1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Орамизда «анойи»лар қолмади

Бу яшаётган кунимизга келиб телевизор, мобиль телефон (қўл телефони), компьютер, DVD плеер ва шу каби бемалол кино, ҳар хил воқеалар, клип ва концертларни томоша қилиш мумкин бўлган маиший техникалар кириб бормаган хонадон кам қолди. Буни яхши деса ҳам, аксинча айтса ҳам бўлаверади. Чунки яхшилик мақсадида ишлатилса яхши, ёмон мақсадларда ишлатилса ёмон. У хоҳ телефон бўлсин, хоҳ компьютер, фарқи кам. Инсон чарчаши мумкин, лекин улар чарчамай кўрсатаверади. Зеро, DVD — «чарчамас махлуқ» деганидир. (Ҳазил).
Энг ақлли, энг зўр инсон мияси ҳам минглаб-миллионлаб тур ва номларда чиқиб кетган дисклар ҳамда дастурлардаги ахборотларни тўлиқ қамраб олишга ожизлик қилади. Айниқса, бу саноққа интернетни ҳам қўшсак, жуда катта ахборот океанлари мавжудлигини тахминан сеза оламиз. Инсон ана шу ахборот океанларидан фақат ўзига кераклисинигина танлаб, шулар билан ишлагани маъқул бўлади. «Зўри беҳуда миён мешиканад» дейди тожиклар. Яъни «Беҳуда зўриқиш белни синдиради».
Юқорида келтирилган имкониятлар энг чекка қишлоқдагиларда ҳам, шаҳардагиларда ҳам бор. Кичиклару катталар бемалол фойдаланишяпти. Фалон жойдагилар орқада қолиб кетган, деган мазмундаги гап энди айтилмаса ҳам бўлади. Илмлар, имкониятлар ҳамма одамлар учун очилиб кетди. Фақат салгина интилган киши ҳамма нарсадан хабардор бўлаверади. Ҳамма гап яхши дўст ва ҳамроҳлар топиб, керакли илм ёки соҳани эгаллашда қолди. Агар ҳаракатлар нотўғри бўлса, кераксиз, зарарли нарсага интилса, одам осонгина абгор бўлиб кетаверади. Ҳозир катта ҳам, ёш ҳам тўғри маслаҳатгўйга муҳтож бўлиб қолди. Айниқса, ёш авлод нима билан қизиқаётганини доим суриштириб турилмаса, бўлмайди. Чунки ёш авлод нотўғри йўлга тушиб қолса, келажак хавф-хатар остида қолди, дегани бўлади. Биз бу хайрли ишларда эринмаслигимиз, қўлимиздан келгнача бир-биримизга беғараз ёрдам беришни одат қилмоғимиз лозим ва шарт. Бошқа тўғри йўл йўқ.
Тўғри, гарчанд фарзанд ўзингники бўлса ҳам, унинг ҳар қадамини текширишнинг иложи йўқ. Иккинчидан, текшираётганингни билиб қолса, бундан хурсанд бўлмайди. Лекин, начора, уларни ўз ҳолига ташлаб ҳам бўлмайди. Бундан келиб чиқадики, замондошларимиз ўз фарзандлари ва бошқа қўл остидаги тарбияланувчиларини, қандай йўллар воситасида бўлса ҳам, йўлдан оздирган нарсалар ва таъсиротлардан узоқда сақлашлари керак. Бунда энг ягона ва тўғри йўл — уларни ёшликларидан Худодан қўрқадиган қилиб тарбиялашга улгуриб қолиш. Шунда уларнинг онгида ҳар қадамимни Яратган Парвардигор кузатиб турибди, деган ишнч бўлади. Натижада, келажагимизни қурадиган авлод нораво нарсаларга қарамайди, беҳаёликдан узоқда бўлади, шайтонсифат, ёмон феълли одамларни таний олади ҳамда ўзини ундайлардан йироқ тута олади, ичиш-чекиш каби зарарли қилиқларнинг нотўғри эканлигини бутун ақли билан ҳис қила олади-да, улардан четлашади.
Вой-буй, булар айтишгагина осон, бажариш эса ниҳоят қийин, деган фикр туғилишини билиб тирибмиз, лекин осон нарса қаерда бор? «Ўлимдан бошқа нарсанинг иложи бор», деб бежизга айтишмайди-ку? Қадимги бобо-момоларимиз шунақа қийин иш ва юмушларнинг уддасидан чиқа олишган. Уларнинг қони томирларимизда оқиб турибдими, астойдил интилсак, бизга ҳам муваффақият ёр бўлажак, иншааллоҳ!

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Инсонийлик ўлчови

Инсон масъулдир. Унинг масъулияти мақоми ва мартабасига кўра ортиб боради. Масъулиятини нечоғлик адо этганига қараб унга охиратда даража, дунёда баҳо берилади.
Эр ота, аёл она бўлгач, фарзанд тарбиясига масъул бўлади. Ота бўлишни истаган эр, она бўлишни орзу қилган аёл оталик ва оналик масъулиятини анча олдин – оила  қурмасдан ҳис қилишлари, бўлажак фарзандларига муносиб она ва ота танлашлари керак. Бу билан бўлажак фарзандларининг камолига биринчи мустаҳкам асосни қўйган бўлишади. Солиҳ ота-она солиҳ фарзандлар туғилишига сабаб бўлади ( Марям, 28). Тарбияга масъул киши аввало ўзи тарбияланган бўлиши керак. Шунинг учун халқимиз: «Ота-она — фарзандга андоза», дейди.
Бола тарбияси дейилганида, болани ҳаёти давомида, барча жой ва ҳолатда яхшиликка бошловчи ва ёмонликдан қайтарувчи мустаҳкам эътиқодли, комил инсон қилиб ўстириш тушунилади. «Бунинг учун, - деб ёзадилар Имом Фахриддин Розий, — инсон Ҳақни таниши ва яхшиликларни уларга амал қилиш учун ўрганиши керак. Акс ҳолда, у разилликлардан холос бўлолмайди».
Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: «Ё расулуллоҳ, бу боламнинг менда қандай ҳақи бор?» де сўради. Сарвари олам унга бундай жавоб қилдилар: «Унга яхши исм қўй, яхши тарбия бер ва уни яхши ўринга жойлаштир» (Тусий). Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: «Тарозида яхши хулқан оғир келадиган нарса йўқ» (Имом Аҳмад). 

Оғзи боғланган ҳўкизлар

Бола тарбиясида ота-онанинг тақвоси ва исломий қоидаларга риоя қилиши энг муҳим омил ҳисобланади. Бунинг қандай натижа беришини қуйидаги мисолда кўрамиз.
Саид кичиклигида диндор бир оиланинг зеҳни ўткир, ўта қобилиятли ва алоҳида хусусиятлари билан ажралиб турадиган боласи сифатида диққатни тортди. Тўққиз ёшидан бошлаб маҳаллий мадрасаларда диний илмлардан таълим олди. Бир марта ўқиганини қайта ўқишга эҳтиёж сезмайдиган даражада кучли хотираси, у пайтлар мадраса талабаларига бериладиган пулларни олмаслиги, болалар билан муносабатларда ёлғон, ҳийла ишлатмаслиги сабаб устозларининг эътиборини қозонди.
Бир куни устозларидан бири кичик Саиднинг оиласи билан танишмоқчи бўлди. Устоз шогирднинг кечга яқин даладан икки ҳўкиз ва сигирнинг етаклаб келишини кутиб турди. Шу пайт икки ҳўкиз ва сигирнинг оғзи латта билан боғлиқлигини кўриб ҳайрон бўлди ва бунинг сабабини сўради. Шогирд жавоб берди:
«Устоз, даламиз анча узоқда жойлашган. Ҳайвонларнинг оғзини боғлаб қўймасам, уйга келгунча йўл четидаги ўт-ўланлардан ейиши мумкин. Шу тариқа даламизни ҳаром еган ҳўкизлар билан ҳайдаб, ҳаром еган сигирнинг сутидан фойдаланган бўламиз».
Сўнгра шогирдининг онасидан бола тарбияси ҳақида сўради.
«Мен Саидга ҳомиладор бўлишимдан бошлаб таҳоратсиз юрмасликка ҳаракат қилдим. Саид туғилганидан кейин ҳам унга таҳоратсиз ҳолда сут бермадим».
Устоз бунга кўп хурсанд бўлди. Зеро, бундай ота-онадан шундай дилбар фарзанднинг дунёга келиши ҳеч бир таажжублик эмас.

Аъзам ОБИДОВ тайёрлади

Бола нима хоҳлайди?

Ўсиш-ривожланиш палласида унга бефарқ бўлманг

Юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар бир бола соғлигини тўла таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсиб келаётган авлоднинг соғлигини сақлаш ва мастаҳкамлаш уларни жисмоний ва маънавий етук қилиб вояга етказишга асосий замин яратади, албатта.
Тиббиёт нуқтаи назаридан бола соғлиги фақатгина унда бирор касаллик бор ёки йўқлиги билангина эмас, балки асосан унниг ёшига нисбатан ўсиш, ривожланиши билан характерланади. Болаларнинг ўсиши 3 даврга бўлинади: мактаб ёшигача бўлган давр — 7 ёшгача, мактаб даври — 7-14 ёш, ўсмирлик балоғат даври — 15-18 ёшгача. Ўсиш ва ривожланиш бир-биридан фарқланиши билан бирга бир-бирини тақозо қиладиган ёнма-ён жараёндир. Ўсиш тана вазни ва ҳажмининг ортиб бориши билан, ривожланиш эса орган ва тўқималарнинг функционал такомиллашуви билан боғлиқ кечади. Одатда, ўисш ва ривожланиш бир хил бўлмайди. Бу жараёнларга биологик (генетик, наслий) ва ташқи ижтимоий омиллар, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва бошқалар таъсир қилишини назардан четда қолдирмаслик лозим. Оила таъминоти, яшаш шароитлари, оиладаги ўзаро тотувлик, бир-бирини тушуниш ҳолатлари бу борада таъсирчан аҳамиятга эга. Балоғат ёшигача ўғил-қизларнинг ўсиши, ривожланиши бир хил бўлади, балоғат ёшида эса анатомик-физиологик ўзгаришлар юз беради. Ўсмир ёшига қадам қўйган бола организмдаги биологик ўзгаришлар бир вақтда  боланинг руҳиятида ҳам ўзгаришлар пайдо қилади. Бу эса боланинг яқин кишиларидан унга эътиборлилик кучайишини талаб этади.
Чунки бу вақтда унинг хулқ-атворида ҳам ўзгаришлар сезилади. Оилада ҳам, жамоат орасида ҳам уни бошқалар қадрлашини, тушунишини хоҳлайди. Бундай вазиятда узига нисбатан бефарқлик, беписанд муносабат сезса, ёлғизликка мойил бўлиб қолади, одамлардан ўзини олиб қочади. Натижада ҳч кимга билдирмай бирор иш қилиш йўлини тутиши мумкин. Ўсмирларга ҳадеб ақл ўргатиш, ҳуда-беҳудага жеркиш, ортиқча гапириш ҳам салбий натижага олиб келади. Айниқса, ота-она ва ўқитувчиларнинг ўсмирларни тушуниши муҳим ўринда туради. Ўз вақтида айтилган бир оғиз қанотбахш яхши гап ёки ёмон сўз ҳам бир умрга ёдида сақланиши мумкин.
Ўсмирлик боланинг эркин ва онгли ҳаракатланишига шароит яратиш жуда зарур пайт саналади. Катталарнинг асосий визифаси уларнинг илму ҳунарга рағбатини кучайтириш, тинимсиз изланиш билан ҳаётдан ўз йўлини топиб кетишига ишончини шакллантиришдан иборат.

Назирахон ШАЙХОВА,
тиббиёт фанлари номзоди

Фарзандимизни олтин қоидаларга ўргатайлик

Давримизнинг жиддий муаммоси бўлган семизлик касаллиги болаларимизга ҳам хавф солмоқда. Аммо бу касалликка чалинмаслик ўзимизга боғлиқ. Бунниг учун қуйидаги олтин қоидаларни ҳаётга тадбиқ этиш лозим.
* Болани эрталаб нонуштасиз кўчага чиқармаслигимиз керак.
* Гўдакни она сути билан парвариш қилиш аҳамиятли. Бунниг исботи Америкадаги Яла университетида ўтказилган тажрибада ҳам кўрилди.
*Луқмани кичкина ва нормада едириш лозим. Ахир ўзимиз бир коса овқат есак, боламиз ҳам шунча ейиши шарт эмас-ку?
*Балки озуқалар сумкачаси қилиб бериш ҳам болага асқотар. Чунки бу орқали болангиз мактаб атрофида сотиладиган кучли калорияли ва семиртирувчи ширинликлардан сақланиши мумкин. Шунниг баробарида унинг ёнига пул бермаслик ҳам фойда берар.
*Оилавий овқатланиш. Одатда кундалик эҳтиёжимизга етарли бўлган калорияли егуликлар тайёрлаймиз. Бу ҳам биз ва фарзандимизга фойдали бўлиши турган гап.
*Ичимликлар калориясига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Уларда зарарли шакар ва калория мавжуд. Шу боис кола ёки шунга ўхшаш ичимликлар ўрнига сут ёки сув ичган яхшироқ.
*ТВ дастурлари ёки компьютер ўйинларини режимга солиш, тўғрироғи, керакли бўлган миқдорда фойдаланиш лозим.
*Ўзимиз, аввало, яхши ўрнак бўлишимиз жуда муҳим саналади. Зеро, қуш уясида кўрганини қилади.
*Фарзандингиз доимо ҳаракатда бўлсин. Уларни спорт ва мусаффо табиатга ошно қилиш соғлом ўсишларида энг биринчи омиллардан саналади.

«Овқатланиш психологияси» китобидан

Ҳозир сайтимизда 30 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ