1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Бахтингни авайла, дугонажон...

 ... “Қизим, бахт ҳеч кимга мукофотдек тутқазилмайди. Унга ўзинг эришасан. Қачонки, сабр-қаноат ва шукрни унутмасанг...” Бувим раҳматли айтган бу гаплар ҳаётим ҳикматига айланган.
Одатда, биз кексаларнинг гап-сўзларини эшитамизу, ҳар доим ҳам маъносига аҳмият беравермаймиз. Ҳаёт уммонида сузганинг, умр майдонида курашганинг сари доно элнинг ҳар жумласи ўрни билан айтилганига иқрор бўласан  киши. 
Бугун ишга келаётганимда сен қўнғироқ қилиб қолдинг.
-    Яхшимисан, дугонажон? Ишларинг жойидами? Жуда ҳам зерикиб кетдим. Қайнонамнинг  кўнглига қарайми, эримнинг инжиқлигини кўтарайми. Бир томонда болалар. Эҳ, жонимга тегиб кетди ҳаммаси...
 Сенинг доимий ёзғиришларингга, нолишларингга кўникиб қолганман. Сени ўзгартиришга, ҳаётда бундоқ оптимистроқ бўлишга ўргатишга ҳар қанча уринмай барибир ҳеч фойдаси бўлмаяпти...
-    Ношукрлик қилмаяпсанми? Сенга неча марта айтганман-а, фарзандлари бўла туриб зерикдим, дегани аёл нафратга лойиқ. Нега зерикасан-а? Шукр қилмайсанми, бошингда эринг, қучоғингда фарзандларинг бор.  “Жонимга тегди” деган иддао яхшиликка эмас...
 Сенга узоқ гапирдим. Ҳамма гапларимни айтиш учун тушадиган бекатимдан  анча олдинроққа тушволиб, гаплашиб келдим. Ҳаётнинг гўзаллигини, дунёнинг омонатлиги, неъматларнинг қадри... Куюнганим сари энсанг  қотаверди:
-    Нега тушунмайсан, ахир, ҳаётим бир хил. Ранги йўқ, мазмуни йўқ... Эр дегани бундоқ романтик бўлса, байрамларда эрим билан ёлғиз айлангани борсак, чиройли гуллар совға қилса, ўзи  бежирим кийимлар олиб келса... Концертгами, театр томошасига чипта олиб келса “онам билан борасан” деб қайнонамга қўшиб юборади. Бундоқ гул кўтариб келишни билмайди. Байрам ё туғилган кунлар бўлса, қўлимга пул бериб, “ўзингга ёққан нарсани оларсан” дейди. Шу ҳам ҳаётми?!..

“Шуям ҳаётми?!”...
Ҳаммасини мураккаблаштирадиган, ҳаётимизни чигаллаштирадиган иддао. Айтгин, сен қандай ҳаётни орзу қилгандинг? Ҳашаматли уй-жойинг, савлатли, топармон-тутармон, меҳнаткаш эринг, ширингина фарзандларинг, дуогўй ота-онанг, сен ва фарзандларингнинг хизматига шай турган қайнона-қайнотанг...
Дугонажон, ҳар икки-уч ойда нималарнидир баҳона қилиб жанжал кўтарасану, лаш-лушингни йиғиштириб онангникига жўнайсан. Аслида ўзинг ҳам яхши биласан, уч бола билан ота уйингга сиғмайсан. Кафтдеккина ҳовлида икки келинойинг, болалари билан яшашяпти. Тўхта, дугонажон, келинойиларингнинг ҳаётига разм солганмисан? Ҳеч қачон уларнинг тилидан ношукрлик, нолиш, ёзғириш учганми? Бир солиштир-чи, сенинг турмушинг билан уларнинг турмуши орасида қанча тафовут бор экан? Катта аканг беш йилдан бери хорижда ишлайди. “Уйланиб олган, болаларига, келинойимга онда-сонда пул жўнатишини айтмаганда, деярли рўзғор келинойимнинг бошида” дейсан. Шу келинойинг бирор марта тиш ёриб, бировга дардини дастурхон қилганми? Ҳаётидан нолиб, ёзғириб юрганини ҳеч кўрганмисан? У бундай қилмайди. Чунки, билади, ношукрлик аҳволни баттар абгор қилади. Қўлингдаги бор нарсанинг ҳам баракасини кеткизади. Келинойинг шукр қилади. Тан-жони соғ, қўлида дипломи бор, ишлаяпти, куч-қуввати бор. Фарзандлари соғ-саломат. Биласанми, дугонажон, бу дунёда  инсон учун энг муҳим нарса- соғлиқ! Соғлиқ бўлмаса ҳеч нарса татимайди. Ким бахтли, соғлом киши бахтли. Кимнинг кўнгли хотиржам, ўзи ва яқинлари, фарзандлари  соғлом кишининг кўнгли хотиржам.  Ким бой, ўзи ва яқинлари соғлом, ҳар куни дори-дармон учун дорихоналарда сарсон юрмайдиган киши бой. Сен мана шу неъматлар қадрини унутиб қўймаяпсанмикан? Майли, сен айтганингча бўлсин, турмушингда ўзинг айтмоқчи, романтика бўлмасин, эринг сени хиёбонларга айлантиргани олиб чиқмасин, томошаларга қайнонангга қўшиб жўнатсин. Хўш, буни нимасини ёмонликка йўйиш керак? Эринг романтикани билмаса бу унинг айби эмас, аксинча, ютуғи. Қолаверса, сенинг ҳам бахтинг, суюнавер. Шундай “романтик”ларни биламан, хотини – болалари уйда тишини сўриб ўтиради, романтик жаноб эса бегоналарга пул сарфлаб, қиммат қаҳвахоналарда базмлар уюштириб юради. Нима эмиш, у киши  “яшашни билар”мишлар. “Яшаш” дегани шу эканми? Сени қадрлайдиган, яхши кўрадиган инсонлар қолиб, пулингга, таомингга шайдоларнинг кўнглинии олишми? Шуми сен айтаётган романтика, дугонажон? Турмушда романтиканинг ҳожати йўқ, сен буни мендан ҳам яхшироқ билишинг  керак.  Турмушда, рўзғорчиликда камини яшириб, кўпини ошириб яшайди аёл. Айниқса, бизнинг ўзбекчилигимизда оилавий ҳаёт романтикаю, “ўлдим-куйдим”лардан узоқ бўлади. Сен буни жуда ҳам яхши биласан.
Маҳалламизда бир онахон яшайдилар. Турмуш ўртоқлари оламдан эрта ўтиб, онахон олти болани беваликда бир ўзлари камолга етказдилар. Тақдирнинг қалтис ишларини қара-ки, маҳалладош аёлнинг тўнғич ўғли мактабни тугатиш арафасида, руҳий касалликка чалиниб қолди. Кимдир “ножоиз жойлардан ўтган экан, кўзига алланималар кўринибди” деди, биров “уруғида жинни бор эди, насл сурди” деди, бошқа бир одам “жуда билимдон бўлгани учун кўз тегди” деди, хуллас Худонинг тақдири экан, шу дардга йўлиқди. Битта қизи бор,  уям туғма ногирон. Узатилмади. Иккинчи ўғлини уйлантирди аёл. Кейин учинчисини. Кутилмаганда иккинчи ўғил ҳам хасталаниб қолди ва вафот этди. Маҳалладош аёлга тақдирнинг синовлари шу билан тугамади. Бир ўғлининг хотини фарзандини дунёга келтира туриб, вафот этди. Кенжа ўғли ўн йил деганда фарзандли бўлди... Унинг аянчли қисматини нега сенга гапиряпман? Негаки, шу онахон бошидан шунча оғир кунларни ўтказиб, бирор марта ғамгин юргани, кўз ёшини одамларга кўрсатгани, нолиб-ношукрчилик қилиб юрганини ҳеч ким кўрмаган! Энди ўзинг ўйла, нолиб юришинг нечоғли ярашиқли экан?..
“Эртага байрам, яна нима каромат кўрсатаркин? Қўлимга пул тутқазиб, бирор нима оларсан, деса керак” деяпсан. Хўш, шундай қилса нимаси ёмон экан? Шукр қилмайсанми, бошқаларнинг эрига ўхшаб зиқналик қилмаса, рўзғорга сарфлаган бир сўмини, юз марта миннат қилмаса, “сен уйда ўтирибсан, мен ишлаб оила боқяпман” демаса, “шу болаларимни эпласанг, ота-онамнинг кўнглига қарасанг бўлгани” деб ҳатто бир қадам жойга ҳам пиёда чиқармаса... Дугонажон, бахтга ношукрлик қилиш яхшиликка эмас. Айт, сен муаммо қилаётган, сен фожиага айлантиришга уринаётган кам-кўстлар бошқа аёлларнинг ҳаётидаги кемтикликлар олдида ғубор гардидек куюнишга арзирмикан?..
Ҳаётга теранроқ қара, дугонажон. Оилавий ҳаёт ҳар куни минг битта тўсиқни енгиб ўтишни тақозо қилади. Турмушда “фақат мен!”, “ўзимники тўғри” деганлар муҳаққақ хатоликка йўл қўядилар.   Бахтли ҳаётнинг асл мазмуни – ўзини бағшловдир. Турмушда ўзини ўйлаган, “ўзим” деган кимса  жуфтига ҳеч нарса ҳадя этолмайди, фақат ўзига олишни, жуфтидан кутишни ўйлайди. Шу тариқа ундайлар никоҳнинг гўзал хусусиятларига путур етказадилар ва бу билан ҳам ўзларига, ҳам яқинларига қийинчилик пайдо қиладилар. 
Айтмоқчи бўлганим, бахт ёнгингангда, дугонажон. Бахтингни борида қадрла ва уни яна-да мустаҳкамла. Турмушингни обод қилиш масъулияти эрингдан кўра сенга кўпроқ боғлиқ. Унутма, сен турмуш ўртоғингга, жуфтинг эса сенга керак. Умид қиламанки, сен нима демоқчилигимни тушуниб етдинг. Бахтингга кўз тегмасин, дугонажон!..

Умида АЗИЗ

 

 

 

Замонавий муслиманинг мўътадилиги

 

Бугунги кунда жамиятда эркакларнинг ва эркакча қадриятларнинг ўрни номуносиб тарзда пасайиб кетди, айни пайтда эркаклар учун хотинчалишлик ва аёллар учун эркакшодалик фаол тарғиб қилина бошлади.

Эркак нега оиласидан безади?

Таҳририятга бир йигит кириб келди. Ўттиз ёшлар атрофидаги муштарийимиз яхшигина иши, оиласи, икки нафар фарзанди борлигини айта туриб, хижолатомуз алпозда мақсадини ифода этди:

Алданиб қолманглар, опа-сингиллар!

Биз илму-фан кенг тарғиб қилинган ва замонавий дунёда яшаётган бўлсакда, барибир хурофотлар… соғлом фикрлашимизга соя ташлаб туради.

Турли хил аёллар билан учрашиб, кўплаб “ғаройибот”ларни билиб олишингиз мумкин, масалан уларнинг сеҳр-жодуга бўлган ихлосларини.
Бундай аёлларда кичкина муаммо пайдо болиши билан, дарҳол фолбин излаб қолишади. Оқибатда эса, “тешик тоғора” билан қоладилар! Сизни алдашларига рози бўлманг, яна ҳам шариат қоралаган амалларни қилиб, гуноҳкор бўлманг! Баъзи одамлар намозларини барпо қилмай, Аллоҳ буюрганидек либос киймасдан, сеҳргар ва фолбинлардан ёрдам ва бахтлари очилишини сўраб юрадилар. Улар ибодат қилмайдилар, рўза тутмайдилар-у, аммо катта гуноҳларга ботадилар; сеҳр-жоду, афсун ва фолбинлар башорати муаммоларини ҳал қилишига ишонадилар.
Ана шунда инсон табиати яққол намоён булади, шайтоннинг васвасаси ва нафснинг хоҳиши. Фолбин, сеҳргар  ёки экстрасенсга берилган пуллар, кўп муаммоларни ҳал қилади ва дунёю-охиратдаги яхшиликларга эришамиз, деб ўйлайдиганларнинг сони - бир неча юзлаб, ҳатто минглабдир. Йилдан-йил эса бу кўрсаткич камаяётгани йўқ. Исломдан йироқда бўлган сеҳргар ва фолбинлар одамларнинг саводсизлигидан фойдаланиб, “руҳоният тадбиркорларига” айланиб бормоқдалар. Ким сеҳргар ёки фолбинга борса ва унинг айтганларига ишонса – у иймонсизликка юз тутган бўлади. Муҳтарама опа-сингиллар, коҳин-сеҳргар, фолбин ва ҳоказолардан четланингиз! Аллоҳга иймон келтириш керак, Аллоҳдан қўрқиш керак ва фақат Унинг раҳматидан умидвор бўлиш керак!
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини айланиб юрганларида, елкасида бола кўтариб юрган бир кишини учратиб қолдилар. Уларга қараб туриб, “бир-бирига бунчалик ўхшаш ота-болани ҳали кўрмагандим”, дедилар. У киши эса, “эй Амирул мўминийн, Аллоҳга қасамки, бу болани марҳума аёлим туққан” , деди. Халифа ҳайрон қолиб, бўлиб отган воқеани сўрадилар. “ Эй Амирул мўминийн, - деб сўз бошлади ҳалиги киши, - сафарга чиқишимдан аввал ҳомиладор аёлимга, ҳомилангни Аллоҳга омонат топширдим дедим. Сафардан қайтмасимдан олдин, аёлим вафот этди. Кунлардан бирида Бақий қабристонида ялтираб турган нуқтани кўриб қолдим. Қўшнимдан эса, бу ҳол тунлари шу жойда бўлиб туришини билдим. Мен бу нуқта аёлим қабри эканини пайқаб, уни очдим. Марҳума аёлимнинг тиззаларида эса… тирик бола турарди! Четдан эса бир овоз менга: “Аллоҳга омонат топширган болангни ол, агар боланинг онасини ҳам омонат топширганингда, уни ҳам тирик топардинг ”, деди. Мен болани олдим, қабр эса дарҳол ўзи ёпилиб қолди”.
Муҳтарама опа-сингиллар, агар биз ёлғизгина Аллоҳдан қўрқсак, фақат Ўзигагина суянсак ва Ўзидангина мадад сўрасак, Аллоҳ бизларни турли бало-офатлардан мана шундай сақлайди!

"Онаси ўпмаган қизлар" қани?

Ҳусайн Воиз Кошифий Либос - миллатнинг маданият белгиси, маънавият тимсоли, қадриятнинг бир кўриниши. Дунёда ҳамма нарса қатори маданият ва қадриятлар ҳам глобаллашуви халқларнинг миллий маърифати рамзи бўлмиш либосларга чанг соляпти. Бу, айниқса, аёлларимизнинг кийимларида кўзга яққолроқ ташланяпти.
Ишқилиб, бора-бора бутун дунё аҳолиси бир хилда кийинадган бўлиб қолмасин-да, деган хавотир кўнгилга ғулғула солади. Нега дейсизми? Табиийки, ер юзи халқлари ранг-туси, тили ва урф-одатларидан ташқари бир кўргандаёқ миллий либослари билан фарқланиши ойнадек равшан. Ана шу ўзига хосликка модапарастлик сабаб путур етяпти.
Масалан, ўзимизда белга тушадиган қирқ кокил, сумбул-сумбул қора сочлару кўкрак бурма кўйлакларни бугун ёшлар орасидан кундузи чироқ ёқиб топиш амри маҳол. Бу, эҳтимол, хорижий маҳсулотлар салмоғининг ортганидандир. Лекин...
«Мода»си тушмагур об-ҳаводан ҳам тез ўзгарувчан нарса эканки, ўтган мавсумдаги либослар бу йилга келиб «эскириб, яроқсиз» бўлиб қолавераркан. Шундай тез алмашиниш асносида бежирим фасонлар ўрнига на миллий маданиятимиз ва на миллий ғуруримизга мос келадиган бачкана, ҳатто кулгули шаклдагилари пайдо бўляптики, кўриб энсангиз қотади.
Арча байрами томошаларида иштирок этадиган Ялмоғиз кампир роли ижрочиси учун жулдур, тўзиган кийим истаб топиб кийгизишади. «Аёз бобо» филмидаги жодугарни эсланг. Фалакнинг гардишини қарангки, - «ё тавба» деб ёқа ушлайсиз, ўшанақа «Баба Яга»ники сингари этаклари минг бўлакли «йиртиқ» либослар қиз-жувонлар ўртасида урф бўлди. Ярашадими, йўқми кўпчилик аёллар чиройли, нафис матоларни увол қилиб, шундай фасондаги кийимларни тиктириб эгниларига илишмокда. Этаклари, енглари қинғир-қийшиқ бу либослар ўткинчи бўлса-да, уни кўрган айрим катта ёшдагилар «модангга ўт тушсин-е» дейишдан ўзларини тиёлмайдилар.
Бамаъни, кўркам бичимли либосларнинг умри узун бўлади. Ҳар қандай ёшдаги кишига, ҳар қандай шароитда ҳам мос келаверади. Сезяпсизми, кейинги йилларда «ойнаи жаҳон» орқали намойиш этилаётган ададсиз телесериаллардаги қаҳрамонларнинг, саҳнадаги машҳур ва ҳали унча танилмаган қўшиқчи санъаткорларнинг соч тарашию турмаклашидан тортиб, кўйлакларининг модасигача андоза тахлит оммавийлашиб кетяпти.
Демак, саҳнадаги ва экранда-ги санъаткор, уларнингҳар бир чи-қиши, кийиниши бошқалар учун бир намуна экан. Шундай бўлгач, санъаткорларимиз, телевидение бошловчилари миллий либосларимизни, айниқса, атлас, шоҳи, беқасам, банорас каби халқимиз ҳунармандчилиги маҳсули бўлган матолардан ўзбекона тикилган кийимларни мунтазам кўз-кўз қилиб туришса, яхши бўларди.
Аммо кейинги пайтда айнан санъатчилар, айниқса, эстрада «юлдуз»лари ғарбона, ғаройибона кийинишлари билан «ном» чиқаришяпти. Уларнинг киндик очиб, елка, кўкракларигача «кўз-кўз» қилиб кияётган либослари ёшлар ўртасида тезда урфга киряпти. Киндигини очиб кийинаётган ёш қизчаларнинг эртага оналик бахтидан маҳрум бўлиб ҳолишлари эҳтимоли ҳақидаги шифокорларнинг жиддий огоҳлантираётганлари эса алоҳида мавзу.
Ёш санъаткорларнинг ижро қобилиятига, истеъдодига тан берасиз. Бироқ айримларнинг кийиниш маданияти, костюм танлаш дидига қойил қолмайсиз. Ҳатто баъзилар кийган кийимларини кўриб ранжийсиз. Елкаси, орқаси тўла очиқ либослар катта саҳналардан туриб намойиш қилинаётганига ажабланасиз. Эл меҳрини қозониб келаётган бошқа бир қатор ёш санъаткорларнинг ана шундай либослари ўзбек санъатининг бўлажак юлдузлари шаънига, обрў-эътиборига соя солмасмикан? Уларнинг ихлосмандлари «мода» деса, ҳамма нарсани унутиб ўзини «томдан ташлайдиган» ёшлардангина иборат эмас-ку, ахир.
Яна бир масала хусусида. Телевидение орқали «Лора-люкс», «Сабрина» сингари турли салон-ларнинг никоҳ либосларини сотиши ва ижарага бериши ҳақида бетўхтов овоза қилинмоқда. Бундай қараганда улар бениҳоя гўзал, гўё санъат асари, дейсиз. Лекин фаранг ёки америкалик хонимчаларнинг чиғириғидан ўтган, дидларига яраша яратилган бу қордай оппоқ келинчак либослари (кўкраги, елкаси, орқа томони очиқ) бизнинг қизларимизга тўғри келмайди-ку? Мато етмаган десангиз, этаги ерда судралади. Улар қанча қиммат ва яна қанчалик беўхшов бўлмасин, бугунги Кумушларимиз, Раъноларимиз шуларни кийишмоқда! Бундай фасонларга кимлар ҳайрихоҳлик билан қарашмоқда? Бизнингча, бундан фақат ўша савдо корчалонлари манфаатдор, холос.
Шу ўринда таниқли турк олими ва машҳур маърифатпарвари Алий Назимонинг мана бу сўзларини келтириш ўринлидир: «Бизларни ҳайрон қолдириб турган бир нарса борки, у ҳам бўлса, аёлларнинг ясан-тусанга чексиз майл қилишлари, кийинишга керагидан ортиқ тиришишларидир. Бундай айбли аёллар охири хатарли оқибатларни келтиришади. Улар ақлга сиғмаган харажатларга, юртнинг хароблашувига сабаб бўлишади... Бундайлар бировнинг устида янги услубда бир кийим кўрдими, ундан ўзига тиктирмай тура олмайди, Дўконда бирор яхши мато борлигини эшитдими, қандай қилиб бўлса ҳам, ундан ўзига бир кийимлик олмасдан кўнгли хотиржам бўлмайди. Шунинг учун эрининг топган ақчаси хотиннинг бузуқ орзуларига хизмат этмоқдан бошқа нарсага фойдаси тегмайди».
Ўзбекларимизда қиз бола таърифланганда «онаси ўпмаган», «Қанд қоғозга ўралган» деган жуда ширин, нозик иборалар ишлатилади. Бунда унинг нафақат жисми-жони ёт, бегона нигоҳлардан сақланганига ишора, балки хулқ-атвори, одоби, ички гўзаллиги нуқсонсиз эканидан ҳам хабар берилади. Хўш, энди ўзингиз айтинг-чи, ярим яланғоч, ажи-бужи кийинган «замонамиз маликалари»ни «қанд қоғозга ўралган» деса бўладими?!

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

журналист Наманган шаҳри
МУТАХАССИСЛАР ФИКРИЧА:

Леонид Китаев-Смик - Россия Фанлар академияси маданиятшунослик институти катта илмий ходими:
- Аёлларнинг яланғочлашуви эркаклар учун ҳалокатлидир, чунки эркакларга хос касалликларнинг асосий қисми унинг шаҳватини қондирмасликдан келиб чиқади. Мана, масалан, у кўчада, ишхонада киндигини очган, ярим яланғоч аёлга кўзи тушди, дейлик. Бу унинг шаҳватини қўзғайди, ҳирсини жунбушга келтиради, аммо уни қондиришнинг иложи йўқ. Ёз фаслида бу ҳолат кунига бир неча бор такрорланади. Қўзғолиш кўп, аммо қондириш йўқ. Ва шу тариқа жинсий безларнинг яллиғланиши, жинсий ожизлик (импотенсия) юзага келади. Фикримча, агар аёллар ҳаёлироқ бўлишганида муаммолар (шу жумладан, демографик ҳам) камроқ туғилар эди. Аёллар баданини ҳаммадан яшириб юрадиган мусулмон мамлакатларда эркаклар касалликка анча кам чалинишади. Мусулмон халқларда аёлнинг ҳатто қўлини очиб юриши ҳам уят саналади. Шунинг учун уларни беркитишга буюрилган. Шундай экан, оёқ ва қоринларни очиб юриш ҳақида гап бўлиши мумкинми?

Юлия Шигарёва, «АиФ»мухбири:
- Москвалик қизлар қандай кийинаётганини кўриб, бутун Россия ақл бовар қилмас жинсий хасталикка мубтало бўлган, деган хаёлга борасан, киши. Бу биринчи навбатда қизларнинг қорнини очиб юришида кўринади. Ваҳоланки, дунёнинг биронта ҳам мамлакатида бундай кийинишмайди.

Ҳозир сайтимизда 169 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ