1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Қандай эркак хотин уради ёхуд хотин уриш "санъат"и

Шу биргина саволнинг бир неча жавоби борлигини биласизми! Унда ўқинг, жавоблар қуйидагича:

- пули йўқ эркаклар;
- пулдор эркаклар;
- хотинбоз эркаклар (бундай одамлар асосан бир хотинининг аламини бошқасидан олишади);
- жазмани бор эркаклар;.
- ичкилик балосига гирифтор бўлган аксарият эркаклар;
- иши юришмай қолган эркаклар. Улар ишларининг юришмай қолишига англашимча, хотинларини сабабчи деб билсалар керак (Тавба, эркак кишиям шунчалик иримкаш бўладими?);
- онасининг ёки яқинларининг гиж-гижлашига кирадиган эркаклар;
- мустақил фикрлашга эга бўлмаган эркаклар;
- ғазабини жиловлашни билмайдиган (қизиққон) эркаклар;
- рашкчи эркаклар; ўзига ишонмайдиган ожиз эркаклар;
- бетайин эркаклар (бу қўпол таърифим учун мухлисларимдан узр сўрайман, аммо минг афсуски, кузатсангиз, хотин урувчи эркакларнинг салкам ярмини айнан бетайин эрлар ташкил қилади. Қиладиган бошқа ишлари бўлмагач, хотин уриб, ўзларини катта ишни қойиллатиб қўйгандек ҳис қилишса керак-да);
- "касал" эркаклар. Уларнинг касаллиги шундаки, хотин уриш машғулотини хоббига айлантириб олишган. Бўлса-бўлма-са, дўппослаб ташлайверадилар. Бу ишлари билан ҳузур қилишар, эхтимол?..
- Лақма эркаклар (Улар асосан ким қаёққа етакласа, шу ёққа кетгани боис арзимаган баҳоналар билан хотинига қўл кўтаришади. Уларнинг лақмалигидан гоҳида бегоналар, гоҳ ўз яқинлари фойдаланишади);
- ёлғон гапирадиган эркаклар;
- бошқа чораси қолмаган эркаклар (Фақат шу бир тоифагина эркаклар энг сўнгги чора сифатида хотинларига қўл кўтарадилар. Ва албатта, уларни бунга хотинлари куракда турмайдиган хурмача қилиқлари билан ўзлари мажбур қилишади).

Агар сиз юқорида саналган эркаклар тоифасининг юқоридаги ўн бештасига кирмасангиз, унда сиз ғоят ақлли хамда олижаноб эркаксиз! Ўн олтинчи тоифадаги эркакларни эса ақлсиз деб санаш хато.

Мен энди калтак ейдиган хотинларниям тоифаларга ажратиб чиқсам, адолатли иш қилган бўлардим. Улар бор-йўғи шу икки тоифани ташкил қилади:

I. Эрнинг калтагига лойиқ хотинлар.
II. Ноҳақ калтакланадиган шўрлик хотинлар.

Энди ана шу икки тоифани алоҳида ўрганиб чиқамиз.

I. Эрнинг калтагига лойиқ хотинлар
- Оёғи эгри хотинлар. (Бизнингча, бу таърифга изоҳнинг кераги йўқ).
- Қўли эгри хотинлар (Улар асосан эрлари топиб-тутаётган ризқ-баракани қирқиб, ота уйига ёхуд бошқа ёқларга ташмалашади),
- Ёлғончи хотинлар (Ҳар нарсанинг боши ёлғон бўлгандан сўнг бундай хотинлардан яхшилик кутиб бўлармиди? Қайси ориятли эркак ўзига хиёнат қилган ёки алдаган аёлнинг бошини силаб, ўз ҳолига қўйиши мумкин).
- Тили аччиқ хотинлар.
- Муомалага кўнмайдиган хотинлар.
- Эрнинг ҳурматини жойига қўйишни билмайдиган, бефаросат хотинлар.
- Рўзғор ишларига уқувсиз, бесаришта хотинлар.
- Бойликка ҳирс кўйган, очкўз хотинлар.
- Иккиюзламачи ва сурбет хотинлар.
- Ношукр хотинлар. Ичи қора, зиқна хотинлар.
Бундай аёлларга "Еган калтакларингиз "Ош бўлсин!" Ўзингиз шундай муомалага лойиқсиз!" десаммикан?..

Энди иккинчи тоифага келсак, улар жабрдийда саналади.

II. Ноҳақ калтакланадиган хотинлар Улар асосан атрофдаги кўролмайдиган, ичи қора кишиларнинг туҳмат ёхуд чақувлари туфайли, ёинки хотинбоз эрларининг нафсини жиловлай билмагани касофатидан золимона зарбаларга нишон бўлишади.

Бундай аёлларга ачинган ҳолда сабр ва босиқлик тилашдан ўзга чорам йўқ...
Шу ўринда бир ҳаётий ҳангомани келтириб ўтсам, сўзларимни исботлаган бўлардим, деб ўйлайман.
Баъзи бир эркаклар пули кўпайса, Ҳажга боради. Баъзи эркаклар уй куради. Яна баъзилари бўлса етим-есир, муҳтожларга ёрдам беради. Аммо бир тоифа эркакжонлар эса пули кўпайдими, дарров "хотинни иккита қилиш керак!" деган катъий қарорга келади. Хотинни иккитамас, учта қиладиганлариям бор. Сўнгра икки-учта хотиннинг "ейман, ичаман, кияман"ига дош беролмасдан бор аламини зарба йўллашга қаратадиганлари ҳам йўқ эмас. Ишонмайсизми? Келинг, унда Валижоннинг ҳаёти билан яқинроқдан танишиб кўрамиз.
Валижон нега хотинини ураётганини аслида ўзиям билмайди. Аммо урмасдан туролмаса, нима қилсин? Аслида эса ишлари ўлда-жўлда. На рўзғорни қойиллатиб қўяди, на уй-жой ва на бола-чақасини. Атрофида бўлса, нуқул ўзига ўхшаган бетайин улфатлари. Унинг ичишга баҳонасиям кўп: пул топган куни хурсандчилигидан ичади, топмаса, хафа бўлганидан! Шунингдек, хотин уришгаям баҳона тайёр:

— Нега менинг ишларим юришмай, хуноб бўлиб юрганимни кўриб-билиб туриб тишингнинг оқини кўрсатиб, куйдирилган калладек тиржайиб турибсан? — дея бақиради шўрлик хотинига мушт тушириш баробарида.
— Ҳа, кайфиятим чоқлигини кўролмаяпсанми? Отанг ўлгандек нега бунча хўмраясан? Бугун менинг ошиғим олчи, билдингми? Омадим келиб, чўнтагим пулга тўлган куни шунақа тумтайиб кутиб оласанми? Таъбимни тирриқ, кайфиятимни расво қилдинг, тасқара! Уйланаман, билдингми, уйланаман! Устингга онаси ўпмаган кўғирчоқдек қизга уйланиб олиб, бир куйдирмасамми! Ҳали мени билмаган экансан, ношукр! Айтганимни эртагаёқ амалга оширмасам, отамнинг боласи эмасман! Кўчага чиқсам, бир огиз сўз айтишимга маҳтал бўлиб турган қанча нозанин бор. Мени шундай қилишга ўзинг мажбур қилдинг! — дея бўкиради кеча эрини очиқ чеҳра билан кулиб қарши олгани учун ўласи қилиб калтакланганидан юзи моматалоқ бўлиб ётган хотинига жазаваси қўзиб. Шўрлик хотинининг кулиш нариёқда турсин, йиғлашдан зўрға ўзини тийиб турганини яхши билади. Била туриб, ўлганнинг устига чиқиб тепишни жудаям хуш кўради-да, Валиси тушмагур! Аслида, унинг мақсади анчадан буён ўйлаб юрган режасини амалга оши-риш, яъни аввал хотинининг тилини қисиқ қилиб олиб, кейин ими-жимида устига уйланиш... Шунда ўзигаям тинч бўлади — қайнота-қайнонаси, қайноғалариям ғавғо кўтаролмайди! Эшитган қулоққа-ям яхши. "Нега уйланиб-ди?" "Нега бўларди, бечора Вали хотиндан -ган. Келиб-келиб умрини шу бефаросат хотин билан ўтказмайди-ку!" "Шундай эрнинг кадрига етмаган бўлса, хотини ўзидан кўрсин — кўр бўлсин!" дейди одамлар.
Ишлар режасидагидек ҳамда хамирдан қил сугургандек силлиқ битиши учун Валибек ким билан гаплашиб қолса, сўраса-сўрама-са, хотинидан шикоят қилишга, ўзини дўзахда яшаётгандек бечораҳол қилиб кўрсатишга уринади.
Энди яна бир гап, аслида, бизнинг Валижон аллақачон хотинни иккита қилиб бўлган. Аммо буни ўзидан ташқари бир-иккита улфатигина билади.
Аммо эртами-индин қинғир ишнинг қийиғи чиқиши аниқ. Фақат мени шу ўринда бир нарса қаттиқ ўйлантиради: иккинчи хотинга қилинган хушомадларга кетган пулларни Валижон ўз хотинию қоракўз болаларига сарфлаганида яхши бўлмасмиди? Иккита хотин ҳамда болаларини бир кун оч, бир кун тўқ дегандек бир амаллаб боқар ҳам, аммо синдирилган қалбларнинг уволи Валижонни тутмай қолармикан?..
Валининг кўзига ҳозир-ча офатижон кўринаётган ўша аёл ҳадемай алвастидек кўриниб қолиши ҳам мумкин. Ойдек Ойпошшони кимларга алиштириб ўтирибди, ўзи бу сўқир аҳмоқ! Марҳабо Каримова:
"Кийган билан кавушимни,
Қилолмайди юришимни!"
деб ёзган эди. Бу — ҳақиқат. Ҳеч бир жазман ёки иккинчи биринчининг ўрнини босолмайди. Қайсики, биринчи турмушидан ўзи истамаган ҳолда айрилиб ёки йўқотиб, мажбурий ҳолатда иккинчи бор турмуш қурганлар бундан мустасно. Кошки буни ойдек хотинини қон қақшатиб, аллақайси бетайинларга алишаётган эркакларга тушунтиришнинг иложи бўлганида эди!.. Тамом

Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи

Сариштали уйнинг фариштаси

Аёл  киши учун энг юксак мартаба, энг олий нуфуз нима эканини биласизми? Албатта аёллик бахти ва бекалик ўрни. Оддийгина бекалик илмини англамаганлар аёллик бахтини тўла ҳис қилмаганлардир. Бекалик ҳам илм бўлар эканми, дея ўйга ботдингизми, замондош? Бугунги мулоҳазаларимизни мушоҳада этсангиз, сиз ҳам бекаликнинг  жуда мураккаб илм эканига иқрор бўласиз.
Яқинда  Аъзамжон Қурбонов исмли хорижда таҳсил олаётган ўзбек ватандошимиз билан интернет орқали мулоқотда бўлганимизда, улар дабдурустдан шундай деб қолдилар:
—    Бизнинг зиёли, ўқимишли қизларимизда бир нуқсон кузатиладики, у қусур пировардида қизларимизнинг бахти кемтикланиб қолиши ҳеч гап эмас. Қайси куни тўртта тилда бемалол гаплаша оладиган, иккинчи олий ўқув юртни ҳам магистратура таҳсилини тугаллаш арафасида турган зиёли ўзбек қизи билан танишиб, гаплашиб қолдим. Суҳбатнинг дастлабки қисмидаёқ қиздан  ҳафсалам пир бўлди. Нима эмиш, тўрт тилда бемалол суҳбатлаша оладиган, қўш-қўш дипломли қиз овқат қилишни билмас эканлар. “Чой дамлашни ҳам билмаслигингиз аниқ, чунки сизлар оддий деб билган чой дамлаш энг мураккаб овқатларни тайёрлашдан ҳам кўра қийинроқ”-дедим унга. Ачинарлиси, у овқат пиширолмаслигини мақтаниб айтгандек бўлди. Бу жуда хунук ҳолат. Қиз бола, аёл кишидан ҳеч ким унинг дипломини, нечта тилни билиб, қайси хорижий давлатда ўқиганини суриштирмайди. Аёлнинг зийнати- рўзғор тутумию, уй бекалигида. Бошқа ҳар қандай нарса аёллар учун иккинчи даражали. Эркак кишининг кўнглига ошқозон орқали йўл топилади, деган гап бор. Кимлар учундир кулгили, юмористик кайфиятдаги гап бўлиши мумкин, аммо эркакларнинг бир вакили сифатида бу гапнинг айни ҳақиқат эканини тан оламан. Аёлнинг уй тутуми, пазандалиги, чеварлиги ва албатта ширин сўзию хушмуомаласи бўлмаса, бахтини ҳам, эрини ҳам бой бериши аниқ. Зиёли қизларимиз шу нарсаларни унутмаганликлари маъқулмиди, дейман. Чунки аҳамият берилса, ўқиб, касбу корли бўлган аксарият қизларимизнинг шахсий ҳаёти ҳавас қиларли эмас. Ҳалиги қиз билан бўлган қисқагина суҳбатдан, ўқимишли қизларнинг бахти кулмай, шахсий ҳаёти ўнгланмаслиги сабабини бироз англагандай бўлдим. Тўғри, ҳамма ўқиган қизлар ҳам шундай деёлмайману, лекин мен шундайларнинг кўпини кўрганман. Ўқиган қизлар ўқимаган аёллардан кўра фаросатли, оқила ва оила мустаҳкамлигини таъминловчи омилларни яхши уққан бўлишлари керак эмасми?.. Кейинги пайтларда шу нарсалар ҳақида кўп ўйлайдиган бўлдим...
Дўстимиз ҳақ. Айнан шундай қиз-аёлларни сизу биз ҳам кўп кўрганмиз. Ундайлар узун-узун тирноқларига маҳлиё бўлиб, кўзгу қаршисида ўзларига оро беришдан бери келмайдилар. Ошхонага ўтсалар чиройли уст-бошларига ёғ ҳиди қўниши мумкин, қолаверса, қўли косов, сочи супурги деган ибора уларга ёқмайди. Хонимларнинг қўли косов эмас, момиқ, бармоқлари узун-узун, чиройли бўлиши керак. Ваҳоказо ваҳоказо...
—    Бир дугонам бор, аспирант, яқинда филология фанлар номзоди бўлади,- дейди ҳамкасбларимиздан бири оғриниб.- Уйига кириб борсангиз бўсағадаёқ бурнингизга қўланса ҳид урилади. Хоналар ивирсиб ётибди. Ошхона анжомларининг бетартиблиги, овқат қолдиқлари қотиб қолган идиш-товоқларнинг нохуш кўринишидан кўнгил ағдарилгудек бўлади.  Шу туришида қачон қараманг қайнонасию қайнбўйинлари, эридан шикоят қилиб юради. Унинг дийдиёларини эшита туриб, “сени хотин, келин қилиб юрган, ўша эрингу қайнонангга раҳмат” дегим келади. Уй юмушларининг ўзи қанча вақтни олади? Овқатланганда фойдаланилган идишларни дастурхон йиғиштирилгач, беш-ўн дақиқада ювиб қўйиш, атиги икки хонали уйни бор-йўғи ярим соатда саранжомлаш мумкин-ку. Аспирант хонимнинг кўчада юришларини кўрсангиз, нақ дунё гўзали дейсиз. Кийимларининг рангига пойафзалларию сумкаларидан тортиб, кўзларидаги, ҳаттоки тирноқларидаги бўёқлари ҳам мутаносиб. Соч турмакларининг ўзига гўзаллик салони ходимлари нақ икки соат вақт ажратишади. Аммо дугонамизнинг ўзлари уй юмушларига ҳафтада атиги бир кун ҳам ажратмайдилар.
—    Ундайлар ҳозир кўпайиб кетган, -дейди суҳбатга бошқа ҳамкасб опамиз аралашиб.- Кўчада қўғирчоғу уйда ивирсиқлардан бирининг уйида яқинда меҳмон бўлдим. Айтсам ишонмайсиз, уй анжомлари, рўзғор буюмларининг ҳаммаси хорижники. Гиламу пардалар, мебелу чойшабларнинг барида ранглар мос тушган. Лекин хориждан келтирилган мебеллар ўзи ишлаб чиқарилган давлатнинг чанги билан турибди. Сиз айтгандай ошхонага мўралаб бўлмайди. Бир ойлик идишлар ювиқсиз турибди десам, ёлғончи бўлмайман. Энг ачинарлиси аёлнинг ички кийимлари меҳмонхонада бетартиб ёйилиб ётибди. Шунақа, хонимларнинг усти ялтироғу, ичи қалтироқ экан...
Аёл кишига эр уйида бахт битилган. Бошқачасига бахтли бўлолмайди у. Қиз бола борган жойида ўз бахтини, ҳурмат -эътиборини косов қўли, супурги сочи, ширин тили, пазандалигию чеварлиги билан қуради. Бошқачасига эмас.  Агар унда юқорида тилга олинган аёлликнинг чин бахтини ваъда этувчи фазилатлар бўлмаса жуда ҳам қийин бўлади. Чунки бу билан у нафақат эпсиз-шудсиз деган ном ортирради, балки эрининг кўнглини ўзидан совутиб, уйдан бездиради. Бундай аёлнинг болаларига ҳам ачинасан киши. Қизлар онанинг тутумига кўниб, ундан ранг олиб унишади, ўғиллар ҳам шундай пала- партишлик, ноосойиш ҳаётга ўрганиб улғайишади.
Таҳририятга бир йигит кириб келди. Ўттиз ёшлар атрофидаги муштарийимиз оиласи, икки нафар боласи борлигини гапира туриб, аёлининг эпсизлиги, уй юмушларига эътиборсизлигидан оғринаётганидан арз қилди:
—    Укам уйлангач ота-онам бизни бўлак қилиб ҳовлига чиқариб юборишди. Рафиқам ойимлар билан яшаган пайтимизда чаққон, пазанда, озода эди. Негадир бўлак бўлиб чиққанимиздан бери унинг аввалги фазилатларидан асар ҳам қолмаган. Ишдан ҳориб-чарчаб борганимда болаларнинг оёқ остида ётган ўйинчоқлари, ивирсиб ётган уй хунобимни оширади. Бир аҳволда ишдан чиқиб уйга борсанг, на овқат қилинган, на хотин чиройли муомала билан кутиб олади. Таъсир қилармикин, қилиқларидан хижолат тортармикан, деган ўйда бир –икки марта кийимларимни  ўзим ювиб дазмолладим, йўқ хотиним иш қилаётганимни кўриб пинагини ҳам бузмади. Бир-икки марта койигандим, “нима қилай, болалар шўх, булардан вақт ортириб иш қилолмасам” деб шанғиллаб берди. Лекин уйимизга ойим ёки опаларим келадиган бўлишса, ҳаммаёқ чиннидек ярқирраган, қозонда мазали овқатлар пишган, чиройли дастурхонлар тузоғлиқ бўлади. Хотинимнинг бу мунофиқлиги энсамни қотиради. Меҳмонлар кетгач, яна ўша аҳволга тушиб қоламиз. – Бироз ўйга ботгач йигит оғринган кўйи гапида давом этди,- Бу кетиши бўлса хотиним мени бой бериб қўйиши мумкин... Дўстларимнинг, ҳамкасбларимнинг уйига меҳмонга борсам, уларнинг хонадонидаги шойисталик, саришталик кўнгилни яшнатади. Меникида эса ҳалиги аҳвол. Аёлим олий маълумотли ўқитувчи.  Ўзи таълим тарбия  соҳасида бўла туриб, оддий аёлга хос юмушларга павро этмаслиги, эркакни оилага боғлаб турадиган фазилатларни мулоҳаза қилмаслиги мени ранжитади. Бунақада бир кун келиб ўзига қийин бўлади...
Эътибор берган бўлсангиз, йигит хотини ўзининг эпсизлиги, рўзғорига ва эрига эътиборсизлиги билан ундан айрилиб қолиши мумкинлигига шаъма қиляпти. Чиндан ҳам эркак кишини оиладан бездирадиган, аёлидан совутадиган ҳолатлардан бири хотиннинг ивирсиқ, уй- рўзғор ишларига уқувсизлиги ва эътиборсизлиги. Бундай сабаб билан оиласини тарк этган эркакни айбдор қилиб бўладими? Нега  айрим аёлларимиз бу хусусда чуқурроқ мулоҳаза қилмайдилар? Ёки озода, кўркам уй, ширин таом, орасталик уларга роҳат бағишламайдими? Уй-жойи ивирсиб ётсаю қандай қилиб одам  ўзига оро бериб, кўчада таманноланиб юриши мумкин? Ҳеч бўлмаганда шундайлар кийган кийими, пардоз андозига қараб уйидаги аҳволдан хижолат чекишмасмикан? 
... Бувим раҳматли жуда покиза, озода аёл эдилар. Уйларидаги саранжом-саришталик кўнгилни яшнатарди. Ҳатто бетоб бўлиб қолганларида ҳам уйда бетартиб сочилиб ётган кийимлар, ювуқсиз идишларни кўрмасдик. Ҳозир ҳам маҳалладошлар, қавм-қариндош бувимни хотирласа, энг аввало уларнинг озода, пазанда ва чеварлигини гапиришади.  Ҳам оила, ҳам фарзандлари, турмуш ўртоғининг кўнглини олишни, касбу коридан обрў топишни  қойиллатаётган аёлларни кўрганимда бувим раҳматлини эслайман. Раҳматли биз невара қизларини олдиларига олиб “қиз боланинг қандайлигини ҳожатхона, ўтинхонасини кўриб биладилар” дердилар. Кичкиналигимизда ўзлари бош бўлиб шу икки жойни ораста қилиб қўйишимизни назорат қилардилар. Бувим раҳматли жуда чиройли эдилар,  юз-кўзларидан ҳамиша нур ёғилиб турарди. Энди билсам, у нур, у тароват меҳрибонгинамнинг ораста ва шойисталигининг чеҳрасида балққани экан. Агар истасак, биз ҳам бувим раҳматлидек фариштамонанд, нуроний бўла оламиз, дугонажон. Фақат бунинг учун аввал кўнгилни, кейин эса уй-жойимизни тоза, озода сақлаб гўшамизни фаришталар ин қурган маконга айлантиролсак бўлгани...

Умида АЗИЗ

Жиноят йўлидаги аёл у нега бундай қилди?

«Инсонўта қашшоқлиги, ёки ўта бойлиги учун жиноят содир қилади», деган эди буюклардан бири. Агар ушбу фаласафани фикран мулоҳаза этмоқчи бўлсак, эркакка нисбатан аёл кишининг жиноятга анча мойиллигини англагандай бўламиз. Муҳтарам муштарий, фикримизга эътироз билдиришга шошилмаганингиз маъқул бўларди. Бугун жиноят оламида аёлларнинг ўрни хусусида мулоҳаза юритмоқликни ният қилганмиз.

Бир ҳуқушунос-руҳшуносдан аёллар нега, қандай қилиб жиноят оламига тушиб қолишини, қандай сабаб уларни бу қора йўлга бошлаши мумкинлигини сўраганимда, суҳбатдошим ҳеч ўйланмай, моддий тўкинлик, фаровон ҳаётга интилиш, деб жавоб берди. Мен шу борада аёлларнинг қандай жиноят тури билан кўпроқ айбланишига ҳам қизиқдим. Биз нафосат ва назокат тимсоли деб билган аёллар, товламачилик, наркотик моддалар контрабандаси, ўғрилик ва фоҳишалик билан кўпроқ айбланишини билиб олдим. Жиноят турларига қараганда, аёллар юқорида таъкидланганидек, яхши яшашга, тўкин ва бой ҳаётга интилган ҳолда жиноятга қадам қўйишар экан. Шу билан бирга, ҳозирги пайтда турли жиноий тўдалар ўз жиноийқилмишларини аёллар орқали ҳам амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Худди ана шундай алдов қурбони бўлган З. исмли аёл биз билан бўлган суҳбатда шундай дейди:

Одам боласини пул, моддий манфаат орқали йўлдан уриш- энг осон йўл экан. Мен ана шундай бадбинлик қурбони бўлиб, бугун ҳам аёллик шаънимдан, ҳам оилам, болаларимдан айрилиб панжара ортида кун санаяпман. Турмуш ўртоғим хорижга ишлагани кетган эди. Ўзим мактабда фаррошлик қилардим. Эрим аввалига пул жўнатиб турди-ю беш-олти ойдан кейин дараги бўлмай қолди. Уч боланинг еб-ичиши, кийим-кечаги бўйнимда, бунинг устига рўзғорнинг ташвишлари... Шу орада кўринишидан бойвачча хонимга ўхшаб кетадиган бир аёл билан танишдим. Менинг жиноят оламига кириб келишим, ҳаётимнинг издан чиқиб кетишига ўша малъуна саббачи. Унинг таклифи биланқўшни республикадан наркотик моддалар олиб ўтиб, уни хорижга етказишим керак эди. Бошида бироз чўчидим. Хизмат ҳақим эвазиига мўмайгина пул тутқазгандан кейин... ... Мен ўттиз бешга кириб ҳали унча миқдорда пул ушлаб кўрмагандим. Биринчи марта ишни хамирдан қил суғургандек ҳал қилдим. Кейинги сафар эса юртимизнинг сергак ҳуқуқ- тартибот ходимлари мени қўлга олишди... Қамалганимдан кейин эрим хориждан келибди. Айтишича у жуда кўп пул билан келибди. Менга, «Сендан нафратланаман! Пулга муҳтожлик сезиб жиноят қилган аёлдан бошқа номаъқулчиликлар ҳам чиқади. Балким, пул учун фоҳишалик ҳам қилгандирсан. Энди мендан ҳам, болалардан ҳам умидингини уз! Сен учун йўқмиз!»деди. Ҳатто мени оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун ҳам даъво иши қўзғабди. Гуноҳимга пушаймон эканимни, болаларимдан, турмушимдан ажралишни истамаслигимни эримга тушунтиролмаяпман. Бу ерлардан эсон-омон чиқиш насиб қилса, ҳалолмеҳнат билан Аллоҳ берган ризқни топиб ейишга ваъда бераман. Фақат оилам, эрим мени тўғри тушунса, болаларим нафратланмаса бўлгани...

Аёл билан суҳбатимиздан кейин анча кунгача ўзимга келолмай юрдим. Аёл адашибди, билиб билмай, нафс домига илинибди — жиноятга қўл урибди. Энди уни жамиятдан ажратиб ташлаш, оиласи, фарзандларидан ажратиш инсофданмикин?! Аёл бошига уч фарзанд билан бутун бошли рўзғорни ташлаб, хорижга чиқиб кетган эркак, оила, шаън, ор, фарзанд тақдири деган нарсалар ҳақида энди бош қотирибдими?! Аслида, аёлни эмас, ўша эркакни— хотинини жиноят қилишгача олиб борган йўлни ташкил этган ўша бебурдни жавобгарликка тортиш керак эмасми? Аёл, она нимаики қилса, аввало фарзандини, унинг кўнгли ўксимаслигини кўзлаб қилади. Шайтон қонига ўрнашиб, йўлдан оздирганида жиноят кўчасидаги аёлнинг ақл кўзларига парда тортилади.

Инсон ёмон бўлиб туғилмайди, дейишади. Шунингдек, ҳеч бир шахс ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Унга атроф-муҳит таъсири, яқинларининг муносабати ваҳоказо ваҳоказолар сабаб бўлмоғи аниқ. Тўғри, биз аёлларнинг моддий етишмовчилик важидан жиноят қилишига, жумладан зинокорлик қилишига мутлақо қаршимиз! Вақтики, уруш йилларида бир бурда нон, бир қошиқоби ёвғонга зор бўлган кезларда ҳам халқимизнинг аёллари кўчага чиқиб кетмади, жиноятга қўл урмаган. Аслида, ҳеч қандай етишмовчилик, кемтикликёмон ишларга сабаб бўлолмайди. Инсон хоҳ аёлдир, хоҳ эркакдир иродали, сабрли, бардошли бўлиши керак. Шу билан бирга ота-оналар, қавм-қариндошлар ҳам фарзанд, яъниқизлар тақдирига бирдек масъулдирлар. Айниқса, қиз болага меҳр бериш, уни асраб-авайлаш- ҳамманинг бурчи. Зеро, саҳиҳ ҳадисларнинг бирида «Фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар, агар улардан бирортасини устун қўйиш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ аҳамиятли бўлинг», деб хитоб қилинган. Чиндан-да, қиз бола, аёл киши ҳимояга, меҳр-муҳаббатга ҳамиша муҳтож бўлади. Кимдир унга ғамхўр бўлмаса, бошини силаб, тўғри йўлга солмаса, бегоналардан «меҳр» излайди, кутади. У «меҳр» аёлни зинога бошлайди, фоҳишаликка ундайди. Бу эса-ҳам давлат олдида, ҳам жамият олдида улкан ЖИНОЯТ саналади.

Форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси Рудакий: «Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини - бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, унинг қизларини - бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг», деганида нечоғли ҳақ эди.

Ўзбек миллати дунёга не-не даҳолару буюкларни етказиб бергани— бизнинг фахру ифтихоримиз. Шундай экан, қизларимизга , аёлларимизга жиноят қилиш, қора кийим кийиб, пушаймонликдан бошлари эгилиши эмас, гўзал хулқ ва одобли, билимли, соғлом фарзандлари билан жамиятимиз ва давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш саодати насиб этсин.

Умида АЗИЗ

Ҳунардан унар

Дунёда шундай бир хазина мавжудки,  битмас-туганмас, ҳеч адоғи кўринмас деган иборалар айни ўша хазинага атаб берилган нисбатга ўхшайди гўё. У шундай хазинаки, агар истаса, қунт қилса ҳар ким ҳам у хазинага эгалик қилиши мумкин. Бу —ҳунар. Ҳунар чиндан ҳам хазинага ўхшайди. Ҳунарманд киши ҳеч қачон муҳтож бўлмайди, хорлик кўрмайди. Мол-дунё гўёки тоғдай бўлса-да, уни еб тугатиш аниқ, аммо ҳунар ортидан келадиган даромад ризқ-насибанинг мўл-кўллигини кафолатлайди.
Бу мулоҳазаларимизни биргина сўзида жамлаб донишманд ўзбегимиз шундай дейди:

Ҳунардан унар
Дарҳақиқат, ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз.  Онахон воиза Турсуной Содиқова ҳунар, ҳунарманд кишининг ютуқлари ҳақида гапира туриб, “... дипломли бир кунда ойлик маош олиб, бир ой эҳтиёжига сарфласа, ҳунарманд ўттиз кун бирдай даромад кўради”, дейдилар. Мулоҳаза қилинганда бу фикрларнинг нечоғли ҳақ эканлигига амин бўлинади.  Ҳунарнинг энг афзали — аввало кишининг ўзига фойдали бўлганидир. 
—    Талабалик йилларимда дарсдан бўш вақтимни топиб, ўқув марказларидан бирида ҳам тикувчилик, пазандачилик курсларига қатнашгандим, - дейди асли касби ўқитувчилик бўлган бухоролик муштарийимиз Муҳайё Исмоилова.- Яхшиям ўша пайтларда ўқиб олганим, дейман. Ишимдан ташқари буюртмачиларга кўйлаклар, костюм-юбкалар тикиб бераман, тўй-ҳашам, туғилган кунларда ширинликлар, пишириқлар тайёрлаб бераман. Ҳам касбимдан даромадим бор, ҳам ҳунаримдан. Худога шукр, шу пайтгача ҳеч қачон пулга зориқиб қолмаганман. Қизларимга ҳам жуда кичкиналигидан пишириқлар тайёрлашни, кийимлар тикишни ўргатиб боряпман. Ҳаётда ҳар қандай ҳолатлар бўлади. Инсон ҳамиша ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Эрнинг қўлига қараб қолмасдан, рўзғори учун жон куйдириш аёл кишининг ҳам вазифаси. Ўша ҳунардан даромад келмаган тақдирда ҳам ҳунарнинг ўрганилгани асқотади. Айтмоқчиманки, тикиш-бичишни эгаллаган одам ўзига, оила аъзоларига кийим тикиб берса ҳам, оила ғазнасига фойдаси тегади. Ахир ҳозир битта кўйлак тикишнинг ўзи ўртача ҳисобда 25-30 минг сўмни ташкил  қилади.  Хуллас, мен ёш қизларимизга вақтида дипломли бўлиш билан бирга, ҳунар ўрганишларини ҳам маслаҳат берардим. Ёшликда бўш вақт кўп бўлади, қолаверса, мия ҳам тиниқ бўлиб, куч-ғайрат тошган бўлади...
Ёш қизларини оилавий ҳаёт, турмушга тайёрламай туриб узатиб юбораётган ота-оналар,  фарзандининг касбу корли, ҳунар эгаллаши учун зарур бўлган маблағни қиммат анжомлар, сеп сидирғаларга сарфлаб гўёки бу билан улар фарзандининг бахтли бўлиши учун замин яратгандек ҳисоблайдилар. Аслида эса сарпо - суруғу, қиммат мебеллар саодатли ҳаёт ваъда этмайди. Ахир бежизга

Ҳунар – отанинг молидан афзал
Дейишмайди-да. — Мактабни тамомлаган йилим олий ўқув юртига ўқишга кира олмадим,- дейди Дилноза Муҳаммаджонова.- Онам зўр бериб менга сеп йиғиш ҳаракатига тушдилар. Қўлларига пул тушди дегунча, бозору дўконларга чопиб мебелларнинг, мато-газламаларнинг нарх- навоси билан қизиқиб юрардилар. Шундай кезларда бир дугонам пойтахтга “Машҳура” ўқув марказига ўқишга боришини эшитиб қолдим. Ўзи кичкиналигимдан қўғирчоқларимга кўйлакчалар тикишни яхши кўрардим. Уйдагиларни бир амаллаб кўндириб дугонам билан бирга “Машҳура”га ўқишга бордим. Бир йилда ҳам чеварликни, ҳам пишириқ курсини астойдил ўрганиб, комьпютерда ишлаш ва мошина ҳайдашни ҳам аъло даражада эплайдиган бўлиб уйга қайтдим. Узатилдим. Сепимда тикув машинам, комьпютерим ва микро тўлқинли печимдан бўлак кўзга кўрингулик нарса йўқ эди. Келинлик маҳалламда тезгина ишга киришиб, буюртмага кийимлар тикишни,  пишириқлар пишириб маҳалладаги дўконларга тарқатишни йўлга қўйдим. Узоқ-яқиндан қизлар шогирдликка келадиган бўлишди. Ота-онам сепимга қилмаган нарса-буюмлардан минг чандон ортиғини олишга эришдим. Энг муҳими ҳунарим ортидан ҳурмат, эътибор, завқ ва бахт топдим. Кўча-куйда, тўй-ҳашамларда қайнонам  одамларга мақтаниб, “Дилнозахон чевар менинг келиним бўлади, яқинда келинимга тикувчилик  ва кондитерлик цехлари очиб берамиз” деб қўярканлар. Бу гаплар қулоғимга етганида, “Яхшиям ўша пайтларда ёшликдаги ҳою ҳавасларга берилиб, онам айтган қиммат мебеллару тилла тақинчоқларга шайдо бўлмай ҳунар эгаллашга астойдил киришган эканман” деб шукр қиламан. Қиздир, йигитдир, ҳунар, касбу кор эгаллаш билан ҳаётининг фаровон, хотиржам ва бекам бўлишига имкон яратган бўлади...

Ҳунаринг- бахтинг!
Мақола юзасидан юртдошларимиз билан фикр алмашаётганимизда бир онахонимиз ярим ҳазил, ярим чин билан, “ҳунари йўқ киши хору зордан ҳам баттар бўлади. Яратган ҳар кишининг ризқ-насибасини тақдирига битиб қўйган, аммо инсон ризқи учун ҳаракат қилиши керак. Айниқса қиз-аёллар касб-ҳунар ўрганишга албатта қунт қилишлари шарт. Эрга муҳтож бўлиб ўтиргандан кўра, ҳеч йўқ ўзининг эҳтиёжларига етарли маблағни ўзи топгани маъқул. Эрга қарадинг-чи, ерга қарадинг-чи, деган истеҳзоли иборани унутишмасин қизлар” дедилар. Онахоннинг гапларида жон бор. Турмушда, ҳаётда ҳар хил кунлар бўлади. Ҳамиша ҳам эркакнинг ошиғи олчи бўлиб, топган тутгани бадастир бўлавермаслиги мумкин. Агар хотин касбу корли, ҳунарли бўлса, ҳадеб эрига топиш-тутишида маза йўқлигини маломат қилиб жанжал кўтармай, рўзғори учун ўзим ҳам жон куйдиради. Ахир, оила ғазнасига бир ойда юз сўм киргани яхшими, икки юз сўм кирагани яхшими?
Бу хусусда яна бир муштарийимиз Мавлуда Назарматова шундай дейдилар:
—    Талабалик давримда бир чевар опанинг уйида ижарада тургандим. Шу сабаб бўлибми, чеварликни ҳам ўрганиб олгандим. Қишлоққа қайтганимда ҳам ўқитувчилик, ҳам тикувчилик қилиб эл оғзига тушган эканман, қайнонам бир тўйда келинчакнинг сепига деб тиккан кўйлакларимни кўриб, совчи бўлиб келибдилар. Тўйдан кейин ҳам касбим билан ҳунаримни бирдай олиб боравердим. Бирин-кетин фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим ҳам тузуккина жойда ишлардилар, нимадир бўлиб ишхоналарида қисқартириш келиб улар ишсиз қолдилар. Эркак кишининг омади бир кетса, қайтариш қийин экан, икки йил турмуш ўртоғим ишсиз юрдилар. Лекин шу давр мобайнида рўзғоримизда етишмовчилик, йўқчилик, эҳтиёжмандлик сезилмади, Худога шукр. Чунки, мен турмуш ўртоғимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб- қувватлаб, уларга ёрдам бериб турдим. Шундай кунларнинг бирида эрим “сизга тикувчилик цехи очиб бераман. Банкдан кридет оламиз. Кичик корхонамиз бўлади, корхонамизнинг молиявий ишларини ўзим олиб бораман. Баҳонада сизнинг фаолиятингиз кенгаяди, мен ҳам, қишлоғимизнинг  ишсиз ўтирган аёлларига ҳам иш топилади” деб қолдилар. Аёллигимга бориб аввалига бироз чўчидим, эрим астойдил киришган эдилар, ўзингиз биласиз, кўзингиз шу ишнинг самарасига етса майли, деб қўя қолдим. Кўп ўтмай мўъжазгина цехимиз очилди. Қисқаси, энди мактабда эмас, тикувчилик цехимдаги шогирдларимга устозлик қиляпман. Эрим билан бирга ишлаймиз, улар раҳбаримиз. Умуман мен бир ҳақиқатга амин бўлдимки, инсон ўзига тақдир қилинган бахтга ҳам касб-ҳунари кўрсатган йўлдан бориб эришар экан...       
Қўлидан иш келадиган, ҳунарманд киши ҳеч қачон аро йўлда қолиб, муҳтож бўлмайди. Бу борада нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам ҳунар билан камол топишлари жуда кўп бора ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат. Олий маълумотли, нуфузли жойда ишлайдиган бир танишим бор. Болалалигидан отаси оёқ кийимларини таъмирловчи косибга, темирчига ва уй-рўзғор анжомларини таъмирлайдиган усталарга шогирдликка берган экан.
—    Ўша пайтлари усталарнинг инжиқликларини кўтариш, оз-моз нарса ўрганаман, деб улар айтган қийин юмушларни бажариш малол келиб, дадамдан хафа бўлардим,- дейди дўстим мамнуният билан,- Ҳозирда ишдан ташқари уйимдаги сув жўмраклари, рўзғор анжомларини таъмирлаш билан бирга қўшниларга ҳам ёрдамим тегишидан, ҳаттоки чўнтагимга ойликдан ташқари беш-ўн сўм тушишидан хурсанд бўлсам, ич-ичимдан дадамга миннатдорчилик айтиб қўяман. Ҳунар кишининг обрў-эътибор топишида ҳам муҳим аҳамият касб этаркан...
Инсоннинг камолотга эришуви, ҳаётда ўз ўрнини топишида у эгаллаган касб ёки ҳунарнинг ўрни, чиндан ҳам беқиёс. Ҳунар нафақат яхши даромад, тўкин ҳаёт беради, балки ҳунарли одам ён-атрофидагиларнинг мушкулини осон қилиш билан уларга ёрдами тегиб савобга дохил бўлади. Нима ҳам дердик, бугунги мулоҳазалардан тегишли хулосага келиш муҳтарам муштарийга ҳавола. Биз эса фикрларимизни Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонларидаги шоҳ ўғли- шаҳзода бўлишига қарамай, бир талай ҳунарлар эгаси бўлган Фарҳод тилидан айтилган ушбу сатрлар билан интиҳосига етказишни жоиз билдик:
Ҳунарни асрабон неткумдир охир,
Олиб туфроққами кетгумдир охир?..

Баҳор Турсунзода

Ўқиган қиз шаҳар олиб беради...(ми)?

Оила  ва турмушдаги шарт-шароит, рўзғор мана шу оилани ташкил этадиган эркак ва аёлнинг кўп жиҳатларига, уларнинг ўзаро муносабатларига боғлиқ. Зеро, бир-бирини тушуниб турмуш кечириш, дунёқарашлардаги ҳамоҳанглик, кенгфикрлилик каби унсурлар бахтли яшашнинг калитидир. Кўпчилик мухлисларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, фаровон, бахтиёр оила қуриш учун ўқиш, маънавиятли инсон бўлиб, олий маълумотнинг ўрни, айниқса бу қизларнинг ҳаётида қанчалик муҳимлиги хусусида айрим юртдошларимизнинг фикрларини билиш учун мунозарага жалб этдик. Шундай қилиб, олий маълумот, диплом бахтли турмуш гаровими, деб ташланган саволга мунозарамиз иштирокчиларининг жавоблари қуйидагича бўлди:

Саодат Очилова 24 ёш, ўқитувчи:
—    Албатта! Ўқимишли, маънавиятли киши ҳаёт аччиқ-чучугини, оқу қорасини фаҳмлаган, дунёқараши кенг, ҳар бир нарсани борида қадрлай оладиган бўлади. Қолаверса, зиёли, илмли одам кўпчилик орасида юради. Кўпнинг орасида бўлган, одамлар диққат марказида бўлган киши имкон қадар хато қилишдан тийилиб юришга ҳаракат қилади.
Олий ўқув юртини тамомлаб, қишлоғимга қайтганимдан сўнг узоқ-яқиндан мени сўраб совчилар кела бошлади. Ўзимга қолса, узоққа бўлса ҳам олий маълумотли, қўлида бирор касбу кори бўлган йигитга турмушга чиқмоқчи эдим. Лекин онам, “қизим, қиз болани яқин атрофга узатилгани мъқул. Ўзинг ўқигансан, бировга муҳтожлик билмайсан. Сени ўзимизнинг қишлоққа узата қолайлик”, деб на бир ҳунари, на дипломи бўлган бир йигитга узатишди. Эрталаб мен сумкамни кўтариб мактабга йўл оламан, эрим этигини судраб кўча бошидаги қишлоқнинг бекорчи эркаклари йиғилиб, хотинидан ғийбат қилиб ўтирадиган номи “дўкон” дейиладиган лойсувоқ кулбага чиқади.
Деярли ҳар куни шу аҳвол. Эртадан кечгача қарта ўйнаб, қарзга пиво ичиб, сигарета чекиб қайтади. Мақтаниш эмас, ишим яхши, баъзи ойларда мукофот пуллари билан олти юз мингдан ортиқ даромад қиламан. Аммо турмуш ўртоғим бир ойда жилла қурса олтмиш минг сўм топмайди. Камига, қишлоқдаги дўкончалардан қарзга нафсини оромлайди. Тўғриси, курсдош дугоналаримининг олдида уятдан ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай бўлиб ўтираман. Буниси ҳам майли, дунёқарашимизнинг номутаносиблиги орамизда жуда кўп зиддиятларни келтириб чиқаради. Қизалоғим бор. Нима ҳам қилардим, бу кунлар тақдиримда бор экан. Эрим билан ажрашсам, эл-юрт, ўқувчиларим, ҳамкасбларим олдида нима деган одам бўламан. Фарзандимнинг келажаги, обрўйим, эл орасидаги мартабамни ўйлаб, барига сабр билан чидаб келяпман. Айтмоқчиманки, турмушнинг бекаму кўст, бадастир бўлмоғида маълумотнинг, касбу корнинг ўрни муҳим. Ёш оила вакиллари ҳеч бўлмаганда бир ҳунарни ўрганган бўлмоғи шарт. Оилада келишмовчиликнинг аксари моддий етишмовчилик сабабли келиб чиқади. Шундай экан, икки ёшнинг бошини қовуштиришга чоғланаётган катталар масаланинг бу томонига ҳам эътиборли бўлсалар, нур устига нур бўларди.

Назира Саидова 60 ёш, пенсионер:
—    Оиланинг бахтли бўлишида диплом унча шарт эмас, деб ўйлайман. Бу дунёдан қанчадан қанча дипломи йўқ бахтиёрлар ўтмади дейсан... Аввало, эр-хотин бир-бирини тушунсин, қўллаб қувватласин, меҳр-муҳаббатини, меҳнатини иззату қадр қилсин. Қолган бари майда-чуйда гап. Мана, бизнинг турмуш қурганимизга қирқ икки йил бўлибди. Ўшанда мен ўн саккиз ёшда, турмуш ўртоғим йигирма икки ёшда эдик. Иккимизда ҳам диплом йўқ эди, далада ишлардик. Ҳар қандай рўзғорда келишмовчилик бўлиши аниқ. Бизнинг турмушимизда ҳам бўлган. Менинг рўзғоримда ҳам  гўшт бўлмаган, иссиқ овқатга шароит бўлмаган кунлар бўлган. Бироқ у пайтларда хотин киши дийдиёсини дастурхон қилиб одамларга овоза қилиши, “вой дод, уйимда ҳеч вақо йўқ, энди очимдан ўламан” деб рўзғорнинг гапини кўчага чиқариши, энг оғири, эримга қараб ўтирсам бирим икки бўлмайди деб, бозорга чиқиб кетиши УЯТ эди-да, болам! Ҳозир қараб туриб ўйланаман, чиройли-чиройли иморатларда яшашяпти, оёқларининг остида чўғдай гиламлар ёнади, қўша-қўша машиналари бор. Аммо-лекин шукронаси йўқ, қизим. Яна бирортаси билан ҳамсуҳбат бўлиб қолсанг, рўзғорнинг кам-кўстидан нолиб, турмушдаги қийинчиликлардан гап бошлашади. Қараб туриб ўйланаман, булар учун БАХт тушунчаси нимани англатаркан-а?
Саволингга келсак, ёшларнинг ўқимишли, олий маълумотли, дипломли бўлиши шарт эмасу, лекин бирор бир ҳунарнинг эгаси бўлиши лозим. Боя айтганимдай, аёл киши елкасига тўрва-халтасини илиб кўчама кўча, бозорма бозор изғиганча, уйида ўтириб бирор ҳунар билан машғул бўлгани афзал. Ҳам ўзига, соғлигига, шаънига гард юқмайди, ҳам фарзандлари назоратдан четда қолмайди. Касбу ҳунарсиз эркак эса... Билмадим, ундайлардан Худо асрасин!..

Анвар Саидов 45 ёш, тадбиркор:
—    Оиланинг бахтли, бекаму кўст ҳаёти жуфтларнинг касбу кори билан бевосита боғлиқ. Биз аёлим билан техникумда ўқиб юрган кезларимиз танишганмиз. Ўшнада мен ҳисобчилик бўлимида, келинойингиз аёллар ва болалар кийимларини бичиш-тикиш бўлимида ўқирди. Йигирма ёшимизда ўқишимизни тамомлаб, оила қурдик.Турмушимизнинг дастлабки йилларида мен туман марказидаги ташкилотларларнинг бирида ишлай бошладим. Рафиқам уйда ўтирарди. Гоҳ-гоҳида қўни-қўшни аёллар кўйлакми, халатми, хуллас бирор нима тикиб беришини сўраб чиқишарди ва у ҳам баҳоли қудрат рўзғорга қарашиб турарди. Бу орада жамиятда ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилди, ўз ўзидан менинг маошим йўл харажатларидан ортмай қолди. Хуллас, эр-хотин бир-биримиз билан талашиб, тортишиб юрмай, банкдан кредит олдик. Уйда кичкинагина цех очиб, қишлоқдаги тикувчиликка қўли келишадиган қиз аёлларни ишга таклиф қилдик. Шундай қилиб қийин вазиятдан осон чиқишга уриндик: қишлоқда, ўз уйимизда иш билан банд бўлдик, бошқаларни ҳам ишли қилиб, шунинг ортидан даромад топадиган бўлдик. Менимча, турмуш бўсағасида турган ёшларнинг маълумотли, дипломли, ҳунарли бўлиши шарт. Ахир, қорни оч одам қандай бахтли бўлсин?!

Раъно Саъдуллаева, 40 ёш, уй бекаси:
—    Менимча бахтли турмуш қуриш учун дипломнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Айтмоқчиманки, олий маълумотли бўлмаган, оддий кишилар ҳам ҳавас қилса арзирли оилада яшаб келишмоқда. Аммо ҳунари, даромади йўқ одамнинг рўзғорида файз-баракаси бўлмайди. Янада тўғрироғи, меҳнатсевар, ишчан. Фаол кишиларнинг турмуши гўзал ва фаровон бўлиши шубҳасиз. Авваломбор, оила қурган икки инсон, андишали, сабрли, қаноатли ва ориятли бўлсин. Ана шунда, оила бахтиёр, рўзғор фаровон, кўнгиллар хотиржам бўлади.
... Бизнинг фикримизча ҳам, олий маълумот ва диплом бахтли оиланинг асосини ташкил этмайди. Муҳими- жуфтликларнинг аҳиллиги, тотувлиги ва баҳамжиҳатлигида. Рўзғорнинг қут баракаси ҳам эр-хотиннинг ўзаро иноқлиги ва бир-бирини ҳар қадамда қўллаб –қувватлашига боғлиқ. Зеро, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака арийди, дейди донишманд халқимиз. Яна бир нарса, жуфтлар маънавиятли, заковатли бўлиши ҳам саодат эшигига калит бўлади.
Хўш, азиз муштарий, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Албатта ёзиб юборинг, мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Умида Адизова тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ