1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Уйимиздаги яширин "душман"лар

Олиб борилган изланишлар шуни кўрсатдики, PBDE моддаси асосан уйимиздаги жиҳозлар мебел, гилам, телевизор ва компьютерларда кўп учрар экан. Унинг овқат, қон ва она сути таркибида ҳам учраётгани кишини ташвишлантиради. Ҳозирда АҚШдаги 3000 га яқин хавфли ўсма касалига чалиниш ҳолатларига гиламдан чиқадиган чанг сабаб бўлгани тахмин қилинмокда.

Соғлом турмуш тарзининг асосий шарти ўлароқ тоза ва мусаффо ҳаво ҳамда имкон қадар табиий муҳит кўрсатилади. Тозалик мавжуд моддаларнинг улушига боғлиқ. Бошқача айтганда, бирор кимёвий модда улуши меъёридан ошса ёки камайса, зарарни келтириб чиқаради. Ҳар бир модданинг фойда ёки зарар экани рухсат этилган миқдорига кўра белгиланади. Ҳатто турмушимизда қўлланиладиган маҳсулот ва истеъмол қилиндиган озиқ-овқатлар таркибидаги кимёвий моддалар меъёрдан ошган тақдирда заҳарга айланиши мумкин.
Табиий йўл билан парчаланмайдиган, бирикиб маълум миқдордан ошганида салбий таъсир кўрсатадиган моддалар инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Аксарият инсонлар ёш ўтгач истеъмол килинган кимёвий моддалар миқдори рухсат этилган даражадан ошиб кетади. Баъзида эса, истеъмол моллари таркибидаги заҳарли моддалар бир-бирининг кучини ошириб, организмга салбий таъсир кўрсатади. Натижада, касалликлар келиб чиқади.
Бундай нохушликлардан сакданиш учун салбий таъсири кам ва умр бўйи истеъмол қилинганда ҳам таркибидаги элементлар микдори белгиланган меъёрдан ошиб кетмайдиган моддалардан фойдаланиш лозим. Бунинг учун, албатта, истеъмол қилинадиган моддалар таркиби ва зарарсизлик чегарасини яхши билиш керак. Белгиланган меъёрни назарга олмай, «бу фойдали, буниси эса зарарли», деб, барча нарсани иккига ажратиб қўйиш ҳам нотўғри.
Ҳаётимизнинг кўп қисми уй ва ишхонада ўтади. Шу каби жойларда ҳам мазкур хавф-хатарларга беэътибор бўлмаган маъқул.
Кундалик ҳаётимизда учувчан газлар (хлорид кислота буғлари), углерод монооксид (СО) ва ҳашаротларга қарши қўлланиладиган турли дори воситалари каби уч мингдан ортиқ органик моддалар бизга таъсир ўтказади. Бу органик моддалар ўрганилганда, 30 та газнинг канцероген (хавфли ўсма касалини келтириб чиқарувчи) хусусияти аниқланган. Ўтказилган тадқиқотларда, керакли чора-тадбирлар олинмаган уйларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси соғликка жиддий зарар етказиши аниқданди. Уй шароитида ҳавонинг ифлосланиши, асосан, тозалик ва косметика воситаларида ишлатиладиган зарарли моддалар натижасида юзага келар экан.
Сўнгги маълумотларга кўра: -канцероген (рак келтириб чиқарувчи) модда бўлган бензапиреннинг 45 фоизи сигарета орқали;
-36 фоизи автомобиллардан чиқадиган газлардан; -16 фоизи парфюмерия, косметика ва бошқа тозалик воситалари, ксерокопия ёки принтер кукуни ҳамда ҳашарот ўлдирувчи инсектицидлар орқали; -3 фоизи саноат ишлаб чиқариш тармоқлари орқали организмга киради.
Шундай экан, тамаки чекиш орқали ҳавонинг ифлосланишига қарши камида экологияни бузувчи турли хил заводларга қарши олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар лозим.
Бир қатор учувчан газлар уйларда ҳам кўп миқцорда бўлиши мумкин. Масалан, қуруқ тозалашда ишлатилациган тетрахлор-этилен, ҳожатхона ва ювиниш хоналари жиҳозларини тозалайциган воситалар, хушбўй ҳидли модцаларца қўлланилациган парадихлор бензол кабилар хавфли ўсмани келтириб чиқарувчи моддалар қаторига киради. Баъзи кимёвий модцалар, газ ҳолатица ҳавога аралашаци. Шу билан бирга, тозалаш ишларида кўп ишлатиладиган хлор ҳам хавфли. Уни ишлатаётганца иложи борича махсус ниқоблардан фойдаланиш керак. Хусусан, ҳомиладор аёллар бундай моддаларни ишлатаётганца эҳтиёт чораларини кўришлари талаб этилаци.
Сув тозалашда ишлатиладиган хлор, аччиқтош, оҳак каби моддаларнинг ҳам соғлиққа зарари бор. Шунинг учун, агар сув оҳакли ёки хлорли бўлса (билиш мумкин), истеъмол қилмаган маъқул. Маиший қувур сувларидан эса қайнатиб фойдаланиш керак. Шунингдек, кўп миқдордаги хлорли сувда душ олиш тавсия этилмайди.
Газ плита ва ўчоқлардан билинар-билинмас чиқадиган газлар зараридан сақланиш учун ошхонани тез-тез шамоллатиб туриш керак.
Ҳашаротларга қарши ишлатилациган пестицицлар таркибидаги хлорицол тиббий жиҳатдан заҳарли таъсирга эга. Унинг маълум бир қисми очиқ ҳаво ёки қуёш нурида бактериялар томонидан парчаланиб, зарарсиз ҳолга келтирилади. Аммо уйнинг ҳаво алмашмайдиган, салқин жойлари, гиламнинг туклари орасида қолган пестицидлар йиллаб парчаланмай ётиши ҳам мумкин. Шунингдек, гиламлар орасида яшайдиган майда ҳашарот ва чанглар ҳам зарарли ҳисобланади. Ёш болалар гилам устида ўйнаётганида ёки эмаклаганида ана шундай майда ҳашарот ва чангларни ютиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу сабабли, гиламнинг тозалиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, иш жойлари, пойафзал билан юриладиган гиламлар ўзига жуда кўп миқдорда зарарли чангларни тўплайди.
АҚШда ўтказилган тадқиқотлар чанг таркибида полиброминат дифелинетир (PBDE - polybrominates diphenylethers) номли жуда хавфли модда борлигини аниқлади. Ёш болалар бир кунда ўртача 6000 нанограмдан кўпроқ кимёвий моддани нафас олиш орқали ичларига ютишади. «Биз бу даражадаги модда қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ҳозирча аниқ айтолмаймиз», дейди изланиш олиб бораётган гуруҳ бошлиғи Хизер Степлитон (Hether Stapleton). «Натижалар шуни кўрсатдики, PBDE моддаси асосан уйдаги жиҳозлар: мебел, гилам, телевизор ва компьютерларда кўп учрар экан. Унинг овқат, қон ва она сути таркибида ҳам учраши кишини ташвишлантиради.
Ҳозирда, АҚШдаги 3000 га яқин хавфли ўсма касалига чалиниш ҳолатларига гиламдан чиқадиган чанг сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда».
Уй шароитида барча воситалардан ажраладиган бензапиреннинг кунлик ўртача миқдори 110 нанограммга (учта сигарета таркибидаги миқдорга) тенг. Гиламдаги чанглар ўзида кадмий, қўрғошин каби оғир металл чанглари, полихлоринат биофениллар каби заҳарли моддаларни сақлаши мумкин. Гиламлар, айниқса, астма ва аллергияни қўзғайдиган бактериялар учун жуда севимли макон ҳисобланади.
Косметика саноатида ишлатиладиган моддаларнинг 95 фоизи нефтдан олинади. Канцероген ва нейротоксик хусусиятларга эга косметик воситалар туғма нуқсон ва асаб тизими касалликларини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Маркази АҚШда жойлашган озиқ-овқат ва дориларни назорат қилиш билан шуғулланувчи ташкилот (FDA - Food and Drug Administration) маълумотига кўра, пардоз-андозда ишлатиладиган 138 та ва бошқа спрейли атир (дезодорантлар) саноатида қўлланиладиган 20 та модданинг зарарли хусусияти бор экан. Кирларни юмшатувчи воситаларда хлороформ, хона дезодорантларида эса канцероген модда - парадихлор бензол мавжуд экани ҳам қайд этилган.
Бироқ бу моддаларнинг инсон умри давомида зарарсизлик чегараси ҳақида ҳозирча аниқ бир хулосага келинмаган.
Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган, кўплаб зарарли кимёвий моддалардан ваҳимага тушмаслик мумкин эмас, албатта. Ҳозирда, бу моддаларнинг белгиланган меъёрларини аникдаш ва соғлиққа зарарли деб топилган миқдордан ошмаслиги учун профилактик чораларни ишлаб чикиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.
Кимёвий моддаларнинг зарарли меъёрини аниқ билмаганимиз ҳолда, уларнинг салбий таъсиридан сақланиш учун нималар қилиш лозим?

- Таркибида зарарли моддалар бўлган маҳсулотларни имкон қадар ишлатмаслик керак. Эҳтиёж туғилган ҳолатларда, маҳсулот этикеткаси ёки қўлланмасига қараб, керакли эҳтиёт чораларни қўллаш лозим.
- Сунъий парфюмерия ўрнига табиий парфюмериялардан фойдаланиш, мақсадга мувофиқ.
- Уй тозалиги, айниқса, гилам, шкаф каби чанг йиғиладиган жойларга, алоҳида эътибор беришимиз шарт.
- Маиший қувур сувларини қайнатиб ёки махсус қадоқланган сувлардан фойдаланиш лозим.
- Касаллик келтириб чиқарувчи унсурларни камайтиришнинг имкони бўлмаса, уларга қарши керакли тадбирлар қўллаш керак.

Ривожланган мамлакатларда фойдаланишга яроқсиз деб топилган ёки таъқиқланган кўпгина кимёвий моддалар, ривожланаётган мамлакатларда ҳали ҳам кенг кўламда ишлатиб келинмоқца. Шу боис, таркибида кимёвий модда бўлган маҳсулотларни харид қилишда эътибор билан ёндошиш фойдадан ҳоли эмас.

Дуч келиш мумкин бўлган баъзи кимёвий моддалар ва уларнинг қаерда мавжудлиги ҳақида қуйида берилаётган маълумотлар сизга ёрдамчи бўлади, деган умиддамиз:
1. Ацетон: бўёқ, кир ювиш кукуни, идиш ювиш гели ва дезодорантларда учрайди. Оғиз қуриши, кўнгил айниши, қайт қилишни келтириб чиқаради. Асаб тизимига таъсир этади.
2. Бензалдегид: соч спрейи, оқартирувчилар, соч креми ва шампунларда учрайди. Кўз, тери, ўпка учун зарарли наркотик ҳисобланади.
3. Бензил ацетат: парфюмерия, юмшатувчилар, совун спрейи, оқартирувчилар таркибида мавжуд бўлиб, канцероген модда ҳисобланади.
4. Камфора: парфюмерия, крем, косметика воситаларида учрайди. Нафас йўлларига кириши инсон саломатлиги учун хавфли.
5. Этанол: аксар косметика ва тозалик воситаларида учрайди. Ҳолсизлик ва асаб тизими касалликларини келтириб чиқаради.
6. Лимонен: косметикада ишлатилади. Кўз ва тери учун зарарли. Ҳидлаш мумкин эмас.
7. Апинен, итерпинен, атерпинеол: косметикада ишлатиладиган кимёвий моддалар.

Нуриддин ҚОСИМОВ, шифокор

Агар эрингиз омадсиз бўлса...

Ҳеч қачон ва ҳеч нарсада унинг омади юришмайди. У ўзига мос иш топа олмайди, топган тақдирда ҳам, иш ўрни қисқарганлигини баҳона қилиб, уни дарҳол ишдан бўшатиб юборишади, бунда унга гўё яқин дўстлари хиёнат қилган бўлиб чиқади. Ҳаётда унинг биргина омади чопган жиҳат, бу — сизни учратгани. Бироқ у буни тушуниб етишга қодир эмас. Келинг, яхшиси, буни унга биргалашиб тушунтиришга ҳаракат қилайлик.

БУ «ДАРД»ГА ДАВО БОР

 

Мана ярим йилдирки, у ўзига муносиб иш тополмай овораи-сарсон. Негаки, қандай иш чиқмасин, барибир, унга ёқмайди, худди шунингдек, ҳар қанақа маош ҳам. Унинг чўнтагида иккита беш юз сўмликдан ортиқ пул юрмайди, униям кундалик харажатлари учун сиз берган бўлиб чиқасиз. Агар йигирма-ўттиз минг сўм маош тўланадиган иш таклиф килиб қолишса, бу ойлик уни жуда-жуда ҳақоратлайдиган даражада кам ҳисобланади. Нега деганда, у ўзича беқиёс «даҳо», аммо минг афсуски, ҳеч қачон унинг қадрига «етишмайди-да». Устига-устак, сиз унинг қарзларини ҳам тўлашга мажбур бўласиз. Чунки у бундан олти ойча илгари бир ишга жойлашиб, у ердаги ҳамкасбларидан анча-мунча қарз кўтарган. Ана шу қарзини ҳали-ҳамон узолмай юрибди. Яқин орада узолмайди ҳам, негаки, у ердан ишдан бўшаган. Сизнинг жаҳлингиз чиқади, асабингиз қўзийди, қаҳрингиз келади. Уни қайта-қайта уришасиз, аммо бефойда, у кўзини лўқ қилиб ўтираверади.

Сиз омади чопган дугоналарингиз билан қачонлардан бери учрашмай қўйгансиз, уларни соғинасиз, аммо уларга яқин бўлишнинг иложи йўқ. Омадли тенгдошларингиз билан бирга базми жамшидларда, сайру саёҳатларда, бозору дўконларда саросар кезган дамларингиз энди хотира бўлиб улгурган, уларни эслаш бор, ортга қайтариш тушингизга ҳам кирмайди. Энг ачинарлиси, уззукун ишда ишлаб, чарчаган, толиққан ҳолда уйга қайтасиз-да, яна ўша «даҳо» эрингизнинг дунё адолатсизликлари ҳақида тўқиган «оқил ва доно» «фалсафа»ларини жон қулоғингиз билан тинглашга мажбур бўласиз. Ўзингиз сезмаган ҳолда омадсиз эрнинг кўзларидан тўкилаётган аламли ёшларни артиб қўйишингизга тўғри келади. Сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз, у сизни севадими ё шунчаки сиздан фойдаланиб юрибдими? Аммо минг таассуфки, сиз бу бадбахт ва ёрдамга муҳтож эрни ташлаб кетишга қодир эмаслигингизни аниқ биласиз. Ундан шунчаки ажраб кетишга виждонингиз йўл қўймайди. Чунки у билан кўп йилларни бирга ўтказгансиз...

Омадсизлик, бу — ягона руҳий ташхис. Омадсизлар ўзларини икки томонлама баҳолайдилар — биринчидан, гўё улар жуда юқори мақомга эга инсон, иккинчидан, ҳаёт уларни бамисоли эзиб қўйгандек. Омади юришмаган банда ўзи ҳақида шундай ўйлайди: «Мен жуда ақллиман, иқтидорлиман, умуман, ўз қадрини топмаган доҳийман». Шу билан бирга уларнинг кўнглида жуда кучли ваҳима ин қурган бўлади. «Ишларим яна бароридан келмайди, мен ўз иқтидоримни намоён эта олмайман, мағлуб бўлишдан қўрқаман». Бу ички зиддиятлар натижасида сусткашлик ғалаба қозонади (омадсизлар ишда жуда мўминқобил бўлишади), шу важданми, улар жуда қатъиятсиз тоифага мансуб бўлади. Бу эса жиддий руҳий-психологик кечинма. Нега десангиз, омадсиз инсон ўзини омадли кишилардек тута олмаганлиги учун ҳам мудом азият чекиб, кўп қийналади. Ана шу сабабли ҳам унинг қалбида ечилмас занжир пайдо бўлади, у ҳамма нарсани қилишни хоҳлайди, аммо бечоранинг уринишларидан бирон-бир самарали натижа чиқмайди. Омадсиз банда ўзини бамисоли боши қумга тиқилиб қолган кишидек тутади, гўё унинг омади юришмаётганига теварак-атрофдагилар айбдордек. У ҳеч қачон бирон-бир тўсиқни ўз ҳолича, яъни ўзгаларнинг кўмагисиз ошиб ўта олмайди. Унинг қандайдир ўзига хос маънавий қарашлари бўлади. Мабодо, унинг бошини силайверсангиз ёки ҳадеб уришаверсангиз, у ҳеч қачон омадсизлик ботқоғидан чиқиб кета олмайди. Агар сиз уни ҳақиқатдан ҳам севсангиз, уни даволашга киришинг!

МЎЪЖИЗАГАЧА УЧ ҚАДАМ

Йўқ, эрингизни ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Чунки, омадсизлик бу ҳали ажралиш учун сабаб дегани эмас. Аммо қатъий иродалилик ва бироз шафқатсизлик (унинг фойдасини кўзлаб, албатта) сиз учун жудаям зарур:

1. Кечки чойхўрлик пайтида эрингизга ётиғи билан тушунтиринг, энди мен сенга «онатовуқлик» қилмайман, деб очиқ-ошкор бўлмаса-да, шу маънога яқин шаъма қилаверинг. Шу гапларингиздан кейин ҳам у доимги одати бўйича, ўзининг эски «фалсафа»си бўлмиш нолишларини давом эттириб, «ҳамма ёмон, ҳеч ким мени кўролмайди, тирноғим ичидан кир қидираверади» деса ҳам жаҳлингиз чиқиб, баҳслашиб ўтирманг. Бундан кўра унга қараб: «Биласизми, мен ишдан чарчаб-толиқиб келдим ва сиздан яхши янгилик, қувончли хабарлар кутаяпман. Демак, менга ёмон дарак ва ёмонликлар ҳақида асло гапириб ўтирманг» деб айтинг! Албатта, бу гапингиздан омадсиз эрингиз қаттиқ ранжийди, сабаби, сизнинг гапларингиз унинг омадсизлигини пардозлаб, юзига солгандек таассурот уйғотмоқда. Бироқ, сиз ана шу зайлдаги сабоғингизни ҳар кун ва ҳамиша такрорлайверсангиз, балки унинг пайтавасига қурт тушиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга жиддий ёндошар. Ҳадеб ёмонликлар хусусида ўйлашни йиғиштириб, бу дунёда яхшилар, яхшиликлар ва эзгулик улашувчилар ҳам борлиги тўғрисида теранроқ фикр юритиб қолар.

2. Эрингиз, сиз у учун она эмаслигингизни яхши билиши керак. Турмуш ўртоғингиз ана шу нарсани тўғри тушуниб етганидан сўнг, секин-аста унга бошқа зарур ақидалар ҳақида ҳам тушунча бера бошлайсиз. Уни қандайдир йўллар билан ўз муҳаббатингизни қозонишга ўргатинг! Масалан, «Хўжайин, агар иш топа олмаётган бўлсангиз, ҳозирча менга ёрдам беринг, мен ишдан келар пайтимда овқат тайёрлаб туринг, хоналарни тозаланг, хотинингизни кўнглини кўтарадиган бирон-бир ёқимли нарсалар қилишга урининг, ҳеч бўлмаса мен ҳақимда ўйланг!» деганга ўхшаш фикрларни олға суринг. Лекин бу каби Қояларни шундай юмшоқлик ва ҳалимлик билан айтингки, унинг кўнгли бундан асло озор чекмасин. Ана ўшанда марра сизники бўлади.

3. Эрингиз билан биргаликда, у йўл қўйган хато ва камчиликларни муҳокама қилишдан сира эринманг. Нима учун унинг омади юришмаётганини қизғин мунозара асосида обдон ўрганинг. Унинг доимо бир хил тўсиққа дуч келаётганини асосли далиллар воситасида исботлаб беринг. Агар у гапларингизни тинглашни хоҳламай, сиздан ранжиб қоладиган бўлса, у ҳолда «ўзинг учун руҳшуноссан» номли омадсизлар ҳаётини тадқиқ этувчи психолог маслаҳатлари туркумидаги китоблардан харид қилинг! Бу ўринда сиз бажарадиган асосий вазифа, эрингизнинг онгу шуурига сингиб қолган «Мен асли омадсиз бўлиб туғилганман» деган фикрни унинг миясидан чиқариб ташлашдан иборатдир. Ўз ирода ва қатъиятингиз билан ана шунга эриша олсангиз, демак, кўзлаган мақсадингизга эришдингиз ҳисоби. Омадсиз эрнинг мияси бўлмағур «сафсата»лардан тозаланса, у ҳаётга теранроқ нигоҳ ташлай бошлайди. Натижада эса, у омад пиллапоялари сари дадил одим ташлай олади. Бу сиз учун ҳам, ўзи учун ҳам кони фойда. Ушбу маслаҳатларимизни амалда қўллаб кўрсангиз, сиз эрсиз, эрингиз эса хотинсиз қолиши мумкин бўлган хавф батамом бартараф этилади...

Раҳмон ҚОДИР тайёрлади.

Ўзбек аёли

 

 

 

Ўзбек аёли маънавияти ҳақида мақола ёзиш осонмаслигини билсамда, унинг бунчалар қийин бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ўзимча: «Аёл, айниқса, унинг маънавий олами ҳақида гапирмаган мутафаккир, куйламаган шоир йўқ.

Ўшаларнинг айтганларини ўз кузатишларим билан қўшиб бирор нарса чиқарарман», деб ўйлагандим. Аёл маънавияти ҳақида ёзиш нақадар қийинлиги қоғоз билан юзма-юз қолганда яққол билинди. Чунки энг зўр ва таъсирли гаплар айтиб қўйилган. Ўтмишдаги фақат ўз ўтбошиси (оиласи) эмас, балки бутун бошли салтанатлар тақдирини ўзгартириб юборган буюк аёллар ҳақида ҳам қайта-қайта ёзилган. Кейин бугун яшаётган одамларга ҳадеб кечадан гапиравериш ўринли эмасга ўхшайди. Ўтмишимиз қанчалар шарафли бўлмасин, унга маҳлиё бўлиш, ундан фахрланиш билангина чекланиш одамни олға юришдан чалғитадигандай туюлади. Тирик одамнинг бугуни, жуда бўлмаса, кечаги куни даражасида бўлиши керак. Бугуни кечасидан ёруғроқ бўлмаган қавмнинг эртаси бугунидан нурлироқ бўлишига ҳам ишониш қийин.

Отаси ўқиганнинг бири ўқийди, онаси ўқиганнинг бари

Менимча, миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Худдики, мева оғочидан ортиқ бўлолмаганидек, фарзанд ҳам онасидан узоққа кетолмайди. Ўзбекдаги: «Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади», деган ҳикмат бежиз эмас. Аёлнинг ўзи-ку ҳар қаерда ҳам табиатнинг бир сирли хилқати, яратиғи. Лекин ўзбек аёли бугунлай сирлар пардаси тагида. У дунёдаги кўпгина халқларнинг аёлидан тамомила фарқ қилади. Ўзбек аёли ҳар қандай муҳит ва шароитда яшаб кета олади. Шу боис ҳам буткул нотаниш хонадонга келин бўлиб тушган қиз бир неча ойнинг ичида ўша ўтбошига сингишиб, бирини «ота», бирини «она» қилиб олади, бир умр шу уйда яшагандай уларнинг ўзини-ки бўлиб кетадигина эмас, балки бу уйдагиларни ўзиники қилиб олади ҳам. Энди бирор сабаб билан келинчагининг хонадони-да яшашга мажбур бўлган ҳар қандай эркак ҳолатини тасаввур қилинг. У умрининг охирига қадар ҳам бегона жойга сингишмайди, ўзининг «сиғинди» эканини бир дақиқа бўлсин унутолмайди.
Мен қуйида сиртдан қараганда нозиккина, аммо сирли қудратга эга ўзбек аёли маънавияти қирралари борасидаги қараш ва орзу-ўйларимни баён этишга ҳаракат қиламан.

Ожизликнинг кучи

Нима учун Шарқ аёллари азал-азалдан бутун дунё эътиборини тортиб келган? Унинг ечими йўқ тенглама, осон бошқ-ариладигандай туюлса-да, аслида бошқариш имконсиз бўлган мураккаб хилқат саналиши сабаби нимада?

Феминизатсиянинг оммавийлиги жинслар ўртасидаги мутлақ ҳуқуқий тенгликни таъминлаган Ботиш (Ғарб) оиласида эру хотин «қўш ҳўкиз» эмас, уларнинг муносабатида шахсий манфаат ва қонунга мувофиқлик биринчи ўринда туради. Мазкур тенглик қонун доирасида белгилангани ва унга амал қилиш ҳуқуқий муаммо бўлгани учун у ердаги аёлларнинг эрни «бошқариш»га уринишлари зуғум тусини олади. Зеро, тенг кучга эга томонларнинг хатти-ҳаракатларига фақат қонун ҳакамлик қилиши мумкин. Бу ўринда маънавий қарашлар тизими четга суриб қўйилади.

Ўзбек аёли эса қонунда белгилаб қўйилган тенгликнида даъво қилиб ўтирмайди, ўзига алоҳида эътибор кутмайди. Лекин эридан ҳеч нарсани талаб қилмагани ҳолда ҳамма соҳада унга ўз таъсирини ўтказа билади. Чунки аёлнинг мартабаси бизда юридик муаммо эмас, балки маънавий актдир. Шу боис ҳам ўзбек оиласида деярли ҳамиша аёлнинг айтгани бўлади. Чин эркак мавқе талашмаган, тенглик даъво қилмаган «ожиза» билан қонунлашиб юришни ўзига эп кўрмай, аёл айтганига кўниб қўяқолади. Ростдан ҳам, ожизлигини, заифлигини ўзи тан олиб турган одам билан тортишишнинг нима кераги бор? Қудратли саналган кишида ожизни аяш туйғуси кучли бўлади. Бу туйғу одамни юксалтиради.

Бутун куч-қудрати ожизлигида эканини яхши англагани туфайли ўзбек аёли ожиз кўрина олиш санъатини пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Ва ўзбек аёли маънавиятининг айнан шу қирраси миллатдошларимиз ҳаётига ўзгача маъно, ўзаро муносабатларига ўзгача жозиба бахш этади. Шунинг учун ҳам айрим гендерчи фаоллар томонидан келинларнинг бирор жойга куёвларидан рухсат сўраб боришлари инсон ҳуқуқларининг топталиши тарзида талқин этилиб, оилада ҳеч ким ҳеч кимга бўйсунмаслиги кераклигини тарғиб этилиши миллий қадриятларни билмаслик, уни оёқ ости қилиб, миллий ўзига хосликни йўқотишга уриниш, ўзбек оиласи мустаҳкамлигига зарар етказишдан бошқа нарса эмас.

Ширин тил, лабдаги табассум, кўздаги ёш

Момоларимиз бир умр боболаримизни ширин тили, лабдаги табассуми, кўздаги ёши ёрдамида бошқариб келишган. Буни «Алпомиш» достонидан келтирилган қуйидаги парчадан ҳам билса бўлади:
...Хўжа келса, чиқар мурид назири,
Хотин бўлмасмикин эрнинг вазири?!
Эр деганнинг ақлин олмас бўлурми?
Алдаб-сулдаб йўлга солмас бўлурми?

Бу гапларни турмуш кўрган тажрибали аёл эмас, эндигина ўспирин ёшига ўтаётган Ойбарчин ўз онасига айтган. Уларда ўзбек ўтбошисидаги дипломатиянинг нозик ва сирли жиҳатлари яққол намоён бўлган. Оилавий муносабатларда азалдан момоларимиз қонида бор бўлган бу муомала тарзига бугунги кунда ҳам амал қилинаётир. Бугун ҳам тинч, бир-бирини аяб яшаётган оилаларнинг аёллари ўзларини эрларига тенг санамайдилар, балки айнан эрларнинг «етакчи»лиги, «бошлиқлиги»га урғу бериб, ўзларига билдирмай, уларни зимдан бошқаришни уддалайдилар. Зеро, оилапарвар ўзбек аёли учун ҳуқуқ тенглигига эришишдан кўра, ўтбошиси тинчлигини таъминлаш муҳимроқ саналади. Жисмнинг ожизлигидан қудрат юзага келтира олиш ўзбекаёли маънавиятидаги энг ўзига хос қирраларидан биридир.

Сўз юки

Ўзбек аёли маънавиятида сўзнинг аҳамияти беқиёсдир. Боболаримиз бежизга: «Одоб боши тил», дейишмаган. Чунки сўзда, айниқса, аёл сўзида унинг маънавиятидаги деярли барча қирралар намоён бўлади. Ўзбек азали сўзни жуда эҳтиёт бўлиб, ҳатто бир қадар қўрқиброқ ишлатади. Чунончи, бизда ёмонликни ифодаловчи сўзларнинг ўзбекчаси иложи борича қўлланилмайди. Шунинг учун ҳам «ўлди» деган ўзбекча сўз ўрнига «вафот этди», «қазо қилди» каби арабча вариантлар, «касал» сўзи ўрнига «тоби йўқ», «мазаси йўқ» тарзида маъноси юмшатилган иборалар ишлатилади. Негаки, ўзбекда ёмонликни аниқ ифо-даловчи сўз ёмонликнинг ўзини бошлаб келади, деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам «бўри», «илон», «чаён», «айиқ» сингари одамларга хавф туғдиргувчи жониворлар-нинг оти тилга олинмаган. Улар сўзлашувда «жондор», «чилвир», «гажакдор», «полвон» сингари му-лойим кўчимли атамалар билан алмаштирилган.

Ўзбек аёли ҳамиша ҳам ниятини очиқ айтавермайди. Дилидагисини пардалаб гапиришга уринади. Буни бош миллий достонимиз ««Алпомиш»даги бир қатор тасвирларда яққол кўриш мумкин. Чунончи, қалмоқларнинг тўқсон алпи зуғумида қолган Ойбарчиннинг Алпомишга ёзган хатида бу ҳолат ёрқин кўзга ташланади. Қизнинг битган хати соф ўзбекча: «Олтойчалик йўлга келдим, тўқсон алпга тойталашда қолдим, олти ойга муҳлат олдим, мендан умиди бўлса, Алпомиш келсин, бўлмаса жавобимни берсин». Ки-чиккина бу мактубда ҳам хавотир, ҳам ноз, ҳам иддао, ҳам истиғно, ҳам ғурур, ҳам умид, ҳам кўнгил майли акс этган. Ўзбекнинг қизи ҳақиқий маиший вазият билан эмас, кўнгли ҳолати билан яшай-ди. Бировга аташтирилган қиз жавобини олмаса, қаерда ва қан-ча бўлса ҳам, ўзини боши боғлиқ санайди, эгали деб билади. Чун-ки унга эгалисан, дейилган! Чун-ки у Яратганни ўртага қўйиб сўз берган! Ўзбекнинг қизи учун сўз шундай қудратли куч ҳисоблана-ди. У «Ҳа, энди, вазият шундай бўлиб қолди, бошқанинг этагини тутишимга тўғри келди», демай-ди. Деёлмайди. У ўзини ўқилган фотиҳа, аташтирилган одам ол-дида масъул сезади. Минг йилча олдин яратилган достонда ўзбек аёлининг маънавиятидаги сўз масъулиятини ҳис қилиши, одамнинг сўз олдидаги жавобгарлигини сезиши ёрқин кўриниб турибди.

Сўзлаш назокати

Бугунги аёлларимиз ҳам кўнгилларида ана шу туйғулар бўлишига эришишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Улар сўзларни танлашдагина эмас, балки сўзлаш оҳангини тайин этишда ҳам аёлларгагина тегишли назокатга амал қилганлари маъқул. Чунки бир сўзнинг ўзини турли оҳангда айтиш ва турлича натижага эришиш мумкин. Ўзбек аёли имкон қадар холис оҳангда сўзлашишга интилгани маъқул. Негаки, қўполлик, тўпорилик хунук кўрингани сингари ортиқча «назокат», «ширинлик» ҳам хушомад каби тушунилиб, ғашни келтириши мумкин. Азалдан ўзбек қизининг фақат тили ва кўзи «гапиради». Кейинги вақтда бир ёқимсиз одат оммалашиб бораётганини кўриш мумкин. У ҳам бўлса, қизларимизнинг худди чет эл киноларидаги каби оғзи, қўли, кўзи, қоши, яъни бутун вужуди билан гапира бошлашганидир, Бу борада, айниқса, телевизордаги бошловчи қизларимиз «илғор-лик» қилишмоқца. Айрим қўшиқчи қизларнинг оғзини томоғига қадар йириб куйлаши ҳам ўзбекча гапириш йўсинига бутунлай ёт. Бизда оғизнинг кичиклиги қиз гўзаллиги-нинг юксак тимсоли саналган. Шоирларимиз камгап маъшуқаларининг оғзи қаерда эканини билолмай ёниб-куйишган. Қиз боланинг оғзини карракдай очиб, бутун аъзоларни ўйнатиб сўзлаши гапининг қийматини пасайтиради. Суҳбатдошларнинг бир-бирини тушунишини оғирлаштиради. Чунки барча мучаларини қимирлатиб сўзлаётган киши ўз оғзидан чиқаётган сўзларнинг маъносини керагидай идрок этолмайди. Зарур сўзни топиб қўллашда қийналади. Шеригини эса деярли эшитмайди дейиш мумкин.

Ўзбек аёли азалдан пастроқ товушда сўзлашга уринган. Шанғилик ҳар қандай сўзнинг кучини қирқади, таъсирини пасайтиради. Чунки баланд товуш қарғаники каби ёқимсиз, паст овоз булбулники сингари ҳузурбахш бўлади. Аёлнинг сийратини белгилашда товушининг баланд-пастлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Баланд овоз ҳар қандай сўзнинг таъсирини сусайтиради. Шунинг учун ҳам бугунги маданиятли ўзбек аёли овозни баландлатмай, шовқинламай сўзлашнинг ҳадисини олиши керак бўлади. Шунда унинг гапи болаларига ҳам, яқинларига ҳам ёқимли бўлади.

Тилнинг тозалиги

Ўзбек аёли миллат тилининг жозибадорлигини сақлашга ҳам масъулдир. Зотан, одамнинг табиий равишда беихтиёр чиқадиган тили «она тили» деб аталади. Ўз тилининг тоза, таъсирчан бўлишига биринчи навбатда она жавобгардир. Шунинг учун ҳам маданиятли аёл она тилини яхши билмоғи, айтаётган ҳар бир сўзининг маъносига етмоғи, оғзидан чиқаётган сўз миллатнинг ўзига хослиги, руҳияти ва маънавий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилишини ёдда тутмоғи керак. Сўзлаш маданияти қолган барча маданиятларнинг, кенгроқ олганда, инсон маънавиятининг асосидир. Сўзга нописандлик, бепарволик кийимга, қилиққа, ҳатти-ҳаракатга бепарволикдан кўра зарарлироқдир. Чунки кийинишдаги, қилиқдаги, ҳатти-ҳаракатлардаги ўхшовсизлик шу одамнинг ўзигагина зиён етказса, сўзлашдаги хунуклик ҳам болаларга кўчиб ўтиши мумкинлиги, ҳам бошқаларни яралаши эҳтимоли борлиги билан зарарлидир. Онанинг билиб, ўринли ва чиройли гапира олиши, кам сўз билан кўп маъно ифодалай билиши ўз-ўзидан болаларига ўтади. Шунинг учун ҳам қизларнинг ўзбекча-ўрисчани аралаш-қуралаш сўзлаши унинг фаросат даражасинигина кўрсатиб қолмай, болаларининг эртасини ҳам заволли қилиши мумкин.

Сўздан эзгулик қидириш санъати

Бу дунёда одамзод учун бир-бирини тушунишдан қийинроқ машғулот йўқ. Шунинг учун ҳам одам, айниқса, аёл киши ҳар қандай сўздан, аввало, эзгу маъно топишга интилиши, ундан яхшилик излашга ўрганиши керак. Агар киши тирноқ тагидан кир қидириб, ҳар бир сўзга ёмон маъно юклашга уринаверса, ўзининг ҳам, атрофидагиларнинг ҳам ҳаётини тамуққа айлантириб юбориши ҳеч гап эмас.

Аждодларимиз балки ясан-тусан борасида илғор бўлмагандирлар, лекин топиб, ўрнида сўзлаш бобида нуктадон бўлганлари аниқ. Ва бугун ҳам бизнинг қонимизда ўринли сўзга чанқоқлик, унга интилиш сезилиб туради. Ўзбек ёшлари, айниқса, аёллар ўз сўзларида имкон қадар танмаҳрамларига муносабатларини сездирмасликка уринишган. Шу боис уларнинг тилида эр, хотин сингари сўзлар деярли ишлатилмаган. Улар «хўжайин», «ўғлингиз», «акангиз», «укангиз» ёки «қизингиз», «келинингиз», «синглингиз», «опангиз» сингари маънодошлари билан алмаштирилган. Чунки ўзбек ёшлари эрли ёки хотинли «тўкис» эканлигини кўз-кўз қилишдан ийманишган. Маълумки, халқимиз тўкислик билан мақтанишни одобсизлик ҳисоблайди. Ўзбек аёлларининг ана шу нозикликларга эътибор бериши бугунги миллий ҳаётимизнинг мазмунлироқ ва гўзалроқ бўлишига хизмат қилади.

Парданинг жозибаси Ўзбек аёлининг маънавий қиёфасида унинг кийиниш маданияти ҳал қилувчи ўрин тутади.
Чунки дунёнинг ўзга халқлари учун кийиниш шунчаки ташқи кўринишни зийнатлаш воситаси бўлса, ўзбек учун кийим ахлоқий қиёфани кўрсатиш йўсини, ички оламни намоён этиш омилидир. Шунинг учун ҳам азал-азалдан ўзбек халқи, айниқса, унинг аёллари пардалироқ кийинишга, вужуднинг диққат тортадиган ўринларини кўздан пана қилишга эътибор беришган. Ҳолбуки, Ботиш ўлкаларида ҳар бир аёл ўз жисмидаги ўзгалар диққатини тортиши мумкин бўлган жойларни бўрттириб, кўзга ташланадиган қилишга интилган. Бунда улар ҳеч қандай ахлоқсизлик кўрмайдилар. Худди аёлнинг бир вақтнинг ўзида бир қанча одам билан ишқий алоқада бўлиши эриш туюлмаганидай, унинг кийиниши (кийимсизлиги деса ҳам бўлаверади)даги ҳаддан ортиқлик ҳам атрофидагиларга ғайри ахлоқий кўринмайди. Лекин биз исломий эътиқодга эга ўзбек миллатига мансубмиз. Бинобарин, бизнинг кийиниш бобида ҳам ўз тутумларимиз борки, уларга амал қилмаслик миллатнинг ахлоқий ўлчамлари бузилишига олиб келади.

Бугун азбаройи бошқаларга ўхшаш учун вужуднинг энг яширин, кўзга ташланмайдиган сирли жойларини ҳам кўз-кўз қиладиган тор шим кийган, эгнига баданининг учдан биринида яшириш-га қодир бўлмаган «кўйлак» илган қизнинг маънавий олами ҳақида жиддий хавотирланишга ҳар бир ўзбек ҳақлигина эмас, балки бурчли ҳамдир. Ўзбекнинг оқила қизи Турсуной Содиқова ўзининг бир китобида қўйган «...тумонат халқ ичида ярим яланғоч кетаётган ...қиз шу кийими билан нима демоқчи?» деган дардли савол ҳар бир ўзбекни ўйлантириши керак.
Бошқа миллат вакиллари учун шунчаки имиж бўлган кийиниш биз учун ахлоқий тутум экан, нега ёшларимизнинг ўзгалар йўлидан кетишига томошабин бўлиб турибмиз? Ахир биз минглаб йиллардан буён ўзимизнинг маънавий-ахлоқий ўлчовларимиз билан яшаб келаётган халқмиз, Ё эътиқодимизни амалларимизга мослайлик, ё амалларимиз қарашларимиз доирасида бўлишига эришайлик. Масалан, дунёнинг кўплаб миллатлари учун қизларнинг бокиралиги ҳеч қандай ахлоқий маъно касб этмайдиган тиббий ҳолат. Лекин ўзбек учун бу йигирма биринчи асрда ҳам ҳаёт-мамот аҳамиятига эга ахлоқий муаммо бўлиб турибди. Демак, кийиниш бобидаги миллий консерваторлик замирида ҳам улкан афзаллик яшириниб ётибди. Бинобарин, нега биз ўз рўзғоримизни ўзгалар ўлчовига мослаб қайтадан қуришимиз керак?

Кийим кўнгилнинг ифодаси

Мана шу ўринда ўзбек аёли, она ўз сўзини айтиши лозим. Афсуски, ҳозирча айнан оналарнинг ҳайбаракалласи ва қўллаб-қувватлаши туфайли ўзбек қизларининг шармандали ечиниш (чунки кийиниш деб бўлмайди) жараёни шиддат билан кетмоқда. Ҳолбуки, эҳтиросли ўзбек йигитлари минглаб йиллар мобайнида қизлар танасининг бирор мучасини кўриб қолмоқ орзусида куйиб яшаганлар. Улар гўзал кийимлар ичига яширинган қизлар вужудидаги сирли назокатга маҳлиё бўлиб, унга интилишарди. Энди йигитлар интиладиган марралар қизларнинг ўзлари томонидан бекордан бекорга таклиф этилмоқда. Айрим ўта замонавий кишилар «Гап кийимдами, кўнгил тўғри бўлса бўлди-да?» тарзида савол қўйишади. Ҳолбуки, кийимнинг ўзи кўнгилнинг ифодаси. Кўздан яширилиши лозим бўлган мучани очишга, уни эътиборни тортадиганроқ ҳолатга солишда айнан кўнгил иштирок қилган. Кўнгилни айрим паст кўчаларга кириш истагидан ўз вақтида қайтариш ҳам баъзан миллат маънавияти учун зарурдир.

Андишасизлик, ўз вужудини кўз-кўз қилишга интилиш туйғуси ҳамма замонларда ҳам бўлган. Лекин улар ҳеч қачон ҳозиргидай умуммиллий кўлам касб этмаган. Андиша ва ахлоқ ҳозиргидай оёқости қилинмаган. Агар фақат кўнгил ҳисобга олинадиган бўлса, яланғоч юравериш ҳам мумкин-ку! Ўзбек учун либос табиий-эстетик заруриятгина эмас, балки ахлоқий-маънавий парда ҳамдир. Ҳар тонг эшик олдини супураётган келинларнинг кўпчилигига бир эътибор қилинг: уларнинг бир қўллари супургида бўлса, бир қўллари ҳамиша ёқасида. Келинлардаги ўзбекча ҳаё шайтоний назар тушмаслиги учун биров бор-йўғидан қатъий назар савқи табиий билан кўкракларини бекитишга ундайди. Бу ҳол уларнинг жозибасини оширади. Миллат шаънини ўткинчи модалардан устун қўйиб, ўзини бир қадар парда ортига олиши билан ўзбек аёли эҳтиромга сазовор бўлади. Ўз баданининг ҳар бир мучасини кўз-кўз қилиб турган яратиқлар эса бизнинг ахлоқимизга кўра, эркаклар ҳурматига лойиқ саналмайди.

Тўғри, одамзод давр билан бирга яшайдиган, унинг таъсиридан четда туролмайдиган ўткинчи хилқат. Ҳар қандай одам ҳам даврнинг ўзгаришларига бир қадар мослашиши лозим бўлади. Лекин бир қадар мослашиш билан тамомила ёт таъсирлар етовига тушиб қолиш бошқа-бошқа нарсаларки, маънавиятли ўзбек аёллари ҳали бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари керак бўлади. Чунки ўзбек қизлари минглаб йиллар давомида ўзи ва яқинларининг орини сақлашни энг юксак аъмол санаганлар.

Аёл номус, эркак номус қўрғони

Минглаб йиллар мобайнида ўзбек аёлининг шахсий ҳаёти деярли йўқ эди. У бир умр эркаклар ори дея яшарди. Шу боис ўзини эркакдан жуда кўп нарса кутиш ва талаб этишга ҳақдор биларди. Бизнинг аёллар ўз ҳаёти билан ҳеч қачон яшамаган. Қиз бола туғилган уйида отаси, ака-укаларига носоқ келтирмаслик, ўзи оила қургач, эри-ю фарзандларини уятга қўймаслик учунгина яшайверади. Шу яшайверишининг ўзи билан бир умр қаҳрамонлик кўрсатади. Чунки у ўзидан кечиб, ҳаётини ўзгаларга бахшида эта билган қудрат эгаси, номуснинг рамзи эди. Шу боис эркаклардан чин эркаклик талаб қилишга ҳаммадан ҳам қиз бола ҳақлироқ бўларди. Ўзбек қизининг ору номусни баланд қўйиб ҳаёт кечиргани «Алпомиш» достонида Қалдирғочнинг акасига айтган сўзларида ёрқин намоён бўлади:

Мард бўлиб майдонли кунда юрмаган,
Йилқичидан бедов сайлаб мин-маган,
Олмос пўлат белга қайраб чолмаган,
Тойталашда қолган ёрин ол-маган,
Нармодалар сендан ортиқ бўлами?
Бу сўзимни нега огир оласан,
Ёринг кетса, қандай элда юрасан?
Тирик юрмай, ака, сен ҳам ўласан...

Қалдирғочнинг Алпомишга айтган оғир сўзларидаги бир оз шаддодлик, бир қадар ўктамликни одобсизлик деб эмас, балки бир умр ору номус домида бўлган андишали ўзбек аёлининг кўнгил ҳолати сифатида баҳолаш жоиз. Сингил қалбини ўртаган, туйғуларини жунбушга келтирган номус алангаси оға вужудидаги лоқайдлик, хотиржамлик, эринчоқликни куйдириб юборади. Алпомишни эркакча ҳаракатлар, қаҳрамонликлар сари ундайди.

Бугунги ўзбек аёли зиммасида ҳам ана шу маънавий миссия бутун залвори билан турибди. Ўзини уятли ҳолатга солмаслик, айни вақтда, ота, оға-ини, умр йўлдоши ва фарзандларини номусга қўймаслик учун замонавий ўзбек аёли ҳам орини юксак тутиши билан миллати шаънини кўтариши мумкин. Албатта номус чақириғу даъватлар билан қўлга киритилиб, ушлаб туриладиган хислат эмас. У замон кишисидан адоқсиз фидойиликни талаб этади. Номуссиз бўлишдан осон нарса йўқ. Бунинг учун ҳеч нарса қилмасликнинг ўзи кифоядир. Номусли бўлиш эса ҳамиша, ҳар дақиқада нафс билан кураш олиб бориш демакдир. Номуснинг асосий душмани нафсдир. Қиммат-баҳо кийимлар, яхши емишлар, маиший қулайликлар, ўткинчи кайфу сафолар илинжида нафснинг етовига тушиш орни қўлдан бериш сари ташланган қадамлардир. Ҳиссиётли, ҳар нарсага тез берилувчан аёл зоти ана шундай алдамчи ҳолатларга асир бўлмасагина, ўз шаънини тоза сақлайди. Бинобарин, миллати юксаклигига сабаб бўлади.

Энг буюк тарбиячи

Миллатни асосан аёл тарбиялайди, шу боис миллат маънавиятининг қарор топишида аёл маънавиятининг қандайлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Болалардаги неки бор, яхши-ёмон жиҳатлар меъмори муҳтарама аёлдир. Чунки ўзбекда ота Ботиш ўлкаларидаги каби бола-лари билан дўст тутинмайди. Мунтазам равишда вақт ажратиб, фарзандлар билан шуғуллана олмайди. Ўзбекда оиласидаги демократизм, аъзоларнинг тенглиги тушунчаси ҳам ўзгача тамойиллар асосида шаклланган бўлади. Ботишдагидан кескин фарқланади.

Маълумки, тарбиянинг йўналиши ва даражаси миллатнинг даражасини тайин этади. Дунёнинг барча аёллари сингари ўзбек аёли ҳам табиатан тарбиячидир. Ўзбек аёли тарбиячилигининг бир ўзига хос жиҳати бор-ки, уни таъкидлаш ва ҳаётга татбиқ этиш миллатимизга хос асл сифатларни қайта тиклаш имконини беради. Серфарзанд ўзбек аёли ўзининг кўпсонли болаларини ўтбошидаги катта ёшли бошқа кишилар кўмагида ўзи тарбиялайди. Ўзбек оталари тарбия жараёнида бевосита деярли иштирок этмайдилар. Лекин аёлларимизнинг усталиги туфайли оталар деярли ҳамиша тарбия жараёнининг марказида бўлишади. Чунончи, ўзбек оиласида боланинг ҳар бир хатти-ҳаракати мумкин ёки мумкин эмаслиги билан эмас, балки отасига ёқиш ёки ёқмаслиги би-лан ўлчанади. Шунинг учун ҳам ёмон қилиқ қилган болани оналар деярли жазоламайдилар. Улар: «Отангга айтиб бераман», деган пўписа билан болаларига таъсир ўтказишади. «Отанг билиб қолмасин», «Ҳали шошмай тур, отанг келса, айтиб бериб бир таъзирингни бердирмасам», «Отанг билиб қолса, ўлди-ради», «Отангга айтиб бераман» сингари гаплар ўзбек аёли тарбиячилигида кунда неча ўн марталаб ишлатиладиган иборалардир. Шундан ҳам кўрина-дики, эркак тарбия жараёнида бевосита қатнашмаса-да, унда ҳамиша билвосита иштирок қилади.

Аслида ҳам энг яхши тарби-ячи мендан ўрнак олинглар, деб ўзини кўз-кўз қиладиган киши эмас, балки тарбияланувчилар-да ўзи назарда тутган эзгу сифатларни шакллантиришга эри-шишнинг энг осон йўлини топа олган инсондир. Отанинг шаксиз улуғ обрўсидан усталик билан фойдаланиб, болаларида шундай эзгу маънавий сифатларни қарор топдиришга эришаётганлиги ўзини ҳамиша панага оладиган ўзбек аёлининг буюк тарбиячи эканидан далолатдир.

Хуллас, ўзбек аёлининг маънавияти миллатнинг нафақат ўтмиши ва бугуни, балки кела-жагининг ҳам асосий ўлчови бўлади.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ

 

 

 

Мунис хилқат

 

 

 

Аёлларни эъзозлаш, жамиятда уларга ўзларининг мос ўринларини бериш бизнинг нафақат фарзандлик, балки инсонийлик бурчимиз ҳамдир. Юртимизда, Шарқ мусулмон халқларида аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъанаси чуқур илдиз отган. Уларга кўрсатиш лозим бўлган олий ҳурмат намунаси пайғамбаримизнинг «Жаннат - оналар оёғи остидадир» ҳадисида ўзининг юксак эътирофини топган.

Аммо тарихни ўргансак, унинг аксарият даврида аёл шахси жамиятнинг иккинчи даражали тоифаси сифатида кўп бор таҳқирланганининг гувоҳи бўламиз. Яқин ўтмишда ҳам, масалан, ХИХ асрда бугун аёллар ҳуқуқи кенг эътироф топган Европа мамлакатларида аёл зоти ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум эди.

Тарихчилар инсоният ўтмиши ва ҳатто бугунини аёл-эркак муносабатларига кўра патриархат даври деб аташади. Маълумки, патриарх жамиятда эркаклар ҳукм­рон бўлиб, аёл киши иккинчи даражали фуқаро ҳисобланади.

Меъёридан ошган озодлик

ХИХ аср охири ва ХХ аср бошига келиб, Ғарбда феминизм ҳаракати вужудга келди. Жамиятнинг илғор ва етакчи аёллари бошчилик қилган бу янги оқим заифалар жинсини патриархизм кишанидан озод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Уларга кўра, аёл ва эркак ҳар жабҳа ва мақомда тенг бўлиб, бир жинсни ўртадаги жисмоний ва биологик тафовут боис, иккинчи жинс­дан паст кўриш ёки ҳар иккисига жамиятда фарқли мақомлар бериш мутлақо нотўғри ва асоссиздир. Ҳаракат АҚШда кенг қулоч ёзиб, алалоқибат аёллар жамиятда эркаклар билан ҳар соҳада тенг ҳуқуқлиликни қўлга киритишлари билан якун топди. Феминистлар шунчаликка етиб бордиларки, аёлларнинг "кишан"лардан тўла озодликка чиқиб, эркин қуш бўлиб ҳар томонга учишлари оқибатида жамиятда "жинсий инқилоб" аталмиш янги маданий-ижтимоий ўзгариш юзага келди.

Улар никоҳни, оила қуришни инсон ҳуқуқларига зид ўтмиш сарқити деб аташга журъат топишди.

БМТ аёлларни ҳимоя қилади

Юқорида феминистлар аёл ва эркак ҳуқуқлари тенглиги борасида бироз ҳадларидан ошгани ҳақида фикр юритдик. Бу фараз Ғарб жамияти учун, эҳтимол, тўғри келар. Аммо айрим ҳудуд ва мамлакатларда аёллар ҳадларидан ошиш уёқда турсин, жамиятнинг қонуний аъзолари сифатида бирламчи ҳуқуқларини ҳам қўлга кирита олганларича йўқ.

Даврнинг масъул кишилари тўпланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) заифаларни ҳимоя қилиш масаласини янги мингйилликда қилиниши лозим бўлган энг муҳим саккиз вазифа қаторига киритди. Унинг ўта қашшоқлик ва саводсизлик муаммоларидан кейин учинчи ўринда тилга олиниши ҳам мавзунинг долзарблигидан далолат беради.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга экани, уларга нисбатан жинсий камситишга йўл қўйилмаслиги эълон қилинганидан сўнг орадан 60 йил вақт ўтди. Бу олий қонун ҳужжатини қабул қилмаган, тасдиқламаган давлат бугун Ер юзида деярли қолмаган бўлса-да, лекин аёлларга тенг ҳуқуқли бўлиш учун етарли шароит яратиб бермаётган, балки амалда норасмий тарзда патриархал сиёсат юритаётган давлатлар, ҳукуматлар йўқ эмас.

2000 йили қабул қилинган Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ) доирасида 2015 йилгача таълим тизимида эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга дунё миқ­ёсида эришиш БМТ олдидаги бош мақсад қилиб олинди. Лекин бунга эришишнинг биринчи босқичи бўлган муҳлатда - 2005 йилгача бошланғич ва ўрта таълимда тенгликка эришиш масаласида фақат белгиланган саккиз мамлакатгина муваффақият қозона олди, холос. 113 давлатда эса вазият ҳамон ёмон. Дунё бўйича таълим олиш имкониятидан бебаҳра аҳолининг аксариятини ҳануз аёллар ташкил этмоқда. Парламент ва ҳукумат идораларида аёллар сонининг камлиги ҳам уларнинг ижтимоий-сиё­сий ҳаётда фаол қатнашишлари учун етарли шарт-шароит яратилмагани билан изоҳланади. Дунё давлатлари орасида фақат 20 мамлакатдагина Парламентдаги ўринларнинг 30 фоизи аёллар томонидан банд этилган (бу нисбатан яхши кўрсаткич), шу йилнинг январ ойидаги маълумотга кўра, 150 мамлакатнинг сайланган давлат раҳбарлари орасида фақат етти кишигина аёлл
ардир. БМТга аъзо 192 давлатдаги ҳукумат раҳбарларининг ҳам фақат саккиз нафаринигина аёллар ташкил этади.

МРМ қабул қилинган санадан шу кунгача бўлган вақт оралиғида аёллар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида жиддий чора-тадбирлар, глобал лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2003 йили қабул қилинган Руанда Конституциясида Парламентда камида 30 фоиз ўрин аёллар учун берилиши белгилаб қўйилди. Шу боисдан бугун Руанда дунёда аёллари қонун чиқарувчи органда энг кўп (48 фоиздан зиёд) жой эгаллаган 5 мамлакатнинг биринчиси бўлиб турибди (ундан кейинги ўринда Швеция (47 фоиз), Куба (43,2 фоиз), Финляндия (41,5 фоиз) ва Аргентина (40 фоиз) туради). 2006 йил Қувайт тарихида биринчи маротаба аёллар мамлакат Парламенти сайловларида иштирок этди. 1991 йилдан ҳозиргача ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабргача дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида "Жинсий зўравонликка қарши 16 кунлик ҳаракат" оммавий йиғинлари ўтказилмоқда. Улар режасидан аёлларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ҳолатларини камайтириш бўйича ўтказилиши кўзланган турли тадбирлар жой олган.

«Қалбимизнинг қўри сизлар...»

Хотин-қизлар юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Ўзбекистон таълим тизимининг бошланғич ва ўрта таълим босқичларида ўғил ва қиз болалар ўртасидаги миқдорий тафовутлар деярли сезилмайди. Олий таълимда қизлар нисбати 1995 йилда 25 фоизни ташкил қилган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 45,3 фоизга ўсган. Фан доктори унвонига эга бўлиш учун тадқиқот олиб бораётган аёллар сони ҳам мамлакатимизда йил сайин ошиб бормоқда. Уларнинг сони 1995 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2005 йилда 37,1 фоизга етган.

Таълимдаги жинсий тенглик Конституция билан кафолатланган. 1997 йилда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги қонунда ҳам касб танлаш ва барча ўқув юртларида таълим олиш бўйича эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли экани таъкидланган.

Мамлакатимизда аёлларнинг сиёсий фаолиятда иштирок этишлари даражаси ҳам ошиб бормоқда. Янги жорий этилган квоталар тизимига кўра, сиёсий партияларнинг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларига кўрсатувчи номзодлари умумий сонининг камида 30 фоизи аёллар бўлиши керак. Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 21 нафари
(18 фоиз) ва Сенат аъзоларининг 15 нафари (15 фоиз) аёллардир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери аёл кишидир. Суд органларида эса аёллар вакиллари 22,7 фоизни ташкил қилади.

Юртимизда Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳисобланади. Мамлакат бўйлаб қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар иштирокини кучайтириш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмиталари раҳбарлари ҳам вилоят ҳокимлари ўринбосарлари вазифасини бажариб, улар маҳаллий даражада хотин-қизлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун масъулдирлар.

Ҳукумат қатор қонунлар ва миллий дастурлар, шу жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини яхшилаш стратегияси ва устувор соҳаларини белгилайдиган Миллий ҳаракат платформасини (1998-2005) қабул қилган. Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилингани, шу асосда аёллар учун янги иш жойларини яратиш ҳисобига уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини рағбатлантиришга қаратилган тегишли дастурнинг ишлаб чиқилиши ҳам юртимизда аёлларга бўлган давлат даражасидаги юксак ҳурмат-эътибордан далолатдир. Дастурда, шунингдек, аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий фаолиятдаги иштирокини кучайтириш чораларини амалга ошириш ҳам назарда тутилган.

Хулоса

Ҳануз дунёнинг айрим ҳудудларида аёлларга нисбатан адолатсиз муносабат, камситиш, бир хил иш учун эркакларга нисбатан кам ҳақ тўлаш, жинсий зўравонлик каби ҳолатлар давом этяпти. Қул қилиб сотиш каби инсон савдоси можароларининг қурбони ҳам, асосан, аёллар...

Шундай экан, Хотин-қизларни ҳимоя қилиш борасида БМТ раҳбарлигидаги глобал, ҳукуматларнинг миллий ҳамда шахсларнинг индивидуал чора-тадбирлари давом этади...

Беҳзод Мамадиев

 

 

 

Атир танлашни биласизми

Аёлларнинг пардоз воситалари орасида энг муҳими ва ёқимлиси, шубҳасиз, духилардир. Бу воситани ҳар аёл ўз табиатига, ёшига қараб танлагани маъқул. Улар хотин-қизларнинг кўркамлиги, назокати ва хушрўйлигини янада яхшилашга ёрдам беради.
Атирлар ҳидига кўра, икки гуруҳга бўлинади: биринчиси – битта гулнинг исини берувчи; иккинчиси – бир нечта гул ҳидини берувчи духилар (сирен атири, марваридгул атири, чиннигул ҳамда наргис атирлари ва бошқалар). Яна парфюмерларнинг фантазияси асосида тайёрланган атирлар ҳам бор. Духилар нафис ва ўткир ҳидли бўлиши мумкин. Булардан ташқари, турли парфюмер тўпламлари, атир ва одекалонлар ҳам ишлаб чиқарилади. Атирлар сифатига қараб «Экстра», А, Б, В гуруҳга бўлинади.
Атирнинг турғунлиги учиб кетганидан кейин ўзига хос ҳидини қанча муддат сақлашига қараб белгиланади. У асосан атирнинг парфюмерия таркибига боғлиқ. Б ва В гуруҳи атирларининг ҳиди пахта ипидан тайёрланган газламада камида 30 соат, А гуруҳидаги атирлар 40 соат, гул ҳидли «Экстра» гуруҳи атири 50 соат, фантазия асосида тайёрланган гуруҳ атирлари 60 соат сақланади.
Атир тўғридан-тўғри кийимга сепилса, доғ қолиши мумкин. Шунинг учун духи ҳўл юзга суртиб, рўмолча, қўлқопчага сепилади.
Атирни қуёш нуридан эҳтиётлаш керак. Кафолатли сақлаш муддати 12 ой. «Экстра» гуруҳи атири учун эса кафолатли сақлаш муддати 15 ой. Духи узоқроқ сақланса, ранги хира тортиб қолади ва бузилади. Айрим атирлар совуқда (5 даражадан паст ҳароратда) чўкма ҳосил қилади. Агар яна иссиққа (18-20 даража) қўйилса, чўкма йўқолиб, атир яна ўз ҳолига қайтади.

Зуҳра Ҳамдамова

Ҳозир сайтимизда 30 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ