1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Бу кўчадан юрманг, аёллар!

 

 

 

Ҳар қандай жамият, дин, замон ҳамда макон бегона эркак ва аёлнинг ўзаро, кишилардан пинҳона-хуфёна алоқаларига қаттиқ қаршилик қилади ва бундай жирканч муносабатни аёвсиз қоралайди. Бундайин нопокликни жамики динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуссизлик, уят, ифлослик ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби ўз-ўзидан бу қабиҳ ишни табиатан қоралайди, ёқтирмайди.
Инсон Яратганнинг хушбичим, хушрўй, онгли махлуқоти. Бошқа махлуқлардан фарқли равишда инсонга тафаккур, мулоҳаза юритиш, мушоҳада қилиш имконияти берилган. Инсон ана шу ўзига берилган тафаккур доирасида ҳар бир ишини таҳлил қилиб бориш билан ҲАЗРАТИ ИНСОНга айланиб бораверади. Аксинча бўлса эса...
Таҳририятга қандайдир аёл қўнғироқ қилди. Салом-аликдан кейин ўзини таништиришни истамай пайдар- пай гап бошлади:
—    Нега фақат газетангизда фоҳишаларни ёмонлаб ёзасизлар? Фоҳиша одам эмасми? Сизларга фоҳишаларнинг шахсиятига тегиш ҳуқуқи берилганми? Фоҳиша деганни шунчалик ёмон одамми? Ўша фоҳишани ҳам ҳаёт мажбурлаган шу йўлга киришга, буни ўйлайсизларми?! Мен бир қизни биламан, бечора кечалари фоҳишалик қилади. Қайтгач йиғлайди, ўкинади. Хўш нима қилсин, эридан ажрашган, боласи билан ижарада яшайди. Нимадир қилиб тирикчилигини қилиши керакку!..
Аёлнинг дийдиёлари тугамай гўшакни ўрнига  илдим. Бошимга кучли оғриқ кирди. Тўғриси, телефон алоқаси орқали бўлиб ўтган бу ёқимсиз суҳбат ва очиқ, шармисорона иқрорни ўз қулоқларим билан эшитганимга ишонгим келмаётганди. Аммо, таассуфки, аёлнинг тийиқсиз гапларини эшитаёганимда  ақл-ҳушим ўзимда эди!.. Телефон аппаратига бир муддат ихтиёрсиз-мадорсиз тикилиб қолдим. Бу нимаси энди? Яширин равишда ҳайвоний нафсига эрк бериб, ўзини оёқ ости, қадр-қийматсиз қилиб юрганлар, энди қилмишларини очиқчасига тан олиб, буниси ҳам етмагандек, йўқчилик, етишмовчилик билан изоҳлашга тушибдиларми? Наҳот, зино, 
Фаҳш фахрга айланган бўлса!?
Таҳририятга қўнғироқ қилиб, фоҳишаларни танқид қилмаслигимизни, уларни ҳам тўғри тушунишимизни талаб қилган аёлнинг айтганларини жамоадошларимизга гапириб бердим.
—    Унақалар тобора кўпайиб боряпти, уяту ориятни тамоман юз-кўзидан  сидириб ташлаганча, ўзларининг қилмишларини қаҳрамонлик деб билишади- дейди ҳамкасбимиз.- Шундайлардан бирини биламан. Дугонасининг бегона эркак билан муносабатларини ҳавас билан гапириб беради. Яна  “Писмадончихон унақа енгилтак, бузуқ аёл эмас, шунчаки эрида кўнгли йўқ. Эрини севмагани учун фалончи акаси билан кўнглини деб (!) гаплашиб юрибди” дейди ўша дугонасининг қилмишларига ҳавас қилгандек. Икки оилали одам турмуш ўртоғидан яширинча учрашиб юрар экану, бу қилғиликларилари фоҳиша иш, бузуқлик эмасмиш. Эси жойида одам зинокорнинг разил ишларини оқлайдими?..
Инсоният зинони разолатнинг каттаси деб ҳисоблайди. Бу фикрга инсонийлик доирасидан чиққан, ҳавои нафсини ақлидан устун қўядиганларгина қарши чиқади. Жумладан зинокорларнинг қилмишларини оқлайдиганлар ва ундайларнинг ҳавойи-ҳайвоний ҳирсга асирлигини тирикчиликка йўйиб оқлайдиганлар ҳам одамийлик фазилаталаридан айро кимсалардир! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Албатта, мўминлар ичида фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунё-ю охиратда аламли азоблар бордир...» (“Нур” сураси 19- оят)
Зинокорлар одатда яширин тарзда ҳаракат қиладилар, жамоатчилик нафратидан қўрқиб юрадилар. Қилаётган ишларининг нафратга лойиқ эканини жуда яхши билишади. Бу қилмишлари ҳеч қанақасига оқланмаслигини ҳам. Аммо хавотир ва алам исканжасида ўртанаётган юрагини “эримда кўнглим йўқ”, “йўқчилик шу йўлга киришимга мажбур қилди” ва шунга ўхшаган аксида исбот кўринмайдиган дийдиёлар билан овутишга уринишади. Фоҳиша ишлар, зинокорликни тирикчилигини ўтказиш учун
“Меҳнат”     манбаига  айлантирганлар
ҳаром билан ҳеч қачон ризқи кўпаймаслигини тафаккур қилиб кўришмасмикан? Зино ҳеч қачон бирор кишига ризқ берилишига сабаб бўлмаган, бўлмайди ҳам! Аксинча, зино- фақирлик келтирувчи иллатдир! Шу оддий ҳақиқатни англаш учун инсон даҳо бўлиши шарт эмаску. Ҳаром-ҳариш ишлар, фоҳишалик, зинокорлик ризқнинг кесилишиши ва файз-бараканинг кўтарилишига сабаб бўлади. Шундай экан, эҳтиёжмандлик ва моддий етишмовчиликдан халос бўлиш мақсади ҳеч қачон фоҳиша ишларнинг изоҳи ва ниқоби бўлолмайди! Ризқ ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига бандасига етказилади. Зино ишларнинг эса турган битгани фалокат ва зарар. Бегона эркак билан нафсоний истакларига эрк берган аёл (агар  ундайларни аёл деб аташ тўғри бўлса) бир оиланинг ризқига, маблағига тажовузкорона чанг солган қароқчига ўхшайди гўё. Мулоҳаза қилганда фоҳишанинг бир пайтнинг ўзида бир нечта гуноҳларга қўл ураётганига амин бўлинади. Ундайларнику Худо уриб қўйган, маънавий қашшоқлиги ва ўз қадр-қийматини топташини тирикчилик деган тирриқу бетийиқ оқлов билан ниқоблашга уринишади. Эс-ҳуши жойида, уйида покиза аёли, чиройли оиласи бўлган эркакларга нима бўлган!? Наҳотки улар минг бир машаққат билан топган маблағини аллақандай ҳаром –ҳаришга сарфлаб юборишга  кўзлари қийса?!
—    Шаҳримизнинг айрим хилват кўчаларида ҳалигидақа бетайинларнинг “иш жойи” борлигини, бемалол худди бозордек савдолашиб, келишиб “иш”лашларини эшитган эдиму, сира ишонмасдим,- дейди ўзини  Тошкент шаҳридан деб таништирган, ўқитувчи муштарийимиз.- Бир куни шундай наҳс жойдан билмай қолиб ўтибман. Икки эркакнинг уч тўртта аёл билан уялмай савдолашаётганини эшитиб аъзойи баданим титроққа тушди. Эркакларга  разм солсам бип-бинойидек одамларга ўхшайди. Ҳалиги тавияларга эса кишининг  қарагиси ҳам келмайди, шунақанги турқи совуқ, башараси бефайзки, юзига нафрат билан тупуриб юборишимга оз қолди. Ўша эркакларнинг уйида гулдай покиза хотини, болалари бордир. Фоҳиша ишларни  қилиш эркагу аёл учун ҳам бирдай гуноҳ. Наҳотки, муҳтарам эркакларимиз қилмишларининг касри фарзандига уришидан чўчимаса?! Қолаверса, мутассадди кишиларнинг кўзлари қаёқда экан, дейман ўша лаънат урган кўчадан ўтиб кетаётиб. Одамлар оғзидаги гап-сўзлар уларнинг қулоғига етмасмикан? Шу кўчадан ёш болалар, ҳали дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўсмирлар, талабалар ўтиб-қайтяпти. Бу шармисорлик ёш гўдакларимиз, фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши,  уларни чалғитиши, пировардида жамиятда зинокорлик иллатининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин эканлигини биров мулоҳаза қилармикан? Ёки улар ҳам ўша Худо урган жойлардан мийиғида кулиб ўтиб кетаверадими? Кулаётганимизда ўзимиздан уялмаймизми, биз кимнинг устидан куляпмиз? Хилват жойларда танасини савдолашаётганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб аёллар. Демак бу дард, бу иллат ўзбекнинг этагига ёпишган доғ. Ўз устимиздан ўзимиз кулар эканмизда...

Зино- дарди бедаво
Зино нафақат баракани кўтариб, кишини инсоний фазилатлардан узоқлаштиради, балки бу тахлит разилликлар туфайли кишининг саломатлигига ҳам путур етиши бор гап. “Қайси бир жамиятда зино тарқалса, ўша жамиятни Аллоҳ таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади”, деб марҳамат қилганлар Пайғамбар (сав) ҳадисларида. Фоҳиша ишларни қилиб юрадиган кимсалар турли хил юқумли, лаънатланган хасталикларга дучор бўладилар. Аксарият бузуқлик ортидан юқадиган хасталикларнинг даъвоси йўқ. Катталаримизнинг “ота-боболаримиз номини эшитмаган касалликлар чиқиб кетибди. Ҳозир одамлар оғриётган касалликларнинг номига тил келишмайди” деган гапларига баъзан эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Булар мана шу гуноҳ ишларнинг тарқалишидан, одамлар шу нарсаларга мойил бўлиб колганлигининг оқибатидан эмасмикан?..
Фарзандининг душмани
Дунё деворига нима отсанг, кун келиб ўша отганинг ўзингга қайтади, деган эди файласуфлардан бири. Яна бир донишманд эса ҳар ким экканини ўради, деган фикрни илгари сурган. Оддийгина қилиб айтганда эса ҳар қандай ишнинг ажру мукофоти бўлиши муқаррар. Дунёю охиратда яхши амалларимиз ҳам, ёмон ишларимиз ҳам жавобсиз қолмайди. Жумладан зинокорлик, фоҳиша ишларнинг ҳам азоби, жавобу-жазоси бор.
—    Бадавлат қўшнимизнинг ёшгина келини ким биландир дон олишиб юрар экан,- дейди самарқандлик ҳамкасб синглимиз.- Ёз кунларининг бирида машинасига икки яшар боласини олиб шаҳарнинг қайсидир бурчагидаги дала ҳовлисига жазмани билан учрашгани кетибди. Жувон болачани машинага қўйиб, ойналарни маҳкамлаб, эшикларни қулфлаб ўйнаши билан дала ҳовлига  кириб кетибди. Шарманда, боланинг уволига қолгур  уерда уч соат қолганми,  тўрт соат қолганми, хуллас қайтиб чиқса, болача машинада ўлиб  ётганмиш... Бу гаплар ҳамма жойда овоза бўлиб кетди, лекин ўша қўшнимиз келинини ҳайдаб  солмади. Негалигини ҳеч ким билмайди. Айрим эркакларнинг даюслигини кўриб нафратланиб кетади киши...
Гуноҳининг касри болаларига, рўзғорига уришини мулоҳаза қилмай, кўнгил (ҳозир кўпчилик шу кўнгил деган баҳона оқлови ортида гуноҳдан ўзини тиймаяпти. Нима эмиш, инсон кўнглига ёққан инсони билан бирга умр кечирмаса ўзига ўзи зулм қилган бўлармиш. Майли шундай ҳам дейлик, ўша кўнгилларига турмуш қуришдан олдин қулоқ солиб, кўнгиллари тортмаган одам билан оила қурмасинлар эди. Турмуш қуриб, уч-тўртта фарзандлик бўлиб, ўн-ўн беш йил яшагандан кейин кўнгиллари эсига тушар экан-да!?..) деб ўзини ҳам, яқинларини ҳам барбоду хароб қилаётганлар фарзандининг аёвсиз душманидир!
Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин
Ислом таълимотларига кўра, ҳатто эр-хотинга ҳам ўз ораларида бўлиб ўтган ишларни ўзгалар ҳузурида гапиришга рухсат йўқ.  Ҳозир эса тўртта одам тўпланса, гап фоҳиша ишлар ҳақида кетиши сир эмас. Айниқса, айрим тийиқсизларнинг уялиш, ор қилиш ўрнига ўз “саргузашт”ларига ёлғонларни қўшиб мақтанишлари одат тусига кирди. Боз устига, кейинги пайтда нашрдан чиқаётган айрим бадиий асарлар, кино-фильмлар, клиплар, айрим телеканаллар орқали намойиш этилаётган хорижий сериаллар ва ҳаттоки аксарият хусусий нашрлар ҳам бу ишга ўзининг салмоқли «ҳисса»сини қўшишдан чарчамаяпти. Айниқса, хорижий телеканаллар орқали эфирга узатилаётган беҳаё фильм ва клиплар, қўл телефони орқали тарқалаётган шармандаликлар дард устига чипқон бўляпти. Аллақаёқлардан беҳаё тасвирларга тўла  фильмларни дискларга  ёзиб олиб, мўмай даромаб илинжида кўча-куйда диск савдоси билан шуғуланаётган кимсаларга ҳам Худонинг ўзи инсоф берсин!..
Фоҳиша ишлар, зинокорлик юқорида айтганимиздек ҳеч қайси жамият ва динда ҳам оқланмайди. Инсоният ўз қадр -қиймати ва шаънини топтайдиган бу тахлит ишлардан қаттиқ нафратланади. Ҳатто шу нопок қилғиликлар билан шуғулланиб юрадиган кимсаларнинг ўзлари ҳам қилмишларининг ҳақ йўлда эмаслигини жуда яхши билади. Аммо бу нарсаларни фақат билишнинг ўзи  кифоя қилмайди. Инсон ҲАЗРАТИ ИНСОНлигини унутмаса, диёнат ва  виждонидан айро тушмаса, ҳалол ва ҳаромни фарқлай олса жамиятда зинога ўхшаган қора иллатлар камаярмиди.

Умида АЗИЗ

 

 

 

“Қайноналикни қайнонамдан ўрганганман...”

“Оила мустаҳкамлигининг тўқсон фоизи қайнонага боғлиқ. Биз катталар, қайноналар мева берган дарахтмиз. Келин эса бамисоли кўчат. Биз улардан кўра тажрибалимиз. Шундай экан, келинга ўз фарзандимиздек қараб уни катта ҳаётга тайёрлаш бизнинг вазифамиз” деган фикрни илгари сурадилар  суҳбатдошимиз Мавлуда ҳожи ая Ҳамроқулова.  Сўз устаси, актёр Искандар ва хонанда Самандар Ҳамроқуловларнинг волидаи муҳтарамалари, Манзурахон ва Дилнозахонларнинг меҳрибон, оқила қайноналари, Оғабекжон ва Муҳаммад Аминжонларнинг севимли бувижониси, фахрий ўқитувчи Мавлуда ҳожи ая Ҳамроқулова билан суҳбатлашиш учун уларнинг хонадонларига йўл олдик. Шинамгина хонадонда бизни Мавлуда ая илиқ кутиб олдилар. Ҳожи ая билан бир пиёла чой устида  қизғин суҳбат қурдик.

Замонавий ўзбек қайнонаси

—    Аяжон, замонавий ўзбек қайнонаси сизнинг назарингизда қандай бўлиши керак?
—    Мен узоқ йиллар мактабда она тили ва адабиёти фанидан болаларга билим бериб келдим, қизим. Ўқитувчи ҳамиша замон билан ҳамнафас юриши керак, у ён-атрофида бўлаётган воқеалардан имкони борича ўз вақтида хабардор бўлиши шарт, деб ҳисоблаганим учун, соҳамга оид адабиётлардан ташқари,  турли даврий нашрларни, оммавий ахборот воситаларини мунтазам кузатиб борардим. Пенсияга чиққанимдан кейин ҳам бу одатимни канда қилмаганман. Болаларими эл хизматида, ижод билан банд бўлишади. Ҳар доим ҳам нашрларни кузатишга, телевизор кўриб, радио эшитишга вақт тополмайди. Нонушта маҳалими, кечки овқат пайтидами бирга ўтириб қолсак, қайси газетада қандай мақола ёзилгани, юртимиз ва дунёда қандай янгиликлар рўй бераётгани ҳақида болаларимга гапириб бераман. Ўғилларимга келинларни концерт, кино ва театр томошаларига тез-тез юбориб туришларини айтаман. Ўзим билан бирга яшайдиган кичик келиним Дилнозахонни тез-тез шунақанги кўнгил очар тадбирларга жўнатиб тураман. Одам ўзини қобиғига ўзи ўралашиб қолмаслиги керак. Қайнона дегани уззукун уйда ўтирволиб, келинга буйруқ берадиган уй аёли эмас, жамиятдан бохабар, ҳар соҳада ўз фикрини, муносабатини билдира оладиган бўлиши шарт. Менимча замонавий қайнона шундай хислатларга эга бўлиши керак.

Онасини кўриб, қизини ол

—    Келин танлашда кўпроқ нималарга аҳамият бериш керак, деб ўйлайсиз?
—    Келин танлашда қизнинг онасига кўп аҳамият бериш керак. Онасининг рўзғор тутими, феъл-атвори, эри ва эрининг яқинлари билан муомала- муносабати қандайлигини кузатиш шарт. Қолаверса, мен ўғилларимга “Учрашганларингизда қиз бола кўзингизга тик қарамай, саволларингизга ерга қараганча “ҳа”, “йўқ” деб жавоб берса, овозини баландлатмаса, ана ундан яхши рафиқа чиқади” деганман. Искандар ўғлим келинимнин ўзи хоҳлаб, яхши кўриб уйланган. Албатта болам яхши кўргани билан ўзим текширганман, синаганман, Худога шукр, келиним кўнглимдагидек. Самандарнинг аёли- Дилнозахон келинимни эса ўзим танлаганман. Шукр, танловимдан ўғлим ҳам хурсанд. Илоҳим  ҳар иккалаларининг бахти бардавом бўлсин.

Кумушбибилар қани?

—    Ҳожи ая, назаримда ҳозир қизлар анча қадрсиз бўлгандек...  Беқадр қизлар эртага иззатсиз келин бўлмайдими?
—    Гапингизда жон бор. Қизлар беқадр бўлиб кетяпти. Аммо уларни ким беқадр қиляпти, албатта ўзлари. Бир куни бозордан чииқб “Чорсу” метро бекатига тушдим. Бекатда йўловчилар гавжум. Бир пайт кўзим бир-бирига қапишиб-ёпишиб турган йигит-қизга тушди. Шармисорлар тап тортмай ўпишишяпти экан. Қизга разм солсам 19- 20 ёшлар чамасида кўринади. Ўзбек қизи! Бир пайт метро келди. Ҳалиги “ошиқ-маъшуқлар” хайрлашиш учун ҳам вагон эшиги олдида ўпишишди. Йигит вагонга кириб кетди. Шарманда, беҳаё қиз эса пошналарини тақиллатиб юзини қаттиқ қилиб нариги бекатга ўтиб кетди. Унга қараб жуда қаттиқ хафа бўлдим, қизим. Хафа бўлмангу, қизларимиз орасида Кумушбибилар қолмади! Менинг юрагимдаги дард шу, жон болам. Кумушбибилар ҳозир орамизда йўқ! Ҳалиги қизга ўхшаган ўзини беқадру беҳурмат қилган қиз эртага сариқ чақалик қиймати йўқ келин бўлади. Унақа қизнинг отаси кейин куёвига мошина олиб беради, уй қуриб беради, сарпо-суруқнинг зўридан қилади-да! Биров бировнинг ҳурматини оёқ ости қилмайди, иззатини туширмайди. Ҳар ким ўзига ўзи қилади, қизим...

Қайнонага зулмкорлик ярашмайди

—    Қайнона-келин муносабатлари давримизга келиб долзарб муаммолардан бирига айланди...
—    Ҳа. Афсуски, айрим худбин, аламзада аёллар ҳисобига келинга зулм қилишни фахр биладиган қайноналар кўпайган. Ақлли одам аввал яхшилаб тушиниб олиши керакки, келин  — фарзанди орқасидан келган фарзанд! Кимнингдир ўн саккиз-ўн тўққиз йил боқиб, ўстириб, тарбиялаб, тайёр хизматкор қилиб берган боласига зулм қилиш- иймонсиз ва диёнатдан айро тушган кимсанинг қилғилиги! Келин оиламизга келиб қўшилдими, демак унинг молиявий, ижтимоий-маънавий, руҳий ҳолати бизнинг бўйнимизга юкланди. Келинга ҳатто қизлардан кўра меҳрибонроқ ва эътиборлироқ бўлиш керак. Қизлар меҳмон, ойда бир ё икки келади. Келин ҳамиша хизматимизда бўлади. Унинг соғлиги, тинчлиги, хотиржамлиги ўзимиз учун зарур. Келин насл давомчиси, у соғлом бўлса ўғлингизнинг зурриётлари- невараларингиз соғлом дунёга келади. Бу оиланинг энг асосий мақсади.
Мен қайноналик илмини раҳматли қайнонам Шодмона аядан ўрганганман. Аллоҳ раҳмат қилгур қайнонам биз олтита келинларини жуда ҳам яхши кўрардилар. Ҳеч қачон бирортамизга озор бермаганлар. Ўшанда “вақт соати келиб, Аллоҳ келин туширишни насиб қилганида худди қайнонам ўхшаган қайнона бўламан”, деб ният қилгандим. Шукрки, келиним Дилнозахон ҳам бир куни “ойижон, мен насиб қилса сиздек қайнона бўламан” дедилар. (куладилар)

Оғзи маҳкам келиннинг бахти ўз қўлида

—    Аяжон, оила мустаҳкамлигининг асосий мезонлари нимада деб ўйлайсиз?
—    Оила мустаҳкамлиги энг аввало қайнонага боғлиқ. Қайнона тадбирли, фаросатли, меҳрибон ва оқила бўлса, келинни йўлига солиб, ўғлининг турмушини фарвон қилади. Аксинча, қайнонанинг феъли тор, қилдан қийиқ ахтариб, ўзини баланд тутадиган бўлса, у оила оила бўлмайди. Бир танишимнинг ўғли уч ой яшаб хотини билан ажрашди. Танишимдан бу ҳолнинг боисини минг истиҳола билан сўрасам “келинга чой дамланг, десам, қопқоғи ва жўмраги кир чойнакда чой дамлаб кепти. Менга унақа келинни кераги йўқ, ўғлимни бошқа қизга уйлантираман” дейди. Унга бу ишининг нотўғрилигини, бировнинг боласига зулм қилишнинг ҳам жвоаби борлигини айтдим. Қайнонанинг вазифаси келинининг билмаганларини ўргатиш, кўнглига тегмайгина қилиб уйидаги тартиб-қоидаларни билдириш эканини айтгандим, энсаси қотди: “Меникига келгунича онаси ўргатса бўлмасмиди?! Мен унга чой дамлашнию, овқат қилишни ўргатаманми?”... Йўқ, бундай бўлмабди. Қайнонанинг вазифаси келинни оиласидаги рўзғор тутумига кўниктириш. Келиннинг вазифаси эса, тилини тийиб, “хўп бўлади”ни оғзидан туширмай, эпчил ва чаққон бўлиш. Ана шунда оила мустаҳкам, тинч ва хотиржам бўлади. Тилини тийган, оғзига маҳкам, эр уйининг гапини кўчага чиқармайдиган, қайнонанинг танбеҳини оғир олмайдиган, эрини Худодан кейинги ўзи учун ҳақли зот деб биладиган, эпчил ва чаққон, уддабурро келин ўз бахтини ўз қўли билан яратади.

Бола тарбияси...

—    Ҳожи ая, оқила қайнона ва  тажрибали педагог сифатида келинларингизга бола тарбиясида нималарга аҳамият қаратишни уқтирасиз?
—    Бола тарбяисида энг аввало болаларни ростгўйликка ўргатишга аҳамият қаратишларини айтаман. Болани ростгўй ва ҳақиқатни тан ола билшини жуда кичкиналигидан ўргатиш шарт. Қолаверса, бола қалбида у жуда ёшлигидан бошлаб ўзгалар нисбатан ҳавас қилишни шакллантириш зарур. Ҳасад инсонни ҳалок қилади. Болаларга ўзларидан ночорроқ, пастроқ кишилар билан ўзларини солиштиришни таъкидлаш керак. Зеро бу кишида шукроналик туйғуларини уйғотади. Инсонни ҳасадга берилмаслигига замин яратади. Қолаверса, мана шундан инсоний фазилатларни болада шакллантириш учун авваломбор унинг атрофидаги катталарнинг ўзларида ҳам шу хислатлар бўлиши шарт.
—    Аяжон, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Фарзандларингиз, келинларингиз ва невараларингиз бахтига ҳамиша саломат бўлинг.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди

Эшик ортидаги супурги

Эътибор берганмисиз, ўзини бой ҳисоблайдиган одам билан ҳамсуҳбат бўлганингизда негадир руҳий тушкунлик, пажмурдалик қалбингизни қамрагандай бўлади. “У бой, мен камбағалман”, деб эмас, шунчаки, ҳеч нарсани ўйламаганда ҳам барибир алланечук забунликдан озорланасиз. Гўёки мол-давлатга иштиёқ қўйган киши қувват сўрғичдек, қалбингиздаги хотиржамлик, шукроналик ва қаноатни сўриб олгандай бўлади. “Қайданам, шунга йўлиқдим-а”, дея ўз-ўзингиздан ёзғирасиз. Аянчли а?..

“БУ БЎСТОН САҲНИДА ГУЛ КЎП, ЧАМАН КЎП...”

Икки йилча аввал бир дугонамнинг тўйида бўлдим. Мезбонлар мени бир тўда хўппа семиз, бўйнию бармоқлари, қулоқларию тишлари тиллаларга тўла хонимлар даврасига бошлашди. Билишимча, бу даврага фақат «нозикроқ» меҳмонлар киритилар экан. Хуллас, ўзга сайёрага тушиб қолган одамдек талмовсираган кўйи уларнинг орасида қимтиниб ўтирдим. Ҳеч бирининг «тил»ига тушунмайман. Улар суҳбатлашаётган мавзу, уларни ташвишга солаётган “муаммо” менга тамоман бегона. Туриб кетишни ҳам, ўтиришни ҳам билмай кўнглимда тўйга келганимдан пушаймон бўлиб турган пайтимда, сигарета буруқситиб даврадошларининг баҳсига якуний фикр билдираётган бойвучча хоним менга осмондан назар ташлагандек сўз қотдилар:
— Синглим, сиз нима иш қиласиз?
— Журналистман. Таҳририятда ишлайман, — деб жавоб бердим, истар-истамай.
— Маошингиз қанча?
Савол истеҳзоли оҳангда эди. Бор гапки, мен бу саволни жавобсиз қолдирдим ва индамай ташқарига чиқиб кетдим. Кейин тўйхонадагиларнинг шивир-шивиридан, ҳар дақиқада патнис янгилаб, кибор хонимлар ўтирган даврани «тавоф» қилишидан билдимки, бойвуччалар хорижга биздан, бизга чет элдан мол ташийдиган тижоратчи аёллар экан. Ўша пайтда даврада виқор тўкиб ўтирган “бозор малика”ларининг гап-сўзи, афт-ангорига қараб уларда хотиржамлик йўқлигини билгандим. Тўйга одамгарчилик, жигарчилик важидан эмас, балки тилла тақинчоқларию қимматбаҳо матолардан тикилган либосларини кўз-кўз қилиш учун келган бойвуччаларнинг юз-кўзида алланечук хавотир ва саросима ўйнар эди. Ҳатто яқин қариндошларининг  қувончли кунида ҳам бозордаги нарх-наво, фойда ва зарар ҳақида гап талашаётган аёлларга қараб, киши кўнглида фақат ачиниш ҳис қилади, холос.
Ҳалиги аёлларнинг башарасидаги кибру ҳаво, манманлик ва риё уларга кўзи тушган кишини сескантириб юборади. Қизиқ, ундайларни оддий одамлардан қандай фарқи бор экан? Меъдаси иккита, бармоқлари йигирматадан, тишлари олтмишта, оғзи ҳам жуфт бўлмаса керак, ҳар ҳолда?..
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.
Бўлар мағлуб, ким бўлса ҳаваскеш,
Бу ишта тенгдурур султону дарвеш.
Яъниким, Хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин, ҳавасга берилган киши ҳалокатга учрайди: бу йўлда барча тенгдир, дейдилар ҳазрат Навоий. Яна ҳазратнинг дунё ҳаваслари ортидан югурадиган киши гўёки супургига ўхшайди. Супурги хас-хашак тўплагани учун эшик ортида хор бўлиб ётади, деган маънони англатувчи сатрлари ҳам бор. Дунёнинг яхши нарсалари, жилвакор давлати, бойлиги — гулу чамани бисёр. Унга эришиш мобайнида яна кўпроқ қўлга киритиш учун тиришиш, ўзини қийнаш, ўзига ва атрофидагиларга зулм қилишдир. Зулмнинг охири эса албатта ҳалокатга элтади. Оиласи, эрию фарзандларидан йироқларда бойлик талвасасида тўлғонаётган аёллар учун аёллик нафосати, назокати, мулойимлигини унутгани, ўзлигидан айрилиб дунё ҳавасида сарсон юргани ҳалокатдан далолат эмасмикин...

УМИДИ ЙЎҚ КИШИЛАР

Яқинда бир танишимиз Россияга ишлагани борди. Хотини мақтангудек бўлиб эрининг хорижга иш излаб кетганини гапирганди, таажжубда қолдим. Уларнинг ҳеч қанақа муҳтожлиги, бирор нимага зориқиши йўқ. Қайтанга, ҳамма нарсаси ошиқчаси билан бор. Ҳайратимни йиғиштиролмай, яқин дўстимга танишимнинг ёт тупроқларга нон истаб бораётганини гапириб бердим:
— Ҳайронман, уларга яна нима керак экан-а? Қўшқават ҳовли, янги қурилган икки қаватли коттеж, пойтахтда уч хонали уйи, супермаркети, хусусий ошхонаси бор, тагида сўнгги русумдаги машина. Пул ҳар куни оқиб келяпти. Ҳамма нарсаси бўла туриб яна Россияда нима қиларкан, тавба. Бизда уларда бор ҳеч нарса йўқ, фақат умидимиз бор, холос. Аммо хотиржам яшаб юрибмиз.
Дўстим чор-атрофга истеҳзоли назар ташлаб сўзимни бўлди:
— Адашяпсиз! Ўша сиз ҳамма нарсаси бор деб ўйлаганларнинг аслида ҳеч нарсаси йўқ! Хўш, сиз бой деб ўйлаган ўша кимсаларнинг нимаси ўзиники? Таққан тақинчоғими? Кийган қимматбаҳо кийимими? Ё музлаткичидаги емишими? Балки, тагидаги машинасини, боши устидаги қўшқават уйларни ўзиники деб ўйларсиз?! Йўқ, улар ўзига тегишли деб билган нарсаларнинг ҳеч бири ўзиники эмас! Шунинг учун бечоралар, давлати, пули лиммо-лим бўлганлар хорижга отланишади, устма-уст мол-дунё йиғишади. Негалигини биласизми, чунки уларнинг умиди ЙЎҚ! Бизнинг эса ҳамма нарсамиз — УМИДимиз, келажакка бўлган ИШОНЧимиз, ИЙМОНимиз, БАХТимиз ва албатта Аллоҳимиз бор! Шунинг учун ҳам сизу бизга хорижга чиқиб нон топишнинг ҳеч зарурати йўқ! Яратган Эгам тиш берибдими, шу Ватанда дунёга келишимизни истабдими, демак ризқ-рўзимизни ҳам шу юрт тупроғида бунёд этгани аниқ!
Дўстимнинг айтганларидан таъсирланиш баробарида бироз хижолат ҳам чекдим. Чиндан ҳам, мен бойман, дегувчиларнинг аслида ҳеч нарсаси йўқ экан. Улар абгордан баттар абгор, бечорадан баттар бечора эканларки, беҳисоб молу давлати, тиллою зарлари ҳеч бир корига, дардига ярамас экан.
Хаёлимда бир пайтлар қаердадир ўқиганим ва хотирамга бир умрга муҳрланган бир ривоят келди.
Тақдирнинг бениҳоя тенгсиз гўзал, оқила қизи бор экан. Қарангки, бир вақтнинг ўзида қизга Ақл, Давлат ва Умид деган йигитлардан совчилар келишибди. Тақдир қизини чақириб «Куёв бўлмишни ўзинг танла, қайси бири сенга маъқул?» деб сўрабди. Доно қиз ўйлаб туриб жавобини бошлабди:
— Ақл инсондаги энг олийжаноб фазилатдир. Ақл ёрдамида дўстни душмандан, ҳушёрни эса девонадан фарқлаш мумкин. Лекин Ақлнинг бир айби борки, кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўймоғи ҳам мумкин. «Ақллилик балоси» деб бекорга айтмаслар. Давлат — ишбилармон ва ҳукмдордир. Давлатнинг итоатида кўп нарсалар бор. Бироқ унда вафо йўқ. Агар ихтиёрни ўзимга берсангиз мен Умидни танлагум. Чунки Умид ҳар қандай ҳолатда ҳам инсондан ажралмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам вафодан чекинмай, энг яқин дўст бўлиб қолади...

“ОҒИР КУНИМГА АСҚОТМАЙДИГАН БОЙЛИКДАН ПАНОҲ БЕР...”

...Бир дугонам кўп йиллар аввал ҳаётидаги руҳий тушкунлик оқибатида хасталаниб касалхонага тушиб қолганди.
— Касалхона шифтига термулиб ётган кунларим қўшни хонани ясатиб-безатиб, алоҳида музлаткич, телевизор, юмшоқ мебеллар билан жиҳозлашди, — деб эслайди, бир суҳбатимизда. — Бирор катта амалдор оғриб қолибди, чоғи, деган хаёл билан қўшни хонага кўз ташласам, хотини хизматда. Ўғиллар бемор отага ҳали Москвадан дори-дармон келтиришади, ҳали академику профессорларни олиб келишяпти. Алоҳида самолёт хизматда. Шифокору ҳамширалар ҳам хона эшигини тақиллатиб, рухсат сўраб ийманибгина кириб-чиқишади. Хулласи калом, маълум бўлишича, шоҳона палатадаги бемор ҳеч қанақа амалдор эмас, шунчаки бой одам экан. Ўша ҳаммани зир титратаётган бой ота қизилўнгач саратонига йўлиққан бўлиб, томоғидан бир томчи сув ҳам ўтмас, ошқозонини тешиб қўйиб, емиш юборишаётган эмиш... Ҳалиги бойнинг беҳисоб мол-дунёси, отасининг даврида даврон суриб юрган бойвачча ўғилларининг ҳеч бири бу бедаво дарддан халос бўлишига ёрдам беролмади. Ўшанда фикру хаёлимни чулғаган номақбул иддаоларим учун Яратганга астойдил тавба қилганман... Оғир кунимда иш бермайдиган, дардимга малҳам бўлмайдиган мол-дунёдан мени асра, деган илтижони ўша кундан бери ибодатларимда такрорлайман...  
Ҳақиқатан ҳам, биз бой деб билгувчиларнинг ҳеч вақоси йўқ. Сўнгги русумдаги машинада савлат тўкиб юрган, тўрт фаслга мослаб тўрт қаср қурдирган ва ҳоказо ва ҳоказолари тўлиб тошган бойларнинг кўпчилигининг маънавияти қашшоқ, нотавон эканлигини англаш учун аввало кишининг иймони, инсофи бой бўлиши керак.
«Мана шу қаср, шу автомашина, шу жавоҳиру ёқутлар меники, деб ўйлаймиз. Нодонлармиз биз, — деб куйинадилар устоз адиб Тоҳир Малик ўзларининг «Иймонлашиш умиди» рисолаларида. — Ахир жонимиз узилиши билан булардан ажраймиз-ку? Булар бизга асқотмайди-ку?
Шу кўз, юрак, жигар... меники, деймиз. Зоҳиран тўғри — ҳаёт эканимизда бизники. Аслида оқибатда эса, жон чиқиб сўнгги манзилимизга борганимизда эса улар ўз эгаларини топадилар. Бу аъзоларимизнинг асл эгалари — лаҳад қуртларидир. У ҳолда чин ўзимизники бўлган, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзимизга садоқат билан ҳамроҳ бўлувчи, бошқаларга насиб этмовчи, фақат ўзимизга хизмат қилувчи бирон нимамиз борми? Бор! Бу — иймон!»

“МОЛИГА МОЛ ҚЎШИШ БИЛАН КЕЧИРАР ҲАЁТ...”

“Мўмин кишида икки хусусият бўлмайди: Хасислик ва ёмон феъл”,  — дейилади муқаддас китобларда. Ғаззолий ҳазратлари “Мукошафат-ул қулуб” рисолаларида дейдилар: “Ҳасан Басрийдан хасислик ҳақида сўрадилар ва у шу жавобни берди:
— Хасислик-кишининг ёрдам сифатида бериши керак бўлган ўз нарсаларини эътиборсиз қолдириши, мол-мулкни қаттиқ ушлаб, бирон кимсага ҳеч нарса бермасликни шараф билишидир”.
Айрим бойлар эҳтиёжманд, муҳтожлар тугул топган давлатидан на ўзига ва на болаларига едиради. Ундайлар пулларини санаб, ҳидига маст бўлиш ва ўша пулларни ўз қўлида ушлаб туришдан завқлангани учун ҳам мол дунё тўплашга ҳирсманд бўлса ажабмас.
Дугонам билан шаҳримиздаги номдор дўконлардан бирига кирдик. Дўкон расталарини оралаб юрганимизда қўққисдан уст-боши жуда ғарибона, киши раҳмини келтирадиган даражада мунғайиб ўтирган бир киши диққатимни тортди.
— Анави бояқишга қаранг, туришлари шунчалик ғариб-ки, унга қараган кишининг юрак бағри эзилиб кетади. Шўрлик байрамда болаларини хурсанд қилиш учун кўчага чиққану, бу дўконнинг “супермаркет”лигини билмай кирган, чоғи. Нарх-навони кўриб ўксиниб турибди, — дегандим, дугонам лабларини кулгидан йиғиштиролмай қолди:
— Вой, ҳалиги сариқ телпакли бир чеккада ўтирган кишини гапиряпсизми? У мана шу супермаркетнинг эгаси-ку! Сиз айтаётган ўша “бояқиш”нинг бор-йўғи иккитагина шундай катта дўкони бор...
Шунча давлати бор одам ўзини ерга уриб бу қадар ғарибона юриш учун, кечирасизу, руҳий носоғлом бўлиши керак. Пул топиш, давлат тўплашдан асосий мақсад нима ўзи?! Наҳотки, киши минг бир ранжу машаққат билан йиққан мол-дунёсининг жилла қурганда мингдан бирини ўзига сарф этгиси келмаса? Бойлиги ошиб-тошиб турган бадавлат одам чўпон коржома қилгани уяладиган, мардикор хизматга кийишдан ор қиладиган кийимларни кийишдан ғурурланса, одамга ғалати туюлар экан. Тўғри, камтарлик, камсуқумлик мўминга хос фазилат. Аммо ҳар неда меъёр бўлмоғи дуруст. Тежамкорлик, кибрга берилмаслик чин мўминнинг хусусиятлари. Бироқ ушбу хислатларни зиқналик ва хасислик билан аралаштириб юбориш ҳам бизнингча риёкорликка ўтиб қоляпти. Ундайлар топган нарсасининг завқини ҳам, мазасини ҳам сеза олмайдилар. Топганини ўзидан қизғаниб, фикру ёди бойлик йиғиб, пулларига маҳлиё бўлиб ўтириш билан банд кимсалар ҳақида Абу Ҳомид Ғаззолий шундай дейдилар:
Молига мол қўшиш билан кечирар ҳаёт,
Ворисига қолар молни қилар эҳтиёт.
Този итдай ов тутади, ўзи оч мудом,
Хаёлида бошқа биров ейдиган таом.

ҲОЮ ҲАВАС ВА ДУНЁ ЗАВҚИ — ҲАЛОКАТ ЭЛЧИСИ

Расулуллоҳ саҳобаларидан сўрадилар:
— Ҳаммангиз жаннатга киришни истайсизми?
Саҳоба:
— Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ:
— Чексиз орзу-ҳавасларни қўйинг, Аллоҳдан ҳаё қилинг!
Саҳоба:
— Биз ҳаммамиз Аллоҳдан ҳаё қиламиз.
Расулуллоҳ:
— Шунчаки уялиш бу — Аллоҳдан ҳаё қилиш эмас. Аллоҳдан ҳаё қилиш — қабрни ва мавҳ бўлажагимизни хотирда тутиш демак. Аллоҳдан ҳаё қилиш — ичи-ташини ва қалбини ёмон ниятлардан ва ёмон фикрлардан асрашдир. Кимки, жони охиратда яхши ҳаёт қозонишини хоҳласа, бу дунёнинг дабдабасидан қочсин. Мана шу нуқтада кишининг Аллоҳдан ҳаё қилиши бошланади ва ҳаё уни Аллоҳ дўстлиги сари элтади.
Бу умматимнинг биринчилари ДУНЁ ЗАВҚИ ва ДАБДАБАЛАРИДАН ҚЎЛ ТОРТИШ билан шафоат ва нажот топадилар.
Умматимнинг сўнггилари эса ХАСИСЛИК ва ҲОЮ ҲАВАС билан фалокатга учрайдилар.
Азиз юртдош, мулоҳазаларимиз кўзгусида ўзингизни кўргандек бўлганингиз ва чин иймону эътиқод билан, Яратган сизга тақдир қилган ризқу насибага шукрона айтганингиз, бой бўлсангиз-да, тақдирнинг инъомидан ҳаволанмай, мискину бечораларга, эҳтиёжмандлардан ёрдамингизни аямаётганингиз, башарти, камхаржроқ бўлсангизу, мен камбағалман, нега эгнимга топсам қорнимга, қорнимга топсам бошимга етказолмайман, менинг гуноҳим нима деб, қисматингизга қилган иддаоларингиздан ўкинган бўлсангиз, шукр қилинг, ҳақиқий БОЙЛИГИНГИЗ — ИЙМОНингиз бутун экан...

Умида АЗИЗ

Одам нега ёлғон гапиради?

 

 

 

Тўққиз ёшли ўғлим кутилмаганда «Ота, сиз ҳам ёлғон гапирганмисиз?» деб сўраб қолди. Дастлаб саволга унчалик парво қилмадим. Аммо ўзимни фаришта қилиб кўрсатиш хаёлимга келгани йўқ. Чунки «Худо урсин ёлғон гапирган бўлсам, ёлғон гапирмоқ — гуноҳи азим», деганим билан ўғлим лаққа ишонади деб ўйлайсизми? Алдагани бола яхши дейишади-ку, аммо ҳозирги болаларни алдаш жуда қийин. Зумрашалар жуда қув, соддамуғомбир.
Шундай бўлса ҳам ҳарқалай, болакайнинг йўриғи бошқа экан. Ўғлимга «Сен қанақа ёлғон ҳақида гапиряпсан?» деганимда, у шартта: «Ёлғондақа ёлғон-да!», деди қўйди. Демак ҳали ёлғон ҳақида ҳеч нарса билмайди. (Билмай тургани ҳам яхши!..) Шошмай турсин ҳали, ўсиб улғайгач, ёлғоннинг тури бемаза қовуннинг уруғидай кўп бўлишини билиб олади. Фақат ёлғоннинг уруғ-авлодларига ҳали муносиб ном қўйилмаган. Биз кўпинча ёлғон деганда кўзни бақрайтириб айтиладиган ёлғонларни, алдовларни тушунамиз. Ахир бу ёлғон ҳақида ғирт ёлғон тасаввур-ку! Дунёда гап-сўзсиз содир бўладиган ёлғонлар озмунчами? Яна буларни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олишлик-чи? Булар қайси ёлғондан кам?
Яқинда бир журналда ғаройиб сўровномага кўзим тушиб қолди. Унда «Ҳеч ёлғон гапирганмисиз?» деган саволга таниқли кишиларнинг жавоблари эълон қилинганди. Улар «Ҳеч ёлғон гапирмаганман», дейиш билан яна бир карра ёлғон гапираётганини яхши биладиган даражада фаросатли, зиёли кишилар эдилар. Улар мабодо кишида бошқа фазилат бўлмаса, лоақал ёлғончиликни бўйнига олиб бўлса-да, ўзгалар диққатини жалб этиш, ҳатто андак ҳайрихоҳлик уйғотиш мумкин-да. Бунақа антиқа имконият ҳамма вақт бўлавермайди.
Сўровномада айримлар «самимийлик» пойгасини авж олдириб, сохта самимийликка ўтиб кетишганини билмай қолишади. Улар инсон боласи борки, ёлғон гапирмай иложи йўқлигини, одамзот фаришта эмаслигини, хомсут эмган бандасига хос бу қусурдан ўзлари ҳам ҳоли эмаслигини аллақандай завқ-шавқ, ҳатто мамнуният билан таъкидлайдилар. Ёлғонга нисбатан бундай фавқулодда эъзоз эътибордан беихтиёр ҳайратланган ўқувчи эса ёлғончилик ҳам гўё бир буюкликка дахлдор фазилат экан деб ўйлаши ҳеч гапмас.
Демак, кўкракка уриб даъво қилинган самимиятга ҳалиги қурмағур ёлғон аралашар экан, бу дардисардан қутилишнинг иложи борми ўзи?
Узр, камина бу борада жўялироқ маслаҳат беришга ожизман. Хўш, унда шахсан ўзларининг ёлғонга муносабати қандай дейсизми? Ёлғон эмас. Эл қатори муроса қилиб келяпмиз.
Эрталаб ишга келгач, ҳамма билан қўлим кўксимда — таъзим ила жилмайиб саломлашаман. Саломимнинг қай бири сохта, қай бириси самимий — буни фақат ўзим биламан десам, яна ёлғон гапирган бўламан. Кўпинча буни алик олувчи ҳам билади. Аммо у ҳам илжайиб кўришишга мажбур. Бу ўйиннинг, шафқатсиз қоидаси шунақа.
Бўлим мудиримизни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ. Аммо ҳар гал худди минг йил кўришмаган қадрдонлардай бола-чақаси-ю амма-холасигача, эгиз туққан эчкисининг соғлиғигача эринмай сўраб чиқаман. Тушликдан кейин уни хурсанд қиладиган бирон гап топиб, тағин олдига кираман. Унинг яқин одамлари олдида эса кўзимни чирт юмиб мақтаб қўяман. Шоввозлар дарров етказишади — бу дунёда ҳеч нарса сир бўлиб қолмайди. Шундан кейин ким яхши — Раҳмонбердиев яхши!
Мажлисда гапирса ҳам, албатта «Раҳмонбердиев айтганларидек» деган ибора пайдо бўлади.
Тўғрисини айтсам, бизнинг бўлимда тайинли ишнинг ўзи йўқ ҳисоби. Аммо ҳамма ўзини муҳим иш билан машғулдай кўрсатади. Мен ҳам шу ўйинга қўшилганман. Эрталабдан олдимга ҳар-хил папка, қоғозларни қари қизнинг сепидай ёйиб ташлайман. Кейин бу антиқа бисотни титкилаб, бир нималарни қидирган, алланималарни пичирлаб ҳисоблаган, ўзимча йилнома четига ниманидир ёзиб қўйган бўламан. «Иши кўплигидан вақтида овқат еёлмайдиган, вақтида бола-чақасини кўролмайдиган ходим» бўлгим келганидан, кўпинча тушликка атай кечроқ чиқаман. Иш тугагандан кейин ҳам хожати бўлмаса-да, алламаҳалгача хонада ивирсиб юравераман. Хўжайин буни сезмай ўлибдими? Сезади, албатта. Сезса, шу билан менга ихлоси ортадими? Мутлақо! Аммо у «Фидойи»лигимни тан олишга, мен билан хўжакўрсинга бўлса-да ҳисоблашишга мажбур. Бояқишнинг бошқа иложи йўқ. Бу сичқон-мушук ўйини қаерда бошланиб, қаерда тугайди — ҳеч ким билмайди.
Мабодо, боксчи ўртоғим мусобақада ютқазиб қўйиб, ўйин ҳақида фикримни сўраса, аввало адолатсиз ҳакамни сўкишга тушаман. Шу билан уни ҳам, ўзимни ҳам чалғитаман. Асл фикримни эса, кейинроқ телефонда айтаман — шуниси хавфсизроқ.
Хўжайинни олис сафар истироҳатга кузатдик. Эл қатори мен ҳам «Ой бориб, омон келинг» дедим. Айрим кўнгли бўшлар «Сизсиз энди ҳолимиз нима кечади, қандоқ чидаймиз бу айрилиққа?», дея кўзёши ҳам қилиб олишди. Менга қолса ўша ёқдан қайтиб келмагани тузук. Хўжайин сузишни билмаса ҳам, туя ҳаммомни ҳавас қилганидек, денгизга кетяпти. Тез-тез чўмилиб турса зора бирон хушхабар келиб қолар деган илинж ёлғиз менда эмаслигига тезда амин бўлдим. Ходимлар билан «Озиб-ёзиб бир тўпланиб қолибмиз», дея «қиттак-қиттак» қилдик. Аслида Сулаймон ўлиб, девлар қутулганини нишонладик.
Меҳнат таътилига чиқмоқчи эдим, энди яхшиси бир ойдан кейин чиқаман. Хўжайинсиз ишлаш қайси таътилдан кам?!
Уйга келсам, ўғлим математика вазифасини  бажаролмай, мени илҳақ бўлиб кутаётган экан. Мундоқ қарасам тишим ўтмайдиган. Бошим оғриётганини айтиб, ойисига юбордим. Аслида, соппа-соғман.
Хўш, ўзингиз ёлғонга қалайсиз?..

Шодмон Отабек

 

 

 

Қўл телефонсиз бир кун

Тўпланиб олиб нималарнидир қизиқиб томоша қилаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг олдидан бефарқ ўтиб кета олмадим. Разм солиб қарасам, у на бир китоб, на бир қизиқарли расм, балки қимматбаҳо қўл телефони. Ўртоқлари телефонига ҳавас билан қарашаётганини кўрган болакай эса, гўё математикадан «беш» баҳо олгандек хурсанд.

Бундай ҳодисалар вақт ўтган сайин одатий манзараларга айланаётганлиги бугун сир эмас. Сўзлашув воситаси сифатида дастлаб юзага келган телефонлар айни дамда қулайлиги ва имкониятларининг кенглиги билан алоқа воситалари орасида биринчиликни эгаллаганлиги ҳам шундан. Албатта, турмушимизда мобил телефонларининг ўрнини инкор этиб бўлмайди. Аммо биз бугун эътиборингизни ўқувчи-ёшлар ҳаётида қўл телефонларининг ўрни ва аҳамияти ҳақидаги мулоҳазаларимизга қаратмоқчимиз.
Ҳозир мактаб ўқувчиларининг кўпчилик қисми ўқув қуролларига бўлган эҳтиёждек ўз телефонларига эга. Бу ота-оналарнинг улардан хавотир олмасликлари-ю, тергаб-суриштириб туришлари учун яхши имконият аслида. Лекин кўпинча бола болалигига бориб, телефонни дарс вақти ўчириб қўйиш ва зарур бўлгандагина танаффус пайти сўзлашиш кераклигини унутиб қўяди. Шу масалада ҳозир мактаб тизимида ўқувчиларнинг қўл телефонларига оид маълум ички қоидалар жорий қилинганми? Буни аниқлашда ўқитувчиларга мурожаат қилдик.
Мунаввара Ибодова, кимё-биология фанлари ўқитувчиси:
— Умуман, мактабда ўқувчиларга телефондан фойдаланиш қатъиян маън қилинмаган. Аммо бу улар хоҳлаганда телефондан фойдаланади, дегани эмас. Ўқувчилар дарсга кирдими, бўлди, улар телефонларини ўчириб қўйишлари шарт. Чунки бу нафақат уларнинг, балки биз, ўқитувчиларнинг ҳам фикримизни чалғитади. Дарс жараёнидаги бундай тўхталишдан сўнг ўқитувчи ўз фикрини яна жамлаб олгунча бир мунча вақт ўтади. Шунинг учун ҳам биз бу ҳолатларни назорат қилиб борамиз ва мажлисларда ота-оналардан ҳам дарс вақтида қўнғироқ қилмасликларини сўраймиз. Бевақт қилинган қўнғироқлар болада диққатни жамлай олмаслик, хотира тизимининг беқарорлашиши ҳамда дарс вақтида ўқувчининг хотиржамлиги йўқолишига олиб келади.
Хўш, бу борада ота-оналарнинг фикри қандай, улар фарзандларига телефон харид қилишаётганда унинг қайси жиҳатларига эътибор бериляпти. Ўқувчилар телефон орқали оила аъзолари билан боғланишдан ташқари, телефоннинг бошқа имкониятларидан ҳам фойдаланаётганликларидан ота-она бохабарми? Умуман, болаларга қандай телефонлар олиб берган маъқул, шу ҳақда оналарга юзланамиз.
Раъно Иватова:
— Уч фарзандим мактабга қатнайди. Лекин уларга телефон олиб бермаганмиз. Чунки бошиданоқ шунга оилавий келишиб олганмиз. Назаримда, ўқувчиларга телефоннинг кераги йўқ. Сабаби, телефон болаларни дарсдан чалғитади, оқибатда уларнинг билими пасаяди. Болаларимнинг ўқиши ва интизомини ўқитувчиларининг ўзлари билан юзма-юз ёки телефон орқали боғланиб билиб тураман.
Дилфуза Акобирова:
— Ўғлим юқори синф ўқувчиси, шунинг учун унга телефон олиб берганмиз. Оддий, қулай телефон эканлиги учун у фақат сўзлашув учунгина фойдаланади. Менимча, ўқувчиларга суратга оладиган, радио плеерли, видеотасмали турлари керак эмас. Шунингдек, болаларни кундалигини кўриб боргандек, телефонларини ҳам кузатиб бориш керак. Шунда оилада болалар билан бўладиган мунозараларнинг олдини олган бўламиз.
Бунда ҳар ким ўз фикрини асосли деб билади. Биз ҳам уларнинг айримларига қўшиламиз. Айниқса, миллатимиз менталитетига ёт бўлган турли ҳаёсиз чет эл клиплари ёки уруш-жанжалли, шов-шувга сабаб бўладиган манзаралар-у, кишилар ҳаётининг энг оғир дамлари бўлмиш мотам маросимларини тасвирга олишни уддалаб, сотувга чиқариб юбораётган янги турдаги «олиб-сотарлар» кўпайган ҳозирги вақтда ўсиб келаётган ёш авлод руҳиятини шундай ёмон таъсирлардан асрашда ота-оналаримиз ҳар жиҳатдан оддий, имконият доираси кичик бўлган мобил телефонларини олиб берганликлари маъқул, бизнингча. Бу фикримизга социология-психология фанлари билан жиддий шуғулланиб келаётган ёш олим, социология фанлари номзоди Комил Калонов ҳам қўшилиб, жумладан шундай дейди:
— Бугун дунёнинг айрим мамлакатларида, хусусан Япония таълим тизимида қўл телефонларидан мактаб ҳудудида умуман фойдаланмасликка эришилди. Биз ҳам ўқувчиларга қўл телефонларини тақиқлаб қўёлмаймиз. Чунки тақиқланган нарсага қизиқиш янада ортади. Шунинг учун мактабларда бугун чет элларда ўқувчилар телефондан қай тарзда, қай вақтда фойдаланаётганликлари тўғрисида видеороликлар кўрсатилса, лекциялар, тушунтиришлар олиб борилса, бола руҳиятида таққослаш функцияси яхши самара беради. Бундан ташқари, ҳозир айнан болаларга мўлжалланган телефонлар кашф этиляпти. Ўқувчилар учун уларнинг ёши, характерига мос мусиқалар ишлаб чиқилса ёки танланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб яна бир мулоҳазани келтириб ўтишни жоиз деб биламиз. Айнан шу қўл телефонлари сабаб кишилар ўртасида, кўпроқ ёшлар орасида, бир-бирини сўраб-суриштирувлар, тергашлар, керакли-кераксиз ҳисоб беришлар оқибатида бачкана, қўпол муносабатлар кўпаймоқда. Бунга мисол, бир дугонамнинг синглиси унаштирилган, тўйи арафасида фотиҳаси арзимас можаро туфайли бузилди. Яъни, йигит қизнинг қаердалиги-ю, ким билан эканлигини телефон орқали сўраб билади, лекин қизнинг бозорда юрганлигига ишонмай, шовқин-сурон, куй-қўшиқлар эшитилаётганлиги сабаб «сен кўнгилочар ердасан» деб қўнғироқ орқали муносабатларга чек қўяди. Ёки яна бир воқеа, бир аёл телефонда бегона бир кимса билан танишиб қолади... Буни сезган турмуш ўртоғи у билан ажрашади, ўртада эса икки бегуноҳ бола етим қолади. Бундай кўнгилсиз воқеалар кишилар ўртасидаги ишонч туйғусига путур етказиб, оилавий муносабатларнинг дарз кетишига, провардида инсон қадрининг пасайишига олиб келяпти.
Хулоса ўрнида айрим таклифларни бериб ўтмоқчимиз. Бугун баъзи бир хорижий давлатларда «Бир кун автомобилсиз», «Бир кун сигаретсиз» каби лойиҳалар оммалашмоқда. Бизда ҳам, масалан, ўқувчилар ўртасида «Бир кун қўл телефонисиз» деган лойиҳа ташкил этилиб, ўқув ҳафталигининг қайси бир кунига қўйилса, бу ўзининг яхши натижаларини беради. Яъни, бунда бола ўрганиб қолган шахсий телефонисиз ҳам мактабга келиш мумкинлигини, дарсда хотиржам, хаёли бузилмасдан ўтирса бўлишини секин тушуниб боради. Шунингдек, телевидение орқали ҳозир ичимлик сувини тежаш, оилада уларни эътиборсиз қолдирмаслик тўғрисида рекламалар бериб бориляпти. Шундай реклама роликлари ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш маданияти тўғрисида ҳам яратилса ва мунтазам бериб борилса, ўйлаймизки, юқорида келтирилган каби кўплаб воқеа-ҳодисаларнинг олдини олган бўламиз.

Наргиза Бекназарова

Интернет ҳамласи хавф ва ҳимоя

 

 

 

Аёнки, техник тараққиётни тўхтатиш мумкин эмас: биз буни хоҳлаймизми-йўқми, компьютер технологиялари Ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компьютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берувчи омилга айланиб бормоқда. Бугун компьютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутаассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда эса компьютер ва интернет аввалги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди.
Ҳозирги замон ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади.

ОНЛАЙН ҲАЁТ ВАКИЛЛАРИ

Nielsen/Net Ratings  компанияси ўтказган сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда: биргина 2007 йили Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. Ўтган йили дунё тармоғида 10 миллион ёшлар «сайр қилган» бўлса, ҳозирда уларнинг сони аллақачон 13 миллионга етди. Мутахассисларнинг фикрича, бу — табиий ҳолат. Негаки, кундан-кунга интернетдан фойдаланаётган оилалар, демак, ундан фойдаланаётган фарзандлар сони купаймоқда. Бундай онлайн ҳаётда яшайдиган ёшларнинг катта қисми — 4,5 миллиони Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат (глобал тармоқдаги суҳбатхона)лар орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 ва Францияда 1,5 миллион ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади. Бир йилдан сўнг эса бу кўрсаткич икки бараварга ошиши кутилмоқда.   
Дарҳақиқат, 21 аср замонавий ёшлар ҳаётига сезиларли чизгиларни киритди. Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгарак ва спорт секцияларига чопган бўлса, бугун улар ўзаро дисклар, флешкалар ва ахборотни сақловчи шу каби бошқа воситалардан имкон борича тез фойдаланишга шошилади. Ёш авлоднинг ота-оналарига нисбатан компьютер саводхонлиги баланд, кўпгина олти яшар болалар блютуз (bluetooth) ва спам нималигини катталарга нисбатан яхши билади.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири Канадада ўн етти ёшгача бўлган 6 минг бола ўртасида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, улар содда ота-оналари ўйлаганидек, интернетдан аксарият ҳолларда ахборот олиш мақсадида фойдаланмас экан. Сўровда иштирок этганларнинг 99 фоизи интернетдан фойдаланишини, уларнинг ҳар ўн нафаридан саккиз нафари уйда уланиш имкониятига эга эканини билдирди. Канада ёшларининг ярмидан кўпи интернет ва компьютер технологияларни ота-оналаридан яхшироқ билишини айтган. Уларнинг 80 фоизи мустақил равишда интернетга уланишини, ота-оналари компьютерга ҳимоя воситаси бўлган «фильтрлаш» дастурини ўрнатиб қўймаганликлари ва фарзандлари қандай сайтларга киришини назорат қилмаслигини тан олишди. Умуман олганда, ота-оналарнинг аксарият қисми, аниқроғи, 65 фоизи фарзандлари интернетдан фақат уй вазифасини тайёрлаш учун фойдаланади, деган фикрда, ёшлар эса илм олишни энг охирги ўринга қўядилар. Улар асосан интернет орқали мусиқа тинглайди, электрон манзилни текширади, хуллас, вақтини чоғ ўтказади. Ёшларнинг учдан икки қисми интернетга янги дўстлар орттириш ва ким биландир суҳбатлашиш мақсадида уланади, уларнинг 15 фоизи кейинчалик бу муносабатларни реал ҳаётда давом эттирар экан.
Мулоқотнинг бу каби шакллари яхши, албатта. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, унга чуқурроқ назар ташлаш лозим. Алоҳида эътибор талаб этадиган жиҳат эса интернет орқали таъқиб деб номланади.

ВИРТУАЛ ТАЪҚИБ ОММАЛАШМОҚДА

Тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдалана бошламоқдалар. Масалан, бошланғич синф ўқувчилари бемалол мактаб ён атрофидаги кафе ёки клубга кириб, интернетдан фойдаланиши мумкин. Шу боис улар уйда ҳам интернетга уланиш имкони бўлишини хоҳлаши табиий. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий фикрлаш ва шу аснода маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача қилиб айтганда, «фильтрлай» олиш қобилиятига эга эмас. Шу сабаб, интернетдан ёлғиз қолганда ҳам фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур.
Бироқ дунё тармоғидаги қандай ахборот мактаб ёшидаги болалар учун фойдали бўлиши мумкин? Кунига бир неча соатлаб кибер маконда «саёҳат қиладиган» ўсмирлар аслида нима билан шуғулланади ва бу ҳолат уларнинг дунёқараши, характерида қандай акс этади? Зарур ҳолларда ўсмирларнинг ахборот хавфсизлигини қай усулда таъминлаш мумкин? Мазкур саволлар кўпчилик ота-оналар ҳамда ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот ходимларини тобора кўпроқ ташвишга соляпти ва ўйлантирмоқда. Бунга жиддий асос ҳам бор.
Сўнгги пайтларда интернет орқали таъқиб этиш ёки илмий тилда айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Сабаби, шу ёшда болалар табиатан очиқ бўлади ҳамда дунёга фақат ижобий нуқтаи назар билан қарайди. Улар ўзлари эришган ютуқлари билан ўртоқлашишни, ўз фикрларини бировларга баён этишни, ғоялари билан бўлишишни хоҳлайдилар. Ўсмирлар ўта ишонувчан, компьютер ўйинларига қобилиятли, буйруқларни осонликча бажарадиган бўладилар. Атрофдагилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, янгидан-янги фикр-ғояларни ўртага ташлайдилар, уларни амалда қўллашга интиладилар, бироқ бу борада уларга ҳаётий тажриба етишмайди. Шунинг учун ҳам улар сайтларда қидирувни амалга ошираётганда, ахборотни қабул қилишда ёки электрон почта манзилидан фойдаланаётганда катталар ёрдамига муҳтож. Чунки бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат. Грифинг билан шуғулланувчилар ёки грифёрлар замонавий ёшларнинг қизиқишларидан жуда яхши хабардор бўлиб, онлайн конференция, форум хоналарида исталган мавзуда суҳбат юритиши, ўзларини уларнинг муаммоларини тушунадиган одамлар сифатида кўрсатиши мумкин, бунинг устига веб тармоқда анонимликни сақлаш хусусияти қисқа фурсат ичида ишончга кириб олишга имкон яратади.

ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИГА КЕЛСАК...

Грифинг билан курашишнинг энг оддий усули — компьютерга махсус тақиқлов дастурлари (энг машҳурлари Киберпатрул ёки Кидсконтрол)ни ўрнатиш. Шунда ўша фойдаланувчидан келадиган барча хабарлар автоматик тарзда фильтрланади ёки дастурга ота-оналар томонидан киритилган чеклов туфайли боланинг ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганда автоматик тақиқ ишга тушади. Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хафвсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда интернетдан фойдаланиш дарслари факултатив сифатида мактаб дастурига киритила бошланди. Буни ҳам грифингга қарши курашишнинг ўзига хос усули сифатида кўрсатиш мумкин. Негаки, факултатив дарслар орқали болалар интернетдан олинадиган маълумотларнинг ҳаққоний ва тўғрилигини текширишга ўргатилади. Бундай дарслар айниқса, ўсмирлар учун зарур.
Интернетда грифингдан ташқари айнан ўсмир ёшдагилар учун яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Вақт ўтгани сайин болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, глобал тармоқнинг яширин хавфларига фақатгина таъсир тушиб қолишни эмас, балки экстремистик характердаги, секта ва турли хил уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлигини, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганликни ҳам кўрсатиш мумкин. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлиғига хавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас. Банк ёки кредит карточкасидаги ҳисоб рақамларни билган болакайлар онлайн савдоларда қатнашиш имкони билан бирга кичик ўйинчоқдан тортиб то энг сўнгги русумдаги машина сотиб олиш ҳуқуқига эга дегани. Бу нарса уларни виртуал фирибгарларнинг нишонига айлантиради.
Шу сабаб, глобал тармоқ фойдаланувчилари кўп бўлган Белорусияда бу каби муаммолар қатор янги касбларнинг вужудга келишига ҳам туртки бўлди. Мазкур янги турдаги мутахассисларнинг вазифаси оилада интернетдан фойдаланиш маданиятини жорий этадиган ҳамда болаларга психологик, маънавий ҳамда жисмоний зарар етказмайдиган очиқ ва хавфсиз ахборот маконини яратишдан иборат.
Шунингдек, кўплаб жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар ва хусусий компаниялар ўз фаолиятини интернетнинг болаларга таъсири ва бундан бўладиган зарарнинг олдини олиш усулларини ўрганишга қаратган. Жумладан, интернет мазмунини баҳолаш ассоциацияси (ICRA) мустақил халқаро ташкилот бўлиб, асосий вазифаси ота-оналарни уларнинг фарзандларини тармоқда кутаётган кўнгилсизликлар ва хавфли муносабатлар ҳақида огоҳлантириш, кибер маконда болаларни нотўғри ахборотлардан ҳимоялаш ва сўз эркинлигини таъминлашдан иборат. Ота-оналарга кўрилаётган муаммолар юзасидан маслаҳат, кўмак берувчи Киберфаришталар (Cyberangels)  — интернетда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган Европадаги илк ташкилотга 1995 йили асос солинди ва айни пайтда АҚШ, Канада каби давлатлар ҳам аъзолар сафидан ўрин олди.
Муаммолар чуқурлашгани сайин бу каби ташкилотлар ҳам кенг кўламда тадқиқотлар ўтказиш ва хавфларга қарши кураш чоралари ишлаб чиқишни кучайтирмоқда. Хусусан, Болаларни асрайлик (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтгазган сўровномалар натижасида маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади. Коммуникация воситалари тадқиқоти ассоциацияси (Association for the Research of Communication Media) олган натижаларга кўра эса, ўсмирлар катта ёшлиларни 2004 йилдаёқ интернетдан фойдаланиш бўйича ортда қолдирган.
Испаниянинг Болаларни ҳимоя қилиш агентлиги (Child Protection Agency) тадқиқотлари натижалари шуни кўрсатдики, интернетдан доимий равишда фойдаланувчи болаларнинг 44 фоизи виртуал мулоқот пайтида ҳеч бўлмаганда бир марта, 11 фоизи эса бир неча бор таъқиб остига олинган. Эътиборли томони, сўровларда иштирок этган ёшларнинг 14,5 фоизи интернет орқали нотаниш одамлар билан учрашув белгилаган, 10 фоизи бундай учрашувларга ёлғиз борган, 7 фоизи бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаган. Дунё миқёсида эса 38 фоиз болалар зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб саҳифаларни мунтазам кузатиб бориши маълум бўлди.
Ўтган йилнинг охирги ойларида дунёнинг энг машҳур компанияларидан бири «Майкрософт» 28 давлатда ўзининг чат хоналарини ёпишини эълон қилди. Бу ҳаракат болалар муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ-тартибот ҳамда хайрия ташкилотлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, чунки эркин ва назоратсиз форум хоналар спам, вирус ва ахлоқсиз ахборотни тарқатиш манбаига айланиб қолганди. Шу тариқа, MSN текин чатлари Европа, Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида ўз фаолиятини тўхтатди. Ўрнига Microsoft Messenger тезкор хабар алмашиниш тизими жорий қилиндики, эндиликда бу хизматдан фойдаланиш учун шахсий маълумотларни киритиш асосида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Чунки ўтган йили Буюк Британияда шов-шувга сабаб бўлган зўравонлар устидан ўтказилган суд жараёнларининг камида 26 ҳолатида қурбонга айланган болалар таъқибчилар билан виртуал мулоқот орқали танишгани аниқланди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Замонавий технологияларнинг тез суръатларда ўсишига қарамай, баъзан одамлар улардан оқилона фойдаланиш қандай кечиши кераклигини тўлиқ англаб етмайди. Компьютер ва интернетгача бўлган даврда ўсиб-улғайган кўплаб ота-оналар ва муаллимларнинг катта қисми, агар бола интернетдан фойдалана бошласа, бунинг, албатта, фойдасидан зарари кўпроқ, деб ўйлайди. Болани компьютер ёки интернетдан чалғитиш ҳаракати замирида аслида бошқа бир муаммо, яъни катталарнинг бу масалада нисбатан саводсиз экани аниқланди. Бироқ агар улар ўзлари аввал технологиялар саводсизлиги масаласига жиддийроқ ёндашиб, уни бартараф этишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, саводсизлик масаласидан қочиш орқали болани технологиялардан ажратиб қўйиш тўғри эмас. Бунинг устига яна бир жиҳат эътиборга лойиқ: айнан катталарнинг тутган йўлидан келиб чиққан ҳолда болаларда кибернетик дўстига нисбатан муносабат шаклланади.
Шубҳасиз, интернет билим ва керакли ахборотни олиш учун улкан имкониятлар яратади, бироқ тармоққа жойлаштириладиган катта ҳамждаги ахборотнинг барчасини ҳам ишончли ва фойдали деб бўлмайди. Фойдаланувчилар маълумотларнинг тўғрилигини аниқ ажрата билиши учун танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлиши талаб этиларкан, бу жиҳат «Интернетда бўлса, демак, тўғри» дея фикрлайдиган болаларга ҳам тегишлидир. Бу борада уларга интернетда хоҳлаган инсон ўз саҳифасини яратиши, унга ҳар қандай маълумотни жойлаштириши ва бунда унга ҳеч ким тўсиқлик қила олмаслигини вақтида тушунтириш зарур. Болаларни кенг доирадаги манбалардан фойдаланишга йўналтириш натижасида фактларни фикрлардан фарқлашга, тўғрилиги тасдиқланмаган ахборотдан ҳимояланишга уларни ўргатиш мумкин.

Наргиза Иброҳимова

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 184 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ