1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Болангизни қарғаманг, ота!

Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.
Ота-она фарзанди тақдирига масъул. Аммо айрим ота-оналар ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмайди. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англашида ёрдам бериш ота-онанинг вазифасидир. Кўпчилик зиммасидаги шу масъулият юкини тўла англаб етолмагани оқибатида ҳам ўзига ва ҳам фарзандига жабр қилади.

Гуноҳига тик қараётганлар
Турмуш йўлларида адашган, йўлини йўқотган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган киши борки, унинг болалиги билан қизиқсангиз, албатта тўкис тарбия кўрмаган, оиласида маънавий муҳит носоғлом бўлиб чиқади. Жамиятга комил инсон етиштириб бериш учун, оила  муҳити  муҳим аҳамият касб этади. Нега деганда, бола ота-онасининг рафторию феълида кўрганларини фитратига кўчириб бораверади.  Негадир айрим ота-оналар бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етмайдилар ва фарзандларининг хатосини ўз хатолари деб билмайдилар. Фарзандидан ёзғириб, боласини қарғаб-сўкиб юрганларни кўрсам, гуноҳига тик қараётган кишиларни кўргандай бўламан. Бироқ, ўзининг янглиш қадамига фарзандини айблаб, уни қарғаётган ота-она боласини қарғаш билан ўзини икки дунё саодатидан маҳрум этаётганини билмайди.

“Мени отам қарғаган”
“Болалигимда уйимизда жанжал бўлмаган кун йўқ эди. Онам отамга паст кетмасди, отам онамнинг овозини ўчирмасди. Доимий уруш-жанжаллардан кейин албатта отам онамни калтаклар, биз болалар эса дод солиб йиғлаганча отамнинг чангалидан онамни қутқаришга уринардик. Шундай жанжаллардан бирида отам мени “Илоҳим, рўшнолик кўрма, қўлма қўл бўлиб юргин, онангдан ўтиб қаерга борардинг” деб мени қарғади. Кейинчалик, ҳар жанжалдан кейин мен онамни халос қилмоқчи бўлсам, албатта шу қарғишларни эшитардим. Мана, улғайдик, энди ота-онамнинг жанжаллари асабимизга тегадиган, ҳатто иккови жанжал қилаверса, укаларим ғазаби келиб отамни урадиган бўлишди. Менинг эса ҳаётим бутунлай издан чиқиб кетган. Аввал уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кейин эса ҳозир юрганим мана шу нопок йўл менга паноҳ бўлди. Мен ҳам бошқалардай бахтли аёл бўлишим, орзу-ҳаваслар билан яшашим мумкин эди. Лекин отамнинг  қарғиши мени балоларга гирифтор этди. Билмадим, мени қарғаш билан ўзига ўзи тилаган балолар азобини ҳис қилаяптими- йўқми, бу энди менга қоронғу... Ҳаётда йўлимни йўқотиб, турмуш сўқмоқларида адашиб-улоқиб юрганимга оиламиздаги аҳвол ва отамни айбдор деб биламан...”
Дилрабо. Сирдарё вилояти

Дуо билан “жазоланг”!
Фарзандимизни қарғаётганимизда тилимиздан учаётган қарғиш аввал ўз кўксимизга қадаладиган ўқ бўлишини ўйламаймиз.
Шу ўринда ривоятгами, ҳикоятгами ўхшаган бир нарса эсимга тушиб кетди. Бир одамнинг авлодида отасини уриб, отасига қўл кўтарган оқпадар деган лаънатни кўтариш одат турсига айланган экан. Буни қарангки, ўша авлоднинг оталари ўзига қўл кўтарган ўғлини “Илоҳим, вақти келиб сен ҳам фарзандингдан калтак егин! Илоҳим, рўшнолик кўрма!” деб қарғар экан. Қарғишнинг кучи билан авлоднинг бу ношойиста одати қон суриб бораверибди. Шу авлоднинг бир пайтлари отасини уриб оқпадар бўлган бир вакилини ҳам ўғли калтаклабди. Бир неча кун бағрини захга бериб ётган ота ўйлай-ўйлай шундай аҳд қилбиди. У маҳалланинг кексаларини ва масжид имомини уйига чақириб “Азизлар, келинглар, ўғлимни дуо қилайлик. Бизнинг авлод фарзандини қарғаб ўғлининг калтаги остида эзғиланишни одат қилиб олди. Менинг боламни дуо қилайлик,- деб қўлини дуога очибди ва – илоҳим, сенга аҳли солиҳ, ота-онасига меҳрибон, қобил фарзандлар насиб қилсин! Ҳеч қачон фарзандинг юзингга тик қарамасин!” деб ўғлини дуо қилибди. Отасининг дуосидан қаттиқ таъсирланган ўғил ўкириб йиғлаганча ўзини отасининг оёғига ташлабди ва шу авлод қарғиш урган одатидан қутулибди...
Абдуҳамид ота, Тошкент шаҳри.

“Мени ёмон деманг!”
Онам мени кўп уришардилар. Кичкиналигимда-ку “онамни кўп қийнаворсам керак” деб индамай ўтирардим. Ҳатто катта бўлиб, бўйга етиб қолганимдан кейин ҳам онамнинг уришишлари, қарғашлари қолмади. Онам уришсалар уларга отам ҳам қўшилардилар. Баъзида онам беҳудага мени койиётганини кўриб-билиб туриб ҳам отам индамасдилар. Охири бир куни жонимдан ўтиб кетганди онамга йиғлаганча “Сизлар мени ҳадеб ёмонсан, ёмонсан, унақа бўл, бунақа бўл, деб қарғаганларинг, сўкканларинг билан мен яхши бўлиб қолмайман. Аксинча, сизлар қарғишларингизда орзу қилгандан ҳам кўра ёмон одам бўламан!” дедим. Афсус, ўшанда ният кетган эканми ё ота-онамнинг қарғишу сўкишлари нишонга бехато теккан эканми, ҳарқалай мен яхши одам бўлмадим. Ҳаётим, юриш туришим, умуман инсон сифатида менда ҳавас қилгулик ҳеч нарса йўқ...
Нигора, Хоразм вилояти

Қарғиш ёмон. Қарғиш- ўқ. Айниқса, отанинг қарғишидан қўрққулик. Фарзандингизни қарғаманг, азизлар. Фарзандингизни қарғаш билан ўзингизни мушкулотларга солиб қўясиз. Ҳар қандай вазият, ҳар хил ҳолатда ҳам инсон ўзини идора эта олиши, жаҳл-ғазабга берилиши жоиз эмас. Агар фарзандингиз сизга ёқмаган бирор иш билан сизни ранжитса, аввал ўз феълингизни тафтиш қилиб кўрсангиз бўларми эди. Балки болангиз бу ишни ўзингидан ўргангандир. Ахир, фарзандингиз сизда кўрганларини ўзига кўчириб улғаяяптику. Ёки сиз бошқача ўйлайсизми?

Умида АЗИЗ

Дўст танлаганда…

Жаъфари Содиқ р.а. дўст танлаш борасида шундай тавсия берганлар:
«Беш тоифа инсон билан дўст бўлишдан сақланинг:
1. Ёлғончи билан дўстлашманг. Чунки у худди сароб сингари узоқни яқин, яқинни эса узоқ кўрсатиб, доимо сизни янглиштиради.
2. Аҳмоқ билан дўст бўлсангиз, сизга фойда келтиришни истагани ҳолда, ҳамиша зарар келтиради.
3. Бахил билан дўст бўлманг. Чунки дўстингизман десада, ҳатто жуда муҳтож бўлиб турган пайтингизда бошқаларга нисбатан хасислигини сизга ҳам қилади.
4. Қўрқоқ билан дўстлашсангиз, таҳликали онларда сизни ёлғиз ташлаб, ўз жонини қутқариш пайида бўлади.
5. Фосиқ кимса билан дўст бўлмангки, у сизни истаган пайтида бир луқма емак ёки бундан ҳам озига алмаштиришдан тоймайди».

Ирфон тақвимидан

Асл одам чиқар асл хонадан

Кўп йил мактаб соҳасида ишлаб шу нарсага амин бўлдимки, билим даргоҳларимизда илмга иштиёқманд ўқувчилар билан бирга ўта лоқайд ўқувчилар ҳам бор экан. Албатта, бу ҳолат нафақат биз ўқитувчиларни балки кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиб қўяётир. Хўш, мактабларда билимга чанқоқ болалар нега камайиб кетди? Боз устига, улардаги одобнинг касодга юз тутишига нима сабаб бўлаётир?
Аввало, айтмоқ жоизки, оиладаги носоғлом муҳит тарбияси оғир, қайсар, дангаса, беадаб болаларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Яъни, ота ҳалолу ҳаромнинг тафовутини англамаган ҳолда фарзандига яхши тарбия бермаса, она молпараст ва ғийбатни ёқлагувчи бўлса, аста-секин «жамият бир зиёнкор аъзога эга бўлмоғи муқаррар!» Қолаверса, мактабларимиздаги баъзи билим савияси паст ўқитувчилар ҳам ўз фанининг билимдони бўлиш ўрнига, олий ўқув юртида олган «назарий илм»лари билангина чегараланиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришда инсон тақдирига панжа орасидан қараб келмоқда. Шу сабабли, маърифат масканларимиз истеъдодли болалар билан тўла дея олмаймиз!
Ёшлар тарбияси фақатгина мактаб ва оила вазифасига тегишли эмас, балки жамоатчилик амали ҳамдир. Зотан, тарбия улуғ ишдир, бу билан инсон тақдири ҳал бўлади.
Такрорланмас йиллар ортда қолиб, техника ва технология ривож топаётир. Алалхусус, ойнаи жаҳон одамлар ҳаётига ошна бўлди. Телевизорнинг баъзи каналларида қўйилаётган кўп қисмли сериаллар, инсонни ҳушнуд қилувчи клиплар ношарқона ҳаёт тарзини тарғиб этиб, улғаётган болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётир. Шунингдек, баъзи ота-оналарнинг маънавият-маърифатдан узоқлашиб кетишлари беадаб болаларнинг кўпайишига олиб келади. Мактабда парта, девор, доскаларни тепадиган «чаққон ўқувчилар» кўпайиб, дарсларда одоб сақлаб, фаол қатнашадиган ўқувчилар қўл етмас орзуга айланиб бораётганлиги ўта ачинарли ҳолдир. Устига-устак, ҳар томонлама етук билимга эга бўлмаган муаллимларнинг борлиги назаримизда ана шу қолоқ, одобсиз болалар тегирмонига сув қуяётгандек кўринади. Улуғлар айтмишлар: «Ўқитувчи токи тирик экан, ўқиб ўрганур. Ўшал дамки, у ўқимай қўйса, унинг ҳақиқий сиймоси барҳам топур».
Ёш авлод тарбияси йўлида турли-туман нуқсонларнинг Хитой деворидек тўсиқ бўлиши «Ҳазрат инсон»нинг ахлоқи тубанлашувига туртки берур. «Дунё ишлари — тескари» деганларидек, кўпчилик хотин-қизлар ҳою ҳавасга берилдилар. Ойликка яшайдиган эркакнинг серталаб хотини: «Топишингизни мазаси йўқ!»    деб писанд қилмай қолди. «Оғзи  қийшиқ бўлса ҳам, бадавлатнинг ўғли гапирсин!» деган гап баъзи оилалар шиорига айланди. Кўп кишилар ишбилармон, сармоядорларни ўта бахтли деб ҳисоблашга юзланишди. Ҳатто илмсизликдан эр-хотиннинг меҳр-муҳаббати елга совурилди, афсус, афсус…
Бас, шундай экан, фарзандлардан гина қилмоқ не ҳожат?! Ота кўчада иссиқ нон ва мазали кабобни ёлғиз ўзи еб, фарзанди келажаги учун қайғурмаса! Она тўй-ҳашам, зиёфат, гап-гаштакка бориш ила вақтини зое кетказиб, қизига одоб-ахлоқни, рўзғор юмушларини ўргатмай, эртага ўша ношуд қизини турмушга узатса! Айтингчи, ким ундайин нўноқ-соҳибчиройдан барака топади? «Асил одам чиқар асил хонадан, бошланади ҳурмат ота-онадан» дейишадиким, бу фикр ўта ёрқин ҳақиқатдир. Демак, ота-она, билимлар маскани, қўйингки барча-барчамиз ёш авлод тарбиясига бирдек масъулмиз!
Мураббийлар ёшларнинг маънавий раҳнамолари ҳисобланади. Улар ёш авлод тарбияси йўлида сергак ва фидоий бўлиб, жигаргўшаларимизга илм ўргатишса, ўринли одобга даъват қилишса, нур устига нур ёғилур. «Дунёда энг катта мусибат вақт ва умрни бекор ўтказмоқдир» деб айтган донишмандларимиз ҳақдир. Ёшларимиз ёмон ҳулқ ва хислатлардан узоқлашмас экан, умид манзилларига етмоқликлари амри маҳолдир. Камтарлик, меҳнатсеварлик, хушмуомалалик, китобсеварлик яхши амаллар сирасига дохилдур. Илм Ҳақдан юракка қуйилган нурдир. Бу борада буюк маърифатпавар шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат шундай демишлар:
Кўнгулларни сурури илмдандур,
Кўрар кўзларни нури илмдандур.
Боз айтмишларки, «Илм бу дунёнинг чироғи эрур. Илмсизлар мисоли шабкўр». Инсон қанча кўп илм ўрганса, шунча эзгуликка қараб интилур. Яхшилик ёруғлик бўлса, билим беназир хазиналар калитидир. Илм инсонга шод-хуррамлик ҳадя қилур. Дунёни англаш ҳам илм туфайли муяссар бўлур. Хуллас калом, «Инсоннинг комилликка етмоғи илм ила ҳосил бўлур. Одоб ва покизалик эса, илм-маърифатга ёвардурлар».
Донолар: «Замонда сараланган бўлай десанг, адаб ўрган, илм ҳосил қил, илм изла!» деб ўгит бермишларким, бу оқилона айтилган сўзларга амал қилишлик фарздир. Акс ҳолда бизни пушаймонлик кутиб туражак. Демак, инсонни улуғ мартабаларга олиб чиқувчи ишончли восита — саҳиҳ тарбия, чиройли одоб-ахлоқ ва ҳидоятга элтгувчи илм экан. Шу сабабли, «Йилнинг келиши баҳоридан маълум» деганларидек, фарзандлар тарбиясини сира бўшаштирмай, жиддий муносабат асосида иш юритиш бегумон ҳаётда қувончли натижаларга эришишимизга имконият яратади. Зеро, яхши фарзанд ота-онанинг давомчиси сифатида халқ орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлур. Ота-она ва устозига раҳмат нурини тақдим қилур. Ахир дарёлар музлик ва зилол булоқлардан пайдо бўлсалар, жамиятимиз келажаги — ёш авлод етук билими, олий хулқ-атвори ва солиҳ амалларига бориб тақалади, азизлар!

РАҲИМБЕРДИ РАҲМОНБЕРДИЕВ

Кийиниш одоби — феъл-атвор кўзгуси

Инсоннинг феъл-атворини унинг кийинишидан ҳам билиш мумкин экан. Пала-партиш, кир-чир кийимда юрадиганларнинг аксарияти бадфеъл кишилар бўлгани каби диду фаросат билан кийиниш юксак одоб белгиси саналади. Аммо кейнги пайтларда баъзи аёллар ғарбона модага кўр-кўрона тақлид қилишади. На турмуш ўртоғи, на ака-укаси, на маҳалла аҳлидан уялишни билмайдиганларга эса эртага қизи, синглиси, келини эргашади.
Бу ҳолат онги ва шуури ўзбекона тарбия таъсирида вояга етган ҳар кимни ўйга толдириши табиий. Кўча-кўйга, бозорга чиққанимизда ҳам, тўйларда ҳам, тарбия масканлари — олий ўқув юртларида ҳам бугун аксарият ҳолларда ана шундай калта кийимларга “бурканган”ларни кўрамиз. қараманг, дейсизми? Айтишга осон, ахир улар саноқли эмас-ку?! Қизиқ, кимдир бундай йиртиқ шиму калта кўйлакларни (бошқа нима ҳам дейиш мумкин?) замонавийлик деб, яна биров эса ҳамма шундай қилаётгани учун кияётгандек туюлади. Нега десангиз, ярашса-ярашмаса қиз-жувонларнинг эгниларида шундай кийимни кўриб энсаси қотади кишининг. Буни тақлиддан бошқа яна нимага йўйиш мумкин?!
Минг таассуфки, яратилаётган айрим кинолдарда ҳам, клипларда ҳам суратга тушаётган қизларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Улар ёқасию енги очиқ либосларда шундай муқом қилишадики, оила даврасида бўлсангиз, уятдан бошингиз эгилади. Санъатнинг ҳар қандай тури — у кино ёхуд қўшиқчилик бўладими ёки рақс ва театрми, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Унинг ғоявий кучи олдида унча-мунча кучлар ожиз қолади. Шундай экан, шарқона фазилатлардан ҳоли, ҳаётийликдан йироқ, удумларимизга тескари енгил-елпи кино ва клипларни суратга олишдан, унниг тарғиботидан кимлар манфаатдор?
Бу билан биз ўзимизда ишланаётган клип ва киноларни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасмиз. Бадиий пишиқ-пухта, кишини эзгуликка етаклайдиган лавҳаларимиз ҳам кўп. Қолаверса, тарбияли, одобли киши ҳеч қачон дуч келган кино ёки сериал қаҳрамонларига тақлид ҳам  қилавермайди. Гап шундаки, ҳар қандай тасвир ортида бирор бир мақсад ётади. Шундай экан, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ғарбдан ёпирилиб келаётган маънавий таҳдидларнинг иштирокчиси, тарғиботчиси бўлиб қолмаслигимиз керак. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ёзилганидек: “ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти  оила муқаддаслиги ва ёшлар тьарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим экканини англаб олмоқда”.
Зиё – Шарқдан, деганларидек, дарҳақиқат, азалий қадриятларимиз бизни мудом одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга ундайди. Қалб покизалиги инсонни улуғлайди, комилликка етаклайди. Шундай экан, қалб тозалиги либосларимизда ҳам акс этмоғи керак. Бу билан биз ёшу қари, қизу жувоннинг кийимга бурканиб оллишини назарда тутмаяпмиз. Калта кийим кийганнинг ҳаммаси беҳаё бўлмаганидек, одоблилик ҳам фақат ўраниб кийниш билан ўлчанмайди. Аслида “оммавий маданият”дан ортда қолишни истамайдиган, ўзини кўз-кўз этишни хуш кўрадиган, бошқалардан ажралиб туришга ружу қўйганларгина мана шундай либосларда юришади.
Мазкур мавзу ҳақида гап борар экан, танишларимиздан бири айтиб берган воқеа эсга тушади.
“Ён қўшнимизнинг хотин-қизи узун кийим киядиган бўлиб қолишди, — деди у. — Очиғи, хурсанд бўлдим. Чунки қўшним, оила бошлиғи Содиқ ака ниҳоятда хушфеъл инсон бўлгани билан хотини гап-гаштакка, ҳашамга ўч. Кунда-кунора Содиқ акага ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ деб, можаро қиларди. қизлариям онасига тортган танноз — на саломни билади, на қўшничиликни. Хуллас, уларнинг тўсатдан узун-узун кўйлаклар кийиб, рўмол ўраб юришлари бутун маҳалламизнинг диққатини тортди. Тўғриси, бундай қувондим. Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Бир куни ишдан кейин уйга борсам, келинойингиз гап топиб келди. Нима эмиш, Хосият (Содиқ аканинг хотини) яқинда Дубайга борармиш. У ёқларда кийимга ўраниб юрадиган хотин-қизларга бошқача эҳтиром кўрсатилармиш. Бажариш енгил, маоши кўп тўланадиган ишлар ҳам ана шундай аёлларга насиб этаркан. ғўшнимиз бу гапни кимдандир эшитган заҳоти қизларига ҳам, ўзига ҳам шундай кийимлар харид қилибди. Айни пайтда хориж саёҳатига тайёргарлик кўраётган экан. Ана холос, дедим хотинимнинг гапини эшитиб. Мен бўлсам, Содиқ аканинг бошига бахт қуши қўнибди, деб юрибман. Наҳотки, асл қиёфани, феъл-атвордаги қусурларни шу йўл билан бекитиш мумкин бўлса?!” Шу ўринда интернетдан олинган бир маълумотни келтиришни жоиз деб билдик. Ижтимоий кузатувлар натижасига кўра, ривожланган давлатлар аҳолиси бугунги кунда болаларнинг эркин ўсишларини қўллаб-қувватлаган. Яхши фикр, бироқ ўзанидан ошган бундай “эркинлик” ҳаддан зиёд қимматга тушаётгани ҳам бор гап. Масалан, айрим ғарб давлатларида ўсмир йигит-қизларнинг ахлоқий тубанлашувига ота-оналарнинг фарзандлари кўз ўнгида очиқ-сочиқ ўт ириши ва суяксиз тилга зўр бериши сабабдир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақлини эшитмаганларнинг “уяси”да айтишга ҳам тил бормайдиган “тарбия усуллари” борки, бу болаларга таъсир этмай қолмаяпти. Натижа эса маълум: эндигина 14 ёшдан ҳатлаган қизлар “алданиб” қоляпти, йигитчалар эса 16 ёшга етар-етмас ахлоқ тузатиш колонналарининг фаол “мижози”га айланиб бормоқда. Биз эса бундай воқеаларни эшитганимизда ҳам сесканиб кетадиган халқмиз.
Шу маънода, такрор айтамизки, ушбу мулоҳазалар билан очиқ-сочиқ кийинаётганларнинг барчасини ахлоқсиз ёки дидсиз дея олмаймиз. Фақат бу ҳолат ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига жиддий зиён етказмасин. Хавотиримиз шундан!

Дилбар УЗОҚОВА
“Eko Hayot”дан

Экканингни ўрасан…

Болалигимдан шундай, мен учун жума — кунларнинг энг яхшиси. Менга бу ҳақда биринчи бор айтган, фарз, суннат амаллар ҳақида билганларини жон-дили билан ўргатган, ҳар ишда тўғри бўл, деб уқтирган Хосият бувим бўладилар. Бувим раҳматли биз набиралираг исломий амаллардан ҳар куни ўгит айтишни канда қилмасдилар. Тилларидан дуо тушмас, ҳар куни бомдоддан кейин Қуръон тиловат қилар, ўтганлар умидвор бўлиб турбиди, дердилар ( энди бувимнинг ўзлари ҳам ўтганлар қаторида, энди биз уларнинг руҳи покларига атаб тиловат қиламиз, дуолар йўллаймиз). Пайшанба, жума кунлари азонлаб қайнона, қайноталарига, болалик йилларида шундай хайрли амалларга ўргатган Қумри бувиларига атаб ҳам намоз ўқиб, дуо қилардилар.
Бувим раҳматлининг бу одатларида бир ибратни кўраман. Очиғи, кўпчилик келинлар қайноналарини хуш кўришмайди, уларнинг борлиги ҳам бир давлат эканини унутиб қўядилар. Уйнинг тўрида кексалар ўтиришса, болаларинг ҳам уларнинг насиҳатини, ўгитини олиб улғайса, оиладаги ҳар бир иш нуронийларнинг маслаҳати, рози-ризолиги билан бажарилса, хотиржамлигу қут-барака шунда эмасми?
Шу маънода, давримизнинг бўлар-бўлмасга боласини етаклаб, отасиникига кетиб қолаётган келинларга кайнонасининг охиратини обод бўлишини тилаб намоз ўқиш эртакдек, чўпчакдек, балки кулгили ҳам туюлиши мумкин. Шундай бўлиши табиий, чунки инсоннинг феъл-атвори шундайки, кўриб-билиб туриб ёшлиги кетиб бораётгани, ўзининг кексалик томон одимлаётганини тан олгиси келмайди. Кун келиб «экканингни ўрасан» деган нақл ўз исботини топган пайтдаг пушаймонлар фойдасиз… Юқоридаги нақл эса фақат бу дунёдаг умримизгагина тегишли эмас. Ахир, олдинда яна битта умр бор. У шундай умрки, ҳусну малоҳат, бойлик, мол-давлат ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Унда кишини фақатгина имони, виждони, инсофу диёнати омон асрайди, ҳидоят бахт манзилига элтади. Шуни ёддан чиқармасак, кифоя.

Гулбаҳор ҚОДИРХЎЖА қизи

Ҳозир сайтимизда 50 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ