашимизга жуда катта тўсқинлик бўлади.
 Шайтон ҳам бизни ишонтириш учун:
 "-Ахир нега Аллоҳ сенинг ҳаётингни заҳар қилишни (динга амал қилиб яшашингни) истасин? Тушунсангчи, бу динларни одамларнинг ўзлари ўйлаб топишган. Буларнинг ишлари гуноҳ эмас, Аллоҳ йўқ, бўлса ҳам сен ҳали ҳаётнинг бошидасан, ёшсан. Тавбага ҳали бор унгача мазза қилиб ҳаётнинг гаштини суриб роҳатланиб қол.
 Мана шу васвасалардан кейин ботқоқдаги инсон тушган ботқоғига шундай ботадики, бундан қутилиш учун ҳатто куч қуввати ҳам қолмайди.
 Мана шу Аллоҳдан фарзанд ато қилишини ёлвориб  сўраган ва у ноқобил фарзандни шайтон чангалидан қутқара олмаётган отанинг ҳаётий муаммосидир.
 Бугун  биз бақувват иймонга эҳтиёжимиз бор. Биз динимизни яхшилаб ўрганиб уни ҳаётга тадбиқ қилишга жуда-жуда эҳтиёжимиз бор. Бизларга очиқ душман бўлган лаънати шайтоннинг нағмаларидан, васвасаларидан ҳимоялана оладиган даражада илмга ҳам эҳтиёжимиз бор.
 Биз бир кунмас бир кун нафсимизга қул бўлиб шайтонга малай бўлиб қолишдан асрашини Аллоҳдан ёлвориб сўрашга муҳтожмиз.
 Бугунги кундаги технологиянинг 100 фоизидан 10 фоизи Аллоҳга хизмат қилаётган бўлса, 90 фоизи шайтоннинг хизматидадир. Ҳозир орамизда юрган инсон, бугун мўмин бўлса эртага иймондан ажралиб иймонсиз қолиши ҳам мумкин. Чала-чулпа ўрганилган илм ва қувватсиз иймон билан шайтонга ўлжа бўлиб қолмайлик. Аллоҳ бундан Ўзи асраб авайласин.

“Нега мен?” деманг...

 “Қаттиқ хасталикка чалиниб, ётиб қолдим, – ҳикоя қилади бир танишим. – Тузалишдан умид қилсам ҳам, юриб кетишимга кўзим етмасди. Шу пайтгача яхши юрганим учунми, беқарор бўлар, “Нега энди ҳамма соппа-соғ-у, мен касал бўлишим керак?” деган савол ўйларимдан кетмасди. Энг хижолатлиси, соғ пайтимда гап-гаштакларимизга кам қўшилгани учун биз доим мазах қилиб юрадиган бир ўртоғим ҳолимдан тез-тез хабар оларди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирар, айтаётган гаплари, ривоятлари кўнглимга ёруғлик соларди. У кетгач, эшитганларимни тафаккур қилиб, хулосалар чиқарардим. Ўша ўртоғим ўргатганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Алҳамдулиллаҳ” калимасини такрорлардим. Бора-бора бир жойда ётишга ҳам кўникдим. Аммо бу шунчаки, ҳамма нарсадан умид узиш эмас. Бу – қазойи қадарга розилик эди. Кўнглимда тузалиб кетишга, яна оёқларим билан юришга чинакам умид уйғонди. Шунда тушундим, ҳаловат, хотиржамлик таслимиятда экан...”
Саодат асридан...
Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни саҳобалар йиғилган мажлисда сўрадилар:
– Сизлар мўминмисиз?
Мажлис аҳли сукутга чўмди. Шунда ҳазрат Умар (розийаллоҳу анҳу) жавоб берди:
– Ё Расулуллоҳ, мўминмиз.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савол бердилар:
– Имонингизнинг аломати нима?
Ҳазрат Умар дедилар:
– Неъматларга шукр, балога сабр қиламиз, қазойи қадарга рози бўламиз.
– Каъбанинг Раббига қасам, сизлар бу сифатларингиз билан ҳақиқий мўминсиз” (Имом Табароний).
Яқин ўтмиш ибрати
Таниқли теннисчи, жаҳон чемпиони Артур Эш қон қуйиш жараёнида оғир хасталикни юқтириб олди. Аҳволи кундан-кун ёмонлашарди. Умрининг сўнгги кунларини яшаётган Артур мухлисларидан кўплаб мактублар оларди. Улардан бирида бундай сўзлар бор эди: “Парвардигор бундай дард учун нега бошқани эмас, сизни танлади?”
Артур эса мухлисига бундай жавоб ёзди: “Бутун дунёда ҳар йили эллик миллион бола теннис ўйнашни бошлайди, шундан беш миллиони ўрганади. Беш юз минг нафари профессионал даражасига чиқади. Беш минги катта мусобақаларда қатнашиб, эллик нафари “Уимблдон”гача келади. Тўрттаси ярим финалда, иккитаси финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қўлимда чемпионлик кубогини тутиб, қувониб турарканман, бирор марта: “Нега мен?” демадим. Энди хасталикка чалиниб, азоб чекаётганимда: “Нега мен?” десам, тўғри бўладими?”
Мўминнинг сифати
Ҳар қандай ҳолатни ҳам розилик билан қабул қилиш мўминлик белгиси. Зеро, бунда Аллоҳ таоло розилиги бор. Илоҳий ризога эришиш эса мусулмон одамнинг энг улуғ орзуси.
Кўпчилигимизга, бирор неъмат берилса, ўзимизни лойиқ деб билганимиз учун ҳам “нега менга?” деган савол хаёлимизга келмайди. Аммо қийинчилик етса, тилимизга чиқармасак-да, дилимиздан: “Нега машаққатларга фақат мен дучор бўларкинман?” деган савол ўтиши бор гап. Шундай пайтлар ўзимиздан юқори эмас, пастдагиларга қараш ҳақидаги муборак тавсияни унутиб қўямиз...
Яна бир ҳақиқат бор, банда илоҳий ризога фақат амаллари билан етишолмайди. Балки оз бўлса ҳам, амалнинг ихлос ила бажарилгани, ўша амал эгасининг ҳар қандай ҳолатда қазойи қадарга розилиги саодатга етишиш асосидир.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.

Ўзингизни яхши кўрасизми?

Суҳбатларда “Фалончи жонининг ҳузурини билади, ўзини жуда яхши кўради-да...” деган гап кўп қулоққа чалинади. Кейин бу жумла ортига изоҳлар тиркалади:
“Ҳеч жонини қийнагиси келмайди, ҳатто жигарлари учун ҳам”;
“Доим ташвишларини бошқаларнинг елкасига ортади, ҳеч ўзига юк олмайди”;
“Хоҳлаганида ётиб, хоҳлаганида туради”;
“Бошқанинг қўлидан олиб бўлса ҳам, нарсанинг яхшисини ейди”;
“Ҳақми-ноҳақми, ҳар қандай тортишувда ўзиникини ўтказади”;
“Айтганини қилдиради”;
“Ўзига қилинган ёмонликни унутиши, кечириши қийин”;
“Бировларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмайди” ва ҳоказо...
Агар буларга таянилса, жонини қийнаб, кимгадир ёрдам берадиган, ўз ғамлари қаторида бошқалар ташвишида югуриб-еладиган, қўлидаги луқманинг энг ширин жойини бошқасига илинадиган, ҳақ бўлса-да, жанжал бошланмасин деган андишада тилини тиядиган, кимнингдир кўнглига озор беришдан қўрқиб ҳар қадамини ҳисоб билан босадиганлар ўзини ёмон кўрган бўлиб чиқади. Бу хусусда менга яхшилар сингдирган тушунча бошқача:
Қийинчилиги эвазига бировга кўмаклашаётган одам ўзини яхши кўради. Нега дейсизми? Ҳар бир яхшилик садақа экани, бир эзгулик учун ўн савоб берилиши ҳақидаги ҳадисга амал қилгани учун. Бошқаси учун чекаётган машаққати охират сафарида енгилликларга сабаб бўлишини билгани, шунга умид боғлагани учун...
Бировга зарра малол келишни хоҳламаган, ўзгалар ҳожати тушганида эса ҳар қандай хизматга тайёр турадиганлар жонининг қадрини билган ҳисобланади. Чунки улар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) келган хушхабарни қалбларига жойлашган: “Дўзах ширин муомалали, мулойим, виқорли ва бошқаларга ёрдами тегадиган кишига ҳаромдир” (Имом Термизий ривояти).
Хоҳлаганида ётиб, хоҳлаганида туриш ўзини яхши кўриш эмас, балки била туриб, жонига жабр қилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло биз бандаларига маълум вақтларда адо этиладиган вазифаларни буюрган: “...намоз мўминларга вақти тайин этилган фарздир” (Нисо, 103).
Ҳамма нарсанинг яхшисини ейишга мен ҳақлиман, бошқалар мендан кейин, дейиш билан киши ўзига фақат ёмонлик қилади. Зеро, мўмин камолотга ўзига яхши кўрганни ўзгага ҳам раво кўриш билан етишади (Муттафақун алайҳ).
Ҳақлигини билса ҳам, жанжалли тортишувдан қочиб, сукутни лозим кўрган одам ўзини ҳаммадан яхши кўради. Чунки у энг ростгўй инсоннинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннатдаги бир уйга кафилман” (Абу Довуд ривояти) деган ваъдаларига ишониб, амал қилади.
Худбинлик билан айтганини қилдириш, ҳар қандай йўл билан ниятига эришиш асло ўзини яхши кўриш эмас. Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зулм, холос. Зулм эса, қиёмат кунида эгаси учун зулмат бўлади (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар қанча азият бермасин, кечирганлар. Юракларини ўртаган мусибатга сабаб бўлган, ҳазрат Ҳамзани (розияллоҳу анҳу) ўлдирган ҳазрат Ваҳшийни (розияллоҳу анҳу), у ҳам имон келтиргач, афв этганлар. Ана шундай зотга умматлигини ҳис этган киши ўзига қилинган ёмонликни унутишга, кин сақламасликка уринади. Одамларнинг хатоларини афв этиш билан Аллоҳнинг мағфиратига эришишни хоҳлайди: “...балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!” (Нур, 22); “Албатта, ким (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43).
Ўта ҳалимлиги, ҳамманинг кўнглига қараши билан кўзимизга қўрқоқдек кўринадиган кишилар чин маънода ўзини яхши кўрганлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар, 53); ҳадиси қудсийда “Раҳматим ғазабимдан устундир” (Муттафақун алайҳ), “Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар. Мен эса гуноҳларингизнинг барчасини кечираман” (Имом Муслим ривояти), дея марҳамат қилади. Бироқ бандадаги банданинг ҳақини банда кечмагунича кечирмайди. Буни билган одам бировга асло озор бермайди. Одамлар наздида қўрқоқ ёки журъатсиз бўлиши Аллоҳнинг ғазаби олдида ҳеч нима эмаслигини ҳис қилгани учун ҳам дилозорликдан тийилади, бировларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашади.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтган экан: “Мен ҳеч кимга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилмадим. Нима қилсам, ўзимга қилдим”. Шунга кўра, ақлли мўмин “ўзини ўйлаш, ўзини яхши кўриш”га худбинликдан келиб чиқиб ёндошмайди. Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришини ёдида тутади: “Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақланг...” (Таҳрим, 6); “...одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!” (Бақара 44). Ўзини яхши кўргани, эҳтиёт қилгани учун ҳам гуноҳ, хатолардан тийилади.
Ўзингизни шундай яхши кўра оласизми?

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Чин дўстлик ва чин муҳаббат

 

 

 

Ҳазрат Жалолиддин Румий ҳақиқий муҳаббат ва дўстликнинг аломати дўстдан етган жафони розилик ва таслимият билан қабул қилиш эканини қуйидаги ҳикояда шундай тушунтиради: “Бир кишига зиёратчилари қовун келтиришди. У ёнига сирдош-кўнгилдоши, содиқ хизматкори Луқмонни чақирди ва қовундан бир тилим кесиб, узатди. Луқмон уни шундай роҳат билан едики, кўрган одамнинг иштаҳаси очилиб кетиши табиий эди. Узатилган иккинчи тилимни ҳам худди шундай еганини кўргач, хўжайин ҳам ўзига қовун кесди. Аммо оғзига олар-олмас тупуриб ташлади, чунки жудаям аччиқ эди. “Эй Луқмон, – деди. – Бундай заҳарни қандай қилиб бол каби ея олдинг? Бундай қаҳрни нима сабабдан лутф ўрнида қабул этдинг? Бу қандай сабр? Ким билсин, бугунгача қандай азобларга бардош берган бўлсанг? Сен ширин жонингга душманмисан? Бирор нима десанг, бўларди-ку? Ҳеч қурса, маъзур кўринг, еёлмайман, дейиш шунча қийинми?”
Луқмон жавоб берди: “Мен сизнинг қўлингиздан шунча кўп ширин нарсалар едим, моддий ва маънавий озуқа олдимки, буларнинг эвазини ўтай олмаслигимни ўйлаб, ҳузурингизда хижолатман. Шундай бўлгач, қўлларингиз билан берган нарсани, қандай қилиб: “Аччиқ экан, еёлмайман”, дейман? Сиз нимаики берсангиз, хушнудлик билан қабул қиламан! Сиздан етган бирор азиятдан шикоят қилсам, бошимга тупроқ сочилсин. Лутфкор қўлнинг тотини бир қовуннинг аччиқлиги қандай кетказсин?
Хожам! Муҳаббат сабаб аччиқ ширин, мис олтин, зиндонлар гулзор, подшоҳ қул, қул шоҳ бўлади. Давосиз дардлар шифо топади; ўликлар тирилади. Муҳаббат ила қоронғу уйлар ёришади, қайғу, изтироблар қувончга, йўлдан адаштирувчилар саодат йўлини кўрсатувчиларга, қаҳр раҳматга айланади”.

* * *
Бир одам бозордан солиҳ, тақводор мўмин бўлган қул сотиб олди. Уни уйига олиб келгач, сўради:
– Нималар ейишни истайсан?
– Нима берсангиз, ўшани, – жавоб берди қул.
– Нималар кийишни хоҳлайсан?
– Қандай либос берсангиз, ўшани.
– Қайси хонани ажратай?
– Ўзингиз маъқул кўрганингизни.
– Уйдаги қайси ишларни топширишимни истайсан?
– Қайси ишларни қилишимни хоҳласангиз, топшираверинг.
Бу жавоблардан кейин хожа ўйланиб қолди ва кўзларидан оқаётган ёшларни артаркан, бундай деди:
– Кошки мен ҳам Раббим ҳузурида шундай бўла олсайдим... Сени Аллоҳ учун озод қилдим. Бироқ ёнимдан кетишингни ҳам хоҳламайман. Токи сенга молим ва жоним билан хизмат қилай.

* * *
Ҳақиқий дўстлик ва муҳаббатнинг шарти маъшуқнинг ёнида ошиқнинг ҳеч қандай иродаси бўлмаслигидир. Бу борада Иброҳимнинг (алайҳиссалом) Ҳақ дўстлиги чўққиси бўлган, Намруд буйруғига кўра оловга отиларканлар, ёрдамга келган фаришталарга айтган қуйидаги сўзлари ибратли: “Оловни ёндирган Зот менинг ҳар ҳолимдан хабардор. Сиздан талабим йўқ, Дўст билан дўстнинг орасига кирманг!” Бу таслимият натижасида аланга Иброҳим (алайҳиссалом) учун гулистонга айланди.
Кейинроқ Иброҳим (алайҳиссалом) наслларидан пайғамбар дунёга келиши учун дуо қилдилар, Аллоҳ таоло кексайган чоғларида у кишига фарзанд эҳсон этди. Дўстликнинг нишонаси ва имтиҳони сифатида фарзандларини қурбонлик қилиш буюрилди, қабул этдилар. Гарчи фарзандларига бўлган муҳаббат сабаб кўрган тушларидан тараддудга тушсалар ҳам, бир тушни уч бора кўрганларидан кейин қаноат ҳосил қилдилар. Бу хусусда васвасага солмоқчи бўлган иблисга тош отдилар. Ўткинчи муҳаббатни боқий Дўстнинг севгиси йўлида қурбон қилиш учун ётқиздилар. Боқий Дўст у зотдаги бу қатъиятни кўргандан сўнг қурбонлик учун бир қўчқор туширди ва дўстликка вафоларини муносиб тақдирлаб, марҳамат қилди: «Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз» (Соффот, 104–110).

* * *
Шунга кўра, ҳақиқий муҳаббат заҳматларни раҳматга айлантиргани учун Севилганнинг қаҳри ҳам лутфи каби хуш қарши олинади. Бир кимсанинг севгиси чин ё ёлғон эканини билиш учун севгилисидан келган азиятларга қанчалик сабр қила олганини кўриш кифоя. Шеърда айтилганидек:
Хушдур менга Сендан келган,
Ё ғунча гул ёхуд тикан,
Ё хилъату ёхуд кафан,
Қаҳринг-да хуш, лутфинг-да хуш!

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 39 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ