1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Экканини ўради! (Ривоят)

Бир йигит ўз oтaсини ҳaқoрaт қилиб ураётганини кўргaн oдaмлaр нaфрaтлaниб, у aдaбсиз ўғилгa ҳужум қилмoқчи бўлибдилaр. Йигитнинг oтaси эса oдaмлaрни тўxтaтиб:
— Бирoдaрлaр, ўғлимгa ҳужум қилмaнг, бу ишдa ўғлим эмaс, ўзим aйбдoрмaн. Йигитлигимда бир кун xудди мaнa шу eрдa oтaмни ҳaқoрaт қилиб ургaндим. Oтaмгa қилгaн aндишасизлигим жaзoсини ўзим ҳам тортиб турибмaн. Отaмгa қaндaй муoмaлa қилгaн бўлсaм, бугун ўшaндaй муoмaлa ўз ўғлимдaн қaйтди. Экканимни ўраяпман, биродарлар. Мeн oтa-oнaмни ҳурмaт қилмaдим, диллaрини oғритдим. Улaр мeндaн нoрoзи бўлиб кeтдилaр. Энди ўғлим aйбдoр эмaс, бирoдaрлaр, aйб ўзимдa,- дeб ўксиниб-ўксиниб йиғлaган экан, йигит oтaсининг сўзлaридaн тaъсирлaниб, дoд-фaрёд қилибди. Дaрҳoл oтaсини қучoқлaб, ўпиб, ундaн узр сўрaбди. Oтa ҳaм ўғлининг гунoҳини кeчириб юборган экан.
Қиссадан ҳисса лўнда: ҳар ким экканини ўради.
Қолаверса, фарзанд тарбияси ҳам бир

ИБОДАТ

Исломий ибодатнинг ажри чин дунёда -Аллоҳ томонидан берилади. Тарбиядаги ибодат ажри эса айни шу дунёда олинади. Ибодатингизни  астойдил ихлос билан бажаряпсизми, юртдош?..

Умида АЗИЗ

Ислом фитрати (болалар ҳақида)

Табиий эҳтиёж инсонни ҳар қандай ҳолатда ўз измига бўйсундиради. Кимки бу қонуниятни бузмоқчи бўлса, шубҳасиз, ҳалокат томон одимлаган бўлади. Чунки оламдаги барча мунорсабатлар илоҳий мувозанат асосида қурилган. Уни Яратувчидан бўлак ҳеч ким ўзгартиролмайди.

Эътибор берилса, болалар ўйинга қаттиқ берилганида на чанқоқни ва на қорни очқаганини сезишади. Негаки ўша пайтда боланинг кўнгли ўйин завқига ташна, кўзлари ўйин сурурига оч бўлади. Лекин бу шавқ қанчалик узоқ давом этмасин, охир-оқибат болалар ўйиндан безиб, қорин ғамида онаси қучоғига отилади.

Бола табиатидаги моддий ва руҳий эҳтиёж мана шу тарзда алмашиниб туради. Улар гоҳ жойнамоз четидан жой олиб жимгина ота-онасига эргашади. Гоҳ укасининг жиғига тегиб, шовқин кўтаради. Асл фитратга яқин бўлгани учун ҳам болаларнинг бу жимлик ва шовқинларида адолат ва ростлик устивор.

Болаларнинг саволлари ажиб, саволингизга берган жавоблари ундан-да ажиб, уларнинг аразидан беғуборлик, қувончидан маъсумлик ёғилади. Уларнинг қувлигида соддалик, ғазабида меҳр бор.

Барча болалар шу фитрат билан дунёга келади, шу фитрат билан бизга юзланади. Келинг, тарбияни ана шу фитратни асл холида сақлашдан бошлайлик...

Фарзанд тарбиясида телевидиниянинг таъсири

Инсоният пайдо бўлибдики, фарзанд тарбияси энг долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда. Ҳар қандай жамият, тузумда келажак авлод тарбияси, истиқболи бирламчи вазифалардан ҳисобланади.

Қизингиз турмушга чиқишга тайёрми?

Оила- муқаддас тушунча. Ёзилган ва амалдаги қонун-қоидалари билан қаторда оиланинг ўзига хос ёзилмаган қонунлари, инкор этиб бўлмайдиган қоидалари мавжуд. Оила талабларини писанд қилмайдиганлар ёки уларга бепарво муносабатда бўладиганлар охир-оқибат фақат ўзларига жабр қиладилар.
Зеро, фақат оилага ҳурмат-эътиқод, унинг синовларига сабру бардош  билан чидаш орқали инсон бахту саодатга эришмоғи, эл-юрт олдида обрў-ҳурматини оширмоғи мумкин. Балки шу боисдан ёши улуғларимиз оилани “қаноат қўрғони” деб ҳам аташади.
Оила мустаҳкамлиги- жамият таянчи. Оиланинг ҳар томонлама тўкис ва мустаҳкам, бардавом бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Никоҳланувчиларнинг ёши, дунёқараши ҳам бахтли оила юзага келишида муҳим ўрин тутадиган омиллардан бири. Бу борада  юртдошларимизнинг фикри қандай экан? Бугунги мунозарамиз иштирокчилари билан “Неча ёшда оила қурган маъқул?”, “Қизингиз турмушга тайёрми?” каби саволлар атрофида фикрлашдик.
Мухтабар ая Умрзоқова, 63 ёшда, фахрий ўқитувчи: — Бу саволингизга аниқ бир ёшни кўрсатиб жавоб бериш мушкул. Яратганнинг Ўзи ҳар бир инсоннинг фаҳмига, ақлу заковатига қараб бахтини беради. Тўғри, фарзанд дунёга келган кундан бошлаб ота-она унинг камолини, умрини, бахтини истайди. Фарзанд улғайгани сари эса тенги билан топишармикин, деган ўйда юради. Ўзим беш қиз узатиб, икки ўғил уйлантирганман. Қизларим ва бир ўғлимни олий маълумотли бўлиб, касб-ҳунарли бўлгач, хотиржамгина уйли қилгандим. Кенжа ўғлимни опа-акаларининг қистови билан 20 ёшида - талабалик даврида уйлантирдим. Катталари, “укамни ҳам уйлантиринг, кейин хотиржам юрасиз” дейишди. Қайда? Хотиржам бўлиш ўрнига аксинча, нотинч бўлдим. Ўғлим ҳам, келиним ҳам ёш, талаба. Уларга оила сирларидан сабоқ бериб, ҳар нарсага шошма-шошарлик билан ёндошмасликни, никоҳнинг муқаддаслигини тушунтирганимча асабларим ҳам ишдан чиқди. Икки ёшнинг келишмовчилигу тортишувларига барҳам бериб, муросаю мадора билан яшашга ўргатгунимча орадан тўрт йил ўтиб кетди.
Айтмоқчиманки, иложи борича фарзандни ёшлигидан оилага тайёрлаб бориш керак. Бирор касбу кор, ҳунарли бўлганидан сўнг эса бошини иккита қилиб қўйиш керак. Қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам оила мушкулликларини балоғат остонасига қадам қўйган дамларидан бошлаб тушунтириб бориш зарур. Токи улар 20-22 ёшига етганда турмуш қуришга тайёр бўлиб, арзимаган қийинчилик олдида эсанкираб қолишмасин.
Шоҳида Эрматова, 32 ёшда, тарбиячи:
— Мен болалигимдан китоб, газета- журнал кўп ўқиганим учунми, негадир ҳаётни худди бадиий асарлардагидек тасаввур этардим. Улғайганим сари ўзимга ва ён-атрофимдагиларга нисбатан ўта талабчан бўлиб боравердим. Одамлардан идеаллик излардим. Бу турмуш қуриш фурсати келганда менга панд бера бошлади. Дастлабки мулоқотданоқ учрашувга чиққан йигитнинг табиати, феъл-атвори ва дунёқараши менга ёқмас эди. Укамни уйлантиришди. Табиийки, ёш келинчакнинг бажарган юмушлари, ўзини тутишидан норизолана бошладим. Шунинг учун ким бўлишидан қатъий назар турмушга чиқишим шарт, деган қарорга келдим. Қишлоғимдан камбағаллиги учун ёши анча ўтинқираб қолган йигитдан совчи келди. Йўқ, деёлмадим. Мақсадим уйдаги келинчакдан имкон қадар тезроқ қутулиш эди. Йигирма саккиз ёшли келин ва ўттиз бир ёшли куёвнинг оиласи тезда ўнгланиб кетади, деб ўйлаганлар...чучварани хом санаган экан! Мен келин бўлиб тушган уйда ёши мендан бироз кичик бўлган учта қайнсинглим бор эди. Демак, қайнона-қайнотам, эримдан ташқари яна учта хўжайин! Олти киши иш буюради, олтита “назоратчи”, олтита “терговчи”! Булар айтган ишни вақтида бажаролмай гап эшитаман. Боз устига эримнинг тайинли иши, касбу кори йўқ. Қайнсингилларимни узатиш учун сепида ҳеч вақо йўқ. Камбағалнинг куни қурсин, шу ҳолига булар бирам дангаса, бирам ишёқмаски, ўтирган жойини йиғиштириб қўйишга ҳам эринади. Бунақа бўлишини билганимда дунёдан тоқ ўтиб кетардим, дея афсусланардим. Ўз қадрини билмаган, ўзгаларнинг ҳам қадрини билмайди, деганларидек, улар ҳатто ҳомиладорлик пайтимда ҳам менга эътибор беришмади. Оғир юмушларни бажариб, ҳомиламдан айрилиб қолдим. Шундан кейин мен учун у хонадон эшиклари таққа туқ бекилди.
Ҳозир бир қизчани асраб олганман. У борлиғим, ҳаётим. Кўрган кечирганларимга асосланиб айтаманки, қиз болани 17-18 ёшида, нари борса йигирмагача узатган маъқул. Ёшликда кўникиш, муҳитга мослашиш осон бўлади.
Абдусамат  Ҳалимов, 55 ёш, ишчи:
— Менимча ёшлар оилани қадрлай оладиган, ҳаётни тушунадиган бўлганидагина турмуш қуришлари керак. Ёшидан қатъий назар, масъулиятни ҳис қила олса, муайян  фикри, аниқ мақсади бўлса, демак у йигит-қиз оила синовларига бардош бера олади. Ҳеч иккиланмай уни узатиш ёки уйлантириш мумкин. Аммо, яна бир нарса бор: ота-она “мен-ота, мен -она” дея ҳадеб ёшларнинг турмушига аралашавермаслиги керак. Уларга ёрдамчи, маслаҳатчи, йўл кўрсатувчи бўлсин, бироқ турмушига халал бермасин. Икки томон ҳам ўзиникини маъқуллаб, оилага суқилаверса, ёшларнинг онги заҳарланади. Менинг фикримча, йигит оилани тушуниб, рўзғор тебратадиган бўлганида, қиз бола эса бирор ҳунарни ёки касбни эгаллаганидан кейин турмуш қургани яхши.
Зилола Шарипова, 28 ёшда, уй бекаси:
— Йигирма икки ёшимда турмушга чиқдим. Ҳаётимдан нолимайман, лекин турмушимнинг дастлабки кунларидаёқ 17-18 ёшимда оила қурмаганимга афсусландим. Негаки у пайтларда кишининг дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган бўлади. Ғўр, кўп нарсага ақли етмайдиган қиз борган жойига тез ва осон кўникиб, “ҳаёт шу экан-да”, деб яшайверади. Ёши улғайган қиз эса ота уйидаги шароит ва вазиятни келинлик хонадони билан солиштира бошлайди. Барибир бир кунмас бир кун рўзғорнинг ташвиши бошга тушади.  Шу сабабдан ҳам, тақдирнинг ҳукмидан бўйин товламай, ўз вақтида итоат қилган афзал. Чунки ёш юрак, ёш вужуд ниҳол мисоли. Уни қандай парваришлаб, ўстирсангиз, келажакда шундай мевалар олишга муваффақ бўласиз. Келин бўлган пайтларим янги уйнинг қонун-қоидалари, бу ердаги ҳукмрон “об-ҳаво” қайнонам ва бошқа оила аъзоларининг  дунёқараши, фикрлаши ғашимни келтирарди. Кўникиб кетгунимча ўзимдан ўтганини ўзим биламан, Худо гувоҳ. Шукр, энди ҳаммаси из-изига тушиб кетди. Фикримча, қиз болани эртароқ узатган маъқул.
Раъно  Усмоналиева, 54 ёш, кутубхона мудираси:
— Айни кўнглимдаги саволни бердингиз. Пойтахтдаги ўқишим тугаб қишлоққа боргандим, совчиларнинг “ҳужум”ига йўлиқдим. Ўқиб юрган кезларим ота-онам, бирорта йигит билан етаклашиб юрма, дедилар, деб кўнглимга, орзуларимга мос йигитлардан бирини танлаб, аҳдлашмаган ҳам эканман. Келаётган совчиларнинг бари ўқимаган, қўлида касб-ҳунари йўқ йигитлардан эканини билиб, юрагим оғрирди. Хуллас, мен рад қилаверибман, ёшим ҳам ўтиб бораверибди. Тенгдошларимнинг фарзандларини етаклаб юрганини кўрсам, “қачон менинг ҳам болам бўларкин”, деб ўкинардим. Худонинг менга атаган ёруғ кунлари ҳам бор экан. Гарчи камбағалроқ оиладан бўлса-да, ўқимишли, олий маълумотли бир йигитдан совчи келди. Учрашганимдан сўнг ҳафсалам пир бўлди. Аммо наилож? Йигирма тўққиз ёшли қиз бўлсам, бу ёшда аксарият қизлар хотин қўйган ёки хотини ўлган эркакка турмушга чиқишга мажбур бўлади. Турмушга чиқдим. Лекин мана йигирма олти  йилдирки бирга яшаймизу, бир-биримизни тушунмаймиз. Шунча пайтдан бери, лоақал бир марта бўлсин, фикримиз бир жойдан чиққан эмас. Шунинг учун ҳам уч қизимни, йигирма бир, ўн тўққиз ёшларда узатиб, тинчидим. Қизларим ҳам олий маълумотли, ҳам фарзандли бўлиб, мен эришолмаган орзу-ҳавасларга, бахтга муяссар бўлдилар. Хуллас, қиз болани йигирма ёшигача узатиш керак. Йигитлар эса пул топадиган, оилани моддий таъминлайдиган бўлганида уйлангани маъқул.
Жамшид  Умаров, 29 ёш, шифокор:
— Оилани эплай олишига кўзи етган, соғлом, фикри ва жисми тоза, фарзанд тарбиялашга лаёқатли, рўзғорнинг кам-кўстини бутлашга кучи етадиган инсон турмуш қуриши керак. Неча ёшда, деган саволга келсак, албатта йигирма ёшдан кейин турмуш қурган яхши деб ўйлайман. Катта ёшли жуфтликлар орасида меҳр-муҳаббат, ҳурмат-иззат, бир-бирини тушуниш ва қадрлаш ёшларга нисбатан кучлироқ эканини кузатганман. Уларнинг оиласи мустаҳкам бўлади, ҳар қандай қийинчиликларга бардошли, сабрли бўлади, деб ўйлайман. Умуман, неча ёшда оила қуришдан қатъий назар, никоҳланаётган шахслар аввало тарбияли бўлиши шарт. Бахтли турмушнинг гарови- эр-хотиннинг тарбияси ва одоби билан боғлиқ деб ҳисоблайман.
Дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, деган экан файласуфлардан бири. Ҳар ким ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб фикрини асослашга ҳаракат қилди.
Бу борада газетамизнинг зукко муштарийлари қандай фикрда? Бахтли ва фаровон оила қуриш учун келин-куёвнинг ёши аҳамиятли, деб ўйлайсизми? Фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашасиз, деган умиддамиз.

Рухшона ФАРРУХ тайёрлади.

Болага пул бериш керакми?

Навбатдаги мунозарамизда фарзанд тарбиясидаги асосий бўғинлардан саналган молиявий масалага эътибор қаратдик. Суҳбатдошларимиз  «Бола пулни нимага ишлатади?», «Болага пул бериш шартми?» деган саволларимизга қуйидагича жавоб қайтардилар:
Зиёда Эгамбердиева, 29 ёш, чевар: - Иккита фарзандим бор. Иккаласи ҳам бошлан¬ғич синфда ўқишади. Фарзандларим ёш, ўқув муассасаси узоқ бўлгани учун уларни ҳар куни ўзим мактабга олиб бориб, олиб келаман. Болаларимга пул бермайман. Овқатланиши учун алоҳида идишларда овқат ёки бутербродлар қилиб бераман. Эрталаб нонуштасига тўқ тутадиган таомлар тайёрлайман. Пул берсам, кўча-куйдан ҳар хил нарсаларни олиб ейишади. Кўчадаги егуликларни ҳаммасининг ҳам сифати яхшилигига ишонмайман.  Қолаверса, боланинг қўлига пул тушса, ҳар хил болаларга қўшилиб, компьютер ўйинларига бориши мумкин ёки пулни ортиқча нарсаларга сарфлаши мумкин. Мен болага пул бериш шарт эмас, деб ўйлайман.
Аҳрор Акромов, 40 ёш, шифокор: - Болаларимнинг ёшига қараб - катталарига уч минг сўмдан, кичикларига минг-бир ярим минг сўм атрофида пул бераман. Бола эрталабдан кечгача мактабда, машғулотларда бўлади. Овқатланиши керак. Лекин овқат пулидан «уриб», «сотка»сига сарфлайдиган болалар ҳам йўқ эмас. Ота-онасидан овқат учун олган пулларини жамлаб, қўл телефони сотиб оладиган болалар бор. Лекин барибир, болага пул бермасангиз, тенгдошлари олдида кўнгли ўксиб қолади. Наилож, кўпдан чиқолмайсиз-да...
Озода Султонова, 16 ёш, коллеж талабаси: - Ота-онам бир ҳафтада менга йигирма-йигирма беш минг сўм беришади. Йўл кирам, тушлигим ва қўл телефонимга ҳозирча шу етиб турибди. Ортиқча пул сўраб ота-онамни қийнамайман.
Дилафрўз Жўраева, 17 ёш, коллеж талабаси: -  Мен ота-онамдан фақат йўл кирамга пул оламан. Қўл телефони ишлатмайман. Чунки ҳали қўл телефони ишлатадиган даражада бирор ишни қойиллатиб қўйганим йўқ. Ота-онасининг машаққат билан топган пулларини телефонда валақлашиш учун сарфлайдиган болаларни ҳеч тушунмайман-да... Тушлигимга уйдан егулик олиб келаман.
Тўғри, курсдошларим, бадавлат оилаларнинг қизлари устимдан кулишади, масхара қилишади, аммо менга уларни фикрларининг қизиғи йўқ. Онажоним, бола қанча зориқиб улғайса, шунча меҳнатсевар бўлади, одам қадрини биладиган бўлади, дейдилар. Тўкин ўсаётган айрим дугоналаримнинг юриш-туришини, катталарга, ўқитувчиларга, ота-оналарига беписанд муносабатини кўрганимда, онажонимнинг гаплари қанчалик тўғри эканига ишонч ҳосил қиламан.
Сирожиддин Муҳиддинов, 12 ёш, мактаб ўқувчиси: - Мен ёзги таътилда ишлайман. Амакиларим билан одамларникида ғишт қуйишга қарашаман, мева тергани бораман. Хуллас, ёз бўйи ишлаб топган пулимни ота-онамга бераман ва ўша пулдан ўқиш мобайнида ота-онам эҳтиёжимга қараб бериб туришади. Ҳатто мактаб формасини ҳам шу йили ўз пулимга сотиб олдим. Кап-катта боланинг ота-онасидан пул сўрашини уят ҳисоблайман...
Бу масалада ўқитувчилар нима дейишади?
Набия Тўраева, педагогика фанлар номзоди, доцент: - Болаларга  ортиқча ва назоратсиз пул берилишини буткул қоралайман! Фақат овқатланиши учун, мактаб ёки коллеж, лицейига зарурат туғилганда пул берилиши керак. Лекин айрим ота-оналар болаларига мақсадсиз пул беришади. Бола қўлидаги пул билан кўнгли истаган ишни қилмоқчи бўлади. Ҳозир аксарият болалар  пулни қўл телефонига, компьютер ўйинларига сарф¬лашади. Нима ҳам дердик, гап яна айланиб-айланиб тарбияга бориб тақаляпти. Майли, қўл телефони олиб беришсин, бу болани назорат қилиш учун керак бўлиши мумкин, аммо аксарият болалар телефондан бошқа мақсадларда фойдаланадилар-да. Ҳозир ёш болаларнинг қўлидаги телефонлар хотирасида турган суратлар, клипларни кўрсангиз, ёқангизни ушлаб қоласиз. Ўқитувчи шуни гапирса, танбеҳ берса, кўп ота-оналарнинг ғазаби қўзийди...
Дилбар Субҳонова: - Бола тарбиясида меъёрий қаттиққўллик зарур. Нафақат пул беришда, балки ҳамма нарсада назорат кучли бўлиши шарт. Бола бош тарбияни оилада олади. Пул мақсадли берилиши керак. Ва ана шу берилган пулни назорат  қилиш ҳам керак: бола ота-онасидан олган пулни нимага сарфлаяпти, унга нима учун пул керак бўляпти, ота-она ҳаммасидан хабардор бўлиши шарт.
Болалигимизда ота-онамиз бизга умуман пул беришмаган. Нимага эҳтиёжимиз бўлса, ўзлари муҳайё қилишарди. Қолаверса, у пайтлари биз ҳозирги болалардек қимматбаҳо қўл телефонлари, компьютер ўйинлари ёки энг сўнгги урфдаги кийимларга эмас, фақат ва фақат китобларга эҳтиёж сезардик. 
Ҳабиба Юсупова: - Кўпчилик ота-оналар нимага кераклигини суриштирмай, боласига пул бераверади. Болалар бор пулини сарфлаётган қўл телефонлари эса уларнинг тарбиясига, ўқишига халақит бериб, йўлдан чалғитяпти. Пул борасида ота-она боласини албатта назорат қилиши керак.
Хуршида Тойирова: - Болага пул нимага керак ўзи?! Мен бу борада мактаб ўқувчиларини назарда тутяпман. Тушликкача ўқийдиган бола бемалол уйига бориб овқатланса бўлади-ку?
Биз ўқувчилик давримизда ёшимизга мос китобларни мук тушиб ўқирдик. Ҳозирги болалар интернет қаршисида мук тушишади. Уларнинг интернет орқали фақат фойдали маълумотларни олишига ишониш қийин.
Мен китоб ўқимайдиган болаларнинг келажагидан хавотирдаман. Қанийди, болалар қўлларига тушган пулга китоб сотиб олишса... Китоб олиб беринг, деб ота-оналарини ҳол-жонига қўйишмаса...
Азиз муштарий, бу борада сизнинг мулоҳазаларингиз қандай?

Рухшона ФАРРУХ тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ