Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
Muslima.Uz
“...Эркаклар, бунча ноинсофсиз?!...”
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Хотин-қизларга ҳаёсизларча муносабатда бўлдагин киши фуқаро сифатида ҳам ишончни оқламайди; у умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча муносабат да бўлади. Ундайларга бошдан-оёқ ишониш мумкин эмас. Аёлни ҳурмат қилмаган, уни қадраламаган эркак элга ҳам эҳтиром қилолмайди.
“— Турмуш ўртоғим вафот этганида ҳомиладор эдим,- деб бошлайди таҳририятга йўллаган мактубини самарқандлик исмини сир тутишимизни сўраган муштарийимиз.- Қизим туғилгач, ота-онамникига қайтдим. Бир амаллаб боламни катта қилдим. Айни пайтда у бошланғич синфда ўқияпти. Қўлингда бир касб ё ҳунаринг бўлмаса қийин экан, бунинг устига отамникидаман. Қачонгача кекса ота-онамнинг пенсия пулига кўз тикиб яшайман, деб қизимни онамга топшириб пойтахтга иш излаб келдим. Тошкентда менга ўхшаган қўлида касби, маълумоти бўлмаганларга энг яхши иш официантлик экан. Аммо шу ишни ҳам топиш осон бўлмади. Хуллас бир ўрис кампирникида ижарада яшаб, шаҳардаги қаҳвахоналардан бирида официантлик қила бошладим. Ўн беш- йигирма кунда топган тутганимни онамга жўнатиб тураман. Хуллас, бир қизимни бировга муҳтож қилмай улғайтирсам, менга бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Янги йил арафасида қаҳвахоналарда иш қизғин бўлади. Тушум ҳам яхши бўлади. Қизим қишки таътилга чиққани учун янги арафасида Тошкентга олиб келдим. Ҳам бироз ёнимда бўлсин, қолаверса, таътилда пойтахтда ўйнаб кетсин дегандим. Янги йилдан бир кун аввал қаҳвахона беш-олти чоғли катта ёшли мижозлар келишди. Мени чақириб буюртмалар беришди. Улар айтган буюртмаларни опкелаётгандим 50-60 ёшлар чамасидаги амаки ўрнидан туриб йўлимни тўсиб олди ва уялмай-нетмай:
— Ҳозир биз бир ёққа кетамиз, сен ҳам биз билан бирга борасан,- деб туриб олди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ўйларимни йиғиштириб, ўзимни ўнглагандим, улар мени бошқача ўйлаётгани етиб келди.
— Кечирасиз амаки, мен ишдаман. Ишимни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сиз мени бошқача ўйладингиз, чоғи?- дегандим, ҳалиги киши енгимдан ушлаб олиб, “кетасан”-чи “кетасан” қиляпти. Шу пайт мен билан бирга қаҳвахонага келган қизим ҳам келиб қолди.
— Қўйворинг мени, қизим келяпти, қизим бошқача ўйламасин, кап-катта одам экансиз, уялмайсизми?- дегандим, Худодан қўрқмаган бетовфиқ киши экан. Тап тортмай:
— Ҳозир мен хоҳласам ўзинг ҳам, қизинг ҳам меники бўласанлар!- деб ўдағайлаб мени бир туртиб юборганди, қўлимдаги патнис тушиб кетиб, идишлар синиб, овқатлар тўкилиб кетди. Шунча ҳақорат камдай қаҳвахона иш юритувчиси синган идишлар ва исроф бўлган овқатларни менинг бўйнимга юклаб қўйди. Шу важдан маошимни бермай мени ишдан бўшатиб, камига қарздор ҳам қилиб қўйишди. Хуллас, байрамда қизимни бир яйрасин деб олиб келиб, ҳатто буханка нонга пул тополмай, ижара уйимиздаги қўшнидан қарзга нон олиб кунимизни ўтказдик.
Орамизда шундай ноинсоф эркаклар ҳам бор экан. Ҳали дунёда аччиқ таъм, қора ранг борлигини билиб улгурмаган қизалоғимнинг кўз олдида мени таҳқирлашди. Ҳатто менга қўшиб уни ҳам... Одамлар шунчалик диёнатдан узоқлашиб кетган, деб ўйламаган эканман. Мен ҳам тирикчилик важидан шу ерларда ишлаб юрибман. Бошимда эрим йўқ, ота-онамникидаман... Бунинг устига ака-укаларимга оғирим тушмасин, дейман. Ҳозир ҳеч ким ўзидан орттиролмайдиган замон бўлса. Куч-қувватим бор, жигарларимга тирик товон бўлиб ўтиргунча, қўлимдан келганча ўзим билан боламни ўзим эплай деган ўй билан мусофирчилик жафоларини тортиб юрибман. Айрим инсофсизлар официант аёлларни фоҳиша билан адаштиришади, шекилли? Ундайларга ҳам Худонинг атагани бордир...”
Чиндан ҳам, орамизда официантларга бошқача назар билан қарайдиганлар йўқ эмас. Ушбу мактуб сабаб бўлиб, юртдошларимиз билан айни мавзуда мунозара уюштирдик.
Замира опа, 48 ёш, тадбиркор: — Официант қиз-аёлларни бузуқ, деб хаёл қиладиганлар анчагина. Тўғри, одамларнинг шундай ўйлашига айрим ахлоқсиз қиз-аёлларнинг қаҳвахоналарда пулдор, бойвачча эркакларга кўз сузишлари сабаб бўлиши мумкин. Лекин ошхоналарда хизмат қиладиганларнинг ҳаммаси ҳам шундай, деган фикр бу ўта нодонлик! Фаҳш ишлар, бузуқлик касб танламайди. Бу синглимизга хиралик қилган эркакларни эса, инсонийлик қиёфасини буткул йўқотган махлуқлар деб атаса, тўғри бўлади! Шунчаликка бориб бир ожизанинг дилини оғритган эркакларни қандай қилиб ер кўтаряпти экан-а?..
Абдураҳим ота, 55 ёш, маҳалла фаоли:
— Инсон ҳаётдан олмаса таълим
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим,- деган Абдураҳмон Жомий. Мактуб эгасига йўлиққан нокаслар ҳаётда яшаб ҳаёт мазмунини англамаган сўқирлар экан. Афсуски, одамлар орасида эркакман деб юрган бундай нусхалар ҳам учраб туради. Мен унақа иймонсизлардан ҳазар қиламан. Ундайларни Худонинг уриб қўйгани шуки, қизи, невараси тенгги аёлларга ғаркўзлик қилишади. Аммо шу қизимиз ишлаган қаҳвахона бошлиқларига ҳам қойил қолмадим. У қандай жой эканки, хизматчисини ҳимоя қилолмаса? Улар қандай эркаклар, қандай ОДАМлар эканки, хизматчиси мижоз томонидан таҳқирлансаю, уни ҳимоя қилиш, керак бўлса ўша мижознинг танобини тортиб қўйиш учун тегишли жойларга маълум қилиш ўрнига, ожиза аёлни айбдор қилиб, маошини бермай, камига ишдан бўшатиб юборишса? Пул топиш куйида одамларнинг қалби шунчалик қаттиқлашиб кетганми?!..
Лайло, 22 ёш, талаба: — Ҳар хил одам борда. Официант қиз-аёлар орасида ҳам андишалилари бор, ҳақиқатдан ҳам одамлар ўйлаганидек беҳаёлари ҳам йўқ эмас. Ўтган йили ижара пули енгил бўлади, деб бир дугонамнинг официант танишини ижара уйимизга олиб киргандим. Пойтахт бозорларининг биридаги ошхонада хизматчи экан. Вақт ўтиб официант ҳамхонамизнинг оилали эркак билан “ошиқ-маъшуқ”лигини билдик. Кейинчалик бунақа “ошиқ-маъшуқ”ликларнинг сони кўпайиб кетди. Бунинг устига официант қиз шунчалик сурбет, юзи қаттиқ эканки, ҳарчанд уйдан ҳайдаб чиқарсам ҳам кетмайди-да! Хуллас, бир жанжалдан кейин ҳаммамиз ўқишдалигимизда ҳамма нарсани ўғирлаб, уйни шип-шийдон қилиб, қиматбаҳо нарсаларимизни, тақинчоқларимизни ўмариб кетибди... Умуман олганда, одамларда официант қиз-аёллар ҳақида салбий тасаввурларнинг пайдо бўлишига менимча, уларнинг ўзи айбдор...
Бу мунозарамизда қатнашган юртдошларимизнинг мулоҳазалари эди. Бу борада сизда қандай фикр бор, муҳтарам муштарий?
Фарзона тайёрлади
Номусни қақшатганлар
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Номуссизлик, уятсизликка ҳамиша аёлларни айбдор қилиб келганмиз: “... Вой фалончихоннинг юришини қаранг, аёл бўлгани қурсин уялмайди ҳам...” , “... Писмадончининг юриш-туришидан кўрган кўз уялади, ўзи уялмасмикан?..” Бундай ғийбат гап-сўзларни кейинги пайтларда кўп гапиряпмиз, эшитяпмиз. Кўпчилигимиз номуссизлик, ориятсизлик фақат аёлларга айб деб ўйлаймиз. Фикру ўйи тор шим ва баданига ёпишиб турган кўйлак кийишдан бошқа нарсага етмайдиган айрим йигитларимиз эса “эркак кишига ҳар қандай номуссизлик мумкин” деб ўйлашади. Умуман олганда, ор-номус қўрғони ҳисобланган йигитларимизнинг ўзлари бугун ориятга муҳтож... Биз қиз-аёлларнинг беҳаё-бешарм бўлиб кетганидан куйинамиз. Аҳли аёлидан ибо истаган, уларнинг номуси, шаънини ҳимоя қилиши керак бўлган йигитнинг ўзида энг аввало ғурур, ор бўлиши керак. Оридан кечган эркак қўрғонини қандай ҳимоя қилсин?..
Таассуфки, бундай оғриқли гапларни, танқидларни қанча кўп гапирмайлик, кўзланган натижага эришолмаяпмиз. Айрим йигитларимиз уятсизликдан, орсизликдан ор қилмай қўйишяпти тобора. Гап-сўзлар, танқидлар гўё олов устига ёққан қордек…
— Бозорларда аёлларнинг уят кийимлари, тунги кўйлакларини эркаклар сотиб ўтиришади,-дейди таҳририятга Самарқанд вилоятидан мактуб йўллаган мухлисамиз.- Эркаклардан маҳрам кийимларни сотиб олишдан ҳам тоймайдиган юзсизлар бордир, лекин аёлларнинг ҳаммаси ҳам шу қадар бети қаттиқ эмаслар ахир. Савдо расталарида аёллар ич кийимларини ҳар турфа куйга солиб илиб қўйишганини кўриб, тўғриси уятдан ерга кириб кетгулик бўламан. Сотиб олишни қўяверинг, ўшандай нарсалар осиғлиқ турган жойдан ўтишга ийманади киши. Боз устига савдосида эркак киши ўтирса… Айрим эркаклар уялмай қайси аёлга қандай ўлчамдагиси тўғри келишини ҳам билишади… Эркакларда ҳамият бўлмаса, ўша нарсаларни сотиш учун бозорга чиққан эркакнинг онаси, опаси ё аёлида ҳам уят йўқми, дейман. “Аёллар ич кийимини сотиш эркакка ярашмайди, ундан кўра мардикорчилик қил, оғир ишларни бажар, эркакка ярашадиган иш қил” дейишса бўладику...
Муштарийимизнинг мактублари баҳона бозор расталарини кўздан кечираман. Алҳол, хижолатдан қора терга ботаман. Аёллар ҳатто аёл кишидан сотиб олишга уяладиган хос кийимларни эркаклардан харид қилишлари... Бу энди қайси одоб-ахлоқ ўлчовларига тўғри келади, азизлар?..
Номус фидо қилинмайди
Бир ижодкор укамизда шундай сатрларга кўзим тушганди “... Жон учун номус фидо қилганларни кўп кўргандим, аммо номус учун жон фидо қилганни энди кўришим...” Анчагача бу жумлалар таъсиридан чиқолмай юрдим. Кейин атрофга назар ташлаб, номуснинг ҳолидан хабар олдим.
Хорижда ишлаб юрган қиз-аёлларни қоралашга, ғийбат қилишга кўникиб қолганмиз. Ўша аёлларнинг ака-укаси, эри, айримларининг балоғатдан ошган ўғил фарзандлари бордир. Улар аҳли аёлларининг ёт тупроқларда нон истаб юрганидан ор қилмаяптиларми? Нега? Жавоб оғриқли: “Номуснинг фидо бўлаётганидан ор қиладиганлар камайиб кетяпти”.
Таҳририятга бир аёл қўнғироқ қилди.
— Овсинимни бериб қўйдик,- деди исм насабини сир тутишимизни илтимос қилган муштарийимиз.- Улар хорижга ишлагани бориб, ўша ерларда жуда кўп хўрлик кўрганлар. Ҳатто касал ҳам орттириб келиб, олти ойда вафот этдилар.- Бу гапларни эшитиб юрагим қалқиб кетди. Қўнғироқ қилган газетхон овозидан катта ёшли аёлга ўхшайди. “Катта овсиним” деётгани қараганда, хориждан касал ортириб келиб вафот этган аёл ҳам ёш эмас. Наҳотки, эри, агар бўлса ўғил фарзандлари бу ҳолга индамай қараб туришган бўлса?.. Наҳотки, аёл ҳалигидақа жирканч касалликка... Кўнгилдан кечган саволни тилимга кўчиргани андиша қилиб турганимда аёл гапини тўғрилаб кетди:
— Йўқ, унақа ёмон касаллик эмас, овсиним уёқларда юрганларида совуқларда кўчада қолиб кетган эканлар. Ҳатто, ўзлари ишлайдиган уй эгаси ҳам совуқда уйга киритмай, кўчага ҳайдаган экан. Бир неча кун совуқ ҳавода зах ерларда юпун ётиб юрганлар, шамоллашда дори-дармон қилмай ўтказиб юборган эканлар... Саратонга айланибди оддий шамоллаш... Улар бошларидан кечирган кунларни дафтарга ёзиб қўйган эканлар. Таъзияларидан кейин келинлари- овсинимнинг ўғилларининг хотини ўша дафтарни чиқариб берди. Ўқиб ҳаммамиз қон йиғладик...
Аламдан қўлларим мушт тугилади. Онасининг хорлик кўриб, соғлиги, умри эвазига келган пулларни еб юрган даюс ўғилдан нафратланиб кетаман... Эркакман деб кўча-куйда бош кўтариб юргандир у нусха?!..
Яна номусга боқаман. Бошлари эгик. Кўзларида ёш. Эгни юпун. Яланғоч танасини қўллари билан беркитиб ён-атрофдан ҳимоя тиланаётган номус... Гўё “мени фидо қилманглар, мени қурбон қилманглар” деб одамларга ялинаётганга ўхшайди у.
Тор, вужудига ёпишиб турган, кўкси очиқ, бунинг устига ҳарир кўйлак кийволган жувонга тикиламан. Жувон ҳам худди менинг миямдаги фикрни ўқигандек ёнидаги шеригига, афтидан дугонаси бўлса керак “Фалончи акам, шу кўйлагимни яхши кўрадилар. Шу кийиминг ўзингга жуда ярашади, дейдилар” деди илжайиб. Сўнг менга қараб қош кериб қўяди.
Хотинини салкам ич кўйлакда кўчага чиқариб қўйган “фалончи ака”нинг турқини тасаввур қиламан. Балки ўшандайлар бозор расталарида аёллар тунги ва уят кийимларини бемалол сотиб ўтирирар?.. Ва яна кўз олдимга шўрликкина номус келади. “Мен қурбон бўлган жой — шармандалар шаҳрига айланади” дейди у уятдан лов-лов ёнаётган юзини яширишга уриниб.
Номуссизлик — КУЛФАТ
азизлар. Кулфатки офати миллатнинг бошини эгади. Номуссизлик – фожиа. Бу фожиа ортидан ёғилажак балолар маънавий қиёматнинг тошлари. Номуссизликдан номус қилмайдиганлар орамизда юргани, улар билан бир ҳаводан нафас олаётганимиз ҳам маънавий буҳрон. Чунки миллат “мен” эмас “БИЗ” дегани, биродарим!
Мулоҳазаларимизга адиб Тоҳир Маликнинг “Келинлар дафтарига” рисоласидаги қуйидаги фикрлар билан интиҳо ясамоқдамиз: “Вақти келганда баъзи нарсалар учун жонни фидо қилиш мумкин. Аммо номусни ҳеч нарсага фидо қилиш мумкин эмас. Чунки номус жондан ҳам қимматлидир. Сувнинг софлиги унга қиймат бергани каби, инсоннинг номуси ҳам унга қадр келтиради...”
Сизда қандай фикр бор, муҳтарам юртдош?
Умида АЗИЗ
Маънавиятни шакллантиришда оиланинг ўрни
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Миллатнинг маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва таъсири алоҳида аҳамият касб этади. Инсон одамийлик фазилатлари, одоб-ахлоқ ва илк тарбияни шубҳасиз оилада кўради. Оиланинг бош бўғини эса албатта, ота-она. Ота-она фарзандига ҳар томонлама, жумладан, маънавият ва маърифат борасида ҳам ибрат бўлиши шарт. Зеро, донишманд ўзбегимиз айтади: “Қуш уясида кўрганини қилади.” Эътибор беряпсизми, кўрганини дейиляпти, эшитганини эмас! Фарзандингизга “китоб ўқи!”, “шеър ёдла!” “бу қўшиқни эшитма, мана бунисини эшит”, “у фильмни кўрма, бунисини томоша қил” қабилида буйруқ бергандан кўра, унга ёшига мос, дунёқарашининг кенгайишига, келажак ҳаётига асқотадиган китоблар совға қилиш, шунингдек, кино, театр, музейлар каби маданий ҳордиқларга ўзингиз олиб борганингиз яхшироқ самара беради. Хўш, сиз қачон кундалик ташвишлардан, тирикчилик югур-югурларидан вақт орттириб, фарзандларингизни етаклаб, оилавий бўлиб театр ё музей томошаларига боргандингиз?..
Ҳатто эслай ҳам олмаяпсиз а? Ҳа, ҳаёт ташвишларидан жилла қурса, икки соат вақт ажратиб фарзандларимизнинг маънавий дунёсини бойитиш, дунёқарашини юксалтириш, аждодлардан қолган бой маданий меросимизни болаларингизга танитиш учун ўзинмизни бағишлай олмаймиз... Хўш, фарзандимиз маънавий тарбияни кимдан ўргансин? У аждодларидан қолган маданий мерос ҳақида кимдан маълумот олсин, Тўғри, таълим муассасаларида ўқитувчилар бошчилигида ўқувчи ёшлар музей, театр ва киноларга олиб борилади. Аммо, юқорида айтганимиздек, инсоннинг комил инсонга хос туйғулари шаклланиши учун оила муҳити соғлом бўлиши керак. Маънавий соғлом оиладан эса жамиятга юксак маънавиятли, ақлли, билимли, доно кишилар етишиб чиқади.
Бугун Мир Алишер Навойи Ҳазратларининг таваллуд айёми. Бу зотнинг миллатимиз маънавияти, тилимизнинг ривожи борасидаги хайрли амаллари асрлар оша оҳорини тўкилмай авлоддан авлодга мерос ўтаётгани ҳеч кимга сир эмас. Азиз ватандош, сиз Навойи ҳазратларининг таваллуд айёмлари, нафақат бу тарихий сана муносабати билан, умуман, ҳеч бўлмаганда йилда икки-уч бора фарзандларингиз даврасида у зотни хотирлаганмисиз? Шаҳримизда Навоий ҳазратларининг номи билан аталадиган хиёбон, театр, метро бекати ва албатта музей мавжуд. Сиз фарзандларингизни етаклаб, номлари келтирилган масканларга борганмисиз? Айнан шу жойда туриб, фарзандингизга Навойи бобомиз ҳақида ўз билганингизча гапириб берганмисиз?..
Агар ҳозирга қадар бу юмушни адо этмаган бўлсангиз, унда сиз учун эртага ажойиб имконият. Дам олиш кунлари Навоий бобомизнинг таваллуд кунлари муносабати билан уларнинг бой адабий мерослари сақланажак маскан- музейга болаларингиз ва албатта ўзингиз учун сайёҳат уюштирсангиз ҳам руҳингизда енгиллик сезасиз, ҳам фарзандингиз дунёқарашида янгича бир олам кашф этасиз. Нима дедингиз?..
Эҳтиёт бўлинг, товламачи!
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Кейинги пайтларда одамлар орасида товламачиларга алданиб қолган, бор-будидан айрилиб, тўрт томонга чопиб юрганлар ҳақида тез-тез эшитиб қоляпмиз. Тўғриси, шу вазиятга тушганларга рўпара келсам, мен товламачини эмас, ўша товламачига «илиниб» қолган одамлардан кўпроқ жаҳлим чиқади.
Ҳақиқатдан ҳам, ўз қўллари билан топган-тутганини тутқазиб юборишади-ю, сўнг орқасидан «шўрлик» товламачини қарғаб, гўрига ғишт тиқиб юришади. Бу қайси мантиққа тўғри келади?! Бундоқ ўйлаб қараганда, товламачи ўғри эмас-ку, а, тўғрими?
Бир талаба йигит курсдош ўртоғига орага тушиб, бошқа бир оғайнисининг отасидан пул қарзга олиб беради. Гарчи курсдоши билан яқин бўлишса-да, ўзича орага тушган «ҳожатбарор»нинг мияси ишлаб, дўстидан тилхат ёздириб, уни нотариусдан ўтказиб, расмийлаштириб қўяди. Орадан икки йилдан ошиқ вақт ўтиб кетса-да, уч ой муддатга олган омонатини қайтариш қарздор йигитнинг хаёлига келмайди. Бу орада қарз берган одамлар бир неча марта орага тушган йигитнинг уйига бориб, ота-онаси билан жанжаллашади, тортишишади ва охир оқибатда, йигитнинг шўрлик уйидагилари емаган сомсасига пул тўлагандек ҳалиги одамнинг қарзини узишади. Эндиликда «ҳожатбарор» йигит курсдоши билан судлашиб, пулини сўраб юрибди. Қонун томонидан у ҳақ, пул берган бўлса, уни қонуний расмийлаштирган, ундириб олади, дейсизми? Гапингиз тўғри, аммо шу икки йил мобайнидаги асаббузарликлар, оиладаги можаролар, маҳалла-кўйчиликдаги гап-сўзлар-чи?! Авваламбор, ўзида йўқ экан, бировларнинг орасига тушиб қарз олиб беришга бало бор эканми?
Яна бир ҳолат: бир қизга нуфузли олий ўқув юртига киритиш ваъдасини берган номаълум шахс, ундан салкам уч минг АҚШ долларига яқин маблағни олади. Пул қўлига теккан заҳоти, товламачи «қуённинг расмини чизади»-ю, ҳеч қаерда кўринмайди. Қизнинг талаба бўлиш орзуси армонга айлангани камдек, не азобда топган пуллари ҳам «қанот қоқиб» кетади. Яна сарсонгарчилик, оворагарчилик, югур-югур, асаббузарлик. Ҳеч қанақа тилхати ҳам, ҳужжати ҳам йўқ экан. Фақат билгани товламачининг исмию, маҳалласи. Шукр, қонун ҳимоячилари бор экан. Қизнинг даъвоси қониқтирилиб, пули ундирилиб берилади. Бироқ, яна юқоридаги мулоҳазамиз — дуч келган одамга, сени ўқишга киргизиб қўяман, деса ишониб, анча-мунча пулни қўлига тутқазган қизнинг ўзига ҳам жавобгарлик тайинланса яхши бўларди. Ахир, товламачиларнинг товламачи бўлишига ҳалиги талаба йигиту институтда ўқишни орзу қилиб, бундай имкониятни «туҳфа» этишни ваъда қилган одамга ишонган қизга ўхшаган лақмалар сабаб эмасми?! Қўзичоқ чўпон ҳимоясидаги қўрадан ўзбошимчалик қилиб қочиб чиқиб кетмаганда, кўл бўйида тишларини ғижирлатиб ўлжа излаётган оч бўрига ем бўлмасди, а лаббай?!
— Бир қиз билан танишдик, иш юзасидан тез-тез мулоқотда бўлардик, - дейди нуфузли ташкилотда ишлайдиган бир йигит. - Шаҳардаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қиларди, унинг камтаринлигини, меҳнатсеварлигини ҳурмат қилардим. Ҳақиқатдан уни бир бор кўрган одам, мўмин-қобил, Худодан қўрқадиган муслима қиз деб ўйлаши табиий эди. Қиз узоқ вилоятдан бўлгани учун, баъзида пулга эҳтиёж сезиб қолганида, қарз бериб турардим. Бу ҳолатлар такрорланавериб, унга берган қарзларимни ҳисобласам, бир ярим миллионга етиб қолибди-да. Бу орада негадир у билан боғланолмай қолдим. Қўнғироқ қилсам, рақами ўчирилган деяпти. Ишхонасига излаб борсам, ҳатто бўшаш учун ариза ҳам ёзмай, вилоятига кетворибди. Нима қилишга бошим қотди. Аввало, оиламнинг, бола-чақамнинг ризқидан қийиб, аллақаердаги қизга ёрдам берганимдан хафа бўлиб, ўзимни койидим. Сўнг эс-ҳушимни йиғиб, бошқа бундай номаъқулчиликни қилмасликка аҳд қилиб, ҳалиги қиз билан ижара уйда бирга яшаган дугонасидан ёрдам сўрадим. У ҳам менга ўхшаб анча пулига куйиб юрган экан. Дугонасига қўнғироқ қилиб, олган қарзларини қайтаришни сўраса, мактабдан ойлигимни олавер, шу билан узилишамиз, деган экан. Уй манзили, телефон рақамини олиб, бир амаллаб ўзи билан боғландим. Яна эрта бераман, индин бераман, деб алдашга, қочишга уринаяпти. Охири, хайрли мақсад учун ёлғон ишлатишга мажбур бўлдим. Қизга агар бир ҳафта муддат ичида қарзларини қайтармаса, ички ишлар ходимлари билан биргаликда ота-онасининг иш жойи, маҳалласига хотиним билан бирга боришни айтдим. Ҳатто, муносабатларимизни хотиним бошқача тушунибди, у ўйнашингми, нега шунча пулни бериб юборгансан, деб жанжал кўтарди, деганимдан кейин, пулни топиб беришга ваъда берди. Чиндан ҳам, бир ҳафта ичида пулимни тўлиғича қайтариб олдим…
Талаба билан талабаликни орзу қилган қизни содда, тажрибасиз десак, давлатнинг нуфузли идораларидан бирида, ўзига яраша тажрибага, ҳаётий қарашга эга бўлган, кўпни кўрган кишининг бу ишига қандай қарайсиз?! Ўша қиз бир ярим миллион пулни бир мартада олмагандир, ҳарқалай?! Бир-икки марта сўраганида, нега аввалги қарзларимни қайтармасидан, яна сўраяпти, деган хаёлга бормадиларми олийҳиммат, валломат ака?! Кейин ким ёмон, товламачи ёмон. Ҳа барака топгур, сен алданмасанг, эҳтиётингни билиб юрсанг, ўшалар ҳам мажбуран алдашмайди-ку! Тўғри, муҳтож одамга қарз бериш, имкони борида қўллаб юбориш савоб амаллардан, бироқ, бир нарсани унутмаслик керакки, қарз - кунлик эҳтиёжни қондириш учун, очликдан ҳолдан тойиб, йиқилиб қолмаслик учун сўралади. Бундай муҳтожларга ёрдам берганни Худо ҳам қўллайди. Менимча, танимаган-билмаган кишисига пул бериб, ортидан товламачига алдандим, одамлар Худодан ҳам, бандасидан ҳам қўрқмайдиган бўлиб кетишибди, деган гапларни гапириб юрганлар мулоҳазаларимизни чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрадилар ва тегишли хулосага келадилар.
САМИРА
Аёлни аёлдай яшатиш керак!
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Яратган ўзи суйган бандасигагина кўнглидаги инсон билан умргузаронлик қилиш саодатини насиб этади. Устоз Қутлибека Раҳимбоева ва Миразиз Аъзам ана шу бахтга мушарраф бўлган жуфтлардан. Шахсий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бир-бирларини қувватлаб, ардоқлаб яшаётган бу икки ижодкорнинг ҳаётий тажрибалари билан яқиндан танишиш мақсадида истеъдодли таржимон, шоир Миразиз Аъзам ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси Қутлибека Раҳимбоеваларнинг хонадонида бўлдик.
ОТА ТАРБИЯСИДА ГАП КЎП
— Никоҳ билан бунёд бўладиган оила бир умрлик фидойи меҳнат билан қуриладиган қалъага, қўрғонга ўхшайди. Бу масалада бир кун, икки кун меҳнат қилиб, «Мана, бўлди энди», деб ташлаб қўйиб бўлмайди. Оилам мустаҳкам бўлсин десанг, қалбингда бир умрга етадиган меҳр-муҳаббатинг, бир умрга етадиган сабр-бардошинг, танангда куч-қувватинг бўлиши керак. Меҳрсизлик, лоқайдлик, дангасалик — оилани ёғоч қуртидай ич-ичидан емирадиган иллатлар, — дейдилар устоз Қутлибека ая Раҳимбоева. — Хонадон хотиржам, оила мустаҳкам бўлмоғи учун эркак ва аёл бирдек масъул. Аёл хонадон покизалиги, меҳмоннавозлик санъати, фарзандларнинг ширин еб-ичиб, тоза кийиниши учун масъул ҳисобланса, эркак рўзғорнинг бут бўлиши, ўғил-қизларнинг ор-номуси, чиройли одоби, ҳаётда ўз ўрниларини топиши учун жавобгар. Аксарият давраларда «тарбия учун она- масъул», деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. «Онаси яхшининг бари яхши», дейишади. Эҳтимол, қай ўринларда бу фикр ҳам ўзини оқлар, лекин оилада отанинг ўрни баланд бўлса, жайдари тилда айтсак, отанинг айтгани айтган бўлса, албатта, гап оталик вазифаларини тушунадиган, ҳамиятли эркаклар ҳақида кетяпти, ўша оилада муаммо камроқ бўлади. Бежизга бировнинг, айниқса, қиз боланинг нуқсони ҳақида гап кетса: «Ота тарбиясини олмаган-да, нима дейсиз…» деб қўйишмайди.
Устознинг мулоҳазаларида жон бор. Ота масъулиятини унутмаган, она отани қадрлаган хонадонда улғайган фарзандларнинг юриш-туришида, одобу ахлоқида нуқсон сезмайди киши. Башарти, шундай оила болаларининг бирортаси билиб-билмай қалтис қадам ташлаб қўйса ҳам, дарров хатоларини тўғрилаб, ўзини ўнглашга киришади. Қолаверса, ота тарбиясини кўрмаган, отанинг ўрни, ҳурмати бўлмаган хонадонда улғайган ўғил-қизларнинг катта ҳаётда йўлини топиб кетиши мушкул. Кўча-кўйда беҳаё оҳанжамалар қилиб юрган қизлар, шаллақи хотинлару мардлик ўзанидан узоқлашган йигитларни кўриб қолганингда, беихтиёр, ўша хонадондаги маънавий муҳитни англаб етади киши.
АЁЛ— ЭРКАКНИНГ ОРИ...
— Аёллар юзидан чекинаётган назокат, аёллик ибосининг тобора емирилаётганига кўникиб қолмаяпмизмикин, — деб сўраймиз устоздан.
Қутлибека ая бироз оғринган кўйи ўйга толдилар ва мулоҳазали оҳангда шундай дедилар:
— Аёл — эркакнинг орияти, номуси. Оиланинг синчи. Аёл ўз ихтиёри билан адашмайди. Аёл тўқликка шўхлик қилиб ахлоқий таназзулга тушмайди. Аёл хато қилади, лекин унинг илк хато қадамига кимдир сабабчи бўлади. Агар қиз бола уйидан илк бор кўкрагини очиб, чиқаётганда отаси, оғаси ё маҳалланинг ориятли йигитлари (бунга уларнинг маънавий ҳуқуқи бўлиши керак, биринчи галда, ўзлари ориятли бўлиши шарт) унинг йўлини кесса ёки аёл биринчи бор эркакча сўкинганда бозорда ёнма-ён турган эркакда уни уялтирадиган ҳайбат бўлса, аёллардаги назокат ҳам, латофат ҳам сақланади... Тирикчилик кўйида дағал ишларни қилаётган аёл ўз ишининг бир қисмига айланади. Гиёҳванд модда сотдими, унинг ичига жиноят руҳи киради. Ароқ сотдими, шайтон киради ичига. Аёлларини латофатли, назокатли ҳаётга ошно қилиб қўйган қай эркакнинг аёлидан ибо, ҳаё кўтарилибди?! Аёлни аёлдай яшатиш керак. Бу гапим — аёлни зар-зеварга, ипакка буркаб, қази-қарта билан боқиш керак деганим эмас! Унга бекорга «гулим», «ойим», дея мурожаат қилишмайди шоир боболаримиз. Уларни гулдай севиш, гулдай меҳр бериш керак! “Аёлда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш унга зиён етказиш демакдир”, деган эди француз адиби Ж.Ж.Руссо. Мен аёлни қоралаганларни ёмон кўраман. Аёл бу дунёга она бўлиш учун, эркакка ҳарорат бахш этиш учун келган. Аёл бўлмаса севги, ширин дард, куйиш бўлмайди. Соғинч, висол орзуси бўлмайди. Аёлларга аёллик учун имкон берилса, у ҳеч қачон ҳеч кимнинг юзини ерга қаратмайди...
“ШОИРЛАР ЮЛДУЗ ЧЎҚИЙДИ”
Икки ижодкордан ташкил топган хонадонга разм солиб, англаганимиз шу бўлди-ки, устозларнинг икковилари ҳам меҳнаткаш одамлар. Ҳалол меҳнат билан ризқ топишади. Ҳеч кимга ҳасад қилишмайди. Эътиқоди, меҳнати билан юксалган одамларга ҳаваси баланд. Кимдир уларнинг кўмагига эҳтиёжманд бўлса, қўлидан келганича, қўллашади. Дўстларини қадрлаб, субутсизлар, яхши еб-ичиш учун инсоний ғурурини ерга уриб яшаётганларга ачинишади. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ уларга насиб этган саодатдан сурурланиб яшаётган бахтли оила. Жуфтликнинг ўзаро ҳурмат-эҳтиромлари, бир-бирларини сўзсиз тушунишларига ҳавас қилади киши. Устоз ҳамкасбларимизнинг ҳаёт йўллари ҳам бир текисда равон кечганмикин? Боз устига икковлари ҳам ижодкор. Ижодкор аҳлининг табиати, кўнгли нозик бўлади. Рўзғор ташвишларини енгиб ўтиш қийин кечмаганмикин? Хаёлимиздан кечган ўйларни тилимизга кўчириб, хонадон соҳибларига юзланамиз.
— Яшаш ўзи, маълум маънода, машаққатлардан иборат. Албатта, бизнинг бу яшаётган кунларимизга шукронамиз кўп. Чунки биз истиқлолдан аввалги ҳаётда ҳам яшаганмиз. Камситилишлар, ноҳақликларни кўрганмиз. Ўз тилимиз, ўз бойлигимиз, ўз қадриятларимизга эгалик қилолмай иложсизлик исканжасидаги кунлар олдида бугунги юришимиз, хон юриш, хоразмча лаҳжада ифодаласам. Иккала ижодкорнинг бир хонадонда яшашининг осон ва қийин тарафлари бор. Осони шуки, иккови ҳам кўпроқ маънавий дунё кишиси. Турк шоири айтмоқчи: яхшиям, шоирлар нон емайди, юлдуз чўқийди. Демоқчимизки, кўнглимиз тўқ бўлса, рўзғорнинг унча-мунча кам-ози билинмайди, — дейдилар кулимсираб Қутлибека ая.
Шу орада суҳбат аввалидан аяни қувватлаб келаётган устоз Миразиз Аъзам гап бошладилар:
— Биз бир-биримизга маънавий жиҳатдан ҳам ҳамроҳмиз. Нега йиғлаб, нега кулаётганимиз бир-биримизга тушунарли. Қийин томони шундаки, икковимизга ҳам вақт етмайди. Оддий инсоний муносабатлар, бор-кел, туғилган кун ўтказиш, яна қандайдир нарсалар ортиқча туюлади. Шуларга вақт сарфлагимиз келмай сиқиламиз. Фақат ижод билан яшаётган, ўзини тўлалигича ижодга бағишлай олган қаламкашларга ҳавас қиламиз. Лекин ўзимиз бундай қила олмаймиз. Бир пайтда ҳам шоир, ҳам инсон, ҳам ўзбек бўлиб яшашга кучимиз етмай қолган лаҳзаларда қийналамиз...
— Домлангиз ўз эътиқодларида жуда собит инсон, курашчан, — дейдилар устоз турмуш ўртоқлари Миразиз Аъзам ҳақида ҳаяжон билан, кўзларида ёш билан гапира туриб. — Бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдилар, бировга ҳам ҳақларини бермасликка ҳаракат қилади, меҳнаткаш. Кунига, албатта, ўн-ўн беш саҳифа китоб ўқийдилар. Ўз ишларига ҳам, оилада ҳам масъулиятни биринчи ўринга қўядилар.
—Аянгизнинг болаларимиз, келинларимиз, набираларимизга меҳрибонлигини, қўли ва феълининг очиқлигини қадрлайман, — дейдилар, устоз Миразиз Аъзам Қутлибека аянинг қандайдир юмуш билан ташқарига чиққанларидан фойдаланиб. — Топганини дўсту ёр, қўни-қўшниларига илинади.
Устозларнинг ҳар иккилари ҳам бир-бирлари ҳақида гапирганларида ўпкалари тўлиб, кўзларида ёш айланади. Бу — шукроналик ёшлари. Шундай инсон билан тақдири қўшилганига, умр соҳиллари туташгани учун севинч ёшлари.
“ҲАММА ГАП ЎЗИМИЗДА!”
Бир-бирини юксак меҳр-муҳаббат билан ардоқлаган, турмуш ўртоғининг кечинмаларини нигоҳлари орқали англай олганлар чинакам бахт таъмини туйишади. Бахт насимлари эсаётган хонадонда улғайган фарзандлар эса оиласига, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб шаклланади. Таассуфки, аксарият оилалардаги тушунмовчилик, келишмовчилик ва ота-онанинг маънавий дунёси ғариб бўлгани сабабдан болаларнинг одобу ахлоқи ҳаминқадар бўлиб қоляпти. Айрим ота-оналар фарзанд тарбияси деганда фақат моддиятни тушунишяпти. Кўча-кўйда бешарм қилиқларни қилиб, беҳаё бепарда гапларни ҳаммага эшиттириб гапираётган қизлар, нуқсида тепки изи бор ҳатто европа ёшлари кийишга ор қиладиган, тор кийимларни кийиб юрган йигитларни кўрганда юрак зирқирайди. Булар-ку ҳали ёш, ўзига маъқул кўринган иш орқасида турган иллатни пайқамайди, аммо катталарнинг — ота-она, бобо-буви, ўқитувчи, маҳалладошларнинг кўзи қаёқда экан, деган оғриқли саволга жавоб берадиган мард топилмайди. Бола тарбиясининг асл ўзаги нима ўзи?
— Биз халқдан ўтказиб бирорта доно гап айтолмаймиз. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор, — дея фарзанд тарбияси ҳақида гап бошладилар устоз. — Уя деганда фақат оила эмас, маҳалла, қўни-қўшни, умуман, инсон яшаётган, дейлик, бола катта бўлаётган муҳит ҳам назарда тутилади. Дейлик, болага телевизор, радио, газета, ҳатто, ота-онаси ҳам:
— Пора — ҳаром. Пора олган одам ҳаромхўр бўлади. Порахўрнинг икки дунёси куяди, ҳалол бўл! — дея тарбия беради. Лекин ўқиш жойида устози:
— Барибир сизлар кўнгилдагидек реферат ёза олмайсиз. Яхшиси, уч минг сўмдан йиғиб беринглар, ўзим тайёрини олиб келиб бераман, — дейди.
Хўш, бола қайси тарбияни олади? Панд-насиҳатними? Кўрганиними? Албатта, кўрганини. Болани тарбиялашдан аввал ўзимиз тарбияланган бўлишимиз керак. Ўзимиз тўғри, ахлоқли, илм, ҳунарга меҳрли бўлсак, болалардан қўрқмасак ҳам бўлади. Ҳамма иллат-ўзимизда! Шу ўринда яна бир гап, сиз ҳамма болаларнинг тарбияси бузилиб кетяпти экан, деб чўчиманг! Олим, совриндор, чемпион болалар қаердан чиқяпти? Ёш болалар ўртасида шахмат мусобақасида дона сураётган етти, саккиз, тўққиз ёш болаларни кўринг! Ёш математиклар, ёш физиклар, ҳатто, экологлар… Судралиб юрса, замон уни аравасидан ирғитиб ташлайди. Шундай экан, яшайман деса, бола ҳам яхшилик курашига киради. Жамиятимизда бу кайфият аллақачон бошланган».
Дарҳақиқат, устозларимизнинг мулоҳазалари ўринли. Фақат бизни хавотирга солгани бошқа, яъниким, гўзал хулқли, маънавияти бой, одоби дилни хушнуд қиладиган ёшлар қанча кўп бўлмасин, оздай, тарбиясида нуқсони борлар кам бўлса-да кўпдай туюлаверади.
“БИР ЭМАС, БИЗ, ДЕНГ!”
Замонамиз баъзи оилаларидаги маънавий муҳит, ота- бола, она-қиз, жигарлар орасидаги меҳр-муҳаббат, бир хонадонда яшовчиларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида эшитганда, кўрганда кўнгилга оғриқ тушади. Гўёки қондош қариндош эмас, етти ёт бегонага ўхшайди. Шукрки, атрофимизда иқбол чироғи ҳамиша ёниб турган хонадонлар ҳам оз эмас.
— Бугунги кун оиласи, замонамиз жуфтларининг маънавий қиёфасидан кўнглингиз тўладими? — деб сўраймиз устозларимиздан.
— Оилаларимизда қандай яхши анъаналар пайдо бўлди, — деб қвониб-энтикиб гап бошладилар Қутлибека ая. — Масалан оилавий тадбиркорлик. Кўпчилик хонадонларда майда-чуйда ташвишлар билан ўралашмай, оиладаги ҳар бир киши ўз «мен»ини юзага чиқариш учун қатъий ҳаракат қилишяпти. Тарихга, санъатга қизиқиш…
— Шунингдек, яна янгича одатлар давр тўлқинида юзага чиқяпти, — деб суҳбатга аралашдилар устоз Миразиз Аъзам. — Молпарастлик, худбинлик, ўзига бино қўйиш, юзакилик, яъни, бўлса бўлар, бўлмаса йўқ, менга деса дунёни сув босмайдими, тарзидаги кайфият… Демак, кўнглимизни тўлдирадиганлар қаторида ғашга тегадиганлари ҳам бор. Лекин мен жамиятнинг, баъзи замондошларимизнинг устидан мағзава ағдариш фикридан йироқман. Ҳар бир иллат ҳақида ўйлаётганда иккинчи тарафда ўзимиз туришимиз керак. Биз зўр бўлганда, бу иллатларга йўл қуйилмасди, деб ўйлаш керак. Жамиятдаги қувонч ҳам, ташвиш ҳам унда яшаётган инсонларнинг юраги устидан ўтади. Аҳамият беряпсизми, «БИЗ», бир эмас!..»
Фидоий устозларимиз хонадонида кечган суҳбатимиз узоқ давом этди. Бахтиёр жуфтликнинг ҳар сўзида ҳикмат, ҳар гапида ибрат маъносини уқиб, бир олам таассуротлар билан қайтдик.
Умида АЗИЗ суҳбатлашди.
Бегона аёлга шаҳват
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
Эркак ташқарида кўрган аёллардан ҳам таъсирланиши, шаҳвати қўзиши мумкин. Бундай ҳолларда жинсий қувватини турмуш ўртоғига сарфлаши лозим. Шунда хотинига қаттиқроқ боғланади, ҳаётда кучлирок бўлади. Бу аснода аёл эри билан муносабатидан хурсандлигини билдириши лозим. Жинсий эҳтиёжларнинг рад этилиши эркак учун ёмон ниҳоя бўлиши мумкин.
Аёл эри истаган пайтда жинсий алока килишни хоҳламаётган бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда тўгридан-тўғри “Йўқ!” демасдан “Мен ҳам истайман-у аммо сал кейинрок бўлса янада яхши бўларди” деб эркакнинг туйғусини кадрлашини таъкидлаш, уни рад этилиш ҳиссидан халос этиши лозим.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Эри таклиф килганида аёл туянинг устида бўлса-тушиб, рози бўлсин (кабул қилсин)” ёки “Бирор эркак бирор аёлни кўриб шаҳват ҳиссини туйса дарҳол хотинида эҳтиёжини кондирсин. Ўша аёлда бори хотинида ҳам бор” тавсиялари бежизга айтилмаган. Оиланинг бахти, осойишталиги учун эр-хотин бир-бирининг эҳтиёжини қондиришга доимо тайёр бўлишлари лозим.
Жамиятнинг барқарорлиги оилавий келишмовчиликлар, ажрашишларнинг камлиги билан белгиланади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 193 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар