1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Қайнона она эмасми?

 

 

 

Икки ёшнинг никоҳ тўйи ҳам бўлиб ўтди. Қайнона бўлмиш аёл, яъни сиз неча йиллик орзуингизга эришдингиз. Аллоҳ таоло хонадонингизга муборак бир келинни туҳфа этди. Ўғил  кўргандаёқ юрагингиз қатларига битилиб қолган «бир муносиб келин олиш», «келин эмас, қиз олиш» ҳақидаги ёқимли истаклар, ширин илинжлар рўёбга чиқди. Йиллаб емай йиққанларингизни эл олдига дастурхон қилиб ёздингиз. Йиллаб киймай асраганларингизни – қўлингизга тушган бир парча матоми, бирорта зиракми – барини «эгаси»га топшириб хотиржам бўлдингиз. Бугун сиз – қайнонасиз.
Маҳаллама-маҳалла кезиб келин ахтарганингизда, қариндош-уруғлар даврасида «бу йил келин олмоқчиман», деб қизи борларнинг юрагига ширин ғулув солганингизда, кўчадан ўтиб бораётган қақажон қизларнинг ортидан маъюс термулиб еру кўкка ишонмайдиган ўғлингизга муносиб жуфт излаганингизда, ниҳоят мос келинни топиб тўй тадоригини кўраётганингизда ҳам фақат бугунги қайноналик бахтини, нашъасини ўйлаб елиб-югургансиз. Энди сиз – қайнонасиз.
Ниятларингизнинг, хаёлларингизнинг чек-чегараси йўқ. Келинингиз одоб-ахлоқда, шарму ҳаёда, муҳаббат ва садоқатда, иффат ва назокатда ягона бўлади. Ўғлингиз билан ниҳоятда аҳил-тотув, ширин турмуш кечиради. Эрининг соясига кўрпача солади, имосига ҳушёр, хизматига тайёр туради. У билан гап талашмайди, ҳар ишга илашмайди.
Қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўяди: лабидан салом, қўлидан таом тушмайди. Ҳали чой кўтариб югуради, ҳали таҳоратингизга сув. Бир оғиз сўзингизга маҳтал, биргина томоқ қиришингизга шай.
Бир ёқда ўғил-қизларингиз ҳам келиннинг «хизмати»дан умидвор бўлиб туришибди. Янги келинингиз бировининг шимини дазмоллаб, бирисининг туфлисини мойлаб бериши, қайнсинглисининг сочини  турмаклаб ҳам қўйиши керак. Хуллас, барча хонадонларда бўлгани каби тўй олдидаги ширин илинжлар, ҳавойи хаёллар сизга ҳам бегона эмас. Келин тимсолида ўғлингизга бир жуфти ҳалол эмас, гўёки бир хизматкор, бир «қул» қабул қилдингиз.
Аммо орадан кўп ўтмай, қат-қат орзуларингиз сароб чиқиб қолди. Не-не умидлар билан, маблағ сарфлаб катта тўйлар билан олинган келинингиз «олтин» эмас, «мис» чиқиб қолди. Наздингизда ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни, ҳимматни дўндириб қўйяптию, сизники ҳеч нарсага улгуролмайди. У танбал, ишёқмас ҳам эмас, қўлини совуқ сувга уришга эринадиганлардан ҳам эмас.
Унда гап нимада? Кечагина хонадонингизга келин бўлиб тушган қиз учун эрининг юмушлари зарурроқ, унинг кўрсатмалари устунроқ туюлади. У шунинг учун аввал эрининг кам-кўстини тўғрилаб, ишга жўнатишга интилади. Оқибатда бу ёқда сизнинг юмушларингиз чала қолади. Нариги томонда эрингиз «дастурхонни йиғиб олмайсизларми?» деб бақиришга тушади. У кишини тинчитай, деб чопса, бу ёқда қайнини, қайнсингиллар тўнғиллашни, ғинғиллашни бошлаб юборишади.
Ҳеч ким «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган жувон – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «па-па»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга етказган арзанда қизи. Улар қизларининг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг «Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдай кўраман», деган ваъдаларингизга ишониб,  қалбининг бир парчасини сизга қўш-қўллаб тутган.
Ўн саккиз яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини билмайди. Эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган. Балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини ўрганиб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳм-шафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?
Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Шундай экан, унга ҳам ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг. Қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Бордию, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.
Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилару таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Бунга аччиқланган келинни «Қовоғини уйди, тўнини тескари кийиб олди», деб ҳайдашга уринамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. Агар эр-хотиннинг муросалари бўлмаса ҳам гўргайди, аксинча ўғлингиз билан келинингиз ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгудай: бир-бирига муҳаббатли, садоқатли, оқибатли.
«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.
Хўш, келин билан аҳил яшаш, оилада тотувлик ва фароғат бўлиши учун қайнона нималар қилиши керак? Бу ҳақда алломаларимиз, машойихларимиз жуда кўп панду насиҳатлар қилишган. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган момоларимизнинг айтганлари, қилган ишлари ҳозирги қайноналаримиз учун бир ибрат мактабидир. Қуйидаги ана шундай ҳаёт тажрибалари, яхши қайнона бўлиш қоидалари бу борада барча қайноналарга ёрдам беради, деган умиддамиз:
1. Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб «қизим-қизим»лаб меҳр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айбу хатоларини яширинг. 
2. Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга келинни мақтанг, бир-бирининг устидан асло шикоят қила кўрманг. 
3. Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизнинг муносабатингизга қараб бўлади. 
4. Эр-хотин ғижиллашиб ёки уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғил ўзингизники – гапингиз ботмайди, аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтириб юборади. 
5. Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, бориб кўришига дарров рухсат беринг, чунки янги келинликда унинг яқинларидан узилиб, бошқа хонадонга кўникиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кўпда боравермайди.  
6. Келинингиз олдида бошқа келинларнинг ҳуснини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарфу харажатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. 
7. Келиннинг хизматидан, тайёрлаган овқатидан, юриш-туришидан айб топаверманг. Ўзингиз янги келин бўлган даврларни бир эсга олинг. Айби бўлса, малол келмайдиган қилиб ўзига айтинг. 
8. Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса, «Нега менга ёки синглингга қўшиб келмадинг?» деб жанжал чиқаришга шошилманг. Балки пули етмагандир ёки фаросати! Кейинчалик буни ўзига тушунтиринг. 
9. Қайноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз «демак, эрим уни яхши кўриб қолибди», деган нотўғри хулоса чиқариб жанжал кўтарманг. Бу ғирт бемаъниликдир. 
10. Ҳеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. «Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади». Қолаверса, яна тўй қилиш учун қанча ҳаракат ва харажат керак бўлади. 
Ҳа, муҳтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши оғир, юмуши мушкул! Ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли, саодатли ҳаёт кечириши учун сиздан анча-мунча бағрикенглик, кечиримлилик, меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Ўғлингизнинг эт-тирноғига, оилангизнинг аъзосига айланган келинингизга ҳам муҳаббат қўйинг, хато-нуқсонларини кечиринг, билмаганларини ўргатиб йўлингизга солинг, унинг обрўсини асранг. Ана шунда сиз комил мусулмон бўласиз, оилангизга тинчлик, тотувлик, файзу барака, фароғат ошён қуради.

 

 

 

Аёлликка очилган аза

Дарди бошқа...

Дарахтнинг бўйи йиқилганда кўринади, деганлари рост экан. Ўзининг АЁЛ эканини эслатиш учун танасини очиб, гўзаллигини бозорга солиб юришга мажбур бўлаётган чет эллик бахтиқаро хонимларнинг гўёки «эркинлик», «замонавийлик» бўлиб кўринган шармандаликларига тақлид қила-қила шарқона ахлоқнинг илдизларига болта уриб бўлган эканмиз. Аждодларимиз юзлаб йиллар давомида авайлаб келган бу «дарахт» қулагандай бўлди-ю, бизнинг қандай неъматдан айрилиб қолганимиз бор бўйи билан кўринди...

Эрининг фалокатга учраб, икки ойгина касалхонага тушиб қолиши туфайли «қийналиб» қолиб, «яхши яшашнинг «йўлларини» ўйлаб топган» хотиннинг қорни тўймай қолганидан шу расвогарчиликни қилганига ишонмайман. У икки ойнинг ичидагина «бузуқ» бўлиб қолган эмас. Бузуқ хаёллар бу хотинни олдинроқ маҳв этган бўлиши керак: эҳтимол, у эрининг топиш-тутишидан қониқмай, «бойвачча» эркакларга зимдан ҳавасланиб юргандир, эҳтимол, эрининг бағрида ёшлигидаги «севгилиси»нинг хаёли билан яшагандир... Ҳар нима бўлганда ҳам, эрини қадрламай, ўзгаларга иштиёқманд бўлиб ёки бетайин орзу-армонлар, афсонавий хаёлотлар билан онгини булғаб кун кечиргани аниқ. Эрининг фалокати туфайли келиб чиққан қийинчиликлар эса унинг учун айни муддао бўлгандай... Лекин дунёнинг ҳисоб-китоби нақадар тўғри эканини ҳисобга олсак, албатта, аёли зинога жазм қилган эркакларда ҳам каттагина айб борлигини англаймиз. Зинокор аёл беор, бетайин эркакларга жазо тариқасида юборилгандай туюлади. Аммо барибир зинодан қўрқмайдиган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган аёлни ҳеч қандай шароиту сабаблар билан оқламоқ мумкин эмас. Бундайларни оқлашнинг ўзи нодонлик. Негаки, ҳар қандай (айниқса, шаҳвоний) нафсни тийса бўлади. Одам боласи очликдан, сувсизликдан ўлиб қолиши мумкиндир, лекин ҳирсини қондирмагани учун ўлиб қолган одамни дунё ҳали кўрмаган. Дунёда ўзини тиёлмаган, АЁЛлик ғурурини номаҳрам эркакнинг оёғи остига ташлаган, ўзини булғаган эрли аёлдан ҳам кўра шармандалироқ, хорроқ, аянчлироқ кимса йўқдир.
Аёл хиёнати ҳақида эшитганимда, ўйлайвераман: уруш даври аёлларининг зуваласи бошқа ердан олинганмидийкин... Қорахатни кўксига босиб, эрининг тирик эканидан умид узмай, унинг эшикдан кириб келишини ўттиз, ҳатто қирқ йиллаб кутган, эрининг арвоҳига ҳурмат сақлаб, бошқа турмуш қурмай ўтган аёлларда нафс йўқмиди! Тўйининг эртасига куёвини урушга кузатган келинчакларда, ҳали ўттизга ҳам кирмай бева қолган жувонларда нафс йўқмиди! Болалари очликдан чирқираётган хотинлар ҳам нон тилаб бегона эркакларнинг эшигига бормаган эди-ку.
Уларнинг қўллари қадоқ, кўйлаклари ямоқ, лекин кўнгиллари тоза, ўй-хаёллари тиниқ, ниятлари яхши эди. Аёллик - қайсидир бир эркакнинг нафсини қондириб юриш эмаслигини яхши англардилар улар. Бузуқлик наслни булғашини, қонни айнитишини билардилар. Асосийси, Худодан қўрқардилар!
...Раҳматли бувимнинг туғишган опалари бўларди. У кишини «катта буви» дердик. Эри урушда вафот этиб, йигирма беш ёшида уч бола билан бева қолган. «Тишида тишлаб боққан» уч боласининг бири очликдан, бири касалликдан, бири отасига ичикиб вафот этган. Шу-шу бошқа рўзғор қурмаган. Узоқ йиллар ёлғиз яшаганига қарамай, номи ёмонга чиқмаган. У кишини қишлоқнинг катта-ю кичиги «ая» деб чақирар, бирдек ҳурмат қиларди. Катта бувимнинг мунғайиб, хаёлга ботиб ўтирганларини кўп кўрганман. Бир куни у кишини жуда ғалати алфозда учратдим. Катта бувим уй ичидаги ўчоқнинг четига кўксиларини бериб, мўриконга қараганча: «Карома-ат, Салома-ат...» дея раҳматли фар¬зандларининг отини айтиб чақирар, инграб йиғлардилар... Ўшанда бувимнинг аҳволи мени ларзага солган, овозидаги мунг юрагимни тешиб юборгандай бўлган, бола қалбим билан у кишининг қанчалик катта дардни, кетмас азобни кўтариб, бировга ҳасрат қилмай, унсиз юрганларини англаган, қўшилишиб юм-юм йиғлаган эдим... Ана ўша аёлларга таскин, суянч, юпанч керакмасмиди?! Керак эди. Жудаям керак эди. Лекин улар ўзларининг ҳаловати учун эрининг арвоҳини чирқиратадиган даражада пасткаш, нафс кўйида охиратини куйдирадиган даражада нодон эмас эдилар.
Ҳозирги замонда аҳволи ўша аёлларнинг аҳволидан кўра ночорроқ, ёмонроқ аёл борми? Орамизда кийимига ямоқ тушган, қорни нонга тўймаётган, болалари очликдан ўлаётган аёл борми? Йўқ! Демак, эри бўлатуриб «бузилиб» кетаётган, яхши топиб-тутмаётгани баҳона эрининг «кўзига тупроқ сочаётган» хотинларнинг дарди бошқа...

Дунё кечикиб билган ҳақиқат

Ҳар қандай жамиятда аёлнинг бўйнидаги масъулият эркакларникидан каттароқ. Чунки аёл - фарзанд туғади, уни тарбиялайди, яъни келажак авлоднинг тамал тошини қўяди. «Жаннат оналар оёғи остидадир», дейилган. Лекин афсуски, бу улуғликка бола туққан ҳамма аёл ҳам муносиб бўлолмайди.
Агар аёлнинг ўзи тарбиясиз, енгил-елпи ҳаётга иштиёқманд, нодон бўлса, болаларига қандай тарбия беради? У келтирган оқибат аянчли оқибатдир, яъни бир эркакнинг наслини бузади, бир авлоднинг қонини булғайди. Айни шу ҳақиқатни яқингинада япон олимлари илмий исботлаб бердилар. Японияда кўп сонли кўнгилли иштирокчилар устида олиб борилган узоқ йиллик илмий текшириш якунида жуда кўпчиликни лол қилган хулосалар жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинди. Бу ҳақда Британиянинг The Daily Mail газетаси шундай ёзади: «...Текширишлар якунида маълум бўлишича, бир аёл нечта фарзанд кўрса, (биттами, ўнтами) уларнинг ҳар бирига шу аёлнинг (онанинг) табиатидан, феъл-атворидан ўн етти фоиз турли ўхшашликлар, хусусиятлар ўтади. Отадан эса болага ўн фоиз хусусият, феъл-атвордаги ўхшашликлар ўтиши мумкин, холос. Лекин шунда ҳам бу ўхшашлик болаларнинг ҳаммасига бирдек ўтмайди, яъни уч-тўрт фарзанддан биттасигагина ўтиши мумкин. Ҳатто ўз отасининг феъл-атворидан бир фоиз ҳам «улуш» олмаган фарзандлар учрар экан...»
Кўринадики, оилада онанинг ким эканлиги болаларнинг қандай одам бўлиб шаклланишини белгилайди. Дунё энди билган бу ҳақиқатни бизнинг донишманд халқимиз бир неча юз йиллар олдинроқ англаган ва ўз хулосасини чиқариб қўйган эди: «Отаси ёмон - биттаси ёмон, онаси ёмон - ҳаммаси ёмон!»

Уқувсизлар «фалсафаси»

Дунёдаги энг хунук ҳолат - аёлнинг дилозорлиги. Дунёдаги энг хунук аёл - эрига бақираётган аёл. Дунёдаги энг шарманда кимса - ўзини бозорга солаётган хотин. Дунёдаги энг аҳмоқ кимса - эри билан оиладаги бошқарувни талашаётган хотин. Дунёдаги энг адашган кимса - ўзини тарбияламай туриб, ахлоқини ислоҳ қилмай туриб бола кўпайтирадиган, бола туғиб қўйишнигина оналик деб тушунадиган хотин. Дунёдаги энг бечора кимса эса - хотиндан ёлчимай ўтган эр...
Халқимизда «Яхши от кейин чопади», деган нақл бор. Нега яхши от кейин чопади? Чунки у ўзидан олдин югураётган отларни кузатади: қаерда тойиляпти, қаерни айланиб ўтиш керак, қаерда йиқилиш хавфи бор... Шунга қараб, тадоригини кўриб чопади. Эътибор берсангиз, аёлларимизнинг кўпчилиги Ғарб аёлларига ошкора ҳавасланади. Улардан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар ҳам бордир балки. Беҳад қулайликлар ичида яшаётгани билан айримларимизнинг ҳавасимизни келтираётган ғарблик аёллар (ўхшатиш жоиз бўлса) - биздан олдин чопаётган «уюр». Биз уларнинг хатосини, қаерда тойилиб, қаерда йиқилиб қолаётганини кўриб турибмиз, лекин жуда кўпчилигимиз бундан хулоса чиқармай, олдиндаги «от»ларнинг белини синдираётган «чуқур»ларга қараб чопишдан чўчимаяпмиз.
Масалан, ўтган асрнинг бошларида Америка ва Ғарб аёллари ўртасида феминистик мафкура шаклланган ва бу оқим ҳозирга қадар ўша давлатларнинг аёллари ўртасида ўз кучига эга. Яъни, улар барча жабҳаларда, айниқса оилада эркаклар билан тенглашишга интилиб, бу йўлда улар билан тинмай беллашдилар. Эркакларга итоат қилмаслик учун уларга қарши курашишгача бориб етдилар. Афсуски, айни шу ҳолат ҳар хил тарзда бизнинг аёллар ўртасида ҳам кузатилмоқда. Англамаяпмизки, эркаклардан ўтаман деган ўша шаддод Ғарб аёллари ўз қилғиликлари туфайли бугун беқадр. Уларнинг эркаклари никоҳ масъулиятидан қочадиган бўлиб қолган. Энди у хонимларнинг бор-йўқ ташвиши эркакларини «Никоҳ уйи»га етаклаш учун минг бир ҳийлалар ўйлаб топишдан иборат бўлиб бормоқда. Негаки, инсон боласининг ҳаммасига оила керак.
Ғарб аёлларининг эркакларга итоат қилмаслик учун курашишлари бориб турган аҳмоқликдан ўзга нарса эмас эди. Чунки, дунёдаги ҳеч бир эркак қўлида таёқ билан хотинига зуғум ўтказиб, уни исёнга сабаб бўлар даражада азоблаб ёки кишанга солиб бўйсундиришга ҳаракат қилмаётганди. Ғарблик феминист аёлларнинг бор фожеаси - уларнинг асл АЁЛ бўлишни уддалолмаганликларида, рўзғорбоп бўлишни эплолмаганликларида, оилавий масалаларда уқувсиз эканликларида, ўйин-кулгига ўчликларидадир.
Бизнинг баъзиларимиз ўшаларга тақлидан эркакларга нисбатан зулмкор, муросасиз бўлишни ўргандик. Билмаяпмизки, эркакларга бемаъни талабчанлик, ярашиқсиз қайсарлик қилиш билан дунёдаги ҳеч қайси аёл барака топмайди, истаганига эришмайди.
Тарихда дунёни бошқарган ҳукмдорларнинг асосий маслаҳатчилари ҳам уларнинг оқила аёллари эди. Бу мастура аёллар ўз султонларига шаддодлик қилиш, манаман дейиш билан эмас, мутелик, итоатгўйлик билан, ҳалимлик билан, ҳузурида қулдек мунтазир туриш билан эгалик қилганлар. Ана шунинг номини аёллик «санъати» дейдилар. Бу санъатни билмайдиганларга АЁЛман дейишга йўл бўлсин!

Ўзини суйдира олиш «илми»

Бир дугонамнинг етмишга кирган бувиси бўларди. Унинг чолини бир кўрсангиз эди: қўпол, тўғри гапни ҳам уришаётгандай қилиб айтади. Кампир эса ҳалимгина, ҳамиша кулиб туради. Шу чол-кампир эллик йилдан ортиқ бирга яшашган. Дугонам айтарди:
- Бувам билан шунча йил қандай муроса қилгансиз-а, буви, десак, бувим: «Аёл киши феъли ёмон эркакни тадбир билан тузатиши, уни рисолага солиши керак. Буванг менга суяниб қолган, унинг машмашалари - менга эркалик қилгани-да», дейдилар...
Шу онахон вафот этди. Чол чиндан ҳам кампирига эркалик қилиб кун кўриб юрган экан, унга чиндан ҳам суяниб қолган экан. Онахоннинг вафотидан кейин узоқ яшамади. Дугонамнинг айтишича, буваси кампирини кўмиб келгач одамови бўлиб қолган, ҳеч ким билан гаплашмай, бир нуқтага тикилиб ўтирадиган одат чиқарган экан. Онахоннинг маъракаси ўтган куннинг эртасига чолни унинг қабри ёнидан ўлик ҳолда топишган...
Тўғри, у бирга яшаган даврларида хотинига ҳинд кинолари ёки турк сериалларидаги ошиқ каби мулозамат, эътибор кўрсатмагандир, хотинини ортиқча эркалатмагандир. Лекин аёлини юракдан, унсизгина, астойдил суйгани аниқ. Тўғрироғи, табиатан жуда қўпол эрга ҳам хотин (мулойим феъли туфайли) ўзини суйдира олган. «Эркаги кўзига чўчқадай кўринишини қўшни аёлга энсаси қотиб сўзлаётган аёл»да эса айни шу хислат йўқ. Негаки, АЁЛлик «илми»нинг ўзаги ҳам шу - ўзини суйдира олиш!
Фақат калтабин аёлгина «Эрим мени албатта суйиши керак, мен унга бола туғиб бердим, уйига бекалик қиляпман, шу туфайли ҳам у мени суйишга мажбур», деб ўйлайди. Оилага, рўзғор тутишга тайёр бўлмаган қиз эса турмушга чиққач «Мана энди менинг «законний» эрим бўлди», дея хотиржам тортиб, назокатнинг ўрнига талабни оширади. Ўзининг хотин эканини ширин муомала, ширин изҳорлар билан эмас, ноўрин талаб ва тергашлар, кесатиқлар билан «эслата бошлайди»: «Менам хотинман, унга ҳаққим бор, бунга ҳаққим бор, ундай қилишингиз керак, бундай қилишингиз керак, вазифангиз!» Ҳаётда эркакни уйдан бездиришнинг бундан осон йўли бўлмаса керак...
«Соҳибжамол ва махлуқ» мультфильмини кўргансиз. Шу мультфильм болалар учун эмас, балки катталарга сабоқ бўлсин учун ишлангандек туюлади менга. Мультфильм қаҳрамони ойимқиз ширин муомала, оқилалик билан аламзада, қўпол махлуқни одам қилади, унинг барча камчиликларидан кўз юмади, ҳар қанча бесўнақай ва хунук, муросасиз эканига қарамай, унга назокат билан, меҳр билан ёндошиб, ҳаётга қайтаради.
Назаримда, ҳамиша эридан нолиб юрадиган аёл эрини эмас, ўзини шарманда қилаётгандек, АЁЛ бўлмоқни эплолмаётганини кўрсатиб қўяётгандек. «Қорнини тўқ, устини бут қилиб қўйган» эркакнинг кўнглини ололмагани, ўзига меҳрибон қилолмагани аёлнинг ношудлигидан дарак эмасми?
«Ҳаётингда шундай яшаки, сен кетгач, ҳеч ким сенинг ўрнингни тўлдиролмасин!» деган эди файласуфлардан бири. Аёл киши эрининг шундай жуфти бўлиб яшамоғи керакки, эркакка усиз дунё қоронғу бўлсин, эркак уйига келганда яйрасин, эркакнинг бор парвоналиги шу аёли, оиласи учун бўлсин. Агар бунинг акси бўлса, хотини вафот этиб, бошқасига уйланган эркаклар «янги хотин»ининг меҳридан ийиб, «Мана энди хотин кўрдим, илгари қандай яшаган эканман-а...» деб юрса, бунақа нўноқ аёлликнинг боридан йўғи!
Аёл кишининг дилозорлиги - АЁЛликка очилган аза бўлса керак...

Дилфуза КОМИЛОВА

Заҳардан қутилинг (Келинларга маслаҳат)

Қадимги Хитойда турмушга чиққан қиз эрининг уйида яшаб, унга ва унинг онасига хизмат қилиши керак эди. Шундай урф-одатларга мувофиқ турмуш ўртоғининг хонадонида яшаб келаётган бир қиз тўйдан кейин қайнонасининг гиналарига чидай олмабди. Шу боис ундан қутулишга қарор қилибди. Қиз дадасининг табиб ўртоғини олдига бориб, унга: – Қайнонам билан бошқа яшай олмайман. У мени яқинда ақлдан оздиради. Ёрдам бера оласизми? Бунинг эвазига яхшигина ҳақ бераман, – дебди.
– Сенга қандай ёрдам беришим мумкин? – дея сўрабди табиб.

– Заҳар тайёрлаб беришингизни истайман. Қайнонамни заҳарлаб, барча кулфатларимдан халос бўлмоқчиман. Узоқ ўйга толган табиб шундай дебди: – Майли ёрдам бераман. Бироқ икки нарсани тушунишинг керак бўлади. Биринчидан, қайнонангни дарҳол заҳарлай олмайсан. Чунки одамлар буни сен қилганингни пайқаб қолишади. Сенга аста-секин ўлдирадиган заҳар тайёрлаб бераман. Ўшанда уни сен заҳарлаб ўлдирганинг ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Иккинчидан, одамлар гумонлардан бутунлай халос бўлиши учун сен жаҳлингни жиловлашни, уни ҳурмат қилишни, яхши кўришни, сўзларига қулоқ солишни ва сабр қилишни ўрганишинг керак бўлади. Шундагина қайнонангнинг ўлимида ҳеч ким сендан гумон қилмайди.

Қиз барчасига рози бўлиб гиёҳни олади ва қайнонасининг таомига қўшиб боради. Бундан ташқари, у ўзини назорат қилиб, қайнонасининг сўзларига қулоқ солиб, уни ҳурмат қилишни бошлайди. Келинининг унга бўлган муносабатини кўрган қайнона қизни бутун қалби билан яхши кўриб қолади. У қизни ҳаммага орзу қилиш мумкин бўлган энг яхши келин, дея мақтаб юради. Ярим йил ўтгач уларнинг муносабатлари худди туғишган она-боладек бўлиб кетади.

Орадан маълум вақт ўтиб қиз табибнинг олдига келиб, илтимос билан: – Худо учун илтимос қиламан, қайнонамни қутқаринг. Уни ўлдиришни истамайман. У энг яхши қайнонага айланди. Мен уни яхши кўраман, – дебди.

Табиб эса: – Хавотир олма, сенга заҳар эмас, оддий зираворлар бергандим. Заҳар сенинг каллангда эди. Ниҳоят ундан халос бўлибсан, – дея кулиб қўйибди.

Абу Муслим таржимаси

Кир ювиш санъати

Ассалому алайкум ораста опа-сингиллар. Бугунги кунда техника ривожланиб бизнинг юмушларимиз анчагина енгиллашиб қолган. Кирни барчамиз автомат машинада, оддий машинада ёки қўлда ювамиз. Кир ювишда аввало сифатли кир ювиш воситаси ва чаювчи воситалардан фойдалансак кирларимиз тоза ва ҳушбўй бўлади, ҳамда  машинамиз бизларга узоқ хизмат қилади.
Аввало кир тўплаш одатини йиғиштириб, кунда тушган кирни кунда ювайлик. Масалан, буви-буваларимизнинг, ота-оналаримиз, ака-укаларимизнинг кийимларини ўзига қараб тартиб билан тозалаб ювиб, яхшилаб чайсак ва ёшларининг ҳурматларини қилиб аввал катталар, сўнг улардан кичиклар кийимларини қоқиб чокларини текислаб оссак кўзни қувонтиради ва биз дуо олашимизга сабаб бўлади.
Баъзида барча нарса етарли бу қолган кирларимни еғиндан сўнг ҳаммасини битта қилиб юваман деб ўйламанг, чунки чарчаб белдан ажрайсиз.
Кир ювишдан аввал уларни саралаб олинади, уринган (ёғ бўлмаган) дастурхон ва салфеткалар автомат машинага солинса мағзавасини тоғорага олиниб ошхонадаги ёғли сочиқ ва дастурхончаларни қўлда ювиб олиш мумкин.Тежамкорлик мақсадида албатта.
Ўринбош ғилофларидан тушган сувга ички кийим, пижамаларни солиб қўлда ювиш мумкин.
Катталар кийимларини кичикларникидан алоҳида, рангига қараб ажратилинса, ранги уриб дилни хира қилмайди. Чунки исноди бизга саранжонгинам, сариштагинам сўзлари бизни қувватлантиради”.
Машинангиз автомат бўлмаса,юз сочиқларини, улардан сўнг пайпоқларни ҳам қўлда ювишни кичик ёрдамчиларга топширилиш мумкин. Юз сочиқлар тез-тез тозалангани учун уларни ишқалаш осон, чала бўлиб ҳам қолмайди.
Оддий кир машинасида сочиқларни ювсангиз қаранг, ундан қолган сувда  сочиқларнинг иплари чиққан бўлса, ўзига ип ёпиштирмайдиган кирни ювсангиз бўлади, йўқса қора кийим ва шимларга иплар ёпишиб сизга иш кўпайтиради.
Болалар кийимларини алоҳида ахлати бўлса ташлаб, сўнг чайиб кир совун суртиб 10- 15 дақиқага ивитиб қўямиз. Аввал тоғорада бош кийим сўнг майка, кўйлакчалар кейин иштончалар ва пайпоқчалар ювишни ҳам ёрдамчиларимизга топширсак, уларни кузатган ҳолда, кир ювишни тушунтириб, ўргатиб борамиз. Доғли жойларга (мева доғлори, колготкалар, пайпоқлар таги) совун суртиб ивитилиб, сўнг ишқаб юборилса топ -тоза бўлади.
Энди эса кир чайиш ҳақида. Улар қай тартибда ювилган бўлса, шу тартибда рангига қараб, терсини қилиб, ораларини ёйиб-ёйиб тозалаб чайилади. Бу жараён бир томондан ювилса, бир томондан чайишга ташланади.
Оқиб турган совуқ сувда матонинг нозиклигига қараб, ишқаб-ишқаб уч марта суви тўкилиб чайилади.
Сиқиш жараёнида илиқ сувни тагига кирларни тутиб очиб, чойшабларнинг бурчаклари-ю, чўнтакларнинг ичларидаги кирларни сувга тутиб чайиб, яхшилаб қаттиқ сиқилади. Шунда кучимиз етмаса куч етганча сиқиб юқорида айтилган тартиб билан барчаникини терсини қилиб қоқиб, текислаб оссак, тоза чайилган кирларимиздан тиниқ тоза сув томади.
Қуритилган кирларни энди уларни йиғишдан аввал ҳам қоқиб тахлаб олсак дазмол босиш осон бўлади.
Ҳар бир вазифамиз ибодатдир, агар уни гўзал тарзда бажарсак савоби янада ортади.
Энди ҳам чарчадим дея оласизми, шунча савобни олиб “Алҳамду лиллоҳ”деб чой ичиб олинг. Зеро муслималар сер қирра биллурдек товланиб барчага ибрат бўла оладилар.

Нозимахон

Аёллар жойи ҳамиша ошхонадами?

Британиянинг Нюаксл дорилфунунида сотсиологогик сўров ўтказилиб, унда ўттиз ёшдан қирқ ёшгача бўлган 200 эркак ва аёл қатнашди. Сўров иштирокчиларининг каттагина қисми аёллар тўла иш куни мобайнида ишхонасида банд бўлса ҳам уларнинг жойи ошхонададир, деб ҳисоблайди. 75 фоизи эса оила учун озиқ-овқат харид қилиш ва пишириб-куйдириш ҳам тўла аёлларнинг вазифаси, деб таъкидлайди. “Нима учун рўзғорнинг бор ташвиши айнан аёллар зиммасига тушиши керак?” деган саволга жавоблар турлича бўлди: бирови уларнинг бўш вақти кўпроқ деса, бошқаси аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ таом тайёрлашга фойдали маҳсулотларни танлашга уста, деб далил топди.

Инсоният тарихи давомида аёлга кунининг катта қисмини ошхонада ўтказиш одат бўлиб келган: у таом тайёрлайди, оила аъзоларини овқатлантиради, кирини ювади ва уйини тозалайди. Ўрта асрлардан бери эркак рўзғор нафақасига, аёл эса ўчоқбошига масъул бўлиб келган. Шундан буён замонлар ўзгарди, аёллар ўзгарди, аммо оилага таом тайёрлаш аёлларнинг асосий вазифаси бўлиб қолаверди. Тўғри, ҳатто тухум қовуришни эплолмайдиган қизлар ҳам бор, лекин вақти-соати келиб улар ҳам буни уддалайдиган бўлиб кетишади. Аёлларнинг кўпчилиги деярли бутун кунини турли таомлар тайёрлаш учун ошхонада ўтказади, бу уларнинг кўп вақтини олади.

Шундай бўлиши шартми? Бу саволга мадраса мударрисаси Мадина Ҳусниева бундай жавоб беради: “Барчага маълумки, вақтни фойдали ишларга сарфлаш, уни беҳуда совурмаслик керак. Таом масаласига келсак, имонли киши овқатланиш меъёрини билиши лозим. Одатда овқат ҳаёт кечириш ва ибодатлар учун куч йиғиш мақсадида ейилади, баъзилар каби турфа таомлар еб-лаззатланиш инсоннинг бош мақсади бўлмаслиги даркор. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўп таом ейиш ва семиришдан қайтарганлар. Ҳадислардан бирида: “Мўмин битта ичагини тўлдирса, кофир етти ичагини тўлдиради”, дейилган. Яна: “Инсон тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони унинг ошқозонидир”, деган ҳадис ҳам бор. Таомланиш одобига кўра, дастурхондан чала тўйган ҳолда туриб кетишга одатланиш керак. Аммо аёл ошхонада таом тайёрлаётганида Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши, Қуръон сураларини ёдлаши ёки уларни магнитофон орқали тинглаши каби фойдали ишлар бошқа гап. Бунда вақт фойдали машғулотларга сарфланган бўлади: аёл ҳам овқатини пиширади, ҳам ибодат билан шуғулланади. Шу тариқа аёлнинг оила аъзоларига таом тайёрлаши ибодат даражасига кўтарилади ва у бунинг эвазига охиратда ажр-мукофотга сазовор бўлади”.

Ҳозир сайтимизда 177 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ