1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Муслиманинг таоми

Мўмин ҳар доимгидек фарзандларини ҳалол луқма ила боқиш ташвишида ишга отланаркан, завжасининг: «Бугун нима овқат қилиб қўяй?» деган саволига табассум ила шундай жавоб берибди:

Машина минган аёл

Тахминий маълумотларга кўра Тошкент шаҳрининг битта туманига 10 мингга яқин ҳайдовчи тўғри келар экан. Шуларнинг 4 мингдан ошиқроғи - аёллар. Аёл ҳайдовчиларнинг 64 фоизини қирқ ёш атрофидагилар, 15 фоизини ёш қизлар ва 6 фоизини эллик ва ундан катта ёшлилар ташкил этар экан. Агар пойтахтимиз 14 та тумандан иборатлигини ҳисобга олсак, аёл ҳайдовчилар (Тошкент миқёсида) 55 мингдан ошиқроқ экан.

“Шпион”ми ё келин?

—    Вой, овсинжонлар, нималар ҳақида гаплашяпсизлар?
—    Шпионлар ҳақида
“Келинлар қўзғолони” филмидаги бу эпизодни сиз ҳам кўргандирсиз. Афсуски, келин бўлиб тушгач, куёвникидаги ҳамма гап-сўзни оқизмай-томизмай, ҳатто қўшиб-чатиб, ота-онаси ва қариндош-уруғига етказувчи келинлар ҳам учрайди.
Баъзи ота-оналар гап ташиб келган қизининг сўзига ишониб, тарафини олиб, куёв ва унинг яқинларини ёмонлашга ўтишади. Қуда бўлишдан мақсад душманчилик эмас-ку, ахир.
Илгарилари қизларни узатишаётиб: “Қизим, борган жойингда тиниб-тинчи, меҳнатдан қочма, қайнона-қайнотанг хизматини қил, дуоларини ол, шунда бахтли бўласан”, деб ўргатишар эди. Ҳозир ота-оналар қизларини шунчалик “яхши кўришади”ки, ҳар ҳафтада келиб туришига ҳам қониқмай, телефонда суриштириб, “йўл-йўриқлар” бериб туришади. Иложи бўлса, бир аппарат бўлсаю қизларининг кун бўйи нима қилганини кўриб туришса. Ҳозирги баъзи оналарнинг насиҳатлари: “Сен эрингга қарасанг бўлди, қайнона-қайнотангга, ана, овсининг қарасин... Болалар тўзитса, йиғиштирма... ҳамма ишни биламан деяверма, ўзингга қолади...” ва ҳоказо. Яна орада телефон қилиб:
“Ҳа, бугун яна кўча супурдингми, белинг оғрияптими?”
“Касалман де, дамингни ол”. “Уйга олиб келиб қарайми?” каби «меҳрибончиликлар».
Ўзингиз ўйлаб кўринг, қизларни бундай қинғир ёндошув билан тарбияласак, куёвникига, бир умрлик ёриникига эмас, худди душман ичига кетаётгандек жўнатсак, қиз бечорада ҳали танимаган, яшаб кўрмаган одамларига бошиданоқ салбий муносабат уйғонса, қандай қилиб чиройли, гўзал турмуш қуриши мумкин. Тўғри, куёв томоннинг ҳам ўзига яраша айблари бўлади. Лекин қиз томон оғирроқ, ҳаёлироқ туриши керак деган гап ҳам бор. Келин бўлгач, қиз бола ҳам тушган жойига мослашиши керак эмасми ёки бошқапар унга мослашсинми?!
Демак, қизларимиз меҳрибон она, вафоли ёр, тушган жойидаги яхши муҳитга мослаша оладиган, эрини ҳам, қайнона-қайнотасини ҳам, бошқа қариндошларни ҳам ҳурмат қиладиган келинлар бўлишлари учун замин тайёрлашимиз керак экан.

Малоҳат АНВАР

Чекаётган аёл…

Кўпгина ривожланган мамлакатларда аёлу эркак онгли равишда чекишни ташлаётган бир пайтда бизда акс ҳолат ташвишланарли ҳолдир. Дам олиш кунларимдан бири эди. Тирикчиликнинг айби йўқ, дея енгил автомобилимда кира қилиб юрибман. Уч нафар қиз тўхтатиб, фалон фалон ва фалон жойга борамиз, сиз ҳар тўхтаганда 5-6 дақиқа кутасиз, йўлда ишларимиз бор, дейишди. Айтганларидек, уч манзилга олиб боришга тўғри келди. Ҳар тўхтаганда улар машинани тутунга тўлдириб роса чекишар эди.

Беванинг тинчини бузган ёрдам

Ҳаётни кузата туриб, айрим одамларнинг ғалати қилиқларидан таажжубга тушаман, ғашланаман, ўйламан. Дунё ташвишлари, рўзғор, турмушидан ортиб бировларнинг ҳаётига аралашиб, суқилиб гап-сўз қилиб юрадиганлар шундай тиғиз замонда қандай вақт топар эканлар а? Бизга ўхшаганлар бўш пайтида ҳам банд бўлиб, юмушларга кўмилиб юрган бир пайтда, айрим одамларнинг, айниқса, эркакларнинг одамлар орқасидан ғийбат гапларни тарқатиб юрганини кўриб асабларим қақшайди.  Билмадим, балки бу гаплар матбуотга олиб чиққулик даражада эмасдир, балки мен ҳам майда гаплик қилаётгандирман. Аммо бугун эркаклар ҳақида кўп салбий гаплар чиқаётган пайтда, мен эркак қавмининг бир вакили сифатида айни шу иллатга чалинган жинсдошларимнинг фитратига назар ташлашни инсоний бурчим деб билдим.
Ҳамкасблар билан бир жойда кўп ишлайверсанг, худди ака-укадек яқин бўлиб қоларкан киши. Биз тўрт ҳамкасб дўст ўн икки йил бир жойда ишлаб, қадрдон бўлиб қолгандик. Ўтган йили тўсатдан бир дўстимиз вафот этди. Оила паноҳидан айрилиб, аёли уч бола билан ёлғиз қолди. Биз қолган уч дўст ҳар икки-уч ойда ойлик олганимизда кам-камдан йиғишиб, марҳум оғайнимизнинг оиласига ёрдам қилиб турардик. Ҳеч қачон бир киши бормаганмиз. Албатта икки киши бўлиб бориб, дарвоза олдидан дўстимизнинг тўнғич ўғилчасини чақиртириб, атаган ёрдамимизни бериб, ҳол-аҳвол сўраб қайтардик. Ҳеч қачон раҳматли дўстимнинг аёли ёлғиз ўзи олдимизга чиқмас, албатта ёнида ўғилчаси бўларди. Бир йил мобайнида дўстимизнинг оиласидан хабар олиб турдик. Яқинда Қурбон ҳайити муносабати билан арафа куни дўстимизнинг болаларидан хабар олгани дарвозасини тақиллатсак, аёли ғамгин бўлиб ўғилчасини етаклаб чиқди.
-       Сизларга мингдан минг раҳмат,- деди жувон ердан кўз узмай шикаста товушда,- шунчалик раҳматли дадамизни ҳурмат қилар экансизлар. Болаларим билан ҳамиша ҳаққингизда дуодамиз. Фақат сизлардан илтимос, энди бошқа келиб юрманглар. Одамлар нотўғри тушунибди. Маҳалла-куйда менга тагдор гап қилишяпти. Айрим аёлларнинг кўз қараши ҳам ўзгарган. Маҳалламизда сизлар билан бирга ишлайдиган бир одам бор, биласизлар... Ўшаларнинг аёллари қўни-қўшниларга ҳар хил гапларни гапирибдилар... Энди овора бўлманглар, илтимос. Ўзимиз бир амаллармиз. Ортиқча гап-сўзга тоқатим йўқ. Бошимга тушган мусибат юкини кўтарайинми, одамларнинг маломатиними...
Бу гаплардан ёрдам олиб борган дўстим иккимиз донг қотиб қолдик. Бу қандай гап бўлди, энди?! Раҳматли дўстимизнинг аёли айтган – биз билан бирга ишлайдиган уларнинг маҳалладоши бўлган кишини кўз олдимга келтириб, нафрат ва ғазабдан қақшаб кетдим ўша топда. Эркак деганлари ҳам шунқанги мунофиқ, икки юзламачи бўлар экан-да!? Бизга:
-       Раҳматли Икромжоннинг оиласидан хабар олиб яхши қиляпсизлар. Ишхона ҳам байрамларда раҳматлининг болаларидан хабар олиб турса яхши бўларди, -деганди. Наҳотки, уйидагиларга  бошқа гап гапирган бўлса!
Марҳум дўстимизнинг уйидан хижолатчиликми, хафачиликми, хуллас, алланечук юракни ғаш қиладиган ҳис билан қайтдим. Уйга келиб хотинимга бор гапни гапирдим.
-       Мендан бир оғиз маслаҳат сўрамабсиз-да, дадаси,- деб гап бошлади аёлим ҳам мулоҳазали оҳангда.- Ўзи Замира келин- раҳматли Икромжон дўстинингизнинг аёли тунов куни менга қўнғироқ қилиб, “опа, муллакамларга айтиб қўйинг, ёрдам шарт эмас, одамлар нотўғри тушуняпти. Улар билан бирга ишлайдиган Умар аканинг аёли қайси куни дўконга чиқсам, эрингизнинг оғайнилари сизникига жуда серқатнов бўлиб қолишибдими, фалон қишлоқлик писмадончи раҳматли бўлган оғайнисининг аёлини никоҳига олиб, кам-кўстидан хабар олиб юрган экан, дегандай гап қилди. Менга ортиқча гапнинг кераги йўқ, Худо етказган ризқимизни ошаб, насибамизга рози бўламиз. Фақат тинчимизни бузишмаса, бўҳтон қилишмаса  бўлди” деганди. Мен жаҳлингиз чиқмасин, деб сизга индамагандим. Аслида бошидан хато қилгансизлар. Дўстингизнинг оиласига ёрдам қилиш кўнглингизда бўлса, уни ишхонангиздаги аёллар биланми ё мен ёки бошқа ходимларингизнинг аёли орқали юборишингиз керак эди. Савоб қиламан, деб бир бечора аёлнинг кўнглини синдириб қўйганларингиз ёмон бўлибди. Ҳозир одамларни биласиз-ку, салгина тайрилсангиз, йиқитиб, тепиб ташлашади. Жамоадошингиз ҳалиги Умар аками, ким деганига ҳам қойил қолмадим. Эркак кишига нима зарил, бева аёлга маломату бўҳтон қилиш...
Хотиним нималарнидир тинмай жаврай кетди. Унинг гаплари бир-бирда қулоғимга кирар, чап кўксим қаттиқ-қаттиқ санчди. Тўғриси... ўша нусха билан бир ҳаводан нафас олаётганимдан нафратланиб кетдим. Раҳматли ҳамкасб дўстимиз билан  қанчалик яқин эканимизни, жойи келганда бурда нонни баҳам кўришимизни биларди. Вафотидан кейин дўстимизнинг оиласига ёрдам бераётганимизни, болаларидан хабар олиб туришимизни жамоада ҳамма биларди. Бефаросат хотинига маломат гапларини қайси тил билан айтди экан, ҳайронман...
Бу воқеа менга яхшигина сабоқ бўлди. Одамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини, ҳамма кўнгли тоза эмаслигини уқтирди бу сабоқ. Меҳр-мурувватли бўлиш яхши экан, аммо киши ўзи ва ўзи билан мулоқот қилаётган томоннинг шаънини ўйлаб қадам ташлаши шарт эканини англатди бу ибрат. Қолаверса, яна бир  аччиқ ҳақиқатни англатдики бу- эркак турқидаги кимсаларнинг ҳаммаси ҳам ЭР, МАДР деган шарафга лойиқ эмас экан...

Шарофиддин, Фарғона вилояти. 
Баҳор оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ